Akmal Tursunov. She’rlar

021«Хуршид Даврон кутубхонаси» ёшлар шеъриятида кечаётган жараёнлар, пайдо бўлаётган номларни ҳамиша кўздан қочирмаган. Бугунги саҳифамизда шеърлари тақдим этилаётган Акмал Турсуновни ҳам кутубхонамиз фаолларидан бирининг тавсияси билан сизга тақдим этмоқдамиз.

Акмал Турсунов
ШЕЪРЛАР


* * *

Завқлан умрнинг ҳар лаҳзаларидан
Қара, кўм-кўк майса,
Қара, кўм-кўк сув.
Ғам чекма тақдирнинг ларзаларидан,
Ғашлик туйғусини юрагингдан қув!

Илдам чопавергин
Ва қилма парво,
Шамол шаштинг кесса, тоғ йўлинг тўсса.
Сенга йўлиқишдан ҳайиқсин ғавғо,
Икки қадам йироқ юрсин ғам-ғусса!

Сен оддий туришда мағрур кўз ташла,
Каломинг шукрона бўлсин тун-у кун.
Отанг ўгити бўл…
Ва яна сақла
Дўппинг ситилса ҳам иймонни бутун!

Ҳозирланиш

Мен йўлга отландим.
Сафархалтам тахт.
Ўзим билан олдим – иймон ва умид.
Бошқаси оғир юк: мўл юриш керак,
(Тўғриси, лаш-лушдан ўзи юрак хит!)

Бир фурсат турсам-да тараддудланиб,
Кетар жафоси йўқ, дилда ғашлик йўқ.
Ташвишлар, осилманг энди ғудраниб,
Менга юрагимдан ўзга бошлиқ йўқ.

Анов уфққа туташ тоғлар карвони
Чўкиб ўркачини тутиб турибди.
Бунча оғир экан юки ҳавони –
Осмонни кўтариб эзилди кифтим.

Қадамни каттароқ олмоқ шарт фақат,
Керакмас теп-текис айлана йўллар.
Тик сўқмоқ хатарли бўлса-да роҳат,
Азминг қатъий экан, Худо ҳам қўллар.

Биламан ғурбатда бу ширин жоним,
Заққумлар қолмагай балки ичмаган.
Заҳматда тобланган англар дунёни,
Ҳақ йўли ҳеч қачон осон кечмаган!

Ҳайвонот боғида

Бургут – кенгликларнинг фарзанди, уни
Томоша қилмоқ хайф қафасга солиб.
Бу тоғни занжирлаш каби кулгули,
Аянчдир йўрғани бичиш мисоли.

Чунки йўргаклаган уни қоялар,
Қуёш элбурутдан уни эмизган.
Осмоннинг кафтида тетапоялаб,
Булутлар кифтида булутдай сузган.

Шу сабаб у ерга бегонадай қуш,
Симёғоч устида қўёлмайди ин.
Мақсад эмас унга воситадир гўшт,
Хонаки бургутни ким кўрмиш, айтинг.

Кимга тўқай маскан,
Кимга дашт юртдир.
Назари пастларга тоғлар ҳам – девор.
Эрки ўзда экан бургут бургутдир,
Қафасда товуқдан нима фарқи бор!?

* * *

Ошиқ одам узолмайди гул,
Боқиб баҳра олади холос.
Қўлдан келган ёмон иши шул –
чертади тор,
йиртади қоғоз!

Ошиқ одам булоқ сувига
Оёғини чаймайди ҳечам.
Дарёни назр этиб сўфига,
Офтобада юз ювар — тежаб.

Ошиқ одам сунмайди бўйин,
Дунёсига силтаб кетар қўл.
Маъшуқига ошиққан кўйи
Чўбин отга миниб олар йўл…

Лола

Бир азобда тоққа чиқсам баҳорда,
Қиқирлаб турибди тоғнинг лоласи.
Лола, мени ерга урма бекорга,
Анойимас менам тоғнинг боласи!

Эгилганим тўғри сенинг пойингга,
Чиройинг деб бўлдим мен роса хароб.
Шу жабрлар ҳаққи, қизил жомингга
Лолажон, қуйиб бер бир коса шароб.

Сипқориб тин олсин бу ҳалак жоним
Япроқ-кокилингни лабимга босай.
Қизил бўянганинг — бу жигар қоним,
Юзим рангини ҳам олдинг-ку тоза!

Тиз чўкиб ўпаман япроғинг, мазза,
Сен ял-ял очилган мен тили дудуқ.
Бир силкиниб қўйсанг жаҳоним ларза,
Бир сийпалаб қўйсанг жоним тасаддуқ!

Қўлим теккизмайман, бўлма хавотир,
Сен қиқирлаб турсанг қандоқ юламан?
Ҳар баҳор қошингда бўламан ҳозир,
Ўлсам ҳузурингга келиб ўламан!

Хонқизи

Хонқизи, кел хонга куёв бўлайин,
Сен билан яшнасин боғим, хонқизи!
Фақат қалинингни қандоқ тўлайин,
Бисотим етмайди чоғи, хонқизи!

Дерлар камбағални ори ўлдирар,
Онам дер: шаштингдан қайтгин, жон қўзим!
Чориғимни судраб борсам кулдилар
Зар либос севгини бўғар, хонқизи!

Қоп-қора холларинг бирам ярашган,
Боқсам кўнглим байрам, эгнинг қип-қизил.
Ношудман топмоққа тенгин адашган,
Сен ким-у мен кимман ўзи, хонқизи!

Сийлов маликага ярашар, ахир,
Мен ҳам Яратганнинг якка, ёлғизи.
Бир марта кафтимга қўниб суюнтир,
Қўлимни қайтарма фақат, хонқизи!

Хонқизи, кел хонга куёв бўлайин…

Ошиқ

Томиримда жўшқин қонлар гупурди
Яшашга муҳаббат, ишққа тавозе.
Ошиқлар хокини кўзимга суртдим
Заминий ҳисларим босди тарози.

Ташвишга қўл силтанг!
Бари жўн, одми:
кетмонмас рубобни тутқазинг менга.
Энг баланд пардада куйлай ҳаётни:
ҳар он Парвардигор туҳфаси менга.

Ранжу ситамларга зарра ўрин йўқ,
Қалбимда доира садоси янграр.
Кўкни давра олиб айланади руҳ,
Ер тепиниб ўйнар ҳар бир ҳужайрам.

Кўнглим, оламга боқ, нақадар кўркам,
Ҳақнинг тажаллиси мўру майсада.
Ўзингдан баландроқ яшашни ўрган,
Гўзаллик топа бил ҳамма нарсадан.

