Erkin Usmonov. Ikki hikoya & Ozod Mo’min Xo’ja. Tushimdagi va o’ngimdagi Erkin Usmonov

Ashampoo_Snap_2017.03.23_23h40m31s_006_a.pngСаҳифа Эркин Усмонов таваллудининг 65 йиллигига бағишланади

    Янги йил киргандан сўнг, бир неча кун ўтгач, эрта тонг туш кўрдим: Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари Дўрмон боғига ўхшаган бир масканга йиғилаётган эканлар. Сал вақтлироқ бориб, дарахтлар тагига, бир нечта ижодкорлар йиғилиб турган жойга борсам, у ерда оқ куйлак ва оқ шим кийиб турган Эркин Усмоновга кўзим тушибди.

Озод МЎМИН ХЎЖА
ТУШИМДАГИ ВА ЎНГИМДАГИ ЭРКИН УСМОНОВ
006

Янги йил киргандан сўнг, бир неча кун ўтгач, эрта тонг туш кўрдим: Ёзувчилар Уюшмаси аъзолари Дўрмон боғига ўхшаган бир масканга йиғилаётган эканлар. Сал вақтлироқ бориб, дарахтлар тагига, бир нечта ижодкорлар йиғилиб турган жойга борсам, у ерда оқ куйлак ва оқ шим кийиб турган Эркин Усмоновга кўзим тушибди. У ҳам мени пайқаб, юзланибди: “Қалайсан, Озод?” У билан ҳол-аҳвол сўрашгач, савол берибман: “Абдуллакани кўрмадингми, яқин кунларда?” “Ҳа, бир суҳбатлашгандим…”, дебди у. Шундан сўнг, мен бир иш ёдимга келиб, ундан узоқлашибман. Беш-олти қадам юрмасимдан, йўлда турган мендан ёши улуғроқ бошқа бир ёзувчи мени тўхтатибди. “Озод! Ҳозир ким билан гаплашдингиз?”, сўрабди у. “Кўрмадингизми, Эркин Усмонов билан!” “Ахир, у вафот этган-ку! Сизнинг бўшлиқ билан суҳбатлашаётганингизга ажабландим…” Мен елкамни қисибман ва ҳайратланиб, ўйлаб қолимбан: “Дарҳақиқат, дўстим бу дунёни бир ой илгари тарк этган эди-я… Нега у менинг кўзимга кўринди, суҳбатлашди, бошқалар эса уни пайқашмади?..”

Уйғонгач, бу тушнинг мағзини тушунишга уриндим. Зеро, вафот этган кимсанинг руҳи бежиз сизни безовта қилмайди. Хулосага келдимки, мен адабиёт оламидаги дўстим Эркин Усмонов ҳақида ўз фикрларимни баён этишим, унинг қандай инсон ва қандай ижодкор бўлганлигини ўз тушунчамда бу борлиққа ҳавола этишим даркор.

Ashampoo_Snap_2017.03.13_22h05m17s_002_.jpgЭркин Усмонов билан ХХ асрнинг 80-йиллари бошида танишгандим. Ўша пайтларда у Радиокомитетда ишларди. Қандайдир руҳий яқинлик бўлса керакки, онда-сонда суҳбатлашадиган, камдан кам бўлса-да, учрашиб турадиган бўлиб қолдик. Ўша пайтларда мен Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Физика-техника институтида илмий ходим эдим. Лекин, фантастик асарлар ҳам ёзар, уларни чоп этдиришга уриниб юрардим. Бир ҳолатни айтиб қўйишим керакки, биз ҳаётга умуман бошқача қарайдиган инсонлар эдик. Эркин жуда эмоционал, атроф муҳитдаги жараёнларга таъсирчан, тадбиркор бўлмаган ижодкор эди. Шунинг учун, турли воқеа-ҳодисаларга баҳо беришда унда ақлий нуқтаи назарга қараганда, руҳий муносабат кучлироқ эди. Буни, унинг ўзи ҳам биларди. Ана шу ҳолатга –иккаламизнинг ўртамиздаги фарқга, у, 90-йилларнинг бошида ўзининг кичик ҳажвий ҳикоячаси – “Физик ва лирик қиссаси”орқали хулосасини келтирганди. Асар кичик бўлгани учун, уни шу ерда келтираман.

ФИЗИК ВА ЛИРИК ҚИССАСИ

Осмоннинг остида, ернинг устида икки дўст бор эдилар. Бири – лирик, бири – физик. Физик анчайин вазмин, совуққон ва дилидагини тилига чиқариб ташлайверадиган шарттаки одам эди. Лирик эса аксинча, анчайин бўш-баёв ва кўнгилчан, ҳар бир нарсани ўзига олаверадиган инсон эди. Бозор иқтисодиётига ўтиш машаққатлари аввало ана шу Лирикнинг қиёфасида акс эта бошлади. Кунларидан бир куни у дўсти – Физикка ҳасрат қилиб қолди.

– Яқин ўртада бозорга тушдингми, дўстим? Битта сигарет фалон пул-а? “Карвон” сигарети нима деган нарса? Илгари биров текинга берса, чекмасдим. Шуям чайқовчиларнинг қўлида яхшигина нархда! “Кент”га ўхшаганларидан чекай десанг, чўнтагингнинг чанги чиқиб кетади. Ҳайрон бўлиб қолдим…

Физик пинагини бузмай деди:
– Камроқ чекиш керак, дўстим, камроқ чекиш керак!..

Лирик, шу-шу, чекмайдиган бўлиб қолди. Кунларидан бир кун у яна дўстининг ҳол-аҳвол сўрашига жавобан ҳасратини тўкиб солди:
– Асти сўрама, қайси куни меҳмонлар келадиган бўлиб қолди, тузукроқ ароқми-коньякми олай деб дўконга кирсам, нархини кўриб, эсхонам чиқиб кетди!..

Дўсти хотиржам оҳангда маслаҳат берди.
– Камроқ ичиш керак дўстим, камроқ ичиш керак!..

Лирик, шу-шу, ичкиликдан ҳам юз ўгирди. Бир кун келиб, унинг яна ҳасратидан чанг чиқди.
– Тушликда ошхонага чиқсам, ошпаз бир порс лағмонни нон-чойи билан палон сўм дейди-я!

Физик ўзига хос совуққонлик билан деди:
– Поль Бреггни ўқигансан, дўстим, “Очлик мўъжизаси” деган ғояси бор. Умуман, камроқ ейиш керак дўстим, камроқ ейиш керак!

Орадан бир ҳафта ўтди. Иккала дўст яна учрашиб қолишди. Лирик одатдагидек дийдиёсини бошлади:
– Яшашнинг маъноси қолмади. Қайси куни тузукроқ костюм-шим олай деб дўконга кирсам…

– Эгнингдаги-чи? – дўстининг сўзини бўлди Физик.
– Э, бу мардикорнинг жомакорига ўхшаб қолди-ку, – бош чайқади Лирик.

– Унақада камроқ кийиш керак, дўстим. Камроқ кийиш керак! – маслаҳат берди Физик.

Лирик дўстининг маслаҳатларига амал қилиб, чекишни ҳам, ичишни ҳам ташлади. Овқат емай, янги кийим киймай қўйди. Ва кунларнинг бирида, афтодаҳол, дўстининг ҳузурига кириб келди.

– Тамом бўлдим, дўстим! – деди у йиғламсираб, – Мазам йўқ. Дори олиб ичай десам, нархи осмонда! Ололмадим…

– Камроқ касал бўлиш керак, дўстим. Камроқ касал бўлиш керак! – деди Физик одатдагидек хотиржам оҳангда.

…Орадан анча вақт ўтди. Лирикнинг қаттиқ тоби қочиб, батамом ётиб қолди. Физик дўстини кўргани борди. Лирик аранг ўрнидан қўзғалиб, кўзларида ёш билан дардини тўкди.

– Ҳаммаси тугади, дўстим! Адойи тамом бўлдим… Яшагим келмай қолди!

– Ҳа, камроқ яшаш керак, дўстим. Камроқ яшаш керак! – жавоб берди Физик ҳамдардлик билан...

***

Бу, икки, турлича фикрлайдиган инсонлар муносабати берилган кичик асар шаклан ҳажвий, мазмунан эса трагикдир. Ўша 90-йиллар бошидаги ҳаётимизни шундоққина кўрсатиб берган, фақат маошгагина турмуш кечирадиган одамларнинг чуқур тушкунлик ҳолатида яшаганликларининг тасвиридир. Шу, бир қоғозга сиғгулик ҳикояда қайта қуриш даврининг совуқ, инсон борлиғига даҳшат солувчи, умидсизликка ундовчи жиҳатлари жуда катта маҳорат билан битилган. Бу битикда айтилмаган, аммо сезгир инсон қалби ўзи англаб оладиган теран  оғриқ мавжуд.

Яна бир қизиқ воқеачани айтаман. Ўша даврда республика радиосидаги ҳамкасблари ундан сўрашибди: “Сизнинг энг яқин дўстингиз ким?” Бизнинг турлича инсонлар бўлишимизга қарамай, Эркин менинг номимни айтибди. Улар ҳайрон бўлишибди: “Қандай қилиб? Ахир, уни ойда-йилда битта кўрасиз, тез-тез учрашиб турадиган қанча яқин синфдошларингиз, ҳамкасбларингиз бор-ку?!”  Эркин жавобан яна номимни айтибди.

Қандай одам ёзувчи бўлади? Шу савол назаримда кўпчиликни қизиқтирса керак. Аксарият, унга жавоб битта: Яратган Зот юқтирмаса, ижодкор бўлиш мушкул. Бу имконият барчага ҳам берилмаган. Бундай касб эгалари фақат шу вазифа билан Ер юзига келадилар. Ва буни қалб даъвати орқали ҳис қиладилар. Баъзан, ижодкорлик бўйнига тушган зот бошқа йўлга ҳам кириб кетиши мумкин. Аммо, у, вақт келиб, ўзининг асосий йўналишига тушиб олади. Эркин Усмонов ҳам мактабни битиргач, негадир чет тиллар институтига ўқишга кирган. Бироқ, таълимни тугатгач, ўзини инглиз тили мутахассиси бўлиб эмас, ёзувчи сифатида дунёга келганлигини, мендан фарқли ўлароқ, дарҳол англаб етди ва шу соҳага дадил қадам қўйди. Ва умрининг охиригача тиним билмай ижод қилди. У қаерда ишламасин, республика  радиоқўмитасидами, “Ўзбектелефильм”дами ё “Театр” журналидами, кечки пайт уйига қайтгач, овқатланиб олиб, тунги икки-учгача беш-олти соат ухлаб оларди, сўнг то нонушта вақтигача ижод уммонига шўнғирди. Ёзувчининг деярли барча асарлари шундай вақтларда битилган.

Дунёда ижодкорлар хилма хил. Уларнинг ҳар бирининг ўз иқтидори, ўз дунёқараши ва яшаш жараёнида олган билимлари асосида ўз асарларини битади. Кимдир ўзи ўсиб-улғайган муҳитдаги одамлар, уларнинг турли муаммолари ҳақида, кимдир жамиятимиздаги иллатлар тўғрисида, бошқа биров тарихимизни гавдалантиришга уриниб, айримлар сиёсатбоп асарлар битадилар. Ҳар бир ёзувчининг, ҳар бир шоирнинг ўз ўрни ва ундан баҳра оладиган ўз ўқувчиси мавжуд. Чунки, ўқувчилар ҳам хилма хилдирлар.

Сир эмаски, аввал бошқа асарларда кўп марта қайта-қайта баён этилган фикрларни сал бошқачароқ тарзда олдинга суриб битилган асарлар, турмуш икир-чикирлари тасвирланган ҳикоя ёки қиссалар айрим адабиётшунослар ёки ихлосмандлар томонидан обдон мақталади, кўкларга кўтарилади, ўзбек адабиётида янгилик, деб эълон этилади. Шунингдек, жуда ўртамиёна ижод намуналари кўплаб мавжудки, уларнинг муаллифлари ўзларини даҳо ёзувчи сифатида ўйлашларини яширишмайди. Холбуки, ҳар қандай янги асар янги ғояларни илгари суриши, янги маълумотлар бериши, турмушни, одамнинг ўзини яхшилашга ундайдиган фалсафага йўғрилган бўлиши лозим. Шунинг учун, бундай талабларга жавоб бермайдиган бадиият намуналари, ўз вақтида ҳайбаракаллачилар ёрдамида минг мақталсалар ҳам, вақт элагидан ўта олмайди.

Юқоридаги фикрларни баён этишимдан мақсад шуки, Эркин Усмонов, ана шундай адиблардан фарқли равишда, ҳамиша янги ғоя, янги шакл, янги йўл қидириб ижод қилганлигини, аммо унинг асарлари ортиқча таҳлил қилинмаганлигини, уларга етарли баҳо берилмаганлигини таъкидлашдир. Бунинг сабаблари нима? Улар турличалар.

Биринчиси, адабиётшунослар кейинги йилларда ўзбек адабиётида пайдо бўлаётган барча асарларга ҳам эътибор бера олмаяптилар.

Иккинчиси, ёзувчи айрим ҳамкасбларига ўхшаб “тадбиркор”лик қилмаган, яъни бирон-бир танқидчи билан дўстлашиб, ўзининг асарлари ҳақида мақолалар ёздирмаган.

Учинчиси, турли йиғинларда минбарларга чиқиб, сўзамоллик билан адабиёт аҳли ва бошқа доиралар эътиборини ўзига жалб эта олмаган.

Тўртинчиси, амалдорларга хушомад қилишни, керакли жойларда, керакли вақтда пайдо бўлишни билмас эди.

Ахир, ҳақиқий ёзувчи шундай бўлиши керак эмасми? Нега у ўз асарларини, ўз истеъдодини ғайриоддий  йўллар билан юқори доираларга тан олдириши лозим? Асосийси, уни ва унинг асарларини халқ билса, шавқ билан ўқиса етарли эмасми? Умуман олганда, худди шундай. Бироқ, бундай зотлар реклама қилинмаса, ижодининг ютуқлари барчага тушунтирилмаса, бу ҳам яхши эмас. Чунки, ўқувчилар ҳар бир ёзувчи ёки шоирнинг қандай эканлиги тўғрисида объектив маълумотга бўлишлари шартдир.

Мен ушбу адибнинг ижод жараёнидаги ана шу камчиликни қисман бўлса-да, тўлдириш мақсадида, ушбу мақолани битмоқдаман ва  мен ҳар бир сўзим учун масъулиятни бўйнимга олиб, Эркин Усмоновнинг ижодини феномен даражасида деб ҳисоблашимни баён қиламан, қўлимдан келганча, буни исботлашга уринаман.

Фақат бир шартни айтиб қўйишим лозим: бу битикларим орқали ёзувчи Эркин Усмоновнинг ижодини адабиётшунослар ўрнига таҳлил қилмоқчи эмасман, балки ўзимнинг шахсий, хусусий фикр-мулоҳазаларимни баён этмоқчиман. Мен фақат унинг айрим қадамлари ва бир-икки асарларининг катта аҳамиятга эга эканлигини, булар эса феномен даражасига чиққанлигини таъкидлайман, холос. Қолаверса, келажакда, кимдир, бирор чуқур фикрловчи адабиётшунос унинг дунёсини ҳар тарафлама ўрганиб, уларнинг ҳақиқий кучли адабиёт эканлигини профессионаллик билан ўқувчиларга ҳавола қилади деган ишончим  ҳам бор.

Эркин Усмонов ёзувчи сифатида ўзбек адабиётида ўзига хос йўналиш яратган адибдир. Ҳар қандай ижодкор ҳам бундай машаққатли  ишни амалга оширолмайди. Умуман олганда, янги йўллар, янги ерлар, янги ўлкалар очувчиларни кашшофлар деб аташади. Шундан келиб чиқиб, айтганда, бу ижодкор янгилик яратувчи адибдир. Нега? Чунки, у ўз  йўналишини шакллантира олди.

