Jan-Jak Russo. Xalq baxti va boylik haqida. Falsafiy risola.

03328  июнь — француз маърифатпарвар-файласуфи, ёзувчи Жан-Жак Руссо (1712-1778)  таваллуд топган кун
 

  Уч юз йил аввал яшаган инсоннинг фикру мулоҳазаси  шунчалик ҳам замонавий жаранглайдими?  Рисоланинг ҳар бир сатри кеча эмас, бугун ва ҳозир ёзилгандек. Ҳар сатрини ўқиганимда «Жан-Жак Руссо 300 йил аввал яшагани ёлғон, у менинг замондошим, у менинг ватандошим, у бугун ва ҳозир  орамизда яшаётган бўлса керак, бўлмаса, кўзим кўриб турганини. шуурим англаб турганини у 300 аввал қаердан билсин?» деб ўйлайман ичимда.
«Ўғирлигу алдовдан орттирган бойлигидан ҳадсиз қутурган, йигирма-ўттиз хонали данғиллама саройлар тиклаган, исрофли ва дабдабали тўю ҳашамлар ўтказган, аммо, боласига битта китоб олиб беришни хаёлига келтирмаган, тўйига келиб фонограмма билангина «нолиш»  қиладиган, аслида  чийилдоқ овозли отарчи устидан доллар сочган,бироқ, бирон бир беваю бечорага бир тийин беришни ўйламаган, юзлари қон сачраб чиқадиган даражада тирсиллаган  бойваччалару  халқ ва давлат мулкини ўзиники қилиб олган,пора олишдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган  «кибор»лар  300 йил аввал Францияда яшаганмикан?» деб  тағин ўйлайвераман-
ўйлайвераман.  Ўйлашдан чарчаб, тўртинчи қаватдаги  деразадан бошимни чиқариб: «Жан-Жак Руссо, сен Тошкентнинг қайси кўчасида яшайсан ўзи?» деб бақиргим келади.

Олисдан келган мактуб — рисоладаги мана бу сатрларни қайта-қайта ўқийман: «Инсониятга ( демак, халқингга ҳам)  янада фойдалироқ иш қилмоқчимисан?  Бойликка интилма, усиз ҳам яшашни ўрган; бойнинг такаббурлигидан ҳазар қил, олийжаноб мақсадлар йўлида одамларни бахт излашда беғараз бўлишга ўз ибратинг билан ўргат, уларга намуна бўл.».

Хуршид Даврон
2012

091

034 Жан-Жак Руссо (1712-1778) франц у з маърифатпарвар-файласуфи, ёзувчи.
Руссо кўп фалсафий асарлари ва рисолаларида ўз давридаги тенгсизлик ва зулмга асосланган сиёсий тузумни қаттиқ танқид қилади. Адиб шахс ва жамият ҳақидаги фикрларини “Одамлар орасида тенгсизликлар келиб чиқиши ва унинг асослари ҳақида мулоҳаза” номли китобида кенг баён этган.

Файласуф ёзувчининг “Ҳарбий асирлар”, “Иқрор”, “Юлия ёки Янги ҳаёт”, “Эмил”, “Ёлғиз хаёлпарастнинг сайри” сингари асарлари Европа адабиётларида маърифий йўналиш, руҳий таҳлилнинг кучайишига катта ҳисса қўшган. Жуда кўп йирик ёзувчилар, жумладан, Байрон, Гюго, Лев Толстойлар Руссони устоз деб тан олганлар. Адибнинг ижодий қамрови жуда кенг. Руссо илгари сурган ғоялар кўпгина мамлакатлар ижтимоий тафаккурига кучли таъсир кўрсатди. Унинг “Фанлар ва санъатлар ҳақида мулоҳазалар”, “Сиёсий шартнома” каби фалсафий-таълимий асарларида шахс тарбияси, фикр ва туйғулар эркинлиги, санъат ва фалсафанинг маънавиятга таъсири каби масалалар чуқур ёритилган. У 1750 йилда Париж Бадиий академиясида қилган “Илм-фан ва санъат равнақи ахлоқнинг покланишига ёрдам берадими?” номли маърузаси учун юксак мукофот билан тақдирланган. (Бу маъруза “Жаҳон адабиёти” журналининг 2010 йил июнь сонида эълон қилинган.)

Адиб таваллудига бу йил (2012 йил) уч юз йил тўлди. Руссо илгари сурган маърифатпарварлик ғоялари, инсоннинг маънавий-руҳий камолоти, адолатли бошқарув, давлат ва жамият ҳаётида маърифатли ҳукмдорнинг ўрни ва роли ҳақида билдирган фалсафий фикрлари ҳали-ҳануз яшашда давом этмоқда.

Қуйида адибнинг мулк ва бойлик, бахт ва бахтсизлик, нафс ва қаноат туйғулари ўртасидаги меъёр, чегара ҳақида теран ҳаётий мулоҳазалар илгари сурилган фалсафий рисоласи эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

ЖАН-ЖАК РУССО
ХАЛҚ БАХТИ ҲАҚИДА
Фалсафий рисола091

023  Мен ҳақиқатни шунга муносиб равишда рўй-рост айтаман. Соддаликдан жирканадиган, самимийликка нафрат билан қарайдиган кўрқоқ ўқувчилар, китобимни ёпиб қўйинг, сиз учун ёзилмаган у. Ёвуз қалбингизни қаноатлантира оладиган ҳақиқатнигина қадрлайдиган заҳарханда ўқувчилар,китобимни ёпиб, уни улоқтириб ташланг, чунки қидираётган нарсангизни ундан топа олмайсиз, мабодо ўқисангиз муаллифнинг сизга бўлган нафратини уқиб оласиз.

Эзгуликни қадрлайдиган, дўст-биродарларини яхши кўрадиган, уларнинг хатоларидан афсусланиб, иллатларидан нафратланиб юрадиган, инсоният бошига кулфат тушса, ундан қайғурадиган, энг асосийси, камолотга интилаётган одам ушбу китобни бемалол ўқиши мумкин. У қалблардан акс-садо топади.

Ўз фикримнинг ўзимга ёқиши қувонтиради. Қачонлардир, қайсидир бир давлат арбоби том маънода Фуқаро бўлиб етишса, у фақатгина ўзидан олдинги раҳбарнинг қонунларини бекор қилиш билангина шуғулланмасдан балки халқ аҳволини яхшилаш, унинг фаровонлигини ошириш ҳақида қалбдан ўйлайди. У қуруқ ваъдалар билан чекланиб қолмасдан, амалда ҳаракат қилади, халқ манфаатларини оёқости қилмасдан, фақатгина ўз мавқеини мустаҳкамламасдан, ҳокимиятини халқ бахт-саодати йўлида хизмат қилишга қаратади. Бахтли тасодиф туфайли ушбу китоб қўлига тушиб қолса менинг ноаниқ фикрларим уни фойдали ишларга жалб қилади, инсонларни яхшироқ, бахтлироқ бўлишига хизмат қилади, мен эса бу ишларга алоқадор бўлиб қоламан, деб орзу қиламан.
Ушбу орзу мени қўлимга қалам олишга рағбатлантирди.

Орадан йиллар ўтиб номим адабиёт йилномаларидан ўчиб кетган тақдирда ҳам, майли, ушбу китобим нотаниш ва бечораҳол, лекин доно ва бахтли халқ мулки бўлиб қолсин. Улар шон-шуҳрат ва ғалаба кетидан қувмасдан, ушбу китобни мамнуният билан баъзи-баъзида ўқиб турсин.

1

Биз яшаётган шароитда ҳамма жойда дабдабаю ҳашамат, касб-ҳунару санъат асарлари тўлиб-тошиб ётган бўлса-да, биз ҳар куни инсоният бошига ёғилаётган кулфатлардан қайғуга тушамиз, турмушимизда тез-тез учраб турадиган оғирликлардан нолиймиз, айни пайтда бир парча егулик учун жонини ҳавф остига қўйиб, чакалакзорларда машаққат чекиб яша- ётган ярим яланғоч ёввойилар орасида ҳаётдан нолиш йўқ. Улар эртага қандай машаққатлар кутаётганлигини ўйламасдан, қайғу нималигини билмасдан қувончга тўлиб тирикчилик қилади. Мусибатларимизнинг бош сабаби шундаки, биз кичкина кўнгилсизликларнинг олдини оламиз деб катта бало-офатларга дучор бўламиз.

2

Аввало гап-сўзларимиздаги икки хил маъноли ифодаларни бартараф қилишдан бошлайлик. Энг яхши Бошқарув тушунчаси ҳам ҳар доим энг кучли Бошқарув деган маънони англатмайди. Куч – восита холос, уни қўллашдан мақсад – халқ бахт-саодатидир. Аммо “бахт” сўзининг маъноси айрим одамлар учун ноаниқ, халқ орасида ундан-да мавҳумроқ. Бахт ҳақидаги тасаввурларнинг турли-туман эканлиги жамиятдаги сиёсий мезонларни майдонга чиқаради, уларнинг мақсадини белгилаб беради. Халқ бахтини фикран тасаввур қилайликда, шунга биноан ўз қонунларимизни асослайлик.

Жаноблар, қайси халқ энг бахтиёр, деб сўраяпсиз? Бу масалани узил-кесил ҳал қилиш учун етарли билимга эга эмасман, лекин уни ҳал этиш учун ёрдам берадиган ишончли меъёрларни белгилашга ҳаракат қиламан, агар буни уддалай олсам, ниятингизни амалга ошириш мақсадидан четга чиқмадим, деб ҳисоблайман.

Агар дунёда бор бўлса, қани ўша бахтли одам? Кимдир буни биладими? Бахт шунчаки ҳузур-ҳаловат эмас, шунчаки ўзгариб турадиган ўткинчи руҳий ҳолат ҳам эмас, балки у инсоннинг дахлсиз ички оламидаги алоҳида барқарор ҳиссиётлари ва руҳий кечинмаларидадирки, у ҳақда ҳеч ким аниқ фикр юрита олмайди. Бу нарсани ўзи бошидан кечирган одамгина тушуниши мумкин. Демак, ҳеч ким ўзгаларнинг бахти ҳақида тайинли фикр айта олмайди. Гап сиёсий жамиятлар ҳақида кетганда бу бутунлай бошқа масала. Уларнинг бахт-саодатию ғам-ғуссалари очиқ-ойдин кўриниб турган нарса, ички ҳиссиётлари ҳам ижтимоий характерга эга. Шубҳасиз, оломон бу ерда янглишади, у нималарда янглишмайди дейсиз? Кўриб турганини англай оладиган инсон учун одамлар қандай кўринишда бўлса, шундайлигича аён бўлади, уларнинг маънавий-ахлоқий моҳияти ҳақида гапириб ўтирмайди.

Ҳақиқий ҳолатимиз ва имкониятларимиз билан истак-хоҳишимиз орасидаги, мажбуриятларимиз ҳамда иштиёқларимиз, инсонлар ва фуқаролар ўртасида табиат ва жамият ўрнатган тартиблардаги зиддиятлар бахтсизлигимизни ташкил қилади. Иккаласидан бирини танланг, ўшанда имкон борича инсонни бахтли қилган бўласиз.

Инсонни борлиғича давлат ихтиёрига беринг ёки унинг ўз ҳолига қўйинг, уни қалбини қисмларга ажратиб бўлмайди, юраги эзилиб кетади, яна ўйламанг, мусибат чекаётган халқни бошқараётган давлат бахтли  бўлади деб. Сиз бахт деб атаётган халқнинг маънавий-ахлоқий ҳолати ўз ҳолича хомхаёл. Халқ хотиржамлик ва фаровонлик туйғуларини сезмас экан, бошқаси сариқ чақага арзимайди. Фарзандлар ишида муваффақият бўлмас экан, оила гуллаб-яшнамайди.

Инсоннинг табиатига мос тушадиган имконият беринг, у ким бўлишни хоҳлаган бўлса, ўзи истаган ҳақиқий ҳолатига кирсин. Бу билан сиз ижтимоий турмуш қонунларини улар қалбига жойлаган бўласиз. Шунда одамлар ўз табатига кўра фуқаролар эса ўз иштиёқига кўра бирлашади,раҳмдил бўлишади, бахтга эришади. Халқнинг роҳат-фароғати – давлатнинг тинчлиги, хотиржамлигидир. Давлат туфайли халқ бирор нарсага эришар экан, демак, ўзи ҳам бир нарсаси билан унга дахлдор бўлади.

