Matnazar Abdulhakim. Ezgulik ishqida (Muhammad Rahmon «Saylanma»siga yozilgan kirish so’zi)

4-06Ноёб истеъдод эгаси Муҳаммад Раҳмон таваллудининг 65 йиллиги олдидан

   …Сўзбошимиз ибтидосида келтирганимиз ҳазрат Навоийнинг “Дурраи маъни истасанг, сен айлагил гуфтор бас” каби насиҳатлари ҳам мутлақо нисбийдир. Аслида эса шоир сўз айтишдек машаққатли бахтдан ўзини бир лаҳза ҳам тиймаслиги, эзгулик тарафида туриб, ёвузликка қарши курашдан тўхтамаслиги керак. Бунда жасорат шоирнинг кундалик бурчи. Муҳаммад Раҳмоннинг ушбу китоби фикримизнинг далилидир.

Матназар Абдулҳаким
ЭЗГУЛИК ИШҚИДА
Муҳаммад Раҳмоннинг сайланма китобига ёзилган кириш сўзи
047

099 Адабиётсиз халқ, агар шундай халқ бўлиши мумкин бўлса, виждонсиз халқдир. Мен Муҳаммад Раҳмонни халқимизнинг виждонини таъмин этаётган инсонлардан, деб биламан. Бундай ижодкорлар умумжаҳон маънавиятининг олдинги жабҳаларида маҳкам туриб ижод этадилар ва ҳамиша тараққиёт сари илгарилайдилар. Уларнинг эгаллаган сарҳадлари ҳамиша ўзлариники ҳамда уларга издош бўлган ўзгаларники. Шунинг учун ҳам уларда орқага қайтишга йўл йўқ. Бу йўл улар учун, не бахтки, мангуга бекилган.

Бу жумладаги одамлар ҳамиша бир-бирлари билан муштарак, ҳамиша бир-бирларидан тафовутли фикрлайдилар. Биз, оддий одамларнинг ҳаммасида бармоқлар мавжуд бўлиб, ана шу бармоқларнинг излари бир-бирларимизникига ўхшамагани каби.

Алишер Навоийнинг ҳайратланарли байти бор:

Эй Навоий, сўзда маъний йўқтурур, маънида сўз,
Дурри маъни истасанг, сен айлагил гуфтор бас.

Миллати ва шеърий анъаналари, етуклик мақоми Алишер Навоийдан фарқли бўлган Сергей Есенин айтади:

Ишқни сўзда қилиб бўлмайди баён.

Муҳаммад Раҳмоннинг ошиқ қаҳрамони бўлса ўз муҳаббатини имо-ишоралар билан баён қилади:

Мана бундай унинг кўзлари…
Мана бундай унинг қошлари…

Тўғри, Муҳаммад Раҳмоннинг қаҳрамони соқов инсон. Бироқ шоир тасвирлаётган вазияти у ўзининг соқовлигидан ўз руҳиятида ноқислик эмас, балки тантана туяди. Ишқнинг сўздан устунлигини чуқур англаган ҳолда, ўзининг бу нуқсонидан масрурланади, ўзининг нутқ бобидаги маҳдудлиги билан ифтихор этади.
Муҳаммад Раҳмоннинг шеърияти кўплаб мутафаккирларимиз, шулар сафида Муҳаммад Раҳмоннинг ўзи ҳам орзу қилган улуғвор сукунатнинг қобиғини парчалаб юксалган азамат сўзидир. Бу сўз ўзининг ишқ пўчоғини пачақлаб униб ўсган тошёнғоққа ўхшайди. Илдизлари бақувват, танаси пурвиқор, мевалари ақлни ишлатадиган…

Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари:

Нутқинг каби нутқ дунёда, эй дўст, йўқдир,
Қутлуғ бу каломда ҳеч каму-кўст йўқдир.
Ёнғоқ-ку сўзинг, керакмас арчмоқ, чақмоқ,
Ҳаммаси мағз унинг, пўчоқ, пўст йўқдир,

— деб ёзганларида, Муҳаммад Раҳмон каби соҳиби қаламларни ҳам кўзда тутган бўлсалар, ажаб эмас.

