Haydarbek Bobobekov. Isyon & Xurshid Davron. Tarix mezoni haqiqatdir

Ashampoo_Snap_2016.09.26_21h31m03s_002_.png    Сизга тақдим этилаётган  мазкур икки мақол: тарихчи олим Ҳайдарбек Бобобековнинг «Исён» ва унга  муносабат тарзида ёзилган Хуршид Давроннинг «Тарих мезони ҳақиқатдир» мақолалари бундан 27 йил аввал  “Шарқ юлдузи” журналида  (1989 йил, 11-сон) эълон қилинган эди.

Ҳайдарбек БОБОБЕКОВ
ИСЁН
0023

315071_203522003062139_139049982_n.jpgЎрта Осиёнинг тарихида энг узоқ давом этган халқ ҳаракатларидан бири Пўлатхон қўзғолони ҳисобланади. Аммо унга баҳо беришда шу кунга қадар тарихчи олимлар ва ёзувчилар ўртасида ҳамфикрлик йўқ.

Бирлари уни «халқ ҳаракати» деса, иккинчилари «реакцион ҳаракат», учинчилари «миллий озодлик кураши», тўртинчилари «ўзаро феодал уруш» деб атайдилар. Бешинчилари эса бу ҳақда лом-мим демасликни маъқул кўрадилар.

Хўш, Пўлатхон қўзғолонига (1873—1876 йиллар) бундай ҳар хил қарашнинг сабаби нимада? Фикримизча, бунинг боиси қўзғолоннинг маълум босқичида чор Россияси мустамлакачиларига қарши ғазовот эълон этилишидадир. Айрим олимларимиз мусулмонлар туғи русларга қарши кўтарилган деб қарашди. Ғазовот русларга қарши эмас, балки чор Россияси мустамлакачиларига қарши эди.

Қўқон хонлиги фуқароси жуда аянчли аҳволда эди. Ўзаро феодал урушлар тез-тез бўлиб турарди. Бунинг устига, чор Россияси қўшинлари 1853 йили Оқ Мачитни, 1864 йили Туркистон ва Чимкентни, 1865 йили эса Тошкент ва унинг атрофидаги шаҳару қалъаларни босиб олди. 1867 йили қарам ўлкада Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. Натижада, Қўқон хонлиги ерлари кескин равишда қисқарди. Хонлик хазинасига тушаётган даромад чўғи пасайиб қолди. Шунинг учун Худоёрхон меҳнаткашлар зиммасига қўшимча солиқлар юклади. Халқ қашшоқлашиб кетди, норозилик кучайди.

Қўқон хонлигининг Андижон ва Наманган вилоятларида айрим қўзғолонлар бўлди. Бир гуруҳ бой-феодаллар бу вазиятдан фойдаланиш ниятида хонзода қидира бошладилар.

«Ансоб ас салотин ва таворихи ал Хавоқанд» номли қўлёзмада бундай маълумот берилади: «Хон давлатидан путур кетди. Кундин-кун атроф ва жавониблардин фитна пайдо бўлди. Андоғким, то баъзида мундуз жамоасидин Маъмур деган қирғиз бир неча қароқчиларнн ҳамроҳ айлаб, закувотга борган мулозимларни тутуб ўлдуруб, пулларини олиб сарф қилиб, одам йиғиб, жамоат бўлуб Жалолобод ва Хонобод қишлоғини чофиб ва тарож қилғонида Худоёрхон Андижонда туруб, Андижон аскарига фармойиш қилди. Эрса суръат бирла бориб мақобил бўлуб, урушуб қирғизларни қочирдилар. Жамиятлари паришон бўлуб бир нечаси ўлуб ва бир нечаси банди бўлуб қўлга тушди. Тавба ва сиёсат учун барчасини ўлдурдилар. Маъмур тирик қочиб кетди. Ва бир неча вақтдин сўнг яна ўғри қирғизларни жам қилиб ва бир неча бийларни васваса қилиб, жамоат бўлуб Ўзгант қўрғонига кириб кураш бошлади. Худоёрхон Исо Авлиёни Шаҳрихон аскари бирла, Холназар туркни турк аскарлари бирла буюрди. Булар суръат бирла бориб, урушуб қочурдилар. Яна бир неча бийлар ва калоншавандалари банди бўлуб тушти. Эрса арзиялари мақбул бўлиб, бандиларға меҳрибонлик қилиб, сарупо бериб ва насиҳатлар айлаб озод қилиб юбордилар. Ҳануз бул муноқишлари саранжом тобмай, Ўш устидаги қирғизлар жамоат бўдуб, Аробон келиб ўрдани босиб ва бир неча асбоб ва олотларини олиб тоққа чиқиб кетди.

Абулқосим жинни ҳоким эрди. Анбурдин чиқиб қочиб қутулди. Эрса Худоёрхон воқиф бўлуб, Марғилон ҳокими Султон Муродбек укосиға Абдураҳмон офтобачини қўшуб, кўб аскар бирла буюрди. Булар бориб урушуб қочурдилар. Қирғизлар паришон бўлуб кеттилар. Бир неча бийлар, чунончи Умарбек, Абдураҳмон шайтон ва Қорақул бий ва Сулаймон ўғри ва бир неча қирғиз бийлар бирла қўлга тушти, кўп обрў бирла келиб хонни кўруб, мулоқат қилиб, дуо айладилар. Филжумла хотиржам бўлдилар. Эрса Мусулмонқул деган қирғиз-қипчоқ урушдин қочуб, бир неча қирғизлар маслаҳат айлаб хонзода топмоқ учун Бухоро тарафига бориб, Пўлатхон валад Муродхонни олдиға бориб васваса қилиб экан. Пўлатхон қабул қилмабдур. Андин ноумид бўлуб, Ўрганжға — Маҳаммад Алихон ўғли Музаффархоннинг олдиға бориб неча кун туруб васваса қилдиким, ҳамма халойиқ иттифоқ бирла сизни хон қилиб, ота тахтига ўлтурғузмоққа фотиҳа ўқубмиз, сизга буюрдилар, ҳамма халойиқ сизга мунтазир турубдирлар, дебди.

Музаффархон айтибдики: «Сиз қирғиз халқининг эътиборларинг йўқтур. Қаландархон акамни ҳам олиб бориб, Мурғзор қишлоқда ўлдуруб қўйдинглар. Алҳамдулилло авқот баҳузур».

Мусулмонқул ноилож қайтиб Тошкандга келди. Эрса Муҳсинбойнинг ўғли Мулло Абдулмўминнинг ҳовлисига қўнуб эрди. Унда бир мулло Исҳоқ деган қирғиз бола Номдонг деган мавзуида носфурушлик қилур экан. Абдулмўмин айтдики: «Эй, аҳмоқ қирғиз, шул қирғиз болани Пўлатхон деб олиб боргил, иш саронжом топканда Бурхон — Тоҳур», деди.

Эрса маъқул бўлуб, ўшал қирғиз болани олиб Аблиғ устидин ошиб, Чуст устиға келиб қўшунға қўшулди. Қирғизлар хурсанд бўлуб, шодиёна қўйдилар, оқ кийгизға солиб хон кўтордилар». (Ўз. ФА Шарқшунослик институти, қўлёзма, инв. № 3753, 156—158-варақлар).

Мулло Исҳоқ Мулло Ҳасан ўғли 1844 йилда Марғилон шаҳрига яқин Ўҳна қишлоғида туғилган. Отаси Марғилондаги Оқ мадрасада мударрислик қилган. Дастлабки маълумотни Мулло Исҳоқ уйда олган. Кейин Қўқондаги Тунқотар мадрасасида ўқиган. 1867 йили ўқишни ташлаб, Сўх атрофидаги кўчманчи қирғизлар орасида икки йил яшаган. Сўнгра ўз қишлоғида, кейин Андижондаги масжидлардан бирида имомлик қилган, савдогарлик билан ҳам шуғулланган. У Тошкентда Абдулмўмин додхоҳ билан танишади ва шу ерда қолади. Юқорида айтилганидек, мулло Исҳоқнинг сохта Пўлатхон бўлишини таклиф этадилар. 29 ёшли Исҳоқ эса рози булади.

10 мингга яқин қўзғолончилар Чотқолдан Олабуқа дараси орқали ўтиб Косонни босиб оладилар. Уларга қарши хон қўшинлари юборилади. Тўрақўрғон атрофида жанг бўлади. Бу жангда Мусулмон қирғиз ҳалок бўлади, қўзғолончилар мағлубиятга учрайди. 300 га яқин қирғизлар асирга олинади, Пўлатхон (Мулло Исҳоқ) тоққа қочади, бошлиқлардан бири бўлган Мўмин эса Чотқолга қайтади ва у ерда рус қўшинлари томонидан қўлга олинади…

Кейин яна бир неча марта жанглар бўлди ва қирғизлар мағлубиятга учради, Пўлатхон эса Саид Бобобекникига яширинди. Ғалаба қозонган Худоёрхон, қўзғолонни баҳона қилиб, аҳолига махсус солиқ солади. Натижада норози бўлган 1700 қирғиз оиласи руслар томонига ўтиб кетди. Қўқон хонлигининг бир неча жойларида ғалаёнлар бўлиб турди, аммо муваффақият қозона олмади. Бунинг асосий сабаби, кўчманчи қирғизлар ўтроқ аҳоли билан бирлашмади. Шунга қарамай, ўтроқ аҳоли қўзғолончиларга хайрхоҳ эди.

1873 йилнинг баҳорида бошланган қўзғолон кузга келиб вақтинча тўхтади. Пўлатхон куч йиғиш билан шуғулланади: қипчоқ, ўзбек ва тожиклар билан битим тузишга интилди. Қирғизлар Пўлатхонни хавфдан сақлашга ҳаракат қилишарди —улар зўрға топилган хонзодадан ажралиб қолишни истамасди.

1874 йилнинг баҳорида яна ғалаёнлар бошланди. Қўқон хонлигининг турли вилоятларида омманинг чиқишлари ва айрим тўқнашувлар давом этди. Пўлатхон тарафдорлари улар билан алоқа ўрнатишга уринишди.

1874 йил 7 ноябрь куни Қўқонга рус дипломати А. А. Вейнберг келиб, 20 кун давомида қўзғолон сабабларини ўрганди. Сўнгра, Тошкентга қайтиб ҳисобот ёзди. Унинг фикрича, қўзғолонга олов ёқаётган кимса — машҳур Мусулмонқул мингбошининг ўғли Абдураҳмон офтобачи бўлиб, ўзи қўзғолонда иштирок этмай, қулай фурсатни пойлаб турган эмиш.

Вейнбергнинг ёзишича, меҳнаткашлар, миллатидан қатъий назар, қўзғолончиларга ҳамдардлик билдирмоқда экан. Низо асосан қабила бошлиқлари ўртасида, яъни бой-феодалларнинг ўзаро лавозим ва мансаб талашишлари натижасида пайдо бўлмоқда…

1874 йилги «Санкт-Петербургские ведомости» газетасининг 268-сонида берилган хабарга қараганда, 1874 йилги «қўзғолон деярли умумий бўлиб қолди: у қирғиз ва қипчоқларни бирлаштирди, ҳаттоки хон қарамоғидаги ўтроқ халқ ҳам қўзғолончилар томонига ўта бошлади».

Архив маълумотларига кўра, 1874 йилги қўзғолон ноябрь ойининг охирига бориб вақтинча тўхтайди. Бунинг сабаби бор эди, албатта.

Қўқон хонлиги асосан аграр мамлакат бўлганлиги туфайли далалардаги ҳосилни йиғиб олиш керак эди. Бундан ҳамма бирдай манфаатдор эди. Агар минг-минглаб эркаклар (яъни, асосий соғлом ишчи кучи) жанг билан овора бўлса, кўп экинзорлар пайхон қилинса, албатта, даромад анча камаярди. Буни қарама-қарши томонлар жуда яхши тушунарди.

