Миллий манфаат дегани миллий маҳдудлик эмас, худбинлик ҳам эмас. Асло! Миллий қадриятлар, миллий ғурур, миллий тафаккур, имон ва бурч ҳимояси ҳам айни шу манфаат ичида бўлади. Шоирнинг, борингки, бир қамиш ҳақида ёзаётган икки қатор шеъри зимнида ҳам шу сезги ётиши керак. Унинг ижодий маданияти шугина сезгидан бошланиши ҳам мумкин.
СЎНГГИ ҲИМОЯ ҚУРОЛИ
ёхуд ракетадан қудратли, гулдан нозик куч
Шоир Эшқобил ШУКУР билан суҳбат
Эшқобил Шукур 1962 йил Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Боймоқли қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини битирган (1984). Узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениеси каналларида ишлаган. Бугунги кунда “Маънавий ҳаёт” журнали бош муҳарриридир.
Илк шеърлар тўплами — «Юракни ўрганиш» (1984). Шундан сўнг унинг «Сочлари сумбул-сумбул» (1988), «Тунги гуллар» (1989), «Яшил қушлар» (1995), «Ҳамал айвони» (2003) шеърий китоблари ва 2005 йилда «Кўҳна боғ ривоятлари» насрий китоби нашр этилган. «Нақшбанд», «Ибтидо хатоси» каби достонлари, «Насойим ул-муҳаббатга сайр» туркуми, шунингдек, «Оқибат оқшоми», «Дунёнинг кўчиши» каби қиссалари ҳам бор.
— Бугун мамлакатимизда ижод аҳлига бўлган эътибор ва муносабат ҳар қачонгидан-да ўзгача. Буни ўтган йили давлатимиз раҳбарининг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан бўлган учрашуви, шоир-ёзувчиларга кўрсатилаётган ҳурмат, улар учун яратилаётган шарт-шароитларда яққол кўриш мумкин. Бу ўзгариш ва янгиланишларни шахсан қандай баҳолаган бўлардингиз?
— 2017 йилнинг 3 августида Президентимизнинг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви мамлакатимиздаги ҳар бир ижодкорга катта ижодий рағбат бағишлади. Ушбу учрашувдан сўнг 7 августдан 17 августгача бўлган вақт оралиғида давлатимиз раҳбарининг соҳага оид 10 та қарори қабул қилиндики, ҳали бунақаси тарихда бўлмаган, десак сира муболаға бўлмайди. Бу тарихий қарорларнинг ҳар бири маданиятимиз, санъатимиз, адабиётимиз ва миллий маънавиятимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга.
Шундан сўнг кўп ўтмай, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Миллий боғда Адиблар хиёбони барпо этилди. Салкам 90 йил мобайнида тузукроқ бинога эгалик қилолмаган Ёзувчилар уюшмасига бор-йўғи етти-саккиз ойлик фурсатда замонавий муҳташам бино қуриб берилди.
Бир йилнинг ичидаёқ китобга, мутолаа маданиятига муносабат кескин ўзгарди, бу ўзгариш маълум бир қатлам доирасидагина эмас, оммавий тарзда содир бўляпти.
Очиғи, кейинги вақтда китобдан анча узоқлашиб қолган эдик. Яъни бу, шубҳасиз, фикрдан, маънавий илдизлардан, ўзликдан йироқлашиш, тараққиётдан ортда қолиш эди. Китоб одамни фикрлашга, ўз-ўзини таҳлил ва тафтиш қилишга, ҳаётни тўғри идрок этишга ўргатади. Демак, жамият маънавияти учун китоб энг муҳим воситадир. Китобга, адабиётга Президент даражасидаги катта эътибор қўлига қалам тутган, ўзини билган ҳар бир ижодкор учун ҳам юксак рағбат, ҳам катта масъулиятдир.
— Модомики гап оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, оилавий китобхонлик ҳақида борар экан, ижодкорнинг шаклланишида болаликнинг ўрни хусусида тўхталмасдан бўлмайди…
— Одам болалигини болаликдай яшаши керак. У бола кўзи билан дунёни кўрмаса, кексайганда ҳам кўп нарсадан бебаҳра қолади. Биз кейинги пайтларда шу нарсага кўп эътибор қилмаяпмиз, эътибор қилмаяпмиз эмас, ҳатто баъзида бунга терс йўл тутяпмиз. Саккиз-ўн яшар болакайнинг бола шаклидаги чолга айланиб қолиши маъқул эмас. Уни ақлли қиламан, деб сафсатабозга айлантириб қўймаслик керак.
Бир учрашувда 6-7 яшар болага тантанали суратда сўз берилди. Болагина ҳам шундай сайраб кетдики, тўтиқушлар йўлда қолади. Ҳай, майли, тили бурро экан, яхши-да, деб ўтирган эдик, болакай бирдан “СССР даврида ундай эди, энди бундай бўлди”, ҳатто “СССР даврида биз ундай бўлганмиз-у, бундай бўлганмиз”, деб кўр-кўрона ёдлатилган гапларни сота кетди.
Саҳнада 7 яшар бола гапиряптими ё 70 яшар чол гапир¬яптими — биз билолмай ҳайрон. Ўша даврни кўриб-кечирганлар шундай гапирса, уларга ярашади.
Гап шундаки, бу кетишда бундай болалар болалигини йўқотиб қўйиши мумкин. Бунақада улардан маҳмаданалар ясалади. Бола болаликни боладай яшаши керак. Чумчуқ билан гаплашадими, дарахт билан гаплашадими ё бобоси биланми, унинг ўзига қўйиб беринг. Бир чимдим сохта шуҳрат деб боланинг қалбини уёқдан буёққа судраш жоиз эмас. Шунда улар сохта гаплардан узоқда улғаяди.
