Машҳур бастакор Мустафо Бафоев таваллудининг 75 йиллиги олдидан
Жаҳон саҳналарида янграган симфония ва операларнинг, юзлаб мусиқий асарларнинг муаллифи бугунги даражага умрнинг турфа бекатларини босиб ўтиб етиб келган…
УМРИМ БЕКАТЛАРИ
Таниқли композитор Мустафо Бафоев
билан суҳбат
Суҳбатдошимиз машҳур бастакор Мустафо Бафоев аслида болалигида хонанда бўлишни орзу қиларди. Аввалига отаси, кейин мусиқа билим юртидаги устози бунга қаршилик қилишди. Тақдир эса унинг қўлидан етаклаб, мусиқа санъатининг катта оламига олиб кирди. Аввалига, созанда, кейин бастакорлик бўйича таълим олди. Бугун ўша бухоролик бола отасининг истаги билан агроном ёки мусиқа ўқитувчиси эмас, балки атоқли бастакор, таниқли дирижёр бўлиб танилган, Абдулла Қодирий номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унлари билан муносиб тақдирланган ва том маънода, ўзбек маданияти тарихида катта ўрин эгаллаган Шахсга айланди. Жаҳон саҳналарида янграган симфония ва операларнинг, юзлаб мусиқий асарларнинг муаллифи бу эътиборли мақомга умрнинг турфа бекатларини босиб ўтиб етиб келган.
Биринчи бекат: Хонанда бўлишни орзу қилардим
Бухоронинг чекка қишлоқларидан бирида, оддий оилада катта бўлганман. Отам ҳисобчи, онам деҳқон эди. Бафо отамнинг исми. Вафо сўзи Бухоро шевасида “бафо” дейилади. Бизнинг болалик давримизда техника ривожланмаган, қишлоқларга электр ҳам етиб бормаган эди. Битта амаким мусиқага қизиқарди, най чаларди. Негадир доим менга “Сен мусиқачи бўлишинг керак”, деб айтарди. Тўйларда мусиқасиз, ҳеч қанақа тайёргарликсиз ашула куйлардим. Отамга хонанда бўлиш ҳақидаги истагимни билдирганимда, “Бизнинг авлодда санъаткор бўлмаган. Мактабни тугатиб, қишлоқ хўжалиги институтига кирасан. Агроном бўласан. Қара, ҳозир колхозларда агрономларнинг обрўси баланд”, деган. Мен эса 7-синфни тугатиб, Бухоро мусиқа билим юртига бордим. Ўшанда у ерда Аҳмад Ихтиёров раҳбар эди. У киши ниятимни эшитиб, “Сен хонанда бўлма. Ҳали ёш боласан. Овозинг ёшинг улғайгани сари ўзгариб боради. Яхшиси, созанда бўл”, деганди. Шу билан мени ғижжак чалиш бўлимига ўқишга олишди. Тўғриси, ғижжак қандай соз эканлигини билмасдим. Сентябрда ўқишга бориб, унинг нималигини кўрдим. Қарасам, тиззага қўйиб чалинадиган, 4 та тори ва битта тайёқчаси бор асбоб экан.
Ўқишда бир йил роса қийналганман. Ҳатто афсусланганман ҳам. Чунки бу соҳани тушунмасдим-да. Кейинги йили ётоқхонага кўчиб ўтдим. Ўша ердаги муҳит менда мусиқага муҳаббат уйғотган. Аста-секин ўзим мусиқа ёза бошладим. Фақат тортинчоқлигим сабаб, ёзганларимни ҳеч кимга кўрсатмасдим. Ўқишни тугатгач, устозларимнинг йўлланмаси билан Тошкент Давлат консерваториясига ўқишга келдим. Ўшанда то пойтахтга келгунча поездда ғижжак чалиб келганим эсимда.
