Azim Suyun. Hayot va adabiyot haqida qayirmalar & Azim Suyun “She’r sehri” teledasturida

Ashampoo_Snap_2017.05.27_01h43m30s_002_.png   22 февраль — Атоқли шоир Азим Суюн туғилган кун

Ҳар бир миллат шоири қалбининг гўзаллиги, эзгулиги ўзгача, шеърининг фусуни ўзгача! Чин адабиёт, чин шеърият юракдан яратилган бўлса — умумбашарийлик касб этган бўлса — у инсониятники! Ҳар кандай тамаддун даврида ҳам Қалб ва тафаккур ҳосилалари яшайди.

Азим СУЮН
ҲАЁТ ВА АДАБИЁТ ҲАҚИДА
ҚАЙИРМАЛАР

005

* * *

ind.jpgОлтмиш беш ёшда эдим. Катта Боғдон — тоғ қишлоғида бўлдим. Ўзимнинг тан имкониятимни синаб кўрмоқчи ва Қизучган қояга — минг метрдан баландроқ чўққига чиқмоқчи бўлдим. Чиқдим! Чўққининг устида озроқ бошим айланди. Ўзимдан ўзимга улкан ишонч пайдо бўлди. Аммо руҳ имкониятимни қайси чўққида синай?

* * *

Зағизғонни ёмон кўраман, тухум ўғирлагани учун. Майнани ёмон кўраман, узумларга очофатлик билан ташланганлиги учун. Уларни ёмон кўрмаган бўлурми эдим… Товуқларим тухумлари, узумзорим бўлмаганида…

* * *

Бўрибосар ит занжирда эди. У занжирни узгудек ҳар тарафга юлқинар, важоҳат билан ҳар қандай кимсани қопмоқчидек, истаган мол-ҳолни ғажиб ташлагудек бўларди. Уни қўйиб юбордилар. У итялоқ турган жойга югурди…

Бўрибосарнинг бу ҳолатини кўриб, кўп мансабдорларни эсладим.

* * *

Олтинни ҳам олтин сотиб олади.

* * *

Қалбим Аллоҳ сари!
Кундан-кун ҳеч нарсани билмагандай, ҳеч нарса ўқимагандай, уқмагандай, имконсиздай, умрим беҳуда ўтгандай ҳолатга тушиб бормоқдаман. Ҳолбуки, ёз ҳаётини яшаяпман.

* * *

Кексанинг вужуди эски деворга ўхшайди. У кундан-кун нураб бораверади.

* * *

Ҳиндистонни кезиб юрардим. Ҳиндистон тўтиларини кўрмоқ учун бир ўрмонга бордим. Чиндан, бу ерда тўтилар кўп экан. Улар шундай ранг-баранг, чиройли — кўзлар қамашади. Ақл шошади, овозларининг ўзи аломат, улкан бир куй-қўшиқ. Бундай шафқатсиз гўзаллик олдида бир тўнкага ўтириб қолдим.

* * *

Ўзгалардан устун бўлишнинг эмас, ўзингдан устун бўлишнинг кўпроқ ғамини чек.  Шунда умринг, ҳаётинг маъно, ҳикмат гулларига бурканади.

* * *

Денгизлар, уммонлар ўзларига булоқлару дарёларнинг қуйилмай қолишидан кўрқиб яшайдилар. Мен болаларимга муте каби: деҳқон даласига, балиқчи денгизига, чорвадор Кўкнинг ёмғирли булутларин марҳаматига мутедирлар.

* * *

Хонадон ити ботир, кўча ити қўрқоқ бўлади. Чунки биринчисининг ишонадиган эгаси бор, иккинчиси эса дайди.

* * *

Дунёда қилинаётган барча жиноятлар, асосан, тунда содир этилади. Менинг назаримда, жиноятчилар тонг отишига, қуёш чиқишига ишонмайдиган кимсалардир.

* * *

Табиатан қашқирлар каби ваҳший, одамхўр, золим кимсалар бор. Улар жамият қонунларини писанд қилмайдилар. Бу кимсаларнинг жазосини фақат ўқлар, киличлар, сиртмоқлар ва қамоқлар адолати бериши мумкин.

* * *

Турмуш ташвишлари бамисоли тушов. Лекин бу тушовсиз яшаб бўлмайди.

* * *

Қаноат — сенинг қай даражали инсон эканлигингни кўрсатгувчи куч!

* * *

Муносиб бўлсанг “буюк” десинлар, аммо “бу — юк” дейишларидан қўрк.

* * *

Одамзодда тан тенглиги, куч-қудрат тенглиги адолати бўлиши мумкин, аммо ақл- тафаккур тенглиги адолати бўлмайди.

* * *

Табиатда ҳамма нарса “ким ўзар” асосига яралган. Оддий майсалар ҳам бир-биридан баландроқ ўсишга интилади.

* * *

Бир қориндан талашиб тушган эгизак чақалоқларнинг бири донишманд, бири нодон бўлса ажабланманг. Бунда ота ҳам, она ҳам гуноҳкор эмас. Табиий зарурият, эҳтиёж танни бошқаради.

* * *

Ўргатишга эмас, ўрганишга шошилинг. Кейин ўргатишга.

* * *

Бировга бирор нарсани ўргатишни ибрат — амалиёт билан амалга оширишга ҳаракат қилинг. Доно халқ қуруқ қошиқ оғиз йиртар дейди.

* * *

Глобаллашув тараккиёти одамзодни ва қуролзотни Ер юзига тўплаб бўлди. Дарахтнинг илдизлари ерга, шохлари кўкка интилади. Аллоҳдан айро тушганлар Аллоҳга қайтишига тўғри келади. Ё ҳаёт, ё мамот!

* * *

Ҳокимият, бойлик, аёллар, шон-шуҳрат… Мана, одамзод ақлини минг-минг кўйга солгувчи афсунгар куч-қудрат!

* * *

Донишмандлик илми шундай хазинаки, уни бемалол исрофгарчилик билан ҳам сарфлаш мумкин.

* * *

Дарахтнинг шохлари қимирлайди, танаси эмас.

* * *

Ғазаб — эркакнинг мурт-мўйловини учириб юборади, танасини тўк ургандай титратади. Уни кўпинча ақл билан ҳам босишга ожизмиз. Ғазабини ўз пайтида боса олганлар руҳ қаҳрамонларидир

* * *

Эҳтиёж — заруриятга айланади. Унинг кондирилиши гоҳ кўкка учирса, гоҳ чоҳга туширади.

* * *

Адолат, ҳақиқат… ғоят мураккаб тушунчалар. Чунки ҳар бир инсоннинг ўз адолати, ҳақиқати бор. Сизнинг адолат, ҳақиқатингиз душманингизни маҳв этиш бўлса, душманингизнинг адолати, ҳақиқати эса сизни маҳв этишдир. Бодом дарахтлари бир-бирига ўхшаш бўлса-да, бирининг меваси чучук- ширин, иккинчисиники аччиқ бўлиши мумкин. Доно халқ: ҳар кимники ўзига, дейди.

* * *

Қалбаки дўст — қалбаки дори.

* * *

Одам ёлғиз қолгандагина ўзлигига қайтади.

* * *

Нокаслар кўпинча бағрикенг, одамохун инсонлар устидан куладилар, масхаралагандек бўладилар. Бу тоифадагилар ҳеч қачон ҳиммат аҳли бўлолмасликлари учун шундай қиладилар.

