Abdurashid Mamadolimov. Hattuba

04    Ана шундай кунларда биринчи синфда бир қиз пайдо бўлди. У жуда ҳам чиройли эди. Бўйи синфдошлариникидан баланд, оқ юзли, қўғирчоқдек кийинадиган бу қиз дарров ҳаммамизнинг диққат марказимизга кўчди. Тез кунда биз халфанадошлар барчамиз уни “севиб қолдик”. Қизиғи шундаки, ҳаммамиз қизни баравар севар, бир-биримиздан рашк ҳам қилмас эдик…

02
Абдурашид Мамадолимов
ҲАТТУБА
05

032Абдурашид Мамадолимов 1973 йил Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг механика-математика факультетида таҳсил олган, физика-математика фанлари номзоди. Ўзбекистон Миллий Университетида ишлаган. 2008 йилдан Малайзиядаги МИМОС илмий-текшириш институтида хизмат қилади.

05

Учинчи синфда ўқиб юрган пайтимиз эди. Мактабимизда бошланғич синф ўқувчилари алоҳида бинода ўқирди, шунинг учун биз учинчига ўтганимизда бинонинг энг катта ўқувчилари бўлиб қолдик, яъни ўзимизни “дед” деб ҳисоблардик. Юриш-туришимиз, кичиклар билан муомала қилишимизда буни имкон қадар кўрсатишга ҳаракат қиладиган бўлдик. Ҳатто мактаб томонидан бериладиган тушликка ҳам кирмай қўйдик, макарон шўрвани менсимай, ўн чўғли синфдошлар халфана қиладиган бўлдик. Халфанамиз бир банка балиқ консерваси ва бир буханка нон бўларди.

Ўша даврда бизда қизларга ҳам илк қизиқиш уйғонган эди десам, адашмасам керак. Ҳаммамиз ўзимизнинг “муҳаббат саргузаштларимиз”ни бир-биримизга айтиб, мақтанишардик. “Саргузаштллар” эса қизларга узоқдан гап отиб қочиш ёки, зўр ҳолда, “Севги мактуби” ёзиш бўларди.

Ана шундай кунларда биринчи синфда бир қиз пайдо бўлди. У жуда ҳам чиройли эди. Бўйи синфдошлариникидан баланд, оқ юзли, қўғирчоқдек кийинадиган бу қиз дарров ҳаммамизнинг диққат марказимизга кўчди. Тез кунда биз халфанадошлар барчамиз уни “севиб қолдик”. Қизиғи шундаки, ҳаммамиз қизни баравар севар, бир-биримиздан рашк ҳам қилмас эдик. Аксинча, қизнинг кўнглини овлаш учун садоқатли дўстлар биргаликда ҳаракат бошлаб юбордик. Қизнинг исми Мактуба эди. Ўша пайтларда “Алибобо ва қирқ қароқчи саргузаштлари” номли ўзбек-ҳинд киноси экранларга чиқиб, жуда машҳур бўлганди. Фильмда “Ҳаттуба, ооо, Ҳаттуба” деб куйланадиган қўшиқ бор эди. Биз танаффус бўлди дегунча Мактубани орқасидан юрар ва ҳаммамиз жўр бўлиб, “Ҳаттуба…”ни куйлардик. Мактуба қаерга борса, биз ҳам орқасидан қолмасдик, лекин унга яқинлашолмасдик ҳам (бунга юрак қаёқда?), юрса юрамиз, тўхтаса, берироқда биз ҳам тўхтаймиз. Назаримда, биз фильмдаги қароқчиларга тақлид қилардик. Бу Мактубага ёқмасди, ўртоқлари олдида ўзини ноқулай ҳис қиларди. Лекин бизга қарши ҳеч нарса демади. Биз эса муҳаббатдан сарҳуш бўлиб, уни хафа қилаётганимизни сезмасдик ёки сезсак ҳам парво қилмасдик.

