To’xtamurod Zufarov.Maqom zarblariga yo’g’rilgan yurak.

001 5 январь – Ўзбек маданиятининг ёрқин сиймоси, академик Юнус Ражабий туғилган кун   

1912-йил… Куз фасли эди. Юнус Ражабийнинг бир ўртоғи уни китоб севарлигини назарда тутиб, унга бир китоб кўрсатди. Кўрсатишга кўрсатди-ю, аммо Юнус Ражабийнинг: «Бир кўрий», деган илтимосига у: “Йўқ!” деб тегажоғлик қила бошлади. Юнус Ражабий яна илтимос килди, бўлмади. Ялинди…

Тўхтамурод Зуфаров
МАҚОМ ЗАРБЛАРИГА ЙЎҒРИЛГАН ЮРАК
Бадиҳа
04

Д е б о ч а

002Азим шаҳар Тошкентнинг гавжум кўчаларидан бири… Кўча чеккасидаги пиёдалар йўли бўйлаб аллома Юнус Ражабий юриб келмокда… у ҳар бир қадамини юрагининг урушига мослаб олгандек, бир меъёрда қадам ташлайди.

Айтишларича, мақом зарблари инсоннинг юрак урушига ҳамоҳанг эмиш. Юнус Ражабийнинг босган ҳар бир қадамида худди шу ҳолат мужассам топгандек эди…

Айни пайтда, унинг сиймосида ўзбек халқининг асрлар оша босиб келган тарихий йўлининг мусиқий оҳангларга йўғрилган ифодаси бўлмиш мақом куйлари ҳам барҳаёт қадамлар билан юриб келаётгандек эди…

Юнус Ражабий шундай қадамлар билан ўз уйига етиб келди. Эшикни очиб ичкарига киргач, нариги хонага юз буриб: «Онаси, чой беринг!» деди-да, ўз хонасига кириб кетди. У тўғри бориб стол ёнига ўлтирди ва қўлига қалам олди. Дафтар саҳифасида нота аломатлари пайдо бўла бошлади, гўё у мусиқий куй ва оҳангларни ўтмиш бағридан териб олиб, нота белгиси шаклида дафтар саҳифасига тизаётгандек эди.

Юнус Ражабий бутун вужуди билан берилиб ишлар экан, унинг шу ўлтириши худди дур доналарини сархиллаётган ҳазинабонга ўхшар эди.

Дастуруламал

Хонада Юнус Ражабийнинг ёлғиз ўзи… Қўлида анча уринган бир китоб… У китобнинг ўнг қўл томонидаги муқовасини оҳиста очиб, араб ёзувида битилган «Армуғони Хислат» сўзларига кўз югуртирди. Сўнгра у бу сўзлар остига битилган мана бу сўзларни овоз чиқариб ўқий бошлади:

Аҳбоблар бу нусха сизларга армуғондур,
Айланг очиб тамошо гуёки гулистондур.

Юнус Ражабий бу сўзларни ўқир экан, унинг лабларида майин жилмайиш намоён бўлди. У ёшлик йилларини эслади…

1905-йил… Юнус Ражабий саккиз-тўққиз ёшларда. Мана, улар ҳовлисининг ташқарисидаги меҳмонхонага отасининг яқин дўстлари йиғилишган. Яқинда Андижондан кўчиб келиб, Юнус Ражабийларга қўшни бўлган Мирза Қосим ҳофиз танбур чертиб, мақом йўлларидан ўқимоқда.

Бу вақтларда ёш Юнус Ражабийнинг ашула ва мусиқага ҳаваси бағоят баланд… Эътиборлиси шундаки, Юнус Ражабий ёш булишига қарамай, бирор куй ёки ашулани бир бор эшитишнинг ўзидаёқ, бошидан-охирига қадар эслаб кола оладиган қувваи ҳофиза соҳиби эди.

Мана, у бир чеккада жимгина ўлтириб, Мирза Қосим ҳофизни берилиб, бутун вужуди билан тингламоқда. Ашула ва куй унинг ёш қалбига сингиб бормоқда. Эртасига у кеча эшитган ашулаларни худди Мирза Қосим ҳофизга айнан ўхшатиб, қайта-қайта куйлайди.

Новза гузаридаги чойхона. Оқшом. Чойхонада одам гавжум. Шу одамлар орасида ўн уч ёшлик Юнус Ражабий отаси ёнида чордона қуриб ўлтирибди. Ўртадаги ёғоч каравотда ўша йилларда жуда машҳур бўлган Мулла Тўйчи ҳофиз, Шораҳим, Шожалил ва Уста Қодир деган хонандалар. Улар навбатма-навбат мақомлардан ўқишади. Ҳар бир ҳофиз ашула бошлаб, бир нафас тўхтаганда, Туйчи ҳофиз: «Ҳў, биродарлар, бу мақомнинг «Ироқ» йўли», деб эслатиб қўяди. Ҳофизнинг бу сўзлари ёш Юнус Ражабийнинг қулоғига эмас, юрагига кириб боради.

1912-йил… Куз фасли эди. Юнус Ражабийнинг бир ўртоғи уни китоб севарлигини назарда тутиб, унга бир китоб кўрсатди. Кўрсатишга кўрсатди-ю, аммо Юнус Ражабийнинг: «Бир кўрий», деган илтимосига у: “Йўқ!” деб тегажоғлик қила бошлади. Юнус Ражабий яна илтимос килди, бўлмади. Ялинди. Шундан кейингина у: “Ма, фақат тез бўл!” деб китобни унга тутқазди. Юнус Ражабий китоб муқовасини очган ҳамон кўзлари йирик ҳарфлар билан ёзилган «Армуғони Хислат» сўзларига тушди. Кейинги, чиройли зарҳал жадвал тортилган саҳифага майда настаълиқ хатида битилган сатрлардан Юнус Ражабий: «Айламишлар Мулла Туйчи бир ажиб ширин баёз…», «Ва яна хитоби олий қилиб айдиларки, сен…», «…Ҳар ғазалнинг савту мақому оҳангининг тўфасиға (тепасига) ёзуб тартиб риштасиға тизгайсен…», сингари ибораларни шоша-пиша ўқиди. Кейинги саҳифаларни тез-тез варақлади. Қиялатиб ёзилган ғазалларнинг бошланишига «Савти дугоҳ Ҳусайний», «Таронаи дугоҳ» каби мақом номлари ёзиб қўйилган эди.

Юнус Ражабийнинг юрагига чўғ тушди. «Ахир, бу мақомларни Мирза Қосим ҳофиздан, қолаверса, Тўйчи ҳофиз ва бошқа хонандалардан эшита бериб, оҳанглари ёд бўлиб кетган-ку! Китобнинг ноёблигини қаранг, Туйчи ҳофиз куйлайдиган барча ашулалар тўлиқ жамланган…»

«Бўлди, энди буёққа бер!» деб ўртоғи Юнус Ражабий қўлидан китобни юлиб олиб, югурганча жўнаб кетди. Ўша куни кечкурун Юнус Ражабий бу китобни отасига таърифлаб: «Шу китобдан битта топиб беринг!» деб ялинди. Охирги сўзларни у деярли йиғлаб гапирди. Ўғлининг «дарди» оғир эканлигини ҳис килган ота Тўйчи ҳофизга учраб, ўғлининг аҳволи-ҳолатини баён қилди. Тўйчи ҳофиз мийиғида кулиб: “Оббо Юнусвой-эй! Шунака денг! Майли, ман Хислат эшонга айтаман!” деди.

Орадан икки ҳафта ўтгач, Шораҳим ҳофиз: “Юнусга бериб қўйинглар!” деб китобни ташлаб кетди. Қиска муддат ичида Юнус Ражабий бу китобдаги ғазалларни мақом йўлларида қиёмига етказиб куйлай бошлади.

Шу тариқа, “Армуғони Хислат” китоби Юнус Ражабий учун мақом бўстонига дадил кириш йўлида ўзига хос дастуруламал бўлди.

1960-йиллар… Академик Юнус Ражабий «Шашмақом»ни нашрга тайёрламоқда… Бу олти мақомнинг «Мушкилот» қисмига қараганда, «Наср» қисми устида ишлаш жиддий ёндашиб, ижодий меҳнат қилишни талаб этмоқда. Чунки, баъзи ўринларда мавжуд матнни бошқа матн билан алмаштиришга тўғри келмоқда. Бундай кезларда, у «Армуғони Хислат» китобини қўлга олиб, саҳифаларни бир-бир очиб, ғазалларни диққат билан ўқийди. Мана, «Дугоҳ» мақомининг «Таронаси»га шоир Хислатнинг ушбу ғазали олинган экан:

Ҳажринда бас ўлдурма андишаи фардо қил,
Кел, эмди менга жоно васлингни муҳайё қил.

Юнус Ражабий қўлига дуторни олиб бу байтни ҳиргойи қилиб кўрди. «Йўқ, бу тарона бошқа…». «Дугоҳ»нинг «Сарахбор”ига қайси ғазални олиш мумкин?!».

У ўзбек шоирларининг ўнлаб китобларини варақлаб, юзлаб ғазалларни кўздан кечирди. Бу орада кунлар кетидан ҳафталар, ҳафталар кетидан ойлар ўтди. Ниҳоят, бир куни Алишер Навоийнинг «Хазойин ул-маоний» девонини варақлаб ўлтириб, ногоҳ кўзи мана бу сатрларга тушиб қолди:

Бағримни тийғи ҳажр ила юз пора қилдилар,
То ёр кўйидин мени овора қилдилар.

Юраги жиз этиб кетган Юнус Ражабий ҳаяжон билан ғазални бир бошдан ўқишга тушди.

Буни қарангки, ғазал мазмунида ифода топган кайфият, куй оҳангида мужассам топган кайфият билан шундоққина ҳамоҳанг эди.

