Halima Ahmedova. Ruh olmoshlari.

002

1 октябрь — Таниқли шоира Ҳалима Аҳмедова таваллуд топган кун

Мен ҳамон кетардим ўзини таниб-танимаган ёмғирлар билан, менинг босган қадамларим елкасига малол келаётган йўл билан… Ортимдан келаётган бир эркак ҳансираганича қўлидаги улкан қора соябони панасига мени ҳам таклиф этади. Унга миннатдор боқиб: “Соябонни хуш кўрмайман”, дейман. У менинг ёмғир ювиб бораётган юз-кўзимга ажабланиб қараганча югуриб кетади.

07
Ҳалима Аҳмедова
РУҲ ОЛМОШЛАРИ
002

МЕН

041Ҳаво тундлашгандан тундлашди. У гўё лаҳза сайин қоронғулашиб бораётган қисматимга ўчакишаётгандек эди.
Мен шоша-пиша ишдан қайтар эдим. Уст-бошим шаллаббо. Ёмғир тинай демасди. Шу дам негадир ёмғирнинг таъмини билгим келди ва ҳовучимни беҳуш ёғаётган ёмғирга тутдим.

Бир зумда ҳовучим тўлди. Болалигимда ариқ сувини ичгандай уни ютоқиб сипқордим. Бунча тотли. Мен доим ёмғир ёғишини осмон йиғлаяпти, деб таърифлардим.

Айтишларича, ғамдан йиғласанг кўз ёшинг шўр, шодликдан йиғласанг ширин бўлар экан… Осмон бунча хушбахт бўлмаса?!

Мен ҳамон кетардим ўзини таниб-танимаган ёмғирлар билан, менинг босган қадамларим елкасига малол келаётган йўл билан… Ортимдан келаётган бир эркак ҳансираганича қўлидаги улкан қора соябони панасига мени ҳам таклиф этади. Унга миннатдор боқиб: “Соябонни хуш кўрмайман”, дейман. У менинг ёмғир ювиб бораётган юз-кўзимга ажабланиб қараганча югуриб кетади. Мен нега ўзи соябонни ёмон кўраман? Негадир соябон менинг бошимни қўриқлабгина қолмай, балки эркимни ҳам бўғиб қўяётгандек бўлаверади. Яратганнинг ўзи кечирсин-у, баъзида осмон ҳам бошимда улкан бир соябонга айлангандек бўлади. Ўшандай пайтларда шу қадар сиқилиб кетаманки, бўғилиш жаҳдида беихтиёр осмон ортидаги дунё ҳақида ўйлай бошлайман. Қизиқ, у ерда нима бор экан-а? Ҳарчанд уринмай чала-чулпа ўқиган китобларимдаги баъзи манзаралар ва аллақандай фаразларимдан бошқа ҳеч нарса тополмайман.

Ҳозир эса ёмғирли олам ичра борар эканман, рўпарамдан бир-бирининг пинжига кирганча келаётган ёшгина ошиқ-маъшуқларга кўзим тушаркан, нима ҳақда ўйлаётганимни эсимдан чиқараман. Уларга қорни оч қолиб севимли таомининг ширин ҳиди димоғини қитиқлаётган одамдек энтикиб қарайман. Шу пайт бир томчи ёмғир кипригимга илиниб кўзимга тўлаётган сув билан ўйнашгиси келгандай шўхлик қила бошлайди. Энди юзимда ширин ва шўр сув бир-бирининг пинжига кирган ошиқ-маъшуқлардай битта бўлиб оқа бошлайди.

Кўча чироқлари бирин-кетин ёниб, атрофимда бахтиёр рақсга тушаётганга ўхшайди. Мен ҳануз каловланиб бораяпман, аммо қаерга?! Албатта уйимга-да, деб ўйлайман, мискин карахтлик билан. Менинг уйим. У қаерда эди, ўзи бор эдими?! Таҳликали бир савол бутун вужудимни уйғотмоқчи бўлгандай бармоғимдан сочим учигача совуқ ўрмалайди. Мен эса лоқайд дунё-нинг бир лоқайд саволи янглиғ ҳамон қаёққадир суд-раламан. Кошкийди шу дамда ( ҳатто қаттол ғанимим бўлса ҳам майли) кимдир йўлимни тўсиб чиқиб, мендан ҳол сўраса. О, ўшанда булутдай тилкапора бўлиб тўкилардим. Айтаверардим, йиғлайверардим, айтаверардим, йиғлайверардим. Мендан ҳол сўраган устимдан кулса ҳам майли…

Ғийқиллаган кескин бир овоз йўлнинг ўртасида мени ўзимга келтиради. Ҳашаматли машина эгаси бошини чиқариб, сўкинади:
– Ўлгинг келган бўлса, бошқа жой изла, ифлос, сенинг касофатингга қолайми энди?!
Бир зум ҳушёр тортаман: “Ифлос дедими?” Нимадандир жаҳлим чиққандек бўлади. Аммо, зум ўтмасдан яна лабимга лоқайд табассум сигир елинига ёпишган канадай ёпишади. Бу табассум шу қадар мазмунсизки, агар шу лаҳзада кимдир менга боқса йиғлаб юбориш ҳеч гап эмас, деб ўйлайман.

Нега тўрт томоним бўм-бўш, кўнглимнинг ичида ҳувиллаётган кимнинг овози?! Мен қаёққа кетаяпман?!
Хуллас, мана шундай саволлар арқонига ўзимни чандиб ташлаганимга анча бўлди. Ҳар тонгда сўнгги жангга отланган мажолсиз аскардай ҳаётга кираман. Фақат бу жанг сўнгида ғолиблигимни ҳам, мағлублигимни ҳам англолмайман. Ҳозир эса ёмғирлар шаффоф қамчисида мени савалаб ана шу оғир хаёллар ичидан қувиб чиқармоқ учун зўр бераётгандек. Афсуски, мен аллақачон ўша хаёлнинг ўзига айланиб бўлганман.
Ёмғирли шомнинг соясига қоқилиб кетаман. Хайрият-ей, йиқилмадим. Мени бекатда анчадан буён автобус пойлаётган бир аёл суяб қолади. Унга раҳмат айтганча, шошилиб сўрайман:
– 21- автобус ўтмадими?

