Obidjon Shofiyev. Qardoshlar yurtida. Ozarbayjon safari

009    Ҳазар денгизи бўйлари, Шаҳидлар хотира майдони, Самад Вурғун уй-музейи бўйлаб қилган саёҳатимиз ҳам мароқли ўтди. Бой таассуротларга эга бўлдик. Буларни ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўришни ва баҳра олишни истасангиз, албатта, Озарбайжонга бир марта бўлса ҳам ташриф буюринг.

ҚАРДОШЛАР ЮРТИДА
Обид ШОФИЕВ
тадқиқотчи ва журналист
003

“Қайнона” , “Аршин Молалан”. Ҳа, бу Озарбайжон киноижодкорлари томонидан суратга олинган машҳур фильмлар. Нафақат озарбайжонликлар, балки ўзбек томошабини учун ҳам қадрли бўлиб улгурган бу фильмлар ҳали ҳануз севиб кўрилади.

Озарбайжон… “Кавказ дурдонаси” ёхуд “Оловлар юрти” деб таърифланадиган бу ўлка ўзининг Ҳазар денгизи, бетакрор табиати, маданияти, санъати, қадимий меъморчилик обидалари, Нафталан даволаниш маскани кабилар билан донг таратган. Қолаверса, Озарбайжон Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Самад Варғун сингари сўз санъаткорларининг ватани!

Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият Маркази томонидан бир қатор лойиҳалар амалга оширилиб келинмоқда. Икки қардош ўлка ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашда бу Маданият марказининг ўрни катта. Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси қошида фаолият юритиб келаётган бу Марказ Самир Аббасов раҳбарлигида ўзбекистонлик турли соҳа вакиллари ўртасида яхши ҳамкорликни йўлга қўйган. Айниқса, журналистлар, санъат, маданият вакиллари, шоир, ёзувчи ва таржимонларни Марказнинг турли тадбирларида учратиш мумкин.

Бевосита мазкур Марказ ва Озарбайжон Фанлар академияси Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти ташаббуси билан камина ва таржимон Муҳамадамин Тўхлиев бу мамлакатга сафар уюштирдик.

Бирон бир мамлакатга сафар қилар экансиз, у ер ҳақидаги маълумотлар сизга ҳар қадамда қўл келади, албатта.

“Тошкент-Боку” йўналиши бўйича учган учоғимиз бепоён Ҳазар денгизи устидан ўтар экан, биз манзилга яқинлашганимизни ҳис қилдик. Гарчи бу менинг хориждаги илк сафарим бўлмасада, ўзгача бир ҳаяжонда эдим.

Учоғимиз Боку аэропортига келиб қўнди. Юқоридан учишга шайланаётган қуш парвози шаклини эслатадиган Ҳайдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропорти замонавий ва ўзгача қиёфаси билан кишини мафтун этади. Интернет маълумотларидан мазкур аэропорт дунёдаги тайёрагоҳлар орасида энг юқори ўринларда туришини билиб олган бўлсамда, бунга ўз кўзим билан амин бўлдим. Ҳашаматли, ўзгача дизайн ва аъло даражадаги хизмат. Бу менинг аэропортдан олган илк таассуротларим бўлди.

Бизни аэропортда ҳасафарим Муҳамадаминнинг таниши Фармон деган йигит кутиб олди. “Хуш галдиниз!” дея бизни илиқ қарши олган Фармон ўз автомашинасида шаҳарга, меҳмонхонамизга олиб бориб қўйди. Аэропортдан шаҳарга томон чамаси 25 кмни ташкил этади.
Боку – Озарбайжоннинг пойтахти. Айни пайтда Бокуда 2 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Иқлими континентал. Каспий денгизи бўйида жойлашган шаҳар кўркам қиёфа касб этган. Боку — замонавийлашган шаҳар. Бу ерда ўзига хос услубда қурилган замонавий бинолар қад кўтарган. Қолаверса, қадимий меъморий обидалари шаҳарга кўрк ва салобат бахш этиб турибди.