Шоирнинг қалами моҳир жарроҳнинг ништари каби иш кўради. У ўзининг вазифасини юракларини янчаётган тошларни олиб ташлашда, деб билади. Бу тош эса ишқдан маҳрум бўлишдек кулфатдир. Инсон севгилисидан маҳрум бўлса, чидайди. Бироқ севгисидан маҳрум бўлса, бу дард дарди бедаводир.

Мени ундан, уни мендан айирмишлар,
Ки ғаюрлар яқосида қўлим қолмиш, —

деб ёзади шоир. Бироқ, не бахтки, шоирнинг қўли ғаюрларнинг ёқасида қолиб кетмайди. У қайтадан қалам тутиб, ўзининг уйғотувчанлик фаолиятида шиддат билан давом этади.

Шоирнинг жасорати пайт пойламайди. Унинг ҳаёти узлуксиз жасоратлар силсиласидан иборатдир. Шоирнинг олган ҳар бир нафаси навбатдаги нафасга кўрсатилган жасоратдир. Бу, айниқса, Муҳаммад Раҳмоннинг “Абадий нидо” деб аталган драматик достонида очиқ-ойдин намоён бўлган.

Бахт ҳамда унинг маънавий манбаи бўлмиш руҳий бедорлик ҳамиша ёнгориб турадиган нисбий тушунчалардир. Бедорлик ва бахт, шунга кўра, ҳеч қачон кун тартибидан олиб ташланмаганидек, ғафлат ҳамда кулфат мавзулари ҳам ҳамиша долзарбдир. Шоир бу достонида ўзининг аксар шеърларида мавжуд бўлган ҳар қандай муаллақликдан холи самовийлигини тарк этиб, ўлжасини кўрган шунқордек, шиддат билан ерга ташланади. Бу “ўлжа” эса жамиятда ҳам, ҳар бир одамнинг руҳида мавжуд бўлган адолатташналик, ҳақиқат тарафида туриб, истибдоднинг ҳар қандай кўринишига қарши курашда жадал кўрсатишдир.

Ҳар қандай жамиятда ҳам зулм ҳамда адолат тушунчалари, ҳақиқат мезонлари ўзгариб, мунтазам ислоҳотталаб бир ҳолатда бўлади. Ушбу курашда ҳар бир инсонни ана шу тинимсиз жараёнга сафарбар ҳолатда тутиб туришнинг уддасидан эса фақат адабиёт, бадиий сўз чиқиши мумкин. Бу соҳадаги инсон руҳида бўлган жарроҳлик амалиётига эса бадиий сўз шифокорларининггина тиғи, ништари қобилдир. Бу борада кескин чоралар мутлақо иш бермаётганлигини тарих кўрсатиб келяпти. Бундан тегишли хулоса чиқариб ола билмаётганлиги эса инсониятнинг ўз бошига ўзи орттириб келаётган балолардан бири. Бунга эса бош айбдор, Андрей Вознесенский таъбири билан айтганда, “Пушкин”дир. Яъни шоирлардир. Муҳаммад Раҳмон ҳам “Абадий нидо” драматик достонида, ўзининг ана шу “айб”ини теран англаб қалам суради. Бу иллатларни бартараф қилиш, аввало, уларга ташхис қўйишдан бошланади. Муолажанинг ҳам осон кечмаслиги аён. Бу эса шоирнинг ўзи учун оддий бурч деб билган жасоратидир.

Демак, сўзбошимиз ибтидосида келтирганимиз ҳазрат Навоийнинг “Дурраи маъни истасанг, сен айлагил гуфтор бас” каби насиҳатлари ҳам мутлақо нисбийдир. Аслида эса шоир сўз айтишдек машаққатли бахтдан ўзини бир лаҳза ҳам тиймаслиги, эзгулик тарафида туриб, ёвузликка қарши курашдан тўхтамаслиги керак. Бунда жасорат шоирнинг кундалик бурчи. Муҳаммад Раҳмоннинг ушбу китоби фикримизнинг далилидир.
Шоир ҳар бир мисра шеърида ўзининг ишқпарварлик ғоясига содиқ қолади. Шоир туйғулар жараёнини таҳлил этар экан, қатъий бир фикрга келади:

Бўғотга суйкалиб гуллайди ўрик.

