Shahodat Ulug’: Shavkatli o’tmish — izsiz ketmas.

077
Биргина мисол, юртимиздан чиққан ўтмиш алломалари, айтайлик, Ибн Сино, Беруний, Ал Фарғоний, Ал Хоразмий каби сиймолар ҳақида интернетда истаганча маълумот олишингиз мумкин, аммо инглиз тили ва бошқа асосий жаҳон тилларидаги ресурсларда уларнинг барчаси форс ёки араб олимлари сифатида тақдим этилади. Фақат таваллуд жойлари ҳозирги Ўзбекистон эканлиги йўл-йўлакай кўрсатиб ўтилади, холос. Бобур ва унинг авлодлари эса мўғул ҳукмдорлари, дейилишини ҳаммамиз биламиз. Бу улуғлар билан Ўзбекистоннинг ичидагина «бизнинг буюк аждодларимиз» деб ғурурланиб юраверамиз, аммо ташқи дунё уларни бошқа халқларга боғлайди. Бу нарсалар албатта алам қилади. Мана шу соҳаларда жиддий ишлар қилиш керак.

04

067Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган. Унинг «Қайта туғилиш» (1997) ва «Ғаниматим» (2004) деб номланган насрий китоблари чоп этилган. Сўнгги йилларда Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи «Жайхун эпкинлари» роман устида ишлади ва асардан эълон қилинган парчалар адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинмоқда.

090
ШАВКАТЛИ ЎТМИШ — ИЗСИЗ КЕТМАС
BBCUzbek.com ўқувчиларининг саволларига ёзувчи Шаҳодат Улуғ жавоб беради.
04

Шаҳодат Улуғ: Ваалайкум ассалом! Аввало суҳбатга таклиф этганингиз учун Сизларга раҳмат.

Ўзбекистондан Ғофур: «Қачондан ёзишни бошлагансиз?»

Шаҳодат Улуғ: Бир пайтлар болалик пайтларимда шеърлар ёзиб юрар эдим. Синф раҳбаримиз Мельс Галиевич Латипов ва Сульфия Ахуновна Латипова каби рус адабиётининг билимдонлари менда адабиётга қизиқиш уйғотган эди. Хусусан, Мельс Латипов ҳамда ўзбек адабиёти ўқитувчимиз Мустафо Ўроқовлар прозанинг имкониятлари ҳақида кўп ўгит беришганди. Мен эса ёзганларимни шу ўқитувчиларимизга кўрастиб турар эдим. Қолаверса ўзимнинг опаларим ҳам, айниқса отам гарчи физик-математик бўлса-да, мени адабиётга қизиқтирган эди. Баъзан опаларим уйда мушоира қилиб туришарди. Ўша пайтлар менинг митти тасаввуримда адабиётга қизиқиш шу тариқа шаклланганди.

Ғофур: «Нима учун ёзасиз?»

Шаҳодат Улуғ: Назаримда Сиз нима учун нафас оласиз, дея савол берсам, табииийки Сиз яшаш учун нафас оламан дея жавоб берасиз. Демак мен ҳам ёзиш учун нафас оламан.

Тошкентдан Зебо: Буюк ёзувчиларга нисбатан «Умумбашар тилни эгаллаган» деган таъриф бор, бугун ўзбек адабиётида нега йўқ шундай ёзувчилар?

Шаҳодат Улуғ: Назаримда «Умумбашар тилини эгаллаган» деган таъриф Достоевский, Жорж Санд, Маркес, Томас Манн, Камю сингари даҳо ёзувчиларга нисбат бериб айтилган. Адабиётни санъат даражасида тушунган ва уни юксак поғоналарга кўтарган ёзувчилар ҳамиша ҳар замонда ва ҳар маконда бўлган ва кейин ҳам бўлади. Ўзбек адабиётида бундай даҳо ёзувчилар ҳали чиқмаган десак янглишган бўламиз. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров сингари улуғ адиблар бошлаб берган йўлни бугун Мурод Муҳаммад Дўст, Абдулҳамид Исмоил, Хуршид Даврон ва Ғаффор Ҳотамов, Исажон Султон ва Улуғбек Ҳамдам сингари ёзувчилар давом эттиришмоқда.

Тошкентдан Зебо: «Бугунги ўзбек ёзувчиларидан кимларнинг асарларини ўқийсиз ва улардан қайси бирлари дунё тилларига таржима қилиниши керак, деб ҳисоблайсиз?»

Шаҳодат Улуғ: Бугунги ўзбек адабиёти, ўзбек насри албатта жаҳон миқёсида тақдим қилишга арзигулик асарларига эга ва тобора бойиб бормоқда. Юқорида номлари айтилган адиблар асарлари хорижда тарғибот қилиниши ва уларни дунё таниши керак, деб ўйлайман.

Бухородан Рўзигул: «Агар адашмасам, ўзбек аёл ёзувчилари орасида роман жанрига қўл урганлар ҳали бўлмаган. Чунки бу катта жанр жиддий тадқиқот ва катта руҳий қувват талаб қилишини биламиз. Энди бевосита «Жайҳун эпкинлари» номли романингиз ёзилиши ҳақида сўзласангиз».

Шаҳодат Улуғ: Роман — йирик ва мураккаб жанрдир. Хусусан ўзбек ёзувчи аёллари орасида бу жанрга биринчи бор қўл ўрган адиба Саломат Вафо бўлади.
Айтганингиздек, бу жанр жиддий ёндашувларни ва катта руҳий қувватни талаб этади.

«Жайҳун эпкинлари» романини якунлашимда замонавий ўзбек адабиётининг улуғлари ҳисобланган мўътабар устозларнинг ҳиссаси катта бўлган. Уларнинг бевосита маслаҳатлари асосида ва давомли тадқиқотлар асосида ёзилди бу нарса.

Бундан чамаси тўрт йиллар илгари Хоразмшоҳлар салтанатига оид нимадир ёзиш истаги туғилган эди, сарҳадлари улкан ва имкониятлари чексиз бу салтанат нега емирилди? Мовароуннаҳр кентлари нега қаттол Чингиз қўлида бу қадар паймол этилди? Шу саволлар мени қийнаганди ва турли манбаларни ўрганишга киришдим. Шаҳобиддин Насафий «Сийрат ас-Султон» ҳамда ал-Ҳусайний «Тарихи элчи Низомшоҳ», профессор Бертельс тадқиқотлари, Л. Н. Гумилев «Қадимий туркийлар» асарларини ўргандим. Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек ҳам Хоразмшоҳлар сулоласига алоҳида назар ташлаган. Қолаверса, озари тарихчи олими Зиё Буниётов ишларидан руҳландим. Шунингдек, Миркарим Осим, устоз Хуршид Давроннинг тарихий асарларини ўқиб, дилимдаги ният яна-да мустаҳкамланган.

Би-би-си: «Саволимнинг давоми», дебди яна бу ўқувчимиз, «катта асар ёзишда ўша айтганим қувватни яна нималардан олдингиз? Ахир фақат манбаларни ўрганиш билан бўлмаса керак ҳаммаси?»

Шаҳодат Улуғ: Албатта. Балки чиройли сўзлардир, аммо менга шу асарни ёзишда қувват бўлган яна асосий нарса — албатта халқимизнинг қаҳрамонликларга тўла ўтмиши, бу халқ вояга етказган улуғ саркардалар ҳолати, хусусан, Жалолиддин Мангубердининг тенги йўқ жасорати, унинг муттасил хатарлар ичида кечган ҳаёти бўлди.

Биргина Жалолиддин ҳақида гапирадиган бўлсак, мана, ўзингиз бир ўйлаб кўринг, шундай бир улуғ салтанат, Хоразмшоҳлар империяси у вақтда ер юзидаги энг қудратли давлатларнинг бири эди. Бутун Мовароуннаҳр, бугунги Афғонистону Эрон ва Кавказни ўз ичига олган бу салтанатга ўз салоҳияти билан бас келиши мумкин бўлган бир-икки давлатларгина бор эди ўша даврда. Бири Бағдод ҳалифалиги бўлса, яна бири эҳтимол, салжуқий султонлар эди.

Хоразмшоҳлар давлати юксалган XIII аср бошларига келиб эса уларнинг ҳам қудрати савол остида қолганди. Ўзаро курашлар ботқоғига ботган Оврўпа эса у даврда ҳали зулмат ва жаҳолат ботқоғига ботган эди ва аслида Шарқда неча асрдан бери чарақлаб турган ислом олами лашкари учун осон бир ўлжа бўлган. Хуллас, бугунги кун тили билан айтганда, Хоразмшоҳлар давлати ўша давр геосиёсий қутбларининг энг қудратлиси эди ва бу минтақада содир бўлган ҳар қандай тебранишлар бевосита жаҳон сиёсий харитасига таъсир ўтказар эди.

Ана шундай бир вазиятда, яъни қудрати юксалган даврда бу салтанат чингизий лашкарга емиш бўлди, замонасининг энг қудратли давлати ваҳший галалар томонидан кунпаякун қилинди. Бу фожеага албатта, салтанат бошқарувидаги уқувсизлик, Аловуддин Муҳаммаднинг иродасизлиги, волидаси Туркон измидан чиқа олмаслиги сабаб бўлган эди. Шундай бир чорасиз ҳолатда Жалолиддин тарқаб кетган, яксон қилинган қўшиннинг бир қисмини қайта йиғиб, мўғулларга қарши тура олди, ҳали мағлубият нималигини билмаган мўғуллар устидан кетма-кет ғалаба қилди. Аммо барибир, кучлар тенг эмасди, оқибатда неча йўқотишлар эвазига юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди.

Аммо Жалолиддин бу билан тақдирга тан бермади, аслида у мўғул қўли етмас узоқроқ бир юртда бирор вилоятни эгаллаб, ўзига хон — ўзига бек бўлиб, умрини фаровонликда, кайфу сафода ўтказиши ҳам мумкин эди. Лекин бу ҳолда у Жалолиддин бўлмас эди. Жалолиддин инилари билан иттифоқ тузиб, яна неча йиллар давомида Чингизий лашкарларга зарбалар бериб турди, Ҳинду Ироқ юртларида, Кавказу Эронда ҳукмронлик қилди. Аммо унинг қалбида ўз юрти учун, жувонмарг кетган яқинлари учун интиқом ўти бир зумга ҳам ўчмади.