Эркин Усмоновнинг нашр этган асарлари мўл – улар жуда турли жанрларда битилган: реалистик проза, драматик пьеса, ҳажвия, эсдаликлар, миниатюралар, ҳужжатли мақолалар. Аммо, мен унинг фақат икки китобига эътибор бермоқчиман. Чунки, улар, ҳеч бир шак-шубҳасиз, ижодкорни ўзбек адабиёти тарихида қолдирадилар. Биринчиси, 2008 йилда “Шарқ”да босилган “Ажал хиёбони” тўплами, иккинчиси эса 2011 йилда худди шу нашриётда чоп этилган “Марҳум кеч соат саккизда келади” номли китобидир.

Бу тўпламлардаги асарлар мистика ва даҳшат йўналишлари бўйича битилганлар. Хўш, ушбу ёзувчини домига тортган жанрнинг қандай ўзига хос томонлари бор? Аввало, мистика сўзининг мағзини чақайлик. Бу ибора юнон тилидаги “мистикос”дан олинган бўлиб, сирли, яширин маъноларини беради. Атрофимиздаги реаллик, бир қараганда оддий кўринади. Одатда, инсон ўз кўзи билан кўрган, эшитган ва танасининг бошқа аъзолари билан ҳис қилган воқеликкагина ишонади. Қадимдан шундай бўлиб келган ва ҳозир ҳам деярли шундай. Аммо, XXI асрда Ер юзидаги тараққиёт шу даражага етдики, биз шу кунларда кўзимизга кўринмас электромагнит тўлқинларнинг мавжудлигига ишонамиз. Акс холда, радио, ТВ, уяли телефон алоқалари буларсиз вужудга келмас эди. Бу – энг оддий ва яққол мисол. Шунингдек, кўпчилик, ўзга одамлар томонидан сизга тиланадиган яхши ёки ёмон тилакларнинг кучи мавжудлигига ишона бошлаяптилар. Чунки, одамнинг онгида ҳам фикр юритиш жараёнида электромагнит тўлқинлар тарқаладилар ва атроф муҳитга таъсир кўрсатадилар – бу фанда жуда кўп тажрибалар воситасида исботланган. Замонавий тиббиёт масканига боринг – у ерда сизга, энг аввало магнит резонансли томография қилишингиз ёки ультратовушли текширувга киришингиз зарурлигини айтадилар. Ушбу жараёнлар ҳам фақат танамиз аъзоларидан тарқалувчи кўзимизга кўринмас тўлқинлар ва уларни “ўқий олувчи” қурилмалар ёрдамида ўтказилади. “Йўқ, мен бунга ишонмайман, чунки уларни ҳис қилмаяпман!” деган нодон ўз соғлиғига нотўғри ташҳис қўйилишига сабабчи бўлади ва унинг соғайиши албатта мушкулашади. Демак, танамиз, вужудимиз ҳис қила олмайдиган табиат сирлари мавжуд экан.

Махсус адабиётлар ва интернетдаги ахборотлар воситасида мистика жанрининг жиҳатларини ўргангач, мен шундай хулосага келдимки, бу йўналишда битилган асарларда бизнинг реаллигимиздаги воқеотлар, бошқа, тўрт мучамиз билан ҳис қила олмайдиган сирли ҳодисалар билан уйғунлаштириб баён қилинади. Демак, мистика замонамиз ривожланиши билан бирга одимлаётган жанр экан, деган хулосага келиш мумкин.

Ҳозирги пайтда мистика йўналиши жаҳон адабиётида ва кино санъатида жуда катта бўлакни эгаллаган. Шахсан мен тан олган Альфред Хичкок ва Жон Карпентерларнинг йигирманчи асрнинг 60-80 йилларида олган фильмлари ҳозир классик асар бўлиб қолганлар. Бутун ривожланган мамлакатларда бундай санъатга қизиқиш ғоят улкан. Асосий сабаб, унинг ўқувчини сирли, ғайри оддий воқеалар қаърига тушириб, онгига қаттиқ туртки беришидир.

Мистик асарлар икки хил бўлар экан. Биринчиси, оддий мистика. Бунда қандайдир сирли воқелар ҳикоя қилинади, улар албатта ўқувчини асар ниҳоясига етгунча ҳаяжонда ушлаб турадилар. Иккинчиси, фалсафий мистика. Бунисида, сирли ва ҳаяжонли воқеалар фалсафий ечим билан тугалланади ва ўқувчига қандай хатти-ҳаракатлар фалокатга олиб боради-ю, қанақалари бахтга, эзгу мақсадга эриштиришини бадиий воситаларда кўрсатиб беради. Назаримда, бу иккала йўналиш ҳам яшашга хақли.

Эркин Усмоновнинг мен тилга олган тўпламларида икки йўналиш ҳам мавжуд. Масалан, “Кўзойнак” қиссаси, “Узук кўзидаги жоду”, “Марҳум кеч соат саккизда келади”, “Капалак”, “Тхарад”, “Тўртинчи ҳодиса” каби ҳикоялари биринчи йўналишга мос келса, “Лифтга чиққан беш киши”, “Дўстим Горацио”, “Панжа орасидаги тилсим”, “Лаин”, “Ёғий” ва бошқа асарлар иккинчи йўналишга мансубдир.  Лекин, бу китоблардаги ҳар бир асар ҳар қандай шароитда ўқувчининг диққатини маҳкам ушлайди. Очиғи, мен баъзи ҳикояларни ўқиб жуда қўрқдим. Йўқ, воқеалардаги сирлилик ва ғайритабиийликдан эмас, ҳаётида разиллик қилаётган, шайтонга бўйсунаётган, нафсига эгалик қилолмай озгина фойда учун виждонини, яқин ва узоқ одамларни сотган кимсаларнинг охир-оқибатда қандай аҳволга тушганларини, олаётган жазоларини ҳис қилиб қўрқдим. Мен, беихтиёр, ногаҳон шундай иш қилиб қўйсам, шундай аянчли ҳолатга тушаманми, деган ҳаёлларга ҳам бордим… Ахир, ҳақиқий адабиётнинг вазифаси шу эмасми? Ҳар бир асар бизни фақат тўғри яшашга, инсофли, диёнатли бўлишга ўргатиши керак эмасми?!

“Марҳум кеч саккизда келади” китобини ўқир эканман, айрим ҳикоялар замонавий мистика прозаси усталари Стивен Кинг, Майкл Крайтон ва Дин Кунцларнинг даражасида битилган экан, деган ҳаёлларга ҳам бордим. Айниқса, “Лифтга чиққан беш киши” ҳикояси менга катта таъсир қилди. Бу асарнинг инсон онгига берадиган зарбаси жуда кучли. Бошқалар, мен билмадим-у, қандай хулосага келадилар, аммо менинг назаримда ушбу ижод намунаси жаҳон адабиёти дурдоналари билан бемалол рақобатлашади.

Назаримда, бу теран фалсафа билан йўғрилган асар. Ёзувчидаги айни шу фалсафий мушоҳада ва  ундаги ёзувчилик истеъдоди ва иқтидори ҳаёт қонунларини бехато аниқлашга, уларни ўқувчилар онгига ўзига хос йўл билан етказишга имконият берган.

Баъзан ўйлайман: яна бошқа ёзувчилар бормикан, шу мистика йўналишида ижод қила оладиган, ўзига хос даҳшатли шароитни ўйлаб топиб, унда кечадиган воқеалар орқали ҳаётнинг ҳақиқатларини баён эта оладиган?.. Пайқашимча, бундайлар жуда кам! Бунга сабаб нима? Фикримча, у иккита: биринчиси, бу жанрга қизиқиш ва хос билим етишмаслиги; иккинчиси, турмуш икир-чикирларини ёзиш осонроқлиги ва ўз қобиғига ўралиб ижод қилабериш. Бунинг учун, ижодкорларни айблашдан йироқман, барчанинг ўз қизиқиш доираси, ўз йўналиши мавжуд.

Шу кунларда ўзимга ўзим савол бераман:  Эркин бошлаб берган йўлдан кимдир юрармикан?  Саволимга жавоб тополмайман…

Кўпроқ яшашинг керак эди, дўстим. Кўпроқ яшашинг керак эди.

6-31 январь 2017 йил,
Уичита (Канзас шт., АҚШ) – Тошкент (Ўзбекистон).

Эркин Усмон
ИККИ  ҲИКОЯ
006

Эркин Усмон 1952 йил 10 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат чет тиллар институтини тугатган (1978). Дастлабки фантастик ҳикояси — «К. К» (1967). Шундан сўнг ёзувчининг «Гунафша» (1981), «Ўғилдан совға келди» (1984), «Олам нурга тўлади» (1987), «Кулишгани келдик», «Дилингда дардинг бўлса», «Ёстиқдек китобдан уч саҳифа» (1989), «Ҳайратларга тўла дунё» (1995), «Қатортол томонларда» (2007), «Ажал хиёбони» (Сайланма, 2008) сингари ҳикоя ва қиссалари нашр этилган. Шунингдек, у «Онагинам», «Юк кўтарган одам», «Гулливерлар», «Аёл кишининг бахти» каби қисса ва ҳикоялар асосида телевизон ва радиоспектакллар муаллифи ҳамдир.Карел Чапек, Грин, Паустовский, Анор каби адибларнинг асарларини рус ва инглиз тилларидан ўзбек тилига таржима қилган. 2016 йил 4 декабрь куни  вафот этган.

006

ТХАРАД

«Ана шу йўл ёқалаб бораверсанг, бир дарахтга дуч келасан. Ёдингда тут, у оддий дарахт эмас»
«Ўзбек халқ эртаклари»дан.

Намозшомга яқин ҳаво айниди.

Кўк юзини яғир, увада булутлар қоплаб, кучли шамол турди. Дов-дарахтлар титраб-қақшаб, йўлкалар майда-чуйда шох-шаббалару баргу хазонларга тўлди. Қаердадир, ёпилмай қолган дераза дарчаси бўлса керак, ойнанинг қарсиллаб сингани қулоққа чалинди. Бу ҳам етмагандек, чироқ ўчиб қолди. Теварак-атрофга алланечук ваҳимали ва рутубатли зулумот чўкди ва ана шу сим-сиёҳ осмон бағрини тилкалаб чақмоқ чақди, еру кўкни ларзага солиб, момақалдироқ гумбурлади. Қор аралаш ёмғир ёға бошлади…

Тун ярмидан ошган, субҳи козиб палласи эди чамаси, энди кўзим уйқуга илинган экан, хотиним уйғотди.

«Кимдир деразани тақиллатаяпти», — шивирлади ваҳимали товушда.

Ўрнимдан туриб деразадан қарадим. Қоронғулик қўйнида ҳеч нарса кўринмас, фақат ёмғир томчиларининг шитир-шитиригина эшитиларди холос. Хотиним томонга қараб, «ҳеч зоғ йўқ» дедиму, шу пайт қандайдир қўлларнинг дераза токчасини тимдалаб, ойнани устма-уст чертгани аниқ-тиниқ қулоғимга чалинди. Ток ургандек сесканиб кетдим.

«А… а-на!» — яна шивирлади хотиним тили зўрға айланиб.

Апил-тапил чопонимни елкамга ташлаб, қўлчироқни олдимда, кўча эшикни очиб ташқарига чиқдим.

Асфальт йўл юзаси катта-кичик кўлмакчаларга тўлиб тошган, изғирин янада кучайгандек эди. У ёқ-бу ёққа алангладим. Кўчада ҳеч ким кўринмади. Кўнглим хотиржам бўлиб уйга кираётган ҳам эдимки, дераза ойнасининг яна тиқиллагани эшитилди. Қарадим. У шундоққина эшигимиздан бир-икки қулоч нарида ўсган дарахт шохлари эди.

Бизни ва ён қўшнимиз Мусурмон тоғанинг эшигини қучиб олгудек тарвақайлаб кетган дарахт шохлари ҳар шамол эсганида деворларни, дераза токчасию кесакиларини пайпаслар, ҳақиқатан ҳам худди кимдир ойнани тақиллаётганга ўхшаб кетарди.

Хотиним хавотирланиб қаради шекилли, дераза пардасининг шитирлаб сурилгани эшитилди. Эшикни тамбалаб, уйга қайтиб кирдим. «Ҳеч ким йўқ, дарахт шамолда чайқалиб, шохлари деразага тегаётган экан», дея хотинимни тинчлантирган бўлдим. У «қуриб кетсин, ўтакамни ёриб юбораёзди» дея яна ўрнига бориб ётди.

Мен хотинимни тинчитдиму, лекин шу тобда негадир ўзимнинг ҳаловатим йўқола бошлаганини сездим. Уйқум қочган эди. Сигарет тутатиб ташқарига чиқдим. Зина ёндорига омонат ўтириб чека бошладим. Негадир, хотинимни дарахтни «қуриб кетсин» дея қарғагани кулгимни қистатди. Чунки, эшигимиз ёнида ўсган у дарахт сира «қуриб кетадиган»га ўхшамасди.

Жуда ғалати дарахт эди. Унинг кўчатини бир вақтлар, бундан ўн-ўн беш йилча муқаддам вокзал яқинида бир нотаниш кимсадан бир шиша винога алмашиб олгандим. Уни уйга олиб келган кунимни ҳам яхши эслайман.

Эрта баҳор… Булутли оқшом эди… Вокзал майдонидаги қаҳвахонага сигарет олгани киргандим. Сигарет олиб чиқиб келаётганимда соч-соқоли жўхори попугига ўхшаган, афти-башараси шишиб, кулранг кўзларидан ҳеч бир маъно уқиб бўлмайдиган бир иркит киши рўпарамдан чиққан, чекишга сигарет сўраган ва гап орасида кўчат сотмоқчи эканлиги, агар истасам, бир шиша винога алмашиши мумкинлигини айтганди. Кўчат жонивор эса, йиртиқ газета бўлагига нари-бери ўралган кўйи қаҳвахона зинаси ёнида ташландиқ, чўлтоқ супургидек бўлиб ётарди.

Турган гап, мен унинг қанақа дарахт кўчати эканлигини суриштирган, нотаниш киши эса сўйлоқ тишларини кўрсатиб тиржайиб қўйган ва «Яхши дарахт, жуда чиройли ўсади» деганди. Ва мен ўша оқшом уни уйга олиб келгандим ва эртасигаёқ эшигимизни рўпарасидаги ариқ бўйига экиб қўйгандим. Очиғини айтсам, унинг қанақа дарахт эканлигига ҳам унчалик қизиқмаган, кўчатга ёхуд унинг эгасига раҳмим келганиданми, шунчаки ерга қадаб қўйгандим, холос. Шу боис, худди нотаниш кимса айтгандек бўлиб униб чикқанида ҳам унчалик ажабланмадим.

Кўчат кутилмаганда тез илдиз отиб, ўсиб кетди. Ўша кўкламдаёқ, тирноқдек-тирноқдек, худди чармдан қирқиб олингандек, қаттиқ-қаттиқ япроқлар чиқарди, кейин на гулга, на мевага ўхшаган, қон томчиларини ёхуд майда-майда қизил юлдузчаларни эслатгувчи куртаклар тугди ва энг қизиги, ўша ерининг ўзида игнадек-игнадек ўткир ва ингачка тиканлар ҳам пайдо бўлди.

Энг ажабланарли ери шундаки, унга на иссиқ, на совуқ таъсир қиларди. Жуда чидамли, айни чоқда алланечук ғайритабиий дарахт эди у. Унинг учун на ёз саратонию қиш қаҳратонини, на куз хазонрезгилигию баҳор тароватининг мутлақо аҳамияти йўкдек туюлар, гўё мангуликка қўйилган ҳайкал янглиғ савлат тўкиб тураверарди. Янаям кизиғи, унинг устида тўлиб-тошиб сайраш у ёкда турсин, шох-бутоқларига биронта қуш қўнганини ё уя қурганини эслаёлмасдим. Шунинг учун бўлса керак, ён қўшнимиз Мусурмон тоға уни сўккани-сўккан, мени койигани-койиган эди.