Иккинчи бекат: Консерваторияда икки марта қайта ўқиганман
Консерваторияда халқ чолғу асбобларини чалиш йўналишида ўқиб юрган кезларим домламиз Мардон Насимов мусиқа ёзишимни сезиб қолган. Ҳузурига чақириб, “Сен бола мусиқа ёзаяпсан-а? Уялмасдан кўрсат менга”, деганди ўшанда. Кейин бошқа домлалар ҳам мусиқаларимни эшитиб кўриб, “Аслида бастакор бўлишинг керак экан”, дейишган. Аммо ўқув йўналишини ўзгартириш имкони бўлмаган. Битирув имтиҳонида ҳам ўзим ёзган мусиқани чалгандим. Ўқишимни тамомлагач, “Аввал ишланг, кейин бастакорликка ўқийсиз”, деб айтишди. Шундан сўнг Бухоро педагогика уневерситетида ишлай бошладим. Раҳматли устозим Мардон Насимов доим қўнғироқ қилиб, “Қачон келасан пойтахтга”, дерди. Мен эса “Домла, уйландим, икки қизим бор. Ўқишга боролмайман”, деб жавоб берардим. Ота-онам қайта ўқишимга қарши эди. “Мана, олий маълумотлисан. Бўлди, энди ишлагин”, дейишарди. Лекин кўнглим мусиқий асарлар яратишни истарди. Охири аёлимга “Ҳали ёшмиз. Ҳозир бастакорликка ўқиб олсам, яхши бўларди”, деб таклиф билдирдим. У рози бўлди. Шу билан қайтадан консеваториянинг бастакорлик йўналишига имтаҳон топшириб, ўқишга қабул қилинганман. Ўшанда йигирма етти ёшда эдим. Ўқишни тугатган йилим “Бухоронома” деган оратория ёзганман. Ўша асарим учун Бастакорлар уюшмасига аъзо бўлганман.
Учинчи бекат: Қийинчилик ва кутилмаган ўғирлик
Иккинчи бор талаба бўлганимда, менга стипендия берилмаган. Ёш оиламиз. Қизларим ҳали кичкина. Аёлим пойтахтда рўйхатдан ўтмаган. Ўзим оилада етти фарзанднинг каттасиман. Оиламга ёрдамим тегадиган бир пайтда ота-онам менга пул жўнатарди. Мен Тошкентнинг бир чеккасидаги мактабда мусиқадан дарс берардим. Зилзиладан кейин ҳали йўллар қайта қурилмаганди. Ёмғир ёғса, тиззамгача лойга ботардим. Мактабнинг ёнига боргач, лойларни артиб, этигимни ювиб дарсга кирардим. Кечки пайтлар мусиқа ёзишим керак деб, консерваторияда ухлаб қолардим. Эрталабгача мусиқа билан шуғулланардим. Эрталаб уйғониб, юз-қўлимни ювардим-да, яна дарсга кириб кетардим. Ҳатто бир-икки марта қаттиқ чарчаганимдан ҳушимдан ҳам кетиб қолганман. Шунақа қийналиб бастакорликка ўқиганман. Эллик ёшлардан ўтганимда ҳам қишлоққа борсам, қариялар “Ўқишларинг яхшими? Тугаб қолдими?”, деб сўрашарди. Улар мени ҳамон ўқияпти, деб ўйлашарди-да.
Талабалик йилларимда юз берган бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Битта ўзим ҳовлида яшардим. Топган пулимга китоб ва пластинка сотиб олардим. Дунё мусиқаси дурдоналарини йиғардим. Бир куни ўқишдан қайтсам, эшик ланг очиқ, синдирилган пластинкалар ерда сочилиб ётибди. Уйга кимдир ўғирликка кирган, аммо пул тополмай пластинкаларимни синдириб ташлаган эди. Мен учун қимматли бўлган бу нарсаларни қийналиб топгандим. Қаттиқ алам қилганидан ҳўнграб йиғлаб юборганман.
Тўртинчи бекат: Рафиқам билан илк учрашувим
Аёлим олий маълумотли математик. У билан биринчи учрашувимизга амакимнинг қора рангли костюмини кийиб борганман. Қаранг, тузукроқ бирорта костюмим ҳам бўлмаган экан-да. Бўлажак келинни кўнглига йўл топиш учун, уни меҳмон қилмоқчи бўлдим. Кабобхонага таклиф этдим. Бир пайт қаттиқ шамол туриб, кабоб пишириладиган кўрадаги куллар учиб, костюмим оппоқ бўлди. Ўшанда бу ҳодисани ҳазилга буриб, “Қора нарса оқ бўлди. Демак, яхшиликка. Шу қизга уйланаман”, деганман. Рафиқам мусиқаларимни эшитиб, дарров баҳо беради. “Мусиқангизнинг бу жойи фалон мусиқангизнинг мана шу жойига ўхшаб қолибди, ўзгартиринг”, дейди.
