Islomjon Qo’chqorov. She’rlar

77Ёш тадқиқотчилардан бири таъкидлаганидек, «Исломжон Қўчқоровнинг шеърларида халқнинг қалб кўзини очишга, кимлигини, қандай алломалар, саркардалар авлоди эканини эслатишга уриниш бор…»

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ
ШЕЪРЛАР


033Исломжон Қўчқоров 1993 йил 15 январда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. “Сени излайман” номли китоби нашр этилган. Ҳозирда “Ватанпарвар” газетасида фаолият юритмоқда.


ДАРАХТЛАР

Сизнинг даврангизга йўқ менда бардош,
Соппа-соғ кўринган карлар, карахтлар.
Мен ўзимга топдим янги суҳбатдош,
Ҳасратим тинглайди энди дарахтлар.

Ҳа, улар жимгина осганча қулоқ
Гоҳида шовқинсиз тебраниб қўяр.
“Елкадош” дўстгинам, аҳволимга боқ,
Йиқилсанг дарахтлар беминнат суяр.

Дарахтлар қуёшга интилиб ўсган,
Марра қилиб олган нурни, зиёни.
У ташлаб кетмоқчи бўлаётгандек
Одамлари суллоҳ, аблаҳ дунёни.

Унинг хаёллари кўкка етадир,
Юлдузлар сайлида юради хушҳол.
О, машъум ўтмишим таъқиб этадир,
– Мен кетдим, юлдузим, хайр, яхши қол…

Дарахтлар – суҳбати оромижонлар,
Таскин ахтарурман сиздан эҳтимол.
Бошимда тегирмон айланган онлар,
Бир сизга юкиндим, қилдим дардиҳол.

Хўрсиндим, оҳ урдим ва шунда сизнинг
Англадим ташвишли титроғингизни.
Мен учун ҳар кузда бандидан узиб
Кўзёшдек тўкдингиз япроғингизни.

Дарахтлар – суҳбати оромижонлар…

ЁМҒИРНИ СЕВАСАН

Ёмғирни севасан ҳаддан зиёда,
Томчилар куй чалар – рақсингга ошиқ.
Оҳангдан маст бўлган бедор дунёда
Кўнглингга сиғмайди бошқа бир қўшиқ.

Ёмғир бўлиб сенга ёғмоқчи бўлдим,
Сочингдан сирғалиб ерга тушсамда.
Ахир булутлардек хасратга тўлдим,
Хасратинг бўй чўзди бугун жуссамда.

Сенга борар йўлда бекатлар аро
Соғинчлар, ўкинчлар, ғамлар сочилгай.
Автолар бир бўлиб қилар можаро
Боши берк кўчалар қачон очилгай?

Айт ўзинг, хоҳишинг билдиргин менга,
Уялсанг жимгина бергин ишора.
Ёки булут билан дўстлашиб сенга
Ёмғир юборайми кунда, кунора.

Кўнгилни қўя тур, етмайди кўзим,
Ишқ – азоб, ақлимга оғолмай қолдим.
Булутдек қорайдим, гулдираб сўзим
Нетай ёмғир бўлиб ёғолмай қолдим.

Азобим ортгайдир гарчи бахт келса
Севгисиз, соғинчсиз, сенсиз дунёда.
Ёндим, чақмоқ бўлиб ёндим, сен эса…
Ёмғирни севасан ҳаддан зиёда.

Энди азобингдан қутқаргин мени,
Уфқи йўқ томонлар сари улоқтир.
Энг сўнгги ҳукмингга маҳталман бугун
Кетиш толе бўлса, қолиш фироқдир.

Бир куни чорласанг ва ёки келсанг,
Даллидек эсимдан оғишимни кўр.
Шунда гумбур-гумбур ноғора чалиб,
Шунда ёмғир бўлиб ёғишимни кўр!

* * *

Сочларинг жингалак,
сочларинг чалкаш,
Бетартиб умримнинг кўчаларидай.
Анов икки кўзинг бунча жафокаш,
Қоп-қора зулмнинг кечаларидай.

Изингда гул унар, пойингга юлдуз
Ўзини оташга отгандек ташлар.
Бўғзимда жон таслим қилаётган сўз
Жоним тарашлар.