«Қаёқдан топиб келдингиз, бу касофатни? — дерди у норози оҳангда. — На мева қилса, на соя ташласа! На бундоқ қараб одамни баҳри-дили очилса!.. Жуда бехосият дарахт кўринади, кесиб ташлаб қўяқолайлик, зора ўтинга яраса!…»

Мен эса кулиб қўяқолардим. «Ҳа энди, бир дарахт, Худо яратган табиатнинг бир неъмати-да!» — дердим.

Мусурмон тоғани бўлса, баттар жиғибийрони чиқарди.

«Йўқ, бу Худо қарғаган дарахт! — дерди у фиғони ошиб. — Қайси куни масжиддан шомни ўқиб қайтаётсам, узоқдан худди барзанги одамга ўхшаб кўриниб кетди. Худди бошига шапка кийиб, секин … сизникига ё бизникига кириб бораётган киссавурга ўхшайдими-ей!…»

«Унақа деманг, Мусурмон ака, — дердим қўшнимни ҳовридан туширишга уриниб. — Дарахтнинг яхши-ёмони бўлмайди. Фақат ё манзарали, ё мевали бўлади холос…»

Кўшним ҳам ўзига етганча қайсар одам эди.

«Тўғри, мулла йигит! — тўнғилларди у қовоғини уюб. — Лекин, бунингизни на меваси бор, на манзараси!…»

Хуллас, мен у ёкда ўз ишларим-юмушларим билан андармон, Мусурмон тоға бўлса бу ёқда хуноби чиқиб юравердик. Дарахт эса ўсаверди ва кўп ўтмай ўзининг чигал ва сертикан шохлари билан Мусурмон тоғанинг ҳам, бизнинг ҳам эшикларимиз, деразаларимиз тепасини қоплаб олди.

Аслини олганда, Мусурмон тоға ёмон одам эмасди. Ўлгудек камтар ва камсуқум бу одам билан кўп йиллик ён қўшни бўлсакда, кунда-кунора учрашиб турсак-да, унинг ниҳоятда мураккаб ҳаётини, нақ ажалнинг огзидан омон чиққани ҳақида ҳеч нима билмасдим ва буни эшитганимда очиғи жуда ҳайратга тушгандим.

Эсимда бор, Мусурмон тоғанинг катта куёви билан бир даврада ўтирганимизда у ширакайфлик билан қайнотасининг «таржимаи ҳоли»ни уч-тўрт оғиз сўз билан «чизиб» қўяқолган эди.

Маълум бўлишича, Мусурмон тоғанинг бобоси ўрис аскарлари шаҳар аҳли уйқуда ётган пайтда Тошкентга бостириб кирган йили асир олинган ва отиб ташланган, кейинчалик худди шу нарса Мусурмон тоғанинг отасига ҳам «тамға» қилиб босилган ва у ҳам ўттиз еттинчи йили қамалиб, бедарак кетган экан. Ана ўша воқеа-ҳодисаларнинг давоми ёхуд натижаси ўлароқ, Мусурмон тоға ҳам урушдан кейин бир неча йил ўтгач қамалиб, йигитлик даврини Русия ўрмонларида ўтказган экан…

Ким билсин, балки бу гапларни унинг куёвидан эшитмаганимда, Мусурмон тоға қисматидан буткул бехабар қолармидим дея ўйлаб қоламан. Чунки, у кишининг ўзига қолса, булар ҳақида икки дунёда ҳам оғиз очмаган бўлурди…

Эндиликда бўлса, умр бўйи рўшнолик кўрмаган ана шу кекса тарих муаллими (тақдирнинг «аччиқ ҳазили»ни қаранг!) учта қизини аллақачон узатган ва ҳайҳотдек ҳовлида касалманд хотини билан тавфиқона ҳаёт кечириб юрарди.

Фақат бир нарсани сира тушунолмасдим. Мусурмон тоға қанчалар кўнгилчан ва меҳрибон одам бўлмасин, икковимизнинг уйимиз рўпарасида ўсган, оти ҳам, зоти ҳам нотайин, ана ўша бечораваш дарахтни ёқтирмас, унга сира тоби-тоқати йўқ эди.

… Ахийри бўлмади. Қайси бир йили икковимиз уни арралаб ташладик. Уйларимизнинг олди очилиб, кун тушадиган бўлиб қолди. Лекин, Мусурмон тоғанинг бу қувончи узоққа бормади. Бир йил ўтар-ўтмас яна кўкариб чиқди. Яна кесдик. Илдизларини кавлаб, чопиб ташладик. Лекин унинг илондек чўзилиб, бир-бирига чирмашиб кетган қоп-кора илдизлари жуда чуқур томир олиб кетган экан. Ўша-ўша ҳафсаламиз совиб, ўз ҳолига ташлаб қўйгандик. Яқинда, Мусурмон тоға яна ҳасратини бошлади.

«Бу дарахтингиз яхшилик келтирмайди», — деди у бир куни гапдан-гап чиқиб. — Агар сезган бўлсангиз, ён-верида биронта дарахт унмас экан…»

Ана шу гапдан кейин ўйланиброқ қолдим. Чиндан ҳам, шу ғалати дарахт ўсабошлагандан бери, дарвозамиз ёнида на олча, на олма, на бошқа дарахт кўкарибди…

«Нега бунақа?» десам, Мусурмон тоға «Илдизларини очганимизда кўрдингиз-ку, тўрт томонга ўрмалаб ётибди. Бошқа дарахтларнинг ризқини қийиб, гуллаб-яшнаб ўсаверади-да!» дея маъюсгина кулимсиради ва қўшиб қўйди.
— Худди, Шўро ҳукуматига ўхшаб! …»

Мен ўша топда, «Хўп, Шўро ҳукуматидан тўйган экансиз-да!» деб юборай дедиму, тилимни тишлаб қолдим. Бу жабрдийда мўйсафиднинг ярасини янгилагим келмади.

… Худи ўша кунларнинг бирида уйимизга таниш табиатшунос оғайним келиб қолдию у ҳам бу дарахтни аниқлай олмади.

Фақат, «Йўқ, бу — бизнинг иқлимда ўсадиган дарахт эмас. Гапларингта қараганда, у бошқа дарахтларнинг қувватини сўриб олиб, истаган жойга мослашиб кетавераркан. Шунақа тур дарахтлар бор деб эшитгандиму, сира кўрмагандим» деди.

«Оти нима»» десам, елкасини қисиб қўйди-да кулиб, «Буни дарахт десанг, асаканг кетади. Шунинг учун «Тхарад» деб атаган маъқул» деб ҳазиллашди. Маълум бўлишича, «Тхарад» дегани «Дарахт» сўзининг тескари ўқилиши экан. Кулишдик.

Мактабда ўқиб юрган кезларимиз биз болалар ҳам шунақа, тескари «гаплашиш»ни одат қилиб олгандик. Масалан, мен, «Йалақ» десам, оғайним «Рўз!» деб жавоб берарди. Бу, бизнинг «Қалай?», «Зўр» дея ҳол-аҳвол сўрашишимиз эди.

Шу-шу, болаларча шўхлик билан айтилган бу сўз ўйини ёқиб қолдию, ўзимча унга «Тхарад» деб ном қўйиб олдим…

«Тхарад» бир қараганда, ҳеч зиён-заҳмати йўқ, беозор, баъзан анчайин ожиз ва нотавон дарахтга ҳам ўхшаб кўринарди. Лекин бошқа, биз билган, ўнлаб-юзлаб дарахтлар орасида бари бир «оқ қарға»дек бўлиб ажралиб турар, ўзининг сертикан шоху бутоқларини қанот янглиғ ёзганча бўйига ҳам, энига ҳам ўсиб борарди. Кўпда ҳеч ким унга эътибор ҳам бермасди. Нима кўп, биз билган-билмаган, таниш-нотаниш дов-дарахтлар кўп. Ким ҳам уларнинг ёнига келиб, синчиклаб қараб ўтирарди, дейсиз?!…

Лекин, Мусурмон тога бундан мустасно эди. У «Тхарад»ни ёқтирмасди ва буни яшириб ҳам ўтирмасди.

Бир куни ишдан қайтаётсам, қўшним жиғи-бийрони чиқиб, дарахтнинг атрофида айланиб юрибди.

«Нима гап, Мусурмон тоға?» — десам, «Э-э!» дея беҳафсала қўл силкиди. «Ҳеч шу дарахт билан чиқишолмадингиз, тил топишолмадингиз-да!» деб ҳазиллашгандим, жаҳли чиқиб кетди.

— Бу падари лаънат, ўзимизнинг шафтолими, ўрикми бўлсаям кошкийди, — деди у бўғилиб. — На отининг, на зотининг тайини йўқ! Ҳали пешинда қарасам, ишкомнинг тагидаги сиймон йўлка дарз кетиб ёрилиб ётибди. Нимайкан десам, ана шу бадбахтнинг бош бармоқдек илдизи ҳовлимизнинг ўртасидан туртиб, тешиб чиқибди…

— Бе, шунга шунчаликми? — дедим Мусурмон тоғани тинчлантириб, — ва яна ҳазилга йўйдим. — Илдизи кўчадан ўтиб, уйингизни тагидан ҳовлингизгача чиққан бўлса, зўр экан-да?!

— Э, қўйиб берсангиз эртага томга ҳам илдиз отади, — деди Мусурмон тоға астойдил ранжиб. — Хапа бўлмангу, бунингиз дарахт эмас, нақ бало-қазонинг ўзи! Жами бошқа дарахтларнинг қонини сўради… Ўзини шу ерларнинг хўжайини деб ҳис қиладими-ей! Дуч келган томонга томир отади-я! Тағин, ғўдайиб туришини айтмайсизми?

— Майли, бир йўлини қилиб йўқотармиз, — дедим нима дейишни билмай.

— Бе, йўқотиб бўпсиз энди уни, мулла — синиқ кулимсиради Мусурмон тоға, — Агар тагидан портлатиб ё илдизига бензин қўйиб ёқиб юборилмаса… билмадим, йўқотиш қийинов!.

Мусурмон тоғанинг бир бурда юзига қалқиб чикқан ноумидлик шарпасини сезиб ажабландим. «Наҳотки, ҳафсаласи пир бўлган бўлса?» — деган хаёлларга ҳам бордим.

Мусурмон тоға кўнглимдан кечган ўйни сезди шекилли, секин қўшиб қўйди: «Ўзи эшитмасину… лекин, бу бадбахт дарахт ҳаммамиздан кўпроқ яшайдиганга ўхшайди…»

Унинг бу гапларидан ҳам ҳайрон бўлдим, ҳам кулгим қистади.

— Эшитади, эшитади, — деди Мусурмон тоға. — Ҳамма дарахтлар эшитади. Улар ҳам тирик жондек бир нарса-да, мулла. Ўсади, гуллайди, мева қилади, қарийди, қурийди, ўлади… Лекин, бу бедавонинг жони жуда қаттиқ экан…

Шу билан суҳбатимиз тугади. Орадан кунлар, ҳафталар, ойлар ўтди. Табиийки, Мусурмон тоға ҳам, мен ҳам «Тхарад» ҳақидаги ўша кунги гап-сўзларимизни унутиб юборгандик. Мана энди бўлса, бугун, ярим кечада, айнан ана шу дарахт деразамизни тимдалаб, чертиб, ҳамманинг уйқусини бузиб турибди.

Беихтиёр ўрнимдан қўзғалиб, яна кўча тарафга юрдим. Кўча-кўйни қор босган, совуқ изғирин ҳамон забтига олар, дарахтларнинг новдаларидан тортқилаб, сўнгти заъфарон япроқларини юлқиб, чирпирак қилиб учирар, фақат қоронғулик қўйнида тош ҳайкатдек қотиб турган «Тхарад»нинг майда-майда баргларигина қилт этмаётганга ўхшар, гўё дарғазаб шамол ҳам бу бедаво дарахтни, унинг сертикан шохларини четлаб ўтаётгандек эди…

Дарахт тагига келдиму, бирдан унинг ҳам нотинч эканлигини ички бир туйғу билан ҳис қилдим, «Тхарад» ҳам алланечук бесар-безовта эди. Унинг айқаш-уйқаш шохлари ҳам аламли шивирлар, гўё танаси қақшаб оғриётгандек қисирлар, қоқсуяк қўлларга ўхшаш новдаларини чўзиб деворларни пайпаслар, тимдалар, гўё илтижо қилаётганга, унсиз фарёд чекаётганга ўхшаб кетарди.
Шундагина, «Тхарад»нинг ҳам қариб қолганини сездим. Энди у ҳам бошқа дарахтлар каби шамолнинг хуружию ҳужумларидан қўрққандек шох-бутоқларини кўкка чўзиб ёлборар, ўзининг тақдири шамол деб аталмиш кўзга кўринмас кучнинг шафқатсиз қўлларида эканлигини сезгандек, дағ-дағ титраб турарди…

Шу тобда, негадир унга раҳмим ҳам келиб кетди. Аммо, айни шу лаҳзаларда ўзим ҳам ожиз ва ночор эдим. Фақат, «Тхарад»нинг унсиз фарёдига қулоқ тутиш, сўзсиз ҳамдард бўлишдан бўлак нарса қўлимдан келмасди…

* * *

Эрталаб ғафлат босиб ухлаб қолибман. Шоша-пиша ишга отландим. Энди хонамга кириб боргандим ҳамки, телефонга чақиришаётганини айтишди. Ҳайрон бўлиб гўшакни қўлимга олдим. Хотиним экан. «Тез келинг!» — деди у йиғламсираган товушда. — Қўшнимиз Мусурмон тоға қазо қилибдилар…»

Паришон аҳволда уйга қайтдим. Сира ишонгим келмасди. Кеча эрталаб кўришган, одатдагидек, ҳазил-ҳузул қилиб, бирпас гурунглашгандик. Бугун бўлса, энди бу гап!.. Билиб бўлмас экан-да, одамни. Ё кечаги об-ҳаво таъсир қилдимикан? Ким билсин, балки тундаги рутубатни юраги кўтармагандир, деган хаёлда кўчамизга кириб келдим. Аммо, ҳаммаси ўйлаганимдан кўра бошқачароқ бўлиб чиқди.

Мусурмон тоға билан бизнинг эшигимиз рўпарасидаги дарахт — «Тхарад»нинг чириб кетаёзган танаси ағдарилиб ётар, уч-тўртта ёш-яланглар эса арра ва болталар билан унинг шох-бутоқларини буташмоқда эди. Ҳеч вақога тушунолмай қолдим.

Маълум бўлишича, мачитда бомдодни ўқиб қайтган Мусурмон тоға остонадаги қорни кураётган экан, туйқусдан дарахтнинг катта бир шохи синиб устига тушибди. Мусурмон тоға бояқиш ҳали ўзини ўнглаб олмасдан туриб, дарахтнинг ўзи ҳам ғирчиллаб устига йиқилибди…

Кимдир «умуртқа поғонасини эзворибди» деса, кимдир «бошини мажақлаб ташлабди» дерди. Бошқа биров эса «у ҳам эмас, бу ҳам эмас, бахтсиз тасодиф» деганга ўхшаш гап қилди.
Нимаям дейсиз, одам боласининг тақдири азалдан қочиб қутулолмаслиги-ку, тайин гап. Лекин Мусурмон тоғанинг кутилмаган ўлими қисматмикан, ёзуқмикан ёки шунчаки бахтсиз ҳодисамикан? … Ҳар нима бўлгандаям мен бу кўнгилсиз ҳодиса учун ўзимни ҳам айбдордек ҳис қилдиму, ўзимни қаерга қўйишни билмай, гангиб-каловланиб қолдим.