Биз қўнган меҳмонхона шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган экан. Бизни таклиф қилган таниқли навоийшунос олима, ўзбек адабиётининг толмас тадқиқотчиси, филология фанлари доктори, профессор Олмос Улвийга қўнғироқ қилдим. Олмос хоним манзилни тушунтирди ва биз Озарбайжон ФА Адабиёт институтига йўл олдик. Шаҳар бўйлаб турли йўналишларда автобуслар қатнайди. Автобусда истаган манзилингизга йўл олишингиз мумкин. Йўл ҳақи махсус карта орқали тўланади. Бизда бундай карта бўлмаганлиги учун ҳайдовчига вазиятни тушунтирдик ва йўл ҳақини нақд кўринишда тўлашни таклиф қилдик. У нақд пул қабул қилинмаслигини айтар экан, “сизлар меҳмон экансизлар, қолаверса, қардош ўлкадан келибсизлар, йўл ҳақи олмайман сизлардан”, деб ўзининг меҳмондўстлигини намоён этди.
Озарбайжон ФА Адабиёт институтида бизни Олмос хоним қарши олди. Мен Олмос хоним билан интернет орқали уч йилдан буён гаплашиб, ўзаро илмий алоқалар, ҳамкорликни йўлга қўйган бўлсак-да, юзма-юз учрашмаган эдик. Бизни илиқ қарши олган Олмос хоним менга самимий, хушмуомала, меҳрибон аёл сифатида таассурот қолдирди. Бизни Институт ва унинг жамоаси билан таништирар экан, олиманинг ўзбек халқига, ўзбек адабиётига ошуфта, унга меҳри баланд эканлигига яна бир бор амин бўлдим. Айни пайтда Олмос хоним Адабиёт институтида “Озарбайжон-Туркманистон-Ўзбекистон адабий алоқалари” бўлими, Бобур халқаро фондининг Боку бўлими раҳбари лавозимларида фаолият юритади. Бу ерда бўладиган Навоий ва Бобур ижодига бағишланадиган конференция ва тадбирларнинг ташкилотчиси ҳисобланадиган олиманинг фидойилиги, ташабускорлигига ҳавасимиз келди.

Бизни Фанлар академияси вице-президенти, Адабиёт институти директори, академик Исо Ҳаббибейли қарши олди. Қисқа ва самимий тарзда ўтган суҳбатимиз мароқли ва кўп таассуротларга бой руҳда ўтди.

Умуман, бу ерда ўзбекистонликларга ҳурмат ва эътибор юқори эканлигига гувоҳ бўлдим. Озар дўстларимиз бизга қардошим деб мурожаат қилар экан, бу икки халқнинг тили, дини, маданиятлари муштарак эканлигини яна бир бор ҳис қилдик.

Бокудаги иккинчи кунимиз мазкур институтда ташкил этилган З.М.Бобур таваллудининг 535 йиллигига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Озарбайжон” деб номланган халқаро конференцияда иштирок этдик. Аслида биз шу конференцияга таклиф этилган эдик. Бу анжуманда Озарбайжон, Ўзбекистон, Ҳиндистон давлатларидан ташриф буюрган бир қатор олимлар ўз маърузалари билан иштирок этди. Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги ва Ҳиндистоннинг Озарбайжондаги элчилари ҳам ташриф буюриб, маъруза қилишди. Ўзбекистондан ташриф буюрган атоқли олим, филология фанлари доктори Ҳамидулла Болтабоев ўз маърузаси билан иштирок этиб, институт жамоасига Ўзбекистонда нашр этилган китоблардан тақдим этди. Биз ҳам ўз маърузаларимиз билан қатнашиб, ўз фикр-мулоҳазаларимизни баён этдик. Умуман, анжуман кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Анжуманда ўтирар эканман, улуғ аждодимизга бўлган юксак эътибордан ва унинг авлоди эканимиздан чексиз ифтихор, ғурур туйғуларини туйдим.