Юнус Ражабий дутор жўрлигида ушбу ғазални «Дугоҳ»нинг «Сарахбор» оҳангида куйлай бошлади. Сўз билан куй худди узукка кўз куйгандек бир-бирига мос келар эди. Юнус Ражабий завқ, билан куйлади. Яна ва яна куйлади. Фақат  эртаси куни бу ғазал мақом оҳангига йўғрилган ҳолда мусиқий белгилар шаклида нота дафтари саҳифасидан ўрин олди.

Аслида, бирор мақомга мансуб матнни алмаштириш осон эмас. Бунда, аввало, мусиқага халал бермаган ҳолда куй ва ғазал мутаносиблигидан ташқари янги, алмаштирилаётган ғазал сўзларидаги узун-қисқалигини ҳисобга олиш шарт бўлган бўғинларни ҳам эътиборда тутиш лозим.

Бошқача айтганда, ҳозирги даврдагидек, тайёр шеър (матн)га куй басталанмайди, балки, аксинча, тайёр куйга ғазални санъаткорлик билан мослаш керак. Аммо, бу амалиётни адо этиш жараёнида, бундан-да мураккаброқ, муаммоларга ҳам эътибор беришга тўғри келади. Чунончи, аллома Абдураҳмон Жомий мақомлар ҳақида сўз юритиб, улар инсонларга хузур бағишловчи асосий фазилатларидан ташқари яна тингловчиларга ўзгача таъсир этиш хусусиятига ҳам эгадирлар, деб ёзган эди. Жомийнинг қайд этишича, мақомлардан «Ушшоқ», «Наво» кишиларда куч ва жасорат: рост, ирок-хушвақтлик ва қувонч; бузрук роҳавий, зангула-қайғу ва ғурур; хижозий ва ҳусайний-завқ, ва севинч кайфиятларини пайдо қилади. “Ижрочилар, — деб ёзган эди Абдураҳмон Жомий — мақомларнинг бу хоссаларини ҳисобга олишлари ва хар бир мақом учун мазмунан мутаносиб ғазаллар танлашлари лозим”.

Абдураҳмон Жомийнинг мана шу сўзларидан келиб чиқиб, Юнус Ражабий «Шашмақом» устида ишлар экан, мақомларнинг ана ўша хосларига жиддий эътибор берган ҳолда, ўзбек шоирларидан Лутфий, Навоий, Бобур, Зебунисо, Атойи, Огаҳий, Нишотий, Мунис, Машраб, Амирий, Нодира, Бону, Ҳувайдо, Фазлий, Муқимий ва бошқа шоирларнинг ғазалларини танлади.

Бироқ, эътиборлиси шундаки, Юнус Ражабий ижодий ишга киришар экан, ҳамиша қўлига «Армуғони Хислат»ни олар, саҳифаларни оҳиста варақлар, айрим ғазалларни диққат билан ўқир, баъзи ғазалларни хиргойи килар ва шундан кейингина бошқа шоирлар асарларини ўқий бошлар эди. Шу тариқа «Армуғони Хислат» Юнус Ражабий учун ўзига хос ижодий дастуруламал вазифасини ўтарди.

Ҳозирда «Армуғони Хислат» уй-музейнинг иккинчи қаватидаги жавонда, Юнус Ражабий фойдаланган ноёб китоблар сафида турибди.

Ж а р а ё н

Мўъжазгина хона… Хонанинг деразага яқинроқ, жойида доирасимон стол. Стол атрофида икки-уч стул… Стол устида варақ четлари уриниб кетган нота дафтари. Дафтарнинг ўнг томонида ишлата бериб, қирралари ейилиб кетган ўчирғич, унинг ёнида бир нечта қаламлар, ручкалар ва тиғи очиб қўйилган қаламтарош. Шунингдек, қопқоғи очиқлигича қолган кўзойнак ғилофи. Булардан сал нарироқда эса чойнак-пиёла. Пиёлага ярим қуйилган чойдан майин буралиб буғ кўтарилади.

Хона турида пианино. Унинг ёнида ўлтирган Юнус Ражабийнинг қўлида уста Усмон ишлаган дутор. У бир пианино клавишини босади, бир дуторни чертади. Сўнгра дутор қулоғига қўл чўзади.

Шу тариқа, дуторни созлаб олган Юнус Ражабий стол ёнига келиб ўлтиради ва пиёладаги чойдан бир ҳўплаб  олгач, дутор черта бошлайди. У бутун вужуди билан берилиб, бир куйни бошдан-оёқ чалади. Кейин куйдан роҳатланган кўйи  яна бир ҳўплам чой ичади ва дуторни чап қўлида ушлаган ҳолда, ўнг қўлига стол устидаги қаламлардан бирини олади. Қалам нота дафтари узра чаққон ҳаракат қила бошлайди. Дафтар саҳифасида эса нота аломатлари пайдо бўла бошлайди. Бир-икки сатрни босиб ўтган қалам кутилмаганда таққа тўхтайди. Юнус Ражабий қаламни қўйиб, дутор чертишга тушади. Паст овозда дуторга жўр бўлиб, хиргойи қилади. Тўхтаб, қўлига ўчирғични олади. Қалам билан яна нота аломатларини бита бошлайди. Яна тўхтаб, дутор чертиб кўради. Яна ўчиради, яна ёзади. Яна ва яна дутор чертади, яна ёзади, яна ўчиради ва яна ёзади.

Шу тариқа, дутор чалиб, яна куйни хиргойи қилиб, дутор пардаси асосида ўзбек миллий куйлари, мақом «мушкилот»ларини нота белгилари воситасида дафтар саҳифасига битади.

Бу жараён бир кун ёки бир ой эмас, балки йиллар, ўнлаб йиллар мобайнида, то умрининг охиригача давом этади.

Эътиборлиси шундаки, Юнус Ражабийга ижод жараёнида ҳамроҳ бўлган ўша дутор, ўша чойнак ва пиёла, ўша нота дафтари ҳозирда унинг уй-музейидаги ўша стол устида турибди. Улар ўша йилларни ва Юнус Ражабийга хос ижод жараёнини ёдга солади.

С а д о қ а т

1967  йил 6  сентябор… Алишер Навоий номидаги Катта Академик опера ва балет театри. Ўзбек мусиқа маданиятининг деярли барча намояндалари шу ерда. Ўзбек мусиқасининг алломаси Юнус Ражабий таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан бу ерда ижодий кеча ўтказилмокда.

Навбати билан саҳнага ўрта бўй қотмадан келган, бошига чакмадўз дўппи кийган, соқол-муйлови ўзига ярашган бир нуроний қария қўлида чиройли дуторни кўтарганча кириб келди. Бу – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, машҳур созгар уста Усмон Зуфаров эди. Юнус Ражабий тўрт-беш қадам босиб унга пешвоз чикди. Уста Усмон дуторни икки қўллаб ушлаган ҳолда, табрик сўзларини айтиб, Юнус Ражабийга узатди. Юнус Ражабий ҳам икки қўлини чўзиб дуторни ушлади. Ўртада дутор, унинг икки ёнида икки санъаткор, бири созгар, бири созанда. Бу ҳолат бир неча сония давом этди. Аммо, бу сониялар мазмунан минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган эди. Чунки, бу сониялар инсон маънавиятининг бебаҳо мўъжизаси бўлмиш мусиқани рўёбга келтирувчи созгар ва созанда бирлигини намойиш қиларди…

Зотан, Юнус Ражабий мусиқа деган мўъжиза кўркам бир дарахт бўлса, созгар унинг илдизи, созанда унинг танаси, куйлар эса унинг ҳаётбахш меваси эканлигини яхши биларди. Шунингдек, у бу дарахтнинг ё илдизи, ё танасини бошқа дарахт илдизи, ёки танаси билан алмаштириш умуман мантиққа зид эканлигини ҳам чуқур идрок қиларди. Шунинг учун ҳам Юнус Ражабий мусиқа маданиятининг миллийлигини таъминловчи созгар ва созанда бирлигига бўлган садоқатини бир умр йўқотмади.

М а қ о м н и н г   с у в р а т и

Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Ҳамид Сулаймон Алишер Навоий номидаги адабиёт музейида “Ғазал ва мусиқа” мавзусида алоҳида кўргазма (экспозиция) яратишга киришди. Бу ишни ўзига хос ғайрат ва эътибор билан бошлаган Ҳамид Сулаймон, аввалига, бу хусусда, адабиётшунос ва мусиқашунослар билан маслаҳатлашиб илк режа тузди.

Ана шу режага биноан, таниқли мусиқашунос Исҳоқ Ражабов кўргазмага қўйиладиган кўҳна созлар рўйхатини тузди ва бу рўйхат созгар уста Усмонга топширилиб, у билан битим тузилди. Айни чоғда, ясалажак созлар учун ўрик ва ёнғоқ дарахтларининг ёғочлари музейга келтирилди.

Ҳамид Сулаймоннинг ўзи эса Москва ва Ленинград шаҳарларига бориб, у ердаги музей ва кўргазмаларда юриб, истеъдодли рассомларнинг ишлари билан яқиндан танишди ва ўша рассомларнинг ўзлари билан учрашиб, уларни Ўзбекистонга таклиф қилди. Ўша рассомлардан икки киши – Николай Николаевич Баскаков ва Игор Александрович Роздрогинлар 1974-йилнинг баҳорида Тошкентга келишди. Ҳамид Сулаймон ва мен уларни Тошкент аэропортида кутиб олдик. Меҳмонхонага келгач, Ҳамид Сулаймон: “Сизлар йўлдан чарчаб келдинглар. Бугун яхшилаб дам олинглар, иш ҳақида эртага гаплашамиз” – деди. Рассомлар эса: – “Йўқ, аксинча, бизлар йўлда дам олиб келдик. Иложи бўлса, шу бугуноқ ишга киришганимиз маъқул», – дейишди. Шундан кейин, дастлаб Юнус Ражабийнинг уйига боришга қарор қилдиқ. Йўлда кетар эканмиз, Ҳамид Сулаймон маслаҳат тарзида: – “Тўхтамурод, буларни қай бирига Юнус акамни топширсак бўларкин?”, – деб сўради. (Ҳамид Сулаймон рассомлар илғаб қолмасин деган мақсадда “портрет” сўзини айтмади). Мен бундай саволни кутган эдим. Шунинг учун ўша заҳоти:

– Домла, буларни қайси бири хоҳиш билдирса, ўшанга топшириш керак, – деб жавоб бердим.
– Гапинг тўғри, – деди Ҳамид Сулаймон, – ҳақиқатан ҳам санъаткорнинг кўнгли чопмаса, уни минг зўрлаганинг билан фойдаси бўлмайди.

