Yangi kitob: Umid Bekmuhammad. Xorazmda yashagan nemislar

08

   “Хоразм” нашриёти яқинда тарихчи ва публицист Умид Бекмуҳаммаднинг “Хоразмда яшаган немислар” номли китобини нашр қилди. Китобда 1883 йилдан 1937 йилгача воҳада яшаган меннонит немисларининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Китобга филология фанлари доктори, профессор Сапарбой Рўзимбоев сўзбоши ёзган.Қуйида ана шу сўзбошини ва “Хоразмда яшаган немислар” китобини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Истиқлолдан кейинги тарихчиларнинг навқирон авлодига мансуб Умид Бекмуҳаммаднинг ушбу рисоласини мен 1997 йилда ўқигандим.Ўшанда у университет битирувчиси эди. Бу орада у тинмай изланиб ҳозирги кунгача 33 та тарихий китоблар, Ўзбекистон ва хориждаги 75 та матбуот нашрларида 800дан кўп илмий-оммабоп мақолалар чоп этдирди.
Жумладан Хоразмда яшаган меннонит немислари ҳақида ҳам Ўзбекистон, Қозоғистон нашрларида кўплаб мақолалар нашр қилдирди. Масалан унинг “Меннонит немисларини эсдан чиқармайлик” номли “Панорама” газетасидаги(2000 йил 23 март) мақоласида уларнинг тарихи баён қилинибгина қолмай қуйидагича таклифлар ҳам билдирилганди:
“ Фикримча,Хоразмда меннонит немисларини бугунги ва келажак авлод хотирлаб туриши учун бирталай ишларни амалга оширмоқ керак:
1.Улар яшаган Оқмачит қишлоғида боғ-музей ташкил қилиш.Улардан қолган бор буюмларни тўплаб музейга қўйиш.Боғга немис ва ўзбек мевали дарахтларини экиш.Негаки, яқин-яқинларгача немислар кўкартирган дарахтлар қишлоққа салобат бағишлаб турарди.
2.Хива кўчаларидан бирига Вилгельм Пеннер номини қўйиш ва улар меҳнати сингган Нуриллабой саройида махсус меннноит немислари бўлимини очиш.
3.”Ўзбектуризм” маҳкамаси томонидан аждодлари изини зиёрат қилишни истовчи немислар учун Қипчоқ-Хива-Оқмачит йўналишидаги сайёҳлик маршрутини ташкил қилиш.Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёки Гёте илмгоҳининг Тошкент бўлимига шу масалалар бўйича мурожаат қилинса ёрдамларини аямасалар керак.
Бу икки ташкилот таъсисчилигида немис-ўзбек маданий-маърифий алоқалар жамиятини тузиш мумкин. Жамият иштирокида немис-ўзбек муносабатлари янгича йўналишда иш бошласа, 1937 йилда узилган ришталар мустаҳкам боғланса, икки ўртада ижодий учрашувлар, маданий алоқалар уюштирилса ғоят яхши бўларди”.
2000 йилда Умидбек томонидан айтиб ўтилган бу таклифларнинг айримлари ҳозирги ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётгани қувонарлидир.Бу орада У.Бекмуҳаммад томонидан немислар ҳақида яна “Қишлоқ ҳаёти”(2002 йил 20 декабр), “Гурлан ҳаёти” (2002 йил ноябр-декабр ) ва “Даракчи” (2003 йил) газеталарида мақолалар чоп этилиб немислар мавзуси тарғиб қилинди.Шунингдек, “Хоразм тарихидан саҳифалар”( Т, 2008 йил) китобида ҳам бир бўлим Хоразмда яшаган немисларга бағишланганди.
Хуллас,Хоразм ва Ўзбекистон тарихининг ҳали тадқиқ қилинмай ёки эътибор қаратилмай келинаётган мавзулари устида илмий ишлар қилаётган У.Бекмуҳаммад ишларига омадлар тилаб қоламан.

С.Рўзимбоев -Урганч Давлат университети профессори, филология фанлари доктори

Умид Бекмуҳаммад
ХОРАЗМДА ЯШАГАН  НЕМИСЛАР
08

“Оқмачитдаги бозордан зотдор сигир сотиб олдим”, “Пеннер ишлаган сурат зўр чиқибди”, “Вильгелм менга қарз бериб турди”, “Херман ажойиб дурадгор экан, унинг ясаган эшиги сифатли…”хуллас, бундай гап-сўзларни 19 аср охири ва 20 асрнинг 37 йилларигача узоқ Европада эмас, Хоразмнинг турли ҳудудларида тез-тез эшитиш мумкин эди.Чунки, бу даврда Хоразмда немислар яшашган.

ТАҚДИР СЎҚМОҚЛАРИ ЁХУД МЕННОНИТЛАР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ

Келиб чиқиши Нидерландиянинг Витмарсум шаҳридан бўлган файласуф ва диншунос Менно Симонс (1496–1561) христиан динини ислоҳ қилиб, ўз мазҳабини яратган. Унинг таълимотига кўра, қўлга қурол олиб, урушларда қатнашиш, одам ўлдириш, умуман олганда, ёмонликка қурол кучи билан қаршилик кўрсатиш ёвузлик, ғайриинсоний, ғайридиний ҳолат ,мудҳиш жиноят ва гуноҳ деб ҳисобланган. Бу таълимотни тан олувчилар меннонитлар дейилган. Табиийки, Менно Симонс яшаб, ўз эътиқодини тарғиб қилган даврда қироллар, ҳарбийлар ва улар итоатидаги руҳонийлар учун урушлар бойиш ва ўз ҳудудини кенгайтириш манбаи эди. Шу боисдан ҳам Нидерландияда меннонитлар оқими қаттиқ тақибга учрагач, улар 16-аср ўрталарида Пруссия, айрим меннонитлар эса 18-аср охири, 19-аср бошларида Украина, Россия ҳудудларига кўчиб кетишган. Айнан меннонитлар таълимоти боис уларнинг тақдирига ватанни ташлаб кетиб сарсон саргардончиликда юриш ёзилганди.
Христиан динининг аннабатизм мазҳабидан 16-асрда ажралиб чиққан протестантлик оқимидаги Германия (Пруссия)нинг Марионбург шаҳридан бўлган немислар эса меннонит немислари деб аталган.
Пруссия ҳукуматининг урушга тайёргарлик кўриш асносида, меннонит немисларини ҳам ҳарбий хизматга жалб қилишга уриниши уларнинг ватанлари –Марионбургни ташлаб кетишга мажбур қилди.

Меннонит немисларининг Россияга кўчиб келиши

Россия императорига меннонит немисларидан тушган таклиф—уларнинг рус сарҳадларига кириб келишга ижозат сўраши ижобий ҳал бўлади.Улар шу тариқа 19 асрнинг 60 йилларида Волга бўйларига жойлашиб, немис қишлоқларини ташкил қилишади. Немисларнинг Русияга келиши оммавий равишда немис миллатига мансуб кишиларнинг биринчи бор рус сарҳадларига қадам қўйиши эмасди.Бу ҳол анча илгарироқ—Екатерина 2нинг подшолиги давридан бошланганди.
Асли немис миллатига мансуб бўлган Екатерина 2(1729—1796) Россия тахтига чиққан 1762 йилдан бошлаб рус сарҳадларига Оврўпадан кўплаб немислар оммавий равишда кўчиб кела бошлашди.
Ҳатто Екатеина 2 1763 йил 22 июлда махсус манифест эълон қилиб, хорижликларнинг Русияга оммавий равишда кўчиб келиши расмийлаштиришини маълум қилди. Шу фармонга кўра хорижликлар қаерда яшашни исташса, ўша жойдан махсус ер ажратиб бериладиган бўлди.Улар ўн йил давомида солиқлардан озод қилиндилар.Ҳар бир кўчиб келган хонадонга 30 десятина ер мулк сифатида берилди.Ана шу каби имтиёзлар туфайли Шарқий Пруссиядаги кўплаб немис оилалари Русиянинг Чернигов, Одесса, Саратов, Самара, Воронеж губерниялари, Петербург шаҳри атрофларига кўчиб кела бошладилар.Шу тарзда Россияда соҳиби немис бўлган “Генрих Бильфельд”, “Карл Штрейба”, “Краузе Штраух”, “Георг Фрик”, “Якоб Нейфельд”, “ митреполь” каби фирмалар фаолият кўрсата бошлади.Улар шу тарзда 18-19 асрларда Урал конлари, Сибирь ўрмонлари,Кавказ нефтининг ҳам хўжайинларига айландилар.
Қолаверса, романовлар сулоласи Россия тахтини бошқаришда немис дворянларига суяниб сиёсат юргизишганлар.Императорларга ҳам кўпроқ хорижлик ёки рус дворянидан бошқа хорижлик ёки рус дврянидан немис дворяни ўз таъсирини кўпроқ ўтказаолган.
Ана шу тарзда Русияда фаолият кўрсатаётган немислар сафига менонит миллатдошлари келиб қўшилишди.Бу пайтда Русия сарҳадлари Туркистон томон кенгаётган давр эди.
Русиянинг икки бошли бургут тасвири туширилган байроғи Болтиқбўйидан то Кавказ чўққиларигача,Сибирь ўрмонлари-ю, Украина даштларида ҳилпираганича турарди.
1853 йили Қўқон хонлигига қарашли Оқмачитнинг Русия томонидан истило қилиниши билан Туркистондаги хонликларни бўйсундиришга ҳаракат бошланди.Русия армиясининг шиддат билан қилган жануг-жадаллари натижасида бирин-кетин Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги Русиянинг мустамлакасига айланди. Шу тариқа Русия аҳолиси руслардаги кўп туғилиш туфайли эмас, балки босиб олинган ўлкаларнинг аҳолиси ҳисобига кўпая бошлади. Русия аҳолиси Пётр 1 даврида 15 миллион бўлса, истилочилик ҳаракатлари авжига чиққан 1871 йили 77 миллионга етди.
Ана шу 77 миллион аҳоли орасида ўз урф-одатлари, диний эътиқодларига амал қилиб Русияда яшаётган меннонит немислари ҳам бор эди.
Бироқ уларнинг Русиядаги барқарор ҳаёти 1874 йилда бузилди.Ўша йили Русиядаги барча диндаги эркакларни ҳарбий хизматга жалб қилиш тўғрисида қонун қабул қилиниб, қонун 1880 йилдан кучга киражаги эълон қилинади.Бу қарор табийки менонит немисларининг ҳаётида салбий роль ўйнарди.Шу боис 1874 -1880 йилларда менонит немисларининг вакиллари Петербургга, подшо ҳузурига бориб, ҳарбий хизматдан озод қилишларини сўрашди.Лекин уларнинг илтимослари рад этилади.
Шу ўринда ҳарбий хизмат ҳақидаги юқоридаги фармон ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз.Императорнинг махфий маслаҳатчиси Ф.Гирс Туркистонни тафтиш қилиб, ўлкада 2406000 киши яшашашини, шулардан 1200000 киши эркаклар эканлигини аниқлаганди.Унинг фикрича, шу эркакларни ҳарбий хизмат мажбуриятини юклаш масаласи ғоят қалтис сиёсатдир. Агар ана шу эркаклар ҳарбий хизматга чақирилса, 6 йил ичида ҳарбий техникани юксак маҳорат билан эголловчи жанговар армия вужудга келиб Россиянинг Туркистондаги фаолияти салбий натижа билан тугаши мумкин эди.
Шу боис, император Ф.Гирснинг фикрини инобатга олиб, “Туркистон аҳолисини ҳарбий хизматдан озод қилиш тўғрисида” қарор қабул қилади.
Менонит немислаари эса 6 йил давомида Петербургга қатнай-қатнай ўзлари учун шундай қонунни қабул қилдириша олмаганди.Ана шу факт Русия императори теварагидаги юқори амалдорлар орасида немисларга ишонч бор бўлганлигини кўрсатади.негаки, туркистонликларга қурол тутқазиб ҳарбий хизматга чақиришни хавфли деб билган мустамлакачилар, диний эътиқодига кўра қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонит немисларини армия сафларига жалб қилмоқчи бўлгандилар. Улар немисларни ҳарбий хизматга чақириб, ўз мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлишганди.
Бироқ меннонит немислари, катта имтиёзлар яратиб берилганига қарамай, бу гал ҳам эътиқодларига амал қилиб, ҳарбий хизмат қилишдан бош тортиб яна сарсон-саргардончиликни бошлашга тайёрлана бошладилар.Бадавлат меннонитлар Канадага кўчишни маъқул кўришади.
Шу аснода менонит немислари орасида катта мавқега эга бўлган Янтцен Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман билан танишиб қолади.Руслашиб кетган немис зодагони оиласига мансуб бўлган фон Кауфман миллатдошлари бошига тушган ташвишини енгиллаштиришга уринади.Императорга таъсир ўтказа оладиган даражадаги Кауфман Янтценга Туркистонга кўчиб боришни таклиф қилади.Тағин миллатдошларини 25 йил давомида ҳарбий хизматдан озод қилишга ваъда беради.Бу таклиф менонит немислари томонидан 1879 йилда самимий қабул қилинади.

Меннонит немисларининг Марказий Осиёга кириб келиши

1880 йили Самара губерниясидан Туркистон томон худди “Буюк ипак йўли “дан юрган карвонлар сингари, 18 аравадан иборат камбағалроқ меннонит немислари йўлга чиқишди.10 нафар оила аъзоларидан ташкил топган ушбу карвон 18 октябрда Тошкент яқинидаги Қоплонбекка жойлаштирилади.Орадан бироз вақт ўтиб, бу ерга яна 92 оиладан иборат меннонит немислари кўчиб келишади.Бир гуруҳ немислар эса Бухоро амирлигига қарашли бўлган Зийрабулоқдан паноҳ топишади.
Ана шу пайтда Самарқанда хизмат қилаётган чор генерали Дреш, немислар орасида катта мавқега эга бўлган Янтценга хат ёзади. Генерал ўз мактубида Петро-Александровск (Тўрткўл) даги генерал фон Гроттенҳелм Хива хони Муҳаммад Раҳимхон 11 билан немислар ҳақида суҳбатлашганини ёзганди.Суҳбатнинг асосий мавзуси эса менонит немисларининг Хива хонлигида яшаши ҳақида эди.Мактуб охирида Дреш Хива хони барон Гроттенҳелмнинг таклифига рози бўлганини ёзиб, хон билан музокара олиб бориш учун делегация юборишни маслаҳат берганди.
Генералнинг маслаҳатига амал қилган немислар Янтцен,Риезен,Эп исмли кишилардан иборат вакилларни музокара учун йўллайдилар.
Йўлбошчи билан 4 кишини ташкил қилган вакиллар Петро-Александровск орқали Хивага—хон ҳузурига бориладиган 100 чақиримлик машаққатли йўлга отланадилар.
Уларни Петро-Александровскда барон фон Гроттенҳелм самимий кутиб олади.Яхшилаб меҳмон қилгач яхши бир таржимонни вакилларга қўшиб Хивага жўнатади.Вакиллар эса қайиқда Амударёдан сузиб ўтиб, 40 чақиримча отда юрганларича Хивага етиб борадилар.Хон ҳам меннонитларнинг вакилларини дўстона кутиб олиб меҳмон қилади. Немисларнинг Хоразмга келишига рози бўлган Муҳаммад Раҳимхон 11, фақат чўчқа боқмасликни илтимос қилади.Хоннинг бу шарти қабул қилинади.Немисларнинг яшаш жойи сифатида эса дарёнинг 160 чақирим қуйи қисмидаги кемалар юрадиган Лавзон канали бўйлари (ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги Қипчоқ қишлоғи) ажратиб берилажаги маълум қилинади.
Музокара яхши натижалар билан тугалланиб, вакиллар ортга кетишади.

ХОРАЗМ—МЕННОНИТ НЕМИСЛАРИНИНГ ПАНОҲИ

Олтмиш оиладан иборат аравалар карвони Зарафшоннинг қуйилиш қисмигача етиб келишади.Бу ерда аравадаги юклар 450 та туяга ортилганича Хоразм сари йўлга тушишади. Йўл машаққатлари ҳақида Херман Янтцен “Хавф-хатарли Туркистонда…” асарида шундай ёзади: “кун сайин иссиқ шундай қиздирардики, асло юриб бўлмасди.Шунинг учун, кундузлари туяларнинг устидаги юкларини тушириб, дам олардик. Сув деярли умуман йўқ эди.Қуёш ғарбга ботаётганда, юклар ортилиб, гоҳ тоғнинг устки, гоҳ пастки қисмидан ва беҳисоб қумтепаликлардан юриб кетаверардик. Кўп аёллар ва болалар туяларнинг устидаги тебранишлар туфайли, кўнгиллари айниб, жуда кўп азоб чекдилар.Кўп кечалар шу аҳволда ўтди”.
Улар шу аҳволда Бухоро амирлигига қарашли Илиқиқ деган жойга келишади.Худди шу жойнинг нарироғидан Амударё оқиб ўтарди.Бу ерда меннонит немисларини тўққиз елканли қайиқда хиваликлар кутиб туришганди.
Улар ана шу тўққиз елканли қайиқда ўн кун дарёда оқим бўйлаб сузиб, Петро-Александровскга етиб келишади.
Оврўпо типидаги бу шаҳарда миллатдошларини генерал фон Гроттенҳелм рафиқаси ва болалари, шунингдек бошқа ҳарбийлар билан кутиб олади.Ўзаро мулоқот она тиллари—немис тилида бўлиб ўтади.
Суҳбат пайтида генерал миллатдошларига Лавзан канали бўйидаги қароргоҳида қурилиш учун керакли нарсаларни харид қилишни маслаҳат беради.Негаки, Петро-Александровскдаги оврўпаликларнинг дўконларида немислар учун асқотадиган қурилиш ашёлари топиларди.Шу тарзда ҳар бир оила эшик, дераза, уларнинг ошиқ-мошиқлари ва мих каби нарсаларни сотиб олишади.
Кейин яна юқоридаги елканли кемаларга жойлашганича, 160 чақирим узоқликдаги Лавзан каналига қараб сузишади.
Ниҳоят, Қипчоқ қишлоғидаги Лавзан канали бўйига етиб келгач ўзларига мос турар жой қуриш учун майдон қидиришади.
Бу ҳақда Херман Янтцен шундай ёзади: “ Лавзан ҳар иккала томонидан баланд дамбалар билан тўсиб қўйилганди.Биз бошпана қуриш учун дамба ортидаги ерларни ўт-ўланлардан тозаладик ва тез орада қишлоқ йўли ёнидан ертўлалар қуришга киришиб кетдик.Томни ёпиш учун ёғоч ва қамиш жуда кўп эди.Ёнилғи, ўтин ҳам етарли эди”.
Немислар фақат ўзларига эмас, балки отларига ҳам озуқа йиғишга, қишда махсус отларни сақловчи отхона қуришга киришадилар.Отхонани қуришда ўзбекларнинг ёрдамидан фойдаланадилар.
Ўзбеклар немисларга ун, гуруч, ёғ, товуқ, тухум каби озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзон баҳода сотардилар.Х.Янтценнинг ёзишига кўра, “ бир метрча келадиган битта бакра балиғи 25 тийингина турарди, холос”.
Бу пайтда 1883 йилнинг қиш пайти келиб қолганди.Қиш эса немислар учун осойишта ҳолда ўтди.Баҳорда эса баланд бир тепаликка турар жойлар қуриб, атрофини девор билан яхшилаб ўраб олишади.
Бу орада немисларни қўриқлаб туриш учун келган чор армиясининг уч зобити ва бир қоровул, менонитларни Лавзан бўйига ўрнашиб олишди дея Петро-Александровскка қайтиб кетишади.Бироқ соқчилар билан сақланган осойишталик вақтинча эди. Улар кетгач, немислардан 5 чақирим узоқликда жойлашган ёвмут туркманлари тез-тез меннонитлар атрофида пайдо бўлиб туришади.
Бу орада ёз фасли ҳам келиб, айни пишиқчилик дамлари эди.Немислар эккан картошка, помидор каби сабзавот ва мевалар ҳосилга кирганди.Соқчилар йўқлигидан фойдаланган ёвмутлар эса ўғирликка туша бошладилар.Қолаверса, меннонитларда қурол йўқлигини ёвмутлар яхши билардилар.Негаки, қўлларига қурол ушлаш умуман мумкин бўлмаган меннонитлар атрофида буғу, ёввойи тўнғиз, сиртлон, шоғол каби ҳайвонлар изғиб юришарди.
Ўша пайтда меннонитлар бошига тушган оғир кунларни хотирлаб Х.Янтцен кейинчалик шундай ёзганди:
“ Улар аввал отларимизни ўғирлашди. Кейин очиқчасига Абрамнинг ёшгина хотинини ўғирлаб кетмоқчи бўлишди. Хотинини ҳимоя қилишга уринганида, унинг ўзини ўлдириб кетишди.Баъзан улар одамларимизни уйларидан ҳайдаб чиқариб, у ердан ўзларига ёққан нарсаларини олиб кетардилар.Айрим ҳолларда биз ёшлар баъзи эркаклар билан бирга улардан ўзимиз ясаган найзаларимиз ёрдамида ҳимояланишга уринардик.Бундан хабардор бўлган кексаларимиз бундай қилмаслигимизни сўраб,Эп тоғанинг оёғига йиқилиб, ёлворардилар”.
Кексалар эса, ёшларга эътиқодларига амал қилиб қурол ишлатишдан воз кечишни талаб қилардилар.Ёвмутларнинг таъқибу-тазйиқлари эса меннонитларни оғир аҳволга солиб қўйганди. Ҳатто, йигирмата оила Хива хонлигидаги паноҳдан воз кечиб, Америкага кетишга тайёргарлик кўра бошлайдилар.
Ана шундай таҳликали кунларнинг бирида Қипчоқ қишлоғидаги тўқайзорда ов қилгани кичик отряди билан казак зобити келади.у менонитларнинг хомушлиги сабабини билгач, хивалик аскарларни бу ерга юборишга ваъда беради.
Ов тугаб казак зобити жўнаб кетгач менонитлар ҳузурига Хивадан аскарлар келади.Аскарларга хоннинг вазири Қосим девон бошчилик қиларди. Вазир менонитлар ҳаёти билан танишаркан, немис усталари ясаган ҳунармандчилик буюмларини кўриб ҳайрон қолади. Юксак дид билан оврўпача ясалган буюмлар вазирга хоннинг сўзларини эслатганди. Негаки, Муҳаммад Раҳимхон 2 Петербургга борганида шунақа буюмларни саройда кўриб, паркетли бинога эга бўлишни истаган ва пойтахтдан қайтгач бу воқеани вазирларига ҳикоя қилиб берганди.
Хоннинг орзуси немислар туфайли ушалиши, қолаверса шундай бўлган тақдирда ўзи ҳам хон олдида юксак мавқега кўтарилишини билган Қосим Девон немис усталарини Хивага юборади.
Лавзан канали бўйидан Хивагача бўлган 150 чақирим йўлни отда юриб чарчаган усталарни хоннинг ўзи самимий кутиб олади. Усталар хонга ўзларининг ясаган тикув қутисини совға қилишади. Ёғочни яхшилаб ишлаб, устага юмшоққина пахта билан полировка ёрдамида сайқал берилган бу қути хонга Петербургни эслатади. Хон бундан жудаям хурснд бўлади. Қосим Девондан немисларнинг Қипчоқ қишлоғидаги ёвмутлар ҳужумидан кейинги вайрона ҳолга келган ҳаётини эшитиб, уларни акасининг Оқмачитдаги боғига кўчирмоқчи эканлигини айтади. Ёвмутлар ҳужумидан хотиржамлигини йўқотган немис усталари бу таклифга бажонидил рози бўлишади.