Муҳаббат қўшиғини куйлашимиз бирор ойлар давом этди. Ўша куни ҳам танаффусда Мактубани тинч қўймадик, баралла “Ҳаттуба, ооо, Ҳаттуба” деб куйладик. Қўшиқдан биладиганимиз бор йўғи шу сўз эди, ўтган бир ой ичида ҳеч ким унга янги бир сатр қўшмади. Мактуба йиғламсираб, синфига қочиб кетди. Қўнғироқ чалиниб, биз ҳам синфга кирдик. Дарс бошланиб, синф сув қуйгандек жим-жит эди, қандайдир топшириқни бажарётгандик. Бирдан эшик шаҳд билан очилдию, етаклашиб аввал Мактубанинг ўқитувчиси, орқасидан ўзи кириб келди.

— Улуғой опа, кечирасиз, дарсингизни бўламан, битта масалани ҳал қилиб олмасак бўлмайди, — деди Мактубанинг ўқитувчиси бизнинг ўқитувчимизга.
— Майли, бемалол, тинчликми ўзи Озодахон?, — Озода опанинг шаштидан нафақат биз, балки ўқитувчимиз ҳам эсанкираб қолган эди. Биз ҳалпанадош-“қароқчилар” гап нимадалигини тезда пайқадик. Ана энди бизга сичқоннинг ини минг танга бўлади.
— Мана шу қизни синфингиздан айрим болалар севишаркан, шулар билан гаплашиб олмоқчиман, — деди Озода опа, “севишаркан” деган сўзга урғу бериб. Улуғой опа ҳам гап нимадалигини тушунди. “Ўзингиз бошлайверинг”, дегандек, Озода опага тикилди. Озода опа синфга қараб, жарангдор овози билан
— Ким шу қизни севса, доскага чиқсин, — деди Мактубани кўрсатиб.

Мен бошим эгик, парта тагига кириб кетгудек ҳолда ўтирардим. На доска тарафга, на атрофимга қарашга ботинолмасдим. Халфанадошларим бирин-кетин доскага чиқа бошлади, назаримда ҳеч ким ўз хоҳиши билан чиқмади, Озода опа Мактубадан “Ким бор эди?…, мана буниси ҳам бормиди?…” деб сўрар, аниқланган “қароқчилар”ни чақириб оларди. Ҳаммани доскага бир қатор қилиб турғазиб қўйди. Мен навбат ўзимга келишини кутиб, қимирламай ўтирардим. Очиғи, жуда ҳам қўрқаётган эдим, доскага чиқиб гап эшитиш мен учун қаттиқ шармандалик ҳисобланарди. Мен ўқитувчимдан ҳеч қачон ёмон гап эшитмаганман. Мени биномиздаги бошқа ўқитувчилар ҳам яхши ном билан танишарди. Ҳозир ана шу тўпланган обрў бир пул бўлади, мени доскага чиқариб койишади, урушишади. Яна қандай сабаб билан денг…

Мен ҳамон бошимни кўтаролмай ўтирардим. Озода опа доскага чақирилганлар билан тарбиявий ишни бошлаб юборди. Демак мени чақиришмади… Мен доска тарафга қаролмасдим, гўёки сал қимирласам, мени сезиб қолишадию, “Сен нима қилиб ўтирибсан, чиқ бу ёққа” дейишадигандек эди.

Озода опа болаларни урушиб-урушиб, Мактубани етаклаб чиқиб кетди. Ундан кейин Улуғой опа ҳам бироз давом эттирди. Ниҳоят болалар жойларига ўтиришди. Мен ўша куни шармандали жазодан қутулиб қолдим. Мактуба мени ҳам кўрсатдими ёки ёқми? — билмайман, лекин менимча Озода опа мени аяди.

***

Қани эди ўша болалик даврим яна қайтса. Озода опа жарангдор овози билан
— Ким шу қизни севса, доскага чиқсин, — деса.
— Мен севаман, — десам-у, доскага биринчи бўлиб чиқсам…

2009

03

02
Abdurashid Mamadolimov
HATTUBA
05

   Abdurashid Mamadolimov 1973 yil Namangan viloyati Chust tumanining Olmos qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Davlat Universitetining mexanika-matematika fakul`tetida tahsil olgan, fizika-matematika fanlari nomzodi. O’zbekiston Milliy Universitetida ishlagan. 2008 yildan Malayziyadagi MIMOS ilmiy-tekshirish institutida xizmat qiladi.