Жалолиддинни бошқа миллатлар қаҳрамонлари билан қиёслаш мумкинми ёки йўқми -билмадим, аммо русларда Александр Невский бўлса, бизда Жалолиддин бор, агар британларда Ричард бўлса, бизда Жалолиддин бор. Фақат фарқи шуки, Жалолиддин ҳарб юлдузи буларнинг баридан кўп ҳисса улканроқ эди. Жалолиддин бой берилган салтанатни қайта бунёд қилиш учун, ўз юртини яна озод кўриш учун сўнггига қадар курашди, курашганда ҳам маҳорат ва жасорат билан курашди. Менга мана шулар қувват бўлди дея олардим.

Би-би-си: Ўша сиз асарингизда тилга олган ўтмиш билан бугунимиз ўртасида катта тафовутлар борлиги аниқ. Аммо, сиз ўтмишни бугун билан боғлаб турган ришталарни нимада кўрасиз, аслида борми, шундай ришталар?

Шаҳодат Улуғ: Албатта, тафовутлар катта ва беқиёс. Ўтмиш — ўтмишга айланган, бугунимиз эса бошқа. Лекин бизни ўтмишимиз билан боғлаб турган нарса — биз мерос қилиб олган маънавий ва руҳий бойликлардир. Ўша аждодларимизнинг тенгсиз ёв қаршисида бўйин эгмаганлиги, чорасиз, умидсиз вазиятларда ҳам курашни давом эттирганлари, эркка, озодликка ташналик.

Юз йил қирғин бўлса ҳам ажали етган ўлади, деганларидек, юз йил машаққатларда, зулмлар остида ўтса ҳам халқнинг зеҳниятида, қонида ўша аввалги мероснинг нишоналари барибир сақланиб қолади ва вақти келиб бу нарсалар албатта яна рўёбга чиқади. Бир вақтлар бор бўлган нарса ном нишонсиз йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас. Шу маънода мен ришталар сақланиб қолади, деб ҳисоблайман. Аммо, масала шу сақланиб қолган нарсаларни чинакамига ривожлантиришда.

Агар шундай шароит туғилсаки, ватанимизда ўтмиш меросимизни давлат аҳамиятига молик муҳим масала даражасида жиддий ўрганиш ва замонавий талаблар асосида жаҳонда тарғиб қилиш, чинакамига тарғиб қилиш механизмлари ишлаб чиқилса, кўп нарса ўзгарган бўларди.

Биргина мисол, юртимиздан чиққан ўтмиш алломалари, айтайлик, Ибн Сино, Беруний, Ал Фарғоний, Ал Хоразмий каби сиймолар ҳақида интернетда истаганча маълумот олишингиз мумкин, аммо инглиз тили ва бошқа асосий жаҳон тилларидаги ресурсларда уларнинг барчаси форс ёки араб олимлари сифатида тақдим этилади. Фақат таваллуд жойлари ҳозирги Ўзбекистон эканлиги йўл-йўлакай кўрсатиб ўтилади, холос. Бобур ва унинг авлодлари эса мўғул ҳукмдорлари, дейилишини ҳаммамиз биламиз. Бу улуғлар билан Ўзбекистоннинг ичидагина «бизнинг буюк аждодларимиз» деб ғурурланиб юраверамиз, аммо ташқи дунё уларни бошқа халқларга боғлайди. Бу нарсалар албатта алам қилади. Мана шу соҳаларда жиддий ишлар қилиш керак.

Яна Жалолиддин Мангуберди мисолига қайтсам. Вақтики келиб, чорасиз ва ярадор ҳолатида Курдистон тоғларида ўлдирилганидан сўнг, унинг лашкари сардоридан ажралиб, тарқоқ ҳолга келди. Аммо шу ерда эътиборга оладиган муҳим нарса бор. Яъни Жалолиддинга чексиз содиқ бўлган навкарлар унинг ўгитларини юракларида маҳкам сақлаганлар. Унинг лашкари аслида ўша замоннинг энг пухта тайёргарликдан ўтган, яна замонавий қилиб айтсак, қайси минтақада бўлмасин махсус ҳарбий операцияларни ўтказа оладиган сара қўшинлар даражасига етган эди. Шу сабаб ҳам Жалолиддиндан сўнг яна кўп вақтлар турли мамлакат ҳукмдорлари айнан уларнинг кўмагига таяниб келди. Бу ҳоҳ Ироқ ва ё Сурия бўлсин ёки Миср бўлсин ҳамма жойда уларнинг изларини кўрамиз.

Жалолиддин қўшини салибчиларга қарши курашиб, уларни яксон қилгани ва Қуддусни (Иерусалим) забт этганлари ҳақида ҳам ишончли маълумотлар бор. Яна энг таажжублиси, бутун араб ўлкаларини мўғул истибдодидан сақлаб қолган Миср мамлук султони ҳам — аслида Жалолиддиннинг изсиз ғойиб кетган жияни Муҳаммад Қуттуз эди. Муҳаммад Қуттуз ҳалига қадар арабларнинг миллий қаҳрамони даражасида улуғланади, унинг жасорати ҳақида кўп асарлар битилган, фильмлар суратга олинган ва ҳатто болалар учун махсус мультфильм ҳам ишланган.

Айтганимдек, ана шундай қудратли ва улуғ ўтмиш дом-дараксиз кетиши мумкин эмас, ришталар албатта сақланиб қолади. Агар мен асарим орқали мана шу ришталарнинг бир заррасини бўлса ҳам кўрсата олган бўлсам, жуда бахтлиман.

Би-би-си: Шаҳодат, қизиқарли суҳбат учун катта раҳмат! Ижодий парвозлар тилаб қоламиз!

Манба: BBC O’zbek xizmati

078

Шаҳодат Улуғ
«ЖАЙХУН ЭПКИНЛАРИ» АСАРИДАН ПАРЧА
04

Пок  “Ихлос” ичида Улуғ Тангрига юкуниб бошлайман…

Муаллифдан:

Жалолиддин ўлим қутқусини писанд қилмасди; бу ожиз ҳисни у йўқлик қаърига улоқтира олганди. Аслида қўқув унга чикора эди. Илло, қалтис вазият ичида битилган тақдири ёлғиз Оллоҳнинг измида эди. Гарчи ботмон-даҳсар юкни елкасига ортган эса-да, Жалолиддин ўзидан кўнгли тўлиб юрарди.

Мен бирдан ўзим билан ўзим чиқишолмай қолдим… Аллақандай маҳобат ичра йўқлик қаърига сингиб борардим. Аслида фаромуш эдим ва савдойи қуюнлар рақс тушмакда эди менинг ичимда.
Ичимдаги бу қуюнлар мени қоқиб ташлади…

Ватан, Она юрт жамоли… Соғинчдан кўра қўмсаш кучлилик қилди. Айни чоғ шу фавқулодда ҳолимда мен бутун ҳаётимни яшаб тугатиб, Жалолиддин ҳаётига кўчиб ўтдим. Илло, Она юрт тупроғини кўзга суртиш менинг-да орзуим эди…

Йигитлик қуввати билакларига сиғмай қайнаб-тошган, шиддати эса елкаларида бўртиб чиққан Жалолиддин таҳликаларга тўлуғ ҳаётини яшаб ўтарди. Даври даврон дорулсалтананинг, Помиру Тиёншонгача, Форс кўрфазидан Фирот ва Дажла дарёлари қадар ўз таъсирини ёйган Хоразмшоҳлар салтанатининг сўнгги ҳукмдори — Жалолиддиннинг руҳий қуввати ва шижоати қаршисида ҳатто енгилмас Чингиз-да донг қолган эди. Мен эсам баайни унинг ҳаётини ичимда ташиб юргандек эдим. Яшириб нима қилдим, унинг жасоратларга тўлуғ ҳаёти менинг нурай бошлаган деворларимни ўнглаб қўйганди. Унинг каби қатъият соҳиби, унинг каби ўз эътиқодига содиқ ватанпарвар, унинг каби акобир ва руҳий қуввати зўр, маънавий даҳоcи ҳар дам, ҳар қачон пешонамга юртим эпкинларини пуркаган Зотни ҳали кўрган эмасдим. Шуни англаб етган лаҳзалардан бошлаб, мен ожиза ўз ҳаётимни буткул унутиб, унинг ҳаёти ила яшай бошладим.
Мен бундай пайтларда ўзимни тамом бошқача сезаман. Аниқроғи — чинакамига яшай бошлайман. Чиндан ўз ҳаётимни унутиб, унинг ҳаётини яшай бошлаган эдим. Ва бу ғайритабиий ҳолдан сира қутула олмадим. Англаганим шуки, менинг бу ҳолатим ҳали жуда узоқ давом этгуси…

1. Долға ичидаги дарға

Олдинда от суриб кетаётган хос навкарлар шамоллар қутқусини писанд қилмасди. Уларнинг нафари етти эди. Етти нафар ҳарб қалқони… Ҳар бири-да елкадор, чайир ва ҳам билаклари ботмон каби йўғон.
Элдегиз, Толиб Сарбон, Субҳонқули, Довудўғли, Собитқоя, Ҳолид Замон ва Бадр Урхон…
Уларнинг ҳар бири ўз исмини саваш майдонида мислсиз жасорат туфайли қўлга киритмиш. Уларнинг ҳар бири айрича ва барчаси баробарига Жалолиддинга тоабад содиқ навкар эди.
Нарида Жалолиддин, Ўзлоқшоҳ, Гурсанжти, уларнинг кетида эса бир туман сарбоз шаҳзодаларни қўриб боришарди.

Отлар тумонатидан ўрлаган тўзон ортда қолиб кетди.
Ўзи билан ўзи чиқишолмай қолган биёбон отлар дупурини писанд қилмас, чунки дайди қуюн рақс тушарди унинг қўйнида.
Сарбозларига дарға бўлиб от сурган Жалолиддин қуюн қўпган долға ичида жим кетар эди. Ҳолбуки у бу димоғдор эпкинлар маҳобати ичра тутдек тўкилиб, йўқ бўлиб бормасмиди?!
Худди телба шамол каби исён кўтарган кўнгил харобаларида унинг ўзи хор эмасмиди?!