У аёл паришон жавоб беради:
– Ўтмади шекилли.
Бу аёл кўзимга жуда таниш кўринади. Уни аввал қаёкда кўрган эдим-а? Унинг бир тутамгина бўлиб қолган юзи, тарам-тарам ажинга тўла пешонаси, кўзлари ичидаги мунг юрагимни азоб тирноғида қитиқлай бошлайди.
Бекатда у аёлдан бошқа ҳеч ким бўлмаганлиги боисми ёки юрагимдаги ғашликни тарқатиш учунми, уни суҳбатга тортгим келади:
– Сиз қайси автобусни кутаяпсиз?
– Билмайман.
– Нима, адашиб қолдингизми?
– Адашганимга анча бўлган.
– Фарзандлардан нечта? – сўрайман суҳбатга сал илиқлик киритиш учун.

Аёл аввалги оҳангда жавоб беради:
– Битта ўғлим бор…
У шу сўзни айтиб, назаримда жукнжиккандек бўлади. У ёқдан бу ёққа бетоқат юра бошлайди. Аёлнинг бу ҳолатини кузатиб туриб, ўсмоқчилаб сўрайман:
– Нимадандир хафамисиз?
– Ўзимдан хафаман, – дейди аёл кўзларига тўлиб бораётган қоронғуликни яшириб.
– Қизиқ, мен сизни қаердадир кўргандекман. Қаерда ишлайсиз?
– Радиода ишлайман, – дейди у нимадандир толиққан ва нимадир жонига теккандай.
– Мен ҳам радиода ишлайман, аммо сизни у ерда кўрмаганман, – дейман ҳовлиқиб.

Аёл менинг кўзларимга маносиз боқади. Руҳимда жинлар базм қура бошлайди, жоним қандайдир нохушликни сезгандай тинимсиз типирчилайди. Бор кучимни тўплаб сўнгги саволимни бераман:
– Узр, кўнглингизга келмасин-у, қаерда яшайсиз?

Аёл тошдан йўнилган ўрта аср ҳайкалидай совуқ ва пинагини бузмасдан мен яшайдиган манзилни айтадию бориб бекатдаги ўриндиққа ўтиради. Одмигина сумкасини чангаллаган қўлларига боқаман. Унинг бармоқларида менинг севимли кумуш узукларим синиққина жилмаяди. Менинг эса бу аёлнинг олдидан тезроқ кетгим, ёмғиргами, шамолгами айлангим келади. Овозсиз бир овозда бақираман:
– Мен кимман, у аёл ким?!
Менинг ҳайқириғимни бекатда дайдиб юрган ёмғирли шамол ютиб юборади.

С Е Н

Тун эди. Сен чўчиб уйғондинг. Ким учундир яшириб қўйганинг хаста юрак, энди ҳеч кимга керак эмаслигини сезганиданми, созанда ёмғирлар чертаётган дераза ойнасидан таралаётган куйга ўзига қасд қилгандек тинимсиз рақсга тушар, унинг бу зарби сенинг кўкрак қафасингга оғирлик қилар эди.

Сен ўзингга бўйсунмаётган вужудингни судраб, бир амаллаб деразани очиб юбординг. Баҳор ва ёз қовушган туннинг ҳавоси хонангга гупириб кирди. Яна ёмғирда ивиган тупроқнинг жуда таниш ҳиди димоғларингни тўлдирди. Ногаҳон унда онангнинг ширин бўйини туйиб, энтикиб қўйдинг.
Дераза рахига суяниб узоқ ўтирдинг. Қизиқ, ёмғир ёғаяпти-ю, ой ҳеч нарса бўлмагандек булутлар оша кулиб турибди. Шу дамда ойга жуда ҳавасинг келиб кетди. Қанийди мен ҳам барча ғаму қайғуларим устидан кулиб яшай олсам эди, деб ўйладинг.

Аммо ўйларинг ҳам шу қадар ожиз эдики, руҳингдаги қоронғуликдан чўчиб сени бир зумда тарк этди.
Яна судралиб келиб, совиб улгурмаган ўрнингга ётдинг. Уйқусизликдан оғриётган кўзларингни ҳарчанд юмишга уринмагин, улар ухлашдан бош тортарди.

Шунда бирдан очиқ деразадан кириб келган оппоқ нурга нигоҳинг тушди. У нур хонангни обдон айланди ва ғалати овозда шивирлади:
– Уйқунг келмаяптими?

Аввалига ғайритабиий бир қўрқувдан титраб кетдинг. Сўнг эса ақлдан озаяпман шекилли, деган хаёлга бординг. Нур сенда кечаётган ҳолатни сезди. Ва яна тилга кирди:
– Мени танимадингми, дейман.
– Сен ўзингни қўлга олишга уриндинг ва хаста овозда сўрадинг:
– Сен кимсан?

Нур сенинг ёшликдаги овозингда узоқ қаҳқаҳа урди.
Нигоҳингга киргудай бўлиб шивирлади.
– Энди танидингми?
– Танигандайман…
– Мен сенинг жонингдан қочган нурман.
– Нега жонимдан қочдинг?
– Сен билан бирга туғилган эдим. Мен билан нақадар гўзал эдинг, хушбахт эдинг. Афсус, мени қадрлай олмадинг. Менга хиёнат қилдинг.
– Хиёнат, қандай хиёнат?!
– Арзон гаровга қайғу, ғамларни сотиб олавердинг. Сенда шаффоф бир ишқ бор эди. Уни ёлғоннинг бир бўсасига туҳфа қилиб юбординг. Агар ёдингдан чиққан бўлса, мана кўр.

