Ибодат Ражабова шеърларида тарих, қадим Бухоро қадамжолари, жинкўчалари, асрорлари тилга киради гўё. Уларни ўқишга қодир саводингиз бўлмаса, англолмай хижолат тортасиз. «Бухоро кўчалари», «Варахша», «Эски қалъа манзаралари», «Рўдакийни соғиниб», «Афросиёб сўзи», «Наршахий туғилган қалъада», «Чўли Ироқ», «Кумушкент» «Вардонзе қалъаси ҳақида кичик бир достон», «Чорминор», «Чорбакр бораман» каби шеърлари сизни Бухорои шариф бўйлаб кездиради, юрагингизда юрт меҳрини ғулувга келтиради.
Ибодат Ражабова
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
Ибодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. Айни пайтда «Бухоро оқшоми» шаҳар газетаси муҳаррири ўринбосари вазифасида ишламоқда. Турли йилларда унинг «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади» сингари шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.
* * *
Кўнглимга кирганинг муборак!
Рангларни эритсам – суратинг…
Лайлилар қарсагин юзидан
Тўкилган титроққа не дединг.
Ҳавони кафтимда илитдим.
Ёмғирни тўйимга айтмайман.
Тўнимни ой билан ямасам,
Хожага ёпишди Ёсуман.
Фалакнинг гавҳарин тебратдим.
Ғалвирдан бўй чўзди сувпари.
Дунёни донога куй килди-
Болари мухри-ю,гулнинг асари.
Пуф-ф-ф дедим,пиликлар париваш.
«Оҳ»,дедим оҳулар ойбалдоқ.
Кўнглимга кирганинг эртаси
Қайроқдан туғилди мойчирок
Мен энди қақнусга чап бериб,
Соянгда сиғаман-қўшқатор.
Гулбелбоғ тиктириб жўнатди
Кўнглимга анорзор,анорзор…
Кўнглимга кирганинг муборак!
9 сентябр 2014 й
Бухорода тийрамох
Боғи ойим занжирин топди.
Сап-сарғайиб кетди хордевор.
Ван Гог севган кунгабоқарлар,
Бозор кетди излаб харидор.
Полизларда кирпи изи йўқ.
Толсаватда жамул-жам узум.
Намда уруғ ташлар саксовул,
Сеталакда совиб кетди қум.
Иссиқ тўнлар нархида осмон,
Қалин рўмол гуллари-майрам.
Оқ лайлаклар бўм-бўш инидан
Тўкилади шомда хас-алам.
Боғсупада супурги бойлар.
Кенг камзўли махтобий онам.
Томга чиқиб йиғлагим келар,
Шолиларни кели янчар дам…
14 сентябрь 2014 йил
* * *
Яна қалқон тушимга кирди.
Шомда найза топдими бешик.
Бурқи сармаст соқолин чертса,
Очилмади бирорта эшик.
Қулфакгуллар калит излади.
Шамолда-ку йўқ битта кўйлак,
Ўнг қўлимнинг кафтига ё Раб,
Уруғ ташлаб кетди оқ лайлак…
Бойиб кетдим,хазинам – қуёш,
Сурмадоним акси самандар.
Афросиёб муҳри-ю Сени
Берарига қўшсайди Ҳайдар,
Гужумлардан чопон киярдим.
Остонангдан бошимга гултож.
Масиҳ эмас,қумсоатману
Пешонамда қуш панжаси хоч.
Маржон билан дарё ўйнардим.
Осмонлардан ясаб бир хумдон.
Юрагимни сутда қайнатсам,
Туғ бўлишим эмасди гумон
Қулфакгуллар калит излади…
15 сентябрь 2014 й
* * *
О р т и н г д а н
Кубронинг итидай югурдим.
Шудрингга минмадим усти ҳўл.
Тандирда туғилган чўғ мисол.
Қўлини узатди катта йўл.
Жийдалар гул тўкиб ингради.
Дарахтлар ҳаммомга кирган қуш.
Потирлаб,тунларни бузганча,
Худонинг олдида кўрди туш.
Кўксимни чайнади ажриқлар,
Кўнглимда дод солди қўнғироқ.
Шомлари савдойи бўлдим-ей
Тўйингда айролиқ ўйнаса қайроқ.
Чирмовиқ чирмашни энди қўй.
Зарҳалга ботсам ҳам чалма уд.
Ҳут чавгон ўйнар пайт сезмабман.
Тошларга қўшилиб кетганин ёқут.
Ортингдан
Кубронинг итидай югурдим.
17 сентябрь 2014 й
* * *
Қитиқлайди шамолни иффор,
Шапатилар соҳилларни сув,
Хазонларни ёмғирда ювсам,
Қумсоатдай тўкилар қайғу.
Йўллар яна йўлимдан чиқди.
Нам қумлардай чопоним оғир.
Отлар қишлоқ қайтар шомлари
Туёқларга айланади қир.
Ғарам дарров гердайиб кетар,
Туршак юзин босгандай ажин.
Ҳамма кетиб бир ўзи қолган,
Қарғага ҳам ёлғизлик қийин.
Сиёзпоён сутдан семирди.
Сариғёғга ботиб кетди нон.
Онам уйин шифти:”Қиш шу…” деб,
Баҳоргача кутмайди меҳмон.
19 сентябрь 2014 й
* * *
Шамолни синдириб билмадим.
Қисматим томчилар савлати.
Искандар ёнида тик турсам,
У нега осмонни санади.
Ғалвирнинг кўзига сиғмадим-
Қовоқгул полизнинг варраги.
Яктагин гулига май тутди,
Абдулла Баррагий, Баррагий…
Гуландом андоминг,муборак.
Тоғписта кўнглимда хонанда.
Биз бирга минг қўшиқ тўқиймиз
Тунлари булбуллар ётганда.
Хом шароб рангида шом қарир.
Сиз яқин келмайсиз,мен-елим…
Ниначи бўйнига хоч осиб,
Кутишдан оч қолиб,қазони едим…
Шамолни синдириб билмадим…
20 сентябрь 2014 й
* Хожа Роҳ қабристони *
Ой нуридан сурма тортади.
Шабнамлардан қаймоқий шароб.
Тангри томон бориб келади,
Туғ сочлари,чиқгунча офтоб.
Сўқмоқчалар қишда озади,
Ажриқгуллар баҳорда хурсанд,
Битиктошлар жиддий турганча
Ўқирмонга сира бермас панд.
“Тилло излаб келган босқинчи
Хом чингизий руҳлар бўлиб жам,
Саксовулга осилиб йиғлар,-
Ҳеч ким карзга бермайди Ватан!…”
Ўтмиш ранги чўккан оби ғишт.
Сополлардай парчаланган сабр,
Ўртачўлга айланиб борар,
Мусофир ҳам ётган эски қабр.
Руҳ бисотин излар,қораяр,
Адоғи йўқ содда,махфий йўл.
Тўрт-беш қари момотут ҳамон
Қишлоқ томон чўзиб турар қўл…
21 сентябрь 2014 й
* * *
Жуда сокин оқар Дуоба,
Юзларида хазондан гулхол.
Чопони йўқ боларилар-чи;
Инларига ташиб билмас бол.
Чумоли ин туйнуги ёпиқ,
Излаб-излаб тарқалар туман.
Шудрингда бош ювган оқ толлар
Бирам гўзал,бирам симинтан.
Пичан ҳиди босди ҳовлини
Арқон белин оғритди сигир.
Тариқ,туршак саноғин олган
Омбордоно энди ёш ғалвир.
Қишлоқ бағрин соғиниб кетди,
Қўнғироғи бўйнида пода.
Кузда келиб ғарқ гуллади.
Чодирхаёл юлғунлар,содда…
Чўл янтоқни сўлдирди қиров,
Саксовулдан келар чўғ ҳиди.
Шохда ҳайкал бўлган жийдани
Келиб-келиб қарғалар еди…
22 сентябрь 2014 й
* * *
Кўзимдан суратинг тўкилди.
Термоққа бош эгди мажнунтол.
Оҳ,десам оғриниб сарғайди-
Пўртахол, пўртахол,пўртахол.
Чигиртка лабини ялади.
Қарқара ортимдан чопди шом.
Ғўралар ғурбатин хуш кўрмай,
Шамолга урилиб,синди жом.
