To‘ra Sulaymon. “Ergash Jumanbulbul o‘g‘li el kezadi” turkumidan & Kuntug‘mish. O‘zbek xalq dostoni asosida badiiy-musiqiy radiodoston.

0_164b17_691f22dd_orig.pngАтоқли шоир Тўра Сулаймон таваллудининг 90 йиллиги олдидан

  Эргаш бобо кўпни кўрган, эл кезган, паст-баланд гапларни кўнглига олишдан безган, барча бирдай бўлганда – бу дунёнинг қизиғи ҳам бўлмаслигини неча бор кўнглидан ўтказган достонсаро эмасми, ўзи сўзласа сўзлайдиган, бўзласа бўзлайдиган отамерос, бобомерос созини қўлга олиб, аввал ўтган-кетгандин, ниятига етиб-етмаётгандин, зонгдин-замондин, жаҳонгирдин, жаҳондин, дорус-салхдин[6], салтанатдин, сиёсатдин сўйлаб, даврабоп бир терма айтишни ўйлаб, жунбушга келиб, ҳўйлашдан куйлашга ўтибди…

Тўра СУЛАЙМОН
“ЭРГАШ ЖУМАНБУЛБУЛ ЎҒЛИ
ЭЛ КЕЗАДИ” ТУРКУМИДАН
09

Бири Сирдарё бўлса, ул бири Зарафшондир!

Қаҳатчиликдан эл-улуснинг энка-тинкаси қуриб, индовни каъбайи буғдой ўрнида, сулини сурмайи Сулаймон ўрнида кўриб дастурхонларидан қут-барака, қўра-қўрғонларидан тўрт тўлик тугул қўй-қўзининг қумалоғи кўриниш бермай қўйган йиллари Эргаш бобонинг йўли Булунғур даҳасига тушиб:

Эргаш-Жуманбул-угли.jpg– Бахши халқининг кўнгли нозик, ўзи орқали бўлади. Унингсиз ҳам Фозил худо берган шоир. Истаса Сирдарёдай тиниб, истаса Зарафшондай тўполон-тўс бўлиб оқишда тенги кам оқин. “Алпомиш”ни айтишда у билан ҳеч бир гўянда беллаша билмас. Қолаберса, ўз ҳамкасбининг қадрига жетмаган банданинг бандалиги нима-ю банди бўлган жилқининг гандалиги нима? Шундай жўлим тушиб қолганида бир жўқлаб кетмасам бўлмас, шундай қилмасам ўзимнинг ҳам кўнглим жойига тушиб-тўлмас, – деб отининг жиловини Фозил ота томонга қараб бурибди.

Нон авлиё бўлдиё, ош авлиё бўлдиё, дегандай Фозил ота йўқсилликдан тинка-мадори қуриб, хуноб-хит бўлганидан қўкнорининг нимкоса сиқмасини уриб, кун-чувоқда хаёл суриб ўтирган эканлар. Бир маҳал, мусофирга жой борми, деб ҳовлисига бир отлиқ тушиб, ҳе йўқ, бе йўқ кўлигини якка қозиққа боғлай берибди, Фозил ота кўкнорнинг кайфи билан:

– Бемаҳал келган бу баччағар бекмидир, тентакмидир? Ўтириб эдим ғамсиз, ҳамсоям келди иштонсиз, дегандай, жўлидан адашган жўқловчимидир, ё бўлмаса, қайга бош урарини билмай журган совчимидир? Не бўлса ҳам такаллуф билан, хуш келибсиз, сафо келибсиз, деб олдига пешвоз чиқиб кутиб олай, арз-дод билан келган бўлса арзига қулоқ солай, – деб ўрнидан, ё пирим, деб туриб, елиб-югуриб меҳмоннинг олдига пешвоз чиқибди.

Қараса, Эргаш Жуманбулбул ўғли. Отаси тирилиб келган етим боладай шод бўлиб, хижил бўлиб ўтирган кўкайи куртак отиб, борлиқ ғам-андуҳлари барбод бўлиб донғи Доғистонга кетган довруқли достоннавозни қучоқ очиб кутиб олибди. Кулбаи хоналарига кириб ҳол-аҳволдин, мол-жондин, теварак-туздин, зонгдин-замондин, яхши-ёмондин сўрашиб бир-бирларининг дийдорларига тўйиб, уй соҳиби Эргаш бобонинг ўз оёғи билан келганини яхшиликка йўйиб бўлганларидан сўнг, гал дастурхон ёзишга келибди. Мезбон сўяй деса қўрада қўй тугул, қўзининг қумалоғи ҳам, товуқ, туволоқдин тортиб ширроқи эчки-улоғи ҳам йўқ. Дастурхоннинг биринчи зеби-зийнати, файзи-баракоти эса нон. Энди шундай кунда қани ўша нон! Отанинг бойбичаси дастурхон ёзиб нон қўйиш тугул, жонини пойандоз қилса арзигулик меҳмон қошида ер ёрилиб, ерга киргудай бўлиб, тириклай ўлса ўлгудай бўлиб саросимага тушиб қолибди. Ахири борига барака қилиб дастурхонга икки заранг косада қатиқ қўйибди. Мезбонларнинг бу ҳол-ҳолатини ич-ичидан сезиб, ҳозир бутун эл-улус чор-ночор бир тарзда яшаётганини кўнглидан ўтказиб ўтирган назаркарда чечан уй эгаларини бу оғир вазиятдан қутқазиш учун бир қут, бир беқут бўлиб турган замондин, яхши-ёмондин, урондин-сурондин, шаҳар-кентда, бутун мамлакатда юз бераётган қирғин-қирондин сўз очиб гапни улаб, соқол-мўйловини силаб, бева-бечораларга сабру қаноат тилаб, бекор ўтиргандин кўра бекорга ишла, дегандай, ўтган-кетган гаплардан гапириб ўтирибди. Эргаш бобо:

– Ўзга эл пошшосининг тупроқ-тошингни, авлод-аждодларинг жатган хокипок жерларингни топтаб, бостириб келиб қилган марҳамат-мурувватининг ортида маломатминан мусибат жотар эмиш. Ундан кўра, ўз хон, ўз султонингни сўккани сўк оши, ургани ун оши эмиш. Ит тумшуғи теккан жерга сув ичгали шер келмас, деган гап гап-да.

Фозил ота:
– Николай пошшонинг Искабилиб, Касофаткин, Қоплон[1] деган қўллари қонли, жўллари қиронли искабтопар итлари қишлоқ-шаҳарларни тўпга тутиб бостириб келганларидан сўнг овул-аймоқлардин қут-барака кўтарилгандин кўтарилиб, ҳалол ошимиз ҳаромга айланди. Қулф кўрмаган дарвозаларга қулф тушиб, зулф нелигин билмаган эшик-даричаларга зулф тушди. Энди бу эл озгандин озиб, тўзгандин тўзмаса эди. Ўзимники озмиди, туйнукдан тушди бир хўжа, деганлари шекилли, бу синглиғорларни қайси шамол учириб келди экан ўзи?

– Фозил дейман?
– Лаббай, ҳазратим.

– Сўфининг уйидан чўчқанинг калласи чиқибди, деган гапни эшитганмисан?
– Эшитганман.

– Ана ўша сўфининг уйидан чўчқанинг калласи чиқибди, деган замонлар энди келди. Илгарилари тўнғиз тўқайда бўлгучи эди. Кўрасан, энди бу оққулоқ қишлоғимизга, қўрамизга кириб келиб, тумшуғини тиқмаган жери қолмайди. Энди кун-бакун ҳалолминан ҳаромнинг, уволминан савобнинг, гуноҳминан салоҳнинг фарқига бормай борамиз.

– Ё алҳазар, ҳали олдимизда шундай қаро кунлар ҳам бор денг!

– Ёв босган элни ғам босар, деб бекорга айтмаган ўтган машойихлар. Бўлмаса, оғаминан ини, тоғаминан жиян, отаминан бола, уруғминан аймоқ ўртасидан меҳру оқибат шунчалик кўтарилганини ким эшитиб, ким кўрган?

Туман ўзбекнинг туби бир. Шундай бўлгандин сўнг ёвга қарши бирлашиб, от суриш ўрнига бир-бирининг эт-бетини жеб жатқандан сўнг додингни қайси додҳога айтасан?

Хонминан хоннинг, бекминан бекнинг, бўлисминан бўлиснинг жер талашиб, сув талашиб, жесир хотин талашиб жатқани-чи? Ўрис тўралариминан ўрис саркардалари эса бундан фойдаланиб мўримиздан бўйлаб жатир.

Фозил ота:
– Қимматчилик – қабоҳат. Қаҳатчилик – қирғин. Қурғоқчилик – қиёмат қойим. Сурғоқчилик – сурункали суриниш. Вабо – мозорот. Ўз туғдорингни бахти қайтиб, тахтдан қулаши – қалъа-қўрғонингни нураши. Бу олти очофатнинг қай бири қай жерга дориса, қолган беши ҳам бир-бирига эш бўлиб ўша манзилга жапирилиб келар эмиш. Иноқлик, иттифоқлик бўлмаган жойга жетиб борар эмиш. Тўзаман деган тузга този туманбегилик қилар экан. Ўзаман деган элга эса ўзлик ўзи бийлик қилар экан, дегани шу.

Мен бир гапни эшитганим бор: ўрис қўшинлари Тошкентга бостириб кирган жиллари шаҳарнинг ҳоким-тўралари, беклари, ашрафу аъёнлари хушомад қилиб ўрис гиниралларининг қошига мадҳу сано ўқиб чиқиб, нон-туз билан кутиб олган экан. Бу ўзбек дегани бекмидир, тентакмидир ўзи? Мен шунга тушунмай келаман.
Аввал таом дегандай, дастурхон ҳам ҳадегандан ёзилабермай, Фозил ота ўзини қўярга жой топалмай, бора-бора гаплари ҳам сал қовушмагандай бўла бошлабди. Буни ич-ичидан сезиб ўтирган назаркарда суханвор:

– Бемаҳал-бемаврид келиб буларни ҳам хижолатга қўядиган бўлдим-ов, энди ўртадаги ноқулайликни орадан кўтармасам бўлмас-ов, бор борича, йўқ ҳолича, битта сассиқ қорин қаерларда тўймас, – деб Эргаш бобо ярим ҳазил, ярим чин дебди:

– Бу замон қандай замон?
Қўйгай қатиқни нонсиз?

Фозил ота ҳам ўйлаб-нетиб ўтирмай жавоб берибди:

– Арпа пишганда келингиз,
Тўғраб берай армонсиз.

Ички касалнинг сиртга тепгани беморнинг касалликни енгани, дегандай Эргаш бобонинг ўртадаги ғуборликни бир байт билан мутойибага йўйиб юборганидан Фозил отанинг ҳам чиройи очилиб, кўнгли жойига тушиб, ўзини ростлаб ўчоқ бошида не қиларини билмай ўралашиб юрган бойбичасини чақириб-чорлаб ўтирмасдан ўзи тахмондаги ҳали оҳори тўкилмаган лўла-болиш, кўрпачалардан қадами қут қурдошини қайта бошдин қўзғаб қат-қат қилиб тўшаб-дурустлаб бир парвона бўлгандин ўн парвона бўлиб, ўз даврида дарёи азим деб ном олган меҳмонининг кўнглини туз билан ололмаса ҳам бўз билан, ё сўз билан олишга тутинишга тушибди.

Шу орада уй бекаси қўни-қўшниларникига чиқиб бир қадоқча ун топиб келиб лачира (ҳам нон, ҳам овқат ўрнини босиши учун) тайёрлашга ҳозирлик кўра бошлабди.

Биласиз, Эргаш бобо уламо, сипо, кам гапириб, кам куладиган, Фозил ота эса чапани табиатли, барчабоп, каттазангликни билмайдиган, борга ҳавас қилиб, йўқдан кулмайдиган киши бўлганлар.

Бояги бадиҳадан сўнг гаплари гапларига, байтлари байтларига уланиб кетибди. Икки дарё қўшилиб, қалққандан қалқиб, сўз билан сознинг сеҳридан нор туядай маст бўлиб, кўнгиллари пайваст бўлиб, тоғ билан тоғ бирлашса Сулаймон пайғамбарни арши аълода кўр, деганлари рост бўлиб, кўкнорининг кайфи билан Фозил ота жунбушга келиб, меҳмон туриб ўзи байт айтмоқликни беодобчиликка йўйиб дебди:

– Ўқиган ўғил отадан улуғ, дебдилар. Шу шекилли Сиз ҳам бош жиҳатдин, ҳам жаш жиҳатдин биздан устуворсиз. Қулингиз эса оми бир одам. Сиз турган жерда бизнинг меҳробга чиқишимиз – гуноҳи азим.

Шундай қилиб, айтишувни Қўрғон мактабининг мударриси бошлаб берибди. Фозил ота ҳам бўш келмабди:

– Нон топилар, ош топилар, эл бўлмаса хирмонсиз,
Хирмонга ҳам қирон келса – унда басти камонсиз.

– Нонсиз яшаш мушкул ҳолдир, яшаш мумкин султонсиз,
Султон аҳли ўзин осгай муштак, ушр, ўлпонсиз.

– Яшай билмас бу жонажон зурёдимиз меҳмонсиз,
Ер-кўк забун бўлганидай Шамсу Қамар, Чўлпонсиз.

– Токайгача бўлгай бўм-бўш кандик, ўралар донсиз,
Ризқимизга итлар[2] шерик – бўлмасайдик имонсиз.

– Бу эл нонсиз бўлса бўлсин, лек бўлмасин субҳонсиз,
Бу кунлар ҳам ўтар-кетар, бўлмаса бас урфонсиз.

– Пошшо иши фармон бирла, борлиқ бийлар армонсиз,
Ҳеч кўрмадим меҳнат аҳлин ғам чекмаган замонсиз.

– Бу кунлар ҳам ғаниматдур, келгусимиз имконсиз,
Қолмасайдик ўз юртимиз туриб манзил, маконсиз.

– Элу юртда ювиқсизнинг сон-саноғи мезонсиз,
Бу каслардин қутулмасмиз ғалаёнсиз, туғёнсиз.

– Дардманд фориғ бўлмагандай дарддин дори-дармонсиз,
Қутулмасмиз бу итлардин қирғинбарот, қурбонсиз.

– Майдон кўра келган халқмиз, яшалмасмиз майдонсиз.
Алпон мисол эр бўлмаса – Турон қолар боғбонсиз.[3]

– Ўзи маъдан ичиндамиз, лек яшармиз маъдансиз.
Эл бошида турган беклар ёв олдида забонсиз.

– Сайёд сайёд саналгайми, магар бўлса сопқонсиз,
Бу Туркистон тугаб бўлгай бир-бир арксиз, арконсиз.
– Ўзбек ўзлигин тополмас ҳеч қачон ғалаёнсиз,
Қалъа, қўрғонлари нураб бўлгай қўшин, посбонсиз.

– Тўқсон икки бовли ўзбек қолгай имдод, имконсиз,
Бир ёқадин бош чиқармас экан соҳибқиронсиз.

Тарки жамоа

– Туманни тумандин, баргни сумандин, овулни аймоқдин, аймоқни ҳар ёқдин; ўзбекни қозоқдин, қирғизни қорақалпоқдин ажратиб, бу менинг ерим, бу сенинг элинг, бу томони туркманларнинг юрти, у томони Чоржўй чегараси, деб эчкини улоқдин, дарёни булоқдин, танни жондин, жонни ватандин айириб бўлганларидан сўнг финатдил, жинатдил, уратдил, давринг келди суратдил деган адиллар қовуннинг уруғидай кўпайгандин кўпайиб кетибди. Ҳар кент, ҳар даҳа, ҳар музофотда бўлгани сингари азал-бошдин бозорлари ҳам, авлод-аждодларининг мозорлари ҳам бир бўла келган Қорақишлоқ туманини ҳам иккига бўлибдилар: Сангзор дарёсининг Амир Темур дарвозасигача оқа келган ҳудуд Бахмал, Қут томони эса Ғаллаорол тумани. Вой десанг ҳам шу, дод десанг ҳам шу.

Бу ҳол, бу кўргилик кўпчиликка малол келиб, Гулбулоқ қишлоғида ғавғо кўтарилибди:

– Бу энани боладин, дийқонни даладин, қўзини қўйдин, бияни тойдин ажратгандай бир гап эмасма?

Ҳукумат вакилларидан бири ғавғо қўптирганларнинг бу саволига қисқагина қилиб жавоб бериб қўя қолибди:

– Бу менинг чиқазган фармоним эмас. Бу янги ҳукуматнинг янги қонун-қоидаси. Бу Ҳукумат Николай подшодан ҳам зўр. Демак, подшо фармони – амри вожиб. Гап тамом, вассалом. Подшонинг фармойишига қарши бориш – оқимга қарши бориш дегани. Оқимга қарши борган киши эса ғарқ бўлади. Тушунарлими?

Ниҳоят, янги ҳукумат қад-қовматини ростлаб олиб, қизил яловини ҳар маҳкама, ҳар ҳибсхона, телба-тентаклар даволанадиган шифохона, ҳатто қабристон пештоқларига ҳам “Ленин ҳамиша биз билан!”, “Хуш келибсиз!”, “Ҳокимият шўроларга!”, “Ер-сув – деҳқонларники!” деган шиорлар осилмаган ер қолмай, янги тузумга эт-бети билан берилган кишилар шўролардан беизн-берухсат эмин-эркин ёзилиб… келолмай, юқорида айтилган турли-туман “отдил”лар бел боғлаб ишга тушиб кетибди. Қўйдан ҳам қўйчибонлар кўпайиб, қўра-қўтонлардан қут-барака кўтарилиб, тиниб-тиниқиб оқа келган дарёлар лойқаланиб, ҳалол ҳаромга, ҳаром иҳтишомга[1] айлана борибди.

Янги очилган мактабларнинг бебисмиллоҳ битилган янги китоблари увол нимаю савоб нима? Гуноҳ нимаю гумроҳлик нима? деган сўзлардан холи бўлиб, така сасиб қолган йигитчалар билан, эр-хотинликнинг маънисига элас-элас тушуниб қолган қизалоқлар жуфт-жуфт бўлиб бир партада ўтиришиб, сонлари сонларига тегиб – “шарму ҳаёли” бўлиб… Бетайинлар беклашиб, бек бўла келганлар бетайинлашиб, бойтеватлар бўрига, лайчалар ундан ҳам зўрига, тўғрилар ўғрига, эгрилар отасининг гўрига айлана борибди. Қўйинг-чи, бояги айтган финатдил деган отдилнинг солиқчилари янги тузумнинг янги тузукларини амалга оширишда, бойнинг ўзидан унинг бойтевати хавфли дегандай, жонини жабборга бериб… Борингки, наликчининг нопок қадами етган ер азага, муҳр босилган патталари меҳнат аҳли учун жазога айлана борибди.

