To’ra Sulaymon. So’nggi she’rlar & Sirtlon. Voqea

0914 (15) феврал — атоқли шоир Тўра Сулаймон таваллуд топган кун

   Сочга бир-бир оқ тушмоқдадир,
Бундан кўнгил ёришмоқдадир,
Қор бўларми пастқам тоғларда,
Бошим кўкка туташмоқдадир…

Равшанбек Маҳмудов
СОЯСИ БОР ОДАМ
Мақоладан парча

04

   Тўра Сулаймон — муҳаббат куйчиси. Муҳаббат инсонни лоқайдликдан, жаҳолатдан сақлайди. Муҳаббат инсонларни бир-бирларига яқинлаштиради, дўстлаштиради. Тўра Сулаймон — она куйчиси. Унинг шеърларида оналарнинг орзу-армонлари, ғам-ташвишлари ишонарли, табиий куйланган.

Тўра Сулаймон — бахши шоир. Шеърлари халқ тилига, дилига яқин. Шоир халқ оғзаки ижодини ёзма адабиётга яқинлаштирган. Тўра Сулаймон шеърларининг аксарияти бахшиёна услубда ёзилган.

Сиз бирон марта осмонга ой чиққанда ёки ой тўлиб, кундай ёруғ бўлганда уни кузатганмисиз? Мен кузатганман. Аммо ойнинг ўртанганини пайқамаганман. Кутилмаган ўхшатиш шоирнинг топқирлигидан нишона. Ҳақиқатан ҳам, бутун бир осмонда яккалигидан, ёлғизлигидан, зерикканидан, йўлдоши, ҳамсуҳбати, дардкаши йўқлигидан ой ўртанаётгандир. Бу ҳолатни бошидан кечирган файласуф шоиргина тиниқ осмондаги ойга қараб унинг ўртанганини сеза олган.

Бу юлдузлар кимнинг канизаги деб,
Кимни айтар туннинг кўрк, безаги деб,
Қуёшнинг кўкдаги эгизаги деб,
Осмон ўртасинда нозланадир Ой.

Мен осмоннинг гўзаллиги, бепоёнлиги, латифлиги, кенглиги тўғрисида ўнлаб шеърлар ўқиганман. Осмонни кўп кузатганман, лекин бирон марта ойнинг нозланганини сезмаганман. Профессор Қозоқбой Йўлдошев айтганидек, чўл шоири Тўра Сулаймон осмондаги юлдузлар қуршовидаги ёлғиз ойнинг нозланаётганини пайқай олган. Тўра Сулаймон учун Ой нозланган. Ойнинг “армонлангани»ни, ҳорғин сузаётганлигини, безовталанганини, тутилганлигини, тўлғонганини, изтиробдалигини, тўхтаб қолганлигини, маъюсланганлигини, азобланганлигини, тебранганлигини, ўртанганлигини, қўрғонланганлигини сезиш, ҳис  қилиш учун фақат Тўра Сулаймон бўлиш керак. Тўра Сулаймон назари, диди, салоҳияти билан осмонни кузатиш ва у ҳақида мулоҳаза юритиш лозим. Осмондаги оддийгина сузиб кетаётган ойдан ҳам Тўра Сулаймон олам-олам маъно топади. Қизиғи шундаки, бу маънолар, ғоялар, фикрлар инсонни лоқайд қолдирмайди. Бу шеър шоир эҳтиросининг, ҳиссиётининг, идрокининг ўта кучлилигидан, нозиклигидан далолат беради.

Бир-бирига тинмай отсалар тош деб,
Алҳол, пастга энар бўлса Қуёш деб,
Тирик жон бу ҳолга беролмас дош деб,
Осмон ўртасинда азобланар Ой.

034Тўра Сулаймоннинг ажойиб, ҳаётий ҳикоялари, қатралари, ҳажвиялари, достонлари бор. Ҳикоялари Абдулла Қодирий, Саид Аҳмад, Шукур Холмирзаев, Раҳим Бекниёзларникидай ўқишли, мазмунли, моҳиятлидир. Тўра Сулаймон ҳикояларига ҳали адабиётшунослар эътиборларини қаратганларича йўқ…

Тўра Сулаймон ўзбек тили истеъмолига жуда кўп янги терминлар, сўзлар олиб кирди, халқ ичида қўлланиб, унутилаёзган юзлаб сўзларни шеърларида қўллади. Сўз қўллашни билиш, сўзни ҳаракатлантириш, уни жилолантириш, нақшлантириш, ҳайратлантириш, унинг янги маъноларини очиш шоирлик белгиларидан бири. Сўзни ишлата олиш, ўз жойида қўллай билиш, сўзни санъат даражасига олиб чиқиш шоир салоҳиятига боғлиқ. Тўра Сулаймон сўзни эъзозлайдиган, унга жон киритадиган шоир эди.

«Шундай одамлар ҳам бўладики, туғилганда ҳеч ким севинмаган бўлса ҳам ўлганида бутун юрт аза тутади», деган эди Абдулла Қаҳҳор. «Дарахтнинг баландлиги у йиқилганда билинади», деган ҳикматли гап бор халқимизда. Тўра Сулаймон ҳар куни ёнимизда юрарди, кун ора «соғиндик”, деб телефон қиларди, уч-тўрт соатлаб гурунглашардик. Қаерда бирон йиғин, машварат, маърака бўлса у киши бизни бошлаб борарди. Тўра Сулаймон бизнинг устунимиз, суянган суянчиғимиз, маслаҳатгўйимиз, жўрабошимиз эди.

«Эр йигит ўзи учун эмас, эли учун яшайди”, деган мақол Тўра Сулаймоннинг шиори эди. Тўра ака кўп вақтини кимларгадир дори излаш, кимларнингдир фарзандини операция қилдиришга ёрдамлашиш, кимлардир олаётган уйларини бориб кўришга бағишларди. Энг асосийси, Тўра ака инсонларга суянчиқ бўлишни яхши кўрарди.

Бир куни гап орасида фалончининг «сояси йўқ” деб қолдилар. Сояси йўқ одам ҳам бўладими, деб ҳайрон бўлдим. Соддасиз-да, соясиз одам ҳам бўлади, дедилар. «Хўш, фалончиларни кимга фойдаси тегди ёки теккан. Бирон одамга фойдаси тегмаган одам сояси йўқ одамдир!» дедилар. Шундагина мен Тўра ака доимо кимнингдир, етти ёт бегона инсонлар учун ташвиш чекиб юриш сабабини тушунгандай бўлдим.

Бизнинг Тўра Сулаймон мана шундай ўзгалар ғами, ташвиши билан яшайдиган ҳожатбарор инсон эди.
Тўра Сулаймон сояси бор одам эди.

Тўра СУЛАЙМОН
СЎНГГИ ШЕЪРЛАР ВА БИР ВОҚЕА
045

096Халқимизнинг ардоқли шоири Тўра Сулаймон (1934-2005) асли Жиззахнинг Бахмал тумани, Ёйилма қишлоғидан бўлади. Ўзининг айтишича,1936 йилда Мирзачўлга кўчирма қилингач, сирдарёлик бўлиб олган. «Менинг қайси йили туғилганим аниқмас, — деб ёзади у ўз таржимаи ҳолида. — Энамнинг айтишларига қараганда, ўзимнинг қачон мактабга бориб, қачон рўзғор ишлари билан катталардай жиддий шуғуллана бошлаганимни эсласам, туғилган йилим ўттиз иккинчига тўғри келади.Бундай дейишимнинг сабаби қулоқ қилинганимизда энамнинг қўлида бўлган эканман».
Тўра Сулаймон ўрта мактабни 1952 йилда тугатгач, мактабларда ўқитувчилик қилган. У 1958-1964 йилларда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини сиртдан ўқиб битирган. Аввал «Гулистон» номли туман, сўнг «Сирдарё ҳақиқати» номли вилоят газеталарида масъул котиб бўлиб ишлаган. 1972-1977 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоятининг масъул котиби, 1986 йилдан умрининг охиригача эса адабий маслаҳатчи бўлиб хизмат қилиб келди.
Бўлғуси шоирда адабиётга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган. Бунда халқ ижоди, халқ китобларини яхши билган зукко ота-онасининг хизмати катта бўлган. «Айниқса, — деб эслайди шоир, — отамдан эшитган эртакларим орасида «Болдирбой» деган эртак мени мафтун қилар эди».
Тўра Сулаймон шоир сифатида матбуотда 1958 йилдан кўрина бошлади. 1962 йилда эса унинг «Истар кўнгил» шеърий тўплами чоп этилади.Шундан кейин унинг йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Булар орасида «Қорасоч» достони (1964), «Ҳамқишлоқларим» (1968), «Жаҳонгашта» (1970) достони, «Менинг қора кўзгинам» (1972), «Мен қайта борар бўлсам» (1976), «Алҳазар» (1979), «Интизор» (1980), «Сизни эслайман» (1982) ва «Истар кўнгил» (1982) сайланма тўпламлари китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.Мазкур китоблари орасида унинг «Алҳазар» номли ҳажвий шеърлар тўплами 1979 йилда «Муштум» журнали совринига сазовор бўлган. У ҳаётининг сўнгги кунларида «Ал-қасосу мин Ал-ҳақ» номли эпопеяси устида ишлади. Унга Ўзбекистон халқ шоири унвони берилган.

045

САЖДАГОҲ

Киндик қоним томган саждагоҳимсан,
Икки олам чеки — бандаргоҳимсан.
Учиб-қўнар жойим — қўналгоҳимсан,
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Оҳу зорим етиб-етмай фалакка,
Ёвлар қуршовида қолсам-да якка,
Хорлик етса ҳамки суяк-суякка,
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Бағрингда ётмоқлик қилмаса насиб,
Қузғуннинг қисмати менга муносиб.
Тана бирла тупроқ асли таносиб,
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Оғоч отга минсам бўзлаб қолар ким?
Юрган йўлларимни излаб қолар ким?
Мендин не илинжлар кўзлаб қолар ким?
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Қайдин келиб, ё Раб, кетурмиз қайга,
Югуриб-елиш йўқ беташвиш жойга.
Барчага бирдай жой — бойга, гадойга,
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

Рўзи маҳшаргача бирга бўларим,
Майса, гиёҳ бўлиб бирга унарим,
Бирга ёниб мудом бирга сўнарим,
Жон бера билмасмен сендин бўлакка.

