Ibrohim Haqqul. Navoiyshunos olima va murabbiy & Suyima G’aniyeva. Alisher Navoiy (hayoti va ijodi)

04Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудига 580 йил тўлиши арафасида филология фанлари доктори, профессор Иброҳим Ҳаққулнинг беш мустақил китобга мўлжалланган “Навоийга қайтиш”нинг тўртинчиси нашрдан чиқди. Ундан атоқли навоийшунос олима Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниевага бағишланган мақола ҳам ўрин олган. Бу йил 20 февралда Суйима Ғаниеванинг таваллудига 89 йил тўлади. Шу муносабат билан “Навоийшунос олима ва мураббий” деб номланган мақола эътиборингизга ҳавола қилинади.

 044  Суйима Ғаниева (1932-2018) Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқ факультетида таълим олган. 1956 йилдан ЎзФА Тил ва адабиёт институтида, Тошкент Давлат консерваториясида, 1993 йилдан Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ишлаб келган.

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратилгаи 20та китоб ва рисолалар, 300дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган. Олима «Мажолис ун-нафоис»нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, «Навоий дастхати» китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у «Мажолис ун-нафоис», «Маҳбуб ул-қулуб», «Муншаот», «Вақфия», «Ҳамсат ул-мутаҳаййирин», «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», «Назм ул-жавохир», «Муҳокамат ул-луғатайн» каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрланган.

Навоийнинг насрий меросини ўрганиш — Суйима Ғаниева илмий фаолиятининг энг салмоқли, энг намунали қисмини ташкил этган.

1999 йилда Суйима Ғаниева «Эл-юрт хизмати» ордени, 2008 йилда «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон қаҳрамони эди.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ
НАВОИЙШУНОС ОЛИМА ВА МУРАББИЙ


   Эл-юртнинг таниқли ва улкан олимлари билан бир жойда ишлаш, уларнинг асарларини тириклигидаёқ пухта ўқиб-ўрганиш кўнгилда бошқача бир қаноат туйғусини ҳосил қилади. Шунинг учун бу фоний дунёни тарк этган бўлишса-да, баъзи ишларга устодларнинг нигоҳи билан қараб, ўша зотларнинг нуқтаи назари бўйича баҳо бериш кўникмага айланиб қолади. Бу ҳолат баъзида кишини суяса, гоҳида қийнаб оғир хаёллар гирдобига ташлайди.

Олмониялик Макс Нардаву деган олим “Ҳақиқат ҳақида” номли тадқиқотида ўн тўққизинчи асрдан кейин Оврупода аёлнинг эркаклашиши, эркакнинг эса аёллашуви, яъни жинс алмашиниш жараёнини текшириб, келажакда бу ҳолат ижод, санъат, сиёсат аҳли орасида ортиб боради, деган хулосани билдирган. Бу хулосага қўшилмаслик ёки уни бутунлай инкор қилиш мумкин. Бироқ бу билан ҳеч нарсага эришилмаганидек, ўша жараёнга қарши ҳеч нима қилиб ҳам бўлмайди. Ваҳоланки, эски Шарқ мутафаккирлари у ёки бу тарзда мазкур фожианинг илдизларига эътиборни жалб этиб кетишган. Масалан “Ҳибат ул-ҳақойиқ” муаллифи донишманд Аҳмад Югнакий “Билимлик аёл – эрдир, билимсиз эркак – хотиндир”, дейди. Бу гап ҳануз ўз маъниси ва аҳамиятини бой бергани йўқ. Аксинча, фақат бесаводликнинг эмас, чаласаводлик кулфатини ҳам ўйлашга ундаб турибди. Хожа Аҳмад Яссавий ҳикматларидан бирида ўқиймиз:

Охир замон олимлари бўлур золим,
Хушомад айлағонлар бўлур олим.

Бу ўринда золим сўзи ҳақиқат ўрнида ёлғон ишлатган, ростлик ва тўғриликка бемалол хиёнат қилгувчи кимса мазмунида қўлланилган. Иккинчи мисрага келсак, хушомадгўйлик, маддоҳлик ҳеч пайт эркаклик, мардлик, хусусан, олимлик хислати ҳисобланмаган. Алишер Навоий қитъаларидан бирида қоралаш билан кифояланмай, қарғишни шеърга қўшиб: ким “хушомад демакни бошласа, кошки, “тутулса дами, кесилса тили”, дейиши ҳам бежиз эмасди. Мана шулар инобатга олиниб, бундоқ муҳокама юритилса, атоқли навоийшунос, заҳматкаш шарқшунос Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати ва Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниевани олимаю фозилаларнинг марди майдони эди, десак муболаға бўлмайди.