Халқимизда “Суймаганга суйкалма” деган мақол бор. “Ўрик” эса “бўғот”га суйкалиб гуллайди. “Ўрик” учун “бўғот”га суйкалиб гуллаш бу – севиш демакдир. Бўғот севмагани, яъни қуруқ қамиш бўлгани – бу унинг эзгуликдан маҳрумлигида, муҳаббат туйғусидан маҳрумлигида. Шунинг учун ҳам у афтода, хордир. “Ўрик” бўлса, “бўғот”га суйкалиб бўлса ҳам, ҳар қалай, гуллайди. Шеърда инсон туйғуларини тарбиялашнинг мислсиз ҳикматлари, ана шу туйғулар асосида парвариш топган инсоннинг ҳиссиётлари мавжуд. Ана шу туйғулар асосида парвариш топган инсоннинг ҳиссиётлари бардавом, эзгулигининг жони қаттиқ, яшовчан бўлади. Ҳар бир ўқувчи руҳида муҳаббат туйғуларини тарбияламоқ, тарбияланганда ҳам бу туйғуларнинг илдизлари чуқур, япроқлар барқ ураётган, мевалари тотли бўлишига эришиб тарбияламоқ ана шу эзгуликнинг қатъиятли, ҳар қандай синовлардан омон чиқадиган бўлишини таъмин этади.

Одамларнинг туйғуларида “Ўриклик”ни вужудга келтиради. “Бўғотлик”ни бартараф этади. Муҳаммад Раҳмоннинг шеърияти ўқувчини шундай хулосаларга келтирадики, бунинг натижасида унда адабиётнинг вазифаси одамда эзгуликни эмас, балки ноэзгу амалларга ноқобилликни тарбияламоқдир, деган фикр пайдо бўлади. Бундай тарбия эса ўз-ўзидан амалиётда эзгуликни келтириб чиқаради, чунки инсон ўз аъмолларида ниманидир бажара олмай яшашга лаёқатли эмас. Агар лаёқатли бўлса, унинг жонивордан фарқи қолмайди. Шунинг учун ҳам нафақат “Абадий нидо” достони, балки мазкур китобнинг бошдан-оёғи рамзий маънода “Ўрик” билан “Бўғот”нинг олишув тафсилотларига бағишланган десак муболаға бўлмайди. Бу олишувнинг, бу омонсиз курашдаги эзгуликнинг тантанасини, ҳаётсеварликнинг узил-кесил қозонилиб турадиган ғалабасини Муҳаммад Раҳмон икки мисра билан мухтасар этади:

Бехабарсан ўзингдан, ўлим,
Аллақачон ўлиб бўлгансан.

Шоирнинг шоирлиги, муайянроқ қилиб айтадиган бўлсак Муҳаммад Раҳмоннинг Муҳаммад Раҳмонлиги ҳам ана шунда.

055
Matnazar Abdulhakim
EZGULIK ISHQIDA
Muhammad Rahmonning  saylanma kitobiga yozilgan kirish so’zi
043

099 Adabiyotsiz xalq, agar shunday xalq bo’lishi mumkin bo’lsa, vijdonsiz xalqdir. Men Muhammad Rahmonni xalqimizning vijdonini ta’min etayotgan insonlardan, deb bilaman. Bunday ijodkorlar umumjahon ma’naviyatining oldingi jabhalarida mahkam turib ijod etadilar va hamisha taraqqiyot sari ilgarilaydilar. Ularning egallagan sarhadlari hamisha o’zlariniki hamda ularga izdosh bo’lgan o’zgalarniki. Shuning uchun ham ularda orqaga qaytishga yo’l yo’q. Bu yo’l ular uchun, ne baxtki, manguga bekilgan.

Bu jumladagi odamlar hamisha bir-birlari bilan mushtarak, hamisha bir-birlaridan tafovutli fikrlaydilar. Biz, oddiy odamlarning hammasida barmoqlar mavjud bo’lib, ana shu barmoqlarning izlari bir-birlarimiznikiga o’xshamagani kabi.

Alisher Navoiyning hayratlanarli bayti bor:

Ey Navoiy, so’zda ma’niy yo’qturur, ma’nida so’z,
Durri ma’ni istasang, sen aylagil guftor bas.

Millati va she’riy an’analari, yetuklik maqomi Alisher Navoiydan farqli bo’lgan Sergey Yesenin aytadi:

Ishqni so’zda qilib bo’lmaydi bayon.

