25 апрель — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом таваллуд топган кунга 95 йил тўлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1969), Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1979) Ҳамид Ғулом 1919 йил 25 апрелда тошкентлик мусиқа муаллими оиласида туғилди. Ўрта мактабни битиргач, Ўрта Осиё индустриал институти (1935—1937) ва Низомий номидаги Тошкент Педагогика институти (1938—1941) да таҳсил олди. 1954 йилда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг йўлланмаси билан Москвага, М. Горкий номидаги Жаҳон адабиёти институтига ўқишга борди. Сўнг «Литературная газета»нинг Ўзбекистондаги махсус мухбири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби (1958—1971), «Шарқ юлдузи» журналининг бош муҳаррири ва Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг директори лавозимларида ишлади.
Ҳамид Ғулом адабиётга ўттизинчи йилларнинг бошларида «Бизнинг лагер», «Одам», «Қуёш каби чароғон» (1936) шеърлари билан кириб келди. Ёш шоирнинг ижоди ўзбек адабиётининг катта вакиллари Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Мақсуд Шайхзода таъсирида камол топти. У ватанпарварлик, душманга нафрат руҳи ифодаланган «Қасосим бор» (1942), «Катерина» (1942), «Украина еллари» (1943) каби шеър ва балладаларини уруш йилларида яратган. Адибнинг кейинчалик яратган «Қўшиқларим» (1949—1956), «Днепр бўйида» (1949), «Ғалаба йўлида» (1952—1956) асарларида халқимизнинг фашизмга қарши курашидаги қаҳрамонликлари тасвирланган.
Ёзувчи «Машъал», «Сенга интиламан»,«Тошкентликлар», «Бинафша атри», «Мангулик», «Машраб» каби романлар ёзди. Таржимон сифатида А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. Шекспир, Т. Шевченко, Лоне де Вега каби ёзувчиларнинг асарларини ҳам ўзбек китобхонлари ва томошабинларига тортиқ этган. Унинг «Фарғона ҳикояси», «Тошболта ошиқ», «Ўғил уйлантириш», «Ажаб савдолар» каби замонавий мавзуларда яратилган комедиялари, «Муҳаббат навоси» номли икки парда, беш кўринишли музикали драмаси республика театрларида намойиш қилиниб, томошабинлар ҳурматига сазовор бўлган.
Ҳамид Ғулом 2005 йил 21 августда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Ҳамид Ғулом
ЙИЛЛАР,ЙЎЛЛАР,УСТОЗЛАР
Асардан парчалар
1925 йил. Тошкент. Биринчи Арпапоя маҳалласи. Бу номдаги маҳаллалар учта бўлган. Биринчиси (агар ҳозирги Тошкентнинг жуғрофий тузилиши эътиборга олинса), Ўзбекистон кўчасининг Олмазор кўчаси билан туташган қисми атрофида жойлашган. У вақтда Бешоғоч майдонидан ҳозир кўлни ёнлаб оқаётган анҳор Муқимий номли театр ёнидан Олмазор кўчаси бўйлаб масжид томонга оққан ва йўлда Исломобод номли ариққа қўшилган. Бешоғоч гузаридан Исломобод ариғигача ҳайқириб оқиб турган анҳорнинг номи Арпапоя ариғи бўлган. Бу анҳор устига қурилган икки обжувоз ва бир тегирмон муттасил ишлаб турган. Биринчи Арпапоянинг тор кўчаларида аравакашлар ҳам истиқомат қилишарди. Улар асосан, кўмир ташиш билан машғул бўлишган. Бўйи икки ярим газ келадиган бу барваста паҳлавонларнинг Арпапоя ариғида отларини чўмилтиришини биз беш-олти ёшли болалар қирғоқда тизилишиб томоша қилардик. Улар гоҳо бизни отларига миндириб, кенг сув сатҳига қўйиб юборишарди-да, ўзлари маҳалла гузаридаги сершох учта садақайрағоч тагидаги сўриларда чойхўрлик қилишарди.
Лекин Биринчи Арпапоя маҳалласи аравакашлари билан эмас, балки Форобий номли истироҳат боғи ва боғ ўртасидаги шу номли янги мактаби билан машҳур эди.
Бизнинг уйимиз мактабдан атиги юз метрча масофада бўлгани ва мактаб ҳовлисидан истироҳат боғига шундоққина бемалол ўтилгани учун, айниқса, биз болаларга бу ерда яшаш жуда маза бўлган.
Бобом замонасининг билимдон ва обрўли кишиси, шаҳарда мулла ўулом номи билан танилган халқ муҳандиси 1925 йилнинг 1 сентябрида мени, яъни олти ёшу тўрт ойлик набирасини уйимиз ёнидаги Форобий номли мактабга етаклаб олиб борди ва мактаб ҳовлисидаги яккатуп улкан балхтути тагига терилган парталар ёнида бир тўп болалар қуршовида турган баланд бўйли, қотмагина муаллим қўлига топшираркан:
– Афандим, мана сизга талаба, гўшти сизники, суяги бизники, қунт билан ўқитинг! – деб таъкидлади.
Қўнғироқ чалинди, болалар парталарни тарақлатиб ўтиришди, муаллимимиз тут дарахтига михланган ёзув тахтаси ёнига бориб, қўлига бўр билан латта олди. Дарс бошланди.
Мактаб ёнидан то Исломобод ариғигача чўзилган дарахтзор тепалик истироҳат боғи бўлиб, боғ этаги Зевак ариғига бориб туташарди.
