Yoqubjon Ahmadjonov. Odamga evrilgan qush. Apofegmalar.

Ashampoo_Snap_2017.03.11_16h33m36s_001_b.pngШоир Ёқубжон Аҳмаджонов таваллудининг 70 йиллигига

    Таниқли шоир Ёқубжон Аҳмаджонов (1947 -2015)  бутун ҳаёти ва ижодида халқимизнинг ўзига хос донишмандона фикрати ва миллий қадриятларга бўлган ихлоси ёрқин намоён бўлади. Шоир мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда инсонни эзгулик, ёруғлик ва маърифатга даъват этиб  ижод қилди.  

ШОИР ҲАҚИДА
Хуршид Даврон
001

 Ashampoo_Snap_2017.03.11_19h19m31s_002_.png Таниқли шоир Ёқубжон Аҳмаджонов 1947 йили Наманганда туғилган. Ҳаёт  бўлганида бу йил 70 ёшга тўларди.

Шоирнинг бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган. Шоир шеър ва достонларида халқимизнинг ўзига хос донишмандона фикрати ва миллий қадриятларга бўлган ихлоси ёрқин намоён бўлади.

Таниқли адиб Дадахон Нурий «Изтироб» китобида шундай эслайди:  » …(Эркин Воҳидов билан) Наманганга борган эдик. Вилоят газетасида босилган бир шеър кутилмаганда устоз диққатини ўзига тортди. Газета таҳририятига қўнғироқ қилиб, шоирни йўқладилар. Ёшгина Аҳмаджон Ёқубжонов деган йигит районда яшаркан. Эртасига шоир ҳузурига етиб келди. Ғоят тортинчоқлик билан янги шеърларидан ёд ўқиди. Улардан бир нечтасини Эркин ака танлаб олдилар.

…Орадан кўп вақт ўтмай, республиканинг икки обрўли газета ва журнал саҳифаларида Эркин аканинг «оқ йўли» билан наманганлик ёш шоирнинг шеърлари босилиб, кўпчилик оғзига тушди.

Шундан сўнг  Ёқубжон устознинг ишончини оқлаб, қатор шеърий тўпламлар эълон қилди. Ҳассос ижодкор сифатида элга танилди.

2012 йилнинг айни баҳорида Эркин ака Наманганга ташриф буюрганларида устозшогирд учрашиб, анча гурунг қилишди.

Афсус, бу уларнинг охирги учрашувлари экан.

Устоз қайғули хабарни эшитиб: — Яқин шогирдлардан айрилиқ юракка оғир ботаркан, — дегандилар афсус оғангида.»

Ёқубжон Аҳмаджонов  мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттирган ҳолда инсонни эзгулик, ёруғлик ва маърифатга даъват этиб  ижод қилди. Бу унинг доимий изланишлари натижасида ёзилган — юнончада «тўғрисини айтиш» маъносини англатган қисқа ва дақиқона айтилган ҳикматли сўзлар — апофегмаларида ҳам кўзга ташланади. Шахсан мен туркумни жуда катта қизиқиш билан ўқиб чиққан эдим. Мутолаадан кейин ҳам уларда акс этган ҳикмат ва туйғулар узоқ вақт мени тарк этмади. Бугун уларни тақдим этаётганимдан мамнунман.

Хуршид Даврон

Ёқубжон Аҳмаджонов
ОДАМГА ЭВРИЛГАН ҚУШ
Апофегмалар
001

Мен аввал самода қуш эдим, фаришталар қуршовида яшардим, кейин фусункор жуфтимнинг гапига кирганим учун жаннатдан ерга бадарға қилиндим. Ўшандан бери бу оламда эски чориғимни судраб, кўрган-кечирганларимни сардафтаримга битиб юрибман:

Юмалар неча айём
Бош аталмиш бу соққа.
Гоҳ шодман, гоҳ беором,
Дунё экан шунақа.

«Лочинман!» дейди бойқуш,
«Тулпорман!» дер тошбақа.
Тулки шерга берар кишт,
Дунё экан шунақа.

Кимдир отмас, хўтикнинг
Пойига тақар тақа.
Ул зот доно саналар,
Дунё экан шунақа.

Хушхонлар танловида
Ғолиб чиқса курбақа,
Ҳайрон бўлма, биродар,
Дунё экан шунақа.