Қўни-қўшнилар Мусурмон тоғанинг эшиги ёнига, йўл ёқасига узун ҳарраклар ўрната бошлашди. Қандайдир чапдаст йигитлар юк машинасида тобут келтириб йўл четига қўйишди. Ичкарида хотин-халажнинг йиғи-сиғиси қулоққа чалиниб қоларди. Бирин-кетин ола-қуроқ издиҳом жанозага йиғила бошлади…

Уч-тўрт йигит «ҳой-ҳой»лашиб шох-бутоқлари чопилиб, қўли-оёғи кесилган одамга ўхшаб қолган «Тхарад»ни кўтариб, йўл чеккасидаги буталар орасига олишаётганини кўриб, мен ҳам уларга ёрдамлашгани ошиқдим.

Ва шу пайт … уни ерга ташлаётганимизда, ариқ четида бўй чўзиб турган, қизғиш новдаларини игнадек-игнадек тиканлар қоплаган пастаккина бутага кўзим тушди-ю, қотиб қолдим.

Йўлнинг бериги томонини ёриб чиққан бу ниҳол ҳам — «Тхарад» эди…

БЎРИ БОЛАСИ

Эмаклайди бўри жим-жит,
Ўлжага интиқ…
Усмон АЗИМ

Яккақоялик Сулаймон овчи ҳақида эшитгандиму, ўзини кўрмагандим. Яқинда тасодифан учратиб қолдим.

Лабораториямиз мудири, профессор Қурбоновнинг сафардан қайтганини эшитиб, уйига ўтган куним эди. Машинамни йўл чеккасига қўйиб, йўлакка кирдиму, шу тарафга келаётган икки кишини кўриб тўхтадим. Бири, паканаси — профессор, иккинчиси — оқ-сариқдан келган, барваста қоматли, шопмўйлов киши — кейин билсам, Сулаймон овчи экан.

Очиғи, у тасаввуримдагига нисбатан бошқачароқ бўлиб чиқди. Жаҳли тез, чапанитабиат, ўзига етганча қайсар одамлар тоифасидан экан. Шунақа феълли одамнинг профессор Қурбонов билан топишиб, ака-укадек қадрдон бўлиб қолганига ҳайронман. Профессор мутлақо унинг акси эди. Бир қоп ёнғоқдек шалдир-шулдир, болалардек содда, дарвештабиат бу одам қизиқмаган соҳанинг ўзи йўқ. Чоғроққина ҳовлисига ҳар бало гуллару дарахтларни экавериб, кўчатларни бир-бировига пайванд қилавериб, ўзи айтмоқчи нақ “жунгли”га айлантириб юбораёзган, ҳовли этагига қатор қафаслар ўрнатиб, у ерда тўтиқушу саъвалар, каклигу товуслар боқиб, ҳаммани ҳайратга солиб юрадиган ажойиб инсон эди.

Хуллас, остонада кўришдик, ҳол-аҳвол сўрашдик. Профессор Сулаймон овчини менга таништирди, кейин гап орасида уни ўзининг илтимосини ерда қолдирмаганини айтиб, мақтангандек ҳам бўлди.
Сулаймон овчи унинг гапини эшитиб бош чайқади.

— Шу ишни бекор қилдингиз, домлажон. Мен сизга Яккақоянинг энг олд итини топиб берардим.
— Бе-е, қўйсангиз-чи, азизим, — кулди профессор, — энди-и… бир дил кетди-да!…

— Билмадим, билмадим, — афсусланганнамо оҳангда деди Сулаймон овчи. — Шу пайтгача бўриваччани боқилганини эшитмаганман…

— Жуда боқилади-да! — илжайди профессор, — буям бир эксперимент-да! Хўш, сиз айтинг-чи, мулла йигит, — менга юзланди у, — нега циркда даҳшатли тимсоҳлару баҳайбат филларни, йиртқич арслону йўлбарсларни қўлга ўргатишадию, нима учун бўрини ўргатишолмайди?

Мен “билмадим” дегандек елка қисдим. Чунки ҳанузгача уларнинг гап-сўзларига тушунолмай, лолу ҳайрон турардим.
— Бўрининг қони бошқа бўлади, домла, — деди Сулаймон овчи сарғиш қошларини чимириб.

Профессор эса унга ғолибона назар ташлаб қўйди-да, яна менга юзланди:

— Биласиз. Фанда “Адаптация” деган нарса бор. Лотинча ибора бу. Яъни, биологик организмнинг яшаш шароитига мослашиб кетиши… Мана кўрасиз, Сулаймон ака, бўриваччангиз ҳам “адаптация қонуни”га бўйсунади.

— Мен унақа китобларни ўқимаганман, домла, — бош чайқади Сулаймон овчи. — Ҳар ҳолда, бу бўри боласи, кучук эмас!
— Ана, ана! — илжайди профессор. — Эътиборингиз учун бўрилар ҳам итсимонлар оиласига киради.

— Билмадим, билмадим, — деди Сулаймон овчи босиқ оҳангда, — фақат айтиб қўяй, азбаройи эски қадрдонлигимиз ҳурмати, юзингиздан ўтолмадим. Лекин, эҳтиёт бўлинг! Бўри, ҳар қалай бўри!..
— Унақада лақабини Бўривой қўяман! — қаҳ-қаҳ урди профессор.

Сулаймон овчининг тунд чеҳрасига ҳам беихтиёр табассум қалқди.

— Билганингизни қилинг! Лекин ўша гап, гап. Мабодо фикрингиздан қайтсангиз, айтинг, буни олиб кетиб, ўрнига зўр бўрибосар олиб келиб бераман.

— Ўша кучукларингиз ўзингизга сийлов! Хавотир олманг, ҳаммаси яхши бўлади, — деди профессор. — Бугун қолсангиз бўларди-да, мана шогирдимиз келдилар, ошни қийиб қўядилар. Шийпонда гурунглашиб ётардик!

— Йўқ, раҳмат, ош бўлса қочмас, — деди Сулаймон овчи. — Ўзингиз кўрдингиз. Тоғларниям ўзига яраша ташвишлари тўлиб-тошиб ётибди. Қайтишим керак. Электричкага етиб ола қолай.

Мен ялт этиб профессорга қарадим.

— Мен вокзалга ташлаб ўта қоламан!
— Йўқ, керакмас, ўзим, — деди Сулаймон овчи хуржунини елкасига илиб.

— Йўқ деганингиз нимаси, Сулаймон ака, — деди профессор. — Бу киши ўзимизнинг яқин укахонлардан. Келажаги порлоқ биолог. Ташлаб қўядилар.

Улар хайрлашишди. Сулаймон овчи икковимиз машинага миндик.

Йўл-йўлакай, на у киши оғиз очди, на мен бирон нима дейишга ботинолмадим. Овчининг салобатими, ўйчан чеҳрасими, нимадандир норози қиёфасими, бунга изн бермади.

— Домлангиз хўп аломат одам-да, — деди у ниҳоят ўз-ўзига гапиргандек. — Билсангиз керак, ҳар йили беш-ўн кун Яккақояда дам олиб қайтади. Отга мингаштириб тоққа олиб чиқаман, ов қиламиз, алламбало ўт-ўланлар теради, алламаҳалгача мук тушиб ётиб китобини ёзади… Бу сафар айниди. Уч-тўрт кун бурун кечқурун дарадан ўтиб келаётиб алланиманинг ғингшиган товушини эшитдим. Отим ҳам ҳуркиб орқага тисарилди. Қўлчироқни ёқиб қарасам, йўл ўртасида мушукчадек бўри боласи ингиллаб у ёқдан-бу ёққа юрибди. Ҳайрон бўлиб ўша тарафга яқинлашдим. Бўри болалари уч-тўрт ҳафталик бўлгандан кейин инларидан ўрмалаб чиқадиган бўлиб қолади. Она бўри эса бу пайтда нарироқларга кета бошлайди. Менимча, бу бўри боласиям онасига эргашиб сувлагани чиққану адашиб қолган бўлса керак. Шартта ушладиму, хуржунга солиб уйга қайтдим. Ана шу бўриваччага профессорнинг ишқи тушди-қўйди-да! “Боқаман” дейди. Худонинг зорини қилдим, қани унаса! Қарасам жуда ҳафа бўладиган. “Сиз шаҳарга кетаверинг, икки-уч кундан кейин ўзим олиб бораман” деб аранг кўндирдим. Шаҳарга қайтган заҳоти телигром жўнатди, сим қоқди. Ахийри қўймадида-е! Бугун хуржунга солиб олиб келишга мажбур бўлдим…

— Нима, бўри боласини қўлга ўргатиш шунчалар қийинми? — сўрадим ундан.

— Ҳа, қийин, — деди Сулаймон овчи жаҳл билан. — Бўри кучук ё мушук бўлсайкан, ўргатилса! У ваҳший. Барибир бир кун бўрилигини қилади.

— Унақада қайтариб олиб кетақолмабсиз-да, — дедим ачингандек бўлиб.

— Домлангизнинг феълини биласиз-ку, нақ ёш боланинг ўзи! Дарров аразлайди. Шунинг учун қолдира қолдим. Майли, беш-ўн кун боқиб кўрсинлар-чи!..

Сулаймон овчи билан вокзал майдонида хайрлашдим. Ўша-ўша уни қайтиб кўрмадим.

Орадан уч-тўрт ойча вақт ўтди. Бир куни профессор Қурбонов “Эртага уйга ўтинг, Сулаймон овчи келадиган”, деб қолди. Бордим. Овчи эндигина келиб турган экан. Дастурхон ёнига ўтирдик, ҳол-аҳвол сўрашдик, бир пиёла чой устида у ёқдан-бу ёқдан суҳбатлашдик. Гап орасида профессор мақтанганнамо оҳангда, “Бўриваччани кўрасизми?” деб қўйди. Ўрнимиздан қўзғалдик.
Бўри боласи ҳовли этагидаги энг чекка қафасда экан. Кўринишидан ювошгина кучукка ўхшарди у. Бир қараганда, унинг қиёфасидан бўри нуқси сезилмас, фақат елкасидаги зангсимон, сарғиш жунлари тиккайиб, ириллаб қўйганда ва тугмачадек-тугмачадек кўзларида чўғдек совуқ бир ўт шарпаси йилт этиб ўтгандагина наслини эслатиб юборарди, холос.

— Қалай, бизни “Тузик”? — деди профессор жилмайиб.

Сулаймон овчи унга ҳайрон қараб қўйди.

— Нима, лақабини “Тузук” деб қўйдингизми?

— Йўқ, “тузук”мас, “Тузик”, “Тузик”! — кулди профессор. — Яхшилаб боқаяпмиз. Фақат мени қўлимдан овқат ейди, занғар! Иштаҳаси ёмонмас! Ҳалиги, кучук-мушуклар ейдиган “Чаппи”, “Вискас” деган нарсаларми-ей, калбасами, кансервами, паққос туширади!..

Сулаймон овчи қафаснинг пастаккина эшикчасини очиб юборганди, “Тузик” унинг ёнига югуриб келди, думини қисиб, атрофида айланди, кейин худди бир нима тиланаётгандек овчининг этикларини искаб, ялай бошлади.

Сулаймон овчи эса кўзларини катта-катта очган кўйи унга бир лаҳза тикилиб қолди-ю, кейин жаҳл билан бўри боласининг тумшуғига тепди, у ингиллаганча анча нарига бориб тушди. Кейин қочиб қафаснинг қоронғи бурчагига суқилиб олди.

— Нега тепасиз? — бақирди профессор жонҳолатда.
— Эссиз… Тамом бўпти… — деди Сулаймон овчи чуқур хўрсиниб ва эшикчани очиб ташқарига чиқди.

Бошқа бир оғиз ҳам гапирмади. Овқат пайтида ҳам “Тузик” ётган қафасга кўз қирини ташлаганча тунд қиёфада ўтирди, бундоқ очилиб гаплашмади…

… Эртасига профессор йиғлагудек қиёфада ишхонага кириб келди.

— Сулаймон овчи “Тузик”ни олиб кетиб қопти, — деди у товуши титраб.
— Қанақа қилиб олиб кетади? — тушунмадим мен.

— Сиз кетганингиздан кейин анчагача гаплашиб ўтирдик. Ўтиб қолди. Эрталаб ғафлат босиб ухлаб қолибман. У тонг оқармасданоқ “Тузик”ни хуржунга солиб, олиб чиқиб кетиб қопти…

— Ҳеч ким индамабдими? — сўрадим яна.
— Ким нима дейди? — деди профессор паришон қиёфада. — Уйда янгангиз бор эди. Уям сезмабди. Э, эссизгина, энди қўлга ўрганаётган эди-я!..

Мен ёш болага ўхшаган бу мўйсафидни қандай қилиб овутишни билмай лолу ҳайрон ўтирардим…

Ҳикоям шу билан тугаши мумкин эди. Лекин яна бир тасодиф юз бердию, унга сўнгги нуқта топгандек бўлдим.

Хизмат сафари билан тоғлиқ тумандан қайтаётган эдим. Автобусимиз ёнилғи олгани йўл ёқасида тўхтади.

Теварак-атроф худди ушатилган холва бўлакларини эслатувчи тоғлар, қоялар… Яқингинадан сойнинг шарқираши қулоққа чалинади… Мен дераза ёнида шуларни томоша қилиб ўтирарканман, йўл четида бораётган ёлғиз отлиқ кўзимга иссиқ кўрингандек бўлди. Қарасам, Сулаймон овчи. Автобусдан тушдим. Кўришдик. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик.

— Домлангиз мендан ҳафа бўлиб юргандир? — деди у гап орасида маъюсгина кулимсираб.

— Йўқ, нега? — дедим мен ва ўрни келиб қолгани учун сўрадим. — Ўшанда нега ўзингиз “Тузик”ни олиб кетиб қолдингиз?

— Билмадим, — деди овчи елка қисиб. — Негадир кўзимга жуда хунук кўриниб кетди. Ялоқи итлардек оёғимга сўйкаландими-ей, думини ликиллатиб, тиландими-ей!

— Уни нима қилдингиз?

— Аввалига тоғга қўйиб юбормоқчи бўлдим. Аслига қайтар, деб ўйладим. Қарасам, очидан ўладиган. Бўрилигини унутиб юборган-да… Бошқа бўрилар ғажиб ташлаши ҳам ҳеч гапмас.

— Кейин нима қилдингиз?
— Отиб ташладим, — деди Сулаймон овчи совуққина қилиб.

Негадир сесканиб кетдим.

— Нима?.. Нега? Нима учун? — сўрадим ўзимни босишга уриниб.

— Чунки, у бўриликка иснод келтирди, — хўрсинди Сулаймон овчи ва қўшиб қўйди, — майли, саломат бўлинг, мулла йигит. Домлангизга салом айтинг. Мендан ҳафа бўлмасинлар. Тушунишлари керак!..

Биз шу ерда ажралишдик. Сулаймон овчи отига қамчи босиб тоғ йўлига қараб кетди. Мен эса автобусимиз томонга юрдим. Орқа тарафга яна бир марта ўгирилиб қараганимда, энди Сулаймон овчи йўқ, тоғ кўксига санчилган ёлғизоёқ йўлгина оқариб кўриниб турарди, холос…

CIMG4490e.jpgOzod MO‘MIN XO‘JA
TUSHIMDAGI VA  O‘NGIMDAGI ERKIN USMONOV
006

Yangi yil kirgandan so‘ng, bir necha kun o‘tgach, erta tong tush ko‘rdim: Yozuvchilar Uyushmasi a’zolari Do‘rmon bog‘iga o‘xshagan bir maskanga yig‘ilayotgan ekanlar. Sal vaqtliroq borib, daraxtlar tagiga, bir nechta ijodkorlar yig‘ilib turgan joyga borsam, u yerda oq kuylak va oq shim kiyib turgan Erkin Usmonovga ko‘zim tushibdi. U ham meni payqab, yuzlanibdi: “Qalaysan, Ozod?” U bilan hol-ahvol so‘rashgach, savol beribman: “Abdullakani ko‘rmadingmi, yaqin kunlarda?” “Ha, bir suhbatlashgandim…”, debdi u. Shundan so‘ng, men bir ish yodimga kelib, undan uzoqlashibman. Besh-olti qadam yurmasimdan, yo‘lda turgan mendan yoshi ulug‘roq boshqa bir yozuvchi meni to‘xtatibdi. “Ozod! Hozir kim bilan gaplashdingiz?”, so‘rabdi u. “Ko‘rmadingizmi, Erkin Usmonov bilan!” “Axir, u vafot etgan-ku! Sizning bo‘shliq bilan suhbatlashayotganingizga ajablandim…” Men yelkamni qisibman va hayratlanib, o‘ylab qolimban: “Darhaqiqat, do‘stim bu dunyoni bir oy ilgari tark etgan edi-ya… Nega u mening ko‘zimga ko‘rindi, suhbatlashdi, boshqalar esa uni payqashmadi?..”