1875 йилнинг баҳорида қўзғолон яна бошланди. Қоратегин чегарасида қўзғолончилар томонида Худоёрхоннинг невараси Назарбек, Ўзгант атрофида эса Пўлатхон қўшинлари пайдо бўлди. Уларга Қарши хон қўшинлари жўнатилди. Абдураҳмон офтобачи, Исо Авлиё ва Саримсоқ Эшикоғаси қўшинга бошлиқ этиб тайинланган эдилар. 1875 йил 17 июль куни Абдураҳмон офтобачи ва Исо Авлиё ўз қарамоғидаги қўшинлари билан қўзғолончилар томонига ўтиб кетишди.

Шу кунлари Қўқонда полковник М. Д. Скобелев билан А. А. Вейнберг бор эдилар. А. А. Вейнберг Худоёрхон ҳузурига кириб, у билан суҳбатда бўлди. Суҳбат чоғида рус дипломати Туркистон генерал губернаторининг Худоёрхондан нисбатан норозилигини айтди. Буни эшитган хон ўзини ноқулай сезиб, бир неча бор К. П. Кауфманни ҳурмат қилишини такрорлади. Керак бўлса, ундан қўзғолонни бостириш учун ёрдам сўрамоғлигини билдирди.

Вазият қалтислиги учун А. А. Вейнберг 1875 йил 18 июлда Насриддинбек бошлиқ қўзғолончилар томонига ўтганлиги ва Ўш, Наманган, Андижон, Асака шаҳарлари босиб олинганлиги ҳақида Қўқонга хабар келди. 20 июлда эса Султон Муродбек (Худоёрхоннинг укаси) қўзғолончилар сафига қўшилди ва улар Марғилон шаҳрини эгаллаб, Олтиариққа яқинлаша бошлайдилар.

Кўплаб тарихчи олимлару ёзувчиларни Пўлатхон қўзғолонига баҳо беришда иккилантирган ва чалкаштирган ҳодисалардан бири — юқори табақадаги феодалларнинг қўзғолончилар томонига ўтганлигидир. Бу ҳодисани шарҳлашда бир нарсага эътибор бериш лозим. Улар Худоёрхон мағлубиятга учрашига ишонч ҳосил қилиб, ўз мавқеларини, жонларини сақлаб қолиш ва имконият бўлиб қолса, қўзғолонни ўз манфаатларига бўйсундириб, қўғирчоқ хонзодани тахтга ўтқазиш ниятида эдилар. Уларнинг асл ниятларидан халқнинг хабари йўқ эди. Боз устига, ўша йиллари омма «одил» хон топилишига ишонарди. Абдураҳмон офтобачи, Исо Авлиё, Насриддинбек ва Султон Муродбеклар қўзғолончилар томонига ўтаётганларида Пўлатхонни «валиаҳд» деб тан олдилар, ҳали унинг сохта «хон» эканлигини билмасдилар.

Худоёрхоннинг аҳволи жуда ҳам оғирлашди, Буни тушунган ҳолда у Туркистон генерал-губернаторига ёрдам сўраб, 1895 йил 20 июль куни хат ёзди: «…Қийин ва бахтсиз дамларда энг ишонарли деб ўйлаган одамларим, жумладан, Мулло Исо Авлиё, Абдураҳмон офтобачи ва Ҳақназар парвоначи ўз қўшинлари билан менинг душманим бўлмиш исёнчи қирғизларга қўшилишиб, менга қарши уруш қилишди. Сиздан, Олий ҳазратдан шу кунга қадар кўп яхшиликлар

Кўрдим. Сиз бу сафар ҳам ҳақиқий ёрдам бериб, мени қўллаб-қувватлайсиз, деб умид қиламан. Мен ўзимни ва Кўқон хонлигини Олий ҳазратлари, жаноб Император ҳимоясига топширдим. Сизга дўстона илтимос билан мурожаат қиламан; Қўқон шаҳрига рус армиясини ва артиллериясини тезда жўнатиб, исёнчиларнинг мақсадини пучга чиқаринг. Умид қиламанки, Сиз бу илтимосимни бажо этасиз…» (ЎзССР МДА, ф. И-715, оп, 1 ед. хр. 63, 48 б.)

Лекин рус қўшинларининг тезда Қўқонга етиб келишига ишончи бўлмаган Худоёрхон Тошкентга қочмоқчи бўлади.

22 июль (1875 йили) куни эрталаб маълум бўлдики, хоннинг иккинчи ўғли Муҳаммад Аминбек 4000 навкар билан қўзғолончилар томонига ўтибди ва Абдураҳмон офтобачининг илғор қўшинлари Қоровултепага яқинлашиб қолибди.

Эрталаб соат ўнларда Худоёрхон ўрдадан чиқиб, шаҳар аҳолиси унинг қочаётганини билиб қолмаслиги учун Катта Ғозиёғлик дарвозаси томонига бормай, қарама-қарши тарафда жойлашган Мўй Муборак дарвозаси томон равона бўлди. Сўнг Бешариқ томонга жўнади. А. А. Вейнберг, М. Д. Скобелев ва улар ёнидаги казаклар ҳам Худоёрхонга қўшилишди. Улар Хўжанд томонга қочишди. Бундан хабар топган қўзғолончилар уларни қувлаб кетишади, аммо етолмайдилар. Фақатгина 30 аравани қўлга туширишади. Аравалардан бирида хон архиви бор эди. Унинг аҳамиятини билмаган омма кўп ҳужжатларни ёқиб ташлади.

Худоёрхонга унинг кичик ўғли Ўрмонбек, Отабек ноиб, мулло Маъруф, бир нечта қариндошлари, жами — 643 нафар киши, шу жумладан, 350 қуролланган аскарлар ҳамроҳ эди.

Худоёрхон Тошкентга келиб Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман билан учрашади. Иккинчи куни эса Худоёрхон Оренбургга жўнатилади. Худоёрхон кейинчалик Оренбургдан қочиб Ҳиндистон орқали Маккага ҳажга боради ва Қўқонга қайтмоқчи бўлиб, махфий йўлга чиқади. Аммо йўлда касалга чалинадию 1884 йили Афғонистонда вафот этади.

Қўқон тахтига Насриддинбек хон қилиб ўтқазилади. Бу ҳақда «Тарихи Фарғона» номли қўлёзмада шундай жумлаларни ўқиймиз: «Марғилонда Султон Муродбекни Ҳўқандға хон қилмоқчи бўлуб аҳду паймон қилиб турғонда Насруллодин одам боруб офтобачиға эллик минг тиллога шарт қилиб, Насруллони хон қилмоқ муддаосида бўлуб, зоҳири ғазот ботини фасод Насриддинхонни ўрдага хон қилиб қўюб, ўзи Руссияга урушмоқчи бўлуб Маҳрамга борди» (Ўз. ФА Шарқшунослик институти, қўлёзма, инв. № 10117, б. 72).

Бундан хабар топган Пўлатхон ғазабланади ва уларга қарши кураш олиб боради. Меҳнаткаш халқ уни қўллаб-қувватлайди. Натижада гражданлар уруши бошланишига озгина қолади. Хонликдаги вазиятни тушунган ҳолда Абдураҳмон офтобачи Туркистон генерал губернаторлигига қарши чиқади, Қўқон хонлигининг эски чегарасини тиклаш баҳонасида ғазовот эълон қилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — халқни бир байроқ остига бирлаштириб, ташаббусни ўз қўлига олиш ва Пўлатхонни сиёсий майдондан четлатиб ундан қутулиш эди.

Шу босқичда Пўлатхоннинг дунёқарашида туб ўзгариш бўлди. Катта лавозимдаги феодаллар халқ манфаатини менсимасдан, фақат ўз манфаати учун минг-минглаб меҳнаткашни қурбон қилишга тайёрлигини тушунди.

Пўлатхон (Мулло Исҳоқ) Тошкентга қарши юриш бошлаганда рус қўшини кучлилигини яхши биларди. Аммо мавжуд вазиятда Пўлатхон ғазовотга қарши чиқа олмас эди. Чунки аҳоли ислом кучи билан ғайридинлар устидан ғалаба қозонамиз, деб ўларди.

Пўлатхон ғазовотга қарши бўлса-да, лекин уни расмий равишда маъқуллашга мажбур бўлди: дастлабки ойларда у суст ҳаракат қилди ва жангларга ўз қўшинини олиб кирмади. Чунки сафдошларини сақлаб қолиши шарт эди.

Қўқонликлар аввал Қурама уездини озод қилмоқчи бўлдилар: ўша томонга 2000 қуролланган кишини жўнатдилар. Улардан 1000 нафари Аблиққа, 500 таси Бўкага, қолган 500 нафари Қорақияга келди. Булардан ташқари, яна бир неча отрядлар Оқча қишлоғидан Паркентга ўтмоқчи эди; Қўшработ юқорисида ҳам қуролли навкарлар шай бўлиб туришарди.

7 август (1875) кеч соат 5 да бу ҳақда генерал Головачёвга хабар беришади. Аблиқ қишлоғининг оқсоқоли эса қўқонликларнинг сони 10 мингга яқин эди, деб тахмин қилади. Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман бу хабарни билиб, тез суръат билан 1-ўқчи батальонни, 4-отлиқ артиллерия билан 400 казакни қўқонликларга қарши жўнатади. Бундан кейин Санкт-Петербургга телеграмма юборади. 10 минг қўқонлик Туркистон генерал-губернаторлигига ҳужум қилди, деб таъкидлайди ва қўқонликларга қарши уруш олиб бориш учун 200 минг сўм пул қарз олишга рухсат сўрайди. Телеграммани Россия императорига кўрсатишади. У эса 10 минг рақамининг ёнига: «Эҳтимол бўрттирилгандир», 100 минг сўмнинг ёнига эса: «Бажариш керак», деб ёзиб қўяди. Бу эса урушга расмий русхат эди.

9 август (1875 йили) куни К. П. Кауфман буйруқ чиқаради, расмий уруш бошланади. Чор Россияси қўшинлари билан қўқонликлар ўртасида ҳарбий тўқнашувлар рўй беради. Биринчи жиддий жанг Ўрғози дарасида бўлади. У ерда 800 қўзғолончи турарди. Полковник Егаштин 100 аскар билан ҳужум қилиб, 500 кишини ҳалок этади, тирик қолганлар эса қочиб қутулишади.

13 августда (1875 йили) Туркистон генерал-губернатори, генерал-адъютант К. П. Кауфман қўқонликларга мурожаатнома юборади. Унда: «Сизларнинг бошлиқларингдан бири русларга қарши уруш бошлади. Бу урушдан нима чиққанини биласизлар. Аслида, мен сизларни жазолашим керак. Лекин агарда сиз қўқонликлар қипчоқ ва қирғиз халқининг душмани бўлмиш бузғунчи офтобачини ушлаб менга топширсаларинг, мен сизларнинг гуноҳларингдан ўтаман. Фақат шундагина мен сизларга тўла «омонлик» эълон қиламан» (Ўз. ССР М. Д. А., ф. И-715, оп. 1, ед. хр. 63, л. 160) дейилган.

Бироқ мурожаатнома ҳеч қандай таъсир қилмайди. Аксинча, барча шаҳар ва қишлоқлар қўзғолончиларга қўшилади. Офтобачи халққа туғ ва нишонлар беради, қуроллантиради.

14 августда Абдураҳмон офтобачи қўшинини Саримович қўмондонлигидаги отрядга қарши олиб чиқиб, 4 соат давомида жанг қилади. Қўқонликлар мағлубиятга учрайди.

16 августда эса Ажабек билан Рустамбек йигитларига рус офицери Геруа 60 казак ва 800 қирғиз аскарлари билан ҳужум қилади. (Ўз ССР М. Д. А. ф. И-715, ор. 1, ед. хр. 63, л. 227.)

