Talant Bek. She’rlar & Xurshid Davron. Feruza osmonlik shoir.

Ashampoo_Snap_2017.01.26_16h54m58s_001_.png    Ҳам содда, ҳам сирли, ҳам фалсафий теран бундай шеъру сатрлар «Феруза осмон»нинг ҳар бир саҳифасида маҳзун шивирлаб турибди. Айрим шеърлар мени ўсмирлигимга, ёшлигимга қайтарди. Унитилаёзган ҳисларимни уйғотди. Очиғи, ўша олис ёшлик фаслида юрагимда уйғонган (унитилаёзган) илк муҳаббат туйғуларимгача юрагимга қайтаргандай бўлди.

ХУРШИД  ДАВРОН
ФЕРУЗА ОСМОНЛИК ШОИР
001

 14690962_706416139511948_7279550972667470143_n.jpg   Кеча Шоир билан танишдим. Исми Талант. Албатта, бу исмни эшитганда, албатта, кўнглингда: «Исми-ку Талант, аммо ўзи талантлимикан? — деган «шубҳа» ғимирлайди. Бу «шубҳа» бир ойча аввал шоир Ҳусан Мақсуд қўнғироқ қилиб, Талант Бек исмли бир ёш шоир тўпламини юборишга, муаллифи Тошкентга келса, ҳузуримга олиб боришга рухсат сўраган пайтида хаёлимнинг бир четидан ўтган эди. Китоб матнини интернет орқали олдим, аммо, вазият анчагача у билан танишишга имкон бермади.

Кейинроқ Мақсуд яна занг уриб Талант Тошкентга келгани ҳақида хабар берди. Афсуски, уйда усталар ишлаётгани учун учрашиш имкони бўлмади. Бир неча кун ўтиб Талантнинг ўзи қўнғироқ қилди, Тошкентдалигини айтиб, учрашиш имкони борми, деб сўради.

Албатта, бир муддат олдин Талант Бек шеърларига, очиғи,400 бетдан зиёд матннинг дастлабки саҳифаларига шошиғич назар ташлаб, ёш шоирда истеъдод борлигини сезган,учрашса бўлади, деган қарорга келган эдим.

Кейин Ҳусан билан Талант уйимга келишди.

Суҳбатда, албатта, ўқишга улгурган шеърлардан олган илк тассуротлариму баъзи мулоҳазаларимни айтдим. Кўпроқ шоир қисмати  ва шеър  билан боғлиқ мавзу  гаплашдик. Талант менга «Феруза осмон» номли китобини тақдим этди.

Меҳмонлар кетишгач, «Феруза осмон»ни қўлимга олиб варақлай бошладиму бугун қандай шоир билан танишганимни англадим. Тўпламдаги ҳар бир шеър мени ҳайратга солди, уларнинг айримларини қайта-қайта ўқигим келди. Масалан, мана бу шеърни бир неча бор ўқиб завқландим:

Боғ ичида,
Дарахт тагида
Унутилган қандайдир китоб.

Очиқ ётар,
Ётар беҳуда.

Ҳарфларини эмади офтоб,
Варақларин варақлар шамол,
Ўз-ўзини ўқийди китоб.

Ҳам содда, ҳам сирли, ҳам фалсафий теран бундай шеъру сатрлар «Феруза осмон»нинг ҳар бир саҳифасида маҳзун шивирлаб турибди. Айрим шеърлар мени ўсмирлигимга, ёшлигимга қайтарди. Унитилаёзган ҳисларимни уйғотди. Очиғи, ўша олис ёшлик фаслида юрагимда уйғонган (унитилаёзган) илк муҳаббат туйғуларимгача юрагимга қайтаргандай бўлди.

Албатта, айрим шеърларда «рауфона оҳанглару рамзлар»га тақлидлар, таҳрирга муҳтож сатрлар бор. Аммо, улар қайси ёш шоирда йўқ. Аниқроғи, қайси шоирда йўқ. Аммо, табиий самимияту навқирон ҳаяжон, тажриба қилишдан чўчимаслик, ўрганишга интилиш Талант Бек шеърларини бир чеккага суриб қўйишга имкон бермайди.

Шеъриятимизга яна бир истеъдод кириб келганидан кўнглим кўтарилди. Туркий назмнинг кўп минг йиллик дафтарига шеър ёзиб қолдиришга қодир шоирлар адабиёт учун бамисоли тоза қондир.

«Табиий» равишда, Талантни ҳар бир ноёб истеъдод қисматида бўлиши табиий машаққатлар кутмоқда; ўтилажак йўли ҳам текис бўлмаслиги рост. Аммо, истеъдод ҳар қандай шароитда иродасига ишониши, Адабиёт, Шеърият, Сўз олдидага масъулиятини, бурчини ҳимоя қилишга қодир жасорат эгаси бўлиши лозим. Зеро, бугун ҳам ва эрта ҳам унинг истеъдодига ҳавасдан кўпроқ ҳасад билан боқадиганлар албатта топилади.

Аммо, инсон ва адабиёт тарихи шуни исботлайдики,асл истеъдод йўлини тўсиб бўлмайди. Асфальтни ёриб, феруза осмонга талпинган чечак бари бир улкан дарахтга айланади.

ЯҲЁ  ТОҒА
ЭРТАКЛАРГА ЎРАЛГАН БИР ДАРД

«Феруза осмон» китобига ёзилган сўнгсўз
001

10299082_302458133256228_4605337660809826600_n.jpgТалант Бек билан бизни ўтган йили (2006) таниқли адиб Нуруллоҳ Остон таништирганди. Рўзаи рамазон. Хадрадаги бир хонадонда ифтор.

— Кўринг, ҳавас қилинг! — дедилар уста ним табассум ва анчайин ифтихор ила. Қочирим самимий эди. Ва биз бул фахрга шерик бўлмак истадик.
Рўпарамда Усмон виқорли «Пушкинча» турарди. Ифтордан сўнг шеърлар ўқилди.

...Жийда гулларидан таралган бўйлар
Қишлоқ қизларини қилгандай сархуш
Менинг шеърларимдан мастсан ҳар сафар,
Бугун эълон қилдим қалбингга уруш…

…Олапаринг баковул экан,
Акаларинг ясовул экан.
Гулим, бизлар яшаган жойлар
Қишлоқлару кенг овул экан…

…Деразага босдим юзимни,
Деворлари баланд уй тордир.
Оҳ, ойналар алдар кўзимни,
Шу томонда Самарқанд бордир!..

Ёш қаламкашнинг яна бир қатор шеърлари тафтиш қилинди, элакдан ўтказилди. Адабий давраларни, мушоираларни соғинган эканмизми, кўп мутаассир бўлдик.
«Пушкинча»нинг «дебюти» билан боғлиқ қизғин баҳсу мунозара бой таассуротимиз чегараларини яна-да кенгайтирди.

— Талант Бек шубҳасиз талантли шоир!
— Лутфиёна лутф керак шекилли бу йигитчага?!
— Нима? «Зимашка»ларини қаранг. Ўзига хос шоир, «ўз сози бор, ўз овози». «Билов қабоғинг», «ғўлин булутлар» каби ибораларни бемалол қўллаши, «бандарма», «ғўлба», «ҳилва» сингари шева бойликларидан эркин фойдаланиши…
— Шоиримиз ҳали ёш.
— Шоир — ҳамиша ёш.
— Ҳамиша ундан-да ёшроқ.
— «Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!*»
— Борингки, у ҳамиша лирик қаҳрамони билан тенгдошдир.
— Талантларни қўллаш керак, талантсизлар ўзи йўл топиб кетади.
— Талант — талант! Бироқ буни ўзи билгани чатоқ.
— Эҳтимол, шуниси маъқулдир?! Одам ўзига ишониши керак-ку.
— Сўз завқи-шавқида маълум бир адабий чегараларни бузиш мумкин. Сўзни ўйнаш мумкин, ўйнатиш мумкин. Адабиёт — сўз санъати!
— Сўз — ўт!
— Сўз — олов!
— Шоир, таъбир жоиз бўлса, ёниб турган машъалани отиб, айлантириб, оғзига чўғ солиб ўйнаётган ҳуққабозга ўхшайди. Сал нотўғри ҳаракат туфайли ҳуққабознинг оғзи куйиб қолиши ҳеч гапмас.
— Шоир юрагини машъала қилиб ўйнайди, керак бўлса.
— «Эй сиз, гала бойқушлар, кўксимга келиб қўнинг вайрона керак бўлса…»
— «Йигитнинг сўзи — қасам!»
— Яхши қўшиқлар ҳам эсланди шу баҳонада. Биз ҳамиша яхши шеърга, яхши қўшиққа маҳталмиз. Шоирнинг сўзи ҳам қасамдан кам бўлмасин!
— Бу гаплар қисман ўзимизга ҳам тегишли. Мавзуга қайтайлик. Талант Бекнинг бир шеърида Шаҳрисабз «Шаҳрихазон, Шаҳриҳижрон Республикаси»га айланади.
— «Шаҳриҳижрон мамлакати» ёки «салтанати»га айлантирилса яна-да гўзалроқ бўларди, менимча.
— Қофия бузилади-ку.
— Шеърда гоҳо «Эрк сўзига қофия — қасос!**» бўлиши ҳам мумкин.
— Шоирнинг шеваси — шеър!
— Шеър эса кўп уйқусиз тунларнинг гоҳо аччиқ, гоҳо ширин меваси.
— «Шоирлар вилоятда туғиладилар»…

Баҳс узоқ давом этди. Охир-оқибат якдиллик ила бир хулосага келинди: янги ва ўзига хос сўз устаси шаклланибди. Шеърий тўрхалтаси мағизли бир ёш шоир адабиётнинг сирли чўққисини кўзлаб ишонч билан бу қадим ва долғали довонга қадам қўйибди.
Биз анчайин ифтихор ила Усмон виқорли жингалак соч «Пушкинча»ни олқишлаб, алқаб, дуо қилиб қолдик: сафаринг бехатар бўлсин!
Оқ йўл, дўстим!!!

Тошкент, 2007

* Абдулҳамид Чўлпон сатрига ишора
** Хуршид Даврон сатрига ишора

ТАЛАНТ  БЕК
«ФЕРУЗА  ОСМОН» КИТОБИДАН ШЕЪРЛАР
001

«ШАМОЛЛАР ОҒУШИДА» ДАФТАРИДАН

БИР ИШҚ ОҒУШИДА

Бир ишқ оғушида беармон елдим,
Исмимдан титради сулувлар лаби.
Сенга ишқ залворин елкалаб келдим
Жангдан ғолиб қайтган баҳодир каби.

Шамол дазмоллаган куйлагим енгли,
Оролдек кўзимда сувлар қурибди.
Қаршимда ястанар бепоён кенглик,
Ортимда Самарқанд мағрур турибди!