Саҳролар сувга ташна,
Қайдадир тошкин, тошма.
Куйинаверма, ошна,
Дунё экан шунақа…

СИРЛИ ҲОЛАТ

Мажнунни саҳродаги жониворлар тушунган, одамлар тушунмаган.

МАҚОМ ЙЎЛИ

Ҳар бир хонадоннинг ўз эшиги бор.
Қўлингга най ол —
Румийни топасан.

МАҚТОВ АФЮНИ

Мақтов ширин оғу эканини донишмандлар Алмисоқ давридаёқ айтишган.
Биз эса ҳамон бу оғуга ташнамиз.

НЕКБИНЛИК

Миттигина қумурсқада ҳам
Яратганнинг қудратин кўрар
Огоҳ одам.

ТАБИБНИНГ ЖАВОБИ

Мен табибга беморлигимни айтдим, у эса «Биз ҳаммамиз касалмиз», деди.

ИККИ ОШИҚ

Шайх Санъон билан Дон Кихот ўртасида муштарак жиҳат бор: ҳар икковини ишқ де вона қилган.

БЕНАЗИР МУСАВВИР

Бу олам гўзалликларини кўриб, энг би ринчи Мусаввир Яратганнинг ўзи эканини англадим.

ҒОФИЛЛИК

Барча жонзот ҳурликка ҳақли.
Буни билармикан
Қуш сотаётган овчи ?

МАШҲУР ШОИР

Уни ҳамма танийди, лекин ҳеч ким бирорта шеърини эслаёлмайди.

ҲАЙРАТ

Вой-бў-ў, хўжангнинг тишлари орасига кириб қолган гўштни еявериб, буқадек семириб кетибсан-ку, Сўзамол Мулозимат!

ЭЪТИРОФ

«Хотиним мени ўзимдан яхши билади, — деган экан Хўжа Насриддин. — У барча камчиликларимни битта қолдирмай айта олади…»

ВАҚТ

Бизни сармаст қилиб, оқизиб кетаётган дарё.

УЛУҒЛАР ҚИСМАТИ

Агар кимдир сени ёмонласа ранжима. Сен билан мен ожиз бандалармиз, ҳатто пайғамбарлар ҳам гоҳ сеҳргарга, гоҳ телбага чиқарилган. Авлиёларнинг кўргиликларини- ку қўятур, улар на замон, на маконга сиққан.

МАСЛАҲАТ

Товуқ хўроз бўлиб қичқирадиган хонадондан келин олма.

АХБОРОТ

Шаҳар тинч. Худди эртакдаги Бағдод сингари. Фақат каламушлар кўпайиб кетди.

ЕЛГА УЧГАН УМР

Изладим юз йил
Денгиздан туя,
Саҳродан балиқ.

 

ҲАДИК

Майдонга янги ўйинчилар тушди. Улар энди қандай каромат кўрсатаркан?..

ОҚИБАТ

Агар яхшилик қадрланмаса, ёмонлик авж олади.

ҒАЛАТИ ЖОНЗОТЛАР

Мен уммонда улкан балиқни учратдим. У маълум ҳудудга эгалик қиларди. Бир тўда шилимшиқ балиқ унга ҳамроҳ эди. Олти ойдан сўнг яна ўша жойдан ўтдим. Улкан балиқ ўрнида ундан-да улканроқ бошқа балиқ сузарди. Унинг атрофида ўзимга таниш шилимшиқ балиқларни кўрдим: энди янги соҳибини ялаб-юлқаб яшар эди бу жонзотлар.

ДОНОЛАР ДОНОСИ

У ҳаммага ақл ўргатади, унинг назарида ўзидан бошқа ҳамма нодон.

ФАРАЗ

Дунёда юз бераётган воқеалар самовот бағридаги ботиннинг акс садоси эмасмикан? Зоҳир ерда, ботин кўкда.

ТОШБАҒИР

Бемеҳр одам отаси ўлганда ҳам юракдан йиғламайди.

ЛАЙЛАТ УЛ-ҚАДР

Ойдин тунда
Сайрай бошладим
Шотут дарахтининг шохига қўниб.
Аслимга ҳайтдим.

ЎГИТ

Элдан чиқма, уни сев, саратон иссиғини ҳам, қаҳратон совуғини ҳам у билан баҳам кўр, лекин ғафлат ва жаҳолат ботқоғига ботган оломоннинг бири бўлиб қолма.

ТАЪБ

Ҳайвонга гул эмас, хашак бер, ана шунда ёқасан.