ОТА МАКОН

Тошларин тавоф қил, тупроғини ўп,
Гардин кўзга суртиб туғросини ўп,
Ҳар саҳар юкиниб байроғини ўп,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.

Бошинг қўйиб топин остонасига,
Воғ йўлата кўрма Арк-қалъасига,
Ҳамиша тайёр тур ҳимоясига,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.

Сайҳуни, Жайҳуни жавоҳир, лаълли,
Тоғлари тамалли, боғлари болли,
Тақдиримиз шу эл биландир боғли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.

Аркони давлатин йўли бир бўлсин,
Юрган йўлларида нафс асир бўлсин,
Тахт-тож, салтанати мудом сир бўлсин,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.

Кўки кўланкасиз — офтобли, ойли,
Фуқаросин кўнгли Ҳимолой бўйли,
Серфарзанд, сердавлат, хайрли қўлли,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир.

Азалдан ардоқли, ор-номусли эл,
Тўқсон тўққиз бовли, бий, бўлисли эл,
Сабр-қаноатли, қут, қомусли эл,
Бу Ота Макондир,
Бу Она Юртдир,
Бу қадим Турондир — жон ичра жондир.

06. 12. 03.

МУҲАББАТ ДЕГАНИ СЕН БЎЛМА ЯНА

Бу бошимга не бир савдолар солган,
Қутулиб бўлмас бир ғавғолар солган,
Кўнгилга битмас бир рахналар солган,
Муҳаббат дегани сен бўлма яна.

Бирларда айирган эс-ҳушларимдан,
Қайта сўниб, қайта ёнишларимдан,
Саҳро кезиб топган қўнишларимдан,
Муҳаббат дегани сен бўлма яна.

Бирда қон, бирларда нурга йўғрилган,
Шоҳлар даргоҳидан бирда қувилган,
Бирларда куллари кўкка соврилган,
Муҳаббат дегани сен бўлма яна.

Қонга айлантирган кўзёшларимни,
Тошга айлантирган болишларимни,
Эшитмасдан туриб нолишларимни,
Муҳаббат дегани сен бўлма яна.

Бирда элга қўшиб, элдан чиқазган,
Девона, далли қиб диндан чиқазган,
Ғилмон-ҳурлар юрган йўлдан чиқазган,
Муҳаббат дегани сен бўлма яна.

07. 01. 04.

АНДАЛИБ
Қиёс

Ўз номи ўзи билан Андалиб эди бу қуш,
Гар берилиб сайраса соғни қиларди беҳуш.

Нола қилса, тўхтатар Ҳаққуш ҳам нолишини,
Қушлар ҳам тўхтатарди чуғур-чуғурлашини.

Воажаб, кўриб қолдим яқинда мен бу қушни,
Энди Андалиб эмас, шунчаки бир Бойқушни.

Ахлаттитмоқда эди зоғонлар орасинда,
Қай бир кезлар кўраман Читтаклар даврасинда.

Ёқа ушлайман сўнгра, нелар бўлаётир, деб,
Боғларимиз кимларга, кимга қолаётир, деб.

9. 03.

ТАВАЛЛО

Руҳим оғир, кўнгил ғаш; билмам сўнгги кунлари
Бир-биридан ғалати туш кўраман тунлари.

Эҳтимол, бу шунчаки баҳорий бир ҳолатдир,
Кўнгилда кечаётган ҳавойи хаёлотдир.

Уйқуда ҳаловат йўқ, алаҳсийман бирларда,
Кезаман хароб қишлоқ ё харобазорларда.

Бу гал сузар эмишмиз баҳри уммон ичинда,
Бу денгиздан соғ-омон чиқиш гумон ичинда,

Ўзинг сақла, ё Раҳмон, сақла олов ичинда,
Кит Кашолот мисоли тенгсиз толов ичинда.

Бошда барча бирдай шод, бирдай сузмоқда эдик,
Боладай ташвиш-ғамсиз, кун ўтказмоқда эдик,

Ногоҳон тўфон қўпди, тўфон қўпди денгизда,
Жон қолмади-қолмади, қолмади ҳаммамизда.

Ваҳм босди барчамизни, ҳайрон эди дарғамиз,
Яхши кунда дарғамиз-у, қаро кунда қарғамиз.

Тўрттомонимиз қибла — юлдуз, осмон кўринмас,
Бу талотумдан жонни сақлаш осон кўринмас.

Билиб бўлмас денгизнинг соҳил-канори қайда,
На бандаргоҳ, на бирон нажот-фанори қайда.

Егулик ҳам сониян тугаб-битиб боради,
Оқибатнинг нелигин кўп унутиб боради.

Ота билан боланинг ўртасида ёв қараш –
Норни норчаси билан қилгудайин хомталаш.

Тўфон тинчимас, ҳамон йўқ бир нажот шуъласи,
Энди яшамоқликнинг қолмаганди маъноси.

Қозон қайновдан қолиб, кунимиз гапга қолди,
Ёлғон тасалли-таскин; латифа, лофга қолди.

Энди денгиз қаърига тортмоқдайди бизларни,
Йўл-йўриқдан адашган биздай чорасизларни.

Кимлар нон қайғусида, кимлар жон қайғусида,
Жон бериш ҳолати бор созанда чолғусида.

Дунё биздан, биз эса оламдан айро эдик,
Энди биз дарё эмас, ташландиқ бўйро эдик.

Ваҳм босиб, ғам босиб тушибман қаро терга,
Уйғонибман тавалло қилиб Парвардигорга:

Жисмимизни ем қилма Наҳанг ё Китларга, деб,
Илоҳим, карам қилма қай бир безотларга, деб.

02. 04. 02.

СИРТЛОН
Воқеа
045

Отадошимдай аёвли, овулдошимдай сийловли муҳтарам афандилар! Сулувдан сулув хонимлар! Жон аямас жигарларим!

Сиз азизларга сўйлаб бермоқчи бўлаётган икки ит ҳақидаги бу икки воқеа тўқима ҳам эмас, ўқима ҳам эмас. Кўз ўнгимда кечган ҳодиса. Бири болаликда Тўра бўлмай туриб тўралардан, катталардан қолган овқатларни еб, ҳали этак нималигини билмай — этаксиз юрган кезларимда кўрганим. Ҳозиргига ўхшаб Нобел мукофоти илинжида юрган вақтларимда эмас, бир бурда нон илинжида юрган чоғларимда бўлган тасодиф. Бири эса шу кеча-кундузда Тўрамисан Тўра бўлган кезларимда бўлган гап. Лофи ҳам йўқ, сопи ҳам йўқ. На ўсмаси бор, на сурмаси. На ҳуриши бор, на хамиртуриши. Кечмиш қандай кечган бўлса, шундайлигича ёзмоқдаман. Ҳа, айтгандай, «Сиртлон”га «ҳикоя” деб мезон қўйсам, шу вақтгача ёзилган ҳикоя дунёсини синдирган бўламан. «Афсона» деб атайдиган бўлсам, афсоналар оламига хиёнат қилган бўламан…

Унингсиз ҳам, халқимиз жонли тилда, фалон ерда фалон воқеа бўлибди, дейди. Ҳикоя бўлибди демайди. Шундан келиб чиқиб «Сиртлон»нинг жанрини китобийлаштириб ўтирмасдан «Воқеа» деб қўяқолдим.

I

Қош қораймай, шом хуфтонга дахлдор бўлмай туриб Қодирқул бобонинг  уйида қий-чув қўпди:

— Бола-а-мў, бол-а-мў-ў!
— Жига-а-р-и-м, жи-га-ри-и-им!

— Қў-р-ғо-ни-мдан ай-рил-дим, айр-ил-д-им!
— Вой, қа-но-ти-им қай-р-ил-д-и, қа-й-рил-д-и!

— Вой, бо-л-а-м, в-ой-й, бо-ла-м…
— Умид-лар-им узилди, кўкайларим кес-ил-ди!

Қодирқул бобомизнинг уйларини одам босгандан  босди. Ана-мана дегунча тўқсон уйли, тўрт аймоқли Алдашмон қишлоғининг каттаю кичиги тўпланди.

Совит саллотлари билан босмачилар ўртасида отишма бўлган экан. Отишма Қирққиз дарасида бўлибди. Қодирқул бобонинг яккаю ёлғиз ўғли Тоштемир тус бўласи Эгамназар билан шу куни тоққа ўтин олиб келгани кетган экан. Яқин орада бўлган отишманинг ваҳимасидан, талотўпидан қўрқиб иккаласи ҳам кўликларини ўтин-пўтини билан ташлаб Яккамозор қирига қараб қочибди. Чаққон, чапдаст, чапани Тоштемир олдинда. Орқада эса бўласи…

Қиш чилласи чиқиб, ер оёғи юмшаб, кўкламнинг шарпа-шамоли ҳар қадам, ҳар нафасда белги бера бошлаган кезлар. Орадан киприк қоққунчалик вақт ўтар-ўтмас Тоштемир термага дуч келибди. Эгамназар «дод” деганча қолаверибди. Қишлоққа бу совуқхабарни Эгамназар ола келибди. Бор гап — шу.