Энди бу ерлардан ўтмагин қайтиб,
Сармаст кўчамизнинг кўзлари гирён.
У кутар барибир исмингни айтиб,
Соғинчи бир ёну… соғинчи бир ён.

Қол десам не бўлар, қоласанми ё?
Бахшида эт десам кеча-кундузинг.
Остин-устун бўлиб ётибди дунё,
Тартибга келтириб берсанг-чи ўзинг.

Товоним – шу жоним, иста ўтда ёқ!
Бир бошга оғирлик қилар божларинг.
Ҳажринг дорга бошлар, қаршимда сиртмоқ –
Жингалак сочларинг, чалкаш сочларинг.

ТУШ

Ҳар кеч тушларим алағда-жалағда,
Бослиқиб ҳар ёнга югуриб, елиб,
Гоҳо чўғ устида яланг оёқда
Ўйинга тушаман майдонга келиб.

Гоҳо бир хатодан то тонгга довур
Тушимда ҳам узоқ чекаман афсус.
Юрагим, барини шамолга совур,
Демоққа бир лаҳза топилмайди сўз.

Гоҳ танам тор келган окопчаларда
Аёвсиз эзғилаб ўтади танкчи.
Юрагим тортилар ликопчаларда
Додлаб уйғонаман, қўлимда санчқи!

Умримда ҳеч қачон кўрмаган ғашлик,
Қалбим ҳис этмаган қоп-қора қайғу,
Яшаб ўтилмаган қария ёшлик –
Ортимдан шамолдек қувлайди: ғув-ғув…

Мени таъқиб этар шу зайл тушлар,
Ҳар тонгда жиққа ҳўл кўрпа-ёстиғим.
Агар бор бўлсангиз хабарчи қушлар,
Ишорамдан танинг, англанг тасдиғим.

Ҳеч ким бош суқмагай танлов ишимга,
Бесўроқ келавер, тортмагин мулзам.
Кимлар ва нималар кирган тушимга
Нега сен кирмайсан, ахир азизам.

“ҚЎРҚМА”НИ ЎҚИБ
Жавлон Жовлиевга бағишланади

Баданингда жимир этган томирми у,
Юрак тананг узра қонинг ҳайдаяптими?
Меҳрибоним,
тикилганинг Помирми у,
Бадар кетган болаларинг қайтмаяптими?

Не чоранг бор боғларингни зоғлар босса,
Ўймайсанми буни кўрган кўзларингни.
Озод қалбинг осмонини доғлар босса,
Тайёрлаб қўй таскин учун сўзларингни.

Кўзларингдан уққаним шу савол бўлди:
Энди кечми,
бой бердикми ҳаммасини?..
Наҳот бутун ҳаётимиз завол бўлди,
Сезмадикми қузғунларнинг ҳамласини?..

Йўқ, онажон,
бағринг тилма, сочинг юлма,
Сочинг керак душманларни бўғиш учун!
Юздан ошиб, қайта туғил, лекин ўлма,
Бағри бутун болаларни туғиш учун!

Ўз қадрини билмаганлар эрман деса,
Ўз юртида қадр топмас ўлгунича.
Болаларинг йигит бўлса, эрман деса,
Тупроқ қўриб ётсин тупроқ бўлгунича!

* * *

Кечир, гуноҳкорман.
Иқрорман буткул,
Сўзимнинг устидан чиқолмадим, оҳ!
Ваъдам қуюқ бўлди: шу кеча кутгил.
Сен муштоқ бўлгандинг, мен эса… э воҳ!

Саҳардан ҳозирлик кўрганинг тайин,
Хонангга баҳорни бошлаб келгансан.
Оқшом келар вақтим етгани сайин
Оёқлар учида майин елгансан.

Эгнингдаги кўйлак – менга ёққани,
Кўзгунинг ёнида айланасан гир.
Нигоҳинг сўз айтар: “қанисан, қани,
Азизим, келдингми, киравергин, кир.

Йўқ, бу сен эмасми, майли, кутамиз,
Тайёр эмас эдим ўзим ҳам рости.
Бир қошиқ қонингдан майли, ўтамиз,
Фақат кел, кўнглимни хавотир босди.

Майли, кечикиб кел, ё ичикиб кел,
Ўт чиқса ёниб кел, сувдан кечиб кел.
Ерда йўл қолмаса, кўкдан учиб кел,
Кўнглимни хавотир босди, фақат кел”.