Яқинда бир мактабда учрашувда бўлганимда, шеърлар машқ қиладиган ўқувчилар билан гаплашдим, шеърларини эшитдим. Болаларда иштиёқ баланд, ёниб турибди, лекин шеърларнинг аксарияти бир хил. Бу шеърларни декламация ва баландпарвозлик шовқини эгаллаган. Уларнинг деярли ҳаммасида “Ватан” сўзига “жон ва тан”ни ҳадеб қофия қилиш, бир-бирига тақлид ва такрорни кўп кўрасиз.
Ўқувчилар шеърларининг аксарияти Ватан ва мустақиллик ҳақида. Ватан ҳақида ёзиш яхши, бироқ ўзига хос ва рост ёзиш керак. Ҳаммага маълум гапларни қайтаравериш ёмон. Уларда “Ҳар бир шеъримда “Ватан” сўзи иштирок этиши, Ватанни мақташим керак”, деган бир жўн қараш пайдо бўлган. Ҳолбуки, “Ватан” сўзи иштирокидаги шеърни ёзиш учун жуда катта тайёргарлик керак. Бу сўзнинг юки баланд. Мен ўқувчиларга тушунтиришга ҳаракат қилиб: “шеърда “Ватан” сўзи умуман айтилмаса ҳам бу шеър Ватан ҳақида бўлиши мумкин. Яхшиси, кўп осмондан келманглар-да умумий гаплардан қочиб, уйингизнинг олдидан оқаётган ариқ ё кўчангиздаги қари тут ҳақида ёзинг, момонгизнинг сизга бўлган меҳрини шеърга солинг — булар ҳам Ватан ҳақидаги шеър бўлади”, дедим. Айниқса, ўқитувчиларимиз бу масалада қаттиқ туриши керак. Болаларнинг ҳаммаси самимий бўлади, улардаги беғуборликнинг ўзи шеър, улардаги соф самимий интилишларнинг ўзи келажакдир. Фақат уларни сохта бақир-чақирларга чалғитиб қўймаслик керак.
Ўзимнинг болалигим ҳақида гапирсам… Кўпроқ бобом ва момомга эргашиб юрганман. Қаерга боришса бирга борганман. Далаларни оралаб, тупроқ йўлларни кечиб бошқа овулларга бориш мен учун ўзга бир оламга саёҳат қилишдай гап эди. Момоларим менга шамол, булут, сув, Ер билан гап¬лашишни ўргатишган. Улар “Шамол айтар экан, булут айтар экан”, деб ҳикоя бошлашарди. Мен уларнинг тилида шеърият тилини кўрганман. Онам ўзбек халқ мақоллари, маталлари ва ибораларининг тирик энциклопедияси десам, тирноқчаям муболаға бўлмайди. Қишлоғимнинг сўлим табиати, бағри дарё одамлари, боболарим, момоларим, отам ва онам — булар менинг илк устозларим.
— Бундан 30 йиллар аввал, замонавий ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Шавкат Раҳмон сизга адабиётда ўз сўзи ва йўли бор шоир, дея катта ишонч билдирган эди. Бугун ўзингизни мана шу ишончни оқладим, деб ҳисоблайсизми?
— Бу ишончни оқладим, десам, мақтанчоқлик қилган бўламан… Яхшиси, мен бошқа мавзуда гапиришни истардим: Шавкат Раҳмон тимсолида ҳақиқий шоирни кўрганман — у ҳар жиҳатдан бутун эди. Унинг шеърларида ўз қалби, қиёфаси ва ботини акс этади, ҳақсевар бир шоир сифатида замондошларининг диёнатли, орли аждодларига муносиб бўлишини истарди. Унинг фаолияти ҳақиқатга қасам каби собит, ҳар бир шеъри сўзга қасам каби мағрур ва ҳалол эди. Мамлакат қалтис бир вазиятга кираётган ўша йиллари юзминглаб иккиланиб турганларга қарата: “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир”, деб ҳайқирган шоир, Ўш – Ўзган воқеа¬лари сабаб бир кечада сочи оқарган шоир, миллат дарахтини миллат қуртларидан тозалайман, деб тинмаган шоир ўзининг катта ижоди ва қисқа ҳаёти билан бизга кўп нарсани ўргатиб кетди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида унинг озодлик учун қанчалар куйиб-ёнганини кўрганман. Шавкат ака жуда фидойи одам эди. У ёшлар учун кўксини қалқон қила оларди. Ўзидан кейин келаётган авлодни тиш-тирноғи билан ҳимоя қиларди.
Талаба пайтимиз Шавкат ака Ғафур Ғулом номидаги нашриётда шеърият бўлимининг мудири эди. Ўшанда у киши менинг қўлёзма ҳолидаги шеърларимни олиб, талабага оғири тушмасин, деб нашриёт ҳарф терувчисига машинкада тердирган (машинкада матнни териш ҳам яхшигина пул турарди-да) ва бу шеърларнинг тўплам ҳолига келишига бош-қош бўлганди. Биринчи китобимнинг номини ҳам Шавкат Раҳмон қўйган: “Сочлари сумбул-сумбул”. Бу мен учун катта рағбат эди.
Бундай шоирлар миллат руҳидан бунёд бўлади. Шунинг учун у миллат тақдирини ўзининг тақдири деб биларди, унга миллий масаладаги ҳар қандай мавзунинг катта-кичиги йўқ эди, ҳаммаси муҳим ва ҳаммаси долзарб эди. Унинг:
Ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ,
— деган сатрлари шоирлар учун ижодий шиорга айланса арзийди.
