Ўқувчи ҳақиқатни англаши учун муаллиф ўлиши керак. Бу ҳикмат менинг севимли асарларимдан бири — «Атиргул исми» номли романнинг муаллифи, таниқли итальян адиби ва файласуфи Умберто Экога тегишли…
ЭКО ОЛАМИ
Хуршид Даврон
Ўқувчи ҳақиқатни англаши учун муаллиф ўлиши керак. Бу ҳикмат менинг севимли асарларимдан бири — «Атиргул исми» номли романнинг муаллифи, таниқли итальян адиби ва файласуфи Умберто Экога тегишли. Бундан бир яримча йил аввал у дунёни тарк этди. У қолдирган ҳақиқатларни англаш бошланишига ишонгимиз келади. Унинг юқоридаги ҳикматида ҳам гап муаллиф ўлими ҳақида эмас, аксинча, ундан қолган Фикрнинг ўлмаслиги, унинг ўқувчилар онгида давом этишида ҳақидадир.
«Атиргул исми» романини ўтган асрнинг 80-йилларида ўқиган чоғимдаги ҳайратларим ёдимдан ўчгани йўқ. Асар, энг аввало, сирли матни билан, матнни англаш, идрок этиш ўқувчидан катта билимни ҳам талаб қиларди. Адибнинг юксак илмий салоҳияти ва теран бадиий тафаккурининг маҳсулоти бўлган асар кўпчиликка бегона бўлиб қолиши табиий. Зеро, «Атиргул исми» ҳамма осон ўқийдиган китоб эмас, у тажрибали ва ижодкорликка мойил китобхон учун ёзилган. Неча танишимга бу китобни берганимда, орадан кун ўтмай «Ҳеч нимани тушунмадим», деб қайтариб берганларини эслайман.
Умберто Эко Ғарб интеллектуал дунёсидаги саноқли, ўзига хос фикрловчи инсон тимсоли эди. У бутун умри давомида Сўз инсониятга туҳфа этилган беназир қадрият эканлигини, Ҳар бир Сўз алоҳида олам, олам бўлгандаям, саноқсиз сирга эга олам эканлигини англаш ва англатишга уринган ижодкор. У бугунги интернет дунёсида китоб ва мутолаани ҳимоя қилган ижодкор эди. Шу кунларда унинг ўлими муносабати билан ёзилган мақолаларнинг бирида «Умберто Эконинг ўрнини бошқа биров эгаллай олмайди» деган жумлани ўқидим. Дарҳақиқат шундай. Зеро, муборак ҳикматларнинг бирида айтилганидек «Олимнинг ўлими оламнинг ўлимидир». Яъни, ҳар қандай ижодкор инсон ўзидан кейин улуғвор мерос қолдиргани баробарида вафот этганидан кейин ўзи билан катта бир оламни олиб кетади.
УМБЕРТО ЭКО ҲАҚИДА
Маъруфжон Йўлдошев
Умберто Эко 1932 йилнинг 5 январида Италиянинг шимолидаги Алессандра шаҳарчасида дунёга келди. Бошланғич ва ўрта таълимни католик мактабда тамомлаган Умберто таҳсилини Турин университетининг Ўрта аср фалсафаси ва адабиёти бўлимида давом эттиради. Университетни битиргач ўзи ўқиган соҳадан дарс бера бошлайди. Магистрлик ва докторлик диссертациясини томасчилик оқими ва унинг эстетик фалсафаси мавзусида олиб боради. 1962 йилда Турин университетида доцент, 1969 йилда Флоренция университетида профессор унвонини олди. 1971 йилдан Болонья университетида ишлай бошлайди ва 1975 йилда мазкур даргоҳнинг илмий текшириш институтига директор этиб тайинланади. Умрининг охиригача айни институтга раҳбарлик қилади.
Тарихчи, файласуф ва ўрта асрлар бўйича мутахассис Умберто Эко Жеймс Жойс асарларининг энг йирик тадқиқотчиси ҳисобланади. У Ролан Бартдан кейин “майда деталларнинг аҳамияти” ёки “майда деталлар социологияси” деб номланадиган ёндашувнинг энг таниқли назариётчилардан бири сифатида эътироф қилинади.