…Келмадим, гул билан сўлдинг баробар,
“Тиқ” этган товушдан тебранавердинг.
Шу кеча ой билан бўлдинг баробар,
Оппоқ саҳарларга қалбингни бердинг.

Сўз-ку тополмадим тушган кўйимга,
Юрак, танийсанми, бу қандай туйғу?
Сен интизор тунда менинг уйимга
Меҳмонга келганди қоп-қора қайғу.

Қўлимдан келмасди ахир хотиржам
Уни ёлғиз уйга ташлаб боргани.
Оҳу кўзларингдан ўтолмадим ҳам
Қайғуни уйингга бошлаб боргани.

Кечир, гуноҳкорман,
Иқрорман буткул.
УКРАИНЛАР ҚЎШИҒИ

1. Зулмнинг кўзи оч, нафси яланғоч,
Озод кўнгилларга солар ғулғула.
Она тупроғимни топтамагин, қоч!
Мана бу юрагим, қани, бурғила!

Қараб ол, қаршингда турибман мана,
Фақат эрк қошида чўкажакман тиз.
Ватаннинг номини айтар ва ана,
Шаҳидлик либосин кияр ўғил-қиз.

Тегрангда собитлик ҳақу ҳуқуқим,
Тонгдек отаману, кундек ботаман.
Майдон ўртасида соб бўлса ўқим,
Боламни ўқдонга жойлаб отаман!

2. Зулм мавҳ этолмас руҳи покларни,
У қуруқ танани бурда-бурдалар.
Ҳурлик қўшини жўр бўлиб айтар
Кўчага сочилган озод мурдалар.

Тўкилар миллатмас, одамзот қони,
Шу зайл яшасанг, заволинг тайин.
Эй тутқун дунёнинг озод инсони,
Мен ҳам украинман, сен ҳам украин.

ВИДО ҚЎШИҒИ

Узоқ қўл силкидинг, жилмайдинг, кулдинг,
Эҳтимол йиғладинг, қайғуга тўлдинг.
Мен сўзсиз ортингдан термулиб қолдим,
Сен кетиб жимгина сочингни юлдинг.

Гулим, сезмадингми, қара, лошимга,
Бахтиёр кезмоқда бир кўча одам.
Осмон қуламади менинг бошимга,
Зулмат қопламади – ёп-ёруғ олам.

Фақат юрагимнинг қат-қатларида
Асраб ўстирганим – гулларим сўлди.
Кўзёш ариғимнинг уватларида
Бир аёл йиғлайди.
Ким у?
Ким бўлди?

Фақат ич-ичимда исмингни айтиб,
Қўшиқлар куйладим – бўроним тинди.
Сен яшар кўчага борсам ҳам дайдиб,
Қайрилиб боқмагин, баҳорим. Энди
Бизни хушвақт кўрган бекатлар мулзам,
Бизни учраштирган поездлар мунгли.
Бизга соя берган дарахт, азизам,
Хазонга кўмилди. Шу менинг кўнглим…

Сен узоқ қўл силкиб, жилмайдинг маъюс,
Кўзёшларим билан қўшилиб кулдим.
Алвидо, севгилим, алвидо, гулюз,
Севгимиз омондир, мен эса ўлдим!

***
(Ч. Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб
чопаётган олапар” қиссасини ўқиб)

Чайқалиб боряпман тўлқинлар аро,
Денгизда оқ булут – манзил йўқолган.
Менинг ҳам қайиғим бир мотамсаро,
Менинг ҳам осмоним юлдузсиз қолган.

Унутиб қўйдим мен ташналигимни,
Сенинг изларингдан сузиб бораман.
Кириск, қабул эт ошналигимни,
Дардингни ич-ичдан сезиб бораман.

Мана мен боряпман, чидагин пича,
Етсам, отангни ҳам сақлаб қоламиз.
Милхунга айт: кутсин мен боргунимча,
Овчилик номини оқлаб қоламиз.

Оқсоқол Ўрхоннинг тамакисини
Чақмоқнинг ўтида тутатамизми?
Ахир мен сезяпман Ернинг исини,
Сафарни шу ерда тугатамизми?