Қатор сўрилар, хиёбонларга қўйилган скамейкалар, ариқ бўйидаги чорпоялар кечга томон шинавандалар билан тўлар, чойхоналар обод бўлар, тепаликдаги майдонда кураш ташкил қилинар, дорбозлар ўйин кўрсатар эдилар. Юқорироқ бир ерга ёзги саҳна қурилган бўлиб, бу ерда концертлар, ҳатто спектакллар бўлиб турарди. Эндиликда мен хаёлим уфқида олис нуқта бўлиб узоқлашган ўша 1925 йилдан хотирамда қолган лавҳаларни жонлантиришга ҳаракат қиламан.
Бир оқшом ўша ёзги саҳнада кўрсатилган томоша эсимда. Саҳнада бир бойвачча ўз уйида сандиқ бузиб ўғирлик қилади. Қиморга, ичкиликка, фаҳшга берилган разил йигитнинг кирдикорлари очилади. Ўша кеч Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесаси ўйналганини мен кейинчалик тушуниб билганман.
Истироҳат боғи ўртасидаги сўриларда ўтириб соз чалган, наво қилган санъаткорларни ҳам кейинчалик таниб билдим ва уларнинг баъзилари билан узоқ йиллар дўст-қадрдон бўлиб ҳамкорлик қилдим. Машҳур найчи Абдуқодир Исмоилов, буюк санъаткоримиз Юнус Ражабий, классик ҳофизимиз Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, моҳир танбурчи Рихси Ражабий, Аҳмаджон Қўшнайчи шулар жумласидандир.
Мактабдошларимизга келсак, бир неча ўнлаб алломаларни таърифлашим мумкин. Лекин фақат икки кишининг номини тилга олиш билан кифояланаман. Улардан бири академик Воҳид Зоҳидов бўлиб, мактабни ҳам, кейинчалик олий ўқув юртини ҳам зудлик билан муваффақиятли тамомлади. Йигирма ёшида Мирза Фатали Охундов фалсафий қарашлари мавзуида фалсафа фанидан номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Алишер Навоий фалсафий дунёқарашидан докторлик диссертатцияси ёқлади. Ҳали ўттиз ёшга тўлмаган йигит эди ўшанда Воҳид Йўлдошевич!
Ҳурмат билан тилга олмоқчи бўлганим иккинчи зот матбаачи ишчи Собит Тоҳировдирки, у оддий ҳарф терувчиликдан матбаачилигимизнинг атоқли ташкилотчиларидан бири даражасига кўтарилди – кўп йиллар давомида Тошкент Офсет босмахонасига раҳбарлик қилди.
Хуллас, Форобий номли мактабда кечган 1925-1932 йиллар бутун бир авлод ёшларининг маънавий шаклланиш йиллари бўлди. Биз билим олиш билан бирга, янги маданият ўчоғида, санъат даргоҳида тарбияландик.
1934 йил. Бу йилни бошқа йиллардан айириб, унга алоҳида маъно бағишлашдан мақсадим бор. Яқинда ёшликдаги бир дафтар топилди. Бу оддий мактаб дафтари бўлиб, шеър билан тўлдирилган. Шеърлардан бирининг сарлавҳаси “Кенгай, лагер”, ёзилган йили – 1934.
Бизга адабиётдан Субутой Долимов дарс берарди. У илк шеърларимизни деворий газетада эълон қилиб турарди. Эндиликда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, университетимизнинг ширинзабон олими Субутой Долимов у вақтда йигит ёшида бўлиб, ўзи ҳам қайнаб-тошар, бизларни ҳам тинимсиз рағбатлантирарди. Менинг биринчи шеърларимни ҳам редакцияларга олиб боришимда далда берган ана шу сахий қалб эгасидир.
Журнал редакцияси у вақтда ҳозирги Ҳадича Сулаймонова кўчасидаги бир қаватли уйда жойлашган бўлиб, мен унинг биринчи хонасида Ойдин опа ва Ҳасан Пўлатов билан кўришганим эсимда. Менинг бир даста қўлёзмаларимни бўлишиб олиб ўқиб чиқишди ва бир нечтасини танлаб олишди. Журналнинг навбатдаги сонида “Кенгай, лагер” сарлавҳали шеърим, кейинги сонларида “Толе ва ўч” номли достонимдан парча ва яна бир қанча шеърларим босилиб чиқди.
Ўша вақтда менга кўрсатилган эътиборни мен адабиётга гуриллаб кириб келаётган бутун бир авлод – ёш ижодкорларга кўрсатилган эътибор деб биламан. Эҳтимол, мен бир-икки йил илгарироқ бошлагандирман. Шеърларимни сал барвақтроқ эълон қилгандирман. Бироқ ўша йиллар адабиётга дадил кирган бутун бир ижодий бўғин тез кўзга кўринди, ҳар бири ўз йўлини тез топди. Эндиликда уларнинг кўплари адабиётимизнинг ҳамма жанрларида бир қанча салмоқли асарларнинг муаллифлари сифатида мамлакатга танилдилар.
1936 йил. Тошкент. Мен бу йилни шеъриятимизнинг жасоратли парвозлари йили деб ҳисоблайман. Ўша йили Ўзбекистон шоирларининг коллектив шеърий меҳнати А.С.Пушкин вафотининг юз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш шиори остида авж олиб кетди. Бу катта тарихий ишни Ҳамид Олимжон бошқарди. Йигирма етти ёшли оташин шоир ва моҳир ташкилотчи Ҳамид Олимжон қаерда бўлмасин, дарҳол атрофида шоирлар давраси ташкил топади, қизғин баҳслар бошланади, янги таклифлар ўртага ташланади, қалбларга сўнмас ўт ёқа билади бу тенгсиз нотиқ!
Пушкин асарларини таржимага олган шоирларни Ҳамид Олимжон ўзи бошлаб Чимёнга, ёзни салқин тоғ бағрида ўтказишга олиб кетади. Ойбек “Евгений Онегин” таржимаси билан машғул, Ҳамид Олимжоннинг ўзи “Кавказ асири”ни таржима қилади. Қўқондан келган шоир Усмон Носир Тошкент чеккасидаги Инжиқобод боғида “Боғчасарой фонтани”ни таржима қилади.