Бешинчи бекат: Отам мусиқаларимга тушунмасди
Раҳматли отам доим “Ўғлим мен тушунадиган мусиқа ёз” дерди. Чунки у киши халқ куйларига ўрганган-да. Онам радиода бирорта асарим берилса, “Вой ўғлимнинг мусиқаси-ку!”, деб радиокарнайнинг олдига келиб оларди. Мен яратган мусиқани танирмиди, ё юракдан ҳис қилармиди? Билмадим? Отам эса анча пайтгача бу йўлни танлаганимдан норози бўлган. Алишер Навоий номидаги катта опера ва балет театрида эллик ёшлигим муносабати билан ўтказилган тадбирга келгач, меҳмонларнинг мусиқаларимни эшитиб олқишлаётганини кўриб, отам қувонган эди.
Олтинчи бекат: Навоий билан ҳамоҳанг
Алишер Навоий ижодидан илҳомланиб яратган асарларим бисёр. Талабалик давримда Навоийнинг 5 та рубоийсига туркум мусиқа яратганман. Ўзбекистонда биринчи бўлиб, “Ҳолати Алишер Навоий” номли Ҳазратнинг ғазаллари, рубоий, фардлари, туюқларини драматик ривожланиш жиҳатидан бир-бирига боғлаб, жўрсиз хор учун Бешинчи симфониямни ёзганман. У фақат овоз билан созсиз ижро этилади. “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг 1997 йили ўтказилган биринчи тантанаси режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг таклифига кўра Хуршид Даврон либреттоси асосида ёзилган “Буюк ипак йўли” номли асарим билан очилган.
“Лисон ут-тайр” асосида ўзимизнинг “Шашмақом”ни европа мусиқаси билан боғлаб опера яратганман. Маълумки, асар қаҳрамонлари етти водийни кечиб ўтишади. “Шашмақом” эса олти мақомдан иборат. Достондан “Шайх Санъон” қиссаси ўрин олган. Шунга асосланиб, битта мақомга европа мусиқасини киритганман. Умуман олганда, тарихий асарларга, ўтмишга қизиқаман. Шу сабаб ҳам кўпроқ тарихий мавзулардаги асарлар асосида мусиқа ёзаман. Юлдуз Исматова билан биргаликда яратилган “Нодира”, “Улуғбек буржи”, “Мозийдан нур” номли телебалетлар Ўзбекистондаги илк телебалетлардир. Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон билан биргаликда биринчи бўлиб “Бухорои шариф” номли телеопера ёзгамиз. Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг достонига асосида ёзилган “Ҳажнома” асари Ўзбекистонда ушбу йўналишда яратилган илк диний-мусиқий асардир.
Дони Зокиров номли миллий чолғу оркестрида 20 йилдан ортиқ бош дирижёр, бадиий раҳбар бўлиб фаолият юритдим. 500 та асарга дирижёрлик қилдим. Ҳозир Ўзбекистон Давлат консерваториясида бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси профессориман. Шогирдларимга доим “Бастакорнинг устози қулоғи” деб таъкидлайман
Еттинчи бекат: Фарзандларимдан розиман
Рафиқам билан турмуш қурганимизга ярим асрдан ошди. Икки қизим бор. Катта қизим дирижёр. Турмуш ўртоғи ҳам мусиқачи. Кичик қизим шифокор. У ҳам мусиқа ёза бошлаганди. Лекин бу йўлдан кетмаслигини истадим. Чунки ўзим кўп қийинчиликларни бошдан кечирдим. “Мени мусиқача қилмадингиз”, деб ҳалиям айтиб юради. Кенжамнинг турмуш ўртоғи ҳам шифокор. беш қиз, бир ўғил набирам бор. Биринчи набирам Муҳаммад ҳақиқий издошим бўляпти. Скрипка чалади. Бир қанча кўрик танловлар ғолиби. Ҳозир чет элда мусиқа йўналишини бўйича таҳсил олади. Кенжамнинг икки қизи биз билан яшайди. Улар Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейида ўқишади. Уларни ҳар куни ўқишга ўзим олиб бораман. Уйда доимий равишда невараларим билан шуғулланаман. Пианинода ўтириб, нимадир ёзмоқчи бўлсам, олдимга югуриб келишади. «Бобожон, мен чалай пианинони» деб дарров машқни бошлаб юборишади. Улар ухлагачгина, ижодни бошлайман.