Кафтимни хазондан тўлдирдим.
Ғуссадан чўнтагим энди бўш,
Ёпинғич ўнгида ўт ёқдим:
“Хайру хўш, хайру хўш, хайру хўш!”
Дарахтлар мен билан кетмоқчи,
Йўлларга ёпишди мингта қўл.
Занжир-ла боғланган эй,осмон.
Энди сен оғир бўл,оғир бўл…
Кўзимдан суратинг тўкилди
23 сентябрь 2014 й
* * *
Хожа Ориф қуюнни боғлаб,
Осмонларга сайр қилса туни,
Қалъа девор бўлиб ёшарди
Кийиб юрган эски пўстини.
Онагужум энига ўсди
Нонвойхона ўтказди мавлуд,
Қиши билан қишлоқни боқди
Қатор бўлиб турган пайванд тут.
Ариқларнинг пуштида тилло,
Қудуқларга нокбаргдан сарпўш,
Омбор тешган қари ўғрининг
Хуржуни бўш,хуржунлари бўш.
Ойни кесиб,ойбалдоқ қилди,
Тонгни тутиб туғдирса маёқ
Душманларнинг ковуши куйиб,
Бу тупроққа босмади оёқ…
24 сентябрь 2014 й
С У Н Б У Л А
Эски заҳкаш суви битлади.
Мўйқаламлар сочини ранглар.
Ван Гог шартта кесиб ташлаган.
Қулоғига ўхшар нилуфар.
Қорақир-ку қолди бир ўзи.
Қамишлар ҳам қишлоққа қайтди.
Кунгабоқар бошини бойлар
Ҳувайдонинг ҳаққуший байти.
Анорзорда “Увайсийлар” йўқ.
Аравага шеър қўшар Саъдий.
Туттарновнинг юм-юм йиғлаши
Юрагимнинг ярмини еди…
Чалғиларда уйқу-ку анқо,
Омборларда бир дунё қайтим.
Секин бориб уйқуга кетган
Кирпичалар оёғин артдим.
Мўйқаламлар сочини ранглар…
25 сентябрь 2014 й
Ўзим учун шеър…
Баланд осмон,чилчироқ шаҳар
Хорижнамо дарахт кийган йўл.
Ҳовлингизнинг турт томонидан
Хайригуллар чўзиб турар қўл.
Қўнғироқлар сизни сўроқлар.
Чопонларин йиртади нома.
Нофалардан туғилган иффор,
Ёстиқгулга қўяди хона.
Тонглар отар ювилар кўча,
…Дармонли сув ичар гултувак.
Сиз ўлтирган анжуманларнинг
Эртаси ҳам уради қарсак.
Бир кун секин қишлоқ келади,
Қўлларига саломдан тугун.
Сариқ анжир тоқ кўзин артгач,
Йўлакларда бориб келар тун.
-Онам хаста,ёш тўкар сингил,-
Девор ушлаб юрар оқ илинж.
Сизни кутиб,сопол косадан
Чўбқошиқда ичади соғинч.
Хомқаймоққа узоқ тикилар,
Мушуги ҳам чиқиб кетган,йўқ.
“Китоблари чиқдими ё…”, деб,
Сиздан ҳамон кўнгли эмас тўқ…”
“Индин боргум…” дейсиз.Жомадон
Ноз шаҳардан келмас чиқгуси.
Тўрт кундан сўнг шеърни тешади
Ёлғиз қолган ҳасса йиғиси…
Бир кун секин қишлоқ келади,
26 сентябрь 2014 й
Варахша чўл манзаралари
Қатортутлар худди қарғабош.
Қорайишдан ўтмаган нари.
Ширинсувни ғамга ботирди
Моҳонкўлда йитган сувпари.
Қари заҳкаш қамишга банди.
Шамол йиғиб емаган юлғун.
Чўпонўтов туйнукларидан
Чиқиб қочар бир дунё тутун.
Ҳавзак чўлда битта ҳовуз йўқ.
Сарғиш қумлар ҳамон жиму-жим.
Арпахонлар ранг-рўйин кўриб,
Йиғлаб-йиғлаб ортимга қайтдим.
Нортуялар янтоқни “сиз”лар,
Ўркачлари осмонда “Ялло…”
Бир томчи сув топса қирқ бўлиб,
Туёқларда тик турган саҳро
Қишлоқ томон рама юборар.
Қўнғироқлар ичи тўла хат.
Хамир қориб тандир қиздирар,
Мисқол пари – камзули зарпат.
28 сентябрь 2014 й
* * *
Сўқмоқчалар кўнглимни ёғлар,
Миноралар шамъ тутган пари.
Оёқ қўйсам тошлоқ йўлларнинг
Қўшиқлари сал-пал жайдари.
Тушим гоҳи жалага ўхшар,
Гулдиракдан йиртилар осмон.
Пўстин кийиб,тоғларга чиқиб,
Худоларни санамоқ осон.
Гужумларга қўл берган вали,
Майсаларга бўлганда уруғ,
Уй эшиги нам тортган онам,
Рабоғида озади урчуқ.
Азон тортдим,тонг мени кўрди,
Қанотини таради такбир.
Қирқ қиз қалъа юборди нома:
“Қум соғсанг ҳам пиширгин чоғир!”
Қозон бошдан қалпоғин олди.
Думи қотиб кетган мойчўмич,
Соянг мисол савдоий бўлса
Суткосалар юборди ўпич…
1 октябрь 2014 й
* * *
Ўрикгуллар шамолда ўйнар,
Дўл,довулни тутолмас қармоқ,
Кўзгуларнинг йўқ дарчасидан,
Чиқишимни кутдингми узоқ?
Юракпўшим кўзмунчоқ кўзи,
Намозимни ўрганди қумри,
Чорлов пушти чилдирма бўлгач,
Гўшангалар узайди умри.
Бўтакўзлар бўтадай пахмоқ,
Хом пистага сиғмасман асло,
То соялар савдоий экан.
Мажнуналар қилмайди қазо.
Кўп соғиндим,соғинчдан симоб…
Қушлар мисол ашаддий йўқлов,
Мовий ичим дарахтга кўчди,
Куртакларнинг лабида олов…
Кўприкка минг,ёнғоқни юмшат,
Исириқдан тиктиргин чопон.
Худо рангин хутбада жойлаб,
Қишлоқ қайтди Хожа Биёбон!
Ўрикгуллар шамолда ўйнар
2,3 октябрь 2014 й
* * *
Она,шаҳар кафтимда ухлар.
Торкўчалар феъли-ку уммон.
Жўи зарнинг чопиб топгани
Меҳмонларга бўлар дастурхон.
Масжидустун отаси гужум.
Гумбазларнинг ичи тўла нур.
Сув юзига тушган хазон ҳам,
Мўйқаламга беради ҳузур.
Ҳавзи Бобо ҳовлиқиб,тўлар…
Ғозаноздан тўкилади дил.
Мавжи гардон ўт ёқишидан
Хумдонлар ҳам пишади ҳил-ҳил.
Гоҳ ўйловдан озади шеърим,
Баъзан мойдан юз бурар чўмич,
Шаҳаркирар дарвозаларга
Ҳамон миршаб бир дунё қарич…
Ёмғир ёғса,маржон томчилар,
Мумфарш йўлда ёрилар тарс-тарс.
Ёввон қизи кунгабоқарнинг
Катта юзи шаҳарга сиғмас…
Сут,қатиғи азиз,сариғ ёғ
Кулча бўлар,бўлар қат патир.
Аммо шаҳар,минораларни
Бир бор тўйиб кўрмаган сигир…
5 октябрь 2014 й
* * *
Кузакнинг ёмғири тинмади.
Томчига кўмилди мунажжим.
Онамнинг гул қабри ҳўл бўлгач,
Исонинг хочига сиғмадим.
Рўмолин ҳидладим,тўймадим.
Камзулин гуллари қаландар.
Ўймоғин ичига пуф-ф десам
Уйғониб кетдими самандар.
Урчуқ ҳам кўчини кўтарди.
Тароғим тишлари тўкилган,
Эртаклар сандалда исингач,
Санасам,тўпидан юзта кам.
