Islomjon Qo’chqorov. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.12.20_00h16m55s_003_.png   Исломжон Қўчқоров шеърларини кутубхонамизга фаол кўмакчимиз Дилмурод Дўст тавсия этди. Шеърларга баҳо бериш сиздан…

Исломжон Қўчқоров
ШЕЪРЛАР
03

* * *

Тилим чаён чайнаса, дилим чин айт деб турса,Ashampoo_Snap_2017.12.20_00h22m44s_004_.png
Ичимда бир ҳур овоз ўзингга қайт деб турса.
Тушимда Темур бобом от чопиб «ҳайт!» деб турса,
Тоғлар сергак тортса-ю, мен эса уйғонмасам.

Мудраб ётган қонларим томиримда гупурса,
Хотирим ким эдинг, деб мудом сўроқлаб турса.
Кўкдаги миллион кўз кимлигим кўриб турса,
Коинот тўлғонса-ю, мен эса тўлғонмасам.

Бобомнинг пешонаси эгатдек чизиқ-чизиқ,
Ўтмиши қулф осилган сандиқдек қизиқ-қизиқ,
Вақт ҳукмида туйғулар, ришталар узуқ-юлуқ,
Ғафлат мендан тонса-ю, мен ундан тонолмасам.

Ватан! Ватан! Дейману каломим сохта, синиқ,
Унинг қатра тупроғи маъволари оқ, тиниқ.
Бу олам рост каломи иймон-ла мудом ёниқ,
Мен ким бўлдим гар унинг қадрини англолмасам.

Халқим, меҳринг зиёси кўнглингга бошлаб борсин,
Ҳазрат Навоий юрган йўлингга бошлаб борсин.
Бош устига синовлар, йўлга дард ташлаб борсин,
Ошиқ ё шоирмасман шу дарддан сўз термасам,
Содиқ ўғлонингмасман Ватан деб жон бермасам.

Кўнглим

Кўнглим, қаерларга бошлаб кетябсан,
Ортингда кимларни ташлаб кетябсан.
Ўзингни-да мени шикаста этиб,
Қара, кўзларимни ёшлаб кетябсан.

Дераза олдида ўтириб маъюс,
Ёмғирга термулиб сураябман ўй.
Салом сенга хазон, салом сенга куз,
Сенинг ҳам кўчангда бошландими тўй.

Менинг юрагимда ҳар куни базм,
Хазонлар тўпланиб гулхан ёқади.
Ўтга сув сепишга қилолмам жазм,
Шу гулхан кўнглимга гулдек ёқади.

Минг йилки, яшайман сен билан бирга
Оҳ, кўнгил, исагинг недир билмайман.
Лек жавоб топдим мен ягона сирга,
Ўзимнинг жонимни ўзим қийнайман.

***

Тун бағрида ётган қиз,
Бағрида тун ётган қиз.
Кўзида қуёш ботиб,
Кўзида тонг отган қиз.

Хаёллари кўнглининг
Кўчасидан ҳам узун.
Бу кўчада бегона
Хаёлга йўқдир изн.

Кўзи осмон тоқидан
Терганида юлдузлар
Ҳайрат билан бу кўзга
Боқар миллион кўзлар.

Мен сойга юрак ёрдим:
Армоним бўлиб қолдинг.
Бағрим минг пора пайти
Сен ойга юрак солдинг.

Мен неларга алишдим
Насибамни – хасмимни.
Оймомога кўрсатма
Қўйнингдаги расмимни.

Оймомо менга сирдош,
У сирингни сотади.
Чунки унинг ўзи ҳам
Сурат қучиб ётади.

***

Она, мени ўйлаб сиқилма сира,
Кетяпман ҳаётнинг сўқмоқларидан.
Фақат кўнгил вайрон, бошимчи ғурра
Тақдирнинг азобу тўқмоқларидан.

Она, сен ёлғонни суймас эдинг-ку,
Дердинг: «Инсон нурдан яралган, ишон».
Қандоқ ишонайин қон юрагимни
«Нур»дан яралганлар қилаверса қон.