Ҳамид Сулаймонда ажойиб бир фазилат бор эди. У, ниҳоятда, жиддий масалалар юзасидан ҳам ходимларга, уларнинг ёши ва илмий даражасидан қатъий назар, маслаҳат соларди. Бундай кезларда фикр билдиришга ожизлик килган ходимларни Ҳамид Сулаймон хуш кўрмас, айниқса: “Домла, ўзингиз биласиз” деганларни ҳатто койиб ҳам ташларди.

Аслида эса, Ҳамид Сулаймон биз – илмий ходимларни мустақил фикр қилишга чорлар эди.

Юнус Ражабийнинг уйига етиб келганимизда, баҳор қуёши ўзининг ёрқин нурларини саховат билан сочмоқда эди. Юнус Ражабий бизларни хурсанд бир кайфият билан кутиб олди. Ҳамид Сулаймон у кишини рассомларга ўта мақтов сўзлари билан таништира бошлади. Бу сўзларни эшитиб турган Юнус Ражабий майин жилмайиб, ўзига хос овозда:

– Ҳамиджон, мақтовниям ашулага ўхшаб авж пардадан бошлаб бўлмайди. Униям аввал паст пардадан бошлаб, секин кўтарсанг ёқимли бўлади, – дея мутойиба қилди.

Юнус Ражабий сиймосидаги улуғворлик билан қоришиб кетган ўзбекона камтаринлик хонада ҳар қандай тортинишлардан холи эркин бир вазиятни вужудга келтирди. Юнус Ражабий билан Ҳамид Сулаймон ўрталарида бўлаётган ҳазил-мутойибаларни таржима қилар эканман, рассомлар ҳам яйраб-яйраб кулишар, баъзан эса бошларини бир томонга сал эгиб, Юнус Ражабийни синчковлик билан кузатишар эди.

Ниҳоят, Ҳамид Сулаймон суҳбатга жиддий тус бериб:

– Юнус ака, ўша сизга айтган рассомлар мана шулар. Булардан бири сизнинг портретингизни ишлайди. Шунга, энди, ўзингиз вақт ажратсангиз, – деди.
– Хўп, майли. Локин бу рассомлар фақат мани сувратимни чизса, унда окамла минан Исоқ нима бўлади?

– Уларни ҳам портретларини чизади.
– Якка-якками?

–Ҳа.
– Гапинг тўғри-ку, Ҳамиджон, аммо, бизани биров-бировимизадан ажратмасанг! Ҳаммовзани бирга чизса қандоқ бўларкин?

Кутилмаганда ўртага ташланган бу фикр Ҳамид Сулаймонни тўлқинлантириб юборди ва у зудлик билан рассомларга маслаҳат сола бошлади. Николай Николаевич Баскаков бу фикрни жуда маъқуллади ва рухсат этилса бу ишга киришажагини айтиб, розилик билдирди. Аммо, аввалига, ҳар бирларини алоҳида-алоҳида хомаки портретлари чизиб олингач, бир кун ҳаммаларини биргаликда турганларини чизиш лозимлигини қўшимча килди.

Николай Николаевич ўз фикрларини баён килар экан, Ҳамид Сулаймон майин жилмайиб менга каради. Унинг бу қарашида: “Гапинг тўғри чиқди”, деган маъно бор эди. Шундан кейин, Ҳамид Сулаймон Юнус Ражабийга мурожаат қилиб:

– Юнус ака, сиз айтгандай бўлди, энди ҳаммайлани бир куни музейга таклиф қилиб, ўша ерда сувратнинг умумий кўринишини келишиб оламиз. Унгача майда-чуйда ишларни шу ерга келиб ишлайди, шунга рози бўласиз, – деди. Юнус Ражабий рози бўлгач, бизлар кетиш учун ижозат сўрадик. Юнус Ражабий бизни кўчагача кузатиб қўйди.

Машинада қайтар эканмиз, Ҳамид Сулаймон хурсанд бир кайфиятда: – “Иш яхши бошланди. Энди, сан бу рассомни ёнида бўласан. Сан санъатни тушунасан. Шунийчун бу юмушни санга юклайман”, – деди. Шундан кейин биз Николай Николаевич билан бир неча кун давомида Юнус Ражабий, кейин Рисқи Ражабий ва Исҳоқ Ражабовларнинг уйларига қатнадик. Николай Николаевич аввалига қалам билан, кейин мой буёқ, билан уларнинг хомаки портретлари ва уларга мансуб ашёлар расмини чизиб олди.

Ниҳоят Ражабийларни музейга йиғадиган кун тайин бўлди. Ҳамид Сулаймон уларни кундуз соат ўн иккига музейга келишларини илтимос қилди. Чунки, рассомнинг сўзига кўра, бу вақтда ёруғлик меъёрида бўлар экан.

Николай Николаевич бу кунга жуда катта тайёргарлик билан етиб келди. Бунга қадар у Тошкентнинг тарихий қадамжоларига борди. Деярли барча музейларга ташриф буюрди. Бозорларни айланди. Хатто, айрим тўйларга бориб, хонанда ва созандаларни кузатди. Ўзбек таомларини тотиб кўрди. Мен унинг жуда кўп саволларига атрофлича жавоб бердим. Миллий кийимларимиз, удумларимиз ҳақида кўп маълумотларни айтдим.

Мана, Ражабийлар музейда махсус тайёрланган хонага бирин-кетин кириб келишди. Ҳамид Сулаймон уларни хурсандчилик билан кутиб олиб, рассом билан аввалроқ, қилинган келишув бўйича, жой-жойларига ўтқазди.

Ўртада Юнус Ражабий, унинг чап ёнида Рисқи Ражабий, ўнг ёнида эса Исҳоқ, Ражабов ўрин олишди. Ҳамид Сулаймон рассом билан улар олдидаги стол устига қўйиладиган ашёлар ҳақида бир муддат баҳслашгач, узр сўраб, чиқиб кетди.

Николай Николаевич ўзига хос жадаллик билан иш бошлади. Шу пайт, Юнус Ражабий мендан қоғоз ва қалам олиб келиб беришимни сўради. Рассом ишлашда давом этаркан, Юнус Ражабий қоғозга араб алифбосида нималарнидир ёза бошлади. Кейин ишора билан мени чақириб: “Бу “Ғазал ва мусиқа” кўргазмасида сувратлари қўйиладиган санъаткорлар руйхати. Ҳамиджон шуларни кўргазмага қўйсин”*, деб тайинлади. Николай Николаевич шу куни тиним билмай ишлади ва оқшомга яқин мамнун ҳолда Ражабийларга миннатдорчилик билдирди.

Бу кунларда Игор Роздрогин Қўқон шаҳрига бориб, шоир Чархий портретига хомаки нусхалар чизиб келгач, Тошкентда созгар уста Усмон портретини яратди.

Шу тариқа икки рассом етарли маълумот ва хонаки нусхалар тўплагач, Ленинградга жўнаб кетишди.

Орадан уч-тўрт ой ўтгач, Ленинграддан тайёр суратлар адабиёт музейига келтирилди. Катта ёғоч қути қопқоғи очилди ва эҳтиётлик билан унинг ичидан сувратлар олиниб, музейга кираверишдаги зал деворига ёнма-ён суяб қўйила бошланди.

Ҳамид Сулаймон бошлиқ музей илмий ходимлари ҳар бир сувратни зўр қизиқиш билан қарши олишар ва унинг: “Фикрингиз қандай?” деган саволига бамаънироқ, жавоб беришга ҳаракат қилишар эди.

Ниҳоят, қутидан нисбатан каттарок, сувратни икки киши олиб деворга суяди. Суврат ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилди. Бу Николай Николаевич Баскаков ишлаган Ражабийлар суврати эди. Бу суврат ҳақида Ҳамид Сулаймоннинг саволига кимдир “ўхшатибди”, кимдир “худди тирикдай ишлабди”, яна кимдир “қотириб ташлабди”, дея жавоб берди. Табиий, бу жавоблар Ҳамид Сулаймонни қониқтирмади. Шунда, бир дам завқ билан сувратга тикилиб турди-да: “– Бу мақомнинг суврати!” – деди. Дарҳақиқат, бу сувратга қараган ҳар бир инсон беихтиёр мусиқий овозни эшитаётгандек бўлади. Сувратда мақомнинг тасвири йўқ, аммо, таъсири бор. Бунга рассом Ражабийлар сиймосини қиёмига етказиб ишлаш орқали жуда аниқ, ва ишонарли ечим топган. Бундан ташқари сувратда тасвирга олинган ҳар бир ашё ягона мақсад баёнига хизмат қилади…

055

Совуқ сўзнинг заҳри

1976-йилнинг эрта баҳори… Юнус Ражабий шифохонада даволанмокда. Ҳар куни ё ўғил, ё қизларидан бири келиб, унинг ҳолидан хабар олиб кетади. Аммо, мана икки кундирки, хеч кимдан дарак йўқ. Юнус Ражабий қаттиқ, хавотирлана бошлади. Уйни телефони нима учундир мутлақо ишламай қўйди. Юнус Ражабий яна уёқ-буёқларга қўнғироқ қилиб кўрди. Ҳеч ким гўшакни кўтармади. Ниҳоят, туни билан мижжа қоқмай чиққан Юнус Ражабий учинчи куни эрта билан Радио комитетининг музика таҳририятида ишлайдиган набираси Афрузага қўнғироқ қилди. Қўли қалтирабми ёки кўзи тинибми, телефон рақамини нотўғри терган бўлса керак, кутилмаганда, бошқа таҳририятга тушиб қолди. Юнус Ражабий ўзининг ким эканлигини айтиб, Афрузани чақириб беришларини илтимос қилди. У томондан рус тилида, бепарво оҳангда: «У ишга келмаяпти», деган овоз эшитилди. Юнус Ражабийнинг: «Нега ишга келмаяпти?” деган саволига у томондан гапираётган аёл зарда аралаш: «Вой, ҳали хабарингиз йўқми? Ахир, уни қизи ўлди-ку! Э, бобо бўлмай кетинг!» деди. Бу жавобни эшитган Юнус Ражабий ҳушдан кетиб йиқилди.