— Жамиятда ижодкорнинг ўрни ва роли қандай бўлиши керак? Бу вазифа бугунги кунда қай даражада уддаланаяпти, деб ўйлайсиз?
— Шарқда азалдан аҳли қалам, аҳли ижод жамият гуллари, замон пешвоси саналган. Боболаримиз ҳар жиҳатдан шунга муносиб бўлган. Улар қалам масъулиятини Худога қасам даражасида ҳис этган. Шу боис бизда қадимдан бадиий асар ёзиш маданияти юксак даражада шаклланган. Лекин кейинги хонлик-лар, мустабид тузум даврида бу маданиятдан анчагина путур кетгани рост. Ҳар хил ғийбатлар-у, фисқ-фужурлар, олди-қочдиларни ҳам ижод деб тушунадиганлар йўқ эмас. Аҳли ижод ўз даврининг овози, нафақат овози, балки виждони бўлиши керак, деган қоида жамиятда ижодкорнинг ўрни ва ролини белгилаб беради. Лекин бунга муносиб бўлиш осон эмас.
Донишмандларнинг “Ҳамма жойда ва ҳамма замонда фаолият кўрсатиш” деган гапи ҳам ижодий фаолиятга тааллуқли деб биламан. Аввало ҳар бир ижодкор ўз вазифасини теран англаши керак. Бусиз у ижодкорлик вазифаси уёқда турсин, уйидаги вазифасини ҳам бажаролмайди. Ҳатто ижодкор тарки дунё қилиб, бир ертўлага кириб кетиб ёзаётган бўлса ҳам, барибир, у ўз атрофидаги дунё, одамлар, воқеалар ҳақида ёзади, муносабат билдиради. Ижодкор ва жамият масаласига шу нуқтаи назардан қараш керак. Донишманднинг “Халқ менсиз бутун бўлмайди!” деган гапи бор-ку. Бугунги кун ижодкорлари миллий манфаат масаласида маҳкам туриши керак деб ўйлайман. Бунинг учун аввало ҳар биримиз миллий манфаат моҳиятини замон руҳидан келиб чиқиб англаб олишимиз керак. Миллий манфаат дегани миллий маҳдудлик эмас, худбинлик ҳам эмас. Асло! Миллий қадриятлар, миллий ғурур, миллий тафаккур, имон ва бурч ҳимояси ҳам айни шу манфаат ичида бўлади. Шоирнинг, борингки, бир қамиш ҳақида ёзаётган икки қатор шеъри зимнида ҳам шу сезги ётиши керак. Унинг ижодий маданияти шугина сезгидан бошланиши ҳам мумкин.
— Ижодкор ўзи учун йўналиш топиши, ўша йўналишда ўз сўзини айта олиши ва халқ меҳрини қозониши осон иш эмас. Агар у бир нечта йўналишда ижод қилишни ихтиёр этса-чи? Бунинг учун ижодкор қандай омилларни унутмаслиги керак?
— Назм ва наср бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳодисалар. Улар асли битта нарса. Фақат шакл бошқача. Шукур Холмирзаев бир пайтлар айтганди: “Ҳикоя ёзиш мен учун ҳас¬ратимни айтишдир”. Шеър ҳам аслида шу. Шукур ака яна бир гапни бот-бот такрорлаб турарди: “Асар ёзиш бу васиятингни ёзишдир”. Мен Чингиз Айтматов қиссаларини шеърдай ўқийман. Назмми, насрми, кичик бир лавҳами, энг муҳими кўнгилни қоғозга тушириш-да. Ижодда кўнгил сари боравериш керак. Кўнгилда мўъжизалар кўп.
Тилимиздаги сўзлар борасидаги изланишларим ҳам кўнг¬лимнинг иши ва хоҳиши. Ижодкор учун энг муҳим омил унинг кўнглидир.
— Сўз кимлар учундир мулоқот воситасидир. Аммо ижодкор учун у ҳаёт-мамот масаласи, тақдири. Бугунги сўзга, хусусан, тилга бўлган муносабат сизни қай даражада қониқтиряпти?
— Яқинда Сурхондарёга борганимда чолу кампирларнинг янги авлодига дуч келиб қолдим. Булар мен билган чол-кампирлар эмас эди. Мен билган қарияларнинг тили буларда йўқ экан. Мен билган қариялар тилида залворни, рангларни, жозиба ва улуғворликни сезганман. Янги чолу кампирлар эса ҳаминқадар ўзимиз қатори тили қуруққина, феъли синиққина кишилар. Глобаллашув ва ташқи таъсирлар сабаб кейинги йилларда қанчадан-қанча матал ва мақолларимиз, сўз ва ибораларимиз йўқ бўлиб кетяпти. Афсуски, бу кўзга кўринмайди, ўлчайдиган тарозиси ҳам йўқ. Агар тарозиси бўлганда бир йилда фалон тонна матал, фалон тонна ибора йўқотаяпмиз, деб аниқ айтган бўлар эдик. Университетларнинг филология факультетлари, журналистикага ихтисослашган таълим даргоҳлари талабаларнинг таътил вақтларидаги фольклор экспедицияларини яна тиклаб, жонлантириши керак. Бундай экспедицияларда юрган талаба аввало халқимизни ўрганади, ҳаётни, одамларни кўради, шу билан бирга эл орасида қолган матал, мақол ва ибораларни, ривоятларни тўплайди. Бу ҳам тил ҳимояси учун керак бўладиган иш. Ҳозир дунё бўйича тилларнинг аҳволи танглашяпти. Шунинг учун илғор халқлар тил ҳимояси тараддудига тушиб қолган. Миллий тилнинг аҳволи қандай бўлса, миллий дид, миллий тафаккурнинг аҳволи ҳам шундай бўлади. “Ранг кўр, ҳол сўр” деган мақолни миллатларга нисбатан “Тилини кўр, ҳолини сўр”, деб татбиқ этиш мумкин. Буни нафақат шоиру адибларимиз, балки ҳар бир миллат вакили ҳис этмоғи керак.