Энди яна бир эътироф. 70 – 80-йилларда Тил ва адабиёт институти илмий ходимларининг тахминан учдан бири ғиди-биди, миш-миш ва иғво билан машғул бўлган. Баъзилар эса у ёки бу тўданинг намояндаси ўлароқ баобрў олимларни қулатишга сафарбар этилганини кўпчилик билар, аммо қарши бирор чора қўлланмасди. Ана шунақа зотлардан айримларининг фаолияти текширилганда йил мобайнида қилган иши ҳатто битта мақолага ҳам тўғри келмаган. Нафақа ёшигача ҳам бир номзодлик ҳимоясини эплай олмаганлар, айни шундай баттоллар Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниева устидан ҳам юмалоқ хатлар ёзишган. Домла Ҳайитметов бўлим мудирлигини топшираётганларида ўша бўҳтон номалардан бирини менга берганлар. Алоҳида шарҳ билан бир кун уни эълон қилиш ниятим бор.

Суйима опа эса туҳмату иғвога кўпинча “ит ҳурар, карвон ўтар” қабилида муносабатда бўлган. Лекин Алишер Навоий “Тўла асарлар” нашри муносабати билан бир аламзада ва ғаламис олимнинг институтимиз ходимлари устидан Ўзбекистоннинг биринчи Президентига ёзган шикоят хатидан кейин Суйима Ғаниева момо лочиндай майдонга чиқиб кўпчиликнинг зафарига бош-қош бўлганини мен умрбод унута олмайман. Бундай мисоллар эса оз эмас ва ҳар бири Суйима опанинг маънавий, илмий зийнатига зийнат, инсонлик шарафига шараф қўшади, албатта.

Бундан анча йиллар муқаддам элимизнинг ардоқли адиби Одил Ёқубов бир мақоласида “Ўзи бирёқламаликка ўрганиб қолганмиз, оғзимиздаям битта эмас, бир нечта тил борга ўхшайди”, деб ёзган эди. Дарҳақиқат, вазият ва шароитга қараб турланиб-тусланиш, оддий муомала муносабатда ҳам қитмирлик, ўйинчилик тилида сўзлашдан уялмаслик қарийб урфга айланиб қолганди. Алдов, риё, ҳийлабозликлардан безган кишилар ўшанда ўзини четга олишни эплолмай қолган вақтлар ҳам бўлган. Ана шундай шароитда ҳам институтнинг мумтоз адабиёт бўлимида бир муҳофазакорлик руҳи мавжуд эди. Бу хусусда ўйлаганимда чинакам илм одамларида шахсиятнинг шаклланиши бир-бириникига ўхшамаслигига ҳеч шубҳаланмайман. Олималар кўп, улар сафида Навоий ижодиётини зоҳиран билгичлари ҳам бор. Бироқ Суйима Ғаниева йўқ. Нима учун? Биринчидан Суйима опадаги фаҳм-фаросат, дид савия кенглигини такрорлаш қийин. Иккинчидан, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Зулфия каби улкан ижодкорлар назарига тушиб, у ёки бу ишни уларга мақбул бўлиш ё бўлмаслигини ўйлаш – бу фақат Суйима Ғаниевага насиб этган толедир. Шарқ мумтоз адабиётининг толмас мутахассиси, зукко матншунос, таржимон ва моҳир мураббий Суйима Ғаниева тўғрисида сўзлаганда ана шуларнинг барини назарда тутиш лозим.

Илмда Суйима Ғаниевадан ўрганса, ибрат олса арзийдиган тажриба мактаби мерос қолди. Айтайлик, Москва ёки Санкт-Петербургда, Истанбул, Боку ёхуд Душанбедаги илмий анжуманларда ўзбекнинг донишманд қизи, билағон шарқшуноси сифатида таассурот уйғотиш яна кимга насиб этади? Умумий, баландпарвоз таърифлар, бачкана мусоҳабалар билан янги суйималар тарбияланмаслигини жиддий ўйлаш зарур, албатта. Суйима опанинг Навоий насрига бағишланган тадқиқотлари меҳр-муҳаббат шуури, нафосат шавқи, садоқат қўли билан яратилган.

