Касалхонага келганимга бир ҳафта бўлганига қарамай, палатада ёлғиз ётардим. Бу ерда вақт жуда секин ўтарди. Газета варақлашдан ҳам, шифтга термилиб ётишдан ҳам зерикдим. Хонага биронта бемор келтиришларини кутардим. Ва ниҳоят ўша кутилган бемор ҳам келди. Бироқ кекса одам экан. Ҳафсалам пир бўлганидан яна шифтдаги нақшларга термулиб ётишда давом этдим…
Маъруфжон Йўлдошев
МАМДУА, МАМДУҲ
Маъруфжон Йўлдошев 1973 йил Фарғона вилояти Бувайда туманида туғилган. 1996 йил Фарғона давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 2001 йил “Чўлпоннинг бадиий тил маҳорати” мавзусидаги номзодлик, 2009 йил “Бадиий матннинг лингвопоэтик тадқиқи” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кўплаб мақола ва китоблар муаллифи Маъруфжон Йўлдошев Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ишлайди.
Касалхонага келганимга бир ҳафта бўлганига қарамай, палатада ёлғиз ётардим. Бу ерда вақт жуда секин ўтарди. Газета варақлашдан ҳам, шифтга термилиб ётишдан ҳам зерикдим. Хонага биронта бемор келтиришларини кутардим. Ва ниҳоят ўша кутилган бемор ҳам келди. Бироқ кекса одам экан. Ҳафсалам пир бўлганидан яна шифтдаги нақшларга термулиб ётишда давом этдим.
Айтишларича, бу касалхона олдин француз санъат мактабининг биноси бўлган экан. Урушдан кейин бу мактаб ёпилиб, вилоят ҳарбий касалхонасига айлантирилган экан. Хона унча кенг бўлмаса-да шифти баланд эди. Дераза ва эшикларининг юксаклиги ҳам менга ғайритабиийдек туюлди. Ганчкори кошинларидаги япроқсимон қабариқ нақшлар устидан бўёқ тортилган бўлса ҳам эски ҳашаматини йўқотмаган эди. Бир қаторда 72 дона дафна япроғи, 28 дона гулғунча ишланган эди. Зерикканда уларни бирма-бир санаб чиққандим. Ҳатто кўрсаткич бармоғимни ҳар бир япроқ ва гулғунча устидан хаёлан бир неча бор юргазиб чиққандим. Дераза ромларининг кўчган жойларидан эски бўёқлари ҳам қатма-қат бўлиб кўриниб турарди. Бир жойидаги бўёқ кўчиги инсон юзи шаклини пайдо қилганди. Кенг пешонаси, сочи, узун чанаси ва беўхшов қулоқлари билан бир ҳамқишлоғимни, капитан Турғут Тунчқояўғлини эслатарди. Ҳар куни ўша кўчикка бир неча бор қарайман, уни эслайман. Унинг қўл остида маълум муддат ҳарбий хизматни ўтадим. Бир қишлоқдан бўлсак ҳам менга ғирт бегонадек муомала қиларди. Бир куни ёнига топшириқ олгани кирдим. Ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб ўзимизнинг қишлоқ тилида мурожаат қилдим: “Мамдуааа, қишлоқни эслаб турасанми?” Саволим оғзимдан чиқиб улгурмасдан капитан кескин оҳангда: “Мамдуa қишлоқда қолган! “Ўртоқ капитан” деб мурожаат қиласан, ўргатишмадими?!” деди. Қулоғим тагига шапалоқ егандек бўлдим. Бирдан ўзимга келиб: “Ўртоқ, капитан! Узр сўрайман!” дедим ҳайратдан нима дейишни билолмай. Бирга тўп ўйнаб, қувлашмачоғу бекинмачоқ ўйнаганимиз Мамдуҳ биздан бир синф юқорида ўқир эди. Лекин доим бирга эдик, мол-ҳолни ўтлатгани ҳам, лойқа ариқда чўмилгани ҳам бирга борардик. Токи тўртинчи синфга ўтгунимизча. Мамдуҳлар оиласи Истанбулга кўчиб кетишди-ю, қайтиб кўришиш насиб қилмади. Ҳамма ҳаёт уммонига ўзича шўнғиб кетди. Баъзан болаликни қўмсаганда ҳаммаси бирданига қайта жонланар, мақомлар, маконлар, касблар, имконлар ўртадан бирданига кўтарилиб ғойиб бўлади. Ва ўша тоғ этагидаги дўппидек қишлоқнинг чегаралари ҳам кўринмай кетади. Яна иссиқдан кўпчиб оёқларимизни куйдирадиган тупроқ йўллар, дарвозасиз оқсувоқ уйлар, четларида тизза бўйи ажриқлар ўсган лой ариқ, қаттиқроқ шамолда ағанаб тушадигандек майишиб турадиган симёғочлар… Англадимки, болалик ҳаётимнинг энг гўзал палласи, менга туҳфа қилинган энг гўзал совға. Буни қачон англаб етганимни аниқ эслай олмайман аммо энди ҳар куни яна-да теран ҳис қилиб боряпман. Зеро англаб етган пайтингда болалик аллақачон ўтиб кетган бўлади. Энди буёғига, бир кунга бўлса-ям, ўша беғубор дамларга қайтишни орзулаб яшайсан холос. Баъзан, шамолга қарши кўтарилиб бораётган варракларда, баъзан лойқа сувда қалқиб-қалқиб бораётган оқизоқ олмада бўй кўрсатиб қолганида бир он қадар қисқа вақт тилимида бориб келганингга шукроналар айтиб яшайверасан. Ичингда умр бўйи бекинмачоқ ўйнаб юради энди болалик. Энг ёмони нима, биласанми? У бекинган жойни тополмайсан, қидирасан, қидираверасан. “Олма десам чиқ, беҳи десам чиқма.” Дўстларингга олазарак боқиб овора бўлма, ҳеч ким топишингга ёрдам беролмайди.
Ҳали дарднинг, касалликнинг нималигини англаб етмаган аммо касал бўлиб қолишни жуда-жуда орзу қиладиган ғалати дамлар экан болалик. Иссиқлик ўлчагични силтаб даражасини кўтариб ётиб олардик ёлғондакамига. Ота-онамизнинг парвона бўлишига, опа-укаларимизнинг меҳрибон бўлиб қолишига муштоқликданмиди, буларнинг бари ёки мактабдан безганимизданмиди ва ё шунчаки найранг ишлатгимиз келиб қолганиданмиди, билмайман. Лекин мен таниган болаларнинг ҳаммаси бир марта бўлса ҳам бу ҳийлани қўллаб кўрган. Мамдуҳ шу оддий ҳийлани ҳам уддалаб ишлата олмаганидан қишлоқда масҳара бўлганди. Бир куни дадаси унга ўтин ёриб қўйишни буюриб ишга кетибди. Мамдуҳ ўйинга берилиб кетиб топшириқни унутибди. Дадаси келар чоқда каттагина аччиқ қалампирни нонни орасига қўйиб еб олибди. Юзи-кўзи ловуллаб ёна бошлабди. Ҳеч кимга нима еганини айтмай оҳ-воҳлаб қорнини ушлаб ётиб олибди. Онаси ваҳима қилиб отасига айтибди. Отаси тўппа-тўғри докторни олиб келибди. Докторни кўрар-кўрмас нима еганини-ю нимага еганини сайраб кетибди. Ўша куни отасидан яхшигина калтак ҳам еб олган экан.