Албатта, бу ўлкага келган инсон диққатга сазовор, машҳур жойларини кўрмасдан кетолмайди. Икки кун давомида озарбайжонлик дўстларимиз Боку бўйлаб саёҳатга олиб чиқишди. Саёҳатимизни Ичери шеҳердан бошладик. Ичери шеҳер (Эски шаҳар, Ичкари шаҳар) — Озарбойжондаги шаҳар ичидаги шаҳарча. Бу ерда кўплаб тарихий обидалар қаторида 18 меҳмонхона, 100 га яқин савдо растаси фаолият юритади, шунингдек 1300 дан зиёд оила истиқомат қилади. Минг йиллик тарихга эга Ичери шеҳер Ширвоншоҳлар давлати пойтахти ҳисобланади. Шу билан бирга шаҳар Яқин Шарқнинг энг қадимий иқтисодий ва маданий маркази ҳамдир.

Майдони 22 гектардан иборат Ичери шеҳер ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28 таси давлат даражасидаги, 3 таси дунё миқёсидаги аҳамиятга эга. Тарихий-меъморий ёдгорлик Боку шаҳрининг Сабаил тумани ҳудудида жойлашган. Ичери шеҳер баландлиги тахминан 8-10 метрни ташкил қилувчи қалъа деворлари билан ўралган. 1977 йилда Ичери шеҳерга Тарихий-меъморий ёдгорлик мақоми берилган бўлиб, 1985 йилда эса у Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги деб эълон қилинган. 2005 йилнинг 10 февралида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев томонидан Республика Вазирлар Маҳкамаси қошида «Ичери шеҳер» Давлат тарихий-меъморий ёдгорлиги бошқармасини ташкил қилиш тўғрисидаги фармон имзоланган. Бугунги кунда бу ажойиб масканнинг бой маданий мероси тадқиқоти ва тарғиботи учун мазкур бошқарма масъулдир. 2000 йилда Ичери шеҳер Қиз қалъаси ва Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси билан бирга ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Ичери шеҳернинг энг диққатга сазовор обидалари – Қиз қалъаси (V-VI асрлар), Ширвоншоҳлар сарой мажмуаси (XII аср), Муҳаммад ибн Абу Бакр масжиди (XI аср), Диний-меъморий мажмуа (XII аср), Имом Усмон Аш-Ширвоний масжиди (XIV аср), Археологик парк, Кичик Карвон-сарой (XII аср) ва бошқалар. Шунингдек бу ерда дунёдаги биринчи Митти китоблар хусусий музейи ва жаз-муғом асосчиси Вагиф Мустафозоданинг уй-музейи мавжуд.

Шунингдек, Ҳазар денгизи бўйлари, Шаҳидлар хотира майдони, Самад Вурғун уй-музейи бўйлаб қилган саёҳатимиз ҳам мароқли ўтди. Бой таассуротларга эга бўлдик. Буларни ҳаммасини ўз кўзингиз билан кўришни ва баҳра олишни истасангиз, албатта, Озарбайжонга бир марта бўлса ҳам ташриф буюринг.

Мана, ниҳоят, беш кунлик сафаримиз ҳам ўз ниҳоясига етди. Жонажон Ўзбекистонимизга қўнар эканман, яна бир орзуим ушалганидан Аллоҳга шукроналар қилдим.

Тошкент-Баку, апрель

02Hazar dengizi boʻylari, Shahidlar xotira maydoni, Samad Vurgʻun uy-muzeyi boʻylab qilgan sayohatimiz ham maroqli oʻtdi. Boy taassurotlarga ega boʻldik. Bularni hammasini oʻz koʻzingiz bilan koʻrishni va bahra olishni istasangiz, albatta, Ozarbayjonga bir marta boʻlsa ham tashrif buyuring.

QARDOSHLAR YURTIDA
Obid SHOFIYEV
tadqiqotchi va jurnalist
003

“Qaynona” , “Arshin Molalan”. Ha, bu Ozarbayjon kinoijodkorlari tomonidan suratga olingan mashhur filmlar. Nafaqat ozarbayjonliklar, balki oʻzbek tomoshabini uchun ham qadrli boʻlib ulgurgan bu filmlar hali hanuz sevib koʻriladi.