Muhammad Rahmonning oshiq qahramoni bo’lsa o’z muhabbatini imo-ishoralar bilan bayon qiladi:

Mana bunday uning ko’zlari…
Mana bunday uning qoshlari…

To’g’ri, Muhammad Rahmonning qahramoni soqov inson. Biroq shoir tasvirlayotgan vaziyati u o’zining soqovligidan o’z ruhiyatida noqislik emas, balki tantana tuyadi. Ishqning so’zdan ustunligini chuqur anglagan holda, o’zining bu nuqsonidan masrurlanadi, o’zining nutq bobidagi mahdudligi bilan iftixor etadi.Muhammad Rahmonning she’riyati ko’plab mutafakkirlarimiz, shular safida Muhammad Rahmonning o’zi ham orzu qilgan ulug’vor sukunatning qobig’ini parchalab yuksalgan azamat so’zidir. Bu so’z o’zining ishq po’chog’ini pachaqlab unib o’sgan toshyong’oqqa o’xshaydi. Ildizlari baquvvat, tanasi purviqor, mevalari aqlni ishlatadigan…

Pahlavon Mahmud hazratlari:

Nutqing kabi nutq dunyoda, ey do’st, yo’qdir,
Qutlug’ bu kalomda hech kamu-ko’st yo’qdir.
Yong’oq-ku so’zing, kerakmas archmoq, chaqmoq,
Hammasi mag’z uning, po’choq, po’st yo’qdir,

— deb yozganlarida, Muhammad Rahmon kabi sohibi qalamlarni ham ko’zda tutgan bo’lsalar, ajab emas.
Shoirning qalami mohir jarrohning nishtari kabi ish ko’radi. U o’zining vazifasini yuraklarini yanchayotgan toshlarni olib tashlashda, deb biladi. Bu tosh esa ishqdan mahrum bo’lishdek kulfatdir. Inson sevgilisidan mahrum bo’lsa, chidaydi. Biroq sevgisidan mahrum bo’lsa, bu dard dardi bedavodir.

Meni undan, uni mendan ayirmishlar,
Ki g’ayurlar yaqosida qo’lim qolmish,

deb yozadi shoir. Biroq, ne baxtki, shoirning qo’li g’ayurlarning yoqasida qolib ketmaydi. U qaytadan qalam tutib, o’zining uyg’otuvchanlik faoliyatida shiddat bilan davom etadi.

Shoirning jasorati payt poylamaydi. Uning hayoti uzluksiz jasoratlar silsilasidan iboratdir. Shoirning olgan har bir nafasi navbatdagi nafasga ko’rsatilgan jasoratdir. Bu, ayniqsa, Muhammad Rahmonning “Abadiy nido” deb atalgan dramatik dostonida ochiq-oydin namoyon bo’lgan.

Baxt hamda uning ma’naviy manbai bo’lmish ruhiy bedorlik hamisha yongorib turadigan nisbiy tushunchalardir. Bedorlik va baxt, shunga ko’ra, hech qachon kun tartibidan olib tashlanmaganidek, g’aflat hamda kulfat mavzulari ham hamisha dolzarbdir. Shoir bu dostonida o’zining aksar she’rlarida mavjud bo’lgan har qanday muallaqlikdan xoli samoviyligini tark etib, o’ljasini ko’rgan shunqordek, shiddat bilan yerga tashlanadi. Bu “o’lja” esa jamiyatda ham, har bir odamning ruhida mavjud bo’lgan adolattashnalik, haqiqat tarafida turib, istibdodning har qanday ko’rinishiga qarshi kurashda jadal ko’rsatishdir.

Har qanday jamiyatda ham zulm hamda adolat tushunchalari, haqiqat mezonlari o’zgarib, muntazam islohottalab bir holatda bo’ladi. Ushbu kurashda har bir insonni ana shu tinimsiz jarayonga safarbar holatda tutib turishning uddasidan esa faqat adabiyot, badiiy so’z chiqishi mumkin. Bu sohadagi inson ruhida bo’lgan jarrohlik amaliyotiga esa badiiy so’z shifokorlarininggina tig’i, nishtari qobildir. Bu borada keskin choralar mutlaqo ish bermayotganligini tarix ko’rsatib kelyapti. Bundan tegishli xulosa chiqarib ola bilmayotganligi esa insoniyatning o’z boshiga o’zi orttirib kelayotgan balolardan biri. Bunga esa bosh aybdor, Andrey Voznesenskiy ta’biri bilan aytganda, “Pushkin”dir. Ya’ni shoirlardir. Muhammad Rahmon ham “Abadiy nido” dramatik dostonida, o’zining ana shu “ayb”ini teran anglab qalam suradi. Bu illatlarni bartaraf qilish, avvalo, ularga tashxis qo’yishdan boshlanadi. Muolajaning ham oson kechmasligi ayon. Bu esa shoirning o’zi uchun oddiy burch deb bilgan jasoratidir.