Юнус Ражабийнинг набира ва эваралари кўп эди. Аммо у невараси Афрузанинг қизи, Юнус Ражабийга эвара бўлмиш Дилфузага алоҳида меҳр қўйган эди. Зотан, унинг бутун вужуди музика эди. Юнус Ражабий Дилфузанинг келгусида етук мусиқашунос олима бўлишига тўлиқ ишонар эди. Глиэр номли музика мактабида аъло баҳоларда ўқиб, битириш арафасида турган Дилфуза кутилмаганда, ўпка шамоллаши оқибатида, тўсатдан вафот этди.

Юнус Ражабий ҳақида ҳужжатли фильмда Дилфуза ҳам сувратга олинган. Фильмда Юнус Ражабий уни юзидан ўпиб, мактабга кузатади ва орқасидан қўл силкитиб қолади. Дилфуза ҳам суюкли бобосидан узоқлашиб, қўлларини силкитиб хайрлашади. Тақдир тақозо қилган жумбоқни қарангки, нима учун кинооператор уларнинг айнан видолашув онларини суратга олган?!

Юнус Ражабийнинг фарзандлари ва яқинлари Дилфузанинг вафоти ҳақидаги машъум хабарни шифохонада ётган оталарига билдирмаслик чораларини кўришган эди. Аммо, телефон орқали эшитилган ўша совуқ сўз Юнус Ражабийнинг бутун вужудини заҳарлади. Оқибатда, суюкли эвараси Дилфузанинг йигирма маросими куни – 1976-йил 23-апрелда Юнус Ражабий ҳам ҳаётдан кўз юмди. Бу вақтда у табаррук 80 ёшда эди…

Ўзбекистон Фанлар академиясининг биноси. Юнус Ражабий билан видолашув маросими шу бинода ўтмоқда. Одамлар академиянинг катта мажлислар зали олдидаги кичик залга бир эшикдан кириб гуллар бағрида мангу уйқуда ётган Юнус Ражабий билан видолашгач, иккинчи эшикдан чиқиб кетишмоқда. Кўпларнинг кўзларида ёш йилтиллайди. Баъзилар оталари бошида ўлтирган фарзандлари ва оила аъзоларига дардкашлик билан ярим овозда таъзия билдирадилар. Қўлларига қора боғич боғлаган санъат, адабиёт ва фан намояндалари навбатма-навбат Юнус Ражабий ёнига келиб, чуқур сукутга чўмган ҳолда, тик турадилар. Одамлар Юнус Ражабий ташкил қилган мақомчилар ансамбли созандалари ижро этаётган вазмин куйлар остида марҳум сиймосига сўнгги бор нигоҳ ташлаб, ғамгин кайфиятда фахрий қоровуллар ёнидан ўтадилар.

Мана, хонандалар Юнус Ражабий умр бўйи қиёмига етказиб куйлаб келган «Ушшоқ»ни ижро этишга киришдилар. Аввалига, хонанинг у ер-бу еридан изтиробли йиғи овозлари эшитила бошлади. Ашула авжига чиққан сари ҳасратли йиғи овозлари ҳам зўрайиб, уввосга айланиб кетди. Ҳамма йиғлар эди. Хонандалар ҳам йиғлаб куйлашар эди. Фахрий қоровулда турган уста Усмоннинг ҳам кўз ёшлари соқоли узра марварид янглиғ секин силжий бошлади.

Йўқ, бу муҳитда мақом одамларни йиғлатмас, балки унинг ўзи йиғларди.

Табаррук дастхатлар

Тошкент консерваториясининг эски биносида Юнус Ражабий номидаги мақом ижрочилари танлови ўтмоқда эди. Одатда, бундай маросимларда ўзига хос тантанаворлик билан бир вақтда масъулиятлилик рухи ҳукмрон бўлади. Шунинг учун бўлса керак, аксарият ёш ижрочиларнинг ҳаяжонланаётгани шундоққина сезилиб турар, аммо, шунга қарамай, улар қадим куйларни имкон борича маҳорат билан ижро этишга ҳаракат қилишарди. Бироқ, кўп ўринларда, улар қўлидаги фабрикада тезкорлик билан ясалган чолғулар бор маҳоратни намойиш қилишга ожиз қоларди.

Зални тўлдириб ўлтирган шинавандалар эса ҳар бир ижрочини зўр эътибор билан тинглашар, маъқул бўлган ўринларда қисқагина чапак чалиб қўйишар эди.

Олдинда, биринчи қаторда, таниқли созанда ва мусиқашунослардан иборат ҳайъат аъзолари ўлтиришарди. Улар орасида Юнус Ражабийнинг суюкли фарзанди – Ҳасан Ражабий ҳам бор эди.

Орадаги танаффус пайтида Ҳасан Ражабий:

– Тўхтамурод ака, кетиб қолманг, сизда зарур бир ишим бор! – деб, шошилганча ўтиб кетди.

Ниҳоят, пешин пайти кўрикнинг биринчи қисми тугади. Биз Ҳасан Ражабий билан бамайлихотир суҳбатлашдик.

– Тўхтамурод ака, – дея мурожаат билан сўз бошлади Ҳасан Ражабий ўзига хос овозда – отамни ўз қўллари билан ёзган анчагина дастхатлари бор. Улар орасида араб ёзувида битилганлари ҳам анчагина.  Ман уларни бир-икки мутахассисларга кўрсатдим. Ўқишолмади. – Ҳасан Ражабий истеҳзо билан кулди ва сўзида давом этди. –  Бу ишни сиздан бошқа одам уддалай олмайди.

– Ман уддалайдиган иш нима экан, ўзи? – сўрадим ҳазиломуз оҳангда. Ҳасан Ражабий жиддий оҳангда жавоб берди:
– Отамнинг араб ёзувидаги дастхатларини жорий ёзувга ағдариб берсангиз.

Биласизми, дастхатларда, айниқса, машҳур инсонларнинг дастхатларида, кишини ўзига тортувчи алақандай сеҳрли бир куч бор бўлади. Ҳасан Ражабийнинг сўзларидан кейин ўша сеҳрли куч ўз бағрига тортди. Айни пайтда: “Ўқий олармиканман?” деган хавотир йўлимни тўсди. Мен бироз сукут сақлаб турдим-да, иккилангандек оҳангда:

– Майли, уриниб кўраман. Агар ўқий олмасам айбга буюрмайсиз, — дедим.

Уч кундан кейин Юнус Ражабий дастхатлари солинган семизгина жилдни оҳиста очиб, илк саҳифага нигоҳ ташладим. Бундай кезларда асосий диққат-эътибор ёзувга қаратилади. Чунки, дастхат соҳибининг ёзув маданияти кейинги жараён учун ўзига хос эшик вазифасини ўтайди. Айниқса, араб ёзувида ҳарфлар шаклини сақлаш, уларнинг ўзаро қўшилишидаги изчиллик ва нуқталарни ўз ўрнига қўйиш ғоят муҳимдир.

Юнус Ражабийнинг бу борада етук саводхонликларига амин бўлгач, дастхатларни оҳиста варақлай бошладим.

Мана, Юнус Ражабийнинг ўз устози, машҳур ҳофиз Мулла Туйчи Тошмуҳаммедов ҳақидаги хотираси. Ундаги ҳар бир сўз устозга бўлган юксак эҳтиром билан йўғрилган. Мана, Юнус Ражабий ҳаёт йўлининг баёни. Мана, мақомларни руёбга чиқариш йўлидаги изланишлар, уринишлар ва курашлар тафсилоти. Мана, музикали театр тарихига оид маълумотлар.

Хулоса қилиб айтганда, Юнус Ражабийнинг кўз нури ва қалб қўри билан битилган мазкур дастхатларни миллий мусиқамизга мансуб ўзига хос қўлёзма қомус десак, хато бўлмаса керак.

Мен деярли уч ой мобайнида, бу табаррук дастхатларни жорий ёзувга ағдариб, Ҳасан Ражабийга топширдим. Ҳозирда, улар Юнус Ражабий уй-музейи фондида сақланмоқда.

Х о т и м а

Юнус Ражабий ўтиб бормоқда… Энди, у йўл бўйлаб эмас, балки йил бўйлаб, йиллар бўйлаб ўтиб бормоқда…

Ажиб бир ҳолат. Юнус Ражабий биздан қанчалик узоқлашган сайин унинг барҳаёт сиймоси янада яқинроқ ва янада ёрқинроқ бўлиб бормоқда…

Юнус Ражабий ўтиб бормоқда… Аммо, унинг ортида инжудек тиниқ суви замин бағридан қайнаб чиқаётган чашмага ўхшаш мусиқий мерос қолмоқда. Бу чашманинг ҳаётбахаш сувидан фақат биз эмас, балки келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўладилар…

Манба:  «Шарқ юлдузи» журнали, 2010 йил, 2-сон

5 YANVAR – OʻZBEK MADANIYATINING YORQIN SIYMOSI, AKADEMIK YUNUS RAJABIY TUGʻILGAN KUN

1912-yil… Kuz fasli edi. Yunus Rajabiyning bir oʻrtogʻi uni kitob sevarligini nazarda tutib, unga bir kitob koʻrsatdi. Koʻrsatishga koʻrsatdi-yu, ammo Yunus Rajabiyning: “Bir koʻriy”, degan iltimosiga u: “Yoʻq!” deb tegajogʻlik qila boshladi. Yunus Rajabiy yana iltimos kildi, boʻlmadi. Yalindi…

To’xtamurod Zufarov
MAQOM ZARBLARIGA YO’G’RILGAN YURAK
Badiha
04

D ye b o ch a

002Azim shahar Toshkentning gavjum ko’chalaridan biri… Ko’cha chekkasidagi piyodalar yo’li bo’ylab alloma Yunus Rajabiy yurib kelmokda… u har bir qadamini yuragining urushiga moslab olgandek, bir me’yorda qadam tashlaydi.