Насиб этса, яқинда она тилимиз ҳақидаги “Бобо Сўз изидан” номли китобим нашрдан чиқади. Унда ўзбек тилидаги сўзларнинг туб илдизи, моҳияти устидаги кузатишларим бор. Тил ва сўзлар ҳақидаги қарашларимни шу китобда жамлаганман ва Худо умр берса бу китобимни яна давом эттираман. Эҳтимол, умримнинг охиригача ёзадиган китобим шу бўлар…
— Бу дунё кураш ва зиддиятлардан иборат. Бугунги кунга келиб унинг фақат шакли, услуби ўзгарган, бироқ мақсад-у муддаоси ўша-ўша — дунёга эгалик қилиш, миллатларни жиловда тутиб туриш… Ғоялар, фикрлар, маданиятлар ўртасидаги шу курашда бугунги ижодкорнинг вазифаси нималардан иборат бўлмоғи керак?
— Очиғи, туйғулар жуда ғариблашиб кетяпти. Яқинда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларига туйғу қашшоқлиги мавзусида очиқ дарс ўтдим. Телевизорда тўлиқ кўрсатишди бу дарсимни. Туйғу қашшоқлашуви жуда ёмон иллат. Одамнинг туйғулари саноқли: Меҳр, Номус, Муҳаббат, Уят, Ғурур, Оқибат кабилар. Шуларни бой берса у симёғочдай серрайиб қолади. Симёғоч-ку бир жойда турар, лекин туйғуларидан мосуво бўлган бундай одам фитнага аралашади, ёмонлик ва ёвузликка қул бўлади. Айниган одамдан ҳайвон минг марта яхши! Одамни туйғулар айнитмайди. Гарчи туйғулар гулнинг япроғидан ҳам нозик бўлса-да, инсонни ракеталар ҳужумидан ҳам ҳимоялай оладиган энг мустаҳкам ҳимоядир. Бугунги ҳарбий ва мафкуравий қуроллар етмиш қават бетонни ёриб ўтиши мумкин, лекин улар шу гулдай нозик туйғулар олдида ожиз қолади. Шунинг учун инсониятнинг сўнгги ҳимоя қуроли унинг эзгу туйғуларидир, деган бўлардим. Муҳими, улар инсон тийнатида бўлиши керак. Йўқса, инсонни забт этиш жуда осон ва жўн бир ҳодисага айланади.
— Сўзларингиздан англашиляптики, миллий дид ва уни асраш сизни ҳамиша безовта қилади…
— Миллий дид жуда катта тушунча. Мен унинг нима эканини ҳис этаман. Миллий диди йўқ миллат миллат эмас, у тўда, холос. Бизнинг миллий дидимиз — бу бизнинг минг йилликларимиздир, босиб ўтган йўлларимиздир, унда Навоий, Улуғбек, Қодирий каби даҳоларнинг шуури яшайди. Шу пайтгача неники бунёд этган бўлсак ва бундан кейин неники яратсак, улар миллий дид тимсолидай намоён бўлади. Оддийгина кийинишимиз, гапиришимиз, саломлашишимиздан тортиб, Самарқанду Хива экзотикасигача, Беруний ва Хоразмийларнинг оламшумул кашфиётларигача ҳамма-ҳаммаси миллий дид билан боғлиқ. Албатта, “оммавий маданият” деган бир бало унга ҳам таҳдид солиб турибди. Бу ёвуз кучнинг мақсади миллатларнинг миллий дидини вайрон қилиш ва бу вайроналарни бойқушлар маконига айлантиришдир. Миллий дидни асраб қолиш ҳақидаги саволингизга келсак, бу — икки-уч минг кишининг эмас, бутун миллатнинг саъй-ҳаракатига боғлиқ. Бунинг учун ҳар бир одам аввало ўзининг шахсий дидини асраши керак. Ўзида дид бўлмаган одамнинг миллий дид билан неча пуллик иши бор дейсиз…
— Сўз аҳли ва сўз ихлосмандларига тилакларингиз…
— Тилагимни қуйидаги шеър билан ифодаламоқчиман:
Капалак кулгусин, булут шарбатин
Таъмини тонгларда тотиб кўрганлар,
Ўзимдан улуғдир сизга ҳурматим
Мендан салом олиб, салом берганлар.
Қандай алқай сизни, қандай улуғлай,
Қуёшга табассум қилиб турганлар,
Юрагим тубидан узилган чўғдай
Саломимни олиб, салом берганлар.
Исломжон ҚЎЧҚОРОВ суҳбатлашди.
Манба: “Milliy tiklanish” газетаси
Milliy manfaat degani milliy mahdudlik emas, xudbinlik ham emas. Aslo! Milliy qadriyatlar, milliy gʻurur, milliy tafakkur, imon va burch himoyasi ham ayni shu manfaat ichida boʻladi. Shoirning, boringki, bir qamish haqida yozayotgan ikki qator sheʼri zimnida ham shu sezgi yotishi kerak. Uning ijodiy madaniyati shugina sezgidan boshlanishi ham mumkin.
SOʻNGGI HIMOYA QUROLI
yoxud raketadan qudratli, guldan nozik kuch
Shoir Eshqobil SHUKUR bilan suhbat
Eshqobil Shukur 1962 yil Surxondaryo viloyatining Qumqoʻrgʻon tumanidagi Boymoqli qishlogʻida tugʻilgan. ToshDUning filologiya fakultetini bitirgan (1984). Uzoq yillar Oʻzbekiston televideniyesi kanallarida ishlagan. Bugungi kunda “Maʼnaviy hayot” jurnali bosh muharriridir.