Ишнинг нима билан бошланиб, нима билан тугашига кўзи етмаган одамлар кимга бориб, кимга арз қилишини билмай бир-бирини саволга тутган бўлади:

– Бу ҳукумат дегани, Савит дегани, Шўра дегани нима ўзи? Очкаласми, олимми, золимми, арбобми ё оч арвоҳми? Ё берганингни қолдирмай урадиган ёлмоғизми?

– Илгарилари подшолик эл-улусга раҳнамолик қилади деб эшитар эдик. Буниси илигимизни ёғини ҳам қоқиб олади, шекилли. Бора-бора қўйнимиздаги хотинларимизни ҳам олиб қўймаса бўлгани!

– Йўғ-е!
– Мана, кўрасан.
– Олиб нима қилади?

– Нима қилар эди, Сибирда ўрмон кесиб журган саноқсиз мардикорларга элтиб беради.

– Жўғ-е!
– Ҳа, де.

– Бир ҳисобдан туври айтасан. Ўзи олмаган нарсаси қолмади. Жеримизди олди. Тўрт тулигимизди олди. Энди навбат эгни-бошимизди ҳам ечиб олиб, ҳавони ҳам қоплаб-қанорлаб…

– Ҳамма балони биласан экан-ку. Нима қилар эдинг мени лақиллатиб…

Эл-улус сел урган балиқдай гангиб қолган шу йиллари Абдуғони исмли Тангатопди қишлоғининг қўйчибони қариндош-уруғларини йиғиб маслаҳат солибди:

– Бу жил кенжа улимни уйлантириб, небараларимди қўлларини ҳалоллатиб қўйсам деб эдим. Неча жиллардан бери бир жеб-жемай, бир кийиб-киймай жийиб журганларим бор. Дастурхон жазиб, мен ҳам элга ош берсам. Шунга нима дейсизлар?

Чўпоннинг қавми-қариндошлари бир оғиздан депти:
– Нима дер эдик, яхши ниятинг жўлдошинг бўлсин. Жетти жил мол боққанга дўзах ўти ҳаром эмиш. Сен эса қарийб ўттиз жилдан бери чўпонлик қилиб келажатибсан. Тўй кунини белгилаб олсак бўлди. Шу вақтгача сен бизнинг хизматимизди қилиб келдинг. Энди биз ҳам қараб турмасмиз.

– Оқилбек ота ҳақ гапди айтди. Хайрли ишга ғойибидан, деган гап ҳам бор. Унингсиз ҳам мамлакатда қимматчиликминан очарчиликдинг, қабоҳатминан қаҳатчиликдинг шарпа-шамоли кезиб турибди. Тўйди қанча тез қилсанг, шунча жахши.

Қўйчибоннинг узанги йўлдошлари гапни гапга улаб кетибди:
– Бунинг жийган дунёси кўп. Тўй баҳонасида отасидан қолган туя сандиқларди ҳам очса керагов. Топган-тутганимизди пинагинтларга қўш-қўллаб бергандан кўра қўйиндан тўкилса қўнжиға қилганимиз яхши эмасма? Сен ҳам одам бўлиб бир эригин. Бир битимиз тўкилсин.

– Эрийди. Бизлардан жийиб олганининг ўндан бирини ўртага ташлаганда ҳам, сен же, мен же, бўлиши тайин. Ўзи ҳам кўпдан бери айтиб журган эди, тўйим улоқли бўлади, қора ўчоққа осадиган қозоним қирқ қулоқли бўлади деб.

– Ўзиям Абдуғони қўйларимизни боққанидан бери бир совлиғимизни эгиз туққанини кўрмадик. Нуқул ёлқи туғади. Ўша эгизлари сегизлаб кетган бўлса керак. Бирон марта қозон осганини ҳам кўрмадик. Нуқул оши ҳалолнинг кетидан кун кўриб келди. Бунинг дунёси кўп. Ҳаммасини бир қилиб элга бир ош берса берибди-да.

Тўй эгаси ҳам бўш келмабди:
– Қари қиз жеганини билмайди деганлари рост экан. Ҳар жили эгизлаб қўзи берган совлиқларинг бўлмай ўзини тош ойнадан олиб, тош ойнага солган бойбичаларинг эдими? Ундан кўра, биримиз чори, биримиз шишак, жуда бўлмаганда тўхли, тусоқ, ҳиммат қилганимиз ё қўзили қўй, ё тўпичоқ олиб келамиз десанглар-чи! Биров айтган экан: тўй қилишдан мақсадим – сочилган дунёларимни йиғиб олиш деб. Шу шекилли…

Маслаҳат маслаҳатга, маслаҳат оши ҳамиятга уланиб тўй ҳам бошланибди. Чавандозман деганининг бири у жилғадан, бири бу жанадин чиқиб кела берибди. От ундан, одам бундан кўп. Тўй оқсоқоллари, дуганбегилари, майдонбеги[2] солимни белгилабдилар, улоқни покка ташлаганга – гилам, зулқурс, такиямат, той, тойлоқ. Майдон – Мирзақири билан Қўштут тепалигининг оралиғи. Ораси тўрт чақирим.

Ўртага серка ташланибди. “От ўйини” бошланибди. Солим – оти югурикники! Майдон мардники! Ғирромлик қилган – бадном. Тарафкашлик қилингудай бўлса уруғ-аймоқлар орасида – қатли ом! Қор қалин – қора сондан! Майдонда беш юз арғумоқ. Қор тўзонга, отлар нафаси туманга айланибди. Майдонда отангни аяма деган гап-гап. Унингсиз ҳам чавандоз халқи қизишганидан сўнг пирини ҳам танимайди. Қолаберса, ўртада – орият. Ҳамма олсам дейди. Солим катта қўйилгандан қўйилиб боради. Ўйин ҳам қизиб боради. Сўнгги энг катта солим – бориши – тойлоқ, келиши – ҳоли гилам билан тана. Бу солим тўй эгасининг қайниси Ўрол йилқичининг жиянларига бўлган тоғалик улгуси. Энди отлар ҳам ҳориб, қора терга тушиб сараси сарага, ночори ночорга айрилиб, навбат номи Бахмал даҳасида тилга тушган хоназотларга келибди. Кейинги солим алдашмонлик Жўра полвон билан Қирғиз қишлоқлик Жуман чўянда кетгандан сўнг кўпкари ниҳоясига етибди.

Тўй тарқаб, энди тўйнинг отовнари[3] бошланибди.

Қўйчибон тўй қилиб, борлиқ топган-тутганимни ўртага ташлаб, эл-улус олдига дастурхон ёзадиган бўлсам, насиб қилса, Эргаш Жуманбулбул ўғлини олиб келаман деб ният қилиб қўйган экан. Унинг бу тилаги тўй дуганбегиларига ҳам маъқул тушиб, донғи-довруғи Турон-Туркистон мулк-мамлакатга маълум-машҳур бўлган оқинга қувса етадиган, қочса қутуладиган арғумоқ юборибдилар. Эргаш бобо ҳам:

– Айтган жердан қолиш жўқ, айтмаган жерга бориш жўқ. Суймаганга суйканиш жўқ, султон бўлса ҳам суяниш жўқ. Эр – сийлаган жерга азиз, – деб ўз иззат-ўз икромлари билан келган эканлар. Қўйчибон тўйининг тўймисан тўйдай ўтгани бир ён бўлибди-ю, шоир келганининг ўзи бир ён бўлибди. Ҳамма ёқда дув-дув гап:

– Ол, нима дейсан, Абдуғони аканинг тўйига Эргаш Жуманбулбул келибди!

– Манаман деган бой-бойваччаларнинг тўй-томошаларига не тавалло-тазаррулар билан борадиган шойирдинг кебанагини судраб журган бир одамнинг тўйига келганига ишонмай туриппан.

– Гаров ўйнамайсанма?

– Бу биргина қўй боқиб, қумалоқ босиб журганиминан бало экан. Агар шойирдинг келгани рост бўлса.

Отовнар-зиёфат бошланибди. Ширбозлар сўйилган. Қора қозонлар қайта бошдин осилган. Дастурхонлар шоҳона. Қимиз кетидан қимрон, қази кетидан қарта. Бўза билан шароб деганингиз серобдан сероб. Бешбармоқ билан ёнма-ён тандиркабоб.
Ўша йиллари маржаларга[4] уйланиш амалдорман деганларга катта гап саналиб, шу билан “Баланд учма эй кўнгил қуши, монанди анқодек, Баланд учган билан зоғу зағон оламда боз ўлмас”, деганларидай ҳовлиқиб-ҳаволаниб, ароқ ичганлар арғумоқ, уни оғзига олишдан ҳазар қилганлар эса қолоқ саналиб, ҳалолдин ҳаром устувор келган кезлари экан.

Меҳмонхона тўла одам. Ҳар ким ёшига (амал-тамалига қараб эмас), гапларининг қовушиб-қовушмаслигига қараб жойлашибди. Ғаллаороллик Ҳазратқул Мамадиёрип деган налогчи[5] Эргаш бобонинг рўпарасига дўниб олибди (андалибнинг ёнига олақарға қўнгандай). Унинг тўқимтабиат эканлигини, ўтирган ерини хира, ён-атрофидагиларининг кўнглини сиёҳ қилишини билганлар орасида шивир-шивир бошланибди:

– Ўлди.
– Нима ўлди? Ким ўлди? Гапларинг бунча совуқ.

– Булбулдинг жониға қора қўнғиз қўнди.
– Тушунмадим.

– Ҳадемай тушунасан.
– Энди нима бўлади?
– Қора жер, қора мозор бўлади.

– Жўғ-е?
– Мана кўрасан.

Зиёфат авжига чиқиб, гап гапга уланиб шароббозлик ҳам бошлангандан бошланиб, қўйчибон қўли очиқликда олқишланиб (берган худога ёқибди, дегандай), кимлар эса шароб тугул, гулобни ҳам оғзига олмаслик учун турли баҳона қидиришга тушиб…

Қанча жигаргўшаларидан, нори-норчаларидан, боғу боғчаларидан, гули-гулшанларидан айрилиб, бир уйда бир ўзи қолиб, жудолик ўтига қоврилиб – толиб-толиқиб, боз устига, тақводорлиги, уламолиги сабабли ҳаром-ҳариш аралашган ердан ўзини тортиб, мавриди келиб қолса маърака-маросимларда бирда барчани бирдай кулдириб, бирда йиғлатиб – ҳаммани оғзига қаратиб юрган назаркарда оқиннинг чўғ устида ўтиргандай тоқатсизланиб ўтирганини кўриб, кузатиб турган, кайфи ошишдан тошишга ўта бошлаган Мамадиёрип хушхонга гап отибди:

– Илгар-рилар-ри кем-мага, ҳиқ, туш-шганнинг, ҳиқ, жони бирр, деб эшши-таррдик. ё сиз-знинг туш-шган, ҳиқ, кемманг-из-знинг эшкаги… дан-нма?!

Бунингсиз ҳам кўнгли хаста, дили шикаста бўлиб юрган оқин қафасга тушган қушдай бўлиб, қайга учиб, қайга қўнарини билолмай тоқати тоқ бўлиб, баттар бетоқат бўла бошлабди.

Пойгаҳ томонда мардош қуриб ўтирган алп йигитлардан бири, шиддат билан ўрнидан туриб ҳалиги қора қўнғизни (тўнғиз деб бўлмайди, албатта) оёғини ерга тагизмасдан ташқарига олиб чиқиб кетишга чоғланган экан, ёнидаги шериги унинг ўнгиридан тутиб қулоғига шивирлабди:

– Бундай қилсанг оқиннинг кўнгли баттар оғрийди. Яхшиси, анови қўлансанинг гапини эшитиб-эшитмасликка олганимиз маъқул. Бу гап шу хонада қолиб, шу жерда қолгани яхши.

Жўрасининг бу ўйи ҳалиги чапани йигитга маъқул туюлибди.

Ҳушёр, хушхулқ, хушзабон косагул йигит ҳам қора қўнғизнинг гапини эшитса ҳам эшитмасликка олиб гапни бошқа ёққа қараб бурибди:

– Катта кўприклардан маст ҳам ўтади, наҳс ҳам ўтади, эсипаст ҳам ўтади. Кўприк эса кўприклигича елка тутиб тура беради. Тўй эгаси ҳам шу мисоли. Манаман деган бойлар ҳам қирқ кечаю қирқ кундуз элга ош бериб кўпни қойил қолдира олган эмас. Қолаберса, тўйга айтилган ҳам келади, бирда-ярим бетайин, бепадар ҳам келади. Хайрият, бугун Абдуғони аканинг тўйига тамоми тайинли кишилар келишибди. Тўйни гап-сўзсиз, эсон-омон ўтказиб олдик. Бу – қўйчибон бобомизнинг нияти холислигидан. Энг муҳими, ўлкамизда донг қозонган оқинимиз, дилимизга яқинимиз бўлмиш Эргаш бобомизнинг катта бошларини кичик қилиб қишлоғимизга келгани. Бу ҳаммамизнинг обрўйимиз. Энди жўн гапимизга чек қўйиб, гапни ўз дарёи азимимиздан эшитсак.

Бу гап барчага бирдай маъқул тушиб, ҳамма бирдай депти:

– Шойиримиздинг таърифини жуда кўп эшитиб журганмиз. Бугун ўзлари билан кўришиб, ўзларини ўз кўзимизминан кўриб ўтирганимиз айта-айта жургулик гап бўлди.

Бу пайтда солиқчининг кайфи ошиб, алмайи-жилмайи бўлиб, яхши-ёмон гапнинг маънисига тушунмайдиган бир ҳолга келиб, тўрт оёқли итдан фарқи қолмай қолган экан.

Унингсиз ҳам Эргаш бобо кўпни кўрган, эл кезган, паст-баланд гапларни кўнглига олишдан безган, барча бирдай бўлганда – бу дунёнинг қизиғи ҳам бўлмаслигини неча бор кўнглидан ўтказган достонсаро эмасми, ўзи сўзласа сўзлайдиган, бўзласа бўзлайдиган отамерос, бобомерос созини қўлга олиб, аввал ўтган-кетгандин, ниятига етиб-етмаётгандин, зонгдин-замондин, жаҳонгирдин, жаҳондин, дорус-салхдин[6], салтанатдин, сиёсатдин сўйлаб, даврабоп бир терма айтишни ўйлаб, жунбушга келиб, ҳўйлашдан куйлашга ўтибди:

Бу даврадай даврани кам кўргандин кам кўрдим,
Тўйхонада бир умр ўчмайдиган шам кўрдим,
Тўқсон тўққиз бовли эл – барин бирдай жам кўрдим.
Лек биргина безотни беор, бекарам кўрдим.
Эл кезиб қай бирларнинг хотинин талоқ кўрдим,
Бирларни умр бўйи тирноққа зор – тоқ кўрдим.
Кимларни эл-улусдин йироқдин йироқ кўрдим.
Кимни тилсиз ҳайвондин минг бор батарроқ кўрдим.

Кимки ҳамнафас бўлса нокас, нафси ғор билан,
Насаб-насли тайинсиз, беномус, беор билан,
Эл назаридин қолган – қисмати душвор билан,
Баъдфеъл, бадкор, беҳаё – қўш оёқли мор билан,

Ситам чекиб дам-бадам, кўнгли хуфтон, ғаш бўлгай,
Жигар-бағри хун бўлиб, кулфатга туташ бўлгай,
Беоқибат, бетайин, меҳри қаттиқ – тош бўлгай,
Оқибат элдин айри – кўзларида ёш бўлгай.

Ёмондин қочиб қутул ё ундин тониб қутул,
У қирда бўлса магар, сен пастга эниб қутул,
Тақдири-толеингга иложсиз кўниб қутул,
Қочиб қутулолмасанг ўртаниб, ёниб қутул.

Сор қўнган ерга зоғнинг қўнганини ким кўрган?
Элбезор каснинг униб-ўсганини ким кўрган?
Карвон йўлини калхат тўсганини ким кўрган?
Шер зотини лайчанинг енгганини ким кўрган?

Не бўлса ҳам итминан[7] ҳамтовоқ бўла кўрма,
Шеригинг миршаб бўлса беяроқ бўла кўрма,
Кўргансизнинг уйига ҳеч қўноқ бўла кўрма,
Яхшиларга ёндашиб юр – йироқ бўла кўрма,

Ичиб тўйни бузганнинг ичгани ароқ бўлсин,
Пушти куйиб тамоми насли тумтароқ бўлсин.
Оҳлар уриб армонли, қўли қалтироқ бўлсин.
Ичгани ароқ бўлсин, ичгани ароқ бўлсин…

Оллоҳга илтижо қиб энди сўзни бас қилсам,
Бир ўзига сиғиниб ибодат, ихлос қилсам.
Тўйхонага ҳасадмас, чин дилдан ҳавас қилсам,
Униб-ўсишин тилаб, бир яхши нафас қилсам.

Оқин тўлиб-тошиб, сал қизишиб айтгани ўзига ярашиб созини ёнбошига қўйиши билан меҳмонхонадаги ёшу кекса қўлларини кўксига қўйиб, Эргаш бобога таъзим-тавозе қилибдилар.

Ўттиз тишдан чиққан гап ўттиз уруққа тарқалар, деганларидай, юрган, ўтирган ерида қўланса ҳид чиқазиб юрадиган қора қўнғизнинг бир гап билан бахшнинг дилини оғритгани, Эргаш бобонинг ҳам унга айтар гапини топиб айтгани ҳадемай Сангзор – Сойбўйига тарқалиб, тилдан-тилга ўтибди.

– Минг қарғага бир кесак, минг қўнғизга бир тезак. Бундайчақа садақафурушларнинг мингтаси шойирдинг бир мўйига арзимайди.

– Кўрасан, энди бунинг косаси оқармайди. Ё бетидан бузилади, ё кетидан!

Карвон-карвон зардан қолсанг қол, маҳалла-гузардан қолма. Бозордан қолсанг қол, дилёзардан қолма. Лўкча билан нордан қолсанг қол, гулзордан қолма. Етиб бўлмас, чиқиб бўлмас тоғларни нима қиласан, оби-ҳаволаридан баҳраманд бўлиб турган тоғинг – Моргузардан қолма. Ҳаммасидан қолсанг қол, назардан қолма, деганларидай, шу-шу Мамадиёрип кўпнинг назаридан қолиб, элга қўшила олмай – тарки жамоа бўлиб қолган экан.