Рус қўмондони қўқонлик қўзғолончиларга қарши кўраш давомида қирғиз йигитларидан «унумли» фойдаланган эди. Айниқса, Шабдон Жонтрев ўз йигитлари билан жонбозлик қўрсатган. Улар Пўлатхон қўзғолонини бостиришда фаол қатнашадилар. Бу ҳақда тўлиқ маълумотни СССР География жамияти архивида сақланаётган ҳужжатларда кўришингиз мумкин (Географическое обшество СССР, ф. 65, оп. 1. ед. хр. 11, л. л. 581—588).

22 августда (1875 йили) Маҳрам қалъаси остонасида жуда қаттиқ жанг бўлди. Кўплаб қўзғолончилар ўлади, босқинчилар томонидан бир штаб офицери (А. П. Хорошхин), 5 оддий солдат,

1 йигит ҳалок бўлди, яна 1 штаб офицери (полковник Скобэлев) ва 7 солдат яраланади.

Сўнгра рус қўшинлари Қўқон томон юриш қилдилар, жангсиз шаҳарга киришади. Абдураҳмон офтобачи 31 августда К. П. Кауфманга хат ёзиб, ундан омонлик ва тинчлик сўрайди. Аммо генерал ундан ўзи келиб таслим бўлишини талаб қилади, бунга офтобачи рози бўлмайди.

Тошкентда яшовчи қозоқ бийлари Кауфманни ғалаба билан табриклаб адрес жўнатдилар, унинг охирида 12 та имзо турар эди (ЦГ8ИА СССР, ф. 1393, ор. 1, ед. хр. 81, л. 522).

Генерал-губернатор К. П. Кауфман марғилонликларга хат йўллаб, Пўлатхонни ушлаб рус қўмондонига топширишни талаб қилди, аммо бу талаб бажарилмайди, чунки Пўлатхон Марғилондан узоққа кетган эди.

К. П. Кауфман қўл остидаги барча қўшинларини отлиқ артиллерия билан бирга Абдураҳмон офтобачи орқасидан жўнатади. Улар қўзғолончиларга Мингтепа қишлоғи ёнида етиб олишади ва шиддатли жанг бўлади: Қўзғолончилар сони 5000 нафар эди. Улар мағлубиятга учрайди, кўпчилик ҳалок бўлади, тирик қолганлари қочиб кетади. Абдураҳмои офтобачи 25 киши билан Ўзгантга қочади. Шу муносабат билан К. П. Кауфман шундай деб ёзган эди: «Офтобачи қочишга мажбур бўлди, унда қўшин йўқ ва шунинг учун унинг ортидан қўшин билан қувлашнинг ҳожати йўқ. Унинг яқинлари ва оз-моз бўлса ҳам таъсир этадиган одамлари олдимга бўйин эгиб келдилар» (ГПБ им. Ленина, отдел рукописей, ф. 169, оп. 65, ед. хр, 26, л, 1). К. Л. Кауфманнинг сўзига қараганда, унга энг яқин ёрдам кўрсатган ва қимматли маслаҳатлар берган шахс Мирзо Ҳаким парвоначи бўлган. Шунинг учун рус императоридан унга генерал-майор унвони беришни илтимос қилади.

21 сентябрь (1875 йили) К. П. Кауфманга Марғилон шаҳрининг қози-раиси Мулло Муҳаммад Али ва Боқи Муҳаммад додхо хабар беришадики, Пўлатхон 400 киши билан тоғда турган эмиш аа турли жойларга ишончли одамларини жўнатиб, аҳолига қўзғолончиларга қўшилишни таклиф этишмоқда экан.

Абдураҳмон офтобачининг мағлубиятга учраганига сабаб — у Пўлатхондан юз ўгиради, Насриддинбекни хон қилиб кўтарди. Натижада қўқонликларнинг кучи иккига бўлиниб қолди ва бир-бирларини ғажий бошладилар.

22 сентябрь (1875 йили) Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман Марғилон шаҳрига Насриддинхонни чақириб, 22 моддадан иборат битимга имзо чектиради. Бунга биноан Қўқон хонлигининг Сирдарёнинг ўнг соҳилидаги барча ерлари, шаҳар ва қишлоқлар Туркистон генерал-губернаторлигига ўтди. Шу муносабат билан янги чегара белгилаб чиқилди. Бундан ташқари, Қўқон хонлиги ҳар йили 500 минг сўмдан товон тўлаши шарт эди. Битимда бир неча камситувчи шартлар бор эди. Бу ҳам камлик қилгандай, қўшимча шартнома тузилди, рус қўшинлари Марғилонга яқинлашаётганда Абдураҳмон офтобачи 10 минг қуролланган кишилар билан шаҳар ёнида турганлигини, марғилонликлар эса уларга қарши чиқмаганликларини баҳона қилиб, Марғилон вилояти аҳолисига қўшимча 125 минг тилло (500 минг сўм) жарима солинди. Оқибатда меҳнаткаш халқнинг сабр косаси тўлди. Халқ Пўлатхон атрофига жипслашди. Рус қўшинлари кетиши биланоқ марғилонликлар қўзғолон кўтардилар.

Абдураҳмон офтобачи Пўлатхоннинг «хон»лигини тан олиб, у билан ярашди ва ўз тарафдорлари билан қўзғолончиларга қўшилди.

Генерал М. Д. Скобелевнинг сўзига қараганда, шу вақтда икки куч бирлашиб, руслар «босиб олган хонлик ерларини» қайтариб олмоқчи бўлишади. Бундан яққол кўриниб турибдики, қўзғолоннинг янги босқичи миллий озодлик характерига эга бўлиб, у мўстамлакачиларга қарши» уруш эди, деб айтишади ва уни «реакцион» деб баҳолашади. Бу мутлақо нотўғри фикр. Чунки чор Россияси амалдорларию генерал Троцкий ҳам худди шундай фикрни илгари сурган эдилар.

Архив маълумотларга қараганда, Пўлатхон билан Абдураҳмон офтобачи бирлашгандан сўнг, андижонликлар Насриддинхонга қарши қўзғолон кўтарадилар. Ўша пайтда Аидижон шаҳрида рус вакилларидан А. Л. Кун ва Петровский бор эдилар. Шунинг учун генерал Троцкий: «Қўзғолон рус вакилларига қарши кўтарилди», деган баҳонада Андижонга ҳужум қилмоқчи бўлади. Аслида эса, А. Л. Куннинг гувоҳлик беришича, «Бу ғалаённинг, менинг комил ишончимга кўра, бизга даҳлдорлиги ва ҳеч қандай алоқаси йўқ эди» (А. Л. Кун. Очерк Кокандского ханства, отдельний оттиск из Известий ИРГО, СПБ., 1876, т. XIЦ с. 3).

Андижон шаҳрида ўзбек, қирғиз ва қипчоқлар йиғилишиб, «шаҳарни охирги кучимиз қолгунча ҳимоя қиламиз», деб қасамёд қилишади.

Марғилон шаҳрининг аҳолиси илтимосига биноан, Пўлатхон 1000 отлиқ аскарни Марғилон шаҳрига жўнатади. Марғилон тўраси эса уларга ўзининг 2000 отлиқ йигитларини қўшиб, Султон Муродбек қўшинига қарши юборади. Икки қўшин ўртасида жанг бўлади. Қўзғолончиларнинг омади келмайди. Лекин 2—3 кундан кейин Султон Муродбек қочишга мажбур бўлади, қўшини эса тарқалиб кетади, бир қисми эса Пўлатхон тарафига ўтади.

1 октябрь куни (1875 йили) эрталаб соат 8 да генерал-майор Троцкий Андижон шаҳрини забт этади. Жангда рус аскарларидан 2821 киши қатнашади (Тошкентни босиб олишда 1952 киши қатнашган эди). Ҳужум пайти рус қўшинларидан 7 киши ҳалок бўлади, 59 киши эса яраланади.

Рус қўшинлари кундузи соат 2 да шаҳардан қайтиб чиқишади.

Қўқон шаҳрида ҳам қўзғолонга тайёргарлик кўрилмоқда эди. Бундан хабар топган К. П. Кауфман 2 октябрда (1875 йили) Насриддинхонга хат ёзади. Қўзғолон бошлиқларидан савдогар Миролим, хазиначи Мирзаолим шиғовул, Мулло Абдулло Карим ва Маҳмудхон удайчини ҳибсга олиб, лозим топилса, «уларни қатл этишга буйруқ» бериш таклиф этилади. Насриддинхон Миролим ва Мулло Абдулло Карим шиғовулни ҳибсга олади. Маҳмудхон тўрани эса акаси Муҳаммад Саидхон билан бирга К. П. Кауфман ихтиёрига жўнатади ва генерал-губернаторга: «Хоҳласангиз Сибирга жўнатинг, истасангиз қатл этинг», деб хат ёзади (ЦГА УзССР, ф. И-715, оп. 1, ед. хр, 64, лл. 58—73). Бундан Қўқон аҳолиси норози бўлади.

9 октябрь (1875 йил) куни зрталаб Қўқон шаҳрида қўзғолон бошланади. Қўзғолончилар хон ўрдасига ҳужум қилишади. Бу ҳужум 3 соат давом этади. Насриддинхон ўрдадан қочиб кетишга мажбур бўлади. Қўзғолонда шаҳар атрофидаги қишлоқ аҳолиси ҳам фаол иштирок этади. Жангда Отабек ноиб ҳалок бўлади. Султон Муродбек асирга олинади, Мирза Ҳаким парвоначининг уйи талон-тарож қилинади ва ёндириб ташланади.

Шундай қилиб, Пўлатхон Қўқон хонлигига ягона ҳоким бўлиб қолади. У иложи борича Қўқон хонлиги ва Туркистон генерал-губернаторлиги ўртасидаги низоларни тинч йўл билан ҳал этишга интилади, Аммо К. П. Кауфман буни хоҳламас эди. Бунга 1875 йил 19 августда содир бўлган воқеа яққол мисол бўла олади.

Туркистон генерал-губернаторлигига қарашли қирғизлар 19 августда Қўқон хонлигига тобе яйловдаги қирғиз-қипчоқларга ҳужум қилиб, уларнинг туя ва отларини, 28 ўтовини олиб кетишади. Қирғиз-қипчоқлар Пўлатхондан мадад сўраб мурожаат қилишади. Пўлатхон волость бошлиқлари бўлмиш Каримбек, Деҳқонбой, Аҳмадбек, Содиқбой, Карим Мирзо, Тўтибекбой ва Нанайларга хат ёзиб, ўғирланган нарса ва буюмларни, туя ва отларни топиб эгаларига қайтаришни сўрайди. «Бундай аҳмоқона ишлар икки давлат ўртасида низо чиқариши мумкин», деб ёзади. Хат нусхасини Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфманга кўрсатишади. У: «Оқибатсиз қолдирилсин», деб ўз қўли билан резолюция қўяди. (ЦГВИА СССР, ф. 1393, оп. 1, ед. 85, л. 616).

Пўлатхон обрўси кундан-кун оша боради. Ҳаттоки Туркистон генерал-губернаторлиги волостларида ҳам қўзғолончилар тарафдори кўпаяди. Айрим жойларда қуролли чиқишлар бўлиб, Пўлатхон томонига ўтадилар. Бунга мастчоҳликлар яққол мисол бўла олади.

Айрим тарихчи олимлар Мастчоҳдаги қўзғолонни Пўлатхон қўзғолонига ҳеч қандай алоқаси йўқ, у реакцион характерда эди, деб айтишади. Бу нотўғри ва хато фикрдир.