Умберто Эконинг бугунга қадар чоп қилинган 6 романи мавжуд. Унинг илк асари “Атиргул исми” номли роман бўлиб 1980 йилда нашр қилинган. Бу роман олимни уста ёзувчи сифатида дунёга танитади. IV асрда бир монастрда рўй берган сирли воқеалар ва заҳарланиб ўлдирилган роҳиб ҳаётини ҳикоя қилувчи мазкур асар қисқа вақт ичида оммалашиб кетади ва 8 миллиондан ортиқ нусҳада чоп қилинади. Шундан кейин бу асар экранлаштирилади. Фильмда бош ролни машҳур актёр Шон Коннери ўйнаган. Иккинчи романи “Фуко маятниги” 1988 йилда чоп қилинган. Бу асар Кабала, симёгарлик ва конспирологик фаолиятлар билан боғлиқ бўлиб номини ер шарининг айланиб туришини исбот этиш учун тажрибалар ўтказган француз физиги Фуко томонидан қўлланилган маятникдан олган.
Адибнинг учинчи романи “Ўтган куннинг ороли” номи билан 1994 йилда нашр қилинган. Эконинг ички дунёси ва сирли хаёлларининг бадиий инъикоси ҳисобланган бу асарда ўн еттинчи аср италян зодагонларидан Роберто делла Гриванинг бошидан ўтган воқеалар тасвирланади.
“Баудолино” деб аталган романида 1204 йилда Византиянинг пойтахти Истанбулда бўлиб ўтган воқеалар, хочли сафари туфайли шаҳарнинг вайрон қилиниши, шаҳардаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт асар қаҳрамони Алессандрианинг бошидан ўтказган воқеалари фонида тасвирланади.
Муаллифнинг бешинчи романи “Қиролича Лоананинг сири олами” деб аталади. Бу роман 2005 йилда нашр қилинган. Асарда оғир комадан уйғониб ўқиган барча китобларини нуқта-нуқтасигача хотирлайдиган аммо қариндош-уруғ ва яқинларини умуман эслай олмайдиган 59 ёшли эски китоб сотувчисининг даҳшатли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади. Қаҳрамон ўз ҳаёти билан боғлиқ ҳужжатарни ўрганган сари баъзи нарсаларни эслай бошлайди. Бироқ қаҳрамоннинг ички дунёси унинг талабалик йилларида ўзи ошиқ бўлган қиз юзини эслашга уриниши тасвирида ниҳоятда таъсирчан очиб берилади.
Файласуфнинг сўнгги романи “Прага қабристони” деб аталади. 2010 йилда нашр қилинган бу роман тарихий мавзуда бўлиб қаҳрамонлар тарихий шахслардир. Асар воқеалари 1897 йилда рўй берган суйиқасдни текшириш учун тайинланган детектив тилидан ҳикоя қилинади. Асарда ирқчилик ва антисемитизмнинг илдизлари бадиий тадқиқ қилинади.
Умберто Эко 2016 йил 20 февралда 84 ёшида вафот этди. Ундан 6 роман ва ўнлаб илмий-фалсафий асарлар қолди.
Қуйида ёзувчининг турли суҳбатларидан тўпланган баъзи жумлаларни келтирдик.
Умберто ЭКО
АСАРЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР
Адабиётнинг қудрати бетўхтов ва бетакрор мутолаа имкони яратишидадир.
***
Кутубхонада инсон совқотмайди. Энг камида жаҳолатнинг музлатгувчи совуқларидан ҳимояланган бўлади.
***
Яхши билан ёмон орасида ниҳоятда инжа чизиқ бор. Кимгадир яхши туюлган нарса бировлар учун ёмон бўлиши мумкин.
***
Кучли шовқин ҳамиша ўз ортидан теран сукутни эргаштириб юради.
***
Худбинлик ва жоҳиллик устун бўлган дунёда яхшиямки яшашга ундовчи китоблар бор.
***
Замона зайлини қаранг: қушлар қанот ёзмай учаман дейди, эшаклар машшоғу ҳўкизлар раққос.
***
Менга кимсасиз оролга бориш ва бир дона китоб олишимга изн берилса, телефон дафтаримни олган бўлардим. Чунки рўйхатдаги исмлардан саноқсиз асар қаҳрамонларини чиқара олардим.
***
Ёлғизик бир нави озодликдир.
***
Мен учун энг катта муаммо, кўрганларим билан кўришни истаганларимни адаштириб юришимдир.
***
Кўп билган кўп қийналади. Билган сари дардларинг ҳам ортаверади.
***
Давлат кучли бўлса, шеърият сукут сақлайди.
***
Ҳеч нима ўзгараётгани йўқ, бор-йўғи жисмлар алмашмоқда.