Тумор

Одам бўлиб оғзидан бепарда гап чиқмаган, мўмин-қобил бир йигитнинг бадфеъл, бадкор, беҳаё, қўйинг-чи, беэтак хотини бор экан. Боз устига:

Эл қочса бировдин эл ёмони бил они,
Аҳволида идбор нишони бил они,

деганларидай, бу аёлни худо ногирон – маймоқ қилиб яратган экан. Ўша йигит Эргаш Жуманбулбул ўғлига:

– Шоир бобо, Сиз кўпнинг устида юрган, Хизр кўрган одамсиз. Мен шундай бир балога йўлиққанман, унга худо бас келмаса, бандаси бас келолмайди. Ҳозирнинг ўзида учоворадан чиқдим. Элга қўшилолмай қолдим. Ундан ўлиб ҳам қутулолмайман, шекилли. Нима қилай, айтинг? – деб арз қилибди.

Оқин йигитнинг юз-кўзига қараб раҳми келибди. Сўнг:

– Ёмондин ё қоч-да қутул, ё тон-да қутул!

Сабаби:

Ёмон хотин кўп қилади тақални,
Қирққа кирмай оқартирар соқолни,

деганлар. Мен сизга бир тумор ёзиб берай. Кейин бу туморни келинга беринг. Туморнинг ичидаги байтларни ёдлаб олсин. Ҳадемай одам сонига қўшилиб кетади, – деб мана бу “тумор”ни ёзиб берган эканлар:

Айланайин, маймоғим,
Ачиган сут, қаймоғим.
Сени олгандан кўра
Яхшийди сўйилмоғим.

Фикри саёз, чўлтоғим,
Единг йигитлик чоғим.
Сенинг билан қийинга
Ўхшайди яшамоғим.

Сийин билмас сўйлоғим,
Беҳаё, бебалоғим.
Бу кунларимдан кўра
Афзалдир отилмоғим.

Хом-хатала қуймоғим,
Учмас, тўқсон талоғим.
Бошқа йўли қолмади
Шу – сендан қутулмоғим.

Йигит “тумор”га қандай калималар битилганига қизиқиб, уни бир ўқимишли кишига кўрсатиб маънисини билиб олибди. Сўнг отаси бозордан тўлиб-тошиб келган боладай қувониб, бека деса бекасига, эрка деса эркасига олиб бориб:

– Нима бўлганда ҳам кўз очиб кўрган эрингман, иши кўпам ўнгидан кела бермаган бир пешона шўрингман. Оқшомлари тушингда сўйланиб чиқасан, ўнгингда эса ўйланиб юрасан. Шунга бир афсунгарга бориб тумор қилдириб келдим. Туморда битилган дуоларни ёд олиб кечалари ўқиб ётсанг ҳалиги касалдан, сен кўр, мен кўр демасдан қутулиб кетар экансан. Мен ҳам сендан бирваракайига қутулиб қўя қолар эканман. Гап ана шундай, жонингнинг жон аямас хотиним, – дебди.

Хотин эрдан миннатдор бўлиб, мен ўқишни билмасам не қиламан, деб сўрабди. Сўнг отасининг “Ҳафтияк”ни тушириб, ундан нари ўталмагани эсига тушиб, “чиққан қиз – чийдан ташқари”га – уйларига бориб бироз мақтангандай, бу дунёда эридан яхши одам йўқлигини телба-тескари гаплари билан айтгандай бўлибди. Отаси “тумор”ни очиб кўз югуртирса…

Қуш тилини қуш билади, ит феълини – эгаси. Ўз қизларининг феъл-атворини билган, борган еридан бахт топа билмаслигига кўзи етган шўрлик ота-она саросимага тушиб қолибди. Эр-хотин ғижиллашиб ҳам олибди.

– Бир йигитнинг умрига завол бўлмайлик, хотин. Унингсиз ҳам, жинс-бажинс, кабутар-бакабутар, деганлар. Қизингнинг кимлиги мендан кўра сенга бешбармоқдай аён.

– Ота бўлиб сиз шу гапларни айтиб тургандан кейин етти ёт кимсалар нима дейди?

– Ҳали ҳам не дерини деб бўлди. Қишлокда бош кўтариб юролмай қолдим. Мачитга ҳам ернинг ости билан бориб, ернинг таги билан келаман. Шундай қиз ўстирган сендай хотинни ҳам…

– Ит тумшуғи теккан ерга сув ичгани шер келмас. Ит теккан қизингизни қайта сотиб…

– Ор-номусни ўртага қўйиб айтганда, қизингга ит эмас, шер теккан эди. Ит энди тегади. Тенг тенги билан дегандай.

Қизнинг отаси ҳалол, ростгўй, чапани табиатли киши экан. Онасининг ақли эса ҳаминқадар экан. Бўпти тўполон! Бўпти қиёмати қойим!

Қирғич қозонга, қопқоқ қора ерга, обдаста обрезга, туфдон тузлиққа урилибди. Охир-оқибат эри:

– Менинг-ку умрим шамолга совурилди-кетди. Энди қўй оғзидан чўп олмаган бир йигитни ҳам бу дунёдан куйдириб ўтказмоқчимисан? Ким нима экса шуни ўради. Энди ўзинг пиширган ошингни ўзинг ич, – деб қишлоқ қарияларини чақириб, бор гапни айтиб, тўрт оёқли қизини ашқол-дашқоли билан қайтариб олиб келиб, бир бечора йигитнинг озодликка чиқишига сабабчи бўлиб, хайрли ишга қўл урганини ўзи ҳам билиб-билмай қолган экан.

Хайр энди, Алдашмон, деб…

Атоқли оқин Сангзор – Сойбўйи қишлоқларининг қайси бирида ё таниш-билишлари, ё ота қадрдонлари бўлса, шу уйларга бир кеча қўниб, бирларига ҳадди сиғса, бирларидан сал-пал ийманиб, дала-даштларда ўзича ўлан тўқиб, ўлан айтиб юрувчи йилқичи, қўйчибонларга устоз тутиниб ҳафтани ойларга улаб, йўқсилларга қаноат, бой-бадавлатларга тавфиқ тилаб, қўлма-қўл бўлиб юриб, йўли Алдашмон қишлоғига тушиб қолибди. Қишлоқ аҳли оёққа туриб, шоирнинг иззат-икромини жойига қўйиб, шоирнинг ўз оёғи билан келишини яхшиликка йўйиб, қўшқўллаб кутиб олибди. Қишлоқнинг қўли очиқликда донг қозонган ўтоғаси Қўзибой тоға таъзим-тавозе билан қутлуғ хонадонига оқинни таклиф қилибди. Оқинни орқаворатдан эшитиб, бир кўришга орзуманд бўлиб юрган кишиларга одам қўйилиб, кўча-кўй, ҳовлиларга сувлар сепилиб, ширбозлар сўйилиб, дастурхонлар тортилиб, ўткинчи ғамлар унутилиб, аёз ёзга айлангандай бўлибди. Тун бўйи ўтмишдан, кечмишдан, қилмишдан, қидирмишдан, ниҳоят, Даллидан, сўзлари боллидан, оти овозали, олтин дарвозали Чамбилдан, бекдан, ултондан, Гўрўғли султондан гап кетибди.

Ўша кун, ўша ҳафта, ўша ойлари ГПУнинг одамлари қишлоқнинг Номоз чапани, Оқмурод кўнчи, Омон энчи, Сулаймон сўфи исмли бир сўзлик манаман деган кишиларини териб-териб, танлаб-танлаб ёв босгандай бирдан босиб олиб кетаётган кезлар экан.

Эркак зоти борки, ол энди эрта-индин бизни ҳам олиб кетсалар керак, деб қўрқиб-пусиб, қалтираб-қақшаб яшаётган қора бир кунлар экан. Колхоз дегани шу бўладиган бўлса, шўро дегани шундай бўладиган бўлса… деб бир хил қорувли йигитлар бекларга қўшилиб кетибди. Қишлоқдан файз-барака кўтарилиб, ёшу кекса саросимага тушиб қолибди. Итдан ит туғилади, уй айланиб бўй ейди, бўридан бўри туғилади, овул айланиб қўй ейди, деганларидай, одамлар кейин билса, уйма-уй айланиб ҳалигини… еб, бир неча хонадонни қон қақшатган ўз овулдошлари, отадошлари – Шайвали билан Шодмонали деган бадкор, беномус экан.

Овул оқсоқоллари ҳангома орасида бу гапни Эргаш бобога айтиб, бунинг чорасини сўрабдилар. Шунда шоир:

– Шу икки итни эрталабки нонуштага чақириб келингизлар. Мен ўшаларга айтар гапимни кўпнинг олдида айтай, – дебди.

Эрталаб ўша икки имонсизни айтиб келишибди. Гап гапга уланиб, шоир жунбишга киргандан сўнг, ҳалиги айғоқ деса айғоққа, тайғоқ деса тайғоққа қараб, шу термани тўқиган экан:

Йўлинг элдан айри бўлса йиғла, ёлғиз бошман деб,
Оёқ остида топталган кераксиз бир тошман деб.
Гала-тўпидан айрилиб домга тушган қушман, деб,
Хор-зор бўлиб сўқир бўлган кўздан оққан ёшман, деб.

Энди йиғла, ёвлар тугул ўзлигимга ётман, деб,
На учиб, на қўнолмасман – беҳол, беқанотман, деб.
Тарки жамоат кимсаман – беномус, безотман, деб,
Иссиғи йўқ, совуғи йўқ ўчиб бўлган ўтман, деб.

Йиғла-йиғла, топганда ўз қилмишимдан топдим, деб,
Шукрона нелигин билмай нолишимдан топдим, деб.
Ҳаром йўлга юриб қадам олишимдан топдим, деб,
Илонни ўз тўшагимдан, болишимдан топдим, деб.

Йиғла оломон олдида, мен биродаркушман, деб,
Қўнган ерим харобатдир итолғи бойқушман, деб.
Падаркушдан ҳеч фарқим йўқ, кўзи қонталашман, деб,
Энди инсон қавми эрмас итга қабрдошман, деб.

Йиғлангиз, бу қилмишимдан нелар қилармишман, деб,
То ўла-ўлгунча қора ерга қайғудошман, деб.
Тўнғиз мисол ҳаром қўпган жирканарлик лошман, деб,
Бош олиб кетмасам бўлмас, хайр энди, Алдашмон деб.

Бирда-бирда шоирнинг фатвоси шоҳнинг ҳукмидан улуғ, деган гапда жон бор экан. Ўша икки элбузар шу гурунгнинг ўзидаёқ:

– Меҳмон отангдан улуғ, деган гап бор. Бизни отамиз оқ қилди нимаю меҳмон оқ қилди нима? Энди бизга бу тупроқ, бу тоғларда юриш ҳаром бўлди. Бу қишлоқ аҳли билан қиладиган борди-келдимиз тамом бўлди. Қилмиш-қидирмиш деганлари шу бўлса керак, деб қишлоқдан бош олиб чиқиб кетган экан.

Кўрсатма

Тиниб оқа келган дарёларнинг лойқаланиб, кўҳна Турон осмонида ғажир-қузғунлар тинимсиз айланиб, қуламас қўрғонлар ҳам бир-бир қулай тушиб, ўзини бек санай келган йигитларнинг йўқсилликдан юрак-бағри уюшиб; мамлакат тўзиб-тугаб лочинлар лачакка, арғумоқлар хачир-эшакка, силовсинлар пишакка айлана тушган – қоронғи қолган юртга алакка пошшо бўлиб, мол-мулклар тарож қилиниб, юқа-йўқсиллар сони саноқсиз бўла бошлаган йиллари экан. Эл дастурхонидан файз-барака кўтарилиб, тўйлар қўноқсиз, кўпкарилар улоқсиз ўта бошлаган кунларнинг бирида бошига қаро кунлар тушиб, дарбадар деса дарбадарга, қаландар деса қаландарга ўхшаб юрган шоир бир ўзи бир уйга сиғмай сафарга отланибди. Қайга бориб, қайга қўнари белгисиз. Киндик қони тўкилган Қўрғон қишлоғидан чиқар-чиқмас қўйинди[1] ёнидан ўтатуриб, ҳали тупроғи совиб улгурмаган жигарбандлари бирма-бир ўнгидан ўтиб кўнгли бузилиб, кўкайи кесилиб, кўлигидан[2] тушиб, тиловат қилибди. Сўнг йўл-йўлакай кўзлари жиққа ёшга тўлиб, кўнгли вайрон, бағри гирён бўлиб шу айтувни айта йўлда давом этибди:

Ер юзига сиғмадим мен, еру кўк торлик қилди,
Мард Худодан кўрар, лекин бир бек[3] хунхорлик қилди.
Баёзларга номини ҳам қарғаб ёзарлик қилди.
Жон тўла уй-рўзғоримни ўлим-тўзарлик қилди.

Дунёда ҳеч ким менингдек тириклай хор бўлмасин,
Бир уйда бир ўзи қолиб сарсон, абгор бўлмасин.
Сўнгги қўнар “оқ ўтови” ангушдек тор бўлмасин,
Беҳишт туриб дўзахингда, ё Раб, ёнар бўлмасин.

Келар жойим менинг ҳам шу туйнуксиз бир ўтовдир.
Бу қаро қисматларим ҳам балким менга синовдир,
Ётар жойим нур тўла ё бешафқат, беаёвдир.
У дунём ҳам бу дунёмдек ёниб ётган оловдир.

Бу оламнинг ибтидосин, интиҳосин ким билар?
Ҳар бир бошга тушар савдо ё ғавғосин ким билар?
Марҳумларнинг аҳволини ё нидосин ким билар?
Бир ўзидан ўзга азоб ё сафосин ким билар?

Бу эшиксиз қаро қўрғон асл дорулфанодир,
Шоҳу шайхларга баробар беҳашам кошонадир.
Мағфират қилган қулига нурафшон бир хонадир,
Охиратгача Тангрига тилларида санодир.

Гуноҳларим бўлса кечир, сендин ўзга илоҳ йўқ,
Даври қиёматда эса сендин бошқа паноҳ йўқ.
Ким бегуноҳ, ким осийдир? – Сендин бўлак гувоҳ йўқ.
Ким не ишлар бирла машғул? – Сендин ўзга огоҳ йўқ.

Илоҳи, бу кунларимни кўп кўрмасдан карам қил,
Аросатда қўймай мени Машрабдай муҳтарам қил.
Даргоҳингга қабул айлаб салоҳингни инъом қил.
Гуноҳларим афв этиб бир ўзингга ғулом қил.

Ана-мана дегунча бўлмай шоир Боғажот қишлоғига етиб келиб, неча йиллардан бери қатнашиб юрган Тиловберди исмли тегирмончи инисининг уйига тушибди. Уй бекаси неча бор келиб-кетиб, шунда қўниб, шунда тунаб юрган Эргаш бобони бошда танимабди:

– Келинг.
– Келдим.
– Ким керагийди?

– Бўлса, уй эгаси. Бўлмаса, биз ўз йўлимиздан қолмай кетаси.

Келинчак желакдан бундай сиғалаб қараса: эшик олдида турган Эргаш Жуманбулбул ўғли. Дарҳол ўзини ўнглаб:

– Вой, ўлағаяйин, мен сизди танимаппан. Уйга киринг. Укангиз ҳозир келиб қолади, – дея оқин атрофида парвона бўлиб қолибди.

Гўянда ҳам сир бермай дебди:

– Тўра қишлоғига боратуриб сизларди бир нав кўриб ўтай деб эдим. Тиловберди қаёқда?

– Укангизди кеча пинатдил чақиртирган эди. Шу бўйи келганича жўқ.

– Тинчликма?

– Тагирманини тўхтатиб бир жигитдинг хунидан ҳам ошиб тушадиган налик солибди. Тўламаса… Уйга кириб дамингизни олинг, оғажон. Келиб қолади. Ўзингиздинг келиб-кетиб журган жойингиз.

Навозанда мулзам, музтар бир ҳолга, қийиндан-қийин бир аҳволга тушиб, балонинг бу янги уй, янги рўзғорга ҳам дориганини англаб, келинчакка таскин-тасалли берган бўлибди:

– Кўзгуга дам берсанг, юзингни кўролмайсан. Бу шўро деганларида на кўзгу бор, на юз бор. Бўз ўғрисидан қўрқма, сўз ўғрисидан қўрқ, деганлар. Булар[4]ҳам бўз ўғриси, ҳам сўз ўғриси. Буларнинг қозонини тўлдириб, қорнини тўйдириб бўлмайди. Ҳа, энди нима қиламиз? Пешонада бори-да. Бу – кўпга келган тўй. Бош омон бўлса, бас. Майли, кеч кирмай мен манзилимга етиб олай. Тиловбердини сўраб қўй. Иложи бўлса, қайтишда биррав хабар олиб ўтарман.

Эрталаб бўлар-бўлмас нонушта қилиб чиққан шоир толиққандай, толгандай, ўзининг бу юриб-бу турганидан хорлангандай, назарида еру кўк бирдай айлангандай, йўли ҳам боғлангандай бўлиб бир булоқ қошига қўнибди. Таҳорат қилиб, пешин намозини ўқиб, бир дам ҳордиқ чиқариб, Тўра қишлоқ, қайдасан, деб…

Шоир қишлоқ оралаб ўзига таниш бўлган уй эшигини тақиллатибди:

– Ҳў, Эгамназар деганда Эгамназар,
Эшигингни тезроқ оч, кўнгил озар!

Ҳали шом хуфтонга дахлдор бўлмай туриб уй эгалари ётиб қолган экан. Икки-уч товушдан сўнг тўшакда қандай ётган бўлса шундай иштончан чиқа келган киши кўча эшигига келар-келмас дебди:

– Ким-ў?

– Ким бўлар эди! Мени кута бериб, кўзлари учиб турган бўлса керак деб келиб эдим.

Оқиннинг овозини таниган уй эгаси ўқдай учиб келиб эшикнинг зулфинини тушира солиб, азиз меҳмони билан қучоқ очиб кўришиб уйга бошлабди:

– Ўлиб қоппиз, Эргаш ака. Қулингизди бир қошиқ қонидан кечинг. Куни кеча уйдагиларминан сизди эслаган эдик.

Дарҳол қора чироқ ёқилиб, жойлар қайта йиғиштирилиб, қайта солиниб, ўчоққа ўтлар ёқилиб, қумғонлар қўйилиб, сурпалар ёзилиб, қўни-қўшнилар чақирилиб…

– Ўзинг яхшимисан? Бола-чақанг тинчма? Қавму қариндошлар омонма?
– Шукр, Эргаш ака, шукр. Ўзингиз қалайсиз?