Мажбурий чоралар ёнига халқнинг истак-хоҳишларини ҳам қўшдингиз,ижтимоий бойликни хусусий мулк билан янада бойитдингиз. Энди давлат деганда мана шуларнинг барчаси бир бутунликда тушунилади. Оила эса, мана шу фарзандларим туфайли гуллаб-яшнадим, дея фахрланади.

Ҳар қандай давлат тизимида унга қарашли бўлмаган нималардир бор: айтайлик, одамларнинг истак-иродаси; унинг таъсир кучи қанчалик муҳим эканлигини ким инкор эта олади? Ҳар ким фақат ўз ҳолича бахтли бўлишни орзу қилар экан, эл-юрт, Ватан бахтиёр бўлолмайди.

3

…энг муҳими, ижтимоий бахт барчани бирдек бахтли қилиши зарур эканлигини, акс ҳолда у маъно ва моҳиятсиз бир сўзга айланишини ёдда тутмоқ керак.

4

Халқнинг маънавий-ахлоқий аҳволи унинг мутлақ ҳолатига эмас, балки одамлар ўртасидаги муносабатларга кўпроқ боғлиқдир.

5

Халқ қай усулда бахтли бўлишини тушуниш учун бахтсизларнинг аҳволини ҳам яхши ўрганиш керак. Бахтли бўлиш учун нималар етишмаслигини аниқлаш билан бирга бахтли одам нималарга эга бўлишини ҳам билиб оламиз.

6

Халқ бахти нималардан иборат эканлигини аниқлаш учун одамларнинг бу ҳақдаги фикрларини жамлаш етарли бўлмаса керак. Халқнинг фаровонлиги жуда кўп нарсаларга боғлиқ, алоҳида шахсларнинг фаровонлигини аниқлаш ҳам унчалик осон эмас. Бинобарин, бу борада адашмаслик учун жуда кўп меъёрларни бир-биридан алоҳида ажратиш лозим. Халқ бахтининг ўзига хос хусусиятларини билдирувчи ҳақиқий мезонларни тўғри белгилаш керак.

7

Ликург  ўз  қонунларини жорий қилгач, фуқароларидан беҳисоб шикоятлар туша бошлади. Дунёда энг адолатли қонунлар яратгани ва халқи шу туфайли жаҳонда катта ҳурмат, шон-шуҳрат қозонгани туфайли, бу қонунларни сақлаб қолиш мақсадида у ҳийла ишлатиб, ўзга юртларга бош олиб кетиб, дарбадарликда умр кечиришни лозим топган. Жаҳонга ҳоким бўлиш даражасига етган римликлар давлат бошқарувчилари устидан тўхтовсиз шикоятлар ёғдирмаганмиди? Энг яхши бошқарувчилари бўлган халқлар бошқалардан кўра кўпроқ норозилик билдирмаяптими? Оламда ҳали ўз халқининг бахтли яшашини тўла таъминловчи, нуқсонлардан холи бирорта давлат бошқарув шакли йўқ. Энг яхшилари, агар ақлли иш тутса, фуқаролар бахтли бўлиши учун имконият яратиб беради. Бу бахт ҳеч қачон оломон бахти бўла олмайди.

Юртни кўпчилик бўлиб бошқарганда ҳар бир фуқаронинг истак-хоҳиши ёки иштиёқига эмас, балки барчани қаноатлантира оладиган умумий қонунларга таянган ҳолда иш юритиш керак. Ҳар бир давлатда донолик билан ўйлаб иш қилинса, яъни таълим-тарбия, урф-одат ёрдамида ижтимоий ахлоқ нормалари шакллантирилса, айрим иштиёқманд фуқароларни ҳам шунга итоат эттириш мумкин, шунда улар ҳукуматдан мамнун бўлиб яшайдилар, бошқа давлатнинг яхши ёки ёмонлиги билан қизиқмайдилар.

Одамларнинг яшаш шароити ўзгариб қолса, шикоят ҳам кўпаяди, чунки одам борки, шикоят бор. Демак, давлат тараққиётини фақат фуқароларининг ўзларини бахтли ҳис қилиши билангина чеклаб бўлмайди. Қабул қилинган қонунлар оқилона бўлиши керак, токи фуқаролар ўзаро манфаат асосида алоқалар ўрнатсинлар, ўзга халқлар ёрдамига муҳтожлик сезмасинлар ана шундагина алоҳида шахслар ҳам, жамиятнинг барча аъзолари ҳам ўз бахтини тан оладилар. Бошқа халқлар муҳтож бўлган нарсалар ўз ватанида етарли даражада муҳайё бўлиб, унга муҳтожлик сезилмаса, унда бахт эшиги янада кенгроқ очилади.

Касб-ҳунар ривожланган, савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйган халқларда маблағ кўпайса, бу – бахтли яшаш омилларининг энг асосийси деб ҳисоблайман. Тўғри, бахтни бойликка боғлаб бўлмайди, лекин яхши томони шундаки, пулдор одам ўз эҳтиёжларини тўлароқ қондиради, ўзгага мухтож бўлиб қолмайди, иккинчидан ўзгаларни ўз иродасига бўйсундириб, уларни ўзига қарам қила олади. Халқнинг бахти, фаровонлиги ана шунда.

Савдо-сотиқ ва касб-ҳунарга келганда шуни айтишим мумкин: уларнинг ривожи товар-пул айланмасини таъминлайди, беҳисоб пул, даромад келади, хоҳлаган нарсани, хоҳлаган миқдорда сотиб олиш имконияти пайдо бўлади. Мен аниқлаб беришим зарур бўлган мезонлардан бири ҳам шу.

Бахт ва фаровонликни ташкил қилувчи шу мезон ўзига бошқа меъёрларни ҳам қамраб олади ва бир-бирига мос тушади, тўлдиради.

Барча эҳтиёжларимиз икки хил бўлади: жисмоний эҳтиёжларимиз – ҳаётимизни сақлаб туриш учун зарур бўлган, бизга қулайлик яратадиган, ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган нарсалардир. Уларни истеъмол қилиш одат тусига кириб, жисмимиз шунга кўникиб қолган. Шаҳарлик олифта аёл ёз жазирамасида соябонсиз икки соат туриб кўрсин-чи, уни офтоб уради ёки бир касаллик орттириб олади, ваҳоланки, деҳқон аёл учун бу ҳолат табиий. Шаҳарлик жаноб қишлоқдаги мол-мулкини кўриб келиш учун уловсиз бора олмайди. Юмшоқ кареталарда юриб ўрганган одам от миниб узоқ юролмайди. Қулайликларга ўрганган одам кашандага ўхшаб қолади, усиз туролмайди.

8

Ўзинг бирга яшаб турган халқингни бахтли қилиш учун ҳукмдорларга китоб – қўлланма ёзиш шартмикан? Яхшиси, ўз тажрибангизга таяниб иш кўринг.

9

Адолат сизга ҳамроҳ бўлсин: фуқароларингиз осойишталигини, хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мол-мулкини сақлаш ҳам сизнинг вазифангизга киради: бу ҳали ҳаммаси эмас, уларни бахтли қилишингиз керак. Хукмдорнинг асосий вазифаси ана шунда.

БОЙЛИК ҲАҚИДА

023   Қадрли дўстим Хризофил! Сен билан қурган охирги суҳбатимиздан олган таассуротларимдан ҳанузгача қойил қоламан. Кела қол, ўша суҳбатимизга яна қайтайлик, токи қалбингдаги орзу-ҳаваслар сени тарк этмасин, мен эса сенинг бахтли бўлишингни ўйлаб қувончга тўлиб юрай.

Сенга тўғрисини айта қолай: сен ҳақингда бойлик орттириш учун барча имконият ва қобилиятини аямайдиган бир шуҳратпараст йигит деб ўйлардим. Бебаҳо хазинага эришиш учун табиат ато қилган неъматлардан ҳам воз кечишга тайёр эканлигингни, бойлик эса ўзи билан бирга жамоатчилик фикрини ҳам етаклаб келишига ишонишингни билардим. Сен билан учрашиб туриш менга ёқарди, суҳбатлашишдан ҳузур қилардим. Сен эса эртами-кечми соясидан бебаҳра бўлиб қолишни хаёлингга ҳам келтирмай, дам олиш учун ўзингни дарахт панасига урардинг. Ҳар гал сен билан хайрлашганда “Бу бола яхши инсон бўлиб етишиши мумкин эди. Лекин у бойликни танлади” дея афсусланиб ўйлаб қолардим. Лекин сен дилингда тугиб юрган мақсадингни очиқ-ойдин айтганингда, мен қалбингда битмас-туганмас очкўзлик манбаини кўрдим ва ноқулай аҳволда қолдим. Дам олишингни ожизликка йўйиб, сен ҳақингда нохақ ҳукм чиқарганингни ўйлаб ўзимни койидим, ахир бу ожизлик сенга нисбатан ҳурматимни оширадиган асослардан бири эканлигини тушундим.

Сен шундай оҳангда гапирдингки, у қалбимнинг ич-ичига кириб борди, мен бойликка шунинг учун интиламанки, унинг натижасида келиб чиқадиган ноҳақликларга чек қўймоқчиман. Оғир аҳволга тушиб қолган бечораларни кўриб, уларга ёрдам беролмаганимдан фиғоним фалакка чиқади, ачинганим фойдасиз эканлигидан афсусланаман…

Бойлик ўзгаларни муҳтожликдан қутқариш учун сарфланади, шунинг учун унинг қадрига етаман: олтин ёрдамида бебаҳо неъматларга эришиш мумкин, деб қўшиб қўярдинг. Хавотир олманг, қанчалик даражада беҳисоб бойликка эга бўлмай, барибир ўзим истаганча яхшиликка хизмат қилиш учун озлик қилади. Сенга очиғини айтаман: дилингдан чиққан бу сўзлар сенга бўлган ишончимни узил-кесил сусайтириб юборди дея олмайман. Тушунаман, камбағалликдан фахрланиб юрганимдан кўра моддий жиҳатдан етарли маблағим бўлгани яхшироқ. Камбағал бўлиб ҳам кун кўриш мумкин, лекин бойликдан ўз ўрнида фойдаланишга нима етсин, ахир яхшилик қилиш истагини амалга ошириш учун бойликка бойлик қўшиши айни муддао-ку… ”

Эзгу ҳиссиётларинг ҳақида қанчалик кўп ўйласам, ўз даврида менга завқ бағишлаган бахтимдан айрилиб қолаётгандек ҳис қиламан ўзимни. Менга тасалли бериб турган ғайратингга ғайрат қўшишда кўмаклашаётган умидларимдан жудо бўлдим. Камбағалларга ёрдам бериш истагини мендаги қашшоқликка бўлган сабр-тоқатимни адои-тамом қилмоқда. Келажакда кимларгадир қилмоқчи бўлган яхшиликларим бугунги кунда тасодифан менга нисбатан амалда ёвузликка айланмасмикан, деб хавотирдаман.

Кўпчилик қашшоқ одамлар худди менга ўхшаш фикрлайдилар деган ишонч мени бироз тинчлантиради, лекин шунга ўхшаш фикр юритадиган бирорта ҳам бойни учратмадим. Одамларнинг моддий аҳволи ўзгариб, эзгу ишларни амалга ошириш имконияти пайдо бўлганда, уларнинг фикри ўзгариб қандайдир сабабларга кўра яхшилик қилиш истаклари ҳам чиппакка чиқади, деган шубҳам бор. Бу гумонларни тарқатиб аниқлик киритиш учун бойлик сари юришингда сенга ҳамроҳ бўлишга изн бер. Эзгулик ишларингда сенга тўсқинлик қилиш ниятим йўқ. Бундай ишларни ўзим амалга ошириш ҳақида ўйлаб кўрмаганман, шунинг учун сен билан юриш менга таскин берар деб ўйлайман.