Умидинг сўнмасин, кучли бўл, ошна,
Ўзингни сақлагин телбаликлардан.
Бизни кутаяпти булоқлар – ташна,
Умбалоқ ошамиз тепаликлардан.

Овинг юришмади овулингга қайт,
Очиқ яраларинг энди ким ёпар?
Биз келдик, энг мунгли қўшиғингни айт,
Соҳилда интизор турган олапар.

БРУНО
(“Йўл-йўл пижамали бола” фильмини кўриб)

Бруно, қизиқма ҳеч қандай сирга,
Коптогингни ўйна, арғимчоқда уч.
Ёки бекинмачоқ ўйнаймиз бирга
Кўзларимни юмдим, бир, икки, уч…

Энг сокин, энг хилват жойларга беркин,
Сени тополмасин искабтопарлар.
Эшитма ва кўрма, бу ҳаёт чиркин,
Англасанг отарлар ёки чопарлар.

Сен шундай яшагин, шундай беғубор,
Умрингни сарф этма асов қуюндай.
Бўғилма, кўксингга инмасин ғубор,
Шунчаки бу ернинг ҳавоси шундай.

Бруно, қарагин, осмон тип-тиниқ,
Учиб бораётир озодлик, ҳурлик.
Фақат анов қушнинг қаноти синиқ,
Жанубга етолмай қулайди шўрлик.

Бруно, қоқилма зулмат тунлари
Кўча чироқлари ёниб турибди.
Ҳушингни олмасин мазлум унлари,
Эгнингга кўзмунчоқ тақиб қўяман.

Энди эса ухла, кўзларингни юм,
Мен эртак айтаман бор меҳрим ийиб.
Сўнгра тушларингда йиғлайман юм-юм,
Рақамланган йўл-йўл пижама кийиб.

Yosh tadqiqotchilardan biri ta’kidlaganidek, «Islomjon Qo‘chqorovning she’rlarida xalqning qalb ko‘zini ochishga, kimligini, qanday allomalar, sarkardalar avlodi ekanini eslatishga urinish bor…»

Islomjon QO‘CHQOROV
SHЕ’RLAR


Islomjon Qo‘chqorov 1993 yil 15 yanvarda Samarqand viloyatining Ishtixon tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Seni izlayman” nomli kitobi nashr etilgan. Hozirda “Vatanparvar” gazetasida faoliyat yuritmoqda.


DARAXTLAR

Sizning davrangizga yo‘q menda bardosh,
Soppa-sog‘ ko‘ringan karlar, karaxtlar.
Men o‘zimga topdim yangi suhbatdosh,
Hasratim tinglaydi endi daraxtlar.

Ha, ular jimgina osgancha quloq
Gohida shovqinsiz tebranib qo‘yar.
“Yelkadosh” do‘stginam, ahvolimga boq,
Yiqilsang daraxtlar beminnat suyar.

Daraxtlar quyoshga intilib o‘sgan,
Marra qilib olgan nurni, ziyoni.
U tashlab ketmoqchi bo‘layotgandek
Odamlari sulloh, ablah dunyoni.

Uning xayollari ko‘kka yetadir,
Yulduzlar saylida yuradi xushhol.
O, mash’um o‘tmishim ta’qib etadir,
– Men ketdim, yulduzim, xayr, yaxshi qol…

Daraxtlar – suhbati oromijonlar,
Taskin axtarurman sizdan ehtimol.
Boshimda tegirmon aylangan onlar,
Bir sizga yukindim, qildim dardihol.

Xo‘rsindim, oh urdim va shunda sizning
Angladim tashvishli titrog‘ingizni.
Men uchun har kuzda bandidan uzib
Ko‘zyoshdek to‘kdingiz yaprog‘ingizni.

Daraxtlar – suhbati oromijonlar…

YOMG‘IRNI SЕVASAN

Yomg‘irni sevasan haddan ziyoda,
Tomchilar kuy chalar – raqsingga oshiq.
Ohangdan mast bo‘lgan bedor dunyoda
Ko‘nglingga sig‘maydi boshqa bir qo‘shiq.

Yomg‘ir bo‘lib senga yog‘moqchi bo‘ldim,
Sochingdan sirg‘alib yerga tushsamda.
Axir bulutlardek xasratga to‘ldim,
Xasrating bo‘y cho‘zdi bugun jussamda.