– Кўриб турибсан, қалайдан олтинга айланганимни. Бир эшикдинг эгаси, ўкчасиз этикдинг чегаси бўлиб турганимди.

Эгамназар зимдан оқинга назар солиб хомсиқибди.[5] Шоир озиб-тўзган, эгни-боши юпун, салласининг дастори пешворидан кир, пешвори дасторидан. Шунинг учун Эгамназар гапни бошқа ёққа бурибди:

– Мен ҳам Жўш шўросига кеча бориб-келиб эдим.
– Тинчликма, ахир?

– Тинчлик, Эргаш ака. Шу фақат эплаб-сеплаб ишлатиб турган жувозимизди ҳам Худо олгурлар кўп кўрди. Тўхтатиб ташладилар. Сал налик солгандай ҳам бўлишди. Мен гўё шахсий мулк эгасимишман. Отни одам ўрнидан ишлатадиган раҳмсиз платитир[6] эканимни ўзим ҳам билмас эканман. Савит[7] сувидан фойдаланиб жатқан ёт унсур ҳам эмишман.

Эргаш бобо мийиғида кулиб деди:
– Оқ бадан, қора бадан – сувга тушганда маълум. Қизиллардинг эса сувга тушган-тушмаганини билиб бўлмайди. Пишак ўзи ўйнаш орттириб, ўзи жалойирға жар солгани каби булар ўзлари ўйнаш бўлиб, ўзлари этагингдан олар экан. Қапағон ит ҳам бир марта талайди. Булар на талаб тўяди, на ялаб.

– Қозоқияда, пойабзал аёғингни қисиб турганидан сўнг дунёнинг кенглигининг шешесини… деган гапни бир вақтлари ўзингиздан эшитган эдим. Шу шекилли, кенг дунё кун-бакун торлик қилиб боражатир. Ахири нима бўлади, билмадим. Қишлоғимизминан қўшни қишлоқ одамларини жувоз мойиминан баҳоли қудрат таъминлаб туриб эдим. Буни ҳам кўп кўрдилар. Энди зиғирни эслаб суягим сирқирайди. Кунжут кўз ўнгимга келиб кўзларим тиниб кетади. Индов ёдимга тушгудай бўлса, индамай уйга кириб кетаман. Писта эсимга тушса, этагимни…

– Нимасини айтасан. Боғажотдаги Тиловбердининг ҳам сув тагирмонини тўхтатиб, қишлоқ аҳлининг нонини яримта қилиб қўйибдилар.

– Сиз уни айтасиз, Эргаш ака. Қишлоғимиздаги Бийтўра тақачининг таърифини эшитганмисиз ё йўқми, билмадим. Юлдузни кўзлайдиган арғумоқларминан ҳали қитиғи босилмаган тўланларди тақалашни ўша кишига чиқазган эди. Унинг ҳам дову дастгоҳини йиғиштириб, дўконига муҳр уриб, ўзини олиб кетдилар.

– Йўғ-е, нималар деб жатибсан ўзи?!

– Эргаш ака, мен бирон марта сизга ўтирик гап айтиб эдимма?

Гап шу ерга келганда, шойир кепти-шойир кепти, деб қўни-қўшнилар бири оби, бири ёвғони билан, бири ғилминди, бири гўжа палови билан кириб, даврага файз дориб, ўрталари қовурдоқ бўлмаса ҳам қайлали уврага, бовурсоқ бўлмаса ҳам зоғора нонга тўлиб жувозкашнинг хонадони обод, ўзи шод бўлгандай бўлибди.

Эргаш бобо кўргани, кўришгани келган барча билан бирма-бир ҳол-аҳвол сўрашиб, хира тортиб турган кўнгли ёришиб, қадди-қовматини сал ростлаб, кайфиятни яхши қилмасак энди бўлмас-ов, деб созининг торларини таранг тортиб, гапни шу кечаю кундузда бўлаётган ажабдан-ажаб ҳангомалардан, қонсиз, қиличсиз, қалқон-дубулғасиз бўлаётган жангномалардан сўзлаб, мухлисларининг кўнглини олишга тайёр эканини билдириб қўйибди.

Оқиннинг катта-катта давраларни истаса кулдириб, истаса йиғлатишини эшитиб юрган кекса-ёш ўртасида шивир-шивир бошланибди:

– Шойир бовамиз олдириб қўйгандай кўринама?

– Бу кишининг бошига тушган кулфатларни ўмровли фил, ўркачли туя ҳам кўтаролмайди. Эшитмаганмисан?

– Жўқ.
– Бўлмаса, жим ўтир. Қулоғига чалиниб қолгудай бўлса…
– Бўпти.

Барибир, эгни-бошининг юпун, кирлигини… Қозони бошқанинг қайғуси бошқа. Ичдан ўтганини иштон билар дегандай, қолаберса, бу ерга бу оқшом чақирилмаган қўноқ – йўнилмаган таёқ, бир кечалик мусофирлигини кўнглидан ўтказиб ўтирган гўянданинг ҳалиги гаплар қулоғига чалингандай бўлиб, бевақт кетган ўғил-қиз, инилари, ёстиқдоши, сингиллари бирма-бир ёдига тушиб ўпкаси тўлиб, ўлимнинг дастидан қишлоқма-қишлоқ, қўрғонма-қўрғон кезиб юрган кунлари, дала-даштда мажнун мисол ўтказган не тунлари ёдига тушиб, шу кўрсатган кунларингга ҳам шукр, деб гапнинг қораламасини сараламасига улабди:

– Ҳамма иш Оллоҳнинг изн-ихтиёри, амри-фармони билан бўлади. Ким айтиб эди мени овулма-овул, қишлоқма-қишлоқ, туманма-туман кезиб, кунини ўтказиб журади, деб. Ота-боболаримнинг ҳам манглайларига, ҳам танглайларига берган Эгам менга манглайдан бермади. Танглайдан берди. Туннинг узун-қисқалигини бемор бўлгандан сўра, деганлар. Айрилиқ дардини эса мендан сўранг. Уй тўла жонни ажал фариштаси селдай олди-кетди. Шунда ҳам қаро ер тўймади. Мен эса жондан тўйдим. Жаҳондан тўйдим. Шуйтиб:

Ғам-ситам енгди мани, айрилиқ, армон енгди,
Жигарбандларим доғи бевақт, бегумон енгди.
Қад-қовматим дол айлаб ул барги суман[8] енгди,
Қуролсиз, аслаҳасиз ёмондин ёмон енгди.

Бир сурунсанг учгача деганлари рост экан,
Иқболим Асқар эмас, Кентовдин ҳам паст экан,
Ғам-алам бир-бирига ҳамиша пайваст экан,
Ўлимнинг доғи, ўти мени беомон енгди.

“Ё Вадуд ва Маъбуди вожибул-вужуд”[9], асли
Бир келару сўнг қайтиб келмас йигитлик фасли,
Энди охиратимни ўзинг қилгил орасли,
Бу дунёда мени бир миршабсиз қўрғон[10] енгди.

Тўрвасиз девонамен, кашкулсиз қаландармен,
На ерда, на кўкдамен – ҳу ўша самандармен.
Не бўларим билмасмен ҳазорул-мавф[11] қадар мен
– Сўнгги нафасда шайтон енгди. – Демасам бўлди.

Оқиннинг бу кунги авзойи тўғоннинг толқонини чиқариб ўз ўзанига тушиб олган дарёни эслатар эди. Қора терга тушиб куйлади. Оҳанглари ҳам мунгли, ҳам турли-турли эди. Авжлари суронли, нолалари гирёнли эди. Бу гал оқин ўзининг меҳр-муҳаббат билан куйлагувчи “Гўрўғли”, “Далли”, “Равшан” достонлари ҳақида гап юритмай, тўғридан-тўғри ўз бошига тушган мусибатли кунларни бўямай-сўямай айта солди. Шу тахлит кўнглининг чигили бир қадар ёзилиб, гапни шу кечаю кундузга буриб, ҳамхоналарига эрк берди.

Ўз булбулигўёларининг бошига тушган мушкулдан мушкул кунларни эшитган, бироқ донг қозонган оқинни ўз кўзлари билан кўриб, суҳбатидан баҳраманд бўлмаган бирда-ярим кишилар Эргаш бобога таъзим, тавозе қилибдилар. Сабаби – даврадагилар сеҳрланган қушдай қилт этмас, қимирламас, катта бошини кичик қилиб ўз қишлоқларига ўз оёғи билан келган созанда деса созанда, навозанда деса навозандадан бўлак ҳеч кимнинг ҳангомасини эшитишни истамас эдилар.

Буни сезган уй эгаси шоирга юзланиб деди:

– Менинг кўп оқибатли овулдошларим бор-да, Эргаш ака. Булар муллавачча бўлганларида, биласизми, нима қилган бўлар эди?

– Нима қилган бўлар эди?
– Мулланинг ҳам айтганини, ҳам қилганини қилган бўлар эдилар.

Элнинг назари тушган бахши:
– Бўлмасам, менинг шу қишлоққа мулла бўлиб келганим бўлсин, – деб бир муддат амри маъруф қилган бўлди. Ўтган-кетганлардан, ниятига етиб-етмаганлардан, авлиё-анбиёлардан, мунофиқ-риёлардан, эл бошига тушиб турган савдолардан, касб-кор эгаларининг бўйнига илондай ўралиб олган бедаволардан сўзлади.
Нонушта пайти қозонида мой қайнай келган Эгамназарнинг кун кечиришини кўриб, кузатиб ўтирган шоир дастурхонга дуо қилиш олдидан мезбондан сўради:

– Эгамназар дейман, энди буёғи нима бўлар экан?

– Нима бўлишига кўзим етмайди, Эргаш ака. Бошга тушса кўз тортар, дегандай пешонага ёзганини кўра берамиз-да.

– Мард йигитнинг садағаси кетсанг арзийди. Минг қилса ҳам ота боласисан-да, Эгамназар, оғзингдаги ошингни олиб ўтирибдилар. Шунда ҳам нолимайсан-а. Вой-войламайсан-а. Бир ҳисобдан тўғри гапни айтдинг. Пешонага ёзгани бўлади, деб. Минг қилганда ҳам иш, шўриш бу йўсинда кетмас. Ой бир ердан кўриниш бериб қолар. Майли, энди мен турай.

– Эргаш ака, бугун қолинг. Кеча кеч келдингиз. Қон ҳам чиқазолмадик. Кеча бизникига қўнганингизди кўпчилик ҳамсоя, ҳамқишлоқларим билганларича жўқ. Эртагина жўнаб қолсангиз кўпчилик мухлисларингиздан балога қоламан.

Оқин:
– Энди мулло Эгамназар, ҳозир қиш пайти. Қиш ўчоғи тор – тур уйингга бор, унингсиз ҳам бир кунлик меҳмон – меҳмон, икки кунлик меҳмон – жетимнан жамон, уч кунлик меҳмон – душман, деган гаплар бор. Қолаберса, ўзинг ўйинда бўлсанг ҳам, ўйинг уйингда бўлсин деган гап ҳам жўқ эмас. Насиб қилса, ҳали кўп кўришамиз, – деб уйларига қайтибди. Келатуриб ўз-ўзича фикр қилибди: ё Парвардигор, бу қандай бир замон бўлди – қўш ҳўкизи бор қулоқ, қўра қўйлиларнинг аҳволи чатоқ, икки хотинли хотинбоз, касб-корлилар қатағон, саҳархезлар ётағон бўлиб турса. Оқлар қора, беклар зоти бечора, лайчалар този, тозилар қози… Элда ким кўп – бева-бечора кўп, етим-есир кўп, ғарибу ғурабо кўп. Шуларнинг раҳмини е, ё Сарвари олам.

Ўша йили қиш кеч тушиб, қор ўрнини қора совуқ қоплаб ақраб қавсга, қавс жаддига айланиб кетган экан. Эргаш бобонинг борган ерларидан ичи чиқмай, кўпнинг хизматини қилиб келаётган қўли хайрли, ҳожатбарор кишиларнинг чор-ночор бир аҳволга тушиб қолганини ўз кўзи билан кўриб, ўрга чиқсам ўр куйди, қирга чиқсам қир куйди, деб йўл-йўлакай шу байту абётларни айта келибди:

Бу тоғлар қандай тоғлар ўр-қирида қори йўқ,
Осмонида чарх урар лочини йўқ, сори йўқ.
Қоялари тумансиз – силовсин, олқори йўқ,
Илоҳи, бундай ҳолни қайта такрор этмагил.

Қирга чиқсам қир куяр, ўрга чиқсам ўр куяр,
Тоққа чиқсам тош куяр, пастга энсам ер куяр.
Фарёд қилсам оҳимга музлар эриб, қор куяр,
Илоҳи, мени аро йўлда абгор этмагил.

Ўн саккиз минг оламда сенингдай муҳтарам йўқ,
Сенинг иноятингсиз ҳеч кимсага карам йўқ.
Сени зикр этишдан ўзга олий мақом йўқ,

Илоҳи, муслим аҳлин мушрик, мурдор этмагил.
Ёрлақаган қулингга Расул ҳамдамлик қилур,
Бир гуноҳ кўплик қилиб, минг савоб камлик қилур.
Сўнгги борар жойини мунаввар-шамлик қилур,
Ғайридинни бу юртга фармонбардор этмагил.

Қўрғон қишлоғининг қораси кўринганидан сўнг овул-аймоқларнинг кун-бакун, ойма-ой хароб, эшигини эл, туйнугини ел оча келган кишиларнинг эрта куни сароб, ҳақларнинг ноҳақ, қораларнинг ҳақ, фуқароларнинг аҳволи чатоқ бўла борганидан, бу элнинг айби нимада экан, дея Тангрига:

Дўстни ёв, ёвни, ё Раб, ёрон ҳолинда кўрсатма,
Етимларнинг юз-кўзларин гирён ҳолинда кўрсатма.
Аймоқ, овулдошларимни урён ҳолинда кўрсатма,
Бекларни қул, ножинсларни уғон ҳолинда кўрсатма.

Илоҳи, кўрмайин энди борларни йўқсил ҳолинда,
Тоат-ибодатлиларни имонсиз жоҳил ҳолинда,
Ҳотамтойларни, ҳақларни, бойларни бахил ҳолинда,
Бу шавкатли Туронимни вайрон ҳолинда кўрсатма.

Мачит, мактаб, мадрасали бу бир тақводорли элни,
Не майдонларда синалган сарварли, сардорли элни,
Ўрни келса жон аямас, дастурхонли, орли элни,
Ўз ҳоли, ўз аҳволига ҳайрон ҳолинда кўрсатма.

Боғли, боқчали бу элни тутқинликдан озод қил,
Қонли ялов тикилган ёт, ёв ўрдасин барбод қил.
Вайрон бўлган мамлакатни қайта бошдан обод қил,
Не кент, не бир шаҳарларни қирон ҳолинда кўрсатма.

Барча нозу неъматингдан барчани баҳраманд этгил,
Дийдорингга етмоқликка умидвор, орзуманд этгил.
Даргоҳингда мўмин, муслим аҳлини аржуманд этгил,
Рўзи маҳшарда рўйини сомон ҳолинда кўрсатма.

Хешу ақраболарининг кўрсатмагил кўзёшларин,
Ризқи-рўзин бутун, ошин ёвғон ҳолинда ошларин,
Сарбон бирла сарварларин эгма эгилмас бошларин,
Илоҳи, эр йигитларин нолон ҳолинда кўрсатма.

Илоҳи, марҳаматингдан мени ҳам бенасиб этма.
Дўзах эмас, жаннат, ҳавзи кавсардан бенасиб этма.
Иноятинг дариғ тутмай икки дунём хароб этма,
Имону эътиқодимни гумон ҳолинда кўрсатма, –

деб тавалло қила-қила кулбаи вайронасига ҳориб-толиб етиб келиб, яна бир уйда бир ўзлари…

_____ИЗОҲЛАР______

[1] Қабристон.
[2] Эшагидан.
[3] Тоғайбек исмли Хатирчи беги оқиннинг иниси Абдулхалилни қароргоҳига чақиртириб, тун бўйи достон айттиради. Шу тунда юқа-енгил кийинган Абдухалил шамоллаб, орадан олти ой ўтар-ўтмас қайтиш қилади. Бу Эргаш бобонинг бошига тушган қаро кунларнинг бошламаси эди.
[4] Болшовойлар демоқчи, шекилли.
[5] Хўрлиги келибди.
[6] Эксплуататор.
[7] Совет.
[8] Оқин бу ерда умр йўлдоши Зийнатой Ўтамурод қизини назарда тутяпти.
[9] Шаънинг олий, эҳсонинг умумий, ўзингдан ўзга Маъбуд йўқ.
[10] Қабристон.
[11] Ўлим олди тўшаги.

Манба: www.saviya.uz

Atoqli shoir To‘ra Sulaymon tavalludining 90 yilligi oldidan

Ergash bobo ko‘pni ko‘rgan, el kezgan, past-baland gaplarni ko‘ngliga olishdan bezgan, barcha birday bo‘lganda – bu dunyoning qizig‘i ham bo‘lmasligini necha bor ko‘nglidan o‘tkazgan dostonsaro emasmi, o‘zi so‘zlasa so‘zlaydigan, bo‘zlasa bo‘zlaydigan otameros, bobomeros sozini qo‘lga olib, avval o‘tgan-ketgandin, niyatiga yetib-yetmayotgandin, zongdin-zamondin, jahongirdin, jahondin, dorus-salxdin[6], saltanatdin, siyosatdin so‘ylab, davrabop bir terma aytishni o‘ylab, junbushga kelib, ho‘ylashdan kuylashga o‘tibdi…

To‘ra SULAYMON
“ERGASH JUMANBULBUL O‘G‘LI
EL KЕZADI” TURKUMIDAN
09

Biri Sirdaryo bo‘lsa, ul biri Zarafshondir!

6-bulbul.jpgQahatchilikdan el-ulusning enka-tinkasi qurib, indovni ka’bayi bug‘doy o‘rnida, sulini surmayi Sulaymon o‘rnida ko‘rib dasturxonlaridan qut-baraka, qo‘ra-qo‘rg‘onlaridan to‘rt to‘lik tugul qo‘y-qo‘zining qumalog‘i ko‘rinish bermay qo‘ygan yillari Ergash boboning yo‘li Bulung‘ur dahasiga tushib:

– Baxshi xalqining ko‘ngli nozik, o‘zi orqali bo‘ladi. Uningsiz ham Fozil xudo bergan shoir. Istasa Sirdaryoday tinib, istasa Zarafshonday to‘polon-to‘s bo‘lib oqishda tengi kam oqin. “Alpomish”ni aytishda u bilan hech bir go‘yanda bellasha bilmas. Qolabersa, o‘z hamkasbining qadriga jetmagan bandaning bandaligi nima-yu bandi bo‘lgan jilqining gandaligi nima? Shunday jo‘lim tushib qolganida bir jo‘qlab ketmasam bo‘lmas, shunday qilmasam o‘zimning ham ko‘nglim joyiga tushib-to‘lmas, – deb otining jilovini Fozil ota tomonga qarab buribdi.