Uyg‘ongach, bu tushning mag‘zini tushunishga urindim. Zero, vafot etgan kimsaning ruhi bejiz sizni bezovta qilmaydi. Xulosaga keldimki, men adabiyot olamidagi do‘stim Erkin Usmonov haqida o‘z fikrlarimni bayon etishim, uning qanday inson va qanday ijodkor bo‘lganligini o‘z tushunchamda bu borliqqa havola etishim darkor.

Erkin Usmonov bilan XX asrning 80-yillari boshida tanishgandim. O‘sha paytlarda u Radiokomitetda ishlardi. Qandaydir ruhiy yaqinlik bo‘lsa kerakki, onda-sonda suhbatlashadigan, kamdan kam bo‘lsa-da, uchrashib turadigan bo‘lib qoldik. O‘sha paytlarda men O‘zbekiston Fanlar Akademiyasining Fizika-texnika institutida ilmiy xodim edim. Lekin, fantastik asarlar ham yozar, ularni chop etdirishga urinib yurardim. Bir holatni aytib qo‘yishim kerakki, biz hayotga umuman boshqacha qaraydigan insonlar edik. Erkin juda emotsional, atrof muhitdagi jarayonlarga ta’sirchan, tadbirkor bo‘lmagan ijodkor edi. Shuning uchun, turli voqea-hodisalarga baho berishda unda aqliy nuqtai nazarga qaraganda, ruhiy munosabat kuchliroq edi. Buni, uning o‘zi ham bilardi. Ana shu holatga –ikkalamizning o‘rtamizdagi farqga, u, 90-yillarning boshida o‘zining kichik hajviy hikoyachasi – “Fizik va lirik qissasi”orqali xulosasini keltirgandi. Asar kichik bo‘lgani uchun, uni shu yerda keltiraman.

FIZIK VA LIRIK QISSASI

Osmonning ostida, yerning ustida ikki do‘st bor edilar. Biri – lirik, biri – fizik. Fizik anchayin vazmin, sovuqqon va dilidagini tiliga chiqarib tashlayveradigan sharttaki odam edi. Lirik esa aksincha, anchayin bo‘sh-bayov va ko‘ngilchan, har bir narsani o‘ziga olaveradigan inson edi. Bozor iqtisodiyotiga o‘tish mashaqqatlari avvalo ana shu Lirikning qiyofasida aks eta boshladi. Kunlaridan bir kuni u do‘sti – Fizikka hasrat qilib qoldi.

– Yaqin o‘rtada bozorga tushdingmi, do‘stim? Bitta sigaret falon pul-a? “Karvon” sigareti nima degan narsa? Ilgari birov tekinga bersa, chekmasdim. Shuyam chayqovchilarning qo‘lida yaxshigina narxda! “Kent”ga o‘xshaganlaridan chekay desang, cho‘ntagingning changi chiqib ketadi. Hayron bo‘lib qoldim…

Fizik pinagini buzmay dedi:
– Kamroq chekish kerak, do‘stim, kamroq chekish kerak!..

Lirik, shu-shu, chekmaydigan bo‘lib qoldi. Kunlaridan bir kun u yana do‘stining hol-ahvol so‘rashiga javoban hasratini to‘kib soldi:
– Asti so‘rama, qaysi kuni mehmonlar keladigan bo‘lib qoldi, tuzukroq aroqmi-konyakmi olay deb do‘konga kirsam, narxini ko‘rib, esxonam chiqib ketdi!..

Do‘sti xotirjam ohangda maslahat berdi.
– Kamroq ichish kerak do‘stim, kamroq ichish kerak!..

Lirik, shu-shu, ichkilikdan ham yuz o‘girdi. Bir kun kelib, uning yana hasratidan chang chiqdi.
– Tushlikda oshxonaga chiqsam, oshpaz bir pors lag‘monni non-choyi bilan palon so‘m deydi-ya!

Fizik o‘ziga xos sovuqqonlik bilan dedi:
– Pol Breggni o‘qigansan, do‘stim, “Ochlik mo‘’jizasi” degan g‘oyasi bor. Umuman, kamroq yeyish kerak do‘stim, kamroq yeyish kerak!

Oradan bir hafta o‘tdi. Ikkala do‘st yana uchrashib qolishdi. Lirik odatdagidek diydiyosini boshladi:
– Yashashning ma’nosi qolmadi. Qaysi kuni tuzukroq kostyum-shim olay deb do‘konga kirsam…

– Egningdagi-chi? – do‘stining so‘zini bo‘ldi Fizik.
– E, bu mardikorning jomakoriga o‘xshab qoldi-ku, – bosh chayqadi Lirik.

– Unaqada kamroq kiyish kerak, do‘stim. Kamroq kiyish kerak! – maslahat berdi Fizik.

Lirik do‘stining maslahatlariga amal qilib, chekishni ham, ichishni ham tashladi. Ovqat yemay, yangi kiyim kiymay qo‘ydi. Va kunlarning birida, aftodahol, do‘stining huzuriga kirib keldi.

– Tamom bo‘ldim, do‘stim! – dedi u yig‘lamsirab, – Mazam yo‘q. Dori olib ichay desam, narxi osmonda! Ololmadim…

– Kamroq kasal bo‘lish kerak, do‘stim. Kamroq kasal bo‘lish kerak! – dedi Fizik odatdagidek xotirjam ohangda.

…Oradan ancha vaqt o‘tdi. Lirikning qattiq tobi qochib, batamom yotib qoldi. Fizik do‘stini ko‘rgani bordi. Lirik arang o‘rnidan qo‘zg‘alib, ko‘zlarida yosh bilan dardini to‘kdi.

– Hammasi tugadi, do‘stim! Adoyi tamom bo‘ldim… Yashagim kelmay qoldi!

– Ha, kamroq yashash kerak, do‘stim. Kamroq yashash kerak! – javob berdi Fizik hamdardlik bilan…

***

Bu, ikki, turlicha fikrlaydigan insonlar munosabati berilgan kichik asar shaklan hajviy, mazmunan esa tragikdir. O‘sha 90-yillar boshidagi hayotimizni shundoqqina ko‘rsatib bergan, faqat maoshgagina turmush kechiradigan odamlarning chuqur tushkunlik holatida yashaganliklarining tasviridir. Shu, bir qog‘ozga sig‘gulik hikoyada qayta qurish davrining sovuq, inson borlig‘iga dahshat soluvchi, umidsizlikka undovchi jihatlari juda katta mahorat bilan bitilgan. Bu bitikda aytilmagan, ammo sezgir inson qalbi o‘zi anglab oladigan teran og‘riq mavjud.

Yana bir qiziq voqeachani aytaman. O‘sha davrda respublika radiosidagi hamkasblari undan so‘rashibdi: “Sizning eng yaqin do‘stingiz kim?” Bizning turlicha insonlar bo‘lishimizga qaramay, Erkin mening nomimni aytibdi. Ular hayron bo‘lishibdi: “Qanday qilib? Axir, uni oyda-yilda bitta ko‘rasiz, tez-tez uchrashib turadigan qancha yaqin sinfdoshlaringiz, hamkasblaringiz bor-ku?!” Erkin javoban yana nomimni aytibdi.

Qanday odam yozuvchi bo‘ladi? Shu savol nazarimda ko‘pchilikni qiziqtirsa kerak. Aksariyat, unga javob bitta: Yaratgan Zot yuqtirmasa, ijodkor bo‘lish mushkul. Bu imkoniyat barchaga ham berilmagan. Bunday kasb egalari faqat shu vazifa bilan Yer yuziga keladilar. Va buni qalb da’vati orqali his qiladilar. Ba’zan, ijodkorlik bo‘yniga tushgan zot boshqa yo‘lga ham kirib ketishi mumkin. Ammo, u, vaqt kelib, o‘zining asosiy yo‘nalishiga tushib oladi. Erkin Usmonov ham maktabni bitirgach, negadir chet tillar institutiga o‘qishga kirgan. Biroq, ta’limni tugatgach, o‘zini ingliz tili mutaxassisi bo‘lib emas, yozuvchi sifatida dunyoga kelganligini, mendan farqli o‘laroq, darhol anglab yetdi va shu sohaga dadil qadam qo‘ydi. Va umrining oxirigacha tinim bilmay ijod qildi. U qayerda ishlamasin, respublika radioqo‘mitasidami, “O‘zbektelefilm”dami yo “Teatr” jurnalidami, kechki payt uyiga qaytgach, ovqatlanib olib, tungi ikki-uchgacha besh-olti soat uxlab olardi, so‘ng to nonushta vaqtigacha ijod ummoniga sho‘ng‘irdi. Yozuvchining deyarli barcha asarlari shunday vaqtlarda bitilgan.

Dunyoda ijodkorlar xilma xil. Ularning har birining o‘z iqtidori, o‘z dunyoqarashi va yashash jarayonida olgan bilimlari asosida o‘z asarlarini bitadi. Kimdir o‘zi o‘sib-ulg‘aygan muhitdagi odamlar, ularning turli muammolari haqida, kimdir jamiyatimizdagi illatlar to‘g‘risida, boshqa birov tariximizni gavdalantirishga urinib, ayrimlar siyosatbop asarlar bitadilar. Har bir yozuvchining, har bir shoirning o‘z o‘rni va undan bahra oladigan o‘z o‘quvchisi mavjud. Chunki, o‘quvchilar ham xilma xildirlar.

Sir emaski, avval boshqa asarlarda ko‘p marta qayta-qayta bayon etilgan fikrlarni sal boshqacharoq tarzda oldinga surib bitilgan asarlar, turmush ikir-chikirlari tasvirlangan hikoya yoki qissalar ayrim adabiyotshunoslar yoki ixlosmandlar tomonidan obdon maqtaladi, ko‘klarga ko‘tariladi, o‘zbek adabiyotida yangilik, deb e’lon etiladi. Shuningdek, juda o‘rtamiyona ijod namunalari ko‘plab mavjudki, ularning mualliflari o‘zlarini daho yozuvchi sifatida o‘ylashlarini yashirishmaydi. Xolbuki, har qanday yangi asar yangi g‘oyalarni ilgari surishi, yangi ma’lumotlar berishi, turmushni, odamning o‘zini yaxshilashga undaydigan falsafaga yo‘g‘rilgan bo‘lishi lozim. Shuning uchun, bunday talablarga javob bermaydigan badiiyat namunalari, o‘z vaqtida haybarakallachilar yordamida ming maqtalsalar ham, vaqt elagidan o‘ta olmaydi.

Yuqoridagi fikrlarni bayon etishimdan maqsad shuki, Erkin Usmonov, ana shunday adiblardan farqli ravishda, hamisha yangi g‘oya, yangi shakl, yangi yo‘l qidirib ijod qilganligini, ammo uning asarlari ortiqcha tahlil qilinmaganligini, ularga yetarli baho berilmaganligini ta’kidlashdir. Buning sabablari nima? Ular turlichalar.

Birinchisi, adabiyotshunoslar keyingi yillarda o‘zbek adabiyotida paydo bo‘layotgan barcha asarlarga ham e’tibor bera olmayaptilar.

Ikkinchisi, yozuvchi ayrim hamkasblariga o‘xshab “tadbirkor”lik qilmagan, ya’ni biron-bir tanqidchi bilan do‘stlashib, o‘zining asarlari haqida maqolalar yozdirmagan.

Uchinchisi, turli yig‘inlarda minbarlarga chiqib, so‘zamollik bilan adabiyot ahli va boshqa doiralar e’tiborini o‘ziga jalb eta olmagan.

To‘rtinchisi, amaldorlarga xushomad qilishni, kerakli joylarda, kerakli vaqtda paydo bo‘lishni bilmas edi.

Axir, haqiqiy yozuvchi shunday bo‘lishi kerak emasmi? Nega u o‘z asarlarini, o‘z iste’dodini g‘ayrioddiy yo‘llar bilan yuqori doiralarga tan oldirishi lozim? Asosiysi, uni va uning asarlarini xalq bilsa, shavq bilan o‘qisa yetarli emasmi? Umuman olganda, xuddi shunday. Biroq, bunday zotlar reklama qilinmasa, ijodining yutuqlari barchaga tushuntirilmasa, bu ham yaxshi emas. Chunki, o‘quvchilar har bir yozuvchi yoki shoirning qanday ekanligi to‘g‘risida obyektiv ma’lumotga bo‘lishlari shartdir.

CIMG4487.JPG

Men ushbu adibning ijod jarayonidagi ana shu kamchilikni qisman bo‘lsa-da, to‘ldirish maqsadida, ushbu maqolani bitmoqdaman va men har bir so‘zim uchun mas’uliyatni bo‘ynimga olib, Erkin Usmonovning ijodini fenomen darajasida deb hisoblashimni bayon qilaman, qo‘limdan kelgancha, buni isbotlashga urinaman.

Faqat bir shartni aytib qo‘yishim lozim: bu bitiklarim orqali yozuvchi Erkin Usmonovning ijodini adabiyotshunoslar o‘rniga tahlil qilmoqchi emasman, balki o‘zimning shaxsiy, xususiy fikr-mulohazalarimni bayon etmoqchiman. Men faqat uning ayrim qadamlari va bir-ikki asarlarining katta ahamiyatga ega ekanligini, bular esa fenomen darajasiga chiqqanligini ta’kidlayman, xolos. Qolaversa, kelajakda, kimdir, biror chuqur fikrlovchi adabiyotshunos uning dunyosini har taraflama o‘rganib, ularning haqiqiy kuchli adabiyot ekanligini professionallik bilan o‘quvchilarga havola qiladi degan ishonchim ham bor.

Erkin Usmonov yozuvchi sifatida o‘zbek adabiyotida o‘ziga xos yo‘nalish yaratgan adibdir. Har qanday ijodkor ham bunday mashaqqatli ishni amalga oshirolmaydi. Umuman olganda, yangi yo‘llar, yangi yerlar, yangi o‘lkalar ochuvchilarni kashshoflar deb atashadi. Shundan kelib chiqib, aytganda, bu ijodkor yangilik yaratuvchi adibdir. Nega? Chunki, u o‘z yo‘nalishini shakllantira oldi.

Erkin Usmonovning nashr etgan asarlari mo‘l – ular juda turli janrlarda bitilgan: realistik proza, dramatik pyesa, hajviya, esdaliklar, miniatyuralar, hujjatli maqolalar. Ammo, men uning faqat ikki kitobiga e’tibor bermoqchiman. Chunki, ular, hech bir shak-shubhasiz, ijodkorni o‘zbek adabiyoti tarixida qoldiradilar. Birinchisi, 2008 yilda “Sharq”da bosilgan “Ajal xiyoboni” to‘plami, ikkinchisi esa 2011 yilda xuddi shu nashriyotda chop etilgan “Marhum kech soat sakkizda keladi” nomli kitobidir.

