Озарбайжон адабиётининг атоқли сиймоси Самад Вурғун нафақат она халқи, шу билан баб-баробар ўзбек халқининг ҳам севимли шоиридир. У туркча шеърият хазинасини ўлмас сатрлар билан бойитган ижодкор сифатида ардоқлидир.
САМАД ВУРҒУН
ШЕЪРЛАР
Озарбайжон халқининг забардаст шоири, драматурги ва йирик жамоат арбоби Самад Юсуф ўғли Векилов (Вурғун) 1906—1956) Озарбайжоннинг Қазах районига қарашли Салахли қишлоғида туғилди.Ўқитувчилар семинариясида таҳсил олгач, бир неча йиллар муаллимлик қилди. Шоир ижоди 1924 йилда шеър ёзишдан бошланди. У «Шоирнинг қасами», «Фонарь»,«Кўнгил дафтари», «Шеърлар», «Тонг қўшиғи», сингари ўнлаб тўпламларини нашр эттирди.Лирик шоир сифатида озарбайжон халқини улуғловчи ажойиб шеърлар ёзди.Самад Вурғун ўзининг «Йигирма олтилар» (1935), «Ўлим курсиси» (1934), «Колхозчи хотин Басти ҳақида қисса». (1937), «Толистон» (1938), «Муған» (1949), «Занжининг орзулари» (1948), ва шунга ўхшаш турли-туман мавзуларда яратган достонлари билан озарбайжон адабиётида достончилик жанрини ривожлантирди.
Самад Вурғуннинг Улуғ Ватан урушидан сўнгги йилларда яратган асарлари орасида унинг «Дунё харитаси» туркумига кирган сиёсий лирик шеърлари алоҳида кўзга ташланиб туради.
Самад Вурғун истеъдодли драматург эди. Унинг «Воқиф» (1937), «Ханлар» (1939) ва «Фарҳод ва Ширин» (1942) пьесалари бошдан-оёқ шеър билан ёзилган бўлиб, озарбайжон драматургиясида тарихий мавзуда яратилган энг яхши асарлар ҳисобланади. Самад Вурғун Озарбайжон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси эди. У бир неча йил давомида Озарбайжон ёзувчилар союзини бошқарди. Шоир ўзининг «Воқиф». «Фарҳод ва Ширин» пьесалари учун икки марта Давлат мукофотига сазовор бўлган. Самад Вурғун 1956 йилда Бокуда вафот этди.
* * *
Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бори хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.
Қўй эй булбул! Тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.
Ўлим, эйвоҳ, бу неъматдир, бу бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам, рақибим бахтиёр ўлсин.
Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тору мор ўлсин!..
Раззоқ АБДУРАШИД таржимаcи
ОНА ҲАЙКАЛИ
Мармар обидалар, қуйма ҳайкаллар
Безакдир ҳар улуғ, кичик шаҳарга.
Оҳ, хаёлчан бошлар, ижодкор қўллар!
Сиз қанот боғлайсиз тушунчаларга…
Ўйлаб боқ: тошлардан, бўз қоялардан
Сурат яратади бир ҳайкалтарош,
Гўё нафас олар тирик бир инсон,
Яшайди юз минглаб асрга сирдош.
Бўронлар, тўфонлар ўтар бошидан,
Неча юз қиш, неча минг баҳор,
Парча ғишт қўзғалмас негиз тошидан,
Порлар манглайида ўлмас ифтихор.
Яшайди санъаткор, яшайди санъат —
Наслдан-наслларга беради салом.
Оҳ, она табиат, она табиат!
Энг буюк авлодинг инсондир мудом!
Миртемир таржимаси
ҒАЗАЛ
Ҳар боғу ҳар боғчанин ўз булбули шайдоси бор,
Ҳар тирик дилнинг,азизим, сирли бир савдоси бор.
Руҳи ўхшар,қалби ўхшар инжа бир жонон саси,
Гоҳ кулар, гоҳ йиғлагай, ҳар дамда бир маъноси бор.
Жон олар ҳар нағманинг маъноси ёлғиз ишқидир,
Кўз кўриб қўл тегмаган юлдузли бир дунёси бор.
Дарди ҳижрон кунларила умри ўтлардан кечар,
Ҳар кўнгул карвон эрур-ки,бир сувсиз саҳроси бор.