Non avliyo bo‘ldiyo, osh avliyo bo‘ldiyo, deganday Fozil ota yo‘qsillikdan tinka-madori qurib, xunob-xit bo‘lganidan qo‘knorining nimkosa siqmasini urib, kun-chuvoqda xayol surib o‘tirgan ekanlar. Bir mahal, musofirga joy bormi, deb hovlisiga bir otliq tushib, he yo‘q, be yo‘q ko‘ligini yakka qoziqqa bog‘lay beribdi, Fozil ota ko‘knorning kayfi bilan:

– Bemahal kelgan bu bachchag‘ar bekmidir, tentakmidir? O‘tirib edim g‘amsiz, hamsoyam keldi ishtonsiz, deganday, jo‘lidan adashgan jo‘qlovchimidir, yo bo‘lmasa, qayga bosh urarini bilmay jurgan sovchimidir? Ne bo‘lsa ham takalluf bilan, xush kelibsiz, safo kelibsiz, deb oldiga peshvoz chiqib kutib olay, arz-dod bilan kelgan bo‘lsa arziga quloq solay, – deb o‘rnidan, yo pirim, deb turib, yelib-yugurib mehmonning oldiga peshvoz chiqibdi.

Qarasa, Ergash Jumanbulbul o‘g‘li. Otasi tirilib kelgan yetim boladay shod bo‘lib, xijil bo‘lib o‘tirgan ko‘kayi kurtak otib, borliq g‘am-anduhlari barbod bo‘lib dong‘i Dog‘istonga ketgan dovruqli dostonnavozni quchoq ochib kutib olibdi. Kulbai xonalariga kirib hol-ahvoldin, mol-jondin, tevarak-tuzdin, zongdin-zamondin, yaxshi-yomondin so‘rashib bir-birlarining diydorlariga to‘yib, uy sohibi Ergash boboning o‘z oyog‘i bilan kelganini yaxshilikka yo‘yib bo‘lganlaridan so‘ng, gal dasturxon yozishga kelibdi. Mezbon so‘yay desa qo‘rada qo‘y tugul, qo‘zining qumalog‘i ham, tovuq, tuvoloqdin tortib shirroqi echki-ulog‘i ham yo‘q. Dasturxonning birinchi zebi-ziynati, fayzi-barakoti esa non. Endi shunday kunda qani o‘sha non! Otaning boybichasi dasturxon yozib non qo‘yish tugul, jonini poyandoz qilsa arzigulik mehmon qoshida yer yorilib, yerga kirguday bo‘lib, tiriklay o‘lsa o‘lguday bo‘lib sarosimaga tushib qolibdi. Axiri boriga baraka qilib dasturxonga ikki zarang kosada qatiq qo‘yibdi. Mezbonlarning bu hol-holatini ich-ichidan sezib, hozir butun el-ulus chor-nochor bir tarzda yashayotganini ko‘nglidan o‘tkazib o‘tirgan nazarkarda chechan uy egalarini bu og‘ir vaziyatdan qutqazish uchun bir qut, bir bequt bo‘lib turgan zamondin, yaxshi-yomondin, urondin-surondin, shahar-kentda, butun mamlakatda yuz berayotgan qirg‘in-qirondin so‘z ochib gapni ulab, soqol-mo‘ylovini silab, beva-bechoralarga sabru qanoat tilab, bekor o‘tirgandin ko‘ra bekorga ishla, deganday, o‘tgan-ketgan gaplardan gapirib o‘tiribdi. Ergash bobo:

– O‘zga el poshshosining tuproq-toshingni, avlod-ajdodlaring jatgan xokipok jerlaringni toptab, bostirib kelib qilgan marhamat-muruvvatining ortida malomatminan musibat jotar emish. Undan ko‘ra, o‘z xon, o‘z sultoningni so‘kkani so‘k oshi, urgani un oshi emish. It tumshug‘i tekkan jerga suv ichgali sher kelmas, degan gap gap-da.

Fozil ota:
– Nikolay poshshoning Iskabilib, Kasofatkin, Qoplon[1] degan qo‘llari qonli, jo‘llari qironli iskabtopar itlari qishloq-shaharlarni to‘pga tutib bostirib kelganlaridan so‘ng ovul-aymoqlardin qut-baraka ko‘tarilgandin ko‘tarilib, halol oshimiz haromga aylandi. Qulf ko‘rmagan darvozalarga qulf tushib, zulf neligin bilmagan eshik-darichalarga zulf tushdi. Endi bu el ozgandin ozib, to‘zgandin to‘zmasa edi. O‘zimniki ozmidi, tuynukdan tushdi bir xo‘ja, deganlari shekilli, bu singlig‘orlarni qaysi shamol uchirib keldi ekan o‘zi?

– Fozil deyman?
– Labbay, hazratim.

– So‘fining uyidan cho‘chqaning kallasi chiqibdi, degan gapni eshitganmisan?
– Eshitganman.

– Ana o‘sha so‘fining uyidan cho‘chqaning kallasi chiqibdi, degan zamonlar endi keldi. Ilgarilari to‘ng‘iz to‘qayda bo‘lguchi edi. Ko‘rasan, endi bu oqquloq qishlog‘imizga, qo‘ramizga kirib kelib, tumshug‘ini tiqmagan jeri qolmaydi. Endi kun-bakun halolminan haromning, uvolminan savobning, gunohminan salohning farqiga bormay boramiz.

– Yo alhazar, hali oldimizda shunday qaro kunlar ham bor deng!

– Yov bosgan elni g‘am bosar, deb bekorga aytmagan o‘tgan mashoyixlar. Bo‘lmasa, og‘aminan ini, tog‘aminan jiyan, otaminan bola, urug‘minan aymoq o‘rtasidan mehru oqibat shunchalik ko‘tarilganini kim eshitib, kim ko‘rgan?

Tuman o‘zbekning tubi bir. Shunday bo‘lgandin so‘ng yovga qarshi birlashib, ot surish o‘rniga bir-birining et-betini jeb jatqandan so‘ng dodingni qaysi dodhoga aytasan?

Xonminan xonning, bekminan bekning, bo‘lisminan bo‘lisning jer talashib, suv talashib, jesir xotin talashib jatqani-chi? O‘ris to‘ralariminan o‘ris sarkardalari esa bundan foydalanib mo‘rimizdan bo‘ylab jatir.

Fozil ota:
– Qimmatchilik – qabohat. Qahatchilik – qirg‘in. Qurg‘oqchilik – qiyomat qoyim. Surg‘oqchilik – surunkali surinish. Vabo – mozorot. O‘z tug‘doringni baxti qaytib, taxtdan qulashi – qal’a-qo‘rg‘oningni nurashi. Bu olti ochofatning qay biri qay jerga dorisa, qolgan beshi ham bir-biriga esh bo‘lib o‘sha manzilga japirilib kelar emish. Inoqlik, ittifoqlik bo‘lmagan joyga jetib borar emish. To‘zaman degan tuzga tozi tumanbegilik qilar ekan. O‘zaman degan elga esa o‘zlik o‘zi biylik qilar ekan, degani shu.

Men bir gapni eshitganim bor: o‘ris qo‘shinlari Toshkentga bostirib kirgan jillari shaharning hokim-to‘ralari, beklari, ashrafu ayonlari xushomad qilib o‘ris ginirallarining qoshiga madhu sano o‘qib chiqib, non-tuz bilan kutib olgan ekan. Bu o‘zbek degani bekmidir, tentakmidir o‘zi? Men shunga tushunmay kelaman.
Avval taom deganday, dasturxon ham hadegandan yozilabermay, Fozil ota o‘zini qo‘yarga joy topalmay, bora-bora gaplari ham sal qovushmaganday bo‘la boshlabdi. Buni ich-ichidan sezib o‘tirgan nazarkarda suxanvor:

– Bemahal-bemavrid kelib bularni ham xijolatga qo‘yadigan bo‘ldim-ov, endi o‘rtadagi noqulaylikni oradan ko‘tarmasam bo‘lmas-ov, bor boricha, yo‘q holicha, bitta sassiq qorin qayerlarda to‘ymas, – deb Ergash bobo yarim hazil, yarim chin debdi:

– Bu zamon qanday zamon?
Qo‘ygay qatiqni nonsiz?

Fozil ota ham o‘ylab-netib o‘tirmay javob beribdi:

– Arpa pishganda kelingiz,
To‘g‘rab beray armonsiz.

Ichki kasalning sirtga tepgani bemorning kasallikni yengani, deganday Ergash boboning o‘rtadagi g‘uborlikni bir bayt bilan mutoyibaga yo‘yib yuborganidan Fozil otaning ham chiroyi ochilib, ko‘ngli joyiga tushib, o‘zini rostlab o‘choq boshida ne qilarini bilmay o‘ralashib yurgan boybichasini chaqirib-chorlab o‘tirmasdan o‘zi taxmondagi hali ohori to‘kilmagan lo‘la-bolish, ko‘rpachalardan qadami qut qurdoshini qayta boshdin qo‘zg‘ab qat-qat qilib to‘shab-durustlab bir parvona bo‘lgandin o‘n parvona bo‘lib, o‘z davrida daryoi azim deb nom olgan mehmonining ko‘nglini tuz bilan ololmasa ham bo‘z bilan, yo so‘z bilan olishga tutinishga tushibdi.

Shu orada uy bekasi qo‘ni-qo‘shnilarnikiga chiqib bir qadoqcha un topib kelib lachira (ham non, ham ovqat o‘rnini bosishi uchun) tayyorlashga hozirlik ko‘ra boshlabdi.

Bilasiz, Ergash bobo ulamo, sipo, kam gapirib, kam kuladigan, Fozil ota esa chapani tabiatli, barchabop, kattazanglikni bilmaydigan, borga havas qilib, yo‘qdan kulmaydigan kishi bo‘lganlar.

Boyagi badihadan so‘ng gaplari gaplariga, baytlari baytlariga ulanib ketibdi. Ikki daryo qo‘shilib, qalqqandan qalqib, so‘z bilan sozning sehridan nor tuyaday mast bo‘lib, ko‘ngillari payvast bo‘lib, tog‘ bilan tog‘ birlashsa Sulaymon payg‘ambarni arshi a’loda ko‘r, deganlari rost bo‘lib, ko‘knorining kayfi bilan Fozil ota junbushga kelib, mehmon turib o‘zi bayt aytmoqlikni beodobchilikka yo‘yib debdi:

– O‘qigan o‘g‘il otadan ulug‘, debdilar. Shu shekilli Siz ham bosh jihatdin, ham jash jihatdin bizdan ustuvorsiz. Qulingiz esa omi bir odam. Siz turgan jerda bizning mehrobga chiqishimiz – gunohi azim.

Shunday qilib, aytishuvni Qo‘rg‘on maktabining mudarrisi boshlab beribdi. Fozil ota ham bo‘sh kelmabdi:

– Non topilar, osh topilar, el bo‘lmasa xirmonsiz,
Xirmonga ham qiron kelsa – unda basti kamonsiz.

– Nonsiz yashash mushkul holdir, yashash mumkin sultonsiz,
Sulton ahli o‘zin osgay mushtak, ushr, o‘lponsiz.

– Yashay bilmas bu jonajon zuryodimiz mehmonsiz,
Yer-ko‘k zabun bo‘lganiday Shamsu Qamar, Cho‘lponsiz.

– Tokaygacha bo‘lgay bo‘m-bo‘sh kandik, o‘ralar donsiz,
Rizqimizga itlar[2] sherik – bo‘lmasaydik imonsiz.

– Bu el nonsiz bo‘lsa bo‘lsin, lek bo‘lmasin subhonsiz,
Bu kunlar ham o‘tar-ketar, bo‘lmasa bas urfonsiz.

– Poshsho ishi farmon birla, borliq biylar armonsiz,
Hech ko‘rmadim mehnat ahlin g‘am chekmagan zamonsiz.

– Bu kunlar ham g‘animatdur, kelgusimiz imkonsiz,
Qolmasaydik o‘z yurtimiz turib manzil, makonsiz.

– Elu yurtda yuviqsizning son-sanog‘i mezonsiz,
Bu kaslardin qutulmasmiz g‘alayonsiz, tug‘yonsiz.

– Dardmand forig‘ bo‘lmaganday darddin dori-darmonsiz,
Qutulmasmiz bu itlardin qirg‘inbarot, qurbonsiz.

– Maydon ko‘ra kelgan xalqmiz, yashalmasmiz maydonsiz.
Alpon misol er bo‘lmasa – Turon qolar bog‘bonsiz.[3]

– O‘zi ma’dan ichindamiz, lek yasharmiz ma’dansiz.
El boshida turgan beklar yov oldida zabonsiz.

– Sayyod sayyod sanalgaymi, magar bo‘lsa sopqonsiz,
Bu Turkiston tugab bo‘lgay bir-bir arksiz, arkonsiz.
– O‘zbek o‘zligin topolmas hech qachon g‘alayonsiz,
Qal’a, qo‘rg‘onlari nurab bo‘lgay qo‘shin, posbonsiz.

– To‘qson ikki bovli o‘zbek qolgay imdod, imkonsiz,
Bir yoqadin bosh chiqarmas ekan sohibqironsiz.

Tarki jamoa

– Tumanni tumandin, bargni sumandin, ovulni aymoqdin, aymoqni har yoqdin; o‘zbekni qozoqdin, qirg‘izni qoraqalpoqdin ajratib, bu mening yerim, bu sening eling, bu tomoni turkmanlarning yurti, u tomoni Chorjo‘y chegarasi, deb echkini uloqdin, daryoni buloqdin, tanni jondin, jonni vatandin ayirib bo‘lganlaridan so‘ng finatdil, jinatdil, uratdil, davring keldi suratdil degan adillar qovunning urug‘iday ko‘paygandin ko‘payib ketibdi. Har kent, har daha, har muzofotda bo‘lgani singari azal-boshdin bozorlari ham, avlod-ajdodlarining mozorlari ham bir bo‘la kelgan Qoraqishloq tumanini ham ikkiga bo‘libdilar: Sangzor daryosining Amir Temur darvozasigacha oqa kelgan hudud Baxmal, Qut tomoni esa G‘allaorol tumani. Voy desang ham shu, dod desang ham shu.

Bu hol, bu ko‘rgilik ko‘pchilikka malol kelib, Gulbuloq qishlog‘ida g‘avg‘o ko‘tarilibdi:

– Bu enani boladin, diyqonni daladin, qo‘zini qo‘ydin, biyani toydin ajratganday bir gap emasma?

Hukumat vakillaridan biri g‘avg‘o qo‘ptirganlarning bu savoliga qisqagina qilib javob berib qo‘ya qolibdi:

– Bu mening chiqazgan farmonim emas. Bu yangi hukumatning yangi qonun-qoidasi. Bu Hukumat Nikolay podshodan ham zo‘r. Demak, podsho farmoni – amri vojib. Gap tamom, vassalom. Podshoning farmoyishiga qarshi borish – oqimga qarshi borish degani. Oqimga qarshi borgan kishi esa g‘arq bo‘ladi. Tushunarlimi?

8783d83c9decb34feff4b20a92bd69ea.jpg

Nihoyat, yangi hukumat qad-qovmatini rostlab olib, qizil yalovini har mahkama, har hibsxona, telba-tentaklar davolanadigan shifoxona, hatto qabriston peshtoqlariga ham “Lenin hamisha biz bilan!”, “Xush kelibsiz!”, “Hokimiyat sho‘rolarga!”, “Yer-suv – dehqonlarniki!” degan shiorlar osilmagan yer qolmay, yangi tuzumga et-beti bilan berilgan kishilar sho‘rolardan beizn-beruxsat emin-erkin yozilib… kelolmay, yuqorida aytilgan turli-tuman “otdil”lar bel bog‘lab ishga tushib ketibdi. Qo‘ydan ham qo‘ychibonlar ko‘payib, qo‘ra-qo‘tonlardan qut-baraka ko‘tarilib, tinib-tiniqib oqa kelgan daryolar loyqalanib, halol haromga, harom ihtishomga[1] aylana boribdi.

Yangi ochilgan maktablarning bebismilloh bitilgan yangi kitoblari uvol nimayu savob nima? Gunoh nimayu gumrohlik nima? degan so‘zlardan xoli bo‘lib, taka sasib qolgan yigitchalar bilan, er-xotinlikning ma’nisiga elas-elas tushunib qolgan qizaloqlar juft-juft bo‘lib bir partada o‘tirishib, sonlari sonlariga tegib – “sharmu hayoli” bo‘lib… Betayinlar beklashib, bek bo‘la kelganlar betayinlashib, boytevatlar bo‘riga, laychalar undan ham zo‘riga, to‘g‘rilar o‘g‘riga, egrilar otasining go‘riga aylana boribdi. Qo‘ying-chi, boyagi aytgan finatdil degan otdilning soliqchilari yangi tuzumning yangi tuzuklarini amalga oshirishda, boyning o‘zidan uning boytevati xavfli deganday, jonini jabborga berib… Boringki, nalikchining nopok qadami yetgan yer azaga, muhr bosilgan pattalari mehnat ahli uchun jazoga aylana boribdi.

Ishning nima bilan boshlanib, nima bilan tugashiga ko‘zi yetmagan odamlar kimga borib, kimga arz qilishini bilmay bir-birini savolga tutgan bo‘ladi:

– Bu hukumat degani, Savit degani, Sho‘ra degani nima o‘zi? Ochkalasmi, olimmi, zolimmi, arbobmi yo och arvohmi? Yo berganingni qoldirmay uradigan yolmog‘izmi?

– Ilgarilari podsholik el-ulusga rahnamolik qiladi deb eshitar edik. Bunisi iligimizni yog‘ini ham qoqib oladi, shekilli. Bora-bora qo‘ynimizdagi xotinlarimizni ham olib qo‘ymasa bo‘lgani!

– Yo‘g‘-ye!
– Mana, ko‘rasan.
– Olib nima qiladi?

– Nima qilar edi, Sibirda o‘rmon kesib jurgan sanoqsiz mardikorlarga eltib beradi.

– Jo‘g‘-ye!
– Ha, de.