Оқ нур бир айланиб кўзгуга айланди-да, сенинг ўтган кунларинг бу кўзгуда акс эта бошлади. Сен уларни кўра туриб ҳайқириб юбординг:
– Бас, бас, етар. Мақсадинг нима ўзи сенинг? Ё мени ажалимдан бурун ўлдирмоқчимисан?!
– Йўқ, асло ундай эмас ваҳоланки неча йилдан буён эшигинг ортида ажалинг сени пойлаб турибди… Фақат мен уни чалғитиб сени ундан асраяпман.
– Ташаккур, мендан аразлаб кетганингни билдим, аммо қайтишингнинг боиси нима?
– Сенга жуда раҳмим келди.
– Ҳозир қаерда яшаяпсан?
– Баланд оқ теракнинг учидаги бир япроқда…

– Жонимга қайтсанг бўлмайдими?
– Йўқ, энди у ерга қайтолмайман. Фақат бу дунёни тарк этганингда жонингни кўтариб Ҳақнинг олдига боришим керак..
– Унда айт-чи, яна қанча яшайман?
– Буни айтишга ожизман. Фақат қушларнинг кўзига қамалган осмон озод бўлган куни омонатингни топширишингни биламан, холос.
– Яқингинамда яшар экансан, нега олдинроқ келмадинг?
– Сени ҳар куни кузатаман. Бу тун жуда абгорсан, таскин берай деб келдим. Биласанми, сенинг чеккан ҳар оҳинг менга бориб тегади ва менинг кучимни заифлаштиради. Наҳотки ҳаётдан рози бўлиб яшашингнинг иложи бўлмаса?!
– Мен кўп ҳаракат қилдим. Аммо…

– Йўқ, бу шунчаки баҳона. Мен сени яна бир сирдан огоҳ этмоқчиман. Барча дўстларингнинг юзида, ҳаттоки севган инсонингнинг юзида ҳам ниқоби бор. Сенинг энг катта фожианг дунёга ниқобсиз боқишингда.
– Йўғ-ей, наҳотки дўстларим мени алдаса?! Айтгандай мен севган инсондан хабаринг борми?! У бахтлими?!
– Уни билмадиму, аммо сени аллақачонлар унутиб юборган…
– Унутиш шунчалар осонми?!
– Ҳар ҳолда ниқоби борларга яшаш анча осон… Айтгандай тунларда деразангдан қандайдир нигоҳ сени кузатганини сезасанми?
– Сезганман. Менга шундай туюлади деб ўйлардим…
– Йўқ, у бир сенга ўхшаган аламзада аёлнинг нигоҳи.
– Тушунмадим.

– Бу дунёни тарк этар чоғда ҳаётга тўймаган инсонларнинг руҳи дарахтлар руҳи билан қовушади.
– Наҳотки?!
– Ҳа, шундай, деразанг олдидаги катта ўрик дарахтига ўша аёлнинг руҳи кўчган. У аёл бир пайтлар жуда дилбар ва давлатманд бўлган. Ҳуснининг давлати ортида туриб ўз ишқига хиёнат қилган. Ишқнинг қарғиши урган.
– Қандай қилиб?!
– Яқин бир дугонаси заҳарлаб ўлдирган. Қилган хиёнатини ўзга бир хиёнат оғуси билан ювган бу аёл қиёматгача дарахтдан дарахтга кўчиб яшайди.

– Сен буларни қаердан биласан?
– Эсингдан чиқарма, мен Оқ Нурман.
– Тушундим. Аммо менга қайтишингнинг ҳеч ҳам иложи йўқми?
– Иложи бўлганда қайтган бўлар эдим. Майли, мен кетдим.
– Шошма, шошма, яна келасанми?!
– Балки….

– Айт-чи, мен қандай қилсам яхши яшайман?!
– Ҳаётнинг кўзига қўрқмасдан қара. Ҳаёт кучлиларни яхши кўради…

Оқ Нур хонангни яна бир бор айланиб чиқди-да, хайр дегандай бир силкиниб чиқиб кетди. Сен эса ўзингни анча бардам ҳис қила бошладинг.
Ёмғир ҳам тинди. Осмоннинг оппоқ шоҳи рўмоли сирғалиб ерга тушди. Тонг майингина жилмайди. Тун бўйи ёмғир бодасидан тўйган ғунчалар керишиб кўз очди.
Фаррошларнинг супургиси тирикликнинг янги қўшиғини куйлай бошлади.
Сен титраб турган баланд оқ теракнинг учидаги япроққа кўз тутдинг. Унда қандайдир нур порлаб турарди. Жонинг ўша нурга ёмон талпинди.

У

У Бухородан анча олис, аммо илдизлари Бухородан сув ичган, кичик бир қишлоқчада яшар эди. Болалиги капалаклар қанотидай ранг-баранг кунлар жилвасида ўтди. Қушлар, қумурсқалар, майсаю гиёҳлар тилини ўрганишдан асло эринмади.

Аммо негадир уни шамол севгиси ўзига жалб қилар, қаерда бўлмасин шамолнинг соғинчи билан яшар эди.
Беда гулларининг нафис ҳидига кўмилган далаларда шамол билан ўйнашдан чарчамас, ичидаги бор- йўқ дунёсини унга туҳфа қилгиси келарди. Сунбуланинг сочларига қуёш ўзини осган кунда шамол унинг юрагини сирли чимчилади. Ва Уни ортидан бошлаб катта шаҳарга йўл олди.

У йўл бўйи болаликдан ёд бўлган қўшиқни хиргойи қилиб борди:

Шамол-шамол кокили ҳайдар.
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар…

Бу қўшиқни у шамол билан шу қадар кўп куйладики, бундан чарчаган ҳаёт уларнинг овозини эшитмаслик учун қулоғини беркитди. Шундан сўнг ҳаётнинг қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолди.

Хуллас, у шамолнинг ортидан эргашиб, нокаслар оёғи остида таъна-маъломатлардан эзилиб юраги тошга айланган шаҳарга келиб қолди.

Шамол билан бу шаҳарни обдон айланди. Узоқ йиллар бу шаҳардан нимадир излади. Аммо нима излаётганини ўзи ҳам билмас эди. У шодликдан ҳам, ғамдан ҳам тўйиб бўлган бир пайтда, содиқ дўсти шамол унинг қулоғига шивирлади:
– Юр, сени дунёнинг энг тоза жойига олиб бораман. У аввалига шамолнинг гапига ишонмади. Чунки у бу дунёда тоза жой қолмаган деб ўйларди.

Аммо азбаройи зерикканидан шамолнинг ортидан яна йўлга тушди. Ва ниҳоят боғ деса боққа, тоғ деса тоққа ўхшамайдиган жойга етиб келди. Қизиқ, боғ деса, дарахтларининг меваси йўқ, ўрта-ўртасида мармар тошлар бош кўтариб турибди. Тоғ деса чўққиси йўқ…

Бу жой шунчалар сокин эдики, у кар қулоқларининг ичидаги безори шовқиннинг акс-садоси янада баландлашганини сезди.

