Xuan Karlos Onetti. Sohil bo’ylab chopayotgan Esberg.

00071 июль — таниқли адиб Хуан Карлос Онетти таваллуд топган кун

80-йиллар. Собиқ СССРнинг бутун ҳудудида бўлгани каби Ўзбекистонда,хусусан Тошкентда Лотин Америкалик Хуан Рульфо,Мигель Анхель Астуриас, Хорхе Луис Борхес, Камило Хосе Села, Габриэль Гарсия Маркес, Хулио Кортасар, Карлос Фуэнтес, Марио Варгас Льоса, Эрнесто Сабато, Мигель Отеро Сильва, Хуан Карлос Онетти каби адибларнинг номи адабиёт аҳлининг,айниқса,ёшларнинг оғзидан тушмайди. Уларнинг китоблари қўлма-қўл ўқилади,ўқиш учун навбатда турилади. Чилонзордаги “хуфёна” китоб бозорига кун ора борилади,бу муаллифларнинг китоблари суриштирилади,баъзан омад чопca, ойлик иш ҳақининг чорагига тенг баҳода талашиб-тортишиб сотиб олинади.

Менинг бахтим чопиб,ўша йиллари  ёзувчиларнинг Кўктебел (Кўктепа)даги машҳур ижод уйига йўлланма билан бориб қолдим. Борган кунимоқ кутубхонага бориб мутолаа учун китоб танлашга тушдим.  Жуда бой кутубхонадан бор-йўғи иккита китоб танладим: биринчиси,Туркистоннинг Россия томонидан босиб олиниши ҳақида генерал Терентьевнинг уч жилдлиги бўлса,иккинчи машҳур уругвайлик адиб Хуан Карлос Онеттининг 1976 йилда нашр этилган “Хайрлашув” (Прощания. Повести и рассказы) китоби эди. Кейинчалик бу ижод уйига неча марта бормай,ҳар гал энг аввало Онеттининг китобини оладиган бўлдим. Ҳатто бир гал кутубхоначи хоним менинг номимга очилган китобхон дафтарчасини кўздан кечираркан, “ Бу китобни неча марта ўқиш мумкин?” деб ҳайрон қолиб сўрагани ҳам ёдимда. Аммо,мен бу китобни ҳар гал олсам-да ўқиб тўймасдим.
Хуан Карлос Онеттининг жаҳон адабиётидаги хизмати нафақат унинг асарларида ёрқин акс этган фаол гражданлик нуқтаи назарида,шу билан бирга адибнинг ўзига хос дунёқарашида,фақат унга хос ёзиш услуби ва у яратган қаҳрамонларининг ноёб сийратга эга эканида намоён бўлади.

Хуршид Даврон

Хуан Карлос Онетти
СОҲИЛ БЎЙЛАБ ЧОПАЁТГАН ЭСБЕРГ
Назар Эшонқул таржимаси

01

онеттиХуан Карлос Онетти – Лотин Америка адабиётининг йирик вакили, фақат йирик вакил эмас, бу қитъа дабиётига насрий-психологик услуб олиб кирган ва айнан шу услуби билан дунё адабиётида ўз ўрнига эга бўлган моҳир ёзувчи. Хуан Карлос Онетти асарлари оддий ва аксарият бахтсиз одамлар ҳақида. Аммо ана шу оддий одамлар қалби шундай усталик билан очиладики, сиз бу қаҳрамонлар кечинмаларидаги гўзал туйғуларнинг бетакрор жилоси ва ноласига гувоҳ бўласиз, уларнинг дарди-ғамига шерик бўласиз, энг муҳими, насрнинг ҳақиқий санъат эканини ҳис қилиб турасиз.
Хуан Карлос Онетти (исп. Juan Carlos Onetti, 1 июль 1909, Монтевидео – 30 май 1994, Мадрид) – уругвай ёзувчиси. 1930-1955 йилларда Буэнос-Айресда яшаган. Сўнг Монтевидеога қайтган. 1974 йили ҳибсга олинган, жаҳон ҳамжамиятининг аралашуви билан озод этилган. 1975 йили Испанияга кўчиб, умрининг охиригача шу ерда яшаган.
Уругвай адабий мукофоти лауреати (1962), «Мигель де Сервантес» мукофоти (1980) соҳиби. Шу йили Нобель мукофотига номзоди кўрсатилган. 1985 йили Уругвайнинг энг катта адабий мукофотини олган. Лекин ўз юртига боришни истамаган.«Тубсиз жар», «Номсиз бир қабр учун», «Қисқа ҳаёт», «Кемасозлик корхонаси» каби роман ва қиссалари машҳур.

01

Яхшиям, кечга томон кун исиб кетди, булутлар ортидан чиқай -чиқай деб турган қуёш нурлари бирдан кўчаларга ва уйларнинг устига таманно билан тўкила бошлади; ахир улар худди шу соатларда янги бандаргоҳ ва кемалар яқинидаги манзилда дайдиб юришган, нариги тўлқинтўсардан бу тўлқинтўсар бўйлаб ёки префектура қаршисидаги дўкончадан ҳар хил шринликлар дўкончаси томон сайр қилиб келишаётган бўларди. Оёғида пошнасиз бошмоқ, ясси шляпа остидан бир тутам сариқ сочлари кўриниб турган вазмин Кирстен афтода қиёфада бўларди. Паст бўйли юзлари изтиробдан оқариб кетган асабий Монтес эса гоҳ Кирстеннинг юзига бир пас маъно ўқмоқчидек тикилар, гоҳ ўзи ҳам билмаган ҳолда арқонларни қирғоққа улоқтираётган матросларга адоват билан тикилиб, кемаларнинг номини ўқир эди.

Унинг мўйловининг учини жаҳл билан тишлаганча, шаҳарнинг беташвиш ҳаётидан яна ҳам тўлишиб-йўғонлашган Кирстенни тўғри денгиз шовуллаб ётган, ўзини тутиб туриш ноқулай бўлган катта нам харсанг билан кеманинг қора тунукаси орасидаги кўм-кўк тор йўлакда дафъатан туртиб юбориш истагидан ўзини қандай сақлаб турганини мен ҳозир хаёлан тасаввур қилаяпман. Мен уларни ўша ерда эканлигини билардим; чунки туш пайти Кирстен Монтеснинг изидан идорага келганди ва уларнинг хиёбон томон йўл олишганини кўргандим; Кирстеннинг афт-ангори бугун ҳам худди ёмғир савалаб ташлагандек гезариб-қўпчиб турарди, унинг чеҳраси аёзда қолган ҳайкалнинг ёки ёмғир остида кўзларини юммасдан ухлаётган кишининг юзидек кўказак эди. Кирстеннинг юзини сепкил босган, ундан доимо ертўла ва балиқчилар тўрининг ҳиди анқирди: балки бу бутун вужудига сингиб кетган молхона ва қаймоқнинг исидир; буларнинг бари уни ҳамон ташлаб кетолмаётган олисдаги ватанининг ҳиди деб ўйлардим мен. Бошқа пайтлари улар портга кечаси ёки субҳидамда чиқишарди.

Сайр қилиб юришаркан,Монтес кемаларнинг қулоқни қоматга келтирадиган чинқириқлари орасида хотинининг эркакча бошмоғи тошйўлда қандай хазин товушда шипиллаётганини эшитиб қоларди, шунда шўрлик, номусдан ерга кириб кетгудай ёки қандайдир шафқатсиз бир куч ўзини тилка- пора қилиб тун қўйнига улоқтириб юборгандай бўларди. Бизнинг маҳаллий газеталарда шу ойда жўнаб кетадиган кемалар ҳақидаги эълонлар мунтазам босилиб туриларди ва мен қасам ичиб айтишим мумкинки, сирена чалиниб якорлар кўтарилди дегунча Монтес ҳамиша ўша ерда ҳозиру нозир эди, у токи , кема портдан кўринмай қолгунча, ҳайкалдай қотиб турарди: баъзида гўё ёмғир остида қолгану, у эса балчиқ юзига қалқиб чиқмаган пайтда анҳор тубида ўсадиган гул жуда гўзал кўрингани каби ҳали умидсизлик соя солишга улгурмаган деярли чиройли, катта-катта кўзларини юмишни ҳам унутиб ухлаб ётгандек ёки ўзини ўзи овутаётгандек қотиб қолган, кема изидан хаёлан Оврупага жўнаб кетаётган хотинининг этдор юзига, гарчи ҳеч қандай жавоб олмаса ҳам, савол ва илтижо билан тикилиб-тикилиб қўярди.