Бегуноҳларнинг қонини беаёв тўккан, ҳатто бешикдаги гўдакларга шафқат қилмаган Чингиз Мовароуннаҳр кентларини забт этган эди… Бу қирғинбарот ишғоллар Жалолиддин жисми жонида гулханлар ёқди, бу олов тиллари унинг жонига азоб беришини қўймасди.
Аслида у ўз ҳаётини яшаб ўтмаётгандек эди. Ва унинг бу дилгир ҳоли кишида тушкун кайфият ўйғотар эди. Атрофидаги дашт ҳам, биёбон ҳам худди унинг каби кўримсиз эди.
“Чиғатой қамал қилган Ўтрор нега бу савашдан омон чиқмади? Йўқса қалъа ҳимояси учун етарли куч ташланмадими?” Бу ўй уни омон қўймади.

Ордан кўп ўтмай Жўжи Сайҳун этакларини забт этди.
Бинокат ва Хўжанд Олоқнўён ҳамда Сукету Чэрби сарҳанг томонидан эгалланди.
Мовароуннаҳр юраги — Мароқанд, Бухоро ва Гурганжни маҳв этишни эса Чингиз ўз маъсулиятида қолдирди.
Жалолиддиннинг нур шимган пешонаси офтобда тиришди. Томирлари узилиб, гўё унда тириклик қони тўхтаб қолганди. Шунда у бирдан ҳушёр тортди. Қирғоғидан тошган тўлғама, жон қонатган уқубат, ҳатто ўз вужуди юрагига мустабид чиқди.

Унинг кўз ўнгида қилич қайраган муҳораба ўлим манзарасини чиза бошлади… Қамал қилинган шаҳарлар ташқи оламдан мутлақ узилиб, отасининг кучлари буткул қирқилди ва шунда у аянчли интиҳони англаб етди.
Бухоро ўт ичида ёнди! Мароқанд ҳалокат ёқасида қолди. Чингиз бир ҳамла билан уни эгаллади.
Жалолиддин оғриниб атрофига қаради. Олдинда кетаётган Элдегиз яна отига қамчи солди. Иситмаси ошган қум ўпқонлари эса отлар дупури остида шиғиллаб оқар эди. Энди савдойи шамол тинган ва биёбон тинчиб қолганди. Аммо ҳар тарафини мустамлака ўлик сукунат ўраб олганди.

Бу жуда таҳликали ҳол эди.
Ва ваҳм қўзғарди кишида.
Атрофни чулғаган сукут чойшаби Чингиз жосусларини ўз домида яширгандек. Хоннинг хуфялари гўё қум ўпқонлари қатида пусиб, хиёнаткор нигоҳлари билан султон Муҳаммад Хоразмшоҳ ва шаҳзода Жалолиддин босган ҳар қадамини кузатув билан машғул эди. Шаҳзода аллақандай тарқамас куйит домида ўртанди, ичида қўзғолган довуллар уни беомон қийнади. Отасининг ўз жони ташвишида пана-пастқамда пусиб юриши ғанимига қўл келди. Бу ҳол шаҳзоданинг сабрини ниҳоясига етказди. ”Бу бутун Мовароуннаҳрни Чингиз қўлига ўз ихтиёри билан топшириб қўйиш эмасми?!” Шу каби зулмкор ўй уни исканжага олди.

Қўллари от тизгинини маҳкам ушлаб кетаётган эса-да, хаёллари Дашт шамолларида совурилиб борарди. Шу тоб онасининг айтганлари эсига тушди: “Ёғий қилич қайраб турган таҳликада салтанат дарғасиз қолди. Юртни қўришга сен ҳақлисан. Ҳали кеч эмас. Ёвга ён босма! Қиличингни қўлингда маҳкам тут, ўғлим!”
Ҳаётда шундай хатарли онлар бўлади, кўнглингда кечганини бировга айтишга ботинолмайсан. Ҳижолат чекасан. Сўнг хавотир устига жон титратган хавф ёвдек бостириб киради. Ўша хатар жонингни олов гулханида ёқиб боради. Бу гулхан, бу оташ сели нега сира сўнмайди?

Кеча у жуда нохуш туш кўрганди…
Атрофни қиёмат қўпган эди. Мўғул галаларининг қийқириқлари эса оламни тутиб кетган. Чингизхон борлиқни жаҳаннам ўтида куйдириб, Мовароуннаҳр аҳлини пойига тиз чўктирди. Олдинда шаҳзодалар, кейинда волида Туркон, унинг ёнида тақвосини кўксида қучган султоннинг танҳо ва суюкли қизи Хон Султон, нарида эса аҳли аёллари саф тортган эди. Қуйида Хоразмшоҳнинг жория ва ғуломлари бу саҳройи хон пойида тиз чўкишди.

Аммо не тонг, не иштибоҳким асир олинганлардан на сас, на садо чиқди.
Чингиз бу не ҳол эканини суриштирган чоғ хос навкари унинг қулоғига шивирлади:
— Тили учида беомон айланиб, сўнг ичкарига қайтиб кетган бир муборак сўзни алар юраклари қатига яширғон.
Бундан ғазабланган хон уларнинг кўксини ўйиб, юрак қатига яширинган бу қай сўз эканини билишни ихтиёр этди:
— Аларнинг кўксини ёриб, юрагини қўпоринг, токи қаърида қай сўз яширин эканини кўзларим кўрсун!
Аввал ғуломларнинг, кейин жорияларнинг юраклари кўкрагидан ўйиб олинди, сўнг Султонннинг аҳли аёлларига навбат келди, сўнгра эса Хон Султон юраги қаттол қўлида беомон қонади. Ва якунида волида Туркон Хотуннинг кўкси қўпорилди.
— Улуғ Хон, танҳо Хотун юраксиз чиқди.- дея маълумот берди Туркон кўксини ёриб, юрагини қўпорган қаттол.

Алалхусус бу ҳодисадан Чингизхон донг қотди. Туркон Хотун юраксиз эди.
Улар юз нафар муслим эди. Тўқсон тўққизнинг юрагида Оллоҳ исми яширин эди. Фақат Хотун юраксиз эди. Танҳо Туркон Хотун юраксиз чиқди.

2. Хоразмшоҳ талвасаси

Жалолиддин тушининг хотимаси жуда аянчли эканини англаб, азоб ичида қолди. Ҳузурига бостириб келган ўлим шарпаси билан юзлашгандек эди, аммо умид қалқонлари қўл чўзиб турарди. Ўша умид уни хатардан омон сақлаб қолганди.

Йўлида қайта кўринмоқ учун йўқолиб бораётган сароб ўз тилсимини яна намойиш этиш учун тўлғона бошлади. Сароб қалқиган йўлининг эса адоғи ҳеч кўринмас эди. Бу йўлларда тортган азоблар эса ҳеч аримасди.

Ҳаётда шундай қуёшсиз ва дилгир кунлар ҳам бўлади. Ва инсон бундай кунларни ҳеч унутолмайди. Аммо йўллар адоқсиз, бунинг устига сўқмоқсиз кўринса-да, кишини мудом тўғри йўлга етаклаб боради.
Уфқ оша ёйилган қуёш тикка кўтарилди. Завол билмас эпкинлар эса Даштга ўзини даҳлдор сезиб эсаверди. Шунда Жалолиддиннинг кўз ўнгида шамол оқимига қарши от суриб, ғанимидан қочиб бораётган отаси кўринди.
У жуда жонсарак эди. Хоразмшоҳ талваса ичида эди.

Мароқанд ҳалокати отасини таҳликага солганди. Муҳорабаларда мудом зафар қучган Хоразмшоҳ ҳалокат нелигини илк бор юрагидан ўтказди. Бир силтов уни тутдек тўкди. Бу силтов хароб ҳолига мувофиқ тушиб, уни ерпарчин қилиб юборди. Аслида қирғоқларидан тошган айни шу саросима Мовароуннаҳрнинг парокандаланиб, аёвсиз маҳв этилишига сабабчи бўлмадими?!

Султон ўз салтанати атрофида қарор топган вазиятни оғир-босиқлик билан мушоҳада этиб, мувофиқ чора топа билмади.
Қалбида хоразмшоҳлар қўри-қуввати сўник, ғужурсиз бу шаҳаншоҳ муҳташам дорулсалтана калитини мўғуллар ихтиёрига ўз қўллари билан топшириб қўймадими? Ундаги бу сустликни тепадан қулаб тушган кимсанинг карахт ҳолига менгзаш мумкин эди. Султоннинг айни мана шу ҳоли Чингизга қўл келди. Ўшанда хуфялари унга хабар олиб келишганди.
— Улуғ Хон, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, сизга бир хабарни етказгум!
— Дарҳол сўйла.- ғижиниб амр этди Хон.
— Хоразмшоҳ хос лашкарлари қуршовида Жайҳуннинг нариги қирғоғига ўтиб кетмиш.

Мароқанднинг маҳв этилганини эшитиб, таҳликада қолган султон хос лашкарлари қуршовида омонлик учун манзил истамоқда эди.
Чингизхон ўттиз минг лашкарга Жеби ҳамда Субутойни бошчи этиб тайинлади:
— Хоразмшоҳни тириклайин қўлга киритгайсизлар, анинг билан ҳисоблашадиган айрича ҳисобим бордур!
Чингиз галалари султонни таъқиб этиб Жайҳун қирғоғида муттасил изғиди.

3. Шумхабар

Хоразмшоҳ кўнглини ҳаловат тарк этган, айни пайтда унга жон ташвиши барчасидан афзал эди. Ичкари ошённинг эшиги очилиб, жарчининг овози эшитилди:
— Диққатли бўлинг, султон Муҳаммад Хоразмшоҳ онҳазратлари!
Атроф сув қуйгандек жим-жит эди: шаҳаншоҳ ҳузурида тизилган сарой аъёнлари қуллиқда бош эгди.
Ниҳоят, Хоразмшоҳнинг залворли қадамлари эшитилди. Султон шаҳдам қадамлар билан тўридаги тахтга бориб ўтирди, аммо унинг ҳовури паст, кўзларидаги чўғ эса сўник эди.

