Шу ойнинг ўртасида Озарбайжон ФА вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти директори, Миллий Мажлис депутати, академик, таниқли адабиётшунос олим, танқидчи, шоир ва драматург сифатида Озарбайжон илм-фан олами, адабий жамоатчиликда ном қозонган Исо Ҳаббибейли муборак 70 ёшни қаршилади. Сизга тақдим этилаётган мақола муаллифларига қўшилиб сайтимиз муштарийлари номидан устоз олимни самимий табриклаймиз…
ОЛИМНИНГ ШАРАФЛИ ВА МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛИ
Академик Исо Ҳаббибейлининг 70 йиллигига
Шу ойнинг ўртасида Озарбайжон ФА вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти директори, Миллий Мажлис депутати, академик Исо Акбар ўғли Ҳаббибейли муборак 70 ёшни қаршилади. Исо Ҳаббибейли таниқли адабиётшунос олим, танқидчи, шоир ва драматург сифатида Озарбайжон илм-фан олами, адабий жамоатчиликда ном қозонган. У бир неча йиллардан буён давлат ва жамоат арбоби сифатида масъулиятли вазифаларни бажариб келаётган бўлса-да, илмий изланишдан асло чекинган эмас. Унинг қатор чоп этилган китоблари, мақолалари, адабий ишлари бунинг ёрқин далили бўла олади.
Исо Ҳаббибейли 1949 йил 16 октябрда Озарбайжоннинг Нахчиван шаҳрида таваллуд топган. Университетдаги таҳсилдан сўнг Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти аспирантурасига қабул қилинди. Ўзининг тиришқоқлиги, илмга ташналиги, меҳнатсеварлиги туфайли тез орада устозлари эътиборига тушди. Академик Маммед Жаъфар Жаъфаровнинг раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Унинг 1984 йилда нашр этилган “Романтик лириканинг имконлари” монографияси ана шу изланишлари самарасидир. Ушбу монографияда ХХ асрнинг буюк ижодкорлари бўлган Ҳ.Жовид, М.Ҳоди, А.Саҳҳат ва А.Шоиқ кабилар асарларидаги романтизм анъаналари тадқиқ этилган. Исо Ҳаббибейли кейинчалик докторлик диссертациясини ҳам муваффақиятли ҳимоя қилди. Адабиётшунослик, танқидчилик соҳасига доир кўплаб тадқиқотлар яратди. Унинг бу кунга қадар 90 дан ортиқ китоби, 1500 дан зиёд илмий мақолалари эълон қилинган.
Таниқли олимнинг классик ва замонавий адабиёт намояндалари ижоди ҳақидаги қимматлари тадқиқотлари Озарбайжон адабиётшунослигида алоҳида ўрин тутади. Унинг Низомий Ганжавий, Марағали Аҳвадий, Муҳаммад Фузулий, Ошиқ Алиаскар, Мирза Фатали Ахундов, Наримон Наримонов, Муҳаммад Ҳоди, Иса Ҳусайнов, Фаридун бей Кўчарли, Али бей Ҳусайнзода, Ҳусайн Жовид, Самад Варғун, Анор, Элчин, Маммед Араз, Собир Рустамхонли, Зелимхон Яъқуб, Рашод Мажид, Ҳикмат Маҳмуд каби санъаткорларнинг ижоди ҳақидаги тадқиқотлари алоҳида аҳамиятга эга.
Исо Ҳаббибейли таниқли ижодкор Жалил Маммедқулузоданинг ижодий меросининг энг пешқадам тадқиқотчисидир. Унинг докторлик диссертацияси ҳам айнан ушбу демократ шоирнинг ижодий фаолияти тадқиқига бағишланган. Олимнинг “Мулла Насриддин” адабий мактаби ҳақидаги фикр-мулоҳазалари диққатга моликдир: “Мулла Насриддин” Озарбайжон ва турк мусулмон олами матбуотининг шоҳ асаридир. Бу қимматли журнал, нафақат, Озарбайжон ва Кавказда, балки бутун турк мусулмон оламида ўзининг кенг таъсирини кўрсатди. Унинг таъсирида қатор турк мусулмон мамлакатларида сатира журналлари дунёга келди”.