АНҚОНИНГ УРУҒИ

«Шоирлар шоҳлардан юқори туради» — бу қадимий ибора. Шоҳлардан юқори турадиган шоир ё Хўжа Ҳофизга, ё Бобораҳим Машрабга ўхшамоғи керак, бундайлар эса дунёга ҳар кун келавермайди.

ИЛТИЖО

Парвардигор, оламни одамзоддан асра!

БЕЛГИ

Йигитда лафз деган нарса бўлади.
Ё сўзида туради,
Ё — ўлади.

РАҚИБА

Ёмон хотин эрни диндан чиқаради.

ГОҲ-ГОҲ

Биз ўлмас Кошчей эмасмиз, кўз юмгач ортимизда яхши ном ёки иснод қолишини гоҳ-гоҳ ўйлаб турсак ёмон бўлмайди.

БЕЧОРА

Беқаноат бой хуржуни тешик гадойга ўхшайди.

ЁДГОРЛИК

Одамнинг эзгу амаллари ўзига қурган мақбарасидир.

ХОТИМА

Самода қушлар — ибтидоий динозаврлар учиб юрибди. Мен ичаётган сув куни кеча ёмғир, ундан аввалроқ эса самода сузган булут эди. Умар Хайём кўза дастасида номаълум гўзалнинг нозик билагини кўрган. Олам эврилишлардан иборат — ушбу битик хоти маси шу:

Азалдан бу чархи фалак
Тинмай ҳар ёнга айланур.
Денгизга эврилар саҳро,
Чўллар уммонга айланур.

Алломалар ёзиб китоб,
Дунё молин демиш сароб –
Гоҳ бадавлат тоғи нураб,
Йиртиқ чопонга айланур.

Билмаса гар эрлигин эр,
Роббим, унга шижоат бер –
Шерлигини унутса шер,
Катта қуёнга айланур.

Икки олам ҳудудида
Бир-бирига зид қоида:
Бунда алдаб, топган фойданг
Унда зиёнга айланур.

Агар Худо этса насиб,
Кубро бўлур хору ғариб –
Зулайҳонинг қули Юсуф
Улуғ султонга айланур.

Замон нимадир? Бўл огоҳ,
У биз тўқиган бир матоҳ.
Сен, мен қилган савоб, гуноҳ
Шакли замонга айланур.

083Taniqli shoir Yoqubjon Ahmadjonov (1947 -2015) butun hayoti va ijodida xalqimizning o‘ziga xos donishmandona fikrati va milliy qadriyatlarga bo‘lgan ixlosi yorqin namoyon bo‘ladi. Shoir mumtoz adabiyotimiz an’analarini davom ettirgan holda insonni ezgulik, yorug‘lik va ma’rifatga da’vat etib ijod qildi.

SHOIR HAQIDA
Xurshid Davron
001

01 Collage.jpg Taniqli shoir Yoqubjon Ahmadjonov 1947 yili Namanganda tug‘ilgan. Hayot bo‘lganida bu yil 70 yoshga to‘lardi.

Shoirning bir necha she’riy to‘plamlari nashr etilgan. Shoir she’r va dostonlarida xalqimizning o‘ziga xos donishmandona fikrati va milliy qadriyatlarga bo‘lgan ixlosi yorqin namoyon bo‘ladi.

Taniqli adib Dadaxon Nuriy “Iztirob” kitobida shunday eslaydi: » …(Erkin Vohidov bilan) Namanganga borgan edik. Viloyat gazetasida bosilgan bir she’r kutilmaganda ustoz diqqatini o‘ziga tortdi. Gazeta tahririyatiga qo‘ng‘iroq qilib, shoirni yo‘qladilar. Yoshgina Ahmadjon Yoqubjonov degan yigit rayonda yasharkan. Ertasiga shoir huzuriga yetib keldi. G‘oyat tortinchoqlik bilan yangi she’rlaridan yod o‘qidi. Ulardan bir nechtasini Erkin aka tanlab oldilar.

…Oradan ko‘p vaqt o‘tmay, respublikaning ikki obro‘li gazeta va jurnal sahifalarida Erkin akaning “oq yo‘li” bilan namanganlik yosh shoirning she’rlari bosilib, ko‘pchilik og‘ziga tushdi.

Shundan so‘ng Yoqubjon ustozning ishonchini oqlab, qator she’riy to‘plamlar e’lon qildi. Hassos ijodkor sifatida elga tanildi.

