Xurshid Davron. Yuragimiz derazalari

03731 АВГУСТ — ҚАТАҒОН ҚУРБОНЛАРИНИ ЁД ЭТИШ КУНИ

Миллий озодлик, ватан эркинлиги, халқ тинч ҳаёти йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди. Менинг ижодимда ҳам ҳурлик, қатағон мавзуси асосий йўналишлардан бири бўлиб келган. Ушбу саҳифада қатағон қурбонларига бағишланган шеърларимдан айримларини тақдим этаман.

Хуршид Даврон
ЮРАГИМИЗ ДЕРАЗАЛАРИ
011

20-30 ЙИЛЛАР ШОИРЛАРИ ХОТИРАСИГА

Мозийнинг қушлари учиб келарлар,
Олисдан келарлар толиқиб,чанқоқ.
Мени-да кўрарлар,хандон куларлар,
Чақмоққа қўнарлар – сўнади чақмоқ.

Мозийнинг қушлари айланар гирён,
Қўнмоққа бехатар масканни кутиб,
Мен эса турарман бош эгиб ҳайрон,
Қўлимни тиғлардан баландроқ тутиб.

1987

ҚОДИРИЙНИНГ СЎНГГИ СУРАТИ

Бунча алам,
Бунча муҳаббат…
Қорачиқда ёнар ҳасрати.
Сен нимани тилайсан мендан,
Қодирийнинг сўнгги сурати?

Ёки сўйлаб бермоқчимисан
Кумушбиби,Отабек дардин,
Ё ўз дардинг сўйламоқчисан,
Қодирийнинг сўнгги сурати?

Тунлар жимжит,
Тунлар кўп узун –
Тугамайди диллар суҳбати.
Шеър оқисам тинглайсан маҳзун,
Қодирийнинг сўнгги сурати?

Йўлларимда учраса хато,
Дил ўртаса элим ҳасрати,
Келиб сендан тилайман паноҳ,
Қодирийнинг сўнгги сурати?

1970

СОТҚИН ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Бу кеча бобомни кўрдим тушимда –
Худди ўқ егандек бургут қанотдан,
У кўкраги қон, айру ҳушидан,
Остонам олдида қулади отдан.

Майсаларни силкиб, шитирлаб бирдан
Югуриб ўтди ел – безовта, сергак.
Кўтарилди эгик чечаклар ердан,
Бешигида йиғлаб юборди гўдак.

Изидан ёғийлар еларди отда,
Жаранглаб етарди туёқлар саси.
Юракда ғулғула ва сукунатда
Кезади хатарнинг совуқ шарпаси.

Уни опичлаб мен, елкамда туйдим
Оқаётган қоннинг ёнар тафтини.
Ойнинг ёруғида, янтоқдек куйдим,
Манглайига босгач совуқ кафтимни.

Уни опичладим, гўё ўша дам
Елкамга олгандим учган юлдузни.
…Кейин дарвозани ёпаётганда
Кўрдим қўшни уйдан боққан шум кўзни.

Бўғилиб уйғондим қўрқинчли ўйдан,
Югуриб ҳовлига чиқдим мен бесўз,
Дарвозани очдим ва қўшни уйдан
Қадалиб турарди ҳамон ўша кўз.

1981

ҚОДИРИЙНИ ЎҚИБ

Йиллар ўтиб борса-да, ҳамон
Қўмсаб-қўмсаб ўқиймиз сизни.
Сиз бамисли зангори осмон,
Биз қўмсаймиз осмонимизни.

Олис, чағир тошли йўллардан
Отда елиб ўтамиз бирга,
Айлантириб Кумушнинг оддий
Сўзларини бокира шеърга.

Яна ортга қайтамиз кейин,
Келажакка боқамиз мафтун.
Нимадандир ичикиб, қийин
Ўйлар ичра қоламиз беун.

Кейин яна уй деразасин
Очган каби соф ҳаволарга,
Бўқриққан, дим уй деразасин
Очган каби шўх наволарга-

Туйиб дилда масъум унларни,
Титраб-титраб дил ларзасидан,
Биз очамиз «Ўтган кунлар»ни
Юрагимиз деразасидай.

1983

ЭРК ГУЛИ

— Эрк гули бор, дерлар, бувижон,
Шу гул ҳақда менга сўйлаб бер.
У гул қайда ўсар шодумон,
Айтгин, гулнинг макони қаер?

— О, болажон, бу сирни билсанг
Ғам келару дилинг қисади –
У гул эрк деб жон берган эрлар
Мозорлари узра ўсади.

1984

КЕЧИР, АСРИМ

Кечир, асрим,
Сенга инонмай
Сен топтаган дилга инондим.
Сен фалакка қуёш ўрнида
Олиб чиққан зотлардан тондим.

Тондим дилни, элни кўр қилган,
Заҳарлаган пуч ғоялардан,
Юрагимга мадад изладим
Кунга боқиб тик қоялардан.

Аммо, не-не ёру-дўстларим
Юрагини ваҳима босди.
Топталганда эзгу ҳислари
Чидолмасдан ўзини осди.

Сенинг совуқ кўзингга боқиб,
Сўлди неча дилларнинг гули,
Асл эрлар эсидан оғиб,
Омон қолди нокас, доғули.

Қаттол аср,
Кимки “нур” деса
Зулмат аро қолди, бўғилди
Ва ҳеч кимга керак бўлмаган
Меҳрдан кўр қаҳр туғилди.

Ҳей, сен аср,
Сен ҳам улардан
Энди кутма шафқат, диёнат.
Инон, сотқин, хоин қуллардан
Кутмоқ мумкин фақат хиёнат.

Қўрқув кетмас экан диллардан,
Киролмаскан то дилга қувонч,
Кўршапалак учган хонада
Қандай учсин, ахир, қалдирғоч?!