Дастлаб мен сезган нарса бойлик билан камбағаллик ўртасидаги улкан масофа – буни нима билан тўлдириш кераклигини билмайман. Бойиб кетгач, ўзингни қандай тутиш ҳақида кўп гапирардинг, лекин нима иш қилиш кераклиги ҳақида айтмасдинг. Мақсадга эришгач, нима ишлар қилиш тўғрисида фикр юритиш етарли эмас. Шу аснода йўлда нималар содир бўлиши, нималарга дучор бўлишни ҳам ўйлаш зарур. Масалан, ўз мақсадингга эришиш йўлида қандай усуллардан ва нималардан фойдаланмоқчисан, шунга эътибор бериш керак.

Қўлга киритаётган бойлигингдан одамларга наф тегиши керак, ахир сен шу мақсадда ҳаракат қиляпсан-ку, акс ҳолда сен ўзингга-ўзинг қарши чиққан бўласан. Шунинг учун бойлигинг янада кўпайишни истасанг уни тўғри йўлга сарфла, даромадинг ҳам, унинг манбаи ҳам ҳалол бўлсин.

Бойлик орттириш мақсадида ноқонуний, ҳаром йўлларга кириб кетиш ҳам мумкин, лекин дўстларинг бунга йўл қўймасликларини биламан, улар ёрдамида адолатсизликка бормасдан яхшигина даромад олиш мумкин. Лекин ўз эътиқодларингдан воз кечмасдан шунча даромадни қандай қилиб тўплашингни кўз олдимга келтиришим қийин. Бир кун келиб мурувватли бойга айланишинг учун яна қанча вақт бешафқат бўлиб юришинг кераклигини тушунишим қийин.

Менга айт-чи Хризофил, бойлик сари юксалиб боришинг давомида сен учун ҳаёт оқими тўхтаб қоладими? Сен ёрдам бермоқчи бўлган камбағалнинг бошига бало-қазо ёғилмайдими? Балки сен кўзлаган чўққига етгунингга қадар улар тўхтаб турар? Бахтсизликнинг оғир юки остида эзилган, тинка-мадори қуриган ҳалол одамларга берадиган ёрдамингни тўхтатиб турарсан, балки? “Дўстим, инсонийлик нуқтаи-назаридан сизни шу аҳволда қолдиришим керак, чунки мен кўзлаган юз минг ливрни ҳали тўплаганимча йўқ, ўша пулдан сизга ёрдам ажратмоқчи эдим. Тўғри, бироз бераҳмлигим бор, лекин ҳозирги пайтда, ҳатто инсон зотини сақлаб қолиш учун ҳам бир (тийин) экю бера олмайман.

Ўттиз йиллардан кейин бир хабар олинг, ўшанда мен бойиб кетган бўламан, мурувватли эканимни ана шунда биласиз”. Хайрли ишнинг ғаройиблигини қаранг – эзгуликка йўлни ёвузлик очиб берса-я! Яхшиликни йўққа чиқарадиган иллатлар-ку бу! Наҳотки, шундан кейин ҳам табиат ато қилган кўкрагингдаги юрагинг уриб турса, ахир сен унинг нидосига қулоқ солмадинг-ку? Наҳотки, ўттиз йилдан сўнг тошга айланган юрагинг табиат даъватига қулоқ тутиб раҳм-шафқат учун, ҳамёнинг эса хайр-садақа учун очилади, деб ўйласанг? Эҳ, дўстим! Агар сен қариганингдагина инсоний фазилатларга эга бўлишни истасанг, Худодан узоқ умр тила, кунинг битиб ўлиб қолишинг ҳеч гап эмас! Йўқотган бир куни учун афсусланиб юрган қўрқоқ император (Марк Аврелий назарда тутилган)га нафрат билан қарашинг керак, ахир сен ёшлик даврингни, ҳаётингни тўртдан уч қисмини бой бермоқчисан, нари борса уларни йўқолган деб ҳисоблаш мумкин. Ёдингда бўлсин, бевақт ўлимдан ташқари интилишларинг ҳеч қандай натижа бермаслик хавфи ҳам бор.

Тақдир инжиқликлари сенга маълум бўлса керак, у ўз билганидан қолмайди, ҳаракатларинг интилишларинг унинг олдида ҳеч нарса эмас? У ўжар қизга ўхшайди, қувганларни йўлда қолдириб кетади, ёмон кўрганларни таъқиб қилади. Сергаклик, қобилият, ҳатто, омад ҳам уни ўз йўлидан қайтара олмайди. Баъзан унинг инжиқлиги тутганда Аристиппни ташлаб, Диогенга (қадимги грек файласуфлари – тарж.) осилади, чанг босган файласуф хонасига ўзини уради. Лейбниц  (1 ) бойиб кетганда, Лас эса қашшоқланиб қолганда ўлим  чанг солади. Қилган ҳаракатларинг муваффақиятли якунланишига ким кафил бўла олади?


1 Бу қайдлар, мазмунига қараганда, Руссонинг Берндаги Иқтисод жамиятига қилган мурожаати билан боғлиқ.


Ўзингга юкланган вазифаларни бажаришда ўз кучингга кўпам ишонаверма, унинг самарали бўлиши сенга боғлиқ эмас, шубҳали ишларни яхши якунланишига умид боғлама, ҳаётинг давомида қилаётган ҳалол ишларинг қандай якун топиши ҳам номаълум. Эй, бебахт! Беқарор тақдирни бойлик ёрдамида ўз измингга солмоқчи бўлдингми? Агар сен бевақт ўлим топсанг ёки ишларинг бароридан келмаса, хомхаёлга берилиб ёш умрингни бекорга сарфласанг, умринг охирида умидсизликка тушиб шарманда бўласан.

Бойлик кетидан бекорга қувиб, ҳеч нарсага эриша олмасдан, ўзгаларнинг дуосини олмасдан, ўзингдан ҳам кўнглинг тўлмасдан, ҳамма нарсасини бой берган омадсиз, ҳаётида бирорта ҳам одамни бахтли қила олмаган инсоннинг ўлими қандай даҳшат!

Сиз ҳозир камбағалсиз, лекин инсофли одамсиз. Бойиб кетгач, кимга айланиб қолишингизни биласизми? Мавқеингиз ўзгаргач, фикрингиз ҳам, ақидаларингиз ҳам иродангизга боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгаради, ўзлигингиз ҳам ҳозиргисига ўхшамайди, ўй-фикрларингиз ҳам бошқача бўлади. Сиз ҳозирча бойишдан мақсад бева-бечора ва муҳтожларга ёрдам бериш, бойликни эзгу мақсадларга ишлатиш истагим бор, деб айтасиз. Гўё энг биринчи эзгулик – ёвузликка йўл қўймаслик эканлигини билмагандек. Ўзгаларнинг камбағаллашуви эвазига эмас, балки ўз ҳолича бойиб кетиш иложи бормикан? Қўни-қўшниларини талаб бойиб кетган, кейин уларга шу ҳисобдан садақа улашган “мурувватли одам” ҳақида нима дея олардингиз? Шундай деб ўйлайдиган одамни, ким бўлишидан катъий назар, алданиб қолган ёки мунофиқ деб атаган бўлардим. Бундай одам ўзгаларни алдайди ёки уни ўз қалби алдайди, хасис эканлигини инсон қиёфаси остига яширади.

Келажакда хайрли ишларга сарф қилмоқчи бўлиб ҳаром йўллар билан бойлик орттирсанг, Худо йўлига деб, яқинларини талаб, пулини чўнтакка урган сохта художўйга ўхшаб қоласан.

Бағритошлик одатга айланиб қолди ҳам дейлик, у ҳолда хайрли иш учун тўплаган бойлигингни чегараси борми? Қайси ўлчовдан келиб чиқиб буни белгилайсан, виждонинг уйғониб, “етарли” дейишга тилинг борадими? Агар сен ўйлагандек, олдин етарли даражада бойлик тўплаб олиб, кейин хайрли ишларга сарфламоқчи бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон тўплай олмайсан. Сенга ўхшаганлар туфайли одамлар бошига тинмай бало-қазолар ёғилиб туради, сен эса чексиз бойлик тўплашга бутун умрингни кетказасан, оқибатда бирорта одамга ҳам нафинг тегмай, ўз бойлигинг, қарилигинг ва хасислигинг юки остида эзилиб ўласан.

Унинг ўрнига чаққон ва жонкуяр бўл, топган бойлигингни бева-бечораларга тезроқ тарқатиб бер, чунки вақт сенинг измингда эмас, у ўтаверади. Эй, Хризофил! Бойликка эга бўлиш билан уни хайрли ишларга сарфлаш орасида вақт масофаси бор, ана шу масофани чўзиб юборишдан қўрқ, хайрли ишда барқарор бўл. Ана шунда нафс балосидан қутуласан.

Одамларнинг фикрлаш тарзи кўпинча атрофидаги яқинларига боғлиқ. Ўз ақидаларига содиқ бўлиш жуда қийин, чунки атрофидагилар ҳам, ўзининг истак-хоҳиш, эҳтирослари ҳам унга путур етказишга тинмасдан ҳаракат қиладилар. Агар сен виждонингга ва ҳақ сўзларга қулоқ солиб яшаётган бўлсанг, ортиқча ноз-неъматлар сени унча қизиқтирмайди. Шунинг учун бой бўлиб кетгач икки йўлдан бирини танлашинг керак: ёки бой одам сифатида яшашинг ёки кулгига қолиб бўлса ҳам, камбағаллигингча қолишинг керак. Фалак ато этган мавқега эга бўлсанг, у ҳолда камтарона, ўзингни камситмасдан, мурувватли бўлиб яшашинг мумкин, бунга курашсиз ҳам эришаса бўлади. Бу афзалликни арзимас бир нарса деб ҳисобламасанг керак?

Сен ўз бойлигинг билан нималарга қодир эканлигингни кўрсатарсан? Агар сенга қулоқ соладиган бўлсак, ўзгаларга мурувват кўрсатиш бахти фақат бойларгагина насиб этган, камбағаллар бундан маҳрум демоқчимисан.

Сенингча, фақат бойликкина инсонийликка яхши хизмат қила олар эканда? Бундай фикрга борадиган одамлар эзгуликнинг манбаи менинг сандиғимда деб ўйлайдилар, ҳақиқий эзгулик қидирувчилар бошқача фикрдалар. Катта бойлик катта истаклар келтириб чиқаради деган Фаворииус доно фикр айтган. Сен учун зарур бўлган энг яхши восита – сендаги ортиқча бойликни тортиб олишдир.

У мен учун нима иш қилди?  Менга овқат беради. Нима, шусиз яшай олмайманми? Бу қуллик билан баробар-ку. У мени шарманда қилди, қобилиятимни оёқости қилиб, ғуруримни ерга урди, овқат билан эмас хўрлик билан боқди, ўлимимга ҳам рози эдим. Айни пайтда, мен унинг учун нима иш қилдим? Мен унинг манманлигини боқий семиртирдим, қотиб қолган қалбига жон киритдим. Мени боқиш учун у фақат хамёнидангина пул сарф қилган бўлса, мен бутун қобилиятимни, эркимни, бутун борлиғимни сарфладим: овқатга деб сарфлаган пули эвазига у қонимни ичди.

Биламан, ўзларини энг виждонли деб хисоблаб юрган пасткаш одамлар ўзларича нозик ҳиссиётлардан нафратланишади. Ўзларини ҳалол одамлар қаторига қўшишади-ю, аммо ўзгалар ҳисобидан бойиб кетишдан ҳазар қилишмайди. Лекин сен, азизим Хризофил, юксак даражада фикрлайсан, эзгуликнинг энг биринчи кўриниши, ўзгаларга ёмонлик қилмаслик эканлигини биласан. Адолат қоидалари билан эзгулик қоидалари орасида узоқ масофа бор. Сен олаётган фойда қанчалик қонуний бўлмасин унга муҳтож бўлган одамлар атрофингда тўлиб ётипти, уларнинг ҳам ҳаққи бордир, уларнинг зарари ҳисобига бўлса керак бу бойликлар? Бойлик тўплаш йўлида ўзинг билмаган ҳолда ўзгаларга зарар етказмадиммикан деган хавотир сенда ҳам, яхши ниятли бошқа одамларда ҳам бўлиши керак.