Шундай бир сўз борки,Вурғун энди бир Мажнун эрур,
Шеъру санъат деб аталмиш нозанда бир Лайлоси бор.
Хуршид Даврон таржимаси
ЎЙЛАР
Гоҳ-гоҳида овчи кўнглим тоғлардан ошиб,
Олис кетиб, узоқ-узоқ йўллар кезади.
Сокин ўтган куним билан у видолашиб,
Наъра тортиб, сурон солиб чўллар кезади.
Бир қушчанинг учишидан, билсангиз агар,
Нелар туяр бу шоирнинг сайёр юраги?
Инсоф билан айтилганда, бир жонли асар –
Яшил ўрмон, кўм-кўк дала, оҳу ҳуркаги…
Лочин учар уясидан шиддатли, тезкор,
Кўҳна тоғлар кифтин кўкка тираб туради.
Ким яшамас ўз қалбининг азмига ҳамкор,
Ким оламнинг ўсишига бефарқ юради?
Бу дунёнинг харитаси бир рангда эмас,
Азал бошдан ҳар сувратнинг ўз жилваси бор.
Кекса эман юз йил яшаб, чарчадим демас,
Йиқилса ҳам илдизи-ла қулар шиддаткор.
У ўлмайди, ўларми ҳеч оламда виқор?
Замон ўтар, ниҳол ўсар, битар қасрлар.
Бир қўлида ёз қуёши, бирида баҳор,
Қанча байрам қаршилайди бизнинг насллар.
Гоҳи очиб қучоғимни, бир шамолсимон,
Карвон бўлиб элдан-элга кўчгим келади.
Юрагимда бир дунёнинг кучи бегумон,
Денгизлардан, уммонлардан кечгим келади.
Қоя мисол тўлқинларнинг метин сафлари
Шиддат билан кўкрагимга сола бошлар чанг.
Енгармиди иродамни тўлқин дафлари,
Ким истамас қилишни, эҳ, пўртана-ла жанг?!
Гоҳи палла, сокин оққан ариқ ёнида,
Ўйга толиб, дардлашаман бу юрак билан.
Орзуларим мисли дарё оқар қонимда,
Кимнинг қалби урмас ахир минг тилак билан?!
Истардимки, олис йўлда сувга зор турган
Бир кимсанинг қаршисида булоқ бўлолсам;
Бир маслакли дўстларимнинг дунёда кўрган
Ташвишига, қувончига ўртоқ бўлолсам…
Истардимки, қанотини ёзганда ҳижрон
Қовуштирсам айри тушган дўст қўлларини.
Соғинишган севишганлар кўришган замон,
Шеърга солсам бу висолнинг шан йўлларини.
Бир чумчуқнинг уясини учирса шамол,
Тумшуғимда хас-чўп йиғиб ин қуриб берсам.
Чағаларга ҳадя этсам дуркунлик, камол
Ва учирма қилиш учун шохларга терсам…
Истардимки, дуч келганим у етим гўдак
Ота десин, ҳам яйрасин мени кўрганда.
Ким истамас йиқилганга бўлувни тиргак,
Ким қувонмас биров кўмак бериб турганда?..
Кўз олдимдан дунё ўтар варақма-варақ,
Мен орзулар оламига шўнғиб кетурман.
Зиёратгоҳ эшигида тургандек бу чоғ,
Милтиқ тутган аскар каби сукут этурман.
Гоҳо эса, Ер остида қўлимда чироқ,
Шахталарда чўкич уриб, маъдан қазурман.
Сочи оппоқ ҳакамларга айланиб мен гоҳ,
Ватанимнинг ёвларига ўлим ёзурман.
Бурғу қуриб, нефть чиқарган қаҳрамонларнинг
Болтасидек қояларни уриб ёргим бор.
Ер остига Ер устидан мард инсонларнинг
Олқишини, саломини ташиб боргим бор.
Соч ёйганда далаларга баҳор қуёши,
Ер юмшатиб, уруғ танлаб, сепсам дейман дон.
Қари ҳўкиз ҳолдан тойса, айланса боши,
Тортсам, дейман ўзим шунда омочни чаққон.