Ilk sheʼrlar toʻplami — “Yurakni oʻrganish” (1984). Shundan soʻng uning “Sochlari sumbul-sumbul” (1988), “Tungi gullar” (1989), “Yashil qushlar” (1995), “Hamal ayvoni” (2003) sheʼriy kitoblari va 2005 yilda “Koʻhna bogʻ rivoyatlari” nasriy kitobi nashr etilgan. “Naqshband”, “Ibtido xatosi” kabi dostonlari, “Nasoyim ul-muhabbatga sayr” turkumi, shuningdek, “Oqibat oqshomi”, “Dunyoning koʻchishi” kabi qissalari ham bor.
— Bugun mamlakatimizda ijod ahliga boʻlgan eʼtibor va munosabat har qachongidan-da oʻzgacha. Buni oʻtgan yili davlatimiz rahbarining yurtimiz ijodkor ziyolilari vakillari bilan boʻlgan uchrashuvi, shoir-yozuvchilarga koʻrsatilayotgan hurmat, ular uchun yaratilayotgan shart-sharoitlarda yaqqol koʻrish mumkin. Bu oʻzgarish va yangilanishlarni shaxsan qanday baholagan boʻlardingiz?
— 2017 yilning 3 avgustida Prezidentimizning yurtimiz ijodkor ziyolilari vakillari bilan uchrashuvi mamlakatimizdagi har bir ijodkorga katta ijodiy ragʻbat bagʻishladi. Ushbu uchrashuvdan soʻng 7 avgustdan 17 avgustgacha boʻlgan vaqt oraligʻida davlatimiz rahbarining sohaga oid 10 ta qarori qabul qilindiki, hali bunaqasi tarixda boʻlmagan, desak sira mubolagʻa boʻlmaydi. Bu tarixiy qarorlarning har biri madaniyatimiz, sanʼatimiz, adabiyotimiz va milliy maʼnaviyatimiz taraqqiyoti uchun muhim ahamiyatga ega.
Shundan soʻng koʻp oʻtmay, poytaxtimizdagi Alisher Navoiy nomidagi Milliy bogʻda Adiblar xiyoboni barpo etildi. Salkam 90 yil mobaynida tuzukroq binoga egalik qilolmagan Yozuvchilar uyushmasiga bor-yoʻgʻi yetti-sakkiz oylik fursatda zamonaviy muhtasham bino qurib berildi.
Bir yilning ichidayoq kitobga, mutolaa madaniyatiga munosabat keskin oʻzgardi, bu oʻzgarish maʼlum bir qatlam doirasidagina emas, ommaviy tarzda sodir boʻlyapti.
Ochigʻi, keyingi vaqtda kitobdan ancha uzoqlashib qolgan edik. Yaʼni bu, shubhasiz, fikrdan, maʼnaviy ildizlardan, oʻzlikdan yiroqlashish, taraqqiyotdan ortda qolish edi. Kitob odamni fikrlashga, oʻz-oʻzini tahlil va taftish qilishga, hayotni toʻgʻri idrok etishga oʻrgatadi. Demak, jamiyat maʼnaviyati uchun kitob eng muhim vositadir. Kitobga, adabiyotga Prezident darajasidagi katta eʼtibor qoʻliga qalam tutgan, oʻzini bilgan har bir ijodkor uchun ham yuksak ragʻbat, ham katta masʼuliyatdir.
— Modomiki gap oilalarda maʼnaviy-axloqiy muhitni yaxshilash, oilaviy kitobxonlik haqida borar ekan, ijodkorning shakllanishida bolalikning oʻrni xususida toʻxtalmasdan boʻlmaydi…
— Odam bolaligini bolalikday yashashi kerak. U bola koʻzi bilan dunyoni koʻrmasa, keksayganda ham koʻp narsadan bebahra qoladi. Biz keyingi paytlarda shu narsaga koʻp eʼtibor qilmayapmiz, eʼtibor qilmayapmiz emas, hatto baʼzida bunga ters yoʻl tutyapmiz. Sakkiz-oʻn yashar bolakayning bola shaklidagi cholga aylanib qolishi maʼqul emas. Uni aqlli qilaman, deb safsatabozga aylantirib qoʻymaslik kerak.
Bir uchrashuvda 6-7 yashar bolaga tantanali suratda soʻz berildi. Bolagina ham shunday sayrab ketdiki, toʻtiqushlar yoʻlda qoladi. Hay, mayli, tili burro ekan, yaxshi-da, deb oʻtirgan edik, bolakay birdan “SSSR davrida unday edi, endi bunday boʻldi”, hatto “SSSR davrida biz unday boʻlganmiz-u, bunday boʻlganmiz”, deb koʻr-koʻrona yodlatilgan gaplarni sota ketdi.
Sahnada 7 yashar bola gapiryaptimi yo 70 yashar chol gapir¬yaptimi — biz bilolmay hayron. Oʻsha davrni koʻrib-kechirganlar shunday gapirsa, ularga yarashadi.
Gap shundaki, bu ketishda bunday bolalar bolaligini yoʻqotib qoʻyishi mumkin. Bunaqada ulardan mahmadanalar yasaladi. Bola bolalikni boladay yashashi kerak. Chumchuq bilan gaplashadimi, daraxt bilan gaplashadimi yo bobosi bilanmi, uning oʻziga qoʻyib bering. Bir chimdim soxta shuhrat deb bolaning qalbini uyoqdan buyoqqa sudrash joiz emas. Shunda ular soxta gaplardan uzoqda ulgʻayadi.