05

Uchinchi sinfda o’qib yurgan paytimiz edi. Maktabimizda boshlang’ich sinf o’quvchilari alohida binoda o’qirdi, shuning uchun biz uchinchiga o’tganimizda binoning eng katta o’quvchilari bo’lib qoldik, ya’ni o’zimizni “ded” deb hisoblardik. Yurish-turishimiz, kichiklar bilan muomala qilishimizda buni imkon qadar ko’rsatishga harakat qiladigan bo’ldik. Hatto maktab tomonidan beriladigan tushlikka ham kirmay qo’ydik, makaron sho’rvani mensimay, o’n cho’gli sinfdoshlar xalfana qiladigan bo’ldik. Xalfanamiz bir banka baliq konservasi va bir buxanka non bo’lardi.

O’sha davrda bizda qizlarga ham ilk qiziqish uyg’ongan edi desam, adashmasam kerak. Hammamiz o’zimizning “muhabbat sarguzashtlarimiz”ni bir-birimizga aytib, maqtanishardik. “Sarguzashtllar” esa qizlarga uzoqdan gap otib qochish yoki, zo’r holda, “Sevgi maktubi” yozish bo’lardi.

Ana shunday kunlarda birinchi sinfda bir qiz paydo bo’ldi. U juda ham chiroyli edi. Bo’yi sinfdoshlarinikidan baland, oq yuzli, qo’g’irchoqdek kiyinadigan bu qiz darrov hammamizning diqqat markazimizga ko’chdi. Tez kunda biz halpanadoshlar barchamiz uni “sevib qoldik”. Qizig’i shundaki, hammamiz qizni baravar sevar, bir-birimizdan rashk ham qilmas edik. Aksincha, qizning ko’nglini ovlash uchun sadoqatli do’stlar birgalikda harakat boshlab yubordik. Qizning ismi Maktuba edi. O’sha paytlarda “Alibobo va qirq qaroqchi sarguzashtlari” nomli o’zbek-hind kinosi ekranlarga chiqib, juda mashhur bo’lgandi. Filmda “Hattuba, ooo, Hattuba” deb kuylanadigan qo’shiq bor edi. Biz tanaffus bo’ldi deguncha Maktubani orqasidan yurar va hammamiz jo’r bo’lib, “Hattuba…”ni kuylardik. Maktuba qayerga borsa, biz ham orqasidan qolmasdik, lekin unga yaqinlasholmasdik ham (bunga yurak qayoqda?), yursa yuramiz, to’xtasa, beriroqda biz ham to’xtaymiz. Nazarimda, biz filmdagi qaroqchilarga taqlid qilardik. Bu Maktubaga yoqmasdi, o’rtoqlari oldida o’zini noqulay his qilardi. Lekin bizga qarshi hech narsa demadi. Biz esa muhabbatdan sarhush bo’lib, uni xafa qilayotganimizni sezmasdik yoki sezsak ham parvo qilmasdik.

Muhabbat qo’shig’ini kuylashimiz biror oylar davom etdi. O’sha kuni ham tanaffusda Maktubani tinch qo’ymadik, baralla “Hattuba, ooo, Hattuba” deb kuyladik. Qo’shiqdan biladiganimiz bor yo’g’i shu so’z edi, o’tgan bir oy ichida hech kim unga yangi bir satr qo’shmadi. Maktuba yig’lamsirab, sinfiga qochib ketdi. Qo’ng’iroq chalinib, biz ham sinfga kirdik. Dars boshlanib, sinf suv quygandek jim-jit edi, qandaydir topshiriqni bajaryotgandik. Birdan eshik shahd bilan ochildiyu, yetaklashib avval Maktubaning o’qituvchisi, orqasidan o’zi kirib keldi.