Aytishlaricha, maqom zarblari insonning yurak urushiga hamohang emish. Yunus Rajabiyning bosgan har bir qadamida xuddi shu holat mujassam topgandek edi…

Ayni paytda, uning siymosida o’zbek xalqining asrlar osha bosib kelgan tarixiy yo’lining musiqiy ohanglarga yo’g’rilgan ifodasi bo’lmish maqom kuylari ham barhayot qadamlar bilan yurib kelayotgandek edi…

Yunus Rajabiy shunday qadamlar bilan o’z uyiga yetib keldi. Eshikni ochib ichkariga kirgach, narigi xonaga yuz burib: «Onasi, choy bering!» dedi-da, o’z xonasiga kirib ketdi. U to’g’ri borib stol yoniga o’ltirdi va qo’liga qalam oldi. Daftar sahifasida nota alomatlari paydo bo’la boshladi, go’yo u musiqiy kuy va ohanglarni o’tmish bag’ridan terib olib, nota belgisi shaklida daftar sahifasiga tizayotgandek edi.

Yunus Rajabiy butun vujudi bilan berilib ishlar ekan, uning shu o’ltirishi xuddi dur donalarini sarxillayotgan hazinabonga o’xshar edi.

Dasturulamal

Xonada Yunus Rajabiyning yolg’iz o’zi… Qo’lida ancha uringan bir kitob… U kitobning o’ng qo’l tomonidagi muqovasini ohista ochib, arab yozuvida bitilgan «Armug’oni Xislat» so’zlariga ko’z yugurtirdi. So’ngra u bu so’zlar ostiga bitilgan mana bu so’zlarni ovoz chiqarib o’qiy boshladi:

Ahboblar bu nusxa sizlarga armug’ondur,Aylang ochib tamosho guyoki gulistondur.

Yunus Rajabiy bu so’zlarni o’qir ekan, uning lablarida mayin jilmayish namoyon bo’ldi. U yoshlik yillarini esladi…

1905-yil… Yunus Rajabiy sakkiz-to’qqiz yoshlarda. Mana, ular hovlisining tashqarisidagi mehmonxonaga otasining yaqin do’stlari yig’ilishgan. Yaqinda Andijondan ko’chib kelib, Yunus Rajabiylarga qo’shni bo’lgan Mirza Qosim hofiz tanbur chertib, maqom yo’llaridan o’qimoqda.

Bu vaqtlarda yosh Yunus Rajabiyning ashula va musiqaga havasi bag’oyat baland… E’tiborlisi shundaki, Yunus Rajabiy yosh bulishiga qaramay, biror kuy yoki ashulani bir bor eshitishning o’zidayoq, boshidan-oxiriga qadar eslab kola oladigan quvvai hofiza sohibi edi.

Mana, u bir chekkada jimgina o’ltirib, Mirza Qosim hofizni berilib, butun vujudi bilan tinglamoqda. Ashula va kuy uning yosh qalbiga singib bormoqda. Ertasiga u kecha eshitgan ashulalarni xuddi Mirza Qosim hofizga aynan o’xshatib, qayta-qayta kuylaydi.

Novza guzaridagi choyxona. Oqshom. Choyxonada odam gavjum. Shu odamlar orasida o’n uch yoshlik Yunus Rajabiy otasi yonida chordona qurib o’ltiribdi. O’rtadagi yog’och karavotda o’sha yillarda
juda mashhur bo’lgan Mulla To’ychi hofiz, Shorahim, Shojalil va Usta Qodir degan xonandalar. Ular navbatma-navbat maqomlardan o’qishadi. Har bir hofiz ashula boshlab, bir nafas to’xtaganda, Tuychi hofiz: «Ho’, birodarlar, bu maqomning «Iroq» yo’li», deb eslatib qo’yadi. Hofizning bu so’zlari yosh Yunus Rajabiyning qulog’iga emas, yuragiga kirib boradi.

1912-yil… Kuz fasli edi. Yunus Rajabiyning bir o’rtog’i uni kitob sevarligini nazarda tutib, unga bir kitob ko’rsatdi. Ko’rsatishga ko’rsatdi-yu, ammo Yunus Rajabiyning: «Bir ko’riy», degan iltimosiga u: “Yo’q!” deb tegajog’lik qila boshladi. Yunus Rajabiy yana iltimos kildi, bo’lmadi. Yalindi. Shundan keyingina u: “Ma, faqat tez bo’l!” deb kitobni unga tutqazdi. Yunus Rajabiy kitob muqovasini ochgan hamon ko’zlari yirik harflar bilan yozilgan «Armug’oni Xislat» so’zlariga tushdi. Keyingi, chiroyli zarhal jadval tortilgan sahifaga mayda nasta’liq xatida bitilgan satrlardan Yunus Rajabiy: «Aylamishlar Mulla Tuychi bir ajib shirin bayoz…», «Va yana xitobi oliy qilib aydilarki, sen…», «…Har g’azalning savtu maqomu ohangining to’fasig’a (tepasiga) yozub tartib rishtasig’a tizgaysen…», singari iboralarni shosha-pisha o’qidi. Keyingi sahifalarni tez-tez varaqladi. Qiyalatib yozilgan g’azallarning boshlanishiga «Savti dugoh Husayniy», «Taronai dugoh» kabi maqom nomlari yozib qo’yilgan edi.

Yunus Rajabiyning yuragiga cho’g’ tushdi. «Axir, bu maqomlarni Mirza Qosim hofizdan, qolaversa, To’ychi hofiz va boshqa xonandalardan eshita berib, ohanglari yod bo’lib ketgan-ku! Kitobning noyobligini qarang, Tuychi hofiz kuylaydigan barcha ashulalar to’liq jamlangan…»

«Bo’ldi, endi buyoqqa ber!» deb o’rtog’i Yunus Rajabiy qo’lidan kitobni yulib olib, yugurgancha jo’nab ketdi. O’sha kuni kechkurun Yunus Rajabiy bu kitobni otasiga ta’riflab: «Shu kitobdan bitta topib bering!» deb yalindi. Oxirgi so’zlarni u deyarli yig’lab gapirdi. O’g’lining «dardi» og’ir ekanligini his kilgan ota To’ychi hofizga uchrab, o’g’lining ahvoli-holatini bayon qildi. To’ychi hofiz miyig’ida kulib: “Obbo Yunusvoy-ey! Shunaka deng! Mayli, man Xislat eshonga aytaman!” dedi.

Oradan ikki hafta o’tgach, Shorahim hofiz: “Yunusga berib qo’yinglar!” deb kitobni tashlab ketdi. Qiska muddat ichida Yunus Rajabiy bu kitobdagi g’azallarni maqom yo’llarida qiyomiga yetkazib kuylay boshladi.

Shu tariqa, “Armug’oni Xislat” kitobi Yunus Rajabiy uchun maqom bo’stoniga dadil kirish yo’lida o’ziga xos dasturulamal bo’ldi.

1960-yillar… Akademik Yunus Rajabiy «Shashmaqom»ni nashrga tayyorlamoqda… Bu olti maqomning «Mushkilot» qismiga qaraganda, «Nasr» qismi ustida ishlash jiddiy yondashib, ijodiy mehnat qilishni talab etmoqda. Chunki, ba’zi o’rinlarda mavjud matnni boshqa matn bilan almashtirishga to’g’ri kelmoqda. Bunday kezlarda, u «Armug’oni Xislat» kitobini qo’lga olib, sahifalarni bir-bir ochib, g’azallarni diqqat bilan o’qiydi. Mana, «Dugoh» maqomining «Taronasi»ga shoir Xislatning ushbu g’azali olingan ekan:

Hajrinda bas o’ldurma andishai fardo qil,
Kel, emdi menga jono vaslingni muhayyo qil.

Yunus Rajabiy qo’liga dutorni olib bu baytni hirgoyi qilib ko’rdi. «Yo’q, bu tarona boshqa…». «Dugoh»ning «Saraxbor”iga qaysi g’azalni olish mumkin?!».

U o’zbek shoirlarining o’nlab kitoblarini varaqlab, yuzlab g’azallarni ko’zdan kechirdi. Bu orada kunlar ketidan haftalar, haftalar ketidan oylar o’tdi. Nihoyat, bir kuni Alisher Navoiyning «Xazoyin ul-maoniy» devonini varaqlab o’ltirib, nogoh ko’zi mana bu satrlarga tushib qoldi:

Bag’rimni tiyg’i hajr ila yuz pora qildilar,
To yor ko’yidin meni ovora qildilar.

Yuragi jiz etib ketgan Yunus Rajabiy hayajon bilan g’azalni bir boshdan o’qishga tushdi.

Buni qarangki, g’azal mazmunida ifoda topgan kayfiyat, kuy ohangida mujassam topgan kayfiyat bilan shundoqqina hamohang edi.

Yunus Rajabiy dutor jo’rligida ushbu g’azalni «Dugoh»ning «Saraxbor» ohangida kuylay boshladi. So’z bilan kuy xuddi uzukka ko’z kuygandek bir-biriga mos kelar edi. Yunus Rajabiy zavq, bilan kuyladi. Yana va yana kuyladi. Faqat ertasi kuni bu g’azal maqom ohangiga yo’g’rilgan holda musiqiy belgilar shaklida nota daftari sahifasidan o’rin oldi.

Aslida, biror maqomga mansub matnni almashtirish oson emas. Bunda, avvalo, musiqaga xalal bermagan holda kuy va g’azal mutanosibligidan tashqari yangi, almashtirilayotgan g’azal so’zlaridagi uzun-qisqaligini hisobga olish shart bo’lgan bo’g’inlarni ham e’tiborda tutish lozim.

