Vadud Mahmud. Turkistonda mayxo’rlik (1923)

Ashampoo_Snap_2017.10.31_15h03m34s_003_.png    Саҳифа Вадуд Маҳмуд (Маҳмудий) таваллудининг 120 йиллигига бағишланади

Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар.

Вадуд Маҳмуд
ТУРКИСТОНДА МАЙХЎРЛИК
06

square_792112_original.jpgБўза, май ва умуман кайф берадурғон ичкиликларининг зарарли бўлиши тўғрисида сўзлаб ўлтириш ортиқчадир. Унинг қандайин заҳри беомон экани илман собитдир. Яқинда бутун Русия олимларининг Масковда бўлуб ўткан қурултойи ақлсизлик-жинниликнинг ичкиликка жуда яқин алоқада бўлганини исбот этди.

Бу нарса Туркистоннинг бутун шаҳар ва қишлоқлариға ёйилғон. Ҳатто баъзи бир зиёлилар ва хотинлариға ҳуррият тарафдори бўлғон кимсалар ўз оилалари билан ҳам «расман» ичишмакка бошлағонлар.

Кўп кишилар бунинг кўп ичилишини билимсизликдан, зарарини тушунмаганликдан келадир, дейдилар. Лекин бу тўғри эмас. Дўхтурлар ҳам тамаки ва «алкагул»нинг зарарини жуда яхши билатуриб, ўзларини шундан торта олмайдирлар. Бу, тўғриси, тарбиясизлиқдан келгандир. Бундай кишилар ўзларини идора эта олмайдурғон зотлардир. Бунга ўргангандан кейин қутулиш қийин.

«Туркистон» газетининг ўтган сонларидан бирида, Туркистон Халқ комиссарлар шўросининг кўкнори экишни ман қилиб чиқарғон қарори ёзилди. Биз буни кўруб халқни заҳарлайдурғон моддалардан бирини камайтириш ва битириш йўлиға киришганлигини кўруб жуда севиндик ва олқишладик. Бугун ичкилик тўғрисинда ҳам ўз товушимизни халқнинг ҳомийи ва мураббийи бўлған юқори ҳукумат доираларига эшитдирмакчимиз.

Ичкилик ўзгаришдан кейин бир неча вақтлар ман қилинғон бўлса ҳам, «иқтисодий-сиёсат» билан яна эски ҳолиға қайтди. Самогун ва мусаллас пиширғувчилар билан кураш олиб борғон бўлса ҳам, ул кўп вақт давом этмади. Шундан кейин яна ривож олиб кетди.

Мана бу курашни тўхтатмаслик керак. Юқори доираларимизнинг, айниқса, бўлис ва қишлоқ ташкилотларининг ва халқимизни маданий ҳаётга яқинлаштирмоқ дардида бўлғон ишчиларимизнинг шу масалага жиддийроқ қарамоқларини ўтинамиз.

Ушбу мақола «Туркистон» газетасининг 1923 йил 24 декабрь сонида эълон қилинган.

ВАДУД МАҲМУД ҲАҚИДА
Сирожиддин АҲМАД
09

07b.jpgЎтган аср ўзбек адабий ва театр танқидчилигида сезиларли из қолдирган сиймолардан бири самарқандлик шоир ва мунаққид, тожик тили грамматикаси муаллифи Вадуд Маҳмуддир(1898-1976; айрим манбаларда 1897. Чалкашлик ҳижрий йилни милодий йилга ўтказишдан пайдо бўлган. Вафот этган йили аслида 1975 йилнинг апрелида. ХДК изоҳи). У ўз даврида шўро мафкурачилари ва комфирқа томонидан кескин таъқиб қилинди, маданиятчилар қурултойида Чўлпон, Фитрат, Элбек ва бошқалар қатори маънавий калтакланди, қувилди.

Вадуд Маҳмуд ўзбек адабиётига кўпгина замондош ва тенгдошлари қатори мадраса илми билан кириб келди. Унинг бадиий-эстетик қарашлари хусусий мутолаасининг кучлилиги туфайли ўзига хос тарзда шаклланган эди. Кейинчалик турк ҳамда рус адабиёти ва адабиётшунослиги билан кенгроқ танишуви натижасида дунёқараши янада кенгайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мардонқул Шомуҳамедов янги ижтимоий ҳаёт билан таништирган бўлсалар, Фитрат уни маърифат, маданият ва адабиётнинг мутлақо янги оламига олиб кирди…