Бўғзимга тиқилган дунё — аламмас,
Мўғул Чингизи-ю руснинг Ильичи.
Қўлимда ўйнаган қора қаламмас,
Ҳали совимаган Темур қиличи!

Пуфламак фожиа ёқилган шамни,
Шафақ чорлайверар, ўчман оловга.
Малаклар маҳв этса ҳорғин танамни,
Халқим ёқишади ўраб яловга!

Онам кўзида ёш дуду қурумдан,
Отам соғинчига босаяпти чим.
Неча минг Лайлилар адашган қумдан
Сенга ишқ залворин елкалаб келдим.

Томирингга туташ оқаяпти қон,
Ҳали туғилмаган шеъримда борсан.
Она Ўзбекистон, Ота Туркистон,
Ишқнинг оғочида қалқиган дорсан!..
Бораяпман.

РАУФ ПАРФИ ВИДОСИ

1

«Ассалом алайкум, дорнинг оғочи»,*
Тегрангда қуш каби чирқираб елдим.
Менга бегонадир насроний хочи,
Бир сарбадор каби қошингга келдим.

Қон шимган илкингни емадими қурт?
Саҳрога эгасиз кетди тевалар.
Қурбонликка сахий кетган ота юрт
Шу оғочдан узди қанча мевалар.

Манглайга битилган муслим Қуръони,
Ҳақдан олинмаган ўлпонман ўзим.
Дорнинг оғочида йиллар сурони,
Ўшал Усмон ўзим, Чўлпонман ўзим.

* «Кунтуғмиш» достонида Холбеканинг дор остидаги сўзидан.

2

«Ассалом алайкум, дорнинг оғочи»,
Осилиб турибсан мозий оралаб.
Тўзғийди Машрабнинг патила сочи,
Қанча ошиқларни ўтдинг қоралаб.

Ҳаққимга бош тикдим. Сен томон юрдим,
Қадамим шаҳди бор, вале ошиқмам.
Нигоҳим санчилди. Хаёллар сурдим,
Лайло фироғида ёнган ошиқман.

Мен мағрур яшадим сенга қасд қилиб,
Қоялар кўксида яшайди орим.
Ҳамон яшаяпсан бўғзимни тилиб,
Узиб ташламакка йўқдир қарорим.

3

Ассалом алайкум, қалқиб шурган дор,
Паймонам тўлгандир қадаҳдек лим-лим.
Қоғозларга қоннинг тўкилиши бор,
Дўстим, видо айтай, яхши қол, синглим.

Оёғим узилиб борар заминдан,
Жисмим ёнғинидан учади куллар.
Қулларнинг исёни йироқдир мендан,
Ўлимга тик боқиб ўлмайди қуллар.

Айтгин, ер остида борми диёнат?
Элнинг ботирлари ухлаб ётурлар.
Хоинлардан чиқди қанча хиёнат,
Ўшал хоинлари яна сотурлар.

4

Ассалом алайкум, қалқиб турган дор,
Тонгнинг тиғидасан мунчоқ мисоли.
Онам кутаяпти — йўлларимга зор,
Ёниб чақиради ажал висоли.

Арқон курмагида Авазлар ўтар,
Мушти тугилганлар тугунлар ечмас.
Нокас-номардларни қаро ер ютар,
Марди майдонидан она ер кечмас.

Битикларим бўлсин оловнинг сайди,
Шеър тўла дафтарни мумкиндир йиртмоқ.
Ватанни кўтарган ҳислар яшайди,
Осилиб турса-да мангуга сиртмоқ!

5

Ассалом алайкум, мен кутган ажал,
Алп Эр Тўнгадан келдингми қайтиб?
Эртароқ кетдими Абдуллажон сал,
Шамол увлаяпти марсия айтиб.

Қай ажал тиғ урган ярадор қушман,
Ҳаётим ярадир, озордир дунё.
Китоблар пинжида яшаган тушман,
Савдоси бошида бозордир дунё.

Бозор оралайди инсон галаси,
Чўққиларда йиғлаб эрияпти қор.
Тошкент қучоғида умрим чаласи,
Тириклик куйида ўлим барқарор!..

6

Ассалом алайкум, мен кутган ажал,
Қора қузғунлардан минг порадурман.
Тангримни соғиндим. Ўлим куйин чал,
Шеъримни шивирлаб жим борадурман.

Ўзимдан чарчадим. Бездим маъводан,
Не, кишан саслари Нозимга лойиқ.
Нафас олармиди озод ҳаводан
Юҳо оғзидаги ожиз халойиқ?

Мен-ку кўп яшадим. Заминда ҳалак,
Саргашта югурдим. Билмайман нега?!.
Илоҳлар чорлади, чорлади фалак,
Етим ҳисларимга малаклар эга!

7

Ассалом алайкум, эй она тупроқ,
Ўксик юракларнинг оғрир сағрини.
Сени ўзгалардан севдимми кўпроқ,
Ватанда соғиндим Ватан бағрини.

Жон тутиб интилдим. Сенингдек, нетай,
Оғуши беминнат бир диёр йўқдир.
Қолган дунёларга қўл силкиб кетай,
Тупроқдан содиқроқ бирор ёр йўқдир.

«Сўзнинг гулханида исинди руҳим».*
Сўздан ялов тутдим. Олов туғлингман.
Сендадир шодлигим, сенда андуҳим,
Қабул эт! Мана, мен шоир ўғлингман!

* Рауф Парфи сатри

8

Ассалом алайкум, эй она тупроқ,
Бағрингга ола қол — қучоғи тўлмас.
Наҳот шоир шундай яшаб ўтар тоқ,
Теграсида дунё юракдош бўлмас!

Аор остида ҳислар истаб ҳаловат,
Булутлар рақсини кесар нигоҳим.
Ёзиб бораяпман у дунёга хат,
Бўронлар ичида кезарми оҳим?!

Нотавон фанода умрим таланди,
Ортиқ сўз айтмакка қолмади кучим.
Яшаш азобига этмагин банди,
Хокимга зор яшар кўклаётган чим!..

Ассалом алайкум, дорнинг оғочи,
Ассалом алайкум, қалқиб турган дор,
Ассалом алайкум, мен кутган ажал,
Ассалом алайкум, эй она тупроқ!..

28.122012

ЕР БАҒИРЛАБ УЧДИМ ТИНИМСИЗ

Ер бағирлаб учдим тинимсиз,
Гоҳи чексиз фалакни қучдим.
Қанотимни қайирган, эй қиз,
Мажруҳ ҳолда кўнглингга учдим.

Суянсам мен суяндим шеърга,
Шамол бўлди умрим таянчи.
Афсус билан қарадим ерга,
Дунё аянч, яшаш аянчли.

Сендан қочдим, ўзимдан қочдим,
Лабларимда ўзга ёр лаби.
Минг тирилдим бир марта ўлиб.

Қўлларингни дуога очдим,
Ҳовучингдан учган қуш каби
Учиб кетдим мангулик бўлиб.

2006

2009.КУЗ

Умрим қадаҳларнинг шум жарангида,
Туркистон замини соғинч рангида,
Ялов тутиб борар шамол жангида –
Куз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

Юзлансам мезонлар юзимга ботар,
Бўзласам бу фалак бўғзимда ётар,
Сўзласам шу Ватан кўзимда қотар –
Муз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

От чоптириб ўтар қанча суворий,
Туёқлар зарбида қақшар диёри,
Орамизда битта қисмат девори –
Буз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!

Тўзғин булутлардек юрагим пора,
Манзил истаб ўлдим бехуд, оввора,
Юракда етилган дардимга чора –
«Туз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!»

Тангри-ла тиллашган ўлка тоғида,
Тупроқ-ла беллашган ўлка боғида,
Воҳ, азиз боғларнинг ҳар яфроғида –
«Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!»

Кунларим абгору тунларим бедор,
Андижондамен-у Андижонга зор,
«Сарриштаи айшдин кўнгилни зинҳор
Уз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!»

ТИТРОҚ ЛАБЛАРИМДА

Титроқ лабларимда ғунчалар тердим,
О, ҳорғин булутлар, сизларга эмас,
Қадрини билмаган қизларга эмас,
Олча гулларига умримни бердим.

Ажал сўқмоғида ҳайиқмай турдим,
На қонхўр шоқоллар, на-да илвасин,
Тик боқдим. Ўзимни кўрдим. Ва кўрдим –
Олча гулларида Тангри жилвасин.

Билмайман, нимадир ҳаёт нағмаси,
Нимадир бу дунё, нимадир башар?
Олча гулларида ишқнинг тамғаси,
Рўзигулнинг қизи қон ютиб яшар…

Севги не? — сўрайман. Бош чайқар толлар,
Тўзғиб бораяпти ўчоқ куллари.
Тошкент томонларга қайтинг, шамоллар,
Тўкилиб кетмасин олча гуллари.

2012

ШОИР ПОРТРЕТИ

Дадам Бекмурод ПРИМОВга

Сўнгсиз…
Сўнгсиз…
Сўнгсиз бир сўқмоқ,
Кетмакдадир шамолга доир —
Қўлларида бир даста вароқ —
Кимса билмас улуғ бир шоир.

Деворларга туртинар, туртар,
Ҳорғин…
Ҳорғин…
Ҳорғин қадамлар.
Дунё…
Дунё бағрини ўртар,
Гадойлардай ўтар одамлар.

Дуч келгандай бир дарбадарга,
Ёмон…
Ёмон қарайди кимдир.
Қаранг…
Қаранг чиқди сафарга,
Кимса билмас улуғ бир шоир.

Тўлинойдай ойдиндир орзу,
Вароқлардан кўнгли тўлмайди.
У билмайди, фақатгина у,
Юлдузларни миниб бўлмайди.

Фикратида бетизгин ўйлар,
Буюк дард бор қовурғасида.
Четанларда маърайди қўйлар
Бўриларга айтиб қасида.

Кетмакдадир Бир манзил томон,
Қўлларида бир даста вароқ.
Тугай қол, ер, тугай қол, осмон,
Кетмакдадир…
Тугай қол, сўқмоқ.

2006

ҚАДАМ БОССАМ…

Қадам боссам чиқар қорларидан оҳ,
Машшота шамоллар ўпар йўлкани.
Ойқиз, кенгликларга ташлагин нигоҳ,
Севмай бўладими шундай ўлкани?!.

Даштларни қучишга қулочим етмас,
Сени қучоқлашга етмайди журъат.
Қара, деразангдан гул каби кетмас
Тунги изғиринлар ёзиб кетган хат…

Бўсалар нафаси қордаги сасдан…
Бошимиз устида хилватгоҳ сада.
Ҳеч бўлмаса, шоир бўлмасдан
Яшаб бўлармиди шундай ўлкада?!.

2010

ЮЛДУЗЛАРИ НИҲОН

Юлдузлари ниҳон шифтга термилиб
Кўзларим соғинди, кўзларим толди.
Деразадан боқар навбаҳор кулиб,
Менинг эса умрим охирлаб қолди.