Senga borar yo‘lda bekatlar aro
Sog‘inchlar, o‘kinchlar, g‘amlar sochilgay.
Avtolar bir bo‘lib qilar mojaro
Boshi berk ko‘chalar qachon ochilgay?

Ayt o‘zing, xohishing bildirgin menga,
Uyalsang jimgina bergin ishora.
Yoki bulut bilan do‘stlashib senga
Yomg‘ir yuboraymi kunda, kunora.

Ko‘ngilni qo‘ya tur, yetmaydi ko‘zim,
Ishq – azob, aqlimga og‘olmay qoldim.
Bulutdek qoraydim, guldirab so‘zim
Netay yomg‘ir bo‘lib yog‘olmay qoldim.

Azobim ortgaydir garchi baxt kelsa
Sevgisiz, sog‘inchsiz, sensiz dunyoda.
Yondim, chaqmoq bo‘lib yondim, sen esa…
Yomg‘irni sevasan haddan ziyoda.

Endi azobingdan qutqargin meni,
Ufqi yo‘q tomonlar sari uloqtir.
Eng so‘nggi hukmingga mahtalman bugun
Ketish tole bo‘lsa, qolish firoqdir.

Bir kuni chorlasang va yoki kelsang,
Dallidek esimdan og‘ishimni ko‘r.
Shunda gumbur-gumbur nog‘ora chalib,
Shunda yomg‘ir bo‘lib yog‘ishimni ko‘r!

* * *

Sochlaring jingalak,
sochlaring chalkash,
Betartib umrimning ko‘chalariday.
Anov ikki ko‘zing buncha jafokash,
Qop-qora zulmning kechalariday.

Izingda gul unar, poyingga yulduz
O‘zini otashga otgandek tashlar.
Bo‘g‘zimda jon taslim qilayotgan so‘z
Jonim tarashlar.

Endi bu yerlardan o‘tmagin qaytib,
Sarmast ko‘chamizning ko‘zlari giryon.
U kutar baribir ismingni aytib,
Sog‘inchi bir yonu… sog‘inchi bir yon.

Qol desam ne bo‘lar, qolasanmi yo?
Baxshida et desam kecha-kunduzing.
Ostin-ustun bo‘lib yotibdi dunyo,
Tartibga keltirib bersang-chi o‘zing.

Tovonim – shu jonim, ista o‘tda yoq!
Bir boshga og‘irlik qilar bojlaring.
Hajring dorga boshlar, qarshimda sirtmoq –
Jingalak sochlaring, chalkash sochlaring.

TUSH

Har kech tushlarim alag‘da-jalag‘da,
Bosliqib har yonga yugurib, yelib,
Goho cho‘g‘ ustida yalang oyoqda
O‘yinga tushaman maydonga kelib.

Goho bir xatodan to tongga dovur
Tushimda ham uzoq chekaman afsus.
Yuragim, barini shamolga sovur,
Demoqqa bir lahza topilmaydi so‘z.

Goh tanam tor kelgan okopchalarda
Ayovsiz ezg‘ilab o‘tadi tankchi.
Yuragim tortilar likopchalarda
Dodlab uyg‘onaman, qo‘limda sanchqi!

Umrimda hech qachon ko‘rmagan g‘ashlik,
Qalbim his etmagan qop-qora qayg‘u,
Yashab o‘tilmagan qariya yoshlik –
Ortimdan shamoldek quvlaydi: g‘uv-g‘uv…

Meni ta’qib etar shu zayl tushlar,
Har tongda jiqqa ho‘l ko‘rpa-yostig‘im.
Agar bor bo‘lsangiz xabarchi qushlar,
Ishoramdan taning, anglang tasdig‘im.

Hech kim bosh suqmagay tanlov ishimga,
Beso‘roq kelaver, tortmagin mulzam.
Kimlar va nimalar kirgan tushimga
Nega sen kirmaysan, axir azizam.

“QO‘RQMA”NI O‘QIB
Javlon Jovliyevga bag‘ishlanadi

Badaningda jimir etgan tomirmi u,
Yurak tanang uzra qoning haydayaptimi?
Mehribonim,
tikilganing Pomirmi u,
Badar ketgan bolalaring qaytmayaptimi?

