Talant Bek. Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.30_20h22m47s_003_s.png     Талант Бек яқин йилларда ўзбек шеърияти майдонига кириб келиб, ўзига хос овози билан кўпчилик адабиёт мухлислари диққатини торта олган ёш ижодкорлардан бири. Ёш шоир шеърлари унинг дунё ва инсон ҳаётини ўзига хос тарзда идрок этиш қобилияти бўй кўрсатганини ёрқин намоён қилади.

Шоир шеърларида халқ оғзаки ижоди нафаси билан баробар замонавий модерн нафасини сезиб турасан. Табиий самимияту навқирон ҳаяжон, тажриба қилишдан чўчимаслик, ўрганишга интилиш Талант Бек шеърларини бир чеккага суриб қўйишга имкон бермайди

Бугунгача шоирнинг «Феруза осмон» (2007), “Мангу афсона” (2014) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Шунингдек, унинг ижоди намуналари мамлакат оммавий ахборот нашрларида, шунингдек, бир қатор альманах ва тўпламлардан ўрин олган. Бугунги кунда унинг янги шеърий тўплами нашрга тайёрланмоқда.

Талант БЕК
ШЕЪРЛАР
04

Бандингдан узилдинг. Учдинг саргардон…

Бандингдан узилдинг. Учдинг саргардон,1011907_234089776759731_1748165689_a.jpg
Шамолни севдингми?! Турибсан ёниб…
Кечир. Ишқдан тониб, меҳрдан тониб
Билмай босиб ўтдим, япроқжон…

Шамолни севдингми? Учгайсан қайта…
Парда орқасидан мўралаган қиз,
Орамизда айтилмаган ҳис…
(Япроқларга кимдир дардини айтар.)

Учиб боряпти йўлда хатларим,
О, япроқжон! Учдик саргардон,
Яшил дарвозадан бирга ҳатладик,
Парда орқасида титрайди бир жон.

Япроққа айланган, эй, қадимий ғам,
Шамол оғушида ором йўқ.
Япроқлар бандидан юлқинар ҳар дам,
Тераклар силкинар.( Ҳозир тушар чўк.)

Тикилган кўзларим ойнани тўсар,
Уйга қамалган Ой – кўрсатар жамол.
Ишқ занжирлари бир бандини узар,
Кўк пардани силкитар шамол…

2015

Дарёларда севиниб оқдим…

Дарёларда севиниб оқдим,
Ҳар манзилга сафар халтам шай.
Ҳайрат билан дунёга боқдим,
Ўз юртимда юрдим сайёҳдай.

Бу ерлардан кетмасам бўлмас,
Билмам, борар манзилим қайда?!
Ҳеч нарсадан юрагим тўлмас,
Юрагимдан одамлар майда.

Йўқ, шеърлардан, энди очма гап,
Шаҳарда йўқ қадамим изи.
Шоир қалбин кетган ўғирлаб,
Қишлоқдаги ўғрининг қизи.

Ойга боқиб ўтсин бу умрим…
Йўқ, шеърлардан энди очма гап.
Яшаб ўтай қайлардадир жим,
Ойзодани кўзимга жойлаб.

2015

КАРМАНА ДАРСХОНАСИДА

…га

Пичирлаган лабларинг ғунча,
Китобларни севиб силайди қўллар.
Нафас бера олар юрак тўлгунча,
Камтаргина хона, эски стуллар.

Ҳеч ким ҳаётимни этишмайди ҳал,
Бунда йўқдир ишва – алдоқчи умид.
Кибор жононларнинг бўйидан афзал,
Китобларда яшар мен тўймаган ҳид.

Ҳислар туғёнида жўшиб бемалол,
Яшамак бахт эрур дарёдек оқиб.
Ҳатто, қадамлардан ғижирлаган пол,
Мусиқадек янграр дилга хуш ёқиб.

Барқ уриб ёнасан қаршимда ёшлик –
Қизил куйлак ичра оловдек жусса.
Ёлғиз сенга қараб, ай қалам қошлик,
Кўзларимдан қочар қадимий ғусса.

Кармана қизиган ажойиб кунда,
Устоз – вазифалар беради бўлиб.
Шоир ака қолди – дейсан-ку кулиб –
Уйга вазифа йўқ биргина унда.