Оғабеги Хумор Ағу алланечук бир хавотир ичида султондан азмойиш олди. Кўрдики, султон жисман тетик кўринса-да, руҳан синганди. Юзи сўлғин шоҳнинг қорачиғида эса совуқ қўрқув зоҳир эди. Ўша қўрқув кўзлари шишасида мунг бўлиб қотиб қолганди.
Лашкарбоши журъатсиз алфозда кўзлари ер чизган ҳолида турарди.

— Оғабеги Хумор Ағу?! — Хоразмшоҳнинг бўғиқ овози ошёнанинг шифтларига бориб урилиб, сўнг атрофга қайтди.
Лашкарбоши ҳали ҳам тили кесилган кўйи тек қотиб турар эди.
— Санга не бўлган, оғабеги?!
Хоразмшоҳ кўзларининг қири билан унга назар ташлар экан, гапирилажак мавзу ниҳоятда муҳим эканлигини ҳис этиб жаҳл билан:
— Яқинлаш, Хумор Ағу, англат! — дея амр этди.
— Бир мавзу бордир онҳазратим, унин юзиндан …
— Қулоғим сендадур.
— Фақат буни қай йўсинда айтмоқни билмаётирман…
Хоразмшоҳнинг сабри чидамай ўшқирди:
— На бу ҳол? Дарҳол сўйла!
— Бир қошиқ қонимдан кечинг, шаҳаншоҳим. Ҳижолат ичидаман. – Хумор Ағу пешонасида униб чиққан шудрингларни сидириб, кейин султонга қаради: — Онҳазратим! Ғазабингизга дучор этманг мани! На бўлганин англатаман!- томоғига нимадир тиқилган каби оғир ютиниб, кейин яна гапира бошлади: — Чингиз Сизнинг бул томонларга Жайҳун кечиб ўтганингиздан хабар топмиш.
— Яъни…
— Ул баттарин хон Субутой ва Жебини бошчи этиб, саноқсиз лашкарларини Сизнинг кетингиздан жўнатмиш.
Хоразмшоҳ ўтирган жойидан туриб, ошёнанинг у ёғидан бу ёғига бориб келди.

Хумор Ағу султон кетидан итоаткорона эргашди.
Султон орқасига қайрилмай сўзлади:
— Хўш, ундан кейин?
— Хон аларга Сизни тириклайин тутиб келмоқни буюрмиш.
-…
Хумор Ағу жимиб қолган султонга бошқа гапирмоққа ўзида журъат тополмай, тилини тишлаб қолди.
Хоразмшоҳ ҳали ҳам ошёнанинг тўрида, орқасига қайрилмай деворга тикилган кўйи дили ғорат, паришон турар, нигоҳлари қўним топа билмай тентирар эди. Ниҳоят у юриб бориб, тахти равоннинг ёнида тўхтади, аммо қайтиб жойига ўтирмади. Безовта ва асабий бир тарзда у ёқдан бу ёққа бориб келди.
Хоразмшоҳ хаёлан сўзланди: “Эй воҳлар бўлсин тағин! Ман дарёдан жудо, Жайҳун оқар мотамсаро…”
Дарё кечиб Хоразмшоҳ қулоғига етиб келган шумхабар аъзойи баданини музлатди ва султон карахт ҳолда қолди.
Аъёнлар қаторида қўл қовуштириб турган добир Имод ал-мулк Тожиддин Жомий сўзлади:
— Зудлик билан эҳтиёт чораларини кўрмоқ жоиздур, шоҳим.

Хоразмшоҳ амр этди:
— Огоҳ бўлинг! Барча зудлик билан машваратга чорлансун!
— Амирларига мунтазирмиз!
Хумор Ағу султоннинг ёнига итоаткорона етиб келди. Хоразмшоҳ унга қараб фармон этди:
— Диққатли бўл, оғабеги!
— Буюринг, шаҳаншоҳим! Амр этинг, илло икки қулоғим Сиздадур.
— Жамики сарой аъёнлари, шаҳзодаларни огоҳ эт, илло эртанги кун ҳузуримда бўлсинлар!
— Амрлари бош устина, шаҳаншоҳим! Не лозим бўлса, тадоригин кўргаймиз!
— Иловатан, бир кўзинг қўшинларда, бир кўзинг дарёда бўлсин!
— Амр этганингиздек, шоҳим!

4. Уйқусиз кеча

Султон кибрга ортиқ берилганини ҳис этди, аммо энди кеч тушган, бу зулмат қоронғулигида кундуз кунга етмоқлик душвор эди. Аммо жуда олисларда бир умид шами элас ёниб турарди…
Уфқ четида чирой кўрсатган ой мағриб томон инди, тун эса иккинчи ярмига қараб оғди. Султон ётган жойидан илкис туриб кетди. Кенг ва муҳташам оромхона шамлар ёруғида чароғон эди.
Султон саломхонага ўтди. Кошонанинг поёнида мудроқ турган эшик оғалари сергакланган, улар Хоразмшоҳга қарамоққа журъат этмасдан қуллуқ қилган кўйи қимир этмай, ҳайкал мисол қотиб турарди. Султон уларга қарата амр этди:
— Кетмоққа рухсат, бўшсизлар!
Улар ортга тисарилиб, чиқиб кетишди.

Хоразмшоҳ ёлғиз қолди. Ич-ичидан бир азоб жонини сиқувга олиб, тошиб келди. У талваса ичида оғир ютинди, қўлларини пешонасига олиб бориб, оғир уҳ тортди. Толеъсиз шоҳ ўз хотимаси аянчли эканини ҳис этиб титради. Қаърида мислсиз, ҳеч адо бўлмас дард қўзғалган эди унинг. Ҳаяжонини босмоқ учун оғир ютунди, сўнг юзини сўл томонга бурди. У ғилтиллаган алам ва ўкинч ёшларини сидириб ташлар экан, бошидан тўпиғига қадар қўзғалган титроқни босиш учун муштини тугди. Унинг бу ҳоли Хоразмшоҳ эркига сира қовушмаса-да, қадди оғиб, бир куч унинг кўз ёшларини соғди. Унинг қайғуси мислсиз эди. Бу — инқирозга юзтубан тушган Хоразмшоҳ ҳалокати эди аслида.

Ҳукмдор қудрат ва шавкат соҳиби бўлмоғи учун ҳокимиятни қаттиққўллик билан бошқариши лозимлигини англаган, аммо унда адолат ҳисси етишмас эди. Унда қатъият етишмас эди. Кўз илғамас олислардаги юртларни-да ўз забтига олган бу салтанат сарҳадлари бутун Оврупа ҳудудига тенг келарли даражада кенгайган эди. Салб юришлари даврида Ғарбий Оврупа давлатларининг умумий қўшини эллик минг сара аскардан ташкил топган бир пайтда Хоразмшоҳ ихтиёридаги тўрт юз минг аскар унинг амрига шай турарди. Аммо cултон ўз ворисларини салтанат боқий гуллаб яшнаши учун бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат яшамоққа ўргатмади… Дорулсалтанада қабоҳат ва зулм авж олди.
Ёввойи қабилаларни жамлаб, бутун ҳудудни бирлаштирган Чингизхон эса уни бошидаёқ доғда қолдирди. У Хитойни забт этган эди.

Қорахитойлар эса Қушлуқ бошчилигида Чингизхонга қарши исён кўтарди. Хоразмшоҳ қорахитойларни дастаклаб, уларга яширин қўллов жўнатди. У шу йўл билан Мовароуннаҳр сўл қанотини мўғул чангалидан тозалаб, Чингизхоннинг шарққа бўлган даъвосига чек қўйиш илинжида эди. Аммо Чингиз йигирма минг лашкар билан исённи аёвсиз бостирди. Бу ҳол Хоразмшоҳни жиддий ташвишга солди, боз устига онаси Туркон ўз қавмидан бўлган кўп сонли қипчоқий сарбозларига таяниб, ўғлига қарши фитна уюштирди. Бу фитнадан омон чиққан султон барибир таҳликада эди, чунки унинг пайтавасига қурт оралаганди. У лашкарбошилари орасида ўзига қаршилари борлигидан гумонда юрган, фитнадан сўнг эса унга барчаси аён бўлди. Энди у ўз лашкарбошиларига ишонмай қўйди.

Султон мавқеини сақламоқ учун қўшинни бир неча қисмга бўлиб, Мовароуннаҳрнинг турли ҳудудларига жўнатди. Натижада қудратли кучга эга бўлган қўшин Чингиз босқини арафасида парокандаланиб қолди. Ўтрор воқеаси эса Чингизнинг Мовароуннаҳрга юришига зўр дастак бўлганди.

5. Жон қайғуси

Кеча оқшом мавжланиб чиққан ой мунғайиб ботди. Тонг отгач, шамол ҳам атрофга ваҳм солиб қўзғалди. Ўқтин-ўқтин тўзон кўтарилган чоғ совурилган барги хазонлар шамолларда тўзғиди. Уйқусиз тонг оттирган Муҳаммаднинг нигоҳлари ошёна ичида тентирарди.

Эшик очилиб хоснавкари кўринди.
— Шаҳаншоҳим!
Хоразмшоҳ ортига бурилиб қаради.
— Кел, Ўзлоқ!
— Хайрли тонглар бўлсин, шоҳим!
— Хайр, хайр келсин, Ўзлоқ!
Навкар кўрдики, ҳукмдорнинг юзида хайрдан нишона йўқ, у жуда ғариб ҳолда эди. Юзининг қони қочган, кўзидаги чўғ эса буткул сўник эди.
— Ижозатингиз билан нонушта киритсалар!
Султон бош ирғади.
Дақиқа ўтмай қўлларида кумуш патнис тутган жориялар кетма-кет нонушта олиб киришди. Улар ҳукмдор ҳузурини тарк этгач, ичкарида фақат қўллари кўксида турган Ўзлоқ қолди.
— Ўзлоқ!
— Буюринг, шоҳим.