002Ozarbayjon… “Kavkaz durdonasi” yoxud “Olovlar yurti” deb taʼriflanadigan bu oʻlka oʻzining Hazar dengizi, betakror tabiati, madaniyati, sanʼati, qadimiy meʼmorchilik obidalari, Naftalan davolanish maskani kabilar bilan dong taratgan. Qolaversa, Ozarbayjon Nizomiy Ganjaviy, Muhammad Fuzuliy, Samad Vargʻun singari soʻz sanʼatkorlarining vatani!

Toshkentdagi Haydar Aliyev nomidagi Ozarbayjon Madaniyat Markazi tomonidan bir qator loyihalar amalga oshirilib kelinmoqda. Ikki qardosh oʻlka oʻrtasidagi oʻzaro aloqalarni mustahkamlashda bu Madaniyat markazining oʻrni katta. Ozarbayjonning Oʻzbekistondagi elchixonasi qoshida faoliyat yuritib kelayotgan bu Markaz Samir Abbasov rahbarligida oʻzbekistonlik turli soha vakillari oʻrtasida yaxshi hamkorlikni yoʻlga qoʻygan. Ayniqsa, jurnalistlar, sanʼat, madaniyat vakillari, shoir, yozuvchi va tarjimonlarni Markazning turli tadbirlarida uchratish mumkin.

Bevosita mazkur Markaz va Ozarbayjon Fanlar akademiyasi Nizomiy Ganjaviy nomidagi Adabiyot instituti tashabbusi bilan kamina va tarjimon Muhamadamin Toʻxliyev bu mamlakatga safar uyushtirdik.

Biron bir mamlakatga safar qilar ekansiz, u yer haqidagi maʼlumotlar sizga har qadamda qoʻl keladi, albatta.

“Toshkent-Boku” yoʻnalishi boʻyicha uchgan uchogʻimiz bepoyon Hazar dengizi ustidan oʻtar ekan, biz manzilga yaqinlashganimizni his qildik. Garchi bu mening xorijdagi ilk safarim boʻlmasada, oʻzgacha bir hayajonda edim.

Uchogʻimiz Boku aeroportiga kelib qoʻndi. Yuqoridan uchishga shaylanayotgan qush parvozi shaklini eslatadigan Haydar Aliyev nomidagi Boku xalqaro aeroporti zamonaviy va oʻzgacha qiyofasi bilan kishini maftun etadi. Internet maʼlumotlaridan mazkur aeroport dunyodagi tayyoragohlar orasida eng yuqori oʻrinlarda turishini bilib olgan boʻlsamda, bunga oʻz koʻzim bilan amin boʻldim. Hashamatli, oʻzgacha dizayn va aʼlo darajadagi xizmat. Bu mening aeroportdan olgan ilk taassurotlarim boʻldi.

Bizni aeroportda hasafarim Muhamadaminning tanishi Farmon degan yigit kutib oldi. “Xush galdiniz!” deya bizni iliq qarshi olgan Farmon oʻz avtomashinasida shaharga, mehmonxonamizga olib borib qoʻydi. Aeroportdan shaharga tomon chamasi 25 kmni tashkil etadi.
Boku – Ozarbayjonning poytaxti. Ayni paytda Bokuda 2 milliondan ortiq aholi istiqomat qiladi. Iqlimi kontinental. Kaspiy dengizi boʻyida joylashgan shahar koʻrkam qiyofa kasb etgan. Boku — zamonaviylashgan shahar. Bu yerda oʻziga xos uslubda qurilgan zamonaviy binolar qad koʻtargan. Qolaversa, qadimiy meʼmoriy obidalari shaharga koʻrk va salobat baxsh etib turibdi.

