Yahyo G’ulomov. Xorazmning sug’orilish tarixi & Яхья Гулямов. Памятники города Хивы

003

1 май — Тарихчи – археолог олим Яҳё Ғуломович Ғуломов ( 1908-1977) таваллуд топган кун

Энг буюк жасорат – бу маънавий жасоратдир. Ҳаёт доимий синов майдони сифатида ҳам таърифланади. Унинг асл маъноси эса ана шу майдондаги тинимсиз кураш, қийинчиликларни енгиб, инсонга хос улуғворлик, покликни асраб ўта олишдан иборат. Оддий ўт-ўлан ҳаёт учун курашиб, тош қотган ер бағрини ёриб чиқади, ҳар бир жонзот ўз наслини сақлаш учун курашади. Жасорат намуналарини кўрсатади. Инсон ҳаёти ҳам ана шундай тинимсиз курашдан иборат. Аммо инсонга бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ буюк неъмат – ақл ато этилган руҳият берилган. У нафақат жисми, балки кўпроқ руҳияти талаблари билан яшайди, онгли ҳаёт кечириш учун ички дунёси, маънавий оламига суянади. Айни маънавий тамойиллар асосида одамзод қадим-қадимдан дунёни диалектик идрок этиб, икки куч – ёруғлик ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги доимий кураш сифатида талқин этиб келган, эзгуликка интилиб яшаган.
Дунёдаги кўп халқларнинг эртагу ривоятларида қаҳрамонлар айри-чорраҳа йўлга рўбарў келадилар ва дунё неъматларини, нафси талаб этган нарсаларни ваъда қилган йўлни эмас, фақат “борса-келмас” йўлини танлайдилар. Бунга адолат ва эзгулик рамзи сингдирилиб, шу йўлга кирган инсоннинг маънавий қудратини, ўзидан, ҳузур-ҳаловатидан кеча олишини англатади. Жаҳон цивилизацияси, ана шу маънавий жасорат, азму шижоат, маънавий жасорат соҳибларини улуғлаб, шарафлаб келганлар. Ёзувчи Е.Шварц таъбири билан айтганда, ҳаммаси тугашини била туриб, севишга жазм этганларга умрининг ўткинчилигини билан туриб, эзгулик учун курашганларга шон-шарафлар ўқиганлар. Ҳар куни, ҳар соатда фидойи бўлиш, ўзини томчи ва томчи, заррама-зарра буюк мақсадлар сари чарчамай, толиқмай тинимсиз сафарбар этиб бориш, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириш – ҳақақий қаҳрамонлик аслида ман шу. Яқинлар учун, ўзгалар учун, инсоният учун, бутун борлиқ учун жон куйдириш ёки азиз жонини фидо қилиш учун инсон метин иродали, буюк қалб эгаси бўлиши керак. Юнон афсоналаридаги Икар каби ҳалок бўлишини била туриб, қуёшга, ёруғликка, буюк орзу томон парвоз қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо инсоният тараққиётини ҳар доим айни ана шундай одамлар йўлга қўйганлар, шулар тарих ғилдирагини олға силжитганлар. Уларнинг маънавий жасорати одамларни ибрат мактаби бўлган. Инсоният тариққиёт йўлларини белгилаган буюк кашфиётлар, одамларни руҳан покланиш, қалбан улғайишга даъват этган фан, маданият, санъат ва адабиёт ва бошқа бунёдкорлик дурдоналари ана шундай маънавий жасорат меваларидир. Суқрот яратган илм, унинг инсон ва жамиятга доир фалсафаси мана қарийб 2,5 минг йил мобайнида Шарқу Ғарб алломаларини руҳлантириб келмоқда. Унинг ҳаёти ва ўлими тарихи инсон руҳий қувватининг чинакам рамзига айланган. Одоб ва аҳлоқни фалсафий теран тадқиқ қилган Суқрот ҳокимият томонидан айбланиб ўлим жазосига ҳукм этилади. Шогирдлари унга қамоқдан қочиб жонини сақлаб қолишни таклиф этишганда, бундан воз кечади. Суқрот учун қамоқдан қочиш ўзи тарғиб қилган ва ўзи бутун умр риоя этган қоидаларга, умр ишига ва ўлмак, Ватанга хиёнат бўлар эди. Зеро унинг қатъий фикрича, ҳар қандай, хатто энг юксак ва адолатли мақсад ҳам, унга эришмоқ йўлидаги паст ва жиноий воситаларни оқламайди. Шарқу Ғарб илмининг ривожига кучли таъсир ўтказган, Шарқ илм-фанида “устоди аввал” (биринчи муаллим) деган шарафли ном олган Платон нафақат илм-фан, балки маънавий жасорат бобида ҳам Суқротнинг муносиб шогирди бўлди. Зеро, жаҳон илм-фани биносининг тамал тошларини қўйган ўша давр буюк алломаларининг масканига айланган академия қанчадан-қанча қийинчиликлар, сарсон-саргардонликлар, яъни Платоннинг маънавий жасорати туфайли барпо этилди. Инсоинятнинг бугунги тараққиёт даражасини Николай Коперник, Жордано Бруно, Галилео Галилей, Кампанелла каби олимларнинг кашфиётларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ваҳолангки, масалан, черков таъйиқларига учраган Ж.Бруно жонини сақлаб қолиш учун ўз кашфиётидан воз кечса, тавба қилса бас эди. Аммо у бундай қилмади ва ўтда куйдирилди. Худди шундай, ўнлаб Европа алломалари жаҳолат қурбонлари бўлишди. Марказий Осиёда ҳам юзлаб ана шундай буюк жасорат соҳибларини санаб ўтиш мумкин. Хусусан, Хоразм Маъмун академиясида фаолият кўрсатган Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳамад Хоразмий, Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби алломаларнинг фидойилиги туфайли Шарқ зиё масканига айланди. Уларнинг илмий кашфиётлари, машаққатли меҳнат ортида яратган асарлари жаҳон илм-фанининг ривожига беқиёс ҳисса бўлиб қўшилди. Эл-юрт мустақиллиги йўлида ўз жонини фидо қилган Нажмиддин Кубро ёки Жалолиддин Мангубердиларнинг жасоратисиз, мамлакатни ривожлантириш, давлатни мустаҳкамлашга умрини бахшида этган Амир Темурсиз, халқ фаровонлиги, жамият барқарорлиги ҳақида қайғурган Алишер Навоийсиз, Ватан ишқи билан буюк салтанатни яратган Заҳириддин Муҳаммад Бобурсиз ўзбек халқининг тарихини ва буюк келажагини тасаввур этиш мумкин эмас. ХХ асрнинг кўп халқлар учун қайғули тарихида ҳам бундай улуғ сиймолар кўп. Масалан, Ҳиндистонда миллий озодлик кураши раҳбарларидан бири, атоқли мутафаккир, файласуф “Маҳатма” (“Буюк қалб”) тахаллуси билан машҳур бўлган Ганди номи билан боғлиқ. Ганди муаммоларни ҳал этиш воситаси сифатида ҳар қандай урушларни инкор этди. Шунинг учун Ганди номи бугунги кунда нафақат Ҳиндистонда, балки бутун дунёда тинчлик, ижтимоий ҳамкорлик динлараро бағрикенглик ғояларининг рамзига айланган. Ўлка тарихига қайтилса, Ўзбекистон мустақиллигининг илк тамал тошалирни қўйган истиқлол фидойилари – жадидларнинг маънавий жасорати ибрат мактаби бўлди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир каби юзлаб маърифатпарварлар Туркистон ўлкасини Чор мустамлакачилигидан ҳалос этиш, юртни тараққий топтириш йўлида ўз ҳузур-ҳаловатидан воз кечдилар, керак бўлса азиз жонларини қурбон қилдилар. Тарихдан маълумки Чор ҳукуматининг мустамлака ўлкалардан сиёсатини шўролар давом эттирди. Бу сиёсатнинг асл моҳияти халқларни, хусусан ўзбек халқини тарихдан айириш, ўзлигини йўқотиш, ўлкани хом ашё базасига айлантиришдан иброт эди. Шунинг уучун халқнинг миллий тарихи, орияти, маданиятини ҳимоя қилишга ҳаракат қилган ҳар қандай инсонга “халқ душмани”, “ватан хоини” каби тамғалар босилиб, қатағон қилинди. Шундай таҳликали даврда ҳам ўзбек зиёлилари халқнинг орияти ҳимоясига отланиб, фидойилик кўрсатишди, бу йўлдаги қийинчилик ва таъқиблардан руҳан букилмай дадил тура олишди. Шундай шахслар қаторида Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода, Саид Аҳмад, Шукрулло сингари шоир ва ёзувчилар, Яҳё Ғуломов, Иброҳим Муминов каби ўнлаб, юзлаб олимларнинг номларини келтириш мумкин. Масалан, археолог олим Яҳё Ғуломов СССР даврида Ўзбекистонни яхлит пахта даласига айлантириш сиёсати туфайли қаърида тарихий обида ва ёдгорликлар яширинган тепаликлар текисланишига қарши чиқади. Шу туфайли тазъйиққа учраганда ҳам олим ўз ҳаётий ва илмий қарашларидан воз кечмади. Тарих ва келажак олдида масъулиятни ҳис этиб тизимга, унинг бемаъни сиёсатига мардона қаршилик кўрсатган шундай инсонлар туфайли ўзбек халқининг бой тарихий мероси келажак авлодлар учун сақланиб қолинди. Инсон ҳаётида шундай дамлар бўладики, шахсий дард-аламлар юки уни эзиб ташлайди, руҳий ёки жисмоний дарддан дунё қоронғу бўлиб кетади. Бундай пайтларда фақат катта юрак, букилмас ирода эгаларигина ўзини унутишга қодир бўлади (Ислом Каримовнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асаридан).

04 Яҳё Ғуломович Ғуломов (1908.1.5 — Тошкент — 1977.10.1) — тарихчи — археолог олим. Ўзбекистон ФА акад. (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1958), тарих фанлари д-ри (1950), проф. (1955). Тошкентдаги Ўзбекистон эрлар билим юрти (инпрос)ни (1926), Самарқанддаги Ўзбекистон Пед. академиясини (1930) тугатган. Тошкент пед. техникумида ўқитувчи (1931 — 32). Илмий фаолияти 1933 й.дан бошланган. Ўзбекистоннинг қадимий ва санъат ёдгорликларини муҳофаза қилиш комитети (Узкомстарис)да илмий ходим, илмий котиб (1933— 40). СССР ФА Ўзбекистон филиали, Тарих, тил ва адабиёт ин-ти археология бўлими мудири (1940—43).
1943 й.дан Ўзбекистон ФА Тарих ва археология ин-ти қадимий ва ўрта асрлар тарихи бўлими мудири, айни вақтда ин-т директори вазифасини бажарувчи (1956— 59). Шунингдек, у Тошкент педагогика ин-тида «Ўзбекистон тарихи ва археологияси»дан махсус маърузалар ўқиган, 1936 й.дан бир неча археологик экспедициялар (Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва б.) га раҳбарлик қилган.
1938 — 50 й.ларда Хоразм археология-этнография экспедиция бошлиғининг ўринбосари сифатида қатнашиб, Хоразмнинг суғорилиш, деҳқончилик ва шаҳар маданиятининг шаклланиши ҳамда ривожланиш тарихи бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борган. Яҳё Ғуломов Ўзбекистонда тарих ва археология соҳалари бўйича ўзига хос халқаро миқёсдаги илмий мактаб яратган. Унинг Зарафшон ва Фарғона водийларида, шунингдек, Тошкент воҳасида олиб борган илмий тадқиқотлари Ўзбекистонда, тош, энеолит ва жез даври, унинг моддий-маданият ёдгорликларини ўрганишга катта ҳисса бўлди. У, айниқса, Тошкент тарихи ва унинг ёдгорликларини тадқиқэтишга алоҳида аҳамият берган. Тошкент канали бўйлаб, Тўйтепада махсус археологик тадқиқотлар ўтказган. 1966 й.даги Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш бўйича шаҳарда бошланган улкан қурилишлар муносабати билан Тошкентнинг археологик обидаларини қайд этиш ва ўрганиш мақсадида махсус Тошкент археология экспедициясшт ташкил этган. «Хива шаҳрининг ёдгорликлари» (рус тилида, 1941 й.), «Қуйи Зарафшон водийсида ибтидоий маданият ва суғорма деҳқончиликнинг пайдо бўлиши» (рус тили-да) каби асарлар ёзган. «Ўзбекистон тарихи» (4 ж.ли),«Самарқанд тарихи» (2 ж.ли), «Бухоро тарихи»нинг асосий муаллифларидан. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002). Республикада Яҳё Ғуломович Ғуломов хотирасига бағишланган «Академик Я. Ғуломов ўқишлари»ни ўтказиш илмий анъанага айланган. Тошкентдаги кўчалардан бири ҳамда Ўзбекистон ФА Археология ин-тига Яҳё Ғуломов номи қўйилган.

Асарлари: Хоразмнингсуғориш тарихи, қадимги замонлардан ҳозиргача, Т., 1959; История оро-шения Хорезма с древнейших времен до наших дней, М, 1957.
Адабиётлар.: Яҳё Ғуломович Ғуломов. Т., 1979; Муҳаммаджонов А., Яҳё Ғуломовни хотирлаб (Ўқувчиларга устозим ҳақида). Т.,2000.

xdk

(Tashriflar: umumiy 3 716, bugungi 2)

Izoh qoldiring