Ne chorang bor bog‘laringni zog‘lar bossa,
O‘ymaysanmi buni ko‘rgan ko‘zlaringni.
Ozod qalbing osmonini dog‘lar bossa,
Tayyorlab qo‘y taskin uchun so‘zlaringni.

Ko‘zlaringdan uqqanim shu savol bo‘ldi:
Endi kechmi,
boy berdikmi hammasini?..
Nahot butun hayotimiz zavol bo‘ldi,
Sezmadikmi quzg‘unlarning hamlasini?..

Yo‘q, onajon,
bag‘ring tilma, soching yulma,
Soching kerak dushmanlarni bo‘g‘ish uchun!
Yuzdan oshib, qayta tug‘il, lekin o‘lma,
Bag‘ri butun bolalarni tug‘ish uchun!

O‘z qadrini bilmaganlar erman desa,
O‘z yurtida qadr topmas o‘lgunicha.
Bolalaring yigit bo‘lsa, erman desa,
Tuproq qo‘rib yotsin tuproq bo‘lgunicha!

* * *

Kechir, gunohkorman.
Iqrorman butkul,
So‘zimning ustidan chiqolmadim, oh!
Va’dam quyuq bo‘ldi: shu kecha kutgil.
Sen mushtoq bo‘lganding, men esa… e voh!

Sahardan hozirlik ko‘rganing tayin,
Xonangga bahorni boshlab kelgansan.
Oqshom kelar vaqtim yetgani sayin
Oyoqlar uchida mayin yelgansan.

Egningdagi ko‘ylak – menga yoqqani,
Ko‘zguning yonida aylanasan gir.
Nigohing so‘z aytar: “qanisan, qani,
Azizim, keldingmi, kiravergin, kir.

Yo‘q, bu sen emasmi, mayli, kutamiz,
Tayyor emas edim o‘zim ham rosti.
Bir qoshiq qoningdan mayli, o‘tamiz,
Faqat kel, ko‘nglimni xavotir bosdi.

Mayli, kechikib kel, yo ichikib kel,
O‘t chiqsa yonib kel, suvdan kechib kel.
Yerda yo‘l qolmasa, ko‘kdan uchib kel,
Ko‘nglimni xavotir bosdi, faqat kel”.

…Kelmadim, gul bilan so‘lding barobar,
“Tiq” etgan tovushdan tebranaverding.
Shu kecha oy bilan bo‘lding barobar,
Oppoq saharlarga qalbingni berding.

So‘z-ku topolmadim tushgan ko‘yimga,
Yurak, taniysanmi, bu qanday tuyg‘u?
Sen intizor tunda mening uyimga
Mehmonga kelgandi qop-qora qayg‘u.

Qo‘limdan kelmasdi axir xotirjam
Uni yolg‘iz uyga tashlab borgani.
Ohu ko‘zlaringdan o‘tolmadim ham
Qayg‘uni uyingga boshlab borgani.

Kechir, gunohkorman,
Iqrorman butkul.
UKRAINLAR QO‘SHIG‘I

1. Zulmning ko‘zi och, nafsi yalang‘och,
Ozod ko‘ngillarga solar g‘ulg‘ula.
Ona tuprog‘imni toptamagin, qoch!
Mana bu yuragim, qani, burg‘ila!

Qarab ol, qarshingda turibman mana,
Faqat erk qoshida cho‘kajakman tiz.
Vatanning nomini aytar va ana,
Shahidlik libosin kiyar o‘g‘il-qiz.

Tegrangda sobitlik haqu huquqim,
Tongdek otamanu, kundek botaman.
Maydon o‘rtasida sob bo‘lsa o‘qim,
Bolamni o‘qdonga joylab otaman!

2. Zulm mavh etolmas ruhi poklarni,
U quruq tanani burda-burdalar.
Hurlik qo‘shini jo‘r bo‘lib aytar
Ko‘chaga sochilgan ozod murdalar.

To‘kilar millatmas, odamzot qoni,
Shu zayl yashasang, zavoling tayin.
Ey tutqun dunyoning ozod insoni,
Men ham ukrainman, sen ham ukrain.