* * *

Эркинликнинг ҳам меъёри бор.

* * *

Ахлоқсиз ҳақиқат — чала ҳақиқат.

* * *

Улкан кояларни оддий тошларга айлантириб, сўнг улардан иморат учун пойдеворлар қурадилар.

* * *

Пулдор кишиларда ўз-ўзига ишонч мустаҳкам бўлади.

* * *

Икки дарё қўшилиб, бир дунёга айланди.

* * *

Олтин ҳайкал, олтин бюст… у барибир ўз аслига қайтади.

* * *

Хулк-атвор… ҳам қилич, ҳам қалқон.

* * *

Бу дунёда ҳамма нарсани мушт билан ҳал килиб бўлмайди.

* * *

Ҳукмдордан эмас, оми оломондан қўрқаман.

* * *

О ҳўкиз! Ўз Эганг сени қассоб учун боқаётганлигини ҳеч қачон билмайсан.

* * *

Инсоннинг умри ўтган сайин ўтмиши тотли, азиз туюлаверади, чунки унда гўзал болалиги, куч-кудратга тўлган ёшлиги қолган.

* * *

Бой-бадавлат кишилар билан ҳамиша хавотир, ҳар хил шубҳа-гумон ёнма-ён юради.

* * *

Табиатда ҳеч бир нарса тенг бўлмаганидек, давлат, ҳокимият, халклар ўртасида ҳам тенглик бўлмайди. Факат улар биродарлик, дўстлик асосларида тенглик ҳаётини кечиришлари мумкин.

* * *

Ёмғир ёғганда ер ёрилмаса, бу ўша ернинг яхшилигига далил. Бошингга бирор кулфат тушганда, ёнингда турган дўст — чин дўстлигидан далолат.

* * *

Қадимда чақалокнинг биринчи тирноғини кетмон юзасига олишар экан. Болам чин деҳкон бўлсин дегани экан бу.

* * *

Деҳқонни юлдуздан юлдузга учиб юрган ракеталар эмас, кетмони боқади.

* * *

Ҳар бир хатонинг оқибати чақмоқ тилларидек таралиб чақнайди.

* * *

Этикдўз фақат бир бичимли этик тикмайди.

* * *

Бу чиройли қуш… бунча хунук сайрайди.

* * *

Кўзи тўқлик — энг катта бойлик.

* * *

Бахт булоғи ўзингнинг боғингдан оқади.

* * *

Бахт — севги. Севги севган-севилган билан севгили.

* * *

Бахт — Олтин, уни аждарҳолар қўриқлаб ётади.

* * *

Бахт йўқ нарса, уни бор қилмоқ керак.

* * *

Ўғилларим! Мен кўп маротаба бўронли уммонда елкан очиб юборган инсонман. Хатоларимни такрорламанг!

II

Тоифлик олим дўстим Абдураҳмон Марғилоний бир суҳбатда менга шундай деди: «Инсон ҳур туғилади, шундай экан, ҳур яшаб, ҳур ўлмоғи керак. У факат Аллоҳнинг кули! Ижодкорга ҳуррият — зарурият. Эркин яшаб, эркин ижод қилган шахсда ўз калимасига эгалик аъмоли буюк бўлади. Ҳуррият бор жой- да — масъулият бор! Агар жамият, тўғрироғи, унинг тепасидагилар ижодкорнинг, яъни шоиру адибу олимнинг тилини зўрлик ила боғласа — халқ тилини кесган, қулоғига қум куйса — халк кулоғини беркитган, кўзини кўр қилса — халқ кўзини ўйган бўлади!»

* * *

Шоир — қалб билан ҳунарманд зот. Шоирнинг бойлиги — калб аталмиш илоҳа. У дунёнинг Хазиналарини кўриб кўрмайди, унинг рангларини, манзараларини гўзалликларини, яхшилик, эзгуликларини кўради, туйғуларини, оҳангларини эшитади, тинглайди. Масалан, бугун Қуёшнинг, Ойнинг, юлдузларнинг моддий жисм эканликларини билгани ҳолда, ёрнинг юзини уларга ўхшатади, менгзайди. Ёки тоғлар абадий деб ёзади шоирлар, ҳолбуки, геологлар аллақачон уларнинг абадий эмаслигини исботлаб беришган.

Эй, чексиз бойлик, мол-мулк эгалари, такаббурлар, киборлар, «ана, шоир келяпти», деб масхараомуз тиржайгувчи каслар… юрагингиз оғрийди сизнинг, кўзларингизда ғам-ғусса кўряпман. Қалбингизни йўқотиб кўйганлигингизни кўряпман. Аммо мен кечирувчан Дўстман. Яратувчииинг яратиқларини йўқотмаслик учун кечиримли бўлишим керак, мен бўри эмасман, бўрилар кечиримли бўлишмайди. Чин шоирлар ичида мен ҳам бир шоирман! Навоий менинг бобом эмас, Отам бўлади!

* * *

Шоирнинг қалб кўзлари тун кушларининг кўзларидек ўткир.

* * *

Коинот ўзининг изчил табиий қонуниятига эга ва ана шу кўз илғамас қонуният бўйича ҳаракат қилади. Ер аталмиш Сайёрамиз шу Коинотнинг ўн саккиз минг оламидан бири.

Замин — Коинот ичидаги ажиб бир Коинотдир. Чунки унда биз билган энг аклли мавжудот — Инсон яшайди. Эҳтимол биз, айтайлик, қуш тилини тушунмаслигимиз учун инсон энг ақлли мавжудот, деяётгандирмиз. Эҳтимол, қушлар биздан кўра ақллидир? Тушунчаси бойдир? Битта қалдирғочнинг Ғарбу Шарқ йўлларини боғлаб учишини… мулоҳаза қилинг. Балки, илон идроки инсон заковатидан кучлидир? Ахир, зилзилани бу жонивор инсондан олдин сезишга қодир-ку!.. Хуллас, сезги-сезимлар, туйғулар йўлини тутган Инсон — ижодкор XXI аср тараққиёти билан юзма-юз келиб турибди. У бугун нималар ҳақида ўйлаётир? Қандай туйғуларга ошно? Дилини тилига кўчира олаётирми? У кўнгил шоирими, туйғулар, ҳис-ҳайратлар куйчисими, ижтимоий ҳаёт акс-садосига эшми? Ёки оддий турмуш — тирикчилик “куйчиси”ми?

Шоир кимлиги ҳақида узоқ гапириш мумкин. Бу мавзуда Шарқда айтилмаган гап қолмаган ҳисоб. Ғарб ҳам бу борада ундан заррача ортда эмас. Бирда шоир самовий либосида кўринса, бирда давр жандасида намоён бўлади. Кайковуснинг “Қобуснома”сию Буалонинг «Шеър санъати»га кайта бир мурожаат қилиб кўринг… Ҳаркқалай, мукаддас манбаларда ишора этилганидек, шоирлар ҳақида гап кетса сукут сақлаган маъқул. Ва лекин, шоирларнинг сукутга тоби йўқ. Миллион-миллион шеърлар, достонлар… нималар ҳақида ёзилмади? Бу дунёда канча тил бўлса, барчасида шеър ёзилади. Қанча тиллар изсиз йўқолди, қанчаси ўлик тилга айланди. Бирок уларда битилган… инсониятга дахлдор битиклар ҳамон яшаб келади. Демак, чин шеър — шоир умрига, ижодкор умрига тенг эмас.