Бу вақт Ёзувчилар уюшмамиз – Округ офицерлар уйи маданият ва истироҳат боғи рўпарасида, каттагина қўра ичида, болохонали бинода. Биринчи қаватдаги узунгина хонани клуб қилиб олганмиз. Бу ерда Ҳамид Олимжон раислигида мушоира ташкил қилинади. Мушоира мавзуи – пушкинхонлик… Ҳар бир шоир ўз таржимасидан ўқиб беради. Ғафур ўулом, Ойбек, Усмон Носир, Темур Фаттоҳ, Амин Умарий, ўнлаб бошқа шоирлар ўқийдилар. Ҳамид Олимжон ўзи ҳам жарангдор овози билан ёддан ўқийди. Кейин у мени минбарга таклиф қилади. Мен Пушкиннинг “Гул” ва “Грузия қирларида оқшом зулмати” сарлавҳали шеърларини ўз таржимамда ўқийман. Кейин бу ва бошқа таржималарим китобга киради.
Бундай шеърий мусобақалар ўтказиш одат тусига кириб қолди. Улардан баъзилари хотирамдан асло ўчмайди. Чунончи, М.Ю.Лермонтов шеърияти кечасида Усмон Носир “Демон”дан бир боб ўқигани ҳали қулоғимда жаранглаб туради. Ғафур ўулом “Ҳожи Абрек”дан парча ўқиди. Мен “Мцири”нинг биринчи бобини ёддан ўқиб бердим.
Мана энди орадан шунча вақтлар ўтгач, ўттизинчи йиллардаги адабий муҳитни ўйлаб қарасам, биз ўзбек ёзувчилари ва шоирлари унутилмас дўстимиз ва дарғамиз Ҳамид Олимжон раҳбарлигида жуда катта ижодий мактаблардан ўтибмиз.
Бу мактаблардан асосий учтасини алоҳида кўрсатиб ўтиш керак. Биринчиси, халқ ижодининг битмас-туганмас хазина манбаидир. Ҳамид Олимжон фолклорга жуда катта эътибор берди. Ходи Зариф бошлиқ бир гуруҳ ўзбек олимларини ўзбек халқ оғзаки ижоди асарларини тўплашга, бахшилардан ёзиб олишга сафарбар қилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан шоир ва бошқалар Тошкентга таклиф қилинди. Улардан миллионлаб мисра достонлар ёзиб олинди. Ўша йиллари биз халқ бахшилари билан ҳамсуҳбат бўлдик, халқ шеъриятининг соф булоқларидан тўйиб симирдик.
Иккинчи мактаб – классик адабиётимиз мактабидирки, Алишер Навоий туғилган куннинг 500 йиллигига тайёргарлик кўрилиши муносабати билан Ҳамид Олимжон классик адабиётимиз тарғиботини кенг йўлга қўйди.
Учинчи мактаб – рус классик адабиёти мактабидир. Мен юқорида фақат А.С.Пушкин ва М.Ю.Лермонтов юбилейларини ўтказиш муносабати билан шеърий таржима санъати сирларидан воқиф бўла бошлаганимизни эслатиб ўтдим. Модомики, булардан ташқари, Ҳамид Олимжон ўзбек ёзувчиларини Лев Толстой, Шота Руставели, А.П.Чехов, Тарас Шевченко, Максим Горкий асарларини таржима қилиш ишларига рағбатлантирди. Дарҳақиқат, қардош халқлар классик адабиётини ўқиб-ўрганишнинг энг самарали усули таржима орқали ўрганишдир. Айниқса, истеъдод эгалари, қалам аҳли учун бу усулнинг ижодий манфаати ўн чандон ортиқдир.
Ҳамид Олимжон ўз ижодий тажрибаси давомида мана шу ҳақиқатни чуқур тушуниб етган ва улкан масъулиятли вазифани муваффақият билан бажара билган.
Ўттизинчи йиллар адабий муҳитини Фарғона водийсидан келган уч шоирсиз тўла тасаввур этиш мумкин эмас. Булар – Султон Жўра, Амин Умарий ва Усмон Носир.
Султон Жўра андижонлик бўлиб, гоҳ-гоҳ Тошкентга келиб турар, келолмаганида эса қўлёзмаларини почта орқали юбориб турар эди. Чунончи, унинг “Жордано Бруно” поэмаси журнал редакциясига почта орқали келди ва биз ўқиб улгуришимиз биланоқ шоирнинг ўзи ҳам етиб келди. Ёзувчилар уюшмасида йиғилишдик. Султон Жўра поэмани ўзи ўқиб берди. Қизғин муҳокама бўлди. Ўтда ёнган олим тақдири нақлидан жуда таъсирландик. Журнал поэмани қабул қилиб олди ва тез орада эълон қилди. Орадан бир неча йиллар ўтгач, Султон Жўра ўзи фашизмга қарши жангда, ўт-олов ичида ҳалок бўлди. У ўз шеъриятида куйлаган азиз Ватан учун, инсон эрки учун жонини фидо қилди…
Амин Умарий жуда ёш бўлишига қарамай, том маънода нуроний шоир эди. Унинг кўзлари чақнаб, қизил юзидан нур ёғилиб турарди. Ажабо, Амин Умарий ҳам худди Султон Жўра каби оловда тобланган пўлатдай жарангларди. Унинг Ленинград жангчиларига бағишлаган шеърини ўз оғзидан эшитганман: ҳали шеър битилган қоғоз совимасдан, ёниб, ҳаяжонланиб ўқиб берган эди менга… Орадан бир неча ойгина ўтди. Бекободга – Фарҳод ГЭС қурилишига борган экан. Терлама касалини юқтириши, бунинг устига, қаттиқ шамоллаб, зотилжамга йўлиқиши сабабли йигит ёшида дунёдан кўз юмди.