8 ноябрь (1875 йили) куни мастчоҳликлар Қўқон хонлигидаги қўзғолонга қўшилишга қарор қилдилар. Улар волость бошқарувчиси Мирзо Ҳакимни асирга олиб, Қўқонга жўнатишади ва Пилдироқ қишлоқ қозиси Мулло Хўжани ҳам ҳибсга олишади. Мастчоҳликлар Қаландар Мирохунни ўзларига бошлиқ қилиб сайлайдилар ва Пўлатхон номи билан Фан, Яғноб, Фалғар, Қўштут, Моғиёнда қўзғолон кўтаришни топширишади. Дастлаб Мамтич, Вишоб, Шаботкиболо, Шаботкипоён, Дархўтчоғар ва Патут қишлоқлари аҳолиси қўзғолонга қўшилиб, пул ва озиқ-овқат юборишади. Қаландарнинг обрўси айниқса 12 ноябрдан кейин кўтарилиб кетади. Шу куни Пўлатхон унга тўқсоба унвони берганлиги ҳақида ёрлиқ ҳамда 1200 сўм пул, 200 та чопон, 6 та от юборган эди.

Зарафшон округида А. Абрамовнинг буйруғига биноан штабс-капитан Арандаренко бошлиқ жазо отряди тузилиб, Мастчоҳ қўзғолонини бостиришга жўнатилади. Улар қаршилик кўрсатган қишлоқларни ер бйлан яксон қилиииади, аҳолисини эса ёшу қарини демай аямасдан ўлдирадилар.

Масалан, 18 ноябрь (1875 йили) куни эрталаб соат 7 да Пичугин бошчилигидаги жазо отряди Ашаба қишлоғига ҳужум қилади. Архив материалларига қараганда, Ашаба аҳолиси қаттиқ қаршилик кўрсатади, улар кечирим ҳам сўрашмасдан қўлларида қурол билан ҳалок бўладилар, аёллари эса пичоқ билан рус солдатларига ташланадилар, уларга тош отадилар. Аҳоли ёппасига, шу жумладан, гўдак ва қариялар ҳам ўлдирилади, қишлоқ ёқиб ташланади (ЦГА УзССР, ф. И-715, оп. 1, ед. хр. 66, л. 201).

19 ноябрда полковник Пичугин Ашт орқали Оқжарга қайтади. Мастчоҳдаги қўзғолон яна бир неча ой давом этади, қаттиқ жанглар бўлиб туради. 1876 йил 19 дан 20 январга ўтар кечаси Мастчоҳ қўзғолончиларининг бошлиғи Қаландарбек Мадрушка қишлоғида асирга олинадию тинчлик ўрнатилади.

Қўқон хонлигида эса кураш давом этмоқда эди.

20 ноябрда (1875 йили) Пўлатхон душманга қарши 400 кишини Оқжарга юборади, 21 ноябрда эса Мулло Қўшай штабс-капитан Ионов ва унтер офицер Даниловни асирга олади.

Генерал Скобелев эса 30 ноябрда Гўртепа қишлоғига ҳужум қилиб, 1500 га яқин қўзғолончини қочишга мажбур этади, қишлоқ ёқиб ташланади.

2 декабрда Ботир тўранинг отлиқ қўшини тор-мор этилади. Умуман олганда, ноябрь-декабрь ойлари Пичугин ва Меллер-Закомельский бошлиқ жазо отрядлари Наманган ва Хўжанд ўртасидаги ерларни ўз назоратига олишга муваффақ бўлишади ва икки шаҳар ўртасида мунтазам почта алоқаси ўрнатилади.

Маълумотларга қараганда, Пўлатхон 14 декабрь куни (1875 йили) Қўқон шаҳрига келади. Мезанг қишлоғидан хон ўрдасигача бўлган йўлга гиламлар тўшалиб уни кутиб олишади. 31 ёшли саркардани халқ олқишлайди.

Генерал Головачёв Тўрақўрғонни шафқатсизларча босиб олгани ҳақида «Тарихи Фарғона» номли қўлёзмада маълумотлар берилган. Бу қўлёзманинг муаллифи ўшанда 15 ёшда бўлиб, қонли воқеаларни ўз кўзи билан кўрган. (Ўз. ФА Шарқшунослик институти, қўлёзма, инв. № 10117, б. 74—75.)

Генерал М. Д. Скобелев ташаббуси билан қўзғолончи қипчоқларга қарши қишки «Икки сув ораси операцияси» ишлаб чиқилади. «Икки сув ораси операцияси» асосан қипчоқларга қарши қаратилган бўлиб, яна бир марта Андижонга ҳужум қилиб, уларнинг асосий кучларини тор-мор этиш кўзланган эди.

Генерал М. Д. Скобелев йўлида учратган барча қишлоқларни вайронага айлантириб, 8 январь куни (1876 йили) Андижон остоналарига етади. Қаттиқ ва шиддатли жангда андижонликлар 20 минг одам йўқотиб мағлубиятга учрайди. М. Д. Скобелев Асака ва Марғилонгача ҳужумни давом эттиришга рухсат олади. 13—18 январда айрим тўқнашувлар бўлади. Айниқса, Абдураҳмон офтобачи қўшинлари билан бўлган жангда катта талафот кўрилади. 19 январда рус қўшинлари Андижонга қайтади.

Пўлатхон қўшинлари Марғилонда турган эди, аммо ҳеч қандай жангда қатнашмайди. Рус қўшинлари ҳам у билан жангга киришмади.

19 январда (1876 йили) Россия ҳарбий министри Д. Милютин генерал-адъютант К. П. Кауфман номига ўта махфий телеграмма жўнатади. Унда Қўқон хонлиги тақдири асосан ҳал қилинган эди. Жумладан, уни босиб олиб, Россияга қўшишга император рухсат берганлиги ҳақида айтилган эди. Бундан илҳомланган Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман барча куч-ғайратини Қўқон хонлигини босиб олишга сарфлайди. Аммо телеграмма мазмунини ҳаммадан, ҳаттоки ўз ўрнида вақтинча Туркистон генерал-губернатори бўлиб қолган генерал Колпаковскийдан ҳам сир сақлайди. К. П. Кауфман эса Санкт-Петербургга — Россия подшосининг туғилган кунини нишонлашга кетган эди. Унинг мақсади — Қўқон хонлигини подшонинг туғилган кунига совға қилмоқ эди. Шундай ҳам бўлиб чиқди.

20 январда эса Абдураҳмон офтобачи ўз элчиларини жўнатади, ўзи 24 январда сафдошлари билан рус қўмондонига таслим бўлади. Ўз қарамоғидаги қўшинни эса тарқатиб юборади. Бу ҳол қўзғолон таназзулга юз тутганини билдирарди.

Пўлатхон бундан хабардор бўлиб, ниҳоятда ғазабланади ва Абдураҳмон офтобачининг яқин қариндошларини қатл этади.

Рус қўмондони Пўлатхон Учқўрғонда эканлигини билади, тезда у ерга капитан Куропаткин отряди юборилади. Улар кечқурун соат 10 да манзилга етиб боришади: қоронғиликдан фойдаланиб, тўсатдан ҳужум қиладилар ва қўзғолончиларни тор-мор этадилар.

Оёғи синган Пўлатхон 10 киши билан қочишга муваффақ бўлади.

29 январь куни (1876 йили) рус қўшини Учқўрғондан Андижонга қайтади.

2 февралда (1876 йили) К. П. Кауфман Тошкентга телеграмма жўнатади ва Қўқон хонлигини босиб олиш ҳамда маркази Фарғона бўлган область ташкил этиш ҳақида кўрсатма беради. Ўша кунлари қўқонликлар Насриддинбекни яна хон қилиб тахтга ўтқазадилар. Телеграммадан хабарсиз генерал М. Д. Скобелев янги хонни табриклайди. Бу ҳол янги хонни тан олди деган гап эди. Генерал Колпаковский саросимага тушиб қолиб, К. П. Кауфманга телеграмма жўнатади, Насриддинбек хон бўлганлиги ҳақида хабар беради. 4 февралда К. П. Кауфман қайтадан телеграмма жўнатиб, буйруқни бажаришни талаб қилади, буйруқнинг нусхасини М. Д. Скобелевга ҳам юборади. Натижада рус қўшинлари Қўқон хонлигига ҳужум қилади. 7 февралда (1876 йили) Яккамулла қишлоғида Насриддинга бу ҳақда айтишади. У эса душманга ҳеч қандай қаршилик кўрсатмайди.

8 февраль куни (1876 йили) рус қўшини Қўқон шаҳрига киради, 9 февраль куни эса Ботиртўра ва Абдумўминлар ҳибсга олинади. 19 февралга ўтар кечаси Пўлатхон қирғизлар томонидан асирга олиниб, рус қўмондонига топширилади.

19 февралда (1886 йили) ҳарбий министр Д. Милютин Қўқон хонлиги Россияга қўшиб олиниб, ўрнида Фарғона области тузилганлиги ҳақида расман эълон қилади.

1 март куни (1876 йилда) эса Марғилон шаҳрида 33 ёшли халқ озодлик қўзғолонининг намояндаси Мулло Исҳоқ Ҳасан ўғли (Пўлатхон) дорга осиб ўлдирилади.

Пўлатхон қатл зтилгандан кейин қўзғолон тарқоқ ҳолда бўлса-да давом этаверди. Қўзғолончилардан маълум қисми (нисбатан камчилик бўлса ҳам «Олой маликаси» номи билан машҳур бўлган қирғиз аёли — Қурбонжон додхо ва унинг тўрт ўғли бошчилигида мустамлакачиларга қарши то 1876 йилнинг охиригача курашдилар. Ноябрь ойининг охирида генерал М. Д. Скобелев Қурбонжон додхо билан шахсан учрашади ва бу аёлнинг талабларига рози бўлгандан кейингина Қурбонжон додхо курашни тўхтатади. К. П. Кауфман январда (1877 йили) Санкт-Петербургга Фарғона областида тинчлик ўрнатилганлиги ҳақида телеграмма жўнатади.

Умуман олганда, Пўлатхон қўзғолони прогрессив характерга эга миллий озодлик ҳаракати бўлиб, унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи меҳнаткаш омма эди.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон

Хуршид ДАВРОН
ТАРИХ МЕЗОНИ ҲАҚИҚАТДИР
0023

1-khurshid 1997.JPG

Тарихдаги ҳар бир ижтимоий юксалиш жамиятнинг ўз меросига, ўз ўтмишига бўлган муносабатини ислоҳ қилишдан бошланган. Фақат шундагина ҳақиқий маънода инқилобий ўзгаришлар рўй бериши мумкин. Зеро, ўтмиш сабоқлари замонавий тараққиёт учун хизмат қилади.

Ниҳоят, тарих «илми»да ҳукмронлик қилган жуда кўп нотўғри ақидалар юкидан қутуладиган, уларни қайта кўриб чиқадиган вақт келди.

Ўтган йилнинг охирида бўлиб ўтган халқ таълими ходимларининг Бутуниттифоқ създида СССР халқ таълими Давлат комитетининг раиси Г. Ягодин: «Социалистик интернационализм бемиллат эмас. У миллий ифтихор, илғор тарихий анъаналар, она тилини ҳурмат қилиш асосида қурилади. Бу соҳада кўпгина масалалар йиғилиб қолди. Масалан, «СССР тарихи» дарсликлари маълум даражада ҳамон рус халқининг, рус давлатининг тарихи бўлиб қолмоқда» деб, бу борадаги камчиликларни янгича тафаккур асосида ҳаққоний танқид қилди. Худди ана шундай фикрни «Правда» газетаси саҳифасидаям ўқиш мумкин: «Лавҳаларида: «Бошқаларни таҳқирлаб, ўзинг юксал!» деб ёзилган бирор дин йўқ. Аммо айрим ғоялар, сиёсий йўналишлар асосида айнан мана шу қабиҳ фикр ётганиям аниқ. Ўз халқини осмонга кўтариб, бошқа халқни ҳақоратлаган ҳолларни санъат, адабиёт ва тарих фанидаям учратиш мумкин. Токи бу чиркин йўналиш ҳаракатда экан, тарих фани ибтидоий, ёввойи этноцентризм манбаи бўлиб қолаверади. Маданият бундай қараш билан курашгандагина чиниқади. Фақат маданият эмас, шахс ҳам чиниқади. Бугунги жуда кўп ижтимоий иллатларимиз ўзини бошқалар ҳисобидан улуғлаш самараси эмасми?