Қиёмат қойимнинг каттаси тонг отганда бошланади. Биргина Қодирқул бобомизнинг уйлари азахонага эмас, Сангзор — Сойбўйи — Бахмал аза даҳасига айланди. Эр- азаматман деган зот Тоштемирнинг жасадини топиб келиш учун Яккамозор дарасига отланди. Уй тўла, қишлоқ тўла одам кечгача кутди. Шом чоғлари тоққа кетган йигитлардан бири «оғам”лаб, бири «тоғам»лаб мурдани тополмай қайтиб келди. Бу мусибат қарийб бир ой давом этди. Кун сайин азахонага келиб-кетувчилар сони камая борди. Яқиндан-яқин кишилар терилиб қолаверди. Кунлар исий, қорлар эрий бошлагач, Яккамозорнинг бир ўнгирида ғажир, қузғунлар айлана бошлабди. Бири қўниб, бири уча бошлабди. Кўпни кўрган қариялар жасаднинг шу ердалигини қатнаб юрган йигитларга айтади. Ниҳоят, ниҳоят…

Таъзиянинг, мотамсароликнинг каттаси — «якунловчи” жаноза ана энди бошланди. Қарийб бир ой ичида  Қодирқул бобо билан Янглиш момо ўғлига қўшилиб «ўлиб бўлган” эди. Шўрлик ота билан бебахт онанинг таъзияларни қабул қилишга қурби етмади. Ётиб қолдилар. Ҳали кичик чилласи чиқиб улгурмаган келинчак Бибизилол шўрлик эса чимилдиқнинг ичида жонсиз жасадга айланиб бўлган эди.

Бир хонадондаги тўрт жондан бири — Тоштемир ернинг тагида бўлса, қолган учи ернинг устида тирик мурдага айланиб қолди. Тонг отиши билан хотин-халажнинг садри*  бошланди. Бахтиқаро келинчакни — Бибизилолни ҳам чимилдиқдан олиб чиқдилар. Қирчинида қийилган Тоштемирнинг амма-холалари, қайинбека- қайинсингиллари дод солар эдилар:

Айланайин, оғам-а,
Хазан-а бўған боғим-а.
Энанг куйса бўларди,
Сенингмас, менинг-а доғима.

Боғлан қўзи боласи,
Белида кетган иним-а.
Жоним оғам, сенингсиз
Қандаям ўтсин куним-а!

Чорбоғларинг, боғларинг,
Бесоҳиб қолар бўлдим-а?!
Отанг туриб, Алпоним,
Паймонанг тўлар бўлдим-а…

Бир маҳал, бир маҳал… бир чеккада ғужанак бўлиб ётган Сиртлон ўрнидан туриб, бир-икки силкиниб садрга тушаётган аёллар орасига ўзини уриб, ўртага тушиб аёллар мисоли айлана бошлади. Хотинлар серпила тушиб ўзларини чеккага тортган бўлди. Бироқ садрни тўхтатишнинг иложи йўқ эди, шекилли. Чувиллаб йиғлаган ҳам йиғлади, йиғламаган ҳам йиғлади. Бир маҳал ит кейинги икки оёғи билан тик туриб, олдинги икки оёғи билан қарсак уриб, жағини шақиллатиб расмана садрга туша бошлади. Одамлар қотди-да қолди. Биров кўзларига ишонса, биров ишонмайди.

Эҳтимол, сиз ҳам менинг бу гапларимга ишонмассиз. Ичингизда мени сўкиб, «Олиб қоч-а”! деяётган бўлишингиз мумкин. Ўша куни ўз қулоғим билан кўпчиликдан эшитган паст-баланд гаплар:
— Одам бўлиб бундай воқеани кўрмадим, эшитмадим. Бирон китобда ўқимадим. Яхшиликка кўринсин…

— Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Баъзи бировлардан от афзаллик қилади. Ит эса устунлик қилади. Айби — икковининг ҳам тили йўқ. Биласиз, итнинг ўн икки фазилати бор — урсангиз ҳам кетмайди, берганингизга қаноат қилади, дўст билан душманни айира билади… Хусусан, Сиртлон хосиятли ит.

— Бўрининг кушандаси. Сиртлоннинг туғилган кунини бўрилар билади. Гидиклигидан ўлдириб кетиш пайига тушади. Буни чўпонлар ҳам жуда яхши билади. Улар Сиртлон кучукни катта бўлгунича уйларида сақлайди.

— Бу ит ҳеч улимас эди. Шу кунлари саҳарга бориб бир-икки улиб қўйяпти. Қизиқ. Ё, тавба қилдим, тавба кардам…

Кун тушликдан ўтиб қияликка энгач, садр тўхтади. Эркакларнинг «жигарим, жигарим”и ҳам босилиб, азалик уйнинг хешлари қолиб, узоқ-яқиндан келган кишилар кўпайди. Шу кундан эътиборан Сиртлон тунлари улиб чиқадиган бўлди. Унинг Сиртлон деган асл исмига Садр қўшилиб, Садр Сиртлон деб айтиладиган, чақириладиган бўлди. Қизиқ, саллотлар билан босмачилар тўқнашиб отишма бўлиши, қайси томондан қанча одамнинг ўққа учгани, ярадор бўлгани, отишманинг фалокати Тоштемирни ола кетгани, чол билан кампирнинг ўлмай туриб ўлгани, ҳали чилласи чиқмаган келинчакнинг чимилдиқ ичида куёвининг дийдорига тўймай қолавергани бир бўлди-ю, Сиртлоннинг садрга тушгани бир бўлди. Бу, эҳтимол, тасодифдир, эҳтимол табиий бир ҳолдир. Нима бўлганда ҳам, бу ҳодиса қарийб олтмиш йилдан бери эл оғзида, тилдан тушмай келади.

Орадан ҳафталар ўтди, ойлар кечди. Қодирқул бобо билан Янглиш момо энг яқин туққан-туғишганлари билан келинларининг ота-онаси, оғаларини бир неча бор тўплаб, бошларини бириктириб:
— Биз мингдан минг розимиз. Келинимиз бизнинг бебахтлигимизга шерик бўлмай, ота-онасининг бағрига борсин. Мард худодан, номард йўлдошидан кўрар эмиш. Бошимизга тушган бу мусибат — Яратганнинг иши. Энди бизга ернинг устидан таги афзал, — дейишларига қарамай, бу гапларига Бибизилол ҳам, ота-онаси ҳам кўнмади.

Чол билан кампир келинлари билан бирда хуш, бирда нохуш яшай берди. Сиртлон ҳам ҳар туни улиб чиқишини канда қилмади. Ҳар эрталаб Янглиш момо товуш чиқазади. Бибизилол қайнонасига қўшила тушади:

Қора жернинг тагида
Қорайиб жотқан болам-а!
Кун тегмаган жапрақдай
Сарғайиб жатқан болам-а…

Беклик белгисин кўрмай
Бебахт бўлған бегим-а!
Қирчинида қийилиб,
Бевақт сўлган бегим-а…

Ёлғизни яратгунча
Тошни яратсанг бўлмасм-а.
Тошдан-да оёқости
Бошни яратсанг бўлмасм-а…

Жасад чиққан уйга қўни-қўшнилардан эртаю-кеч чиқарилиб туриладиган «қўшни тобоқ”лар камайиб борар эди. Ўлим жафолари кун-бакун эсдан чиқар ўрнига, соат сайин янгиланар, чол билан кампир учун дунёнинг қизиғи тугаб борар эди. Соат сайин, сония сайин эрта кундан умидлари узилиб борар эди. Тоштемирнинг бахтиқаро ота-онаси учун ернинг устидан кўра, ернинг таги афзалроқ бўлиб борарди. Бибизилолга овуниш ўрнига уни ҳар кўрганда яралари янгиланарди. Қодирқул бобо ич-ичидан сиқилиб, юрак-бағри эзилгандан эзилиб, борлиқ дарди юзага чиқиб — соқоли сайин ёш бўлиб… Янглиш момо кўнгил сўраб келувчилар билан сўрашиб бўлар-бўлмас «товуш чиқариш”ни — «йўқлов”ни бошлар, уй ичи бор бўйи ғамхонага айланар эди. Охири, бўлмади. Бибизилолга: «Болам, сендан у дунёи, бу дунё розимиз. Биз чолу кампир тириклай ўлиб бўлдик. Сен бизнинг ер- кўкка сиғмас ғаму ҳасратимизга шерик бўлма. Биз нима бўлса, худодан кўрдик”, деб қўярда-қўймай жавобини бердилар. Қуда-қудағайларининг чин дилдан қаршилик кўрсатишларига қарамадилар. Шундан кейин бу уй чинакам ғамхонага айланди. Янглиш момо кунда нари борса бир марта қозон осади. Бирда-бир бу ҳам йўқ. Сиртлонга овқат (атала) қилиб бериш ҳам кун-бакун тортилиб борди. Бора-бора «ит овқати» тугул, ювинди ҳам ҳисоби билан бўла борди. Сиртлон биров берган нонга, суякка, ташландиққа эт-бети билан ташланиш ўрнига қиё қарамайди. Чол-кампир нима берса, нима ташласа шунга қаноат қилади. Баъзи ҳамжинсларига ўхшаб ялоқ илинжида уйма-уй, кўчама-кўча юриш эса Сиртлон зотига ёт одат. Бора-бора Сиртлон ҳам пўстакҳолига келди. Териси бориб суягига ёпишди. Кеч кириши билан улиши улғая борди. Тун оғушига қадар улиб, сўнг тиниб, тонг отар-отмас улишига қўни-қўшнилар ҳам кўникди. Ит ҳаддан зиёда тўкилиб тамом бўлди. Касал бўлиб касал эмас, қариб қари эмас. Очликдан чол билан кампир ўлмай туриб Сиртлон ўлар эдими?! Магарам, шундай бўлса, очликдан ўлганнинг мозори йўқ.

Жудолик бўлди. Очлик бўлди. Хорлик бўлди. Сиртлон бир оқшомда йўқ бўлди. Қодирқул бобо қуввати етган жойгача излаб борди. Чақирди. “Сиртлон!”лади. Итдан эса дарак йўқ. Орадан бир кун ўтди. Икки кун ўтди. Сиртлоннинг улушуга кўникиб қолган қўни-қўшнилар ҳам кўнгил учун сўроқлай тушдилар. Итдан эса ҳеч ному нишон йўқ. Бир куни кимдир гап топиб келди. Эмишки, Сиртлон Тоштемирнинг қабрига бош қўйиб, узала тушиб ўлиб ётган эмиш. Икки-уч киши бўлиб Узун Ота қўйиндисига бордилар. Айтганлари рост. Сиртлон Тоштемирнинг қабрига бош қўйиб…

Бу гап, бу хабар чол билан кампирни қайта адо қилди. Янгиланмас яраларини қайта бошдан тирнади. Ўзларини ўтга отсалар, осий бўлади. Ўзларини осса, дўзах ўти ҳалол бўлади. Осмасалар, бу кўргуликка дош бериш душвор. Кўникиш душвор. Чол энди чидай олмади. Бўзлаб йиғлашга тушди. Янглиш момо бошини тошга урди. Деворга урди. Дод солди. Ҳар иккаласи ҳам савдойи кўчасига кирди. Момо ўзини у ён отиб урар, бу ён отиб урар эди. Орадан бир кун ўтар-ўтмас чинакам савдойи деса савдойи, адойи деса адойи бўлди.