* * *

Гапни қотириб гапир, бўлмаса тийил.

* * *

Шоир! Сафар халтанг доим дўстинг бўлсин.

* * *

Қобилиятли шоир… Истеъдодли шоир… Даҳо шоир… Вақт аталмиш донишманд Ота уларни белгилайди.

* * *

Тухум ўғриси — зағизғон, фикр ўғриси — қўшиқчи шоир.

* * *

Унутилган ҳар бир сўз — янги.

* * *

Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билик» асарида «йилойкун» деган сўз — атама бор. Бу календар, дегани. Қандай гўзал, пухта ифода: Йил+Ой+Кун—ЙилОйКунга айланган.

Бизнинг суяксиз тилимиз эса «календар»га боғланиб қолган.

* * *

Буғдой уруғи қанча эски бўлса, кўклаб чиқиши шунча кеч бўлади. Суяги қотиб қолган боланинг илм-фанга ҳавас-ихлоси ҳам шундай.

* * *

Яхши таомни излаб топиб, тановул қиламиз. Яхши китобни ҳам яхши таомдай изласак эди.

* * *

Китоб ўқишга ҳам феъл-атвор мойиллиги керак.

* * *

Китобхон бор, китобйиғар бор, китоб билан жавонбезар бор. Чин китобхон китобнинг  безакларига кўп ҳам эътибор беравермайди. Унинг бутун эътибори китобнинг маъно-моҳиятида бўлади.

* * *

Турлик халқларнинг фольклори: достонлари, эртаклари, макол-маталлари, айтимлари ўртасида ўхшашлик, бир тўқималиклар кўрсам, уларни айбламайман, аксинча, хурсанд бўламан. Бу қадим-кадим замонлардан халкдарнинг туб илдизлари чатишиб кетганликларидан, кон-кариндошлик, биродарлик, борди-келдилик ришталари узунлигидан даракдир.

* * *

Биз ўтмишга ота-боболаримиз шажараси тарихи, ўгитлари, тажриба амалиётлари билан боғланамиз, келажак билан эса невара- чевараларимиз ва китобларимиз оркали.

* * *

Ижодкор — табиатнинг китобхони бўлмоғи лозим.

* * *

Китоб — тоғ чашмаси. Мен ундан ичиб, чанқоғимни бостириб яшайман!

* * *

Тарих ҳақиқати — ютук ва хатоликлар тузатиш ва олға интилиш билан бетакрор. Асосийси эса, ижодкор шу тарихий жараёндаги ўрнини англаши, бошқа маслакдошлар муваффақиятларини инобатга олган ҳолда, уларнинг нуқсонларини тузатиш имконига эга бўлишидир.

* * *

Оноре де Балзак ёзади: «Мамлакат тафаккури бутун мамлакат демакдир!» Тафаккур эса, албатта, Адабиёт билан боғлиқ. Адабиёт равнақи миллий тафаккур равнақи демакдир! Адабиётга паст назар миллат келажагига паст назар билан карашдир. Тафаккур тараққиётига эътиборсизлик ўз вақтида Туркистоннинг парчаланишига, алал-оқибат мустамлакачилик чангалида қолишга олиб келди. Буни ҳеч вакт унутмаслик керак. Яна шуниси ҳам бор- ки, то шу кунга қадар техник тараққиёт нимага эришган бўлса, унинг асосларини, аввало, Адабиёт яратган.

Бу Адабиёт, дастлаб, она алласи-ю қўшиқларда, эртаклар ва афсона-асотирда, ривоятларда, кейин халқ достонларида намоён бўлган. Албатта унинг замини илоҳий китоблардир. Шунинг учун ҳам Адабиётга табаррук деб қараш керак.

Инсон XX асрда Коинотга қадам қўйди. Аммо Адабиётнинг каҳрамонлари минг йиллар олдин Ойда кезганлари чин-ку, уммонлар тагида сайр қилганлари ҳақиқат-ку?! Адабиёт — хаёлот чексизлиги… Инсон тафаккурининг яратувчилик даҳоси…

Адабиёт — бадиий нафосат! У одамларнинг одатий таъбидан минг чандон баланд. Чинакам бадиий асар — ахлоқ, маърифат, эзгулик маёғи, бир сўз билан айтганда, Илоҳнинг пайғомини дилларга етказиш!

* * *

Кейинги йилларда ўзбек адабиётида “модерн” деган атама пайдо бўлди. Бу атама туғилиши билан, кап-катта ёзувчиларимиз, олимларимиз, шоирларимиз “ҳазрат Али зулфиқори”ни яланғочлади. Нима эмиш, бизнинг адабиётга “модерн” ёт эмиш.

Аср-асрлар оша Инсон боласи сут ичиб келади. Сутнинг дори-дармонлигию малҳами, фойдалиги ҳақида баҳс отиш ортиқча. Аммо мен сут ичсам бошим оғрийди, кон босимим кўтарилади. Хўш, мен уни ичаверишим керакми? Йўқ! Бу шаккоклик саналиши жоизми? Йўк! Мени ўз эркимга қўйинг! Мен оппоқ сутга қарши исён кўтараётганим йўқ-ку!

Болалигимда дўппи кияр эдим. Кейин улғайдим: шапка-кепкага ўтдим, кейин шляпа, кейин турли халқларнинг турли-туман бош кийимларини (гоҳ ишқибозлик, гоҳ урф тарзида) кийиб юрдим. Мана, ёшим улғайди, силлиқ бошим тағин дўппиталаб бўлиб қолди. Дўппига қайтдим. Балки… бугунги ёш ижодкорларимиз боши ҳам… бир куни менинг бошимдек дўппиталаб бўлар… Ёки… биласиз, Нурота тизма тоғлари икки силсиладан ташкил топган — Қоратов ва Октов. Улар бағридаги кўплаб кўзга ташланмас қишлоқларда бир ўйин бор. Болалар икки тарафга бўлинади. Ва улар… курашмайди, ёқа бўғишмайди, силтаб тортишмайди, қочмайди, қувмайди… лакалув  айтишади! Лакалув — икки ёки тўрт сатр — ҳозиржавоблик билан айтиладиган шеър тури. Айтишувда қайси тараф енгилса… ақли ожиз ҳисобланади. Ғолиб тараф мағлубларни масхаралайди. Кучли бўлишга ундайди… мен ҳам болалигимда кўп лакалув айтганман. Доим ғолиб бўлганман. Лекин мен ғолиб эдим деб,  бугун ҳам лакалув айтиб, ёзиб юришим жоизми? Хуллас, бир сўз билан айтганда, мен “модерн…”ни Ҳаёт, Тараккиёт, Тафаккур силжишлари билан боғлиқликда кўраман.

* * *

Кунларнинг бирида илк кўклам осмонида чақмоқлар чақишини кузатдим. Қарсиллаб гоҳ у бурчда, гоҳ бу бурчда чақинлар чақмоқда. У гоҳ тарвақайлаб ўсиб кетган дарахт шохларига, гоҳ тасаввуримизда болаликдан муҳрланиб қолган юҳо-аждарҳога ўхшар, гоҳ ёйилиб оқаётган дарё тармоқларига-ирмоқларига менгзар, гоҳ-гоҳ сочларини ҳилпиратиб учган алвасти шаклини олар, қандайдир узун найзасимон тиллар, ўтли қиличсимон сермашлар… Хуллас, бир-бирига ўхшамас ёйилмалар — чақинлар эди. Мен биламанки, улар то ергача етади, баъзи ҳолларда одамларни, жонзотларни, дарахтларни уриб кул килади, жойларда хандақча-ўймалар ясайди, ҳатто қудуқсимон ўра ҳосил қилади.

