Педагог, журналист ва шоир Яҳё Ваҳобов таваллудининг 90 йиллигига
Роппа-роса 90 йил аввал қадим Бухоронинг Ромитанида туғилган Яҳё Ваҳобов бутун умрини педагогика, журналистика ва шеъриятга бағишлаган инсон ва шахс эди. У дастлаб мактабда, сўнг “Ромитаннома”, “Бухоронома” газеталарида, вилоят ижроия қўмитаси ва Бухоро Давлат универститетида меҳнат қилди. Адабиётга ҳамнафас ижодкордан ёдгор бўлиб “Тун билан тонг аросинда” шеърий тўплами қолди. У муаллим ва устоз сифатида укаси, бугун таниқли адиб бўлмиш Жўра Фозилнинг етук ижодкор бўлиб етишиши учун кўп меҳнат қилди.Унинг хотираси юртдошлари ва шогирдлари юрагида яшаб келмоқда.
Яҳё ВАҲОБОВ
ШЕЪР ДАФТАРИДАН
Яҳё Ваҳобов 1936 йил 5 апрелда қишлоқ ўқитувчиси Абдуваҳоб Фозил эшон ўғли ва уй бекаси Ҳикматой Ражаббек қизи оиласида туғилган эди. У 1960 йилда Бухоро Давлат педагогика институтининг тарих- филология факультетини имтиёзли диплом билан тугаллагач, Ромитан туманидаги 6- ўрта мактабда болаларга тил- адабиёт ҳамда тарих- география фанларидан дарс берди.
Кейинчалик табиатидаги ижодкорлик уни матбуот соҳасига олиб келди. Узоқ йиллар “Ромитаннома”, “Бухоронома”, вилоят ижроия қўмитаси ва Бухоро Давлат универститетида меҳнат қилди. Шу давр мобайнида унинг кўплаб лавҳа, очерк ва мақолалари, лирик шеърлари туман, вилоят ҳамда республика газета ва журналларида эълон қилинди. Ундан ёдгор бўлиб «Тун билан тонг аросинда”шеърий тўплами қолди.
У нафақат ака, балки тажрибали педагог ва устоз сифатида укаси Жўра Фозилнинг журналист, таржимон ва адиб бўлиб етишиши учун кўп меҳнат қилди.
Қуйида шоирнинг айрим шеърларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
БУХОРО
Мозийдан келар эркан корвони Бухоронинг,
Зар фақат эмас эрди даврони Бухоронинг.
“Саҳиҳи Бухорий”си ҳадис илми олийси –
Исмоил Бухорийси сорбони Бухоронинг.
Тўрт ёғига дунёни кетди қанча ўғлони:
Дарбадар Синоси дилда армони Бухоронинг!
Шаҳримни шариф этган, руҳимни зариф этган,
Нақшбанд нақш битган иймони Бухоронинг.
Бу тим, растаю тоқлар гўё саф- саф ушшоқлар,
Туфроғини ардоқлар ҳар ўғлони Бухоронинг.
Аҳли шоиру фозил, минг туман ҳунар нозил,
Гавҳари адаб ҳосил уммони Бухоронинг.
Каъбани тавоф этсун, Истамбул бориб қайтсун,
Мафтун этмаса айтсун меҳмони Бухоронинг.
Эй нафс, бу масканни сен агар ҳаром этсанг,
Бўйнингда бўлсун қип- қизил ул қони Бухоронинг.
Банд этмиш Ваҳобийни, бир дам айрилиб билмас –
Гул каби боқиб бир покдомони Бухоронинг.
ОЛАМНИНГ ОҲАНГИ
Гарчи тирикчилик беҳад озорлик,
Ҳаёт – фавқулодда ғаройиб ҳавас!
Гоҳо қўзғар буюк бир бахтиёрлик –
Қушчалар тилидан учган оддий сас.
Шунинг ўзи учун арзир яшасанг
Минг йиллар дунёнинг мафтуни бўлиб,
Арзир буюк- буюк ишлар бошласанг:
Асрлар умрингнинг мазмуни бўлиб…
ОТАМ
(40 йилдан ортиқ ўқитувчилик қилган отам Абдуваҳоб Фозилов хотирасига)
Бўронли йилларнинг кемаси каби,
Номаълум келажак соҳилларига.
Ўғлингизнинг бўлиб содиқ ҳамсафи,
Менинг билан бирга кириб борасиз,
Қийналиб қолганда нидо берасиз,
Қанчалик азизсиз, эй пушти паноҳ!
Зарур чоғда тилга кирасиз ҳар дам:
“Виждонингга хиёнат қилма, бўтам!”.
Йигирманчи йиллар қаттолликлари,
Ҳукумат зотининг баттолликлари
Кўзидан қон оққан алвасти армон,
Замонлар қонини тўккан у илон –
Мансаб, маишатнинг алдовли қўйни,
Ёки ногаҳоний тақдир ўйини
Сизни буколмаган, тургансиз бардам:
“Виждонингга хиёнат қилма, бўтам!”.
Қирқинчи йилларда балойи Гитлер
Кўп ёмон қўзғолди, ютди қаро Ер!
Қаҳрингиз тиғлари бўлиб қон –
Денгиздан то денгиз неча минг ўғлон.
Сиз савод ўргатган фарзандларингиз,
Ҳар чоғ азизу аржумандларингиз,
Мардга уруш, дерлар, номардга – мотам;
“Виждонингга хиёнат қилма, бўтам!”.
Осонми яшамоқ тинч соҳилларда?!
Риё доим риё бўлур дилларда!
Дунёда оз эмас виждондан қайтган,
Роҳат- фароғат деб минг ёлғон айтган.
Ҳеч вақт инсон дард- аламсиз бўлмаган,
Лекин бўғилса ҳам виждон ўлмаган.
“Ёмондан, дердингиз, бўлсанг- да мот ҳам,
Виждонингга хиёнат қилма, бўтам!”.
Яхши- ёмон ўтар давру давронлар,
Ёмонларни улоқтирар замонлар.
Муаллим эдингиз, ўгити улуғ –
Қалбларда ниш уриб берарди уруғ!
Мен ҳам шу уруғни авайлаб хушҳол
Қуёшга кўтаргум, бошимга иқбол,
Болаларимга ҳам сўзим шу мудом:
“Виждонингга хиёнат қилма, бўтам!”.
БАҲОР
Бир майин титроқ бор бугун қонларда,
Ёшлар жуфт- жуфт кезар хиёбонларда.
Майсадек тил билан ҳатто митти жон
Чумчуқлар чирқирар тўлгудек осмон.
Лаҳзалар – юракнинг тиниқ қўшиғи,
Лолалар – қизларнинг қўлида ҳино.
Азалий кўк бўлмиш Ернинг ошиғи –
Келин туширгандай бу кекса дунё.
ҚИЗИМ ГУЛБАҲОРГА
Тўлғона- тўлғона шамол бағрида,
Чиройли қаддини ростлади лола.
Куймана- куймана рўзғор бобида
Лоладан чиройли бўлар қиз бола.
Сеҳргар қўллари яратар чирой,
Шу чирой ёритган чеҳраси гулгун.
Қиз дегани афсунларга жуда бой!
Бир уй шодлик бўлур ахийри бир кун.
ЛОЛАЗОР
Менингдек, э санам, кимнинг дили вайрону зори бор?
Сенингдек ҳам унинг зулм айлаган золим нигори бор?
Менингдек ёлғизу ишқ йўлида бордирми сарғарган?
Сенингдек бағрида кимнинг баёти бор, баҳори бор?
Менингдек бир киши давронда хор бўлса ажаб эрмас,
Сенингдекким малакнинг бағрида бир парча қори бор.
Менингдек дўст учун чеккан жафони бахт билар десам,
Сенингдек, “Дўст агар ул – бахт учун!” – деган шиори бор.
Ишонмам, тошбағир ёринг десалар бахт ила комрон,
Ваҳобий, кавламанг, қон бўлмасин сийнамда лолалар –
Бир ёр озори минг доғ боғлаган бир лолазори бор!
ВИЖДОН
Қўй, баҳорга берма бугун
Қиш тунига берган
Саволларингни.
Ўйнаб, йиғисини унутган
Бола каби сен ҳам унут
Ёмон хаёлларингни.
Баҳорнинг бағрига сиғмайди улар:
Гумонингни оқин сувларига бер,
Шубҳангни топширгин
шамолларига,
Нафратингни тош каби
майда- майда қил;
Йўл берсин
Меҳрнинг нигоҳларига!
Қўй, баҳор кунини
этма бағри хун,
Қанча гўзалликлар
келтирмиш, қара,
Юзига сен кулиб боқишинг учун!
Виждонга тақалса
саволинг, сўра!
Амин бўл!
Бир она бор оламда ҳаммамиз учун –
Ҳалоллик бу,
Виждон шусиз юрмайди!
Гарчи қанча нафис ва қадди мавзун –
Гўзаллик виждондан устун турмайди.
ИЗҲОР
Бундан бошқа учраштирмас ёр,
Тақдир менга сиз каби қизни!
Мен биламан, кўп гуноҳим бор,
Лек бузмасин бу орамизни.
Мен бўйнимга оламан асир,
Адо этгум хоҳишларингиз.
Хоҳи енгил, хоҳ оғир – ахир,
Байрам менга боқишларингиз.
Қиш ўтиб, ортидан келганда,
Ҳаммаёқни кулдириб баҳор.
Эшигингиз тақиллатурман,
Қўлларимда бир даста гул бор…
Юраккинам ариқ бўйида
Бўртиб турган куртаклар каби,
Иккимизга ваъда этаман
Бир ҳаётки, эртаклар каби…
Болаликни эслаб, очтирай,
Эшигингиз айтиб Сим- симга.
Хандон отиб бир кулсангиз бас
Сиз ҳам менинг табассумимга.
ЁЛҒИЗЛАРНИНГ УЙИ
Куз тугаб, боғларда юрганда шамол,
Ёлғизларнинг уйи яна беомон:
Ёмғирли дераза ёшли кўз мисол,
Кўнглингнинг кўчаси – бўш қолган шийпон.
Хаёллар оширар запту зуғумин,
Тинглайсан қадамин
хатоларингнинг…
“Баъзида не учун мулойим – мўмин
Қабул қилдим душман
фатволарини”.
Саҳардан йироқдир бу уйда кеча,
Зиёга хасисдир даричалари.
Яна бир нафассиз
бўлмас тариқча
Шодлигинг бу ёлғизлик кечалари!
Тинч – ором якка уй, дерлар, ҳа ором!
Бир ором билмадим мен яшаб шунча.
Ҳақиқий оромнинг ўзи камида
Икки кишига боғлиқ бир тушунча.
“Тиқ” этса арзиқиб тушади юрак:
“Бахтинг қайтди. Эшик очмадинг нечун?! ”.
Бу уй мени бир кун ўлдирса керак!
Ва бунга мункир ҳам бўлар у бир кун.
Pedagog, jurnalist va shoir Yahyo Vahobov tavalludining 90 yilligiga
Roppa-rosa 90 yil avval qadim Buxoroning Romitanida tugʻilgan Yahyo Vahobov butun umrini pedagogika, jurnalistika va she’riyatga bagʻishlagan inson va shaxs edi. U dastlab maktabda, soʻng “Romitannoma”, “Buxoronoma” gazetalarida, viloyat ijroiya qoʻmitasi va Buxoro Davlat universtitetida mehnat qildi. Adabiyotga hamnafas ijodkordan yodgor boʻlib “Tun bilan tong arosinda” she’riy toʻplami qoldi. U muallim va ustoz sifatida ukasi, bugun taniqli adib boʻlmish Joʻra Fozilning yetuk ijodkor boʻlib yetishishi uchun koʻp mehnat qildi.Uning xotirasi yurtdoshlari va shogirdlari yuragida yashab kelmoqda.
Yahyo VAHOBOV
SHE’R DAFTARIDAN
Yahyo Vahobov 1936 yil 5 aprelda qishloq oʻqituvchisi Abduvahob Fozil eshon oʻgʻli va uy bekasi Hikmatoy Rajabbek qizi oilasida tugʻilgan edi. U 1960 yilda Buxoro Davlat pedagogika institutining tarix- filologiya fakultetini imtiyozli diplom bilan tugallagach, Romitan tumanidagi 6- oʻrta maktabda bolalarga til- adabiyot hamda tarix- geografiya fanlaridan dars berdi.
Keyinchalik tabiatidagi ijodkorlik uni matbuot sohasiga olib keldi. Uzoq yillar “Romitannoma”, “Buxoronoma”, viloyat ijroiya qoʻmitasi va Buxoro Davlat universtitetida mehnat qildi. Shu davr mobaynida uning koʻplab lavha, ocherk va maqolalari, lirik she’rlari tuman, viloyat hamda respublika gazeta va jurnallarida e’lon qilindi. Undan yodgor boʻlib «Tun bilan tong arosinda”she’riy toʻplami qoldi.
U nafaqat aka, balki tajribali pedagog va ustoz sifatida ukasi Joʻra Fozilning jurnalist, tarjimon va adib boʻlib yetishishi uchun koʻp mehnat qildi.
Quyida shoirning ayrim she’rlarini e’tiboringizga havola etamiz.
BUXORO
Moziydan kelar erkan korvoni Buxoroning,
Zar faqat emas erdi davroni Buxoroning.
“Sahihi Buxoriy”si hadis ilmi oliysi –
Ismoil Buxoriysi sorboni Buxoroning.
Toʻrt yogʻiga dunyoni ketdi qancha oʻgʻloni:
Darbadar Sinosi dilda armoni Buxoroning!
Shahrimni sharif etgan, ruhimni zarif etgan,
Naqshband naqsh bitgan iymoni Buxoroning.
Bu tim, rastayu toqlar goʻyo saf- saf ushshoqlar,
Tufrogʻini ardoqlar har oʻgʻloni Buxoroning.
Ahli shoiru fozil, ming tuman hunar nozil,
Gavhari adab hosil ummoni Buxoroning.
Ka’bani tavof etsun, Istambul borib qaytsun,
Maftun etmasa aytsun mehmoni Buxoroning.
Ey nafs, bu maskanni sen agar harom etsang,
Boʻyningda boʻlsun qip- qizil ul qoni Buxoroning.
Band etmish Vahobiyni, bir dam ayrilib bilmas –
Gul kabi boqib bir pokdomoni Buxoroning.
OLAMNING OHANGI
Garchi tirikchilik behad ozorlik,
Hayot – favqulodda gʻaroyib havas!
Goho qoʻzgʻar buyuk bir baxtiyorlik –
Qushchalar tilidan uchgan oddiy sas.
Shuning oʻzi uchun arzir yashasang
Ming yillar dunyoning maftuni boʻlib,
Arzir buyuk- buyuk ishlar boshlasang:
Asrlar umringning mazmuni boʻlib…
OTAM
(40 yildan ortiq oʻqituvchilik qilgan otam Abduvahob Fozilov xotirasiga)
Boʻronli yillarning kemasi kabi,
Noma’lum kelajak sohillariga.
Oʻgʻlingizning boʻlib sodiq hamsafi,
Mening bilan birga kirib borasiz,
Qiynalib qolganda nido berasiz,
Qanchalik azizsiz, ey pushti panoh!
Zarur chogʻda tilga kirasiz har dam:
“Vijdoningga xiyonat qilma, boʻtam!”.
Yigirmanchi yillar qattolliklari,
Hukumat zotining battolliklari
Koʻzidan qon oqqan alvasti armon,
Zamonlar qonini toʻkkan u ilon –
Mansab, maishatning aldovli qoʻyni,
Yoki nogahoniy taqdir oʻyini
Sizni bukolmagan, turgansiz bardam:
“Vijdoningga xiyonat qilma, boʻtam!”.
Qirqinchi yillarda baloyi Gitler
Koʻp yomon qoʻzgʻoldi, yutdi qaro Yer!
Qahringiz tigʻlari boʻlib qon –
Dengizdan to dengiz necha ming oʻgʻlon.
Siz savod oʻrgatgan farzandlaringiz,
Har chogʻ azizu arjumandlaringiz,
Mardga urush, derlar, nomardga – motam;
“Vijdoningga xiyonat qilma, boʻtam!”.
Osonmi yashamoq tinch sohillarda?!
Riyo doim riyo boʻlur dillarda!
Dunyoda oz emas vijdondan qaytgan,
Rohat- farogʻat deb ming yolgʻon aytgan.
Hech vaqt inson dard- alamsiz boʻlmagan,
Lekin boʻgʻilsa ham vijdon oʻlmagan.
“Yomondan, derdingiz, boʻlsang- da mot ham,
Vijdoningga xiyonat qilma, boʻtam!”.
Yaxshi- yomon oʻtar davru davronlar,
Yomonlarni uloqtirar zamonlar.
Muallim edingiz, oʻgiti ulugʻ –
Qalblarda nish urib berardi urugʻ!
Men ham shu urugʻni avaylab xushhol
Quyoshga koʻtargum, boshimga iqbol,
Bolalarimga ham soʻzim shu mudom:
“Vijdoningga xiyonat qilma, boʻtam!”.
BAHOR
Bir mayin titroq bor bugun qonlarda,
Yoshlar juft- juft kezar xiyobonlarda.
Maysadek til bilan hatto mitti jon
Chumchuqlar chirqirar toʻlgudek osmon.
Lahzalar – yurakning tiniq qoʻshigʻi,
Lolalar – qizlarning qoʻlida hino.
Azaliy koʻk boʻlmish Yerning oshigʻi –
Kelin tushirganday bu keksa dunyo.
QIZIM GULBAHORGA
Toʻlgʻona- toʻlgʻona shamol bagʻrida,
Chiroyli qaddini rostladi lola.
Kuymana- kuymana roʻzgʻor bobida
Loladan chiroyli boʻlar qiz bola.
Sehrgar qoʻllari yaratar chiroy,
Shu chiroy yoritgan chehrasi gulgun.
Qiz degani afsunlarga juda boy!
Bir uy shodlik boʻlur axiyri bir kun.
LOLAZOR
Meningdek, e sanam, kimning dili vayronu zori bor?
Seningdek ham uning zulm aylagan zolim nigori bor?
Meningdek yolgʻizu ishq yoʻlida bordirmi sargʻargan?
Seningdek bagʻrida kimning bayoti bor, bahori bor?
Meningdek bir kishi davronda xor boʻlsa ajab ermas,
Seningdekkim malakning bagʻrida bir parcha qori bor.
Meningdek doʻst uchun chekkan jafoni baxt bilar desam,
Seningdek, “Doʻst agar ul – baxt uchun!” – degan shiori bor.
Ishonmam, toshbagʻir yoring desalar baxt ila komron,
Vahobiy, kavlamang, qon boʻlmasin siynamda lolalar –
Bir yor ozori ming dogʻ bogʻlagan bir lolazori bor!
VIJDON
Qoʻy, bahorga berma bugun
Qish tuniga bergan
Savollaringni.
Oʻynab, yigʻisini unutgan
Bola kabi sen ham unut
Yomon xayollaringni.
Bahorning bagʻriga sigʻmaydi ular:
Gumoningni oqin suvlariga ber,
Shubhangni topshirgin
shamollariga,
Nafratingni tosh kabi
mayda- mayda qil;
Yoʻl bersin
Mehrning nigohlariga!
Qoʻy, bahor kunini
etma bagʻri xun,
Qancha goʻzalliklar
keltirmish, qara,
Yuziga sen kulib boqishing uchun!
Vijdonga taqalsa
savoling, soʻra!
Amin boʻl!
Bir ona bor olamda hammamiz uchun –
Halollik bu,
Vijdon shusiz yurmaydi!
Garchi qancha nafis va qaddi mavzun –
Goʻzallik vijdondan ustun turmaydi.
IZHOR
Bundan boshqa uchrashtirmas yor,
Taqdir menga siz kabi qizni!
Men bilaman, koʻp gunohim bor,
Lek buzmasin bu oramizni.
Men boʻynimga olaman asir,
Ado etgum xohishlaringiz.
Xohi yengil, xoh ogʻir – axir,
Bayram menga boqishlaringiz.
Qish oʻtib, ortidan kelganda,
Hammayoqni kuldirib bahor.
Eshigingiz taqillaturman,
Qoʻllarimda bir dasta gul bor…
Yurakkinam ariq boʻyida
Boʻrtib turgan kurtaklar kabi,
Ikkimizga va’da etaman
Bir hayotki, ertaklar kabi…
Bolalikni eslab, ochtiray,
Eshigingiz aytib Sim- simga.
Xandon otib bir kulsangiz bas
Siz ham mening tabassumimga.
YoLGʻIZLARNING UYI
Kuz tugab, bogʻlarda yurganda shamol,
Yolgʻizlarning uyi yana beomon:
Yomgʻirli deraza yoshli koʻz misol,
Koʻnglingning koʻchasi – boʻsh qolgan shiypon.
Xayollar oshirar zaptu zugʻumin,
Tinglaysan qadamin
xatolaringning…
“Ba’zida ne uchun muloyim – moʻmin
Qabul qildim dushman
fatvolarini”.
Sahardan yiroqdir bu uyda kecha,
Ziyoga xasisdir darichalari.
Yana bir nafassiz
boʻlmas tariqcha
Shodliging bu yolgʻizlik kechalari!
Tinch – orom yakka uy, derlar, ha orom!
Bir orom bilmadim men yashab shuncha.
Haqiqiy oromning oʻzi kamida
Ikki kishiga bogʻliq bir tushuncha.
“Tiq” etsa arziqib tushadi yurak:
“Baxting qaytdi. Eshik ochmading nechun?! ”.
Bu uy meni bir kun oʻldirsa kerak!
Va bunga munkir ham boʻlar u bir kun.