Қизларим, невараларимни кўриб, хурсанд бўламан. Ўғлим йўқ, деб куюнмайман. Изимни босадиган, санъатимни давом эттирадиган издошларим борлигига шукр!
Фактлар:
· 1946 йилда Бухоро вилояти, Когон туманида туғилган.
· 1995 йилдан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби.
· 1997 йилда Абдулла Қодирий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти лауреати.
· 2008 йилда «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби.
· ЮНЕСКО томонидан Парижда Амир Темурнинг 660 йиллиги, Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллигига, Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллигаг бағишлаб ўтказилган тантаналарда мусиқий асарлари ижро этилган.
· 200 дан ортиқ мусиқий асарлар муаллифи.
Шоира ЎКТАМБЕК қизи ёзиб олди
Манба: darakchi.uz
Mashhur bastakor Mustafo Bafoev tavalludining 75 yilligi oldidan
Jahon sahnalarida yangragan simfoniya va operalarning, yuzlab musiqiy asarlarning muallifi bugungi darajaga umrning turfa bekatlarini bosib oʼtib yetib kelgan…
UMRIM BEKATLARI
Taniqli kompozitor Mustafo Bafoev
bilan suhbat
Suhbatdoshimiz mashhur bastakor Mustafo Bafoev aslida bolaligida xonanda bo’lishni orzu qilardi. Avvaliga otasi, keyin musiqa bilim yurtidagi ustozi bunga qarshilik qilishdi. Taqdir esa uning qo’lidan yetaklab, musiqa san’atining katta olamiga olib kirdi. Avvaliga, sozanda, keyin bastakorlik bo’yicha ta’lim oldi. Bugun o’sha buxorolik bola otasining istagi bilan agronom yoki musiqa o’qituvchisi emas, balki atoqli bastakor, taniqli dirijyor bo’lib tanilgan, Abdulla Qodiriy nomidagi Davlat mukofoti laureati, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi unlari bilan munosib taqdirlangan va tom ma’noda, o’zbek madaniyati tarixida katta o’rin egallagan Shaxsga aylandi. Jahon sahnalarida yangragan simfoniya va operalarning, yuzlab musiqiy asarlarning muallifi bu e’tiborli maqomga umrning turfa bekatlarini bosib o’tib yetib kelgan.
Birinchi bekat: Xonanda bo’lishni orzu qilardim
Buxoroning chekka qishloqlaridan birida, oddiy oilada katta bo’lganman. Otam hisobchi, onam dehqon edi. Bafo otamning ismi. Vafo so’zi Buxoro shevasida “bafo” deyiladi. Bizning bolalik davrimizda texnika rivojlanmagan, qishloqlarga elektr ham yetib bormagan edi. Bitta amakim musiqaga qiziqardi, nay chalardi. Negadir doim menga “Sen musiqachi bo’lishing kerak”, deb aytardi. To’ylarda musiqasiz, hech qanaqa tayyorgarliksiz ashula kuylardim. Otamga xonanda bo’lish haqidagi istagimni bildirganimda, “Bizning avlodda san’atkor bo’lmagan. Maktabni tugatib, qishloq xo’jaligi institutiga kirasan. Agronom bo’lasan. Qara, hozir kolxozlarda agronomlarning obro’si baland”, degan. Men esa 7-sinfni tugatib, Buxoro musiqa bilim yurtiga bordim. O’shanda u yerda Ahmad Ixtiyorov rahbar edi. U kishi niyatimni eshitib, “Sen xonanda bo’lma. Hali yosh bolasan. Ovozing yoshing ulg’aygani sari o’zgarib boradi. Yaxshisi, sozanda bo’l”, degandi. Shu bilan meni g’ijjak chalish bo’limiga o’qishga olishdi. To’g’risi, g’ijjak qanday soz ekanligini bilmasdim. Sentyabrda o’qishga borib, uning nimaligini ko’rdim. Qarasam, tizzaga qo’yib chalinadigan, 4 ta tori va bitta tayyoqchasi bor asbob ekan.
O’qishda bir yil rosa qiynalganman. Hatto afsuslanganman ham. Chunki bu sohani tushunmasdim-da. Keyingi yili yotoqxonaga ko’chib o’tdim. O’sha yerdagi muhit menda musiqaga muhabbat uyg’otgan. Asta-sekin o’zim musiqa yoza boshladim. Faqat tortinchoqligim sabab, yozganlarimni hech kimga ko’rsatmasdim. O’qishni tugatgach, ustozlarimning yo’llanmasi bilan Toshkent Davlat konservatoriyasiga o’qishga keldim. O’shanda to poytaxtga kelguncha poezdda g’ijjak chalib kelganim esimda.
Ikkinchi bekat: Konservatoriyada ikki marta qayta o’qiganman
Konservatoriyada xalq cholg’u asboblarini chalish yo’nalishida o’qib yurgan kezlarim domlamiz Mardon Nasimov musiqa yozishimni sezib qolgan. Huzuriga chaqirib, “Sen bola musiqa yozayapsan-a? Uyalmasdan ko’rsat menga”, degandi o’shanda. Keyin boshqa domlalar ham musiqalarimni eshitib ko’rib, “Aslida bastakor bo’lishing kerak ekan”, deyishgan. Ammo o’quv yo’nalishini o’zgartirish imkoni bo’lmagan. Bitiruv imtihonida ham o’zim yozgan musiqani chalgandim. O’qishimni tamomlagach, “Avval ishlang, keyin bastakorlikka o’qiysiz”, deb aytishdi. Shundan so’ng Buxoro pedagogika uneversitetida ishlay boshladim. Rahmatli ustozim Mardon Nasimov doim qo’ng’iroq qilib, “Qachon kelasan poytaxtga”, derdi. Men esa “Domla, uylandim, ikki qizim bor. O’qishga borolmayman”, deb javob berardim. Ota-onam qayta o’qishimga qarshi edi. “Mana, oliy ma’lumotlisan. Bo’ldi, endi ishlagin”, deyishardi. Lekin ko’nglim musiqiy asarlar yaratishni istardi. Oxiri ayolimga “Hali yoshmiz. Hozir bastakorlikka o’qib olsam, yaxshi bo’lardi”, deb taklif bildirdim. U rozi bo’ldi. Shu bilan qaytadan konsevatoriyaning bastakorlik yo’nalishiga imtahon topshirib, o’qishga qabul qilinganman. O’shanda yigirma yetti yoshda edim. O’qishni tugatgan yilim “Buxoronoma” degan oratoriya yozganman. O’sha asarim uchun Bastakorlar uyushmasiga a’zo bo’lganman.
Uchinchi bekat: Qiyinchilik va kutilmagan o’g’irlik
Ikkinchi bor talaba bo’lganimda, menga stipendiya berilmagan. Yosh oilamiz. Qizlarim hali kichkina. Ayolim poytaxtda ro’yxatdan o’tmagan. O’zim oilada yetti farzandning kattasiman. Oilamga yordamim tegadigan bir paytda ota-onam menga pul jo’natardi. Men Toshkentning bir chekkasidagi maktabda musiqadan dars berardim. Zilziladan keyin hali yo’llar qayta qurilmagandi. Yomg’ir yog’sa, tizzamgacha loyga botardim. Maktabning yoniga borgach, loylarni artib, etigimni yuvib darsga kirardim. Kechki paytlar musiqa yozishim kerak deb, konservatoriyada uxlab qolardim. Ertalabgacha musiqa bilan shug’ullanardim. Ertalab uyg’onib, yuz-qo’limni yuvardim-da, yana darsga kirib ketardim. Hatto bir-ikki marta qattiq charchaganimdan hushimdan ham ketib qolganman. Shunaqa qiynalib bastakorlikka o’qiganman. Ellik yoshlardan o’tganimda ham qishloqqa borsam, qariyalar “O’qishlaring yaxshimi? Tugab qoldimi?”, deb so’rashardi. Ular meni hamon o’qiyapti, deb o’ylashardi-da.
Talabalik yillarimda yuz bergan bir voqea hech esimdan chiqmaydi. Bitta o’zim hovlida yashardim. Topgan pulimga kitob va plastinka sotib olardim. Dunyo musiqasi durdonalarini yig’ardim. Bir kuni o’qishdan qaytsam, eshik lang ochiq, sindirilgan plastinkalar yerda sochilib yotibdi. Uyga kimdir o’g’irlikka kirgan, ammo pul topolmay plastinkalarimni sindirib tashlagan edi. Men uchun qimmatli bo’lgan bu narsalarni qiynalib topgandim. Qattiq alam qilganidan ho’ngrab yig’lab yuborganman.
To’rtinchi bekat: Rafiqam bilan ilk uchrashuvim
Ayolim oliy ma’lumotli matematik. U bilan birinchi uchrashuvimizga amakimning qora rangli kostyumini kiyib borganman. Qarang, tuzukroq birorta kostyumim ham bo’lmagan ekan-da. Bo’lajak kelinni ko’ngliga yo’l topish uchun, uni mehmon qilmoqchi bo’ldim. Kabobxonaga taklif etdim. Bir payt qattiq shamol turib, kabob pishiriladigan ko’radagi kullar uchib, kostyumim oppoq bo’ldi. O’shanda bu hodisani hazilga burib, “Qora narsa oq bo’ldi. Demak, yaxshilikka. Shu qizga uylanaman”, deganman. Rafiqam musiqalarimni eshitib, darrov baho beradi. “Musiqangizning bu joyi falon musiqangizning mana shu joyiga o’xshab qolibdi, o’zgartiring”, deydi.
Beshinchi bekat: Otam musiqalarimga tushunmasdi
Rahmatli otam doim “O’g’lim men tushunadigan musiqa yoz” derdi. Chunki u kishi xalq kuylariga o’rgangan-da. Onam radioda birorta asarim berilsa, “Voy o’g’limning musiqasi-ku!”, deb radiokarnayning oldiga kelib olardi. Men yaratgan musiqani tanirmidi, yo yurakdan his qilarmidi? Bilmadim? Otam esa ancha paytgacha bu yo’lni tanlaganimdan norozi bo’lgan. Alisher Navoiy nomidagi katta opera va balet teatrida ellik yoshligim munosabati bilan o’tkazilgan tadbirga kelgach, mehmonlarning musiqalarimni eshitib olqishlayotganini ko’rib, otam quvongan edi.
Oltinchi bekat: Navoiy bilan hamohang
Alisher Navoiy ijodidan ilhomlanib yaratgan asarlarim bisyor. Talabalik davrimda Navoiyning 5 ta ruboiysiga turkum musiqa yaratganman. O’zbekistonda birinchi bo’lib, “Holati Alisher Navoiy” nomli Hazratning g’azallari, ruboiy, fardlari, tuyuqlarini dramatik rivojlanish jihatidan bir-biriga bog’lab, jo’rsiz xor uchun Beshinchi simfoniyamni yozganman. U faqat ovoz bilan sozsiz ijro etiladi. “Sharq taronalari” xalqaro musiqa festivalining 1997 yili o’tkazilgan birinchi tantanasi rejissyor Bahodir Yo’ldoshevning taklifiga ko’ra Xurshid Davron librettosi asosida yozilgan “Buyuk ipak yo’li” nomli asarim bilan ochilgan.