Бой бўла туриб инсон бўла олмаган одамни қандай қилиб ҳақиқий инсон дейиш мумкин?
Кўп одамлар бойликни хайрли ишларга сарфлаш керак деб хисоблашади, лекин бойликка эришгач, уни бошқа мақсадларга йўналтиришади.

Инсоният бошига тушадиган фалокатларни ўйлайсан-у, амалда уларни ҳис қилмайсан. Мурувватли бўлиш мақсадида бой бўлишга интилаётган ўртамиёна одамлар йўлига тўсиқ қўйишга эҳтиёткорроқ бўлардим. Сен ҳам шу мақсадда бой бўлмоқчисан, бу йўлда сенга ҳам турли тўсиқлар учрашии мумкин, лекин сен уларни бартараф қила оласан.

Ҳурматга сазовор одамларнинг тан олишича кўпчилик ўзгаларнинг фирибгарлик йўли билан топганларини ўзлаштиришдан ҳазар қилмайдилар. Улар ўзларини мурувватли инсонлар қаторига қўшадилар. Аслида улар бошқа барча одамлар адолатли бўлсаларгина, шундан кейин мен ҳам адолатли бўламан деб фикрлайдиганлар тоифасига киради. Эй, Хризофил! Сени яхшироқ билганимда, шу тариқа кечирим сўраб ўтирмаган бўлардим, чунки бундай фикрлашга ботина олмаган бўлардинг.

Қулф-калитли, тамбаланган, занжирли темир эшиклар сонини кўпайтиринг, қоровуллар, қўриқчилар қўйинг. Қатл қилиш учун дорлар, кундалар ўрнатинг, қийноқларнинг янги-янги усулларини ўйлаб топинг, азоб-уқубат чекаётган йўқсилларни кўрганда қалбингиз тошга айлансин. Ўзингиз амал қилаётган қонун-қоидаларни ўргатиш учун ўринбосарлар тайёрланг. Бу ишга янгидан-янги ёзувчиларни жалб қилинг, уларга яхши ҳақ тўланг, токи ўғирлик учун қашшоқлар қаттиқ жазога тортилсин, бойлар эса ялла қилиб юраверсинлар.

Бундай тартибни қонун даражасига кўтаринг. Хавотир олманг, еб-тўймас нафсингиз ўзгаларнинг нафслари хакалак отишига хизмат қилади, фирибгарлигингиз атрофингизда ўзингизга ўхшаш фирибгарларни тўплайди, қилмишингиз худди шундай йўл билан яна ўзингизга қайтади. Тубан ниятларингизни амалга ошираётган атрофингиздаги бузуқ аёллар сизнинг ҳисобингиздан жирканч харидорларингизга хизмат қилади, ҳиссиётларингиз разилликдан озиқланади, дастурхонингиздаги сарқит овқатлар сизга мунтазир бўлади.

Очкўз хизматкорларингиз катта пул эвазига тезакни тансиқ таом сифатида қўлингизга тутқазади, сезгингиз айнигани сабабли сиз буни билмай қоласиз. Текинхўр ҳамтовоқларингиз тезак еб роҳатланганингизни кўриб, яширинча устингиздан кулишади, сиз эса зиёфат учун катта пулга тушганингиздан мақтаниб қолаверасиз.

Бу орада қаллоблик билан қўлга киритган бойлигингиз совурилади, сиз эса бахтга эмас, афсус- надоматга эришасиз. Бойлигингиз манбани ўйлаб виждонингиз қийланади, уни йўқотганлигиздан афсусда қоласиз. Эшиклар бузилган, занжирлар узилган, сандиқлар очилган – ҳафсалангиз пир бўлади. Кўрган эҳтиёт чораларингиз аксига хизмат қилади. Бирор ишончли ҳалол одамни тасодифан учратиб қолсангиз, юзлаб фирибгарлар келишиб олиб бутун айбни унга юклашади, қулай вазиятдан фойдаланиб талончиликни давом эттиришади. Бойлигингизни совураётган минглаб одамларни кўриб турсангиз-да, бирортасини ушлай олмайсиз. Улар бутунлай бошқа шаклга кириб олган бўлади, ўзларини садоқатли қилиб кўрсатишади, амалда нафрат билан қарашади.

Мурувватли одамлар учун дилингизда жой қолмайди, фақат айёр, ярамас одамларгина унга тилёғламалик билан кириб олишади. Ҳаром йўллар билан топган бойлигингизни яхшиликка сарфламоқчи бўлганингизда ҳам, улар янги жиноятларга етаклайди. Сиз учун жонини ҳам беришга тайёр турган минглаб маккор ва аблаҳ дўстларингиз, амалда сизни ўлим талвасасида ётганингизни кўриш истагинда юрадилар. Улар сизни тузалиб кетишингизни кутиб ўтиришларига умид қилмай қўя қолинг. Очкўзлик уларни шу даражага етказганки, ўлим сизни кутиб турмаганидек, улар ҳам кутиб туришмайди, вақтини бекорга кетказмаслик учун уларни сизга нима боғлаб турган бўлса, унинг изидан кетишади. Ҳали ажал келмасидан сиз қашшоқ аҳволга тушасиз, хор-зор бўласиз. Энг ёмон томони шуки, аҳволингизни кўриб ачинадиган инсон топилмайди.

Ҳузур-ҳаловат авжига чиққан пайтида енгиб бўлмас хижолатпазлик дилингизга қайғу уруғини сочади. Сершовқин зиёфат учига чиққан пайтида хотирангиздаги минглаб аччиқ воқеалар жонланади, виждон азоби қалбингизни қийноқларга солади, зиёфат қатнашчиларини шовқин-сурони ҳам уларни боса олмайди. Зиёфатдагиларнинг қувончлари сохта эканлиги бир лаҳзада билиниб, кўз ёшларингиз қалқиб туради. Кўнглингиздаги қадаҳда хушбўй шароб эмас, балки бева-бечора, бахтсизларнинг қони эканлигини тасаввур қиласиз, уларни шу аҳволга ўзингиз солганлигингизни ўйлаб ўзингизни айблайсиз. Агар шу аснода бошингизга мусибат ёғилса нима қила олардингиз?

Ўзингга нисбатан кўнгилчан ўзгаларга нисабатан раҳмсиз бўлганлигингиз сизни шундай ёмон аҳволга солди деб ўйламанг. Пушаймонлик ва виждон азоби қанчалик азоб-уқубатли бўлмасин, қалб сирларингизга айланган, демак, сизда эзгуликка ва мафтункор ҳиссиётларга бўлган муҳаббатингиз сўнмаган. Қалбингиз бузуқликка тўлишидан, унинг тошга айланишидан, шармандаларча тубанликдан, табиий ҳиссиётларингизни бой бериб, нодон ва ҳиссиз тўнкага айланиб қолишдан эҳтиёт бўлинг.

Майли, бойлигидан ажралиб қолишни истамаган хасис одамларга улар ҳамроҳ бўлиб қолаверсин! Уларга хушомад ёқадиган бўлса, хизматкорлари билан бирга юраверсинлар!

Тинимсиз машаққатли меҳнат қилиб, эвазига бир бурда қотган қора нон билан кун кечирувчи бетахтларнинг аҳволига у бефарқ қарайди. Даромад адолатсиз, сарфланган меҳнатга тескари нисбатда тақсимланаётган бўлса, унга нима? Шафқатсиз ва шаҳвоний хирсга берилган кимса эса оғир меҳнатдан эзилган, муҳтожлик ботқоғига ботган миллионлар ҳисобига семириб ётса майли. Пешонага ёзилгани шу, булар одат тусига киргач, ҳамма кўникиб яшайди. Улар похол томли кулбаларда, ҳўкиз молхонада ётгандек, яшаётган бўлсалар, мен ҳам нақшинкор саройларда яшашга кўникишим керак.

Аммо, гап ёввойи мамлакатлар аҳолиси тўғрисида, улар оғир меҳнат қилмасдан, эҳтиёж нималигини билмасдан ташвишсиз ҳаёт кечираётганлиги ҳақида кетганда-чи? Унда ўша ёввойиларга ачиниб кетамиз: қандай қилиб ўзгалар учун қулай ва яхши шароит яратмасдан яшаш мумкин, халқ қонини сўраётган ҳурматли боёнлар бўлмаган мамлакатда қандай яшаб бўлади? Ғам-ташвиш нималигини билмай яшаётган ёввойини бизга кераги борми? Бойликни кўкларга кўтариб, камбағалликни ёмонловчи бизнинг пасткаш донишмандлар ўртасидаги зиддиятлар ана шунда. Улар пул эвазига, берилган буюртмалар бўйича ўз фалсафаларини қулай шароитларга мослаб тўқишади.

Энг ажабланарли томони шуки, серғалва, серташвиш камбағаллар билан ёнма-ён яшашдан қутулиш учун анча-мунча пул сарф қилишга тайёр турган бундай нозиктаъб одамлар амалда бирорта бечорани қашшоқликдан қутқариш учун бир тийин ҳам бергиси келмайди. Бой билан камбағал ўртасидаги келишмовчилик шу даражадаки, биринчиси иккинчисининг аҳволини яхшилагандан кўра, ўзи ноқулай аҳволга тушиб қолишни афзал кўради.

Мурувват кўрсатишдаги энг қулай ва арзон тўлов – бу пулдир.

Тубан йўллар билан бойлар даврасига киришдан кўра яхшиликка сазовор бўлган одамлар орасида қолганинг маъқул, табиат томонидан ажратилган бу икки синф орасига тажовуз қилма.

Кимдир дўстлигини билдириш учун фақат киссасидан пул чиқаришни билади, бошқаси эса ўзгалар учун ташвиш чекади, вақтини, қобилиятини,ҳис-туйғуларини, ҳатто хаётини ҳам аямайди. Шундай тенгсизлик бўла туриб нонкўр бой арзимас садақасини пеш қилиб мақтанади, уялмай-нетмай сурбетларча миннатдорлик талаб қилади.

Бизнинг қобилиятимиз бор, ҳеч бўлмаганда оёқ-қўлимиз бутун-ку, ке қўй,уларга нопок бойликларини қолдирайлик-да, эркимизни асрайлик, Хризофил,менга ишон, уларнинг аҳволи бизникидан ҳам қийинроқ бўлади. Энг яхши кунларимиз ҳам бизни тақдир бевафолигидан асрай олмайди: биз ҳеч қачон уни ўзимизга бўйсундиролмаймиз, ҳатто унинг ўз қуролидан фойдаланганда ҳам. Уни енгиш учун бошқа қуролдан фойдаланиш керак, ўшанда ҳам у тобланган, синалган бўлиши зарур.

…Энг қулайи чиройли ва юмшоқ аравачада талтайиб ўтирган ҳолда камбағални юзига лой сачратиб ўтиб кетиш.
Инсониятга янада фойдалироқ иш қилмоқчимисан? Бойликка интилма, усиз ҳам яшашни ўрган; бойнинг такаббурлигидан ҳазар қил, олийжаноб мақсадлар йўлида одамларни бахт излашда беғараз бўлишга ўз ибратинг билан  ўргат, уларга намуна бўл.

