Nurulloh Muhammad Raufxon. Bir sotqin va uning chaquvlarida jo’mardlarning ta’riflari

Ashampoo_Snap_2017.07.02_16h05m18s_003_.pngБуюк турк ўғлони Исмоил Ғаспиралининг шогирди ва собит издоши, негадир узоқроқ ухлаб қолган Туркистон бобони асрий уйқудан уйғотишга, занжирбанд шерни занжирдан халос этишга қатъий бел боғлаб чиққан жадидлардан бири ва ўнгдори, эллик бир ёшли Мунавварҳон Қори Абдурашидхон ўғли 1929 йил нўябирининг 5-куни махфий сиёсий политсайчилар томонидан ҳибсга олиниб, терговга тортилади.


Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон

БИР СОТҚИН ВА УНИНГ ЧАҚУВЛАРИДА
ЖЎМАРДЛАРНИНГ ТАЪРИФЛАРИ

001

ДҲҚ  архивида 554335-сон рақами ила хатланган ва олтмиш уч  йил*дан бери етти қулф остида сақланаётган «ИШ»га бугунги кун кўзқарашлари.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Улуғ Тангрига шукрки, шундай замонларга етказиб, оғзимиздаги қулфларнинг очилишига, тилимиздаги тушовларнинг ечилишига, кўзимиздаги пардаларнинг сурилишига, қўлимиздаги кишанларнинг узилишига эриштирди, эс-ҳушимизни йигиб олишимизга имкон берди, мазлум кўксимизни кўтаришимизга, хиёл бўлса-да эркинроқ нафас олишимизга бизларни муяссар айлади. Ҳам илкимизга қалам тутқазиб, ушбуни ёзишга юрагимизни мойил қилди.

-6S4l0kuGUEnWn-eRNZBjRlXcEHDANso.jpgБуюк турк ўғлони Исмоил Ғаспиралининг шогирди ва собит издоши, негадир узоқроқ ухлаб қолган Туркистон бобони асрий уйқудан уйғотишга, занжирбанд шерни занжирдан халос этишга қатъий бел боғлаб чиққан жадидлардан бири ва ўнгдори, эллик бир ёшли Мунавварҳон Қори Абдурашидхон ўғли 1929 йил нўябирининг 5-куни махфий сиёсий политсайчилар томонидан ҳибсга олиниб, терговга тортилади. Чор Ўрусиясида Уктабир тўнтариши рўй бериб, подшо ҳукумати ўрнига қизиллар ҳукумати келганининг ўн иккинчи йилида — болшавойлар давлати бепоён мамлакатнинг ич-ичларигача хийла томир отиб, ўзини ўнглаб, анча-мунча куч йиғиб олган шу болшавойчилик негизида пайдо бўлган ИИҲҚ (Ички Ишлар Халқ Қўмиссарлиги) идораси ғайрат билан ишга тушган, янги давлатнингда (худди эски давлатдек) юргиза бошлаган империячилик сиёсатига «жиддий хавф» соладиган ақлли-зиёли кишиларни битталаб ё тўдалаб териб ола бошлаган эди.

Туркистонда жадидлар иши юзасидан Мунаввар Қори билан биргаликда бирданига ўттиз етти ватанпарвар сўроққа тортилади. Буларнинг кетидан тағин қирқ бир киши бор-йўғи халқининг, миллатининг, динининг тақдирига қайғургани учун тергов бера бошлайди. Уларнинг орасида сотқинлари ҳам, лақмалари ҳам, иккала томонга хизмат қилганлари ҳам бўлган, аммо, шукрки, иймонлилари, мардлари кўп эди. Жами етмиш саккиз (78) кишининг турфа ранг ҳаёт мазмунлари жами ўн саккиз (18) жилддан иборат ҳар бири ғўладай семиз-семиз тўпламлар қатига кўмилади, жилд устларига «МУНАВВАР ҚОРИ ВА БОШҚАЛАР» деб ёзилади ва «Мутлақо махфий» дея тамғаланади-да… тарих саҳифаларидан юлиб ташланади. Туркистон бобо тағин ғафлат уйқусида қолаверади.

Жадидларнинг туғилганини, уларнинг ниятларини ўз вақтида Чор ҳукумати ҳам пайқаган. Қул Туркистонда диний ва миллий уйғониш содир бўлаётганидан, истилочиларнинг сиёсий найрангларига фаҳм-фаросати етадиган ва, сал қўйиб берилса, бу «қора халқ»ни озодлик курашига кўтаришга ва бу курашни моҳирлик билан бошқаришга қурби етадиган маърифатли ва миллатпарвар бутун бир авлод шаклланаётганидан таҳликага ҳам тушган. Аммо бу ўртада Биринчи жаҳон уруши бошланиб кетиб, истилочи Чор ҳукумати жаҳон майдонига ташланган катта суяк билан овора бўлиб қолдию чеккалардаги миллийчилар билан жиддий шуғулланишга имкон тополмади. Шунда ҳам маҳфий идоралари, мустамлака сиёсатининг бу ўлкага юборилган мафкурачилари уларни ҳамиша кўз остларида сақлаб турар, ҳам маънавиян, ҳам жисмонан эзиб ташлашнинг қулай мавридини пойлар эди.

Мана шу вазиятда Ўрусияда ҳокимият тўнтириши юз берди ва бу ҳодиса тарихга Ўктабир тўнтариши номи билан кирди. Шундай қилиб, ижтимоий аҳвол иккинчи марта халақит қилди ва Чор мустамлакачиларининг ниятлари яна амалга ошмай қолди. Лекин бу дегани — шум ният ўлди, миллийчилар таъқибдан қутулишди, дегани эмас эди. Чунки энди уларнинг изига болшавойлар давлати тушади. Тўнтариш оқибатида шакл ўзгарган, аммо мустамлака ўлкаларга муносабат зимдан ўша илгаригидай қолган эди. Модомики империячилик сиёсати сақланиб қолган экан, Оқ подшога хавф солган миллий маърифатчилар Қизил қўмиссарни таҳликага солмайдими? Маърифатсизлик устига қурилган давлат, маърифатсизликни шиор қилиб, байроқ қилиб кўтарган давлат маърифатлилардан қўрқишда эски ҳукуматдан-да ўтиб тушди. Фақат бу янги давлат дастлаб — бутун мамлакатда ўз ҳокимиятини мустаҳкам ўрнатиб олгунча, ўзининг кучига ишонч ҳосил қилгунча «икки қадам орқага» чекиниб туришга мажбур бўлган, яъни, ҳозирча чет ўлкалар тинч турсин, деган мақсадда «миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш»ига ваъдалар бериб, алдаб турган эди. Ниҳоят, биродаркушлик урушида ваҳшийларча ғалабага эришиб, янгича бошқарув тузилмасини (структурасини) жорий этиб бўлгач, Оқ подшодан мерос қолган шум ният эсига тушади ва йигирманчи йилларнинг иккинчи ярмида пистирмадан чиқиб, энди икки қадам олға ташлайди-да, ўша ниятни енг шимариб амалга оширишга киришади. Жадидларни 1922, 1924 йиллари бир-икки безовта қилишлар ўзига хос айғоқ, кучни чамалаб кўриш эди, 1929 йилга келиб ростмана қирғинга ўтилади. «Мунаввар Қори ва бошқалар» иши мана шу тарз юзага келади.

Хўш, Мунаввар Қори ва бошқалар ўзи кимлар эди? Уларнинг мақсадлари нима бўлған? Оқ ҳукуматни-да, Қизил ҳукуматни-да бирдай чўчитадиган нима иш қилганлар?

«…айғоқчилик хабарномаларидан бу юқорида исмлари зикр этилган фуқаролар Совет ҳокимиятини ағдариб ташлашга қаратилган фаолият кўреатаётганликлари, яъни, Ўзбекистон ССР Жиноят мажмуаси 58-модданинг 10-қисмида ва 66-модданинг 1-қисмида таърифланган жиноятни содир этганликлари маълум бўлади. Шуни эътиборга олиб, Бутуниттифоқ Марказий Ижроия Қўмитасининг 1922 йил 16 ўктабирида чиқарган қонунга мувофиқ ҳамда Бош Сиёсий Бошқарманинг (ГПУнинг) 1922 йил 287-сон ва 1923 йил 362/29-сон буйруқларига мувофиқ…» Мунаввар Қори бошлиқ ўттиз саккиз киши устидан дастлабки терговларни бошлашга фатво берилади. Бу расмий фатво ҳужжатини Бош Сиёсий Бошқарма Ўрта Осиё бўлими Шарқ бўлинмасининг Катта вакили (катта ваколатли деб ўқилса ҳам бўлади) Агидуллин тайёрлаган, бўлинма бошлиғи Круповский «Розиман» деб имзо чеккан, БСБ Ўрта Осиё бўлимининг бошлиғи Белский «Тасдиқлайман» деб қизил қаламда қўл қўйган.

Мазкур ҳужжатдан биламизки, Мунаввар Қори ва бошқалар «Совет ҳокимиятини ағдариб ташлашга қаратилган фаолият кўрсатганлар» экан. Бу фаолият нималарда кўринади?