ОҚМАЧИТДАГИ ҲАЁТ

Хива шаҳридан 15 чақирим жануби-ўарқда жойлашган Оқмачит қишлоғига 1883 йилда Лавзан канали бўйидан немислар кўчиб келишди. Кўчиш икки ҳафта давом қилди. Катта ғилдиракли юзлаб араваларда немисларнинг жамики юклари, ҳатто ёғоч ва қамишларгача олиб келинади. Извошчилар Оқмачитлик деҳқонлар эди. Ана шу тариқа 1880 йилдан бошлаб меннонитларнинг Медемтал, Валдехим, Молотсчна номли гуруҳлари дастлаб Тошкент,кейин Бухоро, ундан сўнггина Оқмачитга келиб ўрнашишади.Меннонитларнинг йўлбошчиларидан Эмил Райсон Ферузхон ( 1844-1910) билан учрашиб ўзлари учун алоҳида қишлоқ ажратиб беришни илтимос қилади. Хива хони меннонитларга фақат чўчқа боқмаслик шарти билангина Хивадан 12 км жанубий-шарқдаги Чиқирчи қишлоғидан ер ажратиб беради.Натижада 1884 йил 16 апрел уни Класс Эпп, Эмил Райсон, Вильгелм Пеннер, Жакоб Жанатзен, Мичел Классен бошчилигидаги оқсоқоллардан иборат 34 оила Чиқирчи қишлоғига келиб ўрнашишади.
Шу тариқа асрлар давомида ислом динига эътиқод қилиб келаётган Хоразм Ферузхоннинг ҳиммати,диний бағрикенглиги сабабли меннонитларга ўз бағридан жой беради.
Тадқиқотчи Жасур Жуманиёзовнинг изланишларига кўра, “ меннонитлар ўз маъмурий бошқарувига эга бўлганлар. Кейинчалик Оқмачитлик немислар дея айтиб келинган халқга Класс Эпп бошчилик қилган. Класс Эп (1838 йил 21 сентябрда Пруссиянинг Фурстервердер шаҳрида туғилган бўлиб, 1913 йил 19 январда Оқмачитда вафот этган) Оқмачитга асос солган.У ўзларининг диний маросимларини ўтказишлари учун қишлоқда черков қурдирган.Черков жуда баланд, оқ рангга бўялган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 25 меннонит оиласига хизмат қилган.Маҳаллий аҳоли черковни Оқмачит дея аташган ва бу атама вақт ўтиб меннонитларнинг қишлоғи номига айланган. Бундан ташқари Класс Э
пп бошчилигида Оқмачитда мактаб, касалхона, черков ва бошқа маъмурий, тураржойлар ҳам барпо этилган” (“Хоразм ёшлари” газетаси, 2009 йил 19 июн).
Шу тариқа немислар Оқмачитга келиб ўрнашиб олдилар. Бу немисларнинг Хоразмдаги сўнгги яшаш жойлари эди. Негаки, немислар энди хоннинг назарига тушган инсонлар эди.
Аста-секин хоннинг окасига тегишли ўрик ва шафтолидан иборат боғида немис уйлари барпо бўла бошлади. Тез орада ушбу боғнинг тўрт томонида оврўпача уйлар қад кўтарди. Унинг ўртасидаги катта майдонда эса черков, мактаб ва ўқитувчилар хонаси қурилади.
Ўн тўртта уста эса Хивадаги Нуриллабой саройида паркетли пол ясашни бошлаб юборадилар. Петро-Александровскдан келтирилган пардоз локи ва қуруқ ёғоч ёрдамида Нуриллабойдаги ишлар беш ойда тугалланади. Немислар фақат Нуриллабойдагина эмас, балки Хивадаги кўплаб оврўпача уйларнинг деразалари, печка ва пештоқларини, 1908-1912 йилларда барпо қилинган почта, телеграф, касалхона ва бошқа иншооатларни қуришда ҳам иштирок қилдилар. Меннонитлар ҳақида 20 аср бошларидаги Хоразмга оид адабиётларда кўплаб маълумотлар мавжуд. В.Гиршфельд, М.Н.Галкинларнинг ёзишига кўра, “немислар Саратов губерниясида яшаган бўлиб, улар 36 хонадондан иборат 142 кишини ташкил қилишган” (“Военно-статистическое описание Хивинского оазиса”, Т, 1912 г ).Н.С.Ликошин эса “ немислар 24 ҳовлидан иборат, уйчалари тиғиз қурилган бўлиб, кичик тор кўчаларда жойлашган. Бу аҳолининг турмуши ташқаридан қараганда, кўпроқ аллақандай кичкина немис шаҳарчаси чеккасини эслатарди” ( “ О современном состоянии Хорезмского ханства” .ЦГА РУз, ф 2, оп 1,д314, л 48) дея таърифлаган ўз асарида.
В.Гиршфеълд ва М.Галкинларнинг маълумотига кўра, “ немислар дурадгорлик ҳунари билан машғул бўлиб, Хива ва Петро-Александровскни ўз хизмат ва маҳсулотлари билан таъминлаганлар.Уларда темирчилик устахоналари ва мўри тозалаш ишлари ривож топган”.Н.Ликошин бўлса , немис уста ҳунармандларининг ишларини қимматроқ дея ўз фикрини билдириб ўтган.
Чор Русиясининг генерал-майори М.Н.Галкиннинг “Военно-статическое описание Хивинского оазиса” китобида ёзилишича, “ Оқмачитлик немислар воҳада деҳқончилик билан бирга темирчилик, дурадгорлик, слесарлик, бўёқчилик ишлари билан шуғулланадилар. АҚШ ва Германиядан келтирилган пахта тозалаш заводи дастгоҳлари ва жинларни юргизиш ҳамда ремонт қилиш ҳам уларнинг зиммасида эди” ( Т, 1903 йил).
Жумладан, 1889 йилнинг декабрида асос солинган Янги Урганч пахта-ёғ заводи ҳам немислар номи билан боғлиқдир. 1910 йилга келиб уни ака-ука Крафтлар ўз қарамоғига олишган. Оқмачитдаги немислардан ташкил топган ремонтчи-слесарлар, усталар гуруҳи эса Гурлан, Янги Урганч, Хивадаги пахта тозалаш заводларини таъмирлаб турганлар.
Немис аёллари эса хон қариндошлариникида рўзғор юмушларини бажаришга ёрдамлашган. Қизил тусдаги зотдор сигирларни соғиш ва қайта ишлаб, ёғ, қаймоқ, пишлоққа айлантириш ҳам немис аёлларининг зиммасида бўлган. Сутни қаймоқ ва ёғга ажратадиган сепараторни ҳам илк бор Хоразмда немис аёллари ишлатишган. Ўзларини тўлиқ сут маҳсулотлари билан таъминлаган немислар эҳтиёждан ортиғини маҳаллий халққа сотганлар.
Деҳқончиликка ихлос қўйган бир гуруҳ немислар эса қишлоқдаги қўриқ ерларни ўзлаштириш билан шуғулланган.Картошка, карам, помидор, лавлаги, бақлажон, бодринг каби экинлардан юқори ҳосил олишган. Картошка, помидор ва бақлажон экишни эса хоразмликлар немислардан ўрганишган.
Қишлоқдаги боғлар эса олма, анор, беҳи, ўрик каби мевали, чеккароқда бўлса терак, тол, гужум, эман каби манзарали дарахтлар билан янада чирой очган.Немислар қурилиш ашёлари сифатида ана шу эман, гужум, терак ва толларни ишлатишган. Деразали, баланд ромли эшиклар қурилган уйлар Хоразм учун бутунлай янгилик эди. Меннонитлар Хоразмга қурилиш саноатининг биринчи элементларини, қўлда ҳаракатланадиган станоклар, столярлик ишларини олиб келган эдилар.
Улар шунингдек, чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик, боғдорчилик билан машғул бўлибгина қолмай болаларини ўзлари ташкил этган немис мактабларида ўқитишган.Мактаб тагида ертўла бўлган.Ертўлада эса қишга ўтин, ёқилғи сақлаб қўйилган.Парталар бўлса ёғочдан ишланган бўлиб, ҳар бири 6 нафар ўқувчи учун мўлжалланган.Шунингдек, мактабда кутубхона ҳам мавжуд бўлган.
Кутубхонада илму-фан билан шуғулланишлари учун шарт-шароит етарли бўлган. Ҳатто, Хоразмга илк бор фотографиянинг кириб келиши ҳам оқмачитлик немислар билан боғлиқ.Ўзбек фотографияси ва киносининг отаси ҳисобланмиш Худойберган Девонов (1879-1938) ҳам Оқмачитлик Вильгелм Пеннерга шогирд тушган ҳолда фаолиятини бошлаган. Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) уларнинг черковида фаолият кўрсатган хорга юқори баҳо берган ва тинглаган.
Ана шу фактларнинг ўзиёқ Оқмачитлик немисларнинг Хоразм тараққиётида сезиларли ва ўзига хос ўринга эга бўлганини кўрсатади. Дастлаб кўчиб келган йили—1883 йилда 40 оиладан иборат меннонит немислари Оқмачит қишлоғини 20 аср бошларида Оврўпача шаҳарга айлантирадилар.
ЎЗМАРДАВ архивдаги “Хива тобеъининг кулли ахборотининг рўйхати” номли ҳужжатда (125 рақамли) орқали биз 1910 йилда Оқмачитдаги немислар сони қанча эканини билиб оламиз. 1910 йил 16 декабрда тузиб бўлинган ушбу ҳужжатда 137 нафар немис миллатига мансуб фуқаро яшагани қайд этилган.
Орадан йиллар ўтиб, бу рақам 1930 йилларда анча ортди.Унгача эса бутун дунёдаги сингари Чор Русиясининг мустамлакаси бўлган Хива хонлигида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди. Немислар 1916 йилдаги халқ қўзғолони, 1917 йилдаги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этмадилар. Шунингдек, 1920 йилдан 1924 йилгача фаолият кўрсатган ХХР даврида ҳам Оқмачитда сокин ҳаёт кечирдилар. 1934 йил 14 апрель куни Оқмачитдаги меннонитлар рўйхати тузилади. Рўйхатга кўра, 82 оилада 196 киши истиқомат қилган.
Меннонитлар Хоразмдаги ярим асрлик яшаш даврида Оқмачитда аптека, касалхона ҳам барпо қилишган. Аптекадаги дори-дармонлар Россия ва Европадан келтириб турилган. Касалхонада ҳам врач ва ҳамшира сифатида меннонит немислари фаолият кўрсатишган.
Меннонит немисларининг Оқмачитдаги 1937 йилгача бўлган ҳаётини биз асосан уларни кўрган кишиларнинг фикрларидан билиб олишимиз мумкин.
1937 йили Хоразмга келган журналист Абул Бозоровнинг сафарномаси орқали Оқмачитдаги немисларнинг 20 аср бошларидан то 1937 йилгача бўлган фаолиятини кузатамиз. Райком вакили кузатуида Оқмачитда бўлган Абул Бозоров немисларнинг ҳаётини шундай тасвирлайди: “ Биноларнинг пештоқларида уларнинг қурилган саналари йирик ҳарф ва рақамлар билан ўйма усулда ёзиб қўйилган.Биноларга бежирим зинапоялардан кўтарилиб кирасиз.Кираверишда 8-10 қадам узунликда кенг йўлак, чап томонида ромлик ойналар, ўнг томонида силлиқ девор ялтираб туради. Бунда уст бош ва оёқ кийимлар қўйиладиган ўринлар бор. Ичкарида кенг зал, унга атрофдаги бўлма деразалардан ҳам, шифтда учбурчак шаклида кўтарилиб ишланган тепа деразадан ҳам ёруғлиқ киради. Уй саҳнига тахта тўшалган бўлиб, унинг остида бир неча бўлмалардан иборат тагхона мавжуд.Бу салқин бўлмалар омбор вазифасини бажараркан.Хоналарда шкаф, гардероб ва диванларнинг ўрни кўриниб турибди, баъзиларида қишлик кийимлар, оила аъзоларининг суратлари ҳам қолган.Кўпчилик уйлардаги девор, поллари ҳар ер-ҳар еридан кўчириб олинган. Айтишларича бу ердан тилла-жавоҳирлар излашган.Шаҳарчада касалхона, мактаб, кутубхона, болалар ўйнайдиган майдончалар, театр саҳнаси, рақс майдони, дўконлар мавжуд.Ҳамма-ҳаммаси режа билан қурилган.Ҳар оила кўпдан-кўп ёзув-чизув қуроллари ва хонаки кутубхонасига эга бўлган.Шаҳар чеккасида эса турли устахоналар, мўъжаз корхоналар, шунингдек вино заводи ҳам бўлган, дейишади.Шаҳар қўрғонлар билан ўралган бўлиб, чекка тарафдаги дарвозаларни қуролли соқчилар қўриқлашган.
Қўрғон ташқарисидаги боғларда олма, анор, беҳи, ўрик, ёнғоқ, тут, жийда каби мевали, чекка тарафларда эса терак, қайрағоч, манзарали эман дарахтлари ўсиб турган.Қурилишлар ва мебел ясашга фақат ўзлари ўстирган ёғочларни ишлатишган.Мебеллари ўта сифатли.Ростини айтганда, немислар шаҳарчасидан мусодара қилинган шкаф, стол, стул, диван ва бошқа жиҳозларни округнинг бошқа жойларида ҳам кўриш мумкин.
Шаҳарчада ҳафтада бир кун бозор бўлган.Унга фақат ўша куни четдан саноқли кишилар киритилган.Гўшт, ёғ, ғалла, асал, мева ва бошқа маҳсулотлар, йирик майда моллар жуда арзон нархда сотилган.Кейинчалик маҳаллий амалдорлар ва фуқароларнинг илтимоси билан немислар Хива бозорига ҳам қатнай бошлашган.Улар келтирган сифатли ва зотдор моллар эса бир зумда харид қилинган. Немислар тайёрлаган винолар Самарқанд, Тошкент заводларининг маҳсулотлари билан рақобатлашган.Ертўлаларда 30-40 йиллик шароблар сақланган.Немислар чорва наслини яхшилаб, мўл ва арзон маҳсулотлар етиштирганлар, паррандачилик, асларичилик бобида ҳам уларга рақобатчи топилмаган.
…. Кўл бўйидаги чорбоғдан чиқиб, ферма томон кетаяпмиз.Устига беда, пичан ғарамлари босилган катта айвон рўпарасидан чиқдик.Бу ёзги молхона.Ости кенг ертўлада эса қиш пайтлари мол боқилар экан.Икки табақалик катта эшикдан ертўлага кирамиз. Рўпарамизда узунлиги 120-150 метр келадиган улкан оғилхона пайдо бўлди.Ичида тўрт қаторлик охурлар ўрнатилган.Кираверишдаги чап томонда деразалар ёнида идоралардагидек росмана стол, стул, девор тарафда эса ажойиб диван турибди.Стол устида журнал, ҳужжатлар, ҳисобчўт.Диванда бошларига қора цилиндр, устига фрак ва оёғига лакланган қора туфли кийган икки немис ўтирибди.
Булардан бири Оллаберган Давлатёров бўлиб, ўзбекчани мутлақо билмас, немисча сўзлар, рус тилида камдан кам гапиради.Иккинчиси Райим Раҳмонбоев эса ўзбек, немис, рус тилларида яхши сўзлай оларди.Раҳмонбоевнинг айтишича, уни ёшлигида отаси ночорликдан хизматкор қилиб берган.Оллаберганни эса кимдир чақалоқлигида қўрғон ичида қолдириб кетган.
Болани немислар ўз бошлиқларига тобширганлар.Қўрғон оқсоқоли ҳар иккала болани ўқитиб, ҳунар ўргатиб, катта қилган ва ишлатган, уйлантириб, уйли-жойли қилган”.
Бухоролик Абул Бозоров меннонит немислар Хоразмдан кўчириб келтирилгандан сўнг Оқмачитга келганди.
Меннонитларнинг Оқмачитдан кўчирилиши ҳақида эса Хивалик кекса муаллим Қозоқ Ҳожи ўғли шундай ҳикоя қилади:
—“Мен улар яшаган шаҳарчани, қаълани кўриб ҳайрон қолганман.Улар ташқарида ҳеч ким билан алоқа қилмай, борди-келдиси бўлмай, ҳеч кимдан моддий ёрдам сўрамай бу шаҳарни қандай бунёд қилишган.
… Бир куни шу ерлик кишилардан бири немисларнинг бошлиғи Отабой(Отто) оқсоқол яшаган уйни кўрсатиб: “Бу ер қабулхона бўлган. Отто немисни ҳурмат қилиб, унга ўзбекча Отабой дея исм қўйгандик. Отабой немис ҳамюртлари жўнашининг охирги кунигача туриб, иморатлар, жиҳозлар, мол-мулкларни ҳукумат комиссиясига тобшириб кетган” деди.Кўчирилишига келсак, 1937 йилда Хива туманидаги Пишканик қишлоғида янги очилган шўро мактабининг бешинчи синфида ўқир эдим. Мактабимиз олдидан катта Оқмачит-Хива йўли ўтарди.Шу йили Оқмачит немисларини бошқа жойга кўчиришармиш, деган гап тарқалди.Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.Бир куни немисларнинг от-араваси, мол-мулкини жамоа хўжалигига тобшириб, ўзларини пиёда, миршаблар қуршовида саф қилиб Хива қаъласи томон олиб ўтишди.Уларни кўриш учун йўл бўйига чиққанимизда миршаблар бизни қувиб юборишди.
Янглишмасам, 1958-60 йиллар бўлса керак.оқмачитдаги қариндошимиз, ўқитувчи Самандар ака Қаландаровнинг уйида тўй бўлаётганда икки нотаниш эркак ва бир аёл ташриф буюрди.Улар бизга нотаниш тилда гапиришди.Кейин билсак, улар Оқмачитдаги немисларнинг фарзандлари экан.Улар шундай дейишди: “ Ота-онамиз қариб қолишди.Биздан ўзбек биродарлардан, Оқмачитдан хабар олинг” деб юборишди.
Маълум бўлишича, немислар Оқмачитда яшаганида, улардан бири шу ерлик Эгам отадан қарз олган экан. Ҳалиги келганлардан бири, қарз олганлардан бирининг фарзанди бўлиб, қарзни олиб келган экан”.
Ҳа, немислар ҳақида улардан шундай ёрқин хотиралар қолган.Айниқса, немисларнинг Хоразм шевасида бемалол сўзлаша олганликлари, таклиф қилинган барча тўй-маъракаларда қатнашганликлари, ижтимоий муносабатларда қарз бериш-олиш умумқоидаларига қаътий амал қилганликлари, уюшқоқ ва иқтидорли бўлган немисларнинг ҳар нарсани ўз мавриди, муддатида пухта бажаришга одатланишгани, Қорақум этакларида қисқа бир фурсат ичида оврўпача типдаги шаҳарчага асос солганликлари ҳам ҳануз эсланади.Шунингдек, айнан немислар туфайли воҳаликлар картошка, карам, лавлаги, бодринг, помидор, бақлажон каби тансиқ экинлар парваришини ўрганишган.
Меннонит немисларининг Оқмачитдан кўчирилишига сабаб, тузилаётган колхозларга киришни, болаларини шўро мактабига беришни ҳоҳламай, якка деҳқон бўлиб ишлаб, болаларини ўзларининг мактабларида ўқитишгани эди.
Хоразмдан мажбурий кўчирилган меннонит немислари Тожикистонда қурилаётган Вахш сув омбори қурилишига юборилади.Кейинчалик улар Россияга, у ердан эса Канада, Германия ва АҚШга кўчиб кетишади.

ХЕРМАН ЯНТЦЕННИНГ НОЁБ АСАРИ

Тарихни ўрганишда археологик ва этнографик маълумотлар ва архив манбалари қанчалик муҳим роль ўйнаса, мавзуга тегишли бўлган даврда яшаган муаллифнинг ёзиб қолдирган асари ҳам шунчалик аҳамиятга эга. Албатта ҳар қандай манба, танқидий қараш ва бошқа манбалар билан таққослаш натижасидагина ҳаққоний хулоса чиқаришга ундайди.
1988 йилда Швейцариянинг “ бруннен” нашриётида немис тилида нашр қилинган Херман Янтценнинг “Хавф-хатарли Туркистонда: мусулмонлар орасидаги ҳаёт” номли китоби ҳам ана шундай муҳим аҳамиятга эга бўлган манбалардан.Ушбу асар нафақат немислар учун, балки Туркистон халқлари учун ҳам тарихни ҳаққоний ўрганишда алоҳида хизматлар қилади. Негаки, асар муаллифи оврўпалик бўлгани учун ҳам, шарқ халқлари ҳаётини ўз нигоҳи билан кузатади. Қолаверса, асар муаллифнинг кўрган кечирган машаққатли ҳаётининг солномаси ҳамдир.
Муаллиф меннонит немисларнинг Россияга кўчиб келганидан кейин—1866 йилнинг 22 майида Самара губерниясининг Хенсау қишлоғида туғилади. Унинг отаси Янтцен миллатдошлари орасида катта мавқега эга бўлган. 180 гектар ери, шахсий тегирмони бўлиб, уйида 3 нафар рус хизматкори яшаб, улар Янтценлар оиласига рус тилини ўргатишган.
Херман ҳам ана шу хизматкорлар ёрдамида рус тилини ўрганади. Хива хонлигига келгач эса, Хоразм шевасини ҳам ўрганиб, Қуръони Каримни мутоаала қила бошлайди. Бу пайтда у 17 ёшда эди.Ёш бўлишига қарамай хон саройида таржимонлик қилади.
Маҳаллий аҳоли ўртасида Ямин оға номи билан машҳур Херман 1890 йил хотини ва икки фарзанди билан Авлиёота(ҳозирги Жамбул) га кўчиб кетади. Орадан 28 йил ўтиб у Оқмачитдаги биродарларини кўриш учун Хоразмга қайтиб келади. Хиванинг янги хони, Херманнинг эски ошнаси Саид Абдуллахон уни самимий кутиб олади ва ўз расмига дастхат ёзиб совға қилади.
Чор Русиясининг ҳудудларида ҳокимиятни эгаллаган большевиклар унинг фаолиятини таъқиқлаб 3 маротаба ўлимга ҳукм қилишади. У ўз асарининг “Большевиклар орасида” қисмида ана шу таҳликали дамларни қаламга олади.
1923 йилга келиб эса таъқибу тазйиқлар натижасида фарзандлари ва қариндошларини Туркистонда қолдириб, хотини билан Германияга қочишга мажбур бўлади.
Унинг кейинчалик ёзган юқоридаги асари ана шу таҳликали ва хавф-хатарли Туркистонда кечирган дамларини эслаб ёзилган.
Муаллиф асарида Туркистондаги,Хива хонлигидаги кўрган –билганлари, халқнинг яшаш тарзи ва уларнинг немисларга бўлган муносабатини ҳаққоний ёритишга уринади.Айниқса, Х.Янтценнинг асаридан Хива хонлигидаги табиат тасвирлари, иқтисодий вазият ҳақидаги лавҳалари алоҳида хусусиятга эга.
Муаллифнинг асарнинг “ ёвмутлар орасида” дея номланган 4-бобида, Петро-Александровскдан Лавзан канали бўйига Амударё орқали сузганларидаги воқеани тасвирларкан, бизга бугун муҳим бўлган хонликнинг ҳайвонот олами ҳақида шундай ёзади: “Кеч кириб қолганида, соҳилнинг бирор қулайроқ ерида тўхтардик, чунки ҳар иккала томонимиз шоғол, тулки ва ёлдор бўрилар ўлжа қидириб юрадиган тим қоронғи тўқай билан қопланганди. Ҳоҳлаганлар қайиқ саҳнида, қолганлар эса соҳилда ухлардилар.Албатта, бундай пайтда ҳайвонларни қўрқитиш учун, катта олов ёқиб қўярдик. Шундай бўлса-да, улар увиллашиб, чийиллашиб ҳеч кимни тузуккина ухлагани қўйишмасди”.
Яна шу бўлимнинг Лавзонга ўрнашиб олганларидан кейинги воқеа тафсилоти ҳикоя қилинаётиб шундай ёзилади: “ Қиш биз учун осойишта ўтди. Фақатгина кечалари аҳён-аҳёнда ёввойи ҳайвонларнинг увиллаб туриши тинчлигимизни бузарди. Ҳар куни атрофимиздан йўлбарснинг овози эшитилиб турарди. Кейинчалик у шундай қўрс бўлиб кетдики, саҳар пайтларида кўча бўйлаб қишлоқнинг ярмигача кириб борадиган бўлди. Бироқ у бизга ҳам, отларимизга ҳам бирор марта ҳужум қилгани йўқ.. Эҳтимол, “ҳайвонлар шоҳи” ҳамиша тўқ юрган бўлсалар керак, чунки ўрмонда ёввойи ҳайвонлар етарли эди-да”.
Демак, ана шу маълумотлардан билса бўладики, Хоразмда илгари тўқайларда турли ҳайвонлар мавжуд бўлган.
Шунингдек, Ҳерман Янтцен асарида ёвмутларнинг қилган ҳужумларини ёзаркан, “ бизнинг қуролсиз эканлигимизни улар жуда яхши билардилар”, дейди.Негаки, уларнинг ёнларида бемалол буғу, ёввойи тўнғиз, сиртлон, шоғол каби ҳайвонлар изғиб юрсаларда, бирорта немис уларга ўқ узмасди. Қолаверса, уларда қуролнинг ўзи йўқ эди.
Ёвмутларнинг ҳужумидан мудоффа учун қўлбола ясалган найза ҳам кекса меннонитларнинг талаби билан йўққа чиқарилади. Кекса Янтцен ёшларга шундай дейди: “Жоҳилликка-жоҳиллик билан жавоб беришдан уялмайсизларми? Ўз эътиқодимизга содиқ қолиб, қўлимизга қурол олмаслик учун, халқимиз мамлакатма-мамлакат сарсон-саргардон бўлиб юрибди. Шунча азоб-уқубатларга чидаб келаяпмизку.Бир зумдаёқ ота-боболаримизнинг эътиқодини йўққа чиқармоқчимисизлар?”
Ҳа, эътиқод туфайли меннонит немислари ватандан воз кечганларича, барқарор ва осойишталик ҳукм сурган ҳудудлардан паноҳ қидиришади. Аксига олиб, Русияда ҳам, Туркистонда ҳам хавф-хатар ҳукмронлик қилган 19 асрнинг охири, 20 асрнинг бошлари эди бу пайтлар. Ғала-ғовурга тўлиқ бу даврдаги меннонит немисларнинг машаққатли ҳаётлари кейинчалик Х.Янцен томонидан қаламга олинди.
Унинг бой фактик материалларга тўла асари биз туркистонликлар учун қадрли манбадир.
1883 йилдан 1937 йилгача бўлган 54 йил тарих учун қисқа даврдир. Бироқ ана шу қисқа фурсат ичида немислар Хоразм тарихидан ўзларига хос ва мос жой эгаллашди. Уларнинг ярим асрлик даврда кечирган ҳаётлари давомида маҳаллий халқ билан бўлган муносабатлари ижобий бўлгани қувонарлидир.
Айниқса, немисларнинг деҳқончилик ва чорвачилик соҳаларида, хоразмликлар билан қилган алоқалари натижасида, Хоразм қишлоқ хўжалигида янги тараққиёт даври бошланди.Оқмачитдаги оврўпа типидаги немис шаҳарчаси эса Хоразм савдо ва саноат маркази бўлиб 1937 йилгача равнақ топди. Агар меннонитлар 1937 йилдан кейин ҳам Хоразмда яшаб қолганларида қадимий Хоразмнинг тараққиёт андозаси немисларнинг ҳаракати билан уйғунлашиб кетган ва янги тараққиёт даври бошланган бўларди.
Афсус…афсус бундай бўлмади.Шўро мустамлакачилиги меннонитларни сургун қилди. Бироқ Хоразмликлар немисларнинг Хивада барпо қилган иншоаатларини, Оқмачитдаги боғи, уларнинг чорва ва полизчиликдаги иш услубини тараққий қилдирдилар. Энг асосийси, хоразмликлар немисларнинг самимиятини кўнгилларида асраб қолдилар.
Ҳозирги кунда Янгиариқ туманининг Чиқирчи қишлоғидаги Олланазар Сариев, Оғабой Саидов, Абдрим Қодиров, Умидбек Салиев, Комилжон Муродовлар хонадонида 1885-1935 йилларда Оқмачитлик немислар томонидан ишлатилган сандиқ,лампа, лангар, парта, устун,дарвоза, тунча, Зингер тикув машинаси, дазмол, сават каби уй-рўзғор буюмлари ғоятда эъзозланиб сақлаб келинмоқда.