Дўстим, кел, эскитдан борки бир жумла –
Ҳаёт шаробини баҳам кўр деган.
Яшашни бош-оёқ жумбоққа кўмма,
Ҳақиқат акс этар коса сиртида.

Синовлар аччиғи тилимда новвот
Ҳаққа зоҳидона ишқимни куйлам.
Ялангоёқ қолсам ҳамки, умрбод
Ошиқлик тўнини эгнимда қўймам!

* * *

Бўлганим шу – тоғликман,
Улғайганман тик туриб.
Ялтоқланиш менгамас,
Жон койитманг уқтириб.

Бўлганим шу – тўдамас,
Ёлғизликни хушлайман.
Кийик билан ўт чайнаб,
Бургут билан қишлайман.

Бўлганим шу – дабдаба,
Ҳашаматга тоқат йўқ.
Менга ўрдакшўрва* дан
Ўтадиган овқат йўқ.

Менга дунё саҳна деб,
Тиркамангиз рол асло.
Бўри циркда ўйнамас,
Ўйнаса ҳамки арслон.

Омади гап, оломон,
Томошани кутмангиз.
Кўчки босади, тошни
Тоғ томонга отмангиз!

Бўлганим шу – тоғликман…

* ўрдакшўрва – сувга бўктирилган нон.

Баҳор ёмғири

Осмонда тўпланиб бир тўда булут
Ерни қамал қилди. Ўқлар ёғдирди.
Қуёш мададидан энди йўқ умид:
Уни ўз томонга ёвлар оғдирди.

Қочган қочиб қолди пана жой топиб,
Дарахтлар кўксини ўққа тутдилар.
Куртаклар жон таслим этди ер ўпиб
Новдадан қулади, ёмон отдилар.

Мендайлар пастлатиб қўйиб қўшиқни,
Деразадан боқиб сақлар жонини.
Ёвга тик борганлар кўчага чиқди
Ўққа қалқон қилиб соябонини.

Ёв қочди – булутлар тўзғиди бирдан,
Ташқари отилдим мардлигим тутиб.
Қуёш ҳам топилиб қолди қай гўрдан,
Ёвнинг чекинишин тургандай кутиб.

… Табиат жимгина нафас ростлайди
Йиғлаб енгил тортган одамдай сокин.
Шаббода йўлини биров тўсмайди,
Япроқлар бош ирғаб қўяди секин.

Менким, табиатнинг жангчиси, олди,
Дейман баҳор бўлса, гуллар кўпайса.
Фақат шу… хаёлдан ҳеч кетмай қолди
Чўмилиб баданин артмаган майса!

* * *

Қалбим ишққа очиқ.
Айтганим – қўшиқ.
Ошиқлар кўз ёшин ичиб сархушман.
Чикора телбага қонун-у тўсиқ,
Қанотсиз учишга ишонган қушман!

Қалбим ишққа очиқ.
Яратганни мен
кўкдан қидирмадим бошқалар каби.
Изладим мен фақат ўзимни, чунки
Худойим кўнглимда муқим яшади.

Қалбим ишққа очиқ –
Дарвозадай ланг,
Телбавор беҳудлик, қувонч унда жо!
Мени эси оғиб қолди деб кулманг,
Ҳақ ҳукми – севмоқни келтирдим бажо!

Қалбим ишққа очиқ.
Байрам – ҳар куним!
Шовқинмас куй учун яралган найман.
Менга бандасининг гапи бир тийин,
Эгамга эркалик қилиб яшайман!

Уйдан қайтиш

Осмон тешилдими: ёмғир тун бўйи
Бирам эзиб ёғди, эзғилаб ёғди.
Тарнов тонгга довур қилди хиргойи
Онамнинг алласи каби хуш ёқди.

Эшиги ғичирлаб ота уйимнинг
Чиқсам: қўлларимни қўйгиси йўқдай.
Қушлар ниманидир сўйлар куйиниб,
Тоғлар кесиб чиқар йўлимни: “тўхта!”

* * *

Муҳаббат қалбимни чимчилаб қўйди,
Кўзимга санчилиб қолди нигоҳинг.
Зўрайди дард – кўксим жим силаб қўйдим,
Мени адо қилиб қўйдинг-ку, Моҳим!

Қайга ёнбошласам ўрним чақади,
Ой эса ялтирар сариқ чақадай,
Неча эсим кириб, эсим чиқади
Тонггача жиннидай тентийман гоҳи!

Келсанг баҳорлар ҳам чопиб келарди,
Майсалар изингни ёпиб келарди.
Бахт ўзи эмаклаб топиб келарди,
Топишган кўзларга бўлай деб шоҳид!

Тўй қилсак ўтказиб мени сўрига,
Қалдирғоч мен учун қўлинг сўрагай,
Бургутни айтаман куёвжўрага,
Келиндугонага бирам мос оҳу!

Булбуллар навбатда туриб куйлайди,
Даврани бўшатмай каптар ўйнайди,
Бизга боқиб жумла жаҳон тўймайди,
Ёмғир гулкосада улашар чоғир!..

Муҳаббат қалбимни чимчилаб қўйди…

Ҳаяллаш

Йўллар оёғимни кесди – бормадим,
Йиллар қароғимни тўсди – бормадим,
Бунда на соям бор, на ҳамсоям бор,
На таомда маза, емакда таъм бор.
Ота, соғиндим-у сизни, бормадим!

Ном топмоққа келиб, нон ҳам топмадим,
Хайр-у маъзур қилиб кетди омадим.
Орзум бир ҳаволаб қулади пастга,
Ким баралла, кимдир кулади аста,
Ер ўпсам ўпдимки, оёқ ўпмадим!

Ота, сиз ўйламанг, ишим сал оғир:
Оқим-ла терсроқман, чақин-ла аҳил.
Бир кун кеч бўлса-да айтар сўзим бор,
Сувга тушган қумдай кетмасман зинҳор,
Мен билан келганку Ургутнинг тоғи!

Ўзингдан бошқага

Тўйгач, енгил-елпи ҳаёт кечирдим:
Бир косада мой-у,
бир кўзада май.
Олдимдан оққан сув, мени кечиргин,
Мен ёшлик қилибман сени пайқамай!

Йиқилсам елкамга тегмади бир қўл,
Буткул совиб кетдим дунёларидан.
Берк кўчада қолиб тополмадим йўл,
Паноҳ топдим отам дуоларидан!

Дўст йўқмас, аслида ҳаддан эди кўп,
Авжимда ҳаммаси содиқлик қилди.
Йиқилдим, санасам улардамас айб,
Фақат… бармоқларим ортиқлик қилди!..