Чўғдек ёнаётган баданим сезар
Дуркун ҳамширанинг нозик қўлларин.
Дардим каби инжиқ апрелни безар
Дераза ортида олча гуллари.

Гарданни эзади оппоқ деворлар,
Хона тордир, дунё қилади торлик.
Дуркун ҳамширани йиғлатиб зорлар
Мени олиб кетар бир кун беморлик.

Тангрига хуш келмас чўзилган фироқ,
Момиқ билакларга тутсамми жонни?..
Сира ташлаб кетгинг келмайди, бироқ,
Деразадан боққан Ўзбекистонни!..

2009

ТАЗМИН

Мирзобек хотирасига

«Кўзинг не бало қаро бўлуптур,
Ким, жонға қаро бало бўлуптур».

Кўзимға на жола кўзинг тушғач,
Кўрғил, диларо жало бўлуптур.

Ё барқи зиё, лайл ё тундек,
Қалб икки дунё аро бўлуптур.

Новакми садоғидан тиғ урған,
Кўксимки қаро яро бўлуптур.

Бошимда само фиғон айларким,
Қошингда сабо наво бўлуптур.

Васлингға, вале гадомен десам,
Ҳажрингда гадо адо бўлуптур.

2010

ЮРАК ПОДШОДИР

Само кўксин тиғлар садоларим бор,
«Симо ушшоқ йиғлар сатоларим бор».

Хато айтган сўзимни кечирар Раб,
Агарким айбим бор, хатоларим бор.

Юрак подшодир, дема сен гадодир,
Вале шоҳдан ортиқ гадоларим бор.

Мангим тупроқ кезар-у, қўлда осмон,
Раъно-райҳон ислик ҳаволарим бор.

Диёрдин Ҳинд уммони, майли, айро,
Ки анғиз ястанган маъволарим бор.

Шу ёбон менинг, шул Ватан манимдир,
Бу дунёдан ҳаргиз даъволарим бор.

2009

«ШАФАҚ ЁҒДУСИ» ДАФТАРИДАН

УСМОН НОСИР ХОТИРАСИГА

Қора эмас қисмат аслида,
Ичилмаган сабҳалар сароб.
Қалбим ёнар бир ишқ фаслида,
Қучоғингда ошиқлар хароб.

Широқ бўлар қумларда кўлкам,
Мажнун ҳоли кўзимда даққи.
Шеърлар айтиб алдагин, ўлкам,
Туғилмаган Чўлпонлар ҳаққи.

Столимда сочилар ҳар тун,
Отилган тан, осилган танлар.
Туғиларми хўрланмак учун,
Юртим, сени кўпроқ севганлар!

Мағрурликка маҳкумдир қаддим,
Гарчи дилда қуллар фарёди.
Йўллар қадим, тупроқлар қадим,
Ҳар гардида аждодлар ёди.

Қай касларнинг кўкракларида
Қуллик муҳри — товланар медал.
Эрк бўзлайди зиндон қаъридан —
Кишанлардир энг гўзал металл!

Этагингдан ушлаганча ман,
Дегим келар меҳрдан эриб,
Юр, тоғларга чиқайлик,
Ватан, Бинафшалар бераман териб.

Манглайингда шеърларим яшиқ,
Ерни тепиб йиғлама, қўзим.
Ошиқ бўлсам бир сенга ошиқ,
Шоир бўлсам шоиринг ўзим!

СЕН ЯШАГИН ЁНИБ

Сен яшагин ёниб, яшариб,
Менинг умрим тубанлаб борар.
Менинг қалбим Мозори Шариф,
Бу мозорда ҳурлар ёлборар.

Сен яшагин сира ўкинмай,
Ҳилпирайди Ватан байроғи.
Ки қалбимни ўртайди тинмай
Бойқушларнинг хунук сайроғи.

Ишқдан ортдим, ортмадим ғамдан,
Нечун сенинг кўзларингда нам?
Бошингни ол озғин елкамдан,
Ахир, сўнар ёнаётган шам!

Беролмайман бахтингга таъриф,
Сўзларим соғ, бўзларим хаста.
Менинг қалбим Мозори Шариф —
Қора гуллар битган, Гулдаста!

2009

БАҲОРДА

Гумбурласа момоқалдироқ,
Билгин,
Мен бақиряпман.
Мен ердан ва сендан йироқ,
Мен сени чақиряпман.
Чарсиллаб чақнаган чақин —
Чақинмас —
У сенга талпинган менинг қулочим.

Ёлғизлик қуршаса,
Қолмаса ҳеч сас —
Сукунатмас —
Мен сени ичяпман жим.
Шамолмас сочинг тортқилаган ўйнаб,
Довуччага тўлдирган йўлларингни.
Рўмолинг билан кўзларингни қийнаб
Ёпаётган —
Менинг дағал қўлларимдир.
Ҳар баҳор жалалар остида қолсанг, Бил,
Жолаларимга чўмилтиряпман.
Лолазор,
Лолалар ичра йўқолсанг,
Гулдай ҳисларимга кўмилтиряпман.
Эрта тонг ҳовлингни кезсанг,
Бир ажиб,
Бир нафис бўй сезсанг,
Шудринг сескантирса,
Ўзгарса таъбинг,
Демагил,
Оппоқ тонг отяпти,
Шаҳло,
Этагингни ўпмоқда лабим,
Димоғингга исим ботяпти.
Даричангдан мўралаган қуёшмас,
Даричангга босаяпман юзимни.
Ҳар онинг,
Ҳар лаҳзангга мен басма-бас,
Сенга бағишлаяпман ўзимни.

2006

БИР ДАРАХТ ҲАҚИДА ДОСТОН

Тош осган қадамдек имиллайди вақт,
Босиб бўлармиди шамолларга лаб.
Совуқ қанғасида биргина дарахт
Изғиринга қарши яшар дирдираб.

Пойини ялаган ёлғизоёқ йўл,
Ғамгин боқиб ўтар ҳар бир йўловчи.
Бўрилар овланган юртда, ҳар тугул,
Уни отиб кетмас бирорта овчи.

Зада бўлиб борар февраль қаҳридан,
Теграсин ўрайди қарға галаси.
Жонидан ўтса-да, ўтмас баҳридан
Озод Туркистоннинг бийдай даласи.

Жуда ожиз турар қиш чиройида,
Озғин новдалари кўз ёшга тўлар.
Ахир, фақатгина апрель ойида,
«Гулбадан»дек яшаса бўлар.

2010

«ҚУШЛАР ҚЎШИҒИ» ДАФТАРИДАН

БОҒ ИЧИДА…

Боғ ичида,
Дарахт тагида
Унутилган қандайдир китоб.

Очиқ ётар,
Ётар беҳуда.

Ҳарфларини эмади офтоб,
Варақларин варақлар шамол,
Ўз-ўзини ўқийди китоб.

1998

ТУН

Тун. Кетяпман, жунжикади тан,
Чимчилайди изғирин чим-чим.
Биқинимда дирдираётган
Бармоқларни илитар қўнжим.

Ит ҳуради ғингшиб пайдар-пай,
Ётмагандай қишлоқ беэга.
Чинникоса синиқларидай
Ҳар жойда қор чега ва чега.

Кенг кўчалар шилта-шалаббо,
Миннат қилиб ер билчиллайди.
Юлдузлардан тиктирган қубба,
Кўлмакларнинг ҳилолдир сайди.

Соғ одамни чалганидай жин,
Кетаяпман йўталиб, уҳлаб.
Кетаяпман қўлларингни мен
Иситмак-чун бироз куҳ-куҳлаб.

2005

ЕТТИ ДУНЁМ ТОМОНИ СЕНСАН

Етти дунём томони сенсан,
Сен жонимнинг жон-жонидасен.
Дардларимнинг ёмони сенсан,
Сен умримнинг ҳар онидасен.
Ишқ карвонин сарбони менман,
Мен ишқингнинг осмонидамен.
Қайснинг қайта достони менман,
Мен кўнглингнинг бўстонидамен.
Дилбайтимнинг дилрози сенсан,
Сен куйимнинг авж созидасен.
Оҳларимниг овози сенсан.
Оҳларингнинг овози менман,
Мен руҳ тайрин парвозидамен.
Дил риштасин дорбози менман.
Ҳисларимнинг дояси сенсан,
Сен ҳовучим дуосидасен.
Муҳаббатинг қояси менман,
Мен кипригинг соясидамен.
Мен кипригинг соясидамен…

2003

«МАНЗИЛСИЗ МАКТУБЛАР» ДАФТАРИДАН

ҚАЙЛАРДАДИР

Қайлардадир яшаяпсан сен,
Яшаяпсан сукутга тўла.
Нафасларинг енгил ва сокин,
Пинакдасан ёки қайлула…

Узун сочлар сабода сузиб,
Яшаяпсан гуллар ичида.
£ саболар ғунчалар узиб
Уйғотмакка уннар беҳуда.

Яшаяпсан, билмайсан мени,
Ҳали мен ҳам сени кўрмадим.
Яшаяпсан райҳон исини
Таратганча дунёга, гулим.

Бутун дунё сокин, жим ва жим,
Бутун дунё ухлаган пайти
Тушларингдан отилиб чиқгум,
Уйғотаман, гулим, шеър айтиб!

2004

ШАҲРИНГДА СЕН

Шаҳрингда сен эрка хонгули,
Шаҳримда мен ёввойи қоплон.

Самарқандда кезарман сарсон,
Титроқларга тўлгайсан, Нилу…
Бир кун қувиб етганим замон
Чангалимда бўлгайсан, Нилу…

Тишларимда сизилади қон,
Ўкираман бўғзимда нидо.
Бошим узра минг йиллик осмон,
Бошим узра мангу бир Худо!

Беланганман, қара, тупроққа,
Тирноғимдан тошлар тирналар.
Кетолмайсан мендан йироққа,
Манзилингни айтар турналар.

Кўзларингнинг қаролиғида
Тунни ёрар чақмоқ муҳри бор.
Қошларингнинг оралиғида
Гўзалликнинг сулҳи бор, дилдор!

Кўринади аксинг қуёшда,
Гарданингда панжам излари…
Югураман ёниб оташда,
Югураман фақат сен сари!

Пойим ўпган чечаклар ора
Изларингни истаб бораман.
Сен бечора, мен ҳам бечора,
Аламлардан пора-пораман.

Асли, бахтим ярим яралган,
Нимталади қайта бу фалак.
Шамолларда тананг таралган,
Тушун, ишққа маҳкумсан, малак!

Шаҳрингда сен эрка хонгули,
Шаҳримда мен ёввойи қоплон.

Кетмакдаман Бухоро томон,
Титроқларга тўлгайсан, Нилу…
Қувиб етсам, қўймайман омон,
Қучоғимда ўлгайсан, Нилу…

2007

«ЗАНЖИРБАНД ҲИСЛАР» ДАФТАРИДАН

..Турк халқим, сен очиққанда тушунмайсан тўқликни, тўқ бўлсанг унутасан очлик нималигини…
(Йўллиг Тегин битиктошидан)

БИР КУНИ

Бир куни
Ерга сингиб кетаман ҳайқириб,
Гуллар ўсиб чиқади устихонларимдан.
Дарёлар оқади кишнаб, айқириб.

Кўзёшларимдан,
Ва албатта, Орол тўлади.
Иложим йўқ, бир қучоқ
Гул бўламан, бир ўчоқ
Шеър бўламан қучоқларингда, ВАТАН!

12.08.07.

ҚУЁШ ЯПРОҚЛАРГА…

Қуёш япроқларга
сочилиб кетди
Яшил пайпоқларини
ташлади конгул
Гулшандаги гуллар мени унутди
Тамакидан сарғайган
қўлимда буткул
Куйяпти
Сомончидан қолган
қуёш синиқлари

27.07.07.

МАНГУЛИК…

Мангулик мусиқани
кашф этган дарахт

Унинг япроғида
ҳар битта куним

Т ентираб-тентираб
мен карахт

Қайси япроғида
кесилар ўлим

29.08.07.

БАХТ

Бахт, бахт,
эшигингни оч,
исмингни биламан-ку,

Қосим эмасман,
менга ишон,
сен нўхатмассан, Бахт.

26.12.07.

БАҲОР

Тушларингда гуллаган Баҳор
Лабларингда очилган Баҳор
Рўмолингга сочилган Баҳор
Баҳор кетмаган севгилим
Кўзларимда йиғлаяпти Баҳор

14.07.07.

БУ КЎЧАЛАР…

Бу кўчалар менинг ёшлигим.

Сингиб кетган яланг оёқчаларим.

Бу тераклар менинг ёшлигим.

Шу теракларда чоп этилган энг гўзал асарим.

Ана, мусича,
Ҳў ўша мусича…

Кўзларим очилди мошдай.

Ҳурпайиб турибди симёғочда ёшлигим.

07.07.07.

БАРМОҚЛАРИМ…

Бармоқларим ғижимлаб ўтди
мунгли куйларни.

Тишлаб бораверди ҳисларимни.

£пиб қўйди
очиқ қолган кўзларимни.

Бармоқларимни силтаб ташлади оппоқ ранг.

4.08.07.

ҚУЁШГА…

Қуёшга пичирлайди
синиқ қадаҳлар

Қизғалдоқ хўрсиниғи
лабимдан томар

Кўзларимни тингласига
маҳкумсан дунё

15.03.07.

ОҚЛАНГАН УЙ…

Оқланган уй

Уйимни соғиндим

Оқ деворлар

Бошим сизга урилмасдан
синиблар кетди соям

Барибир
қуёшни кўтариб қайтаман

3.08.07.

БУНЧАЛАР…

Бунчалар гўзалсан осмон

Бунчалар юлдуз

Бунчалар ойгина ёлғиз

Бунчалар тун

Кўзларим кўчиб кетган маъво

Куймагимни отиб юбордим

4.07.08.

* * *

Зиналарга ўхшаб
у ҳаммани кутади.

Кутмагандай зиналарни биров,
Кутмайди уни ҳам ҳеч ким.

Ахир,
Подъездлардан
бошлаган таълимни.

БУЛУТЛАР ОРАЛАБ…

Булутлар оралаб
куйлаяпти ой.

Қанчалар ҳазин қўшиқ,
Қанчалар сокин қўшиқ.

Гамлет каби
қўшиқни томоша қиляпман.

14.08.07.

ОЛОВ, МА…

Олов,
Ма, тилла танга.

Тилларинг узун,
Бунчалар узун,
Куйдиради,
Бнади,
Сачраб-сачраб сочади
аланга.

Шоирларга
бўлиб бер тилларингни.

Ма, тилла танга.

19.08.07.

ДЎСТЛАРИМ

Бўм-бўш.
Дарахт шовуллар.
Тўкилган кўнгиллар,
Ҳислари шамолда…

Оғир қадамлар
эзғилар бу кўнгилларни.
Дунё ўхшаб
қолган мункайган чолга.

Тўкилган кўнгиллар қўзиб кетдилар.
Даврасини чирт-чирт узиб кетдилар.
Тўкилган кўнгиллар тўзиб юрибди:
Шаҳарда,
Қишлоқда,
Тоғу чўлда,
Масковда…

19.04.07.

* * *

Осмон олис эди,
ер эса қаттиқ.
Энди
осмон яқин, ер юмшоқ бўлган.
Ҳоҳласанг, ёнимга кел, осмонга чиқ,
Ер юмшоқлигидан бўғзим ҳам тўлган.

2007.

КУЗ. ЧИРОЙЛИ ҚИЗАЛОҚ…

Куз.
Чиройли қизалоқ.
Олтин қизалоқ.
Ўрис қизалоқ.

Тортқилаб ўйнайди
кузнинг олтин сочларига
лаб босган қишнинг
оппоқ куйлагидан олтин водийда.

Янада тиқилар қишнинг пинжига.
О, бунчалар
яхши кўрмасанг қишни?

Мен эриб кетяпман.

10.10.07.

АДИБЛАРГА…

Адибларга шоҳлик ярашмайди,
Вазирлик ҳам.

Терговчи бўлмасин,
Ҳоким бўлмасин.

Тўғри келмайди
Асло раислик.

Кутубхоначи қилиб сайланг уларни,
Қўлига тўппонча беринг,
Ўзининг молини ўзи қўриқласин.

22.04.07

ОЧИҚ ЕЛКАЛАР…

Очиқ елкалар
Очиқ сийналар учиб кетди
Қора кўзойнаклар қанотида

Баҳорнинг
яшил гиламларини
сой бўйида юваяпти Куз

9.09.07.

ТУМАН…

Гулнисага

Туман.
Ғира-шира кўринар бир қиз.

Ненидир бағрига
босганча келаяпти у сулув.

Туман.
Йўқ…
Қизнинг бағрида тамаки
чекяпти Муҳаммад Юсуф.

10.11.07.

БАҲОРНИНГ КЎКСИДА…

Баҳорнинг кўксида
ҳилпирайди алвон қизғалдоқ

Ўрик гуллаган
Қирлар ям-яшил

Дунёни унутгим келади
Барини унутгим келади изсиз

Фақат баҳор бўлса дейман
Баҳор

Бироқ хотирамнинг суюқ турбатига
чумчуқ уяларидан мўралайди жим
Толлар ковагига яширинган Куз

24.04.07.

ШАМОЛНИНГ…

Шамолнинг бағрини ёрган
тераклар…

Уларга ойни илдим,
Қуёшни илдим,
Сўнг «Т+М» — бағри ёрилди…

Сен бермаган бўсалар ҳаққи
Мен улардан олаяпман хун.

Шамолнинг бағрини ёрган
тераклар

Иккимизни қучоқлаб
йиқилар бугун.

20.07.07.

БАҲОР ЭДИ…

Баҳор эди, севгилим,
Баҳор…

Ёдингдами, баҳорим,
Ёдингдами…

Мажнунтол бизга суяниб
йиғлаб юборгани…

Ёдингдами,
Йиғлашни билмаган пайтларимиз…

21.07.07.

ТИЛИ КАЛИМАГА

Тили калимага келмаган
дарахт дудуқланиб қолди
шамолнинг ҳисларидан.

Унинг қучоғида
оловранг куйлагини ечсамикан ё…

28.10.07.

БИР САФДА…

Бир сафда турибди буюклар,
Бир сафда давлатлар тизилган.

Эҳ-ҳе,
Шунча бойлик,
Шунча суюкли,
Сарҳади бешта қитъага чўзилган.

Бурчакда жим маош кутяпти
Шу катта дунёнинг эгаси,
Елизаветадан буюк — Кутубхоначи.

2007.

ДАРАХТ КЎККА…

Дарахт кўкка интилади
Шоирлар мисол.
Шоир кўкка интилади
Дарахтлар мисол.
Кўкда қуёш бор,
Унга етсам дейди.
Шунга етгач ёниб кетсам дейди.
Дарахт томирлари
ерга интилади шоирдан айри…
Икки ўтни туташтиргиси келар.
Ерда олов бор,
Шоир билмайди,
Шоир ўқимаган.
Яхшиям билмайди,
Фалсафадан йироқ,
Физикадан йироқ.
Билганида айланарди дарахтга
шоир бўлмасдан олдинроқ.

9.04.07.

* * *

Шахдам-шахдам юришингни,
Нозик бармоқларинг билан
икки зулфингни суришингни
ўйлаяпман.

Сен ҳақингда ўйлаяпман.
Бу дунёда бир сенинг
камчилигинг йўқдай
туюлар менга.

Ишон,
Сен ҳақингда ўйлаяпман.
Мендан бўлак ҳеч бир ошиқ
сен ҳақингда ўйламаяпти деб ўйлаяпман.

10.04.07.

* * *

Айтиб бўладими
Эртага тошлар гулласа

Осмон қақнусга тўлса

Айтиб бўладими
Эртага сенга
севги изҳор қилишимни

16.04.07.

ТАРНОВЛАРДАН СУВ…

Тарновлардан сув оқиб тушар,
Мармар йўлкаларга сочилиб кетар.

Қайга оқишини билмайди бу сувлар…

Ирода,
Шунақа бўларкан
шаҳарнинг шаршаралари.

18.04.07.

КЎЧАЛАРГА…

Кўчаларга кўзим тўкилди.
Кўчаларга кўнглим тўкилди.
Юрагимни босиб ўтаман бу кўчадан.
Кўзларимни босиб ўтаман бу кўчадан.

Бу кўча муқаддас кўча.
Бу кўча табаррук кўча.
Тавоф қилиш учун
шамоллардан олдин изларингни
ҳисларимга беради рухсат
бу кўчалар.
Бу кўчада
Шу кўчага ўхшаб жим-жит
ухлаяпти тушлари қорайган Муҳаббат.

7.05.07.

КИР, ҒЎЖАЛА…

Кир,
Ғўжала,
Қорни оч,
Яланғоч бола ютоқиб нон кавшайди.

Ўзи ясаган
лой уйчаларга қарамас.
Тенгқурларига бермас эътибор.
Ютоқиб нон кавшайди.

У нонда
туйяпти ҳаёт таъмини!

10.04.07.

Қаландарлор ишқи — «Ҳақ дўст, ё Оллоҳ»
Самовий қўшиқда қайси бир набий.
Миллатсиз оҳангда яшаб ўтар, оҳ,
билмадим, туркийми, форсий, арабий?