Янглиш момо жинни бўлиб қолди. Бирда-бир тунар жойи кўча бўлса, бирда-бир қўнар жойи қўйинди бўлди. На алдаб бўлар эди, на сулдаб. На гапга кирар эди, на қулоқ солар эди. На совуқ ўтар эди, на иссиқ кор қиларди. Урён-ёқавайрон, ярим-яланғоч эди. Момонинг бу аҳволига дўст тугул, душман тоби-тоқат қила олмасди. Бутун қишлоқ аҳли чол-кампирнинг дардларига ҳамдард бўлди. Ёнар бўлсалар бирга ёндилар. Куяр бўлсалар, бирга куйдилар.

Қишлоқ қариялари тўпланиб Сиртлон масаласи ҳақида кенгашди. Униси у деди, буниси бу деди. Дейишга дедилар-у, бир қарорга кела олишмади. Итни нима қилиш керак? Бу саволга Бухоро мадрасасида таҳсил олиб, уламо деган «гувоҳнома» олиш бахтига муяссар бўлган мавлоно мулла Умарнинг:

— Итни қабристонга кира беришдаги дарвозанинг қибла томонига ювиб-тараб кўмиш керак. Майли, бу мудҳиш ҳодисани одамлар эслай-эслай юрсинлар, — деб берган фатвоси ҳаммага маъқул тушди.

II

Бу қўшнимиз топармон-тутармон. Униб-ўсган қуллардан. Ўғиллари ўғил жойида. Қизлари қиз жойида. Оилада отанинг гапи — гап. Келин-кепчик, бола-бақралар ўртасида “ғалаён» қўпадиган бўлса, масалани оиланинг навбатдан ташқари бўладиган «Бюро»сида Она — Фармон буви ҳал қилади. Ўғиллар ўртасида бўлар-бўлмас гап оралайдиган бўлса, буни ҳали айтганимиздай, оилавий «Бюро»да Ота ҳал қилади. Қилган айбларига қараб ё афв этилади, ё бирон-бир жазо берилади.

У қўшнимизнинг қўли сал калтароқ. Қора қозонларида ҳар куни мой қайнамаса ҳам, ҳар ҳолда… Гап ҳар иккала қўшнимиз оиласини муҳокама қилиш, қандай яшаб, қандай яшамаётганликларини тафтиш этиш ҳақида кетмаяпти. Гап тамоми бошқа нарса хусусида.

У қўшнимиз форишлик. Ҳафта бўлмаса ҳам, ҳар ойда Форишдаги қариндошлари билан борди-келди қилиб туради. Аввалги йили борганида қайси бир оғайнисига ёмон кўриниб, бир кучук ола келди. Ёмон кўриниб деганимиз — зотдор кучук ўғирлаб олиб келинди. Шунақа ирими бор. Унингсиз ҳам чўпони гидикларни эгалари бировга бермайди. Қиймас одам бўлса ҳам.

Икки-уч йил ичида  ҳалиги гидик, ҳалиги гидик… Бутун маҳаллани қўриқлайдиган итмисан ит бўлди. Бемаврид, бемаҳал санқиб юрадиган кишиларнинг оёғи тийилди- қолди. Гидик ўз номи ўзи билан Сиртлон эди. Сиртлонларнинг одати кундуз кунлари ҳеч кимга кўриниш бермайди. Бўлар-бўлмасга акилламайди. Ўтганнинг ҳам, кетганнинг ҳам олдига ҳуриб-акиллаб чиқа бермайди. Аввало, индамайди. Бир индаса борми, э-ҳа! Уддалаб бўпсиз! Бор ҳунарини асосан тунда кўрсатади. Шундай қилиб…

Ҳали айтганимиздай, бу қўшнимизнинг қозони ўчоқдан тушмайди. Қозон ҳам мой, чўмич ҳам. Ҳар куни меҳмон. Ювиндисининг ўзи бир маҳалланинг итига етиб ортади.

Ҳали айтиб ўтганимиздай, у қўшнимизнинг Сиртлони бирда-бир бу қўшнимизнинг ҳовлисига ўтиб… Бизнинг итялоқни уйда ялаб, бошқа кўчага бориб ҳуради, деганга ўхшаб. Бошда-бошда ҳаммамиз ҳайрон қолдик. Ҳеч қачон Сиртлон биров берган нарсани емас эди, деб. Қўни-қўшниларнинг ялоғига тумшуғини тиқмас эди, деб. Уйма-уй санқиб юрмас эди, деб… Сиртлоннинг бу қўшнимизникига чиқиб ошхонаси атрофида ўралашиши кун-бакун кўпая борди. Бора-бора ошхоналари атрофидан кетмаёқ қўя қолди. Бора-бора оқшомлари бу қўшнимизникида тунаб чиқадиган бўлди. Бора-бора у қўшнимиз орият қилиб Сиртлонни боғловга олди. Бир олди, икки олди. Ахийри бўлмади. Бўшалиб, яна бу қўшнимизникига ўтиб кунини кўриб юра бошлади. Азбаройи ювинди учун. Ёпирай! Қўйинг-чи, бора-бора бу қўшнимизнинг ити бўлиб олди. Ётиши ҳам шунда, туриши ҳам шунда, ҳуриши ҳам шунда…

Сиртлонинг бу одатини бу қўшнимиз ҳам хушламайди. Ёқтирмайди. Яхшиликка йўймайди. Бироқ нима қилсин? Ўзи келган меҳмон, дегандай… Ана шунақа! Мен сизга айтсам, Сиртлон ҳангомаси ошкора бўлса ҳам, қўни-қўшнилар ўртасида «ҳеч ким эшитмасин» қабилида гап бўлиб туради. У қўшнимизнинг иззат-нафси оғримаслиги учун. Бироқ нима қилсин?! Уриб бўлмас хўжани, сўкиб бўлмас хўжани, дегандай гап. Эндиги гапни Сиртлон зотининг феъл-атворини, одатларини беш қўлдай билувчи тоғликлардан эшитган маъқул.

Яқинда Бахмалдан беш-олти қариндошимиз тўлиб- тошиб келиб қолишди. Қорин ёғи, тандиркабоб, нўхат, мўмиёи асил, зирк, Ҳурметаннинг офтоби ўриги, тутмайизи дегандай… Меҳмонларнинг ичида қўйчибони ҳам, чавандози ҳам, овчиси ҳам, довчиси ҳам бор эди.

Гап келиб-келиб у қўшнимизнинг Сиртлонига келиб тақалди. Ва яна бундан қарийб олтмиш йил олдин бўлиб ўтган Садр Сиртлон ҳангомаси ҳам тилга олиб ўтилди. Меҳмонлар ҳозирги Сиртлон ҳақидаги гапимизга инонмади. Сиртлон зоти борки, бировнинг — бегонаннинг қўлидан нарса емайди. Қўни-қўшни томонга ўтмайди. Ўтса ҳам, ялоқ-ювиндиларига назар солмайди. Хуллас, Сиртлон зотининг Сиртлонларга хос одатлари бўлади. Хашаки итлардан мутлақо фарқ қилади.

Меҳмонлар «сиғинди» Сиртлонни ўз кўзлари билан кўрмоқчи бўлди. Кўрдилар. Кўрганда ҳам синчиклаб кўрдилар. Ва бу Сиртлонда машакнинг — лайчанинг қони бор экан деган қарорга келдилар. Асил Сиртлоннинг қаншари бўйлаб қора-қизғишга мойил бир энлик «қўшмақош” бўлади. Бу Сиртлонда белги йўқ. Лекин тўртала болдирининг тирноқларига туташ жойида ортиқча олтинчи тирноғи бор. Демак, ит Сиртлон. Бироқ чатишлиги бор…

Орадан чамаси олти ойлар ўтиб Форишдан «сиғинди” Сиртлоннинг эгаси келди. Мен бўлиб ўтган гапнинг ҳаммасини айтдим. Бахмаллик қариндошларимизнинг гапи ҳақ бўлиб чиқди. Катта кишилар ҳақида гап кетганда, ота томондан палон улуғ зотга бориб, она томондан эса пистон буюк инсонга бориб тақаладур деганларидай, Форишдан келган Сиртлон кели томондан машак- лайча, соп томондан Сиртлонга бориб тақаладур экан. Қони тоза эмас экан. Чатиш экан. Қўпол қилиб айтганда, ножинс экан.

Демак, «Алп — онадан» деган гап — гап. Демак, Форишдан олиб келинган Сиртлоннинг онаси лайча бўлганидан сўнг ундан рисоладаги Сиртлонларнинг одатини, қилиғини кутиш — нодонлик.

Ота-боболаримизнинг жинси қўйга уради деб қўй билан эчкини бир қўрага қўшиб қамамасликларининг сабаби шундан экан.

Ҳеч қачон бияларни хоназот бўлмаган отга — айғирга тўхтатмасликларининг сабаби шунда экан.

Қуда-анда бўлгувчилар бир-бирларининг авлод-аждодларини (насл-насабини) суриштиришининг сабаби ҳам шунда экан.

Алҳосил, лайчадан лайча пайдо бўлур, уй айланиб тезак ер,
Бўридан бўри пайдо бўлур, қишлоқ  айланиб, қўй ейди,
Шердан шер пайдо бўлур, тўқай айланиб тўлан ер.

04. XII. 2000

*Тоғликлар одати бўйича аёллар давра қуриб, белларига пўта боғлашиб, чир айланиб садрга тушадилар. Ҳар бири ўз дардларини айтиб йиғлайди.