Бу саволга жавоб бермоқ учун бизнинг ихтиёримизда икки йўл бор. Бири — тарихдан билган маълумотларимиз ва 18 жилдлик ҳужжатларга суяниб ўзимизнинг мулоҳазаларимизни билдириш. Иккинчиси — бевосита ҳужжатларнинг ўзига мурожаат этиш. Ҳар икки йўл ҳам ўзича самаралидир. Ҳар икки йўл уйғунлаштириб юборилса, ундан ҳам аъло. Биз мазкур мақолада иккинчи йўлни тутишга қарор қилдик. Бироқ ҳужжат деяётганимизнинг ўзи сонмингта. Терговнинг «илтимоси»га биноан ёзилган Мунаввар Қорининг бутун бошли хотираномасини келтирайликми, бошқа иштирокчиларнинг кўргазмаларини келтирайликми? Биз яна иккинчи йўлни танладик. Танлаганда ҳам ўша ўттиз саккиз кишининг ичидан чиққан бир сотқиннинг битикларини эълон қилишни лозим кўрдик. Бизнингча, унинг чақув кўргазмалари шунинг учун ҳам қимматлики, аввало, у — ўз қўли билан ёзилган ҳужжат; иккинчидан, халқимиз ўзининг мард ва ватанпарвар ўғлонлари қаторида сотқин, қўрқоқ болаларининг ҳам номларини билиб қўйсин; учинчидан, бу сотқин ўз атрофидагиларни анча тиришиб, анча тўлиқ сотгани боис биз йигирманчи йиллардаги умумий вазиятни, зиёлиларимизнинг умумий кайфиятларини, дард ва аламларини ҳарҳолда кенгроқ билиб оламиз. Ва ниҳоят, тўртинчидан ва энг муҳими — биз бундан сабоқ чиқарамиз. Орамизда қуёшпана кўзойнакларини ярақлатиб, латтахочларини (бўйинбоғ) ястиқчасидан тутиб кишибилмас тўғрилаб-тўғрилаб, ҳаммамизга қўшилиб ташвишланиб, ҳаммамизга қўшилиб кулиб юрадиган, аммо фурсат пойлаб, битта ортиқча йўталимизни-да қолдирмай тегишли жойларга етказиб турадиганларимизга билдириб қўяйликки, иймонсизлик иллатдир, бугун биз ҳақиқат деб ҳисоблаб юрган нарсалар, бугун биз худо деб сиғиниб юрган кимсалар Тангрининг инояти билан бир кун асл ҳолларида намоён бўлажаклар, халқ барчамизнинг қилмишларимизни қайтадан баҳолаяжак ва биз мингинчи бор иқрор бўлурмизки, бу дунё қайтар дунё экан…

Биз сотқин деб атаётган йигитчанинг исми Мадҳиддин, фамилияси Муҳаммедов. Оталаридан келсак, Солиҳович. Тергов чоғи айни 19 ёшда бўлган. Ҳужжатларда «студент» деб қайд қилинган. Ёлғон кўргазма учун жавобгарлик борлиги тўғрисида огоҳлантирилганларидан сўнг ўз устозлари, қариндош-уруғлари ва дўстларининг «башаралари»ни илҳом билан фош этишга тушади. Терговчи сўраган-сўрамаганини ҳам ўзларидан қўшиб, гапираверади, бақироқ бир сарлавҳа қўйиб, ростмана рисолача шаклда «асар» ёзади ва бировнинг бировникига меҳмонга борганидан ҳам яширин маъно топадиган даражада усталик ила биратўла элликка яқин кишига сиёсий баҳо беради. У беномус ёзаверади, Бош Сиёсий Бошқарманинг чаққон таржимонлари пешма-пеш ўрисчага ўгираверишади.

Афсуски, туркийчасини ўқишга қийналганимиздан ўрисчасини кўчириб олган эдик, энди ўшани яна туркийга қайта таржима қилиб беришга мажбур бўляпмиз. Сўзлар ўзгарган бўлиши табиий, аммо моҳиятига тегинмадик. Фақат бироз қисқартирдик ва икки қайтадан берган кўргазмаларини битта ҳолга келтирдик. Яна қайтариб айтамизки, ўзимиздан қўшмадик, ўзларидан эшитиб қўяқолдик. Мана ўша сотқиннинг ёзган чақуви:

ЖАДИДЛАР ВА УЛАРНИНГ СИЁСИЙ БАШАРАЛАРИ ҲАҚИДА

Жадидлар (ёки, бошқача айтганда, тараққийпарварлар) Туркистонда Ўктабир инқилобидан илгари Ўрусия буржуазиясига ва Туркистонда ҳукм сураётган феодал қолоқликка қарши курашга отланганларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб майдонга чиққан эдилар. Улар ўрис буржуазиясининг мустамлакачи сиёсатидан норози эдилар ва унга қарши курашардилар. Маҳаллий аҳолининг эскича турмуши ва қолоқлигига, бу қолоқликнинг илҳомчилари бўлмиш руҳонийларга қарши ҳам жон-жаҳдлари билан қарши чиқдилар.
Хуллас, жадидлар курашининг асосида феодализм ва эски турмуш асосларини бузиш, миллий буржуазия давлати тузиш мақсади ётарди. Бу ҳаракатнинг кўпчиликка машҳур бўлган раҳбарлари қуйидагилардир: Мунаввар Қори, Мурод Хўжа Домулла, Имом Ҳожи Халилий, Ҳасан Қори, Салимхон, Абдулла Авлоний, Шорасул Зуннун, Шаҳид Эсон, Мир Гейди, Абдуваҳоб Муродий ва Мажид Қодирий.

Улуғ Ўктабир инқилоби эски тузум асосларини бузиб, янги ҳаётга кенг йўл очиб, жадидларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Чунки инқилоб феодализмни яксон қилди, бу билан қаноатланмай, савдо буржуазиясига ҳамда жадид-тараққийпарварларга оғир, ҳалокатли жароҳат етказди. Шундан кейин жадидлар ўз фаолиятларини тўхтатдиларми? Қаёқда…

Улар ўлар ҳолатларида бўлишларига қарамай, бор кучларини фаолиятни давом эттиришга қаратишди. Бу орада уларга ҳарбий асир турк зобитлари (офитсерлари) ёрдамга келишди. Булар жадидларнинг яраларини даволаб, оёққа турғаза бошлашди. Ишларига раҳбарлик қилишди, юракларида қайтадан миллатчилик туйғуларини қўзғатишди. Аста-секин жадидлар кучга қайтишди. Бунга барча совет мактаблари уларнинг қўлида эканлиги ҳам қўл келди. Ўсиб келаётган ёшлар уларнинг таъсир доирасига тушиб қолди. Синфимиздаги турк Камол ШАМСИЙ ватан тўғрисида кўзда ёш билан куйлагани яхшигина эсимда турибди. Ўрислар билан бошқа оврупаликлар Туркияга ҳужум қилишяпти, ўз миллатларингизнинг ҳуқуқини ҳимоя қиласизлар деб сизларга катта умид боғлаганмиз, деган эди ўшанда.

ШОРАСУЛ ЗУННУН бизга миллатчилар ёзган туркча шеърлар ўқирди ва юракларимизга сингдиришга ҳаракат қиларди. Мисол учун, у турк шоири Муҳаммад Омилбекнинг ва ўзбек шоирлари Чўлпон билан Фитратларнинг миллатчилик руҳидаги шеърларини ўқирди.

ЭСОН АФАНДИ Туркия урушдан ғолиб бўлиб чиққанини ва бу ғалаба тарихда улкан сиёсий аҳамиятга эга эканини айтган. Кейин Туркия ҳаётини эслашга тушиб кетарди ва яна айтардики, Туркистон муслимлари Туркия раҳбарлиги остига ўтиши лозим, турклар билан қўлни қўлга бериб, бир йўлдан юриши керак. Совет ҳокимиятига келганда, мусулмонларга бу ҳокимият бир чақалик ҳам фойда бермайди, деб айтарди. Эсимда, дарслардан бирида Шорасул ҳам худди Эсоннинг гапларини такрорлаган. Бир куни кўчада Шорасулни учратиб қолдим. У жуда қайғули қиёфада эди. Сабабини сўрадим. «Бу миллат ўзи миллат эмас!» деди. Бўлмаса, нима, десам, «Иллат!», деб жавоб қилди. «Нега?» — деб сўрадим тағин. «Чунки булар ўзинингг ягона одамларини ҳибсга олганларини билатуриб ҳам ҳеч қанақа чора кўрмаяпти!» деди.

Совет ҳокимиятининг иккинчими, учинчими йили жадидлар орасида бўлиниш юз берди. Мунаввар Қори, Мурод Хўжа Домулла, Шорасул Зуннун ва Эсон Афанди бошчилигидаги айримлари эски нуқтаи назарда турардилар. Эшон Хўжа Хоний, Ҳасан Қори, Салимхон, Мир Гейди ва Ваҳоб Муродий бошчилигидаги бошқалари эса, ўз ғоя-мақсадларини совет ҳукуматидан фойдаланиб амалга ошириш йўлига ўтдилар. Лекин булар ўз қарашларининг хато эканига тезда ишонч ҳосил қилиб, тағин аввалгиларга қайтиб қўшилдилар (В. Муродов тўғрисида бир нима дея олмайман). Учинчи бир тоифа эса, ўзларининг хато йўлда эканликларини англаб, тўла маънода совет ҳокимияти тарафига ўтдилар (масалан, Абдулла Авлоний).

Агар жадидларнинг ҳозирги мафкурасига назар солсак, улар совет ҳокимиятининг ашаддий душмани эканликларини, бу ҳокимият қачон қуларкин, деб интиқ бўлаётганларини осонгина билиб оламиз. Қулашига эса, улар қатъий ишонадилар. Улар совет ҳокимиятининг (чет) душманлари билан бир сафдадирлар ва бу ҳокимиятни тугатишда иштирок этиш ниятлари бор. Душман хоҳ ичдан, хоҳ ташдан қачон бу ҳокимиятга қарши ҳаракат бошлайдию қачон бу кураш авжга минади — улар шуни кутмоқдалар. Бу фикрларимнинг исботига қуйидаги далилларни келтираман.

Афғонистонда тўпалонлар бошланиб, Бачаи Сақав (Аслида Бачаи Сақо; Мешкобдан чиққан ва Афғонистон ҳукмдори Омонуллахонга қарши исёнга бошчилик қилган асл исми Ҳабибуллоҳ Калакониӣ.Хуршид Даврон изоҳи.) Омонуллоҳонга қарши курашаётган чоғлари ШОРАСУЛ ЗУННУН фақат шу ҳақда сўзлар ва мен билан бундай баҳслашар эди: «Афғонистонда ҳокимият Бачаи Сақав (Бачаи Сақо) қўлига ўтган заҳоти бизларнинг аҳволимиз енгиллашишига шубҳа йўқдир. Чунки унда инглизлар совет ҳокимиятига ҳужум бошлайдилар, биз бўлсак, бу имкониятдан фойдаланиб, Ўрта Осиёда миллий ҳукумат тузамиз, Бизда имкон кўп». Қанақа имконлари борлигини сўраганимда, у жавобдан қочди. Шорасул ашаддий тормиллатчилардандир, бу борада у ҳамфикрларини ҳам ортда қолдириб кетади. Лекин табиатан ичимдан топ эмас, бошқаларга ўхшаб фикрларини яшириб юролмайди, ким унга хайрхоҳлик билдирса, бўлди, оғзидан гуллайверади. Боз устига, фикрларига ҳамманинг қўшилишини истайди ва шунга қистайди. Советларга қарши маърузалар ўқий бошлайди. Мен унинг феъл-ҳўйини, хулқини яхшигина ўрганиб олганман. Кўришганимизда, унга: «Бунча озиб-тўзиб кетибсиз, Шорасул ака, мазангиз қочдими ё?» деб гап бошлайман. Бунга у: «Э, ука, шу миллат қайғуси мени бу аҳволга солди-да. Фикру ёдим шу миллатда», деб жавоб қилади. Энг билими зўр болаларни у пивохонага ё ошхонага бошлаб кетиб қолади, совет ҳокимиятига қарши ташвиқ қилади. Ўқишга турк китобларини беради. Бизнинг Ўзбекистонда бунақа мажаллалар йўқ, деб афсуслариб гапиради.