Ўхшаб кетармисан фарангларга ё,
Қирра бурнинг ёқар – сира бўлма ғаш.
Умрим бўлган эди кимга тўтиё,
Бир сулув бор эди сендек ҳазилкаш.

Ял-ял ёниб турар кўзларингда шам,
Унга ўхшаб кетар бу мағрур туриш.
Мен уйга қайтарман – уйга вазифам –
Сен ҳақда энг ширин хаёллар суриш.

Улуғ вазифалар кутади тупроқ,
Хотиралар қолар қолса одамдан.
Уйга вазифалар олиб қўй кўпроқ,
Мен учун ҳам устоз Одил Ҳотамдан.

2015

Бош чайқайди қари тол…

Бош чайқайди қари тол,
Ой ухлар сув бетида.
Ўлсанг қани бемалол,
Қишлоқнинг бир четида.

Тупроқ бўлсанг ишқ ора,
Йўқолсайди шодлик, ғам.
Эсламасанг бир бора,
У буғдойранг қизни ҳам.

Ёлғиз бўлсанг яна-да,
Ва жимгина берсанг жон.
Одамлардан панада, —
Десанг; “Жоним – Туркистон!”

Талашмаса қидириб,
Ўлигингдан шуҳрат, шан.
Пардаларни сидириб,
Мўраласа бир Ватан!

Ўлсанг қани бемалол,
На-да кўз ёш, на гина.
Фақат, ўша қари тол,
Бош чайқаса жимгина.

2016

Севинч дедим – қайғулар тўсди…

Севинч дедим – қайғулар тўсди,
Ҳануз иссиқ айланади қон.
Қай тиконлар йўлимдан ўсди,
Ҳануз умрим йўлда саргардон.

Яшаяпман – яшашга маҳкум!
Ботаётган қуёш қирмизи.
Сен Сурхонда йиғлайсан юм-юм,
Самарқандда устанинг қизи.

Ватан мулки ичра бепоён,
Меникимас шеърларим, нетай.
Худо берган иқтидор ва жон,
Бундан қочиб қайга ҳам кетай?!

Изи бордир сочда қировнинг,
Севгимизнинг юзи қирмизи.
Аёлисан қайғум бировнинг,
Севинч эса бировнинг қизи…

2017

КАТТА ОНАМ ЗУБАЙДА МОМО (1927-2009)
ХОТИРАСИГА

Майса бўлиб ғивирлайсан,
Қулоғимга шивирлайсан.
Сирли тунлар айтдинг эртак,
Ҳар мақолдан бўлдим сергак.
Сен гапирдинг оламлардан,
Сен гапирдинг одамлардан.

Ер юзида барча ҳалак,
Тупроқ қучдинг, тупроқ қучдим.
Хаёлимни олди фалак,
Қанот қоқиб шеърга учдим.
Сўз сўрадим бўлиб бозор,
Жавоб берар қайси мозор?

Тўйинг кўрай дединг неча,
Мен-ку кетдим йироқларга.
Ишқим тушди қай бир кеча,
Кўкда ёнган чироқларга.
Йўлга қараб толдинг, момом,
Худо дея қолдинг, момом.

Кўзим гирён – ким йўқолди,
Вужудлари жим йўқолди.
Ёлғиз Яздон ажри етди,
Сендан келди, сенга кетди.
Ўлим нима – шундан сўзла,
Ўтаётган кундан сўзла.

Бирдек ўтар умр фасли –
Ҳоҳ гадодир, ҳоҳи хондир.
Келиб-кетмак нима асли –
Парвардигор билимдондир.
Билим излаб кетдим ман, о,
Тополмадим битта маъно.

Ким қоларди ўзин тортиб,
Оқаётган сувдир дема.
Йўл-йўлакай бизни ортиб,
Ажал азал сузган кема.
Жонни узди қай бир уҳинг,
Парвоз қилди қайга руҳинг?

Ота дарё сендан устун,
Она тупроқ сендан устун,
Момо ҳаво сендан устун,
Бобо қуёш сендан устун,
Нима бордир айтгил бунда,
Энди менга сўзла шундан.