09

Ravshanbek Mahmudov
SOYASI BOR ODAM
Maqoladan parcha

04

To’ra Sulaymon — muhabbat kuychisi. Muhabbat insonni loqaydlikdan, jaholatdan saqlaydi. Muhabbat insonlarni bir-birlariga yaqinlashtiradi, do’stlashtiradi. To’ra Sulaymon — ona kuychisi. Uning she’rlarida onalarning orzu-armonlari, g’am-tashvishlari ishonarli, tabiiy kuylangan.

To’ra Sulaymon — baxshi shoir. She’rlari xalq tiliga, diliga yaqin. Shoir xalq og’zaki ijodini yozma adabiyotga yaqinlashtirgan. To’ra Sulaymon she’rlarining aksariyati baxshiyona uslubda yozilgan.

Siz biron marta osmonga oy chiqqanda yoki oy to’lib, kunday yorug’ bo’lganda uni kuzatganmisiz? Men kuzatganman. Ammo oyning o’rtanganini payqamaganman. Kutilmagan o’xshatish shoirning topqirligidan nishona. Haqiqatan ham, butun bir osmonda yakkaligidan, yolg’izligidan, zerikkanidan, yo’ldoshi, hamsuhbati, dardkashi yo’qligidan oy o’rtanayotgandir. Bu holatni boshidan kechirgan faylasuf shoirgina tiniq osmondagi oyga qarab uning o’rtanganini seza olgan.

Bu yulduzlar kimning kanizagi deb,
Kimni aytar tunning ko’rk, bezagi deb,
Quyoshning ko’kdagi egizagi deb,
Osmon o’rtasinda nozlanadir Oy.

Men osmonning go’zalligi, bepoyonl igi, latifligi, kengligi to’g’risida o’nlab she’rlar o’qiganman. Osmonni ko’p kuzatganman, lekin biron marta oyning nozlanganini sezmaganman. Professor Qozoqboy Yo’ldoshev aytganidek, cho’l shoiri To’ra Sulaymon osmondagi yulduzlar qurshovidagi yolg’iz oyning nozlanayotganini payqay olgan. To’ra Sulaymon uchun Oy nozlangan. Oyning “armonlangani»ni, horg’in suzayotganligini, bezovtalanganini, tutilganligini, to’lg’onganini, iztirobdaligini, to’xtab qolganligini, ma’yuslanganligini, azoblanganligini, tebranganligini, o’rtanganligini, qo’rg’onlanganligini sezish, his qilish uchun faqat To’ra Sulaymon bo’lish kerak. To’ra Sulaymon nazari, didi, salohiyati bilan osmonni kuzatish va u haqida mulohaza yuritish lozim. Osmondagi oddiygina suzib ketayotgan oydan ham To’ra Sulaymon olam-olam ma’no topadi. Qizig’i shundaki, bu ma’nolar, g’oyalar, fikrlar insonni loqayd qoldirmaydi. Bu she’r shoir ehtirosining, hissiyotining, idrokining o’ta kuchliligidan, nozikligidan dalolat beradi.

Bir-biriga tinmay otsalar tosh deb,
Alhol, pastga enar bo’lsa Quyosh deb,
Tirik jon bu holga berolmas dosh deb,
Osmon o’rtasinda azoblanar Oy.

To’ra Sulaymonning ajoyib, hayotiy hikoyalari, qatralari, hajviyalari, dostonlari bor. Hikoyalari Abdulla Qodiriy, Said Ahmad, Shukur Xolmirzaev, Rahim Bekniyozlarnikiday o’qishli, mazmunli, mohiyatlidir. To’ra Sulaymon hikoyalariga hali adabiyotshunoslar e’tiborlarini qaratganlaricha yo’q…

To’ra Sulaymon o’zbek tili iste’moliga juda ko’p yangi terminlar, so’zlar olib kirdi, xalq ichida qo’llanib, unutilayozgan yuzlab so’zlarni she’rlarida qo’lladi. So’z qo’llashni bilish, so’zni harakatlantirish, uni jilolantirish, naqshlantirish, hayratlantirish, uning yangi ma’nolarini ochish shoirlik belgilaridan biri. So’zni ishlata olish, o’z joyida qo’llay bilish, so’zni san’at darajasiga olib chiqish shoir salohiyatiga bog’liq. To’ra Sulaymon so’zni e’zozlaydigan, unga jon kiritadigan shoir edi.

055«Shunday odamlar ham bo’ladiki, tug’ilganda hech kim sevinmagan bo’lsa ham o’lganida butun yurt aza tutadi», degan edi Abdulla Qahhor. «Daraxtning balandligi u yiqilganda bilinadi», degan hikmatli gap bor xalqimizda. To’ra Sulaymon har kuni yonimizda yurardi, kun ora «sog’indik”, deb telefon qilardi, uch-to’rt soatlab gurunglashardik. Qaerda biron yig’in, mashvarat, ma’raka bo’lsa u kishi bizni boshlab borardi. To’ra Sulaymon bizning ustunimiz, suyangan suyanchig’imiz, maslahatgo’yimiz, jo’raboshimiz edi.

«Er yigit o’zi uchun emas, eli uchun yashaydi”, degan maqol To’ra Sulaymonning shiori edi. To’ra aka ko’p vaqtini kimlargadir dori izlash, kimlarningdir farzandini operatsiya qildirishga yordamlashish, kimlardir olayotgan uylarini borib ko’rishga bag’ishlardi. Eng asosiysi, To’ra aka insonlarga suyanchiq bo’lishni yaxshi ko’rardi.

Bir kuni gap orasida falonchining «soyasi yo’q” deb qoldilar. Soyasi yo’q odam ham bo’ladimi, deb hayron bo’ldim. Soddasiz-da, soyasiz odam ham bo’ladi, dedilar. «Xo’sh, falonchilarni kimga foydasi tegdi yoki tekkan. Biron odamga foydasi tegmagan odam soyasi yo’q odamdir!» dedilar. Shundagina men To’ra aka doimo kimningdir, yetti yot begona insonlar uchun tashvish chekib yurish sababini tushunganday bo’ldim.

Bizning To’ra Sulaymon mana shunday o’zgalar g’ami, tashvishi bilan yashaydigan hojatbaror inson edi.
To’ra Sulaymon soyasi bor odam edi.

To’ra SULAYMON
SO’NGGI SHE’RLAR VA BIR VOQEA
045

096Xalqimizning ardoqli shoiri To’ra Sulaymon (1934-2005) asli Jizzaxning Baxmal tumani, Yoyilma qishlog’idan bo’ladi. O’zining aytishicha,1936 yilda Mirzacho’lga ko’chirma qilingach, sirdaryolik bo’lib olgan. «Mening qaysi yili tug’ilganim aniqmas, — deb yozadi u o’z tarjimai holida. — Enamning aytishlariga qaraganda, o’zimning qachon maktabga borib, qachon ro’zg’or ishlari bilan kattalarday jiddiy shug’ullana boshlaganimni eslasam, tug’ilgan yilim o’ttiz ikkinchiga to’g’ri keladi.Bunday deyishimning sababi quloq qilinganimizda enamning qo’lida bo’lgan ekanman».
To’ra Sulaymon o’rta maktabni 1952 yilda tugatgach, maktablarda o’qituvchilik qilgan. U 1958-1964 yillarda Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakul`tetini sirtdan o’qib bitirgan. Avval «Guliston» nomli tuman, so’ng «Sirdaryo haqiqati» nomli viloyat gazetalarida mas’ul kotib bo’lib ishlagan. 1972-1977 yillarda O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Sirdaryo viloyatining mas’ul kotibi, 1986 yildan umrining oxirigacha esa adabiy maslahatchi bo’lib xizmat qilib keldi.
Bo’lg’usi shoirda adabiyotga, ijodga havas ancha erta uyg’ongan. Bunda xalq ijodi, xalq kitoblarini yaxshi bilgan zukko ota-onasining xizmati katta bo’lgan. «Ayniqsa, — deb eslaydi shoir, — otamdan eshitgan ertaklarim orasida «Boldirboy» degan ertak meni maftun qilar edi».
To’ra Sulaymon shoir sifatida matbuotda 1958 yildan ko’rina boshladi. 1962 yilda esa uning «Istar ko’ngil» she’riy to’plami chop etiladi.Shundan keyin uning yigirmadan ortiq she’riy to’plamlari nashr etilgan. Bular orasida «Qorasoch» dostoni (1964), «Hamqishloqlarim» (1968), «Jahongashta» (1970) dostoni, «Mening qora ko’zginam» (1972), «Men qayta borar bo’lsam» (1976), «Alhazar» (1979), «Intizor» (1980), «Sizni eslayman» (1982) va «Istar ko’ngil» (1982) saylanma to’plamlari kitobxonlar tomonidan iliq kutib olingan.Mazkur kitoblari orasida uning «Alhazar» nomli hajviy she’rlar to’plami 1979 yilda «Mushtum» jurnali sovriniga sazovor bo’lgan. U hayotining so’nggi kunlarida «Al-qasosu min Al-haq» nomli epopeyasi ustida ishladi. Unga O’zbekiston xalq shoiri unvoni berilgan.

045

SAJDAGOH

Kindik qonim tomgan sajdagohimsan,
Ikki olam cheki — bandargohimsan.
Uchib-qo’nar joyim — qo’nalgohimsan,
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

Ohu zorim yetib-yetmay falakka,
Yovlar qurshovida qolsam-da yakka,
Xorlik yetsa hamki suyak-suyakka,
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

Bag’ringda yotmoqlik qilmasa nasib,
Quzg’unning qismati menga munosib.
Tana birla tuproq asli tanosib,
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

Og’och otga minsam bo’zlab qolar kim?
Yurgan yo’llarimni izlab qolar kim?
Mendin ne ilinjlar ko’zlab qolar kim?
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

Qaydin kelib, yo Rab, keturmiz qayga,
Yugurib-yelish yo’q betashvish joyga.
Barchaga birday joy — boyga, gadoyga,
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

Ro’zi mahshargacha birga bo’larim,
Maysa, giyoh bo’lib birga unarim,
Birga yonib mudom birga so’narim,
Jon bera bilmasmen sendin bo’lakka.