Усмон Носир билан бир учрашувни ҳамон мароқланиб эслайман. Хадрада тасодифан учрашиб қолдик. Бундан аввал Ёзувчилар уюшмасида, Инжиқобод боғида, мушоираларда бир неча марта кўришган, бир-биримиз билан яқинлашиб қолган бўлсак ҳам, бу муносабатлар ҳали дўстлик даражасига кўтарилмаган эди.
Усмон мен билан иссиқ кўришди:
– Хадра сўзининг маъносини билмайсизми? – деб сўради.
– Афсус, билмайман. – Хижолатдан манглайимга совуқ тер чиқди. – Нимага керак бўлиб қолган эди.
– Чодра сўзига қофия қидириб юрибман. – Манглайи тиришиб жавоб берди Усмон. – “Демон”да шундай ибора бор: “Тамаранинг чодраси”… Хадра сўзининг маъноси мос келса, заб қофияга тушар эди-да. Бироқ уч-тўрт кишидан сўрадим, ҳеч ким билмаяпти.
– Юринг, Ғафур акадан сўраймиз, – дедим мен Усмонга. – Ғафур ака билмайдиган нарса йўқ.
– Тўғри айтасиз, Ғафур ака қомус ул-аълам! – Усмон фикримни тасдиқлади. – Лекин ҳозир бошқа иш бор, юринг, ёрдамлашиб юборасиз.
Биз Усмон билан Хадрадан Бешоғочгача яёв суҳбатлашиб келдик ва анҳор бўйидаги беш қаватли уй ёнида тўхтадик.
– Мен шу ерда вақтинча турибман, бироқ ҳозир кўчиб кетаман, – деди Усмон ва биз у билан бешинчи қаватдаги хонадонлардан бирига кириб, йўлакдаги жажжигина ҳужрадан унинг талабаларга хос камтарча кўчини – бир чамадонча билан ўриндиғини олиб чиқдик.
Усмоннинг дадаси Чақар маҳалласидан қутичадеккина ҳовли сотиб олган экан. Биз Бешоғочдан ўтиб, Гулистон маҳалласи орқали Чақарга келдик. Ҳовлида бизни Усмоннинг онаси ва сингиллари кутиб олдилар. Ҳовли сув сепиб, супурилган. Ариқ бўйига палос ёзилган, кўрпачалар тўшалган экан. Намозгар асноси бўлса керак. Хонтахта атрофида юзма-юз ўтириб, хуштаъм лағмон еганимиз эсимда.
Усмон “Демон”нинг таржимасидан ёддан бир парча ўқиб берди. Шеър мусиқасига маҳлиё бўлиб:
– Ана шеър, ана илҳом! – деб хитоб қилди.
Мен Усмоннинг “Нахшон” достонидан “Бағишлов” қисмини завқланиб ўқидим:
Боғларга намозгар салқини тушди,
Гуллар нам баргини қайирди аста.
– Ахир, бунинг Лермонтов шеъридан ҳеч кам ери йўқ! – дедим.
– Муболағага пирикомил бўлиб кетинг-е! – хандон отиб кулди Усмон. – Лермонтов қаёқда-ю, унинг камтарин мухлиси қаёқда!
Ажабо, ўша суҳбатдан буён қирқ икки йил ўтибди. Биз энди сочимиз оқариб, олтмиш ёшли мўйсафид бўлдик. Кўп замонлардирки, Усмон Носир орамизда йўқ. Лекин унинг шеъри юрагимизда. Овози қулоғимизда ҳамон жаранглаб туради. Адабиётимиз камолга етди. Шеъриятимиз кўкида юлдузлар кўпайди. Лекин минг-минглаб турли юлдузлар ўртасида тип-тиниқ, зижи шоирон маъвосида, асримиз азиз инсонлари бошида Усмон Носир қалби, унинг навқирон поэзияси тонг юлдузидай чақнаб туради.
Устозлар ҳақида сўз борганда, мен даставвал Ғафур Ғуломни эслайман, унинг барваста гавдаси, катта қўллари, чимирилган қошлари, синчков боқишлари дафъатан кўз олдимга келади.
Кунлардан бир кун Эскижўвада Жангоб тепалигидаги чойхонада Ғафур ўулом улфатлари билан суҳбатлашиб ўтирганида мен кўчадан ўтиб қоламан.
– Ҳой, бу ёққа кел! – деб чақиради у мени ва яқинига бориб салом берганимдан кейин улфатлари – босмахона ишчиларига таништиради: – Унча-мунча шеър машқ қилиб юрган Ҳамид Ғулом шу бўлади. Мен Ғафур Ғуломман. Демак, иккаламиз бир она қорнидан талашиб тушган бўламиз. Мана сизлар гувоҳ бўлингиз, биз шу кундан бошлаб ака-ука.
Шу-шу биз ака-ука бўлдик. Кейинчалик Тошкентдами, Москвадами таниш-билишлар бу ҳақда сўраб қолишганда, Ғафур ака мендан аввал:
– Ҳа, биз ака-укамиз, – деб жавоб берарди.
Ўттиз тўрт йил, яъни Ғафур аканинг сўнгги соатларига қадар давом этган бу яқинликни мен аввало устознинг шогирдга ишончи деб тушуниб келдим ва бу фавқулодда самимий ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.
Ижоднинг юлдуз чақнаган онлари бўлади. Мен Ғафур Ғулом ижодида шундай онларни кўп марталаб кузатганман. Ғафур ака “Отелло”ни таржима қилган кунлар… Ҳа, “Отелло”ни, Пушкин, Лермонтов асарларини таржима қилган кунлар, “Шум бола” ва “Ёдгор” ёзилган кунлар ҳақида, шеъриятининг шоҳ асарлари: “Боғ”, “Сен етим эмассан”, “Соғиниш”, “Йигитларга”, “Хотин” ва бошқа ўнлаб, юзлаб шеърларидан ҳар бирининг тарихидан сўзлаб беришим мумкин.