VIDO QO‘SHIG‘I

Uzoq qo‘l silkiding, jilmayding, kulding,
Ehtimol yig‘lading, qayg‘uga to‘lding.
Men so‘zsiz ortingdan termulib qoldim,
Sen ketib jimgina sochingni yulding.

Gulim, sezmadingmi, qara, loshimga,
Baxtiyor kezmoqda bir ko‘cha odam.
Osmon qulamadi mening boshimga,
Zulmat qoplamadi – yop-yorug‘ olam.

Faqat yuragimning qat-qatlarida
Asrab o‘stirganim – gullarim so‘ldi.
Ko‘zyosh arig‘imning uvatlarida
Bir ayol yig‘laydi.
Kim u?
Kim bo‘ldi?

Faqat ich-ichimda ismingni aytib,
Qo‘shiqlar kuyladim – bo‘ronim tindi.
Sen yashar ko‘chaga borsam ham daydib,
Qayrilib boqmagin, bahorim. Endi
Bizni xushvaqt ko‘rgan bekatlar mulzam,
Bizni uchrashtirgan poyezdlar mungli.
Bizga soya bergan daraxt, azizam,
Xazonga ko‘mildi. Shu mening ko‘nglim…

Sen uzoq qo‘l silkib, jilmayding ma’yus,
Ko‘zyoshlarim bilan qo‘shilib kuldim.
Alvido, sevgilim, alvido, gulyuz,
Sevgimiz omondir, men esa o‘ldim!

***
(Ch. Aytmatovning “Sohil yoqalab
chopayotgan olapar” qissasini o‘qib)

Chayqalib boryapman to‘lqinlar aro,
Dengizda oq bulut – manzil yo‘qolgan.
Mening ham qayig‘im bir motamsaro,
Mening ham osmonim yulduzsiz qolgan.

Unutib qo‘ydim men tashnaligimni,
Sening izlaringdan suzib boraman.
Kirisk, qabul et oshnaligimni,
Dardingni ich-ichdan sezib boraman.

Mana men boryapman, chidagin picha,
Yetsam, otangni ham saqlab qolamiz.
Milxunga ayt: kutsin men borgunimcha,
Ovchilik nomini oqlab qolamiz.

Oqsoqol O‘rxonning tamakisini
Chaqmoqning o‘tida tutatamizmi?
Axir men sezyapman Yerning isini,
Safarni shu yerda tugatamizmi?

Umiding so‘nmasin, kuchli bo‘l, oshna,
O‘zingni saqlagin telbaliklardan.
Bizni kutayapti buloqlar – tashna,
Umbaloq oshamiz tepaliklardan.

Oving yurishmadi ovulingga qayt,
Ochiq yaralaring endi kim yopar?
Biz keldik, eng mungli qo‘shig‘ingni ayt,
Sohilda intizor turgan olapar.

BRUNO
(“Yo‘l-yo‘l pijamali bola” filmini ko‘rib)

Bruno, qiziqma hech qanday sirga,
Koptogingni o‘yna, arg‘imchoqda uch.
Yoki bekinmachoq o‘ynaymiz birga
Ko‘zlarimni yumdim, bir, ikki, uch…

Eng sokin, eng xilvat joylarga berkin,
Seni topolmasin iskabtoparlar.
Eshitma va ko‘rma, bu hayot chirkin,
Anglasang otarlar yoki choparlar.

Sen shunday yashagin, shunday beg‘ubor,
Umringni sarf etma asov quyunday.
Bo‘g‘ilma, ko‘ksingga inmasin g‘ubor,
Shunchaki bu yerning havosi shunday.

Bruno, qaragin, osmon tip-tiniq,
Uchib borayotir ozodlik, hurlik.
Faqat anov qushning qanoti siniq,
Janubga yetolmay qulaydi sho‘rlik.

Bruno, qoqilma zulmat tunlari
Ko‘cha chiroqlari yonib turibdi.
Hushingni olmasin mazlum unlari,
Egningga ko‘zmunchoq taqib qo‘yaman.

Endi esa uxla, ko‘zlaringni yum,
Men ertak aytaman bor mehrim iyib.
So‘ngra tushlaringda yig‘layman yum-yum,
Raqamlangan yo‘l-yo‘l pijama kiyib.

21

(Tashriflar: umumiy 178, bugungi 1)

Izoh qoldiring