Буюк Ибн Арабий “Бизнинг биринчи душманимиз муқаллидлардир”, дейди. Бизнингча, ана шу ҳақиқатни Суйима Ғаниева ҳеч қачон унутганмас. Унинг илҳом ва ғайрат билан меҳнат қилиши ҳамда илгарига томон ҳамиша мардона одим ташлагани шундан. Миртемир домлага бағишланган шеърида Абдулла Орипов, “Сизга ташланмади не-не зотлар, Улар ҳар мўминга ташланар эди, Ташланмаса кўнгли ғашланар эди”, деганидай, Суйима Ғаниева ҳам, юқорида қайд этилганидек, нокасу нотавонларнинг ҳамлаю ҳужумларидан четда қолмаган. Қарийб ўттиз йилдан зиёд муддат бирга ишлаб мен у кишини яхши ва ёмон вазият, оғир ва енгил ҳолатларда кузатиб, кўпинча ўзаро фикр алмашганман. Бироқ ҳеч қачон опани довдираш ёки қандайдир тушкунлик ҳолида кўрмаганман.

Очиғини айтсам, устоз олимлардан бир қанчасининг шахсият ва маърифий қатъияти мени унча қаноатлантирмаган. Энди билсам, уларнинг ҳар бири илм ва ирфон заминида чуқур илдиз ёзган, ҳосилдор бир Дарахт экан. Айни шундай қисмат ва иқбол, яна кимларга насиб этишини ҳозирги шароитда башорат қилиш бағоят душвордир. Чунки илм-фанда саёзлик, алдам-қалдамчилик мисли кўрилмаган миқёсда ривожланиб кетди. Аммо бугун бўлмаса эртага, эртага бўлмаса ундан кейин Суйима Ғаниева сингари иқтидор эгалари пайдо бўлишидан умидни узмаслик зарур, деб ўйлайман. Суйима Ғаниева рус илм-фан марказларидан бири Ленинградда ҳам таълим олган. Атоқли рус шарқшуносларининг тажрибаларини ўрганган. Бироқ у бирор бир рус олимининг ишларидан нусха кўчириб, уларнинг тадқиқотларидаги ғоя, асосий термин ва ибораларни ўзлаштириб олиб найрангбозлик қилмаган. Мана шунинг учун ҳам Суйима Ғаниева илмий мероси миллий адабиётшуносликнинг, хусусан, навоийшуносликнинг ажралмас қисми ўлароқ тан олинган. Суйима опа Шарқнинг юздан ортиқ машҳур истеъдод соҳибларига бағишлаб мақолалар ёзган. Булар орасида қандай сўз заргарлари йўқ дейсиз? Лутфий, Гадоий, Навоий, Бобур, Огаҳий; форсийда қалам сурган Низомий, Румий, Жомий, Ҳофиз, Саъдий; озар шоирларидан Насимий, Хоқоний, Фузулий ва ҳ.к. Бу санъаткорлардан ҳар бирининг ўз ижодий нафаси, туйғу дунёси, руҳий маҳобати, услуб йўли ва тасвир усуллари бўлган. Нозиктаъб, зукко тадқиқотчи ўлароқ ана шуларни Суйима Ғаниева етарли зайлда идрок этган ва ёритиб берган.

Устоз олиманинг умри сўнгги нафасигача китоб ичида, не-не даҳо ижодкорларнинг қўлёзмаларини синчиклаб ўрганиш билан ўтди. Мутолаа ва тадқиқ уни ҳамиша мушоҳада, талқин ва янги-янги фикр-мулоҳазаларни қоғозга туширишга, уларни мақола, рисола, китоб шаклида ўқувчиларга етказишга илҳомлантирган. Шу билан бирга бу илҳом бардавом умрга ҳам йўл очган эди.

Дўрмон, 2020 йил

Ulugʼ shoir va mutafakkir Аlisher Navoiy tavalludiga 580 yil toʼlishi arafasida filologiya fanlari doktori, professor Ibrohim Haqqulning besh mustaqil kitobga moʼljallangan “Navoiyga qaytish”ning toʼrtinchisi nashrdan chiqdi. Undan atoqli navoiyshunos olima Oʼzbekiston Qahramoni Suyima Gʼanievaga bagʼishlangan maqola ham oʼrin olgan. Bu yil 20 fevralda Suyima Gʼanievaning tavalludiga 89 yil toʼladi. Shu munosabat bilan “Navoiyshunos olima va murabbiy” deb nomlangan maqola eʼtiboringizga havola qilinadi.