Омаддан билибман бахт келса доим,
Сендан неъматлигин наҳот билмадим!
Бош тегиб, бошимни урдим, Худойим,
Ўзингдан бошқага муҳтож қилмагин!..

Бургут монологи

Мени баланд тоғлар учирма қилган,
Ушоқнинг дардида юрган қушмасман.
Тақдиримда овчи бўлиш битилган,
Тайёр ўлаксага сира учмасман.

Қуёшга тик боқиб улғайдим, шундан
ердаги жимитдай жон ҳам намоён.
Қилдим гадотопмас чўққини кулба,
қумурсқадан холи топай деб ошён.

Хонаки каптардай ўйноқилик ёт,
Учсам қанотимни ёзаман вазмин.
Менга енгил-елпи нарсамас ҳаёт,
Аслимга мос яшаш – юракнинг изми.

Шом кирди дегунча дарахтда ғужғон,
ғийбатчи майна – қуш номига иснод.
Пингвин ўзлигидан кечгани ҳамон
сургун қилган шимол томонга қисмат.

Мен эса юксакка интилдим, зора
баландроқ яшашни уқса деб қавмим.
Ернинг тортиш кучин енгмоқ баҳона
Бирам хуш ёқади ҳурликнинг таъми.

Ўзи учмайди-ю, учса кўролмас
Қашқирлар тиш қайраб турибди ерда.
Пўлат тирноғим-ла кўтараман даст,
Йиртиб улгуролмас улар кекирдак.

Нигоҳимга кўчар тоғлардан виқор,
Вақт билан басма-бас келмоқ бўламан.
Кун оғиб, қўнади патларимга қор,
Фурсат етганини ўзим биламан.

Бургут ўлимини кутар қушмас, о!
Қартайганин сезса тирноғи синиб,
бори деб ўлакса титмайди асло –
Мардларча қояга урар ўзини!

Онамга мактуб

Қочмоққа устайдим, қандайдир панд еб,
Бугун виждонимга тутилдим, Она!
Умримнинг ярмини шаҳарга бериб,
Бир мактуб ёзмабман бармоғим қонаб!

Шу-унча кутгандирсан, сездирмай менга,
Худонинг куни тўй, оёғинг тортмай.
Мен эса санғибман қуриблар тинкам
Бир энлик қоғозмас, фаросат топмай.

Мана хат ёзяпман биринчи марта (!)
(Ишқий номаларим гарчи саноқсиз)
Кўпам маҳтал бўлма дилингни ўртаб,
Очқасанг шоҳона таом бор – қуртоб*,
(Неча кунлаб ўчоқ тургандир чўғсиз!)

Мен ёғли паловни ошаб нолийман,
Ёзғирган бўламан: “қийналиб кетдим”.
Емаган сомсамга довур тўлайман,
Дейман: пичоқ бориб суякка етди.

Бунча енгилмасди тупроғим, ахир,
Она, бу болангни нима жин урди.
Қўй боқиб юрарди уст-боши яғир,
Суви қочган нонни кўзига суртиб.

Она, суваракка қолдирмай таним,
Элтаман қадрдон чумолиларга.
Йўнғичқа экилган дала – ватаним,
Ҳеч йўқ беда иси хумор қилар-да!

Қочмоққа устайдим, қандайдир панд еб,
Бугун виждонимга тутилдим, Она!..

* қуртоб – қурутни сувда эзиб тайёрланадиган таом.

Актёр

Ҳаётда тегмади менга ўз ролим,
Ўзгалар ижроси тушди чекимга.
Ғурур баланд кетди,
Паст келди қўлим,
Юрак ёзолмадим, нетай ҳеч кимга!

Биров содда билди, биров тўпори,
Биров ношуд деди юзимга шартта.
Бир ҳовуч ҳис эди ўзимда бори,
Дилим ошно эди соғинч-у дардга.

Тили билан юриб енгди одамлар,
Гап-сўзлар қўймади ҳол-у жонимга.
Қолган-қутган барча туйғуни жамлаб,
Маҳкам тугиб қўйдим жомадонимга.

Кейин… ниқоб тақдим юзга ҳаммабоп,
Эл кўзича даврон сурдим бахтиёр.
Эшаклар ичинда бўлдим даврабоп,
Чоғирлар базмини қилдим ихтиёр.

Шунда ҳам бенасиб қолмадим, ё раб!
Нигоҳлар ёнарди энди ҳасаддан.
На қўйиб беришар яшашга яйраб,
На лаззат топишга соғинч-у дарддан.

… Ҳаётда тегмади менга ўз ролим
Ўзгалар ижроси тушди чекимга.
Бошим тўқмоқ бўлди ва сўқмоқ йўлим,
Аттанг, бутун умрим чиқди чиқимга!

Ёз гули

Ёзда гуллаб турмоқ оғир, атиргул,
Тепангда қуёшнинг тиғи ярақлар.
Тағин сен шўрликка иддао билан
Шиғил мева тугиб турса дарахтлар.

Қақраган лабларинг пичирлар аста:
“Ғўдайган оғочлар, устимдан кулманг,
Номига гуллолмам ҳосил ишқида,
Ахир манзарага экилган гулман!

Мен ифор таратай аъмолимга мос,
Шояд бир кўз қувнаб Ҳаққа ҳамд айтур.
Эл оғзига ёқса мевангиз-ку соз,
Йўқса шунча ҳосил чириб кетгайдир!”

Капалак

Жон капалак,
одамлар не деса десин,
кеча сени қурт эканинг ишонмасман.
Қуртлар ана кемирмоқда тут илдизин,
сен кўкламни байрам қилиб нишонлайсан!

Балки ростдир.
Аммо сенинг қалбинг гўзал,
шу сабабми қанот инъом этди Худо.
Ичимиз бир: бизга гуллар тутса бўса,
чўлпиллатмай ўпиб қўйсак дудоғидан.

Шоминг сезиб қизғанасан ҳар лаҳзангни,
ёнбошлаб бир бермайсанми жонингга дам.
Гулдан гулга қўнишдамас яшаш таъми,
мингта капанг бўлолмайди битта ватан!

Палагини тоза санаб гўнг титганлар
биздан сўрсин майсанинг хуш ифорини.
Хиром этгин!
Мен берилиб айтай ялла.
Базмимизга йўлатмаймиз киборини.

Гап сўқишар: “умри бир кун капалакнинг…”
Бизга нима,
мастона рақс этсак бўлди.
Қизиғи йўқ бизга қанча яшамакнинг,
завқлансаг-у завқ улашиб кетсак бўлди.

Шафтолининг гули

Шошиб келдим олисдан,
Қочиб келдим олисдан.
Шафтолининг гулини
Бирров кўриб қолишга.