Мени шилиб кетишга ҳаракат қилган, шанба ва якшанба кунлари телефондан тушган фойдани мендан яшириб, ёлғиз ўзи ўйнаб, омадини синаб кўрмоқчи бўлган ва натижада тўлай олмас даражада ютқазиб қўйгач, Монтеснинг ўзи бош эгиб келиб ҳаммасини айтиб берган кунидан бери уларнинг қисматидан хаардор ва лекин ҳамон моҳиятига етолмас эдим. Унинг бу ножўя хатти-ҳаракатининг туб сабаби билан қизиққаним ҳам йўқ, бироқ у ҳаммасини айтиб бериш истагига тушган ва шу сабабли, айни дақиқада, омад ва дўстларга, ҳа, айнан уларга ҳамиша ҳайрихох бўлиши кераклиги ҳақида ўйлаган кўйи уни эшитишга жазм қилган эдим, асосан эса, унга зуғум қилмасликка тиришгандим, чунки охир оқибатда бу муттаҳам мени шилиб кетишга уринмаганда ҳам чўнтагимдан уч минг песо ҳавога учиб кетган бўларди.

Мен унинг пасткаш одам, қасамхўр дўст ва учига чиққан қип-қизил ўғри эканлигига ўзида ҳеч қандай шубҳа қолмагунча, ўзим биладиган жамики тахқирли сўзлар тугамагунча оғзимга сиққанича сўккан ва яна ҳатто унинг ўзи ҳам бунга қўшилишга, қачон ва қандай ҳолатда бўлмасин агар талаб қилсам, хоҳлаган кишининг олдида тасдиқлашга тайёр эканлигига ишонмагунимча ҳамда кўнглимдаги алам тарқамагунча уни хақорат қилган эдим. Алалхусус, худди шу душанбадан бошлаб, мен қандай фикр билдирмай тўғридан- тўғри ҳам эмас, ҳар қандай суҳбатда, ҳар қандай шароитда, ўртага қандай кинояли луқма ташламай — ҳар доим у ярамас, шу дақиқадаёқ менинг гапларимнинг мағзини чақиб олар, мўйловининг учларини пир-пир учирганча мени тушунганини ва менинг ҳақ эканлигимни билдириб, маҳрамона табассум қилиб қўядиган одат чиқарганди. Биз у билан бу ҳақда ҳеч қачон келишиб олмагандик, бироқ ҳозиргача шу ҳол давом этиб келарди. Мен унга бир оғиз ҳам гапирмай унинг учун уч минг песо тўлаб юборган ва токи унга ёрдам бериш керакми ёки қонун бўйича жазолашми деган бирон қарорга келгунимча кўзимдан нарида бўлиб туришни сўрагандим; сўнг уни чақириб олиб, орадаги гапни эсдан чиқарганимни, таклифни қабул қилишимни, ойига икки юз песога ишлаб бериши мумкинлигини, бироқ ўзига бир тийин ҳам бермаслигимни билдиргандим. Бир йил-бир ярим йилда у бўйнидаги қарздан қутулади, сўнг тўрт тамони ҳам қибла; менга деса дуч келган биринчи шохгаёқ ўзини оссин.

Албатта, у менинг қўл остимда ишлагани йўқ; пойгадаги ютуқларни кузатиб боришни унга юклаш хавфли бўлиб қолгач, Монтеснинг хизматидан энди фойдаланишим мумкин эмас эди. Аввалги битимимизга мувофиқ, уни ўз ишхонамда, фақат одамларни хотиржам қабул қилиш имконига эга бўлиш ва телефон орқали музокараларни етказиб туриш учунгина ушлаб тургандим; энди эса у идораси меникига қўшни бўлган, менинг баъзи ишлардаги шеригим Серрона қўлида ишлай бошлади. Серрона, албатта, унга мояна тўлар, тўғрироғи менга тўлар, уни эса, бири шаҳарнинг у чеккасида, бири бошқа бурчагида бўлган гоҳ божхонага, гоҳ омборхонага кун узоғи билан тиним бермай югуртиргани-югуртирган эди.

Мен хизматкорларимдан қайси биридир, худди отчопардаги кассанинг қулфсиз туйнугидек, ишончсиз ва бесубут киши сифатида ном қозонишини сира истамасдим, шу сабабли, бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмай қўя қолганди. Бу воқеаларнинг барини, ёки деярли бирини, у афтидан, юзи мурдадай кўкариб, совуқ тер томчиларидан пешонаси ва бурнининг қирралари хунук ялтираб, худди таланган итдай аянчли қиёфада менинг олдимга кириб келган ўша душанба куниёқ маълум қилиб бўлган эди. Қолган тафсилотларни эса у кейинчалик, бизнинг баъзи-баъзида бўлиб турадиган суҳбатларимизда айтиб берган бўлиши керак.

Гарчи шундай бўлишига ўзимиз ҳам унчалик ишонмасакда, салқин ва мусаффо ҳаво бизга омад ҳамда дўстларимиз билан бирга бўладиган ажойиб саргузаштлар, ғаройиб кўнгилхушликлар олиб келади деб, умид қилган бу йилги қиш – қуруқ совуқ билан тўсатдан бошланганди; кўчаларда ва уйларнинг мўриларида аёз жазава билан увиллаб юрарди: эҳтимол, ҳамма нарса айнан шундан бошлангандир. Аёзли оқшомларнинг бирида Монтес уйига қайтади ва хотинини тунука плита олдида тутаб ётган оловдан кўз узмай ўтирган ҳолатда учратади. Бу менга унчалик муҳим воқеа бўлиб туюлмаган бўлсада, у айнан шундай деб бир неча бор такрорлаган эди. Кирстен маҳзуна қиёфада бўлган, бироқ нечун кўз ёш қилганининг сабабини айтишни хоҳламаган, бутун тун ва яна бутун ҳафта давомида шу ҳолатда юраверган.

Кирстен – тўла, дуркун ва албатта бадани ҳам момиқдек эди. У бошига мусибат тушган ва беҳад кўп ситам чеккан кишидек чурқ этмай юраверган ва ўзича нима бўлганини ҳам Монтесга айтмаган. У ер шарининг барча мамлакатларидаги барча аёллари каби “йўқ, менга ҳеч нарса бўлгани йўқ” деб жавоб бераверган. Сўнг у Даниядан келтирилган — қироллар, министрлар, сигирлар, тепаликлар ва бошқа ҳар хил манзаралар тасвирланган суратларни бутун уйга илиб ташлаган. Шунда ҳам у аввалгидай, ҳеч қандай ғайритабиий нарса юз бермаганини таъкидлайверган, бу тўнка Монтес эса, гоҳ у нарсадан, гоҳ бу нарсадан гумон қилаверган, бироқ узоқ вақтгача хотинининг нима учун ғамгин эканлигини аниқлай олмаган.

Сўнг Даниядан хатлар кела бошлаган; Монтес эса, биронта сўзига ҳам тушунмаган, ниҳоят Кирстеннинг ўзи қайсидир узоқ қариндошига хат ёзганини ва энди ундан жавоб олаётганини, бироқ келаётган хабарлар унчалик қувонарли эмаслигини Монтесга тушунтирган. Шунда Монтес ҳазиллашгандек, мабода у ёққа кетгинг келмаяптими, деб сўраган, Кирстен қатъий қилиб, йўқ, деб жавоб берган худди шу кечадан ёки кейинги кечалардан бошлаб Монтес уйқусизлик балосига йўлиққан.

Кирстен унинг елкаларидан силкиганча ҳеч қаёққа кетмаслигини қатьият билан такрорлайверган, у асабий ҳолда сигарета тутатганича бу воқеани ўқилиши оғир китобни ўқиётгандай қилиб айтиб берганди. Олис Дания ҳақидаги хочнинг сурати бор байроғи ва ўрмон орқали черковга олиб борадиган йўл ҳақидаги ҳикояларини бош қимирлатиб, маъқуллаганча тинглаб ўтираверган. Шунча гаплардан кейингина — Кирстеннинг Америкада ўзи билан қанчалик бахтли эканлигини тушунгачгина Монтес хотиржам уйқуга кетган.

Бир мунча вақт хат келиб кетиб турган ва бир куни кечқурун ўринга ётишганда, Кирстен чироқни ўчириб, туйқусдан; «Агар сен гапимни бўлмасанг, сенга бир нарса айтиб бераман, фақат бир оғиз ҳам гапирмай эшит»,- деган. У «Албатта-албатта»,-деб ғўнғиллаган; Монтес довдираб қолиб, кулдонни чойшабнинг қатига тўкиб юборган ва ҳамма нарсага тайёр қиёфада, хотинининг ёнига чўзилган.