Рус тилидан Абдунаби АБДУҚОДИРОВ таржимаси

0928  iyun  fransuz ma’rifatparvar-faylasufi, yozuvchi Jan-Jak Russo (1712-1778)  tavallud topgan kun

Uch yuz yil avval yashagan insonning fikru mulohazasi shunchalik ham zamonaviy jaranglaydimi? Risolaning har bir satri kecha emas, bugun va hozir yozilgandek. Har satrini o‘qiganimda «Jan-Jak Russo 300 yil avval yashagani yolg‘on, u mening zamondoshim, u mening vatandoshim, u bugun va hozir oramizda yashayotgan bo‘lsa kerak, bo‘lmasa, ko‘zim ko‘rib turganini. shuurim anglab turganini u 300 avval qayerdan bilsin?» deb o‘ylayman ichimda.
«O‘g‘irligu aldovdan orttirgan boyligidan hadsiz quturgan, yigirma-o‘ttiz xonali dang‘illama saroylar tiklagan, isrofli va dabdabali to‘yu hashamlar o‘tkazgan, ammo, bolasiga bitta kitob olib berishni xayoliga keltirmagan, to‘yiga kelib fonogramma bilangina «nolish» qiladigan, aslida chiyildoq ovozli otarchi ustidan dollar sochgan,biroq, biron bir bevayu bechoraga bir tiyin berishni o‘ylamagan, yuzlari qon sachrab chiqadigan darajada tirsillagan boyvachchalaru xalq va davlat mulkini o‘ziniki qilib olgan,pora olishdan boshqa hech narsani o‘ylamaydigan «kibor»lar 300 yil avval Fransiyada yashaganmikan?» deb tag‘in o‘ylayveraman-o‘ylayveraman. O‘ylashdan charchab, to‘rtinchi qavatdagi derazadan boshimni chiqarib: «Jan-Jak Russo, sen Toshkentning qaysi ko‘chasida yashaysan o‘zi?» deb baqirgim keladi.
Olisdan kelgan maktub — risoladagi mana bu satrlarni qayta-qayta o‘qiyman: «Insoniyatga ( demak, xalqingga ham) yanada foydaliroq ish qilmoqchimisan? Boylikka intilma, usiz ham yashashni o‘rgan; boyning takabburligidan hazar qil, oliyjanob maqsadlar yo‘lida odamlarni baxt izlashda beg‘araz bo‘lishga o‘z ibrating bilan o‘rgat, ularga namuna bo‘l.».

Xurshid Davron
2012

091

Jan-Jak Russo (1712-1778) frans u z ma’rifatparvar-faylasufi, yozuvchi. Russo ko‘p falsafiy asarlari va risolalarida o‘z davridagi tengsizlik va zulmga asoslangan siyosiy tuzumni qattiq tanqid qiladi. Adib shaxs va jamiyat haqidagi fikrlarini “Odamlar orasida tengsizliklar kelib chiqishi va uning asoslari haqida mulohaza” nomli kitobida keng bayon etgan.

Faylasuf yozuvchining “Harbiy asirlar”, “Iqror”, “Yuliya yoki Yangi hayot”, “Emil”, “Yolg‘iz xayolparastning sayri” singari asarlari Yevropa adabiyotlarida ma’rifiy yo‘nalish, ruhiy tahlilning kuchayishiga katta hissa qo‘shgan. Juda ko‘p yirik yozuvchilar, jumladan, Bayron, Gyugo, Lev Tolstoylar Russoni ustoz deb tan olganlar. Adibning ijodiy qamrovi juda keng. Russo ilgari surgan g‘oyalar ko‘pgina mamlakatlar ijtimoiy tafakkuriga kuchli ta’sir ko‘rsatdi. Uning “Fanlar va san’atlar haqida mulohazalar”, “Siyosiy shartnoma” kabi falsafiy-ta’limiy asarlarida shaxs tarbiyasi, fikr va tuyg‘ular erkinligi, san’at va falsafaning ma’naviyatga ta’siri kabi masalalar chuqur yoritilgan. U 1750 yilda Parij Badiiy akademiyasida qilgan “Ilm-fan va san’at ravnaqi axloqning poklanishiga yordam beradimi?” nomli ma’ruzasi uchun yuksak mukofot bilan taqdirlangan. (Bu ma’ruza “Jahon adabiyoti” jurnalining 2010 yil iyun sonida e’lon qilingan.)

Adib tavalludiga bu yil (2012 yil) uch yuz yil to‘ldi. Russo ilgari surgan ma’rifatparvarlik g‘oyalari, insonning ma’naviy-ruhiy kamoloti, adolatli boshqaruv, davlat va jamiyat hayotida ma’rifatli hukmdorning o‘rni va roli haqida bildirgan falsafiy fikrlari hali-hanuz yashashda davom etmoqda.

Quyida adibning mulk va boylik, baxt va baxtsizlik, nafs va qanoat tuyg‘ulari o‘rtasidagi me’yor, chegara haqida teran hayotiy mulohazalar ilgari surilgan falsafiy risolasi e’tiboringizga havola etilmoqda.

JAN-JAK RUSSO
XALQ BAXTI HAQIDA
Falsafiy risola

Men haqiqatni shunga munosib ravishda ro‘y-rost aytaman. Soddalikdan jirkanadigan, samimiylikka nafrat bilan qaraydigan ko‘rqoq o‘quvchilar, kitobimni yopib qo‘ying, siz uchun yozilmagan u. Yovuz qalbingizni qanoatlantira oladigan haqiqatnigina qadrlaydigan zaharxanda o‘quvchilar,kitobimni yopib, uni uloqtirib tashlang, chunki qidirayotgan narsangizni undan topa olmaysiz, mabodo o‘qisangiz muallifning sizga bo‘lgan nafratini uqib olasiz.

Ezgulikni qadrlaydigan, do‘st-birodarlarini yaxshi ko‘radigan, ularning xatolaridan afsuslanib, illatlaridan nafratlanib yuradigan, insoniyat boshiga kulfat tushsa, undan qayg‘uradigan, eng asosiysi, kamolotga intilayotgan odam ushbu kitobni bemalol o‘qishi mumkin. U qalblardan aks-sado topadi.

O‘z fikrimning o‘zimga yoqishi quvontiradi. Qachonlardir, qaysidir bir davlat arbobi tom ma’noda Fuqaro bo‘lib yetishsa, u faqatgina o‘zidan oldingi rahbarning qonunlarini bekor qilish bilangina shug‘ullanmasdan balki xalq ahvolini yaxshilash, uning farovonligini oshirish haqida qalbdan o‘ylaydi. U quruq va’dalar bilan cheklanib qolmasdan, amalda harakat qiladi, xalq manfaatlarini oyoqosti qilmasdan, faqatgina o‘z mavqeini mustahkamlamasdan, hokimiyatini xalq baxt-saodati yo‘lida xizmat qilishga qaratadi. Baxtli tasodif tufayli ushbu kitob qo‘liga tushib qolsa mening noaniq fikrlarim uni foydali ishlarga jalb qiladi, insonlarni yaxshiroq, baxtliroq bo‘lishiga xizmat qiladi, men esa bu ishlarga aloqador bo‘lib qolaman, deb orzu qilaman.
Ushbu orzu meni qo‘limga qalam olishga rag‘batlantirdi.

Oradan yillar o‘tib nomim adabiyot yilnomalaridan o‘chib ketgan taqdirda ham, mayli, ushbu kitobim notanish va bechorahol, lekin dono va baxtli xalq mulki bo‘lib qolsin. Ular shon-shuhrat va g‘alaba ketidan quvmasdan, ushbu kitobni mamnuniyat bilan ba’zi-ba’zida o‘qib tursin.

1

Biz yashayotgan sharoitda hamma joyda dabdabayu hashamat, kasb-hunaru san’at asarlari to‘lib-toshib yotgan bo‘lsa-da, biz har kuni insoniyat boshiga yog‘ilayotgan kulfatlardan qayg‘uga tushamiz, turmushimizda tez-tez uchrab turadigan og‘irliklardan noliymiz, ayni paytda bir parcha yegulik uchun jonini havf ostiga qo‘yib, chakalakzorlarda mashaqqat chekib yasha- yotgan yarim yalang‘och yovvoyilar orasida hayotdan nolish yo‘q. Ular ertaga qanday mashaqqatlar kutayotganligini o‘ylamasdan, qayg‘u nimaligini bilmasdan quvonchga to‘lib tirikchilik qiladi. Musibatlarimizning bosh sababi shundaki, biz kichkina ko‘ngilsizliklarning oldini olamiz deb katta balo-ofatlarga duchor bo‘lamiz.

2

Avvalo gap-so‘zlarimizdagi ikki xil ma’noli ifodalarni bartaraf qilishdan boshlaylik. Eng yaxshi Boshqaruv tushunchasi ham har doim eng kuchli Boshqaruv degan ma’noni anglatmaydi. Kuch – vosita xolos, uni qo‘llashdan maqsad – xalq baxt-saodatidir. Ammo “baxt” so‘zining ma’nosi ayrim odamlar uchun noaniq, xalq orasida undan-da mavhumroq. Baxt haqidagi tasavvurlarning turli-tuman ekanligi jamiyatdagi siyosiy mezonlarni maydonga chiqaradi, ularning maqsadini belgilab beradi. Xalq baxtini fikran tasavvur qilaylikda, shunga binoan o‘z qonunlarimizni asoslaylik.

Janoblar, qaysi xalq eng baxtiyor, deb so‘rayapsiz? Bu masalani uzil-kesil hal qilish uchun yetarli bilimga ega emasman, lekin uni hal etish uchun yordam beradigan ishonchli me’yorlarni belgilashga harakat qilaman, agar buni uddalay olsam, niyatingizni amalga oshirish maqsadidan chetga chiqmadim, deb hisoblayman.

Agar dunyoda bor bo‘lsa, qani o‘sha baxtli odam? Kimdir buni biladimi? Baxt shunchaki huzur-halovat emas, shunchaki o‘zgarib turadigan o‘tkinchi ruhiy holat ham emas, balki u insonning daxlsiz ichki olamidagi alohida barqaror hissiyotlari va ruhiy kechinmalaridadirki, u haqda hech kim aniq fikr yurita olmaydi. Bu narsani o‘zi boshidan kechirgan odamgina tushunishi mumkin. Demak, hech kim o‘zgalarning baxti haqida tayinli fikr ayta olmaydi. Gap siyosiy jamiyatlar haqida ketganda bu butunlay boshqa masala. Ularning baxt-saodatiyu g‘am-g‘ussalari ochiq-oydin ko‘rinib turgan narsa, ichki hissiyotlari ham ijtimoiy xarakterga ega. Shubhasiz, olomon bu yerda yanglishadi, u nimalarda yanglishmaydi deysiz? Ko‘rib turganini anglay oladigan inson uchun odamlar qanday ko‘rinishda bo‘lsa, shundayligicha ayon bo‘ladi, ularning ma’naviy-axloqiy mohiyati haqida gapirib o‘tirmaydi.

Haqiqiy holatimiz va imkoniyatlarimiz bilan istak-xohishimiz orasidagi, majburiyatlarimiz hamda ishtiyoqlarimiz, insonlar va fuqarolar o‘rtasida tabiat va jamiyat o‘rnatgan tartiblardagi ziddiyatlar baxtsizligimizni tashkil qiladi. Ikkalasidan birini tanlang, o‘shanda imkon boricha insonni baxtli qilgan bo‘lasiz.

Insonni borlig‘icha davlat ixtiyoriga bering yoki uning o‘z holiga qo‘ying, uni qalbini qismlarga ajratib bo‘lmaydi, yuragi ezilib ketadi, yana o‘ylamang, musibat chekayotgan xalqni boshqarayotgan davlat baxtli bo‘ladi deb. Siz baxt deb atayotgan xalqning ma’naviy-axloqiy holati o‘z holicha xomxayol. Xalq xotirjamlik va farovonlik tuyg‘ularini sezmas ekan, boshqasi sariq chaqaga arzimaydi. Farzandlar ishida muvaffaqiyat bo‘lmas ekan, oila gullab-yashnamaydi.

Insonning tabiatiga mos tushadigan imkoniyat bering, u kim bo‘lishni xohlagan bo‘lsa, o‘zi istagan haqiqiy holatiga kirsin. Bu bilan siz ijtimoiy turmush qonunlarini ular qalbiga joylagan bo‘lasiz. Shunda odamlar o‘z tabatiga ko‘ra fuqarolar esa o‘z ishtiyoqiga ko‘ra birlashadi,rahmdil bo‘lishadi, baxtga erishadi. Xalqning rohat-farog‘ati – davlatning tinchligi, xotirjamligidir. Davlat tufayli xalq biror narsaga erishar ekan, demak, o‘zi ham bir narsasi bilan unga daxldor bo‘ladi.

Majburiy choralar yoniga xalqning istak-xohishlarini ham qo‘shdingiz,ijtimoiy boylikni xususiy mulk bilan yanada boyitdingiz. Endi davlat deganda mana shularning barchasi bir butunlikda tushuniladi. Oila esa, mana shu farzandlarim tufayli gullab-yashnadim, deya faxrlanadi.