Yaqinda bir maktabda uchrashuvda boʻlganimda, sheʼrlar mashq qiladigan oʻquvchilar bilan gaplashdim, sheʼrlarini eshitdim. Bolalarda ishtiyoq baland, yonib turibdi, lekin sheʼrlarning aksariyati bir xil. Bu sheʼrlarni deklamatsiya va balandparvozlik shovqini egallagan. Ularning deyarli hammasida “Vatan” soʻziga “jon va tan”ni hadeb qofiya qilish, bir-biriga taqlid va takrorni koʻp koʻrasiz.
Oʻquvchilar sheʼrlarining aksariyati Vatan va mustaqillik haqida. Vatan haqida yozish yaxshi, biroq oʻziga xos va rost yozish kerak. Hammaga maʼlum gaplarni qaytaraverish yomon. Ularda “Har bir sheʼrimda “Vatan” soʻzi ishtirok etishi, Vatanni maqtashim kerak”, degan bir joʻn qarash paydo boʻlgan. Holbuki, “Vatan” soʻzi ishtirokidagi sheʼrni yozish uchun juda katta tayyorgarlik kerak. Bu soʻzning yuki baland. Men oʻquvchilarga tushuntirishga harakat qilib: “sheʼrda “Vatan” soʻzi umuman aytilmasa ham bu sheʼr Vatan haqida boʻlishi mumkin. Yaxshisi, koʻp osmondan kelmanglar-da umumiy gaplardan qochib, uyingizning oldidan oqayotgan ariq yo koʻchangizdagi qari tut haqida yozing, momongizning sizga boʻlgan mehrini sheʼrga soling — bular ham Vatan haqidagi sheʼr boʻladi”, dedim. Ayniqsa, oʻqituvchilarimiz bu masalada qattiq turishi kerak. Bolalarning hammasi samimiy boʻladi, ulardagi begʻuborlikning oʻzi sheʼr, ulardagi sof samimiy intilishlarning oʻzi kelajakdir. Faqat ularni soxta baqir-chaqirlarga chalgʻitib qoʻymaslik kerak.
Oʻzimning bolaligim haqida gapirsam… Koʻproq bobom va momomga ergashib yurganman. Qayerga borishsa birga borganman. Dalalarni oralab, tuproq yoʻllarni kechib boshqa ovullarga borish men uchun oʻzga bir olamga sayohat qilishday gap edi. Momolarim menga shamol, bulut, suv, Yer bilan gap¬lashishni oʻrgatishgan. Ular “Shamol aytar ekan, bulut aytar ekan”, deb hikoya boshlashardi. Men ularning tilida sheʼriyat tilini koʻrganman. Onam oʻzbek xalq maqollari, matallari va iboralarining tirik ensiklopediyasi desam, tirnoqchayam mubolagʻa boʻlmaydi. Qishlogʻimning soʻlim tabiati, bagʻri daryo odamlari, bobolarim, momolarim, otam va onam — bular mening ilk ustozlarim.
— Bundan 30 yillar avval, zamonaviy oʻzbek adabiyotining yirik namoyandalaridan biri Shavkat Rahmon sizga adabiyotda oʻz soʻzi va yoʻli bor shoir, deya katta ishonch bildirgan edi. Bugun oʻzingizni mana shu ishonchni oqladim, deb hisoblaysizmi?
— Bu ishonchni oqladim, desam, maqtanchoqlik qilgan boʻlaman… Yaxshisi, men boshqa mavzuda gapirishni istardim: Shavkat Rahmon timsolida haqiqiy shoirni koʻrganman — u har jihatdan butun edi. Uning sheʼrlarida oʻz qalbi, qiyofasi va botini aks etadi, haqsevar bir shoir sifatida zamondoshlarining diyonatli, orli ajdodlariga munosib boʻlishini istardi. Uning faoliyati haqiqatga qasam kabi sobit, har bir sheʼri soʻzga qasam kabi magʻrur va halol edi. Mamlakat qaltis bir vaziyatga kirayotgan oʻsha yillari yuzminglab ikkilanib turganlarga qarata: “Oʻldir, ichingdagi xoinni oʻldir”, deb hayqirgan shoir, Oʻsh – Oʻzgan voqea¬lari sabab bir kechada sochi oqargan shoir, millat daraxtini millat qurtlaridan tozalayman, deb tinmagan shoir oʻzining katta ijodi va qisqa hayoti bilan bizga koʻp narsani oʻrgatib ketdi.
Oʻtgan asrning 80-yillarida uning ozodlik uchun qanchalar kuyib-yonganini koʻrganman. Shavkat aka juda fidoyi odam edi. U yoshlar uchun koʻksini qalqon qila olardi. Oʻzidan keyin kelayotgan avlodni tish-tirnogʻi bilan himoya qilardi.
Talaba paytimiz Shavkat aka Gʻafur Gʻulom nomidagi nashriyotda sheʼriyat boʻlimining mudiri edi. Oʻshanda u kishi mening qoʻlyozma holidagi sheʼrlarimni olib, talabaga ogʻiri tushmasin, deb nashriyot harf teruvchisiga mashinkada terdirgan (mashinkada matnni terish ham yaxshigina pul turardi-da) va bu sheʼrlarning toʻplam holiga kelishiga bosh-qosh boʻlgandi. Birinchi kitobimning nomini ham Shavkat Rahmon qoʻygan: “Sochlari sumbul-sumbul”. Bu men uchun katta ragʻbat edi.