– Bir hisobdan tuvri aytasan. O‘zi olmagan narsasi qolmadi. Jerimizdi oldi. To‘rt tuligimizdi oldi. Endi navbat egni-boshimizdi ham yechib olib, havoni ham qoplab-qanorlab…

– Hamma baloni bilasan ekan-ku. Nima qilar eding meni laqillatib…

El-ulus sel urgan baliqday gangib qolgan shu yillari Abdug‘oni ismli Tangatopdi qishlog‘ining qo‘ychiboni qarindosh-urug‘larini yig‘ib maslahat solibdi:

– Bu jil kenja ulimni uylantirib, nebaralarimdi qo‘llarini halollatib qo‘ysam deb edim. Necha jillardan beri bir jeb-jemay, bir kiyib-kiymay jiyib jurganlarim bor. Dasturxon jazib, men ham elga osh bersam. Shunga nima deysizlar?

Cho‘ponning qavmi-qarindoshlari bir og‘izdan depti:
– Nima der edik, yaxshi niyating jo‘ldoshing bo‘lsin. Jetti jil mol boqqanga do‘zax o‘ti harom emish. Sen esa qariyb o‘ttiz jildan beri cho‘ponlik qilib kelajatibsan. To‘y kunini belgilab olsak bo‘ldi. Shu vaqtgacha sen bizning xizmatimizdi qilib kelding. Endi biz ham qarab turmasmiz.

– Oqilbek ota haq gapdi aytdi. Xayrli ishga g‘oyibidan, degan gap ham bor. Uningsiz ham mamlakatda qimmatchilikminan ocharchilikding, qabohatminan qahatchilikding sharpa-shamoli kezib turibdi. To‘ydi qancha tez qilsang, shuncha jaxshi.

Qo‘ychibonning uzangi yo‘ldoshlari gapni gapga ulab ketibdi:
– Buning jiygan dunyosi ko‘p. To‘y bahonasida otasidan qolgan tuya sandiqlardi ham ochsa keragov. Topgan-tutganimizdi pinagintlarga qo‘sh-qo‘llab bergandan ko‘ra qo‘yindan to‘kilsa qo‘njig‘a qilganimiz yaxshi emasma? Sen ham odam bo‘lib bir erigin. Bir bitimiz to‘kilsin.

– Eriydi. Bizlardan jiyib olganining o‘ndan birini o‘rtaga tashlaganda ham, sen je, men je, bo‘lishi tayin. O‘zi ham ko‘pdan beri aytib jurgan edi, to‘yim uloqli bo‘ladi, qora o‘choqqa osadigan qozonim qirq quloqli bo‘ladi deb.

– O‘ziyam Abdug‘oni qo‘ylarimizni boqqanidan beri bir sovlig‘imizni egiz tuqqanini ko‘rmadik. Nuqul yolqi tug‘adi. O‘sha egizlari segizlab ketgan bo‘lsa kerak. Biron marta qozon osganini ham ko‘rmadik. Nuqul oshi halolning ketidan kun ko‘rib keldi. Buning dunyosi ko‘p. Hammasini bir qilib elga bir osh bersa beribdi-da.

To‘y egasi ham bo‘sh kelmabdi:
– Qari qiz jeganini bilmaydi deganlari rost ekan. Har jili egizlab qo‘zi bergan sovliqlaring bo‘lmay o‘zini tosh oynadan olib, tosh oynaga solgan boybichalaring edimi? Undan ko‘ra, birimiz chori, birimiz shishak, juda bo‘lmaganda to‘xli, tusoq, himmat qilganimiz yo qo‘zili qo‘y, yo to‘pichoq olib kelamiz desanglar-chi! Birov aytgan ekan: to‘y qilishdan maqsadim – sochilgan dunyolarimni yig‘ib olish deb. Shu shekilli…

Maslahat maslahatga, maslahat oshi hamiyatga ulanib to‘y ham boshlanibdi. Chavandozman deganining biri u jilg‘adan, biri bu janadin chiqib kela beribdi. Ot undan, odam bundan ko‘p. To‘y oqsoqollari, duganbegilari, maydonbegi[2] solimni belgilabdilar, uloqni pokka tashlaganga – gilam, zulqurs, takiyamat, toy, toyloq. Maydon – Mirzaqiri bilan Qo‘shtut tepaligining oralig‘i. Orasi to‘rt chaqirim.

O‘rtaga serka tashlanibdi. “Ot o‘yini” boshlanibdi. Solim – oti yugurikniki! Maydon mardniki! G‘irromlik qilgan – badnom. Tarafkashlik qilinguday bo‘lsa urug‘-aymoqlar orasida – qatli om! Qor qalin – qora sondan! Maydonda besh yuz arg‘umoq. Qor to‘zonga, otlar nafasi tumanga aylanibdi. Maydonda otangni ayama degan gap-gap. Uningsiz ham chavandoz xalqi qizishganidan so‘ng pirini ham tanimaydi. Qolabersa, o‘rtada – oriyat. Hamma olsam deydi. Solim katta qo‘yilgandan qo‘yilib boradi. O‘yin ham qizib boradi. So‘nggi eng katta solim – borishi – toyloq, kelishi – holi gilam bilan tana. Bu solim to‘y egasining qaynisi O‘rol yilqichining jiyanlariga bo‘lgan tog‘alik ulgusi. Endi otlar ham horib, qora terga tushib sarasi saraga, nochori nochorga ayrilib, navbat nomi Baxmal dahasida tilga tushgan xonazotlarga kelibdi. Keyingi solim aldashmonlik Jo‘ra polvon bilan Qirg‘iz qishloqlik Juman cho‘yanda ketgandan so‘ng ko‘pkari nihoyasiga yetibdi.

To‘y tarqab, endi to‘yning otovnari[3] boshlanibdi.

Qo‘ychibon to‘y qilib, borliq topgan-tutganimni o‘rtaga tashlab, el-ulus oldiga dasturxon yozadigan bo‘lsam, nasib qilsa, Ergash Jumanbulbul o‘g‘lini olib kelaman deb niyat qilib qo‘ygan ekan. Uning bu tilagi to‘y duganbegilariga ham ma’qul tushib, dong‘i-dovrug‘i Turon-Turkiston mulk-mamlakatga ma’lum-mashhur bo‘lgan oqinga quvsa yetadigan, qochsa qutuladigan arg‘umoq yuboribdilar. Ergash bobo ham:

– Aytgan jerdan qolish jo‘q, aytmagan jerga borish jo‘q. Suymaganga suykanish jo‘q, sulton bo‘lsa ham suyanish jo‘q. Er – siylagan jerga aziz, – deb o‘z izzat-o‘z ikromlari bilan kelgan ekanlar. Qo‘ychibon to‘yining to‘ymisan to‘yday o‘tgani bir yon bo‘libdi-yu, shoir kelganining o‘zi bir yon bo‘libdi. Hamma yoqda duv-duv gap:

– Ol, nima deysan, Abdug‘oni akaning to‘yiga Ergash Jumanbulbul kelibdi!

– Manaman degan boy-boyvachchalarning to‘y-tomoshalariga ne tavallo-tazarrular bilan boradigan shoyirding kebanagini sudrab jurgan bir odamning to‘yiga kelganiga ishonmay turippan.

– Garov o‘ynamaysanma?

– Bu birgina qo‘y boqib, qumaloq bosib jurganiminan balo ekan. Agar shoyirding kelgani rost bo‘lsa.

Otovnar-ziyofat boshlanibdi. Shirbozlar so‘yilgan. Qora qozonlar qayta boshdin osilgan. Dasturxonlar shohona. Qimiz ketidan qimron, qazi ketidan qarta. Bo‘za bilan sharob deganingiz serobdan serob. Beshbarmoq bilan yonma-yon tandirkabob.
O‘sha yillari marjalarga[4] uylanish amaldorman deganlarga katta gap sanalib, shu bilan “Baland uchma ey ko‘ngil qushi, monandi anqodek, Baland uchgan bilan zog‘u zag‘on olamda boz o‘lmas”, deganlariday hovliqib-havolanib, aroq ichganlar arg‘umoq, uni og‘ziga olishdan hazar qilganlar esa qoloq sanalib, haloldin harom ustuvor kelgan kezlari ekan.

Mehmonxona to‘la odam. Har kim yoshiga (amal-tamaliga qarab emas), gaplarining qovushib-qovushmasligiga qarab joylashibdi. G‘allaorollik Hazratqul Mamadiyorip degan nalogchi[5] Ergash boboning ro‘parasiga do‘nib olibdi (andalibning yoniga olaqarg‘a qo‘nganday). Uning to‘qimtabiat ekanligini, o‘tirgan yerini xira, yon-atrofidagilarining ko‘nglini siyoh qilishini bilganlar orasida shivir-shivir boshlanibdi:

– O‘ldi.
– Nima o‘ldi? Kim o‘ldi? Gaplaring buncha sovuq.

– Bulbulding jonig‘a qora qo‘ng‘iz qo‘ndi.
– Tushunmadim.

– Hademay tushunasan.
– Endi nima bo‘ladi?
– Qora jer, qora mozor bo‘ladi.

– Jo‘g‘-ye?
– Mana ko‘rasan.

Ziyofat avjiga chiqib, gap gapga ulanib sharobbozlik ham boshlangandan boshlanib, qo‘ychibon qo‘li ochiqlikda olqishlanib (bergan xudoga yoqibdi, deganday), kimlar esa sharob tugul, gulobni ham og‘ziga olmaslik uchun turli bahona qidirishga tushib…

Qancha jigargo‘shalaridan, nori-norchalaridan, bog‘u bog‘chalaridan, guli-gulshanlaridan ayrilib, bir uyda bir o‘zi qolib, judolik o‘tiga qovrilib – tolib-toliqib, boz ustiga, taqvodorligi, ulamoligi sababli harom-harish aralashgan yerdan o‘zini tortib, mavridi kelib qolsa ma’raka-marosimlarda birda barchani birday kuldirib, birda yig‘latib – hammani og‘ziga qaratib yurgan nazarkarda oqinning cho‘g‘ ustida o‘tirganday toqatsizlanib o‘tirganini ko‘rib, kuzatib turgan, kayfi oshishdan toshishga o‘ta boshlagan Mamadiyorip xushxonga gap otibdi:

– Ilgar-rilar-ri kem-maga, hiq, tush-shganning, hiq, joni birr, deb eshshi-tarrdik. yo siz-zning tush-shgan, hiq, kemmang-iz-zning eshkagi… dan-nma?!

Buningsiz ham ko‘ngli xasta, dili shikasta bo‘lib yurgan oqin qafasga tushgan qushday bo‘lib, qayga uchib, qayga qo‘narini bilolmay toqati toq bo‘lib, battar betoqat bo‘la boshlabdi.

Poygah tomonda mardosh qurib o‘tirgan alp yigitlardan biri, shiddat bilan o‘rnidan turib haligi qora qo‘ng‘izni (to‘ng‘iz deb bo‘lmaydi, albatta) oyog‘ini yerga tagizmasdan tashqariga olib chiqib ketishga chog‘langan ekan, yonidagi sherigi uning o‘ngiridan tutib qulog‘iga shivirlabdi:

– Bunday qilsang oqinning ko‘ngli battar og‘riydi. Yaxshisi, anovi qo‘lansaning gapini eshitib-eshitmaslikka olganimiz ma’qul. Bu gap shu xonada qolib, shu jerda qolgani yaxshi.

Jo‘rasining bu o‘yi haligi chapani yigitga ma’qul tuyulibdi.

Hushyor, xushxulq, xushzabon kosagul yigit ham qora qo‘ng‘izning gapini eshitsa ham eshitmaslikka olib gapni boshqa yoqqa qarab buribdi:

– Katta ko‘priklardan mast ham o‘tadi, nahs ham o‘tadi, esipast ham o‘tadi. Ko‘prik esa ko‘prikligicha yelka tutib tura beradi. To‘y egasi ham shu misoli. Manaman degan boylar ham qirq kechayu qirq kunduz elga osh berib ko‘pni qoyil qoldira olgan emas. Qolabersa, to‘yga aytilgan ham keladi, birda-yarim betayin, bepadar ham keladi. Xayriyat, bugun Abdug‘oni akaning to‘yiga tamomi tayinli kishilar kelishibdi. To‘yni gap-so‘zsiz, eson-omon o‘tkazib oldik. Bu – qo‘ychibon bobomizning niyati xolisligidan. Eng muhimi, o‘lkamizda dong qozongan oqinimiz, dilimizga yaqinimiz bo‘lmish Ergash bobomizning katta boshlarini kichik qilib qishlog‘imizga kelgani. Bu hammamizning obro‘yimiz. Endi jo‘n gapimizga chek qo‘yib, gapni o‘z daryoi azimimizdan eshitsak.

Bu gap barchaga birday ma’qul tushib, hamma birday depti:

– Shoyirimizding ta’rifini juda ko‘p eshitib jurganmiz. Bugun o‘zlari bilan ko‘rishib, o‘zlarini o‘z ko‘zimizminan ko‘rib o‘tirganimiz ayta-ayta jurgulik gap bo‘ldi.

Bu paytda soliqchining kayfi oshib, almayi-jilmayi bo‘lib, yaxshi-yomon gapning ma’nisiga tushunmaydigan bir holga kelib, to‘rt oyoqli itdan farqi qolmay qolgan ekan.

Uningsiz ham Ergash bobo ko‘pni ko‘rgan, el kezgan, past-baland gaplarni ko‘ngliga olishdan bezgan, barcha birday bo‘lganda – bu dunyoning qizig‘i ham bo‘lmasligini necha bor ko‘nglidan o‘tkazgan dostonsaro emasmi, o‘zi so‘zlasa so‘zlaydigan, bo‘zlasa bo‘zlaydigan otameros, bobomeros sozini qo‘lga olib, avval o‘tgan-ketgandin, niyatiga yetib-yetmayotgandin, zongdin-zamondin, jahongirdin, jahondin, dorus-salxdin[6], saltanatdin, siyosatdin so‘ylab, davrabop bir terma aytishni o‘ylab, junbushga kelib, ho‘ylashdan kuylashga o‘tibdi:

Bu davraday davrani kam ko‘rgandin kam ko‘rdim,
To‘yxonada bir umr o‘chmaydigan sham ko‘rdim,
To‘qson to‘qqiz bovli el – barin birday jam ko‘rdim.
Lek birgina bezotni beor, bekaram ko‘rdim.
El kezib qay birlarning xotinin taloq ko‘rdim,
Birlarni umr bo‘yi tirnoqqa zor – toq ko‘rdim.
Kimlarni el-ulusdin yiroqdin yiroq ko‘rdim.
Kimni tilsiz hayvondin ming bor batarroq ko‘rdim.

Kimki hamnafas bo‘lsa nokas, nafsi g‘or bilan,
Nasab-nasli tayinsiz, benomus, beor bilan,
El nazaridin qolgan – qismati dushvor bilan,
Ba’dfe’l, badkor, behayo – qo‘sh oyoqli mor bilan,

Sitam chekib dam-badam, ko‘ngli xufton, g‘ash bo‘lgay,
Jigar-bag‘ri xun bo‘lib, kulfatga tutash bo‘lgay,
Beoqibat, betayin, mehri qattiq – tosh bo‘lgay,
Oqibat eldin ayri – ko‘zlarida yosh bo‘lgay.

Yomondin qochib qutul yo undin tonib qutul,
U qirda bo‘lsa magar, sen pastga enib qutul,
Taqdiri-toleingga ilojsiz ko‘nib qutul,
Qochib qutulolmasang o‘rtanib, yonib qutul.

Sor qo‘ngan yerga zog‘ning qo‘nganini kim ko‘rgan?
Elbezor kasning unib-o‘sganini kim ko‘rgan?
Karvon yo‘lini kalxat to‘sganini kim ko‘rgan?
Sher zotini laychaning yengganini kim ko‘rgan?

Ne bo‘lsa ham itminan[7] hamtovoq bo‘la ko‘rma,
Sheriging mirshab bo‘lsa beyaroq bo‘la ko‘rma,
Ko‘rgansizning uyiga hech qo‘noq bo‘la ko‘rma,
Yaxshilarga yondashib yur – yiroq bo‘la ko‘rma,

Ichib to‘yni buzganning ichgani aroq bo‘lsin,
Pushti kuyib tamomi nasli tumtaroq bo‘lsin.
Ohlar urib armonli, qo‘li qaltiroq bo‘lsin.
Ichgani aroq bo‘lsin, ichgani aroq bo‘lsin…

Ollohga iltijo qib endi so‘zni bas qilsam,
Bir o‘ziga sig‘inib ibodat, ixlos qilsam.
To‘yxonaga hasadmas, chin dildan havas qilsam,
Unib-o‘sishin tilab, bir yaxshi nafas qilsam.

Oqin to‘lib-toshib, sal qizishib aytgani o‘ziga yarashib sozini yonboshiga qo‘yishi bilan mehmonxonadagi yoshu keksa qo‘llarini ko‘ksiga qo‘yib, Ergash boboga ta’zim-tavoze qilibdilar.

O‘ttiz tishdan chiqqan gap o‘ttiz uruqqa tarqalar, deganlariday, yurgan, o‘tirgan yerida qo‘lansa hid chiqazib yuradigan qora qo‘ng‘izning bir gap bilan baxshning dilini og‘ritgani, Ergash boboning ham unga aytar gapini topib aytgani hademay Sangzor – Soybo‘yiga tarqalib, tildan-tilga o‘tibdi.

– Ming qarg‘aga bir kesak, ming qo‘ng‘izga bir tezak. Bundaychaqa sadaqafurushlarning mingtasi shoyirding bir mo‘yiga arzimaydi.

– Ko‘rasan, endi buning kosasi oqarmaydi. Yo betidan buziladi, yo ketidan!

Karvon-karvon zardan qolsang qol, mahalla-guzardan qolma. Bozordan qolsang qol, dilyozardan qolma. Lo‘kcha bilan nordan qolsang qol, gulzordan qolma. Yetib bo‘lmas, chiqib bo‘lmas tog‘larni nima qilasan, obi-havolaridan bahramand bo‘lib turgan tog‘ing – Morguzardan qolma. Hammasidan qolsang qol, nazardan qolma, deganlariday, shu-shu Mamadiyorip ko‘pning nazaridan qolib, elga qo‘shila olmay – tarki jamoa bo‘lib qolgan ekan.