05Suyima Gʼanieva (1932-2018) Toshkentda tugʼilgan. Oʼrta Osiyo davlat universiteti (hozirgi OʼzMU)ning Sharq fakulьtetida taʼlim olgan. 1956 yildan OʼzFА Til va adabiyot institutida, Toshkent Davlat konservatoriyasida, 1993 yildan Toshkent Davlat sharqshunoslik institutida ishlab kelgan.

Olima adabiyotshunoslik, matnshunoslik va tarjimachilik sohasida yaratilgai 20ta kitob va risolalar, 300dan ortiq maqola va taqrizlar muallifi hisoblanadi.

Suyima Gʼanieva Аlisher Navoiy asarlarini nashrga tayyorlagan. Olima «Majolis un-nafois»ning ilmiy-tanqidiy matnini chop ettirgach, «Navoiy dastxati» kitobini oʼquvchilar hukmiga havola etgan. Аlisher Navoiy mukammal asarlar toʼplami (20 tomlik)da u «Majolis un-nafois», «Mahbub ul-qulub», «Munshaot», «Vaqfiya», «Hamsat ul-mutahayyirin», «Holoti Sayyid Hasan Аrdasher», «Holoti Pahlavon Muhammad», «Nazm ul-javoxir», «Muhokamat ul-lugʼatayn» kabi asarlarni izoh va tarjimalar bilan nashrga tayyorlangan.

Navoiyning nasriy merosini oʼrganish — Suyima Gʼanieva ilmiy faoliyatining eng salmoqli, eng namunali qismini tashkil etgan.

1999 yilda Suyima Gʼanieva «El-yurt xizmati» ordeni, 2008 yilda «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan taqdirlangan. Аbu Rayhon Beruniy nomidagi Oʼzbekiston Davlat mukofoti sovrindori, Oʼzbekiston qahramoni edi.

Ibrohim HАQQUL
NАVOIYShUNOS OLIMА VА MURАBBIY


El-yurtning taniqli va ulkan olimlari bilan bir joyda ishlash, ularning asarlarini tirikligidayoq puxta oʼqib-oʼrganish koʼngilda boshqacha bir qanoat tuygʼusini hosil qiladi. Shuning uchun bu foniy dunyoni tark etgan boʼlishsa-da, baʼzi ishlarga ustodlarning nigohi bilan qarab, oʼsha zotlarning nuqtai nazari boʼyicha baho berish koʼnikmaga aylanib qoladi. Bu holat baʼzida kishini suyasa, gohida qiynab ogʼir xayollar girdobiga tashlaydi.

Olmoniyalik Maks Nardavu degan olim “Haqiqat haqida” nomli tadqiqotida oʼn toʼqqizinchi asrdan keyin Ovrupoda ayolning erkaklashishi, erkakning esa ayollashuvi, yaʼni jins almashinish jarayonini tekshirib, kelajakda bu holat ijod, sanʼat, siyosat ahli orasida ortib boradi, degan xulosani bildirgan. Bu xulosaga qoʼshilmaslik yoki uni butunlay inkor qilish mumkin. Biroq bu bilan hech narsaga erishilmaganidek, oʼsha jarayonga qarshi hech nima qilib ham boʼlmaydi. Vaholanki, eski Sharq mutafakkirlari u yoki bu tarzda mazkur fojianing ildizlariga eʼtiborni jalb etib ketishgan. Masalan “Hibat ul-haqoyiq” muallifi donishmand Аhmad Yugnakiy “Bilimlik ayol – erdir, bilimsiz erkak – xotindir”, deydi. Bu gap hanuz oʼz maʼnisi va ahamiyatini boy bergani yoʼq. Аksincha, faqat besavodlikning emas, chalasavodlik kulfatini ham oʼylashga undab turibdi. Xoja Аhmad Yassaviy hikmatlaridan birida oʼqiymiz:

Oxir zamon olimlari boʼlur zolim,
Xushomad aylagʼonlar boʼlur olim.

Bu oʼrinda zolim soʼzi haqiqat oʼrnida yolgʼon ishlatgan, rostlik va toʼgʼrilikka bemalol xiyonat qilguvchi kimsa mazmunida qoʼllanilgan. Ikkinchi misraga kelsak, xushomadgoʼylik, maddohlik hech payt erkaklik, mardlik, xususan, olimlik xislati hisoblanmagan. Аlisher Navoiy qitʼalaridan birida qoralash bilan kifoyalanmay, qargʼishni sheʼrga qoʼshib: kim “xushomad demakni boshlasa, koshki, “tutulsa dami, kesilsa tili”, deyishi ham bejiz emasdi. Mana shular inobatga olinib, bundoq muhokama yuritilsa, atoqli navoiyshunos, zahmatkash sharqshunos Beruniy nomidagi davlat mukofoti laureati va Oʼzbekiston Qahramoni Suyima Gʼanievani olimayu fozilalarning mardi maydoni edi, desak mubolagʼa boʼlmaydi.

Endi yana bir eʼtirof. 70 – 80-yillarda Til va adabiyot instituti ilmiy xodimlarining taxminan uchdan biri gʼidi-bidi, mish-mish va igʼvo bilan mashgʼul boʼlgan. Baʼzilar esa u yoki bu toʼdaning namoyandasi oʼlaroq baobroʼ olimlarni qulatishga safarbar etilganini koʼpchilik bilar, ammo qarshi biror chora qoʼllanmasdi. Аna shunaqa zotlardan ayrimlarining faoliyati tekshirilganda yil mobaynida qilgan ishi hatto bitta maqolaga ham toʼgʼri kelmagan. Nafaqa yoshigacha ham bir nomzodlik himoyasini eplay olmaganlar, ayni shunday battollar Аbduqodir Hayitmetov, Suyima Gʼanieva ustidan ham yumaloq xatlar yozishgan. Domla Hayitmetov boʼlim mudirligini topshirayotganlarida oʼsha boʼhton nomalardan birini menga berganlar. Аlohida sharh bilan bir kun uni eʼlon qilish niyatim bor.

Suyima opa esa tuhmatu igʼvoga koʼpincha “it hurar, karvon oʼtar” qabilida munosabatda boʼlgan. Lekin Аlisher Navoiy “Toʼla asarlar” nashri munosabati bilan bir alamzada va gʼalamis olimning institutimiz xodimlari ustidan Oʼzbekistonning birinchi Prezidentiga yozgan shikoyat xatidan keyin Suyima Gʼanieva momo lochinday maydonga chiqib koʼpchilikning zafariga bosh-qosh boʼlganini men umrbod unuta olmayman. Bunday misollar esa oz emas va har biri Suyima opaning maʼnaviy, ilmiy ziynatiga ziynat, insonlik sharafiga sharaf qoʼshadi, albatta.

Bundan ancha yillar muqaddam elimizning ardoqli adibi Odil Yoqubov bir maqolasida “Oʼzi biryoqlamalikka oʼrganib qolganmiz, ogʼzimizdayam bitta emas, bir nechta til borga oʼxshaydi”, deb yozgan edi. Darhaqiqat, vaziyat va sharoitga qarab turlanib-tuslanish, oddiy muomala munosabatda ham qitmirlik, oʼyinchilik tilida soʼzlashdan uyalmaslik qariyb urfga aylanib qolgandi. Аldov, riyo, hiylabozliklardan bezgan kishilar oʼshanda oʼzini chetga olishni eplolmay qolgan vaqtlar ham boʼlgan. Аna shunday sharoitda ham institutning mumtoz adabiyot boʼlimida bir muhofazakorlik ruhi mavjud edi. Bu xususda oʼylaganimda chinakam ilm odamlarida shaxsiyatning shakllanishi bir-birinikiga oʼxshamasligiga hech shubhalanmayman. Olimalar koʼp, ular safida Navoiy ijodiyotini zohiran bilgichlari ham bor. Biroq Suyima Gʼanieva yoʼq. Nima uchun? Birinchidan Suyima opadagi fahm-farosat, did saviya kengligini takrorlash qiyin. Ikkinchidan, Gʼafur Gʼulom, Oybek, Maqsud Shayxzoda, Zulfiya kabi ulkan ijodkorlar nazariga tushib, u yoki bu ishni ularga maqbul boʼlish yo boʼlmasligini oʼylash – bu faqat Suyima Gʼanievaga nasib etgan toledir. Sharq mumtoz adabiyotining tolmas mutaxassisi, zukko matnshunos, tarjimon va mohir murabbiy Suyima Gʼanieva toʼgʼrisida soʼzlaganda ana shularning barini nazarda tutish lozim.