Шудгорларни ювиш учун отланганда сел,
Тўсиқ бўлиб, шиддатини кеса олсайдим;
Саратонда олов пуркаб ёнганида чўл,
Навбаҳорнинг насимидек эса олсайдим…
Истардимки, келажакка бўлиб бир ёдгор,
На шуҳратим, на ҳайкалим, на отим қолсин.
Курашларда зафар топган мард қаҳрамонлар
Сирасида асарларим, авлодим қолсин.
Дейдиларки, совир эмиш бир куни офтоб,
Ўйлагунча у заволни, етгунча у дам,
Бу дунёга неча минг йил келаркин шитоб,
Чўзсам эди кураш билан умрни мен ҳам.
Ўз қўлимда инжу мисол ипга тизардим
Ойларини, йилларини абадиятнинг.
Самовотда қуёш билан бирга кезардим,
Ер юзида бўлар эдим кўрки хилқатнинг.
Истардимки, қутлуғ кунлар чўлда, чаманда
Юракларга оҳанг солган най бўла олсам;
Мен ўзимни бу дунёда, дунёни менда
Идрок этиб, маъно тўла май бўла олсам…
Бир орзунинг мевасидир ҳар кичик асар,
Ўйланаман, тилга келур қалбимдан бир сас,
Дейди: шоир, жуда соз-ку бу ширин ўйлар,
Лекин Борлиқ бир юракка, афсуски, сиғмас.
ОЗАРБОЙЖОН
Кўп ошганман бу тоғлардан,
Турна кўзли булоқлардан,
Тинглаганман узоқлардан
Сокир Ораз ишвакорни,
Синаганман дўст-у ёрни.
Эл билади: сан манимсан,
Юртим, уйим, масканимсан,
Яъни Она Ватанимсан.
Айриларми кўнгилдан жон,
Озарбойжон.
Мен бир гўдак, сенсан она,
Сенга боғлиқ борим яна.
Қайси диёр, қай томона
Учсам ҳамки, ўйим сенсан,
Юртим, куним, уйим сенсан.
Агар кетсам сендан йироқ,
Бошга тушар аччиқ фироқ,
Ҳасратингда соч бўлур оқ.
Бўғар ойлар, йиллар мани,
Койимасин эллар мани.
Тоғларингнинг боши қордир,
Оқ булутлар кўрк, виқордир,
Буюк бир ўтмишинг бордир.
Саноқ етмас ёшинг сенинг,
Нелар кўрмиш бошинг сенинг.
Тушдинг бадбахт асрларга,
Оғир-оғир фаслларга.
Насллардан наслларга
Ўтган бир шуҳратинг бордир,
Ўғил қизинг бахтиёрдир.
Тикилганда қир-бўзларга,
Нурли, серзавқ кундузларга,
Қора холли оқ юзларга
Кўнгил шеърга тўлар тоза,
Ёшараман ёза-ёза.
Бир ёнингда баҳри Хазар,
Яшилбош суқсурлар сузар,
Хаёл қурғур зумда кезар
Гоҳ Элдорни, гоҳ Муҳонни,
Умр қисқа, манзил узоқ.
Туташ тоғлар, зап даралар,
Кўнгил ёзар манзаралар —
Жайрон қочар, улоқ нелар.
Кўпдир яйлов, боғинг сенинг,
Бийдай қир, ўтлоғинг сенинг.
Ўтиб тоғдан, боғ-бўстондан,
Астрадан, Ланкарондан,
Африкадан, Ҳиндистондан
Бизга меҳмон бўлар қушлар,
Ғамдан озод тунар қушлар.
Бу ерларда пишса лимон
Майишади шохи ҳар ён.
Тоғинда қор боқма қачон…
Хабарчидир гўё қишдан,
Метин қўрғон яралишдан.
Ланкароннинг гули хол-хол
Юртимнинг қизлари мисол.
Чойдан қуйгил, соҳибжамол…
Ётларга очмас дилини,
Онамнинг суқсур келини.
Бошоқ тугар — эртанги нон,
Пахтамиздир хирмон-хирмон,
Узум шира йиғиб чандон
Интиқ инсон йўлларига,
Куч бўлай, деб қўлларига.
Қозохда мин бедов отга,
У етказмас ҳатто ботга.
Чопсин қора терга бота…
Довонларнинг белига қалқ,
Кавказ тоғдан Кўккўлга боқ.
Эй, озод кун, озод инсон,
Баҳорни қуч, баҳорга қон.