Мен Ҳаққа ишондим, сенга ишонгум,
Ёлғон деб аталмиш дунёларида.
Ёнсам ҳам ўзимнинг ўтимда ёнгум
Ҳали ўт ўчмаган кўнглим қарида.

Фақат… фақат дилни қийнар хотира
Азобли ўйларга қилаверар дуч.
Она, мени ўйлаб сиқилма сира
Мен ғолиб бўлишга топажакман куч.

Айрилиш

— Билсангиз, ҳайдалиш куйини чалингиз, ажралиш куйини чалингиз!
“Ўткан кунлар”дан

Биз кетиб борамиз икки уловда,
Автобус оҳ тортар фироғимиздан.
Юзда табассум лек юрак оловда,
Куйиб борар яқин-йироғимиздан.

Нигоҳинг муҳрлаб олиб дилимга
Олис Шош томонга суриб кетдим от.
Сездим: кўзларингни тикиб йўлимга
Ишқингни яна бир айладинг исбот.

Йўллар узун экан, манзилим олис,
Сен ҳақда ўйларим тонгни уйғотди.
Қалбингда асраган сирингни ёлғиз
Ёлғонни суймаган кўзларинг сотди.

Минг бор хайрлашдик хайрлашгунча,
Ёнингдан бир қадам жилгим келмади.
Энди ҳижрон гули очгайдир ғунча
Оддий ҳақиқатни билгим келмади.

***

Қисмат деган билан шартлашавердик,
У шартин қўяди, кўнаверамиз.
Номардларни кўриб мардлашавердик,
Ўзлигимизга шундай дўнаверамиз.

Баъзан шаштимиздан қайтганимиз рост,
Баъзан қўл силтадик бари-барига.
Борини борича айтганимиз рост,
Кўнгилнинг измидан кетмай нарига.

Қирқига чидадик, жўрагинам-а,
Энди чидаймизда қирқ бирига ҳам.
Тақдирни тушундик, қилмадик таъма,
Чунки одил эди энг олий ҳакам.

Не келса шукр деб Ҳаққа йўйдик биз,
Дилга йўлатмадик айро ҳисларни.
Сенинг маконингга элтиб қўйдик биз,
Ўзинг инъом этган анбар исларни.

Гарчи асролмадик қанча дурларни,
Ўшанда ҳам Ўзинг мададкор эдинг.
Биз фақат кўнгилни асрадик Тангрим,
Чунки унда танҳо ўзинг бор эдинг.

Болалик

Болалик — ортига қайтмас турналар,
Қўл силкиб кетади қатор ва қатор.
Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар,
Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор.

Меҳр нурларини сочиб саҳардан
Мурувват аталмиш гулбоғда ўсдим.
Бугун-чи, дийдаси қотган шаҳардан
Муҳаббат ахтариб юрибман, дўстим.

Сен нени излайсан, мен не излайман,
Тўқнашиб кетади орзу-истаклар.
Мен Ҳаққа элтувчи йўлни кўзлайман,
Сени шуҳрат деган дўстинг етаклар.

Чиптамиз бир хилдир, маконимиз бир,
Кетмоқдамиз тақдир поездларида.
Дўстим, кўришмоқлик насиб айласин,
Муборак жаннатнинг даҳлизларида.

Болалик — ортига қайтмас турналар,
Қўл силкиб кетади қатор ва қатор.
Ҳар сафар ёдимда минг хил турланар,
Ҳар сафар ўйласам, ўйларим бедор.

Ўзим йўлдаману кўзларим кўкда,
Келар кунингизни айтинг, турналар.
Ерда юрганлардан улфатим йўқ-да,
Менинг осмонимга қайтинг, турналар.

Синов шартномаси

Шартнома беришар ишга кирар пайт,
“Бир ой синовдасиз”, дейишар доим.
Кадржон, шартингни бир умр деб айт,
Жонимни синовга берган Худойим.

Ишимни оласан шартномага хос,
Мен юзингни ерга қаратганимга.
О, ҳали ножўя амаллар учун
Жавоб бермоғим бор Яратганимга.