Bu to‘plamlardagi asarlar mistika va dahshat yo‘nalishlari bo‘yicha bitilganlar. Xo‘sh, ushbu yozuvchini domiga tortgan janrning qanday o‘ziga xos tomonlari bor? Avvalo, mistika so‘zining mag‘zini chaqaylik. Bu ibora yunon tilidagi “mistikos”dan olingan bo‘lib, sirli, yashirin ma’nolarini beradi. Atrofimizdagi reallik, bir qaraganda oddiy ko‘rinadi. Odatda, inson o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan, eshitgan va tanasining boshqa a’zolari bilan his qilgan voqelikkagina ishonadi. Qadimdan shunday bo‘lib kelgan va hozir ham deyarli shunday. Ammo, XXI asrda Yer yuzidagi taraqqiyot shu darajaga yetdiki, biz shu kunlarda ko‘zimizga ko‘rinmas elektromagnit to‘lqinlarning mavjudligiga ishonamiz. Aks xolda, radio, TV, uyali telefon aloqalari bularsiz vujudga kelmas edi. Bu – eng oddiy va yaqqol misol. Shuningdek, ko‘pchilik, o‘zga odamlar tomonidan sizga tilanadigan yaxshi yoki yomon tilaklarning kuchi mavjudligiga ishona boshlayaptilar. Chunki, odamning ongida ham fikr yuritish jarayonida elektromagnit to‘lqinlar tarqaladilar va atrof muhitga ta’sir ko‘rsatadilar – bu fanda juda ko‘p tajribalar vositasida isbotlangan. Zamonaviy tibbiyot maskaniga boring – u yerda sizga, eng avvalo magnit rezonansli tomografiya qilishingiz yoki ultratovushli tekshiruvga kirishingiz zarurligini aytadilar. Ushbu jarayonlar ham faqat tanamiz a’zolaridan tarqaluvchi ko‘zimizga ko‘rinmas to‘lqinlar va ularni “o‘qiy oluvchi” qurilmalar yordamida o‘tkaziladi. “Yo‘q, men bunga ishonmayman, chunki ularni his qilmayapman!” degan nodon o‘z sog‘lig‘iga noto‘g‘ri tashhis qo‘yilishiga sababchi bo‘ladi va uning sog‘ayishi albatta mushkulashadi. Demak, tanamiz, vujudimiz his qila olmaydigan tabiat sirlari mavjud ekan.

Maxsus adabiyotlar va internetdagi axborotlar vositasida mistika janrining jihatlarini o‘rgangach, men shunday xulosaga keldimki, bu yo‘nalishda bitilgan asarlarda bizning realligimizdagi voqeotlar, boshqa, to‘rt muchamiz bilan his qila olmaydigan sirli hodisalar bilan uyg‘unlashtirib bayon qilinadi. Demak, mistika zamonamiz rivojlanishi bilan birga odimlayotgan janr ekan, degan xulosaga kelish mumkin.

Hozirgi paytda mistika yo‘nalishi jahon adabiyotida va kino san’atida juda katta bo‘lakni egallagan. Shaxsan men tan olgan Alfred Xichkok va Jon Karpenterlarning yigirmanchi asrning 60-80 yillarida olgan filmlari hozir klassik asar bo‘lib qolganlar. Butun rivojlangan mamlakatlarda bunday san’atga qiziqish g‘oyat ulkan. Asosiy sabab, uning o‘quvchini sirli, g‘ayri oddiy voqealar qa’riga tushirib, ongiga qattiq turtki berishidir.

Mistik asarlar ikki xil bo‘lar ekan. Birinchisi, oddiy mistika. Bunda qandaydir sirli voqelar hikoya qilinadi, ular albatta o‘quvchini asar nihoyasiga yetguncha hayajonda ushlab turadilar. Ikkinchisi, falsafiy mistika. Bunisida, sirli va hayajonli voqealar falsafiy yechim bilan tugallanadi va o‘quvchiga qanday xatti-harakatlar falokatga olib boradi-yu, qanaqalari baxtga, ezgu maqsadga erishtirishini badiiy vositalarda ko‘rsatib beradi. Nazarimda, bu ikkala yo‘nalish ham yashashga xaqli.

Erkin Usmonovning men tilga olgan to‘plamlarida ikki yo‘nalish ham mavjud. Masalan, “Ko‘zoynak” qissasi, “Uzuk ko‘zidagi jodu”, “Marhum kech soat sakkizda keladi”, “Kapalak”, “Txarad”, “To‘rtinchi hodisa” kabi hikoyalari birinchi yo‘nalishga mos kelsa, “Liftga chiqqan besh kishi”, “Do‘stim Goratsio”, “Panja orasidagi tilsim”, “Lain”, “Yog‘iy” va boshqa asarlar ikkinchi yo‘nalishga mansubdir. Lekin, bu kitoblardagi har bir asar har qanday sharoitda o‘quvchining diqqatini mahkam ushlaydi. Ochig‘i, men ba’zi hikoyalarni o‘qib juda qo‘rqdim. Yo‘q, voqealardagi sirlilik va g‘ayritabiiylikdan emas, hayotida razillik qilayotgan, shaytonga bo‘ysunayotgan, nafsiga egalik qilolmay ozgina foyda uchun vijdonini, yaqin va uzoq odamlarni sotgan kimsalarning oxir-oqibatda qanday ahvolga tushganlarini, olayotgan jazolarini his qilib qo‘rqdim. Men, beixtiyor, nogahon shunday ish qilib qo‘ysam, shunday ayanchli holatga tushamanmi, degan hayollarga ham bordim… Axir, haqiqiy adabiyotning vazifasi shu emasmi? Har bir asar bizni faqat to‘g‘ri yashashga, insofli, diyonatli bo‘lishga o‘rgatishi kerak emasmi?!

“Marhum kech sakkizda keladi” kitobini o‘qir ekanman, ayrim hikoyalar zamonaviy mistika prozasi ustalari Stiven King, Maykl Krayton va Din Kunslarning darajasida bitilgan ekan, degan hayollarga ham bordim. Ayniqsa, “Liftga chiqqan besh kishi” hikoyasi menga katta ta’sir qildi. Bu asarning inson ongiga beradigan zarbasi juda kuchli. Boshqalar, men bilmadim-u, qanday xulosaga keladilar, ammo mening nazarimda ushbu ijod namunasi jahon adabiyoti durdonalari bilan bemalol raqobatlashadi.

Nazarimda, bu teran falsafa bilan yo‘g‘rilgan asar. Yozuvchidagi ayni shu falsafiy mushohada va undagi yozuvchilik iste’dodi va iqtidori hayot qonunlarini bexato aniqlashga, ularni o‘quvchilar ongiga o‘ziga xos yo‘l bilan yetkazishga imkoniyat bergan.

Ba’zan o‘ylayman: yana boshqa yozuvchilar bormikan, shu mistika yo‘nalishida ijod qila oladigan, o‘ziga xos dahshatli sharoitni o‘ylab topib, unda kechadigan voqealar orqali hayotning haqiqatlarini bayon eta oladigan?.. Payqashimcha, bundaylar juda kam! Bunga sabab nima? Fikrimcha, u ikkita: birinchisi, bu janrga qiziqish va xos bilim yetishmasligi; ikkinchisi, turmush ikir-chikirlarini yozish osonroqligi va o‘z qobig‘iga o‘ralib ijod qilaberish. Buning uchun, ijodkorlarni ayblashdan yiroqman, barchaning o‘z qiziqish doirasi, o‘z yo‘nalishi mavjud.

Shu kunlarda o‘zimga o‘zim savol beraman: Erkin boshlab bergan yo‘ldan kimdir yurarmikan? Savolimga javob topolmayman…

Ko‘proq yashashing kerak edi, do‘stim. Ko‘proq yashashing kerak edi.

Erkin Usmon
IKKI  HIKOYA
006

CIMG4490a.jpgErkin Usmon 1952 yil 10 fevralda Toshkent shahrida tug‘ilgan. Toshkent Davlat chet tillar institutini tugatgan (1978). Dastlabki fantastik hikoyasi — «K. K» (1967). Shundan so‘ng yozuvchining «Gunafsha» (1981), «O‘g‘ildan sovg‘a keldi» (1984), «Olam nurga to‘ladi» (1987), «Kulishgani keldik», «Dilingda darding bo‘lsa», «Yostiqdek kitobdan uch sahifa» (1989), «Hayratlarga to‘la dunyo» (1995), «Qatortol tomonlarda» (2007), «Ajal xiyoboni» (Saylanma, 2008) singari hikoya va qissalari nashr etilgan. Shuningdek, u «Onaginam», «Yuk ko‘targan odam», «Gulliverlar», «Ayol kishining baxti» kabi qissa va hikoyalar asosida televizon va radiospektakllar muallifi hamdir.Karel Chapek, Grin, Paustovskiy, Anor kabi adiblarning asarlarini rus va ingliz tillaridan o‘zbek tiliga tarjima qilgan. 2016 yil 4 dekabr kuni vafot etgan.

006

TXARAD

«Ana shu yo‘l yoqalab boraversang, bir daraxtga duch kelasan. Yodingda tut, u oddiy daraxt emas»
«O‘zbek xalq ertaklari»dan.

Namozshomga yaqin havo aynidi.

Ko‘k yuzini yag‘ir, uvada bulutlar qoplab, kuchli shamol turdi. Dov-daraxtlar titrab-qaqshab, yo‘lkalar mayda-chuyda shox-shabbalaru bargu xazonlarga to‘ldi. Qayerdadir, yopilmay qolgan deraza darchasi bo‘lsa kerak, oynaning qarsillab singani quloqqa chalindi. Bu ham yetmagandek, chiroq o‘chib qoldi. Tevarak-atrofga allanechuk vahimali va rutubatli zulumot cho‘kdi va ana shu sim-siyoh osmon bag‘rini tilkalab chaqmoq chaqdi, yeru ko‘kni larzaga solib, momaqaldiroq gumburladi. Qor aralash yomg‘ir yog‘a boshladi…

Tun yarmidan oshgan, subhi kozib pallasi edi chamasi, endi ko‘zim uyquga ilingan ekan, xotinim uyg‘otdi.

«Kimdir derazani taqillatayapti», — shivirladi vahimali tovushda.

O‘rnimdan turib derazadan qaradim. Qorong‘ulik qo‘ynida hech narsa ko‘rinmas, faqat yomg‘ir tomchilarining shitir-shitirigina eshitilardi xolos. Xotinim tomonga qarab, «hech zog‘ yo‘q» dedimu, shu payt qandaydir qo‘llarning deraza tokchasini timdalab, oynani ustma-ust chertgani aniq-tiniq qulog‘imga chalindi. Tok urgandek seskanib ketdim.

«A… a-na!» — yana shivirladi xotinim tili zo‘rg‘a aylanib.

Apil-tapil choponimni yelkamga tashlab, qo‘lchiroqni oldimda, ko‘cha eshikni ochib tashqariga chiqdim.

Asfalt yo‘l yuzasi katta-kichik ko‘lmakchalarga to‘lib toshgan, izg‘irin yanada kuchaygandek edi. U yoq-bu yoqqa alangladim. Ko‘chada hech kim ko‘rinmadi. Ko‘nglim xotirjam bo‘lib uyga kirayotgan ham edimki, deraza oynasining yana tiqillagani eshitildi. Qaradim. U shundoqqina eshigimizdan bir-ikki quloch narida o‘sgan daraxt shoxlari edi.

Bizni va yon qo‘shnimiz Musurmon tog‘aning eshigini quchib olgudek tarvaqaylab ketgan daraxt shoxlari har shamol esganida devorlarni, deraza tokchasiyu kesakilarini paypaslar, haqiqatan ham xuddi kimdir oynani taqillayotganga o‘xshab ketardi.

Xotinim xavotirlanib qaradi shekilli, deraza pardasining shitirlab surilgani eshitildi. Eshikni tambalab, uyga qaytib kirdim. «Hech kim yo‘q, daraxt shamolda chayqalib, shoxlari derazaga tegayotgan ekan», deya xotinimni tinchlantirgan bo‘ldim. U «qurib ketsin, o‘takamni yorib yuborayozdi» deya yana o‘rniga borib yotdi.

Men xotinimni tinchitdimu, lekin shu tobda negadir o‘zimning halovatim yo‘qola boshlaganini sezdim. Uyqum qochgan edi. Sigaret tutatib tashqariga chiqdim. Zina yondoriga omonat o‘tirib cheka boshladim. Negadir, xotinimni daraxtni «qurib ketsin» deya qarg‘agani kulgimni qistatdi. Chunki, eshigimiz yonida o‘sgan u daraxt sira «qurib ketadigan»ga o‘xshamasdi.
Juda g‘alati daraxt edi. Uning ko‘chatini bir vaqtlar, bundan o‘n-o‘n besh yilcha muqaddam vokzal yaqinida bir notanish kimsadan bir shisha vinoga almashib olgandim. Uni uyga olib kelgan kunimni ham yaxshi eslayman.

Erta bahor… Bulutli oqshom edi… Vokzal maydonidagi qahvaxonaga sigaret olgani kirgandim. Sigaret olib chiqib kelayotganimda soch-soqoli jo‘xori popugiga o‘xshagan, afti-basharasi shishib, kulrang ko‘zlaridan hech bir ma’no uqib bo‘lmaydigan bir irkit kishi ro‘paramdan chiqqan, chekishga sigaret so‘ragan va gap orasida ko‘chat sotmoqchi ekanligi, agar istasam, bir shisha vinoga almashishi mumkinligini aytgandi. Ko‘chat jonivor esa, yirtiq gazeta bo‘lagiga nari-beri o‘ralgan ko‘yi qahvaxona zinasi yonida tashlandiq, cho‘ltoq supurgidek bo‘lib yotardi.

Turgan gap, men uning qanaqa daraxt ko‘chati ekanligini surishtirgan, notanish kishi esa so‘yloq tishlarini ko‘rsatib tirjayib qo‘ygan va «Yaxshi daraxt, juda chiroyli o‘sadi» degandi. Va men o‘sha oqshom uni uyga olib kelgandim va ertasigayoq eshigimizni ro‘parasidagi ariq bo‘yiga ekib qo‘ygandim. Ochig‘ini aytsam, uning qanaqa daraxt ekanligiga ham unchalik qiziqmagan, ko‘chatga yoxud uning egasiga rahmim kelganidanmi, shunchaki yerga qadab qo‘ygandim, xolos. Shu bois, xuddi notanish kimsa aytgandek bo‘lib unib chikqanida ham unchalik ajablanmadim.

Ko‘chat kutilmaganda tez ildiz otib, o‘sib ketdi. O‘sha ko‘klamdayoq, tirnoqdek-tirnoqdek, xuddi charmdan qirqib olingandek, qattiq-qattiq yaproqlar chiqardi, keyin na gulga, na mevaga o‘xshagan, qon tomchilarini yoxud mayda-mayda qizil yulduzchalarni eslatguvchi kurtaklar tugdi va eng qizigi, o‘sha yerining o‘zida ignadek-ignadek o‘tkir va ingachka tikanlar ham paydo bo‘ldi.

Eng ajablanarli yeri shundaki, unga na issiq, na sovuq ta’sir qilardi. Juda chidamli, ayni choqda allanechuk g‘ayritabiiy daraxt edi u. Uning uchun na yoz saratoniyu qish qahratonini, na kuz xazonrezgiligiyu bahor tarovatining mutlaqo ahamiyati yo‘kdek tuyular, go‘yo mangulikka qo‘yilgan haykal yanglig‘ savlat to‘kib turaverardi. Yanayam kizig‘i, uning ustida to‘lib-toshib sayrash u yokda tursin, shox-butoqlariga bironta qush qo‘nganini yo uya qurganini eslayolmasdim. Shuning uchun bo‘lsa kerak, yon qo‘shnimiz Musurmon tog‘a uni so‘kkani-so‘kkan, meni koyigani-koyigan edi.
«Qayoqdan topib keldingiz, bu kasofatni? — derdi u norozi ohangda. — Na meva qilsa, na soya tashlasa! Na bundoq qarab odamni bahri-dili ochilsa!.. Juda bexosiyat daraxt ko‘rinadi, kesib tashlab qo‘yaqolaylik, zora o‘tinga yarasa!…»

Men esa kulib qo‘yaqolardim. «Ha endi, bir daraxt, Xudo yaratgan tabiatning bir ne’mati-da!» — derdim.

Musurmon tog‘ani bo‘lsa, battar jig‘ibiyroni chiqardi.