Boshqacha aytganda, hozirgi davrdagidek, tayyor she’r (matn)ga kuy bastalanmaydi, balki, aksincha, tayyor kuyga g’azalni san’atkorlik bilan moslash kerak. Ammo, bu amaliyotni ado etish jarayonida, bundan-da murakkabroq, muammolarga ham e’tibor berishga to’g’ri keladi. Chunonchi, alloma Abdurahmon Jomiy maqomlar haqida so’z yuritib, ular insonlarga xuzur bag’ishlovchi asosiy fazilatlaridan tashqari yana tinglovchilarga o’zgacha ta’sir etish xususiyatiga ham egadirlar, deb yozgan edi. Jomiyning qayd etishicha, maqomlardan «Ushshoq», «Navo» kishilarda kuch va jasorat: rost, irok-xushvaqtlik va quvonch; buzruk rohaviy, zangula-qayg’u va g’urur; xijoziy va husayniy-zavq, va sevinch kayfiyatlarini paydo qiladi. “Ijrochilar, — deb yozgan edi Abdurahmon Jomiy — maqomlarning bu xossalarini hisobga olishlari va xar bir maqom uchun mazmunan mutanosib g’azallar tanlashlari lozim”.

Abdurahmon Jomiyning mana shu so’zlaridan kelib chiqib, Yunus Rajabiy «Shashmaqom» ustida ishlar ekan, maqomlarning ana o’sha xoslariga jiddiy e’tibor bergan holda, o’zbek shoirlaridan Lutfiy, Navoiy, Bobur, Zebuniso, Atoyi, Ogahiy, Nishotiy, Munis, Mashrab, Amiriy, Nodira, Bonu, Huvaydo, Fazliy, Muqimiy va boshqa shoirlarning g’azallarini tanladi.

Biroq, e’tiborlisi shundaki, Yunus Rajabiy ijodiy ishga kirishar ekan, hamisha qo’liga «Armug’oni Xislat»ni olar, sahifalarni ohista varaqlar, ayrim g’azallarni diqqat bilan o’qir, ba’zi g’azallarni xirgoyi kilar va shundan keyingina boshqa shoirlar asarlarini o’qiy boshlar edi. Shu tariqa «Armug’oni Xislat» Yunus Rajabiy uchun o’ziga xos ijodiy dasturulamal vazifasini o’tardi.

Hozirda «Armug’oni Xislat» uy-muzeyning ikkinchi qavatidagi javonda, Yunus Rajabiy foydalangan noyob kitoblar safida turibdi.

J a r a yo n

Mo»jazgina xona… Xonaning derazaga yaqinroq, joyida doirasimon stol. Stol atrofida ikki-uch stul… Stol ustida varaq chetlari urinib ketgan nota daftari. Daftarning o’ng tomonida ishlata berib, qirralari yeyilib ketgan o’chirg’ich, uning yonida bir nechta qalamlar, ruchkalar va tig’i ochib qo’yilgan qalamtarosh. Shuningdek, qopqog’i ochiqligicha qolgan ko’zoynak g’ilofi. Bulardan sal nariroqda esa choynak-piyola. Piyolaga yarim quyilgan choydan mayin buralib bug’ ko’tariladi.

Xona turida pianino. Uning yonida o’ltirgan Yunus Rajabiyning qo’lida usta Usmon ishlagan dutor. U bir pianino klavishini bosadi, bir dutorni chertadi. So’ngra dutor qulog’iga qo’l cho’zadi.

Shu tariqa, dutorni sozlab olgan Yunus Rajabiy stol yoniga kelib o’ltiradi va piyoladagi choydan bir ho’plab olgach, dutor cherta boshlaydi. U butun vujudi bilan berilib, bir kuyni boshdan-oyoq chaladi. Keyin kuydan rohatlangan ko’yi yana bir ho’plam choy ichadi va dutorni chap qo’lida ushlagan holda, o’ng qo’liga stol ustidagi qalamlardan birini oladi. Qalam nota daftari uzra chaqqon harakat qila boshlaydi. Daftar sahifasida esa nota alomatlari paydo bo’la boshlaydi. Bir-ikki satrni bosib o’tgan qalam kutilmaganda taqqa to’xtaydi. Yunus Rajabiy qalamni qo’yib, dutor chertishga tushadi. Past ovozda dutorga jo’r bo’lib, xirgoyi qiladi. To’xtab, qo’liga o’chirg’ichni oladi. Qalam bilan yana nota alomatlarini bita boshlaydi. Yana to’xtab, dutor chertib ko’radi. Yana o’chiradi, yana yozadi. Yana va yana dutor chertadi, yana yozadi, yana o’chiradi va yana yozadi.

Shu tariqa, dutor chalib, yana kuyni xirgoyi qilib, dutor pardasi asosida o’zbek milliy kuylari, maqom «mushkilot»larini nota belgilari vositasida daftar sahifasiga
bitadi.

Bu jarayon bir kun yoki bir oy emas, balki yillar, o’nlab yillar mobaynida, to umrining oxirigacha davom etadi.

E’tiborlisi shundaki, Yunus Rajabiyga ijod jarayonida hamroh bo’lgan o’sha dutor, o’sha choynak va piyola, o’sha nota daftari hozirda uning uy-muzeyidagi o’sha stol ustida turibdi. Ular o’sha yillarni va Yunus Rajabiyga xos ijod jarayonini yodga soladi.

S a d o q a t

1967 yil 6 sentyabor… Alisher Navoiy nomidagi Katta Akademik opera va balet teatri. O’zbek musiqa madaniyatining deyarli barcha namoyandalari shu yerda. O’zbek musiqasining allomasi Yunus Rajabiy tavalludining 70 yilligi munosabati bilan bu yerda ijodiy kecha o’tkazilmokda.

Navbati bilan sahnaga o’rta bo’y qotmadan kelgan, boshiga chakmado’z do’ppi kiygan, soqol-muylovi o’ziga yarashgan bir nuroniy qariya qo’lida chiroyli dutorni ko’targancha kirib keldi. Bu – O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi, mashhur sozgar usta Usmon Zufarov edi. Yunus Rajabiy to’rt-besh qadam bosib unga peshvoz chikdi. Usta Usmon dutorni ikki qo’llab ushlagan holda, tabrik so’zlarini aytib, Yunus Rajabiyga uzatdi. Yunus Rajabiy ham ikki qo’lini cho’zib dutorni ushladi. O’rtada dutor, uning ikki yonida ikki san’atkor, biri sozgar, biri sozanda. Bu holat bir necha soniya davom etdi. Ammo, bu soniyalar mazmunan ming yillik tarixni o’zida mujassam etgan edi. Chunki, bu soniyalar inson ma’naviyatining bebaho mo»jizasi bo’lmish musiqani ro’yobga keltiruvchi sozgar va sozanda birligini namoyish qilardi…

Zotan, Yunus Rajabiy musiqa degan mo»jiza ko’rkam bir daraxt bo’lsa, sozgar uning ildizi, sozanda uning tanasi, kuylar esa uning hayotbaxsh mevasi ekanligini yaxshi bilardi. Shuningdek, u bu daraxtning yo ildizi, yo tanasini boshqa daraxt ildizi, yoki tanasi bilan almashtirish umuman mantiqqa zid ekanligini ham chuqur idrok qilardi. Shuning uchun ham Yunus Rajabiy musiqa madaniyatining milliyligini ta’minlovchi sozgar va sozanda birligiga bo’lgan sadoqatini bir umr yo’qotmadi.

M a q o m n i n g s u v r a t i

O’tgan asrning 70-yillari edi. Hamid Sulaymon Alisher Navoiy nomidagi adabiyot muzeyida “G’azal va musiqa” mavzusida alohida ko’rgazma (ekspozitsiya) yaratishga kirishdi. Bu ishni o’ziga xos g’ayrat va e’tibor bilan boshlagan Hamid Sulaymon, avvaliga, bu xususda, adabiyotshunos va musiqashunoslar bilan maslahatlashib ilk reja tuzdi.

Ana shu rejaga binoan, taniqli musiqashunos Is’hoq Rajabov ko’rgazmaga qo’yiladigan ko’hna sozlar ro’yxatini tuzdi va bu ro’yxat sozgar usta Usmonga topshirilib, u bilan bitim tuzildi. Ayni chog’da, yasalajak sozlar uchun o’rik va yong’oq daraxtlarining yog’ochlari muzeyga keltirildi.

Hamid Sulaymonning o’zi esa Moskva va Leningrad shaharlariga borib, u yerdagi muzey va ko’rgazmalarda yurib, iste’dodli rassomlarning ishlari bilan yaqindan tanishdi va o’sha rassomlarning o’zlari bilan uchrashib, ularni O’zbekistonga taklif qildi. O’sha rassomlardan ikki kishi – Nikolay Nikolaevich Baskakov va Igor Aleksandrovich Rozdroginlar 1974-yilning bahorida Toshkentga kelishdi. Hamid Sulaymon va men ularni Toshkent aeroportida kutib oldik. Mehmonxonaga kelgach, Hamid Sulaymon: “Sizlar yo’ldan charchab keldinglar. Bugun yaxshilab dam olinglar, ish haqida ertaga gaplashamiz” – dedi. Rassomlar esa: – “Yo’q, aksincha, bizlar yo’lda dam olib keldik. Iloji bo’lsa, shu bugunoq ishga kirishganimiz ma’qul», – deyishdi. Shundan keyin, dastlab Yunus Rajabiyning uyiga borishga qaror qildiq. Yo’lda ketar ekanmiz, Hamid Sulaymon maslahat tarzida: – “To’xtamurod, bularni qay biriga Yunus akamni topshirsak bo’larkin?”, – deb so’radi. (Hamid Sulaymon rassomlar ilg’ab qolmasin degan maqsadda “portret” so’zini aytmadi). Men bunday savolni kutgan edim. Shuning uchun o’sha zahoti:

– Domla, bularni qaysi biri xohish bildirsa, o’shanga topshirish kerak, – deb javob berdim.
– Gaping to’g’ri, – dedi Hamid Sulaymon, – haqiqatan ham san’atkorning ko’ngli chopmasa, uni ming zo’rlaganing bilan foydasi bo’lmaydi.