Исо Ҳаббибейлининг Жалил Маммедқулузода ҳақидаги тадқиқотлари Эрон, Миср, Украина ва Венгрияда нашр этилди. Унинг “Адабиёт назарияси” (1985), “ХХ аср Озарбайжон ёзувчилари” (1992), “ХХ аср бошларида ижод қилган Озарбайжон ижодкорлари” (2004), “Адабий-тарихий мемуар ва замонавийлик” (2007), “Адабий шахсият ва замон” (2017), “Озарбайжон адабиётини даврлаштириш концепцияси ва ривожланиш босқичлари” (2019) йил сингари фундаментал, илмий-назарий тадқиқотлари Озарбайжон адабиётшунослигининг нодир намуналаридир.
Исо Ҳаббибейли моҳир педагог, ташкилотчи раҳбардир. Фаолиятининг катта қисми Нахчиван давлат университети билан бевосита боғлиқ. 20 йил давомида ушбу университетда ректорлик қилган Исо Ҳаббибейли, фаолияти давомида олийгоҳнинг нуфузини янада кўтариб, уни республиканинг илмий-маданий марказларидан бирига айлантирди. Бу йиллар давомида Нахчиван давлат университети дунёнинг қатор нуфузли олийгоҳлари билан турли соҳаларда халқаро алоқаларни ўрнатди. Ташкилотчи ва жонкуяр раҳбарга яна бир масъулиятли вазифа юклатилди. Унга Озарбайжон ФА вице-президенти, Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти директори вазифалари топширилди. Исо Ҳаббибейли фаолиятининг дастлабки давриданоқ Озарбайжон адабиёти тарихи кенг миқёсда тадқиқ этиш, классик ижодкорларнинг асарларини нашр этиш, академия билан бошқа халқлар илм-фан марказлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришга эътиборини қаратди. Бунинг натижаси тез орада кўринди. 10 жилдлиги чоп этилиши режалаштирилган “Озарбайжон адабиёти тарихи”нинг дастлабки қисмлари нашр этилди. Адабиёт институтида янги-янги шўъбалар ташкил этилди. Ҳиндистон, Хитой, Япония, Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия, Венгрия, Польша, Мўғулистон сингари давлат илмий марказлари билан адабий алоқалар ўрнатилди. Ҳамкорликда қатор халқаро анжуман, симпозиум ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Академик Исо Ҳаббибейлининг Ўзбекистон билан адабий ва илмий алоқаларни янада ривожлантиришдаги хизматларини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиздир. Унинг бевосита ташаббуси билан Адабиёт институтида “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” шўъбаси ташкил этилди. Ушбу шўъба ташаббуси билан ҳар йили мунтазам равишда ўзбек адабиётининг буюк намояндлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган конференциялар ташкил этилади. Уларда Озарбайжон ва Ўзбекистоннинг таниқли олимлари ҳамда ёш тадқиқотчилари иштирок этиб қелмоқда. Ушбу шўъбада қатор ёш изланувчилар, докторантлар Озарбайжон-Ўзбекистон адабий алоқаларига бағишланган тадқиқотларини олиб боришмоқда. Буларнинг бошида, албатта, академик Исо Ҳаббибейли турганлиги қайд этиб ўтиш лозим.
Исо Ҳаббибейлининг илм-фан, Ватан олдидаги хизматлари Озарбайжон ҳукумати томонидан муносиб тақдирланган. Жумладан, унга 2007 йилда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг фармони билан “Шуҳрат” ордени топширилган. Шунингдек, “Хизмат кўрсатган олим” мукофоти ва “Шараф” орденига муносиб кўрилган. Исо Ҳаббибейли Озарбайжон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик. Қолаверса, у 2001 йилда Нью-йорк Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинган. 2001 йилда Америка Тадқиқотлар Институтининг “Йил одами – 2001” мукофотини қўлга киритган.
Академик Исо Ҳаббибейли 70 ёшни қарши олиши муносабати билан Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг 2019 йил 15 октябрдаги фармони билан 1-даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” орденига муносиб кўрилди. Бу, албатта, умрини, ҳаётини илмга, Ватан хизматига бағишлаган олимга кўрсатилган юксак эътироф ва ҳурматнинг юксак намунасидир.
Шу фурсатдан фойдаланиб, муборак 70 ёшни қарши олган Исо Ҳаббибейлини қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, келгусидаги фаолиятларига улкан муваффақиятлар тилаймиз.
Олмос УЛВИЙ, филология фанлари доктори, профессор
Обиджон ШОФИЕВ, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Shu oyning o’rtasida Ozarbayjon FA vitse-prezidenti, Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot instituti direktori, Milliy Majlis deputati, akademik, taniqli adabiyotshunos olim, tanqidchi, shoir va dramaturg sifatida Ozarbayjon ilm-fan olami, adabiy jamoatchilikda nom qozongan Iso Habbibeyli muborak 70 yoshni qarshiladi. Sizga taqdim etilayotgan maqola mualliflariga qo’shilib saytimiz mushtariylari nomidan ustoz olimni samimiy tabriklaymiz..