Шорасул эски араб имлосининг тарафдори. У араб имлоси тарихий аҳамиятга эга, ўзбеклар ўзлари қолоқ бўлганлари етмагандай, энди яна битта қолоқ миллатнинг кетидан боряпти, дерди. Араб имлосини мураккаблаштириб юборганларни қораларди. Ақсинча, лотин алифбоси оғир, дерди.

ЎРТА ОСИЁГА МУНОСАБАТГА ОИД

«Инглизистон Ҳиндистонни қай даражада эзаётган бўлса, Ўрусия ҳам Ўрта Осиёни шу даражада эзяпти. Ўрта Осиё мустамлака асоратидадир. Бизнинг деҳқонларимизни зўрлик билан пахта экишга мажбурлашяпти ва ҳаммасини Масковга ташиб кетишяпти. Деҳқонларнинг ўзлари бу ерда оч-яланғоч қолаётгани билан ишлари йўқ»…

Бунақа гапларни мен ундан ўзим эшитганман. Бундан ташқари Шорасул ўрислар билан тоторларнинг масъул лавозимларни эгаллаб олганларига қарши эди. 1929—30-йили у аёллар билим юртига она тили ўқитувчиси қилиб тайинланган эди. Бир аёл ундан техникумнинг илмий бўлим мудири ким — ўрис эмасми, деб сўраганида, у: «Албатта, ўрисда, ўрис бўлмай ким бўларди», деб жавоб қилган. Буни менга Бухарин мактабида хизмат қиладиган Акбар Асқарий айтди. Партия сафларини тозалаш кетаётган палла мен бир куни Шорасулни учратиб қолдим ва: «Мана, Партия сафларини сизнинг дунёқарашингиздаги унсурлардан тозалаяпмиз», деган эдим. у: «Партияни бизлардан эмас, бизларнинг муҳитимизни партиядан тозаланглар», деб айтди. Партияни у зарарли касаллик деб ҳисобларди. Гарчи мен унинг умуман совет ҳокимиятига қарши фарлиятидан кўп далиллар келтиришни зиммамга ололмасам ҳам, унинг хотинлар юзини очиш масаласига қарашлари тўғрисида айрим гапларни айта оламан. У ўзининг хотинини расман очгани билан амалда очмаган. Хотинини мактабга ё йиғилишга, ё уюшма қошида ташкил этиладиган кечаларга қўймайди. «Ҳозир аёллар очилиб, бузилиб кетяптилар», дейди. Бунақанги ёт қарашлари учун биз уни Наримонов техникумидан ҳайдаганмиз.

Эски шаҳардаги Ленин номли мактабнинг 8-синфида Шавқий деган бир ёш ёзувчи ўқирди, у фақат мактаб деворий газитига ёзар эди. У Чўлпоннинг давомчиси бўлиб, унга тақлид қиларди. Мафкура жиҳатдан асов нарсалар ёзарди. Ўша мактабнинг 6—7-синфларида адабиётдан дарс берадиган Юнус Латифийнинг ҳамда Шорасулнинг ўзининг сўзига қараганда, Шавқийни Шорасул йўлга солиб тураркан. Шеърга мавзуларни ҳам у бераркан. Қанақа йўналиш берасиз, деб мен Шорасулдан сўраганимда у: «Мен уни миллий руҳда шеър ёзишга ўргатяпман», деган. 1928—29-ўқув йилида Шорасул Наримонов техникумида адабиётдан дарс берган. Яна ўша ўзининг эски усулида, яна ўша эски адабиётга, хусусан, турк ва форс шоирларининг асарларига суяниб ўқитган. Ўқувчилар конференсасида бунинг учун уни қоралашди ва ишдан бўшатишни таклиф қилишди. (Саҳифанинг шу ерига кейинчалик қизил қаламда энг таниқли чекистлардан Оғабеков деган терговчи: «Шавқий аксилинқилобий ташвиқоти учун сургун килинган», деб ёзиб қўйибди.)

Мен Шорасулдан: «Нимага пролетар адабиётига суянмай, эски адабиётга суянасиз?» деб сўрасам, «Хоҳлаганимда ҳам пролетар адабиётини ўқитолмайман, чунки уни сизлар ўқитасизлар, мен эса ҳазм қилмайман, унга қизиқмайман ҳам, у менинг руҳий эҳтиёжимни қондиролмайди», деди. «Адабиётда пролетар мафкураси ривожлана олмайди ва ҳоким мафкура бўла олмайди», дерди у. Шорасул эски имло бўйича она тилидан дарслик ёзган ва унга бўяб-бежаб ёт миллатчилик қарашларини ҳам сингдириб юборган. Масалан, у: «Яшасин советлар ҳокимияти!» деб ёзади-да, охирида: «Ўзбеклар уйғон!» деб қўшиб қўяди. Нимага бу сўзларни қўшгансиз, деган саволимга у кулиб туриб «Бу билан мен ўзбеклар орқа-олдиларига қараб ҳаракат қилсинлар, совет ҳокимиятининг асослари мустаҳкам эмас, унинг ҳозир ҳукмронлигидан фойдаланиб қолсинлар ва мустақилликка эришсинлар, дейман», деб жавоб қилади. Наримонов техникумида ишлаб юрган чоқлари у ҳар хил латифалар, эртаклар айтиб, ўқувчиларни ўз-қўл остига жалб қилишга уринарди…

Ўқувчиларни Туркиянинг миллатчилик руҳидаги адабиёти билан таъминлаб туради. Шунақа китоблардан у, Юнус Латиповга, Ғулом Қодир Ҳикматий (Каримий)га, Сафо Зуфаровга, Юсуфжон Иноғомовга берган.

Ўтган йили мен Тошкент йўқсил ёзувчилар жамиятида ўқиш учун Ойбек асарлари тўғрисида маъруза ёзганимда менга турк миллатчи шоири Турхон Сайфийнинг шеърий тўплами керак бўлиб қолди, чунки Ойбек узоқ вақт Турхон Сайфийнинг таъсирида шеърлар битган; Кутубхоналардан излаган китобимни топмай, Шорасул Зуннунга мурожаат этдим. Шорасул Зуннун аввалига кўнмади, кейин бари бир бериб турди. Шунда ҳам Турхон Сайфийнинг тўпламини эмас, балки унинг битта шеъри босилган «Расмли ой» журнолидан икки нусха берди.

Унга ҳамфикр талабалардан ҒУЛОМ ҚОДИР КАРИМИЙ билан НИЗОМ ЭШОНИЙни биламан. Улар иккаласи ҳам миллатчилик мафкураси билан заҳарланган эдилар. Масалан, Ғулом Қодир эски миллатчи адабиётнинг катта мухлиси, Чўлпоннинг мухлисидир. Янги йўқсиллар адабиётини у ёмон кўради ва мутлақо ўқимайди. Мен техникум талабаси Шодмон Тўхтаевдан бир гап эшитдим, яъни Ғулом Қодир Каримий Шарифа Саид Носированинг (Пед. билим юртининг собиқ ўқувчиси. У ердан ёт унсур сифатида ҳайдалган) шеърлар дафтарига Ўзбекистон тўғрисида бир шеър битибди. Ўша шеърида Ғулом Қодир Ўзбекистонни катта дарахт соясида қолиб кетган ёш ниҳолга ўхшатибди ва катта дараҳт қуёш нурларини ёш ниҳолга ўтказмаётгани ҳақида ёзибди. Катта дарахт деганда у ўрисларни назарда тутган. Нияти аниқ.

ЭШОН ХЎЖА ХОНИЙ — менинг яқин қариндошим (онамнинг укаси), бир ҳовлида бирга яшаймиз. Собиқ жадид, Туркистонда жадидлик ҳаракатида фаол иштирок этган, мафкура жиҳатидан ёт унсур. Совет ҳокимиятининг айрим тадбирларидан қаттиқ норози. Масалан, пахтачилик соҳасини кенгайтириш кампаниясидан ва буғдой етишмовчилиги муносабати билан жуда норози бўлган. У менга дердики, Ўзбекистонда ун тахчиллиги қаттиқ сезилиб турган бир маҳалда Масков деҳқонларни пахта экишга мажбур қиляпти, боз устига, Масковнинг ўзи ваъдасига хилоф равишда Ўрта Осиёга буғдой етказиб бермаяпти, натижада деҳқонларни ун билан таъминашда мана шунақа қийинчиликлар юзага келяпти. Бир сўз билан айтганда, пахтачилик тармоғини кенгайтириш аҳолининг бошига битган бало, бундан фақат ўзбек деҳқонлари зарар кўрадилар. Бундан ташқари, биз Масковни пахта билан таъминлаяпмиз-у, ўзимиз етарли миқдорда саноат молларини, жумладан, мануфактура олмаяпмиз… »

Шунақа суҳбатлар чоғида Акбар Асқарий (ўқитувчи) ҳамда Хайриддин Ҳасаний (қишлоқ хўжалиги техникуми толиби) иштирок этишган.

Аёлларнинг юзини очиш масаласида Эшон Хўжа Хоний жадидларнинг қўзқарашларини баён қиларди. Яъни, «Аёлларнинг юзини очишга ҳали эрта ва хотин-қизларнинг ўзларини тайёрламасдан туриб юзларини очиш тўғрисида ўйлаш ҳам фойдасиз. Аввал уларни тарбиялаш керак, ана ундан кейин паранжи масаласини ўйлаб кўриш керак. Ўзбек аёлининг ҳозирги аҳволида унинг юзини очиш уни бузуқликка итариш билан тенг», деб ҳисобларди.

У вақтларда Эшон Хўжа Хоний «Ҳужум» кампаниясида ҳеч қанақасига иштирок этмади, ўзининг хотинини ҳам очмади. Қизини очди, лекин уни ҳам фақат ўқиётгани ва паранжида мактабга кўрина олмаслиги учун очди.