Tumor

Odam bo‘lib og‘zidan beparda gap chiqmagan, mo‘min-qobil bir yigitning badfe’l, badkor, behayo, qo‘ying-chi, beetak xotini bor ekan. Boz ustiga:

El qochsa birovdin el yomoni bil oni,
Ahvolida idbor nishoni bil oni,

deganlariday, bu ayolni xudo nogiron – maymoq qilib yaratgan ekan. O‘sha yigit Ergash Jumanbulbul o‘g‘liga:

– Shoir bobo, Siz ko‘pning ustida yurgan, Xizr ko‘rgan odamsiz. Men shunday bir baloga yo‘liqqanman, unga xudo bas kelmasa, bandasi bas kelolmaydi. Hozirning o‘zida uchovoradan chiqdim. Elga qo‘shilolmay qoldim. Undan o‘lib ham qutulolmayman, shekilli. Nima qilay, ayting? – deb arz qilibdi.

Oqin yigitning yuz-ko‘ziga qarab rahmi kelibdi. So‘ng:

– Yomondin yo qoch-da qutul, yo ton-da qutul!

Sababi:

Yomon xotin ko‘p qiladi taqalni,
Qirqqa kirmay oqartirar soqolni,

deganlar. Men sizga bir tumor yozib beray. Keyin bu tumorni kelinga bering. Tumorning ichidagi baytlarni yodlab olsin. Hademay odam soniga qo‘shilib ketadi, – deb mana bu “tumor”ni yozib bergan ekanlar:

Aylanayin, maymog‘im,
Achigan sut, qaymog‘im.
Seni olgandan ko‘ra
Yaxshiydi so‘yilmog‘im.

Fikri sayoz, cho‘ltog‘im,
Yeding yigitlik chog‘im.
Sening bilan qiyinga
O‘xshaydi yashamog‘im.

Siyin bilmas so‘ylog‘im,
Behayo, bebalog‘im.
Bu kunlarimdan ko‘ra
Afzaldir otilmog‘im.

Xom-xatala quymog‘im,
Uchmas, to‘qson talog‘im.
Boshqa yo‘li qolmadi
Shu – sendan qutulmog‘im.

Yigit “tumor”ga qanday kalimalar bitilganiga qiziqib, uni bir o‘qimishli kishiga ko‘rsatib ma’nisini bilib olibdi. So‘ng otasi bozordan to‘lib-toshib kelgan boladay quvonib, beka desa bekasiga, erka desa erkasiga olib borib:

– Nima bo‘lganda ham ko‘z ochib ko‘rgan eringman, ishi ko‘pam o‘ngidan kela bermagan bir peshona sho‘ringman. Oqshomlari tushingda so‘ylanib chiqasan, o‘ngingda esa o‘ylanib yurasan. Shunga bir afsungarga borib tumor qildirib keldim. Tumorda bitilgan duolarni yod olib kechalari o‘qib yotsang haligi kasaldan, sen ko‘r, men ko‘r demasdan qutulib ketar ekansan. Men ham sendan birvarakayiga qutulib qo‘ya qolar ekanman. Gap ana shunday, joningning jon ayamas xotinim, – debdi.

Xotin erdan minnatdor bo‘lib, men o‘qishni bilmasam ne qilaman, deb so‘rabdi. So‘ng otasining “Haftiyak”ni tushirib, undan nari o‘talmagani esiga tushib, “chiqqan qiz – chiydan tashqari”ga – uylariga borib biroz maqtanganday, bu dunyoda eridan yaxshi odam yo‘qligini telba-teskari gaplari bilan aytganday bo‘libdi. Otasi “tumor”ni ochib ko‘z yugurtirsa…

Qush tilini qush biladi, it fe’lini – egasi. O‘z qizlarining fe’l-atvorini bilgan, borgan yeridan baxt topa bilmasligiga ko‘zi yetgan sho‘rlik ota-ona sarosimaga tushib qolibdi. Er-xotin g‘ijillashib ham olibdi.

– Bir yigitning umriga zavol bo‘lmaylik, xotin. Uningsiz ham, jins-bajins, kabutar-bakabutar, deganlar. Qizingning kimligi mendan ko‘ra senga beshbarmoqday ayon.

– Ota bo‘lib siz shu gaplarni aytib turgandan keyin yetti yot kimsalar nima deydi?

– Hali ham ne derini deb bo‘ldi. Qishlokda bosh ko‘tarib yurolmay qoldim. Machitga ham yerning osti bilan borib, yerning tagi bilan kelaman. Shunday qiz o‘stirgan senday xotinni ham…

– It tumshug‘i tekkan yerga suv ichgani sher kelmas. It tekkan qizingizni qayta sotib…

– Or-nomusni o‘rtaga qo‘yib aytganda, qizingga it emas, sher tekkan edi. It endi tegadi. Teng tengi bilan deganday.

Qizning otasi halol, rostgo‘y, chapani tabiatli kishi ekan. Onasining aqli esa haminqadar ekan. Bo‘pti to‘polon! Bo‘pti qiyomati qoyim!

Qirg‘ich qozonga, qopqoq qora yerga, obdasta obrezga, tufdon tuzliqqa urilibdi. Oxir-oqibat eri:

– Mening-ku umrim shamolga sovurildi-ketdi. Endi qo‘y og‘zidan cho‘p olmagan bir yigitni ham bu dunyodan kuydirib o‘tkazmoqchimisan? Kim nima eksa shuni o‘radi. Endi o‘zing pishirgan oshingni o‘zing ich, – deb qishloq qariyalarini chaqirib, bor gapni aytib, to‘rt oyoqli qizini ashqol-dashqoli bilan qaytarib olib kelib, bir bechora yigitning ozodlikka chiqishiga sababchi bo‘lib, xayrli ishga qo‘l urganini o‘zi ham bilib-bilmay qolgan ekan.

Xayr endi, Aldashmon, deb…

Atoqli oqin Sangzor – Soybo‘yi qishloqlarining qaysi birida yo tanish-bilishlari, yo ota qadrdonlari bo‘lsa, shu uylarga bir kecha qo‘nib, birlariga haddi sig‘sa, birlaridan sal-pal iymanib, dala-dashtlarda o‘zicha o‘lan to‘qib, o‘lan aytib yuruvchi yilqichi, qo‘ychibonlarga ustoz tutinib haftani oylarga ulab, yo‘qsillarga qanoat, boy-badavlatlarga tavfiq tilab, qo‘lma-qo‘l bo‘lib yurib, yo‘li Aldashmon qishlog‘iga tushib qolibdi. Qishloq ahli oyoqqa turib, shoirning izzat-ikromini joyiga qo‘yib, shoirning o‘z oyog‘i bilan kelishini yaxshilikka yo‘yib, qo‘shqo‘llab kutib olibdi. Qishloqning qo‘li ochiqlikda dong qozongan o‘tog‘asi Qo‘ziboy tog‘a ta’zim-tavoze bilan qutlug‘ xonadoniga oqinni taklif qilibdi. Oqinni orqavoratdan eshitib, bir ko‘rishga orzumand bo‘lib yurgan kishilarga odam qo‘yilib, ko‘cha-ko‘y, hovlilarga suvlar sepilib, shirbozlar so‘yilib, dasturxonlar tortilib, o‘tkinchi g‘amlar unutilib, ayoz yozga aylanganday bo‘libdi. Tun bo‘yi o‘tmishdan, kechmishdan, qilmishdan, qidirmishdan, nihoyat, Dallidan, so‘zlari bollidan, oti ovozali, oltin darvozali Chambildan, bekdan, ultondan, Go‘ro‘g‘li sultondan gap ketibdi.

O‘sha kun, o‘sha hafta, o‘sha oylari GPUning odamlari qishloqning Nomoz chapani, Oqmurod ko‘nchi, Omon enchi, Sulaymon so‘fi ismli bir so‘zlik manaman degan kishilarini terib-terib, tanlab-tanlab yov bosganday birdan bosib olib ketayotgan kezlar ekan.

Erkak zoti borki, ol endi erta-indin bizni ham olib ketsalar kerak, deb qo‘rqib-pusib, qaltirab-qaqshab yashayotgan qora bir kunlar ekan. Kolxoz degani shu bo‘ladigan bo‘lsa, sho‘ro degani shunday bo‘ladigan bo‘lsa… deb bir xil qoruvli yigitlar beklarga qo‘shilib ketibdi. Qishloqdan fayz-baraka ko‘tarilib, yoshu keksa sarosimaga tushib qolibdi. Itdan it tug‘iladi, uy aylanib bo‘y yeydi, bo‘ridan bo‘ri tug‘iladi, ovul aylanib qo‘y yeydi, deganlariday, odamlar keyin bilsa, uyma-uy aylanib haligini… yeb, bir necha xonadonni qon qaqshatgan o‘z ovuldoshlari, otadoshlari – Shayvali bilan Shodmonali degan badkor, benomus ekan.

Ovul oqsoqollari hangoma orasida bu gapni Ergash boboga aytib, buning chorasini so‘rabdilar. Shunda shoir:

– Shu ikki itni ertalabki nonushtaga chaqirib kelingizlar. Men o‘shalarga aytar gapimni ko‘pning oldida aytay, – debdi.

Ertalab o‘sha ikki imonsizni aytib kelishibdi. Gap gapga ulanib, shoir junbishga kirgandan so‘ng, haligi ayg‘oq desa ayg‘oqqa, tayg‘oq desa tayg‘oqqa qarab, shu termani to‘qigan ekan:

Yo‘ling eldan ayri bo‘lsa yig‘la, yolg‘iz boshman deb,
Oyoq ostida toptalgan keraksiz bir toshman deb.
Gala-to‘pidan ayrilib domga tushgan qushman, deb,
Xor-zor bo‘lib so‘qir bo‘lgan ko‘zdan oqqan yoshman, deb.

Endi yig‘la, yovlar tugul o‘zligimga yotman, deb,
Na uchib, na qo‘nolmasman – behol, beqanotman, deb.
Tarki jamoat kimsaman – benomus, bezotman, deb,
Issig‘i yo‘q, sovug‘i yo‘q o‘chib bo‘lgan o‘tman, deb.

Yig‘la-yig‘la, topganda o‘z qilmishimdan topdim, deb,
Shukrona neligin bilmay nolishimdan topdim, deb.
Harom yo‘lga yurib qadam olishimdan topdim, deb,
Ilonni o‘z to‘shagimdan, bolishimdan topdim, deb.

Yig‘la olomon oldida, men birodarkushman, deb,
Qo‘ngan yerim xarobatdir itolg‘i boyqushman, deb.
Padarkushdan hech farqim yo‘q, ko‘zi qontalashman, deb,
Endi inson qavmi ermas itga qabrdoshman, deb.

Yig‘langiz, bu qilmishimdan nelar qilarmishman, deb,
To o‘la-o‘lguncha qora yerga qayg‘udoshman, deb.
To‘ng‘iz misol harom qo‘pgan jirkanarlik loshman, deb,
Bosh olib ketmasam bo‘lmas, xayr endi, Aldashmon deb.

Birda-birda shoirning fatvosi shohning hukmidan ulug‘, degan gapda jon bor ekan. O‘sha ikki elbuzar shu gurungning o‘zidayoq:

– Mehmon otangdan ulug‘, degan gap bor. Bizni otamiz oq qildi nimayu mehmon oq qildi nima? Endi bizga bu tuproq, bu tog‘larda yurish harom bo‘ldi. Bu qishloq ahli bilan qiladigan bordi-keldimiz tamom bo‘ldi. Qilmish-qidirmish deganlari shu bo‘lsa kerak, deb qishloqdan bosh olib chiqib ketgan ekan.

Ko‘rsatma

Tinib oqa kelgan daryolarning loyqalanib, ko‘hna Turon osmonida g‘ajir-quzg‘unlar tinimsiz aylanib, qulamas qo‘rg‘onlar ham bir-bir qulay tushib, o‘zini bek sanay kelgan yigitlarning yo‘qsillikdan yurak-bag‘ri uyushib; mamlakat to‘zib-tugab lochinlar lachakka, arg‘umoqlar xachir-eshakka, silovsinlar pishakka aylana tushgan – qorong‘i qolgan yurtga alakka poshsho bo‘lib, mol-mulklar taroj qilinib, yuqa-yo‘qsillar soni sanoqsiz bo‘la boshlagan yillari ekan. El dasturxonidan fayz-baraka ko‘tarilib, to‘ylar qo‘noqsiz, ko‘pkarilar uloqsiz o‘ta boshlagan kunlarning birida boshiga qaro kunlar tushib, darbadar desa darbadarga, qalandar desa qalandarga o‘xshab yurgan shoir bir o‘zi bir uyga sig‘may safarga otlanibdi. Qayga borib, qayga qo‘nari belgisiz. Kindik qoni to‘kilgan Qo‘rg‘on qishlog‘idan chiqar-chiqmas qo‘yindi[1] yonidan o‘taturib, hali tuprog‘i sovib ulgurmagan jigarbandlari birma-bir o‘ngidan o‘tib ko‘ngli buzilib, ko‘kayi kesilib, ko‘ligidan[2] tushib, tilovat qilibdi. So‘ng yo‘l-yo‘lakay ko‘zlari jiqqa yoshga to‘lib, ko‘ngli vayron, bag‘ri giryon bo‘lib shu aytuvni ayta yo‘lda davom etibdi:

Yer yuziga sig‘madim men, yeru ko‘k torlik qildi,
Mard Xudodan ko‘rar, lekin bir bek[3] xunxorlik qildi.
Bayozlarga nomini ham qarg‘ab yozarlik qildi.
Jon to‘la uy-ro‘zg‘orimni o‘lim-to‘zarlik qildi.

Dunyoda hech kim meningdek tiriklay xor bo‘lmasin,
Bir uyda bir o‘zi qolib sarson, abgor bo‘lmasin.
So‘nggi qo‘nar “oq o‘tovi” angushdek tor bo‘lmasin,
Behisht turib do‘zaxingda, yo Rab, yonar bo‘lmasin.

Kelar joyim mening ham shu tuynuksiz bir o‘tovdir.
Bu qaro qismatlarim ham balkim menga sinovdir,
Yotar joyim nur to‘la yo beshafqat, beayovdir.
U dunyom ham bu dunyomdek yonib yotgan olovdir.

Bu olamning ibtidosin, intihosin kim bilar?
Har bir boshga tushar savdo yo g‘avg‘osin kim bilar?
Marhumlarning ahvolini yo nidosin kim bilar?
Bir o‘zidan o‘zga azob yo safosin kim bilar?

Bu eshiksiz qaro qo‘rg‘on asl dorulfanodir,
Shohu shayxlarga barobar behasham koshonadir.
Mag‘firat qilgan quliga nurafshon bir xonadir,
Oxiratgacha Tangriga tillarida sanodir.

Gunohlarim bo‘lsa kechir, sendin o‘zga iloh yo‘q,
Davri qiyomatda esa sendin boshqa panoh yo‘q.
Kim begunoh, kim osiydir? – Sendin bo‘lak guvoh yo‘q.
Kim ne ishlar birla mashg‘ul? – Sendin o‘zga ogoh yo‘q.

Ilohi, bu kunlarimni ko‘p ko‘rmasdan karam qil,
Arosatda qo‘ymay meni Mashrabday muhtaram qil.
Dargohingga qabul aylab salohingni in’om qil.
Gunohlarim afv etib bir o‘zingga g‘ulom qil.

Ana-mana deguncha bo‘lmay shoir Bog‘ajot qishlog‘iga yetib kelib, necha yillardan beri qatnashib yurgan Tilovberdi ismli tegirmonchi inisining uyiga tushibdi. Uy bekasi necha bor kelib-ketib, shunda qo‘nib, shunda tunab yurgan Ergash boboni boshda tanimabdi:

– Keling.
– Keldim.
– Kim keragiydi?

– Bo‘lsa, uy egasi. Bo‘lmasa, biz o‘z yo‘limizdan qolmay ketasi.

Kelinchak jelakdan bunday sig‘alab qarasa: eshik oldida turgan Ergash Jumanbulbul o‘g‘li. Darhol o‘zini o‘nglab:

– Voy, o‘lag‘ayayin, men sizdi tanimappan. Uyga kiring. Ukangiz hozir kelib qoladi, – deya oqin atrofida parvona bo‘lib qolibdi.

Go‘yanda ham sir bermay debdi:

– To‘ra qishlog‘iga boraturib sizlardi bir nav ko‘rib o‘tay deb edim. Tilovberdi qayoqda?

– Ukangizdi kecha pinatdil chaqirtirgan edi. Shu bo‘yi kelganicha jo‘q.

– Tinchlikma?

– Tagirmanini to‘xtatib bir jigitding xunidan ham oshib tushadigan nalik solibdi. To‘lamasa… Uyga kirib damingizni oling, og‘ajon. Kelib qoladi. O‘zingizding kelib-ketib jurgan joyingiz.

Navozanda mulzam, muztar bir holga, qiyindan-qiyin bir ahvolga tushib, baloning bu yangi uy, yangi ro‘zg‘orga ham doriganini anglab, kelinchakka taskin-tasalli bergan bo‘libdi:

– Ko‘zguga dam bersang, yuzingni ko‘rolmaysan. Bu sho‘ro deganlarida na ko‘zgu bor, na yuz bor. Bo‘z o‘g‘risidan qo‘rqma, so‘z o‘g‘risidan qo‘rq, deganlar. Bular[4]ham bo‘z o‘g‘risi, ham so‘z o‘g‘risi. Bularning qozonini to‘ldirib, qornini to‘ydirib bo‘lmaydi. Ha, endi nima qilamiz? Peshonada bori-da. Bu – ko‘pga kelgan to‘y. Bosh omon bo‘lsa, bas. Mayli, kech kirmay men manzilimga yetib olay. Tilovberdini so‘rab qo‘y. Iloji bo‘lsa, qaytishda birrav xabar olib o‘tarman.

Ertalab bo‘lar-bo‘lmas nonushta qilib chiqqan shoir toliqqanday, tolganday, o‘zining bu yurib-bu turganidan xorlanganday, nazarida yeru ko‘k birday aylanganday, yo‘li ham bog‘langanday bo‘lib bir buloq qoshiga qo‘nibdi. Tahorat qilib, peshin namozini o‘qib, bir dam hordiq chiqarib, To‘ra qishloq, qaydasan, deb…

Shoir qishloq oralab o‘ziga tanish bo‘lgan uy eshigini taqillatibdi:

– Ho‘, Egamnazar deganda Egamnazar,
Eshigingni tezroq och, ko‘ngil ozar!

Hali shom xuftonga daxldor bo‘lmay turib uy egalari yotib qolgan ekan. Ikki-uch tovushdan so‘ng to‘shakda qanday yotgan bo‘lsa shunday ishtonchan chiqa kelgan kishi ko‘cha eshigiga kelar-kelmas debdi:

– Kim-o‘?