Палосларни ёзгил чаққон
Кекса чинор кўлкасига,
Олқиш қуёш ўлкасига!
Кўнгил кезар Қорабоғда,
Гоҳ бу тоғда, гоҳ у тоғда.
Оқшом палла, эҳ, узокдан
Ҳаволанар Хоннинг саси,
Қорабоғнинг шикастаси.
Азиз Ватан, маънинг теран,
Гўзалларнинг бешигисан.
Бахши куйлар фахр билан:
Сен қуёшнинг куюғисан,
Шеър-у санъат ўчоғисан.
Ўлмас кўнгил, ўлмас асар
Низомийлар, Фузулийлар.
Қўлинг қалам, кўксинг дафтар,
Айтгил дилда нимангки бор,
Айтилган сўз бўлар ёдгор.
Энди бизнинг Бокуга боқ,
Соҳилида минг бир чироқ.
Бурғулари ҳайқироқ
Шовқин солиб бўз, чўлларга.
Нур улашар тоғ, қирларга.
Сарин шамол эсар бирдак,
Соҳилларда керар кўкрак
Бизнинг Боку — бизнинг юрак!
Hyp, ёғдуда қудрат, сўзи,
Саҳарларнинг ҳулкар кўзи!
Бир замонлар, азиз ватан,
Ол байроқли бир саҳардан
Илҳом олдинг, туғилдим ман.
Яшнар тупроқ, яйрар инсон,
Кекса шарқнинг қопқасисан!
Сенсан, Ватан ёруғ юзим,
Тингла маним юрак сўзим.
Қардошликда бахт юлдузинг.
Гуллай бергил дориламон
Озарбойжон, Озарбойжон.
Раззоқ АБДУРАШИД таржимаcи
Хуршид Даврон атоқли шоир Самад Вурғун қабри зиёратида
Ozarbayjon adabiyotining atoqli siymosi Samad Vurg’un nafaqat ona xalqi, shu bilan bab-barobar o’zbek xalqining ham sevimli shoiridir. U turkcha she’riyat xazinasini o’lmas satrlar bilan boyitgan ijodkor sifatida ardoqlidir.
SAMAD VURG’UN
SHE’RLAR
Ozarbayjon xalqining zabardast shoiri, dramaturgi va yirik jamoat arbobi Samad Yusuf o’g’li Vekilov (Vurg’un) 1906—1956) Ozarbayjonning Qazax rayoniga qarashli Salaxli qishlog’ida tug’ildi.O’qituvchilar seminariyasida tahsil olgach, bir necha yillar muallimlik qildi.Samad Vurg’un ijodi 1924 yilda she’r yozishdan boshlandi. U «Shoirning qasami», «Fonar`»,«Ko’ngil daftari», «She’rlar», «Tong qo’shig’i», singari o’nlab to’plamlarini nashr ettirdi.Lirik shoir sifatida ozarbayjon xalqini ulug’lovchi ajoyib she’rlar yozdi.Samad Vurg’un o’zining «Yigirma oltilar» (1935), «O’lim kursisi» (1934), «Kolxozchi xotin Basti haqida qissa». (1937), «Toliston» (1938), «Mug’an» (1949), «Zanjining orzulari» (1948), va shunga o’xshash turli-tuman mavzularda yaratgan dostonlari bilan ozarbayjon adabiyotida dostonchilik janrini rivojlantirdi.
Samad Vurg’unning Ulug’ Vatan urushidan so’nggi yillarda yaratgan asarlari orasida uning «Dunyo xaritasi» turkumiga kirgan siyosiy lirik she’rlari alohida ko’zga tashlanib turadi.
Samad Vurg’un iste’dodli dramaturg edi. Uning «Voqif» (1937), «Xanlar» (1939) va «Farhod va Shirin» (1942) p`esalari boshdan-oyoq she’r bilan yozilgan bo’lib, ozarbayjon dramaturgiyasida tarixiy mavzuda yaratilgan eng yaxshi asarlar hisoblanadi. Samad Vurg’un Ozarbayjon Fanlar akademiyasining haqiqiy a’zosi edi. U bir necha yil davomida Ozarbayjon yozuvchilar soyuzini boshqardi. Shoir o’zining «Voqif». «Farhod va Shirin» p`esalari uchun ikki marta Davlat mukofotiga sazovor bo’lgan. Samad Vurg’un 1956 yilda Bokuda vafot etdi.