Синглим Аннага

“Фарзанди бор ҳар аёл ҳам она эмас,
Фарзанди бор ҳар эркак ҳам ота эмас”.
Чирчиқ шаҳридаги меҳрибонлик уйи тарбияловчиси, 110 нафар фарзанднинг волидаси Фарида опанинг дегани

Юзингда ним табассум,
Ичингда бир ҳасрат бор.
Ёстиғингнинг остида
Жавоб келмас кўп хат бор.

Дилингдаги умидинг
Қаноти йўқ қушмиди?
Ай, болажон, бу қисмат
Қўрқинчли бир тушмиди?

Тик боқолмай юзингга
Ҳасратларим ортадир.
Адо бўлган юрагим
Шунданми “оҳ” тортадир.

Кўзга сурай эшикка
Термулган кўзларингни.
Онанг бир кўрса эди,
Отанг бир кўрса эди
Ойдайин юзларингни,
Кундайин юзларингни…

Мунчоқ кўзларингни юм,
Етар, синглим, бугунча.
Англаганинг шу бўлди —
Соғинч деган тушунча,
Соғинч деган тушунча.

Қисмат деганлари шу,
Митти жонинг қийнама.
Бағрим эзилиб кетди
“Ойи-ойи” ўйнама…

Бир хиллик

Ҳар куни шу ҳолат бўлади такрор,
Бекатлар кутади ишдан қайтишинг.
Автобус келиши ва яна сенинг
Чиптачи йигитга салом айтишинг.

Қулайроқ ўриндиқ таклиф этишар,
Қандай ҳориганинг сезган одамлар.
Ва яна хаёлга чўмиб кетишар
Сўздан ва кўзлардан безган одамлар.

Ҳеч нарса ҳис қилмай кетиб борасан,
Маъно уқиб бўлмас юзларга боқиб.
Ҳатто ўз аксингни кўра олмайсан
Сенга-да тикилган кўзларга боқиб.

Автобус жўр бўлар хўрсинишингга,
Адоқсиз ўйларда кетиб борасан.
Ўзингдек зериккан катта хонангга
Худди шу зайлда етиб борасан.

Минг йилки, шундайин ўзгармас дунё,
Қанисан, оқ тулпор минган баҳодир?
Бугун ҳам кулмади оппоқ орзулар,
Бугун ҳам ҳеч нарса бўлмади содир.

***

Ч. Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасини ўқиб

Чайқалиб боряпман тўлқинлар аро,
Денгизда оқ булут — манзил йўқолган.
Менинг ҳам қайиғим бир мотамсаро,
Менинг ҳам осмоним юлдузсиз қолган.

Унутиб қўйдим мен ташналигимни,
Сенинг изларингдан сузиб бораман.
Кириск, қабул эт ошналигимни,
Дардингни ич-ичдан сезиб бораман.

Мана мен боряпман, чидагин пича,
Етсам, отангни ҳам сақлаб қоламиз.
Милхунга айт: кутсин мен боргунимча,
Овчилик номини оқлаб қоламиз.

Оқсоқол Ўрхоннинг тамакисини
Чақмоқнинг ўтида тутатамизми?
Ахир мен сезяпман Ернинг исини,
Сафарни шу ерда тугатамизми?

Умидинг сўнмасин, кучли бўл, ошна,
Ўзингни сақлагин телбаликлардан.
Бизни кутаяпти булоқлар — ташна,
Умбалоқ ошамиз тепаликлардан.

Овинг юришмади овулингга қайт,
Очиқ яраларинг энди ким ёпар?
Биз келдик энг мунгли қўшиғингни айт,
Соҳилда интизор турган олапар.

article250321.jpgIslomjon Qo‘chqorov she’rlarini kutubxonamizga faol ko‘makchimiz Dilmurod Do‘st tavsiya etdi. She’rlarga baho berish sizdan…

Islomjon Qo‘chqorov
SHE’RLAR
03

Islomjon Qo‘chqorov 1993 yil Samarqand viloyatining Ishtixon tumanida tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetini tamomlagan.
She’rlari, ijodiy ishlari bilan respublika nashrlarida muntazam qatnashib keladi. Hozirda “Milliy tiklanish” gazetasida ishlaydi.