— Ulug’oy opa, kechirasiz, darsingizni bo’laman, bitta masalani hal qilib olmasak bo’lmaydi, — dedi Maktubaning o’qituvchisi bizning o’qituvchimizga.
— Mayli, bemalol, tinchlikmi o’zi Ozodaxon?, — Ozoda opaning shashtidan nafaqat biz, balki o’qituvchimiz ham esankirab qolgan edi. Biz halpanadosh-“qaroqchilar” gap nimadaligini tezda payqadik. Ana endi bizga sichqonning ini ming tanga bo’ladi.
— Mana shu qizni sinfingizdan ayrim bolalar sevisharkan, shular bilan gaplashib olmoqchiman, — dedi Ozoda opa, “sevisharkan” degan so’zga urg’u berib. Ulug’oy opa ham gap nimadaligini tushundi. “O’zingiz boshlayvering”, degandek, Ozoda opaga tikildi. Ozoda opa sinfga qarab, jarangdor ovozi bilan
— Kim shu qizni sevsa, doskaga chiqsin, — dedi Maktubani ko’rsatib.

Men boshim egik, parta tagiga kirib ketgudek holda o’tirardim. Na doska tarafga, na atrofimga qarashga botinolmasdim. Halpanadoshlarim birin-ketin doskaga chiqa boshladi, nazarimda hech kim o’z xohishi bilan chiqmadi, Ozoda opa Maktubadan “Kim bor edi?…, mana bunisi ham bormidi?…” deb so’rar, aniqlangan “qaroqchilar”ni chaqirib olardi. Hammani doskaga bir qator qilib turg’azib qo’ydi. Men navbat o’zimga kelishini kutib, qimirlamay o’tirardim. Ochig’i, juda ham qo’rqayotgan edim, doskaga chiqib gap eshitish men uchun qattiq sharmandalik hisoblanardi. Men o’qituvchimdan hech qachon yomon gap eshitmaganman. Meni binomizdagi boshqa o’qituvchilar ham yaxshi nom bilan tanishardi. Hozir ana shu to’plangan obro’ bir pul bo’ladi, meni doskaga chiqarib koyishadi, urushishadi. Yana qanday sabab bilan deng… Men hamon boshimni ko’tarolmay o’tirardim. Ozoda opa doskaga chaqirilganlar bilan tarbiyaviy ishni boshlab yubordi. Demak meni chaqirishmadi… Men doska tarafga qarolmasdim, go’yoki sal qimirlasam, meni sezib qolishadiyu, “Sen nima qilib o’tiribsan, chiq bu yoqqa” deyishadigandek edi.

Ozoda opa bolalarni urushib-urushib, Maktubani yetaklab chiqib ketdi. Undan keyin Ulug’oy opa ham biroz davom ettirdi. Nihoyat bolalar joylariga o’tirishdi. Men o’sha kuni sharmandali jazodan qutulib qoldim. Maktuba meni ham ko’rsatdimi yoki yoqmi? — bilmayman, lekin menimcha Ozoda opa meni ayadi.

***

Qani edi o’sha bolalik davrim yana qaytsa. Ozoda opa jarangdor ovozi bilan
— Kim shu qizni sevsa, doskaga chiqsin, — desa.
— Men sevaman, — desam-u, doskaga birinchi bo’lib chiqsam…

2009

07

(Tashriflar: umumiy 561, bugungi 1)

5 izoh

  1. Xikoya zor bunaqa sevgi menda ham kop bolgan owa vaqtda yozgan sevgi hatimni hozirgi zamon singari kserokopiya bolganda ksera qilib saqlab qoygan bolardim

  2. Болалик йиллари,илк муҳаббат, ҳали ғурурини муҳаббатдан устун қўя олмайдиган, буни тасаввурига сиғдира олмаган ошиқ ҳолати ҳикояда жуда чиройли тасвирланган. Ҳикоя ихчам, ёқимли… Муҳаббат мавзусидаги қисқа метражли фильмларни эслатади.(Гулноз)

  3. Жуда ажойиб хикоя экан. Болалик пайтимизни эслатди. Жойи келганда кундалигимга ёзиб куйган бир вокеани келтиргим келди. Агар маъкул курсаларинг. Болаликда нималар булмайди дейсиз…