Hamid Sulaymonda ajoyib bir fazilat bor edi. U, nihoyatda, jiddiy masalalar yuzasidan ham xodimlarga, ularning yoshi va ilmiy darajasidan qat’iy nazar, maslahat solardi. Bunday kezlarda fikr bildirishga ojizlik kilgan xodimlarni Hamid Sulaymon xush ko’rmas, ayniqsa: “Domla, o’zingiz bilasiz” deganlarni hatto koyib ham tashlardi.

Aslida esa, Hamid Sulaymon biz – ilmiy xodimlarni mustaqil fikr qilishga chorlar edi.

Yunus Rajabiyning uyiga yetib kelganimizda, bahor quyoshi o’zining yorqin nurlarini saxovat bilan sochmoqda edi. Yunus Rajabiy bizlarni xursand bir kayfiyat bilan kutib oldi. Hamid Sulaymon u kishini rassomlarga o’ta maqtov so’zlari bilan tanishtira boshladi. Bu so’zlarni eshitib turgan Yunus Rajabiy mayin jilmayib, o’ziga xos ovozda:

– Hamidjon, maqtovniyam ashulaga o’xshab avj pardadan boshlab bo’lmaydi. Uniyam avval past pardadan boshlab, sekin ko’tarsang yoqimli bo’ladi, – deya mutoyiba qildi.

Yunus Rajabiy siymosidagi ulug’vorlik bilan qorishib ketgan o’zbekona kamtarinlik xonada har qanday tortinishlardan xoli erkin bir vaziyatni vujudga keltirdi. Yunus Rajabiy bilan Hamid Sulaymon o’rtalarida bo’layotgan hazil-mutoyibalarni tarjima qilar ekanman, rassomlar ham yayrab-yayrab kulishar, ba’zan esa boshlarini bir tomonga sal egib, Yunus Rajabiyni sinchkovlik bilan kuzatishar edi.

Nihoyat, Hamid Sulaymon suhbatga jiddiy tus berib:

– Yunus aka, o’sha sizga aytgan rassomlar mana shular. Bulardan biri sizning portretingizni ishlaydi. Shunga, endi, o’zingiz vaqt ajratsangiz, – dedi.
– Xo’p, mayli. Lokin bu rassomlar faqat mani suvratimni chizsa, unda okamla minan Isoq nima bo’ladi?

– Ularni ham portretlarini chizadi.
– Yakka-yakkami?

–Ha.
– Gaping to’g’ri-ku, Hamidjon, ammo, bizani birov-birovimizadan ajratmasang! Hammovzani birga chizsa qandoq bo’larkin?

Kutilmaganda o’rtaga tashlangan bu fikr Hamid Sulaymonni to’lqinlantirib yubordi va u zudlik bilan rassomlarga maslahat sola boshladi. Nikolay Nikolaevich Baskakov bu fikrni juda ma’qulladi va ruxsat etilsa bu ishga kirishajagini aytib, rozilik bildirdi. Ammo, avvaliga, har birlarini alohida-alohida xomaki portretlari chizib olingach, bir kun hammalarini birgalikda turganlarini chizish lozimligini qo’shimcha kildi.

Nikolay Nikolaevich o’z fikrlarini bayon kilar ekan, Hamid Sulaymon mayin jilmayib menga karadi. Uning bu qarashida: “Gaping to’g’ri chiqdi”, degan ma’no bor edi. Shundan keyin, Hamid Sulaymon Yunus Rajabiyga murojaat kilib:

– Yunus aka, siz aytganday bo’ldi, endi hammaylani bir kuni muzeyga taklif qilib, o’sha yerda suvratning umumiy ko’rinishini kelishib olamiz. Ungacha mayda-chuyda ishlarni shu yerga kelib ishlaydi, shunga rozi bo’lasiz, – dedi. Yunus Rajabiy rozi bo’lgach, bizlar ketish uchun ijozat so’radik. Yunus Rajabiy bizni ko’chagacha kuzatib qo’ydi.

Mashinada qaytar ekanmiz, Hamid Sulaymon xursand bir kayfiyatda: – “Ish yaxshi boshlandi. Endi, san bu rassomni yonida bo’lasan. San san’atni tushunasan. Shuniychun bu yumushni sanga yuklayman”, – dedi. Shundan keyin biz Nikolay Nikolaevich bilan bir necha kun davomida Yunus Rajabiy, keyin Risqi Rajabiy va Is’hoq Rajabovlarning uylariga qatnadik. Nikolay Nikolaevich avvaliga qalam bilan, keyin moy buyoq, bilan ularning xomaki portretlari va ularga mansub ashyolar rasmini chizib oldi.

Nihoyat Rajabiylarni muzeyga yig’adigan kun tayin bo’ldi. Hamid Sulaymon ularni kunduz soat o’n ikkiga muzeyga kelishlarini iltimos qildi. Chunki, rassomning so’ziga ko’ra, bu vaqtda yorug’lik me’yorida bo’lar ekan.

Nikolay Nikolaevich bu kunga juda katta tayyorgarlik bilan yetib keldi. Bunga qadar u Toshkentning tarixiy qadamjolariga bordi. Deyarli barcha muzeylarga tashrif buyurdi. Bozorlarni aylandi. Xatto, ayrim to’ylarga borib, xonanda va sozandalarni kuzatdi. O’zbek taomlarini totib ko’rdi. Men uning juda ko’p savollariga atroflicha javob berdim. Milliy kiyimlarimiz, udumlarimiz haqida ko’p ma’lumotlarni aytdim.

Mana, Rajabiylar muzeyda maxsus tayyorlangan xonaga birin-ketin kirib kelishdi. Hamid Sulaymon ularni xursandchilik bilan kutib olib, rassom bilan avvalroq, qilingan kelishuv bo’yicha, joy-joylariga o’tqazdi.

O’rtada Yunus Rajabiy, uning chap yonida Risqi Rajabiy, o’ng yonida esa Is’hoq, Rajabov o’rin olishdi. Hamid Sulaymon rassom bilan ular oldidagi stol ustiga qo’yiladigan ashyolar haqida bir muddat bahslashgach, uzr so’rab, chiqib ketdi.

Nikolay Nikolaevich o’ziga xos jadallik bilan ish boshladi. Shu payt, Yunus Rajabiy mendan qog’oz va qalam olib kelib berishimni so’radi. Rassom ishlashda davom etarkan, Yunus Rajabiy qog’ozga arab alifbosida nimalarnidir yoza boshladi. Keyin ishora bilan meni chaqirib: “Bu “G’azal va musiqa” ko’rgazmasida suvratlari qo’yiladigan san’atkorlar ruyxati. Hamidjon shularni ko’rgazmaga qo’ysin”*, deb tayinladi. Nikolay Nikolaevich shu kuni tinim bilmay ishladi va oqshomga yaqin mamnun holda Rajabiylarga minnatdorchilik bildirdi.

Bu kunlarda Igor Rozdrogin Qo’qon shahriga borib, shoir Charxiy portretiga xomaki nusxalar chizib kelgach, Toshkentda sozgar usta Usmon portretini yaratdi.

Shu tariqa ikki rassom yetarli ma’lumot va xonaki nusxalar to’plagach, Leningradga jo’nab ketishdi.

Oradan uch-to’rt oy o’tgach, Leningraddan tayyor suratlar adabiyot muzeyiga keltirildi. Katta yog’och quti qopqog’i ochildi va ehtiyotlik bilan uning ichidan suvratlar olinib, muzeyga kiraverishdagi zal devoriga yonma-yon suyab qo’yila boshlandi.

Hamid Sulaymon boshliq muzey ilmiy xodimlari har bir suvratni zo’r qiziqish bilan qarshi olishar va uning: “Fikringiz qanday?” degan savoliga bama’niroq, javob berishga harakat qilishar edi.

Nihoyat, qutidan nisbatan kattarok, suvratni ikki kishi olib devorga suyadi. Suvrat hammaning e’tiborini o’ziga jalb qildi. Bu Nikolay Nikolaevich Baskakov ishlagan Rajabiylar suvrati edi. Bu suvrat haqida Hamid Sulaymonning savoliga kimdir “o’xshatibdi”, kimdir “xuddi tirikday ishlabdi”, yana kimdir “qotirib tashlabdi”, deya javob berdi. Tabiiy, bu javoblar Hamid Sulaymonni qoniqtirmadi. Shunda, bir dam zavq bilan suvratga tikilib turdi-da: “– Bu maqomning suvrati!” – dedi. Darhaqiqat, bu suvratga qaragan har bir inson beixtiyor musiqiy ovozni eshitayotgandek bo’ladi. Suvratda maqomning tasviri yo’q, ammo, ta’siri bor. Bunga rassom Rajabiylar siymosini qiyomiga yetkazib ishlash orqali juda aniq, va ishonarli yechim topgan. Bundan tashqari suvratda tasvirga olingan har bir ashyo yagona maqsad bayoniga xizmat qiladi…

Rahmanov-H.-Portret-YUnusa-radzhabij.-1984.jpg

Sovuq so’zning zahri

1976-yilning erta bahori… Yunus Rajabiy shifoxonada davolanmokda. Har kuni yo o’g’il, yo qizlaridan biri kelib, uning holidan xabar olib ketadi. Ammo, mana ikki kundirki, xech kimdan darak yo’q. Yunus Rajabiy qattiq, xavotirlana boshladi. Uyni telefoni nima uchundir mutlaqo ishlamay qo’ydi. Yunus Rajabiy yana uyoq-buyoqlarga qo’ng’iroq qilib ko’rdi. Hech kim go’shakni ko’tarmadi. Nihoyat, tuni bilan mijja qoqmay chiqqan Yunus Rajabiy uchinchi kuni erta bilan Radio komitetining muzika tahririyatida ishlaydigan nabirasi Afruzaga qo’ng’iroq qildi. Qo’li qaltirabmi yoki ko’zi tinibmi, telefon raqamini noto’g’ri tergan bo’lsa kerak, kutilmaganda, boshqa tahririyatga tushib qoldi. Yunus Rajabiy o’zining kim ekanligini aytib, Afruzani chaqirib berishlarini iltimos qildi. U tomondan rus tilida, beparvo ohangda: «U ishga kelmayapti», degan ovoz eshitildi. Yunus Rajabiyning: «Nega ishga kelmayapti?” degan savoliga u tomondan gapirayotgan ayol zarda aralash: «Voy, hali xabaringiz yo’qmi? Axir, uni qizi o’ldi-ku! E, bobo bo’lmay keting!» dedi. Bu javobni eshitgan Yunus Rajabiy hushdan ketib yiqildi.