1985

ОСМОНДА БИР ПИЧОҚ УЧИБ ЮРИБДИ

Осмонда бир пичоқ учиб юрибди –
Булутларни кесар – булутлар ўлмас,
Нурларни кесади – нурлар кесилмас,
Осмонда бир пичоқ учиб юрибди.

Ёғдулар, булутлар
Кўкда оқарлар…
“Осмонда бир пичоқ учиб юрибди?!”
“Осмонда бир пичоқ учиб юрибди.!” –
Ёқаларин ушлаб унга боқарлар.

Бу пичоқ шоирнинг қанотин қирққан –
Шундан учиб юрар осмонда ўзи,
Осмонда бир пичоқ учиб юрибди –
Кимнидир аланглаб излайди кўзи…

1986

* * *

Бу одам уйида китоб асрамас,
Чунки у китобдан жуда қўрқади.
Бу одам китобнинг ўзидан эмас,
Китобда битилган Сўздан қўрқади.

Ҳамон тирноғининг остида лов-лов
Ёнган китобларнинг қора кули бор.
Қўлин иситади ҳамон ул олов –
О, қандай ёқимли бу илиқ ғубор.

Аммо ярим тунда,
Осмонда шодмон
Ой ўлчаб юрганда ерни қаричлаб,
Бола-чақасидан яширин, пинҳон,
Қўшқават эшикни занжирлаб, зичлаб.

Варақлари куйган китобни олиб
Ўқийди – кўзидан ёш оқа бошлар
Ва ҳасад тошлари бўғзига тўлиб
Ўқиган варағин оловга ташлар.

1986

ЧЎЛПОН
Сонетлар туркумидан

Унут,тупурилган қутлуғ сўзларга
Макон бўлган тупроқ аро мен борман.
Бўғзимда қотган сўз, бўйнимда арқон,
Бу арқон ёдгор мен осилган дордан.

Кўксимда — қўрғошин, қулоқда — симоб,
Елкамда зулмнинг қонли излари…
Юракда — муҳаббат, ғазаб, изтироб
Ва эркнинг муқаддас, қутлуғ сўзлари.

Осмонда булутмас, йиртиб ташланган
Менинг шеър дафтарим учиб бормоқда,
Сўзлари тўкилиб она тупроққа…

Бу сўзлар таланган, ёнган, тишланган —
Униб чиқар баҳор келса ҳар бир сўз…
Бу — анғиз, бу — ялпиз, бу-чи,бўтакўз…

1985

ЖУДА ЭРТА БИЛДИК

Жуда эрта билдик қатағон
Нималарга қодир бўлишин,
Агар ишқ деб ёнмас экан қон
Ҳар қандайин юрак ўлишин.

Жуда эрта билдик: одамни
Бадном қилмоқ осон иш экан,
Жуда эрта билдик: оламни
Худди гулдек қуршаркан тикан.

Жуда эрта англадик: шуҳрат
Тавозе-ю, қуллуқ эканин,
Чин шоирлик фақат Ватанга,
Халққа, эркка қуллик эканин.

Жудаям кеч англадик: сўзни
Юрак ёрдек суйиши керак.
Ҳар бир лаҳза абадияти
Учун юрак куйиши керак.

Жудаям кеч англадик, бизлар:
Энг даҳшати эмаскан ўлим.
Энг даҳшати, сен битган сўзлар
Ёритмаса одамлар дилин.

Энг даҳшати, ҳар битта сўзинг
Уйғотмаса мудроқ ҳисларни,
Ўлмай туриб, халқинг унутса
Сен қоғозга битган сўзларни.

Энг даҳшати, номим абадий
Қолсин, дея қанча тиришсанг,
Шунча тезроқ унутаркан халқ,
Унутмаскан, фақат курашсанг.

Унутмаскан,
Сўзларни эмас –
Дардларингни дилларга сочсанг.
Ҳар бир шеърда тутқун қушчанинг
Музлаб ётган қанотин очсанг…

1987

ҚОДИРИЙНИ ОЛИБ КЕТГАНЛАРИ ҲАҚИДА ШЕЪР

Кимсасиз, тинч боғ четидаги
Ўриндиққа ўтирган бу чол,
Кўксидаги – сир ичидаги
Сирларини очди мисли фол:

“…Қишми, ёзми, ёки кузимиди –
Эсимда йўқ, фақат ёдимда:
Икки девдек йигит турарди
Қодирийнинг икки ёнида.

Унинг сўзи битик қоғозлар
Учиб юрар эди осмонда,
Таратарди ажиб овозлар,
Уйғотарди қўрқувни қонда.

Ортда қолиб борарди Тошканд,
Маҳбус унга маъюс боқарди –
Самарқандни ташлаб кетаётган
Бобур каби ранги оқарди.

Панжаранинг орқасидан у
Кўрарди: куз, ёз,қиш ва баҳор…
Дарахтларда бўртарди туйғу,
Хазон учар, ёғиларди қор.

Унинг кўзи осмонга қараб
Кимнидир жим сиқтаб чақирди,
Самарқандни ташлаб кетаётган
Бобур кўзи каби боқарди.

“Нон” деб ёзув битилган мошин
Туйнугидан унинг кўзлари
Бу дунёда ҳурлик ва Ватан
Буюк бахтдир, дея сўзларди.

“Ўтган кунлар” варақларини
Шундан кейин ўқиди олов,
Шундан буён олов телбадир,
Ялов бўлай, дер энди, ялов!”

Чол шундай деб бошини эгди.
Деди: “Қандай одамлар ўтган!”
Сўнг у маъюс кўзини тикди
Яшнаб турган бир тутам ўтга.

Яшил эди, ёш эди бу ўт,
Ўйнашарди баргларида нур.
Балки бу ўт “Ўтган кунлар”нинг
Ёниб кетган варағи эрур.

Мен жим эдим: оғрирди кўксим,
Теграмда-чи: ёз, куз, қиш, баҳор…
Дарахтларда бўртарди куртак,
Хазон учар, бўраларди қор.

Кўкка боқсам: осмон йўқ эди,
Ер йўқ эди ўрнимдан турсам.
Бир ўқ мени таъқиб қиларди
Ўша куни қаёққа борсам.

Кўкрагимни тутмоқчи бўлиб
Йўлин тўссам, тўхтар эди у.
Шивирлардим қайғуга тўлиб:
“Бу дунёга қайтмас энди у!”

Шивирлардим дилимда алам,
Боқиб ўша… ўша Тошкандга
Ва осмондан кимдир ушбу дам
Маҳзун боқиб турарди менга…

1987

АБДУЛҲАМИД ЧЎЛПОН

I

Совуқ, зах, тор хона.Бу қамоқхона.
Бу ерга қуёшнинг нурлари етмас.
Бу ерда азобда қийналар сийна,
Бу ердан зулумот шарпаси кетмас.

Бу ерга етмагай қушлар ялласи,
Кўринмас кўкдаги беҳисоб чироқ.
Кўкда эркин сузган булут галаси
Бу ердан кўринмас, бу ердан йироқ.

Фақат сўзлар келар — худодай танҳо,
Фақат сўзлар келар — пайғамбардек пок.
У билар… Шу сўзлар ҳаққи яшар у,
Шу сўзлар бир куни этади ҳалок.

II

Қамоқдан қўрқмас у,
Очликдан қўрқмас,
Қўрқмагай истибдод деган ёвуздан.
Фақат қўрқар: юрак сирини ошкор
Қила олмайдиган ожиза сўздан.

Қамоқдан қўрқмайди,
Ахир,у билар…
Вужуди зиндондир, вужуди — қамоқ,
Шоирлик топталган Сўзни зиндондан
Худди қушлар каби озод айламоқ.

Қора қамоқхона кўксини тилиб
Ёғду қуюлгандек деразалардан,
Олис хотиралар юртидан келиб
Нурдек ситилади ёш кўзларидан.

Фақат ой,
Фақат ой,
Фақатгина ой
Тунлар ёритади шеър қоғозини,
У шеърлар ёзади,тинглаб ой нурин
Топтаб ўтаётганлар овозини…

1988

ЯНА ЎША КУНЛАР ҚАЙТАР ДЕБ

Яна ўша кунлар қайтар, деб
Қўрқитма, бас, жонимдан тўйдим.
Ҳамма қўрқиб яшаган юртда
Мен ҳеч кимдан қўрқмасдан қўйдим.

Етар, етар, менга, ўғлимга
Қўрқувингни қолдирма мерос.
Кўр ҳассасин тутма қўлимга,
Дема: “Билиб қадамингни бос!”

Нақл этма қирғин-баротдан,
Боқиб кўча-кўйга туйнукдан
Ва титраган қўлларинг билан
Кўзларимни тўсма ёруғдан.

Элим, десам, оғзимни ёпма,
Тилим, десам, қочма ёнимдан.
Дилим, десам, титрама, кўзинг
Узмай дилдан оққан қонимдан.

Қўрқма, ахир…
Қўрқув ариқдир –
Ҳатлаб ўтмоқ гарчи кўп қийин –
Дарёлардан ҳатлашинг мумкин
Уни ҳатлаб ўтгандан кейин.

Ҳатла, бир дам бўлсин муаллақ
Ер билан кўк аро юрагинг
Ва ўша он англаб олгин сен
Бу дунёга борми керагинг…

Фидомисан шу она халққа
Ватан дея жангга кирганда –
Ўйла шуни дилинг муаллақ
Ер билан кўк аро турганда…

1987

УСМОН НОСИР ХОКИ УСТИДА

Сукут қучган қабристон узра
Тўкилади барглар бесадо.
Илк бор қабринг устига бўзлаб
Келиб, мана, турибман танҳо.

Бунча пинҳон тутдинг сирларинг,
Бунча суйдинг совуқ элларни.
Уйғонмадинг, ҳатто шеърларинг
Уйғотганда бизнинг дилларни.

Сени сотган одамлар тирик,
Ҳамон улар сотиб юрарлар.
Балки улар яширин, пинҳон
Мозорингга келиб турарлар.

Мен уларни танийман… Гарчи
Хоинларни қилишмас ошкор.
Чунки улар энди бизларни
Ўлдирмоққа, сотмоққа даркор.

Яқинлашиб келаётир тун,
Ёдинг каби изтиробли дам,
Юрагимни эритмоқ учун
Ёндираман қабринг узра шам.

1988

МУНАВВАР ҚОРИ ВА ЎЛИМ

Халқ кўр бўлса,
Унутар асл
Уни суйиб, куйган эрларни.
Мана, ўтди
Неча бор фасл
Ерга тўкиб хазон, гулларни.

Уни тилга олмади биров,
Олганлар ҳам дилида ёдлар.
Пинҳон эрур
Дилларда номи,
Пинҳон бўлган каби исёнлар.

Қайда ўлди?
Қаерда сўлди?
Васиятин кимлар тинглади?
Кимлар унинг
Мурдаси учун
Овлоқ ердан бир жой танлади?

Кўз ўнгимда
Жонланар гоҳо:
Ўтирганча ертўлада жим,
Зўрға илиб турган тўтиё –
Олов узра тутар ҳовучин.

Ўлим кириб
Келганин кўриб
Ўз ёнидан бўшатади жой.
Ойнаси йўқ туйнукдан унга
Боқар маҳзун диллар дўсти – ой.

“Ўлим, — дейди, —
Мен жуда толдим,
Олиб кетгин бу ердан тезроқ.
Фақатгина
Кетишдан олдин
Сен исиниб олақол озроқ.

Ҳурлик учун,
Ҳур Ватан учун
Куйдим, буни бахт деб биларман.
Эрк дегандим,
Маҳбус этдилар –
Балки ўлсам, озод бўларман…”

1988

* * *

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар…
Чўлпон

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар,
Дўстларми, ҳисларми ё мунглиғ қизлар,
Ёки саратонда келгувчи кузлар
Ва ёки қалбимнинг дўсти – юлдузлар?

Ё ўзи овунчга ташна аёллар,
Ё улар кўксида ўлган ҳаёллар,
Ёки пахта териб жон берган чоллар,
Ё ўзи-ўзига ўт қўйган қизлар?

Ё этаги қорга тўлган болами,
Бўғиб ўлдирилган сахий далами
Ва ёки болалар кўксидан чиқиб
Бўғзимга тош каби тиқилган ҳислар?

Билмадим, кўнглимни юпатгай кимлар
Ва дилдан аригай бу аччиқ кинлар,
Дилдан ювулғуси бу ифлос кирлар
Тағин дуч келгайми ё сўқир кўзлар?

Очилган дафтарга дардларим сочсам,
Ҳар бир сўз тутган май – заҳарни ичсам,
Дўст топмай, душманга кўнглимни очсам,
Мени юпатайми муқаддас сўзлар?

Ҳар кеча қўлимга олган қалам,
Уйғона бошлайди дилимда алам,
Юпата олмагай шундай пайт болам,
Юпатар ярамга сепилган тузлар!

Боболар тахтини сотди боболар,
Юракни кўр қилди ўзга имлолар,
Бизни омон сақлаб келди наволар –
Боболар юраги куйлатган созлар!

Юраклар учса-ю, қафаслар синса,
Юракнинг қонлари заминга сингса,
Йўлдан адаштирган маёқлар сўнса,
Балки юпатғуси эркин юлдузлар?

Ватан, деб шайланиб чиқса ўғиллар,
Жаҳолат деворин йиқса ўғиллар,
Карахтлик саройин ёқса ўғиллар,
Балки юпатғуси очилган юзлар?

Бу дунё қародир, у дунё ёлғон,
Ватан, деб жўшмаса томирларда қон,
Ҳуррият қуёши қолмагай омон
Дилни ёритмаса ўч тўла ҳислар!

1988

ШОИРЛАРНИ ОТГАН ЖАЛЛОДЛАР

Шоирларни отган жаллодлар
Бугун яшар нафақасин еб.
Ўлган шоҳга содиқ соллотлар
Хат битишар: “Биз тайёрмиз!” деб.

Ўша кунлар ҳақида улар
Сўзлар экан силаб соқолин,
Ҳар гапдан сўнг таъкидлаб қўяр:
“Тўғри қилган ўртоқ Сталин!”

… Шоир – исён.
Исёнлар эса
Подшоҳларни қўрқувга солар,
Шунинг учун улар энг аввал
Шоирларнинг бошини олар.

Агар подшоҳ шоирни суйса,
Демак шоир тезда ўлади –
Ўзи суйган шоирни сўйса
Подшоҳ дили лаззат олади.

Мангу ёвдир шоиру-подшоҳ,
Мангу жангдир шоирлик йўли.
Ўлса ҳамки, подшоҳга ҳукм
Битар ўлган шоирнинг қўли.

Подшоҳларга шоирмас, қуллар –
Қуллар керак, жаллодлар керак,
Шоир экса дилларга гуллар,
Мажақловчи саллотлар керак.

Подшоҳ битта,
Қуллар эса кўп –
Ҳатто подшоҳ ўлсаям, улар
Қул ота-ю, қул оналарнинг
Қўрқувидан туғилаверар.

Шоир эса жасорат ва ишқ
Фарзандидир!
Ўхшар дарёга –
Қулларгамас, ҳурларга қўшиқ
Айтмоқ учун келар дунёга.
Шоирларни отган жаллодлар
Бугун тирик, тўқир ақида
Подшоҳ амри ила саллотлар
Ўқ узган ул кунлар ҳақида.

Улар билмас, ҳеч бир замонда
Шоирларни ўлдириб бўлмас –
Ўқ узсаям, бошин узсаям
Асл шоир ҳеч қачон ўлмас.

Балки билар…
Билиб чиқмайди
На кўчага ва на майдонга –
Дуч келишдан қўрқади балки
Қодирийга ёки Чўлпонга.

1988

1937 ЙИЛ

Шоирларин ўлдирганда халқ,
Бўлар экан ўзи қонга ғарқ.

Бўғса агар,бўғилар ўзи,
Мил тортса,кўр бўлади ўзи.

Хор этса гар,ўзи хор бўлгай,
Зор этса гар,ўзи зор бўлгай.

Қулоғига қуйса қўрғошин,
Ўзи уқмас ҳурлик товушин.

Шоир — байроқ,жанг қилар они,
Шоир қони эрур халқ қони.

1988

УХЛАНГЛАР, УЙҒОНИНГ!

“Ухланглар, уйғонинг…” –
Шивирлар тун аро шам.
Даст уйғониб қарасам
Оқиб ётибди қоним…

Уйғониб қарасанг-чи,
Уйғотиб қарасанг-чи…
Аччиқ кўзёш. Қора қон.
Қонга бўялган қамчи?

Бетон зиндон. Кўр қўрқув.
Оқ туз сепилган кунда…
Уйқудан уйғонинг, ҳув,
Қолиб кетмангиз тунда…

1989

 

31 AVGUST — QATAG’ON QURBONLARINI YOD ETISH KUNI

Milliy ozodlik, vatan erkinligi, xalq tinch hayoti yo’lida kurashib, behisob qurbonlar bergan ota-bobolarimiz jasorati xotiramizdan hech qachon o’chmaydi. Mening ijodimda ham hurlik,  qatag’on mavzusi asosiy yo’nalishlardan biri bo’lib kelgan. Ushbu sahifada sizga qatag’on qurbonlariga bag’ishlangan she’rlarimdan ayrimlarini taqdim etaman.

Xurshid Davron
YURAGIMIZ DERAZALARI
011

20-30 YILLAR SHOIRLARI XOTIRASIGA

Moziyning qushlari uchib kelarlar,
Olisdan kelarlar toliqib,chanqoq.
Meni-da ko’rarlar,xandon kularlar,
Chaqmoqqa qo’narlar – so’nadi chaqmoq.

Moziyning qushlari aylanar giryon,
Qo’nmoqqa bexatar maskanni kutib,
Men esa turarman bosh egib hayron,
Qo’limni tig’lardan balandroq tutib.

1987

QODIRIYNING SO’NGI SURATI

Buncha alam,
Buncha muhabbat…
Qorachiqda yonar hasrati.
Sen nimani tilaysan mendan,
Qodiriyning so’ngi surati?

Yoki so’ylab bermoqchimisan
Kumushbibi,Otabek dardin,
Yo o’z darding so’ylamoqchisan,
Qodiriyning so’ngi surati?

Tunlar jimjit,
Tunlar ko’p uzun –
Tugamaydi dillar suhbati.
She’r oqisam tinglaysan mahzun,
Qodiriyning so’ngi surati?

Yo’llarimda uchrasa xato,
Dil o’rtasa elim hasrati,
Kelib sendan tilayman panoh,
Qodiriyning so’ngi surati?

1970

SOTQIN HAQIDA BALLADA

Bu kecha bobomni ko’rdim tushimda –
Xuddi o’q yegandek burgut qanotdan,
U ko’kragi qon, ayru hushidan,
Ostonam oldida quladi otdan.

Maysalarni silkib, shitirlab birdan
Yugurib o’tdi yel – bezovta, sergak.
Ko’tarildi egik chechaklar yerdan,
Beshigida yig’lab yubordi go’dak.

Izidan yog’iylar yelardi otda,
Jaranglab yetardi tuyoqlar sasi.
Yurakda g’ulg’ula va sukunatda
Kezadi xatarning sovuq sharpasi.

Uni opichlab men, yelkamda tuydim
Oqayotgan qonning yonar taftini.
Oyning yorug’ida, yantoqdek kuydim,
Manglayiga bosgach sovuq kaftimni.

Uni opichladim, go’yo o’sha dam
Yelkamga olgandim uchgan yulduzni.
…Keyin darvozani yopayotganda
Ko’rdim qo’shni uydan boqqan shum ko’zni.

Bo’g’ilib uyg’ondim qo’rqinchli o’ydan,
Yugurib hovliga chiqdim men beso’z,
Darvozani ochdim va qo’shni uydan
Qadalib turardi hamon o’sha ko’z.

1981

QODIRIYNI O’QIB

Yillar o’tib borsa-da, hamon
Qo’msab-qo’msab o’qiymiz sizni.
Siz bamisli zangori osmon,
Biz qo’msaymiz osmonimizni.

Olis, chag’ir toshli yo’llardan
Otda yelib o’tamiz birga,
Aylantirib Kumushning oddiy
So’zlarini bokira she’rga.

Yana ortga qaytamiz keyin,
Kelajakka boqamiz maftun.
Nimadandir ichikib, qiyin
O’ylar ichra qolamiz beun.

Keyin yana uy  derazasin
Ochgan kabi sof havolarga,
Bog’riqqan, dim uy derazasin
Ochgan kabi sho’x navolarga-

Tuyib dilda mas’um unlarni,
Titrab-titrab dil larzasidan,
Biz ochamiz «O’tgan kunlar»ni
Yuragimiz derazasiday.

1983

ERK GULI

— Erk guli bor, derlar, buvijon,
Shu gul haqda menga so’ylab ber.
U gul qayda o’sar shodumon,
Aytgin, gulning makoni qayer?

— O, bolajon, bu sirni bilsang
G’am kelaru diling qisadi –
U gul erk deb jon bergan erlar
Mozorlari uzra o’sadi.

1984

KECHIR, ASRIM

Kechir, asrim,
Senga inonmay
Sen toptagan dilga inondim.
Sen falakka quyosh o’rnida
Olib chiqqan zotlardan tondim.

Tondim dilni, elni ko’r qilgan,
Zaharlagan puch g’oyalardan,
Yuragimga madad izladim
Kunga boqib tik qoyalardan.

Ammo, ne-ne yoru-do’stlarim
Yuragini vahima bosdi.
Toptalganda ezgu hislari
Chidolmasdan o’zini osdi.

Sening sovuq ko’zingga boqib,
So’ldi necha dillarning guli,
Asl erlar esidan og’ib,
Omon qoldi nokas, dog’uli.

Qattol asr,
Kimki “nur” desa
Zulmat aro qoldi, bo’g’ildi
Va hech kimga kerak bo’lmagan
Mehrdan ko’r qahr tug’ildi.

Hey, sen asr,
Sen ham ulardan
Endi kutma shafqat, diyonat.
Inon, sotqin, xoin qullardan
Kutmoq mumkin faqat xiyonat.

Qo’rquv ketmas ekan dillardan,
Kirolmaskan to dilga quvonch,
Ko’rshapalak uchgan xonada
Qanday uchsin, axir, qaldirg’och?!

1985

OSMONDA BIR PICHOQ UCHIB YuRIBDI

Osmonda bir pichoq uchib yuribdi –
Bulutlarni kesar – bulutlar o’lmas,
Nurlarni kesadi – nurlar kesilmas,
Osmonda bir pichoq uchib yuribdi.

Yog’dular, bulutlar
Ko’kda oqarlar…
“Osmonda bir pichoq uchib yuribdi?!”
“Osmonda bir pichoq uchib yuribdi.!” –
Yoqalarin ushlab unga boqarlar.

Bu pichoq shoirning qanotin qirqqan –
Shundan uchib yurar osmonda o’zi,
Osmonda bir pichoq uchib yuribdi –
Kimnidir alanglab izlaydi ko’zi…

1986

* * *

Bu odam uyida kitob asramas,
Chunki u kitobdan juda qo’rqadi.
Bu odam kitobning o’zidan emas,
Kitobda bitilgan So’zdan qo’rqadi.

Hamon tirnog’ining ostida lov-lov
Yongan kitoblarning qora kuli bor.
Qo’lin isitadi hamon ul olov –
O, qanday yoqimli bu iliq g’ubor.

Ammo yarim tunda,
Osmonda shodmon
Oy o’lchab yurganda yerni qarichlab,
Bola-chaqasidan yashirin, pinhon,
Qo’shqavat eshikni zanjirlab, zichlab.

Varaqlari kuygan kitobni olib
O’qiydi – ko’zidan yosh oqa boshlar
Va hasad toshlari bo’g’ziga to’lib
O’qigan varag’in olovga tashlar.

1986

CHO’LPON

Unut,tupurilgan qutlug’ so’zlarga
Makon bo’lgan tuproq aro men borman.
Bo’g’zimda qotgan so’z, bo’ynimda arqon,
Bu arqon yodgor men osilgan dordan.

Ko’ksimda — qo’rg’oshin, quloqda — simob,
Yelkamda zulmning qonli izlari…
Yurakda — muhabbat, g’azab, iztirob
Va erkning muqaddas, qutlug’ so’zlari.

Osmonda bulutmas, yirtib tashlangan
Mening she’r daftarim uchib bormoqda,
So’zlari to’kilib ona tuproqqa…

Bu so’zlar talangan, yongan, tishlangan —
Unib chiqar bahor kelsa har bir so’z…
Bu — ang’iz, bu — yalpiz, bu-chi,bo’tako’z…

1985

JUDA ERTA BILDIK

Juda erta bildik qatag’on
Nimalarga qodir bo’lishin,
Agar ishq deb yonmas ekan qon
Har qandayin yurak o’lishin.

Juda erta bildik: odamni
Badnom qilmoq oson ish ekan,
Juda erta bildik: olamni
Xuddi guldek qursharkan tikan.

Juda erta angladik: shuhrat
Tavoze-yu, qulluq ekanin,
Chin shoirlik faqat Vatanga,
Xalqqa, erkka qullik ekanin.

Judayam kech angladik: so’zni
Yurak yordek suyishi kerak.
Har bir lahza abadiyati
Uchun yurak kuyishi kerak.

Judayam kech angladik, bizlar:
Eng dahshati emaskan o’lim.
Eng dahshati, sen bitgan so’zlar
Yoritmasa odamlar dilin.

Eng dahshati, har bitta so’zing
Uyg’otmasa mudroq hislarni,
O’lmay turib, xalqing unutsa
Sen qog’ozga bitgan so’zlarni.

Eng dahshati, nomim abadiy
Qolsin, deya qancha tirishsang,
Shuncha tezroq unutarkan xalq,
Unutmaskan, faqat kurashsang.

Unutmaskan,
So’zlarni emas –
Dardlaringni dillarga sochsang.
Har bir she’rda tutqun qushchaning
Muzlab yotgan qanotin ochsang…

1987

QODIRIYNI OLIB KETGANLARI HAQIDA SH’ЪR

Kimsasiz, tinch bog’ chetidagi
O’rindiqqa o’tirgan bu chol,
Ko’ksidagi – sir ichidagi
Sirlarini ochdi misli fol:

“…Qishmi, yozmi, yoki kuzimidi –
Esimda yo’q, faqat yodimda:
Ikki devdek yigit turardi
Qodiriyning ikki yonida.

Uning so’zi bitik qog’ozlar
Uchib yurar edi osmonda,
Taratardi ajib ovozlar,
Uyg’otardi qo’rquvni qonda.

Ortda qolib borardi Toshkand,
Mahbus unga ma’yus boqardi –
Samarqandni tashlab ketayotgan
Bobur kabi rangi oqardi.

Panjaraning orqasidan u
Ko’rardi: kuz, yoz,qish va bahor…
Daraxtlarda bo’rtardi tuyg’u,
Xazon uchar, yog’ilardi qor.

Uning ko’zi osmonga qarab
Kimnidir jim siqtab chaqirdi,
Samarqandni tashlab ketayotgan
Bobur ko’zi kabi boqardi.

“Non” deb yozuv bitilgan moshin
Tuynugidan uning ko’zlari
Bu dunyoda hurlik va Vatan
Buyuk baxtdir, deya so’zlardi.

“O’tgan kunlar” varaqlarini
Shundan keyin o’qidi olov,
Shundan buyon olov telbadir,
Yalov bo’lay, der endi, yalov!”

Chol shunday deb boshini egdi.
Dedi: “Qanday odamlar o’tgan!”
So’ng u ma’yus ko’zini tikdi
Yashnab turgan bir tutam o’tga.

Yashil edi, yosh edi bu o’t,
O’ynashardi barglarida nur.
Balki bu o’t “O’tgan kunlar”ning
Yonib ketgan varag’i erur.

Men jim edim: og’rirdi ko’ksim,
Tegramda-chi: yoz, kuz, qish, bahor…
Daraxtlarda bo’rtardi kurtak,
Xazon uchar, bo’ralardi qor.

Ko’kka boqsam: osmon yo’q edi,
Yer yo’q edi o’rnimdan tursam.
Bir o’q meni ta’qib qilardi
O’sha kuni qayoqqa borsam.

Ko’kragimni tutmoqchi bo’lib
Yo’lin to’ssam, to’xtar edi u.
Shivirlardim qayg’uga to’lib:
“Bu dunyoga qaytmas endi u!”

Shivirlardim dilimda alam,
Boqib o’sha… o’sha Toshkandga
Va osmondan kimdir ushbu dam
Mahzun boqib turardi menga…

1987

ABDULHAMID CHO’LPON

I

Sovuq, zax, tor xona.Bu qamoqxona.
Bu yerga quyoshning nurlari yetmas.
Bu yerda azobda qiynalar siyna,
Bu yerdan zulumot sharpasi ketmas.

Bu yerga yetmagay qushlar yallasi,
Ko’rinmas ko’kdagi behisob chiroq.
Ko’kda erkin suzgan bulut galasi
Bu yerdan ko’rinmas, bu yerdan yiroq.

Faqat so’zlar kelar — xudoday tanho,
Faqat so’zlar kelar — payg’ambardek pok.
U bilar… Shu so’zlar haqqi yashar u,
Shu so’zlar bir kuni etadi halok.

II

Qamoqdan qo’rqmas u,
Ochlikdan qo’rqmas,
Qo’rqmagay istibdod degan yovuzdan.
Faqat qo’rqar: yurak sirini oshkor
Qila olmaydigan ojiza so’zdan.

Qamoqdan qo’rqmaydi,
Axir,u bilar…
Vujudi zindondir, vujudi — qamoq,
Shoirlik toptalgan So’zni zindondan
Xuddi qushlar kabi ozod aylamoq.

Qora qamoqxona ko’ksini tilib
Yog’du quyulgandek derazalardan,
Olis xotiralar yurtidan kelib
Nurdek sitiladi yosh ko’zlaridan.

Faqat oy,
Faqat oy,
Faqatgina oy
Tunlar yoritadi she’r qog’ozini,
U she’rlar yozadi,tinglab oy nurin
Toptab o’tayotganlar ovozini…

1988

YANA O’SHA KUNLAR QAYTAR DEB

Yana o’sha kunlar qaytar, deb
Qo’rqitma, bas, jonimdan to’ydim.
Hamma qo’rqib yashagan yurtda
Men hech kimdan qo’rqmasdan qo’ydim.

Yetar, yetar, menga, o’g’limga
Qo’rquvingni qoldirma meros.
Ko’r hassasin tutma qo’limga,
Dema: “Bilib qadamingni bos!”

Naql etma qirg’in-barotdan,
Boqib ko’cha-ko’yga tuynukdan
Va titragan qo’llaring bilan
Ko’zlarimni to’sma yorug’dan.

Elim, desam, og’zimni yopma,
Tilim, desam, qochma yonimdan.
Dilim, desam, titrama, ko’zing
Uzmay dildan oqqan qonimdan.

Qo’rqma, axir…
Qo’rquv ariqdir –
Hatlab o’tmoq garchi ko’p qiyin –
Daryolardan hatlashing mumkin
Uni hatlab o’tgandan keyin.

Hatla, bir dam bo’lsin muallaq
Yer bilan ko’k aro yuraging
Va o’sha on anglab olgin sen
Bu dunyoga bormi keraging…

Fidomisan shu ona xalqqa
Vatan deya jangga kirganda –
O’yla shuni diling muallaq
Yer bilan ko’k aro turganda…

1987

USMON NOSIR XOKI USTIDA

Sukut quchgan qabriston uzra
To’kiladi barglar besado.
Ilk bor qabring ustiga bo’zlab
Kelib, mana, turibman tanho.

Buncha pinhon tutding sirlaring,
Buncha suyding sovuq ellarni.
Uyg’onmading, hatto she’rlaring
Uyg’otganda bizning dillarni.

Seni sotgan odamlar tirik,
Hamon ular sotib yurarlar.
Balki ular yashirin, pinhon
Mozoringga kelib turarlar.

Men ularni taniyman… Garchi
Xoinlarni qilishmas oshkor.
Chunki ular endi bizlarni
O’ldirmoqqa, sotmoqqa darkor.

Yaqinlashib kelayotir tun,
Yoding kabi iztirobli dam,
Yuragimni eritmoq uchun
Yondiraman qabring uzra sham.

1988

MUNAVVAR QORI VA O’LIM

Xalq ko’r bo’lsa,
Unutar asl
Uni suyib, kuygan erlarni.
Mana, o’tdi
Necha bor fasl
Yerga to’kib xazon, gullarni.

Uni tilga olmadi birov,
Olganlar ham dilida yodlar.
Pinhon erur
Dillarda nomi,
Pinhon bo’lgan kabi isyonlar.

Qayda o’ldi?
Qayerda so’ldi?
Vasiyatin kimlar tingladi?
Kimlar uning
Murdasi uchun
Ovloq yerdan bir joy tanladi?

Ko’z o’ngimda
Jonlanar goho:
O’tirgancha yerto’lada jim,
Zo’rg’a ilib turgan to’tiyo –
Olov uzra tutar hovuchin.

O’lim kirib
Kelganin ko’rib
O’z yonidan bo’shatadi joy.
Oynasi yo’q tuynukdan unga
Boqar mahzun dillar do’sti – oy.

“O’lim, — deydi, —
Men juda toldim,
Olib ketgin bu yerdan tezroq.
Faqatgina
Ketishdan oldin
Sen isinib olaqol ozroq.