Bunday shoirlar millat ruhidan bunyod boʻladi. Shuning uchun u millat taqdirini oʻzining taqdiri deb bilardi, unga milliy masaladagi har qanday mavzuning katta-kichigi yoʻq edi, hammasi muhim va hammasi dolzarb edi. Uning:
Gʻam soʻzin elimdan avvalroq aytdim,
baxt soʻzin aytaman eldan keyinroq,
— degan satrlari shoirlar uchun ijodiy shiorga aylansa arziydi.
— Jamiyatda ijodkorning oʻrni va roli qanday boʻlishi kerak? Bu vazifa bugungi kunda qay darajada uddalanayapti, deb oʻylaysiz?
— Sharqda azaldan ahli qalam, ahli ijod jamiyat gullari, zamon peshvosi sanalgan. Bobolarimiz har jihatdan shunga munosib boʻlgan. Ular qalam masʼuliyatini Xudoga qasam darajasida his etgan. Shu bois bizda qadimdan badiiy asar yozish madaniyati yuksak darajada shakllangan. Lekin keyingi xonlik-lar, mustabid tuzum davrida bu madaniyatdan anchagina putur ketgani rost. Har xil gʻiybatlar-u, fisq-fujurlar, oldi-qochdilarni ham ijod deb tushunadiganlar yoʻq emas. Ahli ijod oʻz davrining ovozi, nafaqat ovozi, balki vijdoni boʻlishi kerak, degan qoida jamiyatda ijodkorning oʻrni va rolini belgilab beradi. Lekin bunga munosib boʻlish oson emas.
Donishmandlarning “Hamma joyda va hamma zamonda faoliyat koʻrsatish” degan gapi ham ijodiy faoliyatga taalluqli deb bilaman. Avvalo har bir ijodkor oʻz vazifasini teran anglashi kerak. Busiz u ijodkorlik vazifasi uyoqda tursin, uyidagi vazifasini ham bajarolmaydi. Hatto ijodkor tarki dunyo qilib, bir yertoʻlaga kirib ketib yozayotgan boʻlsa ham, baribir, u oʻz atrofidagi dunyo, odamlar, voqealar haqida yozadi, munosabat bildiradi. Ijodkor va jamiyat masalasiga shu nuqtai nazardan qarash kerak. Donishmandning “Xalq mensiz butun boʻlmaydi!” degan gapi bor-ku. Bugungi kun ijodkorlari milliy manfaat masalasida mahkam turishi kerak deb oʻylayman. Buning uchun avvalo har birimiz milliy manfaat mohiyatini zamon ruhidan kelib chiqib anglab olishimiz kerak. Milliy manfaat degani milliy mahdudlik emas, xudbinlik ham emas. Aslo! Milliy qadriyatlar, milliy gʻurur, milliy tafakkur, imon va burch himoyasi ham ayni shu manfaat ichida boʻladi. Shoirning, boringki, bir qamish haqida yozayotgan ikki qator sheʼri zimnida ham shu sezgi yotishi kerak. Uning ijodiy madaniyati shugina sezgidan boshlanishi ham mumkin.
— Ijodkor oʻzi uchun yoʻnalish topishi, oʻsha yoʻnalishda oʻz soʻzini ayta olishi va xalq mehrini qozonishi oson ish emas. Agar u bir nechta yoʻnalishda ijod qilishni ixtiyor etsa-chi? Buning uchun ijodkor qanday omillarni unutmasligi kerak?
— Nazm va nasr bir-biri bilan chambarchas bogʻliq hodisalar. Ular asli bitta narsa. Faqat shakl boshqacha. Shukur Xolmirzayev bir paytlar aytgandi: “Hikoya yozish men uchun has¬ratimni aytishdir”. Sheʼr ham aslida shu. Shukur aka yana bir gapni bot-bot takrorlab turardi: “Asar yozish bu vasiyatingni yozishdir”. Men Chingiz Aytmatov qissalarini sheʼrday oʻqiyman. Nazmmi, nasrmi, kichik bir lavhami, eng muhimi koʻngilni qogʻozga tushirish-da. Ijodda koʻngil sari boraverish kerak. Koʻngilda moʻʼjizalar koʻp.
Tilimizdagi soʻzlar borasidagi izlanishlarim ham koʻng¬limning ishi va xohishi. Ijodkor uchun eng muhim omil uning koʻnglidir.
— Soʻz kimlar uchundir muloqot vositasidir. Ammo ijodkor uchun u hayot-mamot masalasi, taqdiri. Bugungi soʻzga, xususan, tilga boʻlgan munosabat sizni qay darajada qoniqtiryapti?
— Yaqinda Surxondaryoga borganimda cholu kampirlarning yangi avlodiga duch kelib qoldim. Bular men bilgan chol-kampirlar emas edi. Men bilgan qariyalarning tili bularda yoʻq ekan. Men bilgan qariyalar tilida zalvorni, ranglarni, joziba va ulugʻvorlikni sezganman. Yangi cholu kampirlar esa haminqadar oʻzimiz qatori tili quruqqina, feʼli siniqqina kishilar. Globallashuv va tashqi taʼsirlar sabab keyingi yillarda qanchadan-qancha matal va maqollarimiz, soʻz va iboralarimiz yoʻq boʻlib ketyapti. Afsuski, bu koʻzga koʻrinmaydi, oʻlchaydigan tarozisi ham yoʻq. Agar tarozisi boʻlganda bir yilda falon tonna matal, falon tonna ibora yoʻqotayapmiz, deb aniq aytgan boʻlar edik. Universitetlarning filologiya fakultetlari, jurnalistikaga ixtisoslashgan taʼlim dargohlari talabalarning taʼtil vaqtlaridagi folklor ekspeditsiyalarini yana tiklab, jonlantirishi kerak. Bunday ekspeditsiyalarda yurgan talaba avvalo xalqimizni oʻrganadi, hayotni, odamlarni koʻradi, shu bilan birga el orasida qolgan matal, maqol va iboralarni, rivoyatlarni toʻplaydi. Bu ham til himoyasi uchun kerak boʻladigan ish. Hozir dunyo boʻyicha tillarning ahvoli tanglashyapti. Shuning uchun ilgʻor xalqlar til himoyasi taraddudiga tushib qolgan. Milliy tilning ahvoli qanday boʻlsa, milliy did, milliy tafakkurning ahvoli ham shunday boʻladi. “Rang koʻr, hol soʻr” degan maqolni millatlarga nisbatan “Tilini koʻr, holini soʻr”, deb tatbiq etish mumkin. Buni nafaqat shoiru adiblarimiz, balki har bir millat vakili his etmogʻi kerak.