Менинг хаёлларим кўклам осмонидан адабиёт майдонига кўчади. Бу майдонда минглаб, юзлаб, ўнлаб турли-туман сийрат ва суратларда чакмоклар пайдо бўлади. Бир карашда ҳаммаси бир-бирига ўхшаш, лекин диқкат- эътибор билан карасангиз, бир-бирига асло ўхшамайди!

* * *

Ҳар бир миллат шоири қалбининг гўзаллиги, эзгулиги ўзгача, шеърининг фусуни ўзгача! Чин адабиёт, чин шеърият юракдан яратилган бўлса — умумбашарийлик касб этган бўлса — у инсониятники! Ҳар кандай тамаддун даврида ҳам Қалб ва тафаккур ҳосилалари яшайди.

* * *

Бугун Замон ва Вақт шитоби, талаби бошқачароқ. Эртага янада бошқачароқ бўлади. Техник тараққиёт ривожи… каттакон Заминни кичрайтириб юборди. Карвонлар йиллар оша кезган йўлларни бир қадам қилиб кўйди. Лекин она Сайёрамизнинг қай бир пучмоғида чўпон бола қўйнида бир парча нон билан бир китоб олиб юрганини, денгиздаги балиқчи йигит маъшуқасига шеър ўқиётганини, деҳқоннинг бўз боласи қўшиқ хиргойи қилиб далага дон сочаётганини унутишга ҳаққимиз йўқ. Кўнгилдан кўчаётган Сўзни унутмайлик.

Заминга, инсониятга уч бошли аждар каби  оғзидан ўт пуркаётган салтанат эмас, нима кўрса ямламай ютаётган очофатлар эмас, “кўҳна китъа” ёки “эркин дунё” эмас, маданияти, адабиёти, санъати, қадриятлари, бир сўз билан айтганда, одамийлиги, иймон-эътиқоди ва бағри бутунлиги билан азиз ва мўътабар бўлган халклар, миллатлар ойдинлик улашади. Инсон деган номни шарафлайдиган шулар! Яратганни тан олмайдиган техник тараккиёт эмас, илоқ мўъжизалари қошида ҳайрат бармоғини тишловчи шеърият керак инсонга.

* * *

Сўз кўнгилда унади, улғаяди ва шу асно руҳни кўкка юксалтиради. Бироқ бунга ҳамманинг ҳам салоҳияти етмайди. Кўнгил ошиғи бўлган зотгина бунга қодирдир.

* * *

Саррин шаббодалар билан сирлашган, юксак қоядаги чечак билан эллашган, шамолларда ўйноқлаб учиб тушаётган олча гуллари ила тиллашган, жилдираб оқаётган ирмоқлар билан сўзлашган, саҳродаги қум зарраларидан фикр уқаётган қалб ҳамма нарсага қодир…

* * *

Мен адабиётни, хусусан, шеъриятни, албатта, чин шеърни юлдузлар чақнаган тим қора осмонга қиёслайман. Қандайдир сирли, фараҳбахш. Унинг умри инсон умри эмас. Кишилик тарихи бошланганидан буён у мавжуд. Ва ўз жозибаси билан дилларга уйғоқлик бағишлаб келади. Шоирман деб кўкрагига урган инсон мана шу тарозунинг шайинига чидамоғи шарт. Бу тириклик оламида шоирлар кўпдек туюлади. Ва лекин чин шоир жудаям оз. Қўлига калам тутган ҳар бир инсон ёки нимадир коралаган киши ва ёхуд ўн саккиз ёшга кирган ҳар бир ўсмир шоир бўлавермайди. Шоир бу — Гомер, шоир бу — Яссавий, шоир бу — Румий, шоир бу — Навоий, шоир бу — Бедил, шоир бу — Юнус Эмро, шоир бу — Байрон, шоир бу — Шекспир, шоир бу — Гёте, шоир бу — Умар Хайём, шоир бу — Ҳофиз, шоир бу — Есенин… Шоир бу — тоғлар кўксини ёриб чиқиб оқаётган булок. Шоир бу бепоён саҳродаги қудуқ. Шоир бу — осмон зулматидаги ой шуъласи, шоир бу — чангалзордаги тўлиб-тошиб куйлаб, кўкка қараб ибодат қилаётган булбул, шоир бу — уммонлар қаърини ёриб чиққан киёқ… Мен шундай тушунаман шоирни.

* * *

Бу оламнинг ибтидоси йўқ… Эҳтимол, интиҳоси ҳам… Ибтидонинг шу пайтгача ҳеч ким аниқ изоҳини бера олмаган, бера олмайди ҳам. Ибтидо бу чексизликдир. Ибтидода сарҳад йўқ. Лекин инсон пайдо бўлдики, ривожга юз тутди. Ривож тараққиёт сари юз бурди. Тараққиёт бизнинг асрга келиб инсон қадамини коинотга етказди, у чексизликда қанот қоқди. Чексизликда инсон орзуси бор, умиди бор. Моддий дунё руҳ, десам ишонасизми? Бу оламни Яратган ҳам руҳ. У борлиқни ўзидан бино этди. У оламлар жавоҳиридир. Шу маънода чин инсон руҳият салтанатида яшайди. Бу салтанатда илк китоблар (Илоҳий китоблар) руҳият китобларидир. Эҳтимол, жаҳон тараққиётига китоблар сарвардир — мен бунга шубҳа қилмайман. Дунё қайси цивилизацияга, тамаддунга етиб бормасин, уни китобсиз тасаввур қилиш қийин. Китобдан бебаҳра одам харсангтош тагида колиб кетган гиёҳдир.

  22 февраль — Атоқли шоир Азим Суюн туғилган кун

Sarrin shabbodalar bilan sirlashgan, yuksak qoyadagi chechak bilan ellashgan, shamollarda o‘ynoqlab uchib tushayotgan olcha gullari ila tillashgan, jildirab oqayotgan irmoqlar bilan so‘zlashgan, sahrodagi qum zarralaridan fikr uqayotgan qalb hamma narsaga qodir…

Azim SUYUN
HAYOT VA ADABIYOT HAQIDA
QAYIRMALAR
005

Azim Suyun 1948 yil 22 fevralda Samarqand viloyati Nurota tizma tog‘lari etagiga joylashgan Quduqcha qishlog‘ida tug‘ilgan. Nakurt qishlog‘ida Suyun bobosi tarbiyasida o‘sib, ulg‘aydi. Uning otasi Olim savodxon bo‘lganiga qaramay, «quloq»ning‘ o‘g‘li bo‘lgani uchun qo‘liga cho‘ponlik tayog‘ini olishga majbur bo‘lgan. Yosh Azim cho‘pon otasi ketida yurib, tabiat sirlari bilan oshno tutingan. Shu narsa bo‘lg‘usi shoirning shakllanishiga ta’sir o‘tkazgan.
«… Keyin askar bo‘ldim, — deb yozadi u o‘z tarjimai holida, — Toshkent Davlat dorilfununining jurnalistika fakultetini bitirdim. G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyoti, O‘zbekiston Davlat matbuot qo‘mitasi, O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi, «Xalq so‘zi», «O‘zbekiston ovozi» gazetalarida?«Guliston» jurnalida xizmat qildim. She’rlarim, she’riy turkumlarim turk, ingliz, arab, rus, qozoq, tojik, qirg‘iz, turkman, qoraqalpoq va boshqa tillarda chop etilgan.
O‘zbekiston Respublikasi Oliy Majlisi noibi bo‘ldim. Jahon Madaniyat va san’at akademiyasi a’zosiman.