Хоразмшоҳ томоғини қириб, вазмин бир оҳангда сўйланди:
— Бу тун жуда кайфим қочди.
— Ҳолингизни тушинмакдаман.
— Ойлар ичида хайрли хабар кутдим.- Хоразмшоҳ нигоҳини Ўзлоқдан узиб, гўё ўзига ўзи гапираётган мисол сўзланди, — аммо кутиб чарчадим.
— Илло, хайрли кунлар келгайдур, шоҳим! — Ўзлоқшоҳ далда берган бўлди.
— Ёлвордим, юкундим!
— Бир кун ҳузур келадур.
— Шукурлар қилдим, умид ичида яна хуш хабар кутдим. Вале энди умид мани тарк этди.
— Бир кун келажак, қоронғу йўлингиз ойдин бўлажак!
— Омин! — Хоразмшоҳ тушкун ҳолда яна сўзланди.- Ва лекин ҳолимизнинг ҳолати аёндур.

Султон бироз жим турди, кейин яна гапида давом қилди.
— Фикрингни билмоққа бир мавзу бордур. Энди бу ерларда қолмоқ душвордир. Энди…- Султон гапини тугатмай, Ўзлоқнинг ташвишли юзига тикилиб қолди.
— Буюринг, шаҳаншоҳим.
— Йўл тадоригин кўргайсан.
— Уқдим, амр этинг.
— Нишопурга қараб йўл тадоригин кўргайсан.
— Англадим, шоҳим.
— Нишопур орқали Қазвинга ўтгаймиз.Ундан нари… сўнг, Ҳазор денгизининг Ашур ада оролига етиб олғаймиз.


6. Чорасиз машварат

Тожиддин Жомий бу орада дастурни машваратга чорлаганди. Чорловга кўра аъёнлар, шаҳзодалар, оғабеги, сипоҳсолар, соҳиби жайш, амир ул-умаро малик Хоразмшоҳ ҳузурида тўпланган эди.
Султон умидвор эди; у Мовароуннаҳрнинг ҳали Чингиз оёғи етмаган чекка ҳудудларига кўз тиккан эди. Салтанат ҳалокат ёқасида турган таҳликали кунларда у шу тариқа жон ташвишида қайғурарди.
Хоразмшоҳ неча асрлик муҳташам дорулсалтанага тўғаноқ бўлган Чингиз босқинига қарши барчани оёққа турмоққа даъват этди, аммо унинг даъватида ўктамликдан нишона йўқ эди:
— Бутун Мовароуннаҳр таҳлика ичинда. Бухоро ўт ичида ёнди. Мароқанднинг кули кўкка совурилди.- Султон бўғзига бир нима тиқилган каби қулт этиб ютунди. Орага таҳликали жимлик чўкди. У аъёнлари ва фарзандларига қарата яна деди:
— Бу кун эса Чингиз Хоразмга таҳдид солиб турипти. Хоразм бу савашдан омон чиқмоғи гумондир.

Хоразмшоҳ тахтдан тушиб, добири Тожиддин Жомий ёнига келиб тўхтади.
Шоҳнинг муштлари тугилган эди.
— Энди Чингиз оёғи етмаган ҳудудлар, хусусан Хуросон, Ироқ ва Эрон мустаҳкам бир ҳимояга шай турсин. Қалъалар мустаҳкамлансин. Тарқалиб кетган лашкар жамлансин…
Шунда Жалолиддин отасига қараб деди:
— Ҳақ гапни айтдингиз, онҳазратим, айни таҳликали замонда кучларни бирлаштирмоқ фурсати етди. Маълум, аёвсиз жанг бўлиши муқаррар, аммо биз шу беаёв савашдан музаффарият туғини баланд тутиб, омон чиқмоғимиз даркор. Тарқалган кучларни бир муштимизга тугал қилиб жамлайлик.
Хоразмшоҳ шаҳзоданинг гапларини сукут ичида тинглади.
— Биз муқаррар ғалаба қозонайлик, бул ғалаба маъжусийлар истилосига метин қалқон каби тўғаноқ бўлсин. Зеро интиқом қарори шу йўсинда амалга ошгуси. Зотан Буюк Хоразмшоҳлар қонини қайнатиш ва жабрдийдалар жонини қонатиш интиқомсиз қолмаслигини ёғий ўз кўзлари билан кўриб, амин бўлсин.

Шаҳзода гапида давом этди:
— Хоразм ҳалокат ёқасинда тургани аёндур! Аммо Хоразм таҳликада эркан, биз қараб турмагаймиз!
— Анинг мушкулоти елкамизни эзиб, қалбимизни қўпормоқда.
— Бу чиндан мушкулдир.
— Англат фикрингни…
— Модомики, мамлакат ҳалокат ёқасинда экан, бир шаҳзода ўларак буни кўрмоқлик ман учун ҳам оғирдир. Бунинг чора ва тадбирлари зудлик билан кўрилмоғи даркордир, шаҳаншоҳим!
— Ҳолимизнинг ҳолати аёндур! – Хоразмшоҳ шаҳзодага уқтирган бўлди.
— Аммо чора кўрилмаса, ҳолимизнинг ҳолати ўнгланмагай. Бухоро қўлдан кетди, Самарқанд яксон этилди. Қамал қилинган кентлар ташқи кўмакдан қирқилди. Бас, энди қолган кучларни жамлаб, Хоразм ҳимоясига шайламоқ лозимдир.

Хоразмшоҳ ваҳм ичида эди.
Унинг узоқни кўра олмаслик ва калтабин сиёсати бутун Мовароуннаҳрнинг паокандаланишига олиб келди. Мамлакат ҳалокат ёқасида турарди.
Машварат сўнггида у йиғилганларга юзланиб деди:
— Мовароуннаҳрнинг Чингиз оёғи етмаган ҳудудларига эътибор қаратиб, аларни ҳимояга шай этайлик. Хусусан, Хуросон ва Эрон ҳамда Ироққа жами кучлар йиғилсин.
Ваҳм босган Хоразмшоҳнинг қулоғига шаҳзоданинг оқилона сўзлари кирмади.
Султон Нишопур орқали Қазвин шаҳрига ўтмоқни режалади. Унинг бу тахлит нияти Жалолиддинни қаттиқ ранжитди.
— Агарким анинг қарори рост бўлса, агар Султон шундай бир қатъий ҳукм чиқарган экан, манга лашкарларини қолдирсун. Ман Жайҳун қирғоғида туриб, газандаларни Хоразм томонларга ўткармагайман.
Султон шаҳзоданинг бу таклифини жавобсиз қолдириб, Нишопур орқали Қазвинга йўл солган эди.

7. Дилбандидан жудо Хоразм

Уфқ четида балқиган шафақ шикаста нурларини битта-битта йиғиштирмоқ тарарддудига тушди. Баайни шом тушган чоғ ғарибгина бир аравага торғил отлар қўшилди.
Ой уфқ қошидан қўрқа-писа таҳлика ичида мўралаб чиққан чоғ улар довон ошиб ўтишган эди.
Даралардан намлик кўтарилди. Тепадан сакраб-сакраб, жилолари таралиб оқувчи сой ортда қолиб кетаётир. Омонлик учун манзил истаган, устига жулдур кийим осган ғариб кимса ортига музтар тикилиб боқди. У киндик қони тўкилган муқаддас юртни кўзи қиймай, чорасиз ташлаб кетмоқда эди. Бу жулдур кийимли ғариб олисларга томон равона кетаётир эди. Мана, у боз-қайта, аммо сўнгги бор ортига боқди. Ортида қолган муштипар Хоразм дилбандига қўл силтаганча мотамсаро қақшаб қолганди.

Ҳур шамоллар унинг серсоқол юзини силади, сўнг дардчил руҳини юлқиб тортди. У оғир ютунди, ором топмаган кўнгли баттар ғашланиб, ҳаял ўтгач арава четида донг қотиб ухлаб қолди.
Улар Нишопур томон йўл солган эди. Мўғуллар таъқиби бу ғариб кимсаларни баттар исканжага олди. Ва алалоқибат Хоразмшоҳ Эрон орқали Ҳазор денгизининг Ашур ада оролига бориб яширинди.

8. Интиқом қарори

Аммо Жалолиддин интиқом қарорини битгани чин эди. Шаҳзода момоси Турконга мактуб битиб, айни таҳликали замонда ўзаро рақобатда бўлган кучларни бирлаштирмоқ лозимлигини уқтирди.
Хоснавкар Жалолиддин битган номани Турконга олиб кирди:
— Эшик оғаси! — чақирди Туркон.
— Амрингизга мунтазирман!
— Дарҳол вазирни ҳузуримга чорлагайсан!

Малика ҳузурига кирган вазир қуллиқда сўзланди:
— Маликам, чорловингизга кўра ҳузурингиздаман.
— Санинг билан маслаҳатлашадиган бир мавзу бордир.
— Қулоғим сиздадур, маликам…
Маликанинг қўлида Жалолиддин битган мактуб бор эди.
Хоснавкар тутган номани вазир олиб ўқий бошлади:
“Бек Онам, Мовароуннаҳр ҳалокат ёқасида турур. Бухоро ва Мароқанд эса қўлдан кетди. Аммо ҳали умид шами сўнгани йўқ. Гарчи Шаҳаншоҳимиз юртни тарк этган эса-да, Мовароуннаҳрни қўримоқ манинг-да бурчим. Бирлашайлик. Тарқалган кучларни бир муштимизга жамлайлик. Зарбимиз кучи мўғулларни титратсин. Бирлашиш вақти етди, Бек Онам!”

Вазир мактубни ўқиб бўлгач, маликага қаради.
— Нечун сукутдасан, наҳот айтажак гапинг бўлмаса санинг?! — Турконнинг нигоҳи вазирга қадалди.
— Маликам, маъзур тутинг, аммо шаҳзода Жалолиддин ҳақ гапни битмиш.
— Кейинги ҳамла Хоразмга қаратилгани аён.-деди Туркон саросима ичида.
— Чингиз катта куч йиққани ҳам рост.
— Бундан омон чиқмоқ мушкулдир.
— Бу чиндан қалтис вазият, локин кучларни бирлаштирмоқ лозимдир.
— Яъни?
— Яъни шаҳзода Жалолиддин фикрига қўшилмоқ бирдан-бир ақлли чора бўлур.
Туркон титради, у ўрнидан туриб кошонанинг у ёғидан бу ёғига бориб келди.