Кўҳликкина гуллайди,
Чўғдеккина гуллайди.
Дунёси билан иши
Йўқдеккина гуллайди.

Лов-лов бўлиб ёнган шу,
Эс-ҳушимни олган шу.
Юракка чўғ сачратиб,
Шу аҳволга солган – шу!

Оқ гуллади сочларим,
Дардим очиб-сочмадим.
Юзим рангини олиб,
Бўянгани шошмагин!

Шу гулга ишқим кетган,
Ишқ сирига ким етган.
Ётволаман пойига
Кулса ҳам ўтган-кетган.

Кўҳликкина гуллайди,
Чўғдеккина гуллайди.
Дунёси билан иши
Йўқдеккина гуллайди.

Хиёнат

Кўрдим. Ишонмасдим агар айтсалар,
Силадим кўксимда турган санчиқни.
Пойимга суйкалиб юрган майсалар
Чирик хазонларни пичоқлаб чиқди.

Барчаси бўлди кўз ўнгимда содир
Кетгим келди бошим олиб қирларга.
Мен севган, меҳрибон билган офтобим
Зулм қилди чўкиб қолган қорларга.

Ўқ еган кийикдай атрофга боқдим,
Энди бир мен учун байрам, тўй, аза.
Не қипти дарахтлар – ўтган баҳорнинг
Йилошиси ўтмай туриб гулласа!

Ҳиндистон таассуротлари

Ҳиндистон – куз ҳукми ўтмас юрт экан,
Бир сариқ япроққа тушмади кўзим.
Ям-яшил далалар бўйлаб йўл кетган
Бу халққа ёт балки саҳро, чўл сўзи.

Бир ғалат ҳис чулғаб олди боримни –
Ўзликдан ифтихор эди афтидан,
Қайсидир бир пайтлар боболаримнинг
От сурган йўлидан ўтиб автода.

Тарихни таҳрирлаб бўлмас, бу – аён.
Ёзғиришдан наф йўқ, Яратган ҳукми.
Сийловми, жазоми, кўрди У раво
Бобурга шоҳлик ва мусофирликни!

Бағрингга сиғсайди ўз ўғлинг, элим,
Бириксанг ғанимлар чанг солган маҳал.
Бобур оҳ тортмасди бу юртга келиб
Самарқандни безар эди Тожмаҳал!

Топсанг ўз ерингда қадр топ, токи
Тож ҳам малҳам бўлмас дил ярасига.
Дуо ўқий десам, ном йўқ ҳаттоки
Биттаям бобомнинг мақбарасига!

Ёт тупроқ – ёт экан, бегона тафти,
Ҳар битта обида – бу мўмай тушум:
Эъзозмас, қабрлар сақланаяпти
Дунё ҳайратидан пул топиш учун!

Ўзга юртни бундай ким этмиш обод,
Аждодинг босқинчи дема, муттаҳам!
Менинг боболарим ёқмаган китоб,
Мўжиза яратган ўзга юртда ҳам!
27.10.2018й. Деҳли-Агра йўлида

Парчаланган одам

У тоғларга ёндош туғилди,
Касри уриб улғайди вазмин.
Билолмади – не ўйин-кулгу,
Хушлолмади тўда-базмни.

Фақат очди далаларга дил,
Ялпизларни ачомлаб ўсди.
Бир кун ичи ачимай тақдир
Томир отган даладан узди.

Улоқди-ю узоқдан-узоқ,
Тошлоқзорда кўрди ўзини.
Азоб еди, унутолмай, оҳ,
Йўнғичқани, қўй-у қўзини.

Яшаш – ҳукм. Бошқа ҳеч нима,
Ўзи ёнди, ўчди, бўғилди.
Кўнгли чопиб турган ишнимас,
Қилиш лозим бўлганни қилди.

Юлдузларга термулди аммо,
Учолмади хуржунни ташлаб.
Ертўласи тўла шарбат-у
Қалби эса ўлгудай ташна.

Ўтирибди ҳозир ҳам хомуш,
Кулдирмоқчи бўлар аёли.
Жужуқлари қийқиришар хуш,
Унинг эса тарқоқ хаёли.

У ҳам асли бахтнинг гадоси,
Хуррамликни истайди бирам.
Балки бахти, балки хатоси,
Тутган йўли англанмас сира.

Эслолмайди кулганин қачон,
Шу топ, чунон бўғриққан афти.
Бурч туйғуси сабаб чалажон
Истаклари дод солаяпти.

* * *

Ҳаёт, мени жангда тоблантир,
Ёвқур руҳим курашмоққа шай.
Битта мард бер, битта майдон бер –
Хуморимдан чиқиб олишай!

Фақат бехос чоҳга ирғитма,
Пистирмадан ўққа тутмагин.
Ортдан еган тиғ ўрни битмас,
Кўксимга ур пичоқ, қутлагум!

Раво кўргин энг зўр рақибни,
Фахрланай душманим билан.
Сочмасин-у кўзимга қумни
Мард олишсин: билакма-билак!

Тош отмасин панадан туриб,
Бекинволиб бошни ёрмасин.
Яхшиси чанг солсин қутуриб,
Кўкрак кериб жангга чорласин.

Енгса шартта олсин жонимни,
Гар чалажон қўйса ҳисобмас.
Ер тишласам майли, ғанимнинг
Кўзларини кўрсам азобмас!

Алла

Бир сўз излаб мени сарсоним чиқди,
Оғриқ билан бахтни англатар сўзни.
Эсладим сўнг онам айтган қўшиқни,
Эсладим… ҳар кеча уйқумни бузди.

Мурғак тасаввурга пайваст учунми,
Бирам хуш ёқади жонга ўзиям.
Сўнг жими-иб қоламан, қўшиқни, чунки,
Йодимда қолмаган битта сўзиям!

Шарҳсиз умр

Кўзим қотди. Тилим қотди. Қўлим қотди.
Ўзимни алдашга қолмади ҳожат.
Йитди кўксимда ин қурган хавотир,
Хашаки тут чиқди мен эккан кўчат!

Хайрихоҳ изладим: заранг ердаги
Мажнунтол бош ирғаб қўйди оҳиста.
Ой менга жавради ўзин эртагин,
Сой менга “давом эт” деди оқишда.

Жўялироқ билиб сойнинг ўгитин,
Оқишга тутиндим хийла шарқироқ.
Мен овоз созладим тошлар йиқитиб,
Бори шу – умримнинг бўлак шарҳи йўқ!