OTA MAKON

Toshlarin tavof qil, tuprog’ini o’p,
Gardin ko’zga surtib tug’rosini o’p,
Har sahar yukinib bayrog’ini o’p,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir.

Boshing qo’yib topin ostonasiga,
Vog’ yo’lata ko’rma Ark-qal’asiga,
Hamisha tayyor tur himoyasiga,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir.

Sayhuni, Jayhuni javohir, la’lli,
Tog’lari tamalli, bog’lari bolli,
Taqdirimiz shu el bilandir bog’li,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir.

Arkoni davlatin yo’li bir bo’lsin,
Yurgan yo’llarida nafs asir bo’lsin,
Taxt-toj, saltanati mudom sir bo’lsin,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir.

Ko’ki ko’lankasiz — oftobli, oyli,
Fuqarosin ko’ngli Himoloy bo’yli,
Serfarzand, serdavlat, xayrli qo’lli,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir.

Azaldan ardoqli, or-nomusli el,
To’qson to’qqiz bovli, biy, bo’lisli el,
Sabr-qanoatli, qut, qomusli el,
Bu Ota Makondir,
Bu Ona Yurtdir,
Bu qadim Turondir — jon ichra jondir.

06. 12. 03.

MUHABBAT DEGANI SEN BO’LMA YANA

Bu boshimga ne bir savdolar solgan,
Qutulib bo’lmas bir g’avg’olar solgan,
Ko’ngilga bitmas bir raxnalar solgan,
Muhabbat degani sen bo’lma yana.

Birlarda ayirgan es-hushlarimdan,
Qayta so’nib, qayta yonishlarimdan,
Sahro kezib topgan qo’nishlarimdan,
Muhabbat degani sen bo’lma yana.

Birda qon, birlarda nurga yo’g’rilgan,
Shohlar dargohidan birda quvilgan,
Birlarda kullari ko’kka sovrilgan,
Muhabbat degani sen bo’lma yana.

Qonga aylantirgan ko’zyoshlarimni,
Toshga aylantirgan bolishlarimni,
Eshitmasdan turib nolishlarimni,
Muhabbat degani sen bo’lma yana.

Birda elga qo’shib, eldan chiqazgan,
Devona, dalli qib dindan chiqazgan,
G’ilmon-hurlar yurgan yo’ldan chiqazgan,
Muhabbat degani sen bo’lma yana.

07. 01. 04.

ANDALIB
Qiyos

O’z nomi o’zi bilan Andalib edi bu qush,
Gar berilib sayrasa sog’ni qilardi behush.

Nola qilsa, to’xtatar Haqqush ham nolishini,
Qushlar ham to’xtatardi chug’ur-chug’urlashini.

Voajab, ko’rib qoldim yaqinda men bu qushni,
Endi Andalib emas, shunchaki bir Boyqushni.

Axlattitmoqda edi zog’onlar orasinda,
Qay bir kezlar ko’raman Chittaklar davrasinda.

Yoqa ushlayman so’ngra, nelar bo’layotir, deb,
Bog’larimiz kimlarga, kimga qolayotir, deb.

9. 03.

TAVALLO

Ruhim og’ir, ko’ngil g’ash; bilmam so’nggi kunlari
Bir-biridan g’alati tush ko’raman tunlari.

Ehtimol, bu shunchaki bahoriy bir holatdir,
Ko’ngilda kechayotgan havoyi xayolotdir.

Uyquda halovat yo’q, alahsiyman birlarda,
Kezaman xarob qishloq yo xarobazorlarda.

Bu gal suzar emishmiz bahri ummon ichinda,
Bu dengizdan sog’-omon chiqish gumon ichinda,

O’zing saqla, yo Rahmon, saqla olov ichinda,
Kit Kasholot misoli tengsiz tolov ichinda.

Boshda barcha birday shod, birday suzmoqda edik,
Boladay tashvish-g’amsiz, kun o’tkazmoqda edik,

Nogohon to’fon qo’pdi, to’fon qo’pdi dengizda,
Jon qolmadi-qolmadi, qolmadi hammamizda.

Vahm bosdi barchamizni, hayron edi darg’amiz,
Yaxshi kunda darg’amiz-u, qaro kunda qarg’amiz.

To’rttomonimiz qibla — yulduz, osmon ko’rinmas,
Bu talotumdan jonni saqlash oson ko’rinmas.

Bilib bo’lmas dengizning sohil-kanori qayda,
Na bandargoh, na biron najot-fanori qayda.

Yegulik ham soniyan tugab-bitib boradi,
Oqibatning neligin ko’p unutib boradi.

Ota bilan bolaning o’rtasida yov qarash –
Norni norchasi bilan qilgudayin xomtalash.

To’fon tinchimas, hamon yo’q bir najot shu’lasi,
Endi yashamoqlikning qolmagandi ma’nosi.

Qozon qaynovdan qolib, kunimiz gapga qoldi,
Yolg’on tasalli-taskin; latifa, lofga qoldi.

Endi dengiz qa’riga tortmoqdaydi bizlarni,
Yo’l-yo’riqdan adashgan bizday chorasizlarni.

Kimlar non qayg’usida, kimlar jon qayg’usida,
Jon berish holati bor sozanda cholg’usida.

Dunyo bizdan, biz esa olamdan ayro edik,
Endi biz daryo emas, tashlandiq bo’yro edik.

Vahm bosib, g’am bosib tushibman qaro terga,
Uyg’onibman tavallo qilib Parvardigorga:

Jismimizni yem qilma Nahang yo Kitlarga, deb,
Ilohim, karam qilma qay bir bezotlarga, deb.

02. 04. 02.

SIRTLON
Voqea
045

Otadoshimday ayovli, ovuldoshimday siylovli muhtaram afandilar! Suluvdan suluv xonimlar! Jon ayamas jigarlarim!

Siz azizlarga so’ylab bermoqchi bo’layotgan ikki it haqidagi bu ikki voqea to’qima ham emas, o’qima ham emas. Ko’z o’ngimda kechgan hodisa. Biri bolalikda To’ra bo’lmay turib to’ralardan, kattalardan qolgan ovqatlarni yeb, hali etak nimaligini bilmay — etaksiz yurgan kezlarimda ko’rganim. Hozirgiga o’xshab Nobel mukofoti ilinjida yurgan vaqtlarimda emas, bir burda non ilinjida yurgan chog’larimda bo’lgan tasodif. Biri esa shu kecha-kunduzda To’ramisan To’ra bo’lgan kezlarimda bo’lgan gap. Lofi ham yo’q, sopi ham yo’q. Na o’smasi bor, na surmasi. Na hurishi bor, na xamirturishi. Kechmish qanday kechgan bo’lsa, shundayligicha yozmoqdaman. Ha, aytganday, «Sirtlon”ga «hikoya” deb mezon qo’ysam, shu vaqtgacha yozilgan hikoya dunyosini sindirgan bo’laman. «Afsona» deb ataydigan bo’lsam, afsonalar olamiga xiyonat qilgan bo’laman…

Uningsiz ham, xalqimiz jonli tilda, falon yerda falon voqea bo’libdi, deydi. Hikoya bo’libdi demaydi. Shundan kelib chiqib «Sirtlon»ning janrini kitobiylashtirib o’tirmasdan «Voqea» deb qo’yaqoldim.

I

Qosh qoraymay, shom xuftonga daxldor bo’lmay turib Qodirqul boboning uyida qiy-chuv qo’pdi:

— Bola-a-mo’, bol-a-mo’-o’!
— Jiga-a-r-i-m, ji-ga-ri-i-im!

— Qo’-r-g’o-ni-mdan ay-ril-dim, ayr-il-d-im!
— Voy, qa-no-ti-im qay-r-il-d-i, qa-y-ril-d-i!

— Voy, bo-l-a-m, v-oy-y, bo-la-m…
— Umid-lar-im uzildi, ko’kaylarim kes-il-di!

Qodirqul bobomizning uylarini odam bosgandan bosdi. Ana-mana deguncha to’qson uyli, to’rt aymoqli Aldashmon qishlog’ining kattayu kichigi to’plandi.

Sovit sallotlari bilan bosmachilar o’rtasida otishma bo’lgan ekan. Otishma Qirqqiz darasida bo’libdi. Qodirqul boboning yakkayu yolg’iz o’g’li Toshtemir tus bo’lasi Egamnazar bilan shu kuni toqqa o’tin olib kelgani ketgan ekan. Yaqin orada bo’lgan otishmaning vahimasidan, taloto’pidan qo’rqib ikkalasi ham ko’liklarini o’tin-po’tini bilan tashlab Yakkamozor qiriga qarab qochibdi. Chaqqon, chapdast, chapani Toshtemir oldinda. Orqada esa bo’lasi…

Qish chillasi chiqib, yer oyog’i yumshab, ko’klamning sharpa-shamoli har qadam, har nafasda belgi bera boshlagan kezlar. Oradan kiprik qoqqunchalik vaqt o’tar-o’tmas Toshtemir termaga duch kelibdi. Egamnazar «dod” degancha qolaveribdi. Qishloqqa bu sovuqxabarni Egamnazar ola kelibdi. Bor gap — shu.

Qiyomat qoyimning kattasi tong otganda boshlanadi. Birgina Qodirqul bobomizning uylari azaxonaga emas, Sangzor — Soybo’yi — Baxmal aza dahasiga aylandi. Er- azamatman degan zot Toshtemirning jasadini topib kelish uchun Yakkamozor darasiga otlandi. Uy to’la, qishloq to’la odam kechgacha kutdi. Shom chog’lari toqqa ketgan yigitlardan biri «og’am”lab, biri «tog’am»lab murdani topolmay qaytib keldi. Bu musibat qariyb bir oy davom etdi. Kun sayin azaxonaga kelib-ketuvchilar soni kamaya bordi. Yaqindan-yaqin kishilar terilib qolaverdi. Kunlar isiy, qorlar eriy boshlagach, Yakkamozorning bir o’ngirida g’ajir, quzg’unlar aylana boshlabdi. Biri qo’nib, biri ucha boshlabdi. Ko’pni ko’rgan qariyalar jasadning shu yerdaligini qatnab yurgan yigitlarga aytadi. Nihoyat, nihoyat…

Ta’ziyaning, motamsarolikning kattasi — «yakunlovchi” janoza ana endi boshlandi. Qariyb bir oy ichida Qodirqul bobo bilan Yanglish momo o’g’liga qo’shilib «o’lib bo’lgan” edi. Sho’rlik ota bilan bebaxt onaning ta’ziyalarni qabul qilishga qurbi yetmadi. Yotib qoldilar. Hali kichik chillasi chiqib ulgurmagan kelinchak Bibizilol sho’rlik esa chimildiqning ichida jonsiz jasadga aylanib bo’lgan edi.