Вазир кўрдики, Турконнинг асаб торлари таранг тортилган, у маликага ташвиш тўла нигоҳларини қадаган кўйи жим қолди.
Туркон Хотунга жон қайғуси қутқу солмоқда эди. Ҳануз телба қайғу унинг бошига тушган экан, далли хаёлидан бу савдойи ўйни чиқариб ташламоққа ўзида куч топа билмади. Хотун жон қайғусининг бандиси бўлди. У таҳлика ичида ёнар экан, матлуби унут хотирасини тупроққа кўмиб, мўғул аталмиш офат ҳали оёғи етмаган гўшаларга кетишни ихтиёр этди. Ўғли Муҳаммад каби унинг-да оғриқли боши фақат Хоразмни тарк этиш фикри билан банд эди.
Аммо ҳар не бўлганда ҳам Хоразмшоҳлар фожеаси ҳали ниҳоясига етмаган эди…

9. Чингиз номаси

Туркон Хотунни кўпдан нишонга олиб юрган Чингизхон эса, ниҳоят, пайт пойлаб малика ҳузурига элчиларини жўнатди.
Элчи Турконга Хон номасини узатди. Номада, жумладан, шундай битиклар битилмиш эди:
“…Мен ўғлинг Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг яхшиликни билмаслигини эътироф этгум. Магар Сенга нисбатан хайриҳоҳ эканлигимни ҳам билдириб қўйгум. Ва шул сабабдин Хоразмни тарк этмаслигингни сўрайман. Фурсатлар ўтғоч, кенг Хуросонни сенга тақдим этгум. Бул гапларимға инонмоғинг учун, бул сўзларимнинг тасдиғи сифатинда хос одамларимни сенинг ҳузурингда қолдиргум.”

Нома жавобсиз қолдирилди.
— Ман бунга зинҳор кўнмам, ман унга бўйун эгмам. – дарғазаб титради Туркон.
Ўғлининг Мовароуннаҳрни тарк этганини эшитган Хотун буткул таҳлика ичида эди. Ана шундай аросатли кунларда қувғинликда юрган ўғли-да онасига мактуб йўллаган эди.
Хоразмшоҳ мактубида онасини аҳли аёллари ва фарзандлари билан Мозандарондаги Илок қалъасига яширинишга даъват этган эди.
Малика Эрон томон ошиқди.
Олисда бир шарпа кўринаётир; бу мудҳиш шарпа Туркон кўнглига мислсиз қайғу ва тарқамас ваҳм соларак тобора яқинлашиб келаётир эди. Саросимада қолган Туркон амр этди:
— Оғалар!
Маликанинг таҳликали овозини эшитган оғалар ичкарига киришди.
— Ҳузуримга вазирни чорлагайсизлар.
— Амрингиз вожиб бўлгай!

Вазири аъзам малика ҳузурига кирганда Туркон унга қараб фармон берди:
— Йўл тараддудини кўргайсан.
— Англадим, маликам.
— Мозандаронга…
— Андишаланманг маликам, тушундим, илло барчасини тўкис уқдим, маликам.
— Боғистон йўлиндан кетгаймиз. Илло тоғ қоялари ортинда жойлашган Илок қалъасига бебошлар галаси етиб боролмагай.

Юксаклар сари бўй чўзган тоғ орасида бунёд этилган Илок қалъси бағоят мустаҳкам қалъа эди. Бу забардаст қўрғонни забт этиш жуда мушкул юмуш эди.
Матлуби даврон хотирасини Хоразм остонасига кўмиб, бир дунё бойлик орқалаган шуҳратпараст Туркон олис йўлга отланган эди. Аммо унинг хаёли жойида эмас: унда ваҳм ва қўрқув ғолиб, ҳар ёнида аждаҳонинг ҳамласи қутқу солиб турарди. Аён, аждарҳо кўпдан унга тиш қайрагандир. Икки ямлаб бир ютмоққа шай турган бу юҳонинг ҳамласига дош бермоқ учун Турконга шерюрак даркор эди. Аммо бу юрак унда йўқ, суянган чинор тоғи Муҳаммад Хоразмшоҳ эса олисларга мутлоқ яширин, ғойиб кетганди.

10. Туркон таҳликада

Олисларга чўзилган карвон узоқ йўл босиб, Мозандарон сари яқинлашди. Шаҳзодалар ва Хоразмшоҳнинг аёллари Туркон бошчилигида тоғлар ичидаги Илок қалъасига етиб келганди. Тоғлар бағрида тошдан кўтарилган қалъа мустаҳкам ва хавотирдан холи эди.
Йўлланган номасини жавобсиз қолдириб, жуфтакни ростлаган Туркон ҳолидан хабар топган Чингизхон жаҳл отига минди. У маликанинг кетидан бир туман лашкар жўнатиб, тириклайин қўлга олмоқни буюрди.
Мўғул галалари Илок қалъасига қузғундай ёпирилди. Қалъа омонсиз жаҳаннам майдонига айланиб, атрофни чиндан аждаҳо ваҳшати қўпди. Бу ҳол ичкаридагиларнинг кўнглига қутқу солди. Туркон Хотун танг ҳолда қолди.
— Қора булутлар тағин қайта бошимизда булашди. – ўзига-ўзи айтган каби сўзланди Туркон Хотун.

Маликани ваҳима ва азоб адойи тамом қилган эди.
— Бу оғир вазиятни ўнгламоқ мушкулдир, маликам.- Вазир Турконнинг раъйига қараб, қўрқув ичида гапирди. Маликанинг қайғуси мислсиз эди.
— Не таклифинг бор санинг?
— Маълум, мўғуллар қузғунлар каби ёпирилмоқда.
— Аларға бас келар куч топилмасму?
— Маликам, маъзур тутгайсиз, тинимсиз жанг икки томоннинг-да тинкасини қуритди.
Малика кўзларидан ўт сачратиб, вазиридан азмойиш олди.
— Қурбонларнинг саноғи йўқ.- деди вазир маълумот бериб.
Малика тушкун қиёфада:
— Шаҳид кетганларга Ҳақнинг раҳматлари ёғилсин.- дея дуо этди.
— Омин.- дуода сўзланди вазир.

Орага жимлик чўкди. Бу жимликни малика бузди.
— Бул ҳодиса мани-да қайғуга солмиш. Кунлардир, ойлардир бир суюнч хабар кутдим.
— Бул аёндир, маликам.
— Аммо севинч бизни энди тарк этди.
— Биз қараб турганимиз йўқ.
— Шундай.- Малика титради. У ўзини қўярга жой тополмай, жойидан қўзғалди.
— Маликам, қўлдан келганини қилмоқдамиз. Аммо…
— Аммо кўриниб турибдики, аларга бас келмоқ ғоят мушкул.- Малика қўлларини бошига олиб борди. У оғир ютуниб, кўзларини чирт юмди. Қаърида етилиб келган дарбадар бир жўш уни беомон сиқувга олганди. У ғафлат ичида ботинан юкунди. Яна қўлларини пешонасига олиб бориб:
— Эй воҳлар бўлсин! – дея нола этди.

Қуллиқда турган вазир маликанинг ёнига етиб келди, икки қўли кўксида, қўрқа-писа гапирди:
— Маълум, мўғуллар ҳамласи зўрайиб, лашкарларимизни хароб этмоқда.
Тушкунликка тушган Хотун бу гал сўз айтмоққа куч топа олмади.
Шунда вазир ўзида журъат тўплаб деди:
— Бу омонсиз жанг майдонини тарк этинг.

Малика унга ялт этиб қаради:
— Бу на журъат?!
— Қурбон ўлай, маликам! Аммо Сизни қўримоқ манинг зиммамдадир.
— Англадим ва лекин…
— Бир қошиқ қонимдан кечинг. Аммо ҳақ гапни айтмоқ фурсати етди.
— Не эмиш ўша сен айтган ҳақиқат?
— Яширин йўллар орқали шаҳзода Жалолиддин Манкбурни ёнига боришингиз бирдан-бир ақлли чора эрур.

11. Ҳалокат арафасидаги кеча

Эшик очилиб, эшик оғаси ичкарига кирди.
— Маликам!
Малика кўрдики, эшик оғасининг кўзлари бежо, у олазарак нигоҳларини олиб қочиб, ўзига қарамоққа журъат топа билмаётир..
— Бу не ҳол, Сувонқул?- жонсарак савол қотди у эшик оғасига.
— Cипоҳсолор Давронли сизнинг қабулингиз учун…
— Cипоҳсолор?
— Ҳа, маликам.
— Чорла, дарҳол!
— Амр этганингиздек, маликам!

Малика бир нохушликни ҳис этгандек чуқур нафас олиб, ўйланиб қолди. Ичида яна юкунди. Аммо унинг интиқ кўнгли сира таскин топмади. Шунда у ўнг қўлини оёғига олиб бориб, асабийликдан нима қиларини билмай, гўё муттасил оёқ оғриғига дучор бўлган бемор каби бўғинини силай бошлади.
Эшик оғаси чиқиб кетди. Дақиқа ўтиб Турконнинг ҳарбий назоратчиси таҳлика ичида малика ҳузурига кирди. Унинг кўзлари бежо боқарди. Давронли ичкарига бир нохуш, совуқ хабар олиб кирганди.
— Маликам…
— Бу не ҳол, бу не суврат, сипоҳсолар?
— Сўраманг, маликам.
— Дарҳол сўйла.
— Маълум, мўғулларнинг қони қайнаган.
— Маълум.
— Чингиз сизни тириклайин тутмоқни буюрмиш!
Туркон асабий титраган ҳолида сипоҳсоларга кўзларидан ўқлар сочиб қаради. Шунда сипоҳсолар кўрдики, малика нақ жаҳл отининг устида ўтирибди.
— Маликам, бир қошиқ қонимдан кечинг.
— Бу не ҳол?! — Малика унга қараб ғижинди.- Тик тут қаддингни.
Сипоҳсолор тушкун ва эзгин ҳолда ҳамон ер тишлаб турарди.
— Гапир!- зардаси қайнаб бақирди у.