2012 yilning ayni bahorida Erkin aka Namanganga tashrif buyurganlarida ustozshogird uchrashib, ancha gurung qilishdi.

Afsus, bu ularning oxirgi uchrashuvlari ekan.

Ustoz qayg‘uli xabarni eshitib: — Yaqin shogirdlardan ayriliq yurakka og‘ir botarkan, — degandilar afsus og‘angida.»

Yoqubjon Ahmadjonov mumtoz adabiyotimiz an’analarini davom ettirgan holda insonni ezgulik, yorug‘lik va ma’rifatga da’vat etib ijod qildi. Bu uning doimiy izlanishlari natijasida yozilgan — yunonchada “to‘g‘risini aytish” ma’nosini anglatgan qisqa va daqiqona aytilgan hikmatli so‘zlar — apofegmalarida ham ko‘zga tashlanadi. Shaxsan men turkumni juda katta qiziqish bilan o‘qib chiqqan edim. Mutolaadan keyin ham ularda aks etgan hikmat va tuyg‘ular uzoq vaqt meni tark etmadi. Bugun ularni taqdim etayotganimdan mamnunman.

Xurshid Davron

 

Ashampoo_Snap_2017.03.11_16h33m36s_001_a.pngYoqubjon Ahmadjonov
ODAMGA EVRILGAN QUSH
Apofegmalar
001

Men avval samoda qush edim, farishtalar qurshovida yashardim, keyin fusunkor juftimning gapiga kirganim uchun jannatdan yerga badarg’a qilindim. O’shandan beri bu olamda eski chorig’imni sudrab, ko’rgan-kechirganlarimni sardaftarimga bitib yuribman:

Yumalar necha ayyom
Bosh atalmish bu soqqa.
Goh shodman, goh beorom,
Dunyo ekan shunaqa.

«Lochinman!» deydi boyqush,
«Tulporman!» der toshbaqa.
Tulki sherga berar kisht,
Dunyo ekan shunaqa.

Kimdir otmas, xo’tikning
Poyiga taqar taqa.
Ul zot dono sanalar,
Dunyo ekan shunaqa.

Xushxonlar tanlovida
G’olib chiqsa kurbaqa,
Hayron bo’lma, birodar,
Dunyo ekan shunaqa.

Sahrolar suvga tashna,
Qaydadir toshkin, toshma.
Kuyinaverma, oshna,
Dunyo ekan shunaqa…

SIRLI HOLAT

Majnunni sahrodagi jonivorlar tushungan, odamlar tushunmagan.

MAQOM YO’LI

Har bir xonadonning o’z eshigi bor.
Qo’lingga nay ol —
Rumiyni topasan.

MAQTOV AFYUNI

Maqtov shirin og’u ekanini donishmandlar Almisoq davridayoq aytishgan.
Biz esa hamon bu og’uga tashnamiz.

NEKBINLIK

Mittigina qumursqada ham
Yaratganning qudratin ko’rar
Ogoh odam.

TABIBNING JAVOBI

Men tabibga bemorligimni aytdim, u esa «Biz hammamiz kasalmiz», dedi.

IKKI OSHIQ

Shayx San’on bilan Don Kixot o’rtasida mushtarak jihat bor: har ikkovini ishq de vona qilgan.

BENAZIR MUSAVVIR

Bu olam go’zalliklarini ko’rib, eng bi rinchi Musavvir Yaratganning o’zi ekanini angladim.

G’OFILLIK

Barcha jonzot hurlikka haqli.
Buni bilarmikan
Qush sotayotgan ovchi ?

MASHHUR SHOIR

Uni hamma taniydi, lekin hech kim birorta she’rini eslayolmaydi.

HAYRAT

Voy-bo’-o’, xo’jangning tishlari orasiga kirib qolgan go’shtni yeyaverib, buqadek semirib ketibsan-ku, So’zamol Mulozimat!

E’TIROF

«Xotinim meni o’zimdan yaxshi biladi, — degan ekan Xo’ja Nasriddin. — U barcha kamchiliklarimni bitta qoldirmay ayta oladi…»

VAQT

Bizni sarmast qilib, oqizib ketayotgan daryo.

ULUG’LAR QISMATI

Agar kimdir seni yomonlasa ranjima. Sen bilan men ojiz bandalarmiz, hatto payg’ambarlar ham goh sehrgarga, goh telbaga chiqarilgan. Avliyolarning ko’rgiliklarini- ku qo’yatur, ular na zamon, na makonga siqqan.