Bir xonadondagi to’rt jondan biri — Toshtemir yerning tagida bo’lsa, qolgan uchi yerning ustida tirik murdaga aylanib qoldi. Tong otishi bilan xotin-xalajning sadri* boshlandi. Baxtiqaro kelinchakni — Bibizilolni ham chimildiqdan olib chiqdilar. Qirchinida qiyilgan Toshtemirning amma-xolalari, qayinbeka- qayinsingillari dod solar edilar:

Aylanayin, og’am-a,
Xazan-a bo’g’an bog’im-a.
Enang kuysa bo’lardi,
Seningmas, mening-a dog’ima.

Bog’lan qo’zi bolasi,
Belida ketgan inim-a.
Jonim og’am, seningsiz
Qandayam o’tsin kunim-a!

Chorbog’laring, bog’laring,
Besohib qolar bo’ldim-a?!
Otang turib, Alponim,
Paymonang to’lar bo’ldim-a…

Bir mahal, bir mahal… bir chekkada g’ujanak bo’lib yotgan Sirtlon o’rnidan turib, bir-ikki silkinib sadrga tushayotgan ayollar orasiga o’zini urib, o’rtaga tushib ayollar misoli aylana boshladi. Xotinlar serpila tushib o’zlarini chekkaga tortgan bo’ldi. Biroq sadrni to’xtatishning iloji yo’q edi, shekilli. Chuvillab yig’lagan ham yig’ladi, yig’lamagan ham yig’ladi. Bir mahal it keyingi ikki oyog’i bilan tik turib, oldingi ikki oyog’i bilan qarsak urib, jag’ini shaqillatib rasmana sadrga tusha boshladi. Odamlar qotdi-da qoldi. Birov ko’zlariga ishonsa, birov ishonmaydi.

Ehtimol, siz ham mening bu gaplarimga ishonmassiz. Ichingizda meni so’kib, «Olib qoch-a”! deyayotgan bo’lishingiz mumkin. O’sha kuni o’z qulog’im bilan ko’pchilikdan eshitgan past-baland gaplar:
— Odam bo’lib bunday voqeani ko’rmadim, eshitmadim. Biron kitobda o’qimadim. Yaxshilikka ko’rinsin…

— Buning ajablanarli joyi yo’q. Ba’zi birovlardan ot afzallik qiladi. It esa ustunlik qiladi. Aybi — ikkovining ham tili yo’q. Bilasiz, itning o’n ikki fazilati bor — ursangiz ham ketmaydi, berganingizga qanoat qiladi, do’st bilan dushmanni ayira biladi… Xususan, Sirtlon xosiyatli it.

— Bo’rining kushandasi. Sirtlonning tug’ilgan kunini bo’rilar biladi. Gidikligidan o’ldirib ketish payiga tushadi. Buni cho’ponlar ham juda yaxshi biladi. Ular Sirtlon kuchukni katta bo’lgunicha uylarida saqlaydi.

— Bu it hech ulimas edi. Shu kunlari saharga borib bir-ikki ulib qo’yyapti. Qiziq. YO, tavba qildim, tavba kardam…

Kun tushlikdan o’tib qiyalikka engach, sadr to’xtadi. Erkaklarning «jigarim, jigarim”i ham bosilib, azalik uyning xeshlari qolib, uzoq-yaqindan kelgan kishilar ko’paydi. Shu kundan e’tiboran Sirtlon tunlari ulib chiqadigan bo’ldi. Uning Sirtlon degan asl ismiga Sadr qo’shilib, Sadr Sirtlon deb aytiladigan, chaqiriladigan bo’ldi. Qiziq, sallotlar bilan bosmachilar to’qnashib otishma bo’lishi, qaysi tomondan qancha odamning o’qqa uchgani, yarador bo’lgani, otishmaning falokati Toshtemirni ola ketgani, chol bilan kampirning o’lmay turib o’lgani, hali chillasi chiqmagan kelinchakning chimildiq ichida kuyovining diydoriga to’ymay qolavergani bir bo’ldi-yu, Sirtlonning sadrga tushgani bir bo’ldi. Bu, ehtimol, tasodifdir, ehtimol tabiiy bir holdir. Nima bo’lganda ham, bu hodisa qariyb oltmish yildan beri el og’zida, tildan tushmay keladi.

Oradan haftalar o’tdi, oylar kechdi. Qodirqul bobo bilan Yanglish momo eng yaqin tuqqan-tug’ishganlari bilan kelinlarining ota-onasi, og’alarini bir necha bor to’plab, boshlarini biriktirib:
— Biz mingdan ming rozimiz. Kelinimiz bizning bebaxtligimizga sherik bo’lmay, ota-onasining bag’riga borsin. Mard xudodan, nomard yo’ldoshidan ko’rar emish. Boshimizga tushgan bu musibat — Yaratganning ishi. Endi bizga yerning ustidan tagi afzal, — deyishlariga qaramay, bu gaplariga Bibizilol ham, ota-onasi ham ko’nmadi.

Chol bilan kampir kelinlari bilan birda xush, birda noxush yashay berdi. Sirtlon ham har tuni ulib chiqishini kanda qilmadi. Har ertalab Yanglish momo tovush chiqazadi. Bibizilol qaynonasiga qo’shila tushadi:

Qora jerning tagida
Qorayib jotqan bolam-a!
Kun tegmagan japraqday
Sarg’ayib jatqan bolam-a…

Beklik belgisin ko’rmay
Bebaxt bo’lg’an begim-a!
Qirchinida qiyilib,
Bevaqt so’lgan begim-a…

Yolg’izni yaratguncha
Toshni yaratsang bo’lmasm-a.
Toshdan-da oyoqosti
Boshni yaratsang bo’lmasm-a…

Jasad chiqqan uyga qo’ni-qo’shnilardan ertayu-kech chiqarilib turiladigan «qo’shni toboq”lar kamayib borar edi. O’lim jafolari kun-bakun esdan chiqar o’rniga, soat sayin yangilanar, chol bilan kampir uchun dunyoning qizig’i tugab borar edi. Soat sayin, soniya sayin erta kundan umidlari uzilib borar edi. Toshtemirning baxtiqaro ota-onasi uchun yerning ustidan ko’ra, yerning tagi afzalroq bo’lib borardi. Bibizilolga ovunish o’rniga uni har ko’rganda yaralari yangilanardi. Qodirqul bobo ich-ichidan siqilib, yurak-bag’ri ezilgandan ezilib, borliq dardi yuzaga chiqib — soqoli sayin yosh bo’lib… Yanglish momo ko’ngil so’rab keluvchilar bilan so’rashib bo’lar-bo’lmas «tovush chiqarish”ni — «yo’qlov”ni boshlar, uy ichi bor bo’yi g’amxonaga aylanar edi. Oxiri, bo’lmadi. Bibizilolga: «Bolam, sendan u dunyoi, bu dunyo rozimiz. Biz cholu kampir tiriklay o’lib bo’ldik. Sen bizning yer- ko’kka sig’mas g’amu hasratimizga sherik bo’lma. Biz nima bo’lsa, xudodan ko’rdik”, deb qo’yarda-qo’ymay javobini berdilar. Quda-qudag’aylarining chin dildan qarshilik ko’rsatishlariga qaramadilar. Shundan keyin bu uy chinakam g’amxonaga aylandi. Yanglish momo kunda nari borsa bir marta qozon osadi. Birda-bir bu ham yo’q. Sirtlonga ovqat (atala) qilib berish ham kun-bakun tortilib bordi. Bora-bora «it ovqati» tugul, yuvindi ham hisobi bilan bo’la bordi. Sirtlon birov bergan nonga, suyakka, tashlandiqqa et-beti bilan tashlanish o’rniga qiyo qaramaydi. Chol-kampir nima bersa, nima tashlasa shunga qanoat qiladi. Ba’zi hamjinslariga o’xshab yaloq ilinjida uyma-uy, ko’chama-ko’cha yurish esa Sirtlon zotiga yot odat. Bora-bora Sirtlon ham po’stakholiga keldi. Terisi borib suyagiga yopishdi. Kech kirishi bilan ulishi ulg’aya bordi. Tun og’ushiga qadar ulib, so’ng tinib, tong otar-otmas ulishiga qo’ni-qo’shnilar ham ko’nikdi. It haddan ziyoda to’kilib tamom bo’ldi. Kasal bo’lib kasal emas, qarib qari emas. Ochlikdan chol bilan kampir o’lmay turib Sirtlon o’lar edimi?! Magaram, shunday bo’lsa, ochlikdan o’lganning mozori yo’q.

Judolik bo’ldi. Ochlik bo’ldi. Xorlik bo’ldi. Sirtlon bir oqshomda yo’q bo’ldi. Qodirqul bobo quvvati yetgan joygacha izlab bordi. Chaqirdi. “Sirtlon!”ladi. Itdan esa darak yo’q. Oradan bir kun o’tdi. Ikki kun o’tdi. Sirtlonning ulushuga ko’nikib qolgan qo’ni-qo’shnilar ham ko’ngil uchun so’roqlay tushdilar. Itdan esa hech nomu nishon yo’q. Bir kuni kimdir gap topib keldi. Emishki, Sirtlon Toshtemirning qabriga bosh qo’yib, uzala tushib o’lib yotgan emish. Ikki-uch kishi bo’lib Uzun Ota qo’yindisiga bordilar. Aytganlari rost. Sirtlon Toshtemirning qabriga bosh qo’yib…

Bu gap, bu xabar chol bilan kampirni qayta ado qildi. Yangilanmas yaralarini qayta boshdan tirnadi. O’zlarini o’tga otsalar, osiy bo’ladi. O’zlarini ossa, do’zax o’ti halol bo’ladi. Osmasalar, bu ko’rgulikka dosh berish dushvor. Ko’nikish dushvor. Chol endi chiday olmadi. Bo’zlab yig’lashga tushdi. Yanglish momo boshini toshga urdi. Devorga urdi. Dod soldi. Har ikkalasi ham savdoyi ko’chasiga kirdi. Momo o’zini u yon otib urar, bu yon otib urar edi. Oradan bir kun o’tar-o’tmas chinakam savdoyi desa savdoyi, adoyi desa adoyi bo’ldi.