– Kim bo‘lar edi! Meni kuta berib, ko‘zlari uchib turgan bo‘lsa kerak deb kelib edim.

Oqinning ovozini tanigan uy egasi o‘qday uchib kelib eshikning zulfinini tushira solib, aziz mehmoni bilan quchoq ochib ko‘rishib uyga boshlabdi:

– O‘lib qoppiz, Ergash aka. Qulingizdi bir qoshiq qonidan keching. Kuni kecha uydagilarminan sizdi eslagan edik.

Darhol qora chiroq yoqilib, joylar qayta yig‘ishtirilib, qayta solinib, o‘choqqa o‘tlar yoqilib, qumg‘onlar qo‘yilib, surpalar yozilib, qo‘ni-qo‘shnilar chaqirilib…

– O‘zing yaxshimisan? Bola-chaqang tinchma? Qavmu qarindoshlar omonma?
– Shukr, Ergash aka, shukr. O‘zingiz qalaysiz?

– Ko‘rib turibsan, qalaydan oltinga aylanganimni. Bir eshikding egasi, o‘kchasiz etikding chegasi bo‘lib turganimdi.

Egamnazar zimdan oqinga nazar solib xomsiqibdi.[5] Shoir ozib-to‘zgan, egni-boshi yupun, sallasining dastori peshvoridan kir, peshvori dastoridan. Shuning uchun Egamnazar gapni boshqa yoqqa buribdi:

– Men ham Jo‘sh sho‘rosiga kecha borib-kelib edim.
– Tinchlikma, axir?

– Tinchlik, Ergash aka. Shu faqat eplab-seplab ishlatib turgan juvozimizdi ham Xudo olgurlar ko‘p ko‘rdi. To‘xtatib tashladilar. Sal nalik solganday ham bo‘lishdi. Men go‘yo shaxsiy mulk egasimishman. Otni odam o‘rnidan ishlatadigan rahmsiz platitir[6] ekanimni o‘zim ham bilmas ekanman. Savit[7] suvidan foydalanib jatqan yot unsur ham emishman.

Ergash bobo miyig‘ida kulib dedi:
– Oq badan, qora badan – suvga tushganda ma’lum. Qizillarding esa suvga tushgan-tushmaganini bilib bo‘lmaydi. Pishak o‘zi o‘ynash orttirib, o‘zi jaloyirg‘a jar solgani kabi bular o‘zlari o‘ynash bo‘lib, o‘zlari etagingdan olar ekan. Qapag‘on it ham bir marta talaydi. Bular na talab to‘yadi, na yalab.

– Qozoqiyada, poyabzal ayog‘ingni qisib turganidan so‘ng dunyoning kengligining sheshesini… degan gapni bir vaqtlari o‘zingizdan eshitgan edim. Shu shekilli, keng dunyo kun-bakun torlik qilib borajatir. Axiri nima bo‘ladi, bilmadim. Qishlog‘imizminan qo‘shni qishloq odamlarini juvoz moyiminan baholi qudrat ta’minlab turib edim. Buni ham ko‘p ko‘rdilar. Endi zig‘irni eslab suyagim sirqiraydi. Kunjut ko‘z o‘ngimga kelib ko‘zlarim tinib ketadi. Indov yodimga tushguday bo‘lsa, indamay uyga kirib ketaman. Pista esimga tushsa, etagimni…

– Nimasini aytasan. Bog‘ajotdagi Tilovberdining ham suv tagirmonini to‘xtatib, qishloq ahlining nonini yarimta qilib qo‘yibdilar.

– Siz uni aytasiz, Ergash aka. Qishlog‘imizdagi Biyto‘ra taqachining ta’rifini eshitganmisiz yo yo‘qmi, bilmadim. Yulduzni ko‘zlaydigan arg‘umoqlarminan hali qitig‘i bosilmagan to‘lanlardi taqalashni o‘sha kishiga chiqazgan edi. Uning ham dovu dastgohini yig‘ishtirib, do‘koniga muhr urib, o‘zini olib ketdilar.

– Yo‘g‘-ye, nimalar deb jatibsan o‘zi?!

– Ergash aka, men biron marta sizga o‘tirik gap aytib edimma?

Gap shu yerga kelganda, shoyir kepti-shoyir kepti, deb qo‘ni-qo‘shnilar biri obi, biri yovg‘oni bilan, biri g‘ilmindi, biri go‘ja palovi bilan kirib, davraga fayz dorib, o‘rtalari qovurdoq bo‘lmasa ham qaylali uvraga, bovursoq bo‘lmasa ham zog‘ora nonga to‘lib juvozkashning xonadoni obod, o‘zi shod bo‘lganday bo‘libdi.

Ergash bobo ko‘rgani, ko‘rishgani kelgan barcha bilan birma-bir hol-ahvol so‘rashib, xira tortib turgan ko‘ngli yorishib, qaddi-qovmatini sal rostlab, kayfiyatni yaxshi qilmasak endi bo‘lmas-ov, deb sozining torlarini tarang tortib, gapni shu kechayu kunduzda bo‘layotgan ajabdan-ajab hangomalardan, qonsiz, qilichsiz, qalqon-dubulg‘asiz bo‘layotgan jangnomalardan so‘zlab, muxlislarining ko‘nglini olishga tayyor ekanini bildirib qo‘yibdi.

Oqinning katta-katta davralarni istasa kuldirib, istasa yig‘latishini eshitib yurgan keksa-yosh o‘rtasida shivir-shivir boshlanibdi:

– Shoyir bovamiz oldirib qo‘yganday ko‘rinama?

– Bu kishining boshiga tushgan kulfatlarni o‘mrovli fil, o‘rkachli tuya ham ko‘tarolmaydi. Eshitmaganmisan?

– Jo‘q.
– Bo‘lmasa, jim o‘tir. Qulog‘iga chalinib qolguday bo‘lsa…
– Bo‘pti.

Baribir, egni-boshining yupun, kirligini… Qozoni boshqaning qayg‘usi boshqa. Ichdan o‘tganini ishton bilar deganday, qolabersa, bu yerga bu oqshom chaqirilmagan qo‘noq – yo‘nilmagan tayoq, bir kechalik musofirligini ko‘nglidan o‘tkazib o‘tirgan go‘yandaning haligi gaplar qulog‘iga chalinganday bo‘lib, bevaqt ketgan o‘g‘il-qiz, inilari, yostiqdoshi, singillari birma-bir yodiga tushib o‘pkasi to‘lib, o‘limning dastidan qishloqma-qishloq, qo‘rg‘onma-qo‘rg‘on kezib yurgan kunlari, dala-dashtda majnun misol o‘tkazgan ne tunlari yodiga tushib, shu ko‘rsatgan kunlaringga ham shukr, deb gapning qoralamasini saralamasiga ulabdi:

– Hamma ish Ollohning izn-ixtiyori, amri-farmoni bilan bo‘ladi. Kim aytib edi meni ovulma-ovul, qishloqma-qishloq, tumanma-tuman kezib, kunini o‘tkazib juradi, deb. Ota-bobolarimning ham manglaylariga, ham tanglaylariga bergan Egam menga manglaydan bermadi. Tanglaydan berdi. Tunning uzun-qisqaligini bemor bo‘lgandan so‘ra, deganlar. Ayriliq dardini esa mendan so‘rang. Uy to‘la jonni ajal farishtasi selday oldi-ketdi. Shunda ham qaro yer to‘ymadi. Men esa jondan to‘ydim. Jahondan to‘ydim. Shuytib:

G‘am-sitam yengdi mani, ayriliq, armon yengdi,
Jigarbandlarim dog‘i bevaqt, begumon yengdi.
Qad-qovmatim dol aylab ul bargi suman[8] yengdi,
Qurolsiz, aslahasiz yomondin yomon yengdi.

Bir surunsang uchgacha deganlari rost ekan,
Iqbolim Asqar emas, Kentovdin ham past ekan,
G‘am-alam bir-biriga hamisha payvast ekan,
O‘limning dog‘i, o‘ti meni beomon yengdi.

“Yo Vadud va Ma’budi vojibul-vujud”[9], asli
Bir kelaru so‘ng qaytib kelmas yigitlik fasli,
Endi oxiratimni o‘zing qilgil orasli,
Bu dunyoda meni bir mirshabsiz qo‘rg‘on[10] yengdi.

To‘rvasiz devonamen, kashkulsiz qalandarmen,
Na yerda, na ko‘kdamen – hu o‘sha samandarmen.
Ne bo‘larim bilmasmen hazorul-mavf[11] qadar men
– So‘nggi nafasda shayton yengdi. – Demasam bo‘ldi.

Oqinning bu kungi avzoyi to‘g‘onning tolqonini chiqarib o‘z o‘zaniga tushib olgan daryoni eslatar edi. Qora terga tushib kuyladi. Ohanglari ham mungli, ham turli-turli edi. Avjlari suronli, nolalari giryonli edi. Bu gal oqin o‘zining mehr-muhabbat bilan kuylaguvchi “Go‘ro‘g‘li”, “Dalli”, “Ravshan” dostonlari haqida gap yuritmay, to‘g‘ridan-to‘g‘ri o‘z boshiga tushgan musibatli kunlarni bo‘yamay-so‘yamay ayta soldi. Shu taxlit ko‘nglining chigili bir qadar yozilib, gapni shu kechayu kunduzga burib, hamxonalariga erk berdi.

O‘z bulbuligo‘yolarining boshiga tushgan mushkuldan mushkul kunlarni eshitgan, biroq dong qozongan oqinni o‘z ko‘zlari bilan ko‘rib, suhbatidan bahramand bo‘lmagan birda-yarim kishilar Ergash boboga ta’zim, tavoze qilibdilar. Sababi – davradagilar sehrlangan qushday qilt etmas, qimirlamas, katta boshini kichik qilib o‘z qishloqlariga o‘z oyog‘i bilan kelgan sozanda desa sozanda, navozanda desa navozandadan bo‘lak hech kimning hangomasini eshitishni istamas edilar.

Buni sezgan uy egasi shoirga yuzlanib dedi:

– Mening ko‘p oqibatli ovuldoshlarim bor-da, Ergash aka. Bular mullavachcha bo‘lganlarida, bilasizmi, nima qilgan bo‘lar edi?

– Nima qilgan bo‘lar edi?
– Mullaning ham aytganini, ham qilganini qilgan bo‘lar edilar.

Elning nazari tushgan baxshi:
– Bo‘lmasam, mening shu qishloqqa mulla bo‘lib kelganim bo‘lsin, – deb bir muddat amri ma’ruf qilgan bo‘ldi. O‘tgan-ketganlardan, niyatiga yetib-yetmaganlardan, avliyo-anbiyolardan, munofiq-riyolardan, el boshiga tushib turgan savdolardan, kasb-kor egalarining bo‘yniga ilonday o‘ralib olgan bedavolardan so‘zladi.
Nonushta payti qozonida moy qaynay kelgan Egamnazarning kun kechirishini ko‘rib, kuzatib o‘tirgan shoir dasturxonga duo qilish oldidan mezbondan so‘radi:

– Egamnazar deyman, endi buyog‘i nima bo‘lar ekan?

– Nima bo‘lishiga ko‘zim yetmaydi, Ergash aka. Boshga tushsa ko‘z tortar, deganday peshonaga yozganini ko‘ra beramiz-da.

– Mard yigitning sadag‘asi ketsang arziydi. Ming qilsa ham ota bolasisan-da, Egamnazar, og‘zingdagi oshingni olib o‘tiribdilar. Shunda ham nolimaysan-a. Voy-voylamaysan-a. Bir hisobdan to‘g‘ri gapni aytding. Peshonaga yozgani bo‘ladi, deb. Ming qilganda ham ish, sho‘rish bu yo‘sinda ketmas. Oy bir yerdan ko‘rinish berib qolar. Mayli, endi men turay.

– Ergash aka, bugun qoling. Kecha kech keldingiz. Qon ham chiqazolmadik. Kecha biznikiga qo‘nganingizdi ko‘pchilik hamsoya, hamqishloqlarim bilganlaricha jo‘q. Ertagina jo‘nab qolsangiz ko‘pchilik muxlislaringizdan baloga qolaman.

Oqin:
– Endi mullo Egamnazar, hozir qish payti. Qish o‘chog‘i tor – tur uyingga bor, uningsiz ham bir kunlik mehmon – mehmon, ikki kunlik mehmon – jetimnan jamon, uch kunlik mehmon – dushman, degan gaplar bor. Qolabersa, o‘zing o‘yinda bo‘lsang ham, o‘ying uyingda bo‘lsin degan gap ham jo‘q emas. Nasib qilsa, hali ko‘p ko‘rishamiz, – deb uylariga qaytibdi. Kelaturib o‘z-o‘zicha fikr qilibdi: yo Parvardigor, bu qanday bir zamon bo‘ldi – qo‘sh ho‘kizi bor quloq, qo‘ra qo‘ylilarning ahvoli chatoq, ikki xotinli xotinboz, kasb-korlilar qatag‘on, saharxezlar yotag‘on bo‘lib tursa. Oqlar qora, beklar zoti bechora, laychalar tozi, tozilar qozi… Elda kim ko‘p – beva-bechora ko‘p, yetim-yesir ko‘p, g‘aribu g‘urabo ko‘p. Shularning rahmini ye, yo Sarvari olam.

O‘sha yili qish kech tushib, qor o‘rnini qora sovuq qoplab aqrab qavsga, qavs jaddiga aylanib ketgan ekan. Ergash boboning borgan yerlaridan ichi chiqmay, ko‘pning xizmatini qilib kelayotgan qo‘li xayrli, hojatbaror kishilarning chor-nochor bir ahvolga tushib qolganini o‘z ko‘zi bilan ko‘rib, o‘rga chiqsam o‘r kuydi, qirga chiqsam qir kuydi, deb yo‘l-yo‘lakay shu baytu abyotlarni ayta kelibdi:

Bu tog‘lar qanday tog‘lar o‘r-qirida qori yo‘q,
Osmonida charx urar lochini yo‘q, sori yo‘q.
Qoyalari tumansiz – silovsin, olqori yo‘q,
Ilohi, bunday holni qayta takror etmagil.

Qirga chiqsam qir kuyar, o‘rga chiqsam o‘r kuyar,
Toqqa chiqsam tosh kuyar, pastga ensam yer kuyar.
Faryod qilsam ohimga muzlar erib, qor kuyar,
Ilohi, meni aro yo‘lda abgor etmagil.

O‘n sakkiz ming olamda seningday muhtaram yo‘q,
Sening inoyatingsiz hech kimsaga karam yo‘q.
Seni zikr etishdan o‘zga oliy maqom yo‘q,

Ilohi, muslim ahlin mushrik, murdor etmagil.
Yorlaqagan qulingga Rasul hamdamlik qilur,
Bir gunoh ko‘plik qilib, ming savob kamlik qilur.
So‘nggi borar joyini munavvar-shamlik qilur,
G‘ayridinni bu yurtga farmonbardor etmagil.

Qo‘rg‘on qishlog‘ining qorasi ko‘ringanidan so‘ng ovul-aymoqlarning kun-bakun, oyma-oy xarob, eshigini el, tuynugini yel ocha kelgan kishilarning erta kuni sarob, haqlarning nohaq, qoralarning haq, fuqarolarning ahvoli chatoq bo‘la borganidan, bu elning aybi nimada ekan, deya Tangriga:

Do‘stni yov, yovni, yo Rab, yoron holinda ko‘rsatma,
Yetimlarning yuz-ko‘zlarin giryon holinda ko‘rsatma.
Aymoq, ovuldoshlarimni uryon holinda ko‘rsatma,
Beklarni qul, nojinslarni ug‘on holinda ko‘rsatma.

Ilohi, ko‘rmayin endi borlarni yo‘qsil holinda,
Toat-ibodatlilarni imonsiz johil holinda,
Hotamtoylarni, haqlarni, boylarni baxil holinda,
Bu shavkatli Turonimni vayron holinda ko‘rsatma.

Machit, maktab, madrasali bu bir taqvodorli elni,
Ne maydonlarda sinalgan sarvarli, sardorli elni,
O‘rni kelsa jon ayamas, dasturxonli, orli elni,
O‘z holi, o‘z ahvoliga hayron holinda ko‘rsatma.

Bog‘li, boqchali bu elni tutqinlikdan ozod qil,
Qonli yalov tikilgan yot, yov o‘rdasin barbod qil.
Vayron bo‘lgan mamlakatni qayta boshdan obod qil,
Ne kent, ne bir shaharlarni qiron holinda ko‘rsatma.

Barcha nozu ne’matingdan barchani bahramand etgil,
Diydoringga yetmoqlikka umidvor, orzumand etgil.
Dargohingda mo‘min, muslim ahlini arjumand etgil,
Ro‘zi mahsharda ro‘yini somon holinda ko‘rsatma.

Xeshu aqrabolarining ko‘rsatmagil ko‘zyoshlarin,
Rizqi-ro‘zin butun, oshin yovg‘on holinda oshlarin,
Sarbon birla sarvarlarin egma egilmas boshlarin,
Ilohi, er yigitlarin nolon holinda ko‘rsatma.

Ilohi, marhamatingdan meni ham benasib etma.
Do‘zax emas, jannat, havzi kavsardan benasib etma.
Inoyating darig‘ tutmay ikki dunyom xarob etma,
Imonu e’tiqodimni gumon holinda ko‘rsatma, –

deb tavallo qila-qila kulbai vayronasiga horib-tolib yetib kelib, yana bir uyda bir o‘zlari…

_____IZOHLAR______

[1] Qabriston.
[2] Eshagidan.
[3] Tog‘aybek ismli Xatirchi begi oqinning inisi Abdulxalilni qarorgohiga chaqirtirib, tun bo‘yi doston ayttiradi. Shu tunda yuqa-yengil kiyingan Abduxalil shamollab, oradan olti oy o‘tar-o‘tmas qaytish qiladi. Bu Ergash boboning boshiga tushgan qaro kunlarning boshlamasi edi.
[4] Bolshovoylar demoqchi, shekilli.
[5] Xo‘rligi kelibdi.
[6] Ekspluatator.
[7] Sovet.
[8] Oqin bu yerda umr yo‘ldoshi Ziynatoy O‘tamurod qizini nazarda tutyapti.
[9] Sha’ning oliy, ehsoning umumiy, o‘zingdan o‘zga Ma’bud yo‘q.
[10] Qabriston.
[11] O‘lim oldi to‘shagi.

Manba: www.saviya.uz

Kuntugmish xalq dostoni (toliq kitob pdf ) yuklab olish

07

(Tashriflar: umumiy 5 132, bugungi 1)

Izoh qoldiring