022

I

* * *

Oltmish besh yoshda edim. Katta Bog‘don — tog‘ qishlog‘ida bo‘ldim. O‘zimning tan imkoniyatimni sinab ko‘rmoqchi va Qizuchgan qoyaga — ming metrdan balandroq cho‘qqiga chiqmoqchi bo‘ldim. Chiqdim! Cho‘qqining ustida ozroq boshim aylandi. O‘zimdan o‘zimga ulkan ishonch paydo bo‘ldi. Ammo ruh imkoniyatimni qaysi cho‘qqida sinay?

* * *

Zag‘izg‘onni yomon ko‘raman, tuxum o‘g‘irlagani uchun. Maynani yomon ko‘raman, uzumlarga ochofatlik bilan tashlanganligi uchun. Ularni yomon ko‘rmagan bo‘lurmi edim… Tovuqlarim tuxumlari, uzumzorim bo‘lmaganida…

* * *

Bo‘ribosar it zanjirda edi. U zanjirni uzgudek har tarafga yulqinar, vajohat bilan har qanday kimsani qopmoqchidek, istagan mol-holni g‘ajib tashlagudek bo‘lardi. Uni qo‘yib yubordilar. U ityaloq turgan joyga yugurdi…

Bo‘ribosarning bu holatini ko‘rib, ko‘p mansabdorlarni esladim.

* * *

Oltinni ham oltin sotib oladi.

* * *

Qalbim Alloh sari!
Kundan-kun hech narsani bilmaganday, hech narsa o‘qimaganday, uqmaganday, imkonsizday, umrim behuda o‘tganday holatga tushib bormoqdaman. Holbuki, yoz hayotini yashayapman.

* * *

Keksaning vujudi eski devorga o‘xshaydi. U kundan-kun nurab boraveradi.

* * *

Hindistonni kezib yurardim. Hindiston to‘tilarini ko‘rmoq uchun bir o‘rmonga bordim. Chindan, bu yerda to‘tilar ko‘p ekan. Ular shunday rang-barang, chiroyli — ko‘zlar qamashadi. Aql shoshadi, ovozlarining o‘zi alomat, ulkan bir kuy-qo‘shiq. Bunday shafqatsiz go‘zallik oldida bir to‘nkaga o‘tirib qoldim.

* * *

O‘zgalardan ustun bo‘lishning emas, o‘zingdan ustun bo‘lishning ko‘proq g‘amini chek. Shunda umring, hayoting ma’no, hikmat gullariga burkanadi.

* * *

Dengizlar, ummonlar o‘zlariga buloqlaru daryolarning quyilmay qolishidan ko‘rqib yashaydilar. Men bolalarimga mute kabi: dehqon dalasiga, baliqchi dengiziga, chorvador Ko‘kning yomg‘irli bulutlarin marhamatiga mutedirlar.

* * *

Xonadon iti botir, ko‘cha iti qo‘rqoq bo‘ladi. Chunki birinchisining ishonadigan egasi bor, ikkinchisi esa daydi.

* * *

Dunyoda qilinayotgan barcha jinoyatlar, asosan, tunda sodir etiladi. Mening nazarimda, jinoyatchilar tong otishiga, quyosh chiqishiga ishonmaydigan kimsalardir.

* * *

Tabiatan qashqirlar kabi vahshiy, odamxo‘r, zolim kimsalar bor. Ular jamiyat qonunlarini pisand qilmaydilar. Bu kimsalarning jazosini faqat o‘qlar, kilichlar, sirtmoqlar va qamoqlar adolati berishi mumkin.

* * *

Turmush tashvishlari bamisoli tushov. Lekin bu tushovsiz yashab bo‘lmaydi.

* * *

Qanoat — sening qay darajali inson ekanligingni ko‘rsatguvchi kuch!

* * *

Munosib bo‘lsang “buyuk” desinlar, ammo “bu — yuk” deyishlaridan qo‘rk.

* * *

Odamzodda tan tengligi, kuch-qudrat tengligi adolati bo‘lishi mumkin, ammo aql- tafakkur tengligi adolati bo‘lmaydi.

* * *

Tabiatda hamma narsa “kim o‘zar” asosiga yaralgan. Oddiy maysalar ham bir-biridan balandroq o‘sishga intiladi.

* * *

Bir qorindan talashib tushgan egizak chaqaloqlarning biri donishmand, biri nodon bo‘lsa ajablanmang. Bunda ota ham, ona ham gunohkor emas. Tabiiy zaruriyat, ehtiyoj tanni boshqaradi.

* * *

O‘rgatishga emas, o‘rganishga shoshiling. Keyin o‘rgatishga.

* * *

Birovga biror narsani o‘rgatishni ibrat — amaliyot bilan amalga oshirishga harakat qiling. Dono xalq quruq qoshiq og‘iz yirtar deydi.

* * *

Globallashuv tarakkiyoti odamzodni va qurolzotni Yer yuziga to‘plab bo‘ldi. Daraxtning ildizlari yerga, shoxlari ko‘kka intiladi. Allohdan ayro tushganlar Allohga qaytishiga to‘g‘ri keladi. Yo hayot, yo mamot!

* * *

Hokimiyat, boylik, ayollar, shon-shuhrat… Mana, odamzod aqlini ming-ming ko‘yga solguvchi afsungar kuch-qudrat!

* * *

Donishmandlik ilmi shunday xazinaki, uni bemalol isrofgarchilik bilan ham sarflash mumkin.

* * *

Daraxtning shoxlari qimirlaydi, tanasi emas.

* * *

G‘azab — erkakning murt-mo‘ylovini uchirib yuboradi, tanasini to‘k urganday titratadi. Uni ko‘pincha aql bilan ham bosishga ojizmiz. G‘azabini o‘z paytida bosa olganlar ruh qahramonlaridir

* * *

Ehtiyoj — zaruriyatga aylanadi. Uning kondirilishi goh ko‘kka uchirsa, goh chohga tushiradi.

* * *

Adolat, haqiqat… g‘oyat murakkab tushunchalar. Chunki har bir insonning o‘z adolati, haqiqati bor. Sizning adolat, haqiqatingiz dushmaningizni mahv etish bo‘lsa, dushmaningizning adolati, haqiqati esa sizni mahv etishdir. Bodom daraxtlari bir-biriga o‘xshash bo‘lsa-da, birining mevasi chuchuk- shirin, ikkinchisiniki achchiq bo‘lishi mumkin. Dono xalq: har kimniki o‘ziga, deydi.

* * *

Qalbaki do‘st — qalbaki dori.

* * *

Odam yolg‘iz qolgandagina o‘zligiga qaytadi.