Болаликда ўртоқларингни муҳим-номуҳимга ажратмайсан. Катталар ажратиб беради ким муҳиму кимнинг номуҳимлигини. Аммо уларнинг барчаси билан қачондир қандайдир сабаблар билан учрашаверасан. Энг камида хаёлан. Эслаганингда ҳам болалик ўз моҳиятига терс иш қилмайди. Кейинроқ душманингга айланган ёки ҳаётингдан бутунлай чиқариб ташлаган кишиларингни ҳам энг соф ҳолида кўз олдингга келтираверади.
Агар имкони бўлса эди. Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди. Мен, Мамдуҳни, Мамдуани биринчи навбатда ўчириб ташлаган бўлардим.
Хуллас, биз икки ғилдиракли велосипедга эга бўлишни ёки туман марказига тушиб косачада музқаймоқ ейишни катта орзу деб биладиган болалар эдик. Аммо Мамдуҳ бошқача эди. Кўп китоб ўқирди. Аълочилар доскасига расмини илиб остига Турғут Тунчқояўғли деб ёзиб қўйишган эди. Ўшанда ажаблангандим. Унинг хужжатдаги исми Турғут экан. Нега уни Мамдуҳ деганимизни билмасдим. Ўйлаб ҳам кўрмагандим. Лекин бу табиий ҳол эди у пайтларда. Қишлоғимиз тоғ этагида жойлашган бўлиб, бор-йўғи 15-20 хонадондан иборат эди. На мактаб на касалхона бор. Қишлоқдаги асосий давлат идораси маҳалла раиси ўтирадиган чойхона олдидаги тахта кулба эди. Кулба яқинидаги темир тиргакда байроқ ҳилпираб турарди. Чойхонада ўтириб ҳам кулба эшигига ёпиштирилган маҳалла раисининг қабул соатлари ёзилган лекин ҳеч ким амал қилмайдиган сарғайиб кетган жадвални, деразадан ичкаридаги алмисоқдан қолган стол-стул ва деворга чорчўпсиз илиб қўйилган Отатурк портретини кўриш мумкин эди. Раис қишлоқдаги энг эътиборли киши саналарди. “Раис айтганмиш”, “Раисимизнинг оғзидан ўзим эшитдим” каби таъкидлар ҳар қандай баҳсга якун ясаш учун асос бўладиган бир нави “ривояти саҳиҳа” ҳукмидаги жумлалар эди. Қишлоқда кимнинг фарзанди туғилса, туман марказига ўзи бориб гувоҳнома олиш ўрнига дастурхон кўтариб раис ҳузурига чопарди. Раис афанди ҳам хабарни олар-олмас тура солиб марказга чопадиганлардан эмасди. Маҳаллада кимнинг уйида қачон фарзанд туғилишини беш қўлдай биларди. Шу боис гувоҳнома учун келганларга шошилмай туришни айтар, навбатда туғилажак болалар рўйхатини санаб берарди. “Туғиш мавсуми” тугагач, ҳаммасини тўплаб рўйхат қилиб, эшагига совға-саломларни жойлаб марказга йўл олар эди. Гувоҳномалар келганида ота-онаси қўйган исм қолиб, бутунлай бошқа исмлар ёзилган бўларди. Оиладагилар Аҳмад деб юрган болага Меҳмед исми ёзилган гувоҳнома келарди ё аксинча. Бунга ҳеч ким эътироз ҳам қилмас эди. Ҳатто Фарди акамга ҳам икки ёшида ўлиб кетган Ҳасан акамнинг гувоҳномасини беришган. “Ол, бу сенга энди” деганларида суюнганини аниқ эслайман. Фардини 16 ёшга тўлганида қўшнимизнинг қизига уйлантириб қўйишди. Бир икки йилдан кейин акам Олмонияга ишлашга кетадиган бўлди. Янгам рози бўлмади. Ажрашишди. Орадан беш йил ўтиб акам қайтиб келди. У билан бирга туман марказига ажрашганлиги ҳақидаги расмий ҳужжатни олишга бордик. Акам кириб кетди. Анча ўтиб мени чақирди. Ичкарига кирсам, мулозим мени сўроққа тутди.
– Исминг нима?
– Аркон.
– Манзилингни айт-чи, қани!
– Шу… Тепадаги Хожиётмас қишлоғидан. Махмутлар сулоласидан.
– Оилада неча кишисизлар?
– Саккиз киши.
– Исмларини каттадан бошлаб тартиб билан сана.
Бармоқларимни букиб санай кетдим:
– Сабрия, Санам, Фотма, Омина, Фарди, мен Аркон, Ҳилми, Ногоҳон.
– Оминадан олдин Ҳасан бор, Ҳасан аканг. Фарди дегани йўқ. Ҳасан бор, Оминадан олдин нега уни санамадинг?
– Икки ёшидақ ўлиб кетган.
– Йўқ, мана рўйхатда турибдику! Нимага ўчирилмаган? Ўлганини тасдиқловчи хужжат борми? Йўқ.
– Уни мен қаёқдан билай, афандим. Лекин ўлган акамнинг гувоҳномасини Фарди акамга беришганини биламан.
– Нима? Ким берган?
– Отам.
Мулозимнинг астойдил жаҳли чиқиб, худди мен айбдордек жеркиб гапира бошлади:
– Фардиникини кимга берган унда?
– Унга олишмаган, ўлган акамникини берган дедим-ку.
Мулозим яна ўша асабий оҳангда давом этди:
– Унда Фарди деган кимса йўқ бу оилада, умуман йўқ, яшамайди! Отангиз ҳал қилсин энди бу масалани. Яна, айтиб қўяй, Ҳасан аканг ҳам, сен ҳам опа-акаларингни исмини тўғри айтолмадинг. Ҳозир тўппа-тўғри уйингизга боринг, оила аъзоларингизнинг гувоҳномасини олдингизга қўйиб ёдлаб олинглар. Тартиби билан! Бир марта кечирдим, кейинги сафар кечирмайман.
Қисқаси, биз ўзимизнинг кимлигимизни исбот қилиб беролмадик. У ердан чиқиб, қишлоққа кетар эканмиз, икковимиз ҳам мулозимнинг нима сабабдан жаҳли чиққанини-ю, нимага кечириб-кечирмаслигини ҳам тушунолмай хайрон бўлгандик. Айниқса, “Ҳасан аканг ҳам тўғри айтолмади” деганда юрагим шувиллаб кетди.