Бироқ хотини у кутгандек бошқа эркак ҳақида ҳатто эсламаган ҳам, худди хозиргина йиғлашдан тўхтагандек, паст, хириллоқ товушда, улар велосепидларини ташқарида қаровсиз қолдириши, черковга ёки бошқа бирон ёққа жўнашганда эшикларни очиқ ҳолда ташлаб кетиши, чунки Данияда биронта ҳам ўғри йўқлиги, у ердаги дарахтлар бошқа мамлакатларникига қараганда баландроқ ўсиши ҳамда, кўпроқ яшаши, ва ҳар бир дарахтнинг ўзига хос ҳиди бўлиши ҳақида, ҳатто ўрмонда бошқа дарахтларнинг ҳидларии билан аралашиб кетган тақдирда ҳам қандай ҳид қайси дарахтнинг ҳиди эканини бемалол ажратиш мумкинлиги тўғрисида, одамларни тонгда денгиз қушларининг сайроғи уйғотиши, узоқлардан эса овчиларнинг милтиқ товушлари келиб туриши, баҳор ҳам бу ерларда қорнинг остида узоқ яшириниб ётиб, сўнг худди тоғдан келаётган сел каби, бирдан бостириб келиши ва ҳамма нарсани ўзига маҳлиё қилиб қўйиши, шунда одамлар фақат чувоқли кунлар ҳақидагина гаплаша бошлаши тўғрисида ҳикоя қилиб берган. Данияга, балиқчилар посёлкасига баҳор, худди семиз ғозга ўхшаб лапанглаб кириб келади деган.

Ва Кирстен «Esbirges, xrised kysten*» деб такрорлаган, гарчи, нима дейилганига тушунмаса ҳам худди мана шу сўз Монтесни, айниқса, ҳаяжонга солган: у менга хотинининг товушида ибодат пайтидагидек, муқаддас бир эҳтиромни англаб, йиғлаб юборишига оз қолгани тўғрисида гапириб берган эди. Кирстен бу сўзни қайта ва қайта такрорлаган.

Бу сирли сўзлар Монтесни маҳлиё қилиб қўйган ва унда хотинига нисбатан ўзининг имкониятига қараганда йирикроқ ва кучлироқ ачиниш ҳиссини уйғотган; у хотинини, ғирт етим қизни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишни, далда ва таскин беришни истаган: ҳамма бало шунда эдики, бу ўзга тилдаги хитоб Кирстен ҳаётининг ўзига мутлақо номаълум қисмидан эшитилгандек бўлгани учун ҳам уни ўзига ром қилиб қўйган.

Мана шу тундан бошлаб унинг қалбида ғайритабиий мурувват туйғуси пайдо бўлган; худди Кирстен оғир касалдан кундан-кун ҳолдан тойяётгандай, тузалиб кетишига ҳеч қандай умид йўқдай бу шафқат соат сайин улғайиб борган. Ҳаётининг маълум қисмини ўз измига бўйсундирадиган, ўзининг ҳам кўнглини чоғ, тилини узун қиладиган, узоқ йиллар кўнглини юпатиб юрадиган катта бир жасорат кўрсатиш керак деган фикрга келган. У Кирстеннинг Данияга жўнаб кетиши учун пул тўплашга киришган.

У маълумотномаларни, бу ишга тўла қарор қилмай ва бунинг учун икки минг песо зарурлигини билмай турибоқ, тўғрилай бошлаган. Аммо қаердан олиши мумкинлигини ҳам ўйламай икки минг песо топиш эҳтиёжи унга ҳеч ором бермай қўйган. Афтидан, шундай бўлган, аммо ўзига нима бўлганини ўзи ҳам тушунмаган. Икки минг песо топиб, бу ҳақда Кирстенга серфайз шанба оқшомларининг бирида, қимматбаҳо ресторанда олий навли винонинг сўнгги қадаҳини кўтара туриб айтмоқчи бўлган! Буни айтар экан, у хотинининг юзи хуштаъм таомдан ва ўткир винодан билинар-билинмас қизариб турганини кўради, аввалига Кирстен унга ишонмайди; шунчаки тўқиб-бичаяпти деб ўйлайди, сўнг аста-секин уни ҳам завқ ва ҳаяжон эгаллайди, кўзларидан миннатдор ёшлари сим-сим тўкилади ва ниҳоят у Монтеснинг совғасини олишдан бош тортади. «Менга парво қилма, ҳаммаси ўтиб кетади,»-дейди у, Монтес эса токи хотини ўз совғасини қабул қилмагунча қатьият билан таклиф қилаверади ва яна у Кирстен билан бир умр ажрашмоқчи эмаслигига, токи қайтиб келгунча, уни шу ерда садоқат ила маҳтал бўлиб кутиб туришига ишонтиради.

Бошқа бир кечаси уйқуси учиб у икки минг песо топишнинг ҳар хил йўлларини ўйлар экан, Скопелленнинг хилват бурчагида ўтадиган бўлажак шанба оқшомини хаёлан тасаввур қилган; у ўзини жиддий тутиб, кўзларида суҳбатни сирли табассум билан бошлайди, йўқ, аввал, хотинидан қайси куни узоқ сафарга чиқса хосиятли бўлишини сўрайди; Кирстендан олдинроқ ухлаб қолган бошқа бир кечаси эса унинг тушига хотинининг туши киради ва тушида ҳам Кирстен унга Дания ҳақида ҳикоя қилиб беради. Аслида, бу Дания эмас эди; бу — Кирстен туғилган, дастлаб она тилида чулдирашни ўрганган, илк бор эркак билан рақсга тушган, барча яқинларидан кўз ўнгида бирин-кетин ажралган олис мамлакатнинг бир парчаси, улкан ер шарининг бир ҳовучи эди. Азиз ва қадрдон нарсасини йўқотиб қўйиб, сўнг бир умр унитиши мумкин бўлмагандек, бу Кирстен абадий йўқотган муқаддас жойлар эди. Хотини Дания тўғрисида бошқа воқеаларни ҳам гапириб берар, лекин асосан ўша биттасини кўп такрорларди ва Монтес хотинини қачонлардир юрган ям-яшил йўлларни, баланд-баланд дарахтларни, бағри кенг, шафоатли одамларни, турли уй ҳайвонларини яққол кўриб тургандай бўларди.

Лўппигина Кирстен ўзи билмаган ҳолда уни деворга сиқиб қўйиб, елкасига бошини қўйганча, пичирлаб, ҳикоя қилаверган; тинглаётган кишини бироз зериктирадиган, гўё олис йиллар қаъридан эшитилаётгандек вужудининг тўридан отилиб чиқаётган мунгли товуш билан энг зарур сўзларни чертиб-чертиб гапирар экан, Монтес хотинининг бурун учлари қандай шалпайиб қолганини, кўзлари ингичка ажинлар ҳосил қилиб, қандай қисилаётганини, серэт энгагининг қандай титраётганини аниқ ҳис қилиб турган.

Шунда Монтес беихтиёр, банкдан олинадиган қарз ёки биронта судхўр ҳақида ва ҳатто пулни унга мен бериб туришим мумкинлиги тўғрисида ҳам ўйлаган. Шанба ёки якшанбада менинг идорамда Хасинто билан бирга Палерма ёки Ла-Платадан телефон орқали келаётган хабарларни қабул қилиб ўтирар экан, у Кирстеннинг сафари ҳақида яна хаёлга берилган. Кунлар ланжлик билан ўтаётган эди, фойда минг песога зўрға етарди, баъзан эса қандайдир ўпкаси катта қиморбоз пайдо бўлиб қолар, шунда даромад беш мингдан, баъзан ундан ҳам ошиб тушарди.

Монтес менга пойганинг ҳар бир айланиб келиши олдидан ўйиннинг бориши тўғрисида телефон орқали ахборот бериб туриши шарт эди: агар ўйин қандайдир хавфли тус олса — баъзан шундай бўлиб турарди — мен Велес, Мартина ёки Васкодаги етакчи ўйинлар ҳисобига сирғалиб чиқишга ҳаракат қилардим. Худди мана шу дақиқаларда Монтеснинг хаёлига менга билдирмасдан уч-тўрт йирик ҳисобдаги ўйинларни яшириб, минглаб патталарни ўз ҳисобига ўтказиб, агар журъати етишса, ё хотинининг саёҳати учун, ёки пешонага тегадиган ўқ учун ўйнаб кўрсамчи деган шум фикр келиб қолган.