Har qanday davlat tizimida unga qarashli bo‘lmagan nimalardir bor: aytaylik, odamlarning istak-irodasi; uning ta’sir kuchi qanchalik muhim ekanligini kim inkor eta oladi? Har kim faqat o‘z holicha baxtli bo‘lishni orzu qilar ekan, el-yurt, Vatan baxtiyor bo‘lolmaydi.

3

…eng muhimi, ijtimoiy baxt barchani birdek baxtli qilishi zarur ekanligini, aks holda u ma’no va mohiyatsiz bir so‘zga aylanishini yodda tutmoq kerak.

4

Xalqning ma’naviy-axloqiy ahvoli uning mutlaq holatiga emas, balki odamlar o‘rtasidagi munosabatlarga ko‘proq bog‘liqdir.

5

Xalq qay usulda baxtli bo‘lishini tushunish uchun baxtsizlarning ahvolini ham yaxshi o‘rganish kerak. Baxtli bo‘lish uchun nimalar yetishmasligini aniqlash bilan birga baxtli odam nimalarga ega bo‘lishini ham bilib olamiz.

6

Xalq baxti nimalardan iborat ekanligini aniqlash uchun odamlarning bu haqdagi fikrlarini jamlash yetarli bo‘lmasa kerak. Xalqning farovonligi juda ko‘p narsalarga bog‘liq, alohida shaxslarning farovonligini aniqlash ham unchalik oson emas. Binobarin, bu borada adashmaslik uchun juda ko‘p me’yorlarni bir-biridan alohida ajratish lozim. Xalq baxtining o‘ziga xos xususiyatlarini bildiruvchi haqiqiy mezonlarni to‘g‘ri belgilash kerak.

7

Likurg o‘z qonunlarini joriy qilgach, fuqarolaridan behisob shikoyatlar tusha boshladi. Dunyoda eng adolatli qonunlar yaratgani va xalqi shu tufayli jahonda katta hurmat, shon-shuhrat qozongani tufayli, bu qonunlarni saqlab qolish maqsadida u hiyla ishlatib, o‘zga yurtlarga bosh olib ketib, darbadarlikda umr kechirishni lozim topgan. Jahonga hokim bo‘lish darajasiga yetgan rimliklar davlat boshqaruvchilari ustidan to‘xtovsiz shikoyatlar yog‘dirmaganmidi? Eng yaxshi boshqaruvchilari bo‘lgan xalqlar boshqalardan ko‘ra ko‘proq norozilik bildirmayaptimi? Olamda hali o‘z xalqining baxtli yashashini to‘la ta’minlovchi, nuqsonlardan xoli birorta davlat boshqaruv shakli yo‘q. Eng yaxshilari, agar aqlli ish tutsa, fuqarolar baxtli bo‘lishi uchun imkoniyat yaratib beradi. Bu baxt hech qachon olomon baxti bo‘la olmaydi.

Yurtni ko‘pchilik bo‘lib boshqarganda har bir fuqaroning istak-xohishi yoki ishtiyoqiga emas, balki barchani qanoatlantira oladigan umumiy qonunlarga tayangan holda ish yuritish kerak. Har bir davlatda donolik bilan o‘ylab ish qilinsa, ya’ni ta’lim-tarbiya, urf-odat yordamida ijtimoiy axloq normalari shakllantirilsa, ayrim ishtiyoqmand fuqarolarni ham shunga itoat ettirish mumkin, shunda ular hukumatdan mamnun bo‘lib yashaydilar, boshqa davlatning yaxshi yoki yomonligi bilan qiziqmaydilar.

Odamlarning yashash sharoiti o‘zgarib qolsa, shikoyat ham ko‘payadi, chunki odam borki, shikoyat bor. Demak, davlat taraqqiyotini faqat fuqarolarining o‘zlarini baxtli his qilishi bilangina cheklab bo‘lmaydi. Qabul qilingan qonunlar oqilona bo‘lishi kerak, toki fuqarolar o‘zaro manfaat asosida aloqalar o‘rnatsinlar, o‘zga xalqlar yordamiga muhtojlik sezmasinlar ana shundagina alohida shaxslar ham, jamiyatning barcha a’zolari ham o‘z baxtini tan oladilar. Boshqa xalqlar muhtoj bo‘lgan narsalar o‘z vatanida yetarli darajada muhayyo bo‘lib, unga muhtojlik sezilmasa, unda baxt eshigi yanada kengroq ochiladi.

Kasb-hunar rivojlangan, savdo-sotiq ishlarini yo‘lga qo‘ygan xalqlarda mablag‘ ko‘paysa, bu – baxtli yashash omillarining eng asosiysi deb hisoblayman. To‘g‘ri, baxtni boylikka bog‘lab bo‘lmaydi, lekin yaxshi tomoni shundaki, puldor odam o‘z ehtiyojlarini to‘laroq qondiradi, o‘zgaga muxtoj bo‘lib qolmaydi, ikkinchidan o‘zgalarni o‘z irodasiga bo‘ysundirib, ularni o‘ziga qaram qila oladi. Xalqning baxti, farovonligi ana shunda.

Savdo-sotiq va kasb-hunarga kelganda shuni aytishim mumkin: ularning rivoji tovar-pul aylanmasini ta’minlaydi, behisob pul, daromad keladi, xohlagan narsani, xohlagan miqdorda sotib olish imkoniyati paydo bo‘ladi. Men aniqlab berishim zarur bo‘lgan mezonlardan biri ham shu.

Baxt va farovonlikni tashkil qiluvchi shu mezon o‘ziga boshqa me’yorlarni ham qamrab oladi va bir-biriga mos tushadi, to‘ldiradi.

Barcha ehtiyojlarimiz ikki xil bo‘ladi: jismoniy ehtiyojlarimiz – hayotimizni saqlab turish uchun zarur bo‘lgan, bizga qulaylik yaratadigan, huzur-halovat bag‘ishlaydigan narsalardir. Ularni iste’mol qilish odat tusiga kirib, jismimiz shunga ko‘nikib qolgan. Shaharlik olifta ayol yoz jaziramasida soyabonsiz ikki soat turib ko‘rsin-chi, uni oftob uradi yoki bir kasallik orttirib oladi, vaholanki, dehqon ayol uchun bu holat tabiiy. Shaharlik janob qishloqdagi mol-mulkini ko‘rib kelish uchun ulovsiz bora olmaydi. Yumshoq karetalarda yurib o‘rgangan odam ot minib uzoq yurolmaydi. Qulayliklarga o‘rgangan odam kashandaga o‘xshab qoladi, usiz turolmaydi.

8

O‘zing birga yashab turgan xalqingni baxtli qilish uchun hukmdorlarga kitob – qo‘llanma yozish shartmikan? Yaxshisi, o‘z tajribangizga tayanib ish ko‘ring.

9

Adolat sizga hamroh bo‘lsin: fuqarolaringiz osoyishtaligini, xavfsizligini ta’minlash, ularning mol-mulkini saqlash ham sizning vazifangizga kiradi: bu hali hammasi emas, ularni baxtli qilishingiz kerak. Xukmdorning asosiy vazifasi ana shunda.

BOYLIK HAQIDA091

Qadrli do‘stim Xrizofil! Sen bilan qurgan oxirgi suhbatimizdan olgan taassurotlarimdan hanuzgacha qoyil qolaman. Kela qol, o‘sha suhbatimizga yana qaytaylik, toki qalbingdagi orzu-havaslar seni tark etmasin, men esa sening baxtli bo‘lishingni o‘ylab quvonchga to‘lib yuray.

Senga to‘g‘risini ayta qolay: sen haqingda boylik orttirish uchun barcha imkoniyat va qobiliyatini ayamaydigan bir shuhratparast yigit deb o‘ylardim. Bebaho xazinaga erishish uchun tabiat ato qilgan ne’matlardan ham voz kechishga tayyor ekanligingni, boylik esa o‘zi bilan birga jamoatchilik fikrini ham yetaklab kelishiga ishonishingni bilardim. Sen bilan uchrashib turish menga yoqardi, suhbatlashishdan huzur qilardim. Sen esa ertami-kechmi soyasidan bebahra bo‘lib qolishni xayolingga ham keltirmay, dam olish uchun o‘zingni daraxt panasiga urarding. Har gal sen bilan xayrlashganda “Bu bola yaxshi inson bo‘lib yetishishi mumkin edi. Lekin u boylikni tanladi” deya afsuslanib o‘ylab qolardim. Lekin sen dilingda tugib yurgan maqsadingni ochiq-oydin aytganingda, men qalbingda bitmas-tuganmas ochko‘zlik manbaini ko‘rdim va noqulay ahvolda qoldim. Dam olishingni ojizlikka yo‘yib, sen haqingda noxaq hukm chiqarganingni o‘ylab o‘zimni koyidim, axir bu ojizlik senga nisbatan hurmatimni oshiradigan asoslardan biri ekanligini tushundim.

Sen shunday ohangda gapirdingki, u qalbimning ich-ichiga kirib bordi, men boylikka shuning uchun intilamanki, uning natijasida kelib chiqadigan nohaqliklarga chek qo‘ymoqchiman. Og‘ir ahvolga tushib qolgan bechoralarni ko‘rib, ularga yordam berolmaganimdan fig‘onim falakka chiqadi, achinganim foydasiz ekanligidan afsuslanaman…

Boylik o‘zgalarni muhtojlikdan qutqarish uchun sarflanadi, shuning uchun uning qadriga yetaman: oltin yordamida bebaho ne’matlarga erishish mumkin, deb qo‘shib qo‘yarding. Xavotir olmang, qanchalik darajada behisob boylikka ega bo‘lmay, baribir o‘zim istagancha yaxshilikka xizmat qilish uchun ozlik qiladi. Senga ochig‘ini aytaman: dilingdan chiqqan bu so‘zlar senga bo‘lgan ishonchimni uzil-kesil susaytirib yubordi deya olmayman. Tushunaman, kambag‘allikdan faxrlanib yurganimdan ko‘ra moddiy jihatdan yetarli mablag‘im bo‘lgani yaxshiroq. Kambag‘al bo‘lib ham kun ko‘rish mumkin, lekin boylikdan o‘z o‘rnida foydalanishga nima yetsin, axir yaxshilik qilish istagini amalga oshirish uchun boylikka boylik qo‘shishi ayni muddao-ku… ”

Ezgu hissiyotlaring haqida qanchalik ko‘p o‘ylasam, o‘z davrida menga zavq bag‘ishlagan baxtimdan ayrilib qolayotgandek his qilaman o‘zimni. Menga tasalli berib turgan g‘ayratingga g‘ayrat qo‘shishda ko‘maklashayotgan umidlarimdan judo bo‘ldim. Kambag‘allarga yordam berish istagini mendagi qashshoqlikka bo‘lgan sabr-toqatimni adoi-tamom qilmoqda. Kelajakda kimlargadir qilmoqchi bo‘lgan yaxshiliklarim bugungi kunda tasodifan menga nisbatan amalda yovuzlikka aylanmasmikan, deb xavotirdaman.

Ko‘pchilik qashshoq odamlar xuddi menga o‘xshash fikrlaydilar degan ishonch meni biroz tinchlantiradi, lekin shunga o‘xshash fikr yuritadigan birorta ham boyni uchratmadim. Odamlarning moddiy ahvoli o‘zgarib, ezgu ishlarni amalga oshirish imkoniyati paydo bo‘lganda, ularning fikri o‘zgarib qandaydir sabablarga ko‘ra yaxshilik qilish istaklari ham chippakka chiqadi, degan shubham bor. Bu gumonlarni tarqatib aniqlik kiritish uchun boylik sari yurishingda senga hamroh bo‘lishga izn ber. Ezgulik ishlaringda senga to‘sqinlik qilish niyatim yo‘q. Bunday ishlarni o‘zim amalga oshirish haqida o‘ylab ko‘rmaganman, shuning uchun sen bilan yurish menga taskin berar deb o‘ylayman.