Biz qoʻngan mehmonxona shaharning qoq markazida joylashgan ekan. Bizni taklif qilgan taniqli navoiyshunos olima, oʻzbek adabiyotining tolmas tadqiqotchisi, filologiya fanlari doktori, professor Olmos Ulviyga qoʻngʻiroq qildim. Olmos xonim manzilni tushuntirdi va biz Ozarbayjon FA Adabiyot institutiga yoʻl oldik. Shahar boʻylab turli yoʻnalishlarda avtobuslar qatnaydi. Avtobusda istagan manzilingizga yoʻl olishingiz mumkin. Yoʻl haqi maxsus karta orqali toʻlanadi. Bizda bunday karta boʻlmaganligi uchun haydovchiga vaziyatni tushuntirdik va yoʻl haqini naqd koʻrinishda toʻlashni taklif qildik. U naqd pul qabul qilinmasligini aytar ekan, “sizlar mehmon ekansizlar, qolaversa, qardosh oʻlkadan kelibsizlar, yoʻl haqi olmayman sizlardan”, deb oʻzining mehmondoʻstligini namoyon etdi.
Ozarbayjon FA Adabiyot institutida bizni Olmos xonim qarshi oldi. Men Olmos xonim bilan internet orqali uch yildan buyon gaplashib, oʻzaro ilmiy aloqalar, hamkorlikni yoʻlga qoʻygan boʻlsak-da, yuzma-yuz uchrashmagan edik. Bizni iliq qarshi olgan Olmos xonim menga samimiy, xushmuomala, mehribon ayol sifatida taassurot qoldirdi. Bizni Institut va uning jamoasi bilan tanishtirar ekan, olimaning oʻzbek xalqiga, oʻzbek adabiyotiga oshufta, unga mehri baland ekanligiga yana bir bor amin boʻldim. Ayni paytda Olmos xonim Adabiyot institutida “Ozarbayjon-Turkmaniston-Oʻzbekiston adabiy aloqalari” boʻlimi, Bobur xalqaro fondining Boku boʻlimi rahbari lavozimlarida faoliyat yuritadi. Bu yerda boʻladigan Navoiy va Bobur ijodiga bagʻishlanadigan konferensiya va tadbirlarning tashkilotchisi hisoblanadigan olimaning fidoyiligi, tashabuskorligiga havasimiz keldi.

Bizni Fanlar akademiyasi vitse-prezidenti, Adabiyot instituti direktori, akademik Iso Habbibeyli qarshi oldi. Qisqa va samimiy tarzda oʻtgan suhbatimiz maroqli va koʻp taassurotlarga boy ruhda oʻtdi.

Umuman, bu yerda oʻzbekistonliklarga hurmat va eʼtibor yuqori ekanligiga guvoh boʻldim. Ozar doʻstlarimiz bizga qardoshim deb murojaat qilar ekan, bu ikki xalqning tili, dini, madaniyatlari mushtarak ekanligini yana bir bor his qildik.

Bokudagi ikkinchi kunimiz mazkur institutda tashkil etilgan Z.M.Bobur tavalludining 535 yilligiga bagʻishlangan “Zahiriddin Muhammad Bobur va Ozarbayjon” deb nomlangan xalqaro konferensiyada ishtirok etdik. Aslida biz shu konferensiyaga taklif etilgan edik. Bu anjumanda Ozarbayjon, Oʻzbekiston, Hindiston davlatlaridan tashrif buyurgan bir qator olimlar oʻz maʼruzalari bilan ishtirok etdi. Oʻzbekistonning Ozarbayjondagi va Hindistonning Ozarbayjondagi elchilari ham tashrif buyurib, maʼruza qilishdi. Oʻzbekistondan tashrif buyurgan atoqli olim, filologiya fanlari doktori Hamidulla Boltaboyev oʻz maʼruzasi bilan ishtirok etib, institut jamoasiga Oʻzbekistonda nashr etilgan kitoblardan taqdim etdi. Biz ham oʻz maʼruzalarimiz bilan qatnashib, oʻz fikr-mulohazalarimizni bayon etdik. Umuman, anjuman koʻtarinki ruhda boʻlib oʻtdi. Anjumanda oʻtirar ekanman, ulugʻ ajdodimizga boʻlgan yuksak eʼtibordan va uning avlodi ekanimizdan cheksiz iftixor, gʻurur tuygʻularini tuydim.