    Мактабда укитувчиларим хаммадан купрок яхши куришарди мени. Хатто юзимдан упиб куришадиган устозларим хам йук эмасди. Биринчи синфда укиган пайтим синф рахбаримизни уртокларим жуда ёмон куришарди. Каттиккул эди-да. Ундан куркишарди. Мен булсам аксинча, унинг гапларини диккат билан тинглардим. У уйимизга келиб менга яна бир нарсаларни ургатарди. Хатто ёмгирларда хам. Кейин мени юкори синфга кучиришган. Узимдан бир ёш катталар билан укидим. Улардан оркада колмасликка роса тиришардим. Синфдаги угил болалар билан китобдаги мисолларни ким охиригача бажариб булиш, дея бахс бойлашардик.
    Бешинчи синфда укиётган пайтимизда угил болалар ва кизлар орасида кизик сирлар пайдо була бошлади. Кимлардир эсдалик дафтар тутган, кимлардир чиройли кизларнинг суратларини туплаган. Ким кимгадир хатлар ёзган. Бир куни жудаям безори синфдошим менга севги хати ёзибди. 5-синфда укиймиз хали. Жуда кизик-а? Мен нима килдим, уялиб-нетиб утирмасдан унга жавоб хати ёздим. Узимни гуё маликалардек тутиб унга шарт куйдим. Хатимда канакадир топишмок ёзиб жавобини топсанг, таклифингни уйлаб кураман дегандим. Синфда бошка болалар ва кизлар уртасида хам (хаммасида эмас) хат ёзиш авж олди. Тез орада бу гап-суз синф рахбаримизнинг кулогига етиб борди. Синфда мажлислар, «тузлаш»лар, уялтиришлар бошланди. Хамма «жиноятчилар» доскага терилди. Укитувчимиз важохат билан роса уришди. Эртаси куни яна шу жиноятчилар бошлангич мактага чакиртирилди. У ерда бизни ойим кутар эди. Чунки ойим бизнинг бошлангич синф укитувчимиз эди.
    Хаммани алохида хонага олиб кириб яна тергов ва сурок бошланди. Катталар жуда галати-да, бир пастда хамма нарсани вахима килишади. Бечора ошик угил болалар калтаклар билан хам сийланди. Сурок навбати менинг «ошигим»га етиб келди. Уртокларининг жазоланаётганини куриб тамом булган шекилли, рупарасига утган ойимдан кули билан узини пана килди-ю, шошиб-пишиб шундай деди:
    — Мени урманг, факат мен айбдор эмасман. Узи хам менга хат ёзган.
    Бу гапни эшитиб нима килишимни билмайман. Бошимни партага ёпишгудек куйиб утирибман.
    — Кани уша ёзган хати? – суради ойим жахл билан.
    — Мана, — дея у куйнидан буклоглик когоз чикарди.
    Онам хатни олиб укидилар. Кулгиси келдими, баттар жахли чикдими, билолмадим. Хар холда менга караб:
    — Курдингми, канака болага ишонгансан?! – деди ва унинг кулогидан чузди.

    Эртаси куни танаффус пайтида синфдошим ёнимдан атайин утди ва «Калбаки», дея гап ташлаб кетди. Нима? У нима деди? Нима дегани «калбаки»? Ёнимдаги киздан «Калбаки» сузининг маъносини сурадим. У елкасини кисди. Хар холда яхши суз эмаслиги аник. Мен хам унга муносиб бирор нима дейишим керак. Нима десам экан? Кечаги килигидан халигача узимга келолмаётган эдим. Хатимни уялмай онамга курсатди-я ярамас! Мен унинг айбини яшириб утирибман! Куркок, узини химоя килиш учун мени сотди-я!
    Шундай жахлим чикарди-ки, юзим ловуллаб ёнар, назаримда кизариб кетгандек эдим. Ух, топдим! У соткин! Ха, худди шундай.
    Мен янги суз топганимдан хурсанд эдим. Урнимдан туриб, бошимни кутардим-да, парталар орасидан ноз юриш килиб атайин айланиб ута бошладим. Унинг ёнига келганда хаммага эшиттириб «Соткин!» деб утиб кетдим. У уялмасдан яна «Калбаки» сузини кайтарди. Шундай килиб биз бир-биримизга яхшигина лакаб хам куйиб олдик. Бир-биримизни мазах килар, болаларча уришар эдик. Аммо бошка ошик-маъшуклар эса ахдига содик экан. Уларнинг яна бир хати укитувчилар кулига тушиб колди. Яна мажлислар, жазолар… Уша куни уйда ойимнинг сумкасидан дугонамнинг хатини топиб олдим. Унда шундай ёзилга эди: «…азизим, севгилим,… нима булганда хам мен сизни севаман. Биз барибир бирга буламиз…» . Иййювввв, хатдаги сузларни укиб уялиб кетдим. Мен булсам каёкдаги топишмокни ёзиб юрибман-а?! Шунинг учун укитувчиларнинг шунчалик жахли чиккан экан-да.
    Уч кунда бутун мактабга таркалди бу гап-сузлар. Хамма бизга кулини бигиз килиб курсата бошлади. Айникса юкори синф укувчилари устимиздан кулишарди.
    Мени бошка синфга кучиришди. Вактлар утиб хамма гап-сузлар унутилди. Укишларимиз хам бир маромда давом эта бошлади. Аммо уша собик синфдошимни курсам тескари караб утадиган булиб колдим. У билан гаплаш, ашаддий душманимни кургандек нафратланардим ундан. У эса хамон уз айбини тушунмаганди.
    Энди уша вокеани эсласам бир нарсага хеч тушунмайман. Нега бизнинг катталар болаларга хамма нарсани тугри тушунтиришмайди. Улар «Ёмон булади», дейишади, тамом вассалом. Изохга хожат йук. Ушанда севгининг асли нима эканини чиройли килиб тушунтириб, яхши сузлар билан билан бизнинг онгимизга таъсир килса хам булар эди-ку. Менку хато килмадим. Укишимни давом эттириб, талабалик бахтига хам муяссар булдим. Турмушим хам яхши. Аммо анави хат ёзган дугонамнинг турмуши жуда ачинарли экан. Узи бадавлат хонадоннинг кизи эди.
    Хаётда болаларга тушунтириш керак булган нарсалар жуда куп. Нега одамлар севгини факат бир ёклама тушунишади?
    Укитувчиларнинг уша кунги уриб-сукишлари билан бизнинг севгига булган кизикишимизни йукотди, деб уйлайсизми? Аксинча, севги билан нафрат орасидаги чегарани, фаркни баттар мавхумлаштирди улар. Бугун мультфилм кахрамонлари хам упишиб ётибди. Сериалларни болалар билан бирга утириб курамиз. Биз-ку, 5-синфдан бошлаган эканмиз бу туйгуга нисбатан кизикишни. Хозир биринчи синф укувчилари хам бир-бирига хат ёзиб куйишяпти. Хали севгининг нима эканлигини тушунмасдан туриб, уни нафрат билан алмаштириб куймаслик керак.

  4. Барча ёзилган ҳикоялар қизиқ ва маънодар. Реал вақт ҳодисалари. Қуйидаги ҳикоялар якуни эътибор беришга ва ўйлаб кўришга ундайди.

    Оузилар энг яқин одамига ишонмаслиги мумкин, лекин компьютерга ҳеч бир шубҳасиз ишонади…

    Лекин йўлини кўрсатди: «Орқадаги машинага илтимос қилинг, сизни буюртмангизни ўзиникига қўшворади» деди. Шундай қилдик. Қоида — ҳамма жойда қоида.

    Хуллас, сувидан кўра нефти кўп бўлган бир ўлкадаги бир миллиардер бойнинг 7000 дона машинаси бор экан.
    Етти минг дона қимматбаҳо машина…
    Ёнма-ён турган икки жуфт туфлимга бирпас тикилиб турдим-у, кейин уларни тепиб юбордим.

Izoh qoldiring