Ғафур акани Шарқ тарихи ва адабиётини билишда тенгсиз дейиш мумкин. Унинг Мухтор Авезов ва Нозим Ҳикмат билан, Берди Кербобоев ва Мирзо Турсунзода билан, Николай Тихонов ва Пабло Неруда билан, Собит Муқонов ва Самад Вурғун билан суҳбатларида иштирок этганман. Шарқнинг қайси сиймоси, Шарқ шеърияти ва санъатига доир қандай мавзу тилга олинмасин, Ғафур Ғуломнинг билими ва закоси даражасида у билан теппа-тенг баҳслаша биладиган билимдонни кўрмаганман.
Нима ҳақда сўз кетмасин: Мирзо Бедил фалсафасими, турк шоири Тавфиқ Фикрат назмий услубими, Умар Хайём рубоийларими, Шайх Саъдий саргузаштларими, қадимги хитой шеъриятими ёки Лу Син ижодими, Ҳофиз лирикасими, Машраб дунёқарашими, ниҳоят, улуғ бобомиз Алишер Навоий адабий тилининг ўлмас қирраларими – ҳамма-ҳаммасига ўз даврининг алломаси бўлган нуктадонлар ҳам Ғафур ўуломдан мукаммал жавоб ола билганлар ва шу сабабдан унинг ақли, истеъдоди ва заковатига таҳсинлар ўқиганлар.
Ғафур аканинг ҳар тонг эшик тақиллатиб кириб келишига одатланиб қолганим учун бу тонг ҳам унинг барвақт ташрифи мени таажжублантирмади. 1950 йил май ойининг дастлабки ойлари. Ғира-шира сурмаранг тонг. Эски Олмазор кўчаси. Ғафур ака “Победа” машинасининг мотори ўчмаган. Ҳарам оғаси каби гунг-соқовликни одат қилиб олган шофёр Мустафо кабинадан кулиб боқади.
– Ётаверасанми, сўфилар таҳоратини олиб бўлди-ку! – Менга ҳазиломуз ўшқиради Ғафур ака. – Юр, Самарқандга кетдик, домла Айнийни кўриб келамиз!
Бешоғоч бозорига кириб, беш-ўнта лиму олдик, Ғафур ака икки шиша коняк ҳам олволди.
– Ишинг бўлмасин, – деди у менга мийиғида кулиб. – Домла бетоб эмиш, муолажага керак бўлади.
Мен Ғафур аканинг бу хил ҳазилларига ўрганиб кетганим учун унинг кулганига эътибор ҳам бермай қўя қолдим.
Йўлга тушдик, Мирзачўлда бир пиёла чой ичиб, Жиззахда овқатланиб, Самарқандга шомга яқин кириб келдик.
– Домла ишлаб чарчаган, – деди менга Ғафур ака. – Бугун меҳмонхонада тунаб, домланикига эрталаб борамиз.
Эртаси кун “Регистон” меҳмонхонасидан ғира-шира тонг паллада чиқиб, Садриддин Айнийнинг уйига келдик. Домла аллақачон уйғонган экан, эшикни ўзи очди ва Ғафур акани кўриб, қувончини ичига сиғдиролмай:
– Ия-ия, қаёқдан кун чиқди! – деб бироз довдираб қолди. Эски қадрдонлар қучоқлашиб кўришдилар, домла мен билан ҳам елка қоқишган бўлди. Ташқари ҳовлига кираверишда, ўнгдаги биринчи эшикдан даҳлиз орқали домланинг ишхонасига ўтдик. Бу хона бор-йўғи ўн бир тўсинли, мўъжазгина уй бўлиб, токчаларга ўрнатилган жавонларга китоблар терилган, ёзув столи устида қўлёзмалар, шиша довотда сиёҳ ва оддий ручка бўлиб, буни домла қалам деб атар ва ўз ўтмишдошлари каби қалам билан ёзишга одатланган экан.
Биз ёзув столи атрофидаги курсиларга ўтиргач, Айний телпак тагидаги қайноқ чойдан бир пиёладан қуйиб узатди ва дастурхон тузаттириш учун ишхона тўридаги кичик эшикдан ичкари ҳовлига кириб кетди.
Ғафур ака шу пайтдан фойдаланиб, икки шиша конякни китоб жавонларидан бирига яширди ва менга кўз қисиб, “Туя кўрдингми? Йўқ!” деб қўйди.
Домла Самарқандга хос сахий дастурхон кўтариб кирди. Гирдоб патнисга терилган гулдор ликобларда сояки, кўкиш ва қора майизлар, қандолат, хандон писта, новвот, чинни пиёлада балхтутининг қиёми, тандирдан узилган янги нони пўлоти…
Мен икки алломанинг ҳазил-мутойибасини кузатиб ўтириб, бу шонли академиклар, адабиётимизнинг барҳаёт классиклари, замон алломаларининг самимий дўстлигидан, беғубор ҳазилкашлигидан ва ниҳоят, илм бобида муросасиз меҳнати ва кашфиётидан фахрландимки, афсус, икки олим ўртасидаги тарих масалаларига доир жиддий баҳслар бу мақоланинг мавзу доирасига сиғмайди, буларни қайд этмоқ учун балки кейинчалик бошқа бир имконият туғилиб қолар… Мен бу ерда фақат шу нарсани илова қилиб ўтаманки, ижодимнинг дастлабки изланиш йўлларида Ғафур Ғуломдек устоз мени қўллаганидан бахтиёрман, ўзимни унинг нурли сиймоси қаршисида умрбод бурчли деб биламан.
Бу ерда мен Ҳамид Олимжон ҳақидаги хотираларимни яна бироз тўлдирмоқчиман. У ёшлигидаёқ, ўз тенгдошларидан фарқ қилароқ такрорланмас бир салобат ва виқор касб этди. Мен ундаги бу фазилатни ўз олдига бутун бир мақсад қўя билишида ва шу мақсадга эришиш учун зарур ишларни ташкил эта олишида, деб биламан.
1936-1937 йилларда анчагина ёшлар Ёзувчилар уюшмаси атрофида уюшиб қолди. У ерга кекса ёзувчилар ҳам тез-тез келиб туришарди. Ўттиз еттинчи йилларнинг ўрталарига келиб, айниқса, Ҳамид Олимжон адабий ҳаракатчиликнинг ташкилотчиси бўлиб майдонга чиқди.
Кунлардан бир кун у мендан сўраб қолди:
– Усмон Носир поэзиясига қандай қарайсиз?
– Ҳаётбахш, оташин поэзия, – деб жавоб бердим.
– Жуда соз! – Ҳамид Олимжон елкамга қоқди. – Эртага президиум мажлисида Усмон Носир поэзияси муҳокама қилинади. Сиз рус тилига дурустсиз. Усмон шеърларини рус тилида таърифлаб беринг.
Эртасига мажлисда қатнашдим. Ҳамид Олимжоннинг оташин нутқи ҳамон қулоқларимда жаранглаб турарди. У мендан ўн ёш катта, ўша йил йигирма саккиз ёшга тўлган баркамол шоир ва арбоб эди. У Усмон Носир ижодини ўринсиз хуружлар қаршисида мардона туриб ҳимоя қилди. Лекин фожиа яқин қолган экан, эртаси куниёқ Усмон Носир сафимизда бўлмай қолди…
1941 йилнинг кўкламини асло унутмайман. Апрелнинг бошларида Ёзувчилар уюшмаси мажлисига мени ҳам чақирдилар. Мажлисга бориб билсам, унда бир масала – ёш шоирни, яъни мени уюшма аъзолигига қабул қилиш масаласи кўрилар экан. Мажлисга Ҳамид Олимжон раислик қилди. Ғафур Ғулом менинг ижодим ҳақида “доклад” қилди. Муҳокамада ўн бешга яқин киши сўзга чиқди. Булар орасида Иззат Султон, Юнус Латиф, Амин Умарий, Султон Жўра, Ҳасан Пўлат, Темур Фаттоҳ ва яна бир қанча шоир, ёзувчиларни ҳамон эслайман. Улар менинг олдимга жиддий талаблар қўйдилар. Бундай муносабат, менга, энди йигирма ёшга тўлган бир ёш ижодкорга кўрсатилган улкан ғамхўрлик эдики, буни ҳеч қачон унутмайман. Мен, айниқса, Ғафур Ғулом билан Ҳамид Олимжоннинг сўнмас меҳрини умрбод эъзозлайман.
Афсуски, мен Ҳамид Олимжон ҳалокатининг гувоҳи бўлдим. 1944 йил 3 июл менинг ҳаётимда ҳам, ижодий биографиямда ҳам энг аламли кунлардан бири бўлиб қолади. Ҳамид Олимжоннинг дафн маросимида мен унинг тобути бошида турдим. Ўзбекистон радиосининг бош диктори сифатида қўлимда микрофон тутиб, бу мудҳиш фожиани – умумхалқ ва умумадабиёт мотамини халқимга бутун тафсилоти билан сўзлаб турдим. Қабр бошида Зулфияхоним қасамёдини ҳам миллион-миллион кишиларга эшиттирдим. Халқ оташин шоиридан, Зулфия вафоли ёри ва мададкоридан жудо бўлди, мен эса, ўз устозимдан айрилиб йиғладим ўша мунгли оқшом…
Манба: «Китоб дунёси» газетаси, 2014, март.
Носир Фозилов
ТАЪЗИМ
Мен бу одамни оддийгина Ҳамид Ғулом пайтида таниб, кейинчалик Ҳамид Убайдуллаевич бўлган кезларида бирга ишлашиш бахтига муяссар бўлганларданман. Бундай деётганимнинг сабаблари бор…
Эллигинчи йилларнинг бошларида бўлса керак, қўлимга бир журнал тушиб қолди. Бундоқ варақлаб қарасам, шу Ҳамид акамизнинг “Олмос қизи” номли қиссаси чоп этилган экан. Бир зарб билан ўқиб чиқдим. Бу асарни ҳозир негадир кам эслашади. Қисса менга ўша пайтда жуда ёққан эди. Ҳатто кўнглимда шундай асар ёзиш ҳавасини уйғотган ҳам эди. Меaнинг ёзув-чизувларим ўша пайтларда бошланганини мамнуният билан эслайман. Ундан сўнг қўлимга Парда Турсуннинг “Ўқитувчининг йўли” асари тушди. Бу асарни ҳам зўр иштиёқ билан ўқиб чиққанман. Эндигина қишлоқдан келган, бадииятга кўзи оч ўсмирлар эмасмизми, у кезларда нимани қандай ўқиш, қачон ўқишнинг ҳадисини олмагандик. Менинг айтмоқчи бўлганим, бу асар ҳам Ҳамид аканинг таҳририда чоп этилган бўлиб, ўша пайтларда муҳаррир, назаримда, муаллифдан кам одам эмасди. Мен ҳам нашриётларда ишласам, таҳрир қилган китобларим охирига муҳаррир фалончи деб имзо чексам, деб орзу қилардим. Фаришталар омин деган эканми, кейинчалик бу орзулар ҳам амалга ошди…
Талабалик давримда камина тез-тез Ёзувчилар уюшмасига бориб турардим. Мақсадим, бирор нарса ололмасам ҳам, таниқли адибларни узоқдан бўлса-да кўриш эди. Уларга ҳавас қилар эдим. Ҳамид акага ўшанда узоқдан қараб, худди одам кўрмагандай томоша қилганман. У қадди-қомати келишган, башанг кийинадиган, нутқи ниҳоятда равон, ҳамиша кулиб турадиган ёқимтой киши эди.
Тақдир тақозоси билан кейинчалик, ўқишни тугатганимдан сўнг аста-секин у билан яқинлаша бошладим: ўша пайтда мен “Гулхан” журналида ишлай бошлаган эдим. Биринчи қаламимни қозоқ адибларининг асарларини таржима қилишдан бошладим. 1950 йилнинг ўрталари эди. Бу вақтда мен Собит Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби”, Ғабиден Мустафиннинг “Қарағанда” романларини таржима қилиб, уюшмадаги баъзи акаларимизнинг назарларига тушиб улгурган эдим. Ҳамид акамиз уюшманинг иккинчи котиби бўлиб ишларди. Ўша пайтда Қозоғистонда ўзбек адабиёти ва санъати ўн кунлиги ўтадиган бўлиб, шу баҳона севимли адибим Ҳамид ака билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. У ниҳоятда ширинсухан, бизга ўхшаган яхши сўз гадоси бўлиб юрган ёшларнинг гапларини, илтимосларини рад этмайдиган инсон эди.
Қозоғистонда бўладиган Адабиёт ва санъат ўн кунлигига тайёргарлик ишлари қизигандан қизиб кетди. Камина эндигина ўқишни тугатиб, кўрсат ишингни, деб кўкрагига муштлаб юрган пайтларим эмасми, енг шимариб ишга тушиб кетдим. Уни қил, буни қил, бориб кел, олиб кел, деган ишларга жуда чаққон эдим. Ўша кезларда Олмаота билан Тошкент ораси мен учун бир қадам бўлиб қолган эди. Ҳозир эсласам юракларим орқага тортиб кетади. Ўша йиллари Ҳамид аканинг илтимоси билан олтита китоб таржима қилибман. Собит Муқоновнинг “Чўпон бола”, Қоратоев ва Брагинларнинг “Қўшиқ қанотида” номли туркум адабий мақолалари, “Қозоқ ҳикоялари” деган ном билан қозоқ адибларининг ҳикоялар антологияси ва ҳоказолар…
Ҳамид ака декадага тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида ахборот бераётган эди, раҳбарлардан бири бош чайқаб:
— Бўлаётган ишлар ёмон эмас-ку, аммо йирик асарлар йўғ-у, — деди норози оҳангда. — Ғабит Мусреповнинг “Қозоқ солдати” романи нега рўйхатларингда йўқ? Ўша асарни таржима қилиш керак. Бўлмаса декадага боришимиздан ҳеч қандай маъно йўқ.
Ҳамма жим бўлиб қолди. Ҳамид ака шартта жавоб қилиб юбордилар:
— Таржима бўлади!
Нимага ва кимга ишониб шундай дедилар? Декадага атиги икки ой қолган бўлса. Рўмон оз эмас, кўп эмас — 23 босма табоқ! Бу жисмонан улгуриб бўлмайдиган иш. Марказий қўмитадан чиққанимиздан сўнг:
— Носирхон, — деди Ҳамид ака. Одатда бир иш буюрадиган бўлса исмимга “хон” қўшиб, эркалаб гапирарди у киши. Албатта, мени кўндириш, ийдириш, шу ишга рағбатлантириш учун шундай қилаётганини сезиб турардим. Шунақа бўлиб чиқди. — Энди белни маҳкам боғлайсиз. Қилинглар, дейилдими, шу ишни қилишимиз керак.
Бунинг устига Ғабит оға Ҳамид аканинг қадрдон дўсти. Улар Москвада, Олий адабиёт курсида бирга ўқишган эди. Шундай бўлса ҳам:
— Улгуриб бўлмайди, Ҳамид ака, — деб минғирлай бошлаган эдим, у киши гапимни бўлиб ташлади:
— Ҳамма шароитни яратиб берамиз, машинистка дейсизми, пул дейсизми… Конвеер усулида ишлаймиз. Сиз таржима қилаверасиз, ҳар куни курьер уйингизга бориб, битганини олиб келади, муҳаррир бир чеккадан таҳрир қилиб, пешма-пеш кўчиртираверади.
Худди шундай бўлди. 23 босма табоқ рўмон атиги ўн тўққиз кунда таржима қилиб бўлинди ва босмахонага жўнатилди.
Бу бахтми ё омадми, билмадим, йиллар ўтиб, Ҳамид ака “Шарқ юлдузи”га бош муҳаррир бўлиб келдилар-у, бирга ишлай бошладик. У киши ниҳоятда интизомни яхши кўрадиган, ҳаммадан шуни талаб қиладиган одам эди. Мен “Шарқ юлдузи”да йигирма беш йиллар чамаси ишлаган бўлсам, шунинг беш-олти йилини Ҳамид ака билан бирга ўтказдим. Бу йиллар ўзбек адабиёти гуркираб ривожланиб турган пайти, таҳририятга қарийб ҳар ўн кунда битта йирик асар келар эди. Уни синчиклаб ўқиб, фикр айтиш таҳририят ходимлари зиммасида.
Ҳамид ака муҳаррирлик қилган йилларда журналнинг нуфузи ошди. Уни бежизга ўзбек адабиётининг “қора қозони”, деб аташмасди. Ҳақиқатан ҳам бу қозонда қанчадан-қанча асарлар пишиб, етилиб чиқмади дейсиз! Ўҳ-ҳў! Журналда чоп этилган асарларни нашриётлар “ғинг” демай қабул қилиб олишарди. Қанчадан-қанча асарлар шу ердан парвоз қилиб, жаҳонга чиқиб, умум башариятнинг маънавий мулкига айланиб кетмади дейсиз! Ўша пайтда журналнинг адади 230-240 минг нусхага етиб, рекорд даражага чиққан, адиблар бу журналда чиқишни ўзларига фахр, деб билар эдилар.
Журналда шунча ишлаб, асарни зудлик билан ўқиб, ўз фикрини дадил ва ҳалол айта оладиган муҳаррирни биринчи кўришим. Нақ беш юз саҳифали рўмонларни бир кечада ўқиб келарди, десам балки ишонмассиз. Афсуски, худди шундай эди. Бошқалардан ҳам шу жадалликни талаб қиларди.
Умуман, мен шу йиллар ичида беш-олтита муҳаррир билан бирга ишлаган бўлсам, булар орасида Асқад Мухтор ва Ҳамид акачалик ишга масъулият билан ёндашадиганлари камдан-кам топиларди.
Ўша пайтларда биз — таҳририят ходимлари худди “Пахтакор” футбол командасининг дарвозабонидек ҳушёр эдик. Яхши асар келса, бутун жамоамиз билан хурсанд бўлардик. Ночор асар келса, ишонтирарли далиллар билан маслаҳат бериб қайтарардик. Тўғрисини айтиш керак: журналга келган муаллифлар орасида аввал юқоридан сим қоқтириб, сўнг қўлёзмасини олиб келадиган амалдорлар ҳам бўлар, баъзан улар олдида ночор қолган пайтларимиз ҳам бўлган. Начора! Биз муҳарриримизга, муҳаррир эса бизга қаттиқ ишонарди. Ҳамид ака уч-тўрт йил илгари “Шарқ юлдузи” журналига берган бир суҳбатида: “Шарқ юлдузи”да биз Ваҳоб Рўзиматов, Ҳайдарали Ниёзов, Носир Фозиловлар билан бирга ишладик. Буларнинг ҳар бири ўзича бир забардаст муҳаррирлар эдилар”, деганида мана шуларни назарда тутган бўлсалар ажаб эмас.
Замонанинг зайли билан Ҳамид ака “Шарқ юлдузи” журнали муҳаррирлигидан бўшатилиб, Ғафур Ғулом нашриётига директор этиб тайинланди. Ўша ёққа ўтиши билан мени олдиларига чақириб: “Қани, Носирхон, наср бўлимини қўлингизга олинг!”, деди. Шу таклифнинг ўзи ҳам каминага бўлган ишонч эди. Ўтдим. Тағин бирга ишлай бошладик. Энди юмуш икки баробар, уч баробар ошди. Бош қашишга вақт бўлмай қолди. Кундан-кунга иш кўпая борди. Мен директорнинг олдига янги-янги таклифлар билан кирардим. Бирор-бир таклифимни қайтарганини, мени ноумид қилиб чиқарганини эслаёлмайман. Худди ўша кезларда бирон-бир каттароқ китоб чиқаролмай юрган ёшларнинг қўли китоб кўрди. Булар ичида Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Йўлдош Сулаймон, Жонрид Абдуллахонов, Самар Нуров, Саъдулла Сиёевларнинг залворли бир-бир жилдлик китоблари кетма-кет чиқа бошлади. Каминанинг икки жилдли сайланмаси ҳам ўша кезларда ёруғ кўрган эди. Ўзбек адибларининг энг янги рўмонлари серияси, энг яхши достонлари серияси, жаҳон адабиётининг энг сара асарлари серияси ҳам ўша пайтда чоп этила бошланди. Ўҳ-ҳў, айтаверсак гап кўп. Бирон марта ҳам қоғоз танқислиги, режада йўқ, деган важ-карсонлар сабаб қилиб кўрсатилмаган эди ўшанда. Ваҳоланки, ўша пайтларда ҳам нашриётларда қоғоз етишмасди, қатъий планлар мавжуд эди.
Мана шуларни назарда тутган бўлсам керак, радиодан бир йигитча келиб суҳбатлашганда, нашриётларимизнинг танг аҳволи ҳақида гапириб: “Ҳамма гап ўша нашриёт раҳбарининг қай даражада тадбиркор эканлигига боғлиқ. Мабодо нашриётга раҳбар топиш масаласи кун тартибига қўйилса, мен ҳеч иккиланмай Ҳамид Убайдуллаевичнинг номзодини кўрсатган бўлардим”, деб юборганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим. Бу менинг Ҳамид акага ишончим, унга эътиқодим юзасидан дил-дилимдан чиққан гап эди.
Мен бугун Ҳамид аканинг баъзи ўзим билган инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритдим. Ҳали ижоди шундайлигича турибди. Агар устознинг ёзганлари жамланса, залворли-залворли ўн жилд бўлади. Бу ҳақда олимларимиз батафсил айтишар, ёзишар. Мен эса бугун у кишининг самимий акалигига, меҳрибон устозлигига, жўшқин иқтидорига таъзим қиламан. У кишининг тадбиркор раҳбарлигига, ширинсухан оғалигига, бўлмайдиган ишларни бўлдирадиган, йўқни йўндирадиган таланти олдида таъзим қиламан ва умуман, ёшларга кўрсатган ғамхўрликлари олдида таъзим қиламан.
Илоҳо, ихлосмандларингизнинг Сизга бўлган меҳру муҳаббатлари нурга айланиб, ётган жойингизни чароғон айласин. Имон келтириб айтишим мумкинки, Ҳамид акажон, Сиз энди устозларингиз қолдирган битикларда, ўзингиз меҳр кўргизган шогирдларингизу укаларингизнинг миннатдорлик туйғулари ила йўғрилган порлоқ хотираларида мангу яшаяжаксиз.
Манба: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 3-сони.