Лайлилар садоси саргардон қумда,
Эзилиб бораман тинглаган сари.
Шамолни қучоқлаб учган руҳимда
Куйлаб ўтаяпти ҳинду қизлари.

Кадамларим каби оғирлашар ўй,
Она, йиғламагин, тирикман ҳали.
Дераза ортида тўлғанади куй,
Қанот бер, Самарқанд, сенга учгали.

 

1-gizni-o-lubvi.jpgXURSHID DAVRON
FERUZA OSMONLIK SHOIR

001

Kecha Shoir bilan tanishdim. Ismi Talant. Albatta, bu ismni eshitganda, albatta, ko’nglingda: «Ismi-ku Talant, ammo o’zi talantlimikan? — degan «shubha» g’imirlaydi. Bu «shubha» bir oycha avval shoir Husan Maqsud qo’ng’iroq qilib, Talant Bek ismli bir yosh shoir to’plamini yuborishga, muallifi Toshkentga kelsa, huzurimga olib borishga ruxsat so’ragan paytida xayolimning bir chetidan o’tgan edi. Kitob matnini internet orqali oldim, ammo, vaziyat anchagacha u bilan tanishishga imkon bermadi.

Keyinroq Maqsud yana zang urib Talant Toshkentga kelgani haqida xabar berdi. Afsuski, uyda ustalar ishlayotgani uchun uchrashish imkoni bo’lmadi. Bir necha kun o’tib Talantning o’zi qo’ng’iroq qildi, Toshkentdaligini aytib, uchrashish imkoni bormi, deb so’radi.

Albatta, bir muddat oldin Talant Bek she’rlariga, ochig’i,400 betdan ziyod matnning dastlabki sahifalariga shoshig’ich nazar tashlab, yosh shoirda iste’dod borligini sezgan,uchrashsa bo’ladi, degan qarorga kelgan edim.

Keyin Husan bilan Talant uyimga kelishdi.

Suhbatda, albatta, o’qishga ulgurgan she’rlardan olgan ilk tassurotlarimu ba’zi mulohazalarimni aytdim. Ko’proq shoir qismati va she’r bilan bog’liq mavzu gaplashdik. Talant menga «Feruza osmon» nomli kitobini taqdim etdi.

Mehmonlar ketishgach, «Feruza osmon»ni qo’limga olib varaqlay boshladimu bugun qanday shoir bilan tanishganimni angladim. To’plamdagi har bir she’r meni hayratga soldi, ularning ayrimlarini qayta-qayta o’qigim keldi. Masalan, mana bu she’rni bir necha bor o’qib zavqlandim:

Bog’ ichida,
Daraxt tagida
Unutilgan qandaydir kitob.

Ochiq yotar,
Yotar behuda.

Harflarini emadi oftob,
Varaqlarin varaqlar shamol,
O’z-o’zini o’qiydi kitob.

Ham sodda, ham sirli, ham falsafiy teran bunday she’ru satrlar «Feruza osmon»ning har bir sahifasida mahzun shivirlab turibdi. Ayrim she’rlar meni o’smirligimga, yoshligimga qaytardi. Unitilayozgan hislarimni uyg’otdi. Ochig’i, o’sha olis yoshlik faslida yuragimda uyg’ongan (unitilayozgan) ilk muhabbat tuyg’ularimgacha yuragimga qaytarganday bo’ldi.

Albatta, ayrim she’rlarda «raufona ohanglaru ramzlar»ga taqlidlar, tahrirga muhtoj satrlar bor. Ammo, ular qaysi yosh shoirda yo’q. Aniqrog’i, qaysi shoirda yo’q. Ammo, tabiiy samimiyatu navqiron hayajon, tajriba qilishdan cho’chimaslik, o’rganishga intilish Talant Bek she’rlarini bir chekkaga surib qo’yishga imkon bermaydi.

She’riyatimizga yana bir iste’dod kirib kelganidan ko’nglim ko’tarildi. Turkiy nazmning ko’p ming yillik daftariga she’r yozib qoldirishga qodir shoirlar adabiyot uchun bamisoli toza qondir.

«Tabiiy» ravishda, Talantni har bir noyob iste’dod qismatida bo’lishi tabiiy mashaqqatlar kutmoqda; o’tilajak yo’li ham tekis bo’lmasligi rost. Ammo, iste’dod har qanday sharoitda irodasiga ishonishi, Adabiyot, She’riyat, So’z oldidaga mas’uliyatini, burchini himoya qilishga qodir jasorat egasi bo’lishi lozim. Zero, bugun ham va erta ham uning iste’dodiga havasdan ko’proq hasad bilan boqadiganlar albatta topiladi.

Ammo, inson va adabiyot tarixi shuni isbotlaydiki,asl iste’dod yo’lini to’sib bo’lmaydi. Asfal`tni yorib, feruza osmonga talpingan chechak bari bir ulkan daraxtga aylanadi.

YAHYO TOG’A
ERTAKLARGA O’RALGAN BIR DARD
«Feruza osmon» kitobiga yozilgan so’ngso’z
001

Talant Bek bilan bizni o’tgan yili (2006) taniqli adib Nurulloh Oston tanishtirgandi. Ro’zai ramazon. Xadradagi bir xonadonda iftor.

— Ko’ring, havas qiling! — dedilar usta nim tabassum va anchayin iftixor ila. Qochirim samimiy edi. Va biz bul faxrga sherik bo’lmak istadik.
Ro’paramda Usmon viqorli «Pushkincha» turardi. Iftordan so’ng she’rlar o’qildi.

…Jiyda gullaridan taralgan bo’ylar
Qishloq qizlarini qilganday sarxush
Mening she’rlarimdan mastsan har safar,
Bugun e’lon qildim qalbingga urush…

…Olaparing bakovul ekan,
Akalaring yasovul ekan.
Gulim, bizlar yashagan joylar
Qishloqlaru keng ovul ekan…

…Derazaga bosdim yuzimni,
Devorlari baland uy tordir.
Oh, oynalar aldar ko’zimni,
Shu tomonda Samarqand bordir!..

Yosh qalamkashning yana bir qator she’rlari taftish qilindi, elakdan o’tkazildi. Adabiy davralarni, mushoiralarni sog’ingan ekanmizmi, ko’p mutaassir bo’ldik.
«Pushkincha»ning «debyuti» bilan bog’liq qizg’in bahsu munozara boy taassurotimiz chegaralarini yana-da kengaytirdi.

— Talant Bek shubhasiz talantli shoir!
— Lutfiyona lutf kerak shekilli bu yigitchaga?!
— Nima? «Zimashka»larini qarang. O’ziga xos shoir, «o’z sozi bor, o’z ovozi». «Bilov qabog’ing», «g’o’lin bulutlar» kabi iboralarni bemalol qo’llashi, «bandarma», «g’o’lba», «hilva» singari sheva boyliklaridan erkin foydalanishi…
— Shoirimiz hali yosh.
— Shoir — hamisha yosh.
— Hamisha undan-da yoshroq.
— «Oydan-da go’zaldir, kundan-da go’zal!*»
— Boringki, u hamisha lirik qahramoni bilan tengdoshdir.
— Talantlarni qo’llash kerak, talantsizlar o’zi yo’l topib ketadi.
— Talant — talant! Biroq buni o’zi bilgani chatoq.
— Ehtimol, shunisi ma’quldir?! Odam o’ziga ishonishi kerak-ku.
— So’z zavqi-shavqida ma’lum bir adabiy chegaralarni buzish mumkin. So’zni o’ynash mumkin, o’ynatish mumkin. Adabiyot — so’z san’ati!
— So’z — o’t!
— So’z — olov!
— Shoir, ta’bir joiz bo’lsa, yonib turgan mash’alani otib, aylantirib, og’ziga cho’g’ solib o’ynayotgan huqqabozga o’xshaydi. Sal noto’g’ri harakat tufayli huqqabozning og’zi kuyib qolishi hech gapmas.
— Shoir yuragini mash’ala qilib o’ynaydi, kerak bo’lsa.
— «Ey siz, gala boyqushlar, ko’ksimga kelib qo’ning vayrona kerak bo’lsa…»
— «Yigitning so’zi — qasam!»
— Yaxshi qo’shiqlar ham eslandi shu bahonada. Biz hamisha yaxshi she’rga, yaxshi qo’shiqqa mahtalmiz. Shoirning so’zi ham qasamdan kam
bo’lmasin!

— Bu gaplar qisman o’zimizga ham tegishli. Mavzuga qaytaylik. Talant Bekning bir she’rida Shahrisabz «Shahrixazon, Shahrihijron Respublikasi»ga aylanadi.
— «Shahrihijron mamlakati» yoki «saltanati»ga aylantirilsa yana-da go’zalroq bo’lardi, menimcha.
— Qofiya buziladi-ku.
— She’rda goho «Erk so’ziga qofiya — qasos!**» bo’lishi ham mumkin.
— Shoirning shevasi — she’r!
— She’r esa ko’p uyqusiz tunlarning goho achchiq, goho shirin mevasi.
— «Shoirlar viloyatda tug’iladilar»…

Bahs uzoq davom etdi. Oxir-oqibat yakdillik ila bir xulosaga kelindi: yangi va o’ziga xos so’z ustasi shakllanibdi. She’riy to’rxaltasi mag’izli bir yosh shoir adabiyotning sirli cho’qqisini ko’zlab ishonch bilan bu qadim va dolg’ali dovonga qadam qo’yibdi.
Biz anchayin iftixor ila Usmon viqorli jingalak soch «Pushkincha»ni olqishlab, alqab, duo qilib qoldik: safaring bexatar bo’lsin!
Oq yo’l, do’stim!!!

Toshkent, 2007

* Abdulhamid Cho’lpon satriga ishora
** Xurshid Davron satriga ishora

index.jpg
TALANT BEK
«FERUZA OSMON» KITOBIDAN
001

«SHAMOLLAR OG’USHIDA» DAFTARIDAN

BIR ISHQ OG’USHIDA

Bir ishq og’ushida bearmon yeldim,
Ismimdan titradi suluvlar labi.
Senga ishq zalvorin yelkalab keldim
Jangdan g’olib qaytgan bahodir kabi.

Shamol dazmollagan kuylagim yengli,
Oroldek ko’zimda suvlar quribdi.
Qarshimda yastanar bepoyon kenglik,
Ortimda Samarqand mag’rur turibdi!

Bo’g’zimga tiqilgan dunyo — alammas,
Mo’g’ul Chingizi-yu rusning Il`ichi.
Qo’limda o’ynagan qora qalammas,
Hali sovimagan Temur qilichi!

Puflamak fojia yoqilgan shamni,
Shafaq chorlayverar, o’chman olovga.
Malaklar mahv etsa horg’in tanamni,
Xalqim yoqishadi o’rab yalovga!

Onam ko’zida yosh dudu qurumdan,
Otam sog’inchiga bosayapti chim.
Necha ming Laylilar adashgan qumdan
Senga ishq zalvorin yelkalab keldim.

Tomiringga tutash oqayapti qon,
Hali tug’ilmagan she’rimda borsan.
Ona O’zbekiston, Ota Turkiston,
Ishqning og’ochida qalqigan dorsan!..
Borayapman.

RAUF PARFI VIDOSI

1

«Assalom alaykum, dorning og’ochi»,*
Tegrangda qush kabi chirqirab yeldim.
Menga begonadir nasroniy xochi,
Bir sarbador kabi qoshingga keldim.

Qon shimgan ilkingni yemadimi qurt?
Sahroga egasiz ketdi tevalar.
Qurbonlikka saxiy ketgan ota yurt
Shu og’ochdan uzdi qancha mevalar.

Manglayga bitilgan muslim Qur’oni,
Haqdan olinmagan o’lponman o’zim.
Dorning og’ochida yillar suroni,
O’shal Usmon o’zim, Cho’lponman o’zim.

* «Kuntug’mish» dostonida Xolbekaning dor ostidagi so’zidan.

2

«Assalom alaykum, dorning og’ochi»,
Osilib turibsan moziy oralab.
To’zg’iydi Mashrabning patila sochi,
Qancha oshiqlarni o’tding qoralab.

Haqqimga bosh tikdim. Sen tomon yurdim,
Qadamim shahdi bor, vale oshiqmam.
Nigohim sanchildi. Xayollar surdim,
Laylo firog’ida yongan oshiqman.

Men mag’rur yashadim senga qasd qilib,
Qoyalar ko’ksida yashaydi orim.
Hamon yashayapsan bo’g’zimni tilib,
Uzib tashlamakka yo’qdir qarorim.

3

Assalom alaykum, qalqib shurgan dor,
Paymonam to’lgandir qadahdek lim-lim.
Qog’ozlarga qonning to’kilishi bor,
Do’stim, vido aytay, yaxshi qol, singlim.

Oyog’im uzilib borar zamindan,
Jismim yong’inidan uchadi kullar.
Qullarning isyoni yiroqdir mendan,
O’limga tik boqib o’lmaydi qullar.

Aytgin, yer ostida bormi diyonat?
Elning botirlari uxlab yoturlar.
Xoinlardan chiqdi qancha xiyonat,
O’shal xoinlari yana soturlar.

4

Assalom alaykum, qalqib turgan dor,
Tongning tig’idasan munchoq misoli.
Onam kutayapti — yo’llarimga zor,
Yonib chaqiradi ajal visoli.

Arqon kurmagida Avazlar o’tar,
Mushti tugilganlar tugunlar yechmas.
Nokas-nomardlarni qaro yer yutar,
Mardi maydonidan ona yer kechmas.

Bitiklarim bo’lsin olovning saydi,
She’r to’la daftarni mumkindir yirtmoq.
Vatanni ko’targan hislar yashaydi,
Osilib tursa-da manguga sirtmoq!

5

Assalom alaykum, men kutgan ajal,
Alp Er To’ngadan keldingmi qaytib?
Ertaroq ketdimi Abdullajon sal,
Shamol uvlayapti marsiya aytib.

Qay ajal tig’ urgan yarador qushman,
Hayotim yaradir, ozordir dunyo.
Kitoblar pinjida yashagan tushman,
Savdosi boshida bozordir dunyo.

Bozor oralaydi inson galasi,
Cho’qqilarda yig’lab eriyapti qor.
Toshkent quchog’ida umrim chalasi,
Tiriklik kuyida o’lim barqaror!..

6

Assalom alaykum, men kutgan ajal,
Qora quzg’unlardan ming poradurman.
Tangrimni sog’indim. O’lim kuyin chal,
She’rimni shivirlab jim boradurman.

O’zimdan charchadim. Bezdim ma’vodan,
Ne, kishan saslari Nozimga loyiq.
Nafas olarmidi ozod havodan
Yuho og’zidagi ojiz xaloyiq?

Men-ku ko’p yashadim. Zaminda halak,
Sargashta yugurdim. Bilmayman nega?!.
Ilohlar chorladi, chorladi falak,
Yetim hislarimga malaklar ega!

7

Assalom alaykum, ey ona tuproq,
O’ksik yuraklarning og’rir sag’rini.
Seni o’zgalardan sevdimmi ko’proq,
Vatanda sog’indim Vatan bag’rini.

Jon tutib intildim. Seningdek, netay,
Og’ushi beminnat bir diyor yo’qdir.
Qolgan dunyolarga qo’l silkib ketay,
Tuproqdan sodiqroq biror yor yo’qdir.

«So’zning gulxanida isindi ruhim».*
So’zdan yalov tutdim. Olov tug’lingman.
Sendadir shodligim, senda anduhim,
Qabul et! Mana, men shoir o’g’lingman!

* Rauf Parfi satri

8

Assalom alaykum, ey ona tuproq,
Bag’ringga ola qol — quchog’i to’lmas.
Nahot shoir shunday yashab o’tar toq,
Tegrasida dunyo yurakdosh bo’lmas!

Aor ostida hislar istab halovat,
Bulutlar raqsini kesar nigohim.
Yozib borayapman u dunyoga xat,
Bo’ronlar ichida kezarmi ohim?!

Notavon fanoda umrim talandi,
Ortiq so’z aytmakka qolmadi kuchim.
Yashash azobiga etmagin bandi,
Xokimga zor yashar ko’klayotgan chim!..

Assalom alaykum, dorning og’ochi,
Assalom alaykum, qalqib turgan dor,
Assalom alaykum, men kutgan ajal,
Assalom alaykum, ey ona tuproq!..

28.122012

YER BAG’IRLAB UCHDIM TINIMSIZ

Yer bag’irlab uchdim tinimsiz,
Gohi cheksiz falakni quchdim.
Qanotimni qayirgan, ey qiz,
Majruh holda ko’nglingga uchdim.

Suyansam men suyandim she’rga,
Shamol bo’ldi umrim tayanchi.
Afsus bilan qaradim yerga,
Dunyo ayanch, yashash ayanchli.

Sendan qochdim, o’zimdan qochdim,
Lablarimda o’zga yor labi.
Ming tirildim bir marta o’lib.

Qo’llaringni duoga ochdim,
Hovuchingdan uchgan qush kabi
Uchib ketdim mangulik bo’lib.

2006

2009.KUZ

Umrim qadahlarning shum jarangida,
Turkiston zamini sog’inch rangida,
Yalov tutib borar shamol jangida –
Kuz, oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!

Yuzlansam mezonlar yuzimga botar,
Bo’zlasam bu falak bo’g’zimda yotar,
So’zlasam shu Vatan ko’zimda qotar –
Muz, oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!

Ot choptirib o’tar qancha suvoriy,
Tuyoqlar zarbida qaqshar diyori,
Oramizda bitta qismat devori –
Buz, oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!

To’zg’in bulutlardek yuragim pora,
Manzil istab o’ldim bexud, ovvora,
Yurakda yetilgan dardimga chora –
«Tuz, oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!»

Tangri-la tillashgan o’lka tog’ida,
Tuproq-la bellashgan o’lka bog’ida,
Voh, aziz bog’larning har yafrog’ida –
«Yuz oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!»

Kunlarim abgoru tunlarim bedor,
Andijondamen-u Andijonga zor,
«Sarrishtai ayshdin ko’ngilni zinhor
Uz, oh, Zahiriddin Muhammad Bobur!»

TITROQ LABLARIMDA

Titroq lablarimda g’unchalar terdim,
O, horg’in bulutlar, sizlarga emas,
Qadrini bilmagan qizlarga emas,
Olcha gullariga umrimni berdim.

Ajal so’qmog’ida hayiqmay turdim,
Na qonxo’r shoqollar, na-da ilvasin,
Tik boqdim. O’zimni ko’rdim. Va ko’rdim –
Olcha gullarida Tangri jilvasin.

Bilmayman, nimadir hayot nag’masi,
Nimadir bu dunyo, nimadir bashar?
Olcha gullarida ishqning tamg’asi,
Ro’zigulning qizi qon yutib yashar…

Sevgi ne? — so’rayman. Bosh chayqar tollar,
To’zg’ib borayapti o’choq kullari.
Toshkent tomonlarga qayting, shamollar,
To’kilib ketmasin olcha gullari.

2012

SHOIR PORTRETI

Dadam Bekmurod PRIMOVga

So’ngsiz…
So’ngsiz…
So’ngsiz bir so’qmoq,
Ketmakdadir shamolga doir —
Qo’llarida bir dasta varoq —
Kimsa bilmas ulug’ bir shoir.

Devorlarga turtinar, turtar,
Horg’in…
Horg’in…
Horg’in qadamlar.
Dunyo…
Dunyo bag’rini o’rtar,
Gadoylarday o’tar odamlar.

Duch kelganday bir darbadarga,
Yomon…
Yomon qaraydi kimdir.
Qarang…
Qarang chiqdi safarga,
Kimsa bilmas ulug’ bir shoir.

To’linoyday oydindir orzu,
Varoqlardan ko’ngli to’lmaydi.
U bilmaydi, faqatgina u,
Yulduzlarni minib bo’lmaydi.

Fikratida betizgin o’ylar,
Buyuk dard bor qovurg’asida.
Chetanlarda ma’raydi qo’ylar
Bo’rilarga aytib qasida.

Ketmakdadir Bir manzil tomon,
Qo’llarida bir dasta varoq.
Tugay qol, yer, tugay qol, osmon,
Ketmakdadir…
Tugay qol, so’qmoq.

2006

QADAM BOSSAM…

Qadam bossam chiqar qorlaridan oh,
Mashshota shamollar o’par yo’lkani.
Oyqiz, kengliklarga tashlagin nigoh,
Sevmay bo’ladimi shunday o’lkani?!.

Dashtlarni quchishga qulochim yetmas,
Seni quchoqlashga yetmaydi jur’at.
Qara, derazangdan gul kabi ketmas
Tungi izg’irinlar yozib ketgan xat…

Bo’salar nafasi qordagi sasdan…
Boshimiz ustida xilvatgoh sada.
Hech bo’lmasa, shoir bo’lmasdan
Yashab bo’larmidi shunday o’lkada?!.

2010

YULDUZLARI NIHON

Yulduzlari nihon shiftga termilib
Ko’zlarim sog’indi, ko’zlarim toldi.
Derazadan boqar navbahor kulib,
Mening esa umrim oxirlab qoldi.

Cho’g’dek yonayotgan badanim sezar
Durkun hamshiraning nozik qo’llarin.
Dardim kabi injiq aprelni bezar
Deraza ortida olcha gullari.

Gardanni ezadi oppoq devorlar,
Xona tordir, dunyo qiladi torlik.
Durkun hamshirani yig’latib zorlar
Meni olib ketar bir kun bemorlik.

Tangriga xush kelmas cho’zilgan firoq,
Momiq bilaklarga tutsammi jonni?..
Sira tashlab ketging kelmaydi, biroq,
Derazadan boqqan O’zbekistonni!..

2009

TAZMIN

Mirzobek xotirasiga

«Ko’zing ne balo qaro bo’luptur,
Kim, jong’a qaro balo bo’luptur».

Ko’zimg’a na jola ko’zing tushg’ach,
Ko’rg’il, dilaro jalo bo’luptur.

YO barqi ziyo, layl yo tundek,
Qalb ikki dunyo aro bo’luptur.

Novakmi sadog’idan tig’ urg’an,
Ko’ksimki qaro yaro bo’luptur.

Boshimda samo fig’on aylarkim,
Qoshingda sabo navo bo’luptur.

Vaslingg’a, vale gadomen desam,
Hajringda gado ado bo’luptur.

2010

YURAK PODSHODIR

Samo ko’ksin tig’lar sadolarim bor,
«Simo ushshoq yig’lar satolarim bor».

Xato aytgan so’zimni kechirar Rab,
Agarkim aybim bor, xatolarim bor.

Yurak podshodir, dema sen gadodir,
Vale shohdan ortiq gadolarim bor.

Mangim tuproq kezar-u, qo’lda osmon,
Ra’no-rayhon islik havolarim bor.

Diyordin Hind ummoni, mayli, ayro,
Ki ang’iz yastangan ma’volarim bor.

Shu yobon mening, shul Vatan manimdir,
Bu dunyodan hargiz da’volarim bor.

2009

«SHAFAQ YOG’DUSI» DAFTARIDAN

USMON NOSIR XOTIRASIGA

Qora emas qismat aslida,
Ichilmagan sabhalar sarob.
Qalbim yonar bir ishq faslida,
Quchog’ingda oshiqlar xarob.

Shiroq bo’lar qumlarda ko’lkam,
Majnun holi ko’zimda daqqi.
She’rlar aytib aldagin, o’lkam,
Tug’ilmagan Cho’lponlar haqqi.

Stolimda sochilar har tun,
Otilgan tan, osilgan tanlar.
Tug’ilarmi xo’rlanmak uchun,
Yurtim, seni ko’proq sevganlar!

Mag’rurlikka mahkumdir qaddim,
Garchi dilda qullar faryodi.
Yo’llar qadim, tuproqlar qadim,
Har gardida ajdodlar yodi.

Qay kaslarning ko’kraklarida
Qullik muhri — tovlanar medal.
Erk bo’zlaydi zindon qa’ridan —
Kishanlardir eng go’zal metall!

Etagingdan ushlagancha man,
Degim kelar mehrdan erib,
Yur, tog’larga chiqaylik,
Vatan, Binafshalar beraman terib.

Manglayingda she’rlarim yashiq,
Yerni tepib yig’lama, qo’zim.
Oshiq bo’lsam bir senga oshiq,
Shoir bo’lsam shoiring o’zim!

SEN YASHAGIN YONIB

Sen yashagin yonib, yasharib,
Mening umrim tubanlab borar.
Mening qalbim Mozori Sharif,
Bu mozorda hurlar yolborar.

Sen yashagin sira o’kinmay,
Hilpiraydi Vatan bayrog’i.
Ki qalbimni o’rtaydi tinmay
Boyqushlarning xunuk sayrog’i.

Ishqdan ortdim, ortmadim g’amdan,
Nechun sening ko’zlaringda nam?
Boshingni ol ozg’in yelkamdan,
Axir, so’nar yonayotgan sham!

Berolmayman baxtingga ta’rif,
So’zlarim sog’, bo’zlarim xasta.
Mening qalbim Mozori Sharif —
Qora gullar bitgan, Guldasta!

2009

BAHORDA

Gumburlasa momoqaldiroq,
Bilgin,
Men baqiryapman.
Men yerdan va sendan yiroq,
Men seni chaqiryapman.
Charsillab chaqnagan chaqin —
Chaqinmas —
U senga talpingan mening qulochim.

Yolg’izlik qurshasa,
Qolmasa hech sas —
Sukunatmas —
Men seni ichyapman jim.
Shamolmas soching tortqilagan o’ynab,
Dovuchchaga to’ldirgan yo’llaringni.
Ro’moling bilan ko’zlaringni qiynab
Yopayotgan —
Mening dag’al qo’llarimdir.
Har bahor jalalar ostida qolsang, Bil,
Jolalarimga cho’miltiryapman.
Lolazor,
Lolalar ichra yo’qolsang,
Gulday hislarimga ko’miltiryapman.
Erta tong hovlingni kezsang,
Bir ajib,
Bir nafis bo’y sezsang,
Shudring seskantirsa,
O’zgarsa ta’bing,
Demagil,
Oppoq tong otyapti,
Shahlo,
Etagingni o’pmoqda labim,
Dimog’ingga isim botyapti.
Darichangdan mo’ralagan quyoshmas,
Darichangga bosayapman yuzimni.
Har oning,
Har lahzangga men basma-bas,
Senga bag’ishlayapman o’zimni.

2006

BIR DARAXT HAQIDA DOSTON

Tosh osgan qadamdek imillaydi vaqt,
Bosib bo’larmidi shamollarga lab.
Sovuq qang’asida birgina daraxt
Izg’iringa qarshi yashar dirdirab.

Poyini yalagan yolg’izoyoq yo’l,
G’amgin boqib o’tar har bir yo’lovchi.
Bo’rilar ovlangan yurtda, har tugul,
Uni otib ketmas birorta ovchi.

Zada bo’lib borar fevral` qahridan,
Tegrasin o’raydi qarg’a galasi.
Jonidan o’tsa-da, o’tmas bahridan
Ozod Turkistonning biyday dalasi.

Juda ojiz turar qish chiroyida,
Ozg’in novdalari ko’z yoshga to’lar.
Axir, faqatgina aprel` oyida,
«Gulbadan»dek yashasa bo’lar.

2010

«QUSHLAR QO’SHIG’I» DAFTARIDAN

BOG’ ICHIDA…

Bog’ ichida,
Daraxt tagida
Unutilgan qandaydir kitob.

Ochiq yotar,
Yotar behuda.

Harflarini emadi oftob,
Varaqlarin varaqlar shamol,
O’z-o’zini o’qiydi kitob.

1998

TUN

Tun. Ketyapman, junjikadi tan,
Chimchilaydi izg’irin chim-chim.
Biqinimda dirdirayotgan
Barmoqlarni ilitar qo’njim.

It huradi g’ingshib paydar-pay,
Yotmaganday qishloq beega.
Chinnikosa siniqlariday
Har joyda qor chega va chega.

Keng ko’chalar shilta-shalabbo,
Minnat qilib yer bilchillaydi.
Yulduzlardan tiktirgan qubba,
Ko’lmaklarning hiloldir saydi.

Sog’ odamni chalganiday jin,
Ketayapman yo’talib, uhlab.
Ketayapman qo’llaringni men
Isitmak-chun biroz kuh-kuhlab.

2005

YETTI DUNYOM TOMONI SENSAN

Yetti dunyom tomoni sensan,
Sen jonimning jon-jonidasen.
Dardlarimning yomoni sensan,
Sen umrimning har onidasen.
Ishq karvonin sarboni menman,
Men ishqingning osmonidamen.
Qaysning qayta dostoni menman,
Men ko’nglingning bo’stonidamen.
Dilbaytimning dilrozi sensan,
Sen kuyimning avj sozidasen.
Ohlarimnig ovozi sensan.
Ohlaringning ovozi menman,
Men ruh tayrin parvozidamen.
Dil rishtasin dorbozi menman.
Hislarimning doyasi sensan,
Sen hovuchim duosidasen.
Muhabbating qoyasi menman,
Men kipriging soyasidamen.
Men kipriging soyasidamen…

2003

«MANZILSIZ MAKTUBLAR» DAFTARIDAN

QAYLARDADIR

Qaylardadir yashayapsan sen,
Yashayapsan sukutga to’la.
Nafaslaring yengil va sokin,
Pinakdasan yoki qaylula…

Uzun sochlar saboda suzib,
Yashayapsan gullar ichida.
? sabolar g’unchalar uzib
Uyg’otmakka unnar behuda.

Yashayapsan, bilmaysan meni,
Hali men ham seni ko’rmadim.
Yashayapsan rayhon isini
Taratgancha dunyoga, gulim.

Butun dunyo sokin, jim va jim,
Butun dunyo uxlagan payti
Tushlaringdan otilib chiqgum,
Uyg’otaman, gulim, she’r aytib!

2004

SHAHRINGDA SEN

Shahringda sen erka xonguli,
Shahrimda men yovvoyi qoplon.

Samarqandda kezarman sarson,
Titroqlarga to’lgaysan, Nilu…
Bir kun quvib yetganim zamon
Changalimda bo’lgaysan, Nilu…

Tishlarimda siziladi qon,
O’kiraman bo’g’zimda nido.
Boshim uzra ming yillik osmon,
Boshim uzra mangu bir Xudo!

Belanganman, qara, tuproqqa,
Tirnog’imdan toshlar tirnalar.
Ketolmaysan mendan yiroqqa,
Manzilingni aytar turnalar.

Ko’zlaringning qarolig’ida
Tunni yorar chaqmoq muhri bor.
Qoshlaringning oralig’ida
Go’zallikning sulhi bor, dildor!

Ko’rinadi aksing quyoshda,
Gardaningda panjam izlari…
Yuguraman yonib otashda,
Yuguraman faqat sen sari!

Poyim o’pgan chechaklar ora
Izlaringni istab boraman.
Sen bechora, men ham bechora,
Alamlardan pora-poraman.

Asli, baxtim yarim yaralgan,
Nimtaladi qayta bu falak.
Shamollarda tanang taralgan,
Tushun, ishqqa mahkumsan, malak!

Shahringda sen erka xonguli,
Shahrimda men yovvoyi qoplon.

Ketmakdaman Buxoro tomon,
Titroqlarga to’lgaysan, Nilu…
Quvib yetsam, qo’ymayman omon,
Quchog’imda o’lgaysan, Nilu…

2007

«ZANJIRBAND HISLAR» DAFTARIDAN

..Turk xalqim, sen ochiqqanda tushunmaysan to’qlikni, to’q bo’lsang unutasan ochlik nimaligini…
(Yo’llig Tegin bitiktoshidan)

BIR KUNI

Bir kuni
Yerga singib ketaman hayqirib,
Gullar o’sib chiqadi ustixonlarimdan.
Daryolar oqadi kishnab, ayqirib.

Ko’zyoshlarimdan,
Va albatta, Orol to’ladi.
Ilojim yo’q, bir quchoq
Gul bo’laman, bir o’choq
She’r bo’laman quchoqlaringda, VATAN!

12.08.07.

QUYOSH YAPROQLARGA…

Quyosh yaproqlarga
sochilib ketdi
Yashil paypoqlarini
tashladi kongul
Gulshandagi gullar meni unutdi
Tamakidan sarg’aygan
qo’limda butkul
Kuyyapti
Somonchidan qolgan
quyosh siniqlari

27.07.07.

MANGULIK…

Mangulik musiqani
kashf etgan daraxt

Uning yaprog’ida
har bitta kunim

T yentirab-tentirab
men karaxt

Qaysi yaprog’ida
kesilar o’lim

29.08.07.

BAXT

Baxt, baxt,
eshigingni och,
ismingni bilaman-ku,

Qosim emasman,
menga ishon,
sen no’xatmassan, Baxt.

26.12.07.

BAHOR

Tushlaringda gullagan Bahor
Lablaringda ochilgan Bahor
Ro’molingga sochilgan Bahor
Bahor ketmagan sevgilim
Ko’zlarimda yig’layapti Bahor

14.07.07.

BU KO’CHALAR…

Bu ko’chalar mening yoshligim.

Singib ketgan yalang oyoqchalarim.

Bu teraklar mening yoshligim.

Shu teraklarda chop etilgan eng go’zal asarim.

Ana, musicha,
Ho’ o’sha musicha…

Ko’zlarim ochildi moshday.

Hurpayib turibdi simyog’ochda yoshligim.

07.07.07.

BARMOQLARIM…

Barmoqlarim g’ijimlab o’tdi
mungli kuylarni.

Tishlab boraverdi hislarimni.

?pib qo’ydi
ochiq qolgan ko’zlarimni.

Barmoqlarimni siltab tashladi oppoq rang.

4.08.07.

QUYOSHGA…

Quyoshga pichirlaydi
siniq qadahlar

Qizg’aldoq xo’rsinig’i
labimdan tomar

Ko’zlarimni tinglasiga
mahkumsan dunyo

15.03.07.

OQLANGAN UY…

Oqlangan uy

Uyimni sog’indim

Oq devorlar

Boshim sizga urilmasdan
siniblar ketdi soyam

Baribir
quyoshni ko’tarib qaytaman

3.08.07.

BUNCHALAR…

Bunchalar go’zalsan osmon

Bunchalar yulduz

Bunchalar oygina yolg’iz

Bunchalar tun

Ko’zlarim ko’chib ketgan ma’vo

Kuymagimni otib yubordim

4.07.08.

* * *

Zinalarga o’xshab
u hammani kutadi.

Kutmaganday zinalarni birov,
Kutmaydi uni ham hech kim.

Axir,
Pod’ezdlardan
boshlagan ta’limni.

BULUTLAR ORALAB…

Bulutlar oralab
kuylayapti oy.

Qanchalar hazin qo’shiq,
Qanchalar sokin qo’shiq.

Gamlet kabi
qo’shiqni tomosha qilyapman.

14.08.07.

OLOV, MA…

Olov,
Ma, tilla tanga.

Tillaring uzun,
Bunchalar uzun,
Kuydiradi,
Bnadi,
Sachrab-sachrab sochadi
alanga.

Shoirlarga
bo’lib ber tillaringni.

Ma, tilla tanga.

19.08.07.

DO’STLARIM

Bo’m-bo’sh.
Daraxt shovullar.
To’kilgan ko’ngillar,
Hislari shamolda…

Og’ir qadamlar
ezg’ilar bu ko’ngillarni.
Dunyo o’xshab
qolgan munkaygan cholga.

To’kilgan ko’ngillar qo’zib ketdilar.
Davrasini chirt-chirt uzib ketdilar.
To’kilgan ko’ngillar to’zib yuribdi:
Shaharda,
Qishloqda,
Tog’u cho’lda,
Maskovda…

19.04.07.

* * *

Osmon olis edi,
yer esa qattiq.
Endi
osmon yaqin, yer yumshoq bo’lgan.
Hohlasang, yonimga kel, osmonga chiq,
Yer yumshoqligidan bo’g’zim ham to’lgan.

2007.

KUZ. CHIROYLI QIZALOQ…

Kuz.
Chiroyli qizaloq.
Oltin qizaloq.
O’ris qizaloq.

Tortqilab o’ynaydi
kuzning oltin sochlariga
lab bosgan qishning
oppoq kuylagidan oltin vodiyda.

Yanada tiqilar qishning pinjiga.
O, bunchalar
yaxshi ko’rmasang qishni?

Men erib ketyapman.

10.10.07.

ADIBLARGA…

Adiblarga shohlik yarashmaydi,
Vazirlik ham.

Tergovchi bo’lmasin,
Hokim bo’lmasin.

To’g’ri kelmaydi
Aslo raislik.

Kutubxonachi qilib saylang ularni,
Qo’liga to’pponcha bering,
O’zining molini o’zi qo’riqlasin.

22.04.07

OCHIQ YELKALAR…

Ochiq yelkalar
Ochiq siynalar uchib ketdi
Qora ko’zoynaklar qanotida

Bahorning
yashil gilamlarini
soy bo’yida yuvayapti Kuz

9.09.07.

TUMAN…

Gulnisaga

Tuman.
G’ira-shira ko’rinar bir qiz.

Nenidir bag’riga
bosgancha kelayapti u suluv.

Tuman.
Yo’q…
Qizning bag’rida tamaki
chekyapti Muhammad Yusuf.

10.11.07.

BAHORNING KO’KSIDA…

Bahorning ko’ksida
hilpiraydi alvon qizg’aldoq

O’rik gullagan
Qirlar yam-yashil

Dunyoni unutgim keladi
Barini unutgim keladi izsiz

Faqat bahor bo’lsa deyman
Bahor

Biroq xotiramning suyuq turbatiga
chumchuq uyalaridan mo’ralaydi jim
Tollar kovagiga yashiringan Kuz

24.04.07.

SHAMOLNING…

Shamolning bag’rini yorgan
teraklar…

Ularga oyni ildim,
Quyoshni ildim,
So’ng «T+M» — bag’ri yorildi…

Sen bermagan bo’salar haqqi
Men ulardan olayapman xun.

Shamolning bag’rini yorgan
teraklar

Ikkimizni quchoqlab
yiqilar bugun.

20.07.07.

BAHOR EDI…

Bahor edi, sevgilim,
Bahor…

Yodingdami, bahorim,
Yodingdami…

Majnuntol bizga suyanib
yig’lab yuborgani…

Yodingdami,
Yig’lashni bilmagan paytlarimiz…

21.07.07.

TILI KALIMAGA

Tili kalimaga kelmagan
daraxt duduqlanib qoldi
shamolning hislaridan.

Uning quchog’ida
olovrang kuylagini yechsamikan yo…

28.10.07.

BIR SAFDA…

Bir safda turibdi buyuklar,
Bir safda davlatlar tizilgan.

Eh-he,
Shuncha boylik,
Shuncha suyukli,
Sarhadi beshta qit’aga cho’zilgan.

Burchakda jim maosh kutyapti
Shu katta dunyoning egasi,
Yelizavetadan buyuk — Kutubxonachi.

2007.

DARAXT KO’KKA…

Daraxt ko’kka intiladi
Shoirlar misol.
Shoir ko’kka intiladi
Daraxtlar misol.
Ko’kda quyosh bor,
Unga yetsam deydi.
Shunga yetgach yonib ketsam deydi.
Daraxt tomirlari
yerga intiladi shoirdan ayri…
Ikki o’tni tutashtirgisi kelar.
Yerda olov bor,
Shoir bilmaydi,
Shoir o’qimagan.
Yaxshiyam bilmaydi,
Falsafadan yiroq,
Fizikadan yiroq.
Bilganida aylanardi daraxtga
shoir bo’lmasdan oldinroq.

9.04.07.

* * *

Shaxdam-shaxdam yurishingni,
Nozik barmoqlaring bilan
ikki zulfingni surishingni
o’ylayapman.

Sen haqingda o’ylayapman.
Bu dunyoda bir sening
kamchiliging yo’qday
tuyular menga.

Ishon,
Sen haqingda o’ylayapman.
Mendan bo’lak hech bir oshiq
sen haqingda o’ylamayapti deb o’ylayapman.

10.04.07.

* * *

Aytib bo’ladimi
Ertaga toshlar gullasa

Osmon qaqnusga to’lsa

Aytib bo’ladimi
Ertaga senga
sevgi izhor qilishimni

16.04.07.

TARNOVLARDAN SUV…

Tarnovlardan suv oqib tushar,
Marmar yo’lkalarga sochilib ketar.

Qayga oqishini bilmaydi bu suvlar…

Iroda,
Shunaqa bo’larkan
shaharning sharsharalari.

18.04.07.

KO’CHALARGA…

Ko’chalarga ko’zim to’kildi.
Ko’chalarga ko’nglim to’kildi.
Yuragimni bosib o’taman bu ko’chadan.
Ko’zlarimni bosib o’taman bu ko’chadan.

Bu ko’cha muqaddas ko’cha.
Bu ko’cha tabarruk ko’cha.
Tavof qilish uchun
shamollardan oldin izlaringni
hislarimga beradi ruxsat
bu ko’chalar.
Bu ko’chada
Shu ko’chaga o’xshab jim-jit
uxlayapti tushlari qoraygan Muhabbat.

7.05.07.

KIR, G’O’JALA…

Kir,
G’o’jala,
Qorni och,
Yalang’och bola yutoqib non kavshaydi.

O’zi yasagan
loy uychalarga qaramas.
Tengqurlariga bermas e’tibor.
Yutoqib non kavshaydi.

U nonda
tuyyapti hayot ta’mini!

10.04.07.

Qalandarlor ishqi — «Haq do’st, yo Olloh»
Samoviy qo’shiqda qaysi bir nabiy.
Millatsiz ohangda yashab o’tar, oh,
bilmadim, turkiymi, forsiy, arabiy?

Laylilar sadosi sargardon qumda,
Ezilib boraman tinglagan sari.
Shamolni quchoqlab uchgan ruhimda
Kuylab o’tayapti hindu qizlari.

Kadamlarim kabi og’irlashar o’y,
Ona, yig’lamagin, tirikman hali.
Deraza ortida to’lg’anadi kuy,
Qanot ber, Samarqand, senga uchgali.

021

(Tashriflar: umumiy 1 599, bugungi 1)

1 izoh

  1. Талант Бек чинданда катта юрак эгаси. Унинг ёзганларида бошқаларникида учрамайдиган руҳ бор. Унинг шеърларини ўқиганингда кўнглинг ўша қадимий руҳга ошуфта эканлигини, ўша мўйсафид ва ўз ўрнида бугунги адабиёт осмонида янгилик бўлиб кезаётган руҳга эҳтиёж сезасан киши.Ана ўша эҳтиёж Талантнинг ёзганларини ўқишга ундайверади. Аллоҳ ижодига барака берсин!

Izoh qoldiring