* * *
Agar sendan tonar bo’lsam nasibim ohu zor o’lsin,
Bahorim qishga aylansin, chechaksiz bir diyor o’lsin.
Chamanzorim, bog’im-bog’cham to’kilsin, bori xor o’lsin,
Mazorim o’t olib yonsin, bu ishqim oshkor o’lsin.
Qo’y ey bulbul! Tin, ey dovul, ki xohish istirohatdir,
Bu yerlarda ilinjim yo’q, yupanchim bir sayohatdir.
O’lim, eyvoh, bu ne’matdir, bu bir shonli saodatdir,
Agar bevaqt o’lar ersam, raqibim baxtiyor o’lsin.
Falakdan intiqom istar jo’shib ruhimda bo’ronlar,
Na insofni, na vijdonni bilar, yo rab, bu insonlar.
Yoz, ey Vurg’un, yana jo’shsin bugun olamda to’fonlar,
Yiqilsin mehvari olam, u tubdan toru mor o’lsin!..
Razzoq ABDURASHID tarjimaci
ONA HAYKALI
Marmar obidalar, quyma haykallar
Bezakdir har ulug’, kichik shaharga.
Oh, xayolchan boshlar, ijodkor qo’llar!
Siz qanot bog’laysiz tushunchalarga…
O’ylab boq: toshlardan, bo’z qoyalardan
Surat yaratadi bir haykaltarosh,
Go’yo nafas olar tirik bir inson,
Yashaydi yuz minglab asrga sirdosh.
Bo’ronlar, to’fonlar o’tar boshidan,
Necha yuz qish, necha ming bahor,
Parcha g’isht qo’zg’almas negiz toshidan,
Porlar manglayida o’lmas iftixor.
Yashaydi san’atkor, yashaydi san’at —
Nasldan-nasllarga beradi salom.
Oh, ona tabiat, ona tabiat!
Eng buyuk avloding insondir mudom!
Mirtemir tarjimasi
G’AZAL
Har bog’u har bog’chanin o’z bulbuli shaydosi bor,
Har tirik dilning,azizim, sirli bir savdosi bor.
Ruhi o’xshar,qalbi o’xshar inja bir jonon sasi,
Goh kular, goh yig’lagay, har damda bir ma’nosi bor.
Jon olar har nag’maning ma’nosi yolg’iz ishqidir,
Ko’z ko’rib qo’l tegmagan yulduzli bir dunyosi bor.
Dardi hijron kunlarila umri o’tlardan kechar,
Har ko’ngul karvon erur-ki,bir suvsiz sahrosi bor.
Shunday bir so’z borki,Vurg’un endi bir Majnun erur,
She’ru san’at deb atalmish nozanda bir Laylosi bor.
Xurshid Davron tarjimasi
O’YLAR
Goh-gohida ovchi ko’nglim tog’lardan oshib,
Olis ketib, uzoq-uzoq yo’llar kezadi.
Sokin o’tgan kunim bilan u vidolashib,
Na’ra tortib, suron solib cho’llar kezadi.
Bir qushchaning uchishidan, bilsangiz agar,
Nelar tuyar bu shoirning sayyor yuragi?
Insof bilan aytilganda, bir jonli asar –
Yashil o’rmon, ko’m-ko’k dala, ohu hurkagi…
Lochin uchar uyasidan shiddatli, tezkor,
Ko’hna tog’lar kiftin ko’kka tirab turadi.
Kim yashamas o’z qalbining azmiga hamkor,
Kim olamning o’sishiga befarq yuradi?
Bu dunyoning xaritasi bir rangda emas,
Azal boshdan har suvratning o’z jilvasi bor.
Keksa eman yuz yil yashab, charchadim demas,
Yiqilsa ham ildizi-la qular shiddatkor.
U o’lmaydi, o’larmi hech olamda viqor?
Zamon o’tar, nihol o’sar, bitar qasrlar.
Bir qo’lida yoz quyoshi, birida bahor,
Qancha bayram qarshilaydi bizning nasllar.
Gohi ochib quchog’imni, bir shamolsimon,
Karvon bo’lib eldan-elga ko’chgim keladi.
Yuragimda bir dunyoning kuchi begumon,
Dengizlardan, ummonlardan kechgim keladi.