Сипоҳсолор ўрнидан туриб сўзланди.
— Ҳолимиз хароб, маликам.
— Англат!
— Лашкарларимиз мўғуллар зарбасига ортиқ дош беролмагайлар.
— Охирги жонлари қолгунга қадар!
— Англадим, маликам! Бироқ бу мушкулдир.
— Мушкул?
— Мушкулдир, маликам, лашкарлар ҳолдан тойган. Тўхтовсиз жанг аларнинг силласини қуритди. Қурбонлар сонсиз. Сўнгги чора… — У тўхтаб тили кесилган каби жимиб қолди.
— Сўнгги чора не эмиш? – зарда қилиб малика ўрнидан туриб кетди.

У юриб бориб, ошёнанинг пойида тўхтади-да, яна ортига қайтди. Қалтироқ қўлларини лабига олиб бориб, қулт этиб ютунди, аммо қайтиб жойига ўтирмади. Айни таҳликали бир пайтда ҳарбий назоратчининг мудҳиш хабари уни баттар исканжага олди ва у чиндан чорасиз қолди.
Ташқарида жанг беомон кечмоқда, шаҳид кетган қурбонлар саноқсиз, тинимсиз саваш лашкар тинкасини буткул қуритган эди.

Савашдан омон чиқмоққа кўзи етмаган лашкарбоши маликага вазиятнинг нақадар қалтислигини уқтириб деди:
— Амр этинг маликам, Сизни қўримоқ бизнинг зиммамизга юклатилгандир. Буюринг, фармон беринг, хуфя йўллар орқали Сизни шаҳзода Жалолиддин ёнига олиб боргайлар.
— Асло!- титради малика. — Ман бунга кўнмасман, ман унга асло бўйсунмасман.

12. Улуғ Туркон ҳалокати

Туркон Жалолиддиндан паноҳ топиш таклифига рози бўлмади. Бунинг муҳим сабаби бор эди. Шуҳратпарст ва худбин Туркон тўнғич набираси, шаръий валиаҳд — Жалолиддин Манкбурнини суймасди. Мудом уни таъқиб этиб юрарди.
Хотун тағин ошёнанинг у ёғидан-бу ёғига асабий титраган ҳолида бориб келди. У ўз ёғига ўзи беомон қовурилмоқда эди.

Малика туркманлардан бўлган тўнғич келини Ойчечак Бегимга ҳеч рўйхушлик бермасди. Ундан туғилган шаҳзода Жалолиддинни валиаҳд этиб тайинланишига тиш-тирноғи билан қарши чиққанди. У тожу-тахт бегона бўлишини сира истамасди. Шунинг учун ўз қавмидан бўлган келини Қутлибикадан туғилган невараси Қутбиддин Ўзлоқшоҳни фитналар орқали валиъаҳд этиб тайинланишига ўғли Муҳаммадни кўндирган эди. Аммо ҳар не бўлганда ҳам хоразмшоҳлардан ворисларига етиб келган Олий Фармон яна қайта бузилган эди. Бу адолатсизлик ва қабоҳат ўйини эди аслида. Яқин-яқингача ўзини жаҳон аёлларининг маликаси деб билган, мудом осмонда юрган Хотун алалоқибат бу таклифни қабул қилди.
Беаёв жанг қалъа ҳимоячиларининг силласини буткул қуритиб, вазият эса кундан-кунга оғирлашиб борарди. Илок қалъаси қамали тўрт ой давом этди. Улар сўнгги нафасигача ёвузларга қарши курашди. Шунга қарамай қалъа беаёв босиб олинди. Туркон Хотун бойликлари таланди, Мовароуннаҳр салтанати ворислари – шаҳзодалар қатл этилиб, фожеали завол топди. Бу қонли хотима бутун Мовароуннаҳр аҳли қалбини жароҳатлагани рост эди.

13. Бандилик ёхуд Хон Султон ноласи

Чингизхон амр этганидек, Туркон Хотунни тириклайин қўлга олиб, хон ҳузурига олиб келишди.
Чингизхон Хотуннинг кўз ўнгида амр этди:
— Султоннинг хотинлари ва ёлғиз қизи – Хон Султонни ўғилларимга бўлиб берғайман. Энди алар хизматда бўлиб, ўғилларим кўнглини овлағайлар.

Турконни титроқ босди. Унинг юраги қўпорилиб, хонимонига ўт кетган эди. Маликанинг ҳолини кўриб турган Хон барча эшитсин учун овозини яна-да баралла қўйиб сўзланди:
— Ўзини маликаи жаҳон санаган Туркон эса менинг хизматимда бўлғай. – Бирозги сукутдан сўнг Чингизхон унга қараб ўшқирди:
— Эшит Хотун, зудлик билан менга таом тайёрлағайсан. Мен сенинг қўлингдан шоҳона таом емоқни истаймен.
Бир мўғулий сипоҳ Турконни судраб, сочларини бўйнига дор этди. У сипоҳ қўлида таом пиширмоққа мажбурланди.

Унинг қўлидан таомланиб бўлгач, Чингизхон яна амр этди:
– Мендан ошиб қолғон нушқуртни анави очдан ўлаётғон келинларинг ҳамда неварақизинг Хон Султонға тутғайган. Сен эси паст бундан буён аҳли келинларинг қаторида ювиндихўр аталгувсисан…
Туркон асабий титради. У кўзидан беихтиёр потраб чиққан ёшини ғаними кўрмасин учун гўё ичарига қайтармоқ истаб, оғир ютунди. Аммо кўз ёшлари тинмади. Не кулфатким, шўр пешонасига тил балосини жиловлай билган Туркон алам ва ситам ёшларини ичкарига қайтармоққа ўзида куч топа билмади. У ёшли кўзини юмиб-очди, кўрдики, ҳамон Чингиз нигоҳларини ўзига ўқ мисол қадаб турибди. Унинг нигоҳларига дош беролмаган Туркон: “Яшамагур! Ергина юткур! Мен ҳам эдим сендек, сен ҳам бўларсан мендек! ”- дея ичида қарғанди.
Чингиз гўё унинг ботинида кечаётган ўйларидан воқиф бўлиб қоладигандек, шўрлик малика қўрқув ичида сесканиб кетди.

Ё Худо! Бу тушими эди ва ёки ўнги! Бу не кулфат? Бу не ғурбатким, замона зайлига Чингиз аталмиш қаттол кўланка ташлаб турса. Баайни ваҳший қонхўрлигини ўша бежо ёнган, ўша қонталаш қисиқ кўзлари ошкор этмоқда эди. Қаттол қорачиғидан гўё қонли ўт сочиб, Турконга қараб турарди.
Нечун у ҳеч тап тортмайди? Қисиқ кўзидан чиққан бу ўт устига кул тортувчи баҳодир топилмасми?! Кўзларидан чақнаган ўт жаҳаннам олови эди. Туркон Чингизнинг ўт қарашига дош бера олмай, нигоҳини бошқа томонга бурди. Хоннинг равиш-рафтори ва рўйи-руҳсори Турконнинг кўнглига мислсиз ғулу солди.
Асли Чингиз кўриниш берганда чор-тарафда шафқат пардаси чекиниб, оламни даҳшат қўпиши унга кўпдан аён. Нега уни жаннат боғидан олиб, қиёмат ўтига улоқтирдинг? Нега уни жаҳаннам занжирларида судратдинг, азобларда қийратдинг! Айт, ёзиғи яна не унинг?!

Туркон қўлида тилла патнис кўтариб, бошқа бир ўтовга киритилди. Ўтов ичи кенг: ерга қалин ва майин гиламлар ёзилиб, ўртага хонтахта қўйилганди. Дастурхон четида Жўжи лаззатланиб таом емоқ билан машғул эди. Ўтов тўрида тўшак ёзилган…

Туркон патнис тўла ширинликларни хонтахтага қўйди.
Фаросатсиз мўғуллар таом емоқда бетакаллуф эканлигини кўрган Туркон Жўжига қараб ичида сўзланди: “Яшамагур ҳаромхўр! Худди отасининг ўзи! Қани энди аждаҳога айлансам-у сенларни бир ҳамлада ютиб юборсам!”
— Боғингда ягона гулинг борлигидан хабарим бордур. — Жўжи қисиқ кўзларини Турконга қадади.- Шамолдек елиб, ул гулни узиб, маним ёнимга олиб келгайсан!

Таҳқир эшитган Турконнинг вужуди музлаб, томирида гўё қони қотди. Хотун шундай карахт бир ҳолга илк бор ўғли Хоразмшоҳ Мовароуннаҳрни тарк этган чоғда тушганди. Ҳоли хароб Хотун дилтанг, бир ҳимога маҳтал ҳолда атрофга боқди, бироқ унинг жовдираган кўзлари ўзига қадалган мазах ва таҳқир тўла Жўжининг нигоҳига дуч келди, кўзларини юмиб “Ўла–ўлгунимча сенларни қарғаб ўтгайман!” дея пичирлади.
Бу гал ўқ Муҳаммаднинг танҳо қизи — Хон Султонга қаратилганини билган Турконнинг хонумонига яна ўт кетди. Ботинидаги бу ўт кўзларида сонсиз-cаноқсиз юлдузчалар бўлиб тарқалди. У ўзини чулғаб олган қўрқувдан титради, кейин қўлларини оғриқли бошига олиб борди. Ўтов ташқарисида сипоҳларнинг шивир-шивири ва оёқ товушлари эшитилди.
Яна шўр пешонасига нелар битилмиш? Тағин не савдолар тушмиш бошига?