* * *

Nokaslar ko‘pincha bag‘rikeng, odamoxun insonlar ustidan kuladilar, masxaralagandek bo‘ladilar. Bu toifadagilar hech qachon himmat ahli bo‘lolmasliklari uchun shunday qiladilar.

* * *

Erkinlikning ham me’yori bor.

* * *

Axloqsiz haqiqat — chala haqiqat.

* * *

Ulkan koyalarni oddiy toshlarga aylantirib, so‘ng ulardan imorat uchun poydevorlar quradilar.

* * *

Puldor kishilarda o‘z-o‘ziga ishonch mustahkam bo‘ladi.

* * *

Ikki daryo qo‘shilib, bir dunyoga aylandi.

* * *

Oltin haykal, oltin byust… u baribir o‘z asliga qaytadi.

* * *

Xulk-atvor… ham qilich, ham qalqon.

* * *

Bu dunyoda hamma narsani musht bilan hal kilib bo‘lmaydi.

* * *

Hukmdordan emas, omi olomondan qo‘rqaman.

* * *

O ho‘kiz! O‘z Egang seni qassob uchun boqayotganligini hech qachon bilmaysan.

* * *

Insonning umri o‘tgan sayin o‘tmishi totli, aziz tuyulaveradi, chunki unda go‘zal bolaligi, kuch-kudratga to‘lgan yoshligi qolgan.

* * *

Boy-badavlat kishilar bilan hamisha xavotir, har xil shubha-gumon yonma-yon yuradi.

* * *

Tabiatda hech bir narsa teng bo‘lmaganidek, davlat, hokimiyat, xalklar o‘rtasida ham tenglik bo‘lmaydi. Fakat ular birodarlik, do‘stlik asoslarida tenglik hayotini kechirishlari mumkin.

* * *

Yomg‘ir yog‘ganda yer yorilmasa, bu o‘sha yerning yaxshiligiga dalil. Boshingga biror kulfat tushganda, yoningda turgan do‘st — chin do‘stligidan dalolat.

* * *

Qadimda chaqalokning birinchi tirnog‘ini ketmon yuzasiga olishar ekan. Bolam chin dehkon bo‘lsin degani ekan bu.

* * *

Dehqonni yulduzdan yulduzga uchib yurgan raketalar emas, ketmoni boqadi.

* * *

Har bir xatoning oqibati chaqmoq tillaridek taralib chaqnaydi.

* * *

Etikdo‘z faqat bir bichimli etik tikmaydi.

* * *

Bu chiroyli qush… buncha xunuk sayraydi.

* * *

Ko‘zi to‘qlik — eng katta boylik.

* * *

Baxt bulog‘i o‘zingning bog‘ingdan oqadi.

* * *

Baxt — sevgi. Sevgi sevgan-sevilgan bilan sevgili.

* * *

Baxt — Oltin, uni ajdarholar qo‘riqlab yotadi.

* * *

Baxt yo‘q narsa, uni bor qilmoq kerak.

* * *

O‘g‘illarim! Men ko‘p marotaba bo‘ronli ummonda yelkan ochib yuborgan insonman. Xatolarimni takrorlamang!

II

Toiflik olim do‘stim Abdurahmon Marg‘iloniy bir suhbatda menga shunday dedi: «Inson hur tug‘iladi, shunday ekan, hur yashab, hur o‘lmog‘i kerak. U fakat Allohning kuli! Ijodkorga hurriyat — zaruriyat. Erkin yashab, erkin ijod qilgan shaxsda o‘z kalimasiga egalik a’moli buyuk bo‘ladi. Hurriyat bor joy- da — mas’uliyat bor! Agar jamiyat, to‘g‘rirog‘i, uning tepasidagilar ijodkorning, ya’ni shoiru adibu olimning tilini zo‘rlik ila bog‘lasa — xalq tilini kesgan, qulog‘iga qum kuysa — xalk kulog‘ini berkitgan, ko‘zini ko‘r qilsa — xalq ko‘zini o‘ygan bo‘ladi!»

* * *

Shoir — qalb bilan hunarmand zot. Shoirning boyligi — kalb atalmish iloha. U dunyoning Xazinalarini ko‘rib ko‘rmaydi, uning ranglarini, manzaralarini go‘zalliklarini, yaxshilik, ezguliklarini ko‘radi, tuyg‘ularini, ohanglarini eshitadi, tinglaydi. Masalan, bugun Quyoshning, Oyning, yulduzlarning moddiy jism ekanliklarini bilgani holda, yorning yuzini ularga o‘xshatadi, mengzaydi. Yoki tog‘lar abadiy deb yozadi shoirlar, holbuki, geologlar allaqachon ularning abadiy emasligini isbotlab berishgan.

Ey, cheksiz boylik, mol-mulk egalari, takabburlar, kiborlar, «ana, shoir kelyapti», deb masxaraomuz tirjayguvchi kaslar… yuragingiz og‘riydi sizning, ko‘zlaringizda g‘am-g‘ussa ko‘ryapman. Qalbingizni yo‘qotib ko‘yganligingizni ko‘ryapman. Ammo men kechiruvchan Do‘stman. Yaratuvchiiing yaratiqlarini yo‘qotmaslik uchun kechirimli bo‘lishim kerak, men bo‘ri emasman, bo‘rilar kechirimli bo‘lishmaydi. Chin shoirlar ichida men ham bir shoirman! Navoiy mening bobom emas, Otam bo‘ladi!

* * *

Shoirning qalb ko‘zlari tun kushlarining ko‘zlaridek o‘tkir.

* * *

Koinot o‘zining izchil tabiiy qonuniyatiga ega va ana shu ko‘z ilg‘amas qonuniyat bo‘yicha harakat qiladi. Yer atalmish Sayyoramiz shu Koinotning o‘n sakkiz ming olamidan biri.

Zamin — Koinot ichidagi ajib bir Koinotdir. Chunki unda biz bilgan eng aklli mavjudot — Inson yashaydi. Ehtimol biz, aytaylik, qush tilini tushunmasligimiz uchun inson eng aqlli mavjudot, deyayotgandirmiz. Ehtimol, qushlar bizdan ko‘ra aqllidir? Tushunchasi boydir? Bitta qaldirg‘ochning G‘arbu Sharq yo‘llarini bog‘lab uchishini… mulohaza qiling. Balki, ilon idroki inson zakovatidan kuchlidir? Axir, zilzilani bu jonivor insondan oldin sezishga qodir-ku!.. Xullas, sezgi-sezimlar, tuyg‘ular yo‘lini tutgan Inson — ijodkor XXI asr taraqqiyoti bilan yuzma-yuz kelib turibdi. U bugun nimalar haqida o‘ylayotir? Qanday tuyg‘ularga oshno? Dilini tiliga ko‘chira olayotirmi? U ko‘ngil shoirimi, tuyg‘ular, his-hayratlar kuychisimi, ijtimoiy hayot aks-sadosiga eshmi? Yoki oddiy turmush — tirikchilik “kuychisi”mi?

Shoir kimligi haqida uzoq gapirish mumkin. Bu mavzuda Sharqda aytilmagan gap qolmagan hisob. G‘arb ham bu borada undan zarracha ortda emas. Birda shoir samoviy libosida ko‘rinsa, birda davr jandasida namoyon bo‘ladi. Kaykovusning “Qobusnoma”siyu Bualoning «She’r san’ati»ga kayta bir murojaat qilib ko‘ring… Harkqalay, mukaddas manbalarda ishora etilganidek, shoirlar haqida gap ketsa sukut saqlagan ma’qul. Va lekin, shoirlarning sukutga tobi yo‘q. Million-million she’rlar, dostonlar… nimalar haqida yozilmadi? Bu dunyoda kancha til bo‘lsa, barchasida she’r yoziladi. Qancha tillar izsiz yo‘qoldi, qanchasi o‘lik tilga aylandi. Birok ularda bitilgan… insoniyatga daxldor bitiklar hamon yashab keladi. Demak, chin she’r — shoir umriga, ijodkor umriga teng emas.

* * *

Gapni qotirib gapir, bo‘lmasa tiyil.

* * *

Shoir! Safar xaltang doim do‘sting bo‘lsin.

* * *

Qobiliyatli shoir… Iste’dodli shoir… Daho shoir… Vaqt atalmish donishmand Ota ularni belgilaydi.

* * *

Tuxum o‘g‘risi — zag‘izg‘on, fikr o‘g‘risi — qo‘shiqchi shoir.

* * *

Unutilgan har bir so‘z — yangi.

* * *

Yusuf Xos Hojibning «Qutadg‘u bilik» asarida «yiloykun» degan so‘z — atama bor. Bu kalendar, degani. Qanday go‘zal, puxta ifoda: Yil+Oy+Kun—YilOyKunga aylangan.

Bizning suyaksiz tilimiz esa «kalendar»ga bog‘lanib qolgan.

* * *

Bug‘doy urug‘i qancha eski bo‘lsa, ko‘klab chiqishi shuncha kech bo‘ladi. Suyagi qotib qolgan bolaning ilm-fanga havas-ixlosi ham shunday.

* * *

Yaxshi taomni izlab topib, tanovul qilamiz. Yaxshi kitobni ham yaxshi taomday izlasak edi.

* * *

Kitob o‘qishga ham fe’l-atvor moyilligi kerak.

* * *

Kitobxon bor, kitobyig‘ar bor, kitob bilan javonbezar bor. Chin kitobxon kitobning bezaklariga ko‘p ham e’tibor beravermaydi. Uning butun e’tibori kitobning ma’no-mohiyatida bo‘ladi.

* * *

Turlik xalqlarning folklori: dostonlari, ertaklari, makol-matallari, aytimlari o‘rtasida o‘xshashlik, bir to‘qimaliklar ko‘rsam, ularni ayblamayman, aksincha, xursand bo‘laman. Bu qadim-kadim zamonlardan xalkdarning tub ildizlari chatishib ketganliklaridan, kon-karindoshlik, birodarlik, bordi-keldilik rishtalari uzunligidan darakdir.

* * *

Biz o‘tmishga ota-bobolarimiz shajarasi tarixi, o‘gitlari, tajriba amaliyotlari bilan bog‘lanamiz, kelajak bilan esa nevara- chevaralarimiz va kitoblarimiz orkali.

* * *

Ijodkor — tabiatning kitobxoni bo‘lmog‘i lozim.

* * *

Kitob — tog‘ chashmasi. Men undan ichib, chanqog‘imni bostirib yashayman!

* * *

Tarix haqiqati — yutuk va xatoliklar tuzatish va olg‘a intilish bilan betakror. Asosiysi esa, ijodkor shu tarixiy jarayondagi o‘rnini anglashi, boshqa maslakdoshlar muvaffaqiyatlarini inobatga olgan holda, ularning nuqsonlarini tuzatish imkoniga ega bo‘lishidir.

* * *

Onore de Balzak yozadi: «Mamlakat tafakkuri butun mamlakat demakdir!» Tafakkur esa, albatta, Adabiyot bilan bog‘liq. Adabiyot ravnaqi milliy tafakkur ravnaqi demakdir! Adabiyotga past nazar millat kelajagiga past nazar bilan karashdir. Tafakkur taraqqiyotiga e’tiborsizlik o‘z vaqtida Turkistonning parchalanishiga, alal-oqibat mustamlakachilik changalida qolishga olib keldi. Buni hech vakt unutmaslik kerak. Yana shunisi ham bor- ki, to shu kunga qadar texnik taraqqiyot nimaga erishgan bo‘lsa, uning asoslarini, avvalo, Adabiyot yaratgan.

Bu Adabiyot, dastlab, ona allasi-yu qo‘shiqlarda, ertaklar va afsona-asotirda, rivoyatlarda, keyin xalq dostonlarida namoyon bo‘lgan. Albatta uning zamini ilohiy kitoblardir. Shuning uchun ham Adabiyotga tabarruk deb qarash kerak.

Inson XX asrda Koinotga qadam qo‘ydi. Ammo Adabiyotning kahramonlari ming yillar oldin Oyda kezganlari chin-ku, ummonlar tagida sayr qilganlari haqiqat-ku?! Adabiyot — xayolot cheksizligi… Inson tafakkurining yaratuvchilik dahosi…

Adabiyot — badiiy nafosat! U odamlarning odatiy ta’bidan ming chandon baland. Chinakam badiiy asar — axloq, ma’rifat, ezgulik mayog‘i, bir so‘z bilan aytganda, Ilohning payg‘omini dillarga yetkazish!

* * *

Keyingi yillarda o‘zbek adabiyotida “modern” degan atama paydo bo‘ldi. Bu atama tug‘ilishi bilan, kap-katta yozuvchilarimiz, olimlarimiz, shoirlarimiz “hazrat Ali zulfiqori”ni yalang‘ochladi. Nima emish, bizning adabiyotga “modern” yot emish.

Asr-asrlar osha Inson bolasi sut ichib keladi. Sutning dori-darmonligiyu malhami, foydaligi haqida bahs otish ortiqcha. Ammo men sut ichsam boshim og‘riydi, kon bosimim ko‘tariladi. Xo‘sh, men uni ichaverishim kerakmi? Yo‘q! Bu shakkoklik sanalishi joizmi? Yo‘k! Meni o‘z erkimga qo‘ying! Men oppoq sutga qarshi isyon ko‘tarayotganim yo‘q-ku!

Bolaligimda do‘ppi kiyar edim. Keyin ulg‘aydim: shapka-kepkaga o‘tdim, keyin shlyapa, keyin turli xalqlarning turli-tuman bosh kiyimlarini (goh ishqibozlik, goh urf tarzida) kiyib yurdim. Mana, yoshim ulg‘aydi, silliq boshim tag‘in do‘ppitalab bo‘lib qoldi. Do‘ppiga qaytdim. Balki… bugungi yosh ijodkorlarimiz boshi ham… bir kuni mening boshimdek do‘ppitalab bo‘lar… Yoki… bilasiz, Nurota tizma tog‘lari ikki silsiladan tashkil topgan — Qoratov va Oktov. Ular bag‘ridagi ko‘plab ko‘zga tashlanmas qishloqlarda bir o‘yin bor. Bolalar ikki tarafga bo‘linadi. Va ular… kurashmaydi, yoqa bo‘g‘ishmaydi, siltab tortishmaydi, qochmaydi, quvmaydi… lakaluv aytishadi! Lakaluv — ikki yoki to‘rt satr — hozirjavoblik bilan aytiladigan she’r turi. Aytishuvda qaysi taraf yengilsa… aqli ojiz hisoblanadi. G‘olib taraf mag‘lublarni masxaralaydi. Kuchli bo‘lishga undaydi… men ham bolaligimda ko‘p lakaluv aytganman. Doim g‘olib bo‘lganman. Lekin men g‘olib edim deb, bugun ham lakaluv aytib, yozib yurishim joizmi? Xullas, bir so‘z bilan aytganda, men “modern…”ni Hayot, Tarakkiyot, Tafakkur siljishlari bilan bog‘liqlikda ko‘raman.

* * *

Kunlarning birida ilk ko‘klam osmonida chaqmoqlar chaqishini kuzatdim. Qarsillab goh u burchda, goh bu burchda chaqinlar chaqmoqda. U goh tarvaqaylab o‘sib ketgan daraxt shoxlariga, goh tasavvurimizda bolalikdan muhrlanib qolgan yuho-ajdarhoga o‘xshar, goh yoyilib oqayotgan daryo tarmoqlariga-irmoqlariga mengzar, goh-goh sochlarini hilpiratib uchgan alvasti shaklini olar, qandaydir uzun nayzasimon tillar, o‘tli qilichsimon sermashlar… Xullas, bir-biriga o‘xshamas yoyilmalar — chaqinlar edi. Men bilamanki, ular to yergacha yetadi, ba’zi hollarda odamlarni, jonzotlarni, daraxtlarni urib kul kiladi, joylarda xandaqcha-o‘ymalar yasaydi, hatto quduqsimon o‘ra hosil qiladi.

Mening xayollarim ko‘klam osmonidan adabiyot maydoniga ko‘chadi. Bu maydonda minglab, yuzlab, o‘nlab turli-tuman siyrat va suratlarda chakmoklar paydo bo‘ladi. Bir karashda hammasi bir-biriga o‘xshash, lekin diqkat- e’tibor bilan karasangiz, bir-biriga aslo o‘xshamaydi!

* * *

Har bir millat shoiri qalbining go‘zalligi, ezguligi o‘zgacha, she’rining fusuni o‘zgacha! Chin adabiyot, chin she’riyat yurakdan yaratilgan bo‘lsa — umumbashariylik kasb etgan bo‘lsa — u insoniyatniki! Har kanday tamaddun davrida ham Qalb va tafakkur hosilalari yashaydi.

* * *

Bugun Zamon va Vaqt shitobi, talabi boshqacharoq. Ertaga yanada boshqacharoq bo‘ladi. Texnik taraqqiyot rivoji… kattakon Zaminni kichraytirib yubordi. Karvonlar yillar osha kezgan yo‘llarni bir qadam qilib ko‘ydi. Lekin ona Sayyoramizning qay bir puchmog‘ida cho‘pon bola qo‘ynida bir parcha non bilan bir kitob olib yurganini, dengizdagi baliqchi yigit ma’shuqasiga she’r o‘qiyotganini, dehqonning bo‘z bolasi qo‘shiq xirgoyi qilib dalaga don sochayotganini unutishga haqqimiz yo‘q. Ko‘ngildan ko‘chayotgan So‘zni unutmaylik.

Zaminga, insoniyatga uch boshli ajdar kabi og‘zidan o‘t purkayotgan saltanat emas, nima ko‘rsa yamlamay yutayotgan ochofatlar emas, “ko‘hna kit’a” yoki “erkin dunyo” emas, madaniyati, adabiyoti, san’ati, qadriyatlari, bir so‘z bilan aytganda, odamiyligi, iymon-e’tiqodi va bag‘ri butunligi bilan aziz va mo‘’tabar bo‘lgan xalklar, millatlar oydinlik ulashadi. Inson degan nomni sharaflaydigan shular! Yaratganni tan olmaydigan texnik tarakkiyot emas, iloq mo‘’jizalari qoshida hayrat barmog‘ini tishlovchi she’riyat kerak insonga.

* * *

So‘z ko‘ngilda unadi, ulg‘ayadi va shu asno ruhni ko‘kka yuksaltiradi. Biroq bunga hammaning ham salohiyati yetmaydi. Ko‘ngil oshig‘i bo‘lgan zotgina bunga qodirdir.

* * *

Sarrin shabbodalar bilan sirlashgan, yuksak qoyadagi chechak bilan ellashgan, shamollarda o‘ynoqlab uchib tushayotgan olcha gullari ila tillashgan, jildirab oqayotgan irmoqlar bilan so‘zlashgan, sahrodagi qum zarralaridan fikr uqayotgan qalb hamma narsaga qodir…

* * *

Men adabiyotni, xususan, she’riyatni, albatta, chin she’rni yulduzlar chaqnagan tim qora osmonga qiyoslayman. Qandaydir sirli, farahbaxsh. Uning umri inson umri emas. Kishilik tarixi boshlanganidan buyon u mavjud. Va o‘z jozibasi bilan dillarga uyg‘oqlik bag‘ishlab keladi. Shoirman deb ko‘kragiga urgan inson mana shu tarozuning shayiniga chidamog‘i shart. Bu tiriklik olamida shoirlar ko‘pdek tuyuladi. Va lekin chin shoir judayam oz. Qo‘liga kalam tutgan har bir inson yoki nimadir koralagan kishi va yoxud o‘n sakkiz yoshga kirgan har bir o‘smir shoir bo‘lavermaydi. Shoir bu — Gomer, shoir bu — Yassaviy, shoir bu — Rumiy, shoir bu — Navoiy, shoir bu — Bedil, shoir bu — Yunus Emro, shoir bu — Bayron, shoir bu — Shekspir, shoir bu — Gyote, shoir bu — Umar Xayyom, shoir bu — Hofiz, shoir bu — Yesenin… Shoir bu — tog‘lar ko‘ksini yorib chiqib oqayotgan bulok. Shoir bu bepoyon sahrodagi quduq. Shoir bu — osmon zulmatidagi oy shu’lasi, shoir bu — changalzordagi to‘lib-toshib kuylab, ko‘kka qarab ibodat qilayotgan bulbul, shoir bu — ummonlar qa’rini yorib chiqqan kiyoq… Men shunday tushunaman shoirni.

* * *

Bu olamning ibtidosi yo‘q… Ehtimol, intihosi ham… Ibtidoning shu paytgacha hech kim aniq izohini bera olmagan, bera olmaydi ham. Ibtido bu cheksizlikdir. Ibtidoda sarhad yo‘q. Lekin inson paydo bo‘ldiki, rivojga yuz tutdi. Rivoj taraqqiyot sari yuz burdi. Taraqqiyot bizning asrga kelib inson qadamini koinotga yetkazdi, u cheksizlikda qanot qoqdi. Cheksizlikda inson orzusi bor, umidi bor. Moddiy dunyo ruh, desam ishonasizmi? Bu olamni Yaratgan ham ruh. U borliqni o‘zidan bino etdi. U olamlar javohiridir. Shu ma’noda chin inson ruhiyat saltanatida yashaydi. Bu saltanatda ilk kitoblar (Ilohiy kitoblar) ruhiyat kitoblaridir. Ehtimol, jahon taraqqiyotiga kitoblar sarvardir — men bunga shubha qilmayman. Dunyo qaysi sivilizatsiyaga, tamaddunga yetib bormasin, uni kitobsiz tasavvur qilish qiyin. Kitobdan bebahra odam xarsangtosh tagida kolib ketgan giyohdir.

045

(Tashriflar: umumiy 4 187, bugungi 1)

Izoh qoldiring