Тарновлар “ув-в” тортиб юборди,
Дунёни уйғотди қўриқчи,
Изларин қишлоқдан топмоқ чун,
Мингта кўз чиқарди тугмамнинг ичи.
Кузакнинг ёмғири тинмади…
6 октябрь 2014 й
* * *
Сарвга суяниб йиғладим,
Чилладан уйғонди Шерозий
Япроқлар томирин куйдирди,
Исонинг овози,Исо овози.
Булбуллар саф тортди,ғаройиб,
Оловлар кулоҳи ранги дил.
Чилторга осилиб ухладим,
“Тур тирил, тур тирил, тур тирил”.
Маъбуднинг қулоғин ким кесди.
Меҳробнинг ранглари нега хом.
Жийдага тикилиб ўтирсам,
Юзимга ёпишди акси жом.
О,Сизни топдиму,муаллақ
Ой мисол на қўлу, на адоқ
Чопишга йўлим йўқ,олмоққа
Худонинг илгидан йўқ сабоқ…
Сарвга суяниб,йиғладим,
Туздоннинг томоғи ғарғара.
Шўр булут шимсам ҳам шу савдо,
Дурдалар кўнглимда қарқара…
Маъбуднинг қулоғин ким кесди…
8 октябрь 2014 й
* * *
Хазонрез жонимни суғурди.
Ёмғирда кўнглимнинг фарёди.
Ғарамлар пойидан ризқ терди,
Қишлоқда кўз очган қушчалар ёди.
Боғларни шамолда айландим,
Сув ўти қомати энди хам.
Пиширган ёнғоғин яширар
Қарғалар кўзидан Чорбоғи Ҳарам
Омборлар туйнугин мушки бор,
Бағрида арзанда гул уруғ,
Экиш чун қўйилган жўхорий
Ичида ухлайди мингта туғ.
Туманга “кет” десам,кетмади.
Қўнғироқ қилмасдан келди қор.
Қумбалиқ мисоли…жой топди,
Дераза рахидан гултувак айёр.
Хазонрез жонимни суғурди…
* * *
Оқарган косалар суврати
Кўнглимнинг чокидан ташқари.
Тушимда исириқ тутатар ,
Ёмғирнинг ёғидан Гулпари.
Кетардим,шом мени қўймади,
Ҳажрингда шеърларим ҳайдарий
Дон мисол изимни талашди
Ҳавоий қушларнинг сафари
Юзингни кўзгуда чизмабсан
Мўйқалам Мажнунми ё Мансур.
Урчуқни йўлидан тўхтатдим-
Кел,ғуссам кафтида чайла қур.
Мен энди тошқудуқ устидан
Кулсам ҳам кулмасам,афсона,
У ернинг ичида тип-тирик.
Мен ернинг устида девона…
Шаҳрингни ҳилолга ўқитдим.
Соянгга илдирдим самандар
Кўчангни бошимга кўтарсам
Шамшодлар терлайди ҳар саҳар
Кетардим,шом мени қўймади…
14 октябрь 2014 й
* * *
Сепилган тузларинг кўкарди.
Кўнглимнинг Чокида айни ҳут.
Капалак тўрига илинсам
Никоҳин ямади оқ ёқут.
Муаллақ ҳолимнинг ҳайкали.
Шамолни ўлчайди дон мисол.
Қировдан оловга пўстинми
Тиктириб сотгандай қилу қол.
Хазонрез заргарни музлатди.
Зайтунзор пойида маржоним,
Майдурда рақсини ўргансам,
Коҳинга ёпишди камоним…
Сиз қорнинг рангидан ўғирланг.
Мен ойнинг ортидан қўриқчи.
Худодай руҳимдан қарз бўлди,
Умримни совурган дунёнинг ичи.
Сепилган тузларинг кўкарди…
13 октябрь 2014 й
* * *
Гунг гуллар сафимни тўлдирди,
Тоғларнинг сийрати лайлакқор.
Шудринглар шаҳрини қаричлаб,
Ўзимни изладим неча бор.
Такрорим-тоғписта оқшоми,
Юлғунлар юртида йўқ чилла.
Тунлари зархумда ухласам,
Хивични ҳашарга чорлади тилла.
Юрсам ҳам,турсам ҳам куяман.
Оловнинг уруғи бармоғим.
Кипригинг сояси сас берса,
Қуёшни уйғотар чироғим.
Қўлимдан тутсангиз бўларди.
Тангрининг рўйхати лолазор.
Жим юриб,гард бўлди,деманг Сиз,
Жавҳарнинг белида хатим бор.
Туғилса,дунёни хаттотлар,
Хат билан қилдириб хатшувоқ,
Қаламни ҳайратга шимдирса,
Сувўти бўларди сувбайроқ…
Қўлимдан тутсангиз бўларди.
15 октябрь 2014 й
* * *
Юрагингда кимнинг сурати.
Қайси йўлдан келаётир куз.
Нега менинг гулдоним қадар,
Тўрт томонни босиб кетди туз.
Тушларингда кимлар сиғди.
Парвоз илми қушларга насиб.
Чилторларнинг тори узилди,
Ёруғликда мендан айрилиб.
Туманларни танҳо айландим.
Тоғсўқмоққа :”-Юр,дедим-кетдик”.
Уйга қайтсам тинмай чорлашдан.
Сурмадоним лаблари қийшиқ.
Ҳасратимни ҳинолар кийди.
Кўз ёшимга исинди Исо…
Шўх шаҳрингнинг шамолига айт,
Бўлмасин-да кўп оҳанрабо…
Яратганга шивирладим кўп:
“Менинг ҳаққим токчада қолди.
Муҳаббатим ҳут бўлди”, десам.
Мингта маъбуд терлашдан толди,
Тушларингда кимлар сиғди
16 октябрь 2014 й
* * *
Қадр туни
Отам оти арқонни узди.
Оғилхона бева бўлди тун.
Дарвозамиз пойидан фалак
Бағригача айланди қуюн.
Толқозиқлар сакраб турди.
Охурларнинг оғзида емиш…
Тоғсўқмоқлар бужур юзида,
Кумуш туёқ уриб кетди ниш
Чимчиланди майсалар юзи
Ёл ҳидлашга тушиб кетди ёз.
Гужумли чўл ой уруғ бўлди,
Оқ биялар қилганда парвоз.
Қулунлади худдики саҳро,
Ачомлашар ой билан уюр.
Ол тойчоқлар сут эмар пайти,
Тамшанади дунё тўла нур…
Аравалар қўлин кўтарди,
Арқонларнинг пўстини ямоқ.
Ҳамон кўзин ёшини артар,
Қўлрўмоли эскирган қишлоқ.
17 октябрь 2014 й
Х А З О Н Р Е З
Ёмғир яна донолик қилди.
Япроқларни ювиб қўйди шом.
Лойшувоққа ботмас томчини,
Тарнов томон йўллаб қўйди том.
Хурмозорлар камзўли шоҳий.
Ярқиррайди чиққанда офтоб,
Настаринлар тўпдан бўй чўзар,
Эрта-индин бўлай деб гулоб,
Боғ дарчалар худди Искандар…
Дарахт юкин ўлчар ўлчагич,
Тарозилар Худога қайтгач,
Қатортоллар чайнайди саққич…
Семиз ўти ҳушидан кетди.
Қуш изига тўкилди уруғ.
Машраб ақлин урчуқда ўрди,
Майрастада чопиб юрган муғ…
18 октябрь 2014 й
* * *
Муҳаббат шаробин билмасдан тўктим.
Қишчопон киймасдан йиғлади токзор.
Урчуғдай кўнглингни гир-гир айланиб,
Лайлининг умридан бўлдим-ку қарздор.
Яссавий сурмадон ортидан кетди.
Бедилга қошҳилол ўгирди орқа.
Мен кеча кўп муғ дарсидан қайтсам,
Масиҳо кўчада йиртарди ёқа.
Ғаззолий эртагин булбули шоир.
Сафсар ҳам гулласа,ёзарди ғазал.
Булутга сув берсам,ёнимдан ўтди,
Тумшуғи бир қарич тақдири азал.
Машраб ҳам бозордан қуп-қуруқ қайтди.
Мажнуннинг сочига илинди мезон.
Хаёлий шеъримдай кузфурсат топиб,
У холиқ ёнига борарган қачон?