Nasib etsa, yaqinda ona tilimiz haqidagi “Bobo Soʻz izidan” nomli kitobim nashrdan chiqadi. Unda oʻzbek tilidagi soʻzlarning tub ildizi, mohiyati ustidagi kuzatishlarim bor. Til va soʻzlar haqidagi qarashlarimni shu kitobda jamlaganman va Xudo umr bersa bu kitobimni yana davom ettiraman. Ehtimol, umrimning oxirigacha yozadigan kitobim shu boʻlar…
— Bu dunyo kurash va ziddiyatlardan iborat. Bugungi kunga kelib uning faqat shakli, uslubi oʻzgargan, biroq maqsad-u muddaosi oʻsha-oʻsha — dunyoga egalik qilish, millatlarni jilovda tutib turish… Gʻoyalar, fikrlar, madaniyatlar oʻrtasidagi shu kurashda bugungi ijodkorning vazifasi nimalardan iborat boʻlmogʻi kerak?
— Ochigʻi, tuygʻular juda gʻariblashib ketyapti. Yaqinda Oʻzbekiston davlat jahon tillari universiteti talabalariga tuygʻu qashshoqligi mavzusida ochiq dars oʻtdim. Televizorda toʻliq koʻrsatishdi bu darsimni. Tuygʻu qashshoqlashuvi juda yomon illat. Odamning tuygʻulari sanoqli: Mehr, Nomus, Muhabbat, Uyat, Gʻurur, Oqibat kabilar. Shularni boy bersa u simyogʻochday serrayib qoladi. Simyogʻoch-ku bir joyda turar, lekin tuygʻularidan mosuvo boʻlgan bunday odam fitnaga aralashadi, yomonlik va yovuzlikka qul boʻladi. Aynigan odamdan hayvon ming marta yaxshi! Odamni tuygʻular aynitmaydi. Garchi tuygʻular gulning yaprogʻidan ham nozik boʻlsa-da, insonni raketalar hujumidan ham himoyalay oladigan eng mustahkam himoyadir. Bugungi harbiy va mafkuraviy qurollar yetmish qavat betonni yorib oʻtishi mumkin, lekin ular shu gulday nozik tuygʻular oldida ojiz qoladi. Shuning uchun insoniyatning soʻnggi himoya quroli uning ezgu tuygʻularidir, degan boʻlardim. Muhimi, ular inson tiynatida boʻlishi kerak. Yoʻqsa, insonni zabt etish juda oson va joʻn bir hodisaga aylanadi.
— Soʻzlaringizdan anglashilyaptiki, milliy did va uni asrash sizni hamisha bezovta qiladi…
— Milliy did juda katta tushuncha. Men uning nima ekanini his etaman. Milliy didi yoʻq millat millat emas, u toʻda, xolos. Bizning milliy didimiz — bu bizning ming yilliklarimizdir, bosib oʻtgan yoʻllarimizdir, unda Navoiy, Ulugʻbek, Qodiriy kabi daholarning shuuri yashaydi. Shu paytgacha neniki bunyod etgan boʻlsak va bundan keyin neniki yaratsak, ular milliy did timsoliday namoyon boʻladi. Oddiygina kiyinishimiz, gapirishimiz, salomlashishimizdan tortib, Samarqandu Xiva ekzotikasigacha, Beruniy va Xorazmiylarning olamshumul kashfiyotlarigacha hamma-hammasi milliy did bilan bogʻliq. Albatta, “ommaviy madaniyat” degan bir balo unga ham tahdid solib turibdi. Bu yovuz kuchning maqsadi millatlarning milliy didini vayron qilish va bu vayronalarni boyqushlar makoniga aylantirishdir. Milliy didni asrab qolish haqidagi savolingizga kelsak, bu — ikki-uch ming kishining emas, butun millatning saʼy-harakatiga bogʻliq. Buning uchun har bir odam avvalo oʻzining shaxsiy didini asrashi kerak. Oʻzida did boʻlmagan odamning milliy did bilan necha pullik ishi bor deysiz…
— Soʻz ahli va soʻz ixlosmandlariga tilaklaringiz…
— Tilagimni quyidagi sheʼr bilan ifodalamoqchiman:
Kapalak kulgusin, bulut sharbatin
Taʼmini tonglarda totib koʻrganlar,
Oʻzimdan ulugʻdir sizga hurmatim
Mendan salom olib, salom berganlar.
Qanday alqay sizni, qanday ulugʻlay,
Quyoshga tabassum qilib turganlar,
Yuragim tubidan uzilgan choʻgʻday
Salomimni olib, salom berganlar.
Islomjon QOʻCHQOROV suhbatlashdi.
Manba: “Milliy tiklanish” gazetasi
Жуда-жуда яхши суҳбат экан! Адабиёт яшаса, миллат яшар, деган фикрнинг яққол намунаси. Адабиётнинг, сўз санъатинин илдизлари ҳаётимизга чуқур сингиб кетган ва шундай бўлиб қолиши керак.