Menga kimsasiz orolga borish va bir dona kitob olishimga izn berilsa, telefon daftarimni olgan bo’lardim. Chunki ro’yxatdagi ismlardan sanoqsiz asar qahramonlarini chiqara olardim…
EKO OLAMI
Xurshid Davron
O‘quvchi haqiqatni anglashi uchun muallif o‘lishi kerak. Bu hikmat mening sevimli asarlarimdan biri — “Atirgul ismi” nomli romanning muallifi, taniqli italyan adibi va faylasufi Umberto Ekoga tegishli. Bundan bir yarimcha yil avval u dunyoni tark etdi. U qoldirgan haqiqatlarni anglash boshlanishiga ishongimiz keladi. Uning yuqoridagi hikmatida ham gap muallif o‘limi haqida emas, aksincha, undan qolgan Fikrning o‘lmasligi, uning o‘quvchilar ongida davom etishida haqidadir.
“Atirgul ismi” romanini o‘tgan asrning 80-yillarida o‘qigan chog‘imdagi hayratlarim yodimdan o‘chgani yo‘q. Asar, eng avvalo, sirli matni bilan, matnni anglash, idrok etish o‘quvchidan katta bilimni ham talab qilardi. Adibning yuksak ilmiy salohiyati va teran badiiy tafakkurining mahsuloti bo‘lgan asar ko‘pchilikka begona bo‘lib qolishi tabiiy. Zero, “Atirgul ismi” hamma oson o‘qiydigan kitob emas, u tajribali va ijodkorlikka moyil kitobxon uchun yozilgan. Necha tanishimga bu kitobni berganimda, oradan kun o‘tmay “Hech nimani tushunmadim”, deb qaytarib berganlarini eslayman.
Umberto Eko G‘arb intellektual dunyosidagi sanoqli, o‘ziga xos fikrlovchi inson timsoli edi. U butun umri davomida So‘z insoniyatga tuhfa etilgan benazir qadriyat ekanligini, Har bir So‘z alohida olam, olam bo‘lgandayam, sanoqsiz sirga ega olam ekanligini anglash va anglatishga uringan ijodkor. U bugungi internet dunyosida kitob va mutolaani himoya qilgan ijodkor edi. Shu kunlarda uning o‘limi munosabati bilan yozilgan maqolalarning birida “Umberto Ekoning o‘rnini boshqa birov egallay olmaydi” degan jumlani o‘qidim. Darhaqiqat shunday. Zero, muborak hikmatlarning birida aytilganidek “Olimning o‘limi olamning o‘limidir”. Ya’ni, har qanday ijodkor inson o‘zidan keyin ulug‘vor meros qoldirgani barobarida vafot etganidan keyin o‘zi bilan katta bir olamni olib ketadi
UMBERTO EKO HAQIDA
Ma’rufjon Yo’ldoshev
Umberto Eko 1932 yilning 5 yanvarida Italiyaning shimolidagi Alessandra shaharchasida dunyoga keldi. Boshlang’ich va o’rta ta’limni katolik maktabda tamomlagan Umberto tahsilini Turin universitetining O’rta asr falsafasi va adabiyoti bo’limida davom ettiradi. Universitetni bitirgach o’zi o’qigan sohadan dars bera boshlaydi. Magistrlik va doktorlik dissertatsiyasini tomaschilik oqimi va uning estetik falsafasi mavzusida olib boradi. 1962 yilda Turin universitetida dotsent, 1969 yilda Florentsiya universitetida professor unvonini oldi. 1971 yildan Bolon`ya universitetida ishlay boshlaydi va 1975 yilda mazkur dargohning ilmiy tekshirish institutiga direktor etib tayinlanadi. Umrining oxirigacha ayni institutga rahbarlik qiladi.
Tarixchi, faylasuf va o’rta asrlar bo’yicha mutaxassis Umberto Eko Jeyms Joys asarlarining eng yirik tadqiqotchisi hisoblanadi. U Rolan Bartdan keyin “mayda detallarning ahamiyati” yoki “mayda detallar sotsiologiyasi” deb nomlanadigan yondashuvning eng taniqli nazariyotchilardan biri sifatida e’tirof qilinadi.