22«Xurshid Davron kutubxonasi» yoshlar she’riyatida kechayotgan jarayonlar, paydo bo’layotgan nomlarni hamisha ko’zdan qochirmagan. Bugungi sahifamizda she’rlari taqdim etilayotgan Akmal Tursunovni ham kutubxonamiz faollaridan birining tavsiyasi bilan sizga taqdim etmoqdamiz.

Akmal Tursunov
SHE’RLAR


* * *

Zavqlan umrning har lahzalaridan
Qara, ko’m-ko’k maysa,
Qara, ko’m-ko’k suv.
G’am chekma taqdirning larzalaridan,
G’ashlik tuyg’usini yuragingdan quv!

Ildam chopavergin
Va qilma parvo,
Shamol shashting kessa, tog’ yo’ling to’ssa.
Senga yo’liqishdan hayiqsin g’avg’o,
Ikki qadam yiroq yursin g’am-g’ussa!

Sen oddiy turishda mag’rur ko’z tashla,
Kaloming shukrona bo’lsin tun-u kun.
Otang o’giti bo’l…
Va yana saqla
Do’pping sitilsa ham iymonni butun!

Hozirlanish

Men yo’lga otlandim.
Safarxaltam taxt.
O’zim bilan oldim – iymon va umid.
Boshqasi og’ir yuk: mo’l yurish kerak,
(To’g’risi, lash-lushdan o’zi yurak xit!)

Bir fursat tursam-da taraddudlanib,
Ketar jafosi yo’q, dilda g’ashlik yo’q.
Tashvishlar, osilmang endi g’udranib,
Menga yuragimdan o’zga boshliq yo’q.

Anov ufqqa tutash tog’lar karvoni
Cho’kib o’rkachini tutib turibdi.
Buncha og’ir ekan yuki havoni –
Osmonni ko’tarib ezildi kiftim.

Qadamni kattaroq olmoq shart faqat,
Kerakmas tep-tekis aylana yo’llar.
Tik so’qmoq xatarli bo’lsa-da rohat,
Azming qat’iy ekan, Xudo ham qo’llar.

Bilaman g’urbatda bu shirin jonim,
Zaqqumlar qolmagay balki ichmagan.
Zahmatda toblangan anglar dunyoni,
Haq yo’li hech qachon oson kechmagan!

Hayvonot bog’ida

Burgut – kengliklarning farzandi, uni
Tomosha qilmoq xayf qafasga solib.
Bu tog’ni zanjirlash kabi kulguli,
Ayanchdir yo’rg’ani bichish misoli.

Chunki yo’rgaklagan uni qoyalar,
Quyosh elburutdan uni emizgan.
Osmonning kaftida tetapoyalab,
Bulutlar kiftida bulutday suzgan.

Shu sabab u yerga begonaday qush,
Simyog’och ustida qo’yolmaydi in.
Maqsad emas unga vositadir go’sht,
Xonaki burgutni kim ko’rmish, ayting.

Kimga to’qay maskan,
Kimga dasht yurtdir.
Nazari pastlarga tog’lar ham – devor.
Erki o’zda ekan burgut burgutdir,
Qafasda tovuqdan nima farqi bor!?

* * *

Oshiq odam uzolmaydi gul,
Boqib bahra oladi xolos.
Qo’ldan kelgan yomon ishi shul –
chertadi tor,
yirtadi qog’oz!

Oshiq odam buloq suviga
Oyog’ini chaymaydi hecham.
Daryoni nazr etib so’figa,
Oftobada yuz yuvar — tejab.

Oshiq odam sunmaydi bo’yin,
Dunyosiga siltab ketar qo’l.
Ma’shuqiga oshiqqan ko’yi
Cho’bin otga minib olar yo’l…

Lola

Bir azobda toqqa chiqsam bahorda,
Qiqirlab turibdi tog’ning lolasi.
Lola, meni yerga urma bekorga,
Anoyimas menam tog’ning bolasi!

Egilganim to’g’ri sening poyingga,
Chiroying deb bo’ldim men rosa xarob.
Shu jabrlar haqqi, qizil jomingga
Lolajon, quyib ber bir kosa sharob.

Sipqorib tin olsin bu halak jonim
Yaproq-kokilingni labimga bosay.
Qizil bo’yanganing — bu jigar qonim,
Yuzim rangini ham olding-ku toza!

Tiz cho’kib o’paman yaprog’ing, mazza,
Sen yal-yal ochilgan men tili duduq.
Bir silkinib qo’ysang jahonim larza,
Bir siypalab qo’ysang jonim tasadduq!

Qo’lim tekkizmayman, bo’lma xavotir,
Sen qiqirlab tursang qandoq yulaman?
Har bahor qoshingda bo’laman hozir,
O’lsam huzuringga kelib o’laman!

Xonqizi

Xonqizi, kel xonga kuyov bo’layin,
Sen bilan yashnasin bog’im, xonqizi!
Faqat qaliningni qandoq to’layin,
Bisotim yetmaydi chog’i, xonqizi!

Derlar kambag’alni ori o’ldirar,
Onam der: shashtingdan qaytgin, jon qo’zim!
Chorig’imni sudrab borsam kuldilar
Zar libos sevgini bo’g’ar, xonqizi!

Qop-qora xollaring biram yarashgan,
Boqsam ko’nglim bayram, egning qip-qizil.
Noshudman topmoqqa tengin adashgan,
Sen kim-u men kimman o’zi, xonqizi!

Siylov malikaga yarashar, axir,
Men ham Yaratganning yakka, yolg’izi.
Bir marta kaftimga qo’nib suyuntir,
Qo’limni qaytarma faqat, xonqizi!

Xonqizi, kel xonga kuyov bo’layin…

Oshiq

Tomirimda jo’shqin qonlar gupurdi
Yashashga muhabbat, ishqqa tavoze.
Oshiqlar xokini ko’zimga surtdim
Zaminiy hislarim bosdi tarozi.

Tashvishga qo’l siltang!
Bari jo’n, odmi:
ketmonmas rubobni tutqazing menga.
Eng baland pardada kuylay hayotni:
har on Parvardigor tuhfasi menga.

Ranju sitamlarga zarra o’rin yo’q,
Qalbimda doira sadosi yangrar.
Ko’kni davra olib aylanadi ruh,
Yer tepinib o’ynar har bir hujayram.

Ko’nglim, olamga boq, naqadar ko’rkam,
Haqning tajallisi mo’ru maysada.
O’zingdan balandroq yashashni o’rgan,
Go’zallik topa bil hamma narsadan.

Do’stim, kel, eskitdan borki bir jumla –
Hayot sharobini baham ko’r degan.
Yashashni bosh-oyoq jumboqqa ko’mma,
Haqiqat aks etar kosa sirtida.