«Yo‘q, bu Xudo qarg‘agan daraxt! — derdi u fig‘oni oshib. — Qaysi kuni masjiddan shomni o‘qib qaytayotsam, uzoqdan xuddi barzangi odamga o‘xshab ko‘rinib ketdi. Xuddi boshiga shapka kiyib, sekin … siznikiga yo biznikiga kirib borayotgan kissavurga o‘xshaydimi-yey!…»

«Unaqa demang, Musurmon aka, — derdim qo‘shnimni hovridan tushirishga urinib. — Daraxtning yaxshi-yomoni bo‘lmaydi. Faqat yo manzarali, yo mevali bo‘ladi xolos…»

Ko‘shnim ham o‘ziga yetgancha qaysar odam edi.

«To‘g‘ri, mulla yigit! — to‘ng‘illardi u qovog‘ini uyub. — Lekin, buningizni na mevasi bor, na manzarasi!…»

Xullas, men u yokda o‘z ishlarim-yumushlarim bilan andarmon, Musurmon tog‘a bo‘lsa bu yoqda xunobi chiqib yuraverdik. Daraxt esa o‘saverdi va ko‘p o‘tmay o‘zining chigal va sertikan shoxlari bilan Musurmon tog‘aning ham, bizning ham eshiklarimiz, derazalarimiz tepasini qoplab oldi.

Aslini olganda, Musurmon tog‘a yomon odam emasdi. O‘lgudek kamtar va kamsuqum bu odam bilan ko‘p yillik yon qo‘shni bo‘lsakda, kunda-kunora uchrashib tursak-da, uning nihoyatda murakkab hayotini, naq ajalning ogzidan omon chiqqani haqida hech nima bilmasdim va buni eshitganimda ochig‘i juda hayratga tushgandim.

Esimda bor, Musurmon tog‘aning katta kuyovi bilan bir davrada o‘tirganimizda u shirakayflik bilan qaynotasining «tarjimai holi»ni uch-to‘rt og‘iz so‘z bilan «chizib» qo‘yaqolgan edi.
Ma’lum bo‘lishicha, Musurmon tog‘aning bobosi o‘ris askarlari shahar ahli uyquda yotgan paytda Toshkentga bostirib kirgan yili asir olingan va otib tashlangan, keyinchalik xuddi shu narsa Musurmon tog‘aning otasiga ham «tamg‘a» qilib bosilgan va u ham o‘ttiz yettinchi yili qamalib, bedarak ketgan ekan. Ana o‘sha voqea-hodisalarning davomi yoxud natijasi o‘laroq, Musurmon tog‘a ham urushdan keyin bir necha yil o‘tgach qamalib, yigitlik davrini Rusiya o‘rmonlarida o‘tkazgan ekan…

Kim bilsin, balki bu gaplarni uning kuyovidan eshitmaganimda, Musurmon tog‘a qismatidan butkul bexabar qolarmidim deya o‘ylab qolaman. Chunki, u kishining o‘ziga qolsa, bular haqida ikki dunyoda ham og‘iz ochmagan bo‘lurdi…

Endilikda bo‘lsa, umr bo‘yi ro‘shnolik ko‘rmagan ana shu keksa tarix muallimi (taqdirning «achchiq hazili»ni qarang!) uchta qizini allaqachon uzatgan va hayhotdek hovlida kasalmand xotini bilan tavfiqona hayot kechirib yurardi.

Faqat bir narsani sira tushunolmasdim. Musurmon tog‘a qanchalar ko‘ngilchan va mehribon odam bo‘lmasin, ikkovimizning uyimiz ro‘parasida o‘sgan, oti ham, zoti ham notayin, ana o‘sha bechoravash daraxtni yoqtirmas, unga sira tobi-toqati yo‘q edi.

… Axiyri bo‘lmadi. Qaysi bir yili ikkovimiz uni arralab tashladik. Uylarimizning oldi ochilib, kun tushadigan bo‘lib qoldi. Lekin, Musurmon tog‘aning bu quvonchi uzoqqa bormadi. Bir yil o‘tar-o‘tmas yana ko‘karib chiqdi. Yana kesdik. Ildizlarini kavlab, chopib tashladik. Lekin uning ilondek cho‘zilib, bir-biriga chirmashib ketgan qop-kora ildizlari juda chuqur tomir olib ketgan ekan. O‘sha-o‘sha hafsalamiz sovib, o‘z holiga tashlab qo‘ygandik. Yaqinda, Musurmon tog‘a yana hasratini boshladi.

«Bu daraxtingiz yaxshilik keltirmaydi», — dedi u bir kuni gapdan-gap chiqib. — Agar sezgan bo‘lsangiz, yon-verida bironta daraxt unmas ekan…»

Ana shu gapdan keyin o‘ylanibroq qoldim. Chindan ham, shu g‘alati daraxt o‘saboshlagandan beri, darvozamiz yonida na olcha, na olma, na boshqa daraxt ko‘karibdi…

«Nega bunaqa?» desam, Musurmon tog‘a «Ildizlarini ochganimizda ko‘rdingiz-ku, to‘rt tomonga o‘rmalab yotibdi. Boshqa daraxtlarning rizqini qiyib, gullab-yashnab o‘saveradi-da!» deya ma’yusgina kulimsiradi va qo‘shib qo‘ydi.
— Xuddi, Sho‘ro hukumatiga o‘xshab! …»

Men o‘sha topda, «Xo‘p, Sho‘ro hukumatidan to‘ygan ekansiz-da!» deb yuboray dedimu, tilimni tishlab qoldim. Bu jabrdiyda mo‘ysafidning yarasini yangilagim kelmadi.

… Xudi o‘sha kunlarning birida uyimizga tanish tabiatshunos og‘aynim kelib qoldiyu u ham bu daraxtni aniqlay olmadi.

Faqat, «Yo‘q, bu — bizning iqlimda o‘sadigan daraxt emas. Gaplaringta qaraganda, u boshqa daraxtlarning quvvatini so‘rib olib, istagan joyga moslashib ketaverarkan. Shunaqa tur daraxtlar bor deb eshitgandimu, sira ko‘rmagandim» dedi.

«Oti nima»» desam, yelkasini qisib qo‘ydida kulib, «Buni daraxt desang, asakang ketadi. Shuning uchun «Txarad» deb atagan ma’qul» deb hazillashdi. Ma’lum bo‘lishicha, «Txarad» degani «Daraxt» so‘zining teskari o‘qilishi ekan. Kulishdik.

Maktabda o‘qib yurgan kezlarimiz biz bolalar ham shunaqa, teskari «gaplashish»ni odat qilib olgandik. Masalan, men, «Yalaq» desam, og‘aynim «Ro‘z!» deb javob berardi. Bu, bizning «Qalay?», «Zo‘r» deya hol-ahvol so‘rashishimiz edi.

Shu-shu, bolalarcha sho‘xlik bilan aytilgan bu so‘z o‘yini yoqib qoldiyu, o‘zimcha unga «Txarad» deb nom qo‘yib oldim…

«Txarad» bir qaraganda, hech ziyon-zahmati yo‘q, beozor, ba’zan anchayin ojiz va notavon daraxtga ham o‘xshab ko‘rinardi. Lekin boshqa, biz bilgan, o‘nlab-yuzlab daraxtlar orasida bari bir «oq qarg‘a»dek bo‘lib ajralib turar, o‘zining sertikan shoxu butoqlarini qanot yanglig‘ yozgancha bo‘yiga ham, eniga ham o‘sib borardi. Ko‘pda hech kim unga e’tibor ham bermasdi. Nima ko‘p, biz bilgan-bilmagan, tanish-notanish dov-daraxtlar ko‘p. Kim ham ularning yoniga kelib, sinchiklab qarab o‘tirardi, deysiz?!…

Lekin, Musurmon toga bundan mustasno edi. U «Txarad»ni yoqtirmasdi va buni yashirib ham o‘tirmasdi.

Bir kuni ishdan qaytayotsam, qo‘shnim jig‘i-biyroni chiqib, daraxtning atrofida aylanib yuribdi.

«Nima gap, Musurmon tog‘a?» — desam, «E-e!» deya behafsala qo‘l silkidi. «Hech shu daraxt bilan chiqisholmadingiz, til topisholmadingiz-da!» deb hazillashgandim, jahli chiqib ketdi.

— Bu padari la’nat, o‘zimizning shaftolimi, o‘rikmi bo‘lsayam koshkiydi, — dedi u bo‘g‘ilib. — Na otining, na zotining tayini yo‘q! Hali peshinda qarasam, ishkomning tagidagi siymon yo‘lka darz ketib yorilib yotibdi. Nimaykan desam, ana shu badbaxtning bosh barmoqdek ildizi hovlimizning o‘rtasidan turtib, teshib chiqibdi…

— Be, shunga shunchalikmi? — dedim Musurmon tog‘ani tinchlantirib, — va yana hazilga yo‘ydim. — Ildizi ko‘chadan o‘tib, uyingizni tagidan hovlingizgacha chiqqan bo‘lsa, zo‘r ekan-da?!

— E, qo‘yib bersangiz ertaga tomga ham ildiz otadi, — dedi Musurmon tog‘a astoydil ranjib. — Xapa bo‘lmangu, buningiz daraxt emas, naq balo-qazoning o‘zi! Jami boshqa daraxtlarning qonini so‘radi… O‘zini shu yerlarning xo‘jayini deb his qiladimi-yey! Duch kelgan tomonga tomir otadi-ya! Tag‘in, g‘o‘dayib turishini aytmaysizmi?

— Mayli, bir yo‘lini qilib yo‘qotarmiz, — dedim nima deyishni bilmay.

— Be, yo‘qotib bo‘psiz endi uni, mulla — siniq kulimsiradi Musurmon tog‘a, — Agar tagidan portlatib yo ildiziga benzin qo‘yib yoqib yuborilmasa… bilmadim, yo‘qotish qiyinov!.

Musurmon tog‘aning bir burda yuziga qalqib chikqan noumidlik sharpasini sezib ajablandim. «Nahotki, hafsalasi pir bo‘lgan bo‘lsa?» — degan xayollarga ham bordim.

Musurmon tog‘a ko‘nglimdan kechgan o‘yni sezdi shekilli, sekin qo‘shib qo‘ydi: «O‘zi eshitmasinu… lekin, bu badbaxt daraxt hammamizdan ko‘proq yashaydiganga o‘xshaydi…»

Uning bu gaplaridan ham hayron bo‘ldim, ham kulgim qistadi.

— Eshitadi, eshitadi, — dedi Musurmon tog‘a. — Hamma daraxtlar eshitadi. Ular ham tirik jondek bir narsa-da, mulla. O‘sadi, gullaydi, meva qiladi, qariydi, quriydi, o‘ladi… Lekin, bu bedavoning joni juda qattiq ekan…

Shu bilan suhbatimiz tugadi. Oradan kunlar, haftalar, oylar o‘tdi. Tabiiyki, Musurmon tog‘a ham, men ham «Txarad» haqidagi o‘sha kungi gap-so‘zlarimizni unutib yuborgandik. Mana endi bo‘lsa, bugun, yarim kechada, aynan ana shu daraxt derazamizni timdalab, chertib, hammaning uyqusini buzib turibdi.

Beixtiyor o‘rnimdan qo‘zg‘alib, yana ko‘cha tarafga yurdim. Ko‘cha-ko‘yni qor bosgan, sovuq izg‘irin hamon zabtiga olar, daraxtlarning novdalaridan tortqilab, so‘ngti za’faron yaproqlarini yulqib, chirpirak qilib uchirar, faqat qorong‘ulik qo‘ynida tosh haykatdek qotib turgan «Txarad»ning mayda-mayda barglarigina qilt etmayotganga o‘xshar, go‘yo darg‘azab shamol ham bu bedavo daraxtni, uning sertikan shoxlarini chetlab o‘tayotgandek edi…

Daraxt tagiga keldimu, birdan uning ham notinch ekanligini ichki bir tuyg‘u bilan his qildim, «Txarad» ham allanechuk besar-bezovta edi. Uning ayqash-uyqash shoxlari ham alamli shivirlar, go‘yo tanasi qaqshab og‘riyotgandek qisirlar, qoqsuyak qo‘llarga o‘xshash novdalarini cho‘zib devorlarni paypaslar, timdalar, go‘yo iltijo qilayotganga, unsiz faryod chekayotganga o‘xshab ketardi.
Shundagina, «Txarad»ning ham qarib qolganini sezdim. Endi u ham boshqa daraxtlar kabi shamolning xurujiyu hujumlaridan qo‘rqqandek shox-butoqlarini ko‘kka cho‘zib yolborar, o‘zining taqdiri shamol deb atalmish ko‘zga ko‘rinmas kuchning shafqatsiz qo‘llarida ekanligini sezgandek, dag‘-dag‘ titrab turardi…

Shu tobda, negadir unga rahmim ham kelib ketdi. Ammo, ayni shu lahzalarda o‘zim ham ojiz va nochor edim. Faqat, «Txarad»ning unsiz faryodiga quloq tutish, so‘zsiz hamdard bo‘lishdan bo‘lak narsa qo‘limdan kelmasdi…

* * *

Ertalab g‘aflat bosib uxlab qolibman. Shosha-pisha ishga otlandim. Endi xonamga kirib borgandim hamki, telefonga chaqirishayotganini aytishdi. Hayron bo‘lib go‘shakni qo‘limga oldim. Xotinim ekan. «Tez keling!» — dedi u yig‘lamsiragan tovushda. — Qo‘shnimiz Musurmon tog‘a qazo qilibdilar…»

Parishon ahvolda uyga qaytdim. Sira ishongim kelmasdi. Kecha ertalab ko‘rishgan, odatdagidek, hazil-huzul qilib, birpas gurunglashgandik. Bugun bo‘lsa, endi bu gap!.. Bilib bo‘lmas ekan-da, odamni. Yo kechagi ob-havo ta’sir qildimikan? Kim bilsin, balki tundagi rutubatni yuragi ko‘tarmagandir, degan xayolda ko‘chamizga kirib keldim. Ammo, hammasi o‘ylaganimdan ko‘ra boshqacharoq bo‘lib chiqdi.

Musurmon tog‘a bilan bizning eshigimiz ro‘parasidagi daraxt — «Txarad»ning chirib ketayozgan tanasi ag‘darilib yotar, uch-to‘rtta yosh-yalanglar esa arra va boltalar bilan uning shox-butoqlarini butashmoqda edi. Hech vaqoga tushunolmay qoldim.

Ma’lum bo‘lishicha, machitda bomdodni o‘qib qaytgan Musurmon tog‘a ostonadagi qorni kurayotgan ekan, tuyqusdan daraxtning katta bir shoxi sinib ustiga tushibdi. Musurmon tog‘a boyaqish hali o‘zini o‘nglab olmasdan turib, daraxtning o‘zi ham g‘irchillab ustiga yiqilibdi…

Kimdir «umurtqa pog‘onasini ezvoribdi» desa, kimdir «boshini majaqlab tashlabdi» derdi. Boshqa birov esa «u ham emas, bu ham emas, baxtsiz tasodif» deganga o‘xshash gap qildi.
Nimayam deysiz, odam bolasining taqdiri azaldan qochib qutulolmasligi-ku, tayin gap. Lekin Musurmon tog‘aning kutilmagan o‘limi qismatmikan, yozuqmikan yoki shunchaki baxtsiz hodisamikan? … Har nima bo‘lgandayam men bu ko‘ngilsiz hodisa uchun o‘zimni ham aybdordek his qildimu, o‘zimni qayerga qo‘yishni bilmay, gangib-kalovlanib qoldim.

Qo‘ni-qo‘shnilar Musurmon tog‘aning eshigi yoniga, yo‘l yoqasiga uzun harraklar o‘rnata boshlashdi. Qandaydir chapdast yigitlar yuk mashinasida tobut keltirib yo‘l chetiga qo‘yishdi. Ichkarida xotin-xalajning yig‘i-sig‘isi quloqqa chalinib qolardi. Birin-ketin ola-quroq izdihom janozaga yig‘ila boshladi…

Uch-to‘rt yigit «hoy-hoy»lashib shox-butoqlari chopilib, qo‘li-oyog‘i kesilgan odamga o‘xshab qolgan «Txarad»ni ko‘tarib, yo‘l chekkasidagi butalar orasiga olishayotganini ko‘rib, men ham ularga yordamlashgani oshiqdim.