Агар у ўзида жасорат топа олса, бу ишни қилмоқчи бўлган: ахир Хасинто ҳар бир қўнғироқда қанча патта ўйналганини қаердан билиб ўтирибди? Монтес менга бу ҳақда бир ой ўйлаб юрганини гапириб берганди. Менимча, у рост гапирган эди, афтидан, бунга ўхшаш кимсалар ўғирлик қилишдан олдин узоқ иккиланадилар, азоб чекадилар, ўйлайвериб, ўзларини адои-тамом қиладилар, ҳар бир телефон қўнғироғи олдидан жиққа терга ботганча асаблари қалтираб турадилар.

Агар у алдаётган бўлса, мен буд-шудимни тикиб, ҳеч иккиланмай қасам ичишим мумкин: агар у бу ишга ўз-ўзидан, кутилмаганда киришган бўлса, агар ўз кучи ва қудратига ишониб, тўсатдан қарор қилган ва кейинчалик «Мен айтган эдим-ку, ўшандай кунда ҳам жуда оз патта сотилганди,» деб шубҳа билдирган, бироқ ўша пайтда ҳеч нарсани сезмай қолган, ҳайвондан ҳам баттар Хасинтонинг кўз олдида мени хотиржамгина шилиб кетишга ҳаракат қилган бўлса, жонимни ўртага қўйиб қасам ичишим мумкин. Мен ишонч билан айтишим мумкинки, ҳозир ютуши мумкинлигини ҳис қилиб, унинг юраги қинидан чиқиб кетгудай бўлиб ура бошлаган; бироқ у жўжани кузда санаб қўйган эди.

Шундай қилиб, у уч минг песога етадиган ўйинни бошлаб юборган ва тўсатдан бу ўйинда ютиб чиқишга ишонмай қўйган, баданидан чим-чим тер оқа бошлаган, ўз ҳисобини қайта-қайта текшириб кўрган ва одамдан кўра кўпроқ ипак кўйлак кийган маймунга ўхшайдиган Хасинтога шубҳа аралаш тикилиб-тикилиб турган; оқшом пайти машиналар билан лиққа тўладиган кўчани деразадан кузатганча, оёғи куйган товуқдай идорада тимирскиланиб юрган. У ютқиза бошлаганини, бошқалар ютуғи ҳар қўнғироқда юз песодан ошиб бораётганини англаган пайтда, мана шундай ҳолатда бўлган: уни жиққа тер — ниҳоят ўзида идорага қайтишга куч топиб, менга ҳаммасини айтиб беришга аҳд қилган ўша душанба куни ҳам баданида ҳиди сақланиб қолган қўрқувнинг совуқ ва бадбўй қора тер бутун вужудини қоплаб олганди.

Кирстенга бу нарсаларни у ҳали мени шилиб кетмасидан олдинроқ айтган; у хотинига яқин кунларда ўзлари учун жуда муҳим, жуда ажойиб нимадир содир бўлади — мен сенга атаб, ҳатто тушингга ҳам кирмаган ғаройиб совға тайёрлаяпман, фақат у қўл билан ушласа бўладиган шунчаки оддий буюм эмас, деган. Шунинг учун ҳам ҳаммаси бой берилгандан сўнг, у хотинига ҳалокат ҳақида гапириб бериш жуда ҳам зарурлигини ҳис этган: бироқ у буни Скопеллининг хилват бурчагида, ўткир хориж ароғи тўла қадаҳни кўтара туриб эмас, ўзларининг емакхонасида, қашшоқ дастурхон устида айтишга мажбур бўлган: у металл найча орқали хўриллатиб мате сўаверган, Кирстен эса, унга ён томони билан ўгирилиб, юзида қизғиш шуълалар ўйноқлаганча, темир плитадаги олов қандай милтиллаётганини кузатиб ўтираверган. Улар қанчалик оби-дийда қилганларидан хабарим йўқ: эртасига Монтес менга қарзини ўзининг маоши билан узиши мумкинлигини айтди: Кирстен эса ўзига иш топишга мажбур бўлди.

Воқеанинг кейинги қисми орадан бир оз вақт ўтгач, ишига ҳеч бир алоқаси бўлмаган пайтларда ҳам Кирстен уйдан индамай чиқиб кетишни одат қилгандан сўнг бошланган; агар улар бирон жойда учрашишни келишсалар, Кирстен ҳамиша кечикиб келган, баъзан эса ярим кечаси ўрнидан туриб; кийиниб, бирон оғиз ҳам гапирмай, қаёққадир жўнаб қолган. Унга бирон нима дейишга, умуман, у билан гаплашиб олишга масалани очиқ-ойдин кўндаланг қўйишга Монтесда журъат етишмаган; чунки улар фақат Кирстеннинг моянаси ҳисобигагина кун кечиришарди, Монтеснинг Серрона кўлидаги иши учун баъзида мен қўйиб берадиган бир стакан винодан бошқа сариқ чақа ҳам тўлашмас эди.

Шундай қилиб, Монтес ўзининг ахмоқона феъл-атвори билан, ҳа, асосан, ахмоқона феъл-атвори билан, устига устак мени шилиб кетмоқчи бўлган кундан буён сақланиб қолган ва афтидан, уни энди бир умр тарк этмайдиган жиззаки кайфияти билан хотинига зуғум қилмаслик учун тилини тишлашга мажбур бўлган. Шубҳа Монтесни тириклай комига тортаверган, у токи бир куни Кирстеннинг изидан хуфёна кузатиб бормагунча, унинг тош йўлни вазмин қадам товушлари билан тўлдириб, портга қараб кетаётганини ва у ерда хотинининг кузатувчилар билан бирга ва шунингдек, улардан алоҳида, жўнаб кетаётган кемалар изидан термулганча, худди бандаргоҳга занжирлангандай қотиб турганини кўрмагунча, турли хил мудҳиш гумонларга бораверган.

Кирстеннинг Дания ҳақидаги тунги ҳикоясидек бу ерда ҳам ҳеч қандай бегона эркак бўлмаган. Бу марта Монтес хотини билан гаплашиб олишга журъат этган ва Кирстен ҳаммасини унга очиқ сўзлаб берган; Монтес яна бир нарсани — менимча, унчалик аҳамияти йўқ нарсани — яъни Кирстен унга бу нарсаларни на ғусса, на ғазаб , на хижолат билан эмас, одатдаги оҳангда гапириб берганини менга алоҳида таъкидлаганди, гўё унга ишонмаётгандай, қайта -қайта такрорлаганди.

Кирстен унга Овропага жўнаб кетаётган кемани кузатиб қолиш учун, вақт қай маҳал бўлмасин, барибир, портга келиб турганини айтиб берган. Монтес унинг бу хатти-ҳаракатидан қўрқиб кетган ва охири кўнгилсизлик билан тугаши мумкин бўлган бу одатга қарши курашишга қарор қилган: бу ерга келиб туриши — уйда ўтирганидан кўра минг карра баттарроқ эканлигига хотинини ишонтирмоқчи бўлган; бироқ Кирстен ўзини ҳамишагидек жиддий тутиб қатъият билан бу ерда кўнгли бир оз бўлса ҳам юпанишини, шунинг учун портга, албатта, яна келишини, жўнаб кетаётган кемаларни қўл силкиб, токи, кўзлари оғриб қолгунча изидан термулиб ёки шунчаки кузатиб қолишини, буни хоҳлаган ва иложини топган ҳар қандай вазиятда қилаверишини айтган.

Ва охир-оқибатда, Монтес Кирстенни доимо бандаргоҳга кузатиб боришга қарор қилган; худди менинг олдимда ўз қарзини ўтаётгандек, шу йўл билан, хотинининг олдида ҳам ўз бурчини ўтамоқчи бўлган.