Umberto Ekoning bugunga qadar chop qilingan 6 romani mavjud. Uning ilk asari “Atirgul ismi” nomli roman bo’lib 1980 yilda nashr qilingan. Bu roman olimni usta yozuvchi sifatida dunyoga tanitadi. IV asrda bir monastrda ro’y bergan sirli voqealar va zaharlanib o’ldirilgan rohib hayotini hikoya qiluvchi mazkur asar qisqa vaqt ichida ommalashib ketadi va 8 milliondan ortiq nus’hada chop qilinadi. Shundan keyin bu asar ekranlashtiriladi. Fil`mda bosh rolni mashhur aktyor Shon Konneri o’ynagan. Ikkinchi romani “Fuko mayatnigi” 1988 yilda chop qilingan. Bu asar Kabala, simyogarlik va konspirologik faoliyatlar bilan bog’liq bo’lib nomini yer sharining aylanib turishini isbot etish uchun tajribalar o’tkazgan frantsuz fizigi Fuko tomonidan qo’llanilgan mayatnikdan olgan.
Adibning uchinchi romani “O’tgan kunning oroli” nomi bilan 1994 yilda nashr qilingan. Ekoning ichki dunyosi va sirli xayollarining badiiy in’ikosi hisoblangan bu asarda o’n yettinchi asr italyan zodagonlaridan Roberto della Grivaning boshidan o’tgan voqealar tasvirlanadi.
“Baudolino” deb atalgan romanida 1204 yilda Vizantiyaning poytaxti Istanbulda bo’lib o’tgan voqealar, xochli safari tufayli shaharning vayron qilinishi, shahardagi ijtimoiy-siyosiy hayot asar qahramoni Alessandrianing boshidan o’tkazgan voqealari fonida tasvirlanadi.
Muallifning beshinchi romani “Qirolicha Loananing siri olami” deb ataladi. Bu roman 2005 yilda nashr qilingan. Asarda og’ir komadan uyg’onib o’qigan barcha kitoblarini nuqta-nuqtasigacha xotirlaydigan ammo qarindosh-urug’ va yaqinlarini umuman eslay olmaydigan 59 yoshli eski kitob sotuvchisining dahshatli hayoti haqida hikoya qilinadi. Qahramon o’z hayoti bilan bog’liq hujjatarni o’rgangan sari ba’zi narsalarni eslay boshlaydi. Biroq qahramonning ichki dunyosi uning talabalik yillarida o’zi oshiq bo’lgan qiz yuzini eslashga urinishi tasvirida nihoyatda ta’sirchan ochib beriladi.
Faylasufning so’nggi romani “Praga qabristoni” deb ataladi. 2010 yilda nashr qilingan bu roman tarixiy mavzuda bo’lib qahramonlar tarixiy shaxslardir. Asar voqealari 1897 yilda ro’y bergan suyiqasdni tekshirish uchun tayinlangan detektiv tilidan hikoya qilinadi. Asarda irqchilik va antisemitizmning ildizlari badiiy tadqiq qilinadi.
Umberto Eko 2016 yil 20 fevralda 84 yoshida vafot etdi. Undan 6 roman va o’nlab ilmiy-falsafiy asarlar qoldi.
Quyida yozuvchining turli suhbatlaridan to’plangan ba’zi jumlalarni keltirdik.
Umberto EKO
ASARLARIDAN IQTIBOSLAR
Adabiyotning qudrati beto’xtov va betakror mutolaa imkoni yaratishidadir.
***
Kutubxonada inson sovqotmaydi. Eng kamida jaholatning muzlatguvchi sovuqlaridan himoyalangan bo’ladi.
***
Yaxshi bilan yomon orasida nihoyatda inja chiziq bor. Kimgadir yaxshi tuyulgan narsa birovlar uchun yomon bo’lishi mumkin.
***
Kuchli shovqin hamisha o’z ortidan teran sukutni ergashtirib yuradi.
***
Xudbinlik va johillik ustun bo’lgan dunyoda yaxshiyamki yashashga undovchi kitoblar bor.
***
Zamona zaylini qarang: qushlar qanot yozmay uchaman deydi, eshaklar mashshog’u ho’kizlar raqqos.
***
Menga kimsasiz orolga borish va bir dona kitob olishimga izn berilsa, telefon daftarimni olgan bo’lardim. Chunki ro’yxatdagi ismlardan sanoqsiz asar qahramonlarini chiqara olardim.
***
Yolg’izik bir navi ozodlikdir.
***
Men uchun eng katta muammo, ko’rganlarim bilan ko’rishni istaganlarimni adashtirib yurishimdir.
***
Ko’p bilgan ko’p qiynaladi. Bilgan sari dardlaring ham ortaveradi.
***
Davlat kuchli bo’lsa, she’riyat sukut saqlaydi.
***
Hech nima o’zgarayotgani yo’q, bor yo’g’i jismlar almashmoqda.