03

* * *

Tilim chayon chaynasa, dilim chin ayt deb tursa,
Ichimda bir hur ovoz o‘zingga qayt deb tursa.
Tushimda Temur bobom ot chopib «hayt!» deb tursa,
Tog‘lar sergak tortsa-yu, men esa uyg‘onmasam.

Mudrab yotgan qonlarim tomirimda gupursa,
Xotirim kim eding, deb mudom so‘roqlab tursa.
Ko‘kdagi million ko‘z kimligim ko‘rib tursa,
Koinot to‘lg‘onsa-yu, men esa to‘lg‘onmasam.

Bobomning peshonasi egatdek chiziq-chiziq,
O‘tmishi qulf osilgan sandiqdek qiziq-qiziq,
Vaqt hukmida tuyg‘ular, rishtalar uzuq-yuluq,
G‘aflat mendan tonsa-yu, men undan tonolmasam.

Vatan! Vatan! Deymanu kalomim soxta, siniq,
Uning qatra tuprog‘i ma’volari oq, tiniq.
Bu olam rost kalomi iymon-la mudom yoniq,
Men kim bo‘ldim gar uning qadrini anglolmasam.

Xalqim, mehring ziyosi ko‘nglingga boshlab borsin,
Hazrat Navoiy yurgan yo‘lingga boshlab borsin.
Bosh ustiga sinovlar, yo‘lga dard tashlab borsin,
Oshiq yo shoirmasman shu darddan so‘z termasam,
Sodiq o‘g‘loningmasman Vatan deb jon bermasam.

Ko‘nglim

Ko‘nglim, qayerlarga boshlab ketyabsan,
Ortingda kimlarni tashlab ketyabsan.
O‘zingni-da meni shikasta etib,
Qara, ko‘zlarimni yoshlab ketyabsan.

Deraza oldida o‘tirib ma’yus,
Yomg‘irga termulib surayabman o‘y.
Salom senga xazon, salom senga kuz,
Sening ham ko‘changda boshlandimi to‘y.

Mening yuragimda har kuni bazm,
Xazonlar to‘planib gulxan yoqadi.
O‘tga suv sepishga qilolmam jazm,
Shu gulxan ko‘nglimga guldek yoqadi.

Ming yilki, yashayman sen bilan birga
Oh, ko‘ngil, isaging nedir bilmayman.
Lek javob topdim men yagona sirga,
O‘zimning jonimni o‘zim qiynayman.

***

Tun bag‘rida yotgan qiz,
Bag‘rida tun yotgan qiz.
Ko‘zida quyosh botib,
Ko‘zida tong otgan qiz.

Xayollari ko‘nglining
Ko‘chasidan ham uzun.
Bu ko‘chada begona
Xayolga yo‘qdir izn.

Ko‘zi osmon toqidan
Terganida yulduzlar
Hayrat bilan bu ko‘zga
Boqar million ko‘zlar.

Men soyga yurak yordim:
Armonim bo‘lib qolding.
Bag‘rim ming pora payti
Sen oyga yurak solding.

Men nelarga alishdim
Nasibamni – xasmimni.
Oymomoga ko‘rsatma
Qo‘yningdagi rasmimni.

Oymomo menga sirdosh,
U siringni sotadi.
Chunki uning o‘zi ham
Surat quchib yotadi.

***

Ona, meni o‘ylab siqilma sira,
Ketyapman hayotning so‘qmoqlaridan.
Faqat ko‘ngil vayron, boshimchi g‘urra
Taqdirning azobu to‘qmoqlaridan.

Ona, sen yolg‘onni suymas eding-ku,
Derding: «Inson nurdan yaralgan, ishon».
Qandoq ishonayin qon yuragimni
«Nur»dan yaralganlar qilaversa qon.

Men Haqqa ishondim, senga ishongum,
Yolg‘on deb atalmish dunyolarida.
Yonsam ham o‘zimning o‘timda yongum
Hali o‘t o‘chmagan ko‘nglim qarida.

Faqat… faqat dilni qiynar xotira
Azobli o‘ylarga qilaverar duch.
Ona, meni o‘ylab siqilma sira
Men g‘olib bo‘lishga topajakman kuch.

Ayrilish

— Bilsangiz, haydalish kuyini chalingiz, ajralish kuyini chalingiz!
“O‘tkan kunlar”dan

Biz ketib boramiz ikki ulovda,
Avtobus oh tortar firog‘imizdan.
Yuzda tabassum lek yurak olovda,
Kuyib borar yaqin-yirog‘imizdan.

Nigohing muhrlab olib dilimga
Olis Shosh tomonga surib ketdim ot.
Sezdim: ko‘zlaringni tikib yo‘limga
Ishqingni yana bir aylading isbot.

Yo‘llar uzun ekan, manzilim olis,
Sen haqda o‘ylarim tongni uyg‘otdi.
Qalbingda asragan siringni yolg‘iz
Yolg‘onni suymagan ko‘zlaring sotdi.

Ming bor xayrlashdik xayrlashguncha,
Yoningdan bir qadam jilgim kelmadi.
Endi hijron guli ochgaydir g‘uncha
Oddiy haqiqatni bilgim kelmadi.

***

Qismat degan bilan shartlashaverdik,
U shartin qo‘yadi, ko‘naveramiz.
Nomardlarni ko‘rib mardlashaverdik,
O‘zligimizga shunday do‘naveramiz.

Ba’zan shashtimizdan qaytganimiz rost,
Ba’zan qo‘l siltadik bari-bariga.
Borini boricha aytganimiz rost,
Ko‘ngilning izmidan ketmay nariga.

Qirqiga chidadik, jo‘raginam-a,
Endi chidaymizda qirq biriga ham.
Taqdirni tushundik, qilmadik ta’ma,
Chunki odil edi eng oliy hakam.

Ne kelsa shukr deb Haqqa yo‘ydik biz,
Dilga yo‘latmadik ayro hislarni.
Sening makoningga eltib qo‘ydik biz,
O‘zing in’om etgan anbar islarni.

Garchi asrolmadik qancha durlarni,
O‘shanda ham O‘zing madadkor eding.
Biz faqat ko‘ngilni asradik Tangrim,
Chunki unda tanho o‘zing bor eding.

Bolalik

Bolalik — ortiga qaytmas turnalar,
Qo‘l silkib ketadi qator va qator.
Har safar yodimda ming xil turlanar,
Har safar o‘ylasam, o‘ylarim bedor.

Mehr nurlarini sochib sahardan
Muruvvat atalmish gulbog‘da o‘sdim.
Bugun-chi, diydasi qotgan shahardan
Muhabbat axtarib yuribman, do‘stim.

Sen neni izlaysan, men ne izlayman,
To‘qnashib ketadi orzu-istaklar.
Men Haqqa eltuvchi yo‘lni ko‘zlayman,
Seni shuhrat degan do‘sting yetaklar.

Chiptamiz bir xildir, makonimiz bir,
Ketmoqdamiz taqdir poyezdlarida.
Do‘stim, ko‘rishmoqlik nasib aylasin,
Muborak jannatning dahlizlarida.

Bolalik — ortiga qaytmas turnalar,
Qo‘l silkib ketadi qator va qator.
Har safar yodimda ming xil turlanar,
Har safar o‘ylasam, o‘ylarim bedor.

O‘zim yo‘ldamanu ko‘zlarim ko‘kda,
Kelar kuningizni ayting, turnalar.
Yerda yurganlardan ulfatim yo‘q-da,
Mening osmonimga qayting, turnalar.

Sinov shartnomasi

Shartnoma berishar ishga kirar payt,
“Bir oy sinovdasiz”, deyishar doim.
Kadrjon, shartingni bir umr deb ayt,
Jonimni sinovga bergan Xudoyim.