Мамдуҳнинг Турғутга айланганини билганимда ҳам ажабланмадим фақат уни “Мамдуа” деб чақиролмаслигимдан афсуслангандим холос. Ҳарбий хизматимнинг бир ойлик синов муддатини Баликесирда, “Қуруқликдаги пиёда қўшинлари” сафида ўтадим. Бир ойлик синов даври бир йилдек, ҳатто минг йилдек узоқ чўзилган эди. Синов муддати тугаб, пойтахтдаги пиёда қўшинлари қисмига юборилдим. Мени кутиб олган навбатчи аскар олдин кадрлар бўлимига олиб борди. У ерда ҳужжатларни тўлдириб бўлгач, казармага олиб бориш ўрнига капитан Турғут Тунчқояўғли қабулхонасига бошлаб борди. Эшикдаги зарҳал лавҳага ёзилган унвон ва исми-шарифни ҳайратла ўқидим. Фамилияси таниш, бундай фамилия камдан-кам учрайди. “Бу ўзимизнинг Мамдуҳ бўлмасин”, – деб ўйлаб турганимда ичкарига чақиришди. Не кўз билан кўрайки, ўзимизнинг Мамдуҳ, Мамдуа. Ўзимча “ҳозир мени таниб югуриб келиб қучоқлаб олади” – деб ўйладим. Бу икковимиз учун ҳам жуда катта сюрприз бўлди, деган ўй кечди хаёлимдан. Мен ҳам навбатчи аскар ва яна хонадаги аллақандай ҳарбий кишилар олдида мақтаниб кулишимдан тортиб, нималар дейишиму, нималарни сўрашимгача ҳаммасини бир зумда хаёлимдан ўтказдим. Иложи борича, Истанбул шевасида гапиришга ҳаракат қиламан, деб ўйладим. Ўқимишли одамлар олдида Турғутни уялтириб қўймаслигим керак, ахир. Буларнинг барини капитан Турғут Тунчқояўғли менинг ҳужжатимни олиб кўз югуртиб менга қарагунича хаёлимдан ўтказиб бўлгандим. Ичимдан вулқондек отилиб келаётган қувончни тишларим билан сиқиб турдим. Нима бўлса ҳам бу ер қишлоқ эмас, жиддий жой. Мамдуааа ҳам энди лой ариқда эрта-ю кеч чўмилиб, темираткидан юзлари тиришиб юрган қишлоқи йигит эмас, кимсан капитан Турғут Тунчқояўғли! Буни қара-я… Бирам салобатли, келбатли бўлиб кетибди. Қишлоқда юрганида мендан катта бўлса-ям, мажмағилгина бола эди. Шаҳарга кетиб яхши қилди. Бўлмаса у ҳам биздек ғурбатда “оломончи” бўлиб юрармиди. Ўқиб одам бўлди. Шаҳар одамни ўзгартиради-да. У ҳам мен ҳис қилаётган туйғуларни ичидан ўтказаётгани аниқ, аммо сукунатини сақлаб турибди. Бу-ям осонмас.
Шу пайт, унинг жарангдор овозидан ўзимга келдим:
– Навбатчи, оддий аскар Аркон Йилдиримни казармага олиб боринг! Рухсат!
Навбатчи аскар ҳам шиддаткор овозда жавоб қайтарди:
– Хўп бўлади, ўртоқ капитан!
Ҳужжатларимни навбатчига қайтариб берди. Эшикни ёпаётиб яна бир марта кўз қирим билан қарадим. У креслосига ёнмачасига ўтириб қўлидаги газетасини варақлаётган эди.
Мамдуа, Мамдуҳ, йўқ, капитан Турғут Тунчқояўғли мени танимади.
Шундай қилиб, ҳарбий хизматимнинг пойтахтдаги учинчи ойида капитан Турғут Тунчқояўғлини шарқий вилоятлардан бирига яна-да баландроқ рутба билан юборишганини эшитдим. Ўша-ўша унинг қаршисида ўзимни эзилгандек ҳис қилишдан қутилдим. “Сўфи теракка ўхшаб на сояси бор, на меваси”, – деб ўйлардим ҳар гал уни кўрганда. Энди шу ва шунга ўхшаш руҳни қақшатгувчи ўйлардан ҳам қутилган эдим. “Менга деса жаҳаннамга кетмайдими, кимки у менга?!” деган сари эсимга тушаверарди. Баъзида унинг исми-шарифи ёзилган зарҳал лавҳага узоқдан кўз учимда қараб қолардим. Гажакдор қилиб жуда чиройли ёзиб қўйилган эди-да. Энди ўша лавҳада бутунлай бегона бир капитаннинг қисқагина исми-шарифи турибди. Рости, мени танимаса ҳам, заррача фойдаси тегмаса ҳам унинг шу ердалиги менга катта далда экан. Буни у кетгандан кейин, ўзимни ёлғиз, ҳувиллаб қолгандек ҳис қилганимда англадим. У шу ердалигида ҳар куни минг бор нафратлансам-да яна кечириб юбораверар эдим. Нега кечиришимни ўзим ҳам тушунолмасдим. Қишлоқда лойқа ариқда бирга чўмилганларимизни эслаганимдаёқ уни кечира бошлардим… Айниқса, оёғим уюшганидан ваҳимада сув ютиб чўкиб кетишимга бир баҳя қолганида у мени қутқарган эди. Битта жон қарзим бор эди унга. Шундай одамни унутиб бўладими? Кейин улар кўчиб кетишаётганида энг яхши кўрган ўйинчоғимни бергандим.
Қизил метал машина эди. Эшиклари очилиб ёпиларди. Битта эшиги тушиб қолган лекин ғилдираклари жойида, босиброқ ортга тортиб қўйиб юборсанг ғизиллаб кетади. Берганимда олдинига “нима қиламан буни?” – деб олгиси келмаганди. Кейин “майли эслаб юраман” дегани ёдимда. Мен битта жон қарзимни узгандек енгиллагандим ўшанда.
Аммо у, ўша Мамдуа, Мамдуҳ капитан бўлгачми ўзгариб, одамтанимас бўлиб кетибди, ёки Турғут Тунчқояўғли бўлганидан кейинми?
Агар имкони бўлса эди. Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди. Мен, Мамдуҳни, Мамдуани биринчи навбатда ўчириб ташлаган бўлардим.
Ҳарбий хизматимнинг тугашига бир неча кун қолганди. Дала амалиёти пайти мина портлаши оқибатида чап оёғимдан ажралдим. Орадан олти ой ўтди. Барча исён ва шаккокликларим ортда қолди. Қолган умримни сабру бардош билан ўтказяпман. Физиотерапияга келгандим бу касалхонага.