Sinovlar achchig’i tilimda novvot
Haqqa zohidona ishqimni kuylam.
Yalangoyoq qolsam hamki, umrbod
Oshiqlik to’nini egnimda qo’ymam!

* * *

Bo’lganim shu – tog’likman,
Ulg’ayganman tik turib.
Yaltoqlanish mengamas,
Jon koyitmang uqtirib.

Bo’lganim shu – to’damas,
Yolg’izlikni xushlayman.
Kiyik bilan o’t chaynab,
Burgut bilan qishlayman.

Bo’lganim shu – dabdaba,
Hashamatga toqat yo’q.
Menga o’rdaksho’rva* dan
O’tadigan ovqat yo’q.

Menga dunyo sahna deb,
Tirkamangiz rol aslo.
Bo’ri sirkda o’ynamas,
O’ynasa hamki arslon.

Omadi gap, olomon,
Tomoshani kutmangiz.
Ko’chki bosadi, toshni
Tog’ tomonga otmangiz!

Bo’lganim shu – tog’likman…

* o’rdaksho’rva – suvga bo’ktirilgan non.

Bahor yomg’iri

Osmonda to’planib bir to’da bulut
Yerni qamal qildi. O’qlar yog’dirdi.
Quyosh madadidan endi yo’q umid:
Uni o’z tomonga yovlar og’dirdi.

Qochgan qochib qoldi pana joy topib,
Daraxtlar ko’ksini o’qqa tutdilar.
Kurtaklar jon taslim etdi yer o’pib
Novdadan quladi, yomon otdilar.

Mendaylar pastlatib qo’yib qo’shiqni,
Derazadan boqib saqlar jonini.
Yovga tik borganlar ko’chaga chiqdi
O’qqa qalqon qilib soyabonini.

Yov qochdi – bulutlar to’zg’idi birdan,
Tashqari otildim mardligim tutib.
Quyosh ham topilib qoldi qay go’rdan,
Yovning chekinishin turganday kutib.

… Tabiat jimgina nafas rostlaydi
Yig’lab yengil tortgan odamday sokin.
Shabboda yo’lini birov to’smaydi,
Yaproqlar bosh irg’ab qo’yadi sekin.

Menkim, tabiatning jangchisi, oldi,
Deyman bahor bo’lsa, gullar ko’paysa.
Faqat shu… xayoldan hech ketmay qoldi
Cho’milib badanin artmagan maysa!

* * *

Qalbim ishqqa ochiq.
Aytganim – qo’shiq.
Oshiqlar ko’z yoshin ichib sarxushman.
Chikora telbaga qonun-u to’siq,
Qanotsiz uchishga ishongan qushman!

Qalbim ishqqa ochiq.
Yaratganni men
ko’kdan qidirmadim boshqalar kabi.
Izladim men faqat o’zimni, chunki
Xudoyim ko’nglimda muqim yashadi.

Qalbim ishqqa ochiq –
Darvozaday lang,
Telbavor behudlik, quvonch unda jo!
Meni esi og’ib qoldi deb kulmang,
Haq hukmi – sevmoqni keltirdim bajo!

Qalbim ishqqa ochiq.
Bayram – har kunim!
Shovqinmas kuy uchun yaralgan nayman.
Menga bandasining gapi bir tiyin,
Egamga erkalik qilib yashayman!

Uydan qaytish

Osmon teshildimi: yomg’ir tun bo’yi
Biram ezib yog’di, ezg’ilab yog’di.
Tarnov tongga dovur qildi xirgoyi
Onamning allasi kabi xush yoqdi.

Eshigi g’ichirlab ota uyimning
Chiqsam: qo’llarimni qo’ygisi yo’qday.
Qushlar nimanidir so’ylar kuyinib,
Tog’lar kesib chiqar yo’limni: “to’xta!”

* * *

Muhabbat qalbimni chimchilab qo’ydi,
Ko’zimga sanchilib qoldi nigohing.
Zo’raydi dard – ko’ksim jim silab qo’ydim,
Meni ado qilib qo’yding-ku, Mohim!

Qayga yonboshlasam o’rnim chaqadi,
Oy esa yaltirar sariq chaqaday,
Necha esim kirib, esim chiqadi
Tonggacha jinniday tentiyman gohi!

Kelsang bahorlar ham chopib kelardi,
Maysalar izingni yopib kelardi.
Baxt o’zi emaklab topib kelardi,
Topishgan ko’zlarga bo’lay deb shohid!

To’y qilsak o’tkazib meni so’riga,
Qaldirg’och men uchun qo’ling so’ragay,
Burgutni aytaman kuyovjo’raga,
Kelindugonaga biram mos ohu!

Bulbullar navbatda turib kuylaydi,
Davrani bo’shatmay kaptar o’ynaydi,
Bizga boqib jumla jahon to’ymaydi,
Yomg’ir gulkosada ulashar chog’ir!..

Muhabbat qalbimni chimchilab qo’ydi…

Hayallash

Yo’llar oyog’imni kesdi – bormadim,
Yillar qarog’imni to’sdi – bormadim,
Bunda na soyam bor, na hamsoyam bor,
Na taomda maza, yemakda ta’m bor.
Ota, sog’indim-u sizni, bormadim!

Nom topmoqqa kelib, non ham topmadim,
Xayr-u ma’zur qilib ketdi omadim.
Orzum bir havolab quladi pastga,
Kim baralla, kimdir kuladi asta,
Yer o’psam o’pdimki, oyoq o’pmadim!

Ota, siz o’ylamang, ishim sal og’ir:
Oqim-la tersroqman, chaqin-la ahil.
Bir kun kech bo’lsa-da aytar so’zim bor,
Suvga tushgan qumday ketmasman zinhor,
Men bilan kelganku Urgutning tog’i!

O’zingdan boshqaga

To’ygach, yengil-elpi hayot kechirdim:
Bir kosada moy-u,
bir ko’zada may.
Oldimdan oqqan suv, meni kechirgin,
Men yoshlik qilibman seni payqamay!

Yiqilsam yelkamga tegmadi bir qo’l,
Butkul sovib ketdim dunyolaridan.
Berk ko’chada qolib topolmadim yo’l,
Panoh topdim otam duolaridan!

Do’st yo’qmas, aslida haddan edi ko’p,
Avjimda hammasi sodiqlik qildi.
Yiqildim, sanasam ulardamas ayb,
Faqat… barmoqlarim ortiqlik qildi!..

Omaddan bilibman baxt kelsa doim,
Sendan ne’matligin nahot bilmadim!
Bosh tegib, boshimni urdim, Xudoyim,
O’zingdan boshqaga muhtoj qilmagin!..

Burgut monologi

Meni baland tog’lar uchirma qilgan,
Ushoqning dardida yurgan qushmasman.
Taqdirimda ovchi bo’lish bitilgan,
Tayyor o’laksaga sira uchmasman.

Quyoshga tik boqib ulg’aydim, shundan
yerdagi jimitday jon ham namoyon.
Qildim gadotopmas cho’qqini kulba,
qumursqadan xoli topay deb oshyon.

Xonaki kaptarday o’ynoqilik yot,
Uchsam qanotimni yozaman vazmin.
Menga yengil-elpi narsamas hayot,
Aslimga mos yashash – yurakning izmi.

Shom kirdi deguncha daraxtda g’ujg’on,
g’iybatchi mayna – qush nomiga isnod.
Pingvin o’zligidan kechgani hamon
surgun qilgan shimol tomonga qismat.

Men esa yuksakka intildim, zora
balandroq yashashni uqsa deb qavmim.
Yerning tortish kuchin yengmoq bahona
Biram xush yoqadi hurlikning ta’mi.

O’zi uchmaydi-yu, uchsa ko’rolmas
Qashqirlar tish qayrab turibdi yerda.
Po’lat tirnog’im-la ko’taraman dast,
Yirtib ulgurolmas ular kekirdak.

Nigohimga ko’char tog’lardan viqor,
Vaqt bilan basma-bas kelmoq bo’laman.
Kun og’ib, qo’nadi patlarimga qor,
Fursat yetganini o’zim bilaman.

Burgut o’limini kutar qushmas, o!
Qartayganin sezsa tirnog’i sinib,
bori deb o’laksa titmaydi aslo –
Mardlarcha qoyaga urar o’zini!

Onamga maktub

Qochmoqqa ustaydim, qandaydir pand yeb,
Bugun vijdonimga tutildim, Ona!
Umrimning yarmini shaharga berib,
Bir maktub yozmabman barmog’im qonab!

Shu-uncha kutgandirsan, sezdirmay menga,
Xudoning kuni to’y, oyog’ing tortmay.
Men esa sang’ibman quriblar tinkam
Bir enlik qog’ozmas, farosat topmay.

Mana xat yozyapman birinchi marta (!)
(Ishqiy nomalarim garchi sanoqsiz)
Ko’pam mahtal bo’lma dilingni o’rtab,
Ochqasang shohona taom bor – qurtob*,
(Necha kunlab o’choq turgandir cho’g’siz!)

Men yog’li palovni oshab noliyman,
Yozg’irgan bo’laman: “qiynalib ketdim”.
Yemagan somsamga dovur to’layman,
Deyman: pichoq borib suyakka yetdi.

Buncha yengilmasdi tuprog’im, axir,
Ona, bu bolangni nima jin urdi.
Qo’y boqib yurardi ust-boshi yag’ir,
Suvi qochgan nonni ko’ziga surtib.

Ona, suvarakka qoldirmay tanim,
Eltaman qadrdon chumolilarga.
Yo’ng’ichqa ekilgan dala – vatanim,
Hech yo’q beda isi xumor qilar-da!

Qochmoqqa ustaydim, qandaydir pand yeb,
Bugun vijdonimga tutildim, Ona!..

* qurtob – qurutni suvda ezib tayyorlanadigan taom.

Aktyor

Hayotda tegmadi menga o’z rolim,
O’zgalar ijrosi tushdi chekimga.
G’urur baland ketdi,
Past keldi qo’lim,
Yurak yozolmadim, netay hech kimga!

Birov sodda bildi, birov to’pori,
Birov noshud dedi yuzimga shartta.
Bir hovuch his edi o’zimda bori,
Dilim oshno edi sog’inch-u dardga.

Tili bilan yurib yengdi odamlar,
Gap-so’zlar qo’ymadi hol-u jonimga.
Qolgan-qutgan barcha tuyg’uni jamlab,
Mahkam tugib qo’ydim jomadonimga.

Keyin… niqob taqdim yuzga hammabop,
El ko’zicha davron surdim baxtiyor.
Eshaklar ichinda bo’ldim davrabop,
Chog’irlar bazmini qildim ixtiyor.

Shunda ham benasib qolmadim, yo rab!
Nigohlar yonardi endi hasaddan.
Na qo’yib berishar yashashga yayrab,
Na lazzat topishga sog’inch-u darddan.

… Hayotda tegmadi menga o’z rolim
O’zgalar ijrosi tushdi chekimga.
Boshim to’qmoq bo’ldi va so’qmoq yo’lim,
Attang, butun umrim chiqdi chiqimga!

Yoz guli

Yozda gullab turmoq og’ir, atirgul,
Tepangda quyoshning tig’i yaraqlar.
Tag’in sen sho’rlikka iddao bilan
Shig’il meva tugib tursa daraxtlar.

Qaqragan lablaring pichirlar asta:
“G’o’daygan og’ochlar, ustimdan kulmang,
Nomiga gullolmam hosil ishqida,
Axir manzaraga ekilgan gulman!

Men ifor taratay a’molimga mos,
Shoyad bir ko’z quvnab Haqqa hamd aytur.
El og’ziga yoqsa mevangiz-ku soz,
Yo’qsa shuncha hosil chirib ketgaydir!”

Kapalak

Jon kapalak,
odamlar ne desa desin,
kecha seni qurt ekaning ishonmasman.
Qurtlar ana kemirmoqda tut ildizin,
sen ko’klamni bayram qilib nishonlaysan!

Balki rostdir.
Ammo sening qalbing go’zal,
shu sababmi qanot in’om etdi Xudo.
Ichimiz bir: bizga gullar tutsa bo’sa,
cho’lpillatmay o’pib qo’ysak dudog’idan.

Shoming sezib qizg’anasan har lahzangni,
yonboshlab bir bermaysanmi joningga dam.
Guldan gulga qo’nishdamas yashash ta’mi,
mingta kapang bo’lolmaydi bitta vatan!

Palagini toza sanab go’ng titganlar
bizdan so’rsin maysaning xush iforini.
Xirom etgin!
Men berilib aytay yalla.
Bazmimizga yo’latmaymiz kiborini.

Gap so’qishar: “umri bir kun kapalakning…”
Bizga nima,
mastona raqs etsak bo’ldi.
Qizig’i yo’q bizga qancha yashamakning,
zavqlansag-u zavq ulashib ketsak bo’ldi.

Shaftolining guli

Shoshib keldim olisdan,
Qochib keldim olisdan.
Shaftolining gulini
Birrov ko’rib qolishga.

Ko’hlikkina gullaydi,
Cho’g’dekkina gullaydi.
Dunyosi bilan ishi
Yo’qdekkina gullaydi.

Lov-lov bo’lib yongan shu,
Es-hushimni olgan shu.
Yurakka cho’g’ sachratib,
Shu ahvolga solgan – shu!

Oq gulladi sochlarim,
Dardim ochib-sochmadim.
Yuzim rangini olib,
Bo’yangani shoshmagin!

Shu gulga ishqim ketgan,
Ishq siriga kim yetgan.
Yotvolaman poyiga
Kulsa ham o’tgan-ketgan.

Ko’hlikkina gullaydi,
Cho’g’dekkina gullaydi.
Dunyosi bilan ishi
Yo’qdekkina gullaydi.

Xiyonat

Ko’rdim. Ishonmasdim agar aytsalar,
Siladim ko’ksimda turgan sanchiqni.
Poyimga suykalib yurgan maysalar
Chirik xazonlarni pichoqlab chiqdi.

Barchasi bo’ldi ko’z o’ngimda sodir
Ketgim keldi boshim olib qirlarga.
Men sevgan, mehribon bilgan oftobim
Zulm qildi cho’kib qolgan qorlarga.

O’q yegan kiyikday atrofga boqdim,
Endi bir men uchun bayram, to’y, aza.
Ne qipti daraxtlar – o’tgan bahorning
Yiloshisi o’tmay turib gullasa!

Hindiston taassurotlari

Hindiston – kuz hukmi o’tmas yurt ekan,
Bir sariq yaproqqa tushmadi ko’zim.
Yam-yashil dalalar bo’ylab yo’l ketgan
Bu xalqqa yot balki sahro, cho’l so’zi.

Bir g’alat his chulg’ab oldi borimni –
O’zlikdan iftixor edi aftidan,
Qaysidir bir paytlar bobolarimning
Ot surgan yo’lidan o’tib avtoda.

Tarixni tahrirlab bo’lmas, bu – ayon.
Yozg’irishdan naf yo’q, Yaratgan hukmi.
Siylovmi, jazomi, ko’rdi U ravo
Boburga shohlik va musofirlikni!

Bag’ringga sig’saydi o’z o’g’ling, elim,
Biriksang g’animlar chang solgan mahal.
Bobur oh tortmasdi bu yurtga kelib
Samarqandni bezar edi Tojmahal!

Topsang o’z yeringda qadr top, toki
Toj ham malham bo’lmas dil yarasiga.
Duo o’qiy desam, nom yo’q hattoki
Bittayam bobomning maqbarasiga!

Yot tuproq – yot ekan, begona tafti,
Har bitta obida – bu mo’may tushum:
E’zozmas, qabrlar saqlanayapti
Dunyo hayratidan pul topish uchun!

O’zga yurtni bunday kim etmish obod,
Ajdoding bosqinchi dema, muttaham!
Mening bobolarim yoqmagan kitob,
Mo’jiza yaratgan o’zga yurtda ham!
27.10.2018y. Dehli-Agra yo’lida

Parchalangan odam

U tog’larga yondosh tug’ildi,
Kasri urib ulg’aydi vazmin.
Bilolmadi – ne o’yin-kulgu,
Xushlolmadi to’da-bazmni.

Faqat ochdi dalalarga dil,
Yalpizlarni achomlab o’sdi.
Bir kun ichi achimay taqdir
Tomir otgan daladan uzdi.

Uloqdi-yu uzoqdan-uzoq,
Toshloqzorda ko’rdi o’zini.
Azob yedi, unutolmay, oh,
Yo’ng’ichqani, qo’y-u qo’zini.

Yashash – hukm. Boshqa hech nima,
O’zi yondi, o’chdi, bo’g’ildi.
Ko’ngli chopib turgan ishnimas,
Qilish lozim bo’lganni qildi.

Yulduzlarga termuldi ammo,
Ucholmadi xurjunni tashlab.
Yerto’lasi to’la sharbat-u
Qalbi esa o’lguday tashna.

O’tiribdi hozir ham xomush,
Kuldirmoqchi bo’lar ayoli.
Jujuqlari qiyqirishar xush,
Uning esa tarqoq xayoli.

U ham asli baxtning gadosi,
Xurramlikni istaydi biram.
Balki baxti, balki xatosi,
Tutgan yo’li anglanmas sira.

Eslolmaydi kulganin qachon,
Shu top, chunon bo’g’riqqan afti.
Burch tuyg’usi sabab chalajon
Istaklari dod solayapti.

* * *

Hayot, meni jangda toblantir,
Yovqur ruhim kurashmoqqa shay.
Bitta mard ber, bitta maydon ber –
Xumorimdan chiqib olishay!

Faqat bexos chohga irg’itma,
Pistirmadan o’qqa tutmagin.
Ortdan yegan tig’ o’rni bitmas,
Ko’ksimga ur pichoq, qutlagum!

Ravo ko’rgin eng zo’r raqibni,
Faxrlanay dushmanim bilan.
Sochmasin-u ko’zimga qumni
Mard olishsin: bilakma-bilak!

Tosh otmasin panadan turib,
Bekinvolib boshni yormasin.
Yaxshisi chang solsin quturib,
Ko’krak kerib jangga chorlasin.

Yengsa shartta olsin jonimni,
Gar chalajon qo’ysa hisobmas.
Yer tishlasam mayli, g’animning
Ko’zlarini ko’rsam azobmas!

Alla

Bir so’z izlab meni sarsonim chiqdi,
Og’riq bilan baxtni anglatar so’zni.
Esladim so’ng onam aytgan qo’shiqni,
Esladim… har kecha uyqumni buzdi.

Murg’ak tasavvurga payvast uchunmi,
Biram xush yoqadi jonga o’ziyam.
So’ng jimi-ib qolaman, qo’shiqni, chunki,
Yodimda qolmagan bitta so’ziyam!

Sharhsiz umr

Ko’zim qotdi. Tilim qotdi. Qo’lim qotdi.
O’zimni aldashga qolmadi hojat.
Yitdi ko’ksimda in qurgan xavotir,
Xashaki tut chiqdi men ekkan ko’chat!

Xayrixoh izladim: zarang yerdagi
Majnuntol bosh irg’ab qo’ydi ohista.
Oy menga javradi o’zin ertagin,
Soy menga “davom et” dedi oqishda.

Jo’yaliroq bilib soyning o’gitin,
Oqishga tutindim xiyla sharqiroq.
Men ovoz sozladim toshlar yiqitib,
Bori shu – umrimning bo’lak sharhi yo’q!

055

(Tashriflar: umumiy 335, bugungi 1)

Izoh qoldiring