Ногаҳон кўзи ялтираб турган қора мармартош устида оёқларини ўйнатиб хотиржам ўтирган ўсмирга тушди. Ўсмирнинг кўзлари ичидаги армонли шуъла шу қадар оғир эдики, у буни кўтара олмай, беихтиёр ерга ўтириб олди.
Ўсмир ҳайрон бўлиб унга узоқ тикилди. Ва унингг севимли қўшиғини баралла куйлай бошлади:

Шамол, шамол кокили ҳайдар,
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар.

Авваллига бу бола уни масхаралаётгандай туюлиб, роса, жаҳли чиқди.

– Ҳей, бола, уялмайсанми ўзингдан каттани масхара қилишга?!
– Мен ҳеч кимни масхара қилганим йўқ, бу болаликдаги севимли қўшиғим.
– Сенга бу қўшиқни ким ўргатган?
– Шамол ўргатган. Сиз ҳам биласизми бу қўшиқни?!
– Биламан.
– Келинг, биргалашиб айтамиз бўлмаса.

Боланинг кўнгли учун У бу қўшиқни жўр бўлиб айтди.
Қўшиқ тугагач, боладан сўради:
– Сен бу ерда нима қиляпсан?
– Мен уч йилдан буён шу ерда яшайман.
– Нега, уйинг йўқми?
– Мана менинг уйим,– деди бола катта қора мармартошнинг остини кўрсатиб…

Шундагина унинг кўнгли совуқ бир нимани сезгандай бўлди.
– Сени бу ерда яшашга нима мажбур қилди?
– Ўзим, – деди бола пушаймонлигини ошкор этмоқчидай.
У разм солиб болага қаради шундагина боланинг бўйнида қолган арқон изларини кўрди.
– Нега ахир бундай қилдинг?!
– Қадримни ўтказмоқчи эдим.
– Хўш, ўтказа олдингми?
– Бир йилча эслаб йиғлаб олдимга келиб юришди. Аммо кейин ҳамма дўстларимнинг ёдидан чиқдим. Биласизми, синфимизда жуда гўзал бир қиз бор эди. Уни яхши кўрардим. Аммо у менга қиё ҳам боқмасди. Мен учун куйдими, йўқми – билмайман…

Шу пайт юзларига ғам соя солган бир аёл тўғри ўсмир ўрнашиб олган мармар тош томон кела бошлади.
Бу аёлни кўрган бола сакраб тушдию, “ойижон” деганча аёлга талпинди. Аёл карахт эди. Мук тушиб йиғларкан, бўйнига осилган боланинг меҳрибон қўлларини сезмасди. У мунг ҳайкалига айланаёзган онага ва ўз хатосини кеч англаган ўсмирга қандай сўз ила таскин беришни билмасди.

Уларни холи қўйиб, яна шамол этаги билан эринмай артаётган мармар тошлар оралаб борар экан, У кар қулоғини қоматга келтирувчи баланд- паст, турли-туман овозларни эшита бошлади.
У гўё қиёматнинг шаҳрига келиб қолгандай эди.

Маҳобатли мармар тошга суянган, қирқ ёшлардаги сочи оппоқ киши ўзидан сал наридаги яқиндагина қорни дўппайган тупроқ бошида абгор ўтирган кекса одамга қаҳрини тўкарди.

– Охири келар экансанку мен келган жойга. Нега шундай қилдинг-а, сенга менинг унвоним керакмиди, сени дўст деб ишонибман. Уялмай-нетмай ўзинг қилган расволикни менинг бўйнимга юкладинг. Бечора бир қизнинг шаънини булғаб, яна уни ўлдириб юбординг. Ҳаммаси учун эса мен жавоб бердим. Бу кўргуликларга юрагим дош берганда эди, ҳаммаси бошқача бўларди.
Биласанми, ўша қиз ҳар тунда келиб менга дардларини айтиб кетади…
– Мен нобакорни кечир, дўстим.
– Дўст дема, ҳеч қачон дўст дема…
Мармар тошлар аро у ёқдан бу ёққа югуриб юрган бир телба аёлнинг фиғони икки дўстнинг суҳбатини босиб кетди.
Мармартошларнинг совуқ, сирли нигоҳи телба аёлга тикилади.
Аёл тинимсиз:
– Ўғри, ўғрини ушланг, топган барча бойлигимни ўғирлаб кетди….
У бу телба аёлнинг суратини қайсидир мармартошда кўргандай бўлди. Қўрқувданми ёки бу жойнинг совуқ нафасиданми, эти жунжикиб кетди.

Телба аёл югура-югура ўша сурати акс этган мармартошнинг оёғида ҳушидан кетиб, оғзидан кўпик оқа бошлади. Аммо ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди.

Зотан, ҳаёт бу гўшадан аллақачон оёғини узган. Унинг қонуни бу ерда кор қилмас эди.
У бу ерда қорни дўппайиб, умид билан фарзанд кутаётган оналарнинг алласини эшитди, висол тунидан айро тушган келинчакларнинг ёр-ёрини тинглади. Аммо улар жуда совуқ, умидсиз эди. Улардан қуёшнинг нур томирлари аллақачон узилган эди.

Ўзидан кетиб бораётган руҳини маҳкам қучоқлаганча У шамолни чақирди .Аммо шамол жавоб бермади.
Тоғ деса тоққа, боғ деса боққа ўхшамайдиган жойдан бир амаллаб чиқди-ю, ҳаётни тўйиб-тўйиб ҳидлади.
– Майли, арзу-додимни эшитмайдиган кар бўлса ҳам Ҳаёт жуда хушбўй, жуда ширин, – деди у юрагининг рангини ўғирлаб, кўзига қарай олмай ботишга чоғланган офтобга боқиб…

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди.

002

001Ҳалима Аҳмедова – 1960 йил 1 октябрда Бухоро вилояти (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа туманидаги Пўлот қилоғида таваллуд топган. 1983 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факултетини тамомлаган. Шоиранинг илк китоби 1986 йили “Кўзимнинг тили” номи билан чоп этилган. Кейинчалик 1987 йили “Тунги марваридгуллар”, 1996 йили “Эрк даричаси”. 2005 йили “Тийрамоҳ”, 2007 йили “Афсун”, 2008 йили “Умид сояси”, 2011 йили “Нигоҳ қибласи”, 2012 йили “Шафақ ибодати” сингари китоблари нашр этилган.