Qoya misol to’lqinlarning metin saflari
Shiddat bilan ko’kragimga sola boshlar chang.
Yengarmidi irodamni to’lqin daflari,
Kim istamas qilishni, eh, po’rtana-la jang?!
Gohi palla, sokin oqqan ariq yonida,
O’yga tolib, dardlashaman bu yurak bilan.
Orzularim misli daryo oqar qonimda,
Kimning qalbi urmas axir ming tilak bilan?!
Istardimki, olis yo’lda suvga zor turgan
Bir kimsaning qarshisida buloq bo’lolsam;
Bir maslakli do’stlarimning dunyoda ko’rgan
Tashvishiga, quvonchiga o’rtoq bo’lolsam…
Istardimki, qanotini yozganda hijron
Qovushtirsam ayri tushgan do’st qo’llarini.
Sog’inishgan sevishganlar ko’rishgan zamon,
She’rga solsam bu visolning shan yo’llarini.
Bir chumchuqning uyasini uchirsa shamol,
Tumshug’imda xas-cho’p yig’ib in qurib bersam.
Chag’alarga hadya etsam durkunlik, kamol
Va uchirma qilish uchun shoxlarga tersam…
Istardimki, duch kelganim u yetim go’dak
Ota desin, ham yayrasin meni ko’rganda.
Kim istamas yiqilganga bo’luvni tirgak,
Kim quvonmas birov ko’mak berib turganda?..
Ko’z oldimdan dunyo o’tar varaqma-varaq,
Men orzular olamiga sho’ng’ib keturman.
Ziyoratgoh eshigida turgandek bu chog’,
Miltiq tutgan askar kabi sukut eturman.
Goho esa, Yer ostida qo’limda chiroq,
Shaxtalarda cho’kich urib, ma’dan qazurman.
Sochi oppoq hakamlarga aylanib men goh,
Vatanimning yovlariga o’lim yozurman.
Burg’u qurib, neft` chiqargan qahramonlarning
Boltasidek qoyalarni urib yorgim bor.
Yer ostiga Yer ustidan mard insonlarning
Olqishini, salomini tashib borgim bor.
Soch yoyganda dalalarga bahor quyoshi,
Yer yumshatib, urug’ tanlab, sepsam deyman don.
Qari ho’kiz holdan toysa, aylansa boshi,
Tortsam, deyman o’zim shunda omochni chaqqon.
Shudgorlarni yuvish uchun otlanganda sel,
To’siq bo’lib, shiddatini kesa olsaydim;
Saratonda olov purkab yonganida cho’l,
Navbahorning nasimidek esa olsaydim…
Istardimki, kelajakka bo’lib bir yodgor,
Na shuhratim, na haykalim, na otim qolsin.
Kurashlarda zafar topgan mard qahramonlar
Sirasida asarlarim, avlodim qolsin.
Deydilarki, sovir emish bir kuni oftob,
O’ylaguncha u zavolni, yetguncha u dam,
Bu dunyoga necha ming yil kelarkin shitob,
Cho’zsam edi kurash bilan umrni men ham.
O’z qo’limda inju misol ipga tizardim
Oylarini, yillarini abadiyatning.
Samovotda quyosh bilan birga kezardim,
Yer yuzida bo’lar edim ko’rki xilqatning.
Istardimki, qutlug’ kunlar cho’lda, chamanda
Yuraklarga ohang solgan nay bo’la olsam;
Men o’zimni bu dunyoda, dunyoni menda
Idrok etib, ma’no to’la may bo’la olsam…
Bir orzuning mevasidir har kichik asar,
O’ylanaman, tilga kelur qalbimdan bir sas,
Deydi: shoir, juda soz-ku bu shirin o’ylar,
Lekin Borliq bir yurakka, afsuski, sig’mas.
OZАRBOYJON
Koʼp oshganman bu togʼlardan,
Turna koʼzli buloqlardan,
Tinglaganman uzoqlardan
Sokir Oraz ishvakorni,
Sinaganman doʼst-u yorni.
El biladi: san manimsan,
Yurtim, uyim, maskanimsan,
Yaʼni Ona Vatanimsan.
Аyrilarmi koʼngildan jon,
Ozarboyjon.
Men bir goʼdak, sensan ona,
Senga bogʼliq borim yana.