MASLAHAT

Tovuq xo’roz bo’lib qichqiradigan xonadondan kelin olma.

AXBOROT

Shahar tinch. Xuddi ertakdagi Bag’dod singari. Faqat kalamushlar ko’payib ketdi.

YELGA  UCHGAN  UMR

Izladim yuz yil
Dengizdan tuya,
Sahrodan baliq.

HADIK

Maydonga yangi o’yinchilar tushdi. Ular endi qanday karomat ko’rsatarkan?..

OQIBAT

Agar yaxshilik qadrlanmasa, yomonlik avj oladi.

G’ALATI JONZOTLAR

Men ummonda ulkan baliqni uchratdim. U ma’lum hududga egalik qilardi. Bir to’da shilimshiq baliq unga hamroh edi. Olti oydan so’ng yana o’sha joydan o’tdim. Ulkan baliq o’rnida undan-da ulkanroq boshqa baliq suzardi. Uning atrofida o’zimga tanish shilimshiq baliqlarni ko’rdim: endi yangi sohibini yalab-yulqab yashar edi bu jonzotlar.

DONOLAR DONOSI

U hammaga aql o’rgatadi, uning nazarida o’zidan boshqa hamma nodon.

FARAZ

Dunyoda yuz berayotgan voqealar samovot bag’ridagi botinning aks sadosi emasmikan? Zohir yerda, botin ko’kda.

TOSHBAG’IR

Bemehr odam otasi o’lganda ham yurakdan yig’lamaydi.

LAYLAT UL-QADR

Oydin tunda
Sayray boshladim
Shotut daraxtining shoxiga qo’nib.
Aslimga haytdim.

O’GIT

Eldan chiqma, uni sev, saraton issig’ini ham, qahraton sovug’ini ham u bilan baham ko’r, lekin g’aflat va
jaholat botqog’iga botgan olomonning biri bo’lib qolma.

TA’B

Hayvonga gul emas, xashak ber, ana shunda yoqasan.

ANQONING URUG’I

«Shoirlar shohlardan yuqori turadi» — bu qadimiy ibora. Shohlardan yuqori turadigan shoir yo Xo’ja Hofizga, yo Boborahim Mashrabga o’xshamog’i kerak, bundaylar esa dunyoga har kun kelavermaydi.

ILTIJO

Parvardigor, olamni odamzoddan asra!

BELGI

Yigitda lafz degan narsa bo’ladi.
YO so’zida turadi,
YO — o’ladi.

RAQIBA

Yomon xotin erni dindan chiqaradi.

GOH-GOH

Biz o’lmas Koshchey emasmiz, ko’z yumgach ortimizda yaxshi nom yoki isnod qolishini goh-goh o’ylab tursak
yomon bo’lmaydi.

BECHORA

Beqanoat boy xurjuni teshik gadoyga o’xshaydi.

YODGORLIK

Odamning ezgu amallari o’ziga qurgan maqbarasidir.

XOTIMA

Samoda qushlar — ibtidoiy dinozavrlar uchib yuribdi. Men ichayotgan suv kuni kecha yomg’ir, undan avvalroq esa samoda suzgan bulut edi. Umar Xayyom ko’za dastasida noma’lum go’zalning nozik bilagini ko’rgan. Olam evrilishlardan iborat — ushbu bitik xoti masi
shu:

Azaldan bu charxi falak
Tinmay har yonga aylanur.
Dengizga evrilar sahro,
Cho’llar ummonga aylanur.

Allomalar yozib kitob,
Dunyo molin demish sarob –
Goh badavlat tog’i nurab,
Yirtiq choponga aylanur.

Bilmasa gar erligin er,
Robbim, unga shijoat ber –
Sherligini unutsa sher,
Katta quyonga aylanur.

Ikki olam hududida
Bir-biriga zid qoida:
Bunda aldab, topgan foydang
Unda ziyonga aylanur.

Agar Xudo etsa nasib,
Kubro bo’lur xoru g’arib –
Zulayhoning quli Yusuf
Ulug’ sultonga aylanur.

Zamon nimadir? Bo’l ogoh,
U biz to’qigan bir matoh.
Sen, men qilgan savob, gunoh
Shakli zamonga aylanur.

Yoqubjon Ahmadjonov. Boychechakka boqib…She’rlar

022

(Tashriflar: umumiy 384, bugungi 1)

Izoh qoldiring