Halima Ahmedova – 1960 yil 1 oktyabrda Buxoro viloyati (hozirgi Navoiy viloyati) Qiziltepa tumanidagi Po’lot qilog’ida tavallud topgan. 1983 yilda ToshDU (hozirgi O’zMU)ning filologiya fakultetini tamomlagan. Shoiraning ilk kitobi 1986 yili “Ko’zimning tili” nomi bilan chop etilgan. Keyinchalik 1987 yili “Tungi marvaridgullar”, 1996 yili “Erk darichasi”. 2005 yili “Tiyramoh”, 2007 yili “Afsun”, 2008 yili “Umid soyasi”, 2011 yili “Nigoh qiblasi”, 2012 yili “Shafaq ibodati” singari kitoblari nashr etilgan.

07
Halima Ahmedova
RUH OLMOSHLARI
002

M E N

Havo tundlashgandan tundlashdi. U go’yo lahza sayin qorong’ulashib borayotgan qismatimga o’chakishayotgandek edi.
Men shosha-pisha ishdan qaytar edim. Ust-boshim shallabbo. Yomg’ir tinay demasdi. Shu dam negadir yomg’irning ta’mini bilgim keldi va hovuchimni behush yog’ayotgan
yomg’irga tutdim.

Bir zumda hovuchim to’ldi. Bolaligimda ariq suvini ichganday uni yutoqib sipqordim. Buncha totli. Men doim yomg’ir yog’ishini osmon yig’layapti, deb ta’riflardim.

Aytishlaricha, g’amdan yig’lasang ko’z yoshing sho’r, shodlikdan yig’lasang shirin bo’lar ekan… Osmon buncha xushbaxt bo’lmasa?!

Men hamon ketardim o’zini tanib-tanimagan yomg’irlar bilan, mening bosgan qadamlarim yelkasiga malol kelayotgan yo’l bilan… Ortimdan kelayotgan bir erkak hansiraganicha qo’lidagi ulkan qora soyaboni panasiga meni ham taklif etadi. Unga minnatdor boqib: “Soyabonni xush ko’rmayman”, deyman. U mening yomg’ir yuvib
borayotgan yuz-ko’zimga ajablanib qaragancha yugurib ketadi. Men nega o’zi soyabonni yomon ko’raman? Negadir soyabon mening boshimni qo’riqlabgina qolmay, balki
erkimni ham bo’g’ib qo’yayotgandek bo’laveradi. Yaratganning o’zi kechirsin-u, ba’zida osmon ham boshimda ulkan bir soyabonga aylangandek bo’ladi. O’shanday paytlarda
shu qadar siqilib ketamanki, bo’g’ilish jahdida beixtiyor osmon ortidagi dunyo haqida o’ylay boshlayman. Qiziq, u yerda nima bor ekan-a? Harchand urinmay chala-chulpa o’qigan kitoblarimdagi ba’zi manzaralar va allaqanday farazlarimdan boshqa hech narsa topolmayman.

Hozir esa yomg’irli olam ichra borar ekanman, ro’paramdan bir-birining pinjiga kirgancha kelayotgan yoshgina oshiq-ma’shuqlarga ko’zim tusharkan, nima haqda o’ylayotganimni esimdan chiqaraman. Ularga qorni och qolib sevimli taomining shirin hidi dimog’ini qitiqlayotgan odamdek entikib qarayman. Shu payt bir tomchi yomg’ir kiprigimga ilinib ko’zimga to’layotgan suv bilan o’ynashgisi kelganday sho’xlik qila boshlaydi. Endi yuzimda shirin va sho’r suv bir-birining pinjiga kirgan oshiq-ma’shuqlarday bitta bo’lib oqa boshlaydi.

Ko’cha chiroqlari birin-ketin yonib, atrofimda baxtiyor raqsga tushayotganga o’xshaydi. Men hanuz kalovlanib borayapman, ammo qaerga?! Albatta uyimga-da, deb o’ylayman, miskin karaxtlik bilan. Mening uyim. U qaerda edi, o’zi bor edimi?! Tahlikali bir savol butun vujudimni uyg’otmoqchi bo’lganday barmog’imdan sochim uchigacha sovuq o’rmalaydi. Men esa loqayd dunyo-ning bir loqayd savoli yanglig’ hamon qayoqqadir sud-ralaman. Koshkiydi shu damda ( hatto qattol g’animim bo’lsa ham mayli) kimdir yo’limni to’sib chiqib, mendan hol so’rasa. O, o’shanda bulutday tilkapora bo’lib to’kilardim. Aytaverardim, yig’layverardim, aytaverardim, yig’layverardim. Mendan hol so’ragan ustimdan kulsa ham mayli…

G’iyqillagan keskin bir ovoz yo’lning o’rtasida meni o’zimga keltiradi. Hashamatli mashina egasi boshini chiqarib, so’kinadi:
– O’lging kelgan bo’lsa, boshqa joy izla, iflos, sening kasofatingga qolaymi endi?!
Bir zum hushyor tortaman: “Iflos dedimi?” Nimadandir jahlim chiqqandek bo’ladi. Ammo, zum o’tmasdan yana labimga loqayd tabassum sigir yeliniga yopishgan kanaday yopishadi. Bu tabassum shu qadar mazmunsizki, agar shu lahzada kimdir menga boqsa yig’lab yuborish hech gap emas, deb o’ylayman.

Nega to’rt tomonim bo’m-bo’sh, ko’nglimning ichida huvillayotgan kimning ovozi?! Men qayoqqa ketayapman?!
Xullas, mana shunday savollar arqoniga o’zimni chandib tashlaganimga ancha bo’ldi. Har tongda so’nggi jangga otlangan majolsiz askarday hayotga kiraman. Faqat bu jang so’ngida g’olibligimni ham, mag’lubligimni ham anglolmayman. Hozir esa yomg’irlar shaffof qamchisida meni savalab ana shu og’ir xayollar ichidan quvib chiqarmoq uchun zo’r berayotgandek. Afsuski, men allaqachon o’sha xayolning o’ziga aylanib bo’lganman.
Yomg’irli shomning soyasiga qoqilib ketaman. Xayriyat-yey, yiqilmadim. Meni bekatda anchadan buyon avtobus poylayotgan bir ayol suyab qoladi. Unga rahmat aytgancha,
shoshilib so’rayman:
– 21- avtobus o’tmadimi?