НЕМИСЛАРНИНГ РЎЙХАТИ

1934 йилнинг 18 апрел куни ИИХКнинг Хоразм округ бўлими бошлиғи Порецкий, ҳамда тезкор вакил Тарасов томонидан ўша вақтда Хива тумани Оқмачит қишлоғида яшовчи немислар рўйхатга олинади. Рўйхатдаги маълумот ўша давр мафкуравий сиёсати асосида немислар қай тарзда рўзғор тебратаётгани, ёлланма ишчи,деҳқон меҳнатидан фойдаланаётганига асосий эътибор қаратилган. Аниқланишича 52 хонадондаги немислар ихтиёрида 43 от, 112 сигир, 56 бузоқ, 42 ҳўкиз ва 5 эшак мавжуд бўлган. Рўйхатга кўра Оқмачит қишлоғида қуйидаги оилалар яшаб истиқомат қилишган:
Тейфс Иван Оттович-оиласида меҳнатга яроқли 4 киши истиқомат қилган.Ўзи 27, хотини Анна 20 ёшда бўлган. Шунингдек, улар билан биргаликда 50 яшар отаси Иван Функ ва унинг рафиқаси ҳам бир хонадонда яшашарди. Оилада 1 сигир ва бир бузоқ, 1 эшак ва бир от ва унинг 2 та тойчоғи мавжуд бўлган. Хонадон кўп йиллар давомида сепаратордан фойдаланиб келган.И.О.Тейфс хонадонига қарашли 1,85 таноб ер бўлган. И.О.Тейфснинг касби ўқитувчи бўлиб, ерига ўғли Фридрих Тест томонидан ишлов берилган.
Дик Иван Пётрович-оиласида меҳнатга яроқли 2 киши мавжуд бўлган.Хотини Мария 26 ёшда эди. Оилада 1 сигир ва бузоқ бўлиб, улар ҳам сепаратордан фойдаланишган. И.П.Дикнинг касби ҳунарманд бўлган.
Паульс Герман Францев-оиласида 2 та меҳнатга яроқли киши истиқмат қилган. Шунингдек ушбу хонадонда 1 сигир ва бузоқ, 1 эшак мавжуд бўлган.Сепаратордан ҳам фойдаланилган. Паульс хонадонига қарашли 5,05 таноб ер бўлган. Мавсумий иш қизғин пайтлари деҳқон ёллатиб ишлатган. Рўйхат тузилган пайтда паульс хонадонига қарашли ерда Чиқирчи қишлоғилик Мулла Берган кунига 2 рубл пул эвазига ишлаётганди. У ҳар ойда ўртача 20-25 кун ишлаган.Паульснинг келиб чиқиши деҳқон бўлган.
Пайльс Пётр Асрлонович-хонадонида 52 яшар хотини Мария ва тўртта қизи (32 яшар Луиза, 25 ёшли Зара, 21 ёш Анна, 17 ёшли Клёна,) ва иккита ўғиллари ( 20 яшар Франц, 16 яшар Герард) истиқомат қилишарди. Хонадонда 1 от, 2 сигир ва бир бузоқ, иккита ҳўкиз ҳам боқилган.Ушбу хонадон ҳам сепаратордан фойдаланган.Пайльс хонадонига тўрт таноб ер қарашли бўлиб ижарачи ва ёлланма ишчи ишлатишмаган.
31 яшар Тейфс Отто Оттович-хонадонида 28 ёшли хотини Екатерина иккаласи истиқомат қилишган. Хонадонда 1 от, 2 буқа, ва иккита сигир боқилган. Улар ҳам сепаратордан фойдаланишган. О.О.Тейфс хонадонида 3 таноб ер мавжуд бўлиб, мавсумий ишлар кўпайган пайтда бир ўзбек деҳқонидан ёлланма ишчи сифатида фойдаланилган.
Квиринг Яков Яковлевич-оиласида 3 нафар меҳнатга яроқли киши истиқомат қилган. Я.Я.Квиринг 44 ёшда бўлиб, хотини 48 яшар бўлган.Уларнинг хонадонида 21 ёшли укаси Бергер ҳам яшаган. Квиринг оиласида 1 сигир ва бузоқ, 1,8 таноб ер мавжуд бўлган. Уларнинг еридан Ренгольд Паульс ижарага деҳқончилик қилиб фойдаланган. Иш ҳақи учун 80 кг буғдой олган. Я.Я.Квиринг ҳунарманд уста бўлиб эшик,дераза яшаш билан машғул бўлган.
50 яшар Паульс Корнелия Германовна оиласида иккита ўғли (Борис ва Артур) билан яшаган.Улар ихтиёрида 2 сигир ва 2 таноб ер мавжуд бўлган.Герард Дик томонидан Паульс ери ижарага олиб деҳқончилик қилинган.
32 яшар Леп Иван Герардович оиласида 24 ёшли хотини билан яшаган.Улар хонадонида 1 от ва тойчоқ, сигир ва бузоқча боқилган.5 таноб ерида доимий равишда немис миллатига мансуб деҳқон ва мавсумий ишлар кўпайган вақтда бир ўзбек ҳам ёлланиб ишлашган.
50 яшар Беркман Иван Петрович хонадонида ўзининг тенгдош хотини Анна иккаласи истиқомат қилишган.И.П.Беркман ҳунарманд бўлиб,Оқмачит қишлоғига Россиянинг Повольже ҳудудидан кўчиб келган. У хонлик пайтида 54 десятина ерида 7 киши меҳнатидан ёлланма ишчи сифатида фойдаланиб келган. 1934 йилга келиб биронта ҳам ишчиси бўлмай ерига ўзи экин экарди.
35 яшар Янтцен Гергард Герг хонадонида 33 ёшли хотини Анна, 20 яшар укаси Гергард истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида 1 от ва 2 сигир ва бузоқчалар мавжуд бўлган. Г.Г. Янтцен 6 таноб ерида Паульс Мария деҳқончилик қилиб келган ва ҳосилни тенг шерикликда бўлишишган.
29 яшар Бол Франц Давидович хонадонида 25 ёш хотини Мариям иккаласи истиқомат қилишган. Ф.Д.Бол 1931 йилда Оқмачитга Россиянинг Повольже ҳудудидан кўчиб келганди.
Паульс Мария Генрих якка ёлғиз яшаб 0,25 таноб ерида Геог Янсен ишлаган ва ҳосилни тенг шерикчиликка бўлишганлар.
40 яшар Паульс Абсон Абсон хонадонида 44 ёшли хотини Аванна ва 13 яшар ўғли Пётр истиқомат қилишган.Хонадонда бир от, 2 сигир ва 2 ҳўкиз ,бир бузоқ боқилган. А.А.Паульс нинг 6 таноб ерида доимий равишда немис миллатига мансуб киши ёлланиб ишлаган.
33 яшар Винц Пётр Абран хонадонида 29 ёшли хотини Маргарита билан иккаласи яшашган. Оқмачитга Россиянинг Любан ҳудудидан кўчиб келишган. Ер эгалигига эга бўлмаган.
29 яшар Леп Алеко Гергардович хонадонида 28 ёшли хотини Зара билан иккаласи истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида таноб ер, 3 от, 2 сигир ва 2 та ҳўкиз ва учта бузоқ бўлган. Сепаратордан фойдаланишган. А.Г.Леп оиласи ерида бир немис деҳқони доимий равишда ва бир ўзбек деҳқони мавсум қизғин пайтларда ишлашган.
35 ёшли Леп Арон Герг хотини Елена билан тенгдош бўлиб, иккаласи истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида 6 таноб ер, 2 сигир, 2 ҳўкиз ва бузоқ мавжуд бўлган. А.Г.Леп ерида доимий равишда бир немис деҳқони ёлланиб ишлаган.
30 яшар Винц Андрей Корн хонадонида 22 яшар Мария билан иккаласи яшашган. Улар 1932 йилда Россиянинг Любани ҳудудидан кўчиб келишган. Хонадон ихтиёрида 3 сигир мавжуд бўлган.
26 яшар Пеннер Давид Корнеев хонадонида 25 ёшли хотини Елизавета билан иккаласи истиқомат қилишган.Улар 1932 йили Авлиёотадан (Ҳозирда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳри)кўчиб келишган Оқмачитда ери бўлмаганлиги сабабли В.Г.Леп еридан ижарага олиб фойдаланишган.
78 яшар Резень Эмиль Яковлен ва унинг 60 ёшли рафиқаси ҳам ногирон бўлиб, улар хонадонида 0,55 таноб ер мавжуд бўлган. Ногирон эр-хотин ерига Гамун деган немис экин экиб ҳосилни тенг шерикчиликка бўлишишган.
55 яшар Классен Гергард Герг хонадонида хотини ва 19 ёшли ўғли Гергардлар истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида сигир ва сепаратор мавжуд бўлган. Улар 1930 йилда Оқмачитга Саратовдан кўчиб келишган.Г.Г.Классен ҳунармандчилик қилиб рўзғорини боққан.
Янсон Дмитрий Пётрович Оқмачитга 1929 йили Россиянинг Повольже ҳудудидан кўчиб келишган.Оқмачит қишлоғида ери мавжуд бўлмаган. Д.П.Янсон қишлоқ хўжалик буюмларини таъмирлаб кун кечирган.
24 ёшли Резен Эйман Герман 22 яшар хотини билан иккаласи яшашган.Бир сигири мавжуд бўлган. Э.Г. Резен ҳунармандчилик билан шуғулланган.
34 ёшли Янсен Пётр Дмитриевич 25 яшар хотини Елизавета билан иккаласи яшашган. 1931 йилда Россиянинг Повольже ҳудудидан кўчиб келишган.
25 ёшли Гам Бергард Яков ва 20 яшар хотини Анна иккаласи истиқмат қилишган. Хонадонда иккита сигир ва 2 бузоқ, 5 таноб ер мавжуд бўлган.
57 яшар Гам Яков Михайлов оиласида 56 ёшли хотини Устина ва ўғиллари ( 22 яшар Густав, 20 ёш Михаил)лар истиқомат қилишган. Оила ҳунармандчилик билан машғул бўлган.
26 яшар Квиринг Луиза Францевна хонадонида 2 бузоқ мавжуд бўлган.
37 яшар Гам Николай Михайлович хонадонида 29 яшар хотини Елена ва ўғил, қизи билан яшашган. Оила ихтиёрида 2 сигир ва бузоқ мавжуд бўлган.Н.М.Гам ҳунармандчилик билан шуғулланган.
60 яшар Маклер Яков хонадонида 63 ёшли хотини Екатерина ва 16 яшар қизи Елизавета билан истиқомат қилишган.Оила 1932 йилда Авлиёотадан Оқмачитга кўчиб келишганди.Я.Маклер темирчилик билан шуғулланган.
51 ёшли Валл Корней Изотов хонадонида 51 яшар хотини Екатерина ва 18 ёш қизи Елизавета билан биргаликда яшашган.Улар оиласи ҳам Авлиёотадан 1932 йилда кўчиб келишганди.
43 яшар Паульс Скорной Акбо оиласида 33 ёшли хотини билан Вильда иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 3 таноб ер, бир от ва 3 та бузоқ мавжуд бўлган.
56 ёшли Паульс Давид 55 яшар хотини Анна, ҳамда 25 ёшли қизи Еленалар истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида 4 таноб ер,2 сигир ва 2 ҳўкиз мавжуд бўлган.
28 ёшли Гам Георгий оиласида 24 яшар хотини Льга иккаласи истиқомат қилишган.Хонадон ихтиёрида бир от, 2 сигир, 2 бузоқ, бир ҳўкиз ва 4 таноб ер мавжуд бўлган.Г.Гам оиласи мавсум қизғин пайтлари деҳқонларни ёллатиб ишлатишган.
34 яшар Нахтигаль Пётр Герн оиласида 27 ёшли хотини Мария билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от, сигир,ҳўкиз ва 3 таноб ер мавжуд бўлган.П.Г.Нахтигаль хонадони доимий равишда Матниёз исмли ўзбекни ёлланма деҳқон сифатида ишлатган.
25 ёшли Даут Абрам хонадонида 24 яшар хотини Августа билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида от, ҳўкиз, сигир ва 3 сигир мавжуд бўлган. Мавсум қизғин пайтлари ерида деҳқон ёллаб ишлатишган.
53 яшар Даут Яков хонадонида 50 яшар хотини Анна, 81 ёшли отаси ва 18 ёш қизи Устина яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от, 3 сигир, 2 ҳўкиз ва 4 таноб ер мавжуд бўлган. Мавсум қизғин пайтлари деҳқон ёллатиб ерларида ишлатишган.
30 яшар Даут Давид хонадонида 20 ёшли хотини Мария иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от, 3 сигир, бир ҳўкиз ва 2 бузоқ ва 2 таноб ер мавжуд бўлган. Мавсум қизғин пайтлари ерида ёлланма деҳқон ишлатишган.
27 ёшли Деп Вадди Гергард оиласида 26 яшар хотини Екатерина билан иккаласи яшашган. Хонадонда 2 от, 2 ҳўкиз, 2 сигир, бир бузоқ ва 5таноб ер мавжуд бўлган. В.Г.Деп мавсум қизғин мавсумда ёлланма деҳқон ишлатган.
24 яшар Эверт Дюнус Кадеевич хонадонида 27 ёшли хотини Мария билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от ва сигир, 3 таноб ер мавжуд бўлган.
29 ёшли Эверт Арон Иванович оиласида 30 яшар хотини Мария билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от ва сигир, 3 таноб ер мавжуд бўлган.Мавсум қизғин пайтлари бир ўзбек деҳқонидан ёлланма ишчи сифатида фойдаланган.
50 яшар Эверт Иван Петрович хотинида 56 ёш Мария , 30 ёш ўғли Иван учалласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от, сигир ва 3 таноб ер мавжуд бўлган.
36 яшар Шмидт Отто Генрих 36 ёшли тенгқур хотини Екатерина, 25 яшар ўғли Корней, 23 яшар қизи Устина билан тўртталаси яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 ҳўкиз, 2 от, 2 сигир ва 3 та бузоқ ва 5,65 таноб ер мавжуд бўлган. О.Шмидт хонадонида сепаратордан ҳам фойдаланилган. 2 нафар немис ва ўзбек йигити Матёқуб мавсум қизғин пайтларида О.Шмидт оиласининг деҳқончилик ишларида ёлланиб ишлашган.
34 яшар Паульс Генрих Генр хонадонида тенгқур хотини Лида билан иккаласи яшашган. Хонадонда ҳўкиз, от, сигир ва 3 бузоқ ва 2,07 таноб ер мавжуд бўлган. Чиқирчи қишлоғилик ўзбек йигити Саур кунига 1 рублдан ҳақ олиб Г.Паульс ерида ишлаган.
55 яшар Тейфс Отто Оттович хонадонида 24 ёшли ўғли Борис, унинг 19 хотини Анна, 19 ёшли қизи Маргарита,шунингдек , 55 яшар амакиси Иван Тейфс, 19 ёшли асранди ўғли Генрих Тейфслар истиқомат қилишган. Хонадон ихтиёрида 2 ҳўкиз, бир от ва 2 омоч , 7 таноб ер мавжуд бўлган. Мавсум қизғин ва ҳосилни йиғиб олишда ёлланма деҳқонлардан фойдаланишган.
Шмидт Густав Генрих хонадонида 22 яшар хотини, 56 ёшли холаси Елизавета, 2 ҳўкиз, 3 сигир, 2 бузоқ, 1 от, плуг, барана, 4,85 таноб ер мавжуд бўлган.Мавсум қизғин пайтларида ёлланма деҳқондан фойдаланишган.
30 яшар Дик Гергард Генрих хонадонида 26 ёшли хотини Анна иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от ва ҳўкиз, 2 сигир ва 2 таноб ер мавжуд бўлган.Мавсум қизғин пайтлари ёлланма деҳқонлар меҳнатидан фойдаланган.
50 яшар Резен Герман Эмил хонадонида 36 ёшли хотини Мария, 18 яшар қизи учаласи яшашган.Хонадон ихтиёрида 1 сигир ва 1 таноб ер мавжуд бўлган. Г.Резен Оқмачитдаги энг довруқли ҳунарманд ҳисобланган.
33 яшар Шмидт Янс Генрихович хонадонида ўзи тенгқур хотини Елизавета, 18 яшар асранди қизлари Елена билан бирга яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 от, 2 сигир, 2 ҳўкиз, 3 бузоқ, 1 плуг ва 4 таноб ер мавжуд бўлган. Мавсум қизғин пайтларида ерида ёлланма деҳқон меҳнатидан фойданишган.
30 яшар Эверт Вильгелм Генр хонадонида 32 ёшли хотини Устина, 24 яшар укаси Герман учалласи яшашган. В.Г.Эвертнинг ихтиёрида 2 та от, 3 сигир, 1 ҳўкиз ва 1 сепаратор ҳамда 4 таноб ер мавжуд бўлган.
30 яшар Паульс Ренг Вальсович хонадонида 26 ёшли хотини Анна билан иккаласи яшашган.Хонадон ихтиёрида 1 сигир, 3 таноб ер мавжуд бўлган.
58 яшар Эверт Корней Пётр хонадонида тенгқур хотини мария, 17 яшар ўғли Франц билан учаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от, 3 таноб ер мавжуд бўлган.
25 яшар Квиринг Давид Герман хонадонида 28 ёшли хотини Паулина билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 сигир ва эшак, 0,45 таноб ер мавжуд бўлган. Д.Г.Квиринг оиласи билан 1932 йилда Пишпек(ҳозирги Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри)дан кўчиб келишган.
65 яшар Квиринг Абрам Яковлевич хонадонида 70 ёшли хотини Луиза, 17 яшар қизи учаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 сигир, бир бузоқ мавжуд бўлган.
50 яшар Тейфс Густав хонадонида меҳнат қобилиятини йўқотган хотини билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида фақат бир сигир мавжуд бўлган. Г.Тейфс оиласи билан Оқмачитга 1931 йилда Россиянинг Повольже ҳудудидан кўчиб келишган.
26 яшар Паульс Петор Генрих 19 ёшли укаси билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 сигир ва бир ҳўкиз, 2бузоқ ва бир эшак ҳамда 2,6 таноб ер мавжуд бўлган.
Классен Изаг Иван Оқмачит қишлоғида яшаб Янги Урганч шаҳридаги давлат хўжалигида ишлаган.Ўғли Яков Классен эса Хивадаги метерология станциясида ишлаган.
Вал Мария Ивановна 20 ёшли қизи Елена билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 сигир мавжуд бўлган. М.И. вал 1932 йили Авлиёота шаҳридан Оқмачит шаҳрига кўчиб келишган.
Вал Герман Гарманович 20 яшар тенгқур хотини Елена билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от ва сигир мавжуд бўлган. Г.Вал Семирьче ҳудудидан Оқмачитга кўчиб келишганди.
Шмидт Иольтер Генрих 23 яшар тенгқур хотини Августа ҳамда 21 ёшли синглиси эррна билан учаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 ҳўкиз, 1 от, 2 сигир, 2 бузоқ ва 2 таноб ер мавжуд бўлган.
29 ёшли Тейфс Густав 27 яшар хотини Мария билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 сигир, сепаратор аппарати мавжуд бўлган. Г.Тейфс хотини билан Повольжедан 1931 йилда Оқмачитга кўчиб келишганди.
65 яшар Паульс Агат Петрович хонадонида 27 ёшли қизи Елизавета билан иккаласи яшашган.А.паульс ҳунармандчилик билан шуғулланган.
55 яшар Гам Екатерина Мих хонадонида ёлғиз ўзи яшаб ери ва чорваси мавжуд бўлмаган.
74 яшар Альбрхт Елизавета Абрам хонадонида ёлғиз ўзи яшаб ери ва чорваси мавжуд бўлмаган.
Винц Эльза Ивановна 1932 йили Ленинграддан Оқмачитга кўчиб келганди. Э.И.Винц тикувчилик билан шуғулланган.
27 яшар Паульс Герман Петр 23 ёшли қизи Мария билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от ва сигир ҳамда 1 таноб ер мавжуд бўлган.
25 яшар Паульс Рудольф Петрович хонадонида 27 ёшли хотини Елизавета билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от, бир ҳўкиз ва сигир,бир бузоқ ҳамда 2 таноб ер мавжуд бўлган.
65 яшар Леп Георгий Георгиевич хонадонида 62 ёшли хотини Зара билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 3 сигир, бир бузоқ мавжуд бўлган.
56 яшар Пенцер Корней Вильг хонадонида 40 ёшли хотини Устина ва 22 яшар қизи ҳамда 76 ёш онаси Елизавета тўрталаси яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 сигир ва бир бузоқ ҳамда 1 таноб ер мавжуд бўлган.К.В. Пенцер слесарлик қилиб рўзғор тебратган.
60 яшар Эверт Франц Петрович 28 ёшли қизи Ренарта иккаласи яшашган.Ф.Эверт 1933 йили Оқмачитга Авлиёотадан кўчиб келишганди.
Нахтигаль Генрих Петрович хонадонида 20 ёшли Густав, 18 яшар Герман ва 32 ёш қизи Анна билан тўртталаси яшашган. Хонадон ихтиёрида бир ҳўкиз ва от, 3 сигир ҳамда бузоқ , 3,8 таноб ер мавжуд бўлган.
58 яшар Эверт Генрих Фёдор хонадонида 52 яшар хотини Маргарита, 18 ёшли қизи Мария учаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида бир от, 2 сигир, 1 қўй ҳамда 2 таноб ер мавжуд бўлган. Мавсум қизғин пайтларида кунига 2 рубл пул тўлаб ёлланма деҳқон меҳнатидан фойдаланишган.
33 яшар Эверт Фёдор Генрихович хонадонида 29 ёшли хотини Елизавета билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от, сигир ва бузоқ ҳамда сепаратор аппарати ,3,55 таноб ери мавжуд бўлган.
55 яшар Янцен Иван Бренгард хонадонида 44 ёшли хотини Анна билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 сигир, 2 ҳўкиз, 2 қўй ва сепаратор аппарати , 1,05 таноб ери мавжуд бўлган.И.Янцен ҳунармандчилик билан шуғулланган.
40 яшар Квиринг Франц Иванович хонадонида 30 ёшли хотини Анна билан иккаласи яшашган. Ер ва чорваси мавжуд бўлмаган. Ф.Квиринг 1932 йилда Пвольже ҳудудидан Оқмачитга кўчиб келган ва бу ерда қўриқчи бўлиб ишлаётганди.
30 яшар Янцев Герман Гринг 27 ёшли хотини Зара билан иккаласи яшаётганди. Хонадон ихтиёрида 2 сигир ҳамда 3 таноб ер мавжуд бўлган. Жуманиёз Балинча деган маҳаллий фуқарога ерини ижарага бериб, ҳосилни бўлиб олишган.Г.Янцев ҳунармандчилик билан шуғулланган.
55 яшар Герман Пётр Петрович 58 ёшли хотини Мария билан иккаласи яшашган.Улар хонадонига қарашли ер ва чорва мавжуд бўлмаган. П.Герман 1931 йили Россиядан Оқмачитга кўчиб келишган.Бир ўғли Ленинградда, иккинчиси Москва шаҳрида қолиб ишлашаётганди.
24 яшар Янцен Григорий Иванович тенгқур хотини Анна билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 1 от, 2 сигир ва 1,7 таноб ер мавжуд бўлган.
27 яшар Янцен Абрам Гергард хонадонида 22 ёшли хотини Марфа билан иккаласи яшашган. Хонадон ихтиёрида 2 сигир мавжуд бўлган.А.Янцен ҳунармандчилик билан машғул бўлган.
41 яшар Квиринг Егор Яковлевич хонадонида 39 ёшли хотини Екатерина билан яшашган.Хонадон ихтиёрида 1 от, 2 сигир мавжуд бўлган. Я.Квиринг ҳунармандчилик билан машғул бўлган.
Эверет Герман Генрихович хонадонида 25 яшар тенгқур хотини Елизавета билан иккаласи яшашган.Хонадон ихтиёрида бир от, сигир ва ҳўкиз , 2,45 таноб ер мавжуд бўлган. Е.Квиринг мавсум қизғин пайтлари Худойберган исмли маҳаллий фуқарони кунига 1 руб 50 тийин бериб деҳқончилик ишларига жалб қилган.Ўзи ҳунармандчилик билан шуғулланган.
Клацен Густав Егорович 29 ёшда бўлиб, хотини Анна 23 яшар бўлган.Хонадон ихтиёрида 1 сигир, 3 қўзичоқ мавжуд бўлган. Г.Клацен 1,4 таноб ерни ижарага олиб деҳқончилик қилишган.Г.Клацен 1931 йили Оқмачитга Волжск ўлкасидан кўчиб келишганди.
Паульс Мария Егоровна 24 яшар тенгқур эри Иван Фёдорович билан иккаласи яшашган. М.И.Паульс 1933 йили Авлиёотадан Оқмачитга кўчиб келишганди.
Дик Эдуард Генрихович хонадонида ёлғиз яшаб келган. Биргина бузоғи мавжуд бўлган.Укаси Иван билан темирчилик қилиб рўзғор тебратган.