Чу, жоним деб жонни қистаб,
Тангри томон йўлни истаб,
Набирангман ерга етган,
Набирангман шеърга кетган.
Ўзинг ётган ердан сўзла,
Момо, энди шеърдан сўзла.

2017

Севинч дедим – кулди бир гул…

Севинч дедим – кулди бир гул,
Соясида умрим бўлди.
Соқий дея узатдим қўл,
Яна битта қадаҳ тўлди.

Ичгил – севги ўхшар майга,
Симирганим фақат шеърдир.
Қаро қошлар учар қайга,
Етгани бир қаро ердир.

Роз эшитдим малаклардан,
Дафтар тутдим, қалам тутдим.
Сабоқ бердим фалаклардан,
Ишқ дарсини айтиб ўтдим.

Ўпиб унинг кўзларидан,
Яратганга изладим йўл.
Шабнам томиб юзларидан,
Қайғу билан қолди бир гул.

2017

ЖЎРАБЕК ХОТИРАСИГА
(1986-2015)

Ёш қалқийди келин кўзида,
Қизғалдоқдек қизча жовдирар.
Адирларга гилам чўзилган –
Яшилликда турдим қовжираб.

Баҳор келди – барча танийди,
Бойсун яшар баҳорни суйиб.
Тоғларни жим кезсам қанийди,
Қўлларимни елкангга қўйиб.

Кўзларини юмиб қай ғорда,
Қўнғир айиқ ўткарди қишни.
Ухлаяпсан нега баҳорда,
Дошқозонда сумалак пишди.

Ёлғиз, ёлғиз ичдим май қуйиб,
Дўстим дея суяндим карахт –
Саҳаргача уйғонди дарахт,
Бир қўлини елкамга қўйиб.

2017

Кўзинг тўлқинланиб ўзини тўшар…

Кўзинг тўлқинланиб ўзини тўшар –
Бу поёнсиз денгизда оқсам…
Феруза! Кўзларинг ёдимга тушар,
Ҳар тонг ёруғ қуёшга боқсам.

Терс қараб бўлмайди – ўғритди фироқ,
Оламга сўз ёздим битталаб.
Кўзни юмиб ўлса бўлади. Бироқ,
Кўзни юмиб яшаш қандай гап?

Йўл излаганга мен яратдим маёқ,
Билмайди-ки, ўзим йўлсизман.
Қўл чўзсам қўл қани, юрсам йўқ оёқ,
Оёқсизман ҳамда қўлсизман.

Денгизсан бепоён – сувга бўлдим ғарқ,
Юрак нега сувга тўлмайди?
Қон йиғлаб турганда оловранг шафақ,
Қуёшга терс қараб бўлмайди.

2017

Ўнгирларда эриб битди қор…

Ўнгирларда эриб битди қор,
Тунларим ҳам тенглашди кунга.
Шу ўлкага сеп ёйди баҳор,
Термуламиз қўшилиб унга.

Капалаклар алданди гулга,
Шеърим, биз-ку барин танидик –
Алданмади ўткинчи пулга,
Нодон кимса алданганидек.

Юрак тўкди бирма-бир гулин,
Баҳор келди – оҳ, гўзалдир чўх.
Уста қизнинг кераги ҳам йўқ,
Қизғонаман осмонимни мен.

Гўзал шеърим – сен дармонбахшим,
Яна созни оламан қўлга.
Шу ўлкада яшамак яхши,
Капалакдек алданиб гулга.

2017

Эшигимдан уйинггача то…

Эшигимдан уйинггача то,
Тош кўчалар осуда ва тинч.
Кийиб олиб малларанг палто,
Кетмакдасан қай томон, Севинч?

Сотиларми бозорларда ип,
Айтганингдек тўқиларми у?
Бўлармикан юракни кийиб,
Шир-яланғоч турганда Қайғу!?

Қайт дейишга йўқдир имконим,
Севгимизда йўқдир ихтилоф.
Тўқиб берсанг қанийди жоним,
Юрагимга биргина ғилоф.