OLIMNING ShARAFLI VA MAShAQQATLI YO’LI
Akademik Iso Habbibeylining 70 yilligiga
Shu oyning o’rtasida Ozarbayjon FA vitse-prezidenti, Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot instituti direktori, Milliy Majlis deputati, akademik Iso Akbar o’g’li Habbibeyli muborak 70 yoshni qarshiladi. Iso Habbibeyli taniqli adabiyotshunos olim, tanqidchi, shoir va dramaturg sifatida Ozarbayjon ilm-fan olami, adabiy jamoatchilikda nom qozongan. U bir necha yillardan buyon davlat va jamoat arbobi sifatida mas’uliyatli vazifalarni bajarib kelayotgan bo’lsa-da, ilmiy izlanishdan aslo chekingan emas. Uning qator chop etilgan kitoblari, maqolalari, adabiy ishlari buning yorqin dalili bo’la oladi.
Iso Habbibeyli 1949 yil 16 oktyabrda Ozarbayjonning Naxchivan shahrida tavallud topgan. Universitetdagi tahsildan so’ng Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot instituti aspiranturasiga qabul qilindi. O’zining tirishqoqligi, ilmga tashnaligi, mehnatsevarligi tufayli tez orada ustozlari e’tiboriga tushdi. Akademik Mammed Ja’far Ja’farovning rahbarligida nomzodlik dissertatsiyasini himoya qildi. Uning 1984 yilda nashr etilgan “Romantik lirikaning imkonlari” monografiyasi ana shu izlanishlari samarasidir. Ushbu monografiyada XX asrning buyuk ijodkorlari bo’lgan H.Jovid, M.Hodi, A.Sahhat va A.Shoiq kabilar asarlaridagi romantizm an’analari tadqiq etilgan. Iso Habbibeyli keyinchalik doktorlik dissertatsiyasini ham muvaffaqiyatli himoya qildi. Adabiyotshunoslik, tanqidchilik sohasiga doir ko’plab tadqiqotlar yaratdi. Uning bu kunga qadar 90 dan ortiq kitobi, 1500 dan ziyod ilmiy maqolalari e’lon qilingan.
Taniqli olimning klassik va zamonaviy adabiyot namoyandalari ijodi haqidagi qimmatlari tadqiqotlari Ozarbayjon adabiyotshunosligida alohida o’rin tutadi. Uning Nizomiy Ganjaviy, Marag’ali Ahvadiy, Muhammad Fuzuliy, Oshiq Aliaskar, Mirza Fatali Axundov, Narimon Narimonov, Muhammad Hodi, Isa Husaynov, Faridun bey Ko’charli, Ali bey Husaynzoda, Husayn Jovid, Samad Varg’un, Anor, Elchin, Mammed Araz, Sobir Rustamxonli, Zelimxon Ya’qub, Rashod Majid, Hikmat Mahmud kabi san’atkorlarning ijodi haqidagi tadqiqotlari alohida ahamiyatga ega.
Iso Habbibeyli taniqli ijodkor Jalil Mammedquluzodaning ijodiy merosining eng peshqadam tadqiqotchisidir. Uning doktorlik dissertatsiyasi ham aynan ushbu demokrat shoirning ijodiy faoliyati tadqiqiga bag’ishlangan. Olimning “Mulla Nasriddin” adabiy maktabi haqidagi fikr-mulohazalari diqqatga molikdir: “Mulla Nasriddin” Ozarbayjon va turk musulmon olami matbuotining shoh asaridir. Bu qimmatli jurnal, nafaqat, Ozarbayjon va Kavkazda, balki butun turk musulmon olamida o’zining keng ta’sirini ko’rsatdi. Uning ta’sirida qator turk musulmon mamlakatlarida satira jurnallari dunyoga keldi”.
Iso Habbibeylining Jalil Mammedquluzoda haqidagi tadqiqotlari Eron, Misr, Ukraina va Vengriyada nashr etildi. Uning “Adabiyot nazariyasi” (1985), “XX asr Ozarbayjon yozuvchilari” (1992), “XX asr boshlarida ijod qilgan Ozarbayjon ijodkorlari” (2004), “Adabiy-tarixiy memuar va zamonaviylik” (2007), “Adabiy shaxsiyat va zamon” (2017), “Ozarbayjon adabiyotini davrlashtirish kontseptsiyasi va rivojlanish bosqichlari” (2019) yil singari fundamental, ilmiy-nazariy tadqiqotlari Ozarbayjon adabiyotshunosligining nodir namunalaridir.
Iso Habbibeyli mohir pedagog, tashkilotchi rahbardir. Faoliyatining katta qismi Naxchivan davlat universiteti bilan bevosita bog’liq. 20 yil davomida ushbu universitetda rektorlik qilgan Iso Habbibeyli, faoliyati davomida oliygohning nufuzini yanada ko’tarib, uni respublikaning ilmiy-madaniy markazlaridan biriga aylantirdi. Bu yillar davomida Naxchivan davlat universiteti dunyoning qator nufuzli oliygohlari bilan turli sohalarda xalqaro aloqalarni o’rnatdi. Tashkilotchi va jonkuyar rahbarga yana bir mas’uliyatli vazifa yuklatildi. Unga Ozarbayjon FA vitse-prezidenti, Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot instituti direktori vazifalari topshirildi. Iso Habbibeyli faoliyatining dastlabki davridanoq Ozarbayjon adabiyoti tarixi keng miqyosda tadqiq etish, klassik ijodkorlarning asarlarini nashr etish, akademiya bilan boshqa xalqlar ilm-fan markazlari o’rtasida aloqalarni o’rnatildi. Hamkorlikda qator xalqaro anjuman, simpozium va davra suhbatlari tashkil etildi. Akademik Iso Habbibeylining O’zbekiston bilan adabiy va ilmiy aloqalarni yanada rivojlantirishdagi xizmatlarini alohida qayd etib o’tish joizdir. Uning bevosita tashabbusi bilan Adabiyot institutida “Ozarbayjon-Turkmaniston-O’zbekiston adabiy aloqalari” sho»basi tashkil etildi. Ushbu sho»ba tashabbusi bilan har yili muntazam ravishda o’zbek adabiyotining buyuk namoyandlari Alisher Navoiy va Zahiriddin Muhammad Bobur tavalludiga bag’ishlangan konferentsiyalar tashkil etiladi. Ularda Ozarbayjon va O’zbekistonning taniqli olimlari hamda yosh tadqiqotchilari ishtirok etib qelmoqda. Ushbu sho»bada qator yosh izlanuvchilar, doktorantlar Ozarbayjon-O’zbekiston adabiy aloqalariga bag’ishlangan tadqiqotlarini olib borishmoqda. Bularning boshida, albatta, akademik Iso Habbibeyli turganligi qayd etib o’tish lozim.
Iso Habbibeylining ilm-fan, Vatan oldidagi xizmatlari Ozarbayjon hukumati tomonidan munosib taqdirlangan. Jumladan, unga 2007 yilda Ozarbayjon Respublikasi Prezidenti Ilhom Alievning farmoni bilan “Shuhrat” ordeni topshirilgan. Shuningdek, “Xizmat ko’rsatgan olim” mukofoti va “Sharaf” ordeniga munosib ko’rilgan. Iso Habbibeyli Ozarbayjon Fanlar Akademiyasining haqiqiy a’zosi, akademik. Qolaversa, u 2001 yilda Nyu-york Fanlar Akademiyasining haqiqiy a’zoligiga qabul qilingan. 2001 yilda Amerika Tadqiqotlar Institutining “Yil odami – 2001” mukofotini qo’lga kiritgan.
Akademik Iso Habbibeyli 70 yoshni qarshi olishi munosabati bilan Ozarbayjon Respublikasi Prezidenti Ilhom Alievning 2019 yil 15 oktyabrdagi farmoni bilan 1-darajali “Vatan oldidagi xizmatlari uchun” ordeniga munosib ko’rildi. Bu, albatta, umrini, hayotini ilmga, Vatan xizmatiga bag’ishlagan olimga ko’rsatilgan yuksak e’tirof va hurmatning yuksak namunasidir. Shu fursatdan foydalanib, muborak 70 yoshni qarshi olgan Iso Habbibeylini qutlug’ yoshi bilan muborakbod etib, kelgusidagi faoliyatlariga ulkan muvaffaqiyatlar tilaymiz.
Olmos ULVIY, filologiya fanlari doktori, professor
Obidjon ShOFIYeV, filologiya fanlari bo’yicha falsafa doktori (PhD)