“Lison ut-tayr” asosida o’zimizning “Shashmaqom”ni yevropa musiqasi bilan bog’lab opera yaratganman. Ma’lumki, asar qahramonlari yetti vodiyni kechib o’tishadi. “Shashmaqom” esa olti maqomdan iborat. Dostondan “Shayx San’on” qissasi o’rin olgan. Shunga asoslanib, bitta maqomga yevropa musiqasini kiritganman. Umuman olganda, tarixiy asarlarga, o’tmishga qiziqaman. Shu sabab ham ko’proq tarixiy mavzulardagi asarlar asosida musiqa yozaman. Yulduz Ismatova bilan birgalikda yaratilgan “Nodira”, “Ulug’bek burji”, “Moziydan nur” nomli telebaletlar O’zbekistondagi ilk telebaletlardir. O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron bilan birgalikda birinchi bo’lib “Buxoroi sharif” nomli teleopera yozgamiz. O’zbekiston xalq shoiri Abdulla Oripovning dostoniga asosida yozilgan “Hajnoma” asari O’zbekistonda ushbu yo’nalishda yaratilgan ilk diniy-musiqiy asardir.
Doni Zokirov nomli milliy cholg’u orkestrida 20 yildan ortiq bosh dirijyor, badiiy rahbar bo’lib faoliyat yuritdim. 500 ta asarga dirijyorlik qildim. Hozir O’zbekiston Davlat konservatoriyasida bastakorlik va cholg’ulashtirish kafedrasi professoriman. Shogirdlarimga doim “Bastakorning ustozi qulog’i” deb ta’kidlayman
Yettinchi bekat: Farzandlarimdan roziman
Rafiqam bilan turmush qurganimizga yarim asrdan oshdi. Ikki qizim bor. Katta qizim dirijyor. Turmush o’rtog’i ham musiqachi. Kichik qizim shifokor. U ham musiqa yoza boshlagandi. Lekin bu yo’ldan ketmasligini istadim. Chunki o’zim ko’p qiyinchiliklarni boshdan kechirdim. “Meni musiqacha qilmadingiz”, deb haliyam aytib yuradi. Kenjamning turmush o’rtog’i ham shifokor. besh qiz, bir o’g’il nabiram bor. Birinchi nabiram Muhammad haqiqiy izdoshim bo’lyapti. Skripka chaladi. Bir qancha ko’rik tanlovlar g’olibi. Hozir chet elda musiqa yo’nalishini bo’yicha tahsil oladi. Kenjamning ikki qizi biz bilan yashaydi. Ular Uspenskiy nomidagi Respublika ixtisoslashtirilgan musiqa akademik litseyida o’qishadi. Ularni har kuni o’qishga o’zim olib boraman. Uyda doimiy ravishda nevaralarim bilan shug’ullanaman. Pianinoda o’tirib, nimadir yozmoqchi bo’lsam, oldimga yugurib kelishadi. «Bobojon, men chalay pianinoni» deb darrov mashqni boshlab yuborishadi. Ular uxlagachgina, ijodni boshlayman.
Qizlarim, nevaralarimni ko’rib, xursand bo’laman. O’g’lim yo’q, deb kuyunmayman. Izimni bosadigan, san’atimni davom ettiradigan izdoshlarim borligiga shukr!
Faktlar:
· 1946 yilda Buxoro viloyati, Kogon tumanida tug’ilgan.
· 1995 yildan O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan san’at arbobi.
· 1997 yilda Abdulla Qodiriy nomidagi O’zbekiston Respublikasi davlat mukofoti laureati.
· 2008 yilda «Fidokorona xizmatlari uchun» ordeni sohibi.
· YUNESKO tomonidan Parijda Amir Temurning 660 yilligi, Buxoro va Xiva shaharlarining 2500 yilligiga, Mirzo Ulug’bekning 600 yilligag bag’ishlab o’tkazilgan tantanalarda musiqiy asarlari ijro etilgan.
· 200 dan ortiq musiqiy asarlar muallifi.
Shoira O’KTAMBEK qizi yozib oldi
Manba: darakchi.uz
Хуршид Даврон кутубхонасига кўп бора мурожаат қиламан. Ўзбек халкининг севимли фарзандлари ҳақида ёзилган мақолалар, дилкаш сухбатларни ўқиб кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўламан. сизга катта ташаккур.
Asaalomu alaykum Mustafo Ustozga bir saovil bor edi