Фахр
Қуёшига осилдим ўсдим
Боғларига ошиқ бўлдим ёз,
Буғдой гулин кўнглимга қўшиб,
Тонгларга қилдим поёндоз.
Шаҳарларин сочини ўрдим,
Қишлоғида ясадим тандир.
Битиктошлар қулфи дилининг,
Атрофидан айландим гир-гир.
Байроқлари байрам билан банд.
Қўшиғида пирлар ҳикмати.
Тўйларида карнай бошидан,
Исириқлар айланиб қайтди.
Онам сочин ҳидидай анбар,
Гужумгуллар сочганда гулчанг,
Мен шеъримга сўрғич қилай деб,
Булоғидан олиб келдим ранг.
Синосига сир айтди асрор.
Имомлари пайғамбар ёри.
Ҳаққушларнинг бошин силади.
Бухоронинг қалин девори.
* * *
Менинг умрим шамшоддек узун,
Китобларим Ҳофиз кўрган туш.
Тонг мен билан уйғонмай туриб,
Ўртасидан бошлаб ўқир қуш.
Туғлар куёв бўлгиси келар.
Хайригулдан ясалар бешик.
Ғазал ўқиб киприги ўсган,
Бўтакўзлар япроғи эшик.
Намозини ўзгартирар шом,
Сурмадонин янгилар майса.
Учиб-қўниб куйлаган вали,
Исириқдан уради пахса.
Сўнгра қуёш бошин тегизар,
Нуқталарин тўктирар шабнам.
Ёғли гуллар масканин излаб,
Саф тортади бир олам ғарам.
Лайлак ўқир бир оёқда тик,
Тоғ олчалар кутади навбат,
Минг қўлма-қўл бўлгани билан,
Оҳор боғлар,оҳор,етти қад.
Китобларим Ҳофиз кўрган туш…
Иқрор
Булбулнинг китобин мен битдим.
Тошбитик бисотин минг титдим,
Негадир кўнглимнинг рангида йитдим
Муаллақ…
Дарахтлар қўзғалса кўп бойиб,
Токлар тонг гулласа мен – ғолиб,
Кўзгунинг астарин сочимда ёйиб,
Воҳ,ажаб…
Кетаман,кетаман.Кетманг Сиз.
Қушга гул пиширмиш сув ялпиз,
Кел,осмон бошингни кўприкка тегиз,
Қайтмасдан эзилдим дилталаб…
Етти ранг ёнбошлаб ичди чой.
Мойчечак ковуши яна мой,
Кафтингдан тегмади менга жой,
Ё,Раб…
О,нега қарқара қур-қурлар,
Шамолнинг пойига тўкилади зар,
Ё,ҳу-я,ё,ҳу-я,олмадинг хабар,
Қиблага қараб…
* * *
Неча ёшга киргансан баҳор,
Мучалингга қанча вақт бор қиш
Ҳут ёмғирнинг ношуд кўлмаги
Кирпи инга келтирди ташвиш.
Ёз қушларни эрка ўстирди
Полапонлар талашди хўрак.
Боғлар бирдан ҳувиллиб қолгач,
Ғолиб қўлин кўтарди кузак…
Бармоғимни қаттиқ тишлабман
Тиш изидай қизарди хазон,
Деразамни чертиб қон қилди
Булут чақиб ташлаган осмон.
Қиш боши
Томчилар юраги ёрилди,
Шамолнинг саждаси етти қат.
Куз келгач боғ сўқмоқ ёшарар,
Уп-узун оёғин ковуши зарпат.
Арава изига қор ёғди.
Масжиднинг томида қарғалар.
Мусаввир корчўбин устида,
Мажнунтол сурати соч тарар.
Ўтинлар нам тортди қишлоқда.
Тандирлар устида ёпинғич.
-“Қиш келиб,мен ишсиз қолдим”, деб
Равоққа кўзёши қилар елпиғич.
Туршаклар ялпиздан миннатдор.
Майизлар бозорда арзанда,
Туёғи саҳрони уйғотган,
Отамнинг бўз оти арқонга банда.
* * *
Кўнглимни сут билан суғордим
Нонпарга ярашди гулэтик
Бедилни чилладан уйғотиб,
Ковушига битгандим дилбитик.
Мажнуннинг лашкари кўпайди.
Шириннинг шираси болари
Фарҳоднинг болтасин белига
Боласин бойлади сувпари…
Наршахий нарвони гуллади.
Қаламга ясадик дарвоза.
Сиёвуш қибладан сас берди,
“Бухоро меҳробин ҳавоси тоза…”
* * *
Югурдим юлдузга етмадим,
Оёғим остида симоба
Дунёнинг юкини торттириб,
Отларни қаритар ароба.
Мен ётган бешикнинг ранги кўк
Ковушим ҳали ҳам гарди гул
Билмасдан туғ сочин тортгандим
Шаҳарни уйғотди нолаи қул-қул.
Жонимда вулқоннинг тасбеҳи
Кўксимни тешади битта қуш,
Деворлар устида юриб ҳам,
Изимни санайди Сиёвуш.
Ҳовузга бир челак дард айтдим,
Йўлларга юз йиллик машаққат.
Теракнинг қишда ҳам гуллаши,
Ҳақиқат,ҳақиқат, ҳақиқат
Булутни тўй қилсам келасиз
Масиҳо орти ҳам нурмеҳроб.
Шеърларим шоҳларга қўшиқчи.
Бир айбим бор: — чўнтагим хароб…
* * *
Балким –
Мен ҳақимда қушлар гапирса
Гужумларнинг кулгуси келар.
Чирмовиқлар чилдирма чалмай,
Тонгда туриб бир жом сут берар.
Зайтунзорлар мойу-мой йиғар.
Юнғичқагул шамолни койир.
Момотутлар кўзи олдида,
Сандиғидан чиқади Тоҳир.
Оқ ўриклар шаҳарга келин,
Булбулчалар синдирар қафас.
Бир мисрамни Фошунга чорлаб,
Чопон тикиб берар Абу Хафс.
Арк ўзидан сал-пал кетар,
Чорбакрлар тўқийди сарпо.
Мен бир ўтсам абад-ул-абад,
“Пули ошиқин” қилмайди қазо.
Ҳар битта том гумбаз кияди.
Саррофонда семирар чўнтак.
Қиш бўлса ҳам қорчипта кийиб,
Бухорога келади лайлак.
Бобом боғи.
Дарахтлар шеваси ям-яшил.
Луғати юк тўла нонсават.
Бағрида қушчалар тўлишиб,
Мажнуна бўлишни қилдирар одат.
Япроқда қуёшнинг ҳиди бор
Новдалар шамолнинг чилтори.
Булутдан тўкилган томчилар,
Пойига бош урса,келар барори.
Лайлининг мушкдони косагул.
Румийнинг ковуши тоғписта.
Масиҳо тирилиб уйланар,
Ёнғоқдан туғилган шомгулоб ютса.
Бир куни қарасам,
Ҳут-ҳутлар ҳут кийиб ўйнади.
Оқ ўрик кўнглидан ёзди дастурхон.
Майхумни бошида кўтариб кетди.
“Тўйга” деб Алпомиш туғилган замон.
* * *
Бошоқлардан эгизлигим бор.
“Сут! “ сўзидан уйғонар Марям.
Ҳут-ҳутларнинг ёмғир чорлаши
Майсаларга уйғониш малҳам.
Бўтакўздан кўзчироқ олдим.
Лолаларга айтгандим эртак.
Минорани бошига қўйиб,
Рақси мижгон ўйнади лайлак.
Шаҳристонни шаҳри жом қилдим.
Мағоқларни юракка чўнтак.
Доросабоқ момотутларим,
Боғлаб чиқди шеъримдан лачак.
Бир қад учдим,ўзимни қучдим,
Жўи зарга танладим совчи…
Сизга юмшоқ тўйхат юборсам,
Маҳшар бўлди қумшаъба ичи…
Бошоқлардан эгизлигим бор…
Ibodat Rajabova
YANGI SHE’RLAR
Ibodat Rajabova Peshko’ tumanidagi Qalaymirishkor qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya va Toshkent davlat universiteti (hozir O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakul`tetlarini tugatgan. Ayni paytda «Buxoro oqshomi» shahar gazetasi muharriri o’rinbosari vazifasida ishlamoqda. Turli yillarda uning «Osmondagi farishta», «Qush kiprigi», «Buxornur yoki yetti pir», «Buxoroda gujum gulladi» singari she’riy to’plamlari nashr etilgan. O’z uslubiga ega iste’dodli shoiraning she’rlari she’r ixlosmandlarining nazariga tushgan.