Demak, so’zboshimiz ibtidosida keltirganimiz hazrat Navoiyning “Durrai ma’ni istasang, sen aylagil guftor bas” kabi nasihatlari ham mutlaqo nisbiydir. Aslida esa shoir so’z aytishdek mashaqqatli baxtdan o’zini bir lahza ham tiymasligi, ezgulik tarafida turib, yovuzlikka qarshi kurashdan to’xtamasligi kerak. Bunda jasorat shoirning kundalik burchi. Muhammad Rahmonning ushbu kitobi fikrimizning dalilidir.

Shoir har bir misra she’rida o’zining ishqparvarlik g’oyasiga sodiq qoladi. Shoir tuyg’ular jarayonini tahlil etar ekan, qat’iy bir fikrga keladi:

Bo’g’otga suykalib gullaydi o’rik.

Xalqimizda “Suymaganga suykalma” degan maqol bor. “O’rik” esa “bo’g’ot”ga suykalib gullaydi. “O’rik” uchun “bo’g’ot”ga suykalib gullash bu – sevish demakdir. Bo’g’ot
sevmagani, ya’ni quruq qamish bo’lgani – bu uning ezgulikdan mahrumligida, muhabbat tuyg’usidan mahrumligida. Shuning uchun ham u aftoda, xordir. “O’rik” bo’lsa,
“bo’g’ot”ga suykalib bo’lsa ham, har qalay, gullaydi. She’rda inson tuyg’ularini tarbiyalashning mislsiz hikmatlari, ana shu tuyg’ular asosida parvarish topgan insonning hissiyotlari mavjud. Ana shu tuyg’ular asosida parvarish topgan insonning hissiyotlari bardavom, ezguligining joni qattiq, yashovchan bo’ladi. Har bir o’quvchi ruhida muhabbat tuyg’ularini tarbiyalamoq, tarbiyalanganda ham bu tuyg’ularning ildizlari chuqur, yaproqlar barq urayotgan, mevalari totli bo’lishiga erishib tarbiyalamoq ana shu ezgulikning qat’iyatli, har qanday sinovlardan omon chiqadigan bo’lishini ta’min etadi.

Odamlarning tuyg’ularida “O’riklik”ni vujudga keltiradi. “Bo’g’otlik”ni bartaraf etadi. Muhammad Rahmonning she’riyati o’quvchini shunday xulosalarga keltiradiki, buning natijasida unda adabiyotning vazifasi odamda ezgulikni emas, balki noezgu amallarga noqobillikni tarbiyalamoqdir, degan fikr paydo bo’ladi. Bunday tarbiya esa o’z-o’zidan amaliyotda ezgulikni keltirib chiqaradi, chunki inson o’z a’mollarida nimanidir bajara olmay yashashga layoqatli emas. Agar layoqatli bo’lsa, uning jonivordan farqi qolmaydi. Shuning uchun ham nafaqat “Abadiy nido” dostoni, balki mazkur kitobning boshdan-oyog’i ramziy ma’noda “O’rik” bilan “Bo’g’ot”ning olishuv tafsilotlariga bag’ishlangan desak mubolag’a bo’lmaydi. Bu olishuvning, bu omonsiz kurashdagi ezgulikning tantanasini, hayotsevarlikning uzil-kesil qozonilib turadigan g’alabasini Muhammad Rahmon ikki misra bilan muxtasar etadi:

Bexabarsan o’zingdan, o’lim,
Allaqachon o’lib bo’lgansan.

Shoirning shoirligi, muayyanroq qilib aytadigan bo’lsak Muhammad Rahmonning Muhammad Rahmonligi ham ana shunda.

077

(Tashriflar: umumiy 198, bugungi 1)

Izoh qoldiring