Деразадан хонага сузилаётган ой шуъласида операциядан янги чиққан, ҳали ўзига келиб улгурмаган қариянинг кўкимтир юзи қўрқинчли кўринарди. Кенг пешонаси ялтираб турарди. Қош-қовоғининг соясидан кўз ўрнида ғалати бўшлиқ ҳосил бўлган эди. Қирра бурни, соқолдор чанаси ўша бўшлиқнинг юзада муаллақ қолган давомидек таассурот уйғотарди. Ҳар нафас олиб-чиқарганида қуруқшаб қаварган лаблари енгилгина титрарди. Ҳали наркоз таъсиридан тўлиқ қутилмаган кўринади. Ёки уйқусида гапириб ётадиганларданми, тинимсиз бир нималар деб пичирлаб ётибди. Агар шунақа бўладиган бўлса аҳвол чатоқ. Орадан бироз вақт ўтди. Ҳалиям пичирлаб алаҳсираяпти. Узуқ-юлуқ жумлалардан англаганим шулар бўлди:
“Сен хотиржам…, ўғлим, хотир… Ортингга қарама, қарама… Омонатинг…”
Демак, рўёсида ўғли билан ниманингдир ҳисоб-китобини қилмоқда. Ўғлини бирон жойга кузатаётгандир, балки.
Энди кўзим илинган экан, қариянинг ҳирқираган овозидан уйғониб кетдим. Кўзларини катта-катта очиб менга қараб нимадир демоқчи бўлди. Унга қарадим-у бирдан сесканиб тушдим, ичимга аллақандай титроқ кирди, танимдан совуқ тер чиқиб кетди. Ўзи дераза тагидаги сим кароватда ётарди-ю, руҳи бурнимнинг учида тургандек совуқ нафасини ҳис қилдим. Бор овозда негадир “ҳамшира!” деб бақирдим. Қария “чақирма, кераги йўқ, мен тузукман” – деди ҳирқираган товушда. Мен қўрққанимдан бақирганимни сезмаганига шукр қилиб ундан ҳол сўраган бўлдим. У эса, сокин овозда: “У кетди” – деди табассум билан. “Энди, қўрқма…” Мен баттар қўрқдим аммо хижолатдан билдирмасликка тиришиб: “Нега қўрқарканман? Ким?… Ким кетди?” – дедим. Қария калта-калта нафас олиб давом этди: “Мамдуааа, Мамдуҳ кетди…”
“Ҳамширааа!!!” бақириб юборганимни сезмай қолдим. Эшик тарақлаб очилиб ҳамшира кириб келди. Чироқни ёқиб сўради: “Тинчликми? Нима бўлди, Аркон афанди?” Нима дейишни билолмай: “тинчлик, фақат чироқни ўчирманг, илтимос, уйқум қочди, китоб ўқимоқчиман” – дедим хижолатомуз. Ҳамшира чиқиб кетгач, қария гап бошлади:
– У кетди, айтадиган гапини сенга ўзи айтмоқчи эди, аммо атрофингга нафратдан шунчалик баланд девор тикибсан-ки, ўтолмади, айтолмади…
– Ким? Қанақа нафрат? Нималар деяпсиз?
– Мамдуҳ келди, капитан Турғут афанди.
– Қачон келди? Мен нега кўрмадим? Сиз уни қаёқдан танийсиз?
– Орангиздан нима гап ўтганини билмайман. У сендан узр сўради. Ишхонасига боришингни тайинлади.
Ризолик истади. Ундан қаттиқ хафа бўлганмидинг?
– Ҳа.
– Ўлим барҳақ, ҳаммамизга ҳам навбат келади. Йўлга чиқишдан олдин ортиқча юкларни ташлаб юборган маъқул. Руҳ учун энг оғир юк нафрат бўлади. Нафратдан қутилмаган сироти мустақимдан ўтолмайди, болам. Кечиримли бўлки, сени ҳам яратган эгам кечирсин.
– … Сизга нималар деб шикоят қилди? Нега менга учрамади? Қачон келди ўзи?
– Билмадим, болам, билмадим, туш кўрдим шекилли.
Қария кўзини юмиб чуқур нафас олди. Қайтиб оғиз очмади. Эрталаб капитан Турғут Тунчқояўғли бошчилигидаги бир гуруҳ аскарнинг террористлар билан қилган мардонавор жанги ҳақида хабар кўрсатишди. Не кўз билан кўрайки, қурбон бўлган ҳарбийлар рўйхатининг бошида майор Турғут Тунчқояўғли исми турарди. Ўзимга келолмадим. Бўлиши мумкин эмас, дедим. Бу даҳшатли тушдан тезроқ уйғонишни истадим. Қўлтиқтаёғимни ерга уриб-уриб йиғладим. Аламдан қақшаб-қақшаб йиғладим. Мамдуааа, Мамдуҳ деб йиғладим. Нега йиғладим, билмайман. Нега йиғлашим керак? Ким у менга? – деб йиғладим.
Муолажалар тугаб уйга рухсат беришди. Қария билан ҳам хайрлашдим. У ялинчоқ овозда таъкидлади:
– Уни кечиргин-а, болам! Ишхонасига боришни ҳам унутма. Уни оппоқ нур ичида кўрдим. Рози бўлиб қўйгин.
Агар ота эслатмаганида аллақачон унутган эканман. Касалхонадан чиқиб, уйга эмас, тўппа-тўғри Мамдуҳ хизмат қилган ҳарбий қисмга йўл олдим. Навбатчи аскарга дўстимнинг хизмат хонасига киришим кераклигини айтдим. Мени қисм командири олдига бошлаб борди. Унга бор гапни айтдим. Бирга унинг хонасига кирдик. Фотиҳа ўқиб уни ёдга олдик. Столи устида ёғоч бўлагига қотирилган қизил метал машиначага кўзим тушди-ю, титраб кетдим. Ўша қизил метал машинам. Эшиклари очилиб ёпилади. Битта эшиги тушиб қолган лекин ғилдираклари жойида. Фақат энди босиброқ ортга тортиб қўйиб юборсанг ғизиллаб кетолмайди. Чунки тахта тагликка қотириб қўйибди. Берганимда олдинига “нима қиламан буни?” – деб олгиси келмаганди. Кейин “майли эслаб юраман” деб кулимсирагани ёдимда. Мен битта жон қарзимни узгандек енгиллагандим ўшанда. Машиначани олиб хонадан чиқдим. Эшикни ёпаётиб кўз қирим билан ичкарига қарадим. Креслода ён бурилиб газета ўқиётган Мамдуҳга, ҳа, ҳа, ўша ўзимизнинг Мамдуага кўзим тушди.
Агар имкони бўлса эди. Истамаган кишиларингни болалигингдан ҳам, хотираларингдан ҳам бутунлай чиқариб ташлай олсанг эди. Мен, бу имкондан бутунлай воз кечган бўлардим. Чунки менинг ҳаётимдан, болалигимдан, хотираларимдан ўчириб ташлайдиган кишим йўқ.