Аждодлари менонитлар эътиқодига амал қилган дунёга машҳур хонанда Анна Герман ва Хоразм

Меннонитларнинг 19-асрда Пруссиядан кела бошлаши немис, поляк халқларининг Чор Россияси ҳудудида яна-да кўпая бошлашига сабабчи бўлди. Польшалик меннонитлар эътиқодига амал қилувчи Граф Йохан Фризен хонадони ҳам Чор Россияси ҳудудига 1850 йилда муҳожир сифатида келишган бўлиб, Украинанинг Великокняжеск (ҳозирги Ставрополь ўлкасининг Кочубеев қишлоғи) ҳудудига келиб ўрнашганди.
Ана шу муҳожирларнинг авлодидан бўлган Давид Петрович Мартенс (1863–1922) ва Анна Мартенс (1886 йил туғилган) оиласида 1909 йилнинг 15 ноябрида қизалоқ туғилади. Унга Ирма дея исм қўйишади. 1911 йилда Вильмар, 1920 йилда Герта туғилади. Катерина, Давид, Генрих, Ҳанс исмли қариндошлари ҳам ушбу хонадонда аҳил-иноқ баҳамжиҳатликда яшашарди. Ушбу хонадон она, қисман ота тарафдан келиб чиқиши голланд меннонитларига бориб тақалар, аммо Мартенс ва Фризенлар сулоласининг кўп йиллик ҳаёти Польшада кечгани боис, польяк тилида сўзлашишарди. Шу боисдан улар учун Польша муқаддас ватан эди. Бироқ улар меннонитлар эътиқодига кўра, 19-асрда Чор империясига қарашли Украина ҳудудларига келиб қолишганди.
Бу вақтда хонадоннинг каттаси – Абрам Яковлевич Фризен (1857–1929) авлодларига, эътиқодига кўра, меннонитлик мазҳабини давом қилдиришни ҳар куни эслатиб турарди. А.Я.Фризен Украинадаги меҳмонхонани бошқариб, обрў ва тажриба орттирган, Великокняжеск яқинидаги Богослов станциясида ҳам ишлаганди. Шунингдек, ҳунармандлик билан шуғулланиб, чиройли мебеллар ҳам ясашни ҳам йўлга қўйганди. Ўша вақтда Велекокняжеск кўп миллатли шаҳарча бўлиб, поляк, немис, голланд ва руслар кўпчиликни ташкил қиларди.
Тинч ва осойишта ҳаёт, афсуски, 1914 йилда бошланган I Жаҳон уруши ва 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлар сабаб ағдар-тўнтар бўлиб кетди. 1919 йилда Давид ва Ҳенрих шўро ҳукумати томонидан ҳибсга олиниб, отиб ташланади. 1922 йилда Давид Мартенс тиф касаллигидан вафот этади. Натижада оила иқтисодий жиҳатдан қийинчиликка учраб қолади. Ирма ҳам ёш бўлишига қарамай, аптекада ишлашга мажбур бўлади. 1929 йили мактабни тугаллаб, Одесса педагогика институтининг филология факультетига ўқишга киришга эришади. Шу даврда ўқитувчиларга эҳтиёж кўплигидан 1930 йил июнда муддатидан олдин немис тили ўқитувчиси дипломини олади. Бироқ Одессадан 100 километр узоқликдаги Чебриков шаҳри мактабида иш фаолиятини бошлашга мажбур бўлади.
Аммо шўроларнинг юритган демографик, мафкуравий сиёсати туфайли 1934 йилда кўплаб поляк ва немислар Украина, хусусан, Чебриковдан Ўрта Осиёга кўчирилади. Шу тариқа, тақдир ёзиғи туфайли Ирма Фарғона водийсига келиб, мактабда ишлай бошлайди. Уларнинг бахтига, Ирманинг укаси Вильмар водийда ҳарбий хизмат қилгани сабаб бу ердан кўплаб дўстлар орттирганди. Шу боис, қолаверса, меҳмондўст ўзбеклар полякларга ғамхўрлик қилиб туришганидан, улар унчалик қийинчиликларга учрашмади.
Ирма водийда ўқитувчилик фаолиятини давом эттираркан, Чимёндаги нефть заводида ишлаётган Евгений Герман (1909 йил 25 мартда туғилган) билан танишади. Унинг асли келиб чиқиши Польшанинг Лодзь шаҳридан бўлиб, бу вақтда Чимёндаги заводнинг мусиқа ансамблида дирижёрлик қиларди. Немис, голланд, рус тилларини мукаммал биладиган Евгений баланд бўйли, мовий кўзли бўлиб, кўплаб китобларга эга кутубхона ташкил қилган, гитара, скрипка чалар, шеър ва қўшиқларни ҳам қойилмақом қилиб ижро қиларди. Евгений ҳурфикрли шахс бўлиб, шўро ҳукуматининг зулмкорлигидан унинг сиёсатига қарши фикрда эди. Шу туфайли ҳам уни таъқиб қилишгани учун Донбассдан қочиб, ўша вақтда чеккароқ туюлган Фарғонага келиб қолганди.
Ирма ва Евгенийларнинг водийдаги осойишта ҳаёти ҳам, афсуски, узоққа бормади. Кунлардан бирида фарғоналик ўзбек қадрдонлари Евгенийни чекистлар суриштира бошлашганини айтиб қолади. Бу гал ҳам таъқиблар ва тақдир йўллари уларни яна-да чеккароқ туюлган Урганчга боришга мажбур қилади. 1934 йилда ёш оила соҳибларининг айнан Хоразмни танлашгани бежиз эмасди. Негаки, Ирманинг укаси Вильмар Фарғонадан Урганчга келиб, зоотехник бўлиб ишлаётганди. Қолаверса, бу пайтда Хоразмда меннонитларнинг ўзига хос Европа шаҳарчаси борлиги уларни Урганчга боришга ундади. Хуллас, улар вақтни бекор ўтирмай, Чоржўйга, у ердан пароходда Урганчга етиб келишади. Бироқ Вильмар Оқмачитдаги меннонитлар билан яқин алоқа ўрнатган бўлса-да, опаси ва куёвининг Урганчда яшашини маъқул кўради.
Эр-хотиннинг ижарадаги уйлари ўша вақтда Урганчнинг Кўнақаъла деб аталган деҳқон бозори ёнида, Қирғизёп бўйига қараган алоқа биноси атрофида бўлган. Ўрта осиёлик биринчи кинофотоустаси Худойберган Девонов (1879–1938)нинг шогирди бўлган жияни Юсуф Ҳасановнинг хотираларига таяниладиган бўлса (Юсуф Ҳасановдан эшитганлари бўйича ўғли, кекса журналист Абдулла Юсуповнинг айтишича), 1935 йиллари поляк, немис, рус миллатига мансуб аҳоли Кўнақаъладаги алоқа биноси ёнидаги уйларда истиқомат қилган. Бу ҳудуд ҳозирги деҳқон бозорининг орқа қисми, Қирғизёпга қараб барпо этилган Анна Герман кафеси, оилавий поликлиника атрофларида бўлган.
Юсуф Ҳасанов ўғли Абдуллага айнан шу ҳудуддаги поляк ва руслар келиб, уларнинг суратхонасида расмга тушиб кетгани, мулоқотда бўлиб туришганини айтган экан (Балки ҳозирда сақланиб қолган Анна Германнинг болалиги, Ирма ва Евгений Германлар тасвирланган суратларни ҳам Худойберган Девонов ва Юсуф Ҳасановлар олишгандир. Зеро, ўша вақтда Урганчда суратхоналар саноқли бўлиб, улар ичида Девонов устахонаси энг машҳури бўлган). Юсуф Ҳасановнинг ўғлига айтиши бўйича, суратхона ёнида “Звезда” дея номланган сартарошхона ҳам бўлган. Суратга тушиш учун келган поляк ва руслар ўзларига жило бериб, соч-соқолларини олдиришгандан сўнггина суратга тушишган. Демак, сартарошхона мижозлари орасида Евгений Герман, Вильмар Мартенс ва бошқа поляк, немис, руслар ҳам бўлгани аниқ.
Ирма Урганчдаги Крупская номли мактабда немис тили ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Евгений эса севган касби – мусиқачиликни ташлаб, Урганч нон заводида ҳисобчи бўлиб фаолиятини бошлайди. Урганчнинг Кўнақаъла қисмида яшовчи Германлар уйига вилоят театри яқин бўлиб, кечки пайтлари очиқ саҳнада намойиш этиладиган пьеса, концертлардаги овоз улар хонадонига баралла эшитилиб турарди. Шунингдек, Ирма ва Евгений дам олиш кунлари ўша вақтда Акмал Икромов номи билан аталган (ҳозирги Огаҳий номидаги мусиқали драма) театрига боришар, ўзлари учун қизиқарли туюлган ўзбекча спектакль, концертлардан завқ олиб қайтишарди. Шу билан бирга, ўзбеклар билан қилинган мулоқотлар боис ўзбекчани ҳам ўргана бошлашганди.
Хоразмликлар ҳамма даврларда бўлгани каби, ўз ватанларига сўнгги келган поляк меннонитларига беписанд қарамай, худди ўзларининг туғишган оға-инисидай мулоқотда бўлишган.
Табиийки, Евгений ва Ирмадек ўз даврининг олд зиёлиларида уларга ватан бўлган Хоразм, Амударё, Урганч сўзлари, уларнинг маъноси ҳам қизиқ туюлган, улар бу борада сўраб суриштирган бўлишлари мумкин. Қолаверса, Евгений Германдек Фарғонада мусиқачилик қилган санъаткорни Хоразмнинг жўшқин, мумтоз қўшиқлари, ўйинлари, мусиқа асбоблари ҳам қизиқтириб қолгандир. . .
Шу билан бирга, улар Хивадек қадимий шаҳарга ҳам бориб, кўкка бўй чўзган миноралар, шарқ меъморчилиги обидалари билан танишиб қайтган пайтлари кўп бўларди. Ирма ва Евгений Хива яқинидаги Оқмачит қишлоғига ҳам боришиб у ерда 51 йилдан бери яшаётган меннонит немислари билан ҳам алоқани йўлга қўйишди.
Шу тариқа, 1934 йили меннонитлар Оқмачитдаги ҳаётларининг 50 йиллигини ўзларининг шаҳарчаларида нишонлашади. Ушбусанага бағишлаб мактаб ўқувчиларининг саҳна кўринишлари, мусиқали композицион чиқишларини намойиш қилишади. Саҳна кўринишларида меннонитларнинг Нидерландияда бошланган ҳаётларидан то 1934 йилгача бўлган тарихий кечмиш жараёни акс эттирилганди.
Оқмачитда ўтган қутлуғ сана шодиёнасида Вильмар Мартенс ҳам қатнашади ва улар биргаликда суратга тушишади. Афсуски, бундай дўстона мулоқотлар кўпга чўзилмади – 1937 йили Оқмачитлик немислар жамоа хўжалигига киришдан бош тортишгани учун Тожикистон ва Қозоғистонга кўчириб юборилади.
Евгений ва Ирма, Вильмарлар учун меннонитларнинг бадарға қилиниши, афсуски, ташвишланарли эди. Бироқ шундай бўлса-да улар ўз ишлари билан овуниб, бу йўқотишга зўрға чидашди. Ноилож, шўро тузумига қарши боришнинг иложи йўқ эди. Чунки Евгенийнинг ўзи таъқибларга учраб, Донбассдан Фарғонага, у ердан Урганчга кўчиб келган, Ирма ҳам шўро сиёсати боис олис Хоразмдан бошпана топишга мажбур бўлганди. Ана шундай ғаму ташвишли кунларнинг бирида тақдир улар хонадонига шоду хуррамлик бахш этди.
1936 йил 14 февралдаги ёмғирли кун улар хонадонига қувонч олиб келди. Евгений ва Ирма Урганчда туғилган фарзандларига Анна-Виктория дея исм қўйишади. Ирма ишлаётган мактаб жамоаси ва Урганчнинг Кўнақаъла маҳалласи аҳли ҳам давр ғоят қийин бўлса-да, ёш оилага ҳар томонлама ёрдам беришга интиларди.
Ирма Мартенснинг “Хотиралари”да ёзилишича, Урганчлик ўқувчилар немис тили ўқитувчисининг қизини овунтириш ниятида улар оиласига бориб туришарди. Ирма ўз ёдномасида ўқувчиларининг ўзбек тилида “Апа, апа, сизнинг қизингиз чиройлик” дея берган самимий сўзларини келтириб ўтган.
“Ҳаётимиз Урганчда сокин кечар, Хоразмдаги ўқитувчилик фаолиятимда тажрибам ортиб борарди. Афсуски, 1937 йилнинг ёзи иссиқ келиб Анна касалланиб қолди. Кўз ўнгимда қизалоғим сўлиб бораётгандек эди. Уни даволатиш учун Тошкентга олиб боришга мажбур бўлдик. Эски шаҳардаги ўзбек хонадонидан ижарага уй олдик. Хонадон эгаси Аннани кўрибоқ: “Бу паратиф, тезроқ докторга кўрсатиш керак”, деди ва тезда кўчага отланиб керакли дорини топиб келди. Докторга кўринганимиз заҳоти у ҳам юқоридаги ташхисни қўйди ва даволашга киришди”, дейилади.
Ирманинг кундаликларида Тошкент ҳақидаги таассуротлар кўп бўлиб, унда ушбу шаҳарнинг гўзаллиги, таровати, Пушкин номли истироҳат боғининг худди Лондондаги гейд-паркка ўхшаши, нозик дид билан дўппи кийган ўзбекларнинг чинни ликопча ушлаганича қўшиқ куйлашлари, бу оҳангларнинг қалбларни тўлқинлантирувчи жозибаси ҳақида сўз юритилади.
Кўп ўтмай, Ирма ва Анна Урганчга қайтиб келишади. Ирма, яна мактабда немис тилидан сабоқ беришда давом этди. Афсуски, бу пайтга келиб жамиятдан “халқ душмани” излаш авжига чиқганди. Ана шундай хатарли даврда кўплаб Хоразмликлар ҳам қайғуга чўкиб қолишганди. Негаки, бугун кўрган танишинг эртага қамоққа олингани тўғрисида эшитиб қоладиган пайтлар эди. Негаки, 1937 йил 30 июлдаги “Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа антисовет элементларни қатағон қилиш бўйича операция тўғрисида”ги 00447-сонли буйруққа кўра, жамиятда тозалаш авж олдириб юборилади. Ушбу топшириқ бўйича, Ўрта Осиё Республикаларида операция 1937 йил 10 августдан бошланадиган бўлган. Жойларда ташкил қилинган “Учлик” ўтказган йиғилиш қарорига кўра, “1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача Ўзбекистонда жами 10700 киши қамоққа олинган” (Р. Шамсутдинов, Х. Қурбонов, У. Бекмуҳаммад, “Қатағон қурбонлари. 5- китоб, Т. , 2009, ”Шарқ” нашриёти, 5-бет).
Афсуски, ана шу қатағон тўлқини сабаб 1937 йилнинг 25 сентябрида Ирманинг эри Евгений ва укаси Вильмар ҳам “халқ душмани” сифатида қамоққа олинадилар.
Ачинарлиси, бу қатағон тўлқини Ўзбекистондаги нафақат маҳаллий халқни, балки бу юртни иккинчи ватани деб билган кўплаб бошқа халқ намоёндаларини ҳам ўз домига тортиб кетди. Улар ичида кўплаб поляк ва немислар ҳам бор эди.
Ўша машъум йиллари тақдир Ирма ва қариндошларини олдинига Тошкент, кейин Новосибирск, Красноярск ва яна Тошкент, Ромитан, Жамбул шаҳарларига кўчишга мажбур қилди. Бу орада Анна Герман ҳам мактаб ёшига етиб қолди. Ирма қизининг тақдири ва келажагидан куюниб, уни Жамбулдаги мактабга “Мартенс” фамилияси билан беради. Бу орада уруш ҳам бошланиб, халқнинг аҳволи ғоят қийин ҳолга тушиб қолган, ўқувчилар оёғига ҳар хил латталар ўраб мактабга боришарди. Қишнинг изғирин кунларида бу ўша давр учун одатий ҳол бўлиб қолган, Анна ҳам бошқалар сингари шу ҳолда ўқишга қатнарди.
Ирма оиладаги бундай аҳволдан, қизи Аннанинг истиқболини ўйлаб ўкиниб юрган 1943 йили Герман Бренер деган поляк муҳожири билан танишиб қолади. Кўп ўтмай, унга турмушга чиқади. Ушбу шахс поляк яҳудий муҳожири бўлиб, Польшани фашистлар эгаллагандан кейин собиқ шўро иттифоқига қочиб келганди. Шу тариқа, Герман Бренернинг Ирмани ўз паноҳига, никоҳига олиши боис оиланинг иқтисодий аҳволи бироз бўлса-да, яхшиланади. Афсуски, кўп ўтмай, Герман Бренер ҳалок бўлади.
Тақдирнинг бу зарбаларидан сўнг, 1946 йили Ирма оиласи билан Польшага бориб яшашга рухсат олади. Олдинига улар Новая Руда, кейин Вроцлав шаҳарларида ҳаёт кечирадилар. Анна ҳам энди поляк тилида мактабда таҳсил ола бошлайди. Ўқувчилик давридаёқ нафақат мусиқага, балки тасвирий санъатга ихлоси боис турли тадбирларда қатнашиб танловларда фахрли ўринларни олади.
Урушдан кейинги йиллари Польшада ҳам иқтисодий вазият ғоят оғир эди. Шундай вазиятда Ирма, Аннанинг иқидорини юксалтириш учун санъат борасида қўшимча дарс машғулоти ўтиш учун ўқитувчи ёллашни орзу қилар, аммо пули камлигидан бу ҳам армон бўлиб қолаверди.
Бироқ шундай бўлса-да, Анна ўзининг истеъдодини намоён қилиш мақсадида тинимсиз ишлади. Ҳатто мактабни тугатганиданоқ, Вроцлавдаги санъат олий мактабининг тасвирий санъат бўлимига ҳужжатларини топширади. Бироқ онаси ва яқинлари унга “Мусиқа, тасвирий санъат билан бошқа факультетда ҳам ўқиб шуғулланишинг мумкин, сен Польшанинг қудрати, келажаги учун энг керакли касбни танла!” деб маслаҳат беришди.
Шундан кейин Анна 1955–1961 йилларда Болеслав Берута номидаги Вроцлавск университетининг геология факультетида таҳсил олади. Талабалик даврида “Каламбур” театрида фаолият кўрсатиб, Польшанинг кўплаб шаҳарларида гастроль сафарларида бўлиб қайтади.
Бироқ санъатга бўлган ихлос Анна Германни геологлик касби томон эмас, саҳнага бошлади. Вокал, жаз ва эстрада жанрларида қўшиқлар куйлаб, обрў-эътибор орттиради.
Орадан йиллар ўтди. Анна отаси тақдирини ўйлаб, унга бағишланган қўшиқ куйлашга қарор қилди. ”Гори, гори, моя звезда” номли маҳзун қўшиқ 1937 йилда қатағон қурбони бўлган отаси Евгений Германга бағишланган бўлиб, бу қўшиқни у собиқ Иттифоқнинг кўплаб саҳналарида куйлади. Бироқ у ва онаси бу ноланинг Евгенийга бағишланганини мутлақо сир тутишди. Чунки бу қўшиқ кимга аталганини сезишса, Анна Герман учун собиқ Иттифоқ саҳналари ёпилиши мумкин эди.
Анна Герман 1965–1982 йиллари дунёнинг энг машҳур санъаткори сифатида танилди. Унинг “Катюша”, “Надежда” сингари 100дан зиёд рус тилидаги қўшиқлари нафақат собиқ Иттифоқда, балки бутун дунёда энг оммабоп қўшиқларга айланди. Аннани, ҳатто Рим папаси ва дунёдаги кўплаб давлат раҳбарлари концерт дастурлари бериш учун ватанларига таклиф қилишарди. У туғилиб ўсган Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд шаҳарларида ҳам бир неча бор ўз дастурларини намойиш этди. Бироқ Урганчга бориш, туғилиб ўсган, болалиги кечган Хоразмни тавоф қилиш унга армон бўлиб қолди. Чунки, 1967 йилнинг27 августида Италияда бўлган авариядан олган жароҳати унинг олис Урганчга боришига монелик қиларди. Анна Констанчин шаҳридаги клиникада даволаниб чиққач, 1969 йилдан яна саҳнага қайтди.
Дунё бўйлаб унинг концерт дастурлари ғоят шов-шовли тарзда давом қилди. Европа давлатлари, собиқ Иттифоқ, Австралия, АҚШ, Канада. . . Хуллас, ўз давридаги довруқли ҳамма санъат кошонасида унинг олқишларга бурканган қўшиқлари янгради. Шу жумладан, отасига бағишланган “Гори, гори, моя звезда” қўшиғи ҳам.
Анна 1972 йили Збигнев-Тухольский билан никоҳдан ўтди. Орадан уч йил ўтиб, 1975 йилнинг 27 ноябрида Збышек таваллуд топди. Збышек тобора улғая борган сари, Анна уни эркалаб бағрига босаркан, унинг нигоҳларида отаси – Евгений Германни кўргандек бўлар, бу ҳолат эса яна саҳналарда, оила даврасида “Гори, гори”ни куйлашга ундарди. . .
Саҳналар эса тобора олқишлар садоси остида ўтарди. . .
Ана шундай довруғу шодликлар, ҳаёт тантаналарига тўла 1979 йили Анна Тошкентга келди ва Урганч сафарини режалаштириб қўйди. Афсуски, бу сафар ҳам хасталик қайталаниб оғриқлар кучайганидан врачлар унга олис Хоразмга боришига рухсат беришмади.
Бироқ Анна Герман фақат 1969 йилдагина эмас, Москвада ўтказган концертларида Москва Давлат университети профессори, собиқ Иттифоқ телерадиокомпаниясида консультант бўлиб ишлаётган, асли, хивалик Худоёр Оллаёров, шунингдек, 1980 йили Москвадаги сув хўжалиги институтига борган эколог олим, асли, хонқалик Озод Ҳусайиновлар билан танишиб, улар билан қисқача бўлса-да, суҳбатлашишга улгурганди. Уларга Урганчга бориш орзусини айтган, концерт қўйишни режалаштираётгани ҳақида сўзлаб берганди.
Афсуски, Анна Германнинг бундай орзуси армон бўлиб қолди. Ўз даврининг ва ҳозирдаям шону шуҳратини йўқотмаган хонандаси 1982 йилнинг 26 августида оғир касалликдан сўнг вафот этди. Бу вақтда у эндигина 46 ёшга тўлганди.

Мустақиллик йилларида меннонит немислари тарихининг ўрганилиши ва уларнинг авлодлари билан алоқалар

Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 1 сентябрда мустақилликка эришгач, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганишга яратилган шароит ва имкониятлар боис Хоразмда яшаган меннонит немислари ҳаёти ва фаолияти, уларнинг воҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақидаги бир қанча мақолалар ва китобларда улар ҳақидаги махсус бўлимлар нашр этилди.
Хива «Ичанқаъла” давлат музей-қўриқхонаси илмий ходимлари ва фонд мудири Каримов Озод Зарипович томонидан меннонитлар ҳаётига оид экспонатлар тўплаб борилди. Оқмачитда яшаган меннонитларнинг ҳозирда Нидерландия, Австралия, Шимолий Америка ва Канадада яшовчи авлодлари бир неча бор Хива шаҳри ва Янгиариқ туманига ташриф буюриб, ота-боболарининг меҳнати сингган Нуриллабой саройи, хон шифохонаси, почта биноларини, Оқмачит қишлоғидаги илгариги қаъла ҳудудини ва Хоразмнинг бошқа тарихий обидаларини зиёрат қилишди. 2009 йил августда Хивалик музейшунос ва тарихчи Дилмурод Бобожонов АҚШнинг Ахайё штатидаги Берлин шаҳрида яшаётган меннонит немислари уйларида бир ҳафта меҳмон бўлди. Дилмурод Бобожоновнинг маълумотларига кўра, АҚШда яшовчи меннонит немислари Оқмачитлик меннонитларнинг авлодлари бўлиб, уларнинг айримлари қадимий ўзбек тилида, Хоразм шевасида гаплашишни унутишмаган. Шунингдек, ўзбек халқининг урф-одатлари ва анъаналаридан ҳам хабардор.

Меннонит немислари қаъласини қайта тиклаш зарурати ва унинг Хоразм туристик потенциалини юксалтиришдаги ўрни (Германия, Австрия, Австралия, Польша, Канада ва бошқа давлатлардан туристик оқимнинг кўпайишидаги роли)

Хивага ташриф буюрган Оқмачитлик немис меннонитларининг авлодлари ҳозирги кунда ҳам ўз ота-боболарининг тарихини, улар яшаган масканни эсдан чиқаришмаган. Улар Оқмачит қаъласини қайта тиклашни, уни зиёратгоҳга айлантиришни, шундай қилинса, Европадан, Германия, Голландия, Россия, АҚШ, Канада ва бошқа давлатлардан туристлар оқими Хоразмга жуда кўпайишини айтмоқдалар.
Ҳозирда Хоразм вилоят туризмни ривожлантириш департаменти томонидан Янгиариқ туманида меннонит немисларининг Оқмачитдаги каби қаъласини бунёд қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилгани қувонарлидир.Агар бу лойиҳа ҳаётга тадбиқ қилинса меннонитларнинг бугунги кунда хорижда яшовчи авлодларигина эмас, балки уларнинг ҳаёт тарзига қизиққан бошқа давлатлар ва Ўзбекистон вилоятларидаги сайёҳлар оқими ҳам кўпаярди.
Шулардан келиб чиқиб, Х.Янценнинг “Хавф хатарли Туркистон сари” ва Р.Блекнинг “Россия ва Ўрта Осиёдаги меннонитлар” китобларини ўзбек тилида нашр этдириш, шу китоблар ва архив манбаларини чуқур ўрганган ҳолда Оқмачитлик меннонитлар ҳаёти ҳақида махсус китоб тайёрлаш ( уни немис, инглиз ва бошқа тилларига таржима қилдириш ва нашрдан чиққач, интернет, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш) ҳам керак. Бундан ташқари, меннонит немислари тўғрисида бадиий-ҳужжатли фильм ҳам тайёрлаб, уни ҳам бошқа тилларга таржима қилдириш зарур. Айни пайтда таниқли режиссёр ва кинодраматург Жўрабек Рўзметов томонидан тайёрланган сценарий асосидаги сериални суратга олишни ҳам тезлаштириш лозим.
Агар бу ишлар амалга оширилса, Хоразмнинг туристик салоҳияти юксалишига катта ҳисса қўшилган бўларди.

09“Xorazm” nashriyoti yaqinda tarixchi va publitsist Umid Bekmuhammadning “Xorazmda yashagan nemislar” nomli kitobini nashr qildi. Kitobda 1883 yildan 1937 yilgacha vohada yashagan mennonit nemislarining hayoti va faoliyati haqida hikoya qilinadi. Kitobga filologiya fanlari doktori, professor Saparboy Roʻzimboyev soʻzboshi yozgan.Quyida ana shu soʻzboshini va “Xorazmda yashagan nemislar” kitobini eʼtiboringizga havola qilamiz.

SOʻZBOSHI OʻRNIDA

Istiqloldan keyingi tarixchilarning navqiron avlodiga mansub Umid Bekmuhammadning ushbu risolasini men 1997 yilda oʻqigandim.Oʻshanda u universitet bitiruvchisi edi. Bu orada u tinmay izlanib hozirgi kungacha 33 ta tarixiy kitoblar, Oʻzbekiston va xorijdagi 75 ta matbuot nashrlarida 800dan koʻp ilmiy-ommabop maqolalar chop etdirdi.
Jumladan Xorazmda yashagan mennonit nemislari haqida ham Oʻzbekiston, Qozogʻiston nashrlarida koʻplab maqolalar nashr qildirdi. Masalan uning “Mennonit nemislarini esdan chiqarmaylik” nomli “Panorama” gazetasidagi(2000 yil 23 mart) maqolasida ularning tarixi bayon qilinibgina qolmay quyidagicha takliflar ham bildirilgandi:
“ Fikrimcha,Xorazmda mennonit nemislarini bugungi va kelajak avlod xotirlab turishi uchun birtalay ishlarni amalga oshirmoq kerak:
1.Ular yashagan Oqmachit qishlogʻida bogʻ-muzey tashkil qilish.Ulardan qolgan bor buyumlarni toʻplab muzeyga qoʻyish.Bogʻga nemis va oʻzbek mevali daraxtlarini ekish.Negaki, yaqin-yaqinlargacha nemislar koʻkartirgan daraxtlar qishloqqa salobat bagʻishlab turardi.
2.Xiva koʻchalaridan biriga Vilgelm Penner nomini qoʻyish va ular mehnati singgan Nurillaboy saroyida maxsus mennnoit nemislari boʻlimini ochish.
3.”Oʻzbekturizm” mahkamasi tomonidan ajdodlari izini ziyorat qilishni istovchi nemislar uchun Qipchoq-Xiva-Oqmachit yoʻnalishidagi sayyohlik marshrutini tashkil qilish.Konrad Adenauer jamgʻarmasining Oʻzbekistondagi vakolatxonasi yoki Gyote ilmgohining Toshkent boʻlimiga shu masalalar boʻyicha murojaat qilinsa yordamlarini ayamasalar kerak.
Bu ikki tashkilot taʼsischiligida nemis-oʻzbek madaniy-maʼrifiy aloqalar jamiyatini tuzish mumkin. Jamiyat ishtirokida nemis-oʻzbek munosabatlari yangicha yoʻnalishda ish boshlasa, 1937 yilda uzilgan rishtalar mustahkam bogʻlansa, ikki oʻrtada ijodiy uchrashuvlar, madaniy aloqalar uyushtirilsa gʻoyat yaxshi boʻlardi”.
2000 yilda Umidbek tomonidan aytib oʻtilgan bu takliflarning ayrimlari hozirgi islohotlar jarayonida amalga oshirilayotgani quvonarlidir.Bu orada U.Bekmuhammad tomonidan nemislar haqida yana “Qishloq hayoti”(2002 yil 20 dekabr), “Gurlan hayoti” (2002 yil noyabr-dekabr ) va “Darakchi” (2003 yil) gazetalarida maqolalar chop etilib nemislar mavzusi targʻib qilindi.Shuningdek, “Xorazm tarixidan sahifalar”( T, 2008 yil) kitobida ham bir boʻlim Xorazmda yashagan nemislarga bagʻishlangandi.
Xullas,Xorazm va Oʻzbekiston tarixining hali tadqiq qilinmay yoki eʼtibor qaratilmay kelinayotgan mavzulari ustida ilmiy ishlar qilayotgan U.Bekmuhammad ishlariga omadlar tilab qolaman.