U ayol parishon javob beradi:
– O’tmadi shekilli.
Bu ayol ko’zimga juda tanish ko’rinadi. Uni avval qayokda ko’rgan edim-a? Uning bir tutamgina bo’lib qolgan yuzi, taram-taram ajinga to’la peshonasi, ko’zlari ichidagi mung yuragimni azob tirnog’ida qitiqlay boshlaydi.
Bekatda u ayoldan boshqa hech kim bo’lmaganligi boismi yoki yuragimdagi g’ashlikni tarqatish uchunmi, uni suhbatga tortgim keladi:
– Siz qaysi avtobusni kutayapsiz?
– Bilmayman.
– Nima, adashib qoldingizmi?
– Adashganimga ancha bo’lgan.
– Farzandlardan nechta? – so’rayman suhbatga sal iliqlik kiritish uchun.

Ayol avvalgi ohangda javob beradi:
– Bitta o’g’lim bor…
U shu so’zni aytib, nazarimda juknjikkandek bo’ladi. U yoqdan bu yoqqa betoqat yura boshlaydi. Ayolning bu holatini kuzatib turib, o’smoqchilab so’rayman:
– Nimadandir xafamisiz?
– O’zimdan xafaman, – deydi ayol ko’zlariga to’lib borayotgan qorong’ulikni yashirib.
– Qiziq, men sizni qaerdadir ko’rgandekman. Qaerda ishlaysiz?
– Radioda ishlayman, – deydi u nimadandir toliqqan va nimadir joniga tekkanday.
– Men ham radioda ishlayman, ammo sizni u yerda ko’rmaganman, – deyman hovliqib.

Ayol mening ko’zlarimga manosiz boqadi. Ruhimda jinlar bazm qura boshlaydi, jonim qandaydir noxushlikni sezganday tinimsiz tipirchilaydi. Bor kuchimni to’plab so’nggi savolimni beraman:
– Uzr, ko’nglingizga kelmasin-u, qaerda yashaysiz?

Ayol toshdan yo’nilgan o’rta asr haykaliday sovuq va pinagini buzmasdan men yashaydigan manzilni aytadiyu borib bekatdagi o’rindiqqa o’tiradi. Odmigina sumkasini
changallagan qo’llariga boqaman. Uning barmoqlarida mening sevimli kumush uzuklarim siniqqina jilmayadi. Mening esa bu ayolning oldidan tezroq ketgim,
yomg’irgami, shamolgami aylangim keladi. Ovozsiz bir ovozda baqiraman:
– Men kimman, u ayol kim?!
Mening hayqirig’imni bekatda daydib yurgan yomg’irli shamol yutib yuboradi.

S E N

Tun edi. Sen cho’chib uyg’onding. Kim uchundir yashirib qo’yganing xasta yurak, endi hech kimga kerak emasligini sezganidanmi, sozanda yomg’irlar chertayotgan deraza oynasidan taralayotgan kuyga o’ziga qasd qilgandek tinimsiz raqsga tushar, uning bu zarbi sening ko’krak qafasingga og’irlik qilar edi.

Sen o’zingga bo’ysunmayotgan vujudingni sudrab, bir amallab derazani ochib yubording. Bahor va yoz qovushgan tunning havosi xonangga gupirib kirdi. Yana yomg’irda ivigan tuproqning juda tanish hidi dimog’laringni to’ldirdi. Nogahon unda onangning shirin bo’yini tuyib, entikib qo’yding.Deraza raxiga suyanib uzoq o’tirding. Qiziq, yomg’ir yog’ayapti-yu, oy hech narsa bo’lmagandek bulutlar osha kulib turibdi. Shu damda oyga juda havasing kelib ketdi. Qaniydi men ham barcha g’amu qayg’ularim ustidan kulib yashay olsam edi, deb o’ylading.

Ammo o’ylaring ham shu qadar ojiz ediki, ruhingdagi qorong’ulikdan cho’chib seni bir zumda tark etdi. Yana sudralib kelib, sovib ulgurmagan o’rningga yotding. Uyqusizlikdan og’riyotgan ko’zlaringni harchand yumishga urinmagin, ular uxlashdan bosh tortardi.

Shunda birdan ochiq derazadan kirib kelgan oppoq nurga nigohing tushdi. U nur xonangni obdon aylandi va g’alati ovozda shivirladi:
– Uyqung kelmayaptimi?

Avvaliga g’ayritabiiy bir qo’rquvdan titrab ketding. So’ng esa aqldan ozayapman shekilli, degan xayolga bording. Nur senda kechayotgan holatni sezdi. Va yana tilga kirdi:
– Meni tanimadingmi, deyman.
– Sen o’zingni qo’lga olishga urinding va xasta ovozda so’rading:
– Sen kimsan?

Nur sening yoshlikdagi ovozingda uzoq qahqaha urdi.
Nigohingga kirguday bo’lib shivirladi.
– Endi tanidingmi?
– Tanigandayman…
– Men sening joningdan qochgan nurman.
– Nega jonimdan qochding?
– Sen bilan birga tug’ilgan edim. Men bilan naqadar go’zal eding, xushbaxt eding. Afsus, meni qadrlay olmading. Menga xiyonat qilding.
– Xiyonat, qanday xiyonat?!
– Arzon garovga qayg’u, g’amlarni sotib olaverding. Senda shaffof bir ishq bor edi. Uni yolg’onning bir bo’sasiga tuhfa qilib yubording. Agar yodingdan chiqqan bo’lsa, mana ko’r.