Мана энди, ҳар шанба оқшоми кечасими, ёки туш пайтими, ҳаво очиқми ёки Кирстеннинг гезариб кетган юзидай сербулутлими, ёмғирлими, барибир, улар портга қараб йўл олишарди ва кема жўнагунга қадар турли шаклдаги жамодонлар кўтарган, иссиқ пальтолар кийган, қўлларида гул ва кўз ёшларидан нам бўлган рўмолчалар тутган одамлар орасида бир кўриниб, бир кўринмай, хиёбон ичида сайр қилиб юришарди; юракни орзиқтирадиган сирена қийқириғидан сўнг, кема секин жўнаб кета бошларди; токи тинкалари қуриб, ҳолдан тойиб қолгунларича улар қимирлашга ҳам қўрқиб, тошдек қотиб туришар ва ҳар бири ўз-ўзича чуқур ва сирли хаёлларга ғарқ бўлган куйи, айни дақиқада, ўзлари ҳам билмаган ҳолда, иккаласи ҳам бир пайтда, қалбларини аллақачон ўзиники қилиб улгурган ва энди бир умр уларни ўз чангалида олиб юрадиган ватан соғинчи ва ёлғизликнинг бешафқат панжалари ҳақида ўйлашиб, бир-бирининг елкаларидан маҳкам қучганча кетаётган кема изидан жимгина қараб туришарди.

* “Соҳил бўйлаб чопаётган Эсберг” деган маънони беради. (Дания тилида)

ХДК

Xuan Karlos Onetti
SOHIL BO’YLAB CHOPAYOTGAN ESBERG
Nazar Eshonqul tarjimasi

01

onettiXuan Karlos Onetti – Lotin Amerika adabiyotining yirik vakili, faqat yirik vakil emas, bu qit’a dabiyotiga nasriy-psixologik uslub olib kirgan va aynan shu uslubi bilan dunyo adabiyotida o’z o’rniga ega bo’lgan mohir yozuvchi. Xuan Karlos Onetti asarlari oddiy va aksariyat baxtsiz odamlar haqida. Ammo ana shu oddiy odamlar qalbi shunday ustalik bilan ochiladiki, siz bu qahramonlar kechinmalaridagi go’zal tuyg’ularning betakror jilosi va nolasiga guvoh bo’lasiz, ularning dardi-g’amiga sherik bo’lasiz, eng muhimi, nasrning haqiqiy san’at ekanini his qilib turasiz.

Xuan Karlos Onetti (isp. Juan Carlos Onetti, 1 iyul` 1909, Montevideo – 30 may 1994, Madrid) – urugvay yozuvchisi. 1930-1955 yillarda Buenos-Ayresda yashagan. So’ng Montevideoga qaytgan. 1974 yili hibsga olingan, jahon hamjamiyatining aralashuvi bilan ozod etilgan. 1975 yili Ispaniyaga ko’chib, umrining oxirigacha shu yerda yashagan. Urugvay adabiy mukofoti laureati (1962), «Migel` de Servantes» mukofoti (1980) sohibi. Shu yili Nobel` mukofotiga nomzodi ko’rsatilgan. 1985 yili Urugvayning eng katta adabiy mukofotini olgan. Lekin o’z yurtiga borishni istamagan.«Tubsiz jar», «Nomsiz bir qabr uchun», «Qisqa hayot», «Kemasozlik korxonasi» kabi roman va qissalari mashhur.