Қайғу бўлиб чиқдим йўлингдан,
Кетмакдасан қай томон, Севинч?!
Қайга кетай тутиб қўлингдан,
Тош кўчалар осуда ва тинч…

2017

Само узра ёнди чироқлар…

Само узра ёнди чироқлар,
Ҳушим олди самовий нурлар.
Сархуш бўлиб ғайри сурурдан,
Мана, сендан кетдим йироқлаб,
Кўнгил узиб кетдим камига,
Қароримдан кимдир севинди.
О, бекачам, тортма заминга,
Қўйиб юбор севгимни энди.

2017

Таралади баҳорий наво…

Таралади баҳорий наво,
Ўксинмагил ойнага қараб.
Урилади ёқимли ҳаво –
Кўчага чиқ сочингни тараб.

Бағишлайман бир сенга қанот,
Ғамларингни ўзим тераман.
Ёшаришга бераман ҳаёт,
Кетмайдиган баҳор бераман.

Боғимга кел – топасан камол,
Мени улуғ соғинчлар қучди.
Нафасимдан кезинди шамол,
Тўкилган гул қуш каби учди.

Бағишлайман сенга ҳам қанот…

2017

Одам Ато илк сўзни айтди…

Одам Ато илк сўзни айтди
Одам тилида.

Ҳасад қотиллик қилди.

Одам Ато илк бора шеър ёзди,
Шеър.

Шундан бери барча одам шеър ёзди,
Ҳеч қурса бир сатр ёзди –
Онаси ўлганда,
Севиб қолганда,
Боласини кўмганда,
Ўлимни эслаганда,
Осмонга қараганда.

Мана,
Юзингга айтдим,
Энди туртиб ўтма,
Одам оралаб кетаяпман.

Ҳеч қачон туртиб кетма,
Осмонга қараб кетаётган Одамни.

2017

4311086856_847cefc8ae.jpg Talant Bek yaqin yillarda o‘zbek she’riyati maydoniga kirib kelib, o‘ziga xos ovozi bilan ko‘pchilik adabiyot muxlislari diqqatini torta olgan yosh ijodkorlardan biri. Yosh shoir she’rlari uning dunyo va inson hayotini o‘ziga xos tarzda idrok etish qobiliyati bo‘y ko‘rsatganini yorqin namoyon qiladi.

Shoir she’rlarida xalq og‘zaki ijodi nafasi bilan barobar zamonaviy modern nafasini sezib turasan. Tabiiy samimiyatu navqiron hayajon, tajriba qilishdan cho‘chimaslik, o‘rganishga intilish Talant Bek she’rlarini bir chekkaga surib qo‘yishga imkon bermaydi

Bugungacha shoirning «Feruza osmon» (2007), “Mangu afsona” (2014) nomli she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Shuningdek, uning ijodi namunalari mamlakat ommaviy axborot nashrlarida, shuningdek, bir qator almanax va to‘plamlardan o‘rin olgan. Bugungi kunda uning yangi she’riy to‘plami nashrga tayyorlanmoqda.

Talant BЕK
SHE’RLAR
04

Bandingdan uzilding. Uchding sargardon…

Bandingdan uzilding. Uchding sargardon,10481697_316699571832084_5596272384210397586_n.jpg
Shamolni sevdingmi?! Turibsan yonib…
Kechir. Ishqdan tonib, mehrdan tonib
Bilmay bosib o‘tdim, yaproqjon…

Shamolni sevdingmi? Uchgaysan qayta…
Parda orqasidan mo‘ralagan qiz,
Oramizda aytilmagan his…
(Yaproqlarga kimdir dardini aytar.)

Uchib boryapti yo‘lda xatlarim,
O, yaproqjon! Uchdik sargardon,
Yashil darvozadan birga hatladik,
Parda orqasida titraydi bir jon.

Yaproqqa aylangan, ey, qadimiy g‘am,
Shamol og‘ushida orom yo‘q.
Yaproqlar bandidan yulqinar har dam,
Teraklar silkinar.( Hozir tushar cho‘k.)

Tikilgan ko‘zlarim oynani to‘sar,
Uyga qamalgan Oy – ko‘rsatar jamol.
Ishq zanjirlari bir bandini uzar,
Ko‘k pardani silkitar shamol…

2015

Daryolarda sevinib oqdim…

Daryolarda sevinib oqdim,
Har manzilga safar xaltam shay.
Hayrat bilan dunyoga boqdim,
O‘z yurtimda yurdim sayyohday.

Bu yerlardan ketmasam bo‘lmas,
Bilmam, borar manzilim qayda?!
Hech narsadan yuragim to‘lmas,
Yuragimdan odamlar mayda.

Yo‘q, she’rlardan, endi ochma gap,
Shaharda yo‘q qadamim izi.
Shoir qalbin ketgan o‘g‘irlab,
Qishloqdagi o‘g‘rining qizi.

Oyga boqib o‘tsin bu umrim…
Yo‘q, she’rlardan endi ochma gap.
Yashab o‘tay qaylardadir jim,
Oyzodani ko‘zimga joylab.

2015

KARMANA DARSXONASIDA

…ga

Pichirlagan lablaring g‘uncha,
Kitoblarni sevib silaydi qo‘llar.
Nafas bera olar yurak to‘lguncha,
Kamtargina xona, eski stullar.

Hech kim hayotimni etishmaydi hal,
Bunda yo‘qdir ishva – aldoqchi umid.
Kibor jononlarning bo‘yidan afzal,
Kitoblarda yashar men to‘ymagan hid.

Hislar tug‘yonida jo‘shib bemalol,
Yashamak baxt erur daryodek oqib.
Hatto, qadamlardan g‘ijirlagan pol,
Musiqadek yangrar dilga xush yoqib.

Barq urib yonasan qarshimda yoshlik –
Qizil kuylak ichra olovdek jussa.
Yolg‘iz senga qarab, ay qalam qoshlik,
Ko‘zlarimdan qochar qadimiy g‘ussa.

Karmana qizigan ajoyib kunda,
Ustoz – vazifalar beradi bo‘lib.
Shoir aka qoldi – deysan-ku kulib –
Uyga vazifa yo‘q birgina unda.

O‘xshab ketarmisan faranglarga yo,
Qirra burning yoqar – sira bo‘lma g‘ash.
Umrim bo‘lgan edi kimga to‘tiyo,
Bir suluv bor edi sendek hazilkash.

Yal-yal yonib turar ko‘zlaringda sham,
Unga o‘xshab ketar bu mag‘rur turish.
Men uyga qaytarman – uyga vazifam –
Sen haqda eng shirin xayollar surish.

Ulug‘ vazifalar kutadi tuproq,
Xotiralar qolar qolsa odamdan.
Uyga vazifalar olib qo‘y ko‘proq,
Men uchun ham ustoz Odil Hotamdan.

2015

Bosh chayqaydi qari tol…

Bosh chayqaydi qari tol,
Oy uxlar suv betida.
O‘lsang qani bemalol,
Qishloqning bir chetida.

Tuproq bo‘lsang ishq ora,
Yo‘qolsaydi shodlik, g‘am.
Eslamasang bir bora,
U bug‘doyrang qizni ham.

Yolg‘iz bo‘lsang yana-da,
Va jimgina bersang jon.
Odamlardan panada, —
Desang; “Jonim – Turkiston!”

Talashmasa qidirib,
O‘ligingdan shuhrat, shan.
Pardalarni sidirib,
Mo‘ralasa bir Vatan!

O‘lsang qani bemalol,
Na-da ko‘z yosh, na gina.
Faqat, o‘sha qari tol,
Bosh chayqasa jimgina.

2016

Sevinch dedim – qayg‘ular to‘sdi…

Sevinch dedim – qayg‘ular to‘sdi,
Hanuz issiq aylanadi qon.
Qay tikonlar yo‘limdan o‘sdi,
Hanuz umrim yo‘lda sargardon.

Yashayapman – yashashga mahkum!
Botayotgan quyosh qirmizi.
Sen Surxonda yig‘laysan yum-yum,
Samarqandda ustaning qizi.

Vatan mulki ichra bepoyon,
Menikimas she’rlarim, netay.
Xudo bergan iqtidor va jon,
Bundan qochib qayga ham ketay?!

Izi bordir sochda qirovning,
Sevgimizning yuzi qirmizi.
Ayolisan qayg‘um birovning,
Sevinch esa birovning qizi…

2017

KATTA ONAM ZUBAYDA MOMO (1927-2009)
XOTIRASIGA

Maysa bo‘lib g‘ivirlaysan,
Qulog‘imga shivirlaysan.
Sirli tunlar aytding ertak,
Har maqoldan bo‘ldim sergak.
Sen gapirding olamlardan,
Sen gapirding odamlardan.

Yer yuzida barcha halak,
Tuproq quchding, tuproq quchdim.
Xayolimni oldi falak,
Qanot qoqib she’rga uchdim.
So‘z so‘radim bo‘lib bozor,
Javob berar qaysi mozor?

To‘ying ko‘ray deding necha,
Men-ku ketdim yiroqlarga.
Ishqim tushdi qay bir kecha,
Ko‘kda yongan chiroqlarga.
Yo‘lga qarab tolding, momom,
Xudo deya qolding, momom.

Ko‘zim giryon – kim yo‘qoldi,
Vujudlari jim yo‘qoldi.
Yolg‘iz Yazdon ajri yetdi,
Sendan keldi, senga ketdi.
O‘lim nima – shundan so‘zla,
O‘tayotgan kundan so‘zla.

Birdek o‘tar umr fasli –
Hoh gadodir, hohi xondir.
Kelib-ketmak nima asli –
Parvardigor bilimdondir.
Bilim izlab ketdim man, o,
Topolmadim bitta ma’no.

Kim qolardi o‘zin tortib,
Oqayotgan suvdir dema.
Yo‘l-yo‘lakay bizni ortib,
Ajal azal suzgan kema.
Jonni uzdi qay bir uhing,
Parvoz qildi qayga ruhing?

Ota daryo sendan ustun,
Ona tuproq sendan ustun,
Momo havo sendan ustun,
Bobo quyosh sendan ustun,
Nima bordir aytgil bunda,
Endi menga so‘zla shundan.

Chu, jonim deb jonni qistab,
Tangri tomon yo‘lni istab,
Nabirangman yerga yetgan,
Nabirangman she’rga ketgan.
O‘zing yotgan yerdan so‘zla,
Momo, endi she’rdan so‘zla.

2017

Sevinch dedim – kuldi bir gul…

Sevinch dedim – kuldi bir gul,
Soyasida umrim bo‘ldi.
Soqiy deya uzatdim qo‘l,
Yana bitta qadah to‘ldi.

Ichgil – sevgi o‘xshar mayga,
Simirganim faqat she’rdir.
Qaro qoshlar uchar qayga,
Yetgani bir qaro yerdir.

Roz eshitdim malaklardan,
Daftar tutdim, qalam tutdim.
Saboq berdim falaklardan,
Ishq darsini aytib o‘tdim.

O‘pib uning ko‘zlaridan,
Yaratganga izladim yo‘l.
Shabnam tomib yuzlaridan,
Qayg‘u bilan qoldi bir gul.

2017

JO‘RABЕK XOTIRASIGA
(1986-2015)

Yosh qalqiydi kelin ko‘zida,
Qizg‘aldoqdek qizcha jovdirar.
Adirlarga gilam cho‘zilgan –
Yashillikda turdim qovjirab.

Bahor keldi – barcha taniydi,
Boysun yashar bahorni suyib.
Tog‘larni jim kezsam qaniydi,
Qo‘llarimni yelkangga qo‘yib.

Ko‘zlarini yumib qay g‘orda,
Qo‘ng‘ir ayiq o‘tkardi qishni.
Uxlayapsan nega bahorda,
Doshqozonda sumalak pishdi.

Yolg‘iz, yolg‘iz ichdim may quyib,
Do‘stim deya suyandim karaxt –
Sahargacha uyg‘ondi daraxt,
Bir qo‘lini yelkamga qo‘yib.

2017

Ko‘zing to‘lqinlanib o‘zini to‘shar…

Ko‘zing to‘lqinlanib o‘zini to‘shar –
Bu poyonsiz dengizda oqsam…
Feruza! Ko‘zlaring yodimga tushar,
Har tong yorug‘ quyoshga boqsam.

Ters qarab bo‘lmaydi – o‘g‘ritdi firoq,
Olamga so‘z yozdim bittalab.
Ko‘zni yumib o‘lsa bo‘ladi. Biroq,
Ko‘zni yumib yashash qanday gap?

Yo‘l izlaganga men yaratdim mayoq,
Bilmaydi-ki, o‘zim yo‘lsizman.
Qo‘l cho‘zsam qo‘l qani, yursam yo‘q oyoq,
Oyoqsizman hamda qo‘lsizman.

Dengizsan bepoyon – suvga bo‘ldim g‘arq,
Yurak nega suvga to‘lmaydi?
Qon yig‘lab turganda olovrang shafaq,
Quyoshga ters qarab bo‘lmaydi.

2017

O‘ngirlarda erib bitdi qor…

O‘ngirlarda erib bitdi qor,
Tunlarim ham tenglashdi kunga.
Shu o‘lkaga sep yoydi bahor,
Termulamiz qo‘shilib unga.

Kapalaklar aldandi gulga,
She’rim, biz-ku barin tanidik –
Aldanmadi o‘tkinchi pulga,
Nodon kimsa aldanganidek.

Yurak to‘kdi birma-bir gulin,
Bahor keldi – oh, go‘zaldir cho‘x.
Usta qizning keragi ham yo‘q,
Qizg‘onaman osmonimni men.

Go‘zal she’rim – sen darmonbaxshim,
Yana sozni olaman qo‘lga.
Shu o‘lkada yashamak yaxshi,
Kapalakdek aldanib gulga.

2017

Eshigimdan uyinggacha to…

Eshigimdan uyinggacha to,
Tosh ko‘chalar osuda va tinch.
Kiyib olib mallarang palto,
Ketmakdasan qay tomon, Sevinch?

Sotilarmi bozorlarda ip,
Aytganingdek to‘qilarmi u?
Bo‘larmikan yurakni kiyib,
Shir-yalang‘och turganda Qayg‘u!?

Qayt deyishga yo‘qdir imkonim,
Sevgimizda yo‘qdir ixtilof.
To‘qib bersang qaniydi jonim,
Yuragimga birgina g‘ilof.

Qayg‘u bo‘lib chiqdim yo‘lingdan,
Ketmakdasan qay tomon, Sevinch?!
Qayga ketay tutib qo‘lingdan,
Tosh ko‘chalar osuda va tinch…

2017

Samo uzra yondi chiroqlar…

Samo uzra yondi chiroqlar,
Hushim oldi samoviy nurlar.
Sarxush bo‘lib g‘ayri sururdan,
Mana, sendan ketdim yiroqlab,
Ko‘ngil uzib ketdim kamiga,
Qarorimdan kimdir sevindi.
O, bekacham, tortma zaminga,
Qo‘yib yubor sevgimni endi.

2017

Taraladi bahoriy navo…

Taraladi bahoriy navo,
O‘ksinmagil oynaga qarab.
Uriladi yoqimli havo –
Ko‘chaga chiq sochingni tarab.

Bag‘ishlayman bir senga qanot,
G‘amlaringni o‘zim teraman.
Yosharishga beraman hayot,
Ketmaydigan bahor beraman.

Bog‘imga kel – topasan kamol,
Meni ulug‘ sog‘inchlar quchdi.
Nafasimdan kezindi shamol,
To‘kilgan gul qush kabi uchdi.

Bag‘ishlayman senga ham qanot…

2017

Odam Ato ilk so‘zni aytdi…

Odam Ato ilk so‘zni aytdi
Odam tilida.

Hasad qotillik qildi.

Odam Ato ilk bora she’r yozdi,
She’r.

Shundan beri barcha odam she’r yozdi,
Hech qursa bir satr yozdi –
Onasi o‘lganda,
Sevib qolganda,
Bolasini ko‘mganda,
O‘limni eslaganda,
Osmonga qaraganda.

Mana,
Yuzingga aytdim,
Endi turtib o‘tma,
Odam oralab ketayapman.

Hech qachon turtib ketma,
Osmonga qarab ketayotgan Odamni.

2017

033

(Tashriflar: umumiy 597, bugungi 1)

1 izoh

  1. Талант Бек яхши шоир. Ёзганларида ёввойи руҳ бор. Ёввойи, аммо кўнгилларга яқин руҳ. Шоир акамизнинг ижодига барака!
    Устоз, сизга кўп раҳмат. Сайт гуркирайверсин!

Izoh qoldiring