Ishimni olasan shartnomaga xos,
Men yuzingni yerga qaratganimga.
O, hali nojo‘ya amallar uchun
Javob bermog‘im bor Yaratganimga.

Singlim Annaga

“Farzandi bor har ayol ham ona emas,
Farzandi bor har erkak ham ota emas”.
Chirchiq shahridagi mehribonlik uyi tarbiyalovchisi, 110 nafar farzandning volidasi Farida opaning degani

Yuzingda nim tabassum,
Ichingda bir hasrat bor.
Yostig‘ingning ostida
Javob kelmas ko‘p xat bor.

Dilingdagi umiding
Qanoti yo‘q qushmidi?
Ay, bolajon, bu qismat
Qo‘rqinchli bir tushmidi?

Tik boqolmay yuzingga
Hasratlarim ortadir.
Ado bo‘lgan yuragim
Shundanmi “oh” tortadir.

Ko‘zga suray eshikka
Termulgan ko‘zlaringni.
Onang bir ko‘rsa edi,
Otang bir ko‘rsa edi
Oydayin yuzlaringni,
Kundayin yuzlaringni…

Munchoq ko‘zlaringni yum,
Yetar, singlim, buguncha.
Anglaganing shu bo‘ldi —
Sog‘inch degan tushuncha,
Sog‘inch degan tushuncha.

Qismat deganlari shu,
Mitti joning qiynama.
Bag‘rim ezilib ketdi
“Oyi-oyi” o‘ynama…

Bir xillik

Har kuni shu holat bo‘ladi takror,
Bekatlar kutadi ishdan qaytishing.
Avtobus kelishi va yana sening
Chiptachi yigitga salom aytishing.

Qulayroq o‘rindiq taklif etishar,
Qanday horiganing sezgan odamlar.
Va yana xayolga cho‘mib ketishar
So‘zdan va ko‘zlardan bezgan odamlar.

Hech narsa his qilmay ketib borasan,
Ma’no uqib bo‘lmas yuzlarga boqib.
Hatto o‘z aksingni ko‘ra olmaysan
Senga-da tikilgan ko‘zlarga boqib.

Avtobus jo‘r bo‘lar xo‘rsinishingga,
Adoqsiz o‘ylarda ketib borasan.
O‘zingdek zerikkan katta xonangga
Xuddi shu zaylda yetib borasan.

Ming yilki, shundayin o‘zgarmas dunyo,
Qanisan, oq tulpor mingan bahodir?
Bugun ham kulmadi oppoq orzular,
Bugun ham hech narsa bo‘lmadi sodir.

***

Ch. Aytmatovning “Sohil yoqalab chopayotgan olapar” qissasini o‘qib

Chayqalib boryapman to‘lqinlar aro,
Dengizda oq bulut — manzil yo‘qolgan.
Mening ham qayig‘im bir motamsaro,
Mening ham osmonim yulduzsiz qolgan.

Unutib qo‘ydim men tashnaligimni,
Sening izlaringdan suzib boraman.
Kirisk, qabul et oshnaligimni,
Dardingni ich-ichdan sezib boraman.

Mana men boryapman, chidagin picha,
Yetsam, otangni ham saqlab qolamiz.
Milxunga ayt: kutsin men borgunimcha,
Ovchilik nomini oqlab qolamiz.

Oqsoqol O‘rxonning tamakisini
Chaqmoqning o‘tida tutatamizmi?
Axir men sezyapman Yerning isini,
Safarni shu yerda tugatamizmi?

Umiding so‘nmasin, kuchli bo‘l, oshna,
O‘zingni saqlagin telbaliklardan.
Bizni kutayapti buloqlar — tashna,
Umbaloq oshamiz tepaliklardan.

Oving yurishmadi ovulingga qayt,
Ochiq yaralaring endi kim yopar?
Biz keldik eng mungli qo‘shig‘ingni ayt,
Sohilda intizor turgan olapar.

044

(Tashriflar: umumiy 502, bugungi 1)

Izoh qoldiring