* * *
Ko’nglimga kirganing muborak!
Ranglarni eritsam – surating…
Laylilar qarsagin yuzidan
To’kilgan titroqqa ne deding.
Havoni kaftimda ilitdim.
Yomg’irni to’yimga aytmayman.
To’nimni oy bilan yamasam,
Xojaga yopishdi Yosuman.
Falakning gavharin tebratdim.
G’alvirdan bo’y cho’zdi suvpari.
Dunyoni donoga kuy kildi-
Bolari muxri-yu,gulning asari.
Puf-f-f dedim,piliklar parivash.
«Oh»,dedim ohular oybaldoq.
Ko’nglimga kirganing ertasi
Qayroqdan tug’ildi moychirok
Men endi qaqnusga chap berib,
Soyangda sig’aman-qo’shqator.
Gulbelbog’ tiktirib jo’natdi
Ko’nglimga anorzor,anorzor…
Ko’nglimga kirganing muborak!
9 sentyabr 2014 y
Buxoroda tiyramox
Bog’i oyim zanjirin topdi.
Sap-sarg’ayib ketdi xordevor.
Van Gog sevgan kungaboqarlar,
Bozor ketdi izlab xaridor.
Polizlarda kirpi izi yo’q.
Tolsavatda jamul-jam uzum.
Namda urug’ tashlar saksovul,
Setalakda sovib ketdi qum.
Issiq to’nlar narxida osmon,
Qalin ro’mol gullari-mayram.
Oq laylaklar bo’m-bo’sh inidan
To’kiladi shomda xas-alam.
Bog’supada supurgi boylar.
Keng kamzo’li maxtobiy onam.
Tomga chiqib yig’lagim kelar,
Sholilarni keli yanchar dam…
14 sentyabr` 2014 yil
* * *
Yana qalqon tushimga kirdi.
Shomda nayza topdimi beshik.
Burqi sarmast soqolin chertsa,
Ochilmadi birorta eshik.
Qulfakgullar kalit izladi.
Shamolda-ku yo’q bitta ko’ylak,
O’ng qo’limning kaftiga yo Rab,
Urug’ tashlab ketdi oq laylak…
Boyib ketdim,xazinam – quyosh,
Surmadonim aksi samandar.
Afrosiyob muhri-yu Seni
Berariga qo’shsaydi Haydar,
Gujumlardan chopon kiyardim.
Ostonangdan boshimga gultoj.
Masih emas,qumsoatmanu
Peshonamda qush panjasi xoch.
Marjon bilan daryo o’ynardim.
Osmonlardan yasab bir xumdon.
Yuragimni sutda qaynatsam,
Tug’ bo’lishim emasdi gumon
Qulfakgullar kalit izladi…
15 sentyabr` 2014 y
* * *
O r t i n g d a n
Kubroning itiday yugurdim.
Shudringga minmadim usti ho’l.
Tandirda tug’ilgan cho’g’ misol.
Qo’lini uzatdi katta yo’l.
Jiydalar gul to’kib ingradi.
Daraxtlar hammomga kirgan qush.
Potirlab,tunlarni buzgancha,
Xudoning oldida ko’rdi tush.
Ko’ksimni chaynadi ajriqlar,
Ko’nglimda dod soldi qo’ng’iroq.
Shomlari savdoyi bo’ldim-yey
To’yingda ayroliq o’ynasa qayroq.
Chirmoviq chirmashni endi qo’y.
Zarhalga botsam ham chalma ud.
Hut chavgon o’ynar payt sezmabman.
Toshlarga qo’shilib ketganin yoqut.
Ortingdan
Kubroning itiday yugurdim.
17 sentyabr` 2014 y
* * *
Qitiqlaydi shamolni iffor,
Shapatilar sohillarni suv,
Xazonlarni yomg’irda yuvsam,
Qumsoatday to’kilar qayg’u.
Yo’llar yana yo’limdan chiqdi.
Nam qumlarday choponim og’ir.
Otlar qishloq qaytar shomlari
Tuyoqlarga aylanadi qir.
G’aram darrov gerdayib ketar,
Turshak yuzin bosganday ajin.
Hamma ketib bir o’zi qolgan,
Qarg’aga ham yolg’izlik qiyin.
Siyozpoyon sutdan semirdi.
Sarig’yog’ga botib ketdi non.
Onam uyin shifti:”Qish shu…” deb,
Bahorgacha kutmaydi mehmon.
19 sentyabr` 2014 y
* * *
Shamolni sindirib bilmadim.
Qismatim tomchilar savlati.
Iskandar yonida tik tursam,
U nega osmonni sanadi.
G’alvirning ko’ziga sig’madim-
Qovoqgul polizning varragi.
Yaktagin guliga may tutdi,
Abdulla Barragiy, Barragiy…
Gulandom andoming,muborak.
Tog’pista ko’nglimda xonanda.
Biz birga ming qo’shiq to’qiymiz
Tunlari bulbullar yotganda.
Xom sharob rangida shom qarir.
Siz yaqin kelmaysiz,men-yelim…
Ninachi bo’yniga xoch osib,
Kutishdan och qolib,qazoni yedim…
Shamolni sindirib bilmadim…
20 sentyabr` 2014 y
* Xoja Roh qabristoni *
Oy nuridan surma tortadi.
Shabnamlardan qaymoqiy sharob.
Tangri tomon borib keladi,
Tug’ sochlari,chiqguncha oftob.
So’qmoqchalar qishda ozadi,
Ajriqgullar bahorda xursand,
Bitiktoshlar jiddiy turgancha
O’qirmonga sira bermas pand.
“Tillo izlab kelgan bosqinchi
Xom chingiziy ruhlar bo’lib jam,
Saksovulga osilib yig’lar,-
Hech kim karzga bermaydi Vatan!…”
O’tmish rangi cho’kkan obi g’isht.
Sopollarday parchalangan sabr,
O’rtacho’lga aylanib borar,
Musofir ham yotgan eski qabr.
Ruh bisotin izlar,qorayar,
Adog’i yo’q sodda,maxfiy yo’l.
To’rt-besh qari momotut hamon
Qishloq tomon cho’zib turar qo’l…
21 sentyabr` 2014 y
* * *
Juda sokin oqar Duoba,
Yuzlarida xazondan gulxol.
Choponi yo’q bolarilar-chi;
Inlariga tashib bilmas bol.
Chumoli in tuynugi yopiq,
Izlab-izlab tarqalar tuman.
Shudringda bosh yuvgan oq tollar
Biram go’zal,biram simintan.
Pichan hidi bosdi hovlini
Arqon belin og’ritdi sigir.
Tariq,turshak sanog’in olgan
Ombordono endi yosh g’alvir.
Qishloq bag’rin sog’inib ketdi,
Qo’ng’irog’i bo’ynida poda.
Kuzda kelib g’arq gulladi.
Chodirxayol yulg’unlar,sodda…
Cho’l yantoqni so’ldirdi qirov,
Saksovuldan kelar cho’g’ hidi.
Shoxda haykal bo’lgan jiydani
Kelib-kelib qarg’alar yedi…
22 sentyabr` 2014 y
* * *
Ko’zimdan surating to’kildi.
Termoqqa bosh egdi majnuntol.
Oh,desam og’rinib sarg’aydi-
Po’rtaxol, po’rtaxol,po’rtaxol.
Chigirtka labini yaladi.
Qarqara ortimdan chopdi shom.
G’o’ralar g’urbatin xush ko’rmay,
Shamolga urilib,sindi jom.
Kaftimni xazondan to’ldirdim.
G’ussadan cho’ntagim endi bo’sh,
Yoping’ich o’ngida o’t yoqdim:
“Xayru xo’sh, xayru xo’sh, xayru xo’sh!”
Daraxtlar men bilan ketmoqchi,
Yo’llarga yopishdi mingta qo’l.
Zanjir-la bog’langan ey,osmon.