Уни ташқарига олиб чиқишди. Қош қорайган, кўкдаги юлдузлар кўзига ғариб кўринди.
Турконни муттасил ўй ва жонини чатнатувчи азоб адо қилган эди, у лабини тишлаб, асабий титради, кўзидан эса алам ва ситам ёшлари яна ва яна, қайта ва қайта ҳалқаланиб, иссиқ сел каби юзига қуйилиб оқди. Аччиқ кўз ёшларига чўмилган Хотун ҳасратли кўлобларини ғаними кўрмасин учун гўё ичкарига қайтармоқ истаб, оғир ютунди. “ Худойим, сен мени қўлла! Чингиз офатидан асра! Хонлигинг куйсин сенинг Чингиз, қиёмат қадар сени дуойибад этгум”, дея тағин ўртаниб қарғанди…
-Улуғ Хон сен эси пастни хизматкор этиб тайинлагани наҳот эсингдан чиққан бўлса? Бор, оёғингни қўлингга олиб югур, неварақизинг Хон Султонни Жўжихоннинг ёнига чорла. Жўжихон сен боғингда асраб ўстирган гулни ҳидламоқни ихтиёр этгандир…
Сипоҳ тош қотган Турконнинг сочини бураб, бўйнига дор этди.

Жон сақлаб, қаттол қўлидан омон чиққан Туркон телбанамо қадамлар билан невараси турган хонага кирди.
Хон Султон мил-мил шам ёғдусида момосининг ичкарига кирганини кўриб, унинг қаршисига югуриб келди. Кўрдики, момосининг ҳоли чиндан танг.
Туркон вужудини чулғаб олган даҳшатни қувмоқ истаб, неварасига тикилди.
— Шўримиз қуриб қолди, болам!- пичирлади у.
— Шўримиз қуриганига кўп бўлган, Бек Онам!
— Сени Жўжи ҳузурига чорлади.

Шум хабардан зумда кўзлари ола-кула бўлган Хон Султонни ваҳшат қўпди. У қалтираган қўлларини юзига олиб бориб, ичида нола қилди. Унинг асаб торлари таранг тортилиб, азбаройи нима қиларини билмай қолганидан дағ-дағ титрай бошлади. Ниҳоят далли хаёлини қувмоқ учун ўзида журъат тўплаб, момосига қаради, бироқ унга бир сўз қотмади.
У хона тўридаги жовонда тахланган, тарқу юнгидан тўқилиб, ёқут тошлар қадалган камзулини устига кийди-да, шошиб бошига рўмолини танғиди. Шўрлик қочмоқ учун дарича ёнига борди. Ташқарида оёқ товушлари ва кимларнингдир шивирлагани эшитилди. Сал ўтмай ичкарига бир мўғулий сипоҳ кирди. Хон Султон унга чап бериб ўтиш учун биринчи қадамини босган эдики, шай турган сипоҳ унинг йўлини тўсди. Туркон нарида невараси томон қиличини яланғочлаб келаётган сипоҳга жон ҳолатда ташланди. Улар бир зумда Турконни тинчитиб, Хон Султонни қизил рўдапога ўраб чирмашди.

Атрофда бир мунгли нола эшитилди. Бу Хон Султонининг ноласи эди. Унинг тирноғига тош теккан чоғ, Турконнинг илкида қувват, томирида қон, бўғзида эса жони соб бўлди. Нола-ю фарёди Мовароуннаҳрни ларзага солди. Хотун дарбадар, ўксик кезинди, кейин нақ жони қўпорилиб, ҳеч нимани ҳис этмай қолди.
Зубаржат юлдузлар оралаб чиққан ой Турконнинг мунгли ноласи ва кўнгилнинг балосида ғариб чўкиб, қайтиб чиқмас бўлиб ботди.

Ё Раббим, қудратингдан! Наҳот шундай кулфат, шундай фалокат ёқасида тағин юлдузлар пешонангда чарақлаб турса!
Наҳот тун зулмат ичига ботса, аммо тонг ҳарир пардасини йиғиб, қуёш яна ҳеч нарсадан бехабардек офтобини оламга отса…
Туркон қалтираган қўллари билан оғриқли бошини чанггаллади, сўнг қиров босган сочларини юлиб, силкиниб йиғлай бошлади. Овоз чиқармай йиғлагиси келганди, лекин бунинг уддасидан чиқа билмади. Аввалига бўғиқ овозда, кейин ситам ва алам ичида қақшаб йиғлай бошлади.
Унинг кулфати мислсиз эди — хоразмшоҳлар ҳалокати эди бу!
Туркон йиғлай-йиғлай толди, кейин ҳеч қаерда ва ҳеч қачон бўлмагандек тугаб-бўшаб қолди. Кўзларини бир нуқтага қадаган кўйи тураверди-тураверди. Далли хаёлига қай савдойи ўй келиб, уни буткул телба этди. Юрди-суринди, йиқилди–турди, йиғлади-овунди. Қақшади-юкунди. Аммо Хон Султоннинг ноласи қулоқлари остида эшитилиб тураверди, тураверди…

14. Қаттол қўлида сўлиган гул

Ўшанда Хон Султонни шоҳона безалган ўтовга олиб киришди. Ўтов тўрида қисиқ кўзлари йиртиб очилган каби беўхшов Жўжи хонтахта атрофида таомланиб ўтирар эди. У емоқдан тўхтаб, нигоҳини Хон Султонга қадади, кейин тиржайиб, қўлларини артган бўлиб унга сўз қотди:
— Яқинлаш!
Хон Султоннинг нигоҳлари ер чизиб, ғафлат ичида қолди.
— Яқинлаш дедим!- дўқ урди у.
Аммо Хон Султон тош қотган кўйи жойида тураверди.
— Яқинлаш деяпман сенга, моча! — дея дарғазаб бақирди яна Чингиззода.

Жўжи сўл қўлини хонтахта четига олиб бориб, кейин қуйига туширди. Хонбачча заифага зимдан разм солар экан, Хон Султоннинг зебо жамоли ва сарви суман қадди уни ўзига беихтиёр тортди.
Соҳибжамол Хон Султон тақвосини кўксида қучиб, гўё чиройини яширган каби, юзини тескари бурди. Чингизий шаҳзода ўтирган жойидан қўзғолиб, Хон Султоннинг инжа жамоли ва зиё сочган кўзларига суқланиб боқди. Жунун асосига таяниб қолган Жўжи ўзида савқитабиий нимадир қўзғалаётганини англади… Ҳали бундай гўзалликка дуч келмаган мўғул бояги дарғазаб шаштидан тушиб, туйқус юмшаб қолди.
У қисиқ кўзларини Хон Султонга қадаб:
— Сулувсан, зулфизарсан, малойик аслзода! Юзинг гул, кўзларинг ёмби! – дея ҳурлиқонинг инжа жамолига таҳсин ўқиди. У Хон Султонга тобора яқинлашиб, яна гапирди: — Туришинг ўзи ҳузур! Қароғинг ичи уммон, сузмоқдаман беомон. Эшитяпсанми, Хон Султон?!
Хон Султон шаҳаншоҳ отаси Хоразмшоҳнинг ғанимларидан бўлган бу ёғийнинг таҳсинларига асло тоқат қила олмади.
Заифа титраган қўлини юз-кўзига олиб бориб: “Эй воҳлар бўлсин!”, дея нола этди. Фиғони фалакка кўтарилган Хон Султон чорасиз қолди.
Жўжи эса уни бир айланиб чиқди.
— Cен ҳаммадан бўлакча, соҳибжамол гўзалсан!
Хон Султон ичида “Ер юткур, ҳароми. Қани энди аждаҳога айлансаму, сани бир ҳамлада ютиб юборсам”, дея қарғанди.

Жўжи унга яқинлашди, ожиза эса ундан ўзини олиб қочиб, тишларини тишларига қўйган ҳолда азоб ва ҳеч тарқамас дард билан ичида гапирди: “Художон, мани қўри, шарманда этма. Мўғул азобидан қутқар. Мани жаҳаннам занжирларида судратма!”
Хон Султон кўзларидан потраб чиқаётган ёшларини нозик қўллари билан сидириб, тағин ютунди. Аммо кўз ёшлари ҳали вери тўхтайдиган эмасди.
— Сулувсан, зулфизарсан! Манинг бахтим куляпти. Сан ҳаммадан бўлакча, санга суқим киряпти, титроғингни яширма!

Жўжи Хон Султоннинг билагидан тутди.
— Тегма. — дея фиғон этди Хон Султон.
— Буни сендан сўрамасмен, сулув.
Жўжи оғушига олмоқ учун қўларини унинг нозик белига олиб борган эди, жонсарак турган Хон Султон ўзини эшикка қараб отди, бироқ нарида шай турган сипоҳлар уни Жўжининг ёнига қайтаришди.
Энди бу гал Хон Султон Жўжи қўлидан омон чиқиб, ўзини ўтовнинг бир бурчига отди. Қалтироқ қўлларини кўзларига олиб бориб, алам ичида ўкиниб йиғлай бошлади. Сўнг туйқус эсига бир нима тушган далли девона каби Жўжининг ёнига келиб ёлворди:
— Раҳм эт. Ялинаман, ёлвораман, мани булғама!

Аммо шохида муаттар ҳид таратиб турган бу зариф гул қаттол қўл таъқибига учраган эди.
У яна ёлворди:
— Раҳм эт. Тақвойимни кўксимда қучиб ялинаман, мани булғама!

Шафқат истаб боққан Хон Султоннинг нигоҳлари Жўжининг бежо ўйноқлаган кўзларига дучор бўлди. Ҳоли хароб Хон Султон ерга чўкка тушиб ўтириб қолди, сўнг қалтираган қўллари билан оғриқли бошини чангаллаб, йиғлай бошлади. У ўксиниб йиғлар экан, булар ўнгида кечаётганига ҳали ҳам ишонгиси келмасди. Аммо бу туш эмас. Унинг икки кўзидан потраб чиққан ситам ёшлари икки чашма мисол тўхтовсиз оқди.
Хон Султоннинг кулфати мислсиз эди: ёнида эса Жўжи бежо ёнган кўзларини унга қадаб турарди.
Зумрад япроқлар ичида ёлқинланаётган ёқут гул шу тариқа қаттол қўлида сўлди.

XDK

(Tashriflar: umumiy 117, bugungi 1)

Izoh qoldiring