Yunus Rajabiyning nabira va evaralari ko’p edi. Ammo u nevarasi Afruzaning qizi, Yunus Rajabiyga evara bo’lmish Dilfuzaga alohida mehr qo’ygan edi. Zotan, uning butun vujudi muzika edi. Yunus Rajabiy Dilfuzaning kelgusida yetuk musiqashunos olima bo’lishiga to’liq ishonar edi. Glier nomli muzika maktabida a’lo baholarda o’qib, bitirish arafasida turgan Dilfuza kutilmaganda, o’pka shamollashi oqibatida, to’satdan vafot etdi.

Yunus Rajabiy haqida hujjatli fil`mda Dilfuza ham suvratga olingan. Fil`mda Yunus Rajabiy uni yuzidan o’pib, maktabga kuzatadi va orqasidan qo’l silkitib qoladi. Dilfuza ham suyukli bobosidan uzoqlashib, qo’llarini silkitib xayrlashadi. Taqdir taqozo qilgan jumboqni qarangki, nima uchun kinooperator ularning aynan vidolashuv onlarini suratga olgan?!

Yunus Rajabiyning farzandlari va yaqinlari Dilfuzaning vafoti haqidagi mash’um xabarni shifoxonada yotgan otalariga bildirmaslik choralarini ko’rishgan edi. Ammo, telefon orqali eshitilgan o’sha sovuq so’z Yunus Rajabiyning butun vujudini zaharladi. Oqibatda, suyukli evarasi Dilfuzaning yigirma marosimi kuni – 1976-yil 23-aprelda Yunus Rajabiy ham hayotdan ko’z yumdi. Bu vaqtda u tabarruk 80 yoshda edi…

O’zbekiston Fanlar akademiyasining binosi. Yunus Rajabiy bilan vidolashuv marosimi shu binoda o’tmoqda. Odamlar akademiyaning katta majlislar zali oldidagi kichik zalga bir eshikdan kirib gullar bag’rida mangu uyquda yotgan Yunus Rajabiy bilan vidolashgach, ikkinchi eshikdan chiqib ketishmoqda. Ko’plarning ko’zlarida yosh yiltillaydi. Ba’zilar otalari boshida o’ltirgan farzandlari va oila a’zolariga dardkashlik bilan yarim
ovozda ta’ziya bildiradilar. Qo’llariga qora bog’ich bog’lagan san’at, adabiyot va fan namoyandalari navbatma-navbat Yunus Rajabiy yoniga kelib, chuqur sukutga cho’mgan holda, tik turadilar. Odamlar Yunus Rajabiy tashkil qilgan maqomchilar ansambli sozandalari ijro etayotgan vazmin kuylar ostida marhum siymosiga so’nggi bor nigoh tashlab, g’amgin kayfiyatda faxriy qorovullar yonidan o’tadilar.

Mana, xonandalar Yunus Rajabiy umr bo’yi qiyomiga yetkazib kuylab kelgan «Ushshoq»ni ijro etishga kirishdilar. Avvaliga, xonaning u yer-bu yeridan iztirobli yig’i ovozlari eshitila boshladi. Ashula avjiga chiqqan sari hasratli yig’i ovozlari ham zo’rayib, uvvosga aylanib ketdi. Hamma yig’lar edi. Xonandalar ham yig’lab kuylashar edi. Faxriy qorovulda turgan usta Usmonning ham ko’z yoshlari soqoli uzra marvarid yanglig’ sekin siljiy boshladi.

Yo’q, bu muhitda maqom odamlarni yig’latmas, balki uning o’zi yig’lardi.

Tabarruk dastxatlar

Toshkent konservatoriyasining eski binosida Yunus Rajabiy nomidagi maqom ijrochilari tanlovi o’tmoqda edi. Odatda, bunday marosimlarda o’ziga xos tantanavorlik bilan bir vaqtda mas’uliyatlilik ruxi hukmron bo’ladi. Shuning uchun bo’lsa kerak, aksariyat yosh ijrochilarning hayajonlanayotgani shundoqqina sezilib turar, ammo, shunga qaramay, ular qadim kuylarni imkon boricha mahorat bilan ijro etishga harakat qilishardi. Biroq, ko’p o’rinlarda, ular qo’lidagi fabrikada tezkorlik bilan yasalgan cholg’ular bor mahoratni namoyish qilishga ojiz qolardi.

Zalni to’ldirib o’ltirgan shinavandalar esa har bir ijrochini zo’r e’tibor bilan tinglashar, ma’qul bo’lgan o’rinlarda qisqagina chapak chalib qo’yishar edi.

Oldinda, birinchi qatorda, taniqli sozanda va musiqashunoslardan iborat hay’at a’zolari o’ltirishardi. Ular orasida Yunus Rajabiyning suyukli farzandi – Hasan Rajabiy ham bor edi.

Oradagi tanaffus paytida Hasan Rajabiy:

– To’xtamurod aka, ketib qolmang, sizda zarur bir ishim bor! – deb, shoshilgancha o’tib ketdi.

Nihoyat, peshin payti ko’rikning birinchi qismi tugadi. Biz Hasan Rajabiy bilan bamaylixotir suhbatlashdik.

– To’xtamurod aka, – deya murojaat bilan so’z boshladi Hasan Rajabiy o’ziga xos ovozda – otamni o’z qo’llari bilan yozgan anchagina dastxatlari bor. Ular orasida arab yozuvida bitilganlari ham anchagina. Man ularni bir-ikki mutaxassislarga ko’rsatdim. O’qisholmadi. – Hasan Rajabiy istehzo bilan kuldi va so’zida davom etdi. – Bu ishni sizdan boshqa odam uddalay olmaydi.

– Man uddalaydigan ish nima ekan, o’zi? – so’radim hazilomuz ohangda. Hasan Rajabiy jiddiy ohangda javob berdi:
– Otamning arab yozuvidagi dastxatlarini joriy yozuvga ag’darib bersangiz.

Bilasizmi, dastxatlarda, ayniqsa, mashhur insonlarning dastxatlarida, kishini o’ziga tortuvchi alaqanday sehrli bir kuch bor bo’ladi. Hasan Rajabiyning so’zlaridan keyin o’sha sehrli kuch o’z bag’riga tortdi. Ayni paytda: “O’qiy olarmikanman?” degan xavotir yo’limni to’sdi. Men biroz sukut saqlab turdim-da, ikkilangandek ohangda:

– Mayli, urinib ko’raman. Agar o’qiy olmasam aybga buyurmaysiz, — dedim.

Uch kundan keyin Yunus Rajabiy dastxatlari solingan semizgina jildni ohista ochib, ilk sahifaga nigoh tashladim. Bunday kezlarda asosiy diqqat-e’tibor yozuvga qaratiladi. Chunki, dastxat sohibining yozuv madaniyati keyingi jarayon uchun o’ziga xos eshik vazifasini o’taydi. Ayniqsa, arab yozuvida harflar shaklini saqlash, ularning o’zaro qo’shilishidagi izchillik va nuqtalarni o’z o’rniga qo’yish g’oyat muhimdir.

Yunus Rajabiyning bu borada yetuk savodxonliklariga amin bo’lgach, dastxatlarni ohista varaqlay boshladim.

Mana, Yunus Rajabiyning o’z ustozi, mashhur hofiz Mulla Tuychi Toshmuhammedov haqidagi xotirasi. Undagi har bir so’z ustozga bo’lgan yuksak ehtirom bilan yo’g’rilgan. Mana, Yunus Rajabiy hayot yo’lining bayoni. Mana, maqomlarni ruyobga chiqarish yo’lidagi izlanishlar, urinishlar va kurashlar tafsiloti. Mana, muzikali teatr tarixiga oid ma’lumotlar.

Xulosa qilib aytganda, Yunus Rajabiyning ko’z nuri va qalb qo’ri bilan bitilgan mazkur dastxatlarni milliy musiqamizga mansub o’ziga xos qo’lyozma qomus desak, xato bo’lmasa kerak.

Men deyarli uch oy mobaynida, bu tabarruk dastxatlarni joriy yozuvga ag’darib, Hasan Rajabiyga topshirdim. Hozirda, ular Yunus Rajabiy uy-muzeyi fondida saqlanmoqda.

X o t i m a

Yunus Rajabiy o’tib bormoqda… Endi, u yo’l bo’ylab emas, balki yil bo’ylab, yillar bo’ylab o’tib bormoqda…

Ajib bir holat. Yunus Rajabiy bizdan qanchalik uzoqlashgan sayin uning barhayot siymosi yanada yaqinroq va yanada yorqinroq bo’lib bormoqda…

Yunus Rajabiy o’tib bormoqda… Ammo, uning ortida injudek tiniq suvi zamin bag’ridan qaynab chiqayotgan chashmaga o’xshash musiqiy meros qolmoqda. Bu chashmaning hayotbaxash suvidan faqat
biz emas, balki kelgusi avlodlar ham bahramand bo’ladilar…

Manba: «Sharq yulduzi» jurnali, 2010 yil, 2-son

077

(Tashriflar: umumiy 977, bugungi 1)

Izoh qoldiring