У жадид мактабларида сабоқ берарди, инқилобдан кейин 1926 йилгача совет мактабларида ўқитувчилик қилди, мактабларнинг мудири бўлиб ишлади. Совет мактабларида диндан дарс берарди. Эшон Хўжа Хоний мудирлик қилган «Ҳаёт» номли мактаб ўқувчиларининг менга айтишларича, у ўқувчиларга миллий (миллатчилик) ғояларини ўқитган, мактаб жамоат ташкилотлари ва комсомол ишларига тўсқинлик қилган. «Ўқувчилар мактабда фақат ўқиш билан банд бўлсинлар, ҳар хил жамоат ишлари, таълим-тарбия ишларига ҳалақит беради», дерди.

Шунингдек, у пахта кампаниясинида маъқулламасди. «Туркистон ўрисларнинг мустамлака ўлкасидир, — дерди у. — Деҳқонларни, ишчиларни зўрлик билан пахта экишга мажбур қилишяпти ва пахтани ўзларининг ватанларига олиб кетишяпти. Маҳаллий аҳолини эса товарлар ва саноат ускуналари билан таъминлашмаяпти, натижада аҳоли қаҳатчиликни бошидан кечирмоқда. Бундан ташқари, аҳоли озиқ-овқат билан ҳам таъминланмаяпти». Бу қарашларини у шахсан менга айтмаган, буларни у ўзининг дўстларига айтган (Акбар Асқарийга ҳамда Хайриддин Ҳасановга. Иккинчиси Қишлоқ хўжалиги техникумида ўқийди). Маҳкамаларга ўрислар жойлашиб олганига у кескин қарши эди. «Бизнинг мамлакатда бегоналар кўпайиб кетди», дерди. Бир куни хизматга бораётиб, кўчада кўриб қолдим, ким биландир гаплашиб турарди. «Беш йиллик режага биноан Қозоғистонга уч юзу қанчадир минг ўрисларни кўчиришни мўлжаллашяпти», деб турган экан ўша шеригига…

Эътиқоди жиҳатидан у тормиллатчи. Доимо ўрисларга қарши гапиради ва Ўзбекистонга ўрислар кўчиб келавериб эгаллаб боряпти, ҳамма муассасаларда ўрислар ўтирибди, дерди. «Ўзбекистон муассасаларида ўзбеклар ўтириши керак», дерди у.

ҲАСАН ҚОРИ ХОН ҳам менинг қариндошим (она томонидан, яъни, онамнинг укаси). Мафкура жиҳатдан Эшон Хўжа Хонга яқин. Собиқ жадид, узоқ йиллар жадидларнинг китоб дўконига мудирлик қилган. 1926—27 йиллари ўзбек давлат нашриётининг дўконида ишлаган. Ўзининг айтишича, Ўздавнашрда ишлаган чоғи ўрислар билан чиқишмаган ва шунинг учун ҳам уни ишдан ҳайдашган. Шундан кейин доим айтиб юрардики, ўрислар ўзбекларни кўрарга кўзлари йўқ ва улар доим ўзбекларни муассасалардан ҳайдашга ҳаракат қилишади ва ҳоказо…

Эшон Хўжа Хоний билан Ҳасан Қори Хоний Мунаввар Қори, Эсон Афанди, Салимхон Тиллахоновлар билан жуда яқин эдилар, бир-бирларини меҳмонга чорлашарди, суҳбатлар қилишарди, улфатчиликлар уюштириб туришарди. Нималарни гапиришгани менга қоронғи, чунки ҳеч қачон мен уларнинг орасида бўлмаганман.

МУНАВВАР ҚОРИ — жадидчиликнинг илҳомчисидир ва шу оқимнинг раҳбаридир. 1927 йили Тошкент музофоти зиёлиларининг қурултойи бўлиб ўтди. Мен унда делегат эдим. «Қизил Ўзбекистон» газитининг мухбирлари номидан вакил сифатида қатнашганман. Қурултойда мафкура жабҳасидаги кураш масаласида мунозара қўзғолганда Мунаввар Қори нутқ сўзлади ва: «Бу мафкурани бизнинг мафкурага мосласак бўлмасмикан», деди. Бундан кўринадики, у партия бу масалани қандай ҳал этаётганини маъқулламайди. Унга берилган бир қандайдир саволга: «Ўрислар бизнинг ишларимизга халақит қилишяпти, мен улар билан келишолмаганим учун хизматдан кетдим. Биз улар билан бир қозонда қайнамаймиз», деб жавоб қилди. Мунаввар Қори умум манфаати учун эмас, ўзининг манфаати учун куйинаётганини шу мисол ҳам тасдиқлайди. У ўзининг обрўсини кўтармоқчи. Унинг кураши ҳам обрў учун. У манфаатпараст шахс.

МУРОД ХЎЖА ДОМУЛЛА — эски шаҳардаги Ленин номли мактаб ўқитувчиси, У билан яқинда танишдим, шунгача яқин танишлигим йўқ эди. 29-йили у «Зебунисо» мактабида хизмат қилган. У ҳам жадидлардан (тараққийпарварлардан), юқорида санаганларимиз билан муомаласи бор. Жулқун (Абдулла Қодирий)нинг «Меҳробдан чаён» деган китоби чиққанида, у бу китобни қониқиш билан ўқиди ва уни мақтаб шеърлар битди. Бу шеърини у ўқувчиларга ўқиб берган, бу ҳақда мен Юнус Латифийдан билдим, Унинг қандай одамлигини ҳам, буғдой жамғариш ва пахта кампаниясига муносабатда аксилсоветий қарашларини ҳам менга Юнус Латифий айтди.

ЮСУФ ИНОҒОМОВ — Наримонов техникумини мен билан бирга тугатган ва 28—29-ўқув йиллари ишга Термизга юборилган эди… Тошкентга қайтганда Термиздаги аҳвол ҳақида сўраганимда, у: «Термизда кўп муассасаларни ўрислар билан тоторлар эгаллаб олишган. Одамга алам қилади. Уларга имтиёзлар яратилган. Капиратив дўконлар уларга энг яхши молларни топиб беради. Шўрлик ўзбеклар ҳеч қачон улар билан тенг кўрилмайди, ҳар жабҳада улардан паст туради», деди.
Ҳозир Иноғомов қишлоқ факультетининг I курсида ўқийди. Комсомол аъзоси эди, чиқибди.

ХАЛИЛ ҒАФФОРОВ ҳам курсдошим. Бир вақтлар Хивада ишлаган, ўша ерда ақлдан озиб, Тошкентга қайтган. Хивадан қайтиб қелган баъзиларнинг айтишича, Халил у ерда эски тарихимизга қизиқиб қолибди ва ўзбекларни эзаётган ўрисларни жуда ёмон кўриб қолибди ва шу асосда ақлдан озибди. Ҳозир ишламайди ҳам, ўқимайди ҳам. Унча-мунча соғайиб боряпти…

СТУДЕНТЛАР ҲАҚИДА

Қуйидаги студентлар Шорасул билан Мунаввар Қорининг таъсиридадирлар:

ҒУЛОМ ҚОДИР ҲИКМАТ — Наримонов техникумида ўқиган, адабиётга қизиқади, ўзининг асарлари ҳам бор. Бир куни бир расм чизган, Унда думли қуёш бўлиб, у илонга ўхшаб ўзбекни бўғаётгани тасвирланган. Ўзининг тушунтиришича, қуёш — Ўктабир инқилоби, илон бошли дум эса — ўрислардир. Расмда: «Миллат, эҳ, менинг миллатим», деган ёзув битилган. Расмларини у айрим дўстларига кўрсатган ва ўзининг фикрларига қўшилишларини сўраб авраган. Бу ҳодиса муҳокама қилинганда, у ўз ўқитувчилари Мунаввар Қори билан Шорасулнинг таъсирида бўлгани учун шунақа расмлар чизганини айтган.

ҒУЛОМ ҚОДИР КАРИМИЙ — миллатчи ва Шорасулнинг ишончли малайи. Техникумнинг II курс студентлари Шодихон Тўхтаев ва бошқаларнинг сўзига қараганда, у Шариф Носир Хўжаевнинг албомига икки дарахтнинг расмини чизган. Биттаси катта, иккинчиси кичик. Каттаси кичигидан қуёш нурларини тўсиб турибди. Ўзининг тушунтиришича, катта дарахт — ўрислар, кичиги эса — ўзбеклар эмиш. Шунинг ўзиёқ унинг миллатчилигига далолат…»

Менинг билганларим шугина.
Илдирим: Мадҳиддин Муҳаммадий.
15/ХI. 29 й.
Перевёл: Пом. Упол. ВО ПП ОГПУ в Ср. Азии
(Каримов)»

* * *

Мадҳиддин Муҳаммадий жонбоз сотқиннинг «билганлари шугина» экан. Лекин у кишининг ўзлари ким-у, у киши сотаётган жадидлар ким эканини, жадидлар нима қайғуда-ю, бу киши ниманинг қайғусида эканини, ва ниҳоят, бу жамият қанақа асосга қурилганини-ю қандай кимсаларга таяниб иш кўрганини билиб олишимиз учун, ўйлашимча, бизга «шугина»нинг ўзи етса керак. Шу андишада бу жирканч чақувномани сатрма-сатр изоҳлаб беришни ортиқча машғулот деб билдик ва фикрлашни мулоҳазали ўқувчи ихтиёрига қолдириб, шу жойда нуқта қўйдик.
Тангри ҳаммамизни бунақа шармандаликдан асрасин. Омин

* Мақола 1993 йилда ёзилган.

kun-hikmati_004.jpgBuyuk turk o‘g‘loni Ismoil G‘aspiralining shogirdi va sobit izdoshi, negadir  uzoqroq uxlab qolgan Turkiston boboni asriy uyqudan uyg‘otishga,  zanjirband sherni zanjirdan xalos etishga qat’iy bel bog‘lab chiqqan  jadidlardan biri va o‘ngdori, ellik bir yoshli Munavvarhon Qori  Abdurashidxon o‘g‘li 1929 yil no‘yabirining 5-kuni maxfiy siyosiy   politsaychilar tomonidan hibsga olinib, tergovga tortiladi.

Nurulloh Muhammad Raufxon
BIR SOTQIN VA UNING CHAQUVLARIDA
JO‘MARDLARNING TA’RIFLARI

001

DHQ arxivida 554335-son raqami ila xatlangan va oltmish uch yil*dan beri yetti qulf ostida saqlanayotgan «ISH»ga bugungi kun ko‘zqarashlari.

Bismillahir rohmanir rohiym.

Ulug‘ Tangriga shukrki, shunday zamonlarga yetkazib, og‘zimizdagi qulflarning ochilishiga, tilimizdagi tushovlarning yechilishiga, ko‘zimizdagi pardalarning surilishiga, qo‘limizdagi kishanlarning uzilishiga erishtirdi, es-hushimizni yigib olishimizga imkon berdi, mazlum ko‘ksimizni ko‘tarishimizga, xiyol bo‘lsa-da erkinroq nafas olishimizga bizlarni muyassar ayladi. Ham ilkimizga qalam tutqazib, ushbuni yozishga yuragimizni moyil qildi.

Munavvarqori_2_.jpgBuyuk turk o‘g‘loni Ismoil G‘aspiralining shogirdi va sobit izdoshi, negadir uzoqroq uxlab qolgan Turkiston boboni asriy uyqudan uyg‘otishga, zanjirband sherni zanjirdan xalos etishga qat’iy bel bog‘lab chiqqan jadidlardan biri va o‘ngdori, ellik bir yoshli Munavvarhon Qori Abdurashidxon o‘g‘li 1929 yil no‘yabirining 5-kuni maxfiy siyosiy politsaychilar tomonidan hibsga olinib, tergovga tortiladi. Chor O‘rusiyasida Uktabir to‘ntarishi ro‘y berib, podsho hukumati o‘rniga qizillar hukumati kelganining o‘n ikkinchi yilida — bolshavoylar davlati bepoyon mamlakatning ich-ichlarigacha xiyla tomir otib, o‘zini o‘nglab, ancha-muncha kuch yig‘ib olgan shu bolshavoychilik negizida paydo bo‘lgan IIHQ (Ichki Ishlar Xalq Qo‘missarligi) idorasi g‘ayrat bilan ishga tushgan, yangi davlatningda (xuddi eski davlatdek) yurgiza boshlagan imperiyachilik siyosatiga «jiddiy xavf» soladigan aqlli-ziyoli kishilarni bittalab yo to‘dalab terib ola boshlagan edi.

Turkistonda jadidlar ishi yuzasidan Munavvar Qori bilan birgalikda birdaniga o‘ttiz yetti vatanparvar so‘roqqa tortiladi. Bularning ketidan tag‘in qirq bir kishi bor-yo‘g‘i xalqining, millatining, dinining taqdiriga qayg‘urgani uchun tergov bera boshlaydi. Ularning orasida sotqinlari ham, laqmalari ham, ikkala tomonga xizmat qilganlari ham bo‘lgan, ammo, shukrki, iymonlilari, mardlari ko‘p edi. Jami yetmish sakkiz (78) kishining turfa rang hayot mazmunlari jami o‘n sakkiz (18) jilddan iborat har biri g‘o‘laday semiz-semiz to‘plamlar qatiga ko‘miladi, jild ustlariga «MUNAVVAR QORI VA BOSHQALAR» deb yoziladi va «Mutlaqo maxfiy» deya tamg‘alanadi-da… tarix sahifalaridan yulib tashlanadi. Turkiston bobo tag‘in g‘aflat uyqusida qolaveradi.

Jadidlarning tug‘ilganini, ularning niyatlarini o‘z vaqtida Chor hukumati ham payqagan. Qul Turkistonda diniy va milliy uyg‘onish sodir bo‘layotganidan, istilochilarning siyosiy nayranglariga fahm-farosati yetadigan va, sal qo‘yib berilsa, bu «qora xalq»ni ozodlik kurashiga ko‘tarishga va bu kurashni mohirlik bilan boshqarishga qurbi yetadigan ma’rifatli va millatparvar butun bir avlod shakllanayotganidan tahlikaga ham tushgan. Ammo bu o‘rtada Birinchi jahon urushi boshlanib ketib, istilochi Chor hukumati jahon maydoniga tashlangan katta suyak bilan ovora bo‘lib qoldiyu chekkalardagi milliychilar bilan jiddiy shug‘ullanishga imkon topolmadi. Shunda ham mahfiy idoralari, mustamlaka siyosatining bu o‘lkaga yuborilgan mafkurachilari ularni hamisha ko‘z ostlarida saqlab turar, ham ma’naviyan, ham jismonan ezib tashlashning qulay mavridini poylar edi.

Mana shu vaziyatda O‘rusiyada hokimiyat to‘ntirishi yuz berdi va bu hodisa tarixga O‘ktabir to‘ntarishi nomi bilan kirdi. Shunday qilib, ijtimoiy ahvol ikkinchi marta xalaqit qildi va Chor mustamlakachilarining niyatlari yana amalga oshmay qoldi. Lekin bu degani — shum niyat o‘ldi, milliychilar ta’qibdan qutulishdi, degani emas edi. Chunki endi ularning iziga bolshavoylar davlati tushadi. To‘ntarish oqibatida shakl o‘zgargan, ammo mustamlaka o‘lkalarga munosabat zimdan o‘sha ilgarigiday qolgan edi. Modomiki imperiyachilik siyosati saqlanib qolgan ekan, Oq podshoga xavf solgan milliy ma’rifatchilar Qizil qo‘missarni tahlikaga solmaydimi? Ma’rifatsizlik ustiga qurilgan davlat, ma’rifatsizlikni shior qilib, bayroq qilib ko‘targan davlat ma’rifatlilardan qo‘rqishda eski hukumatdan-da o‘tib tushdi. Faqat bu yangi davlat dastlab — butun mamlakatda o‘z hokimiyatini mustahkam o‘rnatib olguncha, o‘zining kuchiga ishonch hosil qilguncha «ikki qadam orqaga» chekinib turishga majbur bo‘lgan, ya’ni, hozircha chet o‘lkalar tinch tursin, degan maqsadda «millatlarning o‘z taqdirini o‘zi belgilash»iga va’dalar berib, aldab turgan edi. Nihoyat, birodarkushlik urushida vahshiylarcha g‘alabaga erishib, yangicha boshqaruv tuzilmasini (strukturasini) joriy etib bo‘lgach, Oq podshodan meros qolgan shum niyat esiga tushadi va yigirmanchi yillarning ikkinchi yarmida pistirmadan chiqib, endi ikki qadam olg‘a tashlaydi-da, o‘sha niyatni yeng shimarib amalga oshirishga kirishadi. Jadidlarni 1922, 1924 yillari bir-ikki bezovta qilishlar o‘ziga xos ayg‘oq, kuchni chamalab ko‘rish edi, 1929 yilga kelib rostmana qirg‘inga o‘tiladi. «Munavvar Qori va boshqalar» ishi mana shu tarz yuzaga keladi.

Xo‘sh, Munavvar Qori va boshqalar o‘zi kimlar edi? Ularning maqsadlari nima bo‘lg‘an? Oq hukumatni-da, Qizil hukumatni-da birday cho‘chitadigan nima ish qilganlar?

«…ayg‘oqchilik xabarnomalaridan bu yuqorida ismlari zikr etilgan fuqarolar Sovet hokimiyatini ag‘darib tashlashga qaratilgan faoliyat ko‘reatayotganliklari, ya’ni, O‘zbekiston SSR Jinoyat majmuasi 58-moddaning 10-qismida va 66-moddaning 1-qismida ta’riflangan jinoyatni sodir etganliklari ma’lum bo‘ladi. Shuni e’tiborga olib, Butunittifoq Markaziy Ijroiya Qo‘mitasining 1922 yil 16 o‘ktabirida chiqargan qonunga muvofiq hamda Bosh Siyosiy Boshqarmaning (GPUning) 1922 yil 287-son va 1923 yil 362/29-son buyruqlariga muvofiq…» Munavvar Qori boshliq o‘ttiz sakkiz kishi ustidan dastlabki tergovlarni boshlashga fatvo beriladi. Bu rasmiy fatvo hujjatini Bosh Siyosiy Boshqarma O‘rta Osiyo bo‘limi Sharq bo‘linmasining Katta vakili (katta vakolatli deb o‘qilsa ham bo‘ladi) Agidullin tayyorlagan, bo‘linma boshlig‘i Krupovskiy «Roziman» deb imzo chekkan, BSB O‘rta Osiyo bo‘limining boshlig‘i Belskiy «Tasdiqlayman» deb qizil qalamda qo‘l qo‘ygan.

Mazkur hujjatdan bilamizki, Munavvar Qori va boshqalar «Sovet hokimiyatini ag‘darib tashlashga qaratilgan faoliyat ko‘rsatganlar» ekan. Bu faoliyat nimalarda ko‘rinadi?

Bu savolga javob bermoq uchun bizning ixtiyorimizda ikki yo‘l bor. Biri — tarixdan bilgan ma’lumotlarimiz va 18 jildlik hujjatlarga suyanib o‘zimizning mulohazalarimizni bildirish. Ikkinchisi — bevosita hujjatlarning o‘ziga murojaat etish. Har ikki yo‘l ham o‘zicha samaralidir. Har ikki yo‘l uyg‘unlashtirib yuborilsa, undan ham a’lo. Biz mazkur maqolada ikkinchi yo‘lni tutishga qaror qildik. Biroq hujjat deyayotganimizning o‘zi sonmingta. Tergovning «iltimosi»ga binoan yozilgan Munavvar Qorining butun boshli xotiranomasini keltiraylikmi, boshqa ishtirokchilarning ko‘rgazmalarini keltiraylikmi? Biz yana ikkinchi yo‘lni tanladik. Tanlaganda ham o‘sha o‘ttiz sakkiz kishining ichidan chiqqan bir sotqinning bitiklarini e’lon qilishni lozim ko‘rdik. Bizningcha, uning chaquv ko‘rgazmalari shuning uchun ham qimmatliki, avvalo, u — o‘z qo‘li bilan yozilgan hujjat; ikkinchidan, xalqimiz o‘zining mard va vatanparvar o‘g‘lonlari qatorida sotqin, qo‘rqoq bolalarining ham nomlarini bilib qo‘ysin; uchinchidan, bu sotqin o‘z atrofidagilarni ancha tirishib, ancha to‘liq sotgani bois biz yigirmanchi yillardagi umumiy vaziyatni, ziyolilarimizning umumiy kayfiyatlarini, dard va alamlarini harholda kengroq bilib olamiz. Va nihoyat, to‘rtinchidan va eng muhimi — biz bundan saboq chiqaramiz. Oramizda quyoshpana ko‘zoynaklarini yaraqlatib, lattaxochlarini (bo‘yinbog‘) yastiqchasidan tutib kishibilmas to‘g‘rilab-to‘g‘rilab, hammamizga qo‘shilib tashvishlanib, hammamizga qo‘shilib kulib yuradigan, ammo fursat poylab, bitta ortiqcha yo‘talimizni-da qoldirmay tegishli joylarga yetkazib turadiganlarimizga bildirib qo‘yaylikki, iymonsizlik illatdir, bugun biz haqiqat deb hisoblab yurgan narsalar, bugun biz xudo deb sig‘inib yurgan kimsalar Tangrining inoyati bilan bir kun asl hollarida namoyon bo‘lajaklar, xalq barchamizning qilmishlarimizni qaytadan baholayajak va biz minginchi bor iqror bo‘lurmizki, bu dunyo qaytar dunyo ekan…

Biz sotqin deb atayotgan yigitchaning ismi Madhiddin, familiyasi Muhammedov. Otalaridan kelsak, Solihovich. Tergov chog‘i ayni 19 yoshda bo‘lgan. Hujjatlarda «student» deb qayd qilingan. Yolg‘on ko‘rgazma uchun javobgarlik borligi to‘g‘risida ogohlantirilganlaridan so‘ng o‘z ustozlari, qarindosh-urug‘lari va do‘stlarining «basharalari»ni ilhom bilan fosh etishga tushadi. Tergovchi so‘ragan-so‘ramaganini ham o‘zlaridan qo‘shib, gapiraveradi, baqiroq bir sarlavha qo‘yib, rostmana risolacha shaklda «asar» yozadi va birovning birovnikiga mehmonga borganidan ham yashirin ma’no topadigan darajada ustalik ila birato‘la ellikka yaqin kishiga siyosiy baho beradi. U benomus yozaveradi, Bosh Siyosiy Boshqarmaning chaqqon tarjimonlari peshma-pesh o‘rischaga o‘giraverishadi.

Afsuski, turkiychasini o‘qishga qiynalganimizdan o‘rischasini ko‘chirib olgan edik, endi o‘shani yana turkiyga qayta tarjima qilib berishga majbur bo‘lyapmiz. So‘zlar o‘zgargan bo‘lishi tabiiy, ammo mohiyatiga teginmadik. Faqat biroz qisqartirdik va ikki qaytadan bergan ko‘rgazmalarini bitta holga keltirdik. Yana qaytarib aytamizki, o‘zimizdan qo‘shmadik, o‘zlaridan eshitib qo‘yaqoldik. Mana o‘sha sotqinning yozgan chaquvi:

JADIDLAR VA ULARNING SIYOSIY BASHARALARI HAQIDA

Jadidlar (yoki, boshqacha aytganda, taraqqiyparvarlar) Turkistonda O‘ktabir inqilobidan ilgari O‘rusiya burjuaziyasiga va Turkistonda hukm surayotgan feodal qoloqlikka qarshi kurashga otlanganlarning harakatlantiruvchi kuchi bo‘lib maydonga chiqqan edilar. Ular o‘ris burjuaziyasining mustamlakachi siyosatidan norozi edilar va unga qarshi kurashardilar. Mahalliy aholining eskicha turmushi va qoloqligiga, bu qoloqlikning ilhomchilari bo‘lmish ruhoniylarga qarshi ham jon-jahdlari bilan qarshi chiqdilar.

Xullas, jadidlar kurashining asosida feodalizm va eski turmush asoslarini buzish, milliy burjuaziya davlati tuzish maqsadi yotardi. Bu harakatning ko‘pchilikka mashhur bo‘lgan rahbarlari quyidagilardir: Munavvar Qori, Murod Xo‘ja Domulla, Imom Hoji Xaliliy, Hasan Qori, Salimxon, Abdulla Avloniy, Shorasul Zunnun, Shahid Eson, Mir Geydi, Abduvahob Murodiy va Majid Qodiriy.

Ulug‘ O‘ktabir inqilobi eski tuzum asoslarini buzib, yangi hayotga keng yo‘l ochib, jadidlarni boshi berk ko‘chaga kiritib qo‘ydi. Chunki inqilob feodalizmni yakson qildi, bu bilan qanoatlanmay, savdo burjuaziyasiga hamda jadid-taraqqiyparvarlarga og‘ir, halokatli jarohat yetkazdi. Shundan keyin jadidlar o‘z faoliyatlarini to‘xtatdilarmi? Qayoqda…

Ular o‘lar holatlarida bo‘lishlariga qaramay, bor kuchlarini faoliyatni davom ettirishga qaratishdi. Bu orada ularga harbiy asir turk zobitlari (ofitserlari) yordamga kelishdi. Bular jadidlarning yaralarini davolab, oyoqqa turg‘aza boshlashdi. Ishlariga rahbarlik qilishdi, yuraklarida qaytadan millatchilik tuyg‘ularini qo‘zg‘atishdi. Asta-sekin jadidlar kuchga qaytishdi. Bunga barcha sovet maktablari ularning qo‘lida ekanligi ham qo‘l keldi. O‘sib kelayotgan yoshlar ularning ta’sir doirasiga tushib qoldi. Sinfimizdagi turk Kamol SHAMSIY vatan to‘g‘risida ko‘zda yosh bilan kuylagani yaxshigina esimda turibdi. O‘rislar bilan boshqa ovrupaliklar Turkiyaga hujum qilishyapti, o‘z millatlaringizning huquqini himoya qilasizlar deb sizlarga katta umid bog‘laganmiz, degan edi o‘shanda.

SHORASUL ZUNNUN bizga millatchilar yozgan turkcha she’rlar o‘qirdi va yuraklarimizga singdirishga harakat qilardi. Misol uchun, u turk shoiri Muhammad Omilbekning va o‘zbek shoirlari Cho‘lpon bilan Fitratlarning millatchilik ruhidagi she’rlarini o‘qirdi.

ESON AFANDI Turkiya urushdan g‘olib bo‘lib chiqqanini va bu g‘alaba tarixda ulkan siyosiy ahamiyatga ega ekanini aytgan. Keyin Turkiya hayotini eslashga tushib ketardi va yana aytardiki, Turkiston muslimlari Turkiya rahbarligi ostiga o‘tishi lozim, turklar bilan qo‘lni qo‘lga berib, bir yo‘ldan yurishi kerak. Sovet hokimiyatiga kelganda, musulmonlarga bu hokimiyat bir chaqalik ham foyda bermaydi, deb aytardi. Esimda, darslardan birida Shorasul ham xuddi Esonning gaplarini takrorlagan. Bir kuni ko‘chada Shorasulni uchratib qoldim. U juda qayg‘uli qiyofada edi. Sababini so‘radim. «Bu millat o‘zi millat emas!» dedi. Bo‘lmasa, nima, desam, «Illat!», deb javob qildi. “Nega?” — deb so‘radim tag‘in. «Chunki bular o‘ziningg yagona odamlarini hibsga olganlarini bilaturib ham hech qanaqa chora ko‘rmayapti!» dedi.

Sovet hokimiyatining ikkinchimi, uchinchimi yili jadidlar orasida bo‘linish yuz berdi. Munavvar Qori, Murod Xo‘ja Domulla, Shorasul Zunnun va Eson Afandi boshchiligidagi ayrimlari eski nuqtai nazarda turardilar. Eshon Xo‘ja Xoniy, Hasan Qori, Salimxon, Mir Geydi va Vahob Murodiy boshchiligidagi boshqalari esa, o‘z g‘oya-maqsadlarini sovet hukumatidan foydalanib amalga oshirish yo‘liga o‘tdilar. Lekin bular o‘z qarashlarining xato ekaniga tezda ishonch hosil qilib, tag‘in avvalgilarga qaytib qo‘shildilar (V. Murodov to‘g‘risida bir nima deya olmayman). Uchinchi bir toifa esa, o‘zlarining xato yo‘lda ekanliklarini anglab, to‘la ma’noda sovet hokimiyati tarafiga o‘tdilar (masalan, Abdulla Avloniy).

Agar jadidlarning hozirgi mafkurasiga nazar solsak, ular sovet hokimiyatining ashaddiy dushmani ekanliklarini, bu hokimiyat qachon qularkin, deb intiq bo‘layotganlarini osongina bilib olamiz. Qulashiga esa, ular qat’iy ishonadilar. Ular sovet hokimiyatining (chet) dushmanlari bilan bir safdadirlar va bu hokimiyatni tugatishda ishtirok etish niyatlari bor. Dushman xoh ichdan, xoh tashdan qachon bu hokimiyatga qarshi harakat boshlaydiyu qachon bu kurash avjga minadi — ular shuni kutmoqdalar. Bu fikrlarimning isbotiga quyidagi dalillarni keltiraman.

Afg‘onistonda to‘palonlar boshlanib, Bachai Saqav (Aslida Bachai Saqo; Meshkobdan chiqqan va Afg‘oniston hukmdori Omonullaxonga qarshi isyonga boshchilik qilgan asl ismi Habibulloh Kalakoniӣ.Xurshid Davron izohi.) Omonullohonga qarshi kurashayotgan chog‘lari SHORASUL ZUNNUN faqat shu haqda so‘zlar va men bilan bunday bahslashar edi: «Afg‘onistonda hokimiyat Bachai Saqav (Bachai Saqo) qo‘liga o‘tgan zahoti bizlarning ahvolimiz yengillashishiga shubha yo‘qdir. Chunki unda inglizlar sovet hokimiyatiga hujum boshlaydilar, biz bo‘lsak, bu imkoniyatdan foydalanib, O‘rta Osiyoda milliy hukumat tuzamiz, Bizda imkon ko‘p». Qanaqa imkonlari borligini so‘raganimda, u javobdan qochdi. Shorasul ashaddiy tormillatchilardandir, bu borada u hamfikrlarini ham ortda qoldirib ketadi. Lekin tabiatan ichimdan top emas, boshqalarga o‘xshab fikrlarini yashirib yurolmaydi, kim unga xayrxohlik bildirsa, bo‘ldi, og‘zidan gullayveradi. Boz ustiga, fikrlariga hammaning qo‘shilishini istaydi va shunga qistaydi. Sovetlarga qarshi ma’ruzalar o‘qiy boshlaydi. Men uning fe’l-ho‘yini, xulqini yaxshigina o‘rganib olganman. Ko‘rishganimizda, unga: «Buncha ozib-to‘zib ketibsiz, Shorasul aka, mazangiz qochdimi yo?» deb gap boshlayman. Bunga u: «E, uka, shu millat qayg‘usi meni bu ahvolga soldi-da. Fikru yodim shu millatda», deb javob qiladi. Eng bilimi zo‘r bolalarni u pivoxonaga yo oshxonaga boshlab ketib qoladi, sovet hokimiyatiga qarshi tashviq qiladi. O‘qishga turk kitoblarini beradi. Bizning O‘zbekistonda bunaqa majallalar yo‘q, deb afsuslarib gapiradi.

Shorasul eski arab imlosining tarafdori. U arab imlosi tarixiy ahamiyatga ega, o‘zbeklar o‘zlari qoloq bo‘lganlari yetmaganday, endi yana bitta qoloq millatning ketidan boryapti, derdi. Arab imlosini murakkablashtirib yuborganlarni qoralardi. Aqsincha, lotin alifbosi og‘ir, derdi.

O‘RTA OSIYOGA MUNOSABATGA OID

«Ingliziston Hindistonni qay darajada ezayotgan bo‘lsa, O‘rusiya ham O‘rta Osiyoni shu darajada ezyapti. O‘rta Osiyo mustamlaka asoratidadir. Bizning dehqonlarimizni zo‘rlik bilan paxta ekishga majburlashyapti va hammasini Maskovga tashib ketishyapti. Dehqonlarning o‘zlari bu yerda och-yalang‘och qolayotgani bilan ishlari yo‘q»…
Bunaqa gaplarni men undan o‘zim eshitganman. Bundan tashqari Shorasul o‘rislar bilan totorlarning mas’ul lavozimlarni egallab olganlariga qarshi edi. 1929—30-yili u ayollar bilim yurtiga ona tili o‘qituvchisi qilib tayinlangan edi. Bir ayol undan texnikumning ilmiy bo‘lim mudiri kim — o‘ris emasmi, deb so‘raganida, u: «Albatta, o‘risda, o‘ris bo‘lmay kim bo‘lardi», deb javob qilgan. Buni menga Buxarin maktabida xizmat qiladigan Akbar Asqariy aytdi. Partiya saflarini tozalash ketayotgan palla men bir kuni Shorasulni uchratib qoldim va: «Mana, Partiya saflarini sizning dunyoqarashingizdagi unsurlardan tozalayapmiz», degan edim. u: «Partiyani bizlardan emas, bizlarning muhitimizni partiyadan tozalanglar», deb aytdi. Partiyani u zararli kasallik deb hisoblardi. Garchi men uning umuman sovet hokimiyatiga qarshi farliyatidan ko‘p dalillar keltirishni zimmamga ololmasam ham, uning xotinlar yuzini ochish masalasiga qarashlari to‘g‘risida ayrim gaplarni ayta olaman. U o‘zining xotinini rasman ochgani bilan amalda ochmagan. Xotinini maktabga yo yig‘ilishga, yo uyushma qoshida tashkil etiladigan kechalarga qo‘ymaydi. «Hozir ayollar ochilib, buzilib ketyaptilar», deydi. Bunaqangi yot qarashlari uchun biz uni Narimonov texnikumidan haydaganmiz.

Eski shahardagi Lenin nomli maktabning 8-sinfida Shavqiy degan bir yosh yozuvchi o‘qirdi, u faqat maktab devoriy gazitiga yozar edi. U Cho‘lponning davomchisi bo‘lib, unga taqlid qilardi. Mafkura jihatdan asov narsalar yozardi. O‘sha maktabning 6—7-sinflarida adabiyotdan dars beradigan Yunus Latifiyning hamda Shorasulning o‘zining so‘ziga qaraganda, Shavqiyni Shorasul yo‘lga solib turarkan. She’rga mavzularni ham u berarkan. Qanaqa yo‘nalish berasiz, deb men Shorasuldan so‘raganimda u: «Men uni milliy ruhda she’r yozishga o‘rgatyapman», degan. 1928—29-o‘quv yilida Shorasul Narimonov texnikumida adabiyotdan dars bergan. Yana o‘sha o‘zining eski usulida, yana o‘sha eski adabiyotga, xususan, turk va fors shoirlarining asarlariga suyanib o‘qitgan. O‘quvchilar konferensasida buning uchun uni qoralashdi va ishdan bo‘shatishni taklif qilishdi. (Sahifaning shu yeriga keyinchalik qizil qalamda eng taniqli chekistlardan Og‘abekov degan tergovchi: «Shavqiy aksilinqilobiy tashviqoti uchun surgun kilingan», deb yozib qo‘yibdi.)

Men Shorasuldan: «Nimaga proletar adabiyotiga suyanmay, eski adabiyotga suyanasiz?» deb so‘rasam, «Xohlaganimda ham proletar adabiyotini o‘qitolmayman, chunki uni sizlar o‘qitasizlar, men esa hazm qilmayman, unga qiziqmayman ham, u mening ruhiy ehtiyojimni qondirolmaydi», dedi. «Adabiyotda proletar mafkurasi rivojlana olmaydi va hokim mafkura bo‘la olmaydi», derdi u. Shorasul eski imlo bo‘yicha ona tilidan darslik yozgan va unga bo‘yab-bejab yot millatchilik qarashlarini ham singdirib yuborgan. Masalan, u: «Yashasin sovetlar hokimiyati!» deb yozadi-da, oxirida: «O‘zbeklar uyg‘on!» deb qo‘shib qo‘yadi. Nimaga bu so‘zlarni qo‘shgansiz, degan savolimga u kulib turib «Bu bilan men o‘zbeklar orqa-oldilariga qarab harakat qilsinlar, sovet hokimiyatining asoslari mustahkam emas, uning hozir hukmronligidan foydalanib qolsinlar va mustaqillikka erishsinlar, deyman», deb javob qiladi. Narimonov texnikumida ishlab yurgan choqlari u har xil latifalar, ertaklar aytib, o‘quvchilarni o‘z-qo‘l ostiga jalb qilishga urinardi…

O‘quvchilarni Turkiyaning millatchilik ruhidagi adabiyoti bilan ta’minlab turadi. Shunaqa kitoblardan u, Yunus Latipovga, G‘ulom Qodir Hikmatiy (Karimiy)ga, Safo Zufarovga, Yusufjon Inog‘omovga bergan.

O‘tgan yili men Toshkent yo‘qsil yozuvchilar jamiyatida o‘qish uchun Oybek asarlari to‘g‘risida ma’ruza yozganimda menga turk millatchi shoiri Turxon Sayfiyning she’riy to‘plami kerak bo‘lib qoldi, chunki Oybek uzoq vaqt Turxon Sayfiyning ta’sirida she’rlar bitgan; Kutubxonalardan izlagan kitobimni topmay, Shorasul Zunnunga murojaat etdim. Shorasul Zunnun avvaliga ko‘nmadi, keyin bari bir berib turdi. Shunda ham Turxon Sayfiyning to‘plamini emas, balki uning bitta she’ri bosilgan «Rasmli oy» jurnolidan ikki nusxa berdi.

Unga hamfikr talabalardan G‘ULOM QODIR KARIMIY bilan NIZOM ESHONIYni bilaman. Ular ikkalasi ham millatchilik mafkurasi bilan zaharlangan edilar. Masalan, G‘ulom Qodir eski millatchi adabiyotning katta muxlisi, Cho‘lponning muxlisidir. Yangi yo‘qsillar adabiyotini u yomon ko‘radi va mutlaqo o‘qimaydi. Men texnikum talabasi Shodmon To‘xtayevdan bir gap eshitdim, ya’ni G‘ulom Qodir Karimiy Sharifa Said Nosirovaning (Ped. bilim yurtining sobiq o‘quvchisi. U yerdan yot unsur sifatida haydalgan) she’rlar daftariga O‘zbekiston to‘g‘risida bir she’r bitibdi. O‘sha she’rida G‘ulom Qodir O‘zbekistonni katta daraxt soyasida qolib ketgan yosh niholga o‘xshatibdi va katta daraht quyosh nurlarini yosh niholga o‘tkazmayotgani haqida yozibdi. Katta daraxt deganda u o‘rislarni nazarda tutgan. Niyati aniq.

ESHON XO‘JA XONIY — mening yaqin qarindoshim (onamning ukasi), bir hovlida birga yashaymiz. Sobiq jadid, Turkistonda jadidlik harakatida faol ishtirok etgan, mafkura jihatidan yot unsur. Sovet hokimiyatining ayrim tadbirlaridan qattiq norozi. Masalan, paxtachilik sohasini kengaytirish kampaniyasidan va bug‘doy yetishmovchiligi munosabati bilan juda norozi bo‘lgan. U menga derdiki, O‘zbekistonda un taxchilligi qattiq sezilib turgan bir mahalda Maskov dehqonlarni paxta ekishga majbur qilyapti, boz ustiga, Maskovning o‘zi va’dasiga xilof ravishda O‘rta Osiyoga bug‘doy yetkazib bermayapti, natijada dehqonlarni un bilan ta’minashda mana shunaqa qiyinchiliklar yuzaga kelyapti. Bir so‘z bilan aytganda, paxtachilik tarmog‘ini kengaytirish aholining boshiga bitgan balo, bundan faqat o‘zbek dehqonlari zarar ko‘radilar. Bundan tashqari, biz Maskovni paxta bilan ta’minlayapmiz-u, o‘zimiz yetarli miqdorda sanoat mollarini, jumladan, manufaktura olmayapmiz… »

Юлдаш_Ахунбабаев_на_параде_пионеров__1928_.jpgShunaqa suhbatlar chog‘ida Akbar Asqariy (o‘qituvchi) hamda Xayriddin Hasaniy (qishloq xo‘jaligi texnikumi tolibi) ishtirok etishgan.

Ayollarning yuzini ochish masalasida Eshon Xo‘ja Xoniy jadidlarning qo‘zqarashlarini bayon qilardi. Ya’ni, «Ayollarning yuzini ochishga hali erta va xotin-qizlarning o‘zlarini tayyorlamasdan turib yuzlarini ochish to‘g‘risida o‘ylash ham foydasiz. Avval ularni tarbiyalash kerak, ana undan keyin paranji masalasini o‘ylab ko‘rish kerak. O‘zbek ayolining hozirgi ahvolida uning yuzini ochish uni buzuqlikka itarish bilan teng», deb hisoblardi.

U vaqtlarda Eshon Xo‘ja Xoniy «Hujum» kampaniyasida hech qanaqasiga ishtirok etmadi, o‘zining xotinini ham ochmadi. Qizini ochdi, lekin uni ham faqat o‘qiyotgani va paranjida maktabga ko‘rina olmasligi uchun ochdi.

U jadid maktablarida saboq berardi, inqilobdan keyin 1926 yilgacha sovet maktablarida o‘qituvchilik qildi, maktablarning mudiri bo‘lib ishladi. Sovet maktablarida dindan dars berardi. Eshon Xo‘ja Xoniy mudirlik qilgan «Hayot» nomli maktab o‘quvchilarining menga aytishlaricha, u o‘quvchilarga milliy (millatchilik) g‘oyalarini o‘qitgan, maktab jamoat tashkilotlari va komsomol ishlariga to‘sqinlik qilgan. «O‘quvchilar maktabda faqat o‘qish bilan band bo‘lsinlar, har xil jamoat ishlari, ta’lim-tarbiya ishlariga halaqit beradi», derdi.

Shuningdek, u paxta kampaniyasinida ma’qullamasdi. «Turkiston o‘rislarning mustamlaka o‘lkasidir, — derdi u. — Dehqonlarni, ishchilarni zo‘rlik bilan paxta ekishga majbur qilishyapti va paxtani o‘zlarining vatanlariga olib ketishyapti. Mahalliy aholini esa tovarlar va sanoat uskunalari bilan ta’minlashmayapti, natijada aholi qahatchilikni boshidan kechirmoqda. Bundan tashqari, aholi oziq-ovqat bilan ham ta’minlanmayapti». Bu qarashlarini u shaxsan menga aytmagan, bularni u o‘zining do‘stlariga aytgan (Akbar Asqariyga hamda Xayriddin Hasanovga. Ikkinchisi Qishloq xo‘jaligi texnikumida o‘qiydi). Mahkamalarga o‘rislar joylashib olganiga u keskin qarshi edi. «Bizning mamlakatda begonalar ko‘payib ketdi», derdi. Bir kuni xizmatga borayotib, ko‘chada ko‘rib qoldim, kim bilandir gaplashib turardi. «Besh yillik rejaga binoan Qozog‘istonga uch yuzu qanchadir ming o‘rislarni ko‘chirishni mo‘ljallashyapti», deb turgan ekan o‘sha sherigiga…

E’tiqodi jihatidan u tormillatchi. Doimo o‘rislarga qarshi gapiradi va O‘zbekistonga o‘rislar ko‘chib kelaverib egallab boryapti, hamma muassasalarda o‘rislar o‘tiribdi, derdi. «O‘zbekiston muassasalarida o‘zbeklar o‘tirishi kerak», derdi u.

HASAN QORI XON ham mening qarindoshim (ona tomonidan, ya’ni, onamning ukasi). Mafkura jihatdan Eshon Xo‘ja Xonga yaqin. Sobiq jadid, uzoq yillar jadidlarning kitob do‘koniga mudirlik qilgan. 1926—27 yillari o‘zbek davlat nashriyotining do‘konida ishlagan. O‘zining aytishicha, O‘zdavnashrda ishlagan chog‘i o‘rislar bilan chiqishmagan va shuning uchun ham uni ishdan haydashgan. Shundan keyin doim aytib yurardiki, o‘rislar o‘zbeklarni ko‘rarga ko‘zlari yo‘q va ular doim o‘zbeklarni muassasalardan haydashga harakat qilishadi va hokazo…

Eshon Xo‘ja Xoniy bilan Hasan Qori Xoniy Munavvar Qori, Eson Afandi, Salimxon Tillaxonovlar bilan juda yaqin edilar, bir-birlarini mehmonga chorlashardi, suhbatlar qilishardi, ulfatchiliklar uyushtirib turishardi. Nimalarni gapirishgani menga qorong‘i, chunki hech qachon men ularning orasida bo‘lmaganman.

MUNAVVAR QORI — jadidchilikning ilhomchisidir va shu oqimning rahbaridir. 1927 yili Toshkent muzofoti ziyolilarining qurultoyi bo‘lib o‘tdi. Men unda delegat edim. «Qizil O‘zbekiston» gazitining muxbirlari nomidan vakil sifatida qatnashganman. Qurultoyda mafkura jabhasidagi kurash masalasida munozara qo‘zg‘olganda Munavvar Qori nutq so‘zladi va: «Bu mafkurani bizning mafkuraga moslasak bo‘lmasmikan», dedi. Bundan ko‘rinadiki, u partiya bu masalani qanday hal etayotganini ma’qullamaydi. Unga berilgan bir qandaydir savolga: «O‘rislar bizning ishlarimizga xalaqit qilishyapti, men ular bilan kelisholmaganim uchun xizmatdan ketdim. Biz ular bilan bir qozonda qaynamaymiz», deb javob qildi. Munavvar Qori umum manfaati uchun emas, o‘zining manfaati uchun kuyinayotganini shu misol ham tasdiqlaydi. U o‘zining obro‘sini ko‘tarmoqchi. Uning kurashi ham obro‘ uchun. U manfaatparast shaxs.

MUROD XO‘JA DOMULLA — eski shahardagi Lenin nomli maktab o‘qituvchisi, U bilan yaqinda tanishdim, shungacha yaqin tanishligim yo‘q edi. 29-yili u «Zebuniso» maktabida xizmat qilgan. U ham jadidlardan (taraqqiyparvarlardan), yuqorida sanaganlarimiz bilan muomalasi bor. Julqun (Abdulla Qodiriy)ning «Mehrobdan chayon» degan kitobi chiqqanida, u bu kitobni qoniqish bilan o‘qidi va uni maqtab she’rlar bitdi. Bu she’rini u o‘quvchilarga o‘qib bergan, bu haqda men Yunus Latifiydan bildim, Uning qanday odamligini ham, bug‘doy jamg‘arish va paxta kampaniyasiga munosabatda aksilsovetiy qarashlarini ham menga Yunus Latifiy aytdi.

YUSUF INOG‘OMOV — Narimonov texnikumini men bilan birga tugatgan va 28—29-o‘quv yillari ishga Termizga yuborilgan edi… Toshkentga qaytganda Termizdagi ahvol haqida so‘raganimda, u: «Termizda ko‘p muassasalarni o‘rislar bilan totorlar egallab olishgan. Odamga alam qiladi. Ularga imtiyozlar yaratilgan. Kapirativ do‘konlar ularga eng yaxshi mollarni topib beradi. Sho‘rlik o‘zbeklar hech qachon ular bilan teng ko‘rilmaydi, har jabhada ulardan past turadi», dedi.
Hozir Inog‘omov qishloq fakultetining I kursida o‘qiydi. Komsomol a’zosi edi, chiqibdi.

XALIL G‘AFFOROV ham kursdoshim. Bir vaqtlar Xivada ishlagan, o‘sha yerda aqldan ozib, Toshkentga qaytgan. Xivadan qaytib qelgan ba’zilarning aytishicha, Xalil u yerda eski tariximizga qiziqib qolibdi va o‘zbeklarni ezayotgan o‘rislarni juda yomon ko‘rib qolibdi va shu asosda aqldan ozibdi. Hozir ishlamaydi ham, o‘qimaydi ham. Uncha-muncha sog‘ayib boryapti…

STUDЕNTLAR HAQIDA

Quyidagi studentlar Shorasul bilan Munavvar Qorining ta’siridadirlar:

G‘ULOM QODIR HIKMAT — Narimonov texnikumida o‘qigan, adabiyotga qiziqadi, o‘zining asarlari ham bor. Bir kuni bir rasm chizgan, Unda dumli quyosh bo‘lib, u ilonga o‘xshab o‘zbekni bo‘g‘ayotgani tasvirlangan. O‘zining tushuntirishicha, quyosh — O‘ktabir inqilobi, ilon boshli dum esa — o‘rislardir. Rasmda: «Millat, eh, mening millatim», degan yozuv bitilgan. Rasmlarini u ayrim do‘stlariga ko‘rsatgan va o‘zining fikrlariga qo‘shilishlarini so‘rab avragan. Bu hodisa muhokama qilinganda, u o‘z o‘qituvchilari Munavvar Qori bilan Shorasulning ta’sirida bo‘lgani uchun shunaqa rasmlar chizganini aytgan.

G‘ULOM QODIR KARIMIY — millatchi va Shorasulning ishonchli malayi. Texnikumning II kurs studentlari Shodixon To‘xtayev va boshqalarning so‘ziga qaraganda, u Sharif Nosir Xo‘jayevning albomiga ikki daraxtning rasmini chizgan. Bittasi katta, ikkinchisi kichik. Kattasi kichigidan quyosh nurlarini to‘sib turibdi. O‘zining tushuntirishicha, katta daraxt — o‘rislar, kichigi esa — o‘zbeklar emish. Shuning o‘ziyoq uning millatchiligiga dalolat…»

Mening bilganlarim shugina.
Ildirim: Madhiddin Muhammadiy.
15/XI. 29 y.
Perevyol: Pom. Upol. VO PP OGPU v Sr. Azii
(Karimov)»

* * *

Madhiddin Muhammadiy jonboz sotqinning «bilganlari shugina» ekan. Lekin u kishining o‘zlari kim-u, u kishi sotayotgan jadidlar kim ekanini, jadidlar nima qayg‘uda-yu, bu kishi nimaning qayg‘usida ekanini, va nihoyat, bu jamiyat qanaqa asosga qurilganini-yu qanday kimsalarga tayanib ish ko‘rganini bilib olishimiz uchun, o‘ylashimcha, bizga «shugina»ning o‘zi yetsa kerak. Shu andishada bu jirkanch chaquvnomani satrma-satr izohlab berishni ortiqcha mashg‘ulot deb bildik va fikrlashni mulohazali o‘quvchi ixtiyoriga qoldirib, shu joyda nuqta qo‘ydik.
Tangri hammamizni bunaqa sharmandalikdan asrasin. Omin

* Maqola 1993 yilda yozilgan.

002

(Tashriflar: umumiy 744, bugungi 1)

Izoh qoldiring