Va shu payt … uni yerga tashlayotganimizda, ariq chetida bo‘y cho‘zib turgan, qizg‘ish novdalarini ignadek-ignadek tikanlar qoplagan pastakkina butaga ko‘zim tushdi-yu, qotib qoldim.

Yo‘lning berigi tomonini yorib chiqqan bu nihol ham — «Txarad» edi…

BO‘RI BOLASI

Emaklaydi bo‘ri jim-jit,
O‘ljaga intiq…
Usmon AZIM

Ashampoo_Snap_2017.03.13_18h40m08s_001_.pngYakkaqoyalik Sulaymon ovchi haqida eshitgandimu, o‘zini ko‘rmagandim. Yaqinda tasodifan uchratib qoldim.

Laboratoriyamiz mudiri, professor Qurbonovning safardan qaytganini eshitib, uyiga o‘tgan kunim edi. Mashinamni yo‘l chekkasiga qo‘yib, yo‘lakka kirdimu, shu tarafga kelayotgan ikki kishini ko‘rib to‘xtadim. Biri, pakanasi — professor, ikkinchisi — oq-sariqdan kelgan, barvasta qomatli, shopmo‘ylov kishi — keyin bilsam, Sulaymon ovchi ekan.

Ochig‘i, u tasavvurimdagiga nisbatan boshqacharoq bo‘lib chiqdi. Jahli tez, chapanitabiat, o‘ziga yetgancha qaysar odamlar toifasidan ekan. Shunaqa fe’lli odamning professor Qurbonov bilan topishib, aka-ukadek qadrdon bo‘lib qolganiga hayronman. Professor mutlaqo uning aksi edi. Bir qop yong‘oqdek shaldir-shuldir, bolalardek sodda, darveshtabiat bu odam qiziqmagan sohaning o‘zi yo‘q. Chog‘roqqina hovlisiga har balo gullaru daraxtlarni ekaverib, ko‘chatlarni bir-biroviga payvand qilaverib, o‘zi aytmoqchi naq “jungli”ga aylantirib yuborayozgan, hovli etagiga qator qafaslar o‘rnatib, u yerda to‘tiqushu sa’valar, kakligu tovuslar boqib, hammani hayratga solib yuradigan ajoyib inson edi.

Xullas, ostonada ko‘rishdik, hol-ahvol so‘rashdik. Professor Sulaymon ovchini menga tanishtirdi, keyin gap orasida uni o‘zining iltimosini yerda qoldirmaganini aytib, maqtangandek ham bo‘ldi.
Sulaymon ovchi uning gapini eshitib bosh chayqadi.

— Shu ishni bekor qildingiz, domlajon. Men sizga Yakkaqoyaning eng old itini topib berardim.
— Be-ye, qo‘ysangiz-chi, azizim, — kuldi professor, — endi-i… bir dil ketdi-da!…

— Bilmadim, bilmadim, — afsuslangannamo ohangda dedi Sulaymon ovchi. — Shu paytgacha bo‘rivachchani boqilganini eshitmaganman…

— Juda boqiladi-da! — iljaydi professor, — buyam bir eksperiment-da! Xo‘sh, siz ayting-chi, mulla yigit, — menga yuzlandi u, — nega sirkda dahshatli timsohlaru bahaybat fillarni, yirtqich arslonu yo‘lbarslarni qo‘lga o‘rgatishadiyu, nima uchun bo‘rini o‘rgatisholmaydi?

Men “bilmadim” degandek yelka qisdim. Chunki hanuzgacha ularning gap-so‘zlariga tushunolmay, lolu hayron turardim.
— Bo‘rining qoni boshqa bo‘ladi, domla, — dedi Sulaymon ovchi sarg‘ish qoshlarini chimirib.

Professor esa unga g‘olibona nazar tashlab qo‘ydi-da, yana menga yuzlandi:

— Bilasiz. Fanda “Adaptatsiya” degan narsa bor. Lotincha ibora bu. Ya’ni, biologik organizmning yashash sharoitiga moslashib ketishi… Mana ko‘rasiz, Sulaymon aka, bo‘rivachchangiz ham “adaptatsiya qonuni”ga bo‘ysunadi.

— Men unaqa kitoblarni o‘qimaganman, domla, — bosh chayqadi Sulaymon ovchi. — Har holda, bu bo‘ri bolasi, kuchuk emas!
— Ana, ana! — iljaydi professor. — E’tiboringiz uchun bo‘rilar ham itsimonlar oilasiga kiradi.

— Bilmadim, bilmadim, — dedi Sulaymon ovchi bosiq ohangda, — faqat aytib qo‘yay, azbaroyi eski qadrdonligimiz hurmati, yuzingizdan o‘tolmadim. Lekin, ehtiyot bo‘ling! Bo‘ri, har qalay bo‘ri!..
— Unaqada laqabini Bo‘rivoy qo‘yaman! — qah-qah urdi professor.

Sulaymon ovchining tund chehrasiga ham beixtiyor tabassum qalqdi.

— Bilganingizni qiling! Lekin o‘sha gap, gap. Mabodo fikringizdan qaytsangiz, ayting, buni olib ketib, o‘rniga zo‘r bo‘ribosar olib kelib beraman.

— O‘sha kuchuklaringiz o‘zingizga siylov! Xavotir olmang, hammasi yaxshi bo‘ladi, — dedi professor. — Bugun qolsangiz bo‘lardi-da, mana shogirdimiz keldilar, oshni qiyib qo‘yadilar. Shiyponda gurunglashib yotardik!

— Yo‘q, rahmat, osh bo‘lsa qochmas, — dedi Sulaymon ovchi. — O‘zingiz ko‘rdingiz. Tog‘larniyam o‘ziga yarasha tashvishlari to‘lib-toshib yotibdi. Qaytishim kerak. Elektrichkaga yetib ola qolay.

Men yalt etib professorga qaradim.

— Men vokzalga tashlab o‘ta qolaman!
— Yo‘q, kerakmas, o‘zim, — dedi Sulaymon ovchi xurjunini yelkasiga ilib.

— Yo‘q deganingiz nimasi, Sulaymon aka, — dedi professor. — Bu kishi o‘zimizning yaqin ukaxonlardan. Kelajagi porloq biolog. Tashlab qo‘yadilar.

Ular xayrlashishdi. Sulaymon ovchi ikkovimiz mashinaga mindik.

Yo‘l-yo‘lakay, na u kishi og‘iz ochdi, na men biron nima deyishga botinolmadim. Ovchining salobatimi, o‘ychan chehrasimi, nimadandir norozi qiyofasimi, bunga izn bermadi.

— Domlangiz xo‘p alomat odam-da, — dedi u nihoyat o‘z-o‘ziga gapirgandek. — Bilsangiz kerak, har yili besh-o‘n kun Yakkaqoyada dam olib qaytadi. Otga mingashtirib toqqa olib chiqaman, ov qilamiz, allambalo o‘t-o‘lanlar teradi, allamahalgacha muk tushib yotib kitobini yozadi… Bu safar aynidi. Uch-to‘rt kun burun kechqurun daradan o‘tib kelayotib allanimaning g‘ingshigan tovushini eshitdim. Otim ham hurkib orqaga tisarildi. Qo‘lchiroqni yoqib qarasam, yo‘l o‘rtasida mushukchadek bo‘ri bolasi ingillab u yoqdan-bu yoqqa yuribdi. Hayron bo‘lib o‘sha tarafga yaqinlashdim. Bo‘ri bolalari uch-to‘rt haftalik bo‘lgandan keyin inlaridan o‘rmalab chiqadigan bo‘lib qoladi. Ona bo‘ri esa bu paytda nariroqlarga keta boshlaydi. Menimcha, bu bo‘ri bolasiyam onasiga ergashib suvlagani chiqqanu adashib qolgan bo‘lsa kerak. Shartta ushladimu, xurjunga solib uyga qaytdim. Ana shu bo‘rivachchaga professorning ishqi tushdi-qo‘ydi-da! “Boqaman” deydi. Xudoning zorini qildim, qani unasa! Qarasam juda hafa bo‘ladigan. “Siz shaharga ketavering, ikki-uch kundan keyin o‘zim olib boraman” deb arang ko‘ndirdim. Shaharga qaytgan zahoti teligrom jo‘natdi, sim qoqdi. Axiyri qo‘ymadida-ye! Bugun xurjunga solib olib kelishga majbur bo‘ldim…

— Nima, bo‘ri bolasini qo‘lga o‘rgatish shunchalar qiyinmi? — so‘radim undan.

— Ha, qiyin, — dedi Sulaymon ovchi jahl bilan. — Bo‘ri kuchuk yo mushuk bo‘lsaykan, o‘rgatilsa! U vahshiy. Baribir bir kun bo‘riligini qiladi.

— Unaqada qaytarib olib ketaqolmabsiz-da, — dedim achingandek bo‘lib.

— Domlangizning fe’lini bilasiz-ku, naq yosh bolaning o‘zi! Darrov arazlaydi. Shuning uchun qoldira qoldim. Mayli, besh-o‘n kun boqib ko‘rsinlar-chi!..

Sulaymon ovchi bilan vokzal maydonida xayrlashdim. O‘sha-o‘sha uni qaytib ko‘rmadim.

Oradan uch-to‘rt oycha vaqt o‘tdi. Bir kuni professor Qurbonov “Ertaga uyga o‘ting, Sulaymon ovchi keladigan”, deb qoldi. Bordim. Ovchi endigina kelib turgan ekan. Dasturxon yoniga o‘tirdik, hol-ahvol so‘rashdik, bir piyola choy ustida u yoqdan-bu yoqdan suhbatlashdik. Gap orasida professor maqtangannamo ohangda, “Bo‘rivachchani ko‘rasizmi?” deb qo‘ydi. O‘rnimizdan qo‘zg‘aldik.
Bo‘ri bolasi hovli etagidagi eng chekka qafasda ekan. Ko‘rinishidan yuvoshgina kuchukka o‘xshardi u. Bir qaraganda, uning qiyofasidan bo‘ri nuqsi sezilmas, faqat yelkasidagi zangsimon, sarg‘ish junlari tikkayib, irillab qo‘yganda va tugmachadek-tugmachadek ko‘zlarida cho‘g‘dek sovuq bir o‘t sharpasi yilt etib o‘tgandagina naslini eslatib yuborardi, xolos.

— Qalay, bizni “Tuzik”? — dedi professor jilmayib.

Sulaymon ovchi unga hayron qarab qo‘ydi.

— Nima, laqabini “Tuzuk” deb qo‘ydingizmi?

— Yo‘q, “tuzuk”mas, “Tuzik”, “Tuzik”! — kuldi professor. — Yaxshilab boqayapmiz. Faqat meni qo‘limdan ovqat yeydi, zang‘ar! Ishtahasi yomonmas! Haligi, kuchuk-mushuklar yeydigan “Chappi”, “Viskas” degan narsalarmi-yey, kalbasami, kanservami, paqqos tushiradi!..

Sulaymon ovchi qafasning pastakkina eshikchasini ochib yuborgandi, “Tuzik” uning yoniga yugurib keldi, dumini qisib, atrofida aylandi, keyin xuddi bir nima tilanayotgandek ovchining etiklarini iskab, yalay boshladi.

Sulaymon ovchi esa ko‘zlarini katta-katta ochgan ko‘yi unga bir lahza tikilib qoldi-yu, keyin jahl bilan bo‘ri bolasining tumshug‘iga tepdi, u ingillagancha ancha nariga borib tushdi. Keyin qochib qafasning qorong‘i burchagiga suqilib oldi.

— Nega tepasiz? — baqirdi professor jonholatda.
— Essiz… Tamom bo‘pti… — dedi Sulaymon ovchi chuqur xo‘rsinib va eshikchani ochib tashqariga chiqdi.

Boshqa bir og‘iz ham gapirmadi. Ovqat paytida ham “Tuzik” yotgan qafasga ko‘z qirini tashlagancha tund qiyofada o‘tirdi, bundoq ochilib gaplashmadi…

… Ertasiga professor yig‘lagudek qiyofada ishxonaga kirib keldi.

— Sulaymon ovchi “Tuzik”ni olib ketib qopti, — dedi u tovushi titrab.
— Qanaqa qilib olib ketadi? — tushunmadim men.

— Siz ketganingizdan keyin anchagacha gaplashib o‘tirdik. O‘tib qoldi. Ertalab g‘aflat bosib uxlab qolibman. U tong oqarmasdanoq “Tuzik”ni xurjunga solib, olib chiqib ketib qopti…

— Hech kim indamabdimi? — so‘radim yana.
— Kim nima deydi? — dedi professor parishon qiyofada. — Uyda yangangiz bor edi. Uyam sezmabdi. E, essizgina, endi qo‘lga o‘rganayotgan edi-ya!..

Men yosh bolaga o‘xshagan bu mo‘ysafidni qanday qilib ovutishni bilmay lolu hayron o‘tirardim…

Hikoyam shu bilan tugashi mumkin edi. Lekin yana bir tasodif yuz berdiyu, unga so‘nggi nuqta topgandek bo‘ldim.

Xizmat safari bilan tog‘liq tumandan qaytayotgan edim. Avtobusimiz yonilg‘i olgani yo‘l yoqasida to‘xtadi.

Tevarak-atrof xuddi ushatilgan xolva bo‘laklarini eslatuvchi tog‘lar, qoyalar… Yaqinginadan soyning sharqirashi quloqqa chalinadi… Men deraza yonida shularni tomosha qilib o‘tirarkanman, yo‘l chetida borayotgan yolg‘iz otliq ko‘zimga issiq ko‘ringandek bo‘ldi. Qarasam, Sulaymon ovchi. Avtobusdan tushdim. Ko‘rishdik. U yoq-bu yoqdan suhbatlashdik.

— Domlangiz mendan hafa bo‘lib yurgandir? — dedi u gap orasida ma’yusgina kulimsirab.

— Yo‘q, nega? — dedim men va o‘rni kelib qolgani uchun so‘radim. — O‘shanda nega o‘zingiz “Tuzik”ni olib ketib qoldingiz?

— Bilmadim, — dedi ovchi yelka qisib. — Negadir ko‘zimga juda xunuk ko‘rinib ketdi. Yaloqi itlardek oyog‘imga so‘ykalandimi-yey, dumini likillatib, tilandimi-yey!

— Uni nima qildingiz?

— Avvaliga tog‘ga qo‘yib yubormoqchi bo‘ldim. Asliga qaytar, deb o‘yladim. Qarasam, ochidan o‘ladigan. Bo‘riligini unutib yuborgan-da… Boshqa bo‘rilar g‘ajib tashlashi ham hech gapmas.

— Keyin nima qildingiz?
— Otib tashladim, — dedi Sulaymon ovchi sovuqqina qilib.

Negadir seskanib ketdim.

— Nima?.. Nega? Nima uchun? — so‘radim o‘zimni bosishga urinib.

— Chunki, u bo‘rilikka isnod keltirdi, — xo‘rsindi Sulaymon ovchi va qo‘shib qo‘ydi, — mayli, salomat bo‘ling, mulla yigit. Domlangizga salom ayting. Mendan hafa bo‘lmasinlar. Tushunishlari kerak!..

Biz shu yerda ajralishdik. Sulaymon ovchi otiga qamchi bosib tog‘ yo‘liga qarab ketdi. Men esa avtobusimiz tomonga yurdim. Orqa tarafga yana bir marta o‘girilib qaraganimda, endi Sulaymon ovchi yo‘q, tog‘ ko‘ksiga sanchilgan yolg‘izoyoq yo‘lgina oqarib ko‘rinib turardi, xolos…

0 content.JPG

(Tashriflar: umumiy 532, bugungi 1)

Izoh qoldiring