Dastlab men sezgan narsa boylik bilan kambag‘allik o‘rtasidagi ulkan masofa – buni nima bilan to‘ldirish kerakligini bilmayman. Boyib ketgach, o‘zingni qanday tutish haqida ko‘p gapirarding, lekin nima ish qilish kerakligi haqida aytmasding. Maqsadga erishgach, nima ishlar qilish to‘g‘risida fikr yuritish yetarli emas. Shu asnoda yo‘lda nimalar sodir bo‘lishi, nimalarga duchor bo‘lishni ham o‘ylash zarur. Masalan, o‘z maqsadingga erishish yo‘lida qanday usullardan va nimalardan foydalanmoqchisan, shunga e’tibor berish kerak.

Qo‘lga kiritayotgan boyligingdan odamlarga naf tegishi kerak, axir sen shu maqsadda harakat qilyapsan-ku, aks holda sen o‘zingga-o‘zing qarshi chiqqan bo‘lasan. Shuning uchun boyliging yanada ko‘payishni istasang uni to‘g‘ri yo‘lga sarfla, daromading ham, uning manbai ham halol bo‘lsin.

Boylik orttirish maqsadida noqonuniy, harom yo‘llarga kirib ketish ham mumkin, lekin do‘stlaring bunga yo‘l qo‘ymasliklarini bilaman, ular yordamida adolatsizlikka bormasdan yaxshigina daromad olish mumkin. Lekin o‘z e’tiqodlaringdan voz kechmasdan shuncha daromadni qanday qilib to‘plashingni ko‘z oldimga keltirishim qiyin. Bir kun kelib muruvvatli boyga aylanishing uchun yana qancha vaqt beshafqat bo‘lib yurishing kerakligini tushunishim qiyin.

Menga ayt-chi Xrizofil, boylik sari yuksalib borishing davomida sen uchun hayot oqimi to‘xtab qoladimi? Sen yordam bermoqchi bo‘lgan kambag‘alning boshiga balo-qazo yog‘ilmaydimi? Balki sen ko‘zlagan cho‘qqiga yetguningga qadar ular to‘xtab turar? Baxtsizlikning og‘ir yuki ostida ezilgan, tinka-madori qurigan halol odamlarga beradigan yordamingni to‘xtatib turarsan, balki? “Do‘stim, insoniylik nuqtai-nazaridan sizni shu ahvolda qoldirishim kerak, chunki men ko‘zlagan yuz ming livrni hali to‘plaganimcha yo‘q, o‘sha puldan sizga yordam ajratmoqchi edim. To‘g‘ri, biroz berahmligim bor, lekin hozirgi paytda, hatto inson zotini saqlab qolish uchun ham bir (tiyin) ekyu bera olmayman.

O‘ttiz yillardan keyin bir xabar oling, o‘shanda men boyib ketgan bo‘laman, muruvvatli ekanimni ana shunda bilasiz”. Xayrli ishning g‘aroyibligini qarang – ezgulikka yo‘lni yovuzlik ochib bersa-ya! Yaxshilikni yo‘qqa chiqaradigan illatlar-ku bu! Nahotki, shundan keyin ham tabiat ato qilgan ko‘kragingdagi yuraging urib tursa, axir sen uning nidosiga quloq solmading-ku? Nahotki, o‘ttiz yildan so‘ng toshga aylangan yuraging tabiat da’vatiga quloq tutib rahm-shafqat uchun, hamyoning esa xayr-sadaqa uchun ochiladi, deb o‘ylasang? Eh, do‘stim! Agar sen qariganingdagina insoniy fazilatlarga ega bo‘lishni istasang, Xudodan uzoq umr tila, kuning bitib o‘lib qolishing hech gap emas! Yo‘qotgan bir kuni uchun afsuslanib yurgan qo‘rqoq imperator (Mark Avreliy nazarda tutilgan)ga nafrat bilan qarashing kerak, axir sen yoshlik davringni, hayotingni to‘rtdan uch qismini boy bermoqchisan, nari borsa ularni yo‘qolgan deb hisoblash mumkin. Yodingda bo‘lsin, bevaqt o‘limdan tashqari intilishlaring hech qanday natija bermaslik xavfi ham bor.

Taqdir injiqliklari senga ma’lum bo‘lsa kerak, u o‘z bilganidan qolmaydi, harakatlaring intilishlaring uning oldida hech narsa emas? U o‘jar qizga o‘xshaydi, quvganlarni yo‘lda qoldirib ketadi, yomon ko‘rganlarni ta’qib qiladi. Sergaklik, qobiliyat, hatto, omad ham uni o‘z yo‘lidan qaytara olmaydi. Ba’zan uning injiqligi tutganda Aristippni tashlab, Diogenga (qadimgi grek faylasuflari – tarj.) osiladi, chang bosgan faylasuf xonasiga o‘zini uradi. Leybnis (1 ) boyib ketganda, Las esa qashshoqlanib qolganda o‘lim chang soladi. Qilgan harakatlaring muvaffaqiyatli yakunlanishiga kim kafil bo‘la oladi?
———————————-
1 Bu qaydlar, mazmuniga qaraganda, Russoning Berndagi Iqtisod jamiyatiga qilgan murojaati bilan bog‘liq.
———————————-
O‘zingga yuklangan vazifalarni bajarishda o‘z kuchingga ko‘pam ishonaverma, uning samarali bo‘lishi senga bog‘liq emas, shubhali ishlarni yaxshi yakunlanishiga umid bog‘lama, hayoting davomida qilayotgan halol ishlaring qanday yakun topishi ham noma’lum. Ey, bebaxt! Beqaror taqdirni boylik yordamida o‘z izmingga solmoqchi bo‘ldingmi? Agar sen bevaqt o‘lim topsang yoki ishlaring baroridan kelmasa, xomxayolga berilib yosh umringni bekorga sarflasang, umring oxirida umidsizlikka tushib sharmanda bo‘lasan.

Boylik ketidan bekorga quvib, hech narsaga erisha olmasdan, o‘zgalarning duosini olmasdan, o‘zingdan ham ko‘ngling to‘lmasdan, hamma narsasini boy bergan omadsiz, hayotida birorta ham odamni baxtli qila olmagan insonning o‘limi qanday dahshat!

Siz hozir kambag‘alsiz, lekin insofli odamsiz. Boyib ketgach, kimga aylanib qolishingizni bilasizmi? Mavqeingiz o‘zgargach, fikringiz ham, aqidalaringiz ham irodangizga bog‘liq bo‘lmagan holda o‘zgaradi, o‘zligingiz ham hozirgisiga o‘xshamaydi, o‘y-fikrlaringiz ham boshqacha bo‘ladi. Siz hozircha boyishdan maqsad beva-bechora va muhtojlarga yordam berish, boylikni ezgu maqsadlarga ishlatish istagim bor, deb aytasiz. Go‘yo eng birinchi ezgulik – yovuzlikka yo‘l qo‘ymaslik ekanligini bilmagandek. O‘zgalarning kambag‘allashuvi evaziga emas, balki o‘z holicha boyib ketish iloji bormikan? Qo‘ni-qo‘shnilarini talab boyib ketgan, keyin ularga shu hisobdan sadaqa ulashgan “muruvvatli odam” haqida nima deya olardingiz? Shunday deb o‘ylaydigan odamni, kim bo‘lishidan kat’iy nazar, aldanib qolgan yoki munofiq deb atagan bo‘lardim. Bunday odam o‘zgalarni aldaydi yoki uni o‘z qalbi aldaydi, xasis ekanligini inson qiyofasi ostiga yashiradi.

Kelajakda xayrli ishlarga sarf qilmoqchi bo‘lib harom yo‘llar bilan boylik orttirsang, Xudo yo‘liga deb, yaqinlarini talab, pulini cho‘ntakka urgan soxta xudojo‘yga o‘xshab qolasan.

Bag‘ritoshlik odatga aylanib qoldi ham deylik, u holda xayrli ish uchun to‘plagan boyligingni chegarasi bormi? Qaysi o‘lchovdan kelib chiqib buni belgilaysan, vijdoning uyg‘onib, “yetarli” deyishga tiling boradimi? Agar sen o‘ylagandek, oldin yetarli darajada boylik to‘plab olib, keyin xayrli ishlarga sarflamoqchi bo‘lsang, u holda hech qachon to‘play olmaysan. Senga o‘xshaganlar tufayli odamlar boshiga tinmay balo-qazolar yog‘ilib turadi, sen esa cheksiz boylik to‘plashga butun umringni ketkazasan, oqibatda birorta odamga ham nafing tegmay, o‘z boyliging, qariliging va xasisliging yuki ostida ezilib o‘lasan.

Uning o‘rniga chaqqon va jonkuyar bo‘l, topgan boyligingni beva-bechoralarga tezroq tarqatib ber, chunki vaqt sening izmingda emas, u o‘taveradi. Ey, Xrizofil! Boylikka ega bo‘lish bilan uni xayrli ishlarga sarflash orasida vaqt masofasi bor, ana shu masofani cho‘zib yuborishdan qo‘rq, xayrli ishda barqaror bo‘l. Ana shunda nafs balosidan qutulasan.

Odamlarning fikrlash tarzi ko‘pincha atrofidagi yaqinlariga bog‘liq. O‘z aqidalariga sodiq bo‘lish juda qiyin, chunki atrofidagilar ham, o‘zining istak-xohish, ehtiroslari ham unga putur yetkazishga tinmasdan harakat qiladilar. Agar sen vijdoningga va haq so‘zlarga quloq solib yashayotgan bo‘lsang, ortiqcha noz-ne’matlar seni uncha qiziqtirmaydi. Shuning uchun boy bo‘lib ketgach ikki yo‘ldan birini tanlashing kerak: yoki boy odam sifatida yashashing yoki kulgiga qolib bo‘lsa ham, kambag‘alligingcha qolishing kerak. Falak ato etgan mavqega ega bo‘lsang, u holda kamtarona, o‘zingni kamsitmasdan, muruvvatli bo‘lib yashashing mumkin, bunga kurashsiz ham erishasa bo‘ladi. Bu afzallikni arzimas bir narsa deb hisoblamasang kerak?

Sen o‘z boyliging bilan nimalarga qodir ekanligingni ko‘rsatarsan? Agar senga quloq soladigan bo‘lsak, o‘zgalarga muruvvat ko‘rsatish baxti faqat boylargagina nasib etgan, kambag‘allar bundan mahrum demoqchimisan.

Seningcha, faqat boylikkina insoniylikka yaxshi xizmat qila olar ekanda? Bunday fikrga boradigan odamlar ezgulikning manbai mening sandig‘imda deb o‘ylaydilar, haqiqiy ezgulik qidiruvchilar boshqacha fikrdalar. Katta boylik katta istaklar keltirib chiqaradi degan Favoriius dono fikr aytgan. Sen uchun zarur bo‘lgan eng yaxshi vosita – sendagi ortiqcha boylikni tortib olishdir.

U men uchun nima ish qildi? Menga ovqat beradi. Nima, shusiz yashay olmaymanmi? Bu qullik bilan barobar-ku. U meni sharmanda qildi, qobiliyatimni oyoqosti qilib, g‘ururimni yerga urdi, ovqat bilan emas xo‘rlik bilan boqdi, o‘limimga ham rozi edim. Ayni paytda, men uning uchun nima ish qildim? Men uning manmanligini boqiy semirtirdim, qotib qolgan qalbiga jon kiritdim. Meni boqish uchun u faqat xamyonidangina pul sarf qilgan bo‘lsa, men butun qobiliyatimni, erkimni, butun borlig‘imni sarfladim: ovqatga deb sarflagan puli evaziga u qonimni ichdi.

Bilaman, o‘zlarini eng vijdonli deb xisoblab yurgan pastkash odamlar o‘zlaricha nozik hissiyotlardan nafratlanishadi. O‘zlarini halol odamlar qatoriga qo‘shishadi-yu, ammo o‘zgalar hisobidan boyib ketishdan hazar qilishmaydi. Lekin sen, azizim Xrizofil, yuksak darajada fikrlaysan, ezgulikning eng birinchi ko‘rinishi, o‘zgalarga yomonlik qilmaslik ekanligini bilasan. Adolat qoidalari bilan ezgulik qoidalari orasida uzoq masofa bor. Sen olayotgan foyda qanchalik qonuniy bo‘lmasin unga muhtoj bo‘lgan odamlar atrofingda to‘lib yotipti, ularning ham haqqi bordir, ularning zarari hisobiga bo‘lsa kerak bu boyliklar? Boylik to‘plash yo‘lida o‘zing bilmagan holda o‘zgalarga zarar yetkazmadimmikan degan xavotir senda ham, yaxshi niyatli boshqa odamlarda ham bo‘lishi kerak.