01

Yaxshiyam, kechga tomon kun isib ketdi, bulutlar ortidan chiqay -chiqay deb turgan quyosh nurlari birdan ko‘chalarga va uylarning ustiga tamanno bilan to‘kila boshladi; axir ular xuddi shu soatlarda yangi bandargoh va kemalar yaqinidagi manzilda daydib yurishgan, narigi to‘lqinto‘sardan bu to‘lqinto‘sar bo‘ylab yoki prefektura qarshisidagi do‘konchadan har xil shrinliklar do‘konchasi tomon sayr qilib kelishayotgan bo‘lardi. Oyog‘ida poshnasiz boshmoq, yassi shlyapa ostidan bir tutam sariq sochlari ko‘rinib turgan vazmin Kirsten aftoda qiyofada bo‘lardi. Past bo‘yli yuzlari iztirobdan oqarib ketgan asabiy Montes esa goh Kirstenning yuziga bir pas ma’no o‘qmoqchidek tikilar, goh o‘zi ham bilmagan holda arqonlarni qirg‘oqqa uloqtirayotgan matroslarga adovat bilan tikilib, kemalarning nomini o‘qir edi.
Uning mo‘ylovining uchini jahl bilan tishlagancha, shaharning betashvish hayotidan yana ham to‘lishib-yo‘g‘onlashgan Kirstenni to‘g‘ri dengiz shovullab yotgan, o‘zini tutib turish noqulay bo‘lgan katta nam xarsang bilan kemaning qora tunukasi orasidagi ko‘m-ko‘k tor yo‘lakda daf’atan turtib yuborish istagidan o‘zini qanday saqlab turganini men hozir xayolan tasavvur qilayapman. Men ularni o‘sha yerda ekanligini bilardim; chunki tush payti Kirsten Montesning izidan idoraga kelgandi va ularning xiyobon tomon yo‘l olishganini ko‘rgandim; Kirstenning aft-angori bugun ham xuddi yomg‘ir savalab tashlagandek gezarib-qo‘pchib turardi, uning chehrasi ayozda qolgan haykalning yoki yomg‘ir ostida ko‘zlarini yummasdan uxlayotgan kishining yuzidek ko‘kazak edi. Kirstenning yuzini sepkil bosgan, undan doimo yerto‘la va baliqchilar to‘rining hidi anqirdi: balki bu butun vujudiga singib ketgan molxona va qaymoqning isidir; bularning bari uni hamon tashlab ketolmayotgan olisdagi vatanining hidi deb o‘ylardim men. Boshqa paytlari ular portga kechasi yoki subhidamda chiqishardi. Sayr qilib yurisharkan,
Montes kemalarning quloqni qomatga keltiradigan chinqiriqlari orasida xotinining erkakcha boshmog‘i toshyo‘lda qanday xazin tovushda shipillayotganini eshitib qolardi, shunda sho‘rlik, nomusdan yerga kirib ketguday yoki qandaydir shafqatsiz bir kuch o‘zini tilka- pora qilib tun qo‘yniga uloqtirib yuborganday bo‘lardi. Bizning mahalliy gazetalarda shu oyda jo‘nab ketadigan kemalar haqidagi e’lonlar muntazam bosilib turilardi va men qasam ichib aytishim mumkinki, sirena chalinib yakorlar ko‘tarildi deguncha Montes hamisha o‘sha yerda hoziru nozir edi, u toki , kema portdan ko‘rinmay qolguncha, haykalday qotib turardi: ba’zida go‘yo yomg‘ir ostida qolganu, u esa balchiq yuziga qalqib chiqmagan paytda anhor tubida o‘sadigan gul juda go‘zal ko‘ringani kabi hali umidsizlik soya solishga ulgurmagan deyarli chiroyli, katta-katta ko‘zlarini yumishni ham unutib uxlab yotgandek yoki o‘zini o‘zi ovutayotgandek qotib qolgan, kema izidan xayolan Ovrupaga jo‘nab ketayotgan xotinining etdor yuziga, garchi hech qanday javob olmasa ham, savol va iltijo bilan tikilib-tikilib qo‘yardi.
Meni shilib ketishga harakat qilgan, shanba va yakshanba kunlari telefondan tushgan foydani mendan yashirib, yolg‘iz o‘zi o‘ynab, omadini sinab ko‘rmoqchi bo‘lgan va natijada to‘lay olmas darajada yutqazib qo‘ygach, Montesning o‘zi bosh egib kelib hammasini aytib bergan kunidan beri ularning qismatidan xaardor va lekin hamon mohiyatiga yetolmas edim. Uning bu nojo‘ya xatti-harakatining tub sababi bilan qiziqqanim ham yo‘q, biroq u hammasini aytib berish istagiga tushgan va shu sababli, ayni daqiqada, omad va do‘stlarga, ha, aynan ularga hamisha hayrixox bo‘lishi kerakligi haqida o‘ylagan ko‘yi uni eshitishga jazm qilgan edim, asosan esa, unga zug‘um qilmaslikka tirishgandim, chunki oxir oqibatda bu muttaham meni shilib ketishga urinmaganda ham cho‘ntagimdan uch ming peso havoga uchib ketgan bo‘lardi. Men uning pastkash odam, qasamxo‘r do‘st va uchiga chiqqan qip-qizil o‘g‘ri ekanligiga o‘zida hech qanday shubha qolmaguncha, o‘zim biladigan jamiki taxqirli so‘zlar tugamaguncha og‘zimga siqqanicha so‘kkan va yana hatto uning o‘zi ham bunga qo‘shilishga, qachon va qanday holatda bo‘lmasin agar talab qilsam, xohlagan kishining oldida tasdiqlashga tayyor ekanligiga ishonmagunimcha hamda ko‘nglimdagi alam tarqamaguncha uni xaqorat qilgan edim. Alalxusus, xuddi shu dushanbadan boshlab, men qanday fikr bildirmay to‘g‘ridan- to‘g‘ri ham emas, har qanday suhbatda, har qanday sharoitda, o‘rtaga qanday kinoyali luqma tashlamay — har doim u yaramas, shu daqiqadayoq mening gaplarimning mag‘zini chaqib olar, mo‘ylovining uchlarini pir-pir uchirgancha meni tushunganini va mening haq ekanligimni bildirib, mahramona tabassum qilib qo‘yadigan odat chiqargandi. Biz u bilan bu haqda hech qachon kelishib olmagandik, biroq hozirgacha shu hol davom etib kelardi. Men unga bir og‘iz ham gapirmay uning uchun uch ming peso to‘lab yuborgan va toki unga yordam berish kerakmi yoki qonun bo‘yicha jazolashmi degan biron qarorga kelgunimcha ko‘zimdan narida bo‘lib turishni so‘ragandim; so‘ng uni chaqirib olib, oradagi gapni esdan chiqarganimni, taklifni qabul qilishimni, oyiga ikki yuz pesoga ishlab berishi mumkinligini, biroq o‘ziga bir tiyin ham bermasligimni bildirgandim. Bir yil-bir yarim yilda u bo‘ynidagi qarzdan qutuladi, so‘ng to‘rt tamoni ham qibla; menga desa duch kelgan birinchi shoxgayoq o‘zini ossin. Albatta, u mening qo‘l ostimda ishlagani yo‘q; poygadagi yutuqlarni kuzatib borishni unga yuklash xavfli bo‘lib qolgach, Montesning xizmatidan endi foydalanishim mumkin emas edi. Avvalgi bitimimizga muvofiq, uni o‘z ishxonamda, faqat odamlarni xotirjam qabul qilish imkoniga ega bo‘lish va telefon orqali muzokaralarni yetkazib turish uchungina ushlab turgandim; endi esa u idorasi menikiga qo‘shni bo‘lgan, mening ba’zi ishlardagi sherigim Serrona qo‘lida ishlay boshladi. Serrona, albatta, unga moyana to‘lar, to‘g‘rirog‘i menga to‘lar, uni esa, biri shaharning u chekkasida, biri boshqa burchagida bo‘lgan goh bojxonaga, goh omborxonaga kun uzog‘i bilan tinim bermay yugurtirgani-yugurtirgan edi. Men xizmatkorlarimdan qaysi biridir, xuddi otchopardagi kassaning qulfsiz tuynugidek, ishonchsiz va besubut kishi sifatida nom qozonishini sira istamasdim, shu sababli, bu haqda hech kim hech narsa bilmay qo‘ya qolgandi. Bu voqealarning barini, yoki deyarli birini, u aftidan, yuzi murdaday ko‘karib, sovuq ter tomchilaridan peshonasi va burnining qirralari xunuk yaltirab, xuddi talangan itday ayanchli qiyofada mening oldimga kirib kelgan o‘sha dushanba kuniyoq ma’lum qilib bo‘lgan edi. Qolgan tafsilotlarni esa u keyinchalik, bizning ba’zi-ba’zida bo‘lib turadigan suhbatlarimizda aytib bergan bo‘lishi kerak. Garchi shunday bo‘lishiga o‘zimiz ham unchalik ishonmasakda, salqin va musaffo havo bizga omad hamda do‘stlarimiz bilan birga bo‘ladigan ajoyib sarguzashtlar, g‘aroyib ko‘ngilxushliklar olib keladi deb, umid qilgan bu yilgi qish – quruq sovuq bilan to‘satdan boshlangandi; ko‘chalarda va uylarning mo‘rilarida ayoz jazava bilan uvillab yurardi: ehtimol, hamma narsa aynan shundan boshlangandir. Ayozli oqshomlarning birida Montes uyiga qaytadi va xotinini tunuka plita oldida tutab yotgan olovdan ko‘z uzmay o‘tirgan holatda uchratadi. Bu menga unchalik muhim voqea bo‘lib tuyulmagan bo‘lsada, u aynan shunday deb bir necha bor takrorlagan edi. Kirsten mahzuna qiyofada bo‘lgan, biroq nechun ko‘z yosh qilganining sababini aytishni xohlamagan, butun tun va yana butun hafta davomida shu holatda yuravergan. Kirsten – to‘la, durkun va albatta badani ham momiqdek edi. U boshiga musibat tushgan va behad ko‘p sitam chekkan kishidek churq etmay yuravergan va o‘zicha nima bo‘lganini ham Montesga aytmagan. U yer sharining barcha mamlakatlaridagi barcha ayollari kabi “yo‘q, menga hech narsa bo‘lgani yo‘q” deb javob beravergan. So‘ng u Daniyadan keltirilgan — qirollar, ministrlar, sigirlar, tepaliklar va boshqa har xil manzaralar tasvirlangan suratlarni butun uyga ilib tashlagan. Shunda ham u avvalgiday, hech qanday g‘ayritabiiy narsa yuz bermaganini ta’kidlayvergan, bu to‘nka Montes esa, goh u narsadan, goh bu narsadan gumon qilavergan, biroq uzoq vaqtgacha xotinining nima uchun g‘amgin ekanligini aniqlay olmagan. So‘ng Daniyadan xatlar kela boshlagan; Montes esa, bironta so‘ziga ham tushunmagan, nihoyat Kirstenning o‘zi qaysidir uzoq qarindoshiga xat yozganini va endi undan javob olayotganini, biroq kelayotgan xabarlar unchalik quvonarli emasligini Montesga tushuntirgan. Shunda Montes hazillashgandek, maboda u yoqqa ketging kelmayaptimi, deb so‘ragan, Kirsten qat’iy qilib, yo‘q, deb javob bergan xuddi shu kechadan yoki keyingi kechalardan boshlab Montes uyqusizlik balosiga yo‘liqqan.
Kirsten uning yelkalaridan silkigancha hech qayoqqa ketmasligini qatiyat bilan takrorlayvergan, u asabiy holda sigareta tutatganicha bu voqeani o‘qilishi og‘ir kitobni o‘qiyotganday qilib aytib bergandi. Olis Daniya haqidagi xochning surati bor bayrog‘i va o‘rmon orqali cherkovga olib boradigan yo‘l haqidagi hikoyalarini bosh qimirlatib, ma’qullagancha tinglab o‘tiravergan. Shuncha gaplardan keyingina — Kirstenning Amerikada o‘zi bilan qanchalik baxtli ekanligini tushungachgina Montes xotirjam uyquga ketgan.
Bir muncha vaqt xat kelib ketib turgan va bir kuni kechqurun o‘ringa yotishganda, Kirsten chiroqni o‘chirib, tuyqusdan; «Agar sen gapimni bo‘lmasang, senga bir narsa aytib beraman, faqat bir og‘iz ham gapirmay eshit»,- degan. U «Albatta-albatta»,-deb g‘o‘ng‘illagan; Montes dovdirab qolib, kuldonni choyshabning qatiga to‘kib yuborgan va hamma narsaga tayyor qiyofada, xotinining yoniga cho‘zilgan. Biroq xotini u kutgandek boshqa erkak haqida hatto eslamagan ham, xuddi xozirgina yig‘lashdan to‘xtagandek, past, xirilloq tovushda, ular velosepidlarini tashqarida qarovsiz qoldirishi, cherkovga yoki boshqa biron yoqqa jo‘nashganda eshiklarni ochiq holda tashlab ketishi, chunki Daniyada bironta ham o‘g‘ri yo‘qligi, u yerdagi daraxtlar boshqa mamlakatlarnikiga qaraganda balandroq o‘sishi hamda, ko‘proq yashashi, va har bir daraxtning o‘ziga xos hidi bo‘lishi haqida, hatto o‘rmonda boshqa daraxtlarning hidlarii bilan aralashib ketgan taqdirda ham qanday hid qaysi daraxtning hidi ekanini bemalol ajratish mumkinligi to‘g‘risida, odamlarni tongda dengiz qushlarining sayrog‘i uyg‘otishi, uzoqlardan esa ovchilarning miltiq tovushlari kelib turishi, bahor ham bu yerlarda qorning ostida uzoq yashirinib yotib, so‘ng xuddi tog‘dan kelayotgan sel kabi, birdan bostirib kelishi va hamma narsani o‘ziga mahliyo qilib qo‘yishi, shunda odamlar faqat chuvoqli kunlar haqidagina gaplasha boshlashi to‘g‘risida hikoya qilib bergan. Daniyaga, baliqchilar posyolkasiga bahor, xuddi semiz g‘ozga o‘xshab lapanglab kirib keladi degan.
Va Kirsten «Esbirges, xrised kysten*» deb takrorlagan, garchi, nima deyilganiga tushunmasa ham xuddi mana shu so‘z Montesni, ayniqsa, hayajonga solgan: u menga xotinining tovushida ibodat paytidagidek, muqaddas bir ehtiromni anglab, yig‘lab yuborishiga oz qolgani to‘g‘risida gapirib bergan edi. Kirsten bu so‘zni qayta va qayta takrorlagan. Bu sirli so‘zlar Montesni mahliyo qilib qo‘ygan va unda xotiniga nisbatan o‘zining imkoniyatiga qaraganda yirikroq va kuchliroq achinish hissini uyg‘otgan; u xotinini, g‘irt yetim qizni himoya qilgandek himoya qilishni, dalda va taskin berishni istagan: hamma balo shunda ediki, bu o‘zga tildagi xitob Kirsten hayotining o‘ziga mutlaqo noma’lum qismidan eshitilgandek bo‘lgani uchun ham uni o‘ziga rom qilib qo‘ygan. Mana shu tundan boshlab uning qalbida g‘ayritabiiy muruvvat tuyg‘usi paydo bo‘lgan; xuddi Kirsten og‘ir kasaldan kundan-kun holdan toyyayotganday, tuzalib ketishiga hech qanday umid yo‘qday bu shafqat soat sayin ulg‘ayib borgan. Hayotining ma’lum qismini o‘z izmiga bo‘ysundiradigan, o‘zining ham ko‘nglini chog‘, tilini uzun qiladigan, uzoq yillar ko‘nglini yupatib yuradigan katta bir jasorat ko‘rsatish kerak degan fikrga kelgan. U Kirstenning Daniyaga jo‘nab ketishi uchun pul to‘plashga kirishgan. U ma’lumotnomalarni, bu ishga to‘la qaror qilmay va buning uchun ikki ming peso zarurligini bilmay turiboq, to‘g‘rilay boshlagan. Ammo qaerdan olishi mumkinligini ham o‘ylamay ikki ming peso topish ehtiyoji unga hech orom bermay qo‘ygan. Aftidan, shunday bo‘lgan, ammo o‘ziga nima bo‘lganini o‘zi ham tushunmagan. Ikki ming peso topib, bu haqda Kirstenga serfayz shanba oqshomlarining birida, qimmatbaho restoranda oliy navli vinoning so‘nggi qadahini ko‘tara turib aytmoqchi bo‘lgan! Buni aytar ekan, u xotinining yuzi xushta’m taomdan va o‘tkir vinodan bilinar-bilinmas qizarib turganini ko‘radi, avvaliga Kirsten unga ishonmaydi; shunchaki to‘qib-bichayapti deb o‘ylaydi, so‘ng asta-sekin uni ham zavq va hayajon egallaydi, ko‘zlaridan minnatdor yoshlari sim-sim to‘kiladi va nihoyat u Montesning sovg‘asini olishdan bosh tortadi. «Menga parvo qilma, hammasi o‘tib ketadi,»-deydi u, Montes esa toki xotini o‘z sovg‘asini qabul qilmaguncha qatiyat bilan taklif qilaveradi va yana u Kirsten bilan bir umr ajrashmoqchi emasligiga, toki qaytib kelguncha, uni shu yerda sadoqat ila mahtal bo‘lib kutib turishiga ishontiradi.
Boshqa bir kechasi uyqusi uchib u ikki ming peso topishning har xil yo‘llarini o‘ylar ekan, Skopellenning xilvat burchagida o‘tadigan bo‘lajak shanba oqshomini xayolan tasavvur qilgan; u o‘zini jiddiy tutib, ko‘zlarida suhbatni sirli tabassum bilan boshlaydi, yo‘q, avval, xotinidan qaysi kuni uzoq safarga chiqsa xosiyatli bo‘lishini so‘raydi; Kirstendan oldinroq uxlab qolgan boshqa bir kechasi esa uning tushiga xotinining tushi kiradi va tushida ham Kirsten unga Daniya haqida hikoya qilib beradi. Aslida, bu Daniya emas edi; bu — Kirsten tug‘ilgan, dastlab ona tilida chuldirashni o‘rgangan, ilk bor erkak bilan raqsga tushgan, barcha yaqinlaridan ko‘z o‘ngida birin-ketin ajralgan olis mamlakatning bir parchasi, ulkan yer sharining bir hovuchi edi. Aziz va qadrdon narsasini yo‘qotib qo‘yib, so‘ng bir umr unitishi mumkin bo‘lmagandek, bu Kirsten abadiy yo‘qotgan muqaddas joylar edi. Xotini Daniya to‘g‘risida boshqa voqealarni ham gapirib berar, lekin asosan o‘sha bittasini ko‘p takrorlardi va Montes xotinini qachonlardir yurgan yam-yashil yo‘llarni, baland-baland daraxtlarni, bag‘ri keng, shafoatli odamlarni, turli uy hayvonlarini yaqqol ko‘rib turganday bo‘lardi.
Lo‘ppigina Kirsten o‘zi bilmagan holda uni devorga siqib qo‘yib, yelkasiga boshini qo‘ygancha, pichirlab, hikoya qilavergan; tinglayotgan kishini biroz zeriktiradigan, go‘yo olis yillar qa’ridan eshitilayotgandek vujudining to‘ridan otilib chiqayotgan mungli tovush bilan eng zarur so‘zlarni chertib-chertib gapirar ekan, Montes xotinining burun uchlari qanday shalpayib qolganini, ko‘zlari ingichka ajinlar hosil qilib, qanday qisilayotganini, seret engagining qanday titrayotganini aniq his qilib turgan.
Shunda Montes beixtiyor, bankdan olinadigan qarz yoki bironta sudxo‘r haqida va hatto pulni unga men berib turishim mumkinligi to‘g‘risida ham o‘ylagan. Shanba yoki yakshanbada mening idoramda Xasinto bilan birga Palerma yoki La-Platadan telefon orqali kelayotgan xabarlarni qabul qilib o‘tirar ekan, u Kirstenning safari haqida yana xayolga berilgan. Kunlar lanjlik bilan o‘tayotgan edi, foyda ming pesoga zo‘rg‘a yetardi, ba’zan esa qandaydir o‘pkasi katta qimorboz paydo bo‘lib qolar, shunda daromad besh mingdan, ba’zan undan ham oshib tushardi. Montes menga poyganing har bir aylanib kelishi oldidan o‘yinning borishi to‘g‘risida telefon orqali axborot berib turishi shart edi: agar o‘yin qandaydir xavfli tus olsa — ba’zan shunday bo‘lib turardi — men Veles, Martina yoki Vaskodagi yetakchi o‘yinlar hisobiga sirg‘alib chiqishga harakat qilardim. Xuddi mana shu daqiqalarda Montesning xayoliga menga bildirmasdan uch-to‘rt yirik hisobdagi o‘yinlarni yashirib, minglab pattalarni o‘z hisobiga o‘tkazib, agar jur’ati yetishsa, yo xotinining sayohati uchun, yoki peshonaga tegadigan o‘q uchun o‘ynab ko‘rsamchi degan shum fikr kelib qolgan. Agar u o‘zida jasorat topa olsa, bu ishni qilmoqchi bo‘lgan: axir Xasinto har bir qo‘ng‘iroqda qancha patta o‘ynalganini qaerdan bilib o‘tiribdi? Montes menga bu haqda bir oy o‘ylab yurganini gapirib bergandi. Menimcha, u rost gapirgan edi, aftidan, bunga o‘xshash kimsalar o‘g‘irlik qilishdan oldin uzoq ikkilanadilar, azob chekadilar, o‘ylayverib, o‘zlarini adoi-tamom qiladilar, har bir telefon qo‘ng‘irog‘i oldidan jiqqa terga botgancha asablari qaltirab turadilar. Agar u aldayotgan bo‘lsa, men bud-shudimni tikib, hech ikkilanmay qasam ichishim mumkin: agar u bu ishga o‘z-o‘zidan, kutilmaganda kirishgan bo‘lsa, agar o‘z kuchi va qudratiga ishonib, to‘satdan qaror qilgan va keyinchalik «Men aytgan edim-ku, o‘shanday kunda ham juda oz patta sotilgandi,» deb shubha bildirgan, biroq o‘sha paytda hech narsani sezmay qolgan, hayvondan ham battar Xasintoning ko‘z oldida meni xotirjamgina shilib ketishga harakat qilgan bo‘lsa, jonimni o‘rtaga qo‘yib qasam ichishim mumkin. Men ishonch bilan aytishim mumkinki, hozir yutushi mumkinligini his qilib, uning yuragi qinidan chiqib ketguday bo‘lib ura boshlagan; biroq u jo‘jani kuzda sanab qo‘ygan edi.
Shunday qilib, u uch ming pesoga yetadigan o‘yinni boshlab yuborgan va to‘satdan bu o‘yinda yutib chiqishga ishonmay qo‘ygan, badanidan chim-chim ter oqa boshlagan, o‘z hisobini qayta-qayta tekshirib ko‘rgan va odamdan ko‘ra ko‘proq ipak ko‘ylak kiygan maymunga o‘xshaydigan Xasintoga shubha aralash tikilib-tikilib turgan; oqshom payti mashinalar bilan liqqa to‘ladigan ko‘chani derazadan kuzatgancha, oyog‘i kuygan tovuqday idorada timirskilanib yurgan. U yutqiza boshlaganini, boshqalar yutug‘i har qo‘ng‘iroqda yuz pesodan oshib borayotganini anglagan paytda, mana shunday holatda bo‘lgan: uni jiqqa ter — nihoyat o‘zida idoraga qaytishga kuch topib, menga hammasini aytib berishga ahd qilgan o‘sha dushanba kuni ham badanida hidi saqlanib qolgan qo‘rquvning sovuq va badbo‘y qora ter butun vujudini qoplab olgandi.
Kirstenga bu narsalarni u hali meni shilib ketmasidan oldinroq aytgan; u xotiniga yaqin kunlarda o‘zlari uchun juda muhim, juda ajoyib nimadir sodir bo‘ladi — men senga atab, hatto tushingga ham kirmagan g‘aroyib sovg‘a tayyorlayapman, faqat u qo‘l bilan ushlasa bo‘ladigan shunchaki oddiy buyum emas, degan. Shuning uchun ham hammasi boy berilgandan so‘ng, u xotiniga halokat haqida gapirib berish juda ham zarurligini his etgan: biroq u buni Skopellining xilvat burchagida, o‘tkir xorij arog‘i to‘la qadahni ko‘tara turib emas, o‘zlarining yemakxonasida, qashshoq dasturxon ustida aytishga majbur bo‘lgan: u metall naycha orqali xo‘rillatib mate so‘avergan, Kirsten esa, unga yon tomoni bilan o‘girilib, yuzida qizg‘ish shu’lalar o‘ynoqlagancha, temir plitadagi olov qanday miltillayotganini kuzatib o‘tiravergan. Ular qanchalik obi-diyda qilganlaridan xabarim yo‘q: ertasiga Montes menga qarzini o‘zining maoshi bilan uzishi mumkinligini aytdi: Kirsten esa o‘ziga ish topishga majbur bo‘ldi.
Voqeaning keyingi qismi oradan bir oz vaqt o‘tgach, ishiga hech bir aloqasi bo‘lmagan paytlarda ham Kirsten uydan indamay chiqib ketishni odat qilgandan so‘ng boshlangan; agar ular biron joyda uchrashishni kelishsalar, Kirsten hamisha kechikib kelgan, ba’zan esa yarim kechasi o‘rnidan turib; kiyinib, biron og‘iz ham gapirmay, qayoqqadir jo‘nab qolgan. Unga biron nima deyishga, umuman, u bilan gaplashib olishga masalani ochiq-oydin ko‘ndalang qo‘yishga Montesda jur’at yetishmagan; chunki ular faqat Kirstenning moyanasi hisobigagina kun kechirishardi, Montesning Serrona ko‘lidagi ishi uchun ba’zida men qo‘yib beradigan bir stakan vinodan boshqa sariq chaqa ham to‘lashmas edi.
Shunday qilib, Montes o‘zining axmoqona fe’l-atvori bilan, ha, asosan, axmoqona fe’l-atvori bilan, ustiga ustak meni shilib ketmoqchi bo‘lgan kundan buyon saqlanib qolgan va aftidan, uni endi bir umr tark etmaydigan jizzaki kayfiyati bilan xotiniga zug‘um qilmaslik uchun tilini tishlashga majbur bo‘lgan. Shubha Montesni tiriklay komiga tortavergan, u toki bir kuni Kirstenning izidan xufyona kuzatib bormaguncha, uning tosh yo‘lni vazmin qadam tovushlari bilan to‘ldirib, portga qarab ketayotganini va u yerda xotinining kuzatuvchilar bilan birga va shuningdek, ulardan alohida, jo‘nab ketayotgan kemalar izidan termulgancha, xuddi bandargohga zanjirlanganday qotib turganini ko‘rmaguncha, turli xil mudhish gumonlarga boravergan. Kirstenning Daniya haqidagi tungi hikoyasidek bu yerda ham hech qanday begona erkak bo‘lmagan. Bu marta Montes xotini bilan gaplashib olishga jur’at etgan va Kirsten hammasini unga ochiq so‘zlab bergan; Montes yana bir narsani — menimcha, unchalik ahamiyati yo‘q narsani — ya’ni Kirsten unga bu narsalarni na g‘ussa, na g‘azab , na xijolat bilan emas, odatdagi ohangda gapirib berganini menga alohida ta’kidlagandi, go‘yo unga ishonmayotganday, qayta -qayta takrorlagandi. Kirsten unga Ovropaga jo‘nab ketayotgan kemani kuzatib qolish uchun, vaqt qay mahal bo‘lmasin, baribir, portga kelib turganini aytib bergan. Montes uning bu xatti-harakatidan qo‘rqib ketgan va oxiri ko‘ngilsizlik bilan tugashi mumkin bo‘lgan bu odatga qarshi kurashishga qaror qilgan: bu yerga kelib turishi — uyda o‘tirganidan ko‘ra ming karra battarroq ekanligiga xotinini ishontirmoqchi bo‘lgan; biroq Kirsten o‘zini hamishagidek jiddiy tutib qat’iyat bilan bu yerda ko‘ngli bir oz bo‘lsa ham yupanishini, shuning uchun portga, albatta, yana kelishini, jo‘nab ketayotgan kemalarni qo‘l silkib, toki, ko‘zlari og‘rib qolguncha izidan termulib yoki shunchaki kuzatib qolishini, buni xohlagan va ilojini topgan har qanday vaziyatda qilaverishini aytgan.
Va oxir-oqibatda, Montes Kirstenni doimo bandargohga kuzatib borishga qaror qilgan; xuddi mening oldimda o‘z qarzini o‘tayotgandek, shu yo‘l bilan, xotinining oldida ham o‘z burchini o‘tamoqchi bo‘lgan.
Mana endi, har shanba oqshomi kechasimi, yoki tush paytimi, havo ochiqmi yoki Kirstenning gezarib ketgan yuziday serbulutlimi, yomg‘irlimi, baribir, ular portga qarab yo‘l olishardi va kema jo‘nagunga qadar turli shakldagi jamodonlar ko‘targan, issiq paltolar kiygan, qo‘llarida gul va ko‘z yoshlaridan nam bo‘lgan ro‘molchalar tutgan odamlar orasida bir ko‘rinib, bir ko‘rinmay, xiyobon ichida sayr qilib yurishardi; yurakni orziqtiradigan sirena qiyqirig‘idan so‘ng, kema sekin jo‘nab keta boshlardi; toki tinkalari qurib, holdan toyib qolgunlaricha ular qimirlashga ham qo‘rqib, toshdek qotib turishar va har biri o‘z-o‘zicha chuqur va sirli xayollarga g‘arq bo‘lgan kuyi, ayni daqiqada, o‘zlari ham bilmagan holda, ikkalasi ham bir paytda, qalblarini allaqachon o‘ziniki qilib ulgurgan va endi bir umr ularni o‘z changalida olib yuradigan vatan sog‘inchi va yolg‘izlikning beshafqat panjalari haqida o‘ylashib, bir-birining yelkalaridan mahkam quchgancha ketayotgan kema izidan jimgina qarab turishardi.

* “Sohil bo‘ylab chopayotgan Esberg” degan ma’noni beradi. (Daniya tilida)

045

(Tashriflar: umumiy 244, bugungi 1)

Izoh qoldiring