Hurlik uchun,
Hur Vatan uchun
Kuydim, buni baxt deb bilarman.
Erk degandim,
Mahbus etdilar –
Balki o’lsam, ozod bo’larman…”

1988

* * *

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar…
Cho’lpon

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar,
Do’stlarmi, hislarmi yo munglig’ qizlar,
Yoki saratonda kelguvchi kuzlar
Va yoki qalbimning do’sti – yulduzlar?

Yo o’zi ovunchga tashna ayollar,
Yo ular ko’ksida o’lgan hayollar,
Yoki paxta terib jon bergan chollar,
Yo o’zi-o’ziga o’t qo’ygan qizlar?

Yo etagi qorga to’lgan bolami,
Bo’g’ib o’ldirilgan saxiy dalami
Va yoki bolalar ko’ksidan chiqib
Bo’g’zimga tosh kabi tiqilgan hislar?

Bilmadim, ko’nglimni yupatgay kimlar
Va dildan arigay bu achchiq kinlar,
Dildan yuvulg’usi bu iflos kirlar
Tag’in duch kelgaymi yo so’qir ko’zlar?

Ochilgan daftarga dardlarim sochsam,
Har bir so’z tutgan may – zaharni ichsam,
Do’st topmay, dushmanga ko’nglimni ochsam,
Meni yupataymi muqaddas so’zlar?

Har kecha qo’limga olgan qalam,
Uyg’ona boshlaydi dilimda alam,
Yupata olmagay shunday payt bolam,
Yupatar yaramga sepilgan tuzlar!

Bobolar taxtini sotdi bobolar,
Yurakni ko’r qildi o’zga imlolar,
Bizni omon saqlab keldi navolar –
Bobolar yuragi kuylatgan sozlar!

Yuraklar uchsa-yu, qafaslar sinsa,
Yurakning qonlari zaminga singsa,
Yo’ldan adashtirgan mayoqlar so’nsa,
Balki yupatg’usi erkin yulduzlar?

Vatan, deb shaylanib chiqsa o’g’illar,
Jaholat devorin yiqsa o’g’illar,
Karaxtlik saroyin yoqsa o’g’illar,
Balki yupatg’usi ochilgan yuzlar?

Bu dunyo qarodir, u dunyo yolg’on,
Vatan, deb jo’shmasa tomirlarda qon,
Hurriyat quyoshi qolmagay omon
Dilni yoritmasa o’ch to’la hislar!

1988

SHOIRLARNI OTGAN JALLODLAR

Shoirlarni otgan jallodlar
Bugun yashar nafaqasin yeb.
O’lgan shohga sodiq sollotlar
Xat bitishar: “Biz tayyormiz!” deb.

O’sha kunlar haqida ular
So’zlar ekan silab soqolin,
Har gapdan so’ng ta’kidlab qo’yar:
“To’g’ri qilgan o’rtoq Stalin!”

… Shoir – isyon.
Isyonlar esa
Podshohlarni qo’rquvga solar,
Shuning uchun ular eng avval
Shoirlarning boshini olar.

Agar podshoh shoirni suysa,
Demak shoir tezda o’ladi –
O’zi suygan shoirni so’ysa
Podshoh dili lazzat oladi.

Mangu yovdir shoiru-podshoh,
Mangu jangdir shoirlik yo’li.
O’lsa hamki, podshohga hukm
Bitar o’lgan shoirning qo’li.

Podshohlarga shoirmas, qullar –
Qullar kerak, jallodlar kerak,
Shoir eksa dillarga gullar,
Majaqlovchi sallotlar kerak.

Podshoh bitta,
Qullar esa ko’p –
Hatto podshoh o’lsayam, ular
Qul ota-yu, qul onalarning
Qo’rquvidan tug’ilaverar.

Shoir esa jasorat va ishq
Farzandidir!
O’xshar daryoga –
Qullargamas, hurlarga qo’shiq
Aytmoq uchun kelar dunyoga.
Shoirlarni otgan jallodlar
Bugun tirik, to’qir aqida
Podshoh amri ila sallotlar
O’q uzgan ul kunlar haqida.

Ular bilmas, hech bir zamonda
Shoirlarni o’ldirib bo’lmas –
O’q uzsayam, boshin uzsayam
Asl shoir hech qachon o’lmas.

Balki bilar…
Bilib chiqmaydi
Na ko’chaga va na maydonga –
Duch kelishdan qo’rqadi balki
Qodiriyga yoki Cho’lponga.

1988

1937 YIL

Shoirlarin o’ldirganda xalq,
Bo’lar ekan o’zi qonga g’arq.

Bo’g’sa agar,bo’g’ilar o’zi,
Mil tortsa,ko’r bo’ladi o’zi.

Xor etsa gar,o’zi xor bo’lgay,
Zor etsa gar,o’zi zor bo’lgay.

Qulog’iga quysa qo’rg’oshin,
O’zi uqmas hurlik tovushin.

Shoir — bayroq,jang qilar oni,
Shoir qoni erur xalq qoni.

1988

UXLANGLAR, UYG’ONING!

“Uxlanglar, uyg’oning…” –
Shivirlar tun aro sham.
Dast uyg’onib qarasam
Oqib yotibdi qonim…

Uyg’onib qarasang-chi,
Uyg’otib qarasang-chi…
Achchiq ko’zyosh. Qora qon.
Qonga bo’yalgan qamchi?

Beton zindon. Ko’r qo’rquv.
Oq tuz sepilgan kunda…
Uyqudan uyg’oning, huv,
Qolib ketmangiz tunda…

1989

067

(Tashriflar: umumiy 2 750, bugungi 1)

Izoh qoldiring