Boy bo‘la turib inson bo‘la olmagan odamni qanday qilib haqiqiy inson deyish mumkin?
Ko‘p odamlar boylikni xayrli ishlarga sarflash kerak deb xisoblashadi, lekin boylikka erishgach, uni boshqa maqsadlarga yo‘naltirishadi.

Insoniyat boshiga tushadigan falokatlarni o‘ylaysan-u, amalda ularni his qilmaysan. Muruvvatli bo‘lish maqsadida boy bo‘lishga intilayotgan o‘rtamiyona odamlar yo‘liga to‘siq qo‘yishga ehtiyotkorroq bo‘lardim. Sen ham shu maqsadda boy bo‘lmoqchisan, bu yo‘lda senga ham turli to‘siqlar uchrashii mumkin, lekin sen ularni bartaraf qila olasan.

Hurmatga sazovor odamlarning tan olishicha ko‘pchilik o‘zgalarning firibgarlik yo‘li bilan topganlarini o‘zlashtirishdan hazar qilmaydilar. Ular o‘zlarini muruvvatli insonlar qatoriga qo‘shadilar. Aslida ular boshqa barcha odamlar adolatli bo‘lsalargina, shundan keyin men ham adolatli bo‘laman deb fikrlaydiganlar toifasiga kiradi. Ey, Xrizofil! Seni yaxshiroq bilganimda, shu tariqa kechirim so‘rab o‘tirmagan bo‘lardim, chunki bunday fikrlashga botina olmagan bo‘larding.

Qulf-kalitli, tambalangan, zanjirli temir eshiklar sonini ko‘paytiring, qorovullar, qo‘riqchilar qo‘ying. Qatl qilish uchun dorlar, kundalar o‘rnating, qiynoqlarning yangi-yangi usullarini o‘ylab toping, azob-uqubat chekayotgan yo‘qsillarni ko‘rganda qalbingiz toshga aylansin. O‘zingiz amal qilayotgan qonun-qoidalarni o‘rgatish uchun o‘rinbosarlar tayyorlang. Bu ishga yangidan-yangi yozuvchilarni jalb qiling, ularga yaxshi haq to‘lang, toki o‘g‘irlik uchun qashshoqlar qattiq jazoga tortilsin, boylar esa yalla qilib yuraversinlar.

Bunday tartibni qonun darajasiga ko‘taring. Xavotir olmang, yeb-to‘ymas nafsingiz o‘zgalarning nafslari xakalak otishiga xizmat qiladi, firibgarligingiz atrofingizda o‘zingizga o‘xshash firibgarlarni to‘playdi, qilmishingiz xuddi shunday yo‘l bilan yana o‘zingizga qaytadi. Tuban niyatlaringizni amalga oshirayotgan atrofingizdagi buzuq ayollar sizning hisobingizdan jirkanch xaridorlaringizga xizmat qiladi, hissiyotlaringiz razillikdan oziqlanadi, dasturxoningizdagi sarqit ovqatlar sizga muntazir bo‘ladi.

Ochko‘z xizmatkorlaringiz katta pul evaziga tezakni tansiq taom sifatida qo‘lingizga tutqazadi, sezgingiz aynigani sababli siz buni bilmay qolasiz. Tekinxo‘r hamtovoqlaringiz tezak yeb rohatlanganingizni ko‘rib, yashirincha ustingizdan kulishadi, siz esa ziyofat uchun katta pulga tushganingizdan maqtanib qolaverasiz.

Bu orada qalloblik bilan qo‘lga kiritgan boyligingiz sovuriladi, siz esa baxtga emas, afsus- nadomatga erishasiz. Boyligingiz manbani o‘ylab vijdoningiz qiylanadi, uni yo‘qotganligizdan afsusda qolasiz. Eshiklar buzilgan, zanjirlar uzilgan, sandiqlar ochilgan – hafsalangiz pir bo‘ladi. Ko‘rgan ehtiyot choralaringiz aksiga xizmat qiladi. Biror ishonchli halol odamni tasodifan uchratib qolsangiz, yuzlab firibgarlar kelishib olib butun aybni unga yuklashadi, qulay vaziyatdan foydalanib talonchilikni davom ettirishadi. Boyligingizni sovurayotgan minglab odamlarni ko‘rib tursangiz-da, birortasini ushlay olmaysiz. Ular butunlay boshqa shaklga kirib olgan bo‘ladi, o‘zlarini sadoqatli qilib ko‘rsatishadi, amalda nafrat bilan qarashadi.

Muruvvatli odamlar uchun dilingizda joy qolmaydi, faqat ayyor, yaramas odamlargina unga tilyog‘lamalik bilan kirib olishadi. Harom yo‘llar bilan topgan boyligingizni yaxshilikka sarflamoqchi bo‘lganingizda ham, ular yangi jinoyatlarga yetaklaydi. Siz uchun jonini ham berishga tayyor turgan minglab makkor va ablah do‘stlaringiz, amalda sizni o‘lim talvasasida yotganingizni ko‘rish istaginda yuradilar. Ular sizni tuzalib ketishingizni kutib o‘tirishlariga umid qilmay qo‘ya qoling. Ochko‘zlik ularni shu darajaga yetkazganki, o‘lim sizni kutib turmaganidek, ular ham kutib turishmaydi, vaqtini bekorga ketkazmaslik uchun ularni sizga nima bog‘lab turgan bo‘lsa, uning izidan ketishadi. Hali ajal kelmasidan siz qashshoq ahvolga tushasiz, xor-zor bo‘lasiz. Eng yomon tomoni shuki, ahvolingizni ko‘rib achinadigan inson topilmaydi.

Huzur-halovat avjiga chiqqan paytida yengib bo‘lmas xijolatpazlik dilingizga qayg‘u urug‘ini sochadi. Sershovqin ziyofat uchiga chiqqan paytida xotirangizdagi minglab achchiq voqealar jonlanadi, vijdon azobi qalbingizni qiynoqlarga soladi, ziyofat qatnashchilarini shovqin-suroni ham ularni bosa olmaydi. Ziyofatdagilarning quvonchlari soxta ekanligi bir lahzada bilinib, ko‘z yoshlaringiz qalqib turadi. Ko‘nglingizdagi qadahda xushbo‘y sharob emas, balki beva-bechora, baxtsizlarning qoni ekanligini tasavvur qilasiz, ularni shu ahvolga o‘zingiz solganligingizni o‘ylab o‘zingizni ayblaysiz. Agar shu asnoda boshingizga musibat yog‘ilsa nima qila olardingiz?

O‘zingga nisbatan ko‘ngilchan o‘zgalarga nisabatan rahmsiz bo‘lganligingiz sizni shunday yomon ahvolga soldi deb o‘ylamang. Pushaymonlik va vijdon azobi qanchalik azob-uqubatli bo‘lmasin, qalb sirlaringizga aylangan, demak, sizda ezgulikka va maftunkor hissiyotlarga bo‘lgan muhabbatingiz so‘nmagan. Qalbingiz buzuqlikka to‘lishidan, uning toshga aylanishidan, sharmandalarcha tubanlikdan, tabiiy hissiyotlaringizni boy berib, nodon va hissiz to‘nkaga aylanib qolishdan ehtiyot bo‘ling.

Mayli, boyligidan ajralib qolishni istamagan xasis odamlarga ular hamroh bo‘lib qolaversin! Ularga xushomad yoqadigan bo‘lsa, xizmatkorlari bilan birga yuraversinlar!

Tinimsiz mashaqqatli mehnat qilib, evaziga bir burda qotgan qora non bilan kun kechiruvchi betaxtlarning ahvoliga u befarq qaraydi. Daromad adolatsiz, sarflangan mehnatga teskari nisbatda taqsimlanayotgan bo‘lsa, unga nima? Shafqatsiz va shahvoniy xirsga berilgan kimsa esa og‘ir mehnatdan ezilgan, muhtojlik botqog‘iga botgan millionlar hisobiga semirib yotsa mayli. Peshonaga yozilgani shu, bular odat tusiga kirgach, hamma ko‘nikib yashaydi. Ular poxol tomli kulbalarda, ho‘kiz molxonada yotgandek, yashayotgan bo‘lsalar, men ham naqshinkor saroylarda yashashga ko‘nikishim kerak.

Ammo, gap yovvoyi mamlakatlar aholisi to‘g‘risida, ular og‘ir mehnat qilmasdan, ehtiyoj nimaligini bilmasdan tashvishsiz hayot kechirayotganligi haqida ketganda-chi? Unda o‘sha yovvoyilarga achinib ketamiz: qanday qilib o‘zgalar uchun qulay va yaxshi sharoit yaratmasdan yashash mumkin, xalq qonini so‘rayotgan hurmatli boyonlar bo‘lmagan mamlakatda qanday yashab bo‘ladi? G‘am-tashvish nimaligini bilmay yashayotgan yovvoyini bizga keragi bormi? Boylikni ko‘klarga ko‘tarib, kambag‘allikni yomonlovchi bizning pastkash donishmandlar o‘rtasidagi ziddiyatlar ana shunda. Ular pul evaziga, berilgan buyurtmalar bo‘yicha o‘z falsafalarini qulay sharoitlarga moslab to‘qishadi.

Eng ajablanarli tomoni shuki, serg‘alva, sertashvish kambag‘allar bilan yonma-yon yashashdan qutulish uchun ancha-muncha pul sarf qilishga tayyor turgan bunday nozikta’b odamlar amalda birorta bechorani qashshoqlikdan qutqarish uchun bir tiyin ham bergisi kelmaydi. Boy bilan kambag‘al o‘rtasidagi kelishmovchilik shu darajadaki, birinchisi ikkinchisining ahvolini yaxshilagandan ko‘ra, o‘zi noqulay ahvolga tushib qolishni afzal ko‘radi.

Muruvvat ko‘rsatishdagi eng qulay va arzon to‘lov – bu puldir.

Tuban yo‘llar bilan boylar davrasiga kirishdan ko‘ra yaxshilikka sazovor bo‘lgan odamlar orasida qolganing ma’qul, tabiat tomonidan ajratilgan bu ikki sinf orasiga tajovuz qilma.

Kimdir do‘stligini bildirish uchun faqat kissasidan pul chiqarishni biladi, boshqasi esa o‘zgalar uchun tashvish chekadi, vaqtini, qobiliyatini,his-tuyg‘ularini, hatto xayotini ham ayamaydi. Shunday tengsizlik bo‘la turib nonko‘r boy arzimas sadaqasini pesh qilib maqtanadi, uyalmay-netmay surbetlarcha minnatdorlik talab qiladi.

Bizning qobiliyatimiz bor, hech bo‘lmaganda oyoq-qo‘limiz butun-ku, ke qo‘y,ularga nopok boyliklarini qoldiraylik-da, erkimizni asraylik, Xrizofil,menga ishon, ularning ahvoli biznikidan ham qiyinroq bo‘ladi. Eng yaxshi kunlarimiz ham bizni taqdir bevafoligidan asray olmaydi: biz hech qachon uni o‘zimizga bo‘ysundirolmaymiz, hatto uning o‘z qurolidan foydalanganda ham. Uni yengish uchun boshqa quroldan foydalanish kerak, o‘shanda ham u toblangan, sinalgan bo‘lishi zarur.

…Eng qulayi chiroyli va yumshoq aravachada taltayib o‘tirgan holda kambag‘alni yuziga loy sachratib o‘tib ketish.

Insoniyatga yanada foydaliroq ish qilmoqchimisan? Boylikka intilma, usiz ham yashashni o‘rgan; boyning takabburligidan hazar qil, oliyjanob maqsadlar yo‘lida odamlarni baxt izlashda beg‘araz bo‘lishga o‘z ibrating bilan o‘rgat, ularga namuna bo‘l.

Rus tilidan Abdunabi ABDUQODIROV tarjimasi

98

(Tashriflar: umumiy 2 355, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring