Talant Tolerant. Yangi she’rlar

42Бундан роппа роса 10 йилча аввал Талантбекнинг шеърларини илк маротиба кутубхонамизда тақдим этган эдик. Ўшанда  ёш шоир шеърлари ҳақидаги  таасссуротларимниям  ёзган эдим. Кейинчалик ҳам унинг ижоди намуналари билан сизни таништириб бордик. Бу орада у тахаллусиниям ўзгартирди. Орадан шунча вақт ўтиб, бугун шоирнинг янги шеърларини сизга тақдим этарканмиз, унинг бугунги ижоди нечоғли эканини, у қанчалик ўзгарганини баҳолашниям сизларга ҳавола этамиз.

Талант ТОЛЕРАНТ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР


***

Биз бир-биримизни севмагандекмиз,
Бирга севгандекмиз Парвадигорни.
Севги, ҳў, ёшликда қорда қолган из,
Мен қорни севганман, севгансан қорни.

Пойингда эридим дунёдан қочиб,
Сен хақингда гўзал хаёллар сурдим.
Асрий дуоларга қўлимни очиб,
Жуфтлашган қабрлар бошида турдим.

Тоҳиру Зуҳролар яшаб бир нафас,
Олис манзилларга кетибди бари.
Иссиқ ўлкаларга қилгандай ҳавас,
Муроду мақсадга етибди бари.

Паға-паға ёға бошлар кумуш қор,
Пойимда эрийди бир сени сўраб.
Олтин-жавоҳирлар кўмилган диёр –
Зебо Самарқандни кумушга ўраб.

Жоним, пайвастадир жоним жонингга,
Қадамлар кетгандир шу қорни чўқиб.
О, бораман салом билан ёнингга,
Жонни кузатгунча фотиҳа ўқиб.

Паға-паға ёға бошлар кумуш қор,
Пойимда эрийди бир сени сўраб.
Олтин-жавоҳирлар кўмилган диёр –
Зебо Самарқандни кумушга ўраб.

3.02.24

***

Кўзларинг тубига чўкканми додим,
Бу кўзлар сўнарми – ўйга толаман.
Фузулийдай эмас хату саводим,
Аммо, нигоҳингни ўқий оламан.

Дунё айланади бўлиб туну кун,
Нигоҳинг қадалган жойда сужудим.
Кўзларингга бир бор қарамоқ учун,
Кўзга айлангандир наргис вужуди.

Наҳотки ғам-ғусса ёниб турган шам,
Кўзларинг тубига алам етибдир.
Қайгадир бош қўйсам – шунинг учун ҳам,
Бош қўйган тупроғим куйиб кетибдир.

***

Муҳаббат елканин елкамга ортдим,
Шамоллар уйғотди шовуллаб, эй қиз.
Йўлингни тўсдиму қўлингдан тортдим,
Бағрига тортгандай дарёни денгиз.

Худо манглайимга чекиб ўтган хат –
Денгиз узра ёнган олов елкандир.
Умримда бор эса қандайин ҳасрат,
Барчаси сен билан оқиб келгандир.

***

Паймонамга ўзингсан эга,
Беллашмайман қаро ер билан.
Муҳаббатнинг майхонасига,
Бориб қолдим даста шеър билан.

Қайга кетай бедовни қистаб,
Жоним қушдир – ўзинг қанотим.
Сен билмайсан, бир сени истаб,
Ҳаловатсиз кечган ҳаётим.

Кўрсатмайди юлдуз йўлингни,
Фалакдаги ваҳий керакмас.
Қўлларимга қўйсанг қўлингни,
Ўпсам – ҳидинг маст айласа бас.

Бўса билан йўлласанг пайғом,
Титроқ лабинг ширага тўлиб.
Қучоғингда топсаму ором,
Ётсам бўлди ширакайф бўлиб.

Оймомодан эшитсам эртак,
Бахт керакмас бундан-да зиёд.
Уриб турса хотиржам юрак,
Ҳамда сени қилсам эҳтиёт…

Бўса билан йўлласанг пайғом,
Титроқ лабинг ширага тўлиб.
Қучоғингда топсаму ором,
Ётсам бўлди ширакайф бўлиб.

4.02.24

***

Мен шаҳардан кетганман йироқ,
Узоқ яшар қишлоқда одам.
Фақатгина ўлдирар фироқ,
Бошқа йўқдир мусибат ва ғам.

Яшаяпман ҳолим борича,
Суратингга қарайман тўйиб.
Мен кутаман сени ҳар кеча,
Юрагимни ланг очиб қўйиб.

Қийнаса-ку бир соғинч қийнар,
Талпинаман Тошкент томонга.
Сой бетида юлдузлар ўйнар,
Кўзларини тикиб осмонга.

Ой талпинар ҳоли борича,
Ерга томон сарғайиб, куйиб.
Ва кутаман сени ҳар кеча,
Юрагимни ланг очиб қўйиб.

***

Куй иши кўнгил йиртмоқ – ёр зулфи тормасмикан?
Бўйнимга тушди сиртмоқ – ё зулфи дормасмикан?

Кетсам чекиб ғам, кадар, жола экиб Рум қадар,
Майхонада дарбадар масту хумормасмикан?

Бу адирлар отга бой, қамчи босар ҳойна-ҳой,
Кезиб юрган ўшал ой кўкка тумормасмикан?

Юлдуз ойни сўраган, тоғлар тошдан тўраган,
Бир ғунчани ўраган минг тикон, хормасмикан?

Ёр жилвагар шаробми, ё ҳийлагар саробми,
Хабаргирлар харобми – лочину сормасмикан?

Бошда тупроқ – ўзинг боқ, музлаб борар ҳамма ёқ,
Сочга қўнган манов оқ туз ёки қормасмикан?

Игна мисол ҳар мужгон таҳриридан томар қон,
Ишқ хатоси бу ғужғон жонимга зормасмикан.

Умримнинг сўнги фоли – юздаги нуқта холи,
Жасадимнинг йўқ ҳоли, заволи бормасмикан?

Зулайҳо кимга доир, Зуҳро дейди ҳар Тоҳир,
Исмин сўра эй, Шоир – у Зулхумормасмикан?!

***

Тонггача қоғозга бериб чиқар зеб,
Дунё яралгандай у ёзган куйдан.
Биламан, қачондир ёйганича сеп,
Эшикни ланг очиб чиқади уйдан.

Камалакдек жило таратади бахт,
Қилган каби ҳисоб китобини ҳал.
Энг ёруғ кунларга яқинлашар вақт,
Ҳали тугамасдан бу инжиқ феврал.

Ўрик шохларида куртак отибди,
Сира бўлмагандек кузак, хазонрез.
Қор остида ширин ухлаб ётибди,
Баҳор ўйноқи қиз, баҳор шаддод қиз.

Тонг чоғи қоғоздан кўтаради бош,
Ойнага урилиб парчаланар тун.
Асрий музликларда эрийди қуёш,
Эрам боғларидек хаёли гулгун.

Гул каби безаниб чиқади уйдан,
Гуллар очилади, эриб битар қор.
Дунё яралади у ёзган куйдан,
Баҳорни уйғотар ўшал ижодкор.

10.02.24

Оқ мошиннинг сен орқасида,
Кўз ёшлардан кўзинг бўялар.
Сирдарёда – йўл ёқасида,
Қатор-қатор лайлак уялар.

Ўлим ҳақда хаёл бемаъни,
Маъшум ўйдан хаёлинг толган.
Булут қани, Олапар қани,
Самарқанд ҳам орқада қолган.

Пул сўрайди шопир ҳам нигун,
Савдо қилар одамлар нақдда.
Жоним сени чалғитиш учун,
Гапираман лайлаклар ҳақда.

Симёғочга тортилмаган дор,
Бир оёқли лайлакларга боқ.
Ҳаёт каби куйлаклари бор –
Ярми қора, ярми эса оқ.

Озодлиги бордир тушларнинг,
Кузат булут кўчишларини.
Кузат эркка ташна қушларнинг,
Қанот қоқиб учишларини.

Қийналасан нега ҳар дафъа,
Нега етмай қолади нафас?
Қардошларинг қилдими хафа,
Ўраб олди қандайин қафас?

Нега юзинг йиғидан шишган?
Етар шунча бўғишганимиз…
Бизни лайлак ташлаб кетишган,
Шулар бизнинг туғишганимиз.

Бирозгина югурса, елса,
Чўлларда ҳам барча жонзот тўқ.
Полапонлар онаси келса,
Қара, қандай очади тумшуқ.

О, учишга полапонлар шай,
Лайлакларга осмон тўлгандир.
О, одамлар бизни тушунмай,
Судралишга маҳкум бўлгандир.

Сирдарёда – йўл ёқасида,
Қатор-қатор лайлак уялар.

***

Кетдим. Автобусдан тушаман маҳзун,
Қуёш ойнадайин музни сурибди.
Феврал қучоғидан тилагандай хун,
Бодом гулларини совуқ урибди.

Қишлоқ. Из солинган қор узра тиғиз,
Мен-ку уйга қайтдим – қайтмади хаёл.
Олисларда кутар битта ширин қиз,
Ва Тошкентдаги энг гўзал аёл!

Паришон ўйдаман – билмай қайдаман,
Ўзимни излайин кимнинг кўзидан?
Мен-ку автобусда яна қайтаман,
Чечаклар сочганда баҳор ўзидан –

Варрак ясайман ва ясаб гултож,
Аёлга шеър ёзиб қиз учун эртак,
Қўшилар турналар, каптар, қалдирғоч,
Тошкент осмонида учади варрак.

Етим қолмагайдир ҳатто фалак ҳам,
Булутга очилиб тўлади бағир.
Дайдибар умрим яримлаган шам,
Бошқатдан ёқайин – қандайин ахир.

Йўлимга интизор мушфиқ, бечора,
Қишлоқ. Из солинган қор узра тиғиз.
Сарпойчан қатнадим бу йўллар аро,
Ташлаб кетолмасдан онамни ёлғиз.

Қишлоқ. Из солинган қор узра тиғиз,
Мен-ку уйга қайтдим – қайтмади хаёл.
Олисларда кутар битта ширин қиз,
Ва Тошкентдаги энг гўзал аёл!

22.02.24

***

Қиз севарди жонидан ортиқ,
Бошқасига дастурхон очди.
Кимга қилсин жонини тортиқ –
Шамол билан дарёга қочди.

Бўш тобутдек битта қайиғу
Ҳамда тўлқин узра ой қолган.
Дастурхондан бир бурда қайғу –
Совчилар жим ушатиб олган.

5.01.24

***

Мана келдим – салом, Олапар,
Салом Булут номли тулпорим.
Мен қишлоққа меҳмон бу сафар,
Йўлим пойлаб кутади ёрим.

Жоним онам – ўпиб қолайин,
Жоним отам – ҳидингга тўяй.
Дастурхонни ўзим солайин,
Ва ўртага жонимни қўяй.

Олисдаги севги туфайли,
Ой-юлдузлар бошимга тегар.
О, Олапар йиғласин, майли,
Баҳоргача бўш турсин эгар.

Холамга айт бўзламасин ҳеч,
О, бобожон хайр тилагин.
Янгам мендан сўзламасин ҳеч,
Олиб кетсин қўшни элагин.

Момо ёвқур ўғлонлар тилан,
Қушлар учсин – қўшиқ айтамиз.
Баҳор келса турналар билан,
Арғимчоқлар солиб қайтамиз.

Тош ёрилар севгидан бу дам –
Қизилкарвон ухлаган чоғда.
Тушунмайди бирорта одам,
Бутун қишлоқ қолади доғда.

Қиз кетади гулларни ўпиб,
Қадамига шамол бош урар.
Кишнаб қолар тулпор ер тепиб,
Узун-узун улиб ит ҳурар…

***

Кўнгил очиқ турар – ҳамма учун шай,
Умр ўтиб бўлди – барчасига кеч.
Қай диловар тутган қадаҳ тўла май,
Энди чанқоғимни қондирмайди ҳеч.

Орзулар чироғи бормакда сўниб,
Ёқилган ҳолатда тупроқ ёпарми?
Манглайга ёзилган қисматга кўниб,
Фароғатсиз кўнгил роҳат топарми?

Кўз ўнгимда ғиштдан кулба қурдилар,
Мен-чи бунёд этдим кўнгилда сарой.
Шу кўнгилга ҳамма ханжар урдилар,
Фароғатсиз бўлди шундан, ҳойна-ҳой.

Тоабад яшайди ғусса кўзида –
Бир чақа тиланар барчаси бойдан.
Энди – ҳаммасининг айби ўзида,
Ҳадиксираб яшар нотинч саройдан.

6.05.24

***

Умрим карвонидa ёруғ қуёшим,
Куним майхонанинг зулпагига банд.
Севги кундасига қўйилган бошим,
Оғирлик қиларми сенга, Самарқанд?!

Ойнинг нурларига қизлар чўмилган,
Фалакдан нур бўлиб сен – томишинг бор.
Қўшрабод бағрига Бойсун кўмилган –
Жуманбулбул айтган Алпомишинг бор!

Куйган даштларингда Барчин каби қиз,
Қўллари қавариб янтоқ чопарми?!
Йиқилсам йўлларда чоҳлар бор тубсиз,
Қоражон изимни излаб топарми?!

Умидга ишонган мардлар ўлмайди –
Майдонда сўқишган ҳалак жонлардек.
Фақат, бу ватанда яшаб бўлмайди,
Достонларда ўтган қаҳрамонлардек.

Совуқ бўронларни ўтади кесиб,
Шамширдек қайралиб қуш қанотлари.
Ҳали адирларда юрибди кезиб,
Кимларнинг эгасиз қолган отлари.

Бордир сийналарнинг сутга тўлиши –
Нозик бармоқлари тиконларга банд –
Янтоқ чопаётган қизнинг кулиши –
Оғирлик қилмасми сенга, Самарқанд?!

***

Тошкент. Қор аралаш урарди ёмғир,
“Қоратош”дан ўтиб бир байтга кирдик.
Турардинг совуқдан қалтираб дир-дир,
Қайноқ қаҳва айтдик, кутдик, ўтирдик.

Эслолмадим сира – кўришдик нега –
Сўнгра бу ёғига хотирам ўчди.
Зулайҳо синдирмиш юракдан чега,
Лайлини кўргандек хаёлим учди.

Ташқарида совуқ чалар эди соз,
Қаҳва ичар эдинг лабинг кўкариб.
Эгнинг юпун эди – олифта бироз,
Энг арзон матодай дунё ҳам ғариб…

Арзонга сотилган Юсуфнинг боши,
Кўзларимда Мажнун кўзидаги қум.
Қатор ўрнатилган шамдонлар боши –
Кўкнори гулидек тугулган муштум.

Қучиб иситмакка йўқ эди имкон,
Туйғулар юракда қилинган ғорат.
Лабимдан ўтмаган лабингдаги қон,
Қаҳва берар эди сенга ҳарорат.

Тошкент. Қор аралаш урарди ёмғир,
Эслолмадим сира – кўришдик нега?!
Қошиқни финжонга урардинг бир-бир,
Негадир учмасди юракдан чега…

3.03.24

***

Ҳали отилмаган осмоннинг тўпи,
Ҳали чуғурчиқлар бошламаган роз.
Мезанада азон айтади сўпи,
Катакда қичқириб уйғотар хўроз.

Самарқанд қизидек гўзал, фусункор,
Ҳали ой турибди – кўзи қамашган.
Ҳали улгурмаган юлдузчалар бор –
Чоклари сўкилган тунни ямашга.

Ҳали уйғонмаган бор битта ватан –
Қуёшдан оғирдир кўксида бошим.
Ҳали яланг кезсанг жунчикади тан –
Майсалар устида ухлар кўз ёшим.

Ҳали очилмаган беғубор ғунча,
Ҳали йиғолмаган сочларини тун.
Она замин қайга шошасан бунча,
Ҳали эл қўрқади уйғониш учун.

Ахир, ҳали уйғоқ қора нолалар,
Ҳар қадамда мингта ажина кўргай.
Ҳали туғилмаган қанча болалар,
Онасин қорнида депсиниб тургай…

****

З.Б га

Гоҳ рўзғор, гоҳ саҳна узра ёнасан,
Боғингда қулф урган лолалар бордир.
Буюк саънаткорсан, мушфиқ онасан,
Қўрғонга айланган болалар бордир.

Бундан кетолмайсан ипларни узиб,
Тасвирга чорласа олис гўшалар.
Хархаша қилади қўрғонни бузиб –
Бағир бутунлиги асли ўшалар –

Бозордан энг тоза гулларни олар,
Одимлайди чўғдек нигоҳинг сари.
Улар ҳовучида зумда йўқолар,
Бу дунёнинг жирканч, шум қилиқлари.

Балки, сен кўрмаган отангнинг кўзи,
Илк томошагоҳдир, сассиз филмдир.
Энг катта театр – инсоннинг ўзи,
Худо пешонага ёзган илмдир.

Истасанг истагинг топилмас ҳамда
Топилмайди сенга лойиқ бир асар.
Ўзбек кинолари йўқдир бу дамда,
Кечилган умрдир – кино мухтасар.

Қўрқасан қадамда бўлса чегара,
Нафасинг етмайди хона бўлса тор.
Бола кулгусида тордек энг сара –
Ҳаётнинг шўх-шодон жаранглари бор.

Юрсанг изларингга эгалар кўпдир,
Қуёш ўрнин босмас самодаги ой.
Денгизда қалқиган ҳар қандай чўпдир –
Қайиқ бўлолмайди бунда, ҳойнаҳой.

Ким рўшнолик кўрган элни уйғотиб,
Одамлар нафсига ўзи солар чанг.
Қуш бўлиб сайрасанг қувгай тош отиб,
Устингдан кулгайдир ит бўлиб ҳурсанг.

Ижодни тушунмас минг йилдан буён,
Ҳақиқат мушкулдир саънат йўлида.
Энг гўзал нафасдек ушланар ҳар он,
Бола эмизётган она қўлида.

Армонга тўлганча болалик бебош,
Кўкка юлдузларни кетгандир осиб.
Қуйилиб келса-да қароғингга ёш,
Ўтгансан тишингни тишингга босиб.

Қоялар кўксини тимдалар оҳу,
Бу сўқмоқ узундир – ўтади жондан.
Манзилдан адашган одамлар, ёҳу,
Бунда фарқлай олмас гулни тикондан.

Жаллодлар сўз айтмас, ўғри чекинар,
Чин саънат синдирар отилган тошни.
Ёлғонлар фош бўлса қайга бекинар –
Чин саънат ёндирар суякни, лошни.

Нафсидан тойиб эл уйғонар онда,
Бола йиғлаганда сен уйғонасан.
Бошига қўрғошин ёпган замонда,
Буюк саънаткорсан, мушфиқ онасан!

***

Дейди сенга бир қулни –
Самарқанднинг боласи.
Хуррам этар ҳар гулни,
Булутларнинг жоласи.

Алвон лабинг тилар хун,
Шамол хафа рашкимдан.
Сен яшнайсан кундан-кун,
Наҳот, тўккан ашкимдан.

Сендан сабоқ оламан,
Ҳар шамолда сочилиб.
Минглаб қўлда қоламан,
Китобдайин очилиб.

Қандай фансан – устоз ким,
Ишқда қандай дарс кетар?
Йиллаб йиққан билимим,
Наҳот сенда дарз кетар!..

Дейди сенга бир қулни –
Самарқанднинг боласи.

6.01.2024

***

Ҳар гадо наздида подшо бандадир,
Ҳар подшо наздида гадо – жандадир.
Битта кўзнинг икки қараши нечун,
Асли иккиси ҳам битта тандадир.

***
Ишқни тугди Худо қўлида,
Сен ечимсиз ғамларга тўлдинг.
Сарсон кетдим шеърнинг йўлида –
Сен саънатга ошуфта бўлдинг.

Андуҳларнинг шаробин ичиб,
Қисмат яна қайларга бошлар.
Сени истаб – дарёлар кечиб,
Бошим узра ёғилди тошлар.

Бир мириқиб йиғлолмайман ҳам –
Сен яшайсан кўзим уйида.
Хароб этар сел келса ҳар дам –
Уй бўлса гар сувнинг бўйида.

Ўтган баҳор хазонлар тўксин,
Юрагимни турибсан ёқиб.
Майли дунё кўзимга чўксин,
Сен кўзимдан кетмагин оқиб.

Умр ўтди – ўрни тўларми,
Сен кўзимда яшайсан бугун.
Ишқ тугунин ечиб бўларми,
Ечилмасдан қалбдаги тугун.

8.01.24

***

Гулбадан кўксида ойнинг шуъласи,
Шамолни тўхтатар ёр қайлуласи.

Севги шаробида чайқалдим шодон,
Менинг шеърларимга қўл чўзма нодон.

Сен қайдан биларсан, о, оҳиммикан,
Унда жилва қилган Оллоҳиммикан?!

Оллоҳнинг бенасиб ким каломидан,
Бенасибдир менинг бир саломимдан…

Қайта яшамакка қон бағишлади,
Сийратини кўриб жон бағишладим.

Паллангда лой ўлчаб солма иморат,
Сен қалбим уйини қилмагин ғорат.

Мендан отам эмас, бир Худо рози,
Жонимни ўлчашга йўқдир тарози…

***

Жоним ҳануз сен томонман,
Сенда лабим қолдирган из.
Кимлар учун мен ёмонман,
Кимлар учун сен ёмон қиз.

Гапиради – тилида эрк,
Оғзи бордир – баъни башар.
Менинг эса лабларим берк,
Сен-ла қалбим суҳбатлашар.

Ҳаётдан не топдик бизлар,
Нозик қаддинг букилмасин.
Юрагингда қолган излар,
Лабларимдан тўкилмасин.

8.01.24

***

Жонни сени пойингда деди –
Оёқ босиб кўзимдан кечдинг.
О, жасадим бир қадаҳ эди –
Севдим дединг – қонимни ичдинг.

Ишқ шарори кўпиргай бунча,
О, югурик қоним тинмасми?
Сархуш бўлиб ажал келгунча,
Айт, бўш турган қадаҳ синмасми?

8.01.24

Қайларга кетгансан қолдириб ғамда,
Қаро тунларимдек қаро қошлигим.
Дарахт панасида, пана-пастқамда,
Ҳидларингга тўймай ўтган ёшлигим.

Ким менинг умримни арзон пуллаган,
Қайларга кетганман ўксиб, ўксиниб?!
Сен ҳақда эслатиб менга гуллаган –
Ҳар баҳор дарахтлар ёриб кўксини.

Ўша пастаккина уй панасидан,
Ҳуркиб мўралайди бир жуфт қаро кўз.
Яна йиқиламиз қиш чанасидан,
Ҳозир даштларимни йиғиштирар куз.

Қуш қўнган ишкомлар букилиб борар,
Ёшлик ҳам кетмоқда хазонлар сочиб.
Ҳў, ўша дарахтлар тўкилиб борар,
Фақат иккимизга қалбини очиб…

***

Мен-ку яшаяпман Тошкентдан олис,
Хаёлимда ғувуллар метро – “Пахтакор”.
Ундан чиқиб келар қорагина қиз,
Кўзида дунёнинг аламлари бор.

Дайдиб юрар эдим – қишлоқи бола,
Фақат шеър тўкиларди ўжар тилимдан.
Қайси кўрсатувдан келарди Лола,
Яҳё Тоға келар “Ўзбекфилм”дан.

Англанмаган сирлар кўпдир очунда,
Кўнгил узолмадим саънатдан ҳамон.
Ҳаёт ҳақиқатин билмасдим унда,
Кетгандим шоирлар давраси томон.

Ў, навқирон фасл қайтмайди ҳеч ҳам,
Энди юзда ажин, бошимда қорлар.
Балки ҳозир мени эслолмайсан ҳам,
Ахир ўтиб кетди қанча баҳорлар.

Олов қучоқларинг гулларга тўлиб,
Ўқидинг, ишладинг – кетдинг бир йўла.
Энди муҳаббатга қарайсан кулиб,
Мурғак болаларга этагинг тўла.

Сендан ортиқмиди менга ўзгалар,
Ғамгусар бўлдиму тўлдим баётга.
Юрак ўзгармайди – одам ўзгарар,
Нега сени бердим ишқсиз ҳаётга.

Нега яшамадим бир сенга қулдек,
Нега йўлларингни тўсмаган эдим.
Нега унутилган бир дона гулдек,
Оёғинг остида ўсмаган эдим.

Бугун пушаймонлик денгизи ютар,
Паймонам энг аччиқ шаробга тўлди.
Кино тасмасидек хотира ўтар –
Сени-ку ҳаётинг кинодек бўлди.

Бугун у гулшанлар хазонлар кийди,
Қалбим оғриб борар хаёллар сурсам…
Энди муҳаббатга қарайсан кулиб,
Мурғак болаларга этагинг тўла.

9.01.24

***

Мени мағлуб этди қадаҳ жаранги,
Ёшлик ўтиб кетди дарёдай тошиб.
Қорларга қоришиб палтонгнинг ранги,
Билмайман қайгадир кетардинг шошиб.
Оёғинг остида қишнинг гуллари…
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Севгининг олови бордир додимда,
Оловдай қиз эдинг, гўзал, бир дона.
Ҳусан Мақсуд деган шоир ёдимда,
Ҳамда ёдимдадир тор ётоқхона.
Ёдимда бинонинг ўнгу сўллари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Одам кўп шаҳарда гоҳ йўқ эдинг,
Паришон юрардим изингни пойлаб.
Бағрим яримта-ю кўнглим тўқ эди,
Юрардим шеъримни бағримга жойлаб.
У даргоҳга чорлар Тошкент йўллари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Агар йўлинг тушса ўтгин бир кириб,
Қалбимга макон йўқ ундан ташқари.
Умримга келса-да кузак бостириб,
Севгини енголмас хазон лашкари –
Оқизиб кетади баҳор селлари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Олти йил яшади васфингни куйлаб,
Яшил дарахтларда сайроқи қушлар.
Неча йил яшайман мен сени ўйлаб,
О, яна неча йил кўраман тушлар.
Лайлим эсингдами ёшлик йиллари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Гапиролмай ўтдим кўрганда ҳар дам,
Айтгин тил бўларми ошиқ элида.
Бунда юзлаб тиллар ўқитилса ҳам,
Фақат сўзлаб ўтдим юрак тилида –
Мажнунга макондир ишқнинг чўллари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

Ҳаёт сўқмоғида йиқилмас кимлар,
Талабалик бахти ректор имзоси.
Негадир ичимни бир дард ғижимлар —
Тескари чалиниб тақдирнинг сози,
Чаппа имзо чекди Худо қўллари,
Ўша ўнвирсеъит – Жаҳон тиллари.

8.01.24

***

Мен-ку кўриб бўлдим тақдирни чақиб,
Бу ёлғон дунёнинг ёнғоқлари пуч.
Кажрафтор ҳазили қилгандай таъқиб,
Бизлар айро йўлдан яна келдик дуч.

Ўн тийинлик тангани доналаб йиққан,
Нозиклашиб кетди меҳнаткаш қўлинг.
Севгилим, ҳаттоки эсингдан чиққан,
Настарин гулими илк олган гулинг?!

Шовқин тўла шаҳар гоҳ оғринтирди,
Гоҳида истадинг кимсасиз даштни.
Мухлислардан бездинг – гоҳ соғинтирди –
Оддий ҳамда бахтли яшамак гашти.

Гоҳ кулгуга тўлдинг, гоҳ тўлдинг оҳга,
Гоҳида йиғладинг, гоҳи ичикдинг.
Мен-ку шароб ичиб йиқилдим чоҳга,
Олқишлар остида саҳнага чиқдинг.

Шон-шуҳрат ичида гоҳ кездинг сархуш,
Қисмат шаробидан ичим ловуллар.
Гулдурос қарсаклар урган сари жўш –
Унутилиб борар кечаги гуллар.

8.01.24

***

Қўшиққа бой бўлди қўлимизда тор,
Ўлмас туйғуларга ёпмадик эшик –
Битта қайғу бордир, битта қувонч бор –
Кўз ёшда чайқалар тобут ва бешик.

Икки дунё аро бир дор тортилган,
Ким уни боғлайди, ким ёғоч йўнар.
Ҳаммага баробар хуржун ортилган,
Дордан бир қуш учса бошқаси қўнар.

Манглайда ўзгариб саналар ҳар кун,
Бу дунёдан бежавоб саволлар олдик –
Биз қаро тупроққа сиғмадек нечун,
Нечун одамларнинг қалбида қолдик?!

Маломат ёғдирар очофат бозор,
Танда бори сурат, танда бори жон!
Тополмадик ердан бир ёруғ мозор,
Қўшиққа кўмилдик бизлар, ёрижон.

Жуда ёш қаридик – на кампир, на чол,
Қўшиқларда қолди нолаларимиз.
Эслашга тош топар эрта, эҳтимол,
Бизга бахт тиламас болаларимиз…

***

Бошим қўяй пойингга,
Гул узишга қўлим йўқдир.
Ошно қилгин чойингга,
Май ичишга пулим йўқдир.

Энди қандай ўтар кун,
Жаннат аро гуноҳ бўлдим.
Гадо эдим бир юпун,
Назар этдинг подшоҳ бўлдим.

Киприкларинг майсадек –
Яна қандай аталади?
Юрагимга найзадек,
Нечун майса қадалади?

Самарқандда пишди лой,
Дарёсида ювилганмиз.
Жаннат эди ўша жой,
Биз жаннатдан қувилганмиз.

***

Ер бўлдим-ку кун сайин,
Осмонимда ой сузар.
Юриб ўтсанг бўлайин,
Самарқандда бир гузар.

Сув тушади юзимга,
Йиғлаб ўтар ҳар булут.
Оёқ босгин кўзимга,
Юрагимдан юриб ўт.

Дил қон билан топишган,
Шароб сузсанг ранг бўлай.
Оёғингга ёпишган,
Тупроқ бўлай, чанг бўлай.

Оёқ ювма эгилиб –
Эгилади бу бошим.
Осмонимда ой билиб,
Ювиб ўтар кўз ёшим.

***

Қўнишга жой топмай қуш каби учдим,
Дунёнинг таъмири экан вайрона.
Дейсан – янги уйга яқинда кўчдим,
Ҳамда китобларга ажратдим хона.

Не бўларди биздан ёшлик кетмаса,
Қисмат қаршисида ўйга толамиз.
Қайта яшашга-ку умр етмаса,
Иккимиз бир китоб бўлиб қоламиз.

Умр тўлар. Жавон тўлар кундан кун,
Фаслдек тахланар бари изма-из –
Юсуф ва Зулайҳо, Лайли ва Мажнун,
Афсус бўш турибди бизнинг ўрнимиз.

11.01.24

НАМОЗ БОТИР

Туғилди.
Бошида онаси эгилди.
Бўғзидан сут иси келди.

Улғайди.
Ёр деди.
Қон иси келди бўғзидан.

Ўғирлик қилиб юрарди.

Ватан деди –
Бехос уйғонди.
Бўғзидан жон ҳиди келди.

Ўрис билан роса солишди.

Бехос уйғонди –
Касбини ҳам,
Жонини ҳам,
Ёрини ҳам,
Онасини ҳам –
Ватанга алишди.

11.01.24

***

Кетай десам севги яна пайдар-пай,
Қиличнинг тиғида куртак ёрмоқда.
Ўтар чиройингни йиллар инжитмай,
Умримиздан куз ҳам ўтиб бормоқда.

Кўзларинг чўғида куйган жоним бор,
Оловга бошини қўйиб ўтган ким?
Оловда эримас бошимдаги қор,
Бу қисмат сопини ушлолмас ҳеч ким.

Худо кўрган қалбим ёралигини,
Кетсам Худо қалбим билан кетади.
Нетаман Каъбанинг қоралигини,
Қора сочларингни ўпсам етади.

Севгини қалқон деб адашгандир жон,
Умр ўтиб бўлди, наф келтирмас оҳ.
Жуда кеч англадик бирорта қалқон,
Бўла олмаслигини қиличга паноҳ.

11.9.24

***

Бора-бора тиғизлашар вақт,
Бир сўз айтсанг – ишдан айтасан.
Вақт тополмай сарсон кезар бахт,
Сийомкадан ҳорғин қайтасан.

Ишқ чарчоғи – қалбда нолалар,
Деразада аксинг толади.
Бир-биридан ширин болалар,
Сени кутиб ухлаб қолади.

Юзларидан ўпасан бир-бир,
Январ совуқ – адйол ёпасан.
Мен тахмондан топган каби шеър,
Музлатгичдан недир топасан.

Чойнакда чой қайнайди тошиб,
Ғоялар кўп – янгидан янги.
Минг афсуски кўринар шошиб,
Деразада шафақнинг ранги.

11.01.24

***

Жон песмири! Нархлаб нетай,
Бу дунёни шарҳлаб нетай;
Эзғиланар жисмим хоки,
Кўринмайди кўксим чоки.
Қон томади хинасидан,
Ип ўтказар нинасидан.
Гаҳ кажрафтор овозаси,
Гаҳ тинади чертган сози.
Уммон бўлиб қирғоқ буздим,
Томчи бўлиб тезда тўздим.
Ўзбек ўлди жаҳолатдан,
Ҳикмат топдим шу ҳолатдан.
Ҳар гулнинг бир хори экан,
Шу – дунёнинг бори экан.
Жон песмири! Нархлаб нетай,
Бу дунёни шарҳлаб нетай.

15.01.24

***

Сенга эрмак ҳаётим, йўлим,
Бирга бўл шу эрмагинг билан.
Мурод бордир йўқ экан ўлим,
Севги деган эртагинг билан.
Артиб қўйсанг бўларди гулим,
Кўз ёшимни этагинг билан.

Кўк бузилган ишқ фиғонидан,
Шаҳри Тошкан бўлиб нолазор.
Бир ошиқнинг жигар қонидан,
Тоғлар бағри экан лолазор.
Артиб қўйсанг бўларди гулим,
Кўз ёшимни этагинг билан.

Кўзимдан сув қуйилгай гулим,
Борса ҳамки юрагим қақраб.
Меҳринг яқин туйилгай гулим,
Лабларимга босмасанг ҳам лаб.
Артиб қўйсанг бўларди гулим,
Кўз ёшимни этагинг билан.

Қўлингдаги юмушни ташла,
Сенинг билан ёруғдир кўзим.
Болалар-ку қилар хархаша,
Бир йиғлоқи боладай ўзим.
Артиб қўйсанг бўларди гулим,
Кўз ёшимни этагинг билан.

15.01.24

***

Севги куйи таралганмикан,
Ўлмай туриб ўлдириш учун.
Лабинг суви яралганмикан,
Паймонамни тўлдириш учун.

Жон сўрайди қуёш ҳам кулиб,
Нечун тупроқ бўлиб қолмайман.
Қараш учун сенга термулиб,
Кипригимни кўтара олмайман.

15.01.24

***

Қаро сочдан тўқилса-да дом,
Қора қабр жон жангидадир.
Ошиқ қони тўкилиб мудом,
Гулнинг боши қон рангидадир.

15.21.2024

***

Бунча ёндирасан-о, олов уялади,
Қуёшни юракка сендек ким қўялади.
Ҳуснингни кўз-кўзлаб кезасан сен адирларда,
Қизғалдоқлар бағрин йиртиб қонга бўялади.

Қарочўғинг нуқта қойим ниҳоясида,
Денгизлар қўпади кипригинг соясида.
Қай япроқ ортида мевалар пишиб етилмиш,
Жисминг балоғатнинг қайси пиллапоясида?

Икки қадаҳ гулдек – сенсиз май сузилмайди,
Ишқ мундарижаси сенсиз ҳеч тузилмайди.
Сумбуллар синади, тор узилар, жон узилар,
Узун сочларингга боғлиқ кўнгил узилмайди.

Жаннат ҳам дўзах ҳам битта йўғу борликда,
Оқ ниятдан юзим қародир бу зорликда.
Тупроққа тўкилдим исмсиз, исмимни айтиб –
Мени бут қиларми икки лабинг ҳамкорликда.

Сенга қуллигим туш қандай уйғотиб бўлмас,
Одам ўз-ўзини қул қилиб сотиб бўлмас.
Қайтиб чиқмайдиган ё қуёшга ўхшайдирман,
Қучоғингда ётиб қир ортига ботиб бўлмас.

***

Рўзғоримдек бетартиб кунда,
Ўз уйимда мискин юраман.
Тўзиб ётар китоблар бунда,
Гаҳи ётиб кино кўраман.

Сипқораман қадаҳ тўла май,
Юрагимдан таралгай нола.
Кенг экранда фақат қўйилгай,
“Ўтов” ё “Қор қўйнида лола”.

Ҳаётим-ку зулматга тўлди,
Қолгандайин чироғи ўчиб.
Ўтган умрим кинодек бўлди,
Сен-ку кетдинг кинога кўчиб.

Фош бўлади айтилмаган сир,
Йўлга енгил кетишим учун.
Хотиралар ўтади бир-бир,
Ўтмиш билан ўларман бир кун.

Хонтахтада сенга етмасдан,
Имзо чеккан шеърим қолади.
Битта жонни ўлдирган дастдан –
Минглаб мухлис дастхат олади.

15.01.24

***

Тикиларди кўзлар ўша дам,
Гуллар бўлди саҳнада талош.
Рашк қилдиму мухлислардан ҳам,
Мен Тошкентдан олиб кетдим бош.

Қўлларингни юборган қўйиб,
Яна борми мендайин нодон?
Биз йиғладик қисматдан тўйиб,
Фақат қушлар сайради шодон.

Қаро тунлар сарғайиб юзи,
Бир ой ҳамроҳ бўлди сабримга.
Кўксим тешса ажалнинг кўзи,
Сен гулларни қўйгин қабримга.

15.01.24

***

Қон йиғласа юрагим ғамда,
Сенинг эса юрагинг оғрир.
Гуллар барги тўкилган дамда,
Ортга қайтиш бунчалар оғир.

Ҳаёт ўтар фалсафа тўқиб,
Ёш болага ўтган каби дарс.
Энди бўлар қандайин ўқиб,
Тақдиримиз кетиб бўлган дарз.

Деймиз – ҳаёт китобдир доим,
Саънат аксин ҳаётдан олган.
Гапирамиз фақат мулойим,
Овозимиз бўғилиб қолган.

Қайтсам оёқ кетмасми тойиб,
Болаларни ўқитгувчи биз.
Бир безори йигитни койиб,
Бир безори қиздан хафамиз.

15.01.24

***

Йўлимга ташлайди ялмоғизлар дом,
Парига айланган жинлар ўрайди.
Сенга етаклашиб чўкади оқшом,
Кичик маликалар эртак сўрайди.

Сени толиқдирди ҳийлагар шаҳар,
Эртак айтиб ўтдинг болаларга сен.
Менга ошна бўлди қора кенгликлар,
Шундай чексиз тўлдим нолаларга мен.

Девларни кўмаман қадимий ғорга,
Чўққиларда қор бор, қирда лолалар.
Агар осилмаса ёвузлар дорга,
Эртакка ишонмас мурғак болалар.

15.01.24

Севги байрам бўлди, қурбонлик бўлди,
Билмам қаердадир унинг маййити.
Гоҳ ширага тўлди, гоҳ қонга тўлди,
Қонсиз бўлмагандай Қурбон ҳаъйити.

Жуфтлашган қалдирғоч дунёни безар,
Агар танланмаса бош чопилмайди.
Севги-ку бағирни хинодек эзар,
Қонини суртишга жой топилмайди.

15.01.24

***

Тақдир туҳфаларин этса-да тортиқ,
Сочларнинг қаросин териб кетади.
Ҳаёт тополмайсан севгимдан ортиқ,
Қолгани тупроқда чириб кетади.

Оёғинг остига жоним тўтиё,
Фалакка қўшилиб мен-ку бўзлаган.
Жаннат эшигига талпиниб гўё,
Бир юз эллигинчи уйни излаган.

Ҳоҳ иймон синар, ҳоҳ паймонам синар,
Фарқи йўқдир икки дунё ораман.
Инсон сўнги йўлда ёғочга минар,
Севгини нимага ортиб бораман?

15.01.24

Ёр силаган қўллар янгратар куйни,
Севгисиз ўтганда бу умр хато.
Ойнадан тушган нур ёритар уйни,
Сояда чалинмай турибди сато.

Секин тугаб борар умрим қўшиғи,
Нега уяласан қўшиқ айтишга.
Шўх-шодон қушларга куйла қўшилиб,
Овозингни олиб кетай қайтишда.

Одам тирик бўлса ярашгай соя,
Соядек эргашар севгининг куйи.
Қоронғудир сўнги йўл бениҳоя,
Ойнадан тушган нур ёритар уйни…

15.01.24

***

Энди ҳушим йўқдир шовқин суронга,
Қиқирлаб очилган чечаклар сўлди.
Дафъатан қўзғалган совуқ бўронга,
Муштумзўр болалик енгилиб бўлди.

Мунгли қўшиқларим чалинар созда,
Бўй етган қизлар ҳам болам қатори.
Энди янграмайди баланд овозда,
Кўзимизда қолган севги изҳори.

Имкон тополмайман қўлингни тутиб,
Секин қулоғингга шивирлашга ҳам.
Севгилим, афсуски умримиз ўтиб,
Баландроқ оҳангда ёниб борар шам.

15.01.24

***

Айтилмаган ҳали аҳд бордир,
Тилимизда тўкилмаган тос.
Қадамларда ҳали шаҳд бордир,
Кўзимизда ҳорғинлик холос.

Капалакдек титроғи талош,
Олинмаган лабда бўсалар.
Энди бизга Худо елкадош,
Йўлимизни ким ҳам тўсарлар.

Қадаҳ турар шу қисматга мос,
Қўлимизда ичилмаган май.
Севги гули очилди бехос,
Қонга тўла юрак рангидай.

Ҳукм билан этилгандир ҳал,
Бир сайёдда қилинганмиз ов.
Лаб босамиз энди галма-гал,
Бир қадаҳдан ҳўплаймиз икков.

16.01.24

***

Жоним тин олсанг-чи сен ҳам бир пасга,
Фалакка боқсанг-чи балконга чиқиб.
Сокин тиқирлайди элас-эласда,
О, клавишларнинг урган чиқ-чиқи.

Сенга шеърлар битдим юрагим тошиб,
Борлиғим ўзингга бўлгандир вола.
Соат миллари ўн иккидан ошиб,
Сен-чи ёзаяпсан ҳануз мақола.

Наҳот бу умрда йўқ эса тўзим,
Фалакда булутлар қовоғин уяр.
Қалбинг оловида ўйнашган ўзим,
Парвона мисоли қанотим куяр.

Сенга шеърлар битдим юрагим тошиб,
Битта том остида айролиқда биз.
Соат миллари ўн иккидан ошиб,
Ҳануз ой кезади боғларда ёлғиз…

17.01.24

***

Сен ҳамон ўшасан – чиройда тенгсиз,
Битган битикларим навқирон ҳамон.
Сочларинг тўлқиндир, кўзларинг денгиз,
Мен шуни куйловчи шоири замон.

Севгига топилмас жилов солувчи,
Яшадим ҳаётга қилгандай зарда.
Мен-ку лабларингдан бўса олувчи,
Қучоғимга кириб келсанг агар-да…

Қаламу қошингни бўлмас ўчириб,
Муҳаббат майидан мастоналарга.
Каъбани жойидан қалбга кўчириб,
Мен-ку умри ўтган майхоналарда.

Соч оқармай ишққа қўйдим бошимни,
Фаҳмим етиб бўлган олам сирига.
Эгнига гард қўнса тўкди ёшимни,
Бу чарх сув тополмай ювган кирига.

Сен ҳамон ўшасан – чиройда тенгсиз,
Мени куйла дейди бу дунё ҳамон.
Сочларинг тўлқиндир, кўзларинг денгиз,
Мен сени куйловчи шоири замон.

17.01.24

Севгилим, не дейин сенга бу чоғда,
Кечмишим юракка доғлар солибди.
Баҳор гуллаб ўтди ўзга қучоғда,
Иккимизга кузги боғлар қолибди.

Билармисан-йўқми бўғилиб қайтдим,
Чанг-тўзон ичида Тошкент ҳавоси.
Шу расво дунёда қўшиқлар айтдим,
Мени тарк этмади ҳайрат навоси.

Наҳот сарсон этди гулдай санамни,
Бу бошдан ўтмади қандайин гаплар.
Тупроққа қоришар ҳорғин танамни,
Бўсаларга кўмди бегона лаблар.

Бегона бўлади мантиққа нечун,
Ўтиб бораётган ҳаёт мазмуни.
Шамол хазонларни ўйнайди бугун,
Шу кузги боғлардан олар мавзуни.

Севгилим, не дейин сенга бу чоғда,
Кечмишим юракка доғлар солибди.
Баҳор гуллаб ўтди ўзга қучоғда,
Иккимизга кузги боғлар қолибди.

17.01.24

***

Олис йиллар армони оша,
Ишқ гулига соларми раҳна.
Мени кутар қандай томоша,
Сени кутар қандайин саҳна.

Шаробхўрлик умримни еди,
Кафтларимни кўрибман туриб.
Сочларингни силасам эди,
Шеър ёзишни бир четга суриб.

Нега сузди бундай картани,
Ўйналади бир марта фақат.
Кўтарсайди Худо пардани,
Кўринарди дўзах ё жаннат.

Сени кутар қандайин саҳна,
Мени кутар қандай томоша.
Ишқ гулига соларми раҳна,
Олис йиллар армони оша…

17.01.24

***

Бирор сирим қолмабди мубҳам,
Шеърларимда йиллар рўйхати.
Полапонлар чуғурлашган дам,
Тўзғиб борар қушларнинг пати.

Ишқ майини кўтарганча даст,
Қўлларимни титроқ тутибди.
Жононларнинг севгисидан маст
Бўлганича йиллар ўтибди.

Гоҳи тилди гулнинг чаноғи,
Гоҳи дилни тирнади шона.
Паймонамда умр саноғи,
Майсиз эмас манзил – майхона.

Жўровозим энди қай санам,
Қайси қўлда севгимнинг хати.
Полапонлар чуғурлашган дам,
Тўзғиб борар қушларнинг пати.

17.01.24

***

Айрилгандим бор бисотимдан,
Дунё мени этганда урён.
Ўчган эди Тошкент ёдимдан,
Севги яна қўзғади туғён.

Ўтаманми васфингни куйлаб,
Бўламанми сенга сиғинди.
Сарсон кезган бу умр бўйлаб,
Мени қайга бошлайсан энди.

Кўзларимдан кетганда нурим,
Бошни тутиб отган тошингга.
Бораманми синиб ғурурим,
Мен дарбадар яна қошингга.

Ёпилганда эшик қарсиллаб,
Бор ҳаётим бўлганда поймол.
Яна қандай олов чарсиллар,
Чорлайсанми тугаганда ҳол.

Қон лўнжимни пахта ёпгандай,
Битта муштдан тушганда тишим.
Қиёматда барҳам топгандай,
Қолмадими ё бўлак ишим.

Айрилгандим бор бисотимдан,
Дунё мени этганда урён.
Ўчган эди Тошкент ёдимдан,
Севги яна қўзғади туғён.

17.01.24

***

Бир кун бари бўлади аён,
Саҳна узра ёқилса чироқ.
Висол истаб кетганмиз қаён,
Ва қаерда йиғлатган фироқ.

Худди шундай бўлар бу ёғи,
Фақат сенга маълумдир ҳолим.
Мен билмайман қисмат бўёғин,
Ва саҳнада қанақа ролим.

Юрак кетса севги йўлидан,
Қадамига қизил қон тўшар.
Мен билмайман кимнинг қўлидан,
Очиқ парда силкиниб тушар.

Тўхтатишга борми имконим,
Жами жонга шудир насиба!
Энг гўзал рол сеники, жоним,
Парвардигор саҳнасида…

Бир кун бари бўлади аён,
Саҳна узра ёқилса чироқ…

***

Қаро ерга муштимни уриб,
Мен қайтишга кўп бор чоғландим.
Қўйгандайин сочингни ўриб,
Банданг бўлиб сенга боғландим.

Дейман – кетсам охирги йўлсан,
Деяверсин ким нима деса.
Бу саҳнада очилган гулсан,
Ўзинг тенги йўқ актриса…

Тошкент эди муҳаббат боғи,
Қалбим эди яшаган жойинг.
Ўша-ўша қалбим титроғи,
Ўша-ўша ҳануз чиройинг.

Лабларингни лабинг тишлаган,
Кўзинг боқар денгиздай тўлиб.
Сени шундай пухта ишлаган,
Парвардигор саънаткор бўлиб.

О, юраман Самарқандда маст,
Қай гўзаллар кўнгил хушлаган.
Бари ўтди деган каби – бас,
Лабларингни лабинг тишлаган.

Энди фақат тўкилар шеърга,
Лабларингдан олинмаган хун.
Мушт ураман шу қаро ерга,
Бағишлайин ўзимни нечун?!

Тошкент эди муҳаббат боғи,
Қалбим эди яшаган жойинг…

18.01.24

***

Отилиб чиқаман яна эшикка,
Мени ташқарига чорлайди соғинч.
Боласин белайди кимдир бешикка,
О, ташқари эса қабристондай тинч.

Паришон ой чиқар осмонга балқиб,
Тўлишиб кетгандай севгининг юзи.
Кечалари ёруғ Тошкентда балки,
Юлдузга ойнадир деразанг кўзи.

Қайдадир бир ҳазин бўри увиллар,
Қайси бир ўлжага сололмаган чанг.
Умр ўтган сари ичим ҳувиллар,
Юрагимда гўё энг охирги жанг.

Бўшагандай ўтли шамширлар қини,
Деразаларда бир-бир ўча бошлар чўғ.
Сени чарчатади шаҳар шовқини,
Хиралашиб борар ойнадаги буғ.

Деразага расм соласан беҳол,
Деразага кетар лабларинг тегиб.
Ўтирган бўламан шунда эҳтимол,
Пастда, ўриндиқда бошимни эгиб…

20.01.24

Қошингни терибсан – қайралган қайта,
Сочингни бўябсан – сочинг малларанг.
Негадир кесибсан – ўрибсан майда,
Яшил боғимиздан кетмагандай ранг.

Умр дафтаридан очилар вароқ,
Шодликлар ўткинчи, ғамлар аримас.
Лайлим, одамлардан фарқли ўлароқ,
Севгини куйлаган шеърлар қаримас.

Яшил япроқ тушар шамол эсганда,
Чечаклар унади босилган издан.
Яшаш шавқини ҳам этмайди канда,
Гўзал орзулар ҳам кетмайди биздан.

Ҳаётим сермазмун – бироз тўлароқ,
Боғга хазонмас – севги сочилган.
Лайлим, одамлардан фарқли ўлароқ,
Умр дафтаридан вароқ очилган.

27.01.24

***

Майли орзуларим бўлсин ақида,
Жон тупроқлаб, чипта осмонлаб кетди.
Бўлди гапирмайман Париж ҳақида,
Сени олиб кетиш эртагим битди.

Фаранг гўзаллари қилармиди ром?
Жуда кўп гапирдим ўзимни тўкиб.
Кўзларингда яшар тиниқлик мудом –
Самарқанд мисоли қолайин чўкиб.

Бу юртдан кетишга кўп бор чоғланиб…
Саф-саф бўлиб қанча турналар кетди.
Эшигингда қолдим итдай боғланиб,
Сени олиб кетиш эртагим битди.

27.01.24

***

Кузги чаманимда очилган гулсан,
Баҳор боғларида сайрингни берсин.
Фаслимни йўқотсам – энг сўнги йўлсан,
Қийнамагин, Худо хайрингни берсин.

Уқувинг бормикан қилич солишга,
Сўнгра опичларми қушлар лошимни –
Лайлим, остонангда жонни олишга,
Қошларинг бир қилиб эгди бошимни.

Бир нафас топишга қолмади кучим,
Тубига чўктирган ишқинг уммони.
Тошкент қизисану кўзларинг нечун,
Тунги Самарқанднинг гўзал осмони?!

Кузги чаманимда очилган гулсан,
Баҳор боғларида сайрингни берсин.
Фаслимни йўқотсам – энг сўнги йўлсан,
Қийнамагин, Худо хайрингни берсин.

27.01.24

***

Сен гўзал бир аёл, онасан улуғ,
Елкангдан босади рўзғор залвори.
Ловуллаб туради юрагингда чўғ,
Бутун оила каби дунёнинг бори.

Жоннинг ҳалаклиги яшаш учун бахт,
Азалдан шундайин қайнайди бозор.
Елиб югурасан тополмайин вақт,
Ташқарида шовқин, кўчаларда қор.

Ёноғинг қизарар, қизарар бурнинг,
Қишнинг совуғида бироз яхлайсан.
Болалар ёнидан юлиниб ўрнинг,
Кечалар ухламай журнал тахлайсан.

Нигоҳлар жавдирар тонги қуёшдан,
Кундан-кун вазифанг яна ортади.
Кўзларинг тўлади гоҳи бардошдан,
Гоҳ шўх, гоҳида ювош тортади.

Ва тириклик сендан олар андоза,
Ҳамда куч беради меҳринг барига.
Қозон қораяр ё оқарар коса,
Тўқнашиб ҳаётнинг алдоқларига.

Сен гўзал бир аёл, онасан улуғ,
Дунё яралганки – яшайсан бедор.
Ловуллаб туради юрагингда чўғ,
Ташқарида шовқин, кўчаларда қор.

28.01.24

***

Пинҳон эди қайда тупроғим,
Билмас эдим осмоним қайда?
Сен гулладинг – яшнади боғим,
Янгиланди ҳаётим қайта.

Менга осмон – кўзинг осмони,
Олингунча осмон кўзимдан.
Қўлда янги севги достони,
Сенга янги қўшиқ ўзимдан.

Ҳали эрта… аммо кетишга,
Чалғиса гар изларингда ҳуш.
Учиб кетса парвоз этишга,
Бу осмонда кўксимдаги қуш –

Изламагин мени ҳеч кимдан,
Менга осмон – кўзинг осмони.
Тугамайди севги достони,
Яна янги қўшиқ ўзимдан.

28.01.24

***

Булут шамол билан истайди висол,
Ёмғир шивирлар… йўқ… йиғлайди бир қиз.
Мен-ку яшаяпман даҳолар мисол,
Китобга кўмилиб кулбамда ёлғиз…

Кўзингда оловдир, лабингда ханда,
Секин пиёдалаб ишдан қайтасан.
Мен-ку ишқ эртагин қилмадим канда,
Сен-ку болаларга эртак айтасан.

Турли халқоблардан ўтасан бир-бир,
Оёқни толдирар бешинчи қават.
Менинг деразамга урилган ёмғир,
Сенинг деразангда йиғлайди фақат.

Сени соғинганча эй мағрур аёл,
Булутлар ортидан кетдим изма-из.
Ортимга қайрилсам ўша таниш ҳол –
Ёмғир шивирлар… йўқ… йиғлайди бир қиз…

28.01.24

***

Йўлларингда хор ўша бечора қани,
Бузилган рўзғорга бир чора қани?
Билармисан, жисмим ётганда бемор,
Ўзинг ғамлар уйдирганингни?

Қачондир ҳасратдан букилса тоғлар,
Қачондир ҳасратдан тўкилса тоғлар,
Билармисан, очиқ гўримга бедор,
Ўзинг тошлар қўйдирганингни?

Ҳаёт гўзал эди нақадар, нетай,
Яшашга тўймасдан қаерга кетай?
Сен ҳам ўйлармисан ўтириб бир бор,
Ўзинг жондан тўйдирганингни?

Ўралиб йиқилдим – сочларинг ялов,
Бир бор босиб ўтдим – кўзларинг олов.
Бир кун эслармисан кулни кўриб ёр,
Ўзинг мени куйдирганингни?

Шамоллар совурди – тўзғидим, ўчдим,
Дунёдан йўқолдим – қўшиққа кўчдим.
Эслармисан йиғлаб чалинганда тор,
Йиғлаб-йиғлаб суйдирганингни?

***

Руҳингда енгиллик, вужудингда дард,
Ҳаётга тўймайсан – қариган сайин.
Энди барча гаплар айтилиши шарт,
Энди кўзлар маҳзун, туйғулар майин.

Олов ёшлик ўтди кўнгил бўлиб ғаш,
Изларингни ювиб кўз ёшим билан.
Бу ёғига қанча мумкиндир яшаш,
Сочларингни куйлаб кал бошим билан.

Пештахтада турган ажал чўтига,
Энди ҳар кунимиз ҳисоб қўшадир.
Ҳануз ўт қалайсан қалбим ўтига,
Ҳануз чиройинг ҳам ўша-ўшадир.

Ҳануз ўзингдирсан қалбим ҳамроҳи,
Жондан севишимни ўзинг биласан.
Нега алдайди деб ўйлайсан гоҳи,
Ҳануз сўзларимга шубҳа қиласан.

Бир кун кийилганда энг сўнги кийим,
Бир йилда унутар… юрмайди йиғлаб.
Кўтариб юрдим мен… нақадар қийин,
Ўлган муҳаббатни йигирма йиллаб.

Ҳар кеча нечалаб юлдузлар сўнди,
Булутлар бағрига жим кўмилди ой.
Тупроқдан гул унди, қанча тош қўнди,
Севгимни кўмишга тополмадим жой.

Бир дам унутмадим порлоқ юзингни,
Қалбимга қуёшдай ҳар шом ботгансан.
Қорайтириб ўтган ҳар тун кўзингни,
Тонг бўлиб шеъримдан ҳар тонг отгансан.

Ҳаёт қаршисида кетган эдим мард,
Ўлимга ҳам шундай кетишим тайин.
Энди барча гаплар айтилиши шарт,
Энди кўзлар маҳзун,туйғулар майин.

1.02.24.

***

Гоҳи бўғар ҳавосиз шаҳар,
Билинмайди келгани ҳам ҳут.
Кеч ётасан, турасан саҳар,
Газ ёқасан, пиширасан сут.

Ошиқасан мактабингга, гоҳ,
Одам зоти қандай сайлда?!
О, иккимиз нақадар гумроҳ,
Умр кетар, во шу зайлда.

Кетолмайман мен-ку қишлоқдан,
Лой кўчага тошдек ботаман.
Соғинаман… оғриб фироқдан,
Кеч тураман, эрта ётаман.

На бир сўз бор, на бордир аҳдлар,
Қонталашар уфқнинг лаби.
Бағри ғижим турар дарахтлар,
Жуда узоқ яшаган каби.

Йўллар боши етмас юлдузга,
Оралиқда сарсон кезар бахт.
Ўйчан нигоҳ, мунглиғ бир кўзга,
Тушлар учун топилмайди вақт.

Чой ичаман ичгандай заҳар,
Аста-секин бўласан унут.
Кеч ётасан, турасан саҳар,
Газ ёқасан, пиширасан сут…

***

Келсанг эди қишга қасдма қасд,
Ифор сочиб турсанг боғимда.
Бўсалардан бўлсам эди маст,
Очилсайдинг сен қучоғимда.

Қуёшдайин порласа юзинг,
Қиқирласанг, кулсанг хушқилиқ…
Икки чашминг – икки юлдузинг –
Чашмадайин сувлари тиниқ…

Қадам боссанг кўзим устига,
Сочинг ўтса шамолни эгиб.
Новдаларнинг нозик пўстига,
Кетса эди бармоғинг тегиб –

Шунда – чорлар қушчалар сайраб,
Баҳор томон қайрилар йўллар.
Новдаларда кўпиклар қайнаб –
Куртак очар… очади гуллар.

Келган каби жаннатдан малак,
Капалакдек бошимда елсанг.
Ўз ўқидан айрилиб фалак –
Сен баҳорни етаклаб келсанг –

Севаман деб шивирласам ёр,
Ҳаёт бир дам ёшликка қайтса.
Қалдирғочлар қўшиғин такрор,
Турналарга қўшилиб айтса…

Шунда – чорлар қушчалар сайраб,
Баҳор томон қайрилар йўллар.
Новдаларда кўпиклар қайнаб –
Куртак очар… очади гуллар.

***

У бечора бунча хўрланган,
Бағрин доғлаб кўкка етган у.
Сен туғилиб олам нурланган,
Сен туғилгач қочиб кетган у.

Юлдузлар у бизники демас,
Сенинг каби йўқ эрур қоши.
Осмондаги ой ҳеч ой эмас,
Фақатгина ернинг йўлдоши.

***

Бўлди, қоним майдай сузилмайди бас,
Жонни сотиб бўлмас – жонимдасан-ку.
Майхона керакмас, Каъба керакмас,
Ахир, мана ўзинг ёнимдасан-ку.

Пойингда туғилиш, пойингда ўлим,
Қандай сажда бўлса пойингдан топай.
Севгидан маст бўлиб ухласанг гулим,
Эски жойнамозни устингга ёпай.

Ўпай хас илашган сочингни силаб,
Куйиб ёнаверсин Нуробод дашти.
Одамларга ётдир яхшилик тилаб,
Дунёдан беркиниб яшамак гашти…

Ҳисоб қиёматда бўладиган гап,
Осмондан не излаб сайрайди какку?
Кимлар сарсон ўтар Худони излаб,
Худо иккимизнинг қалбимизда-ку…

***

Яна келдим шамолдай дайдиб,
Ҳислар тўккин, гулларингни тўк.
Сенга шеърлар бераман айтиб,
Шоирингман қаршингда буюк.

Лабим сендан бўсалар тергай,
Ҳисларингга кетмайман чўкиб.
Дарахтлар ҳам мевасин бергай,
Қийғос-қийғос гулларин тўкиб.

Умр бўйи саргардон кездим,
Бу дунёнинг алдоғида мен.
Яна келдим ва ногоҳ сездим,
Ёлғиз қалбим ардоғида сен.

Турналарни кўрдинг ҳар баҳор…
Қайтиб қўшиқ айтишларини…
Яна келдим – кўрмайсан такрор,
Сен шоирнинг қайтишларини…

***

Гулим, китобларим чиқмади ҳали,
Ҳали бу замонга қайтмади виждон.
Заҳҳок салтанатида минг бошли илон,
Мажолсиз улусдан ичаяпти қон.

Қора булутларни йиртолмади кун,
Ҳали тугамади афғонда нола.
Дунё қаршисида турибди юпун,
Ойни думалатиб ўйнаган бола.

Мудом ўз қалбига интилар башар,
Худо бўй кўрсатар борича унда.
Тоабад севгимиз достони яшар,
Бир чечак очилса магар очунда.

Синади улуғвор тоғларнинг сабри,
Қоялар қўйнида бор хитобларим.
Тошларнинг остида жўмардлар қабри,
Мақбара бўлади кўп китобларим.

Изғиринда чўпон гулхан ёқади,
Туроннинг Тяншан, Помирларида.
Шу ватан бор экан сўзим оқади,
Ватаннинг кесилган томирларида.

Бу боғдан келажак гуллар теради,
Шеърларга сиғмаган ватан баётин,
Ҳали авлодларга айтиб беради –
Бир шоир умри ва бир қиз ҳаёти…

***

Гулдек яшнар эдинг – ҳуснингни кўриб,
Дунё ишларидан бўшаган эдим.
Қўйнимга ой каби келгандинг кириб,
Пойингга жонимни тўшаган эдим.

Тамом. Хайрлашдинг – қошинг қайрилди,
Энди кўришмаймиз йўқ дединг висол.
Битта бўлган жоним икки айрилди,
Алвон лабларингнинг айриси мисол.

Қоронғу кўчангдан кетдим қон ютиб,
Шамоллар изимдан ёлборди ҳалак.
Бир тола сочингнинг нархидан ўтиб,
Умрим қора бўлди, қорайди фалак.

Эгилган бошимга маломат ёғир,
Ҳар алам ярадек пишиб етилгай.
Жудолик ичида куйламоқ оғир,
Жудолик ичида йиғлаб кетилгай.

Тамом хайрлашдинг ўша… ўша он,
Бутун ҳаётимни хуржунга йиғдинг.
Жоним пойингдамас энди ҳеч қачон,
Айрилган жонимнинг устига чиқдинг.

* * *

Ярмида узилди тортар куйимиз,
На ёғий розидир, на отанг рози.
Гулларимиз куйди, куйди уйимиз,
Орада муҳаббат эски тарози.

Энди бу бозорда юрмак бефойда,
Энди уйғотмайди қушлар алласи.
Жонимиз ўлчаниб узилган жойда,
Бизлар тарозининг икки палласи.

Қайноқ жолалар йўқ йиғласанг зор-зор,
Бир тамом бўлдингу айландинг тошга.
Мени олиб кетар қайси харидор,
Йўриғим бошқадир, тақдир ҳам бошқа.

Ҳў, куйган гулларда қушлар ичиккан,
Куйган уйга борар қайси бир дайди?!
Хатоларни англаш доим кечиккан –
Дўкон ёпилганда чўтга ташлайди …

***

Жоним сўнги йўл деб йўлингга тушди,
Юлдуз учиб ўнгу сўлингга тушди.
Осмонда ойнадек турганди ой ҳам,
Аксингни кўрай деб қўлингга тушди.

Ғамимдан булутлар тўзди-ю кетди,
Тулпорлар тушовин узди-ю кетди.
Олов ҳисларимни солдим бозорга,
Жами шеър нархини бузди-ю кетди.

Тилингда сузай деб мева май бўлди,
Лабингга қўнай деб қамиш най бўлди.
Дунёдан қизғандим гул баданингни,
Терган бўсаларим пайдар-пай бўлди.

Гуллар чиройини юзингдан олди,
Ҳар тонг қуёш нурин кўзингдан олди.
Жоним сўнги йўл деб йўлингга тушгач,
Шаҳидлик мақомин ўзингдан олди.

***

Елган шамол юрар фақат туртиниб,
Мавжида ўйнатар гажакли диёр.
Сочларинг денгиздир – кўрмаган тиниб,
Ойни тўлғонтирган тўлқинлари бор.

Мукаммал жингалак ишланган чоғи,
Қайда чарх дастгоҳи бузилиб қолган –
Белингга етмасдан денгиз қирғоғи,
Тўпиғингга келиб узилиб қолган.

* * *

Йўл устида силкинар дор –
Манглайимга ёзуқмисан.
Мен билмадим нимасан ёр,
Тирикликка озуқмисан?

Сен бағримда қонармисан,
Қайга қўнар жоним учса.
Рашк ўтида ёнармисан,
Мозоримни гуллар қучса.

Сенда ҳушлар, сенда тушлар,
Сен нимасан хўб жилвагар.
Жондек учиб қўнар қушлар,
Сув билан дон бўлсанг агар.

Жоним эди ҳовучингда,
Энди қўлинг бўшми, жоним?
Яшаяпсан қўл учида,
Сен учирган қушми жоним?

***

Касбим бўлди сенга шеърлар суйлашим,
Ишим бўлди ётиб сени ўйлашим,
Торга мақсад бўлди – сени куйлаши,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

Бу осмон бир гўзал қушларга тўлди,
Билса қуш тилини Сулаймон билди,
Қушга тош отганлар пушаймон бўлди,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

Майхўрлар майини бир четга қўйди,
Сени ҳамма суйди, дунёлар суйди,
Бир суйганни кўрсам қалбим минг куйди,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

Юлдузлар ердаги шу ойни сўрар,
Момолар қатнайди тугунни ўраб,
Гуллар йиқилдилар чиройинг сўраб,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

Сочингми деб гулга сунбул уладим,
Суйдим – хирожига жонни тўладим,
Мени чақин урди – қушдай қуладим,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

Чақнадинг – кўзимнинг умрига етдинг,
Бор қувончимни, бор ғамни аритдинг,
Мендай шоирни ҳам ўзинг қаритдинг,
Ишқ осмонин ёнган чақинимисан,
Ё Худонинг жондай яқинимисан?

***

Билмадим дунёда тутар касбимни,
Суратингни ўйиб тошларга чиздим.
Тошдан ўчар қалбдан ўчмас аксингни…
Қалбимни кўтариб саргардон кездим.

Бошимда чириди хазонлар қўзиб,
Фақат қалбим обод, фақат қалбим шод.
Билмадим сочинг қай шамолда тўзиб,
Сен қачон умримни қилгандинг барбод.

Қайси бир гулшанда гулдек ўсгансан,
Ишим – қалбдан шеърлар узиб узатиш…
Дунёни кўрмайман – кўзни тўсгансан,
Ишим – ўлгунимча сени кузатиш.

Ақлу ҳушим йўқдир – ўзимда йўқман,
Фақат сенда ёниб сенда ўчганман.
Одам уйга кўчар, қуш учар ўқдай,
Мен нотавон эса сенга кўчганман.

Кўз нури ҳайф кетар чирик япроққа,
Мени кўрган мендан кўзин юмади.
Урф эмиш одамни кўмиш тупроққа,
Йўқ одамни булар қандай кўмади?!

***

Ҳаётим чайқалган қадаҳ лолагун,
Дўстлар ҳам келади; ичар-да кетар.
Яримта бағирнинг сафоси учун,
Шишанинг тагида қолгани етар.

Ўзни овутмакдан ўзга илож йўқ,
Худо тўлдиролмас агар етмаса.
Басдир синдирмаса бирор чилвир соч,
Ё жонон кўлидан тушиб кетмаса…

***

Холингда тунларим тугилиб ўлмиш,
Нуқта қўярмисан умримга тугал.
Қоп-қора сочларинг жингалак бўлмиш,
Сочингга боғланган тақдирим чигал.

Гўзал шеърлар битиб ҳар бир гапингдан,
Шоиринг бемажол турибди мана.
Қачондир жон тутдинг қондек лабингдан,
Ўзинг олармисан жонимни яна.

Кўзимни кўр қилган кипригинг тикан,
Қоронғу қисматни биров қўшарми?
Сўнги манзилим ҳам йўлингда экан,
Энди ўртамизга Худо тушарми?!

39Bundan roppa rosa 10 yilcha avval Talantbekning she’rlarini ilk marotiba kutubxonamizda taqdim etgan edik. O‘shanda  yosh shoir she’rlari haqidagi  taasssurotlarimniyam  yozgan edim. Keyinchalik ham uning ijodi namunalari bilan sizni tanishtirib bordik. Bu orada u taxallusiniyam o‘zgartirdi. Oradan shuncha vaqt o‘tib, bugun shoirning yangi she’rlarini sizga taqdim etarkanmiz, uning bugungi ijodi nechog‘li ekanini, u qanchalik o‘zgarganini baholashniyam sizlarga havola etamiz.

Talant TOLЕRANT
YANGI SHЕ’RLAR


***

Biz bir-birimizni sevmagandekmiz,
Birga sevgandekmiz Parvadigorni.
Sevgi, ho‘, yoshlikda qorda qolgan iz,
Men qorni sevganman, sevgansan qorni.

Poyingda eridim dunyodan qochib,
Sen xaqingda go‘zal xayollar surdim.
Asriy duolarga qo‘limni ochib,
Juftlashgan qabrlar boshida turdim.

Tohiru Zuhrolar yashab bir nafas,
Olis manzillarga ketibdi bari.
Issiq o‘lkalarga qilganday havas,
Murodu maqsadga yetibdi bari.

Pag‘a-pag‘a yog‘a boshlar kumush qor,
Poyimda eriydi bir seni so‘rab.
Oltin-javohirlar ko‘milgan diyor –
Zebo Samarqandni kumushga o‘rab.

Jonim, payvastadir jonim joningga,
Qadamlar ketgandir shu qorni cho‘qib.
O, boraman salom bilan yoningga,
Jonni kuzatguncha fotiha o‘qib.

Pag‘a-pag‘a yog‘a boshlar kumush qor,
Poyimda eriydi bir seni so‘rab.
Oltin-javohirlar ko‘milgan diyor –
Zebo Samarqandni kumushga o‘rab.

3.02.24

***

Ko‘zlaring tubiga cho‘kkanmi dodim,
Bu ko‘zlar so‘narmi – o‘yga tolaman.
Fuzuliyday emas xatu savodim,
Ammo, nigohingni o‘qiy olaman.

Dunyo aylanadi bo‘lib tunu kun,
Nigohing qadalgan joyda sujudim.
Ko‘zlaringga bir bor qaramoq uchun,
Ko‘zga aylangandir nargis vujudi.

Nahotki g‘am-g‘ussa yonib turgan sham,
Ko‘zlaring tubiga alam yetibdir.
Qaygadir bosh qo‘ysam – shuning uchun ham,
Bosh qo‘ygan tuprog‘im kuyib ketibdir.

***

Muhabbat yelkanin yelkamga ortdim,
Shamollar uyg‘otdi shovullab, ey qiz.
Yo‘lingni to‘sdimu qo‘lingdan tortdim,
Bag‘riga tortganday daryoni dengiz.

Xudo manglayimga chekib o‘tgan xat –
Dengiz uzra yongan olov yelkandir.
Umrimda bor esa qandayin hasrat,
Barchasi sen bilan oqib kelgandir.

***

Paymonamga o‘zingsan ega,
Bellashmayman qaro yer bilan.
Muhabbatning mayxonasiga,
Borib qoldim dasta she’r bilan.

Qayga ketay bedovni qistab,
Jonim qushdir – o‘zing qanotim.
Sen bilmaysan, bir seni istab,
Halovatsiz kechgan hayotim.

Ko‘rsatmaydi yulduz yo‘lingni,
Falakdagi vahiy kerakmas.
Qo‘llarimga qo‘ysang qo‘lingni,
O‘psam – hiding mast aylasa bas.

Bo‘sa bilan yo‘llasang payg‘om,
Titroq labing shiraga to‘lib.
Quchog‘ingda topsamu orom,
Yotsam bo‘ldi shirakayf bo‘lib.

Oymomodan eshitsam ertak,
Baxt kerakmas bundan-da ziyod.
Urib tursa xotirjam yurak,
Hamda seni qilsam ehtiyot…

Bo‘sa bilan yo‘llasang payg‘om,
Titroq labing shiraga to‘lib.
Quchog‘ingda topsamu orom,
Yotsam bo‘ldi shirakayf bo‘lib.

4.02.24

***

Men shahardan ketganman yiroq,
Uzoq yashar qishloqda odam.
Faqatgina o‘ldirar firoq,
Boshqa yo‘qdir musibat va g‘am.

Yashayapman holim boricha,
Suratingga qarayman to‘yib.
Men kutaman seni har kecha,
Yuragimni lang ochib qo‘yib.

Qiynasa-ku bir sog‘inch qiynar,
Talpinaman Toshkent tomonga.
Soy betida yulduzlar o‘ynar,
Ko‘zlarini tikib osmonga.

Oy talpinar holi boricha,
Yerga tomon sarg‘ayib, kuyib.
Va kutaman seni har kecha,
Yuragimni lang ochib qo‘yib.

***

Kuy ishi ko‘ngil yirtmoq – yor zulfi tormasmikan?
Bo‘ynimga tushdi sirtmoq – yo zulfi dormasmikan?

Ketsam chekib g‘am, kadar, jola ekib Rum qadar,
Mayxonada darbadar mastu xumormasmikan?

Bu adirlar otga boy, qamchi bosar hoyna-hoy,
Kezib yurgan o‘shal oy ko‘kka tumormasmikan?

Yulduz oyni so‘ragan, tog‘lar toshdan to‘ragan,
Bir g‘unchani o‘ragan ming tikon, xormasmikan?

Yor jilvagar sharobmi, yo hiylagar sarobmi,
Xabargirlar xarobmi – lochinu sormasmikan?

Boshda tuproq – o‘zing boq, muzlab borar hamma yoq,
Sochga qo‘ngan manov oq tuz yoki qormasmikan?

Igna misol har mujgon tahriridan tomar qon,
Ishq xatosi bu g‘ujg‘on jonimga zormasmikan.

Umrimning so‘ngi foli – yuzdagi nuqta xoli,
Jasadimning yo‘q holi, zavoli bormasmikan?

Zulayho kimga doir, Zuhro deydi har Tohir,
Ismin so‘ra ey, Shoir – u Zulxumormasmikan?!

***

Tonggacha qog‘ozga berib chiqar zeb,
Dunyo yaralganday u yozgan kuydan.
Bilaman, qachondir yoyganicha sep,
Eshikni lang ochib chiqadi uydan.

Kamalakdek jilo taratadi baxt,
Qilgan kabi hisob kitobini hal.
Eng yorug‘ kunlarga yaqinlashar vaqt,
Hali tugamasdan bu injiq fevral.

O‘rik shoxlarida kurtak otibdi,
Sira bo‘lmagandek kuzak, xazonrez.
Qor ostida shirin uxlab yotibdi,
Bahor o‘ynoqi qiz, bahor shaddod qiz.

Tong chog‘i qog‘ozdan ko‘taradi bosh,
Oynaga urilib parchalanar tun.
Asriy muzliklarda eriydi quyosh,
Eram bog‘laridek xayoli gulgun.

Gul kabi bezanib chiqadi uydan,
Gullar ochiladi, erib bitar qor.
Dunyo yaraladi u yozgan kuydan,
Bahorni uyg‘otar o‘shal ijodkor.

10.02.24

Oq moshinning sen orqasida,
Ko‘z yoshlardan ko‘zing bo‘yalar.
Sirdaryoda – yo‘l yoqasida,
Qator-qator laylak uyalar.

O‘lim haqda xayol bema’ni,
Ma’shum o‘ydan xayoling tolgan.
Bulut qani, Olapar qani,
Samarqand ham orqada qolgan.

Pul so‘raydi shopir ham nigun,
Savdo qilar odamlar naqdda.
Jonim seni chalg‘itish uchun,
Gapiraman laylaklar haqda.

Simyog‘ochga tortilmagan dor,
Bir oyoqli laylaklarga boq.
Hayot kabi kuylaklari bor –
Yarmi qora, yarmi esa oq.

Ozodligi bordir tushlarning,
Kuzat bulut ko‘chishlarini.
Kuzat erkka tashna qushlarning,
Qanot qoqib uchishlarini.

Qiynalasan nega har daf’a,
Nega yetmay qoladi nafas?
Qardoshlaring qildimi xafa,
O‘rab oldi qandayin qafas?

Nega yuzing yig‘idan shishgan?
Yetar shuncha bo‘g‘ishganimiz…
Bizni laylak tashlab ketishgan,
Shular bizning tug‘ishganimiz.

Birozgina yugursa, yelsa,
Cho‘llarda ham barcha jonzot to‘q.
Polaponlar onasi kelsa,
Qara, qanday ochadi tumshuq.

O, uchishga polaponlar shay,
Laylaklarga osmon to‘lgandir.
O, odamlar bizni tushunmay,
Sudralishga mahkum bo‘lgandir.

Sirdaryoda – yo‘l yoqasida,
Qator-qator laylak uyalar.

***

Ketdim. Avtobusdan tushaman mahzun,
Quyosh oynadayin muzni suribdi.
Fevral quchog‘idan tilaganday xun,
Bodom gullarini sovuq uribdi.

Qishloq. Iz solingan qor uzra tig‘iz,
Men-ku uyga qaytdim – qaytmadi xayol.
Olislarda kutar bitta shirin qiz,
Va Toshkentdagi eng go‘zal ayol!

Parishon o‘ydaman – bilmay qaydaman,
O‘zimni izlayin kimning ko‘zidan?
Men-ku avtobusda yana qaytaman,
Chechaklar sochganda bahor o‘zidan –

Varrak yasayman va yasab gultoj,
Ayolga she’r yozib qiz uchun ertak,
Qo‘shilar turnalar, kaptar, qaldirg‘och,
Toshkent osmonida uchadi varrak.

Yetim qolmagaydir hatto falak ham,
Bulutga ochilib to‘ladi bag‘ir.
Daydibar umrim yarimlagan sham,
Boshqatdan yoqayin – qandayin axir.

Yo‘limga intizor mushfiq, bechora,
Qishloq. Iz solingan qor uzra tig‘iz.
Sarpoychan qatnadim bu yo‘llar aro,
Tashlab ketolmasdan onamni yolg‘iz.

Qishloq. Iz solingan qor uzra tig‘iz,
Men-ku uyga qaytdim – qaytmadi xayol.
Olislarda kutar bitta shirin qiz,
Va Toshkentdagi eng go‘zal ayol!

22.02.24

***

Qiz sevardi jonidan ortiq,
Boshqasiga dasturxon ochdi.
Kimga qilsin jonini tortiq –
Shamol bilan daryoga qochdi.

Bo‘sh tobutdek bitta qayig‘u
Hamda to‘lqin uzra oy qolgan.
Dasturxondan bir burda qayg‘u –
Sovchilar jim ushatib olgan.

5.01.24

***

Mana keldim – salom, Olapar,
Salom Bulut nomli tulporim.
Men qishloqqa mehmon bu safar,
Yo‘lim poylab kutadi yorim.

Jonim onam – o‘pib qolayin,
Jonim otam – hidingga to‘yay.
Dasturxonni o‘zim solayin,
Va o‘rtaga jonimni qo‘yay.

Olisdagi sevgi tufayli,
Oy-yulduzlar boshimga tegar.
O, Olapar yig‘lasin, mayli,
Bahorgacha bo‘sh tursin egar.

Xolamga ayt bo‘zlamasin hech,
O, bobojon xayr tilagin.
Yangam mendan so‘zlamasin hech,
Olib ketsin qo‘shni elagin.

Momo yovqur o‘g‘lonlar tilan,
Qushlar uchsin – qo‘shiq aytamiz.
Bahor kelsa turnalar bilan,
Arg‘imchoqlar solib qaytamiz.

Tosh yorilar sevgidan bu dam –
Qizilkarvon uxlagan chog‘da.
Tushunmaydi birorta odam,
Butun qishloq qoladi dog‘da.

Qiz ketadi gullarni o‘pib,
Qadamiga shamol bosh urar.
Kishnab qolar tulpor yer tepib,
Uzun-uzun ulib it hurar…

***

Ko‘ngil ochiq turar – hamma uchun shay,
Umr o‘tib bo‘ldi – barchasiga kech.
Qay dilovar tutgan qadah to‘la may,
Endi chanqog‘imni qondirmaydi hech.

Orzular chirog‘i bormakda so‘nib,
Yoqilgan holatda tuproq yoparmi?
Manglayga yozilgan qismatga ko‘nib,
Farog‘atsiz ko‘ngil rohat toparmi?

Ko‘z o‘ngimda g‘ishtdan kulba qurdilar,
Men-chi bunyod etdim ko‘ngilda saroy.
Shu ko‘ngilga hamma xanjar urdilar,
Farog‘atsiz bo‘ldi shundan, hoyna-hoy.

Toabad yashaydi g‘ussa ko‘zida –
Bir chaqa tilanar barchasi boydan.
Endi – hammasining aybi o‘zida,
Hadiksirab yashar notinch saroydan.

6.05.24

***

Umrim karvonida yorug‘ quyoshim,
Kunim mayxonaning zulpagiga band.
Sevgi kundasiga qo‘yilgan boshim,
Og‘irlik qilarmi senga, Samarqand?!

Oyning nurlariga qizlar cho‘milgan,
Falakdan nur bo‘lib sen – tomishing bor.
Qo‘shrabod bag‘riga Boysun ko‘milgan –
Jumanbulbul aytgan Alpomishing bor!

Kuygan dashtlaringda Barchin kabi qiz,
Qo‘llari qavarib yantoq choparmi?!
Yiqilsam yo‘llarda chohlar bor tubsiz,
Qorajon izimni izlab toparmi?!

Umidga ishongan mardlar o‘lmaydi –
Maydonda so‘qishgan halak jonlardek.
Faqat, bu vatanda yashab bo‘lmaydi,
Dostonlarda o‘tgan qahramonlardek.

Sovuq bo‘ronlarni o‘tadi kesib,
Shamshirdek qayralib qush qanotlari.
Hali adirlarda yuribdi kezib,
Kimlarning egasiz qolgan otlari.

Bordir siynalarning sutga to‘lishi –
Nozik barmoqlari tikonlarga band –
Yantoq chopayotgan qizning kulishi –
Og‘irlik qilmasmi senga, Samarqand?!

***

Toshkent. Qor aralash urardi yomg‘ir,
“Qoratosh”dan o‘tib bir baytga kirdik.
Turarding sovuqdan qaltirab dir-dir,
Qaynoq qahva aytdik, kutdik, o‘tirdik.

Eslolmadim sira – ko‘rishdik nega –
So‘ngra bu yog‘iga xotiram o‘chdi.
Zulayho sindirmish yurakdan chega,
Laylini ko‘rgandek xayolim uchdi.

Tashqarida sovuq chalar edi soz,
Qahva ichar eding labing ko‘karib.
Egning yupun edi – olifta biroz,
Eng arzon matoday dunyo ham g‘arib…

Arzonga sotilgan Yusufning boshi,
Ko‘zlarimda Majnun ko‘zidagi qum.
Qator o‘rnatilgan shamdonlar boshi –
Ko‘knori gulidek tugulgan mushtum.

Quchib isitmakka yo‘q edi imkon,
Tuyg‘ular yurakda qilingan g‘orat.
Labimdan o‘tmagan labingdagi qon,
Qahva berar edi senga harorat.

Toshkent. Qor aralash urardi yomg‘ir,
Eslolmadim sira – ko‘rishdik nega?!
Qoshiqni finjonga urarding bir-bir,
Negadir uchmasdi yurakdan chega…

3.03.24

***

Hali otilmagan osmonning to‘pi,
Hali chug‘urchiqlar boshlamagan roz.
Mezanada azon aytadi so‘pi,
Katakda qichqirib uyg‘otar xo‘roz.

Samarqand qizidek go‘zal, fusunkor,
Hali oy turibdi – ko‘zi qamashgan.
Hali ulgurmagan yulduzchalar bor –
Choklari so‘kilgan tunni yamashga.

Hali uyg‘onmagan bor bitta vatan –
Quyoshdan og‘irdir ko‘ksida boshim.
Hali yalang kezsang junchikadi tan –
Maysalar ustida uxlar ko‘z yoshim.

Hali ochilmagan beg‘ubor g‘uncha,
Hali yig‘olmagan sochlarini tun.
Ona zamin qayga shoshasan buncha,
Hali el qo‘rqadi uyg‘onish uchun.

Axir, hali uyg‘oq qora nolalar,
Har qadamda mingta ajina ko‘rgay.
Hali tug‘ilmagan qancha bolalar,
Onasin qornida depsinib turgay…

****

Z.B ga

Goh ro‘zg‘or, goh sahna uzra yonasan,
Bog‘ingda qulf urgan lolalar bordir.
Buyuk sa’natkorsan, mushfiq onasan,
Qo‘rg‘onga aylangan bolalar bordir.

Bundan ketolmaysan iplarni uzib,
Tasvirga chorlasa olis go‘shalar.
Xarxasha qiladi qo‘rg‘onni buzib –
Bag‘ir butunligi asli o‘shalar –

Bozordan eng toza gullarni olar,
Odimlaydi cho‘g‘dek nigohing sari.
Ular hovuchida zumda yo‘qolar,
Bu dunyoning jirkanch, shum qiliqlari.

Balki, sen ko‘rmagan otangning ko‘zi,
Ilk tomoshagohdir, sassiz filmdir.
Eng katta teatr – insonning o‘zi,
Xudo peshonaga yozgan ilmdir.

Istasang istaging topilmas hamda
Topilmaydi senga loyiq bir asar.
O‘zbek kinolari yo‘qdir bu damda,
Kechilgan umrdir – kino muxtasar.

Qo‘rqasan qadamda bo‘lsa chegara,
Nafasing yetmaydi xona bo‘lsa tor.
Bola kulgusida tordek eng sara –
Hayotning sho‘x-shodon jaranglari bor.

Yursang izlaringga egalar ko‘pdir,
Quyosh o‘rnin bosmas samodagi oy.
Dengizda qalqigan har qanday cho‘pdir –
Qayiq bo‘lolmaydi bunda, hoynahoy.

Kim ro‘shnolik ko‘rgan elni uyg‘otib,
Odamlar nafsiga o‘zi solar chang.
Qush bo‘lib sayrasang quvgay tosh otib,
Ustingdan kulgaydir it bo‘lib hursang.

Ijodni tushunmas ming yildan buyon,
Haqiqat mushkuldir sa’nat yo‘lida.
Eng go‘zal nafasdek ushlanar har on,
Bola emizyotgan ona qo‘lida.

Armonga to‘lgancha bolalik bebosh,
Ko‘kka yulduzlarni ketgandir osib.
Quyilib kelsa-da qarog‘ingga yosh,
O‘tgansan tishingni tishingga bosib.

Qoyalar ko‘ksini timdalar ohu,
Bu so‘qmoq uzundir – o‘tadi jondan.
Manzildan adashgan odamlar, yohu,
Bunda farqlay olmas gulni tikondan.

Jallodlar so‘z aytmas, o‘g‘ri chekinar,
Chin sa’nat sindirar otilgan toshni.
Yolg‘onlar fosh bo‘lsa qayga bekinar –
Chin sa’nat yondirar suyakni, loshni.

Nafsidan toyib el uyg‘onar onda,
Bola yig‘laganda sen uyg‘onasan.
Boshiga qo‘rg‘oshin yopgan zamonda,
Buyuk sa’natkorsan, mushfiq onasan!

***

Deydi senga bir qulni –
Samarqandning bolasi.
Xurram etar har gulni,
Bulutlarning jolasi.

Alvon labing tilar xun,
Shamol xafa rashkimdan.
Sen yashnaysan kundan-kun,
Nahot, to‘kkan ashkimdan.

Sendan saboq olaman,
Har shamolda sochilib.
Minglab qo‘lda qolaman,
Kitobdayin ochilib.

Qanday fansan – ustoz kim,
Ishqda qanday dars ketar?
Yillab yiqqan bilimim,
Nahot senda darz ketar!..

Deydi senga bir qulni –
Samarqandning bolasi.

6.01.2024

***

Har gado nazdida podsho bandadir,
Har podsho nazdida gado – jandadir.
Bitta ko‘zning ikki qarashi nechun,
Asli ikkisi ham bitta tandadir.

***
Ishqni tugdi Xudo qo‘lida,
Sen yechimsiz g‘amlarga to‘lding.
Sarson ketdim she’rning yo‘lida –
Sen sa’natga oshufta bo‘lding.

Anduhlarning sharobin ichib,
Qismat yana qaylarga boshlar.
Seni istab – daryolar kechib,
Boshim uzra yog‘ildi toshlar.

Bir miriqib yig‘lolmayman ham –
Sen yashaysan ko‘zim uyida.
Xarob etar sel kelsa har dam –
Uy bo‘lsa gar suvning bo‘yida.

O‘tgan bahor xazonlar to‘ksin,
Yuragimni turibsan yoqib.
Mayli dunyo ko‘zimga cho‘ksin,
Sen ko‘zimdan ketmagin oqib.

Umr o‘tdi – o‘rni to‘larmi,
Sen ko‘zimda yashaysan bugun.
Ishq tugunin yechib bo‘larmi,
Yechilmasdan qalbdagi tugun.

8.01.24

***

Gulbadan ko‘ksida oyning shu’lasi,
Shamolni to‘xtatar yor qaylulasi.

Sevgi sharobida chayqaldim shodon,
Mening she’rlarimga qo‘l cho‘zma nodon.

Sen qaydan bilarsan, o, ohimmikan,
Unda jilva qilgan Ollohimmikan?!

Ollohning benasib kim kalomidan,
Benasibdir mening bir salomimdan…

Qayta yashamakka qon bag‘ishladi,
Siyratini ko‘rib jon bag‘ishladim.

Pallangda loy o‘lchab solma imorat,
Sen qalbim uyini qilmagin g‘orat.

Mendan otam emas, bir Xudo rozi,
Jonimni o‘lchashga yo‘qdir tarozi…

***

Jonim hanuz sen tomonman,
Senda labim qoldirgan iz.
Kimlar uchun men yomonman,
Kimlar uchun sen yomon qiz.

Gapiradi – tilida erk,
Og‘zi bordir – ba’ni bashar.
Mening esa lablarim berk,
Sen-la qalbim suhbatlashar.

Hayotdan ne topdik bizlar,
Nozik qadding bukilmasin.
Yuragingda qolgan izlar,
Lablarimdan to‘kilmasin.

8.01.24

***

Jonni seni poyingda dedi –
Oyoq bosib ko‘zimdan kechding.
O, jasadim bir qadah edi –
Sevdim deding – qonimni ichding.

Ishq sharori ko‘pirgay buncha,
O, yugurik qonim tinmasmi?
Sarxush bo‘lib ajal kelguncha,
Ayt, bo‘sh turgan qadah sinmasmi?

8.01.24

Qaylarga ketgansan qoldirib g‘amda,
Qaro tunlarimdek qaro qoshligim.
Daraxt panasida, pana-pastqamda,
Hidlaringga to‘ymay o‘tgan yoshligim.

Kim mening umrimni arzon pullagan,
Qaylarga ketganman o‘ksib, o‘ksinib?!
Sen haqda eslatib menga gullagan –
Har bahor daraxtlar yorib ko‘ksini.

O‘sha pastakkina uy panasidan,
Hurkib mo‘ralaydi bir juft qaro ko‘z.
Yana yiqilamiz qish chanasidan,
Hozir dashtlarimni yig‘ishtirar kuz.

Qush qo‘ngan ishkomlar bukilib borar,
Yoshlik ham ketmoqda xazonlar sochib.
Ho‘, o‘sha daraxtlar to‘kilib borar,
Faqat ikkimizga qalbini ochib…

***

Men-ku yashayapman Toshkentdan olis,
Xayolimda g‘uvullar metro – “Paxtakor”.
Undan chiqib kelar qoragina qiz,
Ko‘zida dunyoning alamlari bor.

Daydib yurar edim – qishloqi bola,
Faqat she’r to‘kilardi o‘jar tilimdan.
Qaysi ko‘rsatuvdan kelardi Lola,
Yahyo Tog‘a kelar “O‘zbekfilm”dan.

Anglanmagan sirlar ko‘pdir ochunda,
Ko‘ngil uzolmadim sa’natdan hamon.
Hayot haqiqatin bilmasdim unda,
Ketgandim shoirlar davrasi tomon.

O‘, navqiron fasl qaytmaydi hech ham,
Endi yuzda ajin, boshimda qorlar.
Balki hozir meni eslolmaysan ham,
Axir o‘tib ketdi qancha bahorlar.

Olov quchoqlaring gullarga to‘lib,
O‘qiding, ishlading – ketding bir yo‘la.
Endi muhabbatga qaraysan kulib,
Murg‘ak bolalarga etaging to‘la.

Sendan ortiqmidi menga o‘zgalar,
G‘amgusar bo‘ldimu to‘ldim bayotga.
Yurak o‘zgarmaydi – odam o‘zgarar,
Nega seni berdim ishqsiz hayotga.

Nega yashamadim bir senga quldek,
Nega yo‘llaringni to‘smagan edim.
Nega unutilgan bir dona guldek,
Oyog‘ing ostida o‘smagan edim.

Bugun pushaymonlik dengizi yutar,
Paymonam eng achchiq sharobga to‘ldi.
Kino tasmasidek xotira o‘tar –
Seni-ku hayoting kinodek bo‘ldi.

Bugun u gulshanlar xazonlar kiydi,
Qalbim og‘rib borar xayollar sursam…
Endi muhabbatga qaraysan kulib,
Murg‘ak bolalarga etaging to‘la.

9.01.24

***

Meni mag‘lub etdi qadah jarangi,
Yoshlik o‘tib ketdi daryoday toshib.
Qorlarga qorishib paltongning rangi,
Bilmayman qaygadir ketarding shoshib.
Oyog‘ing ostida qishning gullari…
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Sevgining olovi bordir dodimda,
Olovday qiz eding, go‘zal, bir dona.
Husan Maqsud degan shoir yodimda,
Hamda yodimdadir tor yotoqxona.
Yodimda binoning o‘ngu so‘llari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Odam ko‘p shaharda goh yo‘q eding,
Parishon yurardim izingni poylab.
Bag‘rim yarimta-yu ko‘nglim to‘q edi,
Yurardim she’rimni bag‘rimga joylab.
U dargohga chorlar Toshkent yo‘llari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Agar yo‘ling tushsa o‘tgin bir kirib,
Qalbimga makon yo‘q undan tashqari.
Umrimga kelsa-da kuzak bostirib,
Sevgini yengolmas xazon lashkari –
Oqizib ketadi bahor sellari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Olti yil yashadi vasfingni kuylab,
Yashil daraxtlarda sayroqi qushlar.
Necha yil yashayman men seni o‘ylab,
O, yana necha yil ko‘raman tushlar.
Laylim esingdami yoshlik yillari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Gapirolmay o‘tdim ko‘rganda har dam,
Aytgin til bo‘larmi oshiq elida.
Bunda yuzlab tillar o‘qitilsa ham,
Faqat so‘zlab o‘tdim yurak tilida –
Majnunga makondir ishqning cho‘llari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

Hayot so‘qmog‘ida yiqilmas kimlar,
Talabalik baxti rektor imzosi.
Negadir ichimni bir dard g‘ijimlar —
Teskari chalinib taqdirning sozi,
Chappa imzo chekdi Xudo qo‘llari,
O‘sha o‘nvirse’it – Jahon tillari.

8.01.24

***

Men-ku ko‘rib bo‘ldim taqdirni chaqib,
Bu yolg‘on dunyoning yong‘oqlari puch.
Kajraftor hazili qilganday ta’qib,
Bizlar ayro yo‘ldan yana keldik duch.

O‘n tiyinlik tangani donalab yiqqan,
Noziklashib ketdi mehnatkash qo‘ling.
Sevgilim, hattoki esingdan chiqqan,
Nastarin gulimi ilk olgan guling?!

Shovqin to‘la shahar goh og‘rintirdi,
Gohida istading kimsasiz dashtni.
Muxlislardan bezding – goh sog‘intirdi –
Oddiy hamda baxtli yashamak gashti.

Goh kulguga to‘lding, goh to‘lding ohga,
Gohida yig‘lading, gohi ichikding.
Men-ku sharob ichib yiqildim chohga,
Olqishlar ostida sahnaga chiqding.

Shon-shuhrat ichida goh kezding sarxush,
Qismat sharobidan ichim lovullar.
Gulduros qarsaklar urgan sari jo‘sh –
Unutilib borar kechagi gullar.

8.01.24

***

Qo‘shiqqa boy bo‘ldi qo‘limizda tor,
O‘lmas tuyg‘ularga yopmadik eshik –
Bitta qayg‘u bordir, bitta quvonch bor –
Ko‘z yoshda chayqalar tobut va beshik.

Ikki dunyo aro bir dor tortilgan,
Kim uni bog‘laydi, kim yog‘och yo‘nar.
Hammaga barobar xurjun ortilgan,
Dordan bir qush uchsa boshqasi qo‘nar.

Manglayda o‘zgarib sanalar har kun,
Bu dunyodan bejavob savollar oldik –
Biz qaro tuproqqa sig‘madek nechun,
Nechun odamlarning qalbida qoldik?!

Malomat yog‘dirar ochofat bozor,
Tanda bori surat, tanda bori jon!
Topolmadik yerdan bir yorug‘ mozor,
Qo‘shiqqa ko‘mildik bizlar, yorijon.

Juda yosh qaridik – na kampir, na chol,
Qo‘shiqlarda qoldi nolalarimiz.
Eslashga tosh topar erta, ehtimol,
Bizga baxt tilamas bolalarimiz…

***

Boshim qo‘yay poyingga,
Gul uzishga qo‘lim yo‘qdir.
Oshno qilgin choyingga,
May ichishga pulim yo‘qdir.

Endi qanday o‘tar kun,
Jannat aro gunoh bo‘ldim.
Gado edim bir yupun,
Nazar etding podshoh bo‘ldim.

Kipriklaring maysadek –
Yana qanday ataladi?
Yuragimga nayzadek,
Nechun maysa qadaladi?

Samarqandda pishdi loy,
Daryosida yuvilganmiz.
Jannat edi o‘sha joy,
Biz jannatdan quvilganmiz.

***

Yer bo‘ldim-ku kun sayin,
Osmonimda oy suzar.
Yurib o‘tsang bo‘layin,
Samarqandda bir guzar.

Suv tushadi yuzimga,
Yig‘lab o‘tar har bulut.
Oyoq bosgin ko‘zimga,
Yuragimdan yurib o‘t.

Dil qon bilan topishgan,
Sharob suzsang rang bo‘lay.
Oyog‘ingga yopishgan,
Tuproq bo‘lay, chang bo‘lay.

Oyoq yuvma egilib –
Egiladi bu boshim.
Osmonimda oy bilib,
Yuvib o‘tar ko‘z yoshim.

***

Qo‘nishga joy topmay qush kabi uchdim,
Dunyoning ta’miri ekan vayrona.
Deysan – yangi uyga yaqinda ko‘chdim,
Hamda kitoblarga ajratdim xona.

Ne bo‘lardi bizdan yoshlik ketmasa,
Qismat qarshisida o‘yga tolamiz.
Qayta yashashga-ku umr yetmasa,
Ikkimiz bir kitob bo‘lib qolamiz.

Umr to‘lar. Javon to‘lar kundan kun,
Fasldek taxlanar bari izma-iz –
Yusuf va Zulayho, Layli va Majnun,
Afsus bo‘sh turibdi bizning o‘rnimiz.

11.01.24

NAMOZ BOTIR

Tug‘ildi.
Boshida onasi egildi.
Bo‘g‘zidan sut isi keldi.

Ulg‘aydi.
Yor dedi.
Qon isi keldi bo‘g‘zidan.

O‘g‘irlik qilib yurardi.

Vatan dedi –
Bexos uyg‘ondi.
Bo‘g‘zidan jon hidi keldi.

O‘ris bilan rosa solishdi.

Bexos uyg‘ondi –
Kasbini ham,
Jonini ham,
Yorini ham,
Onasini ham –
Vatanga alishdi.

11.01.24

***

Ketay desam sevgi yana paydar-pay,
Qilichning tig‘ida kurtak yormoqda.
O‘tar chiroyingni yillar injitmay,
Umrimizdan kuz ham o‘tib bormoqda.

Ko‘zlaring cho‘g‘ida kuygan jonim bor,
Olovga boshini qo‘yib o‘tgan kim?
Olovda erimas boshimdagi qor,
Bu qismat sopini ushlolmas hech kim.

Xudo ko‘rgan qalbim yoraligini,
Ketsam Xudo qalbim bilan ketadi.
Netaman Ka’baning qoraligini,
Qora sochlaringni o‘psam yetadi.

Sevgini qalqon deb adashgandir jon,
Umr o‘tib bo‘ldi, naf keltirmas oh.
Juda kech angladik birorta qalqon,
Bo‘la olmasligini qilichga panoh.

11.9.24

***

Bora-bora tig‘izlashar vaqt,
Bir so‘z aytsang – ishdan aytasan.
Vaqt topolmay sarson kezar baxt,
Siyomkadan horg‘in qaytasan.

Ishq charchog‘i – qalbda nolalar,
Derazada aksing toladi.
Bir-biridan shirin bolalar,
Seni kutib uxlab qoladi.

Yuzlaridan o‘pasan bir-bir,
Yanvar sovuq – adyol yopasan.
Men taxmondan topgan kabi she’r,
Muzlatgichdan nedir topasan.

Choynakda choy qaynaydi toshib,
G‘oyalar ko‘p – yangidan yangi.
Ming afsuski ko‘rinar shoshib,
Derazada shafaqning rangi.

11.01.24

***

Jon pesmiri! Narxlab netay,
Bu dunyoni sharhlab netay;
Ezg‘ilanar jismim xoki,
Ko‘rinmaydi ko‘ksim choki.
Qon tomadi xinasidan,
Ip o‘tkazar ninasidan.
Gah kajraftor ovozasi,
Gah tinadi chertgan sozi.
Ummon bo‘lib qirg‘oq buzdim,
Tomchi bo‘lib tezda to‘zdim.
O‘zbek o‘ldi jaholatdan,
Hikmat topdim shu holatdan.
Har gulning bir xori ekan,
Shu – dunyoning bori ekan.
Jon pesmiri! Narxlab netay,
Bu dunyoni sharhlab netay.

15.01.24

***

Senga ermak hayotim, yo‘lim,
Birga bo‘l shu ermaging bilan.
Murod bordir yo‘q ekan o‘lim,
Sevgi degan ertaging bilan.
Artib qo‘ysang bo‘lardi gulim,
Ko‘z yoshimni etaging bilan.

Ko‘k buzilgan ishq fig‘onidan,
Shahri Toshkan bo‘lib nolazor.
Bir oshiqning jigar qonidan,
Tog‘lar bag‘ri ekan lolazor.
Artib qo‘ysang bo‘lardi gulim,
Ko‘z yoshimni etaging bilan.

Ko‘zimdan suv quyilgay gulim,
Borsa hamki yuragim qaqrab.
Mehring yaqin tuyilgay gulim,
Lablarimga bosmasang ham lab.
Artib qo‘ysang bo‘lardi gulim,
Ko‘z yoshimni etaging bilan.

Qo‘lingdagi yumushni tashla,
Sening bilan yorug‘dir ko‘zim.
Bolalar-ku qilar xarxasha,
Bir yig‘loqi boladay o‘zim.
Artib qo‘ysang bo‘lardi gulim,
Ko‘z yoshimni etaging bilan.

15.01.24

***

Sevgi kuyi taralganmikan,
O‘lmay turib o‘ldirish uchun.
Labing suvi yaralganmikan,
Paymonamni to‘ldirish uchun.

Jon so‘raydi quyosh ham kulib,
Nechun tuproq bo‘lib qolmayman.
Qarash uchun senga termulib,
Kiprigimni ko‘tara olmayman.

15.01.24

***

Qaro sochdan to‘qilsa-da dom,
Qora qabr jon jangidadir.
Oshiq qoni to‘kilib mudom,
Gulning boshi qon rangidadir.

15.21.2024

***

Buncha yondirasan-o, olov uyaladi,
Quyoshni yurakka sendek kim qo‘yaladi.
Husningni ko‘z-ko‘zlab kezasan sen adirlarda,
Qizg‘aldoqlar bag‘rin yirtib qonga bo‘yaladi.

Qarocho‘g‘ing nuqta qoyim nihoyasida,
Dengizlar qo‘padi kipriging soyasida.
Qay yaproq ortida mevalar pishib yetilmish,
Jisming balog‘atning qaysi pillapoyasida?

Ikki qadah guldek – sensiz may suzilmaydi,
Ishq mundarijasi sensiz hech tuzilmaydi.
Sumbullar sinadi, tor uzilar, jon uzilar,
Uzun sochlaringga bog‘liq ko‘ngil uzilmaydi.

Jannat ham do‘zax ham bitta yo‘g‘u borlikda,
Oq niyatdan yuzim qarodir bu zorlikda.
Tuproqqa to‘kildim ismsiz, ismimni aytib –
Meni but qilarmi ikki labing hamkorlikda.

Senga qulligim tush qanday uyg‘otib bo‘lmas,
Odam o‘z-o‘zini qul qilib sotib bo‘lmas.
Qaytib chiqmaydigan yo quyoshga o‘xshaydirman,
Quchog‘ingda yotib qir ortiga botib bo‘lmas.