Endi sen og’ir bo’l,og’ir bo’l…
Ko’zimdan surating to’kildi
23 sentyabr` 2014 y
* * *
Xoja Orif quyunni bog’lab,
Osmonlarga sayr qilsa tuni,
Qal’a devor bo’lib yoshardi
Kiyib yurgan eski po’stini.
Onagujum eniga o’sdi
Nonvoyxona o’tkazdi mavlud,
Qishi bilan qishloqni boqdi
Qator bo’lib turgan payvand tut.
Ariqlarning pushtida tillo,
Quduqlarga nokbargdan sarpo’sh,
Ombor teshgan qari o’g’rining
Xurjuni bo’sh,xurjunlari bo’sh.
Oyni kesib,oybaldoq qildi,
Tongni tutib tug’dirsa mayoq
Dushmanlarning kovushi kuyib,
Bu tuproqqa bosmadi oyoq…
24 sentyabr` 2014 y
S U N B U L A
Eski zahkash suvi bitladi.
Mo’yqalamlar sochini ranglar.
Van Gog shartta kesib tashlagan.
Qulog’iga o’xshar nilufar.
Qoraqir-ku qoldi bir o’zi.
Qamishlar ham qishloqqa qaytdi.
Kungaboqar boshini boylar
Huvaydoning haqqushiy bayti.
Anorzorda “Uvaysiylar” yo’q.
Aravaga she’r qo’shar Sa’diy.
Tuttarnovning yum-yum yig’lashi
Yuragimning yarmini yedi…
Chalg’ilarda uyqu-ku anqo,
Omborlarda bir dunyo qaytim.
Sekin borib uyquga ketgan
Kirpichalar oyog’in artdim.
Mo’yqalamlar sochini ranglar…
25 sentyabr` 2014 y
O’zim uchun she’r…
Baland osmon,chilchiroq shahar
Xorijnamo daraxt kiygan yo’l.
Hovlingizning turt tomonidan
Xayrigullar cho’zib turar qo’l.
Qo’ng’iroqlar sizni so’roqlar.
Choponlarin yirtadi noma.
Nofalardan tug’ilgan iffor,
Yostiqgulga qo’yadi xona.
Tonglar otar yuvilar ko’cha,
…Darmonli suv ichar gultuvak.
Siz o’ltirgan anjumanlarning
Ertasi ham uradi qarsak.
Bir kun sekin qishloq keladi,
Qo’llariga salomdan tugun.
Sariq anjir toq ko’zin artgach,
Yo’laklarda borib kelar tun.
-Onam xasta,yosh to’kar singil,-
Devor ushlab yurar oq ilinj.
Sizni kutib,sopol kosadan
Cho’bqoshiqda ichadi sog’inch.
Xomqaymoqqa uzoq tikilar,
Mushugi ham chiqib ketgan,yo’q.
“Kitoblari chiqdimi yo…”, deb,
Sizdan hamon ko’ngli emas to’q…”
“Indin borgum…” deysiz.Jomadon
Noz shahardan kelmas chiqgusi.
To’rt kundan so’ng she’rni teshadi
Yolg’iz qolgan hassa yig’isi…
Bir kun sekin qishloq keladi,
26 sentyabr` 2014 y
Varaxsha cho’l manzaralari
Qatortutlar xuddi qarg’abosh.
Qorayishdan o’tmagan nari.
Shirinsuvni g’amga botirdi
Mohonko’lda yitgan suvpari.
Qari zahkash qamishga bandi.
Shamol yig’ib yemagan yulg’un.
Cho’pono’tov tuynuklaridan
Chiqib qochar bir dunyo tutun.
Havzak cho’lda bitta hovuz yo’q.
Sarg’ish qumlar hamon jimu-jim.
Arpaxonlar rang-ro’yin ko’rib,
Yig’lab-yig’lab ortimga qaytdim.
Nortuyalar yantoqni “siz”lar,
O’rkachlari osmonda “Yallo…”
Bir tomchi suv topsa qirq bo’lib,
Tuyoqlarda tik turgan sahro
Qishloq tomon rama yuborar.
Qo’ng’iroqlar ichi to’la xat.
Xamir qorib tandir qizdirar,
Misqol pari – kamzuli zarpat.
28 sentyabr` 2014 y
* * *
So’qmoqchalar ko’nglimni yog’lar,
Minoralar sham’ tutgan pari.
Oyoq qo’ysam toshloq yo’llarning
Qo’shiqlari sal-pal jaydari.
Tushim gohi jalaga o’xshar,
Guldirakdan yirtilar osmon.
Po’stin kiyib,tog’larga chiqib,
Xudolarni sanamoq oson.
Gujumlarga qo’l bergan vali,
Maysalarga bo’lganda urug’,
Uy eshigi nam tortgan onam,
Rabog’ida ozadi urchuq.
Azon tortdim,tong meni ko’rdi,
Qanotini taradi takbir.
Qirq qiz qal’a yubordi noma:
“Qum sog’sang ham pishirgin chog’ir!”
Qozon boshdan qalpog’in oldi.
Dumi qotib ketgan moycho’mich,
Soyang misol savdoiy bo’lsa
Sutkosalar yubordi o’pich…
1 oktyabr` 2014 y
* * *
O’rikgullar shamolda o’ynar,
Do’l,dovulni tutolmas qarmoq,
Ko’zgularning yo’q darchasidan,
Chiqishimni kutdingmi uzoq?
Yurakpo’shim ko’zmunchoq ko’zi,
Namozimni o’rgandi qumri,
Chorlov pushti childirma bo’lgach,
Go’shangalar uzaydi umri.
Bo’tako’zlar bo’taday paxmoq,
Xom pistaga sig’masman aslo,
To soyalar savdoiy ekan.
Majnunalar qilmaydi qazo.
Ko’p sog’indim,sog’inchdan simob…
Qushlar misol ashaddiy yo’qlov,
Moviy ichim daraxtga ko’chdi,
Kurtaklarning labida olov…
Ko’prikka ming,yong’oqni yumshat,
Isiriqdan tiktirgin chopon.
Xudo rangin xutbada joylab,
Qishloq qaytdi Xoja Biyobon!
O’rikgullar shamolda o’ynar
2,3 oktyabr` 2014 y
* * *
Ona,shahar kaftimda uxlar.
Torko’chalar fe’li-ku ummon.
Jo’i zarning chopib topgani
Mehmonlarga bo’lar dasturxon.
Masjidustun otasi gujum.
Gumbazlarning ichi to’la nur.
Suv yuziga tushgan xazon ham,
Mo’yqalamga beradi huzur.
Havzi Bobo hovliqib,to’lar…
G’ozanozdan to’kiladi dil.
Mavji gardon o’t yoqishidan
Xumdonlar ham pishadi hil-hil.
Goh o’ylovdan ozadi she’rim,
Ba’zan moydan yuz burar cho’mich,
Shaharkirar darvozalarga
Hamon mirshab bir dunyo qarich…
Yomg’ir yog’sa,marjon tomchilar,
Mumfarsh yo’lda yorilar tars-tars.
Yovvon qizi kungaboqarning
Katta yuzi shaharga sig’mas…
Sut,qatig’i aziz,sarig’ yog’
Kulcha bo’lar,bo’lar qat patir.
Ammo shahar,minoralarni
Bir bor to’yib ko’rmagan sigir…
5 oktyabr` 2014 y
* * *
Kuzakning yomg’iri tinmadi.
Tomchiga ko’mildi munajjim.
Onamning gul qabri ho’l bo’lgach,
Isoning xochiga sig’madim.
Ro’molin hidladim,to’ymadim.
Kamzulin gullari qalandar.
O’ymog’in ichiga puf-f desam
Uyg’onib ketdimi samandar.
Urchuq ham ko’chini ko’tardi.
Tarog’im tishlari to’kilgan,
Ertaklar sandalda isingach,
Sanasam,to’pidan yuzta kam.
Tarnovlar “uv-v” tortib yubordi,
Dunyoni uyg’otdi qo’riqchi,
Izlarin qishloqdan topmoq chun,
Mingta ko’z chiqardi tugmamning ichi.
Kuzakning yomg’iri tinmadi…
6 oktyabr` 2014 y
* * *
Sarvga suyanib yig’ladim,
Chilladan uyg’ondi Sheroziy
Yaproqlar tomirin kuydirdi,
Isoning ovozi,Iso ovozi.
Bulbullar saf tortdi,g’aroyib,
Olovlar kulohi rangi dil.
Chiltorga osilib uxladim,
“Tur tiril, tur tiril, tur tiril”.
Ma’budning qulog’in kim kesdi.
Mehrobning ranglari nega xom.
Jiydaga tikilib o’tirsam,
Yuzimga yopishdi aksi jom.
O,Sizni topdimu,muallaq
Oy misol na qo’lu, na adoq
Chopishga yo’lim yo’q,olmoqqa
Xudoning ilgidan yo’q saboq…
Sarvga suyanib,yig’ladim,
Tuzdonning tomog’i g’arg’ara.
Sho’r bulut shimsam ham shu savdo,
Durdalar ko’nglimda qarqara…
Ma’budning qulog’in kim kesdi…
8 oktyabr` 2014 y
* * *
Xazonrez jonimni sug’urdi.
Yomg’irda ko’nglimning faryodi.
G’aramlar poyidan rizq terdi,
Qishloqda ko’z ochgan qushchalar yodi.
Bog’larni shamolda aylandim,
Suv o’ti qomati endi xam.
Pishirgan yong’og’in yashirar
Qarg’alar ko’zidan Chorbog’i Haram
Omborlar tuynugin mushki bor,
Bag’rida arzanda gul urug’,
Ekish chun qo’yilgan jo’xoriy
Ichida uxlaydi mingta tug’.
Tumanga “ket” desam,ketmadi.
Qo’ng’iroq qilmasdan keldi qor.
Qumbaliq misoli…joy topdi,
Deraza raxidan gultuvak ayyor.
Xazonrez jonimni sug’urdi…
* * *
Oqargan kosalar suvrati
Ko’nglimning chokidan tashqari.
Tushimda isiriq tutatar ,
Yomg’irning yog’idan Gulpari.
Ketardim,shom meni qo’ymadi,
Hajringda she’rlarim haydariy
Don misol izimni talashdi
Havoiy qushlarning safari
Yuzingni ko’zguda chizmabsan
Mo’yqalam Majnunmi yo Mansur.
Urchuqni yo’lidan to’xtatdim-
Kel,g’ussam kaftida chayla qur.
Men endi toshquduq ustidan
Kulsam ham kulmasam,afsona,
U yerning ichida tip-tirik.
Men yerning ustida devona…
Shahringni hilolga o’qitdim.
Soyangga ildirdim samandar
Ko’changni boshimga ko’tarsam
Shamshodlar terlaydi har sahar
Ketardim,shom meni qo’ymadi…
14 oktyabr` 2014 y
* * *
Sepilgan tuzlaring ko’kardi.
Ko’nglimning Chokida ayni hut.
Kapalak to’riga ilinsam
Nikohin yamadi oq yoqut.
Muallaq holimning haykali.
Shamolni o’lchaydi don misol.
Qirovdan olovga po’stinmi
Tiktirib sotganday qilu qol.
Xazonrez zargarni muzlatdi.
Zaytunzor poyida marjonim,
Maydurda raqsini o’rgansam,
Kohinga yopishdi kamonim…
Siz qorning rangidan o’g’irlang.
Men oyning ortidan qo’riqchi.
Xudoday ruhimdan qarz bo’ldi,
Umrimni sovurgan dunyoning ichi.
Sepilgan tuzlaring ko’kardi…
13 oktyabr` 2014 y
* * *
Gung gullar safimni to’ldirdi,
Tog’larning siyrati laylakqor.
Shudringlar shahrini qarichlab,
O’zimni izladim necha bor.
Takrorim-tog’pista oqshomi,
Yulg’unlar yurtida yo’q chilla.
Tunlari zarxumda uxlasam,
Xivichni hasharga chorladi tilla.
Yursam ham,tursam ham kuyaman.
Olovning urug’i barmog’im.
Kipriging soyasi sas bersa,
Quyoshni uyg’otar chirog’im.
Qo’limdan tutsangiz bo’lardi.
Tangrining ro’yxati lolazor.
Jim yurib,gard bo’ldi,demang Siz,
Javharning belida xatim bor.
Tug’ilsa,dunyoni xattotlar,
Xat bilan qildirib xatshuvoq,
Qalamni hayratga shimdirsa,
Suvo’ti bo’lardi suvbayroq…
Qo’limdan tutsangiz bo’lardi.
15 oktyabr` 2014 y
* * *
Yuragingda kimning surati.
Qaysi yo’ldan kelayotir kuz.
Nega mening guldonim qadar,
To’rt tomonni bosib ketdi tuz.
Tushlaringda kimlar sig’di.
Parvoz ilmi qushlarga nasib.
Chiltorlarning tori uzildi,
Yorug’likda mendan ayrilib.
Tumanlarni tanho aylandim.
Tog’so’qmoqqa :”-Yur,dedim-ketdik”.
Uyga qaytsam tinmay chorlashdan.
Surmadonim lablari qiyshiq.
Hasratimni hinolar kiydi.
Ko’z yoshimga isindi Iso…
Sho’x shahringning shamoliga ayt,
Bo’lmasin-da ko’p ohanrabo…
Yaratganga shivirladim ko’p:
“Mening haqqim tokchada qoldi.
Muhabbatim hut bo’ldi”, desam.
Mingta ma’bud terlashdan toldi,
Tushlaringda kimlar sig’di
16 oktyabr` 2014 y
* * *
Qadr tuni
Otam oti arqonni uzdi.
Og’ilxona beva bo’ldi tun.
Darvozamiz poyidan falak
Bag’rigacha aylandi quyun.
Tolqoziqlar sakrab turdi.
Oxurlarning og’zida yemish…
Tog’so’qmoqlar bujur yuzida,
Kumush tuyoq urib ketdi nish
Chimchilandi maysalar yuzi
Yol hidlashga tushib ketdi yoz.
Gujumli cho’l oy urug’ bo’ldi,
Oq biyalar qilganda parvoz.
Qulunladi xuddiki sahro,
Achomlashar oy bilan uyur.
Ol toychoqlar sut emar payti,
Tamshanadi dunyo to’la nur…
Aravalar qo’lin ko’tardi,
Arqonlarning po’stini yamoq.
Hamon ko’zin yoshini artar,
Qo’lro’moli eskirgan qishloq.
17 oktyabr` 2014 y
X A Z O N R YE Z
Yomg’ir yana donolik qildi.
Yaproqlarni yuvib qo’ydi shom.
Loyshuvoqqa botmas tomchini,
Tarnov tomon yo’llab qo’ydi tom.
Xurmozorlar kamzo’li shohiy.
Yarqirraydi chiqqanda oftob,
Nastarinlar to’pdan bo’y cho’zar,
Erta-indin bo’lay deb gulob,
Bog’ darchalar xuddi Iskandar…
Daraxt yukin o’lchar o’lchagich,
Tarozilar Xudoga qaytgach,
Qatortollar chaynaydi saqqich…
Semiz o’ti hushidan ketdi.
Qush iziga to’kildi urug’.
Mashrab aqlin urchuqda o’rdi,
Mayrastada chopib yurgan mug’…
18 oktyabr` 2014 y
* * *
Muhabbat sharobin bilmasdan to’ktim.
Qishchopon kiymasdan yig’ladi tokzor.
Urchug’day ko’nglingni gir-gir aylanib,
Laylining umridan bo’ldim-ku qarzdor.
Yassaviy surmadon ortidan ketdi.
Bedilga qoshhilol o’girdi orqa.
Men kecha ko’p mug’ darsidan qaytsam,
Masiho ko’chada yirtardi yoqa.
G’azzoliy ertagin bulbuli shoir.
Safsar ham gullasa,yozardi g’azal.
Bulutga suv bersam,yonimdan o’tdi,
Tumshug’i bir qarich taqdiri azal.
Mashrab ham bozordan qup-quruq qaytdi.
Majnunning sochiga ilindi mezon.
Xayoliy she’rimday kuzfursat topib,
U xoliq yoniga borargan qachon?
Faxr
Quyoshiga osildim o’sdim
Bog’lariga oshiq bo’ldim yoz,
Bug’doy gulin ko’nglimga qo’shib,
Tonglarga qildim poyondoz.