Вадуд Маҳмуд Самарқанд вилояти Юқори Дарғом туманининг Тойлоқ қишлоғида Маҳмуд Пирмуҳамедов ва Анвара Пирмуҳамедова оиласида туғилган. Етти ёшида отадан етим қолгач, онасининг Ражаб­­амин қишлоғидаги ҳовлисига кўчиб борадилар. Ўз сўзига қараганда, уларнинг 12 таноб ери, бир сигир ва икки бош қўйи ҳамда боғи бўлиб, синглиси Сабоҳат, жияни Мунира ва Ҳамид унинг қарамоғида яшаганлар. У Ражабаминдаги муаллим Абдуқодир Шакурийнинг мактабида, унинг рафиқаси Розия отин ва шахсан Шакурийнинг ўзидан таълим олади. 1912 1913 йиллари устози Шакурий Истанбулга бориб, мактаб ишлари билан танишиб қайтади. Устози Тур­киядан келтирган адабиётларни ўқиб, турк наср ва назмидаги янгиликлар билан ошно бўлади. «Шакурий турк-татар мафкурасини жуда ҳурмат қилиб, уларнинг мафкураси таъсирида эди. Уларнинг фанини ил­ғор ҳисоблар эди», дейди В.Маҳмуд. У қози Ҳайдарбек Абусаидовдан ҳам сабоқ олади. Чамаси, 1915 1916 йиллари Шаҳрисабзда ўқитувчилик қилаётган Фитрат Шакурий билан фикрлашгани келади ва ёш Вадуд билан танишади. Бухоро ва Самарқанд ёшлари орасида анча машҳур бўлган Абдурауф Фитрат ва муаллим Исмоил Садрий билан биродар тутиниши натижасида улардан шоир Муҳаммадаминбек Юрдақул шеърлари ва исми номаълум адибнинг «Буюк Турон» романини олиб ўқиб чиқади. «Биз Муҳаммад­а­минбек шеърларини қўшиқ қилиб айтар эдик», дейди Вадуд Маҳмуд кўрсатмаларидан бирида. Шу даврда Абдуқодир Каримов, Акобир Шомансуров каби маърифат фидойилари билан дўстлашади. Бу ижтимоий-адабий муҳит Вадуд Маҳмуднинг тафаккурига таъсир кўрсатмай қолмади. 1917 йил куз фаслида Фитрат бир неча Самарқанд ва Бухоро ёшлари қатори уни Уфага олиб бориб, Мадрасаи Олияга жойлаштиради. Ўзи ҳам ўша ерда 20 30 кун туриб, ишни пишитиб қайтади. Маҳмудий 1918 йил баҳор фаслида таҳсилни тугатиб, махсус ҳужжат билан Тошкент­га келади, сўнг Самарқандга қайтади. Ёз ойигача педагогика курсида ўқийди. 1919 1925 йиллари ўқитувчилик қилади. Аммо бу орада Бухнернинг «Модда ва қувват» асари билан танишади ҳамда ашаддий материалистга айланади. 1919 1921 йиллари комфирқага киради ва Самарқанд шаҳар маориф бўлимига мудир этиб тайинланади. Тахминан, 1922 йили Жиззах шаҳар маориф бўлими мудири вазифасига ўтказилади. 1923 йили Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат университетининг иқтисод факультетида ўқийди. Орадан кўп ўтмай Самарқанд педагогика институтига мудир бўлади, аммо кимларгадир феъли ёқмай қолгани учун яна Самарқанд маориф бошқармасига мудир этиб ўтказилади.

Вадуд Маҳмуд 1930 йил 18 августда берган кўрсатмасида шундай дейди: «Таъкидлашим керакки, инқилоб вақтида менинг мафкурам бир неча марта ўзгарди. Болалик ва ўсмирлик пайтимда диний руҳда тарбияландим. 1917 йили «Модда ва қувват» билан танишиб, дин билан алоқамни уздим… Аста-секин ўзим сезмаган ҳолда Қуръон ўқиш билан шуғулланиб, айрим сура-оятларнинг қироати вақтида йиғлайдиган бўлдим, шундай қилиб, бошимда саллаю, яна диндор одам бўлиб қолдим».

Абдурауф Фитрат 1919 1920 йиллари Тошкентда яшагани, «Чиғатой гурунги» уюшмасини расмий ташкил этиб, «Тонг» журналини нашр эттиргани кўпчиликка маълум. Ана шу пайтда у Вадуд Маҳмудни Чўлпон, Элбек, Боту билан таништиради. Улар чин дўст, айниқса, Чўлпон билан ижодий масалада ўзаро маслаҳатлашадиган маслакдошларга айланадилар. (У Самарқандга қайтгач, «Чиғатой гурунги»нинг бўлагини ташкил этади.) Вадуд Маҳмуд Тошкентдалик кезлари Фитрат ва Чўлпон ёрдамида Мунаввар қори Абдурашидхонов, Обиджон Маҳмудов, Наби Расулов, Толибжон Мусабоев, Салимхон Тиллахонов, Лазиз Азиззода, Ҳусайнхон Ниёзий, Саидалихўжа Усмонхўжаев, Эшонхўжа Хоний, Шоҳид Эсон, Тангриқул Мақсудий каби ватанпарвар зиёлилар билан танишади. Бухоро ин­қилобидан сўнг Фитрат таклифи билан Бухорога бориб, маориф соҳасида фаолият олиб боради. Бухородан яна Са­марқандга қайтиб, маориф бош­қармасида ишлашни давом эттиради. Аммо аллакимларнингдир таъсири билан 1923 йили вазифасидан ноҳақ четлаштирилади. Бу ҳақда Абдул­ҳамид Сулаймон-Чўлпон «Туркистон» газетасида норозилик билдиради. У шу йили фирқадан ўз ихтиёри билан чиқади. 1925 йили Москвага бориб, Адабиёт ва санъат инс­титутига ўқишга киради. 1930 йил 22 август кўрсатмаларида хотирлашича, Москвадалик пайтида Муҳиддинқори Ёқу­бов, Абдул­ҳай Тожиев, Шокир Сулаймон, Боту, Восил Муҳаммадиев, Ишоқ қори Каримов билан учрашиб туради.

Хуллас, Вадуд Маҳмуднинг Москвадаги ҳаёти ажиб тарзда кечди: илмга чанқоқ бўлгани учун Туркия элчихонаси билан алоқа ўрнатиб, элчихонадан 12та турк адабиётига оид китоб олади, «Ҳокими миллия» газетаси билан кутубхоналар орқали танишиб боради, Шарқ халқлари нашриётида директор бўлиб ишлаётган Назир Тўрақулов ёрдамида туркча китобларни мутолаа қилади, Умар Хайём билан танишади.

У ердан 1926 йили Самарқандга келади. Бу ердаги ишларини битириб яна ўқишга қайтмоқчи бўлганда, маориф комиссари Д.Ризаевнинг топшириғи билан «Маориф ва ўқитғувчи» журналида масъул котиб лавозимида фаолият олиб боради. Аммо орадан бир ярим йил ўтгач, мафкурага тўғри келмайдиган мақолалар эълон қилдинг, деган баҳона билан ишдан четлаштирилади.

1928 йилдан матбуот ва маориф ишларидан четлашиб, давлат нашриёти ва турли ташкилотларда таржимонлик билан кун кечиради. Аммо унинг адабий-бадиий қувватини сезган Чўлпонга ўхшаган дўст ва замондошлари уни кўпроқ бадиий ижод билан шуғулланишга йўналтиришга ҳаракат қиладилар.

Вадуд Маҳмуд1919-1930 йиллари Туркистон, Бухоро матбуотида фаол иштирок этади. Чўлпон, Фитрат ижоди ҳақида мақола-тақризлар ёзади. Ўзбек шоирлари, хусусан, Чўлпон ва Фитрат ижоди ҳақида Абдураҳмон Саъдий билан «Туркистон» ва «Зарафшон» газеталари саҳифаларида баҳс олиб боради. Севимли адиб дўстлари фаолияти ҳақида ҳали куч олмаган болшавойча дунёқараш нуқтаи назаридан эмас, балки инсонни камолотга, гўзаллик манзилларига чорлаш нуқтаи назаридан фикр юритади. Чиғаноқ ичига яширинган дур сингари сўз оғушидаги ўткир ва теран ма’нольар, парвозлантирувчи, қалб­ларни порлатувчи сулув тимсоллар, рамзлар, ташбеҳлар хусусида фикр юритади. 1925 1928 йиллари «Маориф ва ўқитғувчи» журнали, «Қизил байроқ», «Туркистон» газеталарида босилган Фитрат, Чўлпон, Сиддиқий-Ажзийга бағишланган мақолалари, хусусан, Чўлпоннинг «Булоқлар» тўплами, Фитратнинг «Чин севиш» ва «Ҳинд ихтилолчилари» пиесаларига бағишланган мақолалари фикримизга далил бўла олади. Ўша даврда унга «Қизил қалам» уюшмасида Чўлпон ижоди ҳақида маъруза қилиш топширилади. Вадуд Маҳмуд ўз маърузасида Чўлпонни танқид этишга эмас, балки унинг ижоди бадиий хусусиятларини кашф этишга интилади. Шоир Олтой ва қаламкаш Носир Саиднинг 1930 йил 8 12 августда берган кўрсатмаларига қараганда, Вадуд Маҳмуд 1925 йилги маърузасини аввал мумтоз шоирлар ижодини тарғиб қилишдан бошлаган. Бошқаларнинг эслашича, у Машраб ижодини Чўлпон ижоди билан чоғиштирган.

Унинг ўзи 1930 йил 23 августдаги кўрсатмасида: «Менга Чўлпон ҳақида маъруза қилишни топширишди, мен Чўлпон шеърларининг Машраб шеърларига ўхшаш томонларини муқояса қилганимда, шўро зиёлилари динни тарғиб этмоқдасан, деб айблашди. Мен буни атайлаб қилганим йўқ эди…», дейди. Шундан кейин уни адабий жараёнга жалб этишмайди. 1927 йил октябр ойида ўтган Ўзбекистон маданият ходимлари қурулто­йида Чўлпон билан баробар унга ҳам қаттиқ ҳужум уюштирилади, жавоб бериши учун имконият берилмайди ва шўро хунвейбинлари уни қурултойдан ҳайдаб чиқарадилар. Ана шу воқеадан кейин ҳамма нарсадан ҳафсаласи пир бўлади…

В.Маҳмуднинг фаолиятини зимдан кузатиб юрган сиёсий бошқарма ходимлари 1930 йил 17 август куни унинг уйида тинтув ўтказиб, қамоққа оладилар. Унга «мильлатчилик, аксилинқилобий ташкилот фаолияти ҳақида давлат ташкилотларига хабар бермаганлик, баҳоизм билан шуғулланганликда» айб қўядилар. ОГПУ ҳайъати қошидаги махсус кенгаш 1931 йил 3 октябрда уч йил меҳнат тузатиш лагерьларида ва қўшимча равишда яна уч йил мобайнида Қозоғистонда ишлашга мажбур қилади. У уч йил Тошкентда ҳибсда бўлгач, Олмаотага сургун қилинади. 1936 йил охири — 1937 йил бошларида сургундан қайтиб келади. Лекин орадан йил ўтмай, 1937 йил 18 августда «Миллий иттиҳод»нинг фаол аъзоси, ўтмишда аксилинқилобий, миллатчилик ташвиқоти олиб борганлик, машҳур миллатчи Исмоил Садрий билан алоқадорликда» айбланади ва 10 йилга Архангелск вилоятидаги Каргопол тутқунгоҳига сургун қилинади. 1944 йили мазкур тут­қунгоҳда у маҳбуслар орасида баҳоизмни тарғиб қилди, деган айб билан яна 10 йилга ҳукм қилинади ва муддатни 1959 йили тугатиб, Самарқанд­га қайтиб келади.

Чақимчилар Фитрат, Чўлпон Тошкент ва Самарқандда яшаган пайтлари доим уларнинг уйида ёзувчилар, санъаткорлар, ўқитувчилар ва талабалар бўлганини, баҳор, ёз, куз фаслида ўтказиладиган бу аллақандай ташкилот йиғинида Вадуд Маҳмуд ҳам иштирок этганини таъкидлайдилар. Аммо Вадуд Маҳмуд 1930 1931 йиллари ўтказилган барча тергов жараёнларида ўзининг махфий ташкилот аъзоси бўлмаганини, бундай ташкилотни билмаслигини айтади. 1937 йили эса, бирон марта тергов ўтказилмай, тўғри Каргопол меҳнат тузатиш лагерьига жўнатиб юборилади. У қўйилган айбни ҳам, жазо муддатини ҳам ўша ерда эшитади.

ГПУ ходимлари у сақланаётган хонага М.Исмоилов деган ёш талаба йигитни «қулоқ» сифатида бириктирадилар. У 1931 йил 14 февральдаги чақувида шундай хабар беради: «Мен билан бир хонада Вадуд Маҳмудов ва Саидносирхон тўра Камолхонтўраев ўтиришибди. Маҳмудов мен билан суҳбатда шундай деди: «1923 йил ёки ундан аввалроқ Самар­қанд ижроия қўмитаси ёхуд Самарқанд КПТ(б) вилоят фир­қа қўмитаси котиби Шермуҳамедов (ёки Тошмуҳамедов) мени ташкилотга аъзо бўлиш учун таклиф этди, мен рози бўлдим, лекин аъзоликка ўтмадим, буни терговда яширдим… ГПУ ходимлари менинг уйимни тинтиш вақтида бир хатни топишни эплай олмадилар. Бу Чўлпон қўли билан ёзилган махфий хат эди, мен уни Қуръон ичига яшириб қўйган эдим».

Тергов атайлаб бир йўналишда ўтказилган, яъни уни «Миллий иттиҳод» ташкилотининг аъзоси сифатида айблашга қаратилган. Шу сабабли М.Исмоиловнинг хабари уларга жуда асқотган. Бироқ қайсар маҳбус ўз сўзида туриб олади.

Вадуд Маҳмуд сургун муддатини ўтаб қайтиб келгач, 1959, 1961, 1963 йиллари тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, 1930 ва 1937 йиллардаги ГПУ ва НКВД ҳамда Архангелск вилоят судининг ҳукмларини бекор қилдиради. Шундан сўнг Самарқанддан Душанбага кўчиб кетади. Илмий-бадиий ижод билан шуғулланади. «Фарҳанги забони тожик» луғатини тузишда фаол иштирок этади. Муаллими Абдулқодир Шакурий ҳақида хотира-қисса ёзиб, эълон қилади. Шўрольар ҳукумати Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Турор Рисқулов, Назир Тўрақулов, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Фитрат, Элбек, Қаюм Рамазон, Бўлат Солиев, Миёнбузруг Солиҳов ва бошқа кўпгина зиёлилар қатори Вадуд Маҳмудни ҳам ноҳақдан ноҳақ жабрлади, аммо унинг қалбидаги халққа, Туркистонга муҳаббатини сўндира олмади. У ўзбек маданиятида ўзига хос илмий салоҳиятга эга адабиётшунос, мунаққид сифатида қолди.

IMG_4032.jpgSahifa Vadud Mahmud (Mahmudiy) tavalludining 120 yilligiga bag‘ishlanadi

Bu narsa Turkistonning butun shahar va qishloqlarig‘a yoyilg‘on. Hatto ba’zi bir ziyolilar va xotinlarig‘a hurriyat tarafdori bo‘lg‘on kimsalar o‘z oilalari bilan ham «rasman» ichishmakka boshlag‘onlar.

Vadud Mahmud
TURKISTONDA MAYXO‘RLIK
06

22490133_10155935541349379_5198776389087648162_n.jpgBo‘za, may va umuman kayf beradurg‘on ichkiliklarining zararli bo‘lishi to‘g‘risida so‘zlab o‘ltirish ortiqchadir. Uning qandayin zahri beomon ekani ilman sobitdir. Yaqinda butun Rusiya olimlarining Maskovda bo‘lub o‘tkan qurultoyi aqlsizlik-jinnilikning ichkilikka juda yaqin aloqada bo‘lganini isbot etdi.

Bu narsa Turkistonning butun shahar va qishloqlarig‘a yoyilg‘on. Hatto ba’zi bir ziyolilar va xotinlarig‘a hurriyat tarafdori bo‘lg‘on kimsalar o‘z oilalari bilan ham «rasman» ichishmakka boshlag‘onlar.

Ko‘p kishilar buning ko‘p ichilishini bilimsizlikdan, zararini tushunmaganlikdan keladir, deydilar. Lekin bu to‘g‘ri emas. Do‘xturlar ham tamaki va «alkagul»ning zararini juda yaxshi bilaturib, o‘zlarini shundan torta olmaydirlar. Bu, to‘g‘risi, tarbiyasizliqdan kelgandir. Bunday kishilar o‘zlarini idora eta olmaydurg‘on zotlardir. Bunga o‘rgangandan keyin qutulish qiyin.

«Turkiston» gazetining o‘tgan sonlaridan birida, Turkiston Xalq komissarlar sho‘rosining ko‘knori ekishni man qilib chiqarg‘on qarori yozildi. Biz buni ko‘rub xalqni zaharlaydurg‘on moddalardan birini kamaytirish va bitirish yo‘lig‘a kirishganligini ko‘rub juda sevindik va olqishladik. Bugun ichkilik to‘g‘risinda ham o‘z tovushimizni xalqning homiyi va murabbiyi bo‘lg‘an yuqori hukumat doiralariga eshitdirmakchimiz.

Ichkilik o‘zgarishdan keyin bir necha vaqtlar man qiling‘on bo‘lsa ham, «iqtisodiy-siyosat» bilan yana eski holig‘a qaytdi. Samogun va musallas pishirg‘uvchilar bilan kurash olib borg‘on bo‘lsa ham, ul ko‘p vaqt davom etmadi. Shundan keyin yana rivoj olib ketdi.

Mana bu kurashni to‘xtatmaslik kerak. Yuqori doiralarimizning, ayniqsa, bo‘lis va qishloq tashkilotlarining va xalqimizni madaniy hayotga yaqinlashtirmoq dardida bo‘lg‘on ishchilarimizning shu masalaga jiddiyroq qaramoqlarini o‘tinamiz.

Ushbu maqola «Turkiston» gazetasining 1923 yil 24 dekabr sonida e’lon qilingan.

VADUD MAHMUD HAQIDA
Sirojiddin AHMAD
09

54O‘tgan asr o‘zbek adabiy va teatr tanqidchiligida sezilarli iz qoldirgan siymolardan biri samarqandlik shoir va munaqqid, tojik tili grammatikasi muallifi Vadud Mahmuddir(1898-1976; ayrim manbalarda 1897. Chalkashlik hijriy yilni milodiy yilga o‘tkazishdan paydo bo‘lgan. Vafot etgan yili aslida 1975 yilning aprelida. XDK izohi). U o‘z davrida sho‘ro mafkurachilari va komfirqa tomonidan keskin ta’qib qilindi, madaniyatchilar qurultoyida Cho‘lpon, Fitrat, Elbek va boshqalar qatori ma’naviy kaltaklandi, quvildi.

Vadud Mahmud o‘zbek adabiyotiga ko‘pgina zamondosh va tengdoshlari qatori madrasa ilmi bilan kirib keldi. Uning badiiy-estetik qarashlari xususiy mutolaasining kuchliligi tufayli o‘ziga xos tarzda shakllangan edi. Keyinchalik turk hamda rus adabiyoti va adabiyotshunosligi bilan kengroq tanishuvi natijasida dunyoqarashi yanada kengaydi. Mahmudxo‘ja Behbudiy, Mardonqul Shomuhamedov yangi ijtimoiy hayot bilan tanishtirgan bo‘lsalar, Fitrat uni ma’rifat, madaniyat va adabiyotning mutlaqo yangi olamiga olib kirdi…

Vadud Mahmud Samarqand viloyati Yuqori Darg‘om tumanining Toyloq qishlog‘ida Mahmud Pirmuhamedov va Anvara Pirmuhamedova oilasida tug‘ilgan. Yetti yoshida otadan yetim qolgach, onasining Rajab­­amin qishlog‘idagi hovlisiga ko‘chib boradilar. O‘z so‘ziga qaraganda, ularning 12 tanob yeri, bir sigir va ikki bosh qo‘yi hamda bog‘i bo‘lib, singlisi Sabohat, jiyani Munira va Hamid uning qaramog‘ida yashaganlar. U Rajabamindagi muallim Abduqodir Shakuriyning maktabida, uning rafiqasi Roziya otin va shaxsan Shakuriyning o‘zidan ta’lim oladi. 1912 1913 yillari ustozi Shakuriy Istanbulga borib, maktab ishlari bilan tanishib qaytadi. Ustozi Tur­kiyadan keltirgan adabiyotlarni o‘qib, turk nasr va nazmidagi yangiliklar bilan oshno bo‘ladi. «Shakuriy turk-tatar mafkurasini juda hurmat qilib, ularning mafkurasi ta’sirida edi. Ularning fanini il­g‘or hisoblar edi», deydi V.Mahmud. U qozi Haydarbek Abusaidovdan ham saboq oladi. Chamasi, 1915 1916 yillari Shahrisabzda o‘qituvchilik qilayotgan Fitrat Shakuriy bilan fikrlashgani keladi va yosh Vadud bilan tanishadi. Buxoro va Samarqand yoshlari orasida ancha mashhur bo‘lgan Abdurauf Fitrat va muallim Ismoil Sadriy bilan birodar tutinishi natijasida ulardan shoir Muhammadaminbek Yurdaqul she’rlari va ismi noma’lum adibning «Buyuk Turon» romanini olib o‘qib chiqadi. «Biz Muhammad­a­minbek she’rlarini qo‘shiq qilib aytar edik», deydi Vadud Mahmud ko‘rsatmalaridan birida. Shu davrda Abduqodir Karimov, Akobir Shomansurov kabi ma’rifat fidoyilari bilan do‘stlashadi. Bu ijtimoiy-adabiy muhit Vadud Mahmudning tafakkuriga ta’sir ko‘rsatmay qolmadi. 1917 yil kuz faslida Fitrat bir necha Samarqand va Buxoro yoshlari qatori uni Ufaga olib borib, Madrasai Oliyaga joylashtiradi. O‘zi ham o‘sha yerda 20 30 kun turib, ishni pishitib qaytadi. Mahmudiy 1918 yil bahor faslida tahsilni tugatib, maxsus hujjat bilan Toshkent­ga keladi, so‘ng Samarqandga qaytadi. Yoz oyigacha pedagogika kursida o‘qiydi. 1919 1925 yillari o‘qituvchilik qiladi. Ammo bu orada Buxnerning «Modda va quvvat» asari bilan tanishadi hamda ashaddiy materialistga aylanadi. 1919 1921 yillari komfirqaga kiradi va Samarqand shahar maorif bo‘limiga mudir etib tayinlanadi. Taxminan, 1922 yili Jizzax shahar maorif bo‘limi mudiri vazifasiga o‘tkaziladi. 1923 yili Toshkentga kelib, O‘rta Osiyo davlat universitetining iqtisod fakultetida o‘qiydi. Oradan ko‘p o‘tmay Samarqand pedagogika institutiga mudir bo‘ladi, ammo kimlargadir fe’li yoqmay qolgani uchun yana Samarqand maorif boshqarmasiga mudir etib o‘tkaziladi.

Vadud Mahmud 1930 yil 18 avgustda bergan ko‘rsatmasida shunday deydi: «Ta’kidlashim kerakki, inqilob vaqtida mening mafkuram bir necha marta o‘zgardi. Bolalik va o‘smirlik paytimda diniy ruhda tarbiyalandim. 1917 yili «Modda va quvvat» bilan tanishib, din bilan aloqamni uzdim… Asta-sekin o‘zim sezmagan holda Qur’on o‘qish bilan shug‘ullanib, ayrim sura-oyatlarning qiroati vaqtida yig‘laydigan bo‘ldim, shunday qilib, boshimda sallayu, yana dindor odam bo‘lib qoldim».

Abdurauf Fitrat 1919 1920 yillari Toshkentda yashagani, «Chig‘atoy gurungi» uyushmasini rasmiy tashkil etib, «Tong» jurnalini nashr ettirgani ko‘pchilikka ma’lum. Ana shu paytda u Vadud Mahmudni Cho‘lpon, Elbek, Botu bilan tanishtiradi. Ular chin do‘st, ayniqsa, Cho‘lpon bilan ijodiy masalada o‘zaro maslahatlashadigan maslakdoshlarga aylanadilar. (U Samarqandga qaytgach, «Chig‘atoy gurungi»ning bo‘lagini tashkil etadi.) Vadud Mahmud Toshkentdalik kezlari Fitrat va Cho‘lpon yordamida Munavvar qori Abdurashidxonov, Obidjon Mahmudov, Nabi Rasulov, Tolibjon Musaboyev, Salimxon Tillaxonov, Laziz Azizzoda, Husaynxon Niyoziy, Saidalixo‘ja Usmonxo‘jayev, Eshonxo‘ja Xoniy, Shohid Eson, Tangriqul Maqsudiy kabi vatanparvar ziyolilar bilan tanishadi. Buxoro in­qilobidan so‘ng Fitrat taklifi bilan Buxoroga borib, maorif sohasida faoliyat olib boradi. Buxorodan yana Sa­marqandga qaytib, maorif bosh­qarmasida ishlashni davom ettiradi. Ammo allakimlarningdir ta’siri bilan 1923 yili vazifasidan nohaq chetlashtiriladi. Bu haqda Abdul­hamid Sulaymon-Cho‘lpon «Turkiston» gazetasida norozilik bildiradi. U shu yili firqadan o‘z ixtiyori bilan chiqadi. 1925 yili Moskvaga borib, Adabiyot va san’at ins­titutiga o‘qishga kiradi. 1930 yil 22 avgust ko‘rsatmalarida xotirlashicha, Moskvadalik paytida Muhiddinqori Yoqu­bov, Abdul­hay Tojiyev, Shokir Sulaymon, Botu, Vosil Muhammadiyev, Ishoq qori Karimov bilan uchrashib turadi.

Xullas, Vadud Mahmudning Moskvadagi hayoti ajib tarzda kechdi: ilmga chanqoq bo‘lgani uchun Turkiya elchixonasi bilan aloqa o‘rnatib, elchixonadan 12ta turk adabiyotiga oid kitob oladi, «Hokimi milliya» gazetasi bilan kutubxonalar orqali tanishib boradi, Sharq xalqlari nashriyotida direktor bo‘lib ishlayotgan Nazir To‘raqulov yordamida turkcha kitoblarni mutolaa qiladi, Umar Xayyom bilan tanishadi.

U yerdan 1926 yili Samarqandga keladi. Bu yerdagi ishlarini bitirib yana o‘qishga qaytmoqchi bo‘lganda, maorif komissari D.Rizayevning topshirig‘i bilan «Maorif va o‘qitg‘uvchi» jurnalida mas’ul kotib lavozimida faoliyat olib boradi. Ammo oradan bir yarim yil o‘tgach, mafkuraga to‘g‘ri kelmaydigan maqolalar e’lon qilding, degan bahona bilan ishdan chetlashtiriladi.

1928 yildan matbuot va maorif ishlaridan chetlashib, davlat nashriyoti va turli tashkilotlarda tarjimonlik bilan kun kechiradi. Ammo uning adabiy-badiiy quvvatini sezgan Cho‘lponga o‘xshagan do‘st va zamondoshlari uni ko‘proq badiiy ijod bilan shug‘ullanishga yo‘naltirishga harakat qiladilar.

Vadud Mahmud1919-1930 yillari Turkiston, Buxoro matbuotida faol ishtirok etadi. Cho‘lpon, Fitrat ijodi haqida maqola-taqrizlar yozadi. O‘zbek shoirlari, xususan, Cho‘lpon va Fitrat ijodi haqida Abdurahmon Sa’diy bilan «Turkiston» va «Zarafshon» gazetalari sahifalarida bahs olib boradi. Sevimli adib do‘stlari faoliyati haqida hali kuch olmagan bolshavoycha dunyoqarash nuqtai nazaridan emas, balki insonni kamolotga, go‘zallik manzillariga chorlash nuqtai nazaridan fikr yuritadi. Chig‘anoq ichiga yashiringan dur singari so‘z og‘ushidagi o‘tkir va teran ma’nolar, parvozlantiruvchi, qalb­larni porlatuvchi suluv timsollar, ramzlar, tashbehlar xususida fikr yuritadi. 1925 1928 yillari «Maorif va o‘qitg‘uvchi» jurnali, «Qizil bayroq», «Turkiston» gazetalarida bosilgan Fitrat, Cho‘lpon, Siddiqiy-Ajziyga bag‘ishlangan maqolalari, xususan, Cho‘lponning «Buloqlar» to‘plami, Fitratning «Chin sevish» va «Hind ixtilolchilari» piyesalariga bag‘ishlangan maqolalari fikrimizga dalil bo‘la oladi. O‘sha davrda unga «Qizil qalam» uyushmasida Cho‘lpon ijodi haqida ma’ruza qilish topshiriladi. Vadud Mahmud o‘z ma’ruzasida Cho‘lponni tanqid etishga emas, balki uning ijodi badiiy xususiyatlarini kashf etishga intiladi. Shoir Oltoy va qalamkash Nosir Saidning 1930 yil 8 12 avgustda bergan ko‘rsatmalariga qaraganda, Vadud Mahmud 1925 yilgi ma’ruzasini avval mumtoz shoirlar ijodini targ‘ib qilishdan boshlagan. Boshqalarning eslashicha, u Mashrab ijodini Cho‘lpon ijodi bilan chog‘ishtirgan.

Uning o‘zi 1930 yil 23 avgustdagi ko‘rsatmasida: «Menga Cho‘lpon haqida ma’ruza qilishni topshirishdi, men Cho‘lpon she’rlarining Mashrab she’rlariga o‘xshash tomonlarini muqoyasa qilganimda, sho‘ro ziyolilari dinni targ‘ib etmoqdasan, deb ayblashdi. Men buni ataylab qilganim yo‘q edi…», deydi. Shundan keyin uni adabiy jarayonga jalb etishmaydi. 1927 yil oktyabr oyida o‘tgan O‘zbekiston madaniyat xodimlari qurulto­yida Cho‘lpon bilan barobar unga ham qattiq hujum uyushtiriladi, javob berishi uchun imkoniyat berilmaydi va sho‘ro xunveybinlari uni qurultoydan haydab chiqaradilar. Ana shu voqeadan keyin hamma narsadan hafsalasi pir bo‘ladi…

V.Mahmudning faoliyatini zimdan kuzatib yurgan siyosiy boshqarma xodimlari 1930 yil 17 avgust kuni uning uyida tintuv o‘tkazib, qamoqqa oladilar. Unga «millatchilik, aksilinqilobiy tashkilot faoliyati haqida davlat tashkilotlariga xabar bermaganlik, bahoizm bilan shug‘ullanganlikda» ayb qo‘yadilar. OGPU hay’ati qoshidagi maxsus kengash 1931 yil 3 oktyabrda uch yil mehnat tuzatish lagerlarida va qo‘shimcha ravishda yana uch yil mobaynida Qozog‘istonda ishlashga majbur qiladi. U uch yil Toshkentda hibsda bo‘lgach, Olmaotaga surgun qilinadi. 1936 yil oxiri — 1937 yil boshlarida surgundan qaytib keladi. Lekin oradan yil o‘tmay, 1937 yil 18 avgustda «Milliy ittihod»ning faol a’zosi, o‘tmishda aksilinqilobiy, millatchilik tashviqoti olib borganlik, mashhur millatchi Ismoil Sadriy bilan aloqadorlikda» ayblanadi va 10 yilga Arxangelsk viloyatidagi Kargopol tutqungohiga surgun qilinadi. 1944 yili mazkur tut­qungohda u mahbuslar orasida bahoizmni targ‘ib qildi, degan ayb bilan yana 10 yilga hukm qilinadi va muddatni 1959 yili tugatib, Samarqand­ga qaytib keladi.

Chaqimchilar Fitrat, Cho‘lpon Toshkent va Samarqandda yashagan paytlari doim ularning uyida yozuvchilar, san’atkorlar, o‘qituvchilar va talabalar bo‘lganini, bahor, yoz, kuz faslida o‘tkaziladigan bu allaqanday tashkilot yig‘inida Vadud Mahmud ham ishtirok etganini ta’kidlaydilar. Ammo Vadud Mahmud 1930 1931 yillari o‘tkazilgan barcha tergov jarayonlarida o‘zining maxfiy tashkilot a’zosi bo‘lmaganini, bunday tashkilotni bilmasligini aytadi. 1937 yili esa, biron marta tergov o‘tkazilmay, to‘g‘ri Kargopol mehnat tuzatish lageriga jo‘natib yuboriladi. U qo‘yilgan aybni ham, jazo muddatini ham o‘sha yerda eshitadi.

GPU xodimlari u saqlanayotgan xonaga M.Ismoilov degan yosh talaba yigitni «quloq» sifatida biriktiradilar. U 1931 yil 14 fevraldagi chaquvida shunday xabar beradi: «Men bilan bir xonada Vadud Mahmudov va Saidnosirxon to‘ra Kamolxonto‘rayev o‘tirishibdi. Mahmudov men bilan suhbatda shunday dedi: «1923 yil yoki undan avvalroq Samar­qand ijroiya qo‘mitasi yoxud Samarqand KPT(b) viloyat fir­qa qo‘mitasi kotibi Shermuhamedov (yoki Toshmuhamedov) meni tashkilotga a’zo bo‘lish uchun taklif etdi, men rozi bo‘ldim, lekin a’zolikka o‘tmadim, buni tergovda yashirdim… GPU xodimlari mening uyimni tintish vaqtida bir xatni topishni eplay olmadilar. Bu Cho‘lpon qo‘li bilan yozilgan maxfiy xat edi, men uni Qur’on ichiga yashirib qo‘ygan edim».

Tergov ataylab bir yo‘nalishda o‘tkazilgan, ya’ni uni «Milliy ittihod» tashkilotining a’zosi sifatida ayblashga qaratilgan. Shu sababli M.Ismoilovning xabari ularga juda asqotgan. Biroq qaysar mahbus o‘z so‘zida turib oladi.

Vadud Mahmud surgun muddatini o‘tab qaytib kelgach, 1959, 1961, 1963 yillari tegishli tashkilotlarga murojaat qilib, 1930 va 1937 yillardagi GPU va NKVD hamda Arxangelsk viloyat sudining hukmlarini bekor qildiradi. Shundan so‘ng Samarqanddan Dushanbaga ko‘chib ketadi. Ilmiy-badiiy ijod bilan shug‘ullanadi. «Farhangi zaboni tojik» lug‘atini tuzishda faol ishtirok etadi. Muallimi Abdulqodir Shakuriy haqida xotira-qissa yozib, e’lon qiladi. Sho‘rolar hukumati Munavvar qori Abdurashidxonov, Mahmudxo‘ja Behbudiy, Turor Risqulov, Nazir To‘raqulov, Cho‘lpon, Abdulla Qodiriy, Fitrat, Elbek, Qayum Ramazon, Bo‘lat Soliyev, Miyonbuzrug Solihov va boshqa ko‘pgina ziyolilar qatori Vadud Mahmudni ham nohaqdan nohaq jabrladi, ammo uning qalbidagi xalqqa, Turkistonga muhabbatini so‘ndira olmadi. U o‘zbek madaniyatida o‘ziga xos ilmiy salohiyatga ega adabiyotshunos, munaqqid sifatida qoldi.

Manba: Vadud Mahmud. Tanlangan asarlar. Toshkent, 2007

Vadud Mahmud. Tanlangan asarlar

09

(Tashriflar: umumiy 591, bugungi 1)

Izoh qoldiring