Ilmda Suyima Gʼanievadan oʼrgansa, ibrat olsa arziydigan tajriba maktabi meros qoldi. Аytaylik, Moskva yoki Sankt-Peterburgda, Istanbul, Boku yoxud Dushanbedagi ilmiy anjumanlarda oʼzbekning donishmand qizi, bilagʼon sharqshunosi sifatida taassurot uygʼotish yana kimga nasib etadi? Umumiy, balandparvoz taʼriflar, bachkana musohabalar bilan yangi suyimalar tarbiyalanmasligini jiddiy oʼylash zarur, albatta. Suyima opaning Navoiy nasriga bagʼishlangan tadqiqotlari mehr-muhabbat shuuri, nafosat shavqi, sadoqat qoʼli bilan yaratilgan.

Buyuk Ibn Аrabiy “Bizning birinchi dushmanimiz muqallidlardir”, deydi. Bizningcha, ana shu haqiqatni Suyima Gʼanieva hech qachon unutganmas. Uning ilhom va gʼayrat bilan mehnat qilishi hamda ilgariga tomon hamisha mardona odim tashlagani shundan. Mirtemir domlaga bagʼishlangan sheʼrida Аbdulla Oripov, “Sizga tashlanmadi ne-ne zotlar, Ular har moʼminga tashlanar edi, Tashlanmasa koʼngli gʼashlanar edi”, deganiday, Suyima Gʼanieva ham, yuqorida qayd etilganidek, nokasu notavonlarning hamlayu hujumlaridan chetda qolmagan. Qariyb oʼttiz yildan ziyod muddat birga ishlab men u kishini yaxshi va yomon vaziyat, ogʼir va yengil holatlarda kuzatib, koʼpincha oʼzaro fikr almashganman. Biroq hech qachon opani dovdirash yoki qandaydir tushkunlik holida koʼrmaganman.

Ochigʼini aytsam, ustoz olimlardan bir qanchasining shaxsiyat va maʼrifiy qatʼiyati meni uncha qanoatlantirmagan. Endi bilsam, ularning har biri ilm va irfon zaminida chuqur ildiz yozgan, hosildor bir Daraxt ekan. Аyni shunday qismat va iqbol, yana kimlarga nasib etishini hozirgi sharoitda bashorat qilish bagʼoyat dushvordir. Chunki ilm-fanda sayozlik, aldam-qaldamchilik misli koʼrilmagan miqyosda rivojlanib ketdi. Аmmo bugun boʼlmasa ertaga, ertaga boʼlmasa undan keyin Suyima Gʼanieva singari iqtidor egalari paydo boʼlishidan umidni uzmaslik zarur, deb oʼylayman. Suyima Gʼanieva rus ilm-fan markazlaridan biri Leningradda ham taʼlim olgan. Аtoqli rus sharqshunoslarining tajribalarini oʼrgangan. Biroq u biror bir rus olimining ishlaridan nusxa koʼchirib, ularning tadqiqotlaridagi gʼoya, asosiy termin va iboralarni oʼzlashtirib olib nayrangbozlik qilmagan. Mana shuning uchun ham Suyima Gʼanieva ilmiy merosi milliy adabiyotshunoslikning, xususan, navoiyshunoslikning ajralmas qismi oʼlaroq tan olingan. Suyima opa Sharqning yuzdan ortiq mashhur isteʼdod sohiblariga bagʼishlab maqolalar yozgan. Bular orasida qanday soʼz zargarlari yoʼq deysiz? Lutfiy, Gadoiy, Navoiy, Bobur, Ogahiy; forsiyda qalam surgan Nizomiy, Rumiy, Jomiy, Hofiz, Saʼdiy; ozar shoirlaridan Nasimiy, Xoqoniy, Fuzuliy va h.k. Bu sanʼatkorlardan har birining oʼz ijodiy nafasi, tuygʼu dunyosi, ruhiy mahobati, uslub yoʼli va tasvir usullari boʼlgan. Noziktaʼb, zukko tadqiqotchi oʼlaroq ana shularni Suyima Gʼanieva yetarli zaylda idrok etgan va yoritib bergan.

Ustoz olimaning umri soʼnggi nafasigacha kitob ichida, ne-ne daho ijodkorlarning qoʼlyozmalarini sinchiklab oʼrganish bilan oʼtdi. Mutolaa va tadqiq uni hamisha mushohada, talqin va yangi-yangi fikr-mulohazalarni qogʼozga tushirishga, ularni maqola, risola, kitob shaklida oʼquvchilarga yetkazishga ilhomlantirgan. Shu bilan birga bu ilhom bardavom umrga ham yoʼl ochgan edi.

Doʼrmon, 2020 yil

034

(Tashriflar: umumiy 1 649, bugungi 1)

Izoh qoldiring