Albatta, bu oʻlkaga kelgan inson diqqatga sazovor, mashhur joylarini koʻrmasdan ketolmaydi. Ikki kun davomida ozarbayjonlik doʻstlarimiz Boku boʻylab sayohatga olib chiqishdi. Sayohatimizni Icheri sheherdan boshladik. Icheri sheher (Eski shahar, Ichkari shahar) — Ozarboyjondagi shahar ichidagi shaharcha. Bu yerda koʻplab tarixiy obidalar qatorida 18 mehmonxona, 100 ga yaqin savdo rastasi faoliyat yuritadi, shuningdek 1300 dan ziyod oila istiqomat qiladi. Ming yillik tarixga ega Icheri sheher Shirvonshohlar davlati poytaxti hisoblanadi. Shu bilan birga shahar Yaqin Sharqning eng qadimiy iqtisodiy va madaniy markazi hamdir.

Maydoni 22 gektardan iborat Icheri sheher hududida yuzlab tarixiy yodgorliklar mavjud. Ulardan 28 tasi davlat darajasidagi, 3 tasi dunyo miqyosidagi ahamiyatga ega. Tarixiy-meʼmoriy yodgorlik Boku shahrining Sabail tumani hududida joylashgan. Icheri sheher balandligi taxminan 8-10 metrni tashkil qiluvchi qalʼa devorlari bilan oʻralgan. 1977 yilda Icheri sheherga Tarixiy-meʼmoriy yodgorlik maqomi berilgan boʻlib, 1985 yilda esa u Davlat tarixiy-meʼmoriy yodgorligi deb eʼlon qilingan. 2005 yilning 10 fevralida Ozarbayjon prezidenti Ilhom Aliyev tomonidan Respublika Vazirlar Mahkamasi qoshida “Icheri sheher” Davlat tarixiy-meʼmoriy yodgorligi boshqarmasini tashkil qilish toʻgʻrisidagi farmon imzolangan. Bugungi kunda bu ajoyib maskanning boy madaniy merosi tadqiqoti va targʻiboti uchun mazkur boshqarma masʼuldir. 2000 yilda Icheri sheher Qiz qalʼasi va Shirvonshohlar saroy majmuasi bilan birga YUNЕSKOning jahon madaniy merosi roʻyxatiga kiritilgan. Icheri sheherning eng diqqatga sazovor obidalari – Qiz qalʼasi (V-VI asrlar), Shirvonshohlar saroy majmuasi (XII asr), Muhammad ibn Abu Bakr masjidi (XI asr), Diniy-meʼmoriy majmua (XII asr), Imom Usmon Ash-Shirvoniy masjidi (XIV asr), Arxeologik park, Kichik Karvon-saroy (XII asr) va boshqalar. Shuningdek bu yerda dunyodagi birinchi Mitti kitoblar xususiy muzeyi va jaz-mugʻom asoschisi Vagif Mustafozodaning uy-muzeyi mavjud.

Shuningdek, Hazar dengizi boʻylari, Shahidlar xotira maydoni, Samad Vurgʻun uy-muzeyi boʻylab qilgan sayohatimiz ham maroqli oʻtdi. Boy taassurotlarga ega boʻldik. Bularni hammasini oʻz koʻzingiz bilan koʻrishni va bahra olishni istasangiz, albatta, Ozarbayjonga bir marta boʻlsa ham tashrif buyuring.

Mana, nihoyat, besh kunlik safarimiz ham oʻz nihoyasiga yetdi. Jonajon Oʻzbekistonimizga qoʻnar ekanman, yana bir orzuim ushalganidan Allohga shukronalar qildim.

Toshkent-Baku, aprel

01

(Tashriflar: umumiy 151, bugungi 1)

Izoh qoldiring