***

Ro‘zg‘orimdek betartib kunda,
O‘z uyimda miskin yuraman.
To‘zib yotar kitoblar bunda,
Gahi yotib kino ko‘raman.

Sipqoraman qadah to‘la may,
Yuragimdan taralgay nola.
Keng ekranda faqat qo‘yilgay,
“O‘tov” yo “Qor qo‘ynida lola”.

Hayotim-ku zulmatga to‘ldi,
Qolgandayin chirog‘i o‘chib.
O‘tgan umrim kinodek bo‘ldi,
Sen-ku ketding kinoga ko‘chib.

Fosh bo‘ladi aytilmagan sir,
Yo‘lga yengil ketishim uchun.
Xotiralar o‘tadi bir-bir,
O‘tmish bilan o‘larman bir kun.

Xontaxtada senga yetmasdan,
Imzo chekkan she’rim qoladi.
Bitta jonni o‘ldirgan dastdan –
Minglab muxlis dastxat oladi.

15.01.24

***

Tikilardi ko‘zlar o‘sha dam,
Gullar bo‘ldi sahnada talosh.
Rashk qildimu muxlislardan ham,
Men Toshkentdan olib ketdim bosh.

Qo‘llaringni yuborgan qo‘yib,
Yana bormi mendayin nodon?
Biz yig‘ladik qismatdan to‘yib,
Faqat qushlar sayradi shodon.

Qaro tunlar sarg‘ayib yuzi,
Bir oy hamroh bo‘ldi sabrimga.
Ko‘ksim teshsa ajalning ko‘zi,
Sen gullarni qo‘ygin qabrimga.

15.01.24

***

Qon yig‘lasa yuragim g‘amda,
Sening esa yuraging og‘rir.
Gullar bargi to‘kilgan damda,
Ortga qaytish bunchalar og‘ir.

Hayot o‘tar falsafa to‘qib,
Yosh bolaga o‘tgan kabi dars.
Endi bo‘lar qandayin o‘qib,
Taqdirimiz ketib bo‘lgan darz.

Deymiz – hayot kitobdir doim,
Sa’nat aksin hayotdan olgan.
Gapiramiz faqat muloyim,
Ovozimiz bo‘g‘ilib qolgan.

Qaytsam oyoq ketmasmi toyib,
Bolalarni o‘qitguvchi biz.
Bir bezori yigitni koyib,
Bir bezori qizdan xafamiz.

15.01.24

***

Yo‘limga tashlaydi yalmog‘izlar dom,
Pariga aylangan jinlar o‘raydi.
Senga yetaklashib cho‘kadi oqshom,
Kichik malikalar ertak so‘raydi.

Seni toliqdirdi hiylagar shahar,
Ertak aytib o‘tding bolalarga sen.
Menga oshna bo‘ldi qora kengliklar,
Shunday cheksiz to‘ldim nolalarga men.

Devlarni ko‘maman qadimiy g‘orga,
Cho‘qqilarda qor bor, qirda lolalar.
Agar osilmasa yovuzlar dorga,
Ertakka ishonmas murg‘ak bolalar.

15.01.24

Sevgi bayram bo‘ldi, qurbonlik bo‘ldi,
Bilmam qayerdadir uning mayyiti.
Goh shiraga to‘ldi, goh qonga to‘ldi,
Qonsiz bo‘lmaganday Qurbon ha’yiti.

Juftlashgan qaldirg‘och dunyoni bezar,
Agar tanlanmasa bosh chopilmaydi.
Sevgi-ku bag‘irni xinodek ezar,
Qonini surtishga joy topilmaydi.

15.01.24

***

Taqdir tuhfalarin etsa-da tortiq,
Sochlarning qarosin terib ketadi.
Hayot topolmaysan sevgimdan ortiq,
Qolgani tuproqda chirib ketadi.

Oyog‘ing ostiga jonim to‘tiyo,
Falakka qo‘shilib men-ku bo‘zlagan.
Jannat eshigiga talpinib go‘yo,
Bir yuz elliginchi uyni izlagan.

Hoh iymon sinar, hoh paymonam sinar,
Farqi yo‘qdir ikki dunyo oraman.
Inson so‘ngi yo‘lda yog‘ochga minar,
Sevgini nimaga ortib boraman?

15.01.24

Yor silagan qo‘llar yangratar kuyni,
Sevgisiz o‘tganda bu umr xato.
Oynadan tushgan nur yoritar uyni,
Soyada chalinmay turibdi sato.

Sekin tugab borar umrim qo‘shig‘i,
Nega uyalasan qo‘shiq aytishga.
Sho‘x-shodon qushlarga kuyla qo‘shilib,
Ovozingni olib ketay qaytishda.

Odam tirik bo‘lsa yarashgay soya,
Soyadek ergashar sevgining kuyi.
Qorong‘udir so‘ngi yo‘l benihoya,
Oynadan tushgan nur yoritar uyni…

15.01.24

***

Endi hushim yo‘qdir shovqin suronga,
Qiqirlab ochilgan chechaklar so‘ldi.
Daf’atan qo‘zg‘algan sovuq bo‘ronga,
Mushtumzo‘r bolalik yengilib bo‘ldi.

Mungli qo‘shiqlarim chalinar sozda,
Bo‘y yetgan qizlar ham bolam qatori.
Endi yangramaydi baland ovozda,
Ko‘zimizda qolgan sevgi izhori.

Imkon topolmayman qo‘lingni tutib,
Sekin qulog‘ingga shivirlashga ham.
Sevgilim, afsuski umrimiz o‘tib,
Balandroq ohangda yonib borar sham.

15.01.24

***

Aytilmagan hali ahd bordir,
Tilimizda to‘kilmagan tos.
Qadamlarda hali shahd bordir,
Ko‘zimizda horg‘inlik xolos.

Kapalakdek titrog‘i talosh,
Olinmagan labda bo‘salar.
Endi bizga Xudo yelkadosh,
Yo‘limizni kim ham to‘sarlar.

Qadah turar shu qismatga mos,
Qo‘limizda ichilmagan may.
Sevgi guli ochildi bexos,
Qonga to‘la yurak rangiday.

Hukm bilan etilgandir hal,
Bir sayyodda qilinganmiz ov.
Lab bosamiz endi galma-gal,
Bir qadahdan ho‘playmiz ikkov.

16.01.24

***

Jonim tin olsang-chi sen ham bir pasga,
Falakka boqsang-chi balkonga chiqib.
Sokin tiqirlaydi elas-elasda,
O, klavishlarning urgan chiq-chiqi.

Senga she’rlar bitdim yuragim toshib,
Borlig‘im o‘zingga bo‘lgandir vola.
Soat millari o‘n ikkidan oshib,
Sen-chi yozayapsan hanuz maqola.

Nahot bu umrda yo‘q esa to‘zim,
Falakda bulutlar qovog‘in uyar.
Qalbing olovida o‘ynashgan o‘zim,
Parvona misoli qanotim kuyar.

Senga she’rlar bitdim yuragim toshib,
Bitta tom ostida ayroliqda biz.
Soat millari o‘n ikkidan oshib,
Hanuz oy kezadi bog‘larda yolg‘iz…

17.01.24

***

Sen hamon o‘shasan – chiroyda tengsiz,
Bitgan bitiklarim navqiron hamon.
Sochlaring to‘lqindir, ko‘zlaring dengiz,
Men shuni kuylovchi shoiri zamon.

Sevgiga topilmas jilov soluvchi,
Yashadim hayotga qilganday zarda.
Men-ku lablaringdan bo‘sa oluvchi,
Quchog‘imga kirib kelsang agar-da…

Qalamu qoshingni bo‘lmas o‘chirib,
Muhabbat mayidan mastonalarga.
Ka’bani joyidan qalbga ko‘chirib,
Men-ku umri o‘tgan mayxonalarda.

Soch oqarmay ishqqa qo‘ydim boshimni,
Fahmim yetib bo‘lgan olam siriga.
Egniga gard qo‘nsa to‘kdi yoshimni,
Bu charx suv topolmay yuvgan kiriga.

Sen hamon o‘shasan – chiroyda tengsiz,
Meni kuyla deydi bu dunyo hamon.
Sochlaring to‘lqindir, ko‘zlaring dengiz,
Men seni kuylovchi shoiri zamon.

17.01.24

Sevgilim, ne deyin senga bu chog‘da,
Kechmishim yurakka dog‘lar solibdi.
Bahor gullab o‘tdi o‘zga quchog‘da,
Ikkimizga kuzgi bog‘lar qolibdi.

Bilarmisan-yo‘qmi bo‘g‘ilib qaytdim,
Chang-to‘zon ichida Toshkent havosi.
Shu rasvo dunyoda qo‘shiqlar aytdim,
Meni tark etmadi hayrat navosi.

Nahot sarson etdi gulday sanamni,
Bu boshdan o‘tmadi qandayin gaplar.
Tuproqqa qorishar horg‘in tanamni,
Bo‘salarga ko‘mdi begona lablar.

Begona bo‘ladi mantiqqa nechun,
O‘tib borayotgan hayot mazmuni.
Shamol xazonlarni o‘ynaydi bugun,
Shu kuzgi bog‘lardan olar mavzuni.

Sevgilim, ne deyin senga bu chog‘da,
Kechmishim yurakka dog‘lar solibdi.
Bahor gullab o‘tdi o‘zga quchog‘da,
Ikkimizga kuzgi bog‘lar qolibdi.

17.01.24

***

Olis yillar armoni osha,
Ishq guliga solarmi rahna.
Meni kutar qanday tomosha,
Seni kutar qandayin sahna.

Sharobxo‘rlik umrimni yedi,
Kaftlarimni ko‘ribman turib.
Sochlaringni silasam edi,
She’r yozishni bir chetga surib.

Nega suzdi bunday kartani,
O‘ynaladi bir marta faqat.
Ko‘tarsaydi Xudo pardani,
Ko‘rinardi do‘zax yo jannat.

Seni kutar qandayin sahna,
Meni kutar qanday tomosha.
Ishq guliga solarmi rahna,
Olis yillar armoni osha…

17.01.24

***

Biror sirim qolmabdi mubham,
She’rlarimda yillar ro‘yxati.
Polaponlar chug‘urlashgan dam,
To‘zg‘ib borar qushlarning pati.

Ishq mayini ko‘targancha dast,
Qo‘llarimni titroq tutibdi.
Jononlarning sevgisidan mast
Bo‘lganicha yillar o‘tibdi.

Gohi tildi gulning chanog‘i,
Gohi dilni tirnadi shona.
Paymonamda umr sanog‘i,
Maysiz emas manzil – mayxona.

Jo‘rovozim endi qay sanam,
Qaysi qo‘lda sevgimning xati.
Polaponlar chug‘urlashgan dam,
To‘zg‘ib borar qushlarning pati.

17.01.24

***

Ayrilgandim bor bisotimdan,
Dunyo meni etganda uryon.
O‘chgan edi Toshkent yodimdan,
Sevgi yana qo‘zg‘adi tug‘yon.

O‘tamanmi vasfingni kuylab,
Bo‘lamanmi senga sig‘indi.
Sarson kezgan bu umr bo‘ylab,
Meni qayga boshlaysan endi.

Ko‘zlarimdan ketganda nurim,
Boshni tutib otgan toshingga.
Boramanmi sinib g‘ururim,
Men darbadar yana qoshingga.

Yopilganda eshik qarsillab,
Bor hayotim bo‘lganda poymol.
Yana qanday olov charsillar,
Chorlaysanmi tugaganda hol.

Qon lo‘njimni paxta yopganday,
Bitta mushtdan tushganda tishim.
Qiyomatda barham topganday,
Qolmadimi yo bo‘lak ishim.

Ayrilgandim bor bisotimdan,
Dunyo meni etganda uryon.
O‘chgan edi Toshkent yodimdan,
Sevgi yana qo‘zg‘adi tug‘yon.

17.01.24

***

Bir kun bari bo‘ladi ayon,
Sahna uzra yoqilsa chiroq.
Visol istab ketganmiz qayon,
Va qayerda yig‘latgan firoq.

Xuddi shunday bo‘lar bu yog‘i,
Faqat senga ma’lumdir holim.
Men bilmayman qismat bo‘yog‘in,
Va sahnada qanaqa rolim.

Yurak ketsa sevgi yo‘lidan,
Qadamiga qizil qon to‘shar.
Men bilmayman kimning qo‘lidan,
Ochiq parda silkinib tushar.

To‘xtatishga bormi imkonim,
Jami jonga shudir nasiba!
Eng go‘zal rol seniki, jonim,
Parvardigor sahnasida…

Bir kun bari bo‘ladi ayon,
Sahna uzra yoqilsa chiroq…

***

Qaro yerga mushtimni urib,
Men qaytishga ko‘p bor chog‘landim.
Qo‘ygandayin sochingni o‘rib,
Bandang bo‘lib senga bog‘landim.

Deyman – ketsam oxirgi yo‘lsan,
Deyaversin kim nima desa.
Bu sahnada ochilgan gulsan,
O‘zing tengi yo‘q aktrisa…

Toshkent edi muhabbat bog‘i,
Qalbim edi yashagan joying.
O‘sha-o‘sha qalbim titrog‘i,
O‘sha-o‘sha hanuz chiroying.

Lablaringni labing tishlagan,
Ko‘zing boqar dengizday to‘lib.
Seni shunday puxta ishlagan,
Parvardigor sa’natkor bo‘lib.

O, yuraman Samarqandda mast,
Qay go‘zallar ko‘ngil xushlagan.
Bari o‘tdi degan kabi – bas,
Lablaringni labing tishlagan.

Endi faqat to‘kilar she’rga,
Lablaringdan olinmagan xun.
Musht uraman shu qaro yerga,
Bag‘ishlayin o‘zimni nechun?!

Toshkent edi muhabbat bog‘i,
Qalbim edi yashagan joying…

18.01.24

***

Otilib chiqaman yana eshikka,
Meni tashqariga chorlaydi sog‘inch.
Bolasin belaydi kimdir beshikka,
O, tashqari esa qabristonday tinch.

Parishon oy chiqar osmonga balqib,
To‘lishib ketganday sevgining yuzi.
Kechalari yorug‘ Toshkentda balki,
Yulduzga oynadir derazang ko‘zi.

Qaydadir bir hazin bo‘ri uvillar,
Qaysi bir o‘ljaga sololmagan chang.
Umr o‘tgan sari ichim huvillar,
Yuragimda go‘yo eng oxirgi jang.

Bo‘shaganday o‘tli shamshirlar qini,
Derazalarda bir-bir o‘cha boshlar cho‘g‘.
Seni charchatadi shahar shovqini,
Xiralashib borar oynadagi bug‘.

Derazaga rasm solasan behol,
Derazaga ketar lablaring tegib.
O‘tirgan bo‘laman shunda ehtimol,
Pastda, o‘rindiqda boshimni egib…

20.01.24

Qoshingni teribsan – qayralgan qayta,
Sochingni bo‘yabsan – soching mallarang.
Negadir kesibsan – o‘ribsan mayda,
Yashil bog‘imizdan ketmaganday rang.

Umr daftaridan ochilar varoq,
Shodliklar o‘tkinchi, g‘amlar arimas.
Laylim, odamlardan farqli o‘laroq,
Sevgini kuylagan she’rlar qarimas.

Yashil yaproq tushar shamol esganda,
Chechaklar unadi bosilgan izdan.
Yashash shavqini ham etmaydi kanda,
Go‘zal orzular ham ketmaydi bizdan.

Hayotim sermazmun – biroz to‘laroq,
Bog‘ga xazonmas – sevgi sochilgan.
Laylim, odamlardan farqli o‘laroq,
Umr daftaridan varoq ochilgan.

27.01.24

***

Mayli orzularim bo‘lsin aqida,
Jon tuproqlab, chipta osmonlab ketdi.
Bo‘ldi gapirmayman Parij haqida,
Seni olib ketish ertagim bitdi.

Farang go‘zallari qilarmidi rom?
Juda ko‘p gapirdim o‘zimni to‘kib.
Ko‘zlaringda yashar tiniqlik mudom –
Samarqand misoli qolayin cho‘kib.

Bu yurtdan ketishga ko‘p bor chog‘lanib…
Saf-saf bo‘lib qancha turnalar ketdi.
Eshigingda qoldim itday bog‘lanib,
Seni olib ketish ertagim bitdi.

27.01.24

***

Kuzgi chamanimda ochilgan gulsan,
Bahor bog‘larida sayringni bersin.
Faslimni yo‘qotsam – eng so‘ngi yo‘lsan,
Qiynamagin, Xudo xayringni bersin.

Uquving bormikan qilich solishga,
So‘ngra opichlarmi qushlar loshimni –
Laylim, ostonangda jonni olishga,
Qoshlaring bir qilib egdi boshimni.

Bir nafas topishga qolmadi kuchim,
Tubiga cho‘ktirgan ishqing ummoni.
Toshkent qizisanu ko‘zlaring nechun,
Tungi Samarqandning go‘zal osmoni?!

Kuzgi chamanimda ochilgan gulsan,
Bahor bog‘larida sayringni bersin.
Faslimni yo‘qotsam – eng so‘ngi yo‘lsan,
Qiynamagin, Xudo xayringni bersin.

27.01.24

***

Sen go‘zal bir ayol, onasan ulug‘,
Yelkangdan bosadi ro‘zg‘or zalvori.
Lovullab turadi yuragingda cho‘g‘,
Butun oila kabi dunyoning bori.

Jonning halakligi yashash uchun baxt,
Azaldan shundayin qaynaydi bozor.
Yelib yugurasan topolmayin vaqt,
Tashqarida shovqin, ko‘chalarda qor.

Yonog‘ing qizarar, qizarar burning,
Qishning sovug‘ida biroz yaxlaysan.
Bolalar yonidan yulinib o‘rning,
Kechalar uxlamay jurnal taxlaysan.

Nigohlar javdirar tongi quyoshdan,
Kundan-kun vazifang yana ortadi.
Ko‘zlaring to‘ladi gohi bardoshdan,
Goh sho‘x, gohida yuvosh tortadi.

Va tiriklik sendan olar andoza,
Hamda kuch beradi mehring bariga.
Qozon qorayar yo oqarar kosa,
To‘qnashib hayotning aldoqlariga.

Sen go‘zal bir ayol, onasan ulug‘,
Dunyo yaralganki – yashaysan bedor.
Lovullab turadi yuragingda cho‘g‘,
Tashqarida shovqin, ko‘chalarda qor.

28.01.24

***

Pinhon edi qayda tuprog‘im,
Bilmas edim osmonim qayda?
Sen gullading – yashnadi bog‘im,
Yangilandi hayotim qayta.

Menga osmon – ko‘zing osmoni,
Olinguncha osmon ko‘zimdan.
Qo‘lda yangi sevgi dostoni,
Senga yangi qo‘shiq o‘zimdan.

Hali erta… ammo ketishga,
Chalg‘isa gar izlaringda hush.
Uchib ketsa parvoz etishga,
Bu osmonda ko‘ksimdagi qush –

Izlamagin meni hech kimdan,
Menga osmon – ko‘zing osmoni.
Tugamaydi sevgi dostoni,
Yana yangi qo‘shiq o‘zimdan.

28.01.24

***

Bulut shamol bilan istaydi visol,
Yomg‘ir shivirlar… yo‘q… yig‘laydi bir qiz.
Men-ku yashayapman daholar misol,
Kitobga ko‘milib kulbamda yolg‘iz…

Ko‘zingda olovdir, labingda xanda,
Sekin piyodalab ishdan qaytasan.
Men-ku ishq ertagin qilmadim kanda,
Sen-ku bolalarga ertak aytasan.

Turli xalqoblardan o‘tasan bir-bir,
Oyoqni toldirar beshinchi qavat.
Mening derazamga urilgan yomg‘ir,
Sening derazangda yig‘laydi faqat.

Seni sog‘ingancha ey mag‘rur ayol,
Bulutlar ortidan ketdim izma-iz.
Ortimga qayrilsam o‘sha tanish hol –
Yomg‘ir shivirlar… yo‘q… yig‘laydi bir qiz…

28.01.24

***

Yo‘llaringda xor o‘sha bechora qani,
Buzilgan ro‘zg‘orga bir chora qani?
Bilarmisan, jismim yotganda bemor,
O‘zing g‘amlar uydirganingni?

Qachondir hasratdan bukilsa tog‘lar,
Qachondir hasratdan to‘kilsa tog‘lar,
Bilarmisan, ochiq go‘rimga bedor,
O‘zing toshlar qo‘ydirganingni?

Hayot go‘zal edi naqadar, netay,
Yashashga to‘ymasdan qayerga ketay?
Sen ham o‘ylarmisan o‘tirib bir bor,
O‘zing jondan to‘ydirganingni?

O‘ralib yiqildim – sochlaring yalov,
Bir bor bosib o‘tdim – ko‘zlaring olov.
Bir kun eslarmisan kulni ko‘rib yor,
O‘zing meni kuydirganingni?

Shamollar sovurdi – to‘zg‘idim, o‘chdim,
Dunyodan yo‘qoldim – qo‘shiqqa ko‘chdim.
Eslarmisan yig‘lab chalinganda tor,
Yig‘lab-yig‘lab suydirganingni?

***

Ruhingda yengillik, vujudingda dard,
Hayotga to‘ymaysan – qarigan sayin.
Endi barcha gaplar aytilishi shart,
Endi ko‘zlar mahzun, tuyg‘ular mayin.

Olov yoshlik o‘tdi ko‘ngil bo‘lib g‘ash,
Izlaringni yuvib ko‘z yoshim bilan.
Bu yog‘iga qancha mumkindir yashash,
Sochlaringni kuylab kal boshim bilan.

Peshtaxtada turgan ajal cho‘tiga,
Endi har kunimiz hisob qo‘shadir.
Hanuz o‘t qalaysan qalbim o‘tiga,
Hanuz chiroying ham o‘sha-o‘shadir.

Hanuz o‘zingdirsan qalbim hamrohi,
Jondan sevishimni o‘zing bilasan.
Nega aldaydi deb o‘ylaysan gohi,
Hanuz so‘zlarimga shubha qilasan.

Bir kun kiyilganda eng so‘ngi kiyim,
Bir yilda unutar… yurmaydi yig‘lab.
Ko‘tarib yurdim men… naqadar qiyin,
O‘lgan muhabbatni yigirma yillab.

Har kecha nechalab yulduzlar so‘ndi,
Bulutlar bag‘riga jim ko‘mildi oy.
Tuproqdan gul undi, qancha tosh qo‘ndi,
Sevgimni ko‘mishga topolmadim joy.

Bir dam unutmadim porloq yuzingni,
Qalbimga quyoshday har shom botgansan.
Qoraytirib o‘tgan har tun ko‘zingni,
Tong bo‘lib she’rimdan har tong otgansan.

Hayot qarshisida ketgan edim mard,
O‘limga ham shunday ketishim tayin.
Endi barcha gaplar aytilishi shart,
Endi ko‘zlar mahzun,tuyg‘ular mayin.

1.02.24.

***

Gohi bo‘g‘ar havosiz shahar,
Bilinmaydi kelgani ham hut.
Kech yotasan, turasan sahar,
Gaz yoqasan, pishirasan sut.

Oshiqasan maktabingga, goh,
Odam zoti qanday saylda?!
O, ikkimiz naqadar gumroh,
Umr ketar, vo shu zaylda.

Ketolmayman men-ku qishloqdan,
Loy ko‘chaga toshdek botaman.
Sog‘inaman… og‘rib firoqdan,
Kech turaman, erta yotaman.

Na bir so‘z bor, na bordir ahdlar,
Qontalashar ufqning labi.
Bag‘ri g‘ijim turar daraxtlar,
Juda uzoq yashagan kabi.

Yo‘llar boshi yetmas yulduzga,
Oraliqda sarson kezar baxt.
O‘ychan nigoh, munglig‘ bir ko‘zga,
Tushlar uchun topilmaydi vaqt.

Choy ichaman ichganday zahar,
Asta-sekin bo‘lasan unut.
Kech yotasan, turasan sahar,
Gaz yoqasan, pishirasan sut…

***

Kelsang edi qishga qasdma qasd,
Ifor sochib tursang bog‘imda.
Bo‘salardan bo‘lsam edi mast,
Ochilsayding sen quchog‘imda.

Quyoshdayin porlasa yuzing,
Qiqirlasang, kulsang xushqiliq…
Ikki chashming – ikki yulduzing –
Chashmadayin suvlari tiniq…

Qadam bossang ko‘zim ustiga,
Soching o‘tsa shamolni egib.
Novdalarning nozik po‘stiga,
Ketsa edi barmog‘ing tegib –

Shunda – chorlar qushchalar sayrab,
Bahor tomon qayrilar yo‘llar.
Novdalarda ko‘piklar qaynab –
Kurtak ochar… ochadi gullar.

Kelgan kabi jannatdan malak,
Kapalakdek boshimda yelsang.
O‘z o‘qidan ayrilib falak –
Sen bahorni yetaklab kelsang –

Sevaman deb shivirlasam yor,
Hayot bir dam yoshlikka qaytsa.
Qaldirg‘ochlar qo‘shig‘in takror,
Turnalarga qo‘shilib aytsa…

Shunda – chorlar qushchalar sayrab,
Bahor tomon qayrilar yo‘llar.
Novdalarda ko‘piklar qaynab –
Kurtak ochar… ochadi gullar.

***

U bechora buncha xo‘rlangan,
Bag‘rin dog‘lab ko‘kka yetgan u.
Sen tug‘ilib olam nurlangan,
Sen tug‘ilgach qochib ketgan u.

Yulduzlar u bizniki demas,
Sening kabi yo‘q erur qoshi.
Osmondagi oy hech oy emas,
Faqatgina yerning yo‘ldoshi.

***

Bo‘ldi, qonim mayday suzilmaydi bas,
Jonni sotib bo‘lmas – jonimdasan-ku.
Mayxona kerakmas, Ka’ba kerakmas,
Axir, mana o‘zing yonimdasan-ku.

Poyingda tug‘ilish, poyingda o‘lim,
Qanday sajda bo‘lsa poyingdan topay.
Sevgidan mast bo‘lib uxlasang gulim,
Eski joynamozni ustingga yopay.

O‘pay xas ilashgan sochingni silab,
Kuyib yonaversin Nurobod dashti.
Odamlarga yotdir yaxshilik tilab,
Dunyodan berkinib yashamak gashti…

Hisob qiyomatda bo‘ladigan gap,
Osmondan ne izlab sayraydi kakku?
Kimlar sarson o‘tar Xudoni izlab,
Xudo ikkimizning qalbimizda-ku…

***

Yana keldim shamolday daydib,
Hislar to‘kkin, gullaringni to‘k.
Senga she’rlar beraman aytib,
Shoiringman qarshingda buyuk.

Labim sendan bo‘salar tergay,
Hislaringga ketmayman cho‘kib.
Daraxtlar ham mevasin bergay,
Qiyg‘os-qiyg‘os gullarin to‘kib.

Umr bo‘yi sargardon kezdim,
Bu dunyoning aldog‘ida men.
Yana keldim va nogoh sezdim,
Yolg‘iz qalbim ardog‘ida sen.

Turnalarni ko‘rding har bahor…
Qaytib qo‘shiq aytishlarini…
Yana keldim – ko‘rmaysan takror,
Sen shoirning qaytishlarini…

***

Gulim, kitoblarim chiqmadi hali,
Hali bu zamonga qaytmadi vijdon.
Zahhok saltanatida ming boshli ilon,
Majolsiz ulusdan ichayapti qon.

Qora bulutlarni yirtolmadi kun,
Hali tugamadi afg‘onda nola.
Dunyo qarshisida turibdi yupun,
Oyni dumalatib o‘ynagan bola.

Mudom o‘z qalbiga intilar bashar,
Xudo bo‘y ko‘rsatar boricha unda.
Toabad sevgimiz dostoni yashar,
Bir chechak ochilsa magar ochunda.

Sinadi ulug‘vor tog‘larning sabri,
Qoyalar qo‘ynida bor xitoblarim.
Toshlarning ostida jo‘mardlar qabri,
Maqbara bo‘ladi ko‘p kitoblarim.

Izg‘irinda cho‘pon gulxan yoqadi,
Turonning Tyanshan, Pomirlarida.
Shu vatan bor ekan so‘zim oqadi,
Vatanning kesilgan tomirlarida.

Bu bog‘dan kelajak gullar teradi,
She’rlarga sig‘magan vatan bayotin,
Hali avlodlarga aytib beradi –
Bir shoir umri va bir qiz hayoti…

***

Guldek yashnar eding – husningni ko‘rib,
Dunyo ishlaridan bo‘shagan edim.
Qo‘ynimga oy kabi kelganding kirib,
Poyingga jonimni to‘shagan edim.

Tamom. Xayrlashding – qoshing qayrildi,
Endi ko‘rishmaymiz yo‘q deding visol.
Bitta bo‘lgan jonim ikki ayrildi,
Alvon lablaringning ayrisi misol.

Qorong‘u ko‘changdan ketdim qon yutib,
Shamollar izimdan yolbordi halak.
Bir tola sochingning narxidan o‘tib,
Umrim qora bo‘ldi, qoraydi falak.

Egilgan boshimga malomat yog‘ir,
Har alam yaradek pishib yetilgay.
Judolik ichida kuylamoq og‘ir,
Judolik ichida yig‘lab ketilgay.

Tamom xayrlashding o‘sha… o‘sha on,
Butun hayotimni xurjunga yig‘ding.
Jonim poyingdamas endi hech qachon,
Ayrilgan jonimning ustiga chiqding.

* * *

Yarmida uzildi tortar kuyimiz,
Na yog‘iy rozidir, na otang rozi.
Gullarimiz kuydi, kuydi uyimiz,
Orada muhabbat eski tarozi.

Endi bu bozorda yurmak befoyda,
Endi uyg‘otmaydi qushlar allasi.
Jonimiz o‘lchanib uzilgan joyda,
Bizlar tarozining ikki pallasi.

Qaynoq jolalar yo‘q yig‘lasang zor-zor,
Bir tamom bo‘ldingu aylanding toshga.
Meni olib ketar qaysi xaridor,
Yo‘rig‘im boshqadir, taqdir ham boshqa.

Ho‘, kuygan gullarda qushlar ichikkan,
Kuygan uyga borar qaysi bir daydi?!
Xatolarni anglash doim kechikkan –
Do‘kon yopilganda cho‘tga tashlaydi …

***

Jonim so‘ngi yo‘l deb yo‘lingga tushdi,
Yulduz uchib o‘ngu so‘lingga tushdi.
Osmonda oynadek turgandi oy ham,
Aksingni ko‘ray deb qo‘lingga tushdi.

G‘amimdan bulutlar to‘zdi-yu ketdi,
Tulporlar tushovin uzdi-yu ketdi.
Olov hislarimni soldim bozorga,
Jami she’r narxini buzdi-yu ketdi.

Tilingda suzay deb meva may bo‘ldi,
Labingga qo‘nay deb qamish nay bo‘ldi.
Dunyodan qizg‘andim gul badaningni,
Tergan bo‘salarim paydar-pay bo‘ldi.

Gullar chiroyini yuzingdan oldi,
Har tong quyosh nurin ko‘zingdan oldi.
Jonim so‘ngi yo‘l deb yo‘lingga tushgach,
Shahidlik maqomin o‘zingdan oldi.

***

Yelgan shamol yurar faqat turtinib,
Mavjida o‘ynatar gajakli diyor.
Sochlaring dengizdir – ko‘rmagan tinib,
Oyni to‘lg‘ontirgan to‘lqinlari bor.

Mukammal jingalak ishlangan chog‘i,
Qayda charx dastgohi buzilib qolgan –
Belingga yetmasdan dengiz qirg‘og‘i,
To‘pig‘ingga kelib uzilib qolgan.

* * *

Yo‘l ustida silkinar dor –
Manglayimga yozuqmisan.
Men bilmadim nimasan yor,
Tiriklikka ozuqmisan?

Sen bag‘rimda qonarmisan,
Qayga qo‘nar jonim uchsa.
Rashk o‘tida yonarmisan,
Mozorimni gullar quchsa.

Senda hushlar, senda tushlar,
Sen nimasan xo‘b jilvagar.
Jondek uchib qo‘nar qushlar,
Suv bilan don bo‘lsang agar.

Jonim edi hovuchingda,
Endi qo‘ling bo‘shmi, jonim?
Yashayapsan qo‘l uchida,
Sen uchirgan qushmi jonim?

***

Kasbim bo‘ldi senga she’rlar suylashim,
Ishim bo‘ldi yotib seni o‘ylashim,
Torga maqsad bo‘ldi – seni kuylashi,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

Bu osmon bir go‘zal qushlarga to‘ldi,
Bilsa qush tilini Sulaymon bildi,
Qushga tosh otganlar pushaymon bo‘ldi,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

Mayxo‘rlar mayini bir chetga qo‘ydi,
Seni hamma suydi, dunyolar suydi,
Bir suyganni ko‘rsam qalbim ming kuydi,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

Yulduzlar yerdagi shu oyni so‘rar,
Momolar qatnaydi tugunni o‘rab,
Gullar yiqildilar chiroying so‘rab,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

Sochingmi deb gulga sunbul uladim,
Suydim – xirojiga jonni to‘ladim,
Meni chaqin urdi – qushday quladim,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

Chaqnading – ko‘zimning umriga yetding,
Bor quvonchimni, bor g‘amni aritding,
Menday shoirni ham o‘zing qaritding,
Ishq osmonin yongan chaqinimisan,
Yo Xudoning jonday yaqinimisan?

***

Bilmadim dunyoda tutar kasbimni,
Suratingni o‘yib toshlarga chizdim.
Toshdan o‘char qalbdan o‘chmas aksingni…
Qalbimni ko‘tarib sargardon kezdim.

Boshimda chiridi xazonlar qo‘zib,
Faqat qalbim obod, faqat qalbim shod.
Bilmadim soching qay shamolda to‘zib,
Sen qachon umrimni qilganding barbod.

Qaysi bir gulshanda guldek o‘sgansan,
Ishim – qalbdan she’rlar uzib uzatish…
Dunyoni ko‘rmayman – ko‘zni to‘sgansan,
Ishim – o‘lgunimcha seni kuzatish.

Aqlu hushim yo‘qdir – o‘zimda yo‘qman,
Faqat senda yonib senda o‘chganman.
Odam uyga ko‘char, qush uchar o‘qday,
Men notavon esa senga ko‘chganman.

Ko‘z nuri hayf ketar chirik yaproqqa,
Meni ko‘rgan mendan ko‘zin yumadi.
Urf emish odamni ko‘mish tuproqqa,
Yo‘q odamni bular qanday ko‘madi?!

***

Hayotim chayqalgan qadah lolagun,
Do‘stlar ham keladi; ichar-da ketar.
Yarimta bag‘irning safosi uchun,
Shishaning tagida qolgani yetar.

O‘zni ovutmakdan o‘zga iloj yo‘q,
Xudo to‘ldirolmas agar yetmasa.
Basdir sindirmasa biror chilvir soch,
Yo jonon ko‘lidan tushib ketmasa…

***

Xolingda tunlarim tugilib o‘lmish,
Nuqta qo‘yarmisan umrimga tugal.
Qop-qora sochlaring jingalak bo‘lmish,
Sochingga bog‘langan taqdirim chigal.

Go‘zal she’rlar bitib har bir gapingdan,
Shoiring bemajol turibdi mana.
Qachondir jon tutding qondek labingdan,
O‘zing olarmisan jonimni yana.

Ko‘zimni ko‘r qilgan kipriging tikan,
Qorong‘u qismatni birov qo‘sharmi?
So‘ngi manzilim ham yo‘lingda ekan,
Endi o‘rtamizga Xudo tusharmi?!

034

(Tashriflar: umumiy 483, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring