Murod Ibrohim. She’rlar & Matnazar Abdulhakim va Umid Bekmuhammad shoir haqida

Ashampoo_Snap_2018.01.03_22h21m19s_003_.png   Матназар Абдулҳаким “пойтахтдагина ижодий муҳит бўлади, вилоятларда эса “чекка шоирлар” яшашади деган ақиданинг нотўғрилигини ўзининг ижоди орқали исботлабгина қолмай, шогирдлари ижодиниям , пойтахтда туриб ижод қилгандан ҳам ортиқ даражада ўзбек шеърияти бўстонига олиб кираолди. Шу боис ҳам 20 аср сўнгги 20 йиллигидан кейинги ўзбек шеъриятини Матназар Абдулҳаким ижодисиз тасаввур қилиш қийин бўлганидек, 21 аср навқирон ўзбек шеъриятиниям, Матназар Абдулҳаким туфайли чекка қишлоқларда яшаб, овозаси республикага танилган Мурод Иброҳим, Отабек Исмоилов,Рустам Назар, Йўлдош Эшмуродсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Умид Бекмуҳаммад
ПОЙТАХТДАН ОЛИС ОВУЛДАГИ ШОИР
09

Одатда биз ижоду илм, санъат аҳли номини тилга олганда, уларнинг фаолияти тўғрисида сўз кетса, ўша инсоннинг қай жойда яшаётганини, ишлаётганини тилга олишга, шу ақида-яъни фалончи пойтахтда яшаб, ишлаб ижоду илм билан шуғулланаяптию, фалон деган асарини чиқарибди дея масалага ёндошадиган бўлиб қолганмиз.Бу ҳолат ғарбда кенг тарқалган “шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда вафот қилишади”, деган , 20 асрга келиб биздаям акс этган ақидани эсга солади.

Аслида эса ижоду илм билан шуғулланиш, бадиий баркамол асар ёки илмий теран монография яратиш учун марказда яшаш шарт эмас.

Тўғри, пойтахтда яшаб ижоду илм билан шуғулланиш катта имкониятлар дарвозасининг эшигини чертиш дегани. Яъни, адабиёт, санъат, илм оламининг сарчашмасида юриш, ўзини кўрсатиш майдони ҳам.

Афсуски, 20 асрда юқоридаги ибора қўлига қалам ушлаган зотнинг орзусига айланди. Натижада шоирлик кўнгил иши, кўнгил мулки эмас, касб корга бўлиб туюладиган бўлди. Бу эса адабиёт ҳақидаги қарашларни ҳам ўзгартириб, истеъдод истеъдодсизликдан, ўртамиёналикка тушиб қолишдан қўрқиб яшайдиган, гуруҳбоз, унвонпараст ижодкорлар сафини кенгайтирди. Фақат пойтахтдагина ижодий муҳит бўлади, вилоятларда эса “чекка шоирлар” яшашади, деган фикр очиқ ойдин қулоққа чалина бошлади.

Бу ақидаларнинг нотўғрилигини, адабий муҳит чекка ҳудудларда ҳам “қайнаб” туришини, адабиётимизнинг равнағига олис ҳудудлардаги қаламкашлар ҳам ҳисса қўшаётганини Бухорода Тошпўлат Ҳамид, Хоразмда Матназар Абдулҳаким, Самарқандда Хосият Бобомуродова, Андижонда Тўлан Низом, Фарғонада Охунжон Ҳаким , Нукусда Гулистон Матёқубова ва бошқа истеъдод соҳиблари исботлаб беришди.

Бундай жараённи Хоразм мисолида оладиган бўлсак, Ҳазораспда Рустам Назар, Гурланда Мурод Иброҳим, Боғотда Эрпўлат Бахт ва Дурпошшо, Қўшкўпирда Йўлдош Эшмурод, Хонқада Муҳаббат Сафоева, Шовотда Болтабой Бекметов, Янгиариқда Жуманазар Юсупов,Хивада Отабек Исмоилов ижодлари, қишлоқда туриб ҳам ижод булоғини гуркиратиш мумкинлигини исботлаб турибди.

Хоразм мисолида туманлардаги ижодкорларнинг адабиёт оламида бўй кўрсатиши эса Матназар Абдулҳаким билан боғлиқ. Шу боис ҳам пойтахт Тошкентдаги адабий гурунгларда ўша биз айтган “чеккадаги ижодкорлар” ҳақида сўз кетса, хусусан Хоразмда яшаб туриб ҳам республика миқёсида кўзга кўринган иқтидор эгалари номлари тилга олинганда, “Ҳа, энди Хоразмда Матназар ака бор эдида, бевосита улар ижоди Матназар ака раҳматлик туфайли республикага танилиб қолди”, “Ҳар ҳолда Матназар Абдулҳаким Хоразмда ўз адабиёт мактабини яратди ва ….лар шу мактабдан чиққан шоирлар”, дейишади, тан олишади.

Демакки, Матназар Абдулҳаким “пойтахтдагина ижодий муҳит бўлади, вилоятларда эса “чекка шоирлар” яшашади деган ақиданинг нотўғрилигини ўзининг ижоди орқали исботлабгина қолмай, шогирдлари ижодиниям , пойтахтда туриб ижод қилгандан ҳам ортиқ даражада ўзбек шеърияти бўстонига олиб кираолди.Шу боис ҳам 20 аср сўнгги 20 йиллигидан кейинги ўзбек шеъриятини Матназар Абдулҳаким ижодисиз тасаввур қилиш қийин бўлганидек, 21 аср навқирон ўзбек шеъриятиниям, Матназар Абдулҳаким туфайли чекка қишлоқларда яшаб, овозаси республикага танилган Мурод Иброҳим, Отабек Исмоилов,Рустам Назар, Йўлдош Эшмуродсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Шоирликни кўнгил иши эмас, касбу кор деб биладиган, қофиябанд тизмаларни қаторлаштириб қўйиб меҳнат қиладиган, шеърият ҳақида тўла тасаввурга эга бўлмаган баъзиларнинг “бўш вақт”да шеър ёзиш ҳақидаги гаплари ҳануз айрим тоифа инсонлар шоирликни касб дея тасаввур қилиб юрганидан далолат беради.

Аслида шоирлик касб эмас, олий ўқув юртларида таҳсил олиб шоирликка эришиб бўлмайди.Истеъдод эгаси руҳият дунёсига ичкин бўлсагина шоир бўлиб танилади.Шу боис Гурланлик ҳунарманд Мурод Иброҳим ёки Ҳазораспдаги фабрикада тўқувчи Шакаржон Ибодуллаева, далада меҳнат қилаётган Зулфия Матёқубоваларнинг шеърларини ўқиганда уларнинг касби брасида ўйлаб ҳам кўрмайсиз.Юксак санъаткорона руҳ билан эҳтирос ила йўғрилган сатрларни чинакам шоирлар иншо айлаганини ҳис этасиз.

Мурод Иброҳим мисолида шоир ҳам атрофимиздаги одамлар сингари бир инсон эканлигига, унинг ҳам ўз мутахассислигидан ташқари “хобби”си бўлиши, гоҳида ҳаётий зарурат туфайли турлича юмушлар билан шуғулланишини англамоғимиз керак.

Баъзилар ТВ ва турли тадбирларда жазирама иссиқда ҳам бўйинбоғ боғлаб, турлича ҳаракатлар билан шеърлар ўқиб, нуқул дазмол босилган костюм шим кийиб юрадиган инсоннигина шоир дея кўз олдида гавдалантиради.

Аслида шоирлар бироз дарвешсифатроқ ҳам бўлиши, шеър ҳам фақат оқ қоғозгагина эмас, сигарет қутисию, поезд чиптасига, қўл телефонига СМС тарзида ҳам ёзилавериши мумкин.(Яқинда Шовотлик шоир Болтабой Бекметов билан суҳбатлашиб қолганимда, Урганчдан Шовотга 45 км ишга -“Хоразм” нашриётига қатнаб, автобусда кетарканман, “илҳом” келиб қолса шеърларни қўл телефонига СМС қилиб ёзардим. Шукрки, учта ўғлим Россиядан пул юборгач планшет сотиб олдим”, дея қувонди).

Шоир Мурод Иброҳим ҳаёти ва ижодини кузатган ва англаб етган ҳар бир киши эса шеър аввало санъат, шоир санъаткор эканлиги, шоирлик касб эмас, кўнгил мулки,ҚИСМАТ эканлиги ойдин бўлади.

Хоразмлик журналист ва адиб Шуҳрат Маткарим шундай ҳикоя қилади: -Шоир Қадам Саидмурод 2012 йил ёзида Хоразмга келганида “Йўлдошни бир кўриб келсак”, деди. Қадам оға, Музаффар Абдулҳаким (Матназар аканинг ўғли) ва мен Қўшкўпирга қараб йўлга чиқдик. Йўлдош Эшмуроднинг соғ – саломат, ўзини яхши ҳис қилаётганини кўриб қувондик. Икки шоир йиғилган ерда гап, албатта, адабиёт, шеърият хусусида кетади. Музаффар икковимиз шоирларнинг гапига қўшила олмай ўтирибмиз. Қадам оға билан Йўлдош ака ўзлари таниган, билган шоирларнинг ижодини муҳокама қила кетдилар.

Қадам Саидмурод – кўп ўқиган одам, айлантириб гапни ижод принципларига олиб келиб тақади. “Мен ҳеч қандай принципларни билмайман”, деди Йўлдош Эшмурод. “Мен бир нарсани биламан. Шеър юракнинг шираси. Шоирнинг юраги ширали бўлса шеъри маззали, шоир юраги бемаза бўлса , шеъри бадмаза”.

Гурланлик шоир Мурод Иброҳимнинг кейинги пайтда ёзган шеърларини ўқиб, Йўлдош Эшмуроднинг “шеър юракнинг шираси”, деган гапини эсладим. Шоир Мурод Иброҳим юрагининг, улкан, ҳеч шоир юрагига ўхшамаган юрагининг ширасини татиб, баҳолаб кўринг, азиз ўқувчи!

1964 йилда Гурлан туманининг Минггужум овулида таваллуд топган Мурод ака Андижондаги саноат техникумини тугатиб, бир неча йил пойабзал фабрикасида ишлади.Кейинги умри эса боғдорчилигу, ҳунармандчилик билан ўтаяпти.Устози Матназар аканинг саъйи ҳаракати билан 1989 йилда Дўрмонда ўтган ёш ижодкорлар анжуманида қатнашган, 1999 йил “Хоразм” нашриётида ҳозиргача ягона бўлиб келаётган тўплами нашрдан чиққанди.Бир неча бор Қозоғистон ва Россия кенгликларини ҳам ҳунармандчилик касби боис кезиб чиққан Мурод ака, ўша ерлардаям шеърлар битди.

Айни пайтда 50 ёшни қаршилаган Мурод Иброҳим шеърларини эътиборингизга ҳавола этишдан олдин, шоирнинг устози- Матназар Абдулҳакимнинг шогирди тўғрисида ёзган ва илк бор эълон қилинаётган мақоласиниям сизга туҳфа этамиз.

МАТНАЗАР АБДУЛҲАКИМ
ЮРАКДАГИ ШЕЪР, ШЕЪРДАГИ ЮРАК
09

Гурланнинг олис бир маъвосида яшаётган Мурод Иброҳим юракка яқин шеърлар ёзади. Бу муваффақиятнинг ҳикмати нимада?

Тушунарли, аввало-истеъдодда.

Бироқ фақат истеъдоднинг ўзи билан иш битмаслиги маълум.

Қолаверса, меҳнатда.

Бироқ, фақат истеъдоднинг, фақат меҳнатнинг ўзи билан ҳам иш битмайди. Аниқроғи, шеър дегани буюк ишнинг битмоғи учун даркор бўладиган неъматларнинг шоирга асқотадиган фазилатларнинг сони, эҳтимол, бордир. Бироқ саноғи йўқ. Ана шу фазилатларнинг энг муҳимларидан бири-Сўз Маъсулияти. Айтаётган гапингдан келиб чиқадиган моҳиятнинг одамларга манфаат етказиши тўғрисида чекадиган қайғуинг.
Мурод Иброҳимда ана шу қайғу кучли.

Менда Мажнундин фузун ошиқлик истеъдоди вор,
Ошиқи содиқ манам, Мажнуннинг онжоқ оди вор.

деб ёзган эди Муҳаммад Фузулий.

Мурод Иброҳим, шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, фикримизни ифодалайдиган бўлсак, Шоири содиқларимиздан бири, яъни ўзи қоғозга тушираётган сўзнинг маъсулиятини камдан-кам ижодкорларга хос бўлган теранликда ҳис қиладиган шоир.

Дармоним йўқ,
Дардимнинг дарди бор.
Ҳозир шеър сиғмайди юракка,
Шеърга ҳам сиғмас балки юрак.

Ана шу маъсулиятнинг қудрати билан бўлса керак, шоир ёзади:

Бир парча қоғозга
Бир парча шеърни
Ёзаман…
БИР ПАРЧА ЮРАГИМНИ ҲОВУЧЛАБ,

дейди. Ва юракка шеърни, шеърга юракни сиғдириш мақсадида яшайди.

“Тарозу устида яшайман…” деб куйланади қўшиқлардан бирида. Дарҳақиқат, биз истаймизми, йўқми, одамзотдан тортиб, дунёдаги жамики жонзоду ножонзодларга баҳо берилаётган вақтда, аксар, бир-бирининг нисбатинда олиб қаралади. Шеърият ўз моҳият эътиборига кўра холислик тарафдори. Бу тарафдорлик ҳатто шеъриятда ҳам дунёга турли тарозулар меъёридан туриб қарашга халақит бермайди. Бу жиҳат шоирнинг дастлабки, ҳозирча ягона “Юракдан унган бахт” китобининг дастлабки “Ўлчов” шеърида яққол намоён бўлган.Мурод Иброҳим китобининг илк саҳифасиданоқ юракдаги шеърнинг, шеърдаги юракнинг сири юз кўрсатади.

Бадиий сўз, устозларимиз таъкидлаганларидек, эҳтиёж фарзанди, руҳий заруратнинг ўзига хос, айни вазиятда, сўз воситасида намоён бўлаётган тури. Шунинг учундир, барча жиддий ижодкорлар ўзларининг Сўзга муносабатини изҳор қилганлар. Ходи Тоқтошнинг “Муҳаббат ул ўзи эски бир нарса, Ҳар бир кўнгил они ёнгортар”, деб ёзганидек, шеър битиш санъати ҳам, шеърга муносабат билдирилиши, хусусан, шеърни битаётган, бу санъатнинг ҳам роҳатини кўриб, ҳам азобини тортаётган инсон томонидан сўз айтиш асрорининг шарҳланиши ҳам “эски бир нарса”, бироқ бу муносабатни ҳар бир кўнгил ўзича янгилайди. Ва бу изҳорнинг ҳар бир янгиланишида биз янги ва бетакрор қирраларини шоир билан биргаликда кашф этамиз.

…ичимда ҳам жим-жит турар сукунат,
Нафасим тиқилар бўғзимга қадар.
Ютилиб дамим-ла тўлган кўксимда
Сукутни сақлаш ҳам оғир нақадар.

Сўз айтиш машаққатининг Мурод Иброҳим талқинидаги қиёфаси мана шундай.Шоирнинг ўзига хос “Портретлар галериясида” биз ҳатто шоирнинг ўз шамоилини ҳам, мусаввирларимиз тили билан айтганда, автопортретини ҳам учратамиз. Шоир ўзини бу соҳанинг ҳам моҳир устаси эканлигини намойиш қила олган. Буни алоҳида таъкидлаётганимиз боиси, ўз сувратингни сўзда ҳам, созда ҳам тасвирлаш ҳаддан ташқари қийин. Чунки, бу ишни қилаётган одам ўзини дарбоздек ҳис қилади.Ҳам юксак санъатини кўрсатиши, ҳам у ёқ бу ёққа оғиб кетмаслиги керак. Унинг ўзи томонидан тасвирланган ўз боши солинган шеър “ рамкасини” сизга кўрсатиб, фикримизни далиллайлик:

Кўзгуга қарасам жилмайиб туриб,
Кўзгуда кўринган кўзларим кулар.
Ичимга сиғмаган кескин табассум
Меним юзларимни кесиб тўкилар.

Кулгули нақадар, сиғар тасвирга
Ойнага қараган афти башарам
Мен кулсам, совуқ турқимни кўриб,
Илжайиб турибди аксим ҳам.

Тўғри, бу шеър автопортретдан кўра кўпроқ ўз-ўзига чизилган дўстлик шаржига ўхшайди. Бироқ ўз устидан бу қадар кулаётган муаллифнинг нақадар жиддий инсон эканлигини, унинг ҳам оёқлари дунё тубинда турганлигини биз мисралар орасидан бир қарашдаёқ илғаб оламиз. Шоирнинг ростгўйлиги ҳам шунда.Шоирнинг камтарлиги ҳам шунда.Шоирнинг мағрурлиги ҳам шунда.Шу ўринда Мурод Иброҳим ўз устози Маҳмуд Ражабдан ҳам кўплаб фазилатлар билан бирга, мавзуни ҳар тарафлама ишлов бериш, ўзи қаламга олаётган бадиий “хомашё” неъматини ҳужайрама-ҳужайра “ҳазм қилиш” санъатини ҳам баракали ўрганганлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, юқорида келтирилган шеърлардан, бир қарашда, “автопортрет” мавзуси узил-кесил ишлаб чиқилаётгандек эди. Бироқ шоир ижодини синчиклаб кузатсак, унинг қалами учун ҳеч бир мавзу ҳеч қачон ишланиб “ адои тамом” бўлмаслигини кўрамиз. Шу ўринда бадиий таҳлил ва тадқиқнинг на теранлигида, на юксаклигида, на миқёсида чек йўқлигига кафил бўламиз. Бадиий поэтик тадқиқотларидаги бир қарашда ҳар қандай мукаммал интиҳо ҳам ўзига хос бир ибтидо бўлиши мумкинлигини фаҳмлаб қоламиз. Мавзуларга муаллиф томонидан ишлов берилиш тарзининг ўзга хос бир сирли халқа эканлигига ета бошлайди.

“Автопортрет” мавзунинг талқинига қайтсак, Мурод Иброҳим ўзининг шу оҳангдаги яна бир шеърида мазкур мавзуни ўзига хос тарзда давом қилдиради. Муаллиф бу гал энди, ўзини деймизми ёхуд илмий мақолалардагисимон, ўз лирик қаҳрамонини дейсизми, бошқача бир вазиятда олиб қарайди. Уни самовий бир тарзда кўздан кечиради. Кўзгудан “тортиб чиқариб” осмонга олиб чиқиб қўяди. Аниқроғи, бу юмушни энди шоир лирик қаҳрамонининг хаёллари бажаради:

Хаёлларим қадоқ кафтида
Мени ушлаб кўтаради даст.
Очиқ қолган қулоқларимда
Товуш тўхтар, узилади сас.

Бироқ, мазкур қаҳрамон кўкда турган бўлса ҳам, ўзининг барча томирлари билан ерга боғланган. Шунинг учун ҳам ушбу иккинчи шеър биринчи шеърнинг мазмун жамолини яна ҳам очади, ғоясини юксалтиради. Ўқувчида инсон қиёфасини тўла кўрсатиш учун осмондек бир кўзгу, кўзгудек бир осмонга эҳтиёж уйғотади. Ҳар бир инсонда ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам илоҳий бир эҳтиром кучини уйғотади. Одамийликнинг тараққиёти ҳам ўз навбатида ҳудудсиз бир ҳикмат эканлигини аён этади. Бор йўғи саккиз мисрадан иборат бу достон қуйидагича ўз якунини топади:

Жуда майин тутундек сўзим,
Булутларнинг мен оғушинда,
Кўкда туриб ўзимни кўрдим.

Дарҳақиқат, биз осмонда туриб Ер фарзанди эканлигимизни, бир лаҳза бўлсин, унутиб қўйишга ҳақли эмасмиз. Шунинг учун ҳам, Мурод Иброҳимнинг оташин мисраларини мутоаала қила борганимиз сайин, ақлимиз заминга “шўнғиб” кўнглимиз осмонга парвоз эта бошлайди. Шоирнинг ўзи бўлса ҳар бир инсоннинг қай даражада заминга ва қай даражада осмонга қарашли эканлигини аниқлаш учун, барибир, тинимсиз қалам сура беради.Қаламнинг бу парвози бизга янгидан-янги фикрлар юлдузини кашф этиш учун имкон яратади.Биз ўзимизни шоир билан ҳамқалам , ҳамқадам ҳис қиламиз. Ўзи ҳам баҳраманд бўлиб, шерхонни ҳам баҳраманд этаётган шоирдан миннатдорлигимиз кучаяди.Шоир бўлса яна ва яна ўзи кашф этган сайёраларнинг парвозига маҳлиё бўлишдан чарчамайди, шу маҳлиёлик унинг учун бизга янгидан-янги маънавий манзилларни забт этишга мададкорлик имконини яратади. Мана шундай имконларни кашф этиш имкони унинг қаламини бизларнинг тақдиримизга яна ҳам чамбарчасроқ боғлайди. Бизни шоир билан яна ҳам замондошроқ, яна ҳам замондошроқ бир аҳволга етказиб келади. Бу манзилнинг шоир бизга тақдим этаётган маънавий туҳфа эканлигига ишончимиз тобора мустаҳкамланади.

Мен ерга яқинман сенга нисбатан,
Менинг қушлар билан дилим, тилим бир,

дейди у бошқа бир шеърида.Халқимизда “йўл” сўзининг “усул”, “услуб” мазмунлари ҳам мавжуд. Ҳаётда ҳам, шеъриятда ҳам йўл кўп.Бироқ ҳар бир ижодкор ўзининг Бош йўлини топа олса, бахтлидир. Шоир “ Қушлар билан дилим, тилим бир” деб ёзар экан, инсоннинг муҳим бир фазилатини шеърият хазинасига жо қилади.Бу фазилат осмонни севиш, бироқ ҳавойи бўлмаслик, заминни ардоқлаш, бироқ еряпалоқ бўлиб қолмаслик ҳикматидир. Шоир ўзининг бу муҳим ғоясини бизга етказиш учун ажойиб тимсолдан, яъни қуш образидан фойдаланади. Шоирнинг қуштабиатликни тарғиб қилиши инсонларни ўзига хос бир тарзда яна ҳам одамий, яна ҳам масъум, яна ҳам марғуб бўлишга даъват қилишдир. Шоир мана шу осмон йўлини замин билан, замин йўлини осмон билан боғлаб, бизларни руҳий-бадиий сафарларга чорлайди.

Орзулар йўлида битта оёғим,
Биттаси тириклик ташвишин тортар,
Бир менга икки йўл, икки ўртада
Юрмаган йўлларим чўзилиб ётар.
Хайрият, оёқларим учта бўлмаган,
Бўлса, топиларди унга ҳам бир йўл.

Мана шу навбатдаги “Йўл”, шоир шеърлари мутолаасидан маълум бўладики, Юрак йўли, Ақл йўлидир.Илму маърифат йўли, Маънавият йўлидир. Шунинг учун ҳам биз шоир қалами раҳнамолиги йўлида дадил олға юрамиз. Ҳовлиқмаликдан ҳоли тарзда, вазмин ва шитоб йўл босамиз.Шу саодат бизни сурурлантирадики, бу йўлда ҳар бир шеър битта қутлуғ манзил, бизни одамийлик даражасига етказадиган битта макондир. Шоир бир ҳақиқатни теран англайди. Ижод йўли ниҳоятда қалтис. Шоир “Орзулар йўлида битта оёғим” шеърида таъкидлаган, “айтмасдан туриб айтган”, биз “ақл йўли”, “ юрак йўли” деб тавсифлаган йўлнинг назаримиздаги яна ҳам аниқроқ атамаси “Қалам йўли”дан юришнинг нақадар машаққатли эканлигини теран ҳис этади.Шоир яна бир ҳикматни равшан идрок қилади. Бу ҳақиқат ўз қалами изидан, ана шу қалам йўли бўйлаб ўқувчининг амалга оширадиган маънавий сафаридир. Аслида ҳар бир шоир, шу жумладан , албатта , Мурод Иброҳим ҳам ана шу сафарнинг хайрли бўлиши учун тинимсиз йўл босади, Сўз маъсулиятини ҳис қилган ҳолда, ўз ўқувчисига раҳнамолик қилади. Шоир бу қалтис йўлнинг ҳикматини ҳам ўзига хос бетакрор ҳамда нафис бир аниқлик билан ифода қилади.

Ярмиси армондир ярим кўнгилнинг,
Қолгани гумонга тўлиб турибди,
Ярим кўнглим бўм-бўш…бироқ сен ҳозир
Қил сиғмас кўнгилга йўл солиб кирдинг…
Томоша кўрсатдинг тор жойда туриб.

Шубҳа йўқ, шеър шеър учун ёзилмайди.Аниқроғи, шеър фақат шеър учун ёзилмайди.Биз деразани хонамиз қуёш нурига тўлиши учун бунёд этганимиз каби, шоирлар ҳам ўз шеърларини бизларнинг руҳимизни маънавий нур билан ёритиш мақсадида ижод этадилар. Бироқ шоирлар ўз санъатларининг бениҳоя машаққатли ҳамда бу санъатнинг шахсий ҳаётлари билан чамбарчас боғлиқ эканлигидан, табиатан, шеър тўғрисида ҳам шеърлар ижод этишга муайян даражада маҳкумдирлар.

Мурод Иброҳим ҳам бу атвордан мустасно эмас. Тўғри, мунаққидлар шоирларнинг ўз ижодлари билан боғлиқ мисраларни бемеъёр битишларини унчалик ҳам маъқуллавермайдилар. Буни улар, аксар ҳолларда, шоирнинг ҳаёт билан муносабатлари сусайганлигида, кечинмалар заҳираси тугаб, муаллифнинг “воқеа излаб, тополмай қолганлигида” деб ҳам биладилар. Биз бу фикрга қўшилмаган ҳолда, Мурод Иброҳим ижодидаги бу жиҳатни сўз санъатининг туб-тубларига шўнғиб, ўз ижод услубини яна ҳам теранроқ таҳлил этиб, ўз нуқтаи назарларида яна ҳам мустаҳкамланиб, ўз овозини яна ҳам чиниқтириб олиш учун қилинаётган саъй-ҳаракат, саъйи-ҳаракат бўлганда ҳам, самарали саъй-ҳаракат, шоир ва ўқувчи учун манфаатли саъй-ҳаракат деб изоҳлаган бўлур эдик.

Жунжикиб мен совуқдан,
Лабим келмай қовушиққа,
Қулоғим тутиб турдим
Музлаётган қўшиққа.
Юз иссиқ, сўзлар иссиқ,
Фақат совуқ бу кундир.
Қулоқда қотиб қолган
Сўзлар жуда юпундир.

Биз шоирнинг бу “юпун сўзлари” нақадар ҳашаматли мазмун либосини кийиб олганлигини мутоаала давомида кўнгил кўзларимиз билан кўрамиз.

Шоирларимизнинг мабодо “кечинмалар заҳиралари” тугаб қолганида ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам баҳраманд қиладиган бир муборак хазина бор.Бу муҳаббатдир.Ана шу туйғу тугаса, шоирни таназзулдан қутқариб қоладиган бошқа бир қудрат йўқ. Ва бу — табиийдир. Негаки, муҳаббат шеърнинг бор бисотидир.Агар шоир нимаики ҳақда ёзмасин, ана шу “нимаики” муҳаббат туйғусидан мосуво бўлса, шоирнинг қаламига жойлашиб олган ишқ туйғусидан “сув ичиб” турмаса, шеърнинг ҳам, шоирнинг ҳам инқирози тайин деб ҳукм чиқараверинг.
Хайриятки, Мурод Иброҳимнинг қаламини худо ана шу туйғудан қисмаган.

Тонг отар,
Кун ботар…
Ўрталиги ҳудудсиз саҳро,

дейди шоир. Ва унинг шеърлари ана шу саҳронинг бағрида очилган чечаклардир.Бу чечаклар бизнинг назаримиз тушмаган пайтларда қовжираб тураверади.Бироқ бир нигоҳдан баҳраманд бўлдими, тамом, бу саҳро гулларини таний олмай қоласиз. Улар ўзларининг муаттар ҳидлари билан димоғингизни забт этадилар, турфа хил рангларда нигоҳингизни тортиб оладилар ва қўйиб юбормайдилар.Сизнинг меҳрингиз сўнгандагина, улар оҳиста сўла бошлайдилар.Бу гулларнинг ўлими, дилингизнинг заволими ёки юрагингизнинг таназзули бу гуларнинг хазоними, тафовут қила олмай қоласиз. Шоир эса бир нафас бўлсин, ҳаракатдан тўхтамайди. У ўз йўлида ётган ўз оғирлигини ана шу йўлдан олиб ташлайди, охиратгача илгарилаб кетиб, ичида ҳураётган кучукларнинг бошини силайди, чўкаётган кўнгилнинг ғарқ бўлиб кетмаслиги учун унга сузишни ўргатади, кемшик тишли бўлса ҳам, тили бурро одамнинг нутқидан ҳайратланади, қафасдаги одамдан озодликдаги тўтиқушни афзал билади, ўз ташвишларини ўйламасликка ўйлайди…

…ва:

Менинг шеърим тамом ўзгача,
Бошин бошлаб тамом бўлади.
Мен шеъримга нуқта қўйсам ҳам
Юракларда давом бўлади,

деб мутлақо асосли равишда орзу қилади. Умид этади.Ва шоирнинг бу орзу-умидининг рўёбга чиққанлигидан, чиқаётганлигидан ва чиқажагидан биз ҳам ўз юракларимизда тобора мустаҳкамроқ ишонч ҳосил қилаверамиз.

Мурод Иброҳим
ШЕЪРЛАР
09

СЎНГГИ ДАРВЕШ

Кўнгил кўзи билан кўринг кўнглини,
Ҳақнинг ўзин кўрган кўнгил кўзида.
Яратганнинг қули яралган оддий
Талотум изида, шиддат ўзида.

Оломон оралаб кетиб бораркан
Ҳақ қули қулликка минг қуллиқ қилар.
Дарвеш ҳайбатига ҳайрат ҳам ожиз
Бир куни йиқилса осмонга қулар.

Савобдир садақа, садақа – умр,
Улуғ йўл адоғига — манзилга ҳисса.
Дарвеш кетиб борар пойида тошмас
Тошдай бағирларга урилар ҳасса.

Кашкул товушини излайвераман,
Соғинган руҳимда сокин сергаклик.
Оломон оралар энг сўнгги Дарвеш
Ҳеч кимга керакмас бўлган “керак”лик.

ЖАРАЁН

Илгарилаб кетар доимо фараз
Ўзга сайёрага бориб яшайди.
…Ҳозирги замонни идрок қилганлар
Момонтлар тўдасин қувган бир пайтлар.

Илгари кетмаса ақли одамдан
Тўдага қайтардик момонтни излаб.

* * *

Тасаввурга сиғди ниҳоят тасвир,
Тасвир ойдинлашди тасаввурдаги
Кейин шу чеҳрани чизди мусаввир.

Мўйқалам устаси илҳом парисин
Чизганди, гулларни қўйиб пойида.
Табассум қиларди кўркам қиёфа
Ўзини қўярга топган жойида.

Рассом севиб қолди кутилмаганда
Кўп йиллар кутгани — тасаввурини.

* * *

Сен келдинг улуғвор…
борлиқ бир бўшлиқ…
Кичрайиб қолгандай бўлди-ку жуссам.
Қиёфанг тиниқар, тинар қиёмат
Қилич кирган қинда тинчлик мужассам.

Сен келдинг, келгунча кечиб дунёдан,
Сенинг келишингни хотиржам кутдим
Кўзларимга қамаб телба дарёни.

* * *

Энг сўнгги имконда имконият бор
Чорасизлик чорадир
тақдирига тан берса одам.
Иложсизлик энг катта илож
Мискин одамга.
Мутлоқ ғолиблик йўқ
Ва мағлубият ҳам.
Муқаррар бир мукаммаллик йўқ.
Бир биз эмас
Тўғирлай олмаган дунё кемтикларини.

* * *

Изтиробдан холи, дарддан йироқда
Хавф хатар сололмас
Йўйилган севги.
Яшайсан…
Ва яна…
Жавоб – сўроқда…
Борлиқда борлигинг сезолмас сезги.

Ўзинг ўзлигингга қайтдинг йироқдан
Бор-йўғинг омонат.
Вулқон оғзида
Табассум қиласан яшаётгандай.

Сенинг дардларингдан дардлироқ дард йўқ,
Ғамингдан ғамлироқ ғам йўқ ғамланган.
Сени уйғотади шовқинлар эмас
Вулқон оғзидаги жимлик – жамланган.

ДОИРА

Ўз қобиғи ичида
Яшайди тошбақа.
Қобиғи ичида нимаики бор – яхши.
Нимаики яхши – фазилат.
Тошбақа қобиғи ичида
Фикрларга етиб фикрлайди.
Қобиғин ташлаб кетолмас тошбақа
Ожизлиги –қобиқ
Буюклиги қобиқ ичида.

* * *

Тўқайда йўл излар табиий сезги
Самодан йўл топар туғма бир зеҳн.
Ёввойи ҳиссиёт ёввойи ҳирсдир
Куч-қудрат кўкдандир, эҳтирос текин.

Тўқай шовуллайди дордир ҳар оғоч,
Тополмасак таскин, таскин самодир.
Бу ерда бутунлик буткул яланғоч.
Ёввойи ҳиссиёт яхши аъмолдир.

ТЎРТЛИК

Мен суздим тескари – оқимга қарши,
Юрак юракдаги “оҳ”имга қарши.
Ғам мени емади, ғамни мен едим,
Заҳар ҳам доридир заҳмга қарши.

* * *

Тўрт фасл жамланган сенинг юзингда,
Сен қишдай совуққон бўлмасанг бунча.
Муз каби муздайсан. Бағримга босиб
Эркалаб эритай баҳор келгунча.

Қишга якун ясар бўртган новдалар,
Келгин, лолаларни алвон қилайлик.
Савдолашма, бошда ишқий савдолар
Оламнинг ичида олам қурайлик.

Ҳали кетмай кўркам кўклам ифори,
Субҳидам гулзорда кўраман гулни.
Ёз кунидай узун ҳижрон озори,
Ёздай ёзай ёрнинг чигал кўнглини.

Боғлардан бошланар куз саховати,
Мевалар юзида давомли кулгу.
Ғойибнинг сиридан дунёга келар,
Бу тўртта фаслдан олинган улгу.

* * *

Шамолдай елади йиллар шиддати,
Асрнинг бошида турибмиз, жиян
Кўз очиб юмгунча тугар муддати.

Кўз очиб кўришга
Хайрли ишни
Сенинг вақтинг йўқдир(ортмас) бекорчиликдан.

ЭКОЛОГИК ШЕЪР (БИОЛОГИК ШЕЪР)

Мутлоқ бир яқинлик
Ўхшашлик йўқдир.
Заррача қондошлик
Қориндошлик йўқ.
Ришта йўқ орада
Кўринмас ип йўқ.
Шу боғлиқ бўлмаган боғлиқлик
Бизларни боғлайди
Биз олган нафас.

ҚИРҚ ЁШГА КИРИБ…

Совуқдир сукунат, сокиндир ҳаёт,
Қиш қаҳрин келтирдим кўйлакда юриб
Қирқимга кирибман, нирхимга кирмай.

Ҳароратим баланд куйдиради кафт
Тухумни пиширар танамдаги тафт
Қишнинг аччиғидан аччиғим баланд.

Мен бугун қишни қирқ ёшга киргиздим
Қирқ қилиқли қишим қирқта тирқишдан
Мени кузатар…

* * *

Ой билмайди ойдин ойлигин,
Ой юксакда, шунинг-чун улуғ
Ёки улуғлиги учун юксакда.

Ойдин ой ёлғиз ой
Сенга қиёс қилинган чоқда
“Ой”лигини йўқотар аёл.

* * *

Ҳайратим аввалги қотган юзимда
Қошинг каби энди умр қайрилган…
Ажалнинг акси бор ҳозир кўзингда.

* * *

Бўлса, дард тўкилар
тананг букилар
Асли калаваси бўлмаган одам
Калавам учини йўқотсам кулар.

“ЮРАКДАН УНГАН БАХТ” КИТОБИДАН

ЎЛЧОВ

Рамкаларда бошлари турган,
Даҳоларга бош эгаман мен.
Осиқ турган мана шу бошлар
Буюкдирлар, дунё қадар кенг.

Бошлар турар, даҳолар боши
Дунё ақлин англаган бунда.
Осиқ турган ҳар битта бошнинг
Оёқлари дунё тубинда.

* * *

Ўз йўлим ўзимга қоронғу эди,
Мен ўз этагимга қўлимни артиб,
Пайпаслаб, бировлар этагин тутдим.

Кейин, кўзим аста кўникиб, кўрсам
Мен маҳкам бу ерда тутган этакнинг
Қўлимда қолибди шаппотдай жойи.

* * *

Тополмай юргандик бир-биримизни,
Таний олмай юрдик,
Тан олмай юрдик.
Мен сени
Сен мени…
Йўқотиш учун.

* * *

Дард ҳам, қувонч ҳам, ўй ҳам йўқ ўйлашга
Мутлоқ бир сукунат қалбимда ҳозир.
Қақраган лабларда сукунат қотган,
Бироқ бир сўз йўқ сўзланишга қодир.

Ичимда ҳам жим-жит турар сукунат,
Нафасим тиқилар бўғзимга қадар.
Ютилиб дамим-ла тўлган кўксимда
Сукутни сақлаш ҳам оғир нақадар.

* * *

Кўзгуга қарасам жилмайиб туриб,
Кўзгуда кўринган кўзларим кулар.
Ичимга сиғмаган кескир табассум
Менинг юзларини кесиб тўкилар.

Кулгули нақадар, сиғар тасвирга
Ойнага сачраган афти башарам.
Мен кулсам кўзгуда турқимни кўриб,
Илжайиб турибди менга аксим ҳам.

* * *

Бир-бир тишларини суғуриб олди
Қуртлар кемирган,
Йиллар емирган тишларин…
Болаликда тиши чиққан эди
Тилини тишлаб…
Энди тили чиқар,
Тили чиқар…
Тишлари орасида қотган, тишидай… ?

* * *

Дунё ташвишлари
Дунё ишлари
Бошимда дунёча бордир.
Аламларни ҳам
Ғамларни ҳам
Ғамладим, етар.
Фақат шодлик ортмас,
Кечир,
Қўймадим.
Мен ўзим тўймадим, энди ялайман.

* * *

Орзулар йўлида битта оёғим,
Биттаси тириклик ташвишин тортар.
Бир менга икки йўл, икки ўртада
Юрмаган йўлларим чўзилиб ётар.

Хайрият, оёғим учта бўлмаган,
Бўлса топиларди унга ҳам бир йўл.

* * *

Сенинг қўлинг ботган(.Б) бағрим ўртанмас,
Лабинг ҳам шириндир аллақачонлар.
Сочимни силаган сенинг қўлингда
Қул бўлиш осонмас, қул қилдинг мени.

Этимни ўлдирди(нг)м қисматдан кечмай,
Умрим ҳам қошингдай терилган текис.
Севгидан сўз очмай хотиржам ҳамон
Яшаймиз иккимиз бир ками тўкис.

Сен мендан излайсан йўқотганингни,
Мен бўлсам сен учун йўқотдим барин.
Ҳач нарса топмадик, йўқотдик фақат,
Топган-тутганларни иккига бўлиб.

РАШК МАНЗАРАСИ

Тунда тушган нуқра ой нури
Сингиб ётар қиз қучоғимда.
Ҳали олган қайноқ бўсалар
Ҳоври қолган қиз дудоғинда.

Ой
Ёғдуга бурканиб ётган
Қиз юзида кўрар ўз аксин.
Дайди нурдан рашк этган йигит
Тортиб қўйди ойна пардасин.

* * *

Иймо. Хонга таъзим қилар канизак.
Иймо. Қўшин тортиб мағрибга юриш.
Иймо. Ўн ёш қизга тақишар безак
Шўр тақдир – келинлик либосда туриш.

Иймо-ла қурилган сарой ва қаср,
Иймонинг муҳри бор қилич даминда.
Бу – ўтмиш. Ҳозир йигирманчи аср…
Бир иймо… ва гиёҳ қолмас заминда.

* * *

Ярмиси армондир ярим кўнгимнинг,
Қолгани гумонга тўлиб турибди.
Ярим кўнглим бўм-бўш… бироқ сен ҳозир
Қил сиғмас кўнгилга йўл солиб кирдинг…
Томоша кўрсатдинг тор жойда туриб.

* * *

Совуқнинг тиллари ялайди юзим.
Сабабсиз севинчдан совиган кўнгил.
Бирон арзигулик одим отмоққа
Бу ерда нарсалар оқламас ўзин.

Қоралаб бўлмайди ўзимни. Қийин.
Борим шу…
Боримни бозор қиламан
Ўзимни оқлашга етмаса кучим.(ақлим етмаса)

* * *

Тузатилмас хатолар,
Кечирилмас гуноҳлар…
Ҳаммаси бўйнимда… узр сўрайман.

Тузатилмас хатоимни тузатсангиз,
Кечирилмас гуноҳимни ечирсангиз
Мен ўзимни товон қилиб тўлайман.

Мен бир қўли очиқ одам, доимо
Қўшқўллаб тутаман сизга ўзимни.

* * *

Умрим уч кунлик йўлда
учиб бормоқда…
Ҳали ҳадемай тўртинчи кун келар
ва кетар бир кун ўрнида.

Кетмасам кўраман
бешинчи кунни
Кўраман амаллаб кунимни.
Бир кун минг кун эмас-ку ахир,
Минг кунга татимас ўша бир кун ҳам.

* * *

Кулгуни қистайди ҳар бир ҳаракат,
Яна жим туришинг қитиқлаб қўяр.
Мен бўлсам чидайман.
Кулмайман фақат.
Йиғлашга яқинман. Ичинг ҳам куяр.

Жимликни бузасан бир кулиб қўйиб,
Юзимда қалқиган нотинчлик тинар.
Куласан,
Кетаман жонимдан тўйиб,
Ичингдаги итлик ичимни тирнар.

* * *

Қарайман… кўзингда кўринар чарчоқ,
Ҳорғин юзингда ҳам ҳориган маъно.
Ранглар изламайсан сен табиатдан,
Қизиғи қолмаган қушларнинг сенга.

Бу зангор осмон ҳам осмонча бир гап,
Кўзингга кўринмас борлиқ бошқача.
Кўзингдан қочирмай кўрдинг мени ҳам,
Кўримсиз нарсага қараган каби.

* * *

Қарғишдан қўрқмайсан,
қарғиш эм сенга.
Худодан қўрқмайсан,
гуноҳлардан ҳам.
Айбингни ўзингдан яратган эгам,
чора ҳам ўзингдан,
жазо ҳам шундай.

* * *

Юлдузга яқинсан,
Кўзга яқинсан,
Сенга осмон яқин менга нисбатан.
Сен яна ойдайсан, бунинг устига,
Ўз осмонингдан берилган ватан.

Мен ерга яқинман, сенга нисбатан,
Менинг қушлар билан дилим, тилим бир.
Эсимга тушмаса унутганларим,
Мен орзу қилмайман кўкни барибир.

Юракка яқинсан, кўзга яқинсан,
Сенга осмон яқин менга нисбатан.

* * *

Дармоним йўқ,
Дилимнинг дарди бор.
Ҳозир шеър сиғмайди юракка.
Шеърга ҳам сиғмас балки юрак.

Бир пача қоғозга
Бир парча шеърни
Ёзаман…
Бир парча юрагим ҳовучлаб.

* * *

Жунжикиб мен совуқдан
Лабим келмай қовушиққа,
Қулоғим тутиб турдим
Музлаётган қўшиққа.

Юз иссиқ, сўзлар иссиқ,
Фақат совуқ бу кундир.
Қулоқда қотиб қолган
Сўзлар жуда юпундир.

* * *

Телбавор термулиб
Яхши кўз билан
Яхшилаб қарайман сенга.

Яхши кўриш яхши
Яхши бўларди
Қўлимдан келганда яхши кўриниш.

* * *

Сенга тикилиб турган менинг нигоҳим
худди чўлларда чўллаб келиб
бир пиёла сувни симираётган кишидек
лаззат олмоқда.
Сен бўлсанг қобоғинг уюб қарайсан
еб қўймоқчидек, менга.
Дафъатан даҳшатдан
нигоҳим қоча бошлар экан,
нафис бир ҳаракат-ла мен
нигоҳимни тутиб қоламан.
Шунда қувиб келаётган сенинг нигоҳинг
нигоҳимга келиб урилар экан,
ўзимни ўнглаб ололмайман оғриқ зарбидан.

* * *

Хаёлим жамланиб кетар сен сари,
Нигоҳим сирғалиб тушмайди сира.
Қобоғим қовушмас лаблар сингари
Киприк қоққунча…
Кипригим қоқаман
Хаёлим оҳиста тутундек сузар,
Ўйларим тугуни очилар бирдан.
Оёқлар (Оёғи) остига сирғалиб тушган
Нигоҳим тортаман, узилмас ердан…

* * *

Кўзлар мени адаштирган кун
Топдим юрак тубидан сени.
Муҳаббатдан ёниб вужудим,
Ялов қилиб олдим севгини.

Сочларингда чирмашиб ўйлар,
Киприкларинг нигоҳим олди.
Ёноқларнинг ёнган тафтида
Совуқ сўзинг иссиғи қолди.

Кўкка қараб кўтарган ялов,
Қолаверди кўкнинг юзинда.
Ялов бўлиб тикланган сўзнинг
Қолиб кетдим мен-да измида.

* * *

Ўзим учун яшайман энди,
Яшамоқ шарт, вазифам оғир…
Сенга бериб барча меҳримни,
Меҳр менда йўқ бўлди охир.

Ора очиқ… тамом, тугади
Сенга менинг меҳрим йўқ ҳечам.
Ўзимдаги борини бердим,
Кўчада ётган меҳр йўқ, эркам.

* * *

Сенга бир томондан яна яхшироқ,
Янгича яшайсан бу хонадонда…
Чангини артасан бор бисотларнинг,
Дарчани очасан ҳар кун азонда.

Яшайсан,
Излайсан бор ва йўқлигинг,
Икки эшик ора оралаб узоқ.
Билиб бўлмас сира оч ва тўқлигинг,
Чидаб бўлмас жимлик… чидайсан бироқ.

* * *

Менинг шеърим тамом ўзгача,
Бошин бошлаб тамом бўлади.
Мен шеъримга нуқта қўйсам ҳам
Юракларда давом бўлади.

Сизларга мен шеъримнинг ёлғиз
Кўрсатаман бошини холос.
Оёқлари бўлмас шеъримнинг,
Жой ҳам йўқдир оёқ босарга.

* * *

Хаёлларим қадоқ кафтида
Мени ушлаб кўтаради даст.
Очиқ қолган қулоқларимда
Товуш тўхтар, узилади сас.

Жуда майин тутундек суздим,
Булутларнинг мен оғушинда.
Кўкда туриб ўзимни кўрдим,
Ҳар кун мени кўрар тушинда…

ИШҚ

1

Ой нурида от елиб борар,
Кипригида музлаб томчилар.
Шиддатлари шамолни кесган,
От вужудин совуқ чимчилар.
Ёлларини ўйнаган шамол
От юзини силайди ялаб.
От кишнайди, бўри галаси
Йўлин тўсар тишларин қайраб.
От сапчир-да осмонга қараб,
Елиб кетар шамолдан ўзиб.
Орқасида ажал галаси
Қувиб борар шамолдек тўзғиб.

2

Ой нурида от елар узоқ,
Қувиб келар йиртқич бўрилар.
От оёғи толар, сирпаниб,
Қорда тўртта тақа сурилар…

3

Сўнаётган отнинг кўзида
Ёниб борар яшашнинг шашти.
От ҳаётни истайди, бироқ
Ҳаёт буни истамас энди.

МАНЗАРА

Оҳиста куз чиқди боғлардан,
Мунғайтириб боғгуллар баргин.
Совуқ олди гул чечаклардан
Очилмаган лаблар тилагин.

Қиров эмган гул новдасида
Қолган барглар қовжирар қуриб.
Дайди шамол гул барги билан
Орзуларни кетар учириб.

Ялонғоч гул новдасин тортиб
Совуқ шамол жим турар бир оз.
Кейин бўлса(Деразамга) (Сўнг ойнага)қиш гулларининг
Расмин чиза бошлайди аёз.

МУЗЕЙДА

Қинига қамалган қатор қиличлар
Тешилган қалқонлар гангитиб қўяр.
Занглаган совутлар совутар кўнглим,
Чидайсан – кимлардир шоҳ тожин кияр.

Кишанлар турипти, кишансиз бўлган
Руҳимни қамчилар қамчилар эди.
Панжара қошида шўх-шаддод қизлар
Қарасам кўзларим бўйсунмас энди.

Метин тўплар турар, тақалар турар,
Соғиниб асов от туёқларини.
Мени кишанлайди кишансиз руҳим,
Мен судраб чиқаман оёқларимни.

АБАДИЙЛИК

Тонготарда гўдак эмаклар
қуёшга қараб…
кўзларида акс этар қуёш…

Кунботарда шафақ нурларин
тиз чўкиб, кўзига суртаётир чол.
Тиззалари туташиб кетган заминга…

Тонг отар…
Кун ботар…
Ўрталикда – ҳудудсиз саҳро.
Карвонлар, сарбонлар ўтади тинмай.
Тонг отар…
Кун ботар…
О… тартиб – ягона тартиб.
Тупроқни кўтариб кўкариб чиқар
Тартибдан сўнг туғилган одам.

ТЎРТЛИКЛАР

*
Хато қилган бўлсам кечиргин, ахир,
Гоҳо от қоқилар тўртта туёқда.
Юким бор юракда кўтармоқ оғир,
Икки олам юки – икки оёқда.

*
Етар энди, тўйиб кетдим… бас.
Сездим бугун қалбда торликни.
Оч кўзларим бўлса ютмоқчи
Мени ютмоқ бўлган борлиқни.

*
Телбаман,борлиқдан эҳтиром кутсам,
Кўрганлар кулишиб мени кузатар.
Агар мен шонларга шуҳратга чўмсам,
Кўрпам оёғимга қараб узалар.

*
Ҳар ҳолда ҳал бўлар ҳаммаси осон
Қилни суғургандай худди хамирдан.
Ҳали вақтим бордир, ҳали вақт ҳам бор,
Мен қайта юракдан униб чиқаман.

*
Ҳаммасин бир бошдан бошламоқ учун
Қайта туғилишнинг ҳеч йўли йўқдир.
Кунларни тўхтатиб, қайтиб бўлмайди,
Умр нишон томон отилган ўқдир.

ҚАТРАЛАР

*
Менинг ўз оғирлигим
ўз йўлимда кўндаланг ётар.

*
Охиратда кучуклар
ҳурур экан ичида.

*
Мен чўкаётган кўнглимга
чўкиб кетмаслик учун
сузишни ўргандим.

*
Одамларни ўз оғзига қаратди
Тилла тишли кемшик одам.

*
Одамнинг тилида сўзлаган тўтиқуш
қафасда эмас,
у эркин такрорлар
қафасдаги одамнинг сўзин.

*
Умр ўтиб борар экан,
мен майда ташвишларни
ўйламаслик тўғрисида ўйлайман узоқ…

07

Umid Bekmuhammad
POYTAXTDAN OLIS OVULDAGI SHOIR
09

Odatda biz ijodu ilm, san’at ahli nomini tilga olganda, ularning faoliyati to’g’risida so’z ketsa, o’sha insonning qay joyda yashayotganini, ishlayotganini tilga olishga, shu aqida-ya’ni falonchi poytaxtda yashab, ishlab ijodu ilm bilan shug’ullanayaptiyu, falon degan asarini chiqaribdi deya masalaga yondoshadigan bo’lib qolganmiz.Bu holat g’arbda keng tarqalgan “shoirlar qishloqda tug’ilib, Parijda vafot qilishadi”, degan , 20 asrga kelib bizdayam aks etgan aqidani esga soladi.

Aslida esa ijodu ilm bilan shug’ullanish, badiiy barkamol asar yoki ilmiy teran monografiya yaratish uchun markazda yashash shart emas.
To’g’ri, poytaxtda yashab ijodu ilm bilan shug’ullanish katta imkoniyatlar darvozasining eshigini chertish degani. Ya’ni, adabiyot, san’at, ilm olamining sarchashmasida yurish, o’zini ko’rsatish maydoni ham.

Afsuski, 20 asrda yuqoridagi ibora qo’liga qalam ushlagan zotning orzusiga aylandi. Natijada shoirlik ko’ngil ishi, ko’ngil mulki emas, kasb korga bo’lib tuyuladigan bo’ldi. Bu esa adabiyot haqidagi qarashlarni ham o’zgartirib, iste’dod iste’dodsizlikdan, o’rtamiyonalikka tushib qolishdan qo’rqib yashaydigan, guruhboz, unvonparast ijodkorlar safini kengaytirdi. Faqat poytaxtdagina ijodiy muhit bo’ladi, viloyatlarda esa “chekka shoirlar” yashashadi, degan fikr ochiq oydin quloqqa chalina boshladi.

Bu aqidalarning noto’g’riligini, adabiy muhit chekka hududlarda ham “qaynab” turishini, adabiyotimizning ravnag’iga olis hududlardagi qalamkashlar ham hissa qo’shayotganini Buxoroda Toshpo’lat Hamid, Xorazmda Matnazar Abdulhakim, Samarqandda Xosiyat Bobomurodova, Andijonda To’lan Nizom, Farg’onada Oxunjon Hakim , Nukusda Guliston Matyoqubova va boshqa iste’dod sohiblari isbotlab berishdi.

Bunday jarayonni Xorazm misolida oladigan bo’lsak, Hazoraspda Rustam Nazar, Gurlanda Murod Ibrohim, Bog’otda Erpo’lat Baxt va Durposhsho, Qo’shko’pirda Yo’ldosh Eshmurod, Xonqada Muhabbat Safoeva, Shovotda Boltaboy Bekmetov, Yangiariqda Jumanazar Yusupov,Xivada Otabek Ismoilov ijodlari, qishloqda turib ham ijod bulog’ini gurkiratish mumkinligini isbotlab turibdi.

Xorazm misolida tumanlardagi ijodkorlarning adabiyot olamida bo’y ko’rsatishi esa Matnazar Abdulhakim bilan bog’liq. Shu bois ham poytaxt Toshkentdagi adabiy gurunglarda o’sha biz aytgan “chekkadagi ijodkorlar” haqida so’z ketsa, xususan Xorazmda yashab turib ham respublika miqyosida ko’zga ko’ringan iqtidor egalari nomlari tilga olinganda, “Ha, endi Xorazmda Matnazar aka bor edida, bevosita ular ijodi Matnazar aka rahmatlik tufayli respublikaga tanilib qoldi”, “Har holda Matnazar Abdulhakim Xorazmda o’z adabiyot maktabini yaratdi va ….lar shu maktabdan chiqqan shoirlar”, deyishadi, tan olishadi.

Demakki, Matnazar Abdulhakim “poytaxtdagina ijodiy muhit bo’ladi, viloyatlarda esa “chekka shoirlar” yashashadi degan aqidaning noto’g’riligini o’zining ijodi orqali isbotlabgina qolmay, shogirdlari ijodiniyam , poytaxtda turib ijod qilgandan ham ortiq darajada o’zbek she’riyati bo’stoniga olib kiraoldi.Shu bois ham 20 asr so’nggi 20 yilligidan keyingi o’zbek she’riyatini Matnazar Abdulhakim ijodisiz tasavvur qilish qiyin bo’lganidek, 21 asr navqiron o’zbek she’riyatiniyam, Matnazar Abdulhakim tufayli chekka qishloqlarda yashab, ovozasi respublikaga tanilgan Murod Ibrohim, Otabek Ismoilov,Rustam Nazar, Yo’ldosh Eshmurodsiz tasavvur etib bo’lmaydi.

Shoirlikni ko’ngil ishi emas, kasbu kor deb biladigan, qofiyaband tizmalarni qatorlashtirib qo’yib mehnat qiladigan, she’riyat haqida to’la tasavvurga ega bo’lmagan ba’zilarning “bo’sh vaqt”da she’r yozish haqidagi gaplari hanuz ayrim toifa insonlar shoirlikni kasb deya tasavvur qilib yurganidan dalolat beradi.

Aslida shoirlik kasb emas, oliy o’quv yurtlarida tahsil olib shoirlikka erishib bo’lmaydi.Iste’dod egasi ruhiyat dunyosiga ichkin bo’lsagina shoir bo’lib taniladi.Shu bois Gurlanlik hunarmand Murod Ibrohim yoki Hazoraspdagi fabrikada to’quvchi Shakarjon Ibodullaeva, dalada mehnat qilayotgan Zulfiya Matyoqubovalarning she’rlarini o’qiganda ularning kasbi brasida o’ylab ham ko’rmaysiz.Yuksak san’atkorona ruh bilan ehtiros ila yo’g’rilgan satrlarni chinakam shoirlar insho aylaganini his etasiz.

Murod Ibrohim misolida shoir ham atrofimizdagi odamlar singari bir inson ekanligiga, uning ham o’z mutaxassisligidan tashqari “xobbi”si bo’lishi, gohida hayotiy zarurat tufayli turlicha yumushlar bilan shug’ullanishini anglamog’imiz kerak.

Ba’zilar TV va turli tadbirlarda jazirama issiqda ham bo’yinbog’ bog’lab, turlicha harakatlar bilan she’rlar o’qib, nuqul dazmol bosilgan kostyum shim kiyib yuradigan insonnigina shoir deya ko’z oldida gavdalantiradi.

Aslida shoirlar biroz darveshsifatroq ham bo’lishi, she’r ham faqat oq qog’ozgagina emas, sigaret qutisiyu, poezd chiptasiga, qo’l telefoniga SMS tarzida ham yozilaverishi mumkin.(Yaqinda Shovotlik shoir Boltaboy Bekmetov bilan suhbatlashib qolganimda, Urganchdan Shovotga 45 km ishga -“Xorazm” nashriyotiga qatnab, avtobusda ketarkanman, “ilhom” kelib qolsa she’rlarni qo’l telefoniga SMS qilib yozardim. Shukrki, uchta o’g’lim Rossiyadan pul yuborgach planshet sotib oldim”, deya quvondi).

Shoir Murod Ibrohim hayoti va ijodini kuzatgan va anglab yetgan har bir kishi esa she’r avvalo san’at, shoir san’atkor ekanligi, shoirlik kasb emas, ko’ngil mulki,QISMAT ekanligi oydin bo’ladi.

Xorazmlik jurnalist va adib Shuhrat Matkarim shunday hikoya qiladi: -Shoir Qadam Saidmurod 2012 yil yozida Xorazmga kelganida “Yo’ldoshni bir ko’rib kelsak”, dedi. Qadam og’a, Muzaffar Abdulhakim (Matnazar akaning o’g’li) va men Qo’shko’pirga qarab yo’lga chiqdik. Yo’ldosh Eshmurodning sog’ – salomat, o’zini yaxshi his qilayotganini ko’rib quvondik. Ikki shoir yig’ilgan yerda gap, albatta, adabiyot, she’riyat xususida ketadi. Muzaffar ikkovimiz shoirlarning gapiga qo’shila olmay o’tiribmiz. Qadam og’a bilan Yo’ldosh aka o’zlari tanigan, bilgan shoirlarning ijodini muhokama qila ketdilar.

Qadam Saidmurod – ko’p o’qigan odam, aylantirib gapni ijod printsiplariga olib kelib taqadi. “Men hech qanday printsiplarni bilmayman”, dedi Yo’ldosh Eshmurod. “Men bir narsani bilaman. She’r yurakning shirasi. Shoirning yuragi shirali bo’lsa she’ri mazzali, shoir yuragi bemaza bo’lsa , she’ri badmaza”.

Gurlanlik shoir Murod Ibrohimning keyingi paytda yozgan she’rlarini o’qib, Yo’ldosh Eshmurodning “she’r yurakning shirasi”, degan gapini esladim. Shoir Murod Ibrohim yuragining, ulkan, hech shoir yuragiga o’xshamagan yuragining shirasini tatib, baholab ko’ring, aziz o’quvchi!

1964 yilda Gurlan tumanining Minggujum ovulida tavallud topgan Murod aka Andijondagi sanoat texnikumini tugatib, bir necha yil poyabzal fabrikasida ishladi.Keyingi umri esa bog’dorchiligu, hunarmandchilik bilan o’tayapti.Ustozi Matnazar akaning sa’yi harakati bilan 1989 yilda Do’rmonda o’tgan yosh ijodkorlar anjumanida qatnashgan, 1999 yil “Xorazm” nashriyotida hozirgacha yagona bo’lib kelayotgan to’plami nashrdan chiqqandi.Bir necha bor Qozog’iston va Rossiya kengliklarini ham hunarmandchilik kasbi bois kezib chiqqan Murod aka, o’sha yerlardayam she’rlar bitdi.

Ayni paytda 50 yoshni qarshilagan Murod Ibrohim she’rlarini e’tiboringizga havola etishdan oldin, shoirning ustozi- Matnazar Abdulhakimning shogirdi to’g’risida yozgan va ilk bor e’lon qilinayotgan maqolasiniyam sizga tuhfa etamiz.

MATNAZAR ABDULHAKIM
YURAKDAGI SHE’R, SHE’RDAGI YURAK
09

Gurlanning olis bir ma’vosida yashayotgan Murod Ibrohim yurakka yaqin she’rlar yozadi. Bu muvaffaqiyatning hikmati nimada?

Tushunarli, avvalo-iste’dodda.

Biroq faqat iste’dodning o’zi bilan ish bitmasligi ma’lum.

Qolaversa, mehnatda.

Biroq, faqat iste’dodning, faqat mehnatning o’zi bilan ham ish bitmaydi. Aniqrog’i, she’r degani buyuk ishning bitmog’i uchun darkor bo’ladigan ne’matlarning shoirga asqotadigan fazilatlarning soni, ehtimol, bordir. Biroq sanog’i yo’q. Ana shu fazilatlarning eng muhimlaridan biri-So’z Ma’suliyati. Aytayotgan gapingdan kelib chiqadigan mohiyatning odamlarga manfaat yetkazishi to’g’risida chekadigan qayg’uing.
Murod Ibrohimda ana shu qayg’u kuchli.

Menda Majnundin fuzun oshiqlik iste’dodi vor,
Oshiqi sodiq manam, Majnunning onjoq odi vor.

deb yozgan edi Muhammad Fuzuliy.

Murod Ibrohim, shu nuqtai nazardan kelib chiqib, fikrimizni ifodalaydigan bo’lsak, Shoiri sodiqlarimizdan biri, ya’ni o’zi qog’ozga tushirayotgan so’zning ma’suliyatini kamdan-kam ijodkorlarga xos bo’lgan teranlikda his qiladigan shoir.

Darmonim yo’q,
Dardimning dardi bor.
Hozir she’r sig’maydi yurakka,
She’rga ham sig’mas balki yurak.

Ana shu ma’suliyatning qudrati bilan bo’lsa kerak, shoir yozadi:

Bir parcha qog’ozga
Bir parcha she’rni
Yozaman…
BIR PARCHA YURAGIMNI HOVUCHLAB,

deydi. Va yurakka she’rni, she’rga yurakni sig’dirish maqsadida yashaydi.

“Tarozu ustida yashayman…” deb kuylanadi qo’shiqlardan birida. Darhaqiqat, biz istaymizmi, yo’qmi, odamzotdan tortib, dunyodagi jamiki jonzodu nojonzodlarga baho berilayotgan vaqtda, aksar, bir-birining nisbatinda olib qaraladi. She’riyat o’z mohiyat e’tiboriga ko’ra xolislik tarafdori. Bu tarafdorlik hatto she’riyatda ham dunyoga turli tarozular me’yoridan turib qarashga xalaqit bermaydi. Bu jihat shoirning dastlabki, hozircha yagona “Yurakdan ungan baxt” kitobining dastlabki “O’lchov” she’rida yaqqol namoyon bo’lgan.Murod Ibrohim kitobining ilk sahifasidanoq yurakdagi she’rning, she’rdagi yurakning siri yuz ko’rsatadi.

Badiiy so’z, ustozlarimiz ta’kidlaganlaridek, ehtiyoj farzandi, ruhiy zaruratning o’ziga xos, ayni vaziyatda, so’z vositasida namoyon bo’layotgan turi. Shuning uchundir, barcha jiddiy ijodkorlar o’zlarining So’zga munosabatini izhor qilganlar. Xodi Toqtoshning “Muhabbat ul o’zi eski bir narsa, Har bir ko’ngil oni yongortar”, deb yozganidek, she’r bitish san’ati ham, she’rga munosabat bildirilishi, xususan, she’rni bitayotgan, bu san’atning ham rohatini ko’rib, ham azobini tortayotgan inson tomonidan so’z aytish asrorining sharhlanishi ham “eski bir narsa”, biroq bu munosabatni har bir ko’ngil o’zicha yangilaydi. Va bu izhorning har bir yangilanishida biz yangi va betakror qirralarini shoir bilan birgalikda kashf etamiz.

…ichimda ham jim-jit turar sukunat,
Nafasim tiqilar bo’g’zimga qadar.
Yutilib damim-la to’lgan ko’ksimda
Sukutni saqlash ham og’ir naqadar.

So’z aytish mashaqqatining Murod Ibrohim talqinidagi qiyofasi mana shunday.Shoirning o’ziga xos “Portretlar galeriyasida” biz hatto shoirning o’z shamoilini ham, musavvirlarimiz tili bilan aytganda, avtoportretini ham uchratamiz. Shoir o’zini bu sohaning ham mohir ustasi ekanligini namoyish qila olgan. Buni alohida ta’kidlayotganimiz boisi, o’z suvratingni so’zda ham, sozda ham tasvirlash haddan tashqari qiyin. Chunki, bu ishni qilayotgan odam o’zini darbozdek his qiladi.Ham yuksak san’atini ko’rsatishi, ham u yoq bu yoqqa og’ib ketmasligi kerak. Uning o’zi tomonidan tasvirlangan o’z boshi solingan she’r “ ramkasini” sizga ko’rsatib, fikrimizni dalillaylik:

Ko’zguga qarasam jilmayib turib,
Ko’zguda ko’ringan ko’zlarim kular.
Ichimga sig’magan keskin tabassum
Menim yuzlarimni kesib to’kilar.

Kulguli naqadar, sig’ar tasvirga
Oynaga qaragan afti basharam
Men kulsam, sovuq turqimni ko’rib,
Iljayib turibdi aksim ham.

To’g’ri, bu she’r avtoportretdan ko’ra ko’proq o’z-o’ziga chizilgan do’stlik sharjiga o’xshaydi. Biroq o’z ustidan bu qadar kulayotgan muallifning naqadar jiddiy inson ekanligini, uning ham oyoqlari dunyo tubinda turganligini biz misralar orasidan bir qarashdayoq ilg’ab olamiz. Shoirning rostgo’yligi ham shunda.Shoirning kamtarligi ham shunda.Shoirning mag’rurligi ham shunda.Shu o’rinda Murod Ibrohim o’z ustozi Mahmud Rajabdan ham ko’plab fazilatlar bilan birga, mavzuni har taraflama ishlov berish, o’zi qalamga olayotgan badiiy “xomashyo” ne’matini hujayrama-hujayra “hazm qilish” san’atini ham barakali o’rganganligiga guvoh bo’lamiz. Masalan, yuqorida keltirilgan she’rlardan, bir qarashda, “avtoportret” mavzusi uzil-kesil ishlab chiqilayotgandek edi. Biroq shoir ijodini sinchiklab kuzatsak, uning qalami uchun hech bir mavzu hech qachon ishlanib “ adoi tamom” bo’lmasligini ko’ramiz. Shu o’rinda badiiy tahlil va tadqiqning na teranligida, na yuksakligida, na miqyosida chek yo’qligiga kafil bo’lamiz. Badiiy poetik tadqiqotlaridagi bir qarashda har qanday mukammal intiho ham o’ziga xos bir ibtido bo’lishi mumkinligini fahmlab qolamiz. Mavzularga muallif tomonidan ishlov berilish tarzining o’zga xos bir sirli xalqa ekanligiga yeta boshlaydi.

“Avtoportret” mavzuning talqiniga qaytsak, Murod Ibrohim o’zining shu ohangdagi yana bir she’rida mazkur mavzuni o’ziga xos tarzda davom qildiradi. Muallif bu gal endi, o’zini deymizmi yoxud ilmiy maqolalardagisimon, o’z lirik qahramonini deysizmi, boshqacha bir vaziyatda olib qaraydi. Uni samoviy bir tarzda ko’zdan kechiradi. Ko’zgudan “tortib chiqarib” osmonga olib chiqib qo’yadi. Aniqrog’i, bu yumushni endi shoir lirik qahramonining xayollari bajaradi:

Xayollarim qadoq kaftida
Meni ushlab ko’taradi dast.
Ochiq qolgan quloqlarimda
Tovush to’xtar, uziladi sas.

Biroq, mazkur qahramon ko’kda turgan bo’lsa ham, o’zining barcha tomirlari bilan yerga bog’langan. Shuning uchun ham ushbu ikkinchi she’r birinchi she’rning mazmun jamolini yana ham ochadi, g’oyasini yuksaltiradi. O’quvchida inson qiyofasini to’la ko’rsatish uchun osmondek bir ko’zgu, ko’zgudek bir osmonga ehtiyoj uyg’otadi. Har bir insonda o’ziga ham, o’zgalarga ham ilohiy bir ehtirom kuchini uyg’otadi. Odamiylikning taraqqiyoti ham o’z navbatida hududsiz bir hikmat ekanligini ayon etadi. Bor yo’g’i sakkiz misradan iborat bu doston quyidagicha o’z yakunini topadi:

Juda mayin tutundek so’zim,
Bulutlarning men og’ushinda,
Ko’kda turib o’zimni ko’rdim.

Darhaqiqat, biz osmonda turib Yer farzandi ekanligimizni, bir lahza bo’lsin, unutib qo’yishga haqli emasmiz. Shuning uchun ham, Murod Ibrohimning otashin misralarini mutoaala qila borganimiz sayin, aqlimiz zaminga “sho’ng’ib” ko’nglimiz osmonga parvoz eta boshlaydi. Shoirning o’zi bo’lsa har bir insonning qay darajada zaminga va qay darajada osmonga qarashli ekanligini aniqlash uchun, baribir, tinimsiz qalam sura beradi.Qalamning bu parvozi bizga yangidan-yangi fikrlar yulduzini kashf etish uchun imkon yaratadi.Biz o’zimizni shoir bilan hamqalam , hamqadam his qilamiz. O’zi ham bahramand bo’lib, sherxonni ham bahramand etayotgan shoirdan minnatdorligimiz kuchayadi.Shoir bo’lsa yana va yana o’zi kashf etgan sayyoralarning parvoziga mahliyo bo’lishdan charchamaydi, shu mahliyolik uning uchun bizga yangidan-yangi ma’naviy manzillarni zabt etishga madadkorlik imkonini yaratadi. Mana shunday imkonlarni kashf etish imkoni uning qalamini bizlarning taqdirimizga yana ham chambarchasroq bog’laydi. Bizni shoir bilan yana ham zamondoshroq, yana ham zamondoshroq bir ahvolga yetkazib keladi. Bu manzilning shoir bizga taqdim etayotgan ma’naviy tuhfa ekanligiga ishonchimiz tobora mustahkamlanadi.

Men yerga yaqinman senga nisbatan,
Mening qushlar bilan dilim, tilim bir,

deydi u boshqa bir she’rida.Xalqimizda “yo’l” so’zining “usul”, “uslub” mazmunlari ham mavjud. Hayotda ham, she’riyatda ham yo’l ko’p.Biroq har bir ijodkor o’zining Bosh yo’lini topa olsa, baxtlidir. Shoir “ Qushlar bilan dilim, tilim bir” deb yozar ekan, insonning muhim bir fazilatini she’riyat xazinasiga jo qiladi.Bu fazilat osmonni sevish, biroq havoyi bo’lmaslik, zaminni ardoqlash, biroq yeryapaloq bo’lib qolmaslik hikmatidir. Shoir o’zining bu muhim g’oyasini bizga yetkazish uchun ajoyib timsoldan, ya’ni qush obrazidan foydalanadi. Shoirning qushtabiatlikni targ’ib qilishi insonlarni o’ziga xos bir tarzda yana ham odamiy, yana ham mas’um, yana ham marg’ub bo’lishga da’vat qilishdir. Shoir mana shu osmon yo’lini zamin bilan, zamin yo’lini osmon bilan bog’lab, bizlarni ruhiy-badiiy safarlarga chorlaydi.

Orzular yo’lida bitta oyog’im,
Bittasi tiriklik tashvishin tortar,
Bir menga ikki yo’l, ikki o’rtada
Yurmagan yo’llarim cho’zilib yotar.
Xayriyat, oyoqlarim uchta bo’lmagan,
Bo’lsa, topilardi unga ham bir yo’l.

Mana shu navbatdagi “Yo’l”, shoir she’rlari mutolaasidan ma’lum bo’ladiki, Yurak yo’li, Aql yo’lidir.Ilmu ma’rifat yo’li, Ma’naviyat yo’lidir. Shuning uchun ham biz shoir qalami rahnamoligi yo’lida dadil olg’a yuramiz. Hovliqmalikdan holi tarzda, vazmin va shitob yo’l bosamiz.Shu saodat bizni sururlantiradiki, bu yo’lda har bir she’r bitta qutlug’ manzil, bizni odamiylik darajasiga yetkazadigan bitta makondir. Shoir bir haqiqatni teran anglaydi. Ijod yo’li nihoyatda qaltis. Shoir “Orzular yo’lida bitta oyog’im” she’rida ta’kidlagan, “aytmasdan turib aytgan”, biz “aql yo’li”, “ yurak yo’li” deb tavsiflagan yo’lning nazarimizdagi yana ham aniqroq atamasi “Qalam yo’li”dan yurishning naqadar mashaqqatli ekanligini teran his etadi.Shoir yana bir hikmatni ravshan idrok qiladi. Bu haqiqat o’z qalami izidan, ana shu qalam yo’li bo’ylab o’quvchining amalga oshiradigan ma’naviy safaridir. Aslida har bir shoir, shu jumladan , albatta , Murod Ibrohim ham ana shu safarning xayrli bo’lishi uchun tinimsiz yo’l bosadi, So’z ma’suliyatini his qilgan holda, o’z o’quvchisiga rahnamolik qiladi. Shoir bu qaltis yo’lning hikmatini ham o’ziga xos betakror hamda nafis bir aniqlik bilan ifoda qiladi.

Yarmisi armondir yarim ko’ngilning,
Qolgani gumonga to’lib turibdi,
Yarim ko’nglim bo’m-bo’sh…biroq sen hozir
Qil sig’mas ko’ngilga yo’l solib kirding…
Tomosha ko’rsatding tor joyda turib.

Shubha yo’q, she’r she’r uchun yozilmaydi.Aniqrog’i, she’r faqat she’r uchun yozilmaydi.Biz derazani xonamiz quyosh nuriga to’lishi uchun bunyod etganimiz kabi, shoirlar ham o’z she’rlarini bizlarning ruhimizni ma’naviy nur bilan yoritish maqsadida ijod etadilar. Biroq shoirlar o’z san’atlarining benihoya mashaqqatli hamda bu san’atning shaxsiy hayotlari bilan chambarchas bog’liq ekanligidan, tabiatan, she’r to’g’risida ham she’rlar ijod etishga muayyan darajada mahkumdirlar.

Murod Ibrohim ham bu atvordan mustasno emas. To’g’ri, munaqqidlar shoirlarning o’z ijodlari bilan bog’liq misralarni beme’yor bitishlarini unchalik ham ma’qullavermaydilar. Buni ular, aksar hollarda, shoirning hayot bilan munosabatlari susayganligida, kechinmalar zahirasi tugab, muallifning “voqea izlab, topolmay qolganligida” deb ham biladilar. Biz bu fikrga qo’shilmagan holda, Murod Ibrohim ijodidagi bu jihatni so’z san’atining tub-tublariga sho’ng’ib, o’z ijod uslubini yana ham teranroq tahlil etib, o’z nuqtai nazarlarida yana ham mustahkamlanib, o’z ovozini yana ham chiniqtirib olish uchun qilinayotgan sa’y-harakat, sa’yi-harakat bo’lganda ham, samarali sa’y-harakat, shoir va o’quvchi uchun manfaatli sa’y-harakat deb izohlagan bo’lur edik.

Junjikib men sovuqdan,
Labim kelmay qovushiqqa,
Qulog’im tutib turdim
Muzlayotgan qo’shiqqa.
Yuz issiq, so’zlar issiq,
Faqat sovuq bu kundir.
Quloqda qotib qolgan
So’zlar juda yupundir.

Biz shoirning bu “yupun so’zlari” naqadar hashamatli mazmun libosini kiyib olganligini mutoaala davomida ko’ngil ko’zlarimiz bilan ko’ramiz.

Shoirlarimizning mabodo “kechinmalar zahiralari” tugab qolganida o’zlarini ham, boshqalarni ham bahramand qiladigan bir muborak xazina bor.Bu muhabbatdir.Ana shu tuyg’u tugasa, shoirni tanazzuldan qutqarib qoladigan boshqa bir qudrat yo’q. Va bu — tabiiydir. Negaki, muhabbat she’rning bor bisotidir.Agar shoir nimaiki haqda yozmasin, ana shu “nimaiki” muhabbat tuyg’usidan mosuvo bo’lsa, shoirning qalamiga joylashib olgan ishq tuyg’usidan “suv ichib” turmasa, she’rning ham, shoirning ham inqirozi tayin deb hukm chiqaravering.
Xayriyatki, Murod Ibrohimning qalamini xudo ana shu tuyg’udan qismagan.

Tong otar,
Kun botar…
O’rtaligi hududsiz sahro,

deydi shoir. Va uning she’rlari ana shu sahroning bag’rida ochilgan chechaklardir.Bu chechaklar bizning nazarimiz tushmagan paytlarda qovjirab turaveradi.Biroq bir nigohdan bahramand bo’ldimi, tamom, bu sahro gullarini taniy olmay qolasiz. Ular o’zlarining muattar hidlari bilan dimog’ingizni zabt etadilar, turfa xil ranglarda nigohingizni tortib oladilar va qo’yib yubormaydilar.Sizning mehringiz so’ngandagina, ular ohista so’la boshlaydilar.Bu gullarning o’limi, dilingizning zavolimi yoki yuragingizning tanazzuli bu gularning xazonimi, tafovut qila olmay qolasiz. Shoir esa bir nafas bo’lsin, harakatdan to’xtamaydi. U o’z yo’lida yotgan o’z og’irligini ana shu yo’ldan olib tashlaydi, oxiratgacha ilgarilab ketib, ichida hurayotgan kuchuklarning boshini silaydi, cho’kayotgan ko’ngilning g’arq bo’lib ketmasligi uchun unga suzishni o’rgatadi, kemshik tishli bo’lsa ham, tili burro odamning nutqidan hayratlanadi, qafasdagi odamdan ozodlikdagi to’tiqushni afzal biladi, o’z tashvishlarini o’ylamaslikka o’ylaydi…

…va:

Mening she’rim tamom o’zgacha,
Boshin boshlab tamom bo’ladi.
Men she’rimga nuqta qo’ysam ham
Yuraklarda davom bo’ladi,

deb mutlaqo asosli ravishda orzu qiladi. Umid etadi.Va shoirning bu orzu-umidining ro’yobga chiqqanligidan, chiqayotganligidan va chiqajagidan biz ham o’z yuraklarimizda tobora mustahkamroq ishonch hosil qilaveramiz.

Murod Ibrohim
SHE’RLAR
09

SO’NGGI DARVESH

Ko’ngil ko’zi bilan ko’ring ko’nglini,
Haqning o’zin ko’rgan ko’ngil ko’zida.
Yaratganning quli yaralgan oddiy
Talotum izida, shiddat o’zida.

Olomon oralab ketib borarkan
Haq quli qullikka ming qulliq qilar.
Darvesh haybatiga hayrat ham ojiz
Bir kuni yiqilsa osmonga qular.

Savobdir sadaqa, sadaqa – umr,
Ulug’ yo’l adog’iga — manzilga hissa.
Darvesh ketib borar poyida toshmas
Toshday bag’irlarga urilar hassa.

Kashkul tovushini izlayveraman,
Sog’ingan ruhimda sokin sergaklik.
Olomon oralar eng so’nggi Darvesh
Hech kimga kerakmas bo’lgan “kerak”lik.

JARAYON

Ilgarilab ketar doimo faraz
O’zga sayyoraga borib yashaydi.
…Hozirgi zamonni idrok qilganlar
Momontlar to’dasin quvgan bir paytlar.

Ilgari ketmasa aqli odamdan
To’daga qaytardik momontni izlab.

* * *

Tasavvurga sig’di nihoyat tasvir,
Tasvir oydinlashdi tasavvurdagi
Keyin shu chehrani chizdi musavvir.

Mo’yqalam ustasi ilhom parisin
Chizgandi, gullarni qo’yib poyida.
Tabassum qilardi ko’rkam qiyofa
O’zini qo’yarga topgan joyida.

Rassom sevib qoldi kutilmaganda
Ko’p yillar kutgani — tasavvurini.

* * *

Sen kelding ulug’vor…
borliq bir bo’shliq…
Kichrayib qolganday bo’ldi-ku jussam.
Qiyofang tiniqar, tinar qiyomat
Qilich kirgan qinda tinchlik mujassam.

Sen kelding, kelguncha kechib dunyodan,
Sening kelishingni xotirjam kutdim
Ko’zlarimga qamab telba daryoni.

* * *

Eng so’nggi imkonda imkoniyat bor
Chorasizlik choradir
taqdiriga tan bersa odam.
Ilojsizlik eng katta iloj
Miskin odamga.
Mutloq g’oliblik yo’q
Va mag’lubiyat ham.
Muqarrar bir mukammallik yo’q.
Bir biz emas
To’g’irlay olmagan dunyo kemtiklarini.

* * *

Iztirobdan xoli, darddan yiroqda
Xavf xatar sololmas
Yo’yilgan sevgi.
Yashaysan…
Va yana…
Javob – so’roqda…
Borliqda borliging sezolmas sezgi.

O’zing o’zligingga qaytding yiroqdan
Bor-yo’g’ing omonat.
Vulqon og’zida
Tabassum qilasan yashayotganday.

Sening dardlaringdan dardliroq dard yo’q,
G’amingdan g’amliroq g’am yo’q g’amlangan.
Seni uyg’otadi shovqinlar emas
Vulqon og’zidagi jimlik – jamlangan.

DOIRA

O’z qobig’i ichida
Yashaydi toshbaqa.
Qobig’i ichida nimaiki bor – yaxshi.
Nimaiki yaxshi – fazilat.
Toshbaqa qobig’i ichida
Fikrlarga yetib fikrlaydi.
Qobig’in tashlab ketolmas toshbaqa
Ojizligi –qobiq
Buyukligi qobiq ichida.

* * *

To’qayda yo’l izlar tabiiy sezgi
Samodan yo’l topar tug’ma bir zehn.
Yovvoyi hissiyot yovvoyi hirsdir
Kuch-qudrat ko’kdandir, ehtiros tekin.

To’qay shovullaydi dordir har og’och,
Topolmasak taskin, taskin samodir.
Bu yerda butunlik butkul yalang’och.
Yovvoyi hissiyot yaxshi a’moldir.

TO’RTLIK

Men suzdim teskari – oqimga qarshi,
Yurak yurakdagi “oh”imga qarshi.
G’am meni yemadi, g’amni men yedim,
Zahar ham doridir zahmga qarshi.

* * *

To’rt fasl jamlangan sening yuzingda,
Sen qishday sovuqqon bo’lmasang buncha.
Muz kabi muzdaysan. Bag’rimga bosib
Erkalab eritay bahor kelguncha.

Qishga yakun yasar bo’rtgan novdalar,
Kelgin, lolalarni alvon qilaylik.
Savdolashma, boshda ishqiy savdolar
Olamning ichida olam quraylik.

Hali ketmay ko’rkam ko’klam ifori,
Subhidam gulzorda ko’raman gulni.
Yoz kuniday uzun hijron ozori,
Yozday yozay yorning chigal ko’nglini.

Bog’lardan boshlanar kuz saxovati,
Mevalar yuzida davomli kulgu.
G’oyibning siridan dunyoga kelar,
Bu to’rtta fasldan olingan ulgu.

* * *

Shamolday yeladi yillar shiddati,
Asrning boshida turibmiz, jiyan
Ko’z ochib yumguncha tugar muddati.

Ko’z ochib ko’rishga
Xayrli ishni
Sening vaqting yo’qdir(ortmas) bekorchilikdan.

EKOLOGIK SHE’R (BIOLOGIK SHE’R)

Mutloq bir yaqinlik
O’xshashlik yo’qdir.
Zarracha qondoshlik
Qorindoshlik yo’q.
Rishta yo’q orada
Ko’rinmas ip yo’q.
Shu bog’liq bo’lmagan bog’liqlik
Bizlarni bog’laydi
Biz olgan nafas.

QIRQ YOSHGA KIRIB…

Sovuqdir sukunat, sokindir hayot,
Qish qahrin keltirdim ko’ylakda yurib
Qirqimga kiribman, nirximga kirmay.

Haroratim baland kuydiradi kaft
Tuxumni pishirar tanamdagi taft
Qishning achchig’idan achchig’im baland.

Men bugun qishni qirq yoshga kirgizdim
Qirq qiliqli qishim qirqta tirqishdan
Meni kuzatar…

* * *

Oy bilmaydi oydin oyligin,
Oy yuksakda, shuning-chun ulug’
Yoki ulug’ligi uchun yuksakda.

Oydin oy yolg’iz oy
Senga qiyos qilingan choqda
“Oy”ligini yo’qotar ayol.

* * *

Hayratim avvalgi qotgan yuzimda
Qoshing kabi endi umr qayrilgan…
Ajalning aksi bor hozir ko’zingda.

* * *

Bo’lsa, dard to’kilar
tanang bukilar
Asli kalavasi bo’lmagan odam
Kalavam uchini yo’qotsam kular.

“YURAKDAN UNGAN BAXT” KITOBIDAN

O’LCHOV

Ramkalarda boshlari turgan,
Daholarga bosh egaman men.
Osiq turgan mana shu boshlar
Buyukdirlar, dunyo qadar keng.

Boshlar turar, daholar boshi
Dunyo aqlin anglagan bunda.
Osiq turgan har bitta boshning
Oyoqlari dunyo tubinda.

* * *

O’z yo’lim o’zimga qorong’u edi,
Men o’z etagimga qo’limni artib,
Paypaslab, birovlar etagin tutdim.

Keyin, ko’zim asta ko’nikib, ko’rsam
Men mahkam bu yerda tutgan etakning
Qo’limda qolibdi shappotday joyi.

* * *

Topolmay yurgandik bir-birimizni,
Taniy olmay yurdik,
Tan olmay yurdik.
Men seni
Sen meni…
Yo’qotish uchun.

* * *

Dard ham, quvonch ham, o’y ham yo’q o’ylashga
Mutloq bir sukunat qalbimda hozir.
Qaqragan lablarda sukunat qotgan,
Biroq bir so’z yo’q so’zlanishga qodir.

Ichimda ham jim-jit turar sukunat,
Nafasim tiqilar bo’g’zimga qadar.
Yutilib damim-la to’lgan ko’ksimda
Sukutni saqlash ham og’ir naqadar.

* * *

Ko’zguga qarasam jilmayib turib,
Ko’zguda ko’ringan ko’zlarim kular.
Ichimga sig’magan keskir tabassum
Mening yuzlarini kesib to’kilar.

Kulguli naqadar, sig’ar tasvirga
Oynaga sachragan afti basharam.
Men kulsam ko’zguda turqimni ko’rib,
Iljayib turibdi menga aksim ham.

* * *

Bir-bir tishlarini sug’urib oldi
Qurtlar kemirgan,
Yillar yemirgan tishlarin…
Bolalikda tishi chiqqan edi
Tilini tishlab…
Endi tili chiqar,
Tili chiqar…
Tishlari orasida qotgan, tishiday… ?

* * *

Dunyo tashvishlari
Dunyo ishlari
Boshimda dunyocha bordir.
Alamlarni ham
G’amlarni ham
G’amladim, yetar.
Faqat shodlik ortmas,
Kechir,
Qo’ymadim.
Men o’zim to’ymadim, endi yalayman.

* * *

Orzular yo’lida bitta oyog’im,
Bittasi tiriklik tashvishin tortar.
Bir menga ikki yo’l, ikki o’rtada
Yurmagan yo’llarim cho’zilib yotar.

Xayriyat, oyog’im uchta bo’lmagan,
Bo’lsa topilardi unga ham bir yo’l.

* * *

Sening qo’ling botgan(.B) bag’rim o’rtanmas,
Labing ham shirindir allaqachonlar.
Sochimni silagan sening qo’lingda
Qul bo’lish osonmas, qul qilding meni.

Etimni o’ldirdi(ng)m qismatdan kechmay,
Umrim ham qoshingday terilgan tekis.
Sevgidan so’z ochmay xotirjam hamon
Yashaymiz ikkimiz bir kami to’kis.

Sen mendan izlaysan yo’qotganingni,
Men bo’lsam sen uchun yo’qotdim barin.
Hach narsa topmadik, yo’qotdik faqat,
Topgan-tutganlarni ikkiga bo’lib.

RASHK MANZARASI

Tunda tushgan nuqra oy nuri
Singib yotar qiz quchog’imda.
Hali olgan qaynoq bo’salar
Hovri qolgan qiz dudog’inda.

Oy
Yog’duga burkanib yotgan
Qiz yuzida ko’rar o’z aksin.
Daydi nurdan rashk etgan yigit
Tortib qo’ydi oyna pardasin.

* * *

Iymo. Xonga ta’zim qilar kanizak.
Iymo. Qo’shin tortib mag’ribga yurish.
Iymo. O’n yosh qizga taqishar bezak
Sho’r taqdir – kelinlik libosda turish.

Iymo-la qurilgan saroy va qasr,
Iymoning muhri bor qilich daminda.
Bu – o’tmish. Hozir yigirmanchi asr…
Bir iymo… va giyoh qolmas zaminda.

* * *

Yarmisi armondir yarim ko’ngimning,
Qolgani gumonga to’lib turibdi.
Yarim ko’nglim bo’m-bo’sh… biroq sen hozir
Qil sig’mas ko’ngilga yo’l solib kirding…
Tomosha ko’rsatding tor joyda turib.

* * *

Sovuqning tillari yalaydi yuzim.
Sababsiz sevinchdan sovigan ko’ngil.
Biron arzigulik odim otmoqqa
Bu yerda narsalar oqlamas o’zin.

Qoralab bo’lmaydi o’zimni. Qiyin.
Borim shu…
Borimni bozor qilaman
O’zimni oqlashga yetmasa kuchim.(aqlim yetmasa)

* * *

Tuzatilmas xatolar,
Kechirilmas gunohlar…
Hammasi bo’ynimda… uzr so’rayman.

Tuzatilmas xatoimni tuzatsangiz,
Kechirilmas gunohimni yechirsangiz
Men o’zimni tovon qilib to’layman.

Men bir qo’li ochiq odam, doimo
Qo’shqo’llab tutaman sizga o’zimni.

* * *

Umrim uch kunlik yo’lda
uchib bormoqda…
Hali hademay to’rtinchi kun kelar
va ketar bir kun o’rnida.

Ketmasam ko’raman
beshinchi kunni
Ko’raman amallab kunimni.
Bir kun ming kun emas-ku axir,
Ming kunga tatimas o’sha bir kun ham.

* * *

Kulguni qistaydi har bir harakat,
Yana jim turishing qitiqlab qo’yar.
Men bo’lsam chidayman.
Kulmayman faqat.
Yig’lashga yaqinman. Iching ham kuyar.

Jimlikni buzasan bir kulib qo’yib,
Yuzimda qalqigan notinchlik tinar.
Kulasan,
Ketaman jonimdan to’yib,
Ichingdagi itlik ichimni tirnar.

* * *

Qarayman… ko’zingda ko’rinar charchoq,
Horg’in yuzingda ham horigan ma’no.
Ranglar izlamaysan sen tabiatdan,
Qizig’i qolmagan qushlarning senga.

Bu zangor osmon ham osmoncha bir gap,
Ko’zingga ko’rinmas borliq boshqacha.
Ko’zingdan qochirmay ko’rding meni ham,
Ko’rimsiz narsaga qaragan kabi.

* * *

Qarg’ishdan qo’rqmaysan,
qarg’ish em senga.
Xudodan qo’rqmaysan,
gunohlardan ham.
Aybingni o’zingdan yaratgan egam,
chora ham o’zingdan,
jazo ham shunday.

* * *

Yulduzga yaqinsan,
Ko’zga yaqinsan,
Senga osmon yaqin menga nisbatan.
Sen yana oydaysan, buning ustiga,
O’z osmoningdan berilgan vatan.

Men yerga yaqinman, senga nisbatan,
Mening qushlar bilan dilim, tilim bir.
Esimga tushmasa unutganlarim,
Men orzu qilmayman ko’kni baribir.

Yurakka yaqinsan, ko’zga yaqinsan,
Senga osmon yaqin menga nisbatan.

* * *

Darmonim yo’q,
Dilimning dardi bor.
Hozir she’r sig’maydi yurakka.
She’rga ham sig’mas balki yurak.

Bir pacha qog’ozga
Bir parcha she’rni
Yozaman…
Bir parcha yuragim hovuchlab.

* * *

Junjikib men sovuqdan
Labim kelmay qovushiqqa,
Qulog’im tutib turdim
Muzlayotgan qo’shiqqa.

Yuz issiq, so’zlar issiq,
Faqat sovuq bu kundir.
Quloqda qotib qolgan
So’zlar juda yupundir.

* * *

Telbavor termulib
Yaxshi ko’z bilan
Yaxshilab qarayman senga.

Yaxshi ko’rish yaxshi
Yaxshi bo’lardi
Qo’limdan kelganda yaxshi ko’rinish.

* * *

Senga tikilib turgan mening nigohim
xuddi cho’llarda cho’llab kelib
bir piyola suvni simirayotgan kishidek
lazzat olmoqda.
Sen bo’lsang qobog’ing uyub qaraysan
yeb qo’ymoqchidek, menga.
Daf’atan dahshatdan
nigohim qocha boshlar ekan,
nafis bir harakat-la men
nigohimni tutib qolaman.
Shunda quvib kelayotgan sening nigohing
nigohimga kelib urilar ekan,
o’zimni o’nglab ololmayman og’riq zarbidan.

* * *

Xayolim jamlanib ketar sen sari,
Nigohim sirg’alib tushmaydi sira.
Qobog’im qovushmas lablar singari
Kiprik qoqquncha…
Kiprigim qoqaman
Xayolim ohista tutundek suzar,
O’ylarim tuguni ochilar birdan.
Oyoqlar (Oyog’i) ostiga sirg’alib tushgan
Nigohim tortaman, uzilmas yerdan…

* * *

Ko’zlar meni adashtirgan kun
Topdim yurak tubidan seni.
Muhabbatdan yonib vujudim,
Yalov qilib oldim sevgini.

Sochlaringda chirmashib o’ylar,
Kipriklaring nigohim oldi.
Yonoqlarning yongan taftida
Sovuq so’zing issig’i qoldi.

Ko’kka qarab ko’targan yalov,
Qolaverdi ko’kning yuzinda.
Yalov bo’lib tiklangan so’zning
Qolib ketdim men-da izmida.

* * *

O’zim uchun yashayman endi,
Yashamoq shart, vazifam og’ir…
Senga berib barcha mehrimni,
Mehr menda yo’q bo’ldi oxir.

Ora ochiq… tamom, tugadi
Senga mening mehrim yo’q hecham.
O’zimdagi borini berdim,
Ko’chada yotgan mehr yo’q, erkam.

* * *

Senga bir tomondan yana yaxshiroq,
Yangicha yashaysan bu xonadonda…
Changini artasan bor bisotlarning,
Darchani ochasan har kun azonda.

Yashaysan,
Izlaysan bor va yo’qliging,
Ikki eshik ora oralab uzoq.
Bilib bo’lmas sira och va to’qliging,
Chidab bo’lmas jimlik… chidaysan biroq.

* * *

Mening she’rim tamom o’zgacha,
Boshin boshlab tamom bo’ladi.
Men she’rimga nuqta qo’ysam ham
Yuraklarda davom bo’ladi.

Sizlarga men she’rimning yolg’iz
Ko’rsataman boshini xolos.
Oyoqlari bo’lmas she’rimning,
Joy ham yo’qdir oyoq bosarga.

* * *

Xayollarim qadoq kaftida
Meni ushlab ko’taradi dast.
Ochiq qolgan quloqlarimda
Tovush to’xtar, uziladi sas.

Juda mayin tutundek suzdim,
Bulutlarning men og’ushinda.
Ko’kda turib o’zimni ko’rdim,
Har kun meni ko’rar tushinda…

ISHQ

1

Oy nurida ot yelib borar,
Kiprigida muzlab tomchilar.
Shiddatlari shamolni kesgan,
Ot vujudin sovuq chimchilar.
Yollarini o’ynagan shamol
Ot yuzini silaydi yalab.
Ot kishnaydi, bo’ri galasi
Yo’lin to’sar tishlarin qayrab.
Ot sapchir-da osmonga qarab,
Yelib ketar shamoldan o’zib.
Orqasida ajal galasi
Quvib borar shamoldek to’zg’ib.

2

Oy nurida ot yelar uzoq,
Quvib kelar yirtqich bo’rilar.
Ot oyog’i tolar, sirpanib,
Qorda to’rtta taqa surilar…

3

So’nayotgan otning ko’zida
Yonib borar yashashning shashti.
Ot hayotni istaydi, biroq
Hayot buni istamas endi.

MANZARA

Ohista kuz chiqdi bog’lardan,
Mung’aytirib bog’gullar bargin.
Sovuq oldi gul chechaklardan
Ochilmagan lablar tilagin.

Qirov emgan gul novdasida
Qolgan barglar qovjirar qurib.
Daydi shamol gul bargi bilan
Orzularni ketar uchirib.

Yalong’och gul novdasin tortib
Sovuq shamol jim turar bir oz.
Keyin bo’lsa(Derazamga) (So’ng oynaga)qish gullarining
Rasmin chiza boshlaydi ayoz.

MUZEYDA

Qiniga qamalgan qator qilichlar
Teshilgan qalqonlar gangitib qo’yar.
Zanglagan sovutlar sovutar ko’nglim,
Chidaysan – kimlardir shoh tojin kiyar.

Kishanlar turipti, kishansiz bo’lgan
Ruhimni qamchilar qamchilar edi.
Panjara qoshida sho’x-shaddod qizlar
Qarasam ko’zlarim bo’ysunmas endi.

Metin to’plar turar, taqalar turar,
Sog’inib asov ot tuyoqlarini.
Meni kishanlaydi kishansiz ruhim,
Men sudrab chiqaman oyoqlarimni.

ABADIYLIK

Tongotarda go’dak emaklar
quyoshga qarab…
ko’zlarida aks etar quyosh…

Kunbotarda shafaq nurlarin
tiz cho’kib, ko’ziga surtayotir chol.
Tizzalari tutashib ketgan zaminga…

Tong otar…
Kun botar…
O’rtalikda – hududsiz sahro.
Karvonlar, sarbonlar o’tadi tinmay.
Tong otar…
Kun botar…
O… tartib – yagona tartib.
Tuproqni ko’tarib ko’karib chiqar
Tartibdan so’ng tug’ilgan odam.

TO’RTLIKLAR

*
Xato qilgan bo’lsam kechirgin, axir,
Goho ot qoqilar to’rtta tuyoqda.
Yukim bor yurakda ko’tarmoq og’ir,
Ikki olam yuki – ikki oyoqda.

*
Yetar endi, to’yib ketdim… bas.
Sezdim bugun qalbda torlikni.
Och ko’zlarim bo’lsa yutmoqchi
Meni yutmoq bo’lgan borliqni.

*
Telbaman,borliqdan ehtirom kutsam,
Ko’rganlar kulishib meni kuzatar.
Agar men shonlarga shuhratga cho’msam,
Ko’rpam oyog’imga qarab uzalar.

*
Har holda hal bo’lar hammasi oson
Qilni sug’urganday xuddi xamirdan.
Hali vaqtim bordir, hali vaqt ham bor,
Men qayta yurakdan unib chiqaman.

*
Hammasin bir boshdan boshlamoq uchun
Qayta tug’ilishning hech yo’li yo’qdir.
Kunlarni to’xtatib, qaytib bo’lmaydi,
Umr nishon tomon otilgan o’qdir.

QATRALAR

*
Mening o’z og’irligim
o’z yo’limda ko’ndalang yotar.

*
Oxiratda kuchuklar
hurur ekan ichida.

*
Men cho’kayotgan ko’nglimga
cho’kib ketmaslik uchun
suzishni o’rgandim.

*
Odamlarni o’z og’ziga qaratdi
Tilla tishli kemshik odam.

*
Odamning tilida so’zlagan to’tiqush
qafasda emas,
u erkin takrorlar
qafasdagi odamning so’zin.

*
Umr o’tib borar ekan,
men mayda tashvishlarni
o’ylamaslik to’g’risida o’ylayman uzoq…

091

(Tashriflar: umumiy 2 246, bugungi 1)

1 izoh

Izoh qoldiring