Oq nur bir aylanib ko’zguga aylandi-da, sening o’tgan kunlaring bu ko’zguda aks eta boshladi. Sen ularni ko’ra turib hayqirib yubording:
– Bas, bas, yetar. Maqsading nima o’zi sening? YO meni ajalimdan burun o’ldirmoqchimisan?!
– Yo’q, aslo unday emas vaholanki necha yildan buyon eshiging ortida ajaling seni poylab turibdi… Faqat men uni chalg’itib seni undan asrayapman.
– Tashakkur, mendan arazlab ketganingni bildim, ammo qaytishingning boisi nima?
– Senga juda rahmim keldi.
– Hozir qaerda yashayapsan?
– Baland oq terakning uchidagi bir yaproqda…

– Jonimga qaytsang bo’lmaydimi?
– Yo’q, endi u yerga qaytolmayman. Faqat bu dunyoni tark etganingda joningni ko’tarib Haqning oldiga borishim kerak..
– Unda ayt-chi, yana qancha yashayman?
– Buni aytishga ojizman. Faqat qushlarning ko’ziga qamalgan osmon ozod bo’lgan kuni omonatingni topshirishingni bilaman, xolos.
– Yaqinginamda yashar ekansan, nega oldinroq kelmading?
– Seni har kuni kuzataman. Bu tun juda abgorsan, taskin beray deb keldim. Bilasanmi, sening chekkan har ohing menga borib tegadi va mening kuchimni zaiflashtiradi. Nahotki hayotdan rozi bo’lib yashashingning iloji bo’lmasa?!
– Men ko’p harakat qildim. Ammo…

– Yo’q, bu shunchaki bahona. Men seni yana bir sirdan ogoh etmoqchiman. Barcha do’stlaringning yuzida, hattoki sevgan insoningning yuzida ham niqobi bor. Sening eng katta fojiang dunyoga niqobsiz boqishingda.
– Yo’g’-yey, nahotki do’stlarim meni aldasa?! Aytganday men sevgan insondan xabaring bormi?! U baxtlimi?!
– Uni bilmadimu, ammo seni allaqachonlar unutib yuborgan…
– Unutish shunchalar osonmi?!
– Har holda niqobi borlarga yashash ancha oson… Aytganday tunlarda derazangdan qandaydir nigoh seni kuzatganini sezasanmi?
– Sezganman. Menga shunday tuyuladi deb o’ylardim…
– Yo’q, u bir senga o’xshagan alamzada ayolning nigohi.
– Tushunmadim.

– Bu dunyoni tark etar chog’da hayotga to’ymagan insonlarning ruhi daraxtlar ruhi bilan qovushadi.
– Nahotki?!
– Ha, shunday, derazang oldidagi katta o’rik daraxtiga o’sha ayolning ruhi ko’chgan. U ayol bir paytlar juda dilbar va davlatmand bo’lgan. Husnining davlati ortida turib o’z ishqiga xiyonat qilgan. Ishqning qarg’ishi urgan.
– Qanday qilib?!
– Yaqin bir dugonasi zaharlab o’ldirgan. Qilgan xiyonatini o’zga bir xiyonat og’usi bilan yuvgan bu ayol qiyomatgacha daraxtdan daraxtga ko’chib yashaydi.

– Sen bularni qaerdan bilasan?
– Esingdan chiqarma, men Oq Nurman.
– Tushundim. Ammo menga qaytishingning hech ham iloji yo’qmi?
– Iloji bo’lganda qaytgan bo’lar edim. Mayli, men ketdim.
– Shoshma, shoshma, yana kelasanmi?!
– Balki….

– Ayt-chi, men qanday qilsam yaxshi yashayman?!
– Hayotning ko’ziga qo’rqmasdan qara. Hayot kuchlilarni yaxshi ko’radi…

Oq Nur xonangni yana bir bor aylanib chiqdi-da, xayr deganday bir silkinib chiqib ketdi. Sen esa o’zingni ancha bardam his qila boshlading.
Yomg’ir ham tindi. Osmonning oppoq shohi ro’moli sirg’alib yerga tushdi. Tong mayingina jilmaydi. Tun bo’yi yomg’ir bodasidan to’ygan g’unchalar kerishib ko’z ochdi.
Farroshlarning supurgisi tiriklikning yangi qo’shig’ini kuylay boshladi.Sen titrab turgan baland oq terakning uchidagi yaproqqa ko’z tutding. Unda qandaydir nur porlab turardi. Joning o’sha nurga yomon talpindi.

U

U Buxorodan ancha olis, ammo ildizlari Buxorodan suv ichgan, kichik bir qishloqchada yashar edi. Bolaligi kapalaklar qanotiday rang-barang kunlar jilvasida o’tdi. Qushlar, qumursqalar, maysayu giyohlar tilini o’rganishdan aslo erinmadi.

Ammo negadir uni shamol sevgisi o’ziga jalb qilar, qaerda bo’lmasin shamolning sog’inchi bilan yashar edi.
Beda gullarining nafis hidiga ko’milgan dalalarda shamol bilan o’ynashdan charchamas, ichidagi bor- yo’q dunyosini unga tuhfa qilgisi kelardi. Sunbulaning sochlariga quyosh o’zini osgan kunda shamol uning yuragini sirli chimchiladi. Va Uni ortidan boshlab katta shaharga yo’l oldi.

U yo’l bo’yi bolalikdan yod bo’lgan qo’shiqni xirgoyi qilib bordi:

Shamol-shamol kokili haydar.
Sen darbadar, men ham darbadar…

Bu qo’shiqni u shamol bilan shu qadar ko’p kuyladiki, bundan charchagan hayot ularning ovozini eshitmaslik uchun qulog’ini berkitdi. Shundan so’ng hayotning qulog’i eshitmaydigan bo’lib qoldi.

Xullas, u shamolning ortidan ergashib, nokaslar oyog’i ostida ta’na-ma’lomatlardan ezilib yuragi toshga aylangan shaharga kelib qoldi.

Shamol bilan bu shaharni obdon aylandi. Uzoq yillar bu shahardan nimadir izladi. Ammo nima izlayotganini o’zi ham bilmas edi. U shodlikdan ham, g’amdan ham to’yib bo’lgan bir paytda, sodiq do’sti shamol uning qulog’iga shivirladi:
– Yur, seni dunyoning eng toza joyiga olib boraman. U avvaliga shamolning gapiga ishonmadi. Chunki u bu dunyoda toza joy qolmagan deb o’ylardi.

Ammo azbaroyi zerikkanidan shamolning ortidan yana yo’lga tushdi. Va nihoyat bog’ desa boqqa, tog’ desa toqqa o’xshamaydigan joyga yetib keldi. Qiziq, bog’ desa, daraxtlarining mevasi yo’q, o’rta-o’rtasida marmar toshlar bosh ko’tarib turibdi. Tog’ desa cho’qqisi yo’q…

Bu joy shunchalar sokin ediki, u kar quloqlarining ichidagi bezori shovqinning aks-sadosi yanada balandlashganini sezdi.