Shaharlarin sochini o’rdim,
Qishlog’ida yasadim tandir.
Bitiktoshlar qulfi dilining,
Atrofidan aylandim gir-gir.
Bayroqlari bayram bilan band.
Qo’shig’ida pirlar hikmati.
To’ylarida karnay boshidan,
Isiriqlar aylanib qaytdi.
Onam sochin hididay anbar,
Gujumgullar sochganda gulchang,
Men she’rimga so’rg’ich qilay deb,
Bulog’idan olib keldim rang.
Sinosiga sir aytdi asror.
Imomlari payg’ambar yori.
Haqqushlarning boshin siladi.
Buxoroning qalin devori.
* * *
Mening umrim shamshoddek uzun,
Kitoblarim Hofiz ko’rgan tush.
Tong men bilan uyg’onmay turib,
O’rtasidan boshlab o’qir qush.
Tug’lar kuyov bo’lgisi kelar.
Xayriguldan yasalar beshik.
G’azal o’qib kiprigi o’sgan,
Bo’tako’zlar yaprog’i eshik.
Namozini o’zgartirar shom,
Surmadonin yangilar maysa.
Uchib-qo’nib kuylagan vali,
Isiriqdan uradi paxsa.
So’ngra quyosh boshin tegizar,
Nuqtalarin to’ktirar shabnam.
Yog’li gullar maskanin izlab,
Saf tortadi bir olam g’aram.
Laylak o’qir bir oyoqda tik,
Tog’ olchalar kutadi navbat,
Ming qo’lma-qo’l bo’lgani bilan,
Ohor bog’lar,ohor,yetti qad.
Kitoblarim Hofiz ko’rgan tush…
Iqror
Bulbulning kitobin men bitdim.
Toshbitik bisotin ming titdim,
Negadir ko’nglimning rangida yitdim
Muallaq…
Daraxtlar qo’zg’alsa ko’p boyib,
Toklar tong gullasa men – g’olib,
Ko’zguning astarin sochimda yoyib,
Voh,ajab…
Ketaman,ketaman.Ketmang Siz.
Qushga gul pishirmish suv yalpiz,
Kel,osmon boshingni ko’prikka tegiz,
Qaytmasdan ezildim diltalab…
Yetti rang yonboshlab ichdi choy.
Moychechak kovushi yana moy,
Kaftingdan tegmadi menga joy,
YO,Rab…
O,nega qarqara qur-qurlar,
Shamolning poyiga to’kiladi zar,
YO,hu-ya,yo,hu-ya,olmading xabar,
Qiblaga qarab…
* * *
Necha yoshga kirgansan bahor,
Muchalingga qancha vaqt bor qish
Hut yomg’irning noshud ko’lmagi
Kirpi inga keltirdi tashvish.
Yoz qushlarni erka o’stirdi
Polaponlar talashdi xo’rak.
Bog’lar birdan huvillib qolgach,
G’olib qo’lin ko’tardi kuzak…
Barmog’imni qattiq tishlabman
Tish iziday qizardi xazon,
Derazamni chertib qon qildi
Bulut chaqib tashlagan osmon.
Qish boshi
Tomchilar yuragi yorildi,
Shamolning sajdasi yetti qat.
Kuz kelgach bog’ so’qmoq yosharar,
Up-uzun oyog’in kovushi zarpat.
Arava iziga qor yog’di.
Masjidning tomida qarg’alar.
Musavvir korcho’bin ustida,
Majnuntol surati soch tarar.
O’tinlar nam tortdi qishloqda.
Tandirlar ustida yoping’ich.
-“Qish kelib,men ishsiz qoldim”, deb
Ravoqqa ko’zyoshi qilar yelpig’ich.
Turshaklar yalpizdan minnatdor.
Mayizlar bozorda arzanda,
Tuyog’i sahroni uyg’otgan,
Otamning bo’z oti arqonga banda.
* * *
Ko’nglimni sut bilan sug’ordim
Nonparga yarashdi guletik
Bedilni chilladan uyg’otib,
Kovushiga bitgandim dilbitik.
Majnunning lashkari ko’paydi.
Shirinning shirasi bolari
Farhodning boltasin beliga
Bolasin boyladi suvpari…
Narshaxiy narvoni gulladi.
Qalamga yasadik darvoza.
Siyovush qibladan sas berdi,
“Buxoro mehrobin havosi toza…”
* * *
Yugurdim yulduzga yetmadim,
Oyog’im ostida simoba
Dunyoning yukini torttirib,
Otlarni qaritar aroba.
Men yotgan beshikning rangi ko’k
Kovushim hali ham gardi gul
Bilmasdan tug’ sochin tortgandim
Shaharni uyg’otdi nolai qul-qul.
Jonimda vulqonning tasbehi
Ko’ksimni teshadi bitta qush,
Devorlar ustida yurib ham,
Izimni sanaydi Siyovush.
Hovuzga bir chelak dard aytdim,
Yo’llarga yuz yillik mashaqqat.
Terakning qishda ham gullashi,
Haqiqat,haqiqat, haqiqat
Bulutni to’y qilsam kelasiz
Masiho orti ham nurmehrob.
She’rlarim shohlarga qo’shiqchi.
Bir aybim bor: — cho’ntagim xarob…
* * *
Balkim –
Men haqimda qushlar gapirsa
Gujumlarning kulgusi kelar.
Chirmoviqlar childirma chalmay,
Tongda turib bir jom sut berar.
Zaytunzorlar moyu-moy yig’ar.
Yung’ichqagul shamolni koyir.
Momotutlar ko’zi oldida,
Sandig’idan chiqadi Tohir.
Oq o’riklar shaharga kelin,
Bulbulchalar sindirar qafas.
Bir misramni Foshunga chorlab,
Chopon tikib berar Abu Xafs.
Ark o’zidan sal-pal ketar,
Chorbakrlar to’qiydi sarpo.
Men bir o’tsam abad-ul-abad,
“Puli oshiqin” qilmaydi qazo.
Har bitta tom gumbaz kiyadi.
Sarrofonda semirar cho’ntak.
Qish bo’lsa ham qorchipta kiyib,
Buxoroga keladi laylak.
Bobom bog’i.
Daraxtlar shevasi yam-yashil.
Lug’ati yuk to’la nonsavat.
Bag’rida qushchalar to’lishib,
Majnuna bo’lishni qildirar odat.
Yaproqda quyoshning hidi bor
Novdalar shamolning chiltori.
Bulutdan to’kilgan tomchilar,
Poyiga bosh ursa,kelar barori.
Laylining mushkdoni kosagul.
Rumiyning kovushi tog’pista.
Masiho tirilib uylanar,
Yong’oqdan tug’ilgan shomgulob yutsa.
Bir kuni qarasam,
Hut-hutlar hut kiyib o’ynadi.
Oq o’rik ko’nglidan yozdi dasturxon.
Mayxumni boshida ko’tarib ketdi.
“To’yga” deb Alpomish tug’ilgan zamon.
* * *
Boshoqlardan egizligim bor.
“Sut! “ so’zidan uyg’onar Maryam.
Hut-hutlarning yomg’ir chorlashi
Maysalarga uyg’onish malham.
Bo’tako’zdan ko’zchiroq oldim.
Lolalarga aytgandim ertak.
Minorani boshiga qo’yib,
Raqsi mijgon o’ynadi laylak.
Shahristonni shahri jom qildim.
Mag’oqlarni yurakka cho’ntak.
Dorosaboq momotutlarim,
Bog’lab chiqdi she’rimdan lachak.
Bir qad uchdim,o’zimni quchdim,
Jo’i zarga tanladim sovchi…
Sizga yumshoq to’yxat yuborsam,
Mahshar bo’ldi qumsha’ba ichi…
Boshoqlardan egizligim bor…
Ibodat opa betakror shoira. Har bir misrasiga sho’ng’ish uchun yetarli bilimingiz bo’lishi kerak. Ustozning har bir she’rida tarix tilga kiradi. Avliyolar, Pirlar bilan ruhiy bog’langandek bo’lasiz. O’zgacha uslub, did, saviya va mahorat yuqori bilim bilan bir qatorda to’lg’oqli ilhom mahsuli sifatida shunday go’zal she’rlar yaralganiga amin bo’lasiz.