Yanglish momo jinni bo’lib qoldi. Birda-bir tunar joyi ko’cha bo’lsa, birda-bir qo’nar joyi qo’yindi bo’ldi. Na aldab bo’lar edi, na suldab. Na gapga kirar edi, na quloq solar edi. Na sovuq o’tar edi, na issiq kor qilardi. Uryon-yoqavayron, yarim-yalang’och edi. Momoning bu ahvoliga do’st tugul, dushman tobi-toqat qila olmasdi. Butun qishloq ahli chol-kampirning dardlariga hamdard bo’ldi. Yonar bo’lsalar birga yondilar. Kuyar bo’lsalar, birga kuydilar.

Qishloq qariyalari to’planib Sirtlon masalasi haqida kengashdi. Unisi u dedi, bunisi bu dedi. Deyishga dedilar-u, bir qarorga kela olishmadi. Itni nima qilish kerak? Bu savolga Buxoro madrasasida tahsil olib, ulamo degan «guvohnoma» olish baxtiga muyassar bo’lgan mavlono mulla Umarning:

— Itni qabristonga kira berishdagi darvozaning qibla tomoniga yuvib-tarab ko’mish kerak. Mayli, bu mudhish hodisani odamlar eslay-eslay yursinlar, — deb bergan fatvosi hammaga ma’qul tushdi.

II

Bu qo’shnimiz toparmon-tutarmon. Unib-o’sgan qullardan. O’g’illari o’g’il joyida. Qizlari qiz joyida. Oilada otaning gapi — gap. Kelin-kepchik, bola-baqralar o’rtasida “g’alayon» qo’padigan bo’lsa, masalani oilaning navbatdan tashqari bo’ladigan «Byuro»sida Ona — Farmon buvi hal qiladi. O’g’illar o’rtasida bo’lar-bo’lmas gap oralaydigan bo’lsa, buni hali aytganimizday, oilaviy «Byuro»da Ota hal qiladi. Qilgan ayblariga qarab yo afv etiladi, yo biron-bir jazo beriladi.

U qo’shnimizning qo’li sal kaltaroq. Qora qozonlarida har kuni moy qaynamasa ham, har holda… Gap har ikkala qo’shnimiz oilasini muhokama qilish, qanday yashab, qanday yashamayotganliklarini taftish etish haqida ketmayapti. Gap tamomi boshqa narsa xususida.

U qo’shnimiz forishlik. Hafta bo’lmasa ham, har oyda Forishdagi qarindoshlari bilan bordi-keldi qilib turadi. Avvalgi yili borganida qaysi bir og’aynisiga yomon ko’rinib, bir kuchuk ola keldi. Yomon ko’rinib deganimiz — zotdor kuchuk o’g’irlab olib kelindi. Shunaqa irimi bor. Uningsiz ham cho’poni gidiklarni egalari birovga bermaydi. Qiymas odam bo’lsa ham.

Ikki-uch yil ichida haligi gidik, haligi gidik… Butun mahallani qo’riqlaydigan itmisan it bo’ldi. Bemavrid, bemahal sanqib yuradigan kishilarning oyog’i tiyildi- qoldi. Gidik o’z nomi o’zi bilan Sirtlon edi. Sirtlonlarning odati kunduz kunlari hech kimga ko’rinish bermaydi. Bo’lar-bo’lmasga akillamaydi. O’tganning ham, ketganning ham oldiga hurib-akillab chiqa bermaydi. Avvalo, indamaydi. Bir indasa bormi, e-ha! Uddalab bo’psiz! Bor hunarini asosan tunda ko’rsatadi. Shunday qilib…

Hali aytganimizday, bu qo’shnimizning qozoni o’choqdan tushmaydi. Qozon ham moy, cho’mich ham. Har kuni mehmon. Yuvindisining o’zi bir mahallaning itiga yetib ortadi.

Hali aytib o’tganimizday, u qo’shnimizning Sirtloni birda-bir bu qo’shnimizning hovlisiga o’tib… Bizning ityaloqni uyda yalab, boshqa ko’chaga borib huradi, deganga o’xshab. Boshda-boshda hammamiz hayron qoldik. Hech qachon Sirtlon birov bergan narsani yemas edi, deb. Qo’ni-qo’shnilarning yalog’iga tumshug’ini tiqmas edi, deb. Uyma-uy sanqib yurmas edi, deb… Sirtlonning bu qo’shnimiznikiga chiqib oshxonasi atrofida o’ralashishi kun-bakun ko’paya bordi. Bora-bora oshxonalari atrofidan ketmayoq qo’ya qoldi. Bora-bora oqshomlari bu qo’shnimiznikida tunab chiqadigan bo’ldi. Bora-bora u qo’shnimiz oriyat qilib Sirtlonni bog’lovga oldi. Bir oldi, ikki oldi. Axiyri bo’lmadi. Bo’shalib, yana bu qo’shnimiznikiga o’tib kunini ko’rib yura boshladi. Azbaroyi yuvindi uchun. Yopiray! Qo’ying-chi, bora-bora bu qo’shnimizning iti bo’lib oldi. Yotishi ham shunda, turishi ham shunda, hurishi ham shunda…

Sirtloning bu odatini bu qo’shnimiz ham xushlamaydi. Yoqtirmaydi. Yaxshilikka yo’ymaydi. Biroq nima qilsin? O’zi kelgan mehmon, deganday… Ana shunaqa! Men sizga aytsam, Sirtlon hangomasi oshkora bo’lsa ham, qo’ni-qo’shnilar o’rtasida «hech kim eshitmasin» qabilida gap bo’lib turadi. U qo’shnimizning izzat-nafsi og’rimasligi uchun. Biroq nima qilsin?! Urib bo’lmas xo’jani, so’kib bo’lmas xo’jani, deganday gap. Endigi gapni Sirtlon zotining fe’l-atvorini, odatlarini besh qo’lday biluvchi tog’liklardan eshitgan ma’qul.

Yaqinda Baxmaldan besh-olti qarindoshimiz to’lib- toshib kelib qolishdi. Qorin yog’i, tandirkabob, no’xat, mo’miyoi asil, zirk, Hurmetanning oftobi o’rigi, tutmayizi deganday… Mehmonlarning ichida qo’ychiboni ham, chavandozi ham, ovchisi ham, dovchisi ham bor edi.

Gap kelib-kelib u qo’shnimizning Sirtloniga kelib taqaldi. Va yana bundan qariyb oltmish yil oldin bo’lib o’tgan Sadr Sirtlon hangomasi ham tilga olib o’tildi. Mehmonlar hozirgi Sirtlon haqidagi gapimizga inonmadi. Sirtlon zoti borki, birovning — begonanning qo’lidan narsa yemaydi. Qo’ni-qo’shni tomonga o’tmaydi. O’tsa ham, yaloq-yuvindilariga nazar solmaydi. Xullas, Sirtlon zotining Sirtlonlarga xos odatlari bo’ladi. Xashaki itlardan mutlaqo farq qiladi.

Mehmonlar «sig’indi» Sirtlonni o’z ko’zlari bilan ko’rmoqchi bo’ldi. Ko’rdilar. Ko’rganda ham sinchiklab ko’rdilar. Va bu Sirtlonda mashakning — laychaning qoni bor ekan degan qarorga keldilar. Asil Sirtlonning qanshari bo’ylab qora-qizg’ishga moyil bir enlik «qo’shmaqosh” bo’ladi. Bu Sirtlonda belgi yo’q. Lekin to’rtala boldirining tirnoqlariga tutash joyida ortiqcha oltinchi tirnog’i bor. Demak, it Sirtlon. Biroq chatishligi bor…

Oradan chamasi olti oylar o’tib Forishdan «sig’indi” Sirtlonning egasi keldi. Men bo’lib o’tgan gapning hammasini aytdim. Baxmallik qarindoshlarimizning gapi haq bo’lib chiqdi. Katta kishilar haqida gap ketganda, ota tomondan palon ulug’ zotga borib, ona tomondan esa piston buyuk insonga borib taqaladur deganlariday, Forishdan kelgan Sirtlon keli tomondan mashak- laycha, sop tomondan Sirtlonga borib taqaladur ekan. Qoni toza emas ekan. Chatish ekan. Qo’pol qilib aytganda, nojins ekan.

Demak, «Alp — onadan» degan gap — gap. Demak, Forishdan olib kelingan Sirtlonning onasi laycha bo’lganidan so’ng undan risoladagi Sirtlonlarning odatini, qilig’ini kutish — nodonlik.

Ota-bobolarimizning jinsi qo’yga uradi deb qo’y bilan echkini bir qo’raga qo’shib qamamasliklarining sababi shundan ekan.

Hech qachon biyalarni xonazot bo’lmagan otga — ayg’irga to’xtatmasliklarining sababi shunda ekan.

Quda-anda bo’lguvchilar bir-birlarining avlod-ajdodlarini (nasl-nasabini) surishtirishining sababi ham shunda ekan.

Alhosil, laychadan laycha paydo bo’lur, uy aylanib tezak yer,
Bo’ridan bo’ri paydo bo’lur, qishloq aylanib, qo’y yeydi,
Sherdan sher paydo bo’lur, to’qay aylanib to’lan yer.

04. XII. 2000

*Tog’liklar odati bo’yicha ayollar davra qurib, bellariga po’ta bog’lashib, chir aylanib sadrga tushadilar. Har biri o’z dardlarini aytib yig’laydi.

092

(Tashriflar: umumiy 1 752, bugungi 1)

Izoh qoldiring