Kasalxonaga kelganimga bir hafta bo‘lganiga qaramay, palatada yolg‘iz yotardim. Bu yerda vaqt juda sekin o‘tardi. Gazeta varaqlashdan ham, shiftga termilib yotishdan ham zerikdim. Xonaga bironta bemor keltirishlarini kutardim. Va nihoyat o‘sha kutilgan bemor ham keldi. Biroq keksa odam ekan. Hafsalam pir bo‘lganidan yana shiftdagi naqshlarga termulib yotishda davom etdim…
Ma’rufjon Yo‘ldoshev
MAMDUA, MAMDUH
Ma’rufjon Yo‘ldoshev 1973 yil Farg‘ona viloyati Buvayda tumanida tug‘ilgan. 1996 yil Farg‘ona davlat universitetining filologiya fakultetini tamomlagan. 2001 yil “Cho‘lponning badiiy til mahorati” mavzusidagi nomzodlik, 2009 yil “Badiiy matnning lingvopoetik tadqiqi” mavzusidagi doktorlik dissertatsiyasini himoya qilgan. Ko‘plab maqola va kitoblar muallifi Ma’rufjon Yo‘ldoshev Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetida ishlaydi.
Kasalxonaga kelganimga bir hafta bo‘lganiga qaramay, palatada yolg‘iz yotardim. Bu yerda vaqt juda sekin o‘tardi. Gazeta varaqlashdan ham, shiftga termilib yotishdan ham zerikdim. Xonaga bironta bemor keltirishlarini kutardim. Va nihoyat o‘sha kutilgan bemor ham keldi. Biroq keksa odam ekan. Hafsalam pir bo‘lganidan yana shiftdagi naqshlarga termulib yotishda davom etdim.
Aytishlaricha, bu kasalxona oldin fransuz san’at maktabining binosi bo‘lgan ekan. Urushdan keyin bu maktab yopilib, viloyat harbiy kasalxonasiga aylantirilgan ekan. Xona uncha keng bo‘lmasa-da shifti baland edi. Deraza va eshiklarining yuksakligi ham menga g‘ayritabiiydek tuyuldi. Ganchkori koshinlaridagi yaproqsimon qabariq naqshlar ustidan bo‘yoq tortilgan bo‘lsa ham eski hashamatini yo‘qotmagan edi. Bir qatorda 72 dona dafna yaprog‘i, 28 dona gulg‘uncha ishlangan edi. Zerikkanda ularni birma-bir sanab chiqqandim. Hatto ko‘rsatkich barmog‘imni har bir yaproq va gulg‘uncha ustidan xayolan bir necha bor yurgazib chiqqandim. Deraza romlarining ko‘chgan joylaridan eski bo‘yoqlari ham qatma-qat bo‘lib ko‘rinib turardi. Bir joyidagi bo‘yoq ko‘chigi inson yuzi shaklini paydo qilgandi. Keng peshonasi, sochi, uzun chanasi va beo‘xshov quloqlari bilan bir hamqishlog‘imni, kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘lini eslatardi. Har kuni o‘sha ko‘chikka bir necha bor qarayman, uni eslayman. Uning qo‘l ostida ma’lum muddat harbiy xizmatni o‘tadim. Bir qishloqdan bo‘lsak ham menga g‘irt begonadek muomala qilardi. Bir kuni yoniga topshiriq olgani kirdim. Hech kim yo‘qligidan foydalanib o‘zimizning qishloq tilida murojaat qildim: “Mamduaaa, qishloqni eslab turasanmi?” Savolim og‘zimdan chiqib ulgurmasdan kapitan keskin ohangda: “Mamdua qishloqda qolgan! “O‘rtoq kapitan” deb murojaat qilasan, o‘rgatishmadimi?!” dedi. Qulog‘im tagiga shapaloq yegandek bo‘ldim. Birdan o‘zimga kelib: “O‘rtoq, kapitan! Uzr so‘rayman!” dedim hayratdan nima deyishni bilolmay. Birga to‘p o‘ynab, quvlashmachog‘u bekinmachoq o‘ynaganimiz Mamduh bizdan bir sinf yuqorida o‘qir edi. Lekin doim birga edik, mol-holni o‘tlatgani ham, loyqa ariqda cho‘milgani ham birga borardik. Toki to‘rtinchi sinfga o‘tgunimizcha. Mamduhlar oilasi Istanbulga ko‘chib ketishdi-yu, qaytib ko‘rishish nasib qilmadi. Hamma hayot ummoniga o‘zicha sho‘ng‘ib ketdi. Ba’zan bolalikni qo‘msaganda hammasi birdaniga qayta jonlanar, maqomlar, makonlar, kasblar, imkonlar o‘rtadan birdaniga ko‘tarilib g‘oyib bo‘ladi. Va o‘sha tog‘ etagidagi do‘ppidek qishloqning chegaralari ham ko‘rinmay ketadi. Yana issiqdan ko‘pchib oyoqlarimizni kuydiradigan tuproq yo‘llar, darvozasiz oqsuvoq uylar, chetlarida tizza bo‘yi ajriqlar o‘sgan loy ariq, qattiqroq shamolda ag‘anab tushadigandek mayishib turadigan simyog‘ochlar… Angladimki, bolalik hayotimning eng go‘zal pallasi, menga tuhfa qilingan eng go‘zal sovg‘a. Buni qachon anglab yetganimni aniq eslay olmayman ammo endi har kuni yana-da teran his qilib boryapman. Zero anglab yetgan paytingda bolalik allaqachon o‘tib ketgan bo‘ladi. Endi buyog‘iga, bir kunga bo‘lsa-yam, o‘sha beg‘ubor damlarga qaytishni orzulab yashaysan xolos. Ba’zan, shamolga qarshi ko‘tarilib borayotgan varraklarda, ba’zan loyqa suvda qalqib-qalqib borayotgan oqizoq olmada bo‘y ko‘rsatib qolganida bir on qadar qisqa vaqt tilimida borib kelganingga shukronalar aytib yashayverasan. Ichingda umr bo‘yi bekinmachoq o‘ynab yuradi endi bolalik. Eng yomoni nima, bilasanmi? U bekingan joyni topolmaysan, qidirasan, qidiraverasan. “Olma desam chiq, behi desam chiqma.” Do‘stlaringga olazarak boqib ovora bo‘lma, hech kim topishingga yordam berolmaydi.
Hali dardning, kasallikning nimaligini anglab yetmagan ammo kasal bo‘lib qolishni juda-juda orzu qiladigan g‘alati damlar ekan bolalik. Issiqlik o‘lchagichni siltab darajasini ko‘tarib yotib olardik yolg‘ondakamiga. Ota-onamizning parvona bo‘lishiga, opa-ukalarimizning mehribon bo‘lib qolishiga mushtoqlikdanmidi, bularning bari yoki maktabdan bezganimizdanmidi va yo shunchaki nayrang ishlatgimiz kelib qolganidanmidi, bilmayman. Lekin men tanigan bolalarning hammasi bir marta bo‘lsa ham bu hiylani qo‘llab ko‘rgan. Mamduh shu oddiy hiylani ham uddalab ishlata olmaganidan qishloqda mas’hara bo‘lgandi. Bir kuni dadasi unga o‘tin yorib qo‘yishni buyurib ishga ketibdi. Mamduh o‘yinga berilib ketib topshiriqni unutibdi. Dadasi kelar choqda kattagina achchiq qalampirni nonni orasiga qo‘yib yeb olibdi. Yuzi-ko‘zi lovullab yona boshlabdi. Hech kimga nima yeganini aytmay oh-vohlab qornini ushlab yotib olibdi. Onasi vahima qilib otasiga aytibdi. Otasi to‘ppa-to‘g‘ri doktorni olib kelibdi. Doktorni ko‘rar-ko‘rmas nima yeganini-yu nimaga yeganini sayrab ketibdi. O‘sha kuni otasidan yaxshigina kaltak ham yeb olgan ekan.