Nogahon ko’zi yaltirab turgan qora marmartosh ustida oyoqlarini o’ynatib xotirjam o’tirgan o’smirga tushdi. O’smirning ko’zlari ichidagi armonli shu’la shu qadar og’ir ediki, u buni ko’tara olmay, beixtiyor yerga o’tirib oldi.O’smir hayron bo’lib unga uzoq tikildi. Va uningg sevimli qo’shig’ini baralla kuylay boshladi:

Shamol, shamol kokili haydar,
Sen darbadar, men ham darbadar.

Avvalliga bu bola uni masxaralayotganday tuyulib, rosa, jahli chiqdi.

– Hey, bola, uyalmaysanmi o’zingdan kattani masxara qilishga?!
– Men hech kimni masxara qilganim yo’q, bu bolalikdagi sevimli qo’shig’im.
– Senga bu qo’shiqni kim o’rgatgan?
– Shamol o’rgatgan. Siz ham bilasizmi bu qo’shiqni?!
– Bilaman.
– Keling, birgalashib aytamiz bo’lmasa.

Bolaning ko’ngli uchun U bu qo’shiqni jo’r bo’lib aytdi.
Qo’shiq tugagach, boladan so’radi:
– Sen bu yerda nima qilyapsan?
– Men uch yildan buyon shu yerda yashayman.
– Nega, uying yo’qmi?
– Mana mening uyim,– dedi bola katta qora marmartoshning ostini ko’rsatib…

Shundagina uning ko’ngli sovuq bir nimani sezganday bo’ldi.
– Seni bu yerda yashashga nima majbur qildi?
– O’zim, – dedi bola pushaymonligini oshkor etmoqchiday.
U razm solib bolaga qaradi shundagina bolaning bo’ynida qolgan arqon izlarini ko’rdi.
– Nega axir bunday qilding?!
– Qadrimni o’tkazmoqchi edim.
– Xo’sh, o’tkaza oldingmi?
– Bir yilcha eslab yig’lab oldimga kelib yurishdi. Ammo keyin hamma do’stlarimning yodidan chiqdim. Bilasizmi, sinfimizda juda go’zal bir qiz bor edi. Uni yaxshi ko’rardim. Ammo u menga qiyo ham boqmasdi. Men uchun kuydimi, yo’qmi – bilmayman…

Shu payt yuzlariga g’am soya solgan bir ayol to’g’ri o’smir o’rnashib olgan marmar tosh tomon kela boshladi.Bu ayolni ko’rgan bola sakrab tushdiyu, “oyijon” degancha ayolga talpindi. Ayol karaxt edi. Muk tushib yig’larkan, bo’yniga osilgan bolaning mehribon qo’llarini sezmasdi. U mung haykaliga aylanayozgan onaga va o’z xatosini kech anglagan o’smirga qanday so’z ila taskin berishni bilmasdi.

Ularni xoli qo’yib, yana shamol etagi bilan erinmay artayotgan marmar toshlar oralab borar ekan, U kar qulog’ini qomatga keltiruvchi baland- past, turli-tuman ovozlarni eshita boshladi.U go’yo qiyomatning shahriga kelib qolganday edi.

Mahobatli marmar toshga suyangan, qirq yoshlardagi sochi oppoq kishi o’zidan sal naridagi yaqindagina qorni do’ppaygan tuproq boshida abgor o’tirgan keksa odamga qahrini to’kardi.

– Oxiri kelar ekansanku men kelgan joyga. Nega shunday qilding-a, senga mening unvonim kerakmidi, seni do’st deb ishonibman. Uyalmay-netmay o’zing qilgan rasvolikni mening bo’ynimga yuklading. Bechora bir qizning sha’nini bulg’ab, yana uni o’ldirib yubording. Hammasi uchun esa men javob berdim. Bu ko’rguliklarga yuragim dosh berganda edi, hammasi boshqacha bo’lardi.Bilasanmi, o’sha qiz har tunda kelib menga dardlarini aytib ketadi…
– Men nobakorni kechir, do’stim.
– Do’st dema, hech qachon do’st dema…
Marmar toshlar aro u yoqdan bu yoqqa yugurib yurgan bir telba ayolning fig’oni ikki do’stning suhbatini bosib ketdi.
Marmartoshlarning sovuq, sirli nigohi telba ayolga tikiladi.
Ayol tinimsiz:
– O’g’ri, o’g’rini ushlang, topgan barcha boyligimni o’g’irlab ketdi….
U bu telba ayolning suratini qaysidir marmartoshda ko’rganday bo’ldi. Qo’rquvdanmi yoki bu joyning sovuq nafasidanmi, eti junjikib ketdi.

Telba ayol yugura-yugura o’sha surati aks etgan marmartoshning oyog’ida hushidan ketib, og’zidan ko’pik oqa boshladi. Ammo hech kimning u bilan ishi yo’q edi.

Zotan, hayot bu go’shadan allaqachon oyog’ini uzgan. Uning qonuni bu yerda kor qilmas edi.
U bu yerda qorni do’ppayib, umid bilan farzand kutayotgan onalarning allasini eshitdi, visol tunidan ayro tushgan kelinchaklarning yor-yorini tingladi. Ammo ular
juda sovuq, umidsiz edi. Ulardan quyoshning nur tomirlari allaqachon uzilgan edi.

O’zidan ketib borayotgan ruhini mahkam quchoqlagancha U shamolni chaqirdi .Ammo shamol javob bermadi.
Tog’ desa toqqa, bog’ desa boqqa o’xshamaydigan joydan bir amallab chiqdi-yu, hayotni to’yib-to’yib hidladi.
– Mayli, arzu-dodimni eshitmaydigan kar bo’lsa ham Hayot juda xushbo’y, juda shirin, – dedi u yuragining rangini o’g’irlab, ko’ziga qaray olmay botishga chog’langan oftobga boqib…

«Yoshlik» jurnalining 2012 yil 9-sonidan olindi.

088

(Tashriflar: umumiy 363, bugungi 1)

Izoh qoldiring