S.Roʻzimboyev -Urganch Davlat universiteti professori, filologiya fanlari doktori

Umid Bekmuhammad
XORAZMDA YASHAGAN NЕMISLAR
08

“Oqmachitdagi bozordan zotdor sigir sotib oldim”, “Penner ishlagan surat zoʻr chiqibdi”, “Vilgelm menga qarz berib turdi”, “Xerman ajoyib duradgor ekan, uning yasagan eshigi sifatli…”xullas, bunday gap-soʻzlarni 19 asr oxiri va 20 asrning 37 yillarigacha uzoq Yevropada emas, Xorazmning turli hududlarida tez-tez eshitish mumkin edi.Chunki, bu davrda Xorazmda nemislar yashashgan.

TAQDIR SOʻQMOQLARI YOXUD MЕNNONITLAR HAQIDA MAʼLUMOT

Kelib chiqishi Niderlandiyaning Vitmarsum shahridan boʻlgan faylasuf va dinshunos Menno Simons (1496–1561) xristian dinini isloh qilib, oʻz mazhabini yaratgan. Uning taʼlimotiga koʻra, qoʻlga qurol olib, urushlarda qatnashish, odam oʻldirish, umuman olganda, yomonlikka qurol kuchi bilan qarshilik koʻrsatish yovuzlik, gʻayriinsoniy, gʻayridiniy holat ,mudhish jinoyat va gunoh deb hisoblangan. Bu taʼlimotni tan oluvchilar mennonitlar deyilgan. Tabiiyki, Menno Simons yashab, oʻz eʼtiqodini targʻib qilgan davrda qirollar, harbiylar va ular itoatidagi ruhoniylar uchun urushlar boyish va oʻz hududini kengaytirish manbai edi. Shu boisdan ham Niderlandiyada mennonitlar oqimi qattiq taqibga uchragach, ular 16-asr oʻrtalarida Prussiya, ayrim mennonitlar esa 18-asr oxiri, 19-asr boshlarida Ukraina, Rossiya hududlariga koʻchib ketishgan. Aynan mennonitlar taʼlimoti bois ularning taqdiriga vatanni tashlab ketib sarson sargardonchilikda yurish yozilgandi.
Xristian dinining annabatizm mazhabidan 16-asrda ajralib chiqqan protestantlik oqimidagi Germaniya (Prussiya)ning Marionburg shahridan boʻlgan nemislar esa mennonit nemislari deb atalgan. 
Prussiya hukumatining urushga tayyorgarlik koʻrish asnosida, mennonit nemislarini ham harbiy xizmatga jalb qilishga urinishi ularning vatanlari –Marionburgni tashlab ketishga majbur qildi.

Mennonit nemislarining Rossiyaga koʻchib kelishi

Rossiya imperatoriga mennonit nemislaridan tushgan taklif—ularning rus sarhadlariga kirib kelishga ijozat soʻrashi ijobiy hal boʻladi.Ular shu tariqa 19 asrning 60 yillarida Volga boʻylariga joylashib, nemis qishloqlarini tashkil qilishadi. Nemislarning Rusiyaga kelishi ommaviy ravishda nemis millatiga mansub kishilarning birinchi bor rus sarhadlariga qadam qoʻyishi emasdi.Bu hol ancha ilgariroq—Yekaterina 2ning podsholigi davridan boshlangandi.
Asli nemis millatiga mansub boʻlgan Yekaterina 2(1729—1796) Rossiya taxtiga chiqqan 1762 yildan boshlab rus sarhadlariga Ovroʻpadan koʻplab nemislar ommaviy ravishda koʻchib kela boshlashdi.
Hatto Yekateina 2 1763 yil 22 iyulda maxsus manifest eʼlon qilib, xorijliklarning Rusiyaga ommaviy ravishda koʻchib kelishi rasmiylashtirishini maʼlum qildi. Shu farmonga koʻra xorijliklar qayerda yashashni istashsa, oʻsha joydan maxsus yer ajratib beriladigan boʻldi.Ular oʻn yil davomida soliqlardan ozod qilindilar.Har bir koʻchib kelgan xonadonga 30 desyatina yer mulk sifatida berildi.Ana shu kabi imtiyozlar tufayli Sharqiy Prussiyadagi koʻplab nemis oilalari Rusiyaning Chernigov, Odessa, Saratov, Samara, Voronej guberniyalari, Peterburg shahri atroflariga koʻchib kela boshladilar.Shu tarzda Rossiyada sohibi nemis boʻlgan “Genrix Bilfeld”, “Karl Shtreyba”, “Krauze Shtraux”, “Georg Frik”, “Yakob Neyfeld”, “ mitrepol” kabi firmalar faoliyat koʻrsata boshladi.Ular shu tarzda 18-19 asrlarda Ural konlari, Sibir oʻrmonlari,Kavkaz neftining ham xoʻjayinlariga aylandilar.
Qolaversa, romanovlar sulolasi Rossiya taxtini boshqarishda nemis dvoryanlariga suyanib siyosat yurgizishganlar.Imperatorlarga ham koʻproq xorijlik yoki rus dvoryanidan boshqa xorijlik yoki rus dvryanidan nemis dvoryani oʻz taʼsirini koʻproq oʻtkazaolgan.
Ana shu tarzda Rusiyada faoliyat koʻrsatayotgan nemislar safiga menonit millatdoshlari kelib qoʻshilishdi.Bu paytda Rusiya sarhadlari Turkiston tomon kengayotgan davr edi.
Rusiyaning ikki boshli burgut tasviri tushirilgan bayrogʻi Boltiqboʻyidan to Kavkaz choʻqqilarigacha,Sibir oʻrmonlari-yu, Ukraina dashtlarida hilpiraganicha turardi.
1853 yili Qoʻqon xonligiga qarashli Oqmachitning Rusiya tomonidan istilo qilinishi bilan Turkistondagi xonliklarni boʻysundirishga harakat boshlandi.Rusiya armiyasining shiddat bilan qilgan janug-jadallari natijasida birin-ketin Buxoro amirligi va Xiva xonligi Rusiyaning mustamlakasiga aylandi. Shu tariqa Rusiya aholisi ruslardagi koʻp tugʻilish tufayli emas, balki bosib olingan oʻlkalarning aholisi hisobiga koʻpaya boshladi. Rusiya aholisi Pyotr 1 davrida 15 million boʻlsa, istilochilik harakatlari avjiga chiqqan 1871 yili 77 millionga yetdi.
Ana shu 77 million aholi orasida oʻz urf-odatlari, diniy eʼtiqodlariga amal qilib Rusiyada yashayotgan mennonit nemislari ham bor edi.
Biroq ularning Rusiyadagi barqaror hayoti 1874 yilda buzildi.Oʻsha yili Rusiyadagi barcha dindagi erkaklarni harbiy xizmatga jalb qilish toʻgʻrisida qonun qabul qilinib, qonun 1880 yildan kuchga kirajagi eʼlon qilinadi.Bu qaror tabiyki menonit nemislarining hayotida salbiy rol oʻynardi.Shu bois 1874 -1880 yillarda menonit nemislarining vakillari Peterburgga, podsho huzuriga borib, harbiy xizmatdan ozod qilishlarini soʻrashdi.Lekin ularning iltimoslari rad etiladi.
Shu oʻrinda harbiy xizmat haqidagi yuqoridagi farmon haqida alohida toʻxtalish joiz.Imperatorning maxfiy maslahatchisi F.Girs Turkistonni taftish qilib, oʻlkada 2406000 kishi yashashashini, shulardan 1200000 kishi erkaklar ekanligini aniqlagandi.Uning fikricha, shu erkaklarni harbiy xizmat majburiyatini yuklash masalasi gʻoyat qaltis siyosatdir. Agar ana shu erkaklar harbiy xizmatga chaqirilsa, 6 yil ichida harbiy texnikani yuksak mahorat bilan egollovchi jangovar armiya vujudga kelib Rossiyaning Turkistondagi faoliyati salbiy natija bilan tugashi mumkin edi.
Shu bois, imperator F.Girsning fikrini inobatga olib, “Turkiston aholisini harbiy xizmatdan ozod qilish toʻgʻrisida” qaror qabul qiladi.
Menonit nemislaari esa 6 yil davomida Peterburgga qatnay-qatnay oʻzlari uchun shunday qonunni qabul qildirisha olmagandi.Ana shu fakt Rusiya imperatori tevaragidagi yuqori amaldorlar orasida nemislarga ishonch bor boʻlganligini koʻrsatadi.negaki, turkistonliklarga qurol tutqazib harbiy xizmatga chaqirishni xavfli deb bilgan mustamlakachilar, diniy eʼtiqodiga koʻra qurol ushlash umuman mumkin boʻlmagan mennonit nemislarini armiya saflariga jalb qilmoqchi boʻlgandilar. Ular nemislarni harbiy xizmatga chaqirib, oʻz maqsadlari yoʻlida xizmat qildirmoqchi boʻlishgandi.
Biroq mennonit nemislari, katta imtiyozlar yaratib berilganiga qaramay, bu gal ham eʼtiqodlariga amal qilib, harbiy xizmat qilishdan bosh tortib yana sarson-sargardonchilikni boshlashga tayyorlana boshladilar.Badavlat mennonitlar Kanadaga koʻchishni maʼqul koʻrishadi.
Shu asnoda menonit nemislari orasida katta mavqega ega boʻlgan Yantsen Turkiston general-gubernatori fon Kaufman bilan tanishib qoladi.Ruslashib ketgan nemis zodagoni oilasiga mansub boʻlgan fon Kaufman millatdoshlari boshiga tushgan tashvishini yengillashtirishga urinadi.Imperatorga taʼsir oʻtkaza oladigan darajadagi Kaufman Yantsenga Turkistonga koʻchib borishni taklif qiladi.Tagʻin millatdoshlarini 25 yil davomida harbiy xizmatdan ozod qilishga vaʼda beradi.Bu taklif menonit nemislari tomonidan 1879 yilda samimiy qabul qilinadi.

Mennonit nemislarining Markaziy Osiyoga kirib kelishi

1880 yili Samara guberniyasidan Turkiston tomon xuddi “Buyuk ipak yoʻli “dan yurgan karvonlar singari, 18 aravadan iborat kambagʻalroq mennonit nemislari yoʻlga chiqishdi.10 nafar oila aʼzolaridan tashkil topgan ushbu karvon 18 oktyabrda Toshkent yaqinidagi Qoplonbekka joylashtiriladi.Oradan biroz vaqt oʻtib, bu yerga yana 92 oiladan iborat mennonit nemislari koʻchib kelishadi.Bir guruh nemislar esa Buxoro amirligiga qarashli boʻlgan Ziyrabuloqdan panoh topishadi.
Ana shu paytda Samarqanda xizmat qilayotgan chor generali Dresh, nemislar orasida katta mavqega ega boʻlgan Yantsenga xat yozadi. General oʻz maktubida Petro-Aleksandrovsk (Toʻrtkoʻl) dagi general fon Grottenhelm Xiva xoni Muhammad Rahimxon 11 bilan nemislar haqida suhbatlashganini yozgandi.Suhbatning asosiy mavzusi esa menonit nemislarining Xiva xonligida yashashi haqida edi.Maktub oxirida Dresh Xiva xoni baron Grottenhelmning taklifiga rozi boʻlganini yozib, xon bilan muzokara olib borish uchun delegatsiya yuborishni maslahat bergandi.
Generalning maslahatiga amal qilgan nemislar Yantsen,Riyezen,Ep ismli kishilardan iborat vakillarni muzokara uchun yoʻllaydilar.
Yoʻlboshchi bilan 4 kishini tashkil qilgan vakillar Petro-Aleksandrovsk orqali Xivaga—xon huzuriga boriladigan 100 chaqirimlik mashaqqatli yoʻlga otlanadilar. 
Ularni Petro-Aleksandrovskda baron fon Grottenhelm samimiy kutib oladi.Yaxshilab mehmon qilgach yaxshi bir tarjimonni vakillarga qoʻshib Xivaga joʻnatadi.Vakillar esa qayiqda Amudaryodan suzib oʻtib, 40 chaqirimcha otda yurganlaricha Xivaga yetib boradilar.Xon ham mennonitlarning vakillarini doʻstona kutib olib mehmon qiladi. Nemislarning Xorazmga kelishiga rozi boʻlgan Muhammad Rahimxon 11, faqat choʻchqa boqmaslikni iltimos qiladi.Xonning bu sharti qabul qilinadi.Nemislarning yashash joyi sifatida esa daryoning 160 chaqirim quyi qismidagi kemalar yuradigan Lavzon kanali boʻylari (hozirda Qoraqalpogʻiston Respublikasi Amudaryo tumanidagi Qipchoq qishlogʻi) ajratib berilajagi maʼlum qilinadi.
Muzokara yaxshi natijalar bilan tugallanib, vakillar ortga ketishadi.

XORAZM—MЕNNONIT NЕMISLARINING PANOHI

Oltmish oiladan iborat aravalar karvoni Zarafshonning quyilish qismigacha yetib kelishadi.Bu yerda aravadagi yuklar 450 ta tuyaga ortilganicha Xorazm sari yoʻlga tushishadi. Yoʻl mashaqqatlari haqida Xerman Yantsen “Xavf-xatarli Turkistonda…” asarida shunday yozadi: “kun sayin issiq shunday qizdirardiki, aslo yurib boʻlmasdi.Shuning uchun, kunduzlari tuyalarning ustidagi yuklarini tushirib, dam olardik. Suv deyarli umuman yoʻq edi.Quyosh gʻarbga botayotganda, yuklar ortilib, goh togʻning ustki, goh pastki qismidan va behisob qumtepaliklardan yurib ketaverardik. Koʻp ayollar va bolalar tuyalarning ustidagi tebranishlar tufayli, koʻngillari aynib, juda koʻp azob chekdilar.Koʻp kechalar shu ahvolda oʻtdi”.
Ular shu ahvolda Buxoro amirligiga qarashli Iliqiq degan joyga kelishadi.Xuddi shu joyning narirogʻidan Amudaryo oqib oʻtardi.Bu yerda mennonit nemislarini toʻqqiz yelkanli qayiqda xivaliklar kutib turishgandi.
Ular ana shu toʻqqiz yelkanli qayiqda oʻn kun daryoda oqim boʻylab suzib, Petro-Aleksandrovskga yetib kelishadi.
Ovroʻpo tipidagi bu shaharda millatdoshlarini general fon Grottenhelm rafiqasi va bolalari, shuningdek boshqa harbiylar bilan kutib oladi.Oʻzaro muloqot ona tillari—nemis tilida boʻlib oʻtadi.
Suhbat paytida general millatdoshlariga Lavzan kanali boʻyidagi qarorgohida qurilish uchun kerakli narsalarni xarid qilishni maslahat beradi.Negaki, Petro-Aleksandrovskdagi ovroʻpaliklarning doʻkonlarida nemislar uchun asqotadigan qurilish ashyolari topilardi.Shu tarzda har bir oila eshik, deraza, ularning oshiq-moshiqlari va mix kabi narsalarni sotib olishadi.
Keyin yana yuqoridagi yelkanli kemalarga joylashganicha, 160 chaqirim uzoqlikdagi Lavzan kanaliga qarab suzishadi.
Nihoyat, Qipchoq qishlogʻidagi Lavzan kanali boʻyiga yetib kelgach oʻzlariga mos turar joy qurish uchun maydon qidirishadi.
Bu haqda Xerman Yantsen shunday yozadi: “ Lavzan har ikkala tomonidan baland dambalar bilan toʻsib qoʻyilgandi.Biz boshpana qurish uchun damba ortidagi yerlarni oʻt-oʻlanlardan tozaladik va tez orada qishloq yoʻli yonidan yertoʻlalar qurishga kirishib ketdik.Tomni yopish uchun yogʻoch va qamish juda koʻp edi.Yonilgʻi, oʻtin ham yetarli edi”.
Nemislar faqat oʻzlariga emas, balki otlariga ham ozuqa yigʻishga, qishda maxsus otlarni saqlovchi otxona qurishga kirishadilar.Otxonani qurishda oʻzbeklarning yordamidan foydalanadilar.
Oʻzbeklar nemislarga un, guruch, yogʻ, tovuq, tuxum kabi oziq-ovqat mahsulotlarini ham arzon bahoda sotardilar.X.Yantsenning yozishiga koʻra, “ bir metrcha keladigan bitta bakra baligʻi 25 tiyingina turardi, xolos”.
Bu paytda 1883 yilning qish payti kelib qolgandi.Qish esa nemislar uchun osoyishta holda oʻtdi.Bahorda esa baland bir tepalikka turar joylar qurib, atrofini devor bilan yaxshilab oʻrab olishadi.
Bu orada nemislarni qoʻriqlab turish uchun kelgan chor armiyasining uch zobiti va bir qorovul, menonitlarni Lavzan boʻyiga oʻrnashib olishdi deya Petro-Aleksandrovskka qaytib ketishadi.Biroq soqchilar bilan saqlangan osoyishtalik vaqtincha edi. Ular ketgach, nemislardan 5 chaqirim uzoqlikda joylashgan yovmut turkmanlari tez-tez mennonitlar atrofida paydo boʻlib turishadi.
Bu orada yoz fasli ham kelib, ayni pishiqchilik damlari edi.Nemislar ekkan kartoshka, pomidor kabi sabzavot va mevalar hosilga kirgandi.Soqchilar yoʻqligidan foydalangan yovmutlar esa oʻgʻirlikka tusha boshladilar.Qolaversa, mennonitlarda qurol yoʻqligini yovmutlar yaxshi bilardilar.Negaki, qoʻllariga qurol ushlash umuman mumkin boʻlmagan mennonitlar atrofida bugʻu, yovvoyi toʻngʻiz, sirtlon, shogʻol kabi hayvonlar izgʻib yurishardi. 
Oʻsha paytda mennonitlar boshiga tushgan ogʻir kunlarni xotirlab X.Yantsen keyinchalik shunday yozgandi:
“ Ular avval otlarimizni oʻgʻirlashdi. Keyin ochiqchasiga Abramning yoshgina xotinini oʻgʻirlab ketmoqchi boʻlishdi. Xotinini himoya qilishga uringanida, uning oʻzini oʻldirib ketishdi.Baʼzan ular odamlarimizni uylaridan haydab chiqarib, u yerdan oʻzlariga yoqqan narsalarini olib ketardilar.Ayrim hollarda biz yoshlar baʼzi erkaklar bilan birga ulardan oʻzimiz yasagan nayzalarimiz yordamida himoyalanishga urinardik.Bundan xabardor boʻlgan keksalarimiz bunday qilmasligimizni soʻrab,Ep togʻaning oyogʻiga yiqilib, yolvorardilar”.
Keksalar esa, yoshlarga eʼtiqodlariga amal qilib qurol ishlatishdan voz kechishni talab qilardilar.Yovmutlarning taʼqibu-tazyiqlari esa mennonitlarni ogʻir ahvolga solib qoʻygandi. Hatto, yigirmata oila Xiva xonligidagi panohdan voz kechib, Amerikaga ketishga tayyorgarlik koʻra boshlaydilar.
Ana shunday tahlikali kunlarning birida Qipchoq qishlogʻidagi toʻqayzorda ov qilgani kichik otryadi bilan kazak zobiti keladi.u menonitlarning xomushligi sababini bilgach, xivalik askarlarni bu yerga yuborishga vaʼda beradi.
Ov tugab kazak zobiti joʻnab ketgach menonitlar huzuriga Xivadan askarlar keladi.Askarlarga xonning vaziri Qosim devon boshchilik qilardi. Vazir menonitlar hayoti bilan tanisharkan, nemis ustalari yasagan hunarmandchilik buyumlarini koʻrib hayron qoladi. Yuksak did bilan ovroʻpacha yasalgan buyumlar vazirga xonning soʻzlarini eslatgandi. Negaki, Muhammad Rahimxon 2 Peterburgga borganida shunaqa buyumlarni saroyda koʻrib, parketli binoga ega boʻlishni istagan va poytaxtdan qaytgach bu voqeani vazirlariga hikoya qilib bergandi.
Xonning orzusi nemislar tufayli ushalishi, qolaversa shunday boʻlgan taqdirda oʻzi ham xon oldida yuksak mavqega koʻtarilishini bilgan Qosim Devon nemis ustalarini Xivaga yuboradi.
Lavzan kanali boʻyidan Xivagacha boʻlgan 150 chaqirim yoʻlni otda yurib charchagan ustalarni xonning oʻzi samimiy kutib oladi. Ustalar xonga oʻzlarining yasagan tikuv qutisini sovgʻa qilishadi. Yogʻochni yaxshilab ishlab, ustaga yumshoqqina paxta bilan polirovka yordamida sayqal berilgan bu quti xonga Peterburgni eslatadi. Xon bundan judayam xursnd boʻladi. Qosim Devondan nemislarning Qipchoq qishlogʻidagi yovmutlar hujumidan keyingi vayrona holga kelgan hayotini eshitib, ularni akasining Oqmachitdagi bogʻiga koʻchirmoqchi ekanligini aytadi. Yovmutlar hujumidan xotirjamligini yoʻqotgan nemis ustalari bu taklifga bajonidil rozi boʻlishadi.

OQMACHITDAGI HAYOT

Xiva shahridan 15 chaqirim janubi-oʻarqda joylashgan Oqmachit qishlogʻiga 1883 yilda Lavzan kanali boʻyidan nemislar koʻchib kelishdi. Koʻchish ikki hafta davom qildi. Katta gʻildirakli yuzlab aravalarda nemislarning jamiki yuklari, hatto yogʻoch va qamishlargacha olib kelinadi. Izvoshchilar Oqmachitlik dehqonlar edi. Ana shu tariqa 1880 yildan boshlab mennonitlarning Medemtal, Valdexim, Molotschna nomli guruhlari dastlab Toshkent,keyin Buxoro, undan soʻnggina Oqmachitga kelib oʻrnashishadi.Mennonitlarning yoʻlboshchilaridan Emil Rayson Feruzxon ( 1844-1910) bilan uchrashib oʻzlari uchun alohida qishloq ajratib berishni iltimos qiladi. Xiva xoni mennonitlarga faqat choʻchqa boqmaslik sharti bilangina Xivadan 12 km janubiy-sharqdagi Chiqirchi qishlogʻidan yer ajratib beradi.Natijada 1884 yil 16 aprel uni Klass Epp, Emil Rayson, Vilgelm Penner, Jakob Janatzen, Michel Klassen boshchiligidagi oqsoqollardan iborat 34 oila Chiqirchi qishlogʻiga kelib oʻrnashishadi.
Shu tariqa asrlar davomida islom diniga eʼtiqod qilib kelayotgan Xorazm Feruzxonning himmati,diniy bagʻrikengligi sababli mennonitlarga oʻz bagʻridan joy beradi.
Tadqiqotchi Jasur Jumaniyozovning izlanishlariga koʻra, “ mennonitlar oʻz maʼmuriy boshqaruviga ega boʻlganlar. Keyinchalik Oqmachitlik nemislar deya aytib kelingan xalqga Klass Epp boshchilik qilgan. Klass Ep (1838 yil 21 sentyabrda Prussiyaning Fursterverder shahrida tugʻilgan boʻlib, 1913 yil 19 yanvarda Oqmachitda vafot etgan) Oqmachitga asos solgan.U oʻzlarining diniy marosimlarini oʻtkazishlari uchun qishloqda cherkov qurdirgan.Cherkov juda baland, oq rangga boʻyalgan boʻlib, bir vaqtning oʻzida 25 mennonit oilasiga xizmat qilgan.Mahalliy aholi cherkovni Oqmachit deya atashgan va bu atama vaqt oʻtib mennonitlarning qishlogʻi nomiga aylangan. Bundan tashqari Klass E
pp boshchiligida Oqmachitda maktab, kasalxona, cherkov va boshqa maʼmuriy, turarjoylar ham barpo etilgan” (“Xorazm yoshlari” gazetasi, 2009 yil 19 iyun).
Shu tariqa nemislar Oqmachitga kelib oʻrnashib oldilar. Bu nemislarning Xorazmdagi soʻnggi yashash joylari edi. Negaki, nemislar endi xonning nazariga tushgan insonlar edi.
Asta-sekin xonning okasiga tegishli oʻrik va shaftolidan iborat bogʻida nemis uylari barpo boʻla boshladi. Tez orada ushbu bogʻning toʻrt tomonida ovroʻpacha uylar qad koʻtardi. Uning oʻrtasidagi katta maydonda esa cherkov, maktab va oʻqituvchilar xonasi quriladi.
Oʻn toʻrtta usta esa Xivadagi Nurillaboy saroyida parketli pol yasashni boshlab yuboradilar. Petro-Aleksandrovskdan keltirilgan pardoz loki va quruq yogʻoch yordamida Nurillaboydagi ishlar besh oyda tugallanadi. Nemislar faqat Nurillaboydagina emas, balki Xivadagi koʻplab ovroʻpacha uylarning derazalari, pechka va peshtoqlarini, 1908-1912 yillarda barpo qilingan pochta, telegraf, kasalxona va boshqa inshooatlarni qurishda ham ishtirok qildilar. Mennonitlar haqida 20 asr boshlaridagi Xorazmga oid adabiyotlarda koʻplab maʼlumotlar mavjud. V.Girshfeld, M.N.Galkinlarning yozishiga koʻra, “nemislar Saratov guberniyasida yashagan boʻlib, ular 36 xonadondan iborat 142 kishini tashkil qilishgan” (“Voyenno-statisticheskoye opisaniye Xivinskogo oazisa”, T, 1912 g ).N.S.Likoshin esa “ nemislar 24 hovlidan iborat, uychalari tigʻiz qurilgan boʻlib, kichik tor koʻchalarda joylashgan. Bu aholining turmushi tashqaridan qaraganda, koʻproq allaqanday kichkina nemis shaharchasi chekkasini eslatardi” ( “ O sovremennom sostoyanii Xorezmskogo xanstva” .SGA RUz, f 2, op 1,d314, l 48) deya taʼriflagan oʻz asarida.
V.Girshfeʼld va M.Galkinlarning maʼlumotiga koʻra, “ nemislar duradgorlik hunari bilan mashgʻul boʻlib, Xiva va Petro-Aleksandrovskni oʻz xizmat va mahsulotlari bilan taʼminlaganlar.Ularda temirchilik ustaxonalari va moʻri tozalash ishlari rivoj topgan”.N.Likoshin boʻlsa , nemis usta hunarmandlarining ishlarini qimmatroq deya oʻz fikrini bildirib oʻtgan.
Chor Rusiyasining general-mayori M.N.Galkinning “Voyenno-staticheskoye opisaniye Xivinskogo oazisa” kitobida yozilishicha, “ Oqmachitlik nemislar vohada dehqonchilik bilan birga temirchilik, duradgorlik, slesarlik, boʻyoqchilik ishlari bilan shugʻullanadilar. AQSH va Germaniyadan keltirilgan paxta tozalash zavodi dastgohlari va jinlarni yurgizish hamda remont qilish ham ularning zimmasida edi” ( T, 1903 yil).
Jumladan, 1889 yilning dekabrida asos solingan Yangi Urganch paxta-yogʻ zavodi ham nemislar nomi bilan bogʻliqdir. 1910 yilga kelib uni aka-uka Kraftlar oʻz qaramogʻiga olishgan. Oqmachitdagi nemislardan tashkil topgan remontchi-slesarlar, ustalar guruhi esa Gurlan, Yangi Urganch, Xivadagi paxta tozalash zavodlarini taʼmirlab turganlar.
Nemis ayollari esa xon qarindoshlarinikida roʻzgʻor yumushlarini bajarishga yordamlashgan. Qizil tusdagi zotdor sigirlarni sogʻish va qayta ishlab, yogʻ, qaymoq, pishloqqa aylantirish ham nemis ayollarining zimmasida boʻlgan. Sutni qaymoq va yogʻga ajratadigan separatorni ham ilk bor Xorazmda nemis ayollari ishlatishgan. Oʻzlarini toʻliq sut mahsulotlari bilan taʼminlagan nemislar ehtiyojdan ortigʻini mahalliy xalqqa sotganlar.
Dehqonchilikka ixlos qoʻygan bir guruh nemislar esa qishloqdagi qoʻriq yerlarni oʻzlashtirish bilan shugʻullangan.Kartoshka, karam, pomidor, lavlagi, baqlajon, bodring kabi ekinlardan yuqori hosil olishgan. Kartoshka, pomidor va baqlajon ekishni esa xorazmliklar nemislardan oʻrganishgan.
Qishloqdagi bogʻlar esa olma, anor, behi, oʻrik kabi mevali, chekkaroqda boʻlsa terak, tol, gujum, eman kabi manzarali daraxtlar bilan yanada chiroy ochgan.Nemislar qurilish ashyolari sifatida ana shu eman, gujum, terak va tollarni ishlatishgan. Derazali, baland romli eshiklar qurilgan uylar Xorazm uchun butunlay yangilik edi. Mennonitlar Xorazmga qurilish sanoatining birinchi elementlarini, qoʻlda harakatlanadigan stanoklar, stolyarlik ishlarini olib kelgan edilar. 
Ular shuningdek, chorvachilik va dehqonchilik, hunarmandchilik, bogʻdorchilik bilan mashgʻul boʻlibgina qolmay bolalarini oʻzlari tashkil etgan nemis maktablarida oʻqitishgan.Maktab tagida yertoʻla boʻlgan.Yertoʻlada esa qishga oʻtin, yoqilgʻi saqlab qoʻyilgan.Partalar boʻlsa yogʻochdan ishlangan boʻlib, har biri 6 nafar oʻquvchi uchun moʻljallangan.Shuningdek, maktabda kutubxona ham mavjud boʻlgan.
Kutubxonada ilmu-fan bilan shugʻullanishlari uchun shart-sharoit yetarli boʻlgan. Hatto, Xorazmga ilk bor fotografiyaning kirib kelishi ham oqmachitlik nemislar bilan bogʻliq.Oʻzbek fotografiyasi va kinosining otasi hisoblanmish Xudoybergan Devonov (1879-1938) ham Oqmachitlik Vilgelm Pennerga shogird tushgan holda faoliyatini boshlagan. Xiva xoni Muhammad Rahimxon II (Feruz) ularning cherkovida faoliyat koʻrsatgan xorga yuqori baho bergan va tinglagan. 
Ana shu faktlarning oʻziyoq Oqmachitlik nemislarning Xorazm taraqqiyotida sezilarli va oʻziga xos oʻringa ega boʻlganini koʻrsatadi. Dastlab koʻchib kelgan yili—1883 yilda 40 oiladan iborat mennonit nemislari Oqmachit qishlogʻini 20 asr boshlarida Ovroʻpacha shaharga aylantiradilar.
OʻZMARDAV arxivdagi “Xiva tobeʼining kulli axborotining roʻyxati” nomli hujjatda (125 raqamli) orqali biz 1910 yilda Oqmachitdagi nemislar soni qancha ekanini bilib olamiz. 1910 yil 16 dekabrda tuzib boʻlingan ushbu hujjatda 137 nafar nemis millatiga mansub fuqaro yashagani qayd etilgan.
Oradan yillar oʻtib, bu raqam 1930 yillarda ancha ortdi.Ungacha esa butun dunyodagi singari Chor Rusiyasining mustamlakasi boʻlgan Xiva xonligida ham qator oʻzgarishlar roʻy berdi. Nemislar 1916 yildagi xalq qoʻzgʻoloni, 1917 yildagi siyosiy jarayonlarda ham ishtirok etmadilar. Shuningdek, 1920 yildan 1924 yilgacha faoliyat koʻrsatgan XXR davrida ham Oqmachitda sokin hayot kechirdilar. 1934 yil 14 aprel kuni Oqmachitdagi mennonitlar roʻyxati tuziladi. Roʻyxatga koʻra, 82 oilada 196 kishi istiqomat qilgan. 
Mennonitlar Xorazmdagi yarim asrlik yashash davrida Oqmachitda apteka, kasalxona ham barpo qilishgan. Aptekadagi dori-darmonlar Rossiya va Yevropadan keltirib turilgan. Kasalxonada ham vrach va hamshira sifatida mennonit nemislari faoliyat koʻrsatishgan. 
Mennonit nemislarining Oqmachitdagi 1937 yilgacha boʻlgan hayotini biz asosan ularni koʻrgan kishilarning fikrlaridan bilib olishimiz mumkin.
1937 yili Xorazmga kelgan jurnalist Abul Bozorovning safarnomasi orqali Oqmachitdagi nemislarning 20 asr boshlaridan to 1937 yilgacha boʻlgan faoliyatini kuzatamiz. Raykom vakili kuzatuida Oqmachitda boʻlgan Abul Bozorov nemislarning hayotini shunday tasvirlaydi: “ Binolarning peshtoqlarida ularning qurilgan sanalari yirik harf va raqamlar bilan oʻyma usulda yozib qoʻyilgan.Binolarga bejirim zinapoyalardan koʻtarilib kirasiz.Kiraverishda 8-10 qadam uzunlikda keng yoʻlak, chap tomonida romlik oynalar, oʻng tomonida silliq devor yaltirab turadi. Bunda ust bosh va oyoq kiyimlar qoʻyiladigan oʻrinlar bor. Ichkarida keng zal, unga atrofdagi boʻlma derazalardan ham, shiftda uchburchak shaklida koʻtarilib ishlangan tepa derazadan ham yorugʻliq kiradi. Uy sahniga taxta toʻshalgan boʻlib, uning ostida bir necha boʻlmalardan iborat tagxona mavjud.Bu salqin boʻlmalar ombor vazifasini bajararkan.Xonalarda shkaf, garderob va divanlarning oʻrni koʻrinib turibdi, baʼzilarida qishlik kiyimlar, oila aʼzolarining suratlari ham qolgan.Koʻpchilik uylardagi devor, pollari har yer-har yeridan koʻchirib olingan. Aytishlaricha bu yerdan tilla-javohirlar izlashgan.Shaharchada kasalxona, maktab, kutubxona, bolalar oʻynaydigan maydonchalar, teatr sahnasi, raqs maydoni, doʻkonlar mavjud.Hamma-hammasi reja bilan qurilgan.Har oila koʻpdan-koʻp yozuv-chizuv qurollari va xonaki kutubxonasiga ega boʻlgan.Shahar chekkasida esa turli ustaxonalar, moʻjaz korxonalar, shuningdek vino zavodi ham boʻlgan, deyishadi.Shahar qoʻrgʻonlar bilan oʻralgan boʻlib, chekka tarafdagi darvozalarni qurolli soqchilar qoʻriqlashgan.
Qoʻrgʻon tashqarisidagi bogʻlarda olma, anor, behi, oʻrik, yongʻoq, tut, jiyda kabi mevali, chekka taraflarda esa terak, qayragʻoch, manzarali eman daraxtlari oʻsib turgan.Qurilishlar va mebel yasashga faqat oʻzlari oʻstirgan yogʻochlarni ishlatishgan.Mebellari oʻta sifatli.Rostini aytganda, nemislar shaharchasidan musodara qilingan shkaf, stol, stul, divan va boshqa jihozlarni okrugning boshqa joylarida ham koʻrish mumkin.
Shaharchada haftada bir kun bozor boʻlgan.Unga faqat oʻsha kuni chetdan sanoqli kishilar kiritilgan.Goʻsht, yogʻ, gʻalla, asal, meva va boshqa mahsulotlar, yirik mayda mollar juda arzon narxda sotilgan.Keyinchalik mahalliy amaldorlar va fuqarolarning iltimosi bilan nemislar Xiva bozoriga ham qatnay boshlashgan.Ular keltirgan sifatli va zotdor mollar esa bir zumda xarid qilingan. Nemislar tayyorlagan vinolar Samarqand, Toshkent zavodlarining mahsulotlari bilan raqobatlashgan.Yertoʻlalarda 30-40 yillik sharoblar saqlangan.Nemislar chorva naslini yaxshilab, moʻl va arzon mahsulotlar yetishtirganlar, parrandachilik, aslarichilik bobida ham ularga raqobatchi topilmagan.
…. Koʻl boʻyidagi chorbogʻdan chiqib, ferma tomon ketayapmiz.Ustiga beda, pichan gʻaramlari bosilgan katta ayvon roʻparasidan chiqdik.Bu yozgi molxona.Osti keng yertoʻlada esa qish paytlari mol boqilar ekan.Ikki tabaqalik katta eshikdan yertoʻlaga kiramiz. Roʻparamizda uzunligi 120-150 metr keladigan ulkan ogʻilxona paydo boʻldi.Ichida toʻrt qatorlik oxurlar oʻrnatilgan.Kiraverishdagi chap tomonda derazalar yonida idoralardagidek rosmana stol, stul, devor tarafda esa ajoyib divan turibdi.Stol ustida jurnal, hujjatlar, hisobchoʻt.Divanda boshlariga qora silindr, ustiga frak va oyogʻiga laklangan qora tufli kiygan ikki nemis oʻtiribdi.
Bulardan biri Ollabergan Davlatyorov boʻlib, oʻzbekchani mutlaqo bilmas, nemischa soʻzlar, rus tilida kamdan kam gapiradi.Ikkinchisi Rayim Rahmonboyev esa oʻzbek, nemis, rus tillarida yaxshi soʻzlay olardi.Rahmonboyevning aytishicha, uni yoshligida otasi nochorlikdan xizmatkor qilib bergan.Ollaberganni esa kimdir chaqaloqligida qoʻrgʻon ichida qoldirib ketgan.
Bolani nemislar oʻz boshliqlariga tobshirganlar.Qoʻrgʻon oqsoqoli har ikkala bolani oʻqitib, hunar oʻrgatib, katta qilgan va ishlatgan, uylantirib, uyli-joyli qilgan”.
Buxorolik Abul Bozorov mennonit nemislar Xorazmdan koʻchirib keltirilgandan soʻng Oqmachitga kelgandi.
Mennonitlarning Oqmachitdan koʻchirilishi haqida esa Xivalik keksa muallim Qozoq Hoji oʻgʻli shunday hikoya qiladi:
—“Men ular yashagan shaharchani, qaʼlani koʻrib hayron qolganman.Ular tashqarida hech kim bilan aloqa qilmay, bordi-keldisi boʻlmay, hech kimdan moddiy yordam soʻramay bu shaharni qanday bunyod qilishgan.
… Bir kuni shu yerlik kishilardan biri nemislarning boshligʻi Otaboy(Otto) oqsoqol yashagan uyni koʻrsatib: “Bu yer qabulxona boʻlgan. Otto nemisni hurmat qilib, unga oʻzbekcha Otaboy deya ism qoʻygandik. Otaboy nemis hamyurtlari joʻnashining oxirgi kunigacha turib, imoratlar, jihozlar, mol-mulklarni hukumat komissiyasiga tobshirib ketgan” dedi.Koʻchirilishiga kelsak, 1937 yilda Xiva tumanidagi Pishkanik qishlogʻida yangi ochilgan shoʻro maktabining beshinchi sinfida oʻqir edim. Maktabimiz oldidan katta Oqmachit-Xiva yoʻli oʻtardi.Shu yili Oqmachit nemislarini boshqa joyga koʻchirisharmish, degan gap tarqaldi.Haqiqatan ham shunday boʻldi.Bir kuni nemislarning ot-aravasi, mol-mulkini jamoa xoʻjaligiga tobshirib, oʻzlarini piyoda, mirshablar qurshovida saf qilib Xiva qaʼlasi tomon olib oʻtishdi.Ularni koʻrish uchun yoʻl boʻyiga chiqqanimizda mirshablar bizni quvib yuborishdi. 
Yanglishmasam, 1958-60 yillar boʻlsa kerak.oqmachitdagi qarindoshimiz, oʻqituvchi Samandar aka Qalandarovning uyida toʻy boʻlayotganda ikki notanish erkak va bir ayol tashrif buyurdi.Ular bizga notanish tilda gapirishdi.Keyin bilsak, ular Oqmachitdagi nemislarning farzandlari ekan.Ular shunday deyishdi: “ Ota-onamiz qarib qolishdi.Bizdan oʻzbek birodarlardan, Oqmachitdan xabar oling” deb yuborishdi.
Maʼlum boʻlishicha, nemislar Oqmachitda yashaganida, ulardan biri shu yerlik Egam otadan qarz olgan ekan. Haligi kelganlardan biri, qarz olganlardan birining farzandi boʻlib, qarzni olib kelgan ekan”.
Ha, nemislar haqida ulardan shunday yorqin xotiralar qolgan.Ayniqsa, nemislarning Xorazm shevasida bemalol soʻzlasha olganliklari, taklif qilingan barcha toʻy-maʼrakalarda qatnashganliklari, ijtimoiy munosabatlarda qarz berish-olish umumqoidalariga qaʼtiy amal qilganliklari, uyushqoq va iqtidorli boʻlgan nemislarning har narsani oʻz mavridi, muddatida puxta bajarishga odatlanishgani, Qoraqum etaklarida qisqa bir fursat ichida ovroʻpacha tipdagi shaharchaga asos solganliklari ham hanuz eslanadi.Shuningdek, aynan nemislar tufayli vohaliklar kartoshka, karam, lavlagi, bodring, pomidor, baqlajon kabi tansiq ekinlar parvarishini oʻrganishgan.
Mennonit nemislarining Oqmachitdan koʻchirilishiga sabab, tuzilayotgan kolxozlarga kirishni, bolalarini shoʻro maktabiga berishni hohlamay, yakka dehqon boʻlib ishlab, bolalarini oʻzlarining maktablarida oʻqitishgani edi.
Xorazmdan majburiy koʻchirilgan mennonit nemislari Tojikistonda qurilayotgan Vaxsh suv ombori qurilishiga yuboriladi.Keyinchalik ular Rossiyaga, u yerdan esa Kanada, Germaniya va AQSHga koʻchib ketishadi.

XЕRMAN YANTSЕNNING NOYOB ASARI

Tarixni oʻrganishda arxeologik va etnografik maʼlumotlar va arxiv manbalari qanchalik muhim rol oʻynasa, mavzuga tegishli boʻlgan davrda yashagan muallifning yozib qoldirgan asari ham shunchalik ahamiyatga ega. Albatta har qanday manba, tanqidiy qarash va boshqa manbalar bilan taqqoslash natijasidagina haqqoniy xulosa chiqarishga undaydi.
1988 yilda Shveysariyaning “ brunnen” nashriyotida nemis tilida nashr qilingan Xerman Yantsenning “Xavf-xatarli Turkistonda: musulmonlar orasidagi hayot” nomli kitobi ham ana shunday muhim ahamiyatga ega boʻlgan manbalardan.Ushbu asar nafaqat nemislar uchun, balki Turkiston xalqlari uchun ham tarixni haqqoniy oʻrganishda alohida xizmatlar qiladi. Negaki, asar muallifi ovroʻpalik boʻlgani uchun ham, sharq xalqlari hayotini oʻz nigohi bilan kuzatadi. Qolaversa, asar muallifning koʻrgan kechirgan mashaqqatli hayotining solnomasi hamdir.
Muallif mennonit nemislarning Rossiyaga koʻchib kelganidan keyin—1866 yilning 22 mayida Samara guberniyasining Xensau qishlogʻida tugʻiladi. Uning otasi Yantsen millatdoshlari orasida katta mavqega ega boʻlgan. 180 gektar yeri, shaxsiy tegirmoni boʻlib, uyida 3 nafar rus xizmatkori yashab, ular Yantsenlar oilasiga rus tilini oʻrgatishgan.
Xerman ham ana shu xizmatkorlar yordamida rus tilini oʻrganadi. Xiva xonligiga kelgach esa, Xorazm shevasini ham oʻrganib, Qurʼoni Karimni mutoaala qila boshlaydi. Bu paytda u 17 yoshda edi.Yosh boʻlishiga qaramay xon saroyida tarjimonlik qiladi.
Mahalliy aholi oʻrtasida Yamin ogʻa nomi bilan mashhur Xerman 1890 yil xotini va ikki farzandi bilan Avliyoota(hozirgi Jambul) ga koʻchib ketadi. Oradan 28 yil oʻtib u Oqmachitdagi birodarlarini koʻrish uchun Xorazmga qaytib keladi. Xivaning yangi xoni, Xermanning eski oshnasi Said Abdullaxon uni samimiy kutib oladi va oʻz rasmiga dastxat yozib sovgʻa qiladi.
Chor Rusiyasining hududlarida hokimiyatni egallagan bolsheviklar uning faoliyatini taʼqiqlab 3 marotaba oʻlimga hukm qilishadi. U oʻz asarining “Bolsheviklar orasida” qismida ana shu tahlikali damlarni qalamga oladi.
1923 yilga kelib esa taʼqibu tazyiqlar natijasida farzandlari va qarindoshlarini Turkistonda qoldirib, xotini bilan Germaniyaga qochishga majbur boʻladi.
Uning keyinchalik yozgan yuqoridagi asari ana shu tahlikali va xavf-xatarli Turkistonda kechirgan damlarini eslab yozilgan.
Muallif asarida Turkistondagi,Xiva xonligidagi koʻrgan –bilganlari, xalqning yashash tarzi va ularning nemislarga boʻlgan munosabatini haqqoniy yoritishga urinadi.Ayniqsa, X.Yantsenning asaridan Xiva xonligidagi tabiat tasvirlari, iqtisodiy vaziyat haqidagi lavhalari alohida xususiyatga ega.
Muallifning asarning “ yovmutlar orasida” deya nomlangan 4-bobida, Petro-Aleksandrovskdan Lavzan kanali boʻyiga Amudaryo orqali suzganlaridagi voqeani tasvirlarkan, bizga bugun muhim boʻlgan xonlikning hayvonot olami haqida shunday yozadi: “Kech kirib qolganida, sohilning biror qulayroq yerida toʻxtardik, chunki har ikkala tomonimiz shogʻol, tulki va yoldor boʻrilar oʻlja qidirib yuradigan tim qorongʻi toʻqay bilan qoplangandi. Hohlaganlar qayiq sahnida, qolganlar esa sohilda uxlardilar.Albatta, bunday paytda hayvonlarni qoʻrqitish uchun, katta olov yoqib qoʻyardik. Shunday boʻlsa-da, ular uvillashib, chiyillashib hech kimni tuzukkina uxlagani qoʻyishmasdi”.
Yana shu boʻlimning Lavzonga oʻrnashib olganlaridan keyingi voqea tafsiloti hikoya qilinayotib shunday yoziladi: “ Qish biz uchun osoyishta oʻtdi. Faqatgina kechalari ahyon-ahyonda yovvoyi hayvonlarning uvillab turishi tinchligimizni buzardi. Har kuni atrofimizdan yoʻlbarsning ovozi eshitilib turardi. Keyinchalik u shunday qoʻrs boʻlib ketdiki, sahar paytlarida koʻcha boʻylab qishloqning yarmigacha kirib boradigan boʻldi. Biroq u bizga ham, otlarimizga ham biror marta hujum qilgani yoʻq.. Ehtimol, “hayvonlar shohi” hamisha toʻq yurgan boʻlsalar kerak, chunki oʻrmonda yovvoyi hayvonlar yetarli edi-da”.
Demak, ana shu maʼlumotlardan bilsa boʻladiki, Xorazmda ilgari toʻqaylarda turli hayvonlar mavjud boʻlgan.
Shuningdek, Herman Yantsen asarida yovmutlarning qilgan hujumlarini yozarkan, “ bizning qurolsiz ekanligimizni ular juda yaxshi bilardilar”, deydi.Negaki, ularning yonlarida bemalol bugʻu, yovvoyi toʻngʻiz, sirtlon, shogʻol kabi hayvonlar izgʻib yursalarda, birorta nemis ularga oʻq uzmasdi. Qolaversa, ularda qurolning oʻzi yoʻq edi.
Yovmutlarning hujumidan mudoffa uchun qoʻlbola yasalgan nayza ham keksa mennonitlarning talabi bilan yoʻqqa chiqariladi. Keksa Yantsen yoshlarga shunday deydi: “Johillikka-johillik bilan javob berishdan uyalmaysizlarmi? Oʻz eʼtiqodimizga sodiq qolib, qoʻlimizga qurol olmaslik uchun, xalqimiz mamlakatma-mamlakat sarson-sargardon boʻlib yuribdi. Shuncha azob-uqubatlarga chidab kelayapmizku.Bir zumdayoq ota-bobolarimizning eʼtiqodini yoʻqqa chiqarmoqchimisizlar?”
Ha, eʼtiqod tufayli mennonit nemislari vatandan voz kechganlaricha, barqaror va osoyishtalik hukm surgan hududlardan panoh qidirishadi. Aksiga olib, Rusiyada ham, Turkistonda ham xavf-xatar hukmronlik qilgan 19 asrning oxiri, 20 asrning boshlari edi bu paytlar. Gʻala-gʻovurga toʻliq bu davrdagi mennonit nemislarning mashaqqatli hayotlari keyinchalik X.Yansen tomonidan qalamga olindi.
Uning boy faktik materiallarga toʻla asari biz turkistonliklar uchun qadrli manbadir. 
1883 yildan 1937 yilgacha boʻlgan 54 yil tarix uchun qisqa davrdir. Biroq ana shu qisqa fursat ichida nemislar Xorazm tarixidan oʻzlariga xos va mos joy egallashdi. Ularning yarim asrlik davrda kechirgan hayotlari davomida mahalliy xalq bilan boʻlgan munosabatlari ijobiy boʻlgani quvonarlidir.
Ayniqsa, nemislarning dehqonchilik va chorvachilik sohalarida, xorazmliklar bilan qilgan aloqalari natijasida, Xorazm qishloq xoʻjaligida yangi taraqqiyot davri boshlandi.Oqmachitdagi ovroʻpa tipidagi nemis shaharchasi esa Xorazm savdo va sanoat markazi boʻlib 1937 yilgacha ravnaq topdi. Agar mennonitlar 1937 yildan keyin ham Xorazmda yashab qolganlarida qadimiy Xorazmning taraqqiyot andozasi nemislarning harakati bilan uygʻunlashib ketgan va yangi taraqqiyot davri boshlangan boʻlardi.
Afsus…afsus bunday boʻlmadi.Shoʻro mustamlakachiligi mennonitlarni surgun qildi. Biroq Xorazmliklar nemislarning Xivada barpo qilgan inshoaatlarini, Oqmachitdagi bogʻi, ularning chorva va polizchilikdagi ish uslubini taraqqiy qildirdilar. Eng asosiysi, xorazmliklar nemislarning samimiyatini koʻngillarida asrab qoldilar. 
Hozirgi kunda Yangiariq tumanining Chiqirchi qishlogʻidagi Ollanazar Sariyev, Ogʻaboy Saidov, Abdrim Qodirov, Umidbek Saliyev, Komiljon Murodovlar xonadonida 1885-1935 yillarda Oqmachitlik nemislar tomonidan ishlatilgan sandiq,lampa, langar, parta, ustun,darvoza, tuncha, Zinger tikuv mashinasi, dazmol, savat kabi uy-roʻzgʻor buyumlari gʻoyatda eʼzozlanib saqlab kelinmoqda.

NЕMISLARNING ROʻYXATI

1934 yilning 18 aprel kuni IIXKning Xorazm okrug boʻlimi boshligʻi Poreskiy, hamda tezkor vakil Tarasov tomonidan oʻsha vaqtda Xiva tumani Oqmachit qishlogʻida yashovchi nemislar roʻyxatga olinadi. Roʻyxatdagi maʼlumot oʻsha davr mafkuraviy siyosati asosida nemislar qay tarzda roʻzgʻor tebratayotgani, yollanma ishchi,dehqon mehnatidan foydalanayotganiga asosiy eʼtibor qaratilgan. Aniqlanishicha 52 xonadondagi nemislar ixtiyorida 43 ot, 112 sigir, 56 buzoq, 42 hoʻkiz va 5 eshak mavjud boʻlgan. Roʻyxatga koʻra Oqmachit qishlogʻida quyidagi oilalar yashab istiqomat qilishgan:
Teyfs Ivan Ottovich-oilasida mehnatga yaroqli 4 kishi istiqomat qilgan.Oʻzi 27, xotini Anna 20 yoshda boʻlgan. Shuningdek, ular bilan birgalikda 50 yashar otasi Ivan Funk va uning rafiqasi ham bir xonadonda yashashardi. Oilada 1 sigir va bir buzoq, 1 eshak va bir ot va uning 2 ta toychogʻi mavjud boʻlgan. Xonadon koʻp yillar davomida separatordan foydalanib kelgan.I.O.Teyfs xonadoniga qarashli 1,85 tanob yer boʻlgan. I.O.Teyfsning kasbi oʻqituvchi boʻlib, yeriga oʻgʻli Fridrix Test tomonidan ishlov berilgan. 
Dik Ivan Pyotrovich-oilasida mehnatga yaroqli 2 kishi mavjud boʻlgan.Xotini Mariya 26 yoshda edi. Oilada 1 sigir va buzoq boʻlib, ular ham separatordan foydalanishgan. I.P.Dikning kasbi hunarmand boʻlgan.
Pauls German Fransev-oilasida 2 ta mehnatga yaroqli kishi istiqmat qilgan. Shuningdek ushbu xonadonda 1 sigir va buzoq, 1 eshak mavjud boʻlgan.Separatordan ham foydalanilgan. Pauls xonadoniga qarashli 5,05 tanob yer boʻlgan. Mavsumiy ish qizgʻin paytlari dehqon yollatib ishlatgan. Roʻyxat tuzilgan paytda pauls xonadoniga qarashli yerda Chiqirchi qishlogʻilik Mulla Bergan kuniga 2 rubl pul evaziga ishlayotgandi. U har oyda oʻrtacha 20-25 kun ishlagan.Paulsning kelib chiqishi dehqon boʻlgan.
Payls Pyotr Asrlonovich-xonadonida 52 yashar xotini Mariya va toʻrtta qizi (32 yashar Luiza, 25 yoshli Zara, 21 yosh Anna, 17 yoshli Klyona,) va ikkita oʻgʻillari ( 20 yashar Frans, 16 yashar Gerard) istiqomat qilishardi. Xonadonda 1 ot, 2 sigir va bir buzoq, ikkita hoʻkiz ham boqilgan.Ushbu xonadon ham separatordan foydalangan.Payls xonadoniga toʻrt tanob yer qarashli boʻlib ijarachi va yollanma ishchi ishlatishmagan.
31 yashar Teyfs Otto Ottovich-xonadonida 28 yoshli xotini Yekaterina ikkalasi istiqomat qilishgan. Xonadonda 1 ot, 2 buqa, va ikkita sigir boqilgan. Ular ham separatordan foydalanishgan. O.O.Teyfs xonadonida 3 tanob yer mavjud boʻlib, mavsumiy ishlar koʻpaygan paytda bir oʻzbek dehqonidan yollanma ishchi sifatida foydalanilgan. 
Kviring Yakov Yakovlevich-oilasida 3 nafar mehnatga yaroqli kishi istiqomat qilgan. Ya.Ya.Kviring 44 yoshda boʻlib, xotini 48 yashar boʻlgan.Ularning xonadonida 21 yoshli ukasi Berger ham yashagan. Kviring oilasida 1 sigir va buzoq, 1,8 tanob yer mavjud boʻlgan. Ularning yeridan Rengold Pauls ijaraga dehqonchilik qilib foydalangan. Ish haqi uchun 80 kg bugʻdoy olgan. Ya.Ya.Kviring hunarmand usta boʻlib eshik,deraza yashash bilan mashgʻul boʻlgan.
50 yashar Pauls Korneliya Germanovna oilasida ikkita oʻgʻli (Boris va Artur) bilan yashagan.Ular ixtiyorida 2 sigir va 2 tanob yer mavjud boʻlgan.Gerard Dik tomonidan Pauls yeri ijaraga olib dehqonchilik qilingan.
32 yashar Lep Ivan Gerardovich oilasida 24 yoshli xotini bilan yashagan.Ular xonadonida 1 ot va toychoq, sigir va buzoqcha boqilgan.5 tanob yerida doimiy ravishda nemis millatiga mansub dehqon va mavsumiy ishlar koʻpaygan vaqtda bir oʻzbek ham yollanib ishlashgan.
50 yashar Berkman Ivan Petrovich xonadonida oʻzining tengdosh xotini Anna ikkalasi istiqomat qilishgan.I.P.Berkman hunarmand boʻlib,Oqmachit qishlogʻiga Rossiyaning Povolje hududidan koʻchib kelgan. U xonlik paytida 54 desyatina yerida 7 kishi mehnatidan yollanma ishchi sifatida foydalanib kelgan. 1934 yilga kelib bironta ham ishchisi boʻlmay yeriga oʻzi ekin ekardi. 
35 yashar Yantsen Gergard Gerg xonadonida 33 yoshli xotini Anna, 20 yashar ukasi Gergard istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot va 2 sigir va buzoqchalar mavjud boʻlgan. G.G. Yantsen 6 tanob yerida Pauls Mariya dehqonchilik qilib kelgan va hosilni teng sheriklikda boʻlishishgan.
29 yashar Bol Frans Davidovich xonadonida 25 yosh xotini Mariyam ikkalasi istiqomat qilishgan. F.D.Bol 1931 yilda Oqmachitga Rossiyaning Povolje hududidan koʻchib kelgandi.
Pauls Mariya Genrix yakka yolgʻiz yashab 0,25 tanob yerida Geog Yansen ishlagan va hosilni teng sherikchilikka boʻlishganlar.
40 yashar Pauls Abson Abson xonadonida 44 yoshli xotini Avanna va 13 yashar oʻgʻli Pyotr istiqomat qilishgan.Xonadonda bir ot, 2 sigir va 2 hoʻkiz ,bir buzoq boqilgan. A.A.Pauls ning 6 tanob yerida doimiy ravishda nemis millatiga mansub kishi yollanib ishlagan. 
33 yashar Vins Pyotr Abran xonadonida 29 yoshli xotini Margarita bilan ikkalasi yashashgan. Oqmachitga Rossiyaning Lyuban hududidan koʻchib kelishgan. Yer egaligiga ega boʻlmagan.
29 yashar Lep Aleko Gergardovich xonadonida 28 yoshli xotini Zara bilan ikkalasi istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida tanob yer, 3 ot, 2 sigir va 2 ta hoʻkiz va uchta buzoq boʻlgan. Separatordan foydalanishgan. A.G.Lep oilasi yerida bir nemis dehqoni doimiy ravishda va bir oʻzbek dehqoni mavsum qizgʻin paytlarda ishlashgan.
35 yoshli Lep Aron Gerg xotini Yelena bilan tengdosh boʻlib, ikkalasi istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida 6 tanob yer, 2 sigir, 2 hoʻkiz va buzoq mavjud boʻlgan. A.G.Lep yerida doimiy ravishda bir nemis dehqoni yollanib ishlagan.
30 yashar Vins Andrey Korn xonadonida 22 yashar Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Ular 1932 yilda Rossiyaning Lyubani hududidan koʻchib kelishgan. Xonadon ixtiyorida 3 sigir mavjud boʻlgan. 
26 yashar Penner David Korneyev xonadonida 25 yoshli xotini Yelizaveta bilan ikkalasi istiqomat qilishgan.Ular 1932 yili Avliyootadan (Hozirda Qozogʻistonning Olmaota shahri)koʻchib kelishgan Oqmachitda yeri boʻlmaganligi sababli V.G.Lep yeridan ijaraga olib foydalanishgan.
78 yashar Rezen Emil Yakovlen va uning 60 yoshli rafiqasi ham nogiron boʻlib, ular xonadonida 0,55 tanob yer mavjud boʻlgan. Nogiron er-xotin yeriga Gamun degan nemis ekin ekib hosilni teng sherikchilikka boʻlishishgan.
55 yashar Klassen Gergard Gerg xonadonida xotini va 19 yoshli oʻgʻli Gergardlar istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida sigir va separator mavjud boʻlgan. Ular 1930 yilda Oqmachitga Saratovdan koʻchib kelishgan.G.G.Klassen hunarmandchilik qilib roʻzgʻorini boqqan.
Yanson Dmitriy Pyotrovich Oqmachitga 1929 yili Rossiyaning Povolje hududidan koʻchib kelishgan.Oqmachit qishlogʻida yeri mavjud boʻlmagan. D.P.Yanson qishloq xoʻjalik buyumlarini taʼmirlab kun kechirgan.
24 yoshli Rezen Eyman German 22 yashar xotini bilan ikkalasi yashashgan.Bir sigiri mavjud boʻlgan. E.G. Rezen hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
34 yoshli Yansen Pyotr Dmitriyevich 25 yashar xotini Yelizaveta bilan ikkalasi yashashgan. 1931 yilda Rossiyaning Povolje hududidan koʻchib kelishgan.
25 yoshli Gam Bergard Yakov va 20 yashar xotini Anna ikkalasi istiqmat qilishgan. Xonadonda ikkita sigir va 2 buzoq, 5 tanob yer mavjud boʻlgan.
57 yashar Gam Yakov Mixaylov oilasida 56 yoshli xotini Ustina va oʻgʻillari ( 22 yashar Gustav, 20 yosh Mixail)lar istiqomat qilishgan. Oila hunarmandchilik bilan mashgʻul boʻlgan.
26 yashar Kviring Luiza Fransevna xonadonida 2 buzoq mavjud boʻlgan.
37 yashar Gam Nikolay Mixaylovich xonadonida 29 yashar xotini Yelena va oʻgʻil, qizi bilan yashashgan. Oila ixtiyorida 2 sigir va buzoq mavjud boʻlgan.N.M.Gam hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
60 yashar Makler Yakov xonadonida 63 yoshli xotini Yekaterina va 16 yashar qizi Yelizaveta bilan istiqomat qilishgan.Oila 1932 yilda Avliyootadan Oqmachitga koʻchib kelishgandi.Ya.Makler temirchilik bilan shugʻullangan.
51 yoshli Vall Korney Izotov xonadonida 51 yashar xotini Yekaterina va 18 yosh qizi Yelizaveta bilan birgalikda yashashgan.Ular oilasi ham Avliyootadan 1932 yilda koʻchib kelishgandi.
43 yashar Pauls Skornoy Akbo oilasida 33 yoshli xotini bilan Vilda ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 3 tanob yer, bir ot va 3 ta buzoq mavjud boʻlgan.
56 yoshli Pauls David 55 yashar xotini Anna, hamda 25 yoshli qizi Yelenalar istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida 4 tanob yer,2 sigir va 2 hoʻkiz mavjud boʻlgan.
28 yoshli Gam Georgiy oilasida 24 yashar xotini Lga ikkalasi istiqomat qilishgan.Xonadon ixtiyorida bir ot, 2 sigir, 2 buzoq, bir hoʻkiz va 4 tanob yer mavjud boʻlgan.G.Gam oilasi mavsum qizgʻin paytlari dehqonlarni yollatib ishlatishgan.
34 yashar Naxtigal Pyotr Gern oilasida 27 yoshli xotini Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot, sigir,hoʻkiz va 3 tanob yer mavjud boʻlgan.P.G.Naxtigal xonadoni doimiy ravishda Matniyoz ismli oʻzbekni yollanma dehqon sifatida ishlatgan.
25 yoshli Daut Abram xonadonida 24 yashar xotini Avgusta bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida ot, hoʻkiz, sigir va 3 sigir mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin paytlari yerida dehqon yollab ishlatishgan.
53 yashar Daut Yakov xonadonida 50 yashar xotini Anna, 81 yoshli otasi va 18 yosh qizi Ustina yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot, 3 sigir, 2 hoʻkiz va 4 tanob yer mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin paytlari dehqon yollatib yerlarida ishlatishgan.
30 yashar Daut David xonadonida 20 yoshli xotini Mariya ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot, 3 sigir, bir hoʻkiz va 2 buzoq va 2 tanob yer mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin paytlari yerida yollanma dehqon ishlatishgan. 
27 yoshli Dep Vaddi Gergard oilasida 26 yashar xotini Yekaterina bilan ikkalasi yashashgan. Xonadonda 2 ot, 2 hoʻkiz, 2 sigir, bir buzoq va 5tanob yer mavjud boʻlgan. V.G.Dep mavsum qizgʻin mavsumda yollanma dehqon ishlatgan.
24 yashar Evert Dyunus Kadeyevich xonadonida 27 yoshli xotini Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot va sigir, 3 tanob yer mavjud boʻlgan.
29 yoshli Evert Aron Ivanovich oilasida 30 yashar xotini Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot va sigir, 3 tanob yer mavjud boʻlgan.Mavsum qizgʻin paytlari bir oʻzbek dehqonidan yollanma ishchi sifatida foydalangan.
50 yashar Evert Ivan Petrovich xotinida 56 yosh Mariya , 30 yosh oʻgʻli Ivan uchallasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot, sigir va 3 tanob yer mavjud boʻlgan. 
36 yashar Shmidt Otto Genrix 36 yoshli tengqur xotini Yekaterina, 25 yashar oʻgʻli Korney, 23 yashar qizi Ustina bilan toʻrttalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 hoʻkiz, 2 ot, 2 sigir va 3 ta buzoq va 5,65 tanob yer mavjud boʻlgan. O.Shmidt xonadonida separatordan ham foydalanilgan. 2 nafar nemis va oʻzbek yigiti Matyoqub mavsum qizgʻin paytlarida O.Shmidt oilasining dehqonchilik ishlarida yollanib ishlashgan.
34 yashar Pauls Genrix Genr xonadonida tengqur xotini Lida bilan ikkalasi yashashgan. Xonadonda hoʻkiz, ot, sigir va 3 buzoq va 2,07 tanob yer mavjud boʻlgan. Chiqirchi qishlogʻilik oʻzbek yigiti Saur kuniga 1 rubldan haq olib G.Pauls yerida ishlagan.
55 yashar Teyfs Otto Ottovich xonadonida 24 yoshli oʻgʻli Boris, uning 19 xotini Anna, 19 yoshli qizi Margarita,shuningdek , 55 yashar amakisi Ivan Teyfs, 19 yoshli asrandi oʻgʻli Genrix Teyfslar istiqomat qilishgan. Xonadon ixtiyorida 2 hoʻkiz, bir ot va 2 omoch , 7 tanob yer mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin va hosilni yigʻib olishda yollanma dehqonlardan foydalanishgan.
Shmidt Gustav Genrix xonadonida 22 yashar xotini, 56 yoshli xolasi Yelizaveta, 2 hoʻkiz, 3 sigir, 2 buzoq, 1 ot, plug, barana, 4,85 tanob yer mavjud boʻlgan.Mavsum qizgʻin paytlarida yollanma dehqondan foydalanishgan.
30 yashar Dik Gergard Genrix xonadonida 26 yoshli xotini Anna ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot va hoʻkiz, 2 sigir va 2 tanob yer mavjud boʻlgan.Mavsum qizgʻin paytlari yollanma dehqonlar mehnatidan foydalangan. 
50 yashar Rezen German Emil xonadonida 36 yoshli xotini Mariya, 18 yashar qizi uchalasi yashashgan.Xonadon ixtiyorida 1 sigir va 1 tanob yer mavjud boʻlgan. G.Rezen Oqmachitdagi eng dovruqli hunarmand hisoblangan.
33 yashar Shmidt Yans Genrixovich xonadonida oʻzi tengqur xotini Yelizaveta, 18 yashar asrandi qizlari Yelena bilan birga yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 ot, 2 sigir, 2 hoʻkiz, 3 buzoq, 1 plug va 4 tanob yer mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin paytlarida yerida yollanma dehqon mehnatidan foydanishgan.
30 yashar Evert Vilgelm Genr xonadonida 32 yoshli xotini Ustina, 24 yashar ukasi German uchallasi yashashgan. V.G.Evertning ixtiyorida 2 ta ot, 3 sigir, 1 hoʻkiz va 1 separator hamda 4 tanob yer mavjud boʻlgan. 
30 yashar Pauls Reng Valsovich xonadonida 26 yoshli xotini Anna bilan ikkalasi yashashgan.Xonadon ixtiyorida 1 sigir, 3 tanob yer mavjud boʻlgan.
58 yashar Evert Korney Pyotr xonadonida tengqur xotini mariya, 17 yashar oʻgʻli Frans bilan uchalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot, 3 tanob yer mavjud boʻlgan.
25 yashar Kviring David German xonadonida 28 yoshli xotini Paulina bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 sigir va eshak, 0,45 tanob yer mavjud boʻlgan. D.G.Kviring oilasi bilan 1932 yilda Pishpek(hozirgi Qirgʻizistonning Bishkek shahri)dan koʻchib kelishgan.
65 yashar Kviring Abram Yakovlevich xonadonida 70 yoshli xotini Luiza, 17 yashar qizi uchalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 sigir, bir buzoq mavjud boʻlgan.
50 yashar Teyfs Gustav xonadonida mehnat qobiliyatini yoʻqotgan xotini bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida faqat bir sigir mavjud boʻlgan. G.Teyfs oilasi bilan Oqmachitga 1931 yilda Rossiyaning Povolje hududidan koʻchib kelishgan.
26 yashar Pauls Petor Genrix 19 yoshli ukasi bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 sigir va bir hoʻkiz, 2buzoq va bir eshak hamda 2,6 tanob yer mavjud boʻlgan. 
Klassen Izag Ivan Oqmachit qishlogʻida yashab Yangi Urganch shahridagi davlat xoʻjaligida ishlagan.Oʻgʻli Yakov Klassen esa Xivadagi meterologiya stansiyasida ishlagan.
Val Mariya Ivanovna 20 yoshli qizi Yelena bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 sigir mavjud boʻlgan. M.I. val 1932 yili Avliyoota shahridan Oqmachit shahriga koʻchib kelishgan.
Val German Garmanovich 20 yashar tengqur xotini Yelena bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot va sigir mavjud boʻlgan. G.Val Semirche hududidan Oqmachitga koʻchib kelishgandi.
Shmidt Iolter Genrix 23 yashar tengqur xotini Avgusta hamda 21 yoshli singlisi errna bilan uchalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 hoʻkiz, 1 ot, 2 sigir, 2 buzoq va 2 tanob yer mavjud boʻlgan.
29 yoshli Teyfs Gustav 27 yashar xotini Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 sigir, separator apparati mavjud boʻlgan. G.Teyfs xotini bilan Povoljedan 1931 yilda Oqmachitga koʻchib kelishgandi.
65 yashar Pauls Agat Petrovich xonadonida 27 yoshli qizi Yelizaveta bilan ikkalasi yashashgan.A.pauls hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
55 yashar Gam Yekaterina Mix xonadonida yolgʻiz oʻzi yashab yeri va chorvasi mavjud boʻlmagan.
74 yashar Albrxt Yelizaveta Abram xonadonida yolgʻiz oʻzi yashab yeri va chorvasi mavjud boʻlmagan.
Vins Elza Ivanovna 1932 yili Leningraddan Oqmachitga koʻchib kelgandi. E.I.Vins tikuvchilik bilan shugʻullangan.
27 yashar Pauls German Petr 23 yoshli qizi Mariya bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot va sigir hamda 1 tanob yer mavjud boʻlgan.
25 yashar Pauls Rudolf Petrovich xonadonida 27 yoshli xotini Yelizaveta bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot, bir hoʻkiz va sigir,bir buzoq hamda 2 tanob yer mavjud boʻlgan.
65 yashar Lep Georgiy Georgiyevich xonadonida 62 yoshli xotini Zara bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 3 sigir, bir buzoq mavjud boʻlgan.
56 yashar Penser Korney Vilg xonadonida 40 yoshli xotini Ustina va 22 yashar qizi hamda 76 yosh onasi Yelizaveta toʻrtalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 sigir va bir buzoq hamda 1 tanob yer mavjud boʻlgan.K.V. Penser slesarlik qilib roʻzgʻor tebratgan.
60 yashar Evert Frans Petrovich 28 yoshli qizi Renarta ikkalasi yashashgan.F.Evert 1933 yili Oqmachitga Avliyootadan koʻchib kelishgandi.
Naxtigal Genrix Petrovich xonadonida 20 yoshli Gustav, 18 yashar German va 32 yosh qizi Anna bilan toʻrttalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir hoʻkiz va ot, 3 sigir hamda buzoq , 3,8 tanob yer mavjud boʻlgan.
58 yashar Evert Genrix Fyodor xonadonida 52 yashar xotini Margarita, 18 yoshli qizi Mariya uchalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida bir ot, 2 sigir, 1 qoʻy hamda 2 tanob yer mavjud boʻlgan. Mavsum qizgʻin paytlarida kuniga 2 rubl pul toʻlab yollanma dehqon mehnatidan foydalanishgan.
33 yashar Evert Fyodor Genrixovich xonadonida 29 yoshli xotini Yelizaveta bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot, sigir va buzoq hamda separator apparati ,3,55 tanob yeri mavjud boʻlgan.
55 yashar Yansen Ivan Brengard xonadonida 44 yoshli xotini Anna bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 sigir, 2 hoʻkiz, 2 qoʻy va separator apparati , 1,05 tanob yeri mavjud boʻlgan.I.Yansen hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
40 yashar Kviring Frans Ivanovich xonadonida 30 yoshli xotini Anna bilan ikkalasi yashashgan. Yer va chorvasi mavjud boʻlmagan. F.Kviring 1932 yilda Pvolje hududidan Oqmachitga koʻchib kelgan va bu yerda qoʻriqchi boʻlib ishlayotgandi.
30 yashar Yansev German Gring 27 yoshli xotini Zara bilan ikkalasi yashayotgandi. Xonadon ixtiyorida 2 sigir hamda 3 tanob yer mavjud boʻlgan. Jumaniyoz Balincha degan mahalliy fuqaroga yerini ijaraga berib, hosilni boʻlib olishgan.G.Yansev hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
55 yashar German Pyotr Petrovich 58 yoshli xotini Mariya bilan ikkalasi yashashgan.Ular xonadoniga qarashli yer va chorva mavjud boʻlmagan. P.German 1931 yili Rossiyadan Oqmachitga koʻchib kelishgan.Bir oʻgʻli Leningradda, ikkinchisi Moskva shahrida qolib ishlashayotgandi.
24 yashar Yansen Grigoriy Ivanovich tengqur xotini Anna bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 1 ot, 2 sigir va 1,7 tanob yer mavjud boʻlgan.
27 yashar Yansen Abram Gergard xonadonida 22 yoshli xotini Marfa bilan ikkalasi yashashgan. Xonadon ixtiyorida 2 sigir mavjud boʻlgan.A.Yansen hunarmandchilik bilan mashgʻul boʻlgan.
41 yashar Kviring Yegor Yakovlevich xonadonida 39 yoshli xotini Yekaterina bilan yashashgan.Xonadon ixtiyorida 1 ot, 2 sigir mavjud boʻlgan. Ya.Kviring hunarmandchilik bilan mashgʻul boʻlgan.
Everet German Genrixovich xonadonida 25 yashar tengqur xotini Yelizaveta bilan ikkalasi yashashgan.Xonadon ixtiyorida bir ot, sigir va hoʻkiz , 2,45 tanob yer mavjud boʻlgan. Ye.Kviring mavsum qizgʻin paytlari Xudoybergan ismli mahalliy fuqaroni kuniga 1 rub 50 tiyin berib dehqonchilik ishlariga jalb qilgan.Oʻzi hunarmandchilik bilan shugʻullangan.
Klatsen Gustav Yegorovich 29 yoshda boʻlib, xotini Anna 23 yashar boʻlgan.Xonadon ixtiyorida 1 sigir, 3 qoʻzichoq mavjud boʻlgan. G.Klatsen 1,4 tanob yerni ijaraga olib dehqonchilik qilishgan.G.Klatsen 1931 yili Oqmachitga Voljsk oʻlkasidan koʻchib kelishgandi.
Pauls Mariya Yegorovna 24 yashar tengqur eri Ivan Fyodorovich bilan ikkalasi yashashgan. M.I.Pauls 1933 yili Avliyootadan Oqmachitga koʻchib kelishgandi.
Dik Eduard Genrixovich xonadonida yolgʻiz yashab kelgan. Birgina buzogʻi mavjud boʻlgan.Ukasi Ivan bilan temirchilik qilib roʻzgʻor tebratgan.

Ajdodlari menonitlar eʼtiqodiga amal qilgan dunyoga mashhur xonanda Anna German va Xorazm

Mennonitlarning 19-asrda Prussiyadan kela boshlashi nemis, polyak xalqlarining Chor Rossiyasi hududida yana-da koʻpaya boshlashiga sababchi boʻldi. Polshalik mennonitlar eʼtiqodiga amal qiluvchi Graf Yoxan Frizen xonadoni ham Chor Rossiyasi hududiga 1850 yilda muhojir sifatida kelishgan boʻlib, Ukrainaning Velikoknyajesk (hozirgi Stavropol oʻlkasining Kochubeyev qishlogʻi) hududiga kelib oʻrnashgandi. 
Ana shu muhojirlarning avlodidan boʻlgan David Petrovich Martens (1863–1922) va Anna Martens (1886 yil tugʻilgan) oilasida 1909 yilning 15 noyabrida qizaloq tugʻiladi. Unga Irma deya ism qoʻyishadi. 1911 yilda Vilmar, 1920 yilda Gerta tugʻiladi. Katerina, David, Genrix, Hans ismli qarindoshlari ham ushbu xonadonda ahil-inoq bahamjihatlikda yashashardi. Ushbu xonadon ona, qisman ota tarafdan kelib chiqishi golland mennonitlariga borib taqalar, ammo Martens va Frizenlar sulolasining koʻp yillik hayoti Polshada kechgani bois, polyak tilida soʻzlashishardi. Shu boisdan ular uchun Polsha muqaddas vatan edi. Biroq ular mennonitlar eʼtiqodiga koʻra, 19-asrda Chor imperiyasiga qarashli Ukraina hududlariga kelib qolishgandi. 
Bu vaqtda xonadonning kattasi – Abram Yakovlevich Frizen (1857–1929) avlodlariga, eʼtiqodiga koʻra, mennonitlik mazhabini davom qildirishni har kuni eslatib turardi. A.Ya.Frizen Ukrainadagi mehmonxonani boshqarib, obroʻ va tajriba orttirgan, Velikoknyajesk yaqinidagi Bogoslov stansiyasida ham ishlagandi. Shuningdek, hunarmandlik bilan shugʻullanib, chiroyli mebellar ham yasashni ham yoʻlga qoʻygandi. Oʻsha vaqtda Velekoknyajesk koʻp millatli shaharcha boʻlib, polyak, nemis, golland va ruslar koʻpchilikni tashkil qilardi. 
Tinch va osoyishta hayot, afsuski, 1914 yilda boshlangan I Jahon urushi va 1917 yildagi siyosiy oʻzgarishlar sabab agʻdar-toʻntar boʻlib ketdi. 1919 yilda David va Henrix shoʻro hukumati tomonidan hibsga olinib, otib tashlanadi. 1922 yilda David Martens tif kasalligidan vafot etadi. Natijada oila iqtisodiy jihatdan qiyinchilikka uchrab qoladi. Irma ham yosh boʻlishiga qaramay, aptekada ishlashga majbur boʻladi. 1929 yili maktabni tugallab, Odessa pedagogika institutining filologiya fakultetiga oʻqishga kirishga erishadi. Shu davrda oʻqituvchilarga ehtiyoj koʻpligidan 1930 yil iyunda muddatidan oldin nemis tili oʻqituvchisi diplomini oladi. Biroq Odessadan 100 kilometr uzoqlikdagi Chebrikov shahri maktabida ish faoliyatini boshlashga majbur boʻladi. 
Ammo shoʻrolarning yuritgan demografik, mafkuraviy siyosati tufayli 1934 yilda koʻplab polyak va nemislar Ukraina, xususan, Chebrikovdan Oʻrta Osiyoga koʻchiriladi. Shu tariqa, taqdir yozigʻi tufayli Irma Fargʻona vodiysiga kelib, maktabda ishlay boshlaydi. Ularning baxtiga, Irmaning ukasi Vilmar vodiyda harbiy xizmat qilgani sabab bu yerdan koʻplab doʻstlar orttirgandi. Shu bois, qolaversa, mehmondoʻst oʻzbeklar polyaklarga gʻamxoʻrlik qilib turishganidan, ular unchalik qiyinchiliklarga uchrashmadi. 
Irma vodiyda oʻqituvchilik faoliyatini davom ettirarkan, Chimyondagi neft zavodida ishlayotgan Yevgeniy German (1909 yil 25 martda tugʻilgan) bilan tanishadi. Uning asli kelib chiqishi Polshaning Lodz shahridan boʻlib, bu vaqtda Chimyondagi zavodning musiqa ansamblida dirijyorlik qilardi. Nemis, golland, rus tillarini mukammal biladigan Yevgeniy baland boʻyli, moviy koʻzli boʻlib, koʻplab kitoblarga ega kutubxona tashkil qilgan, gitara, skripka chalar, sheʼr va qoʻshiqlarni ham qoyilmaqom qilib ijro qilardi. Yevgeniy hurfikrli shaxs boʻlib, shoʻro hukumatining zulmkorligidan uning siyosatiga qarshi fikrda edi. Shu tufayli ham uni taʼqib qilishgani uchun Donbassdan qochib, oʻsha vaqtda chekkaroq tuyulgan Fargʻonaga kelib qolgandi. 
Irma va Yevgeniylarning vodiydagi osoyishta hayoti ham, afsuski, uzoqqa bormadi. Kunlardan birida fargʻonalik oʻzbek qadrdonlari Yevgeniyni chekistlar surishtira boshlashganini aytib qoladi. Bu gal ham taʼqiblar va taqdir yoʻllari ularni yana-da chekkaroq tuyulgan Urganchga borishga majbur qiladi. 1934 yilda yosh oila sohiblarining aynan Xorazmni tanlashgani bejiz emasdi. Negaki, Irmaning ukasi Vilmar Fargʻonadan Urganchga kelib, zootexnik boʻlib ishlayotgandi. Qolaversa, bu paytda Xorazmda mennonitlarning oʻziga xos Yevropa shaharchasi borligi ularni Urganchga borishga undadi. Xullas, ular vaqtni bekor oʻtirmay, Chorjoʻyga, u yerdan paroxodda Urganchga yetib kelishadi. Biroq Vilmar Oqmachitdagi mennonitlar bilan yaqin aloqa oʻrnatgan boʻlsa-da, opasi va kuyovining Urganchda yashashini maʼqul koʻradi. 
Er-xotinning ijaradagi uylari oʻsha vaqtda Urganchning Koʻnaqaʼla deb atalgan dehqon bozori yonida, Qirgʻizyop boʻyiga qaragan aloqa binosi atrofida boʻlgan. Oʻrta osiyolik birinchi kinofotoustasi Xudoybergan Devonov (1879–1938)ning shogirdi boʻlgan jiyani Yusuf Hasanovning xotiralariga tayaniladigan boʻlsa (Yusuf Hasanovdan eshitganlari boʻyicha oʻgʻli, keksa jurnalist Abdulla Yusupovning aytishicha), 1935 yillari polyak, nemis, rus millatiga mansub aholi Koʻnaqaʼladagi aloqa binosi yonidagi uylarda istiqomat qilgan. Bu hudud hozirgi dehqon bozorining orqa qismi, Qirgʻizyopga qarab barpo etilgan Anna German kafesi, oilaviy poliklinika atroflarida boʻlgan. 
Yusuf Hasanov oʻgʻli Abdullaga aynan shu hududdagi polyak va ruslar kelib, ularning suratxonasida rasmga tushib ketgani, muloqotda boʻlib turishganini aytgan ekan (Balki hozirda saqlanib qolgan Anna Germanning bolaligi, Irma va Yevgeniy Germanlar tasvirlangan suratlarni ham Xudoybergan Devonov va Yusuf Hasanovlar olishgandir. Zero, oʻsha vaqtda Urganchda suratxonalar sanoqli boʻlib, ular ichida Devonov ustaxonasi eng mashhuri boʻlgan). Yusuf Hasanovning oʻgʻliga aytishi boʻyicha, suratxona yonida “Zvezda” deya nomlangan sartaroshxona ham boʻlgan. Suratga tushish uchun kelgan polyak va ruslar oʻzlariga jilo berib, soch-soqollarini oldirishgandan soʻnggina suratga tushishgan. Demak, sartaroshxona mijozlari orasida Yevgeniy German, Vilmar Martens va boshqa polyak, nemis, ruslar ham boʻlgani aniq. 
Irma Urganchdagi Krupskaya nomli maktabda nemis tili oʻqituvchisi boʻlib ishlaydi. Yevgeniy esa sevgan kasbi – musiqachilikni tashlab, Urganch non zavodida hisobchi boʻlib faoliyatini boshlaydi. Urganchning Koʻnaqaʼla qismida yashovchi Germanlar uyiga viloyat teatri yaqin boʻlib, kechki paytlari ochiq sahnada namoyish etiladigan pyesa, konsertlardagi ovoz ular xonadoniga baralla eshitilib turardi. Shuningdek, Irma va Yevgeniy dam olish kunlari oʻsha vaqtda Akmal Ikromov nomi bilan atalgan (hozirgi Ogahiy nomidagi musiqali drama) teatriga borishar, oʻzlari uchun qiziqarli tuyulgan oʻzbekcha spektakl, konsertlardan zavq olib qaytishardi. Shu bilan birga, oʻzbeklar bilan qilingan muloqotlar bois oʻzbekchani ham oʻrgana boshlashgandi. 
Xorazmliklar hamma davrlarda boʻlgani kabi, oʻz vatanlariga soʻnggi kelgan polyak mennonitlariga bepisand qaramay, xuddi oʻzlarining tugʻishgan ogʻa-inisiday muloqotda boʻlishgan. 
Tabiiyki, Yevgeniy va Irmadek oʻz davrining old ziyolilarida ularga vatan boʻlgan Xorazm, Amudaryo, Urganch soʻzlari, ularning maʼnosi ham qiziq tuyulgan, ular bu borada soʻrab surishtirgan boʻlishlari mumkin. Qolaversa, Yevgeniy Germandek Fargʻonada musiqachilik qilgan sanʼatkorni Xorazmning joʻshqin, mumtoz qoʻshiqlari, oʻyinlari, musiqa asboblari ham qiziqtirib qolgandir. . . 
Shu bilan birga, ular Xivadek qadimiy shaharga ham borib, koʻkka boʻy choʻzgan minoralar, sharq meʼmorchiligi obidalari bilan tanishib qaytgan paytlari koʻp boʻlardi. Irma va Yevgeniy Xiva yaqinidagi Oqmachit qishlogʻiga ham borishib u yerda 51 yildan beri yashayotgan mennonit nemislari bilan ham aloqani yoʻlga qoʻyishdi. 
Shu tariqa, 1934 yili mennonitlar Oqmachitdagi hayotlarining 50 yilligini oʻzlarining shaharchalarida nishonlashadi. Ushbusanaga bagʻishlab maktab oʻquvchilarining sahna koʻrinishlari, musiqali kompozitsion chiqishlarini namoyish qilishadi. Sahna koʻrinishlarida mennonitlarning Niderlandiyada boshlangan hayotlaridan to 1934 yilgacha boʻlgan tarixiy kechmish jarayoni aks ettirilgandi. 
Oqmachitda oʻtgan qutlugʻ sana shodiyonasida Vilmar Martens ham qatnashadi va ular birgalikda suratga tushishadi. Afsuski, bunday doʻstona muloqotlar koʻpga choʻzilmadi – 1937 yili Oqmachitlik nemislar jamoa xoʻjaligiga kirishdan bosh tortishgani uchun Tojikiston va Qozogʻistonga koʻchirib yuboriladi. 
Yevgeniy va Irma, Vilmarlar uchun mennonitlarning badargʻa qilinishi, afsuski, tashvishlanarli edi. Biroq shunday boʻlsa-da ular oʻz ishlari bilan ovunib, bu yoʻqotishga zoʻrgʻa chidashdi. Noiloj, shoʻro tuzumiga qarshi borishning iloji yoʻq edi. Chunki Yevgeniyning oʻzi taʼqiblarga uchrab, Donbassdan Fargʻonaga, u yerdan Urganchga koʻchib kelgan, Irma ham shoʻro siyosati bois olis Xorazmdan boshpana topishga majbur boʻlgandi. Ana shunday gʻamu tashvishli kunlarning birida taqdir ular xonadoniga shodu xurramlik baxsh etdi. 
1936 yil 14 fevraldagi yomgʻirli kun ular xonadoniga quvonch olib keldi. Yevgeniy va Irma Urganchda tugʻilgan farzandlariga Anna-Viktoriya deya ism qoʻyishadi. Irma ishlayotgan maktab jamoasi va Urganchning Koʻnaqaʼla mahallasi ahli ham davr gʻoyat qiyin boʻlsa-da, yosh oilaga har tomonlama yordam berishga intilardi. 
Irma Martensning “Xotiralari”da yozilishicha, Urganchlik oʻquvchilar nemis tili oʻqituvchisining qizini ovuntirish niyatida ular oilasiga borib turishardi. Irma oʻz yodnomasida oʻquvchilarining oʻzbek tilida “Apa, apa, sizning qizingiz chiroylik” deya bergan samimiy soʻzlarini keltirib oʻtgan. 
“Hayotimiz Urganchda sokin kechar, Xorazmdagi oʻqituvchilik faoliyatimda tajribam ortib borardi. Afsuski, 1937 yilning yozi issiq kelib Anna kasallanib qoldi. Koʻz oʻngimda qizalogʻim soʻlib borayotgandek edi. Uni davolatish uchun Toshkentga olib borishga majbur boʻldik. Eski shahardagi oʻzbek xonadonidan ijaraga uy oldik. Xonadon egasi Annani koʻriboq: “Bu paratif, tezroq doktorga koʻrsatish kerak”, dedi va tezda koʻchaga otlanib kerakli dorini topib keldi. Doktorga koʻringanimiz zahoti u ham yuqoridagi tashxisni qoʻydi va davolashga kirishdi”, deyiladi. 
Irmaning kundaliklarida Toshkent haqidagi taassurotlar koʻp boʻlib, unda ushbu shaharning goʻzalligi, tarovati, Pushkin nomli istirohat bogʻining xuddi Londondagi geyd-parkka oʻxshashi, nozik did bilan doʻppi kiygan oʻzbeklarning chinni likopcha ushlaganicha qoʻshiq kuylashlari, bu ohanglarning qalblarni toʻlqinlantiruvchi jozibasi haqida soʻz yuritiladi. 
Koʻp oʻtmay, Irma va Anna Urganchga qaytib kelishadi. Irma, yana maktabda nemis tilidan saboq berishda davom etdi. Afsuski, bu paytga kelib jamiyatdan “xalq dushmani” izlash avjiga chiqgandi. Ana shunday xatarli davrda koʻplab Xorazmliklar ham qaygʻuga choʻkib qolishgandi. Negaki, bugun koʻrgan tanishing ertaga qamoqqa olingani toʻgʻrisida eshitib qoladigan paytlar edi. Negaki, 1937 yil 30 iyuldagi “Sobiq quloqlar, jinoyatchilar va boshqa antisovet elementlarni qatagʻon qilish boʻyicha operatsiya toʻgʻrisida”gi 00447-sonli buyruqqa koʻra, jamiyatda tozalash avj oldirib yuboriladi. Ushbu topshiriq boʻyicha, Oʻrta Osiyo Respublikalarida operatsiya 1937 yil 10 avgustdan boshlanadigan boʻlgan. Joylarda tashkil qilingan “Uchlik” oʻtkazgan yigʻilish qaroriga koʻra, “1937 yil 10 avgustdan 1938 yil 1 yanvargacha Oʻzbekistonda jami 10700 kishi qamoqqa olingan” (R. Shamsutdinov, X. Qurbonov, U. Bekmuhammad, “Qatagʻon qurbonlari. 5- kitob, T. , 2009, ”Sharq” nashriyoti, 5-bet). 
Afsuski, ana shu qatagʻon toʻlqini sabab 1937 yilning 25 sentyabrida Irmaning eri Yevgeniy va ukasi Vilmar ham “xalq dushmani” sifatida qamoqqa olinadilar. 
Achinarlisi, bu qatagʻon toʻlqini Oʻzbekistondagi nafaqat mahalliy xalqni, balki bu yurtni ikkinchi vatani deb bilgan koʻplab boshqa xalq namoyondalarini ham oʻz domiga tortib ketdi. Ular ichida koʻplab polyak va nemislar ham bor edi. 
Oʻsha mashʼum yillari taqdir Irma va qarindoshlarini oldiniga Toshkent, keyin Novosibirsk, Krasnoyarsk va yana Toshkent, Romitan, Jambul shaharlariga koʻchishga majbur qildi. Bu orada Anna German ham maktab yoshiga yetib qoldi. Irma qizining taqdiri va kelajagidan kuyunib, uni Jambuldagi maktabga “Martens” familiyasi bilan beradi. Bu orada urush ham boshlanib, xalqning ahvoli gʻoyat qiyin holga tushib qolgan, oʻquvchilar oyogʻiga har xil lattalar oʻrab maktabga borishardi. Qishning izgʻirin kunlarida bu oʻsha davr uchun odatiy hol boʻlib qolgan, Anna ham boshqalar singari shu holda oʻqishga qatnardi. 
Irma oiladagi bunday ahvoldan, qizi Annaning istiqbolini oʻylab oʻkinib yurgan 1943 yili German Brener degan polyak muhojiri bilan tanishib qoladi. Koʻp oʻtmay, unga turmushga chiqadi. Ushbu shaxs polyak yahudiy muhojiri boʻlib, Polshani fashistlar egallagandan keyin sobiq shoʻro ittifoqiga qochib kelgandi. Shu tariqa, German Brenerning Irmani oʻz panohiga, nikohiga olishi bois oilaning iqtisodiy ahvoli biroz boʻlsa-da, yaxshilanadi. Afsuski, koʻp oʻtmay, German Brener halok boʻladi. 
Taqdirning bu zarbalaridan soʻng, 1946 yili Irma oilasi bilan Polshaga borib yashashga ruxsat oladi. Oldiniga ular Novaya Ruda, keyin Vroslav shaharlarida hayot kechiradilar. Anna ham endi polyak tilida maktabda tahsil ola boshlaydi. Oʻquvchilik davridayoq nafaqat musiqaga, balki tasviriy sanʼatga ixlosi bois turli tadbirlarda qatnashib tanlovlarda faxrli oʻrinlarni oladi. 
Urushdan keyingi yillari Polshada ham iqtisodiy vaziyat gʻoyat ogʻir edi. Shunday vaziyatda Irma, Annaning iqidorini yuksaltirish uchun sanʼat borasida qoʻshimcha dars mashgʻuloti oʻtish uchun oʻqituvchi yollashni orzu qilar, ammo puli kamligidan bu ham armon boʻlib qolaverdi. 
Biroq shunday boʻlsa-da, Anna oʻzining isteʼdodini namoyon qilish maqsadida tinimsiz ishladi. Hatto maktabni tugatganidanoq, Vroslavdagi sanʼat oliy maktabining tasviriy sanʼat boʻlimiga hujjatlarini topshiradi. Biroq onasi va yaqinlari unga “Musiqa, tasviriy sanʼat bilan boshqa fakultetda ham oʻqib shugʻullanishing mumkin, sen Polshaning qudrati, kelajagi uchun eng kerakli kasbni tanla!” deb maslahat berishdi. 
Shundan keyin Anna 1955–1961 yillarda Boleslav Beruta nomidagi Vroslavsk universitetining geologiya fakultetida tahsil oladi. Talabalik davrida “Kalambur” teatrida faoliyat koʻrsatib, Polshaning koʻplab shaharlarida gastrol safarlarida boʻlib qaytadi. 
Biroq sanʼatga boʻlgan ixlos Anna Germanni geologlik kasbi tomon emas, sahnaga boshladi. Vokal, jaz va estrada janrlarida qoʻshiqlar kuylab, obroʻ-eʼtibor orttiradi. 
Oradan yillar oʻtdi. Anna otasi taqdirini oʻylab, unga bagʻishlangan qoʻshiq kuylashga qaror qildi. ”Gori, gori, moya zvezda” nomli mahzun qoʻshiq 1937 yilda qatagʻon qurboni boʻlgan otasi Yevgeniy Germanga bagʻishlangan boʻlib, bu qoʻshiqni u sobiq Ittifoqning koʻplab sahnalarida kuyladi. Biroq u va onasi bu nolaning Yevgeniyga bagʻishlanganini mutlaqo sir tutishdi. Chunki bu qoʻshiq kimga atalganini sezishsa, Anna German uchun sobiq Ittifoq sahnalari yopilishi mumkin edi. 
Anna German 1965–1982 yillari dunyoning eng mashhur sanʼatkori sifatida tanildi. Uning “Katyusha”, “Nadejda” singari 100dan ziyod rus tilidagi qoʻshiqlari nafaqat sobiq Ittifoqda, balki butun dunyoda eng ommabop qoʻshiqlarga aylandi. Annani, hatto Rim papasi va dunyodagi koʻplab davlat rahbarlari konsert dasturlari berish uchun vatanlariga taklif qilishardi. U tugʻilib oʻsgan Oʻzbekistonning Toshkent, Samarqand shaharlarida ham bir necha bor oʻz dasturlarini namoyish etdi. Biroq Urganchga borish, tugʻilib oʻsgan, bolaligi kechgan Xorazmni tavof qilish unga armon boʻlib qoldi. Chunki, 1967 yilning27 avgustida Italiyada boʻlgan avariyadan olgan jarohati uning olis Urganchga borishiga monelik qilardi. Anna Konstanchin shahridagi klinikada davolanib chiqqach, 1969 yildan yana sahnaga qaytdi. 
Dunyo boʻylab uning konsert dasturlari gʻoyat shov-shovli tarzda davom qildi. Yevropa davlatlari, sobiq Ittifoq, Avstraliya, AQSH, Kanada. . . Xullas, oʻz davridagi dovruqli hamma sanʼat koshonasida uning olqishlarga burkangan qoʻshiqlari yangradi. Shu jumladan, otasiga bagʻishlangan “Gori, gori, moya zvezda” qoʻshigʻi ham. 
Anna 1972 yili Zbignev-Tuxolskiy bilan nikohdan oʻtdi. Oradan uch yil oʻtib, 1975 yilning 27 noyabrida Zbыshek tavallud topdi. Zbыshek tobora ulgʻaya borgan sari, Anna uni erkalab bagʻriga bosarkan, uning nigohlarida otasi – Yevgeniy Germanni koʻrgandek boʻlar, bu holat esa yana sahnalarda, oila davrasida “Gori, gori”ni kuylashga undardi. . . 
Sahnalar esa tobora olqishlar sadosi ostida oʻtardi. . . 
Ana shunday dovrugʻu shodliklar, hayot tantanalariga toʻla 1979 yili Anna Toshkentga keldi va Urganch safarini rejalashtirib qoʻydi. Afsuski, bu safar ham xastalik qaytalanib ogʻriqlar kuchayganidan vrachlar unga olis Xorazmga borishiga ruxsat berishmadi. 
Biroq Anna German faqat 1969 yildagina emas, Moskvada oʻtkazgan konsertlarida Moskva Davlat universiteti professori, sobiq Ittifoq teleradiokompaniyasida konsultant boʻlib ishlayotgan, asli, xivalik Xudoyor Ollayorov, shuningdek, 1980 yili Moskvadagi suv xoʻjaligi institutiga borgan ekolog olim, asli, xonqalik Ozod Husayinovlar bilan tanishib, ular bilan qisqacha boʻlsa-da, suhbatlashishga ulgurgandi. Ularga Urganchga borish orzusini aytgan, konsert qoʻyishni rejalashtirayotgani haqida soʻzlab bergandi. 
Afsuski, Anna Germanning bunday orzusi armon boʻlib qoldi. Oʻz davrining va hozirdayam shonu shuhratini yoʻqotmagan xonandasi 1982 yilning 26 avgustida ogʻir kasallikdan soʻng vafot etdi. Bu vaqtda u endigina 46 yoshga toʻlgandi.

Mustaqillik yillarida mennonit nemislari tarixining oʻrganilishi va ularning avlodlari bilan aloqalar

Oʻzbekiston Respublikasi 1991 yil 1 sentyabrda mustaqillikka erishgach, tariximizni xolis va haqqoniy oʻrganishga yaratilgan sharoit va imkoniyatlar bois Xorazmda yashagan mennonit nemislari hayoti va faoliyati, ularning voha taraqqiyotiga qoʻshgan hissasi haqidagi bir qancha maqolalar va kitoblarda ular haqidagi maxsus boʻlimlar nashr etildi. 
Xiva «Ichanqaʼla” davlat muzey-qoʻriqxonasi ilmiy xodimlari va fond mudiri Karimov Ozod Zaripovich tomonidan mennonitlar hayotiga oid eksponatlar toʻplab borildi. Oqmachitda yashagan mennonitlarning hozirda Niderlandiya, Avstraliya, Shimoliy Amerika va Kanadada yashovchi avlodlari bir necha bor Xiva shahri va Yangiariq tumaniga tashrif buyurib, ota-bobolarining mehnati singgan Nurillaboy saroyi, xon shifoxonasi, pochta binolarini, Oqmachit qishlogʻidagi ilgarigi qaʼla hududini va Xorazmning boshqa tarixiy obidalarini ziyorat qilishdi. 2009 yil avgustda Xivalik muzeyshunos va tarixchi Dilmurod Bobojonov AQSHning Axayyo shtatidagi Berlin shahrida yashayotgan mennonit nemislari uylarida bir hafta mehmon boʻldi. Dilmurod Bobojonovning maʼlumotlariga koʻra, AQSHda yashovchi mennonit nemislari Oqmachitlik mennonitlarning avlodlari boʻlib, ularning ayrimlari qadimiy oʻzbek tilida, Xorazm shevasida gaplashishni unutishmagan. Shuningdek, oʻzbek xalqining urf-odatlari va anʼanalaridan ham xabardor.

Mennonit nemislari qaʼlasini qayta tiklash zarurati va uning Xorazm turistik potensialini yuksaltirishdagi oʻrni (Germaniya, Avstriya, Avstraliya, Polsha, Kanada va boshqa davlatlardan turistik oqimning koʻpayishidagi roli)

Xivaga tashrif buyurgan Oqmachitlik nemis mennonitlarining avlodlari hozirgi kunda ham oʻz ota-bobolarining tarixini, ular yashagan maskanni esdan chiqarishmagan. Ular Oqmachit qaʼlasini qayta tiklashni, uni ziyoratgohga aylantirishni, shunday qilinsa, Yevropadan, Germaniya, Gollandiya, Rossiya, AQSH, Kanada va boshqa davlatlardan turistlar oqimi Xorazmga juda koʻpayishini aytmoqdalar. 
Hozirda Xorazm viloyat turizmni rivojlantirish departamenti tomonidan Yangiariq tumanida mennonit nemislarining Oqmachitdagi kabi qaʼlasini bunyod qilish loyihasi ishlab chiqilgani quvonarlidir.Agar bu loyiha hayotga tadbiq qilinsa mennonitlarning bugungi kunda xorijda yashovchi avlodlarigina emas, balki ularning hayot tarziga qiziqqan boshqa davlatlar va Oʻzbekiston viloyatlaridagi sayyohlar oqimi ham koʻpayardi. 
Shulardan kelib chiqib, X.Yansenning “Xavf xatarli Turkiston sari” va R.Blekning “Rossiya va Oʻrta Osiyodagi mennonitlar” kitoblarini oʻzbek tilida nashr etdirish, shu kitoblar va arxiv manbalarini chuqur oʻrgangan holda Oqmachitlik mennonitlar hayoti haqida maxsus kitob tayyorlash ( uni nemis, ingliz va boshqa tillariga tarjima qildirish va nashrdan chiqqach, internet, ijtimoiy tarmoqlar va ommaviy axborot vositalarida keng targʻib qilish) ham kerak. Bundan tashqari, mennonit nemislari toʻgʻrisida badiiy-hujjatli film ham tayyorlab, uni ham boshqa tillarga tarjima qildirish zarur. Ayni paytda taniqli rejissyor va kinodramaturg Joʻrabek Roʻzmetov tomonidan tayyorlangan ssenariy asosidagi serialni suratga olishni ham tezlashtirish lozim.
Agar bu ishlar amalga oshirilsa, Xorazmning turistik salohiyati yuksalishiga katta hissa qoʻshilgan boʻlardi.

093

(Tashriflar: umumiy 1 616, bugungi 1)

Izoh qoldiring