Bolalikda o‘rtoqlaringni muhim-nomuhimga ajratmaysan. Kattalar ajratib beradi kim muhimu kimning nomuhimligini. Ammo ularning barchasi bilan qachondir qandaydir sabablar bilan uchrashaverasan. Eng kamida xayolan. Eslaganingda ham bolalik o‘z mohiyatiga ters ish qilmaydi. Keyinroq dushmaningga aylangan yoki hayotingdan butunlay chiqarib tashlagan kishilaringni ham eng sof holida ko‘z oldingga keltiraveradi.
Agar imkoni bo‘lsa edi. Istamagan kishilaringni bolaligingdan ham, xotiralaringdan ham butunlay chiqarib tashlay olsang edi. Men, Mamduhni, Mamduani birinchi navbatda o‘chirib tashlagan bo‘lardim.
Xullas, biz ikki g‘ildirakli velosipedga ega bo‘lishni yoki tuman markaziga tushib kosachada muzqaymoq yeyishni katta orzu deb biladigan bolalar edik. Ammo Mamduh boshqacha edi. Ko‘p kitob o‘qirdi. A’lochilar doskasiga rasmini ilib ostiga Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li deb yozib qo‘yishgan edi. O‘shanda ajablangandim. Uning xujjatdagi ismi Turg‘ut ekan. Nega uni Mamduh deganimizni bilmasdim. O‘ylab ham ko‘rmagandim. Lekin bu tabiiy hol edi u paytlarda. Qishlog‘imiz tog‘ etagida joylashgan bo‘lib, bor-yo‘g‘i 15-20 xonadondan iborat edi. Na maktab na kasalxona bor. Qishloqdagi asosiy davlat idorasi mahalla raisi o‘tiradigan choyxona oldidagi taxta kulba edi. Kulba yaqinidagi temir tirgakda bayroq hilpirab turardi. Choyxonada o‘tirib ham kulba eshigiga yopishtirilgan mahalla raisining qabul soatlari yozilgan lekin hech kim amal qilmaydigan sarg‘ayib ketgan jadvalni, derazadan ichkaridagi almisoqdan qolgan stol-stul va devorga chorcho‘psiz ilib qo‘yilgan Otaturk portretini ko‘rish mumkin edi. Rais qishloqdagi eng e’tiborli kishi sanalardi. “Rais aytganmish”, “Raisimizning og‘zidan o‘zim eshitdim” kabi ta’kidlar har qanday bahsga yakun yasash uchun asos bo‘ladigan bir navi “rivoyati sahiha” hukmidagi jumlalar edi. Qishloqda kimning farzandi tug‘ilsa, tuman markaziga o‘zi borib guvohnoma olish o‘rniga dasturxon ko‘tarib rais huzuriga chopardi. Rais afandi ham xabarni olar-olmas tura solib markazga chopadiganlardan emasdi. Mahallada kimning uyida qachon farzand tug‘ilishini besh qo‘lday bilardi. Shu bois guvohnoma uchun kelganlarga shoshilmay turishni aytar, navbatda tug‘ilajak bolalar ro‘yxatini sanab berardi. “Tug‘ish mavsumi” tugagach, hammasini to‘plab ro‘yxat qilib, eshagiga sovg‘a-salomlarni joylab markazga yo‘l olar edi. Guvohnomalar kelganida ota-onasi qo‘ygan ism qolib, butunlay boshqa ismlar yozilgan bo‘lardi. Oiladagilar Ahmad deb yurgan bolaga Mehmed ismi yozilgan guvohnoma kelardi yo aksincha. Bunga hech kim e’tiroz ham qilmas edi. Hatto Fardi akamga ham ikki yoshida o‘lib ketgan Hasan akamning guvohnomasini berishgan. “Ol, bu senga endi” deganlarida suyunganini aniq eslayman. Fardini 16 yoshga to‘lganida qo‘shnimizning qiziga uylantirib qo‘yishdi. Bir ikki yildan keyin akam Olmoniyaga ishlashga ketadigan bo‘ldi. Yangam rozi bo‘lmadi. Ajrashishdi. Oradan besh yil o‘tib akam qaytib keldi. U bilan birga tuman markaziga ajrashganligi haqidagi rasmiy hujjatni olishga bordik. Akam kirib ketdi. Ancha o‘tib meni chaqirdi. Ichkariga kirsam, mulozim meni so‘roqqa tutdi.
– Isming nima?
– Arkon.
– Manzilingni ayt-chi, qani!
– Shu… Tepadagi Xojiyotmas qishlog‘idan. Maxmutlar sulolasidan.
– Oilada necha kishisizlar?
– Sakkiz kishi.
– Ismlarini kattadan boshlab tartib bilan sana.
Barmoqlarimni bukib sanay ketdim:
– Sabriya, Sanam, Fotma, Omina, Fardi, men Arkon, Hilmi, Nogohon.
– Ominadan oldin Hasan bor, Hasan akang. Fardi degani yo‘q. Hasan bor, Ominadan oldin nega uni sanamading?
– Ikki yoshidaq o‘lib ketgan.
– Yo‘q, mana ro‘yxatda turibdiku! Nimaga o‘chirilmagan? O‘lganini tasdiqlovchi xujjat bormi? Yo‘q.
– Uni men qayoqdan bilay, afandim. Lekin o‘lgan akamning guvohnomasini Fardi akamga berishganini bilaman.
– Nima? Kim bergan?
– Otam.
Mulozimning astoydil jahli chiqib, xuddi men aybdordek jerkib gapira boshladi:
– Fardinikini kimga bergan unda?
– Unga olishmagan, o‘lgan akamnikini bergan dedim-ku.
Mulozim yana o‘sha asabiy ohangda davom etdi:
– Unda Fardi degan kimsa yo‘q bu oilada, umuman yo‘q, yashamaydi! Otangiz hal qilsin endi bu masalani. Yana, aytib qo‘yay, Hasan akang ham, sen ham opa-akalaringni ismini to‘g‘ri aytolmading. Hozir to‘ppa-to‘g‘ri uyingizga boring, oila a’zolaringizning guvohnomasini oldingizga qo‘yib yodlab olinglar. Tartibi bilan! Bir marta kechirdim, keyingi safar kechirmayman.
Qisqasi, biz o‘zimizning kimligimizni isbot qilib berolmadik. U yerdan chiqib, qishloqqa ketar ekanmiz, ikkovimiz ham mulozimning nima sababdan jahli chiqqanini-yu, nimaga kechirib-kechirmasligini ham tushunolmay xayron bo‘lgandik. Ayniqsa, “Hasan akang ham to‘g‘ri aytolmadi” deganda yuragim shuvillab ketdi.