Qaysi diyor, qay tomona
Uchsam hamki, oʼyim sensan,
Yurtim, kunim, uyim sensan.
Аgar ketsam sendan yiroq,
Boshga tushar achchiq firoq,
Hasratingda soch boʼlur oq.
Boʼgʼar oylar, yillar mani,
Koyimasin ellar mani.
Togʼlaringning boshi qordir,
Oq bulutlar koʼrk, viqordir,
Buyuk bir oʼtmishing bordir.
Sanoq yetmas yoshing sening,
Nelar koʼrmish boshing sening.
Tushding badbaxt asrlarga,
Ogʼir-ogʼir fasllarga.
Nasllardan nasllarga
Oʼtgan bir shuhrating bordir,
Oʼgʼil qizing baxtiyordir.
Tikilganda qir-boʼzlarga,
Nurli, serzavq kunduzlarga,
Qora xolli oq yuzlarga
Koʼngil sheʼrga toʼlar toza,
Yosharaman yoza-yoza.
Bir yoningda bahri Xazar,
Yashilbosh suqsurlar suzar,
Xayol qurgʼur zumda kezar
Goh Eldorni, goh Muhonni,
Umr qisqa, manzil uzoq.
Tutash togʼlar, zap daralar,
Koʼngil yozar manzaralar —
Jayron qochar, uloq nelar.
Koʼpdir yaylov, bogʼing sening,
Biyday qir, oʼtlogʼing sening.
Oʼtib togʼdan, bogʼ-boʼstondan,
Аstradan, Lankarondan,
Аfrikadan, Hindistondan
Bizga mehmon boʼlar qushlar,
Gʼamdan ozod tunar qushlar.
Bu yerlarda pishsa limon
Mayishadi shoxi har yon.
Togʼinda qor boqma qachon…
Xabarchidir goʼyo qishdan,
Metin qoʼrgʼon yaralishdan.
Lankaronning guli xol-xol
Yurtimning qizlari misol.
Choydan quygil, sohibjamol…
Yotlarga ochmas dilini,
Onamning suqsur kelini.
Boshoq tugar — ertangi non,
Paxtamizdir xirmon-xirmon,
Uzum shira yigʼib chandon
Intiq inson yoʼllariga,
Kuch boʼlay, deb qoʼllariga.
Qozoxda min bedov otga,
U yetkazmas hatto botga.
Chopsin qora terga bota…
Dovonlarning beliga qalq,
Kavkaz togʼdan Koʼkkoʼlga boq.
Ey, ozod kun, ozod inson,
Bahorni quch, bahorga qon.
Paloslarni yozgil chaqqon
Keksa chinor koʼlkasiga,
Olqish quyosh oʼlkasiga!
Koʼngil kezar Qorabogʼda,
Goh bu togʼda, goh u togʼda.
Oqshom palla, eh, uzokdan
Havolanar Xonning sasi,
Qorabogʼning shikastasi.
Аziz Vatan, maʼning teran,
Goʼzallarning beshigisan.
Baxshi kuylar faxr bilan:
Sen quyoshning kuyugʼisan,
Sheʼr-u sanʼat oʼchogʼisan.
Oʼlmas koʼngil, oʼlmas asar
Nizomiylar, Fuzuliylar.
Qoʼling qalam, koʼksing daftar,
Аytgil dilda nimangki bor,
Аytilgan soʼz boʼlar yodgor.
Endi bizning Bokuga boq,
Sohilida ming bir chiroq.
Burgʼulari hayqiroq
Shovqin solib boʼz, choʼllarga.
Nur ulashar togʼ, qirlarga.
Sarin shamol esar birdak,
Sohillarda kerar koʼkrak
Bizning Boku — bizning yurak!
Hyp, yogʼduda qudrat, soʼzi,
Saharlarning hulkar koʼzi!
Bir zamonlar, aziz vatan,
Ol bayroqli bir sahardan
Ilhom olding, tugʼildim man.
Yashnar tuproq, yayrar inson,
Keksa sharqning qopqasisan!
Sensan, Vatan yorugʼ yuzim,
Tingla manim yurak soʼzim.
Qardoshlikda baxt yulduzing.
Gullay bergil dorilamon
Ozarboyjon, Ozarboyjon.
Razzoq ABDURASHID tarjimaci