Mamduhning Turg‘utga aylanganini bilganimda ham ajablanmadim faqat uni “Mamdua” deb chaqirolmasligimdan afsuslangandim xolos. Harbiy xizmatimning bir oylik sinov muddatini Balikesirda, “Quruqlikdagi piyoda qo‘shinlari” safida o‘tadim. Bir oylik sinov davri bir yildek, hatto ming yildek uzoq cho‘zilgan edi. Sinov muddati tugab, poytaxtdagi piyoda qo‘shinlari qismiga yuborildim. Meni kutib olgan navbatchi askar oldin kadrlar bo‘limiga olib bordi. U yerda hujjatlarni to‘ldirib bo‘lgach, kazarmaga olib borish o‘rniga kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li qabulxonasiga boshlab bordi. Eshikdagi zarhal lavhaga yozilgan unvon va ismi-sharifni hayratla o‘qidim. Familiyasi tanish, bunday familiya kamdan-kam uchraydi. “Bu o‘zimizning Mamduh bo‘lmasin”, – deb o‘ylab turganimda ichkariga chaqirishdi. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, o‘zimizning Mamduh, Mamdua. O‘zimcha “hozir meni tanib yugurib kelib quchoqlab oladi” – deb o‘yladim. Bu ikkovimiz uchun ham juda katta syurpriz bo‘ldi, degan o‘y kechdi xayolimdan. Men ham navbatchi askar va yana xonadagi allaqanday harbiy kishilar oldida maqtanib kulishimdan tortib, nimalar deyishimu, nimalarni so‘rashimgacha hammasini bir zumda xayolimdan o‘tkazdim. Iloji boricha, Istanbul shevasida gapirishga harakat qilaman, deb o‘yladim. O‘qimishli odamlar oldida Turg‘utni uyaltirib qo‘ymasligim kerak, axir. Bularning barini kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li mening hujjatimni olib ko‘z yugurtib menga qaragunicha xayolimdan o‘tkazib bo‘lgandim. Ichimdan vulqondek otilib kelayotgan quvonchni tishlarim bilan siqib turdim. Nima bo‘lsa ham bu yer qishloq emas, jiddiy joy. Mamduaaa ham endi loy ariqda erta-yu kech cho‘milib, temiratkidan yuzlari tirishib yurgan qishloqi yigit emas, kimsan kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li! Buni qara-ya… Biram salobatli, kelbatli bo‘lib ketibdi. Qishloqda yurganida mendan katta bo‘lsa-yam, majmag‘ilgina bola edi. Shaharga ketib yaxshi qildi. Bo‘lmasa u ham bizdek g‘urbatda “olomonchi” bo‘lib yurarmidi. O‘qib odam bo‘ldi. Shahar odamni o‘zgartiradi-da. U ham men his qilayotgan tuyg‘ularni ichidan o‘tkazayotgani aniq, ammo sukunatini saqlab turibdi. Bu-yam osonmas.
Shu payt, uning jarangdor ovozidan o‘zimga keldim:
– Navbatchi, oddiy askar Arkon Yildirimni kazarmaga olib boring! Ruxsat!
Navbatchi askar ham shiddatkor ovozda javob qaytardi:
– Xo‘p bo‘ladi, o‘rtoq kapitan!
Hujjatlarimni navbatchiga qaytarib berdi. Eshikni yopayotib yana bir marta ko‘z qirim bilan qaradim. U kreslosiga yonmachasiga o‘tirib qo‘lidagi gazetasini varaqlayotgan edi.
Mamdua, Mamduh, yo‘q, kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li meni tanimadi.
Shunday qilib, harbiy xizmatimning poytaxtdagi uchinchi oyida kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘lini sharqiy viloyatlardan biriga yana-da balandroq rutba bilan yuborishganini eshitdim. O‘sha-o‘sha uning qarshisida o‘zimni ezilgandek his qilishdan qutildim. “So‘fi terakka o‘xshab na soyasi bor, na mevasi”, – deb o‘ylardim har gal uni ko‘rganda. Endi shu va shunga o‘xshash ruhni qaqshatguvchi o‘ylardan ham qutilgan edim. “Menga desa jahannamga ketmaydimi, kimki u menga?!” degan sari esimga tushaverardi. Ba’zida uning ismi-sharifi yozilgan zarhal lavhaga uzoqdan ko‘z uchimda qarab qolardim. Gajakdor qilib juda chiroyli yozib qo‘yilgan edi-da. Endi o‘sha lavhada butunlay begona bir kapitanning qisqagina ismi-sharifi turibdi. Rosti, meni tanimasa ham, zarracha foydasi tegmasa ham uning shu yerdaligi menga katta dalda ekan. Buni u ketgandan keyin, o‘zimni yolg‘iz, huvillab qolgandek his qilganimda angladim. U shu yerdaligida har kuni ming bor nafratlansam-da yana kechirib yuboraverar edim. Nega kechirishimni o‘zim ham tushunolmasdim. Qishloqda loyqa ariqda birga cho‘milganlarimizni eslaganimdayoq uni kechira boshlardim… Ayniqsa, oyog‘im uyushganidan vahimada suv yutib cho‘kib ketishimga bir bahya qolganida u meni qutqargan edi. Bitta jon qarzim bor edi unga. Shunday odamni unutib bo‘ladimi? Keyin ular ko‘chib ketishayotganida eng yaxshi ko‘rgan o‘yinchog‘imni bergandim.
Qizil metal mashina edi. Eshiklari ochilib yopilardi. Bitta eshigi tushib qolgan lekin g‘ildiraklari joyida, bosibroq ortga tortib qo‘yib yuborsang g‘izillab ketadi. Berganimda oldiniga “nima qilaman buni?” – deb olgisi kelmagandi. Keyin “mayli eslab yuraman” degani yodimda. Men bitta jon qarzimni uzgandek yengillagandim o‘shanda.
Ammo u, o‘sha Mamdua, Mamduh kapitan bo‘lgachmi o‘zgarib, odamtanimas bo‘lib ketibdi, yoki Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li bo‘lganidan keyinmi?
Agar imkoni bo‘lsa edi. Istamagan kishilaringni bolaligingdan ham, xotiralaringdan ham butunlay chiqarib tashlay olsang edi. Men, Mamduhni, Mamduani birinchi navbatda o‘chirib tashlagan bo‘lardim.
Harbiy xizmatimning tugashiga bir necha kun qolgandi. Dala amaliyoti payti mina portlashi oqibatida chap oyog‘imdan ajraldim. Oradan olti oy o‘tdi. Barcha isyon va shakkokliklarim ortda qoldi. Qolgan umrimni sabru bardosh bilan o‘tkazyapman. Fizioterapiyaga kelgandim bu kasalxonaga.
Derazadan xonaga suzilayotgan oy shu’lasida operatsiyadan yangi chiqqan, hali o‘ziga kelib ulgurmagan qariyaning ko‘kimtir yuzi qo‘rqinchli ko‘rinardi. Keng peshonasi yaltirab turardi. Qosh-qovog‘ining soyasidan ko‘z o‘rnida g‘alati bo‘shliq hosil bo‘lgan edi. Qirra burni, soqoldor chanasi o‘sha bo‘shliqning yuzada muallaq qolgan davomidek taassurot uyg‘otardi. Har nafas olib-chiqarganida quruqshab qavargan lablari yengilgina titrardi. Hali narkoz ta’siridan to‘liq qutilmagan ko‘rinadi. Yoki uyqusida gapirib yotadiganlardanmi, tinimsiz bir nimalar deb pichirlab yotibdi. Agar shunaqa bo‘ladigan bo‘lsa ahvol chatoq. Oradan biroz vaqt o‘tdi. Haliyam pichirlab alahsirayapti. Uzuq-yuluq jumlalardan anglaganim shular bo‘ldi:
“Sen xotirjam…, o‘g‘lim, xotir… Ortingga qarama, qarama… Omonating…”
Demak, ro‘yosida o‘g‘li bilan nimaningdir hisob-kitobini qilmoqda. O‘g‘lini biron joyga kuzatayotgandir, balki.
Endi ko‘zim ilingan ekan, qariyaning hirqiragan ovozidan uyg‘onib ketdim. Ko‘zlarini katta-katta ochib menga qarab nimadir demoqchi bo‘ldi. Unga qaradim-u birdan seskanib tushdim, ichimga allaqanday titroq kirdi, tanimdan sovuq ter chiqib ketdi. O‘zi deraza tagidagi sim karovatda yotardi-yu, ruhi burnimning uchida turgandek sovuq nafasini his qildim. Bor ovozda negadir “hamshira!” deb baqirdim. Qariya “chaqirma, keragi yo‘q, men tuzukman” – dedi hirqiragan tovushda. Men qo‘rqqanimdan baqirganimni sezmaganiga shukr qilib undan hol so‘ragan bo‘ldim. U esa, sokin ovozda: “U ketdi” – dedi tabassum bilan. “Endi, qo‘rqma…” Men battar qo‘rqdim ammo xijolatdan bildirmaslikka tirishib: “Nega qo‘rqarkanman? Kim?… Kim ketdi?” – dedim. Qariya kalta-kalta nafas olib davom etdi: “Mamduaaa, Mamduh ketdi…”
“Hamshiraaa!!!” baqirib yuborganimni sezmay qoldim. Eshik taraqlab ochilib hamshira kirib keldi. Chiroqni yoqib so‘radi: “Tinchlikmi? Nima bo‘ldi, Arkon afandi?” Nima deyishni bilolmay: “tinchlik, faqat chiroqni o‘chirmang, iltimos, uyqum qochdi, kitob o‘qimoqchiman” – dedim xijolatomuz. Hamshira chiqib ketgach, qariya gap boshladi:
– U ketdi, aytadigan gapini senga o‘zi aytmoqchi edi, ammo atrofingga nafratdan shunchalik baland devor tikibsan-ki, o‘tolmadi, aytolmadi…
– Kim? Qanaqa nafrat? Nimalar deyapsiz?
– Mamduh keldi, kapitan Turg‘ut afandi.
– Qachon keldi? Men nega ko‘rmadim? Siz uni qayoqdan taniysiz?
– Orangizdan nima gap o‘tganini bilmayman. U sendan uzr so‘radi. Ishxonasiga borishingni tayinladi.
Rizolik istadi. Undan qattiq xafa bo‘lganmiding?
– Ha.
– O‘lim barhaq, hammamizga ham navbat keladi. Yo‘lga chiqishdan oldin ortiqcha yuklarni tashlab yuborgan ma’qul. Ruh uchun eng og‘ir yuk nafrat bo‘ladi. Nafratdan qutilmagan siroti mustaqimdan o‘tolmaydi, bolam. Kechirimli bo‘lki, seni ham yaratgan egam kechirsin.
– … Sizga nimalar deb shikoyat qildi? Nega menga uchramadi? Qachon keldi o‘zi?
– Bilmadim, bolam, bilmadim, tush ko‘rdim shekilli.
Qariya ko‘zini yumib chuqur nafas oldi. Qaytib og‘iz ochmadi. Ertalab kapitan Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li boshchiligidagi bir guruh askarning terroristlar bilan qilgan mardonavor jangi haqida xabar ko‘rsatishdi. Ne ko‘z bilan ko‘rayki, qurbon bo‘lgan harbiylar ro‘yxatining boshida mayor Turg‘ut Tunchqoyao‘g‘li ismi turardi. O‘zimga kelolmadim. Bo‘lishi mumkin emas, dedim. Bu dahshatli tushdan tezroq uyg‘onishni istadim. Qo‘ltiqtayog‘imni yerga urib-urib yig‘ladim. Alamdan qaqshab-qaqshab yig‘ladim. Mamduaaa, Mamduh deb yig‘ladim. Nega yig‘ladim, bilmayman. Nega yig‘lashim kerak? Kim u menga? – deb yig‘ladim.
Muolajalar tugab uyga ruxsat berishdi. Qariya bilan ham xayrlashdim. U yalinchoq ovozda ta’kidladi:
– Uni kechirgin-a, bolam! Ishxonasiga borishni ham unutma. Uni oppoq nur ichida ko‘rdim. Rozi bo‘lib qo‘ygin.
Agar ota eslatmaganida allaqachon unutgan ekanman. Kasalxonadan chiqib, uyga emas, to‘ppa-to‘g‘ri Mamduh xizmat qilgan harbiy qismga yo‘l oldim. Navbatchi askarga do‘stimning xizmat xonasiga kirishim kerakligini aytdim. Meni qism komandiri oldiga boshlab bordi. Unga bor gapni aytdim. Birga uning xonasiga kirdik. Fotiha o‘qib uni yodga oldik. Stoli ustida yog‘och bo‘lagiga qotirilgan qizil metal mashinachaga ko‘zim tushdi-yu, titrab ketdim. O‘sha qizil metal mashinam. Eshiklari ochilib yopiladi. Bitta eshigi tushib qolgan lekin g‘ildiraklari joyida. Faqat endi bosibroq ortga tortib qo‘yib yuborsang g‘izillab ketolmaydi. Chunki taxta taglikka qotirib qo‘yibdi. Berganimda oldiniga “nima qilaman buni?” – deb olgisi kelmagandi. Keyin “mayli eslab yuraman” deb kulimsiragani yodimda. Men bitta jon qarzimni uzgandek yengillagandim o‘shanda. Mashinachani olib xonadan chiqdim. Eshikni yopayotib ko‘z qirim bilan ichkariga qaradim. Kresloda yon burilib gazeta o‘qiyotgan Mamduhga, ha, ha, o‘sha o‘zimizning Mamduaga ko‘zim tushdi.
Agar imkoni bo‘lsa edi. Istamagan kishilaringni bolaligingdan ham, xotiralaringdan ham butunlay chiqarib tashlay olsang edi. Men, bu imkondan butunlay voz kechgan bo‘lardim. Chunki mening hayotimdan, bolaligimdan, xotiralarimdan o‘chirib tashlaydigan kishim yo‘q.