Бугунги сиёсат ҳам тарихдан ўсиб чиққан, уни тарих шакллантирган. Шунинг учун ҳам бугун биз миллатлараро муносабатлар, иттифоқимиздаги муаммолар ҳақида гапирар эканмиз, мана шу асосий амални унутмаслигимиз керак. Бугунги жуда кўп ижтимоий фалокатларнинг идизи регионал тарих фанидан озуқа олади». («Правда», 1989 и. 27-сони.)

Ўзбекистон тарихида янгича тафаккур билан қараш зарур бўлган масалаларнинг бири — Ўрта Осиёнинг, хусусан, бугунги Ўзбекистон территориясига кирган ерларнинг Россия томонидан забт этилганига бағишланган ахборотларда тез-тез учрайдиган «оқ доғ»лардир. Пўлатхон қўзғолонига бағишланган мақола шу йўналишдаги илк қадам, албатта. Биз ушбу мақола муносабати билан мустамлакачилик сиёсати тўғрисида дарсликларда баён этилган айрим баҳсли ўринларга баҳоли қудрат ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Ўрта мактаб дарсликларида бу масалага бирёқлама баҳо берилган. Қизиғи шундаки, юртимизга юнон, араб, мўғул босқинчилари тажовуз қилганларидан сўнг рўй берган қирғин-баротлар аниқ ва равшан тасвирланади. Дарҳақиқат, бу фожиаларнинг ҳар бири Ўрта Осиё халқлари учун оғир асоратлар қолдирган. Чор Россиясининг Ўрта Осиёга босқинчилик сиёсати беозор бўлганми, деган ҳақли савол туғилади. Зўравонлик, баъзи бир тарихчилар таъкидлагандек, ҳақиқатан ҳам забт этилган ўлкаларга ёруғлик олиб келгани ростми? Биз — реалистлармиз: ҳақиқатга тик қараймиз ва «Европа халқларининг жаллоди» (В. И. Ленин ибораси) бўлмиш чиркин империя билан жафокаш рус халқи ҳеч қачон битта чашмадан сув ичмаганини яхши биламиз. Ва яна шу нарсани биламизки, рус халқининг асл фарзандлари юз йиллар давомида чоризмга қарши курашганлар, жонларини фидо этганлар!

Чоризм босқинидан сўнг Ўрта Осиё халқлари бошида ўйнаб турган зулм қиличи пайдо бўлди. Чор ҳукумати улуғ давлатчилик сиёсатини оғишмай амалга ошира бошлади. Босқиндан сўнг Туркистон ўлкаси Россия саноатининг моллари сотиладиган ва унга хомашё етказиб берадиган текин манбага айлантирилди. Ўлка аҳолиси подшо ҳукуматининг маъмурлари томонидан ҳам, олчоқ маҳаллий бойлар томонидан ҳам аёвсиз эзилди. В. И. Ленин сўзи билан айтганда, «Туркистон чинакам мустамлака»га айланди.

Рус буржуазияси вакиллари Россия саноати ва савдоси жамияти мажлисларида оғизларини тўлдириб, уятни унутиб ҳукуматни адолатсизликка даъват қилардилар. «Бўшаб қолган сандиқларимизни тўлдирувчи хазина Ғарбда эмас, у бизнинг Ўрта Осиёдаги мулкларимизда жойлашган», деб жар солардилар. Улар, Ленин таъбири билан айтганда, «Ватан саноати» учун ўт ва қилич ёрдами билан янги бозорларни қўлга киритиш йўлида «ватанпарварлик сиёсатини олиб борадиган» кучли ҳокимият бўлишини истардилар… ва «улуғ» капиталистик Россияни яратиш устида… қўлни қўлга бериб ишлашга тайёр» эдилар.

Жуда кўп тарихчилар К. Маркс ва Ф. Энгельснинг Англия ўз мустамлакаси бўлмиш Ҳиндистонда «икки миссияни: ҳам вайрон қилувчи, ҳам яратувчиликни бажарди», деган сўзларини пеш қилиб, Россия ҳам Ўрта Осиёда шу вазифани ўтади, деб ўша давр босқинчилик сиёсатини ёқлайдилар. Ҳолбуки, Маркс ҳам, Экгельс ҳам чор ҳукуматининг зўравонлигини ҳеч қачон қўллаб-қувватламаганлар. Худди мана шунинг учун ҳам рус тилида нашр этилган танланган асарларидан уларнинг «XVIII аср дипломатиясининг яширин тарихи» асари ўрин олмаган. Буни фақат пролетариат доҳийсининг чор Россияси босқинчилик сиёсатига берган аччиқ баҳолари бугунги совет (яъни, марксистик нуқтаи назарга асосланган) тарих фанида ҳукмрон бўлган ақидаларга тўғри келмагани билан изоҳлаш мумкин, холос.

Йиллар давомида, айниқса, «Сталин — тарих фанининг отаси» деб расмий эълон қилингандан сўнг рус подшолари, князлари, лашкарбошилари фақат ижобий тарзда тасвирланиб келинди. Ҳатто мустамлакачилик исканжасига тушиб қолган ўлка халқлари бошига солинган жабр-зулм, иқтисодий қашшоқлик, ҳақида рус тарихчилари очиқ-ойдин ёзган бўлсалар ҳам, лекин 30-йилларнинг ўрталаридан бошлаб чор Россиясининг мустамлакачилик сиёсати тўғрисида фақат ижобий маънода ёзиш темир қонунга айланди. Бу ҳол фақат олимларнинг илмий асарларига хос бўлса майли эди, аксинча, дарсликларда, кинофильмларда, илмий-оммабоп китоблардаям нотўғри ташвиқот авж олдирилди ва авлодлар онги заҳарлаб келинди. Бундай тенденция адабий асарлардаям мавжудлиги кишини ташвишга солади: икки-уч йил аввал мен А. Горбовский ва Ю. Семёнов қаламига мансуб «Ўқ узмасдан» номли китобни ўқиган эдим. Муаллифлар Бухоро амири ишончини қозонишга улгурган рус жосуси Беневенини фош этган тошкентлик Хўжа Раим исмли савдогарни «чақимчиликда, айғоқчилик»да айблашади. Хўжа Раим ўзининг ватанпарварлик бурчини бажаргани муаллифларнинг хаёлига ҳам келмайди.

Энг ажабланарлиси шундаки, Африка, Осиё, Лотин Америкаси халқларининг инглиз, француз, испан ва бошқа мустамлакачиларга қарши қаратилган кураши, ҳатто улар маҳаллий ҳукмдорлар томонидан бошқарилган бўлса-да, ижобий баҳолангани ҳолда, чор Россиясига қарши қаратилган ҳар қандай халқ ҳаракати тўла (айрим ўринлари албатта миллатчилик, миллий маҳдудлик ранги билан бўялиб) қораланади. Бу фақат зарарли ташвиқот бўлмасдан, балки халқ ҳаракатларининг қутлуғ ғояларини ҳақорат қилишдир. Менимча, тарихни сохталаштираётган олимлар билиб-билмай улуғ давлатчилик ғояларига хизмат қилишаётганини тушунишлари керак. Улар социалистик давлат асосчисининг: «Эзилган миллатнинг ҳар бир буржуа миллатчилигида зулмга қарши бўлган умумдемократик мазмун бор, биз ана шу мазмунни мутлақо ёқлар эканмиз; миллий мумтозлик йўлидаги ҳаракатни жиддий равишда ажратиб кўрсатамиз», деган сўзларини ҳеч қачон унутмаслиқлари керак ва эзилган миллатларнинг ҳаракатларида мана шу «умумдемократик мазмунни» кўра билсалар ёмон бўлмасди.

Шу пайтгача биз рус самодержавиеси билан рус халқи деган тушунчаларни бир-биридан ажратмаган ҳолда, уларни бир-бирига тенг қадрият сифатида қабул қилганимиз учун ҳам чор Россияси сиёсатига қарши қаратилган ҳар қандай танқидий фикрни рус халқига қарши қаратилган деб келдик. Бу ғайриилмий, сталинча миллий сиёсатнинг ўқ томири неча авлодларни нобуд этди, неча онгларни заҳарлади. Тарих фанидаги даҳшатли асоратдак тезроқ қутулиш керак. Ўзаро ишончсизлик келтириб чиқарувчи бу қараш дўстлигимиз дарахти илдизларини кемиради, холос. Ажойиб рус адиби Борис Васильев «Россияни кулфатдаям сев» мақоласида («Известия», 17—19-сонлар, 1989 й.) совет тарих фанидаги бундай ғайриилмий ғояларни қотиб қолган тошларга ўхшатади. Хусусан, у Россия тарихига тегишли ҳар қандай салбий оқибатни, чунончи, асрлар бўйи давом этган рус миллий қолоқлигини (жумладан, сиёсий қолоқликни), фақат ташқи таъсирга — мўғуллар истибдоди билан боғлашга уринишларни кескин қоралаб, совет тарихи фанида янгича тафаккур тезроқ амалга оширилиши зарурлигини таъкидлайди.

Чор Россияси, Ленин ёзганидек, «халқлар турмаси» бўлганини, турмада эса ҳар қандай эркин фикр бўғилишини, унда эркин одамлар эмас, фақат маҳбуслар сақланишини унутмаслигимиз керак. Бу турмада 63 миллион (47 процент) рус бўлмаган халқлар ва элатлар яшарди ва улар улуғ давлатчилик ғояси билан заҳарланган ҳукмдор синф вакиллари томонидан даҳшатли тарзда эзиларди. Масалан, мустамлака Туркистон меҳнаткашларига солинган солиқ (1869 йилга нисбатан) 1890 йилга келиб 5 марта, 1910 йилга келиб 10 марта ошди. Чор ҳукумати ўзбек деҳқонлари ерларини зўрлик билан тортиб олиш сиёсатини юргизарди. Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё областларида мавжуд 63,9 миллион десятина ернинг 58,6 миллион десятинаси рус ҳукуматига тегишли эди. «Солиқларни ошириб бориш сиёсати воситаси билан чор ҳукумати Туркистон қонини сўриб ётарди», деб ёзади тарихчи 3. Д. Кастельская «Туркистон ўлкаси тарихидан» китобида. Ажабки, ўша пайтлари ҳам чор амалдорлари: «Туркистон рус миллионларини бекорга еб ётибди», деган гап тарқатган эдилар, лекин бундай бемаъни гапни бирор бир тарихий ҳужжат тасдиқламайди. Чамаси, миш-мишлар маҳаллий халқнинг шафқатсизларча таланаётганини яшириш учун ўйлаб топилган ғоявий «баррикада» эди. Қўрқоқ (фош бўлишдан қўрққан) олдин мушт кўтарар, деганлари шу бўлса керак.

Мустамлака ўлкадаги чор амалдорлари орасида порахўрлик ҳам жуда авж олган эди. Масалан, Сирдарё областининг ҳарбий губернатори Головачёв маҳаллий аҳолини шу даражада талаган эдики, ҳатто оқ подшо ўзининг нуфузли вакилини судга топширишга буйруқ берган. Бироқ кейин унинг ҳарбий хизматлари эътиборга олинадию порахўр амалдор жазоланмайди. Уезд бошлиғи Бикчурин эса бир солиқни аҳолидан 4 марта йиғиб олади…

Аммо чор ҳукумати даврида қонун йўқ эди деб бўлмасди: оддий деҳқонлар бир чақа учун қамоққа ташланарди. Яна мавжуд қонунга мувофиқ шу ерлик аҳоли алоҳида махсус тартиб билан бошқарилиши талаб қилинадиган, аниқроғи — оддий гражданлик ҳуқуқларигаям эга бўлмаган одамлар ҳисобланарди. Ўз элида ҳуқуқсиз бўлган халқнинг аҳволини турмадаги ҳаётга қиёслаш мумкин эди: Тошкентдаги катта кўчаларда ўзбекларнинг миллий кийимларда юриши қаттиқ тақиқланарди. Трамвайларда эса ўзбеклар учун алоҳида, ўриндиқсиз майдончалар ажратилган эди. Шунга қарамай, улуғ давлатчилик ғоясининг маддоҳлари уятни йиғиштириб қўйиб: «Бизнинг забт этилган халқларга нисбатан ўтказаётган сиёсатимиз тенг ҳуқуқлиликка асосланган. Куни кеча босиб олинган Тошкент, Самарқанд аҳолиси ўша заҳоти Москва граждани билан ҳуқуқда тенглашадилар», деб оламга жар солардилар. В. И. Ленин Россиядаги ўша давр сиёсатини баҳолаб шундай ёзган эди: «Ҳукумат сиёсати, буржуазия қўллаб-қувватлаётган помешчиклар сиёсати бошдангоёқ қорагуруҳчилик руҳидаги миллатчилик билан суғорилган сиёсатдир». Бу фикрни Ўрта Осиёни забт этишда жонбозлик кўрсатгани туфайли ўттиз тўрт ёшида генераллик унвонига эришган М. Д. Скобелевнинг учига чиқнан қорагуруҳчи М. Н. Катковга ёзган мактубидаги: «Бутун Ўрта Осиёни мустаҳкам ва фойдали иттифоқ эвазига Англияга бериб юбориш мумкин», деган жумлалари тасдиқлаб турибди.

Ўрта Осиё халқларининг қадим маданияти жаҳон тараққиётида муҳим ўринлардан бирини эгаллагани шак-шубҳасиздир. Бу ўлка дунёга Ал Фарғоний, Форобий, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Бобур ва бошқа жуда кўп буюк мутафаккирларни берган, айни вақтда рус босқини олдидан ҳам ўзининг кучли санъати, адабиёти ва илму фани билан ажралиб турарди. Шу сабабдан бугун 1897 йилги аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига асосан тожикларнинг 99,5; қирғизларнинг 99,4; туркманларнинг 99,3; ўзбекларнинг 98,4; қозоқларнинг 97,9 фоизи саводсиз бўлгани ҳақидаги маълумотни тўғри баҳолашимиз керак. Шу пайтгача бу ҳисоб-китоб ўлкада ташкил этилган рус-тузем мактабларида таълим олган болалар сонига нисбатан олингани жўрттага айтилмасди. Ўлкадаги эски мактабларда, мадрасаларда таълим олаётган ёшлар, ичкарида отинбибилар қўлида хат-савод чиқараётган хотин-қизлар эса умуман «саноққа» қўшилмасди. Ваҳоланки, 1897 йили Самарқанднинг ўзида битта рус-тузем мактаби бўлгани ҳолда, 21 мадраса, 83 мактаб ёки Бухорода ўша йилларда 103 мадраса бўлгани тарихдан маълум-ку! Шунинг учун ҳам 1900 йилда «Вестник воспитания» журналида эълон қилинган: «Ўрта Осиё ва Қозоғистон аҳолисини тўла саводхон қилиш учун 4600 йил керак», деган аҳмоқона мулоҳазани ҳадеб пеш қилавермаслик керак. Татар олимлари ўрганиб чиққан маълумотларга биноан, Туркистон мустамлакага айлантирилгандан сўнг маориф иши олдинга эмас, орқага кетган экан. Буни Туркистон генерал-губернаторларидан бири бўлмиш генерал Н. А. Куропаткиннинг ўз кундалигида битган: «Биз маҳаллий аҳолини 50 йил давомида тараққиётдан, мактаб-маорифдан ва рус ҳаётидан четда сақладик», деб битган сўзлари ҳам тасдиқламайдими? Рус тарихчиси ва этнографи В. Наливкин эса 1913 йилда ҳукумат томонидан очилган рус-тузем мактаблари ҳеч қандай натижа бермаётгани ҳақида ёзади: Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё областларидаги 143 рус-тузем мактабларида 8961 ўқувчи таълим олади, холос — бу аҳолининг 0,17 фоизини ташкил қилган. Мустамлака йиллари давомида маориф ишига ажратилган маблағ умум харажатнинг 0,7 фоизидан 2,33 фоизигача «ўсиб» борган. Агар биз ҳақиқатдан кўз юмиб, Россия Ўрта Осиёга маориф келтирди, деб айтсак, тўғри бўлармикан?

Юқорида айтиб ўтилган ва чор Россиясининг зулм-истибдодга асосланган сиёсатини фош қилувчи бошқа далиллар ўша даврда маҳаллий халқнинг аҳволи жуда оғир бўлганини кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам халқ орасида чор ҳукмдорларига нисбатан бўлган қаҳру ғазаб кучайиб боргани табиий. Жуда кўп ҳолларда истибдодга қарши халқ қўзғолон кўтарарди. Мана шундай ҳаракатларнинг бири Пўлатхон қўзғолони бўлди. Мақола муаллифи: «Бу қўзғолонга баҳо беришда шу кунга қадар тарихчи олимлар ўртасида бирлик йўқ. Бири уни халқ ҳаракати, иккинчилари реакцион ҳаракат, учинчилари миллий озодлик уруши, тўртинчилари ўзаро феодал уруш, бешинчилари эса ҳеч қандай баҳо бермай келмоқдалар», деб ёзади. Ўйлашимча, бу ҳаракатга энг тўғри баҳони Пўлатхоннинг душмани бўлмиш киши айтиб кетган; қўзғолонни бостиришда фаол қатнашган (ўша пайтда у ҳали капитан эди) генерал Куропаткин олий қўмондонликка юборган маълумотида шундай ахборот беради: «Кураш хон билан эмас, аксинча, енгиш жуда қийинлашган халқ ҳаракати билан бўлди… Аҳоли билан жанг қилиш эса ҳамиша маҳаллий ҳукмдорларга қараганда жуда оғир бўлади».

Пўлатхон қўзғолони том маънода халқ ҳаракати эмас, у энг аввало озодликка чиқиш учун чор ҳукумати зулмига ва маҳаллий феодалларнинг халқ манфаатларига зид қилмишларига қарши қаратилганди. Мақолада тилга олинган генерал Троцкийнинг «қўзғолон рус вакилларига қарши кўтарилди» деган сўзларини мақола муаллифи ёлғон сўзлар деб айтади. Тўғри, бунга бир оз ойдинлик киритиш керак. Троцкийнинг сўзлари баъзи олимларнинг, юқорида айтганимиздек, рус мустабид тузуми билан рус халқи ўртасида фарқ йўқдек, уларни бир тушунча сифатида қабул қилишлари оқибатида ҳужжатдан ҳужжатга ўтиб, қўзғолонни қораловчи далил ўрнида фойдаланиб келинмоқда. Хўш, генерал Троцкий «рус вакиллари» деганда, бу ўлкага яхши мақсадда келган олим, сайёҳ ёки савдогарни назарда тутган эдими? Албатта, йўқ. Ахир, ўша пайтда босиб олинган ерларда рус қўшинидан, рус мустамлака қонунларини ўрнатишга хизмат қилувчи амалдорлардан бошқа рус вакиллари йўқ эди-ку! Мустабид генералга эса ҳимоясиз Андижонга ҳужум қилишга баҳона керак эди, холос. Ҳадеганда баҳона топилавермайди, генерал баҳонани ўзи тўқийди. Босқинчилар учун эса пашшанинг ғинғиллашиям баҳона бўлиши мумкин, деган экан бир шарқ донишманди. Демак, генералнинг «рус вакилларига қарши» деган сўзини «рус босқинчиларига қарши» деб тушуниш керак.

Мустабидлар қўзғолонни қонга ботирдилар. Мақолада келтирилган Ажаба қишлоғидаги қирғин, бу қишлоқ аҳолисининг мардлиги ҳеч қачон халқ хотирасидан ўчмаслиги лозим. Рус ҳарбийлари ўз эрки учун бош кўтарган ҳар бир одамни аёвсиз ўлдирардилар. 1869 йилнинг 1 июнида содир бўлган Самарқанддаги қўзғолон тақдири бунга мисол бўла олади. Қўзғолон бостирилгач, шаҳар уч кун солдатлар ихтиёрига топширилади, кейин ўт қўйиб юборилади. Юзлаб одамлар ҳеч қандай сўроқсиз отиб ташланади. Босқинда фаол қатнашган мусаввир В. Верешчагин шундай ёзган эди: «Генерал Кауфманнинг ҳовлимизда ўтириб олиб турли одамларни жазога ҳукм қилгани кўз ўнгимда турибди; саховатли Константин Петрович офицерлар даврасида ўтирар экан, ҳеч нарса бўлмагандек, бамайлихотир буюрарди: отиб ташлансин, отиб ташлансин, отиб ташлансин». Қонли воқеаларни чизишни ҳаддан ташқари севган мусаввир бу сўзларни жазога тортилаётган одамларга ачинишдан эмас, балки «саховатли» Константин Петровичнинг иродаси ва қатъиятига қойил қолганини таъкидлаш учун қайд этади, албатта.

Қўзғолон бостирилди. Неча романларга мавзу бўладиган Пўлатхон тақдири фожиали тугади: ўз халқи эрки учун курашган 33 ёшли йигит дорга тортилади. Халқ қонини дарё қилиб оқизган, йўлида учраган барча қишлоқлар кулини кўкка совурган, тирик жонни — бола демай, аёл демай, қари демай тиғдан ўтказган генерал Скобелев эса 1876 йилнинг 19 февралида подшоҳ Александр I ҳукми билан ташкил этилган Фарғона областининг ҳарбий губернатори этиб тайинланади.

Қўзғолоннинг ҳақиқий қаҳрамони халқ эди. Шу сабабдан ҳам «реакцион маҳаллий элементлар бу қўзғолонни бошқариб тургани, улар Россиянинг Ўрта Осиёдаги таъсири кучайиб бораётганидан қўрқиб, халқни кўтаргани» ҳақида айюҳаннос солиш асоссиздир. Чор ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатини ёқлаб, яъни қўзғолон русларга қарши қаратилгани учун хонлик чор қўшинлари томонидан босиб олинди, деб ёзган бир қатор тарихчилар ўз хатоларини англармиканлар? Агар англамаган бўлсалар, англайдиган вақт етди.

Чор ҳукумати халқ манфаатларига қарши борган ва сотқинлик йўлига ўтган кимсаларни ўз паноҳига оларди. Қўзғолонга хиёнат қилган Абдураҳмон офтобачи халқ қаҳридан қочиб, Екатеринославда яшайди ва сотқинлиги эвазига ҳар йили 3 минг тилла танга «садақа» олади. Унинг ўлимидан сўнг хотини билан қизига «садақа» мерос қолади. Мустабидлар хиёнатни жуда қиммат баҳолайдилар. Бундай сиёсат мустамлака ўлкасида ҳукм сураётган ҳар қандай зўравонлик, ҳар қандай жабру зулмдан даҳшатли эди. У одамлар кўнглига шубҳа ва хиёнат уруғларини сочарди. Бундай сиёсат кишилар онгида чақув ва айғоқчилик билан турмушни яхшилаш мумкин, деган тасаввур пайдо бўлиши учун хизмат қиларди.

В. И. Ленин шундай ёзган эди: «Биз миллатларнинг ихтиёрий иттифоқини, бир миллат иккинчи миллатга қандай бўлмасин зўравонлик қилишга йўл қўймайдиган иттифоқни истаймиз, тўла ишончга, қардошларча бирликни аниқ тушуниб олишга, тўла ихтиёрийликка асосланадиган иттифоқни тушунамиз». Ленин васиятлари қандай амалга оширилгани алоҳида бир мақолага мавзу бўлиши мумкин.

Мен фақат чор Россияси юргизган мустамлака сиёсатининг айрим белгилари жуғрофий номларда ҳалигача сақланиб қолаётгани ҳақида тўхталмоқчиман. Масалан, Тошкентга яқин бир жойни одамларимиз ҳамон шаҳарни қонга белаган генерал номи билан «Черняевка» деб аташади; Самарқандда эса шаҳарни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган босқинчиларга ўрнатилган ёдгорлик ҳозир ҳам қўр тўкиб турибди. Бу ҳақорат эмасми? Юртимизга мусаввир сифатида эмас, босқинчи сифатида кириб, бир қўлида мўйқалам ушлаб қонли жанггоҳларни чизгану бир қўлида бешотар тўтиб, одамларни қирган ва бу ҳақда мароқланиб мактублар битган В. Верешчагиннинг «улуғ рус мусаввири» эканлиги пеш қилиниб Тошкент кўчаларининг бирига унинг номи берилганини ким оқлайди, ким изоҳлайди? Наҳотки, бу интернационализм учун хизмат қилади, деб ўйлайдиган зот ҳали ҳам тирик бўлса?

Қайта қуриш бўрони Сталин қатағони, турғунлик йиллари булутларини тезроқ қувиши, дилларимизни ёруғ нурга — ҳақиқатга шерик қилиши керак.

Манба: “Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон

007    Sizga taqdim etilayotgan mazkur ikki maqol: tarixchi olim Haydarbek Bobobekovning «Isyon» va unga munosabat tarzida yozilgan Xurshid Davronning «Tarix mezoni haqiqatdir» maqolalari bundan 27 yil avval “Sharq yulduzi” jurnalida (1989 yil, 11-son) e’lon qilingan edi.

Haydarbek BOBOBEKOV
ISYON
0023

315071_203522003062139_139049982_n.jpgO‘rta Osiyoning tarixida eng uzoq davom etgan xalq harakatlaridan biri Po‘latxon qo‘zg‘oloni hisoblanadi. Ammo unga baho berishda shu kunga qadar tarixchi olimlar va yozuvchilar o‘rtasida hamfikrlik yo‘q.

Birlari uni «xalq harakati» desa, ikkinchilari «reaktsion harakat», uchinchilari «milliy ozodlik kurashi», to‘rtinchilari «o‘zaro feodal urush» deb ataydilar. Beshinchilari esa bu haqda lom-mim demaslikni ma’qul ko‘radilar.

Xo‘sh, Po‘latxon qo‘zg‘oloniga (1873—1876 yillar) bunday har xil qarashning sababi nimada? Fikrimizcha, buning boisi qo‘zg‘olonning ma’lum bosqichida chor Rossiyasi mustamlakachilariga qarshi g‘azovot e’lon etilishidadir. Ayrim olimlarimiz musulmonlar tug‘i ruslarga qarshi ko‘tarilgan deb qarashdi. G‘azovot ruslarga qarshi emas, balki chor Rossiyasi mustamlakachilariga qarshi edi.

Qo‘qon xonligi fuqarosi juda ayanchli ahvolda edi. O‘zaro feodal urushlar tez-tez bo‘lib turardi. Buning ustiga, chor Rossiyasi qo‘shinlari 1853 yili Oq Machitni, 1864 yili Turkiston va Chimkentni, 1865 yili esa Toshkent va uning atrofidagi shaharu qal’alarni bosib oldi. 1867 yili qaram o‘lkada Turkiston general-gubernatorligi tashkil etildi. Natijada, Qo‘qon xonligi yerlari keskin ravishda qisqardi. Xonlik xazinasiga tushayotgan daromad cho‘g‘i pasayib qoldi. Shuning uchun Xudoyorxon mehnatkashlar zimmasiga qo‘shimcha soliqlar yukladi. Xalq qashshoqlashib ketdi, norozilik kuchaydi.

Qo‘qon xonligining Andijon va Namangan viloyatlarida ayrim qo‘zg‘olonlar bo‘ldi. Bir guruh boy-feodallar bu vaziyatdan foydalanish niyatida xonzoda qidira boshladilar.

«Ansob as salotin va tavorixi al Xavoqand» nomli qo‘lyozmada bunday ma’lumot beriladi: «Xon davlatidan putur ketdi. Kundin-kun atrof va javoniblardin fitna paydo bo‘ldi. Andog‘kim, to ba’zida munduz jamoasidin Ma’mur degan qirg‘iz bir necha qaroqchilarnn hamroh aylab, zakuvotga borgan mulozimlarni tutub o‘ldurub, pullarini olib sarf qilib, odam yig‘ib, jamoat bo‘lub Jalolobod va Xonobod qishlog‘ini chofib va taroj qilg‘onida Xudoyorxon Andijonda turub, Andijon askariga farmoyish qildi. Ersa sur’at birla borib maqobil bo‘lub, urushub qirg‘izlarni qochirdilar. Jamiyatlari parishon bo‘lub bir nechasi o‘lub va bir nechasi bandi bo‘lub qo‘lga tushdi. Tavba va siyosat uchun barchasini o‘ldurdilar. Ma’mur tirik qochib ketdi. Va bir necha vaqtdin so‘ng yana o‘g‘ri qirg‘izlarni jam qilib va bir necha biylarni vasvasa qilib, jamoat bo‘lub O‘zgant qo‘rg‘oniga kirib kurash boshladi. Xudoyorxon Iso Avliyoni Shahrixon askari birla, Xolnazar turkni turk askarlari birla buyurdi. Bular sur’at birla borib, urushub qochurdilar. Yana bir necha biylar va kalonshavandalari bandi bo‘lub tushti. Ersa arziyalari maqbul bo‘lib, bandilarg‘a mehribonlik qilib, sarupo berib va nasihatlar aylab ozod qilib yubordilar. Hanuz bul munoqishlari saranjom tobmay, O‘sh ustidagi qirg‘izlar jamoat bo‘dub, Arobon kelib o‘rdani bosib va bir necha asbob va olotlarini olib toqqa chiqib ketdi.

Abulqosim jinni hokim erdi. Anburdin chiqib qochib qutuldi. Ersa Xudoyorxon voqif bo‘lub, Marg‘ilon hokimi Sulton Murodbek ukosig‘a Abdurahmon oftobachini qo‘shub, ko‘b askar birla buyurdi. Bular borib urushub qochurdilar. Qirg‘izlar parishon bo‘lub kettilar. Bir necha biylar, chunonchi Umarbek, Abdurahmon shayton va Qoraqul biy va Sulaymon o‘g‘ri va bir necha qirg‘iz biylar birla qo‘lga tushti, ko‘p obro‘ birla kelib xonni ko‘rub, muloqat qilib, duo ayladilar. Filjumla xotirjam bo‘ldilar. Ersa Musulmonqul degan qirg‘iz-qipchoq urushdin qochub, bir necha qirg‘izlar maslahat aylab xonzoda topmoq uchun Buxoro tarafiga borib, Po‘latxon valad Murodxonni oldig‘a borib vasvasa qilib ekan. Po‘latxon qabul qilmabdur. Andin noumid bo‘lub, O‘rganjg‘a — Mahammad Alixon o‘g‘li Muzaffarxonning oldig‘a borib necha kun turub vasvasa qildikim, hamma xaloyiq ittifoq birla sizni xon qilib, ota taxtiga o‘lturg‘uzmoqqa fotiha o‘qubmiz, sizga buyurdilar, hamma xaloyiq sizga muntazir turubdirlar, debdi.

Muzaffarxon aytibdiki: «Siz qirg‘iz xalqining e’tiborlaring yo‘qtur. Qalandarxon akamni ham olib borib, Murg‘zor qishloqda o‘ldurub qo‘ydinglar. Alhamdulillo avqot bahuzur».

Musulmonqul noiloj qaytib Toshkandga keldi. Ersa Muhsinboyning o‘g‘li Mullo Abdulmo‘minning hovlisiga qo‘nub erdi. Unda bir mullo Ishoq degan qirg‘iz bola Nomdong degan mavzuida nosfurushlik qilur ekan. Abdulmo‘min aytdiki: «Ey, ahmoq qirg‘iz, shul qirg‘iz bolani Po‘latxon deb olib borgil, ish saronjom topkanda Burxon — Tohur», dedi.

Ersa ma’qul bo‘lub, o‘shal qirg‘iz bolani olib Ablig‘ ustidin oshib, Chust ustig‘a kelib qo‘shung‘a qo‘shuldi. Qirg‘izlar xursand bo‘lub, shodiyona qo‘ydilar, oq kiygizg‘a solib xon ko‘tordilar». (O‘z. FA Sharqshunoslik instituti, qo‘lyozma, inv. № 3753, 156—158-varaqlar).

Mullo Ishoq Mullo Hasan o‘g‘li 1844 yilda Marg‘ilon shahriga yaqin O‘hna qishlog‘ida tug‘ilgan. Otasi Marg‘ilondagi Oq madrasada mudarrislik qilgan. Dastlabki ma’lumotni Mullo Ishoq uyda olgan. Keyin Qo‘qondagi Tunqotar madrasasida o‘qigan. 1867 yili o‘qishni tashlab, So‘x atrofidagi ko‘chmanchi qirg‘izlar orasida ikki yil yashagan. So‘ngra o‘z qishlog‘ida, keyin Andijondagi masjidlardan birida imomlik qilgan, savdogarlik bilan ham shug‘ullangan. U Toshkentda Abdulmo‘min dodxoh bilan tanishadi va shu yerda qoladi. Yuqorida aytilganidek, mullo Ishoqning soxta Po‘latxon bo‘lishini taklif etadilar. 29 yoshli Ishoq esa rozi buladi.

10 mingga yaqin qo‘zg‘olonchilar Chotqoldan Olabuqa darasi orqali o‘tib Kosonni bosib oladilar. Ularga qarshi xon qo‘shinlari yuboriladi. To‘raqo‘rg‘on atrofida jang bo‘ladi. Bu jangda Musulmon qirg‘iz halok bo‘ladi, qo‘zg‘olonchilar mag‘lubiyatga uchraydi. 300 ga yaqin qirg‘izlar asirga olinadi, Po‘latxon (Mullo Ishoq) toqqa qochadi, boshliqlardan biri bo‘lgan Mo‘min esa Chotqolga qaytadi va u yerda rus qo‘shinlari tomonidan qo‘lga olinadi…

Keyin yana bir necha marta janglar bo‘ldi va qirg‘izlar mag‘lubiyatga uchradi, Po‘latxon esa Said Bobobeknikiga yashirindi. G‘alaba qozongan Xudoyorxon, qo‘zg‘olonni bahona qilib, aholiga maxsus soliq soladi. Natijada norozi bo‘lgan 1700 qirg‘iz oilasi ruslar tomoniga o‘tib ketdi. Qo‘qon xonligining bir necha joylarida g‘alayonlar bo‘lib turdi, ammo muvaffaqiyat qozona olmadi. Buning asosiy sababi, ko‘chmanchi qirg‘izlar o‘troq aholi bilan birlashmadi. Shunga qaramay, o‘troq aholi qo‘zg‘olonchilarga xayrxoh edi.

1873 yilning bahorida boshlangan qo‘zg‘olon kuzga kelib vaqtincha to‘xtadi. Po‘latxon kuch yig‘ish bilan shug‘ullanadi: qipchoq, o‘zbek va tojiklar bilan bitim tuzishga intildi. Qirg‘izlar Po‘latxonni xavfdan saqlashga harakat qilishardi —ular zo‘rg‘a topilgan xonzodadan ajralib qolishni istamasdi.

1874 yilning bahorida yana g‘alayonlar boshlandi. Qo‘qon xonligining turli viloyatlarida ommaning chiqishlari va ayrim to‘qnashuvlar davom etdi. Po‘latxon tarafdorlari ular bilan aloqa o‘rnatishga urinishdi.

1874 yil 7 noyabr kuni Qo‘qonga rus diplomati A. A. Veynberg kelib, 20 kun davomida qo‘zg‘olon sabablarini o‘rgandi. So‘ngra, Toshkentga qaytib hisobot yozdi. Uning fikricha, qo‘zg‘olonga olov yoqayotgan kimsa — mashhur Musulmonqul mingboshining o‘g‘li Abdurahmon oftobachi bo‘lib, o‘zi qo‘zg‘olonda ishtirok etmay, qulay fursatni poylab turgan emish.

Veynbergning yozishicha, mehnatkashlar, millatidan qat’iy nazar, qo‘zg‘olonchilarga hamdardlik bildirmoqda ekan. Nizo asosan qabila boshliqlari o‘rtasida, ya’ni boy-feodallarning o‘zaro lavozim va mansab talashishlari natijasida paydo bo‘lmoqda…

1874 yilgi «Sankt-Peterburgskie vedomosti» gazetasining 268-sonida berilgan xabarga qaraganda, 1874 yilgi «qo‘zg‘olon deyarli umumiy bo‘lib qoldi: u qirg‘iz va qipchoqlarni birlashtirdi, hattoki xon qaramog‘idagi o‘troq xalq ham qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘ta boshladi».

Arxiv ma’lumotlariga ko‘ra, 1874 yilgi qo‘zg‘olon noyabr oyining oxiriga borib vaqtincha to‘xtaydi. Buning sababi bor edi, albatta.

Qo‘qon xonligi asosan agrar mamlakat bo‘lganligi tufayli dalalardagi hosilni yig‘ib olish kerak edi. Bundan hamma birday manfaatdor edi. Agar ming-minglab erkaklar (ya’ni, asosiy sog‘lom ishchi kuchi) jang bilan ovora bo‘lsa, ko‘p ekinzorlar payxon qilinsa, albatta, daromad ancha kamayardi. Buni qarama-qarshi tomonlar juda yaxshi tushunardi.

1875 yilning bahorida qo‘zg‘olon yana boshlandi. Qorategin chegarasida qo‘zg‘olonchilar tomonida Xudoyorxonning nevarasi Nazarbek, O‘zgant atrofida esa Po‘latxon qo‘shinlari paydo bo‘ldi. Ularga Qarshi xon qo‘shinlari jo‘natildi. Abdurahmon oftobachi, Iso Avliyo va Sarimsoq Eshikog‘asi qo‘shinga boshliq etib tayinlangan edilar. 1875 yil 17 iyul kuni Abdurahmon oftobachi va Iso Avliyo o‘z qaramog‘idagi qo‘shinlari bilan qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘tib ketishdi.

Shu kunlari Qo‘qonda polkovnik M. D. Skobelev bilan A. A. Veynberg bor edilar. A. A. Veynberg Xudoyorxon huzuriga kirib, u bilan suhbatda bo‘ldi. Suhbat chog‘ida rus diplomati Turkiston general gubernatorining Xudoyorxondan nisbatan noroziligini aytdi. Buni eshitgan xon o‘zini noqulay sezib, bir necha bor K. P. Kaufmanni hurmat qilishini takrorladi. Kerak bo‘lsa, undan qo‘zg‘olonni bostirish uchun yordam so‘ramog‘ligini bildirdi.

Vaziyat qaltisligi uchun A. A. Veynberg 1875 yil 18 iyulda Nasriddinbek boshliq qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘tganligi va O‘sh, Namangan, Andijon, Asaka shaharlari bosib olinganligi haqida Qo‘qonga xabar keldi. 20 iyulda esa Sulton Murodbek (Xudoyorxonning ukasi) qo‘zg‘olonchilar safiga qo‘shildi va ular Marg‘ilon shahrini egallab, Oltiariqqa yaqinlasha boshlaydilar.

Ko‘plab tarixchi olimlaru yozuvchilarni Po‘latxon qo‘zg‘oloniga baho berishda ikkilantirgan va chalkashtirgan hodisalardan biri — yuqori tabaqadagi feodallarning qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘tganligidir. Bu hodisani sharhlashda bir narsaga e’tibor berish lozim. Ular Xudoyorxon mag‘lubiyatga uchrashiga ishonch hosil qilib, o‘z mavqelarini, jonlarini saqlab qolish va imkoniyat bo‘lib qolsa, qo‘zg‘olonni o‘z manfaatlariga bo‘ysundirib, qo‘g‘irchoq xonzodani taxtga o‘tqazish niyatida edilar. Ularning asl niyatlaridan xalqning xabari yo‘q edi. Boz ustiga, o‘sha yillari omma «odil» xon topilishiga ishonardi. Abdurahmon oftobachi, Iso Avliyo, Nasriddinbek va Sulton Murodbeklar qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘tayotganlarida Po‘latxonni «valiahd» deb tan oldilar, hali uning soxta «xon» ekanligini bilmasdilar.

Xudoyorxonning ahvoli juda ham og‘irlashdi, Buni tushungan holda u Turkiston general-gubernatoriga yordam so‘rab, 1895 yil 20 iyul kuni xat yozdi: «…Qiyin va baxtsiz damlarda eng ishonarli deb o‘ylagan odamlarim, jumladan, Mullo Iso Avliyo, Abdurahmon oftobachi va Haqnazar parvonachi o‘z qo‘shinlari bilan mening dushmanim bo‘lmish isyonchi qirg‘izlarga qo‘shilishib, menga qarshi urush qilishdi. Sizdan, Oliy hazratdan shu kunga qadar ko‘p yaxshiliklar

Ko‘rdim. Siz bu safar ham haqiqiy yordam berib, meni qo‘llab-quvvatlaysiz, deb umid qilaman. Men o‘zimni va Ko‘qon xonligini Oliy hazratlari, janob Imperator himoyasiga topshirdim. Sizga do‘stona iltimos bilan murojaat qilaman; Qo‘qon shahriga rus armiyasini va artilleriyasini tezda jo‘natib, isyonchilarning maqsadini puchga chiqaring. Umid qilamanki, Siz bu iltimosimni bajo etasiz…» (O‘zSSR MDA, f. I-715, op, 1 yed. xr. 63, 48 b.)

Lekin rus qo‘shinlarining tezda Qo‘qonga yetib kelishiga ishonchi bo‘lmagan Xudoyorxon Toshkentga qochmoqchi bo‘ladi.

22 iyul (1875 yili) kuni ertalab ma’lum bo‘ldiki, xonning ikkinchi o‘g‘li Muhammad Aminbek 4000 navkar bilan qo‘zg‘olonchilar tomoniga o‘tibdi va Abdurahmon oftobachining ilg‘or qo‘shinlari Qorovultepaga yaqinlashib qolibdi.

Ertalab soat o‘nlarda Xudoyorxon o‘rdadan chiqib, shahar aholisi uning qochayotganini bilib qolmasligi uchun Katta G‘oziyog‘lik darvozasi tomoniga bormay, qarama-qarshi tarafda joylashgan Mo‘y Muborak darvozasi tomon ravona bo‘ldi. So‘ng Beshariq tomonga jo‘nadi. A. A. Veynberg, M. D. Skobelev va ular yonidagi kazaklar ham Xudoyorxonga qo‘shilishdi. Ular Xo‘jand tomonga qochishdi. Bundan xabar topgan qo‘zg‘olonchilar ularni quvlab ketishadi, ammo yetolmaydilar. Faqatgina 30 aravani qo‘lga tushirishadi. Aravalardan birida xon arxivi bor edi. Uning ahamiyatini bilmagan omma ko‘p hujjatlarni yoqib tashladi.

Xudoyorxonga uning kichik o‘g‘li O‘rmonbek, Otabek noib, mullo Ma’ruf, bir nechta qarindoshlari, jami — 643 nafar kishi, shu jumladan, 350 qurollangan askarlar hamroh edi.

Xudoyorxon Toshkentga kelib Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufman bilan uchrashadi. Ikkinchi kuni esa Xudoyorxon Orenburgga jo‘natiladi. Xudoyorxon keyinchalik Orenburgdan qochib Hindiston orqali Makkaga hajga boradi va Qo‘qonga qaytmoqchi bo‘lib, maxfiy yo‘lga chiqadi. Ammo yo‘lda kasalga chalinadiyu 1884 yili Afg‘onistonda vafot etadi.

Qo‘qon taxtiga Nasriddinbek xon qilib o‘tqaziladi. Bu haqda «Tarixi Farg‘ona» nomli qo‘lyozmada shunday jumlalarni o‘qiymiz: «Marg‘ilonda Sulton Murodbekni Ho‘qandg‘a xon qilmoqchi bo‘lub ahdu paymon qilib turg‘onda Nasrullodin odam borub oftobachig‘a ellik ming tilloga shart qilib, Nasrulloni xon qilmoq muddaosida bo‘lub, zohiri g‘azot botini fasod Nasriddinxonni o‘rdaga xon qilib qo‘yub, o‘zi Russiyaga urushmoqchi bo‘lub Mahramga bordi» (O‘z. FA Sharqshunoslik instituti, qo‘lyozma, inv. № 10117, b. 72).

Bundan xabar topgan Po‘latxon g‘azablanadi va ularga qarshi kurash olib boradi. Mehnatkash xalq uni qo‘llab-quvvatlaydi. Natijada grajdanlar urushi boshlanishiga ozgina qoladi. Xonlikdagi vaziyatni tushungan holda Abdurahmon oftobachi Turkiston general gubernatorligiga qarshi chiqadi, Qo‘qon xonligining eski chegarasini tiklash bahonasida g‘azovot e’lon qiladi. Bundan ko‘zlangan asosiy maqsad — xalqni bir bayroq ostiga birlashtirib, tashabbusni o‘z qo‘liga olish va Po‘latxonni siyosiy maydondan chetlatib undan qutulish edi.

Shu bosqichda Po‘latxonning dunyoqarashida tub o‘zgarish bo‘ldi. Katta lavozimdagi feodallar xalq manfaatini mensimasdan, faqat o‘z manfaati uchun ming-minglab mehnatkashni qurbon qilishga tayyorligini tushundi.

Po‘latxon (Mullo Ishoq) Toshkentga qarshi yurish boshlaganda rus qo‘shini kuchliligini yaxshi bilardi. Ammo mavjud vaziyatda Po‘latxon g‘azovotga qarshi chiqa olmas edi. Chunki aholi islom kuchi bilan g‘ayridinlar ustidan g‘alaba qozonamiz, deb o‘lardi.

Po‘latxon g‘azovotga qarshi bo‘lsa-da, lekin uni rasmiy ravishda ma’qullashga majbur bo‘ldi: dastlabki oylarda u sust harakat qildi va janglarga o‘z qo‘shinini olib kirmadi. Chunki safdoshlarini saqlab qolishi shart edi.

Qo‘qonliklar avval Qurama uezdini ozod qilmoqchi bo‘ldilar: o‘sha tomonga 2000 qurollangan kishini jo‘natdilar. Ulardan 1000 nafari Abliqqa, 500 tasi Bo‘kaga, qolgan 500 nafari Qoraqiyaga keldi. Bulardan tashqari, yana bir necha otryadlar Oqcha qishlog‘idan Parkentga o‘tmoqchi edi; Qo‘shrabot yuqorisida ham qurolli navkarlar shay bo‘lib turishardi.

7 avgust (1875) kech soat 5 da bu haqda general Golovachyovga xabar berishadi. Abliq qishlog‘ining oqsoqoli esa qo‘qonliklarning soni 10 mingga yaqin edi, deb taxmin qiladi. Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufman bu xabarni bilib, tez sur’at bilan 1-o‘qchi batalonni, 4-otliq artilleriya bilan 400 kazakni qo‘qonliklarga qarshi jo‘natadi. Bundan keyin Sankt-Peterburgga telegramma yuboradi. 10 ming qo‘qonlik Turkiston general-gubernatorligiga hujum qildi, deb ta’kidlaydi va qo‘qonliklarga qarshi urush olib borish uchun 200 ming so‘m pul qarz olishga ruxsat so‘raydi. Telegrammani Rossiya imperatoriga ko‘rsatishadi. U esa 10 ming raqamining yoniga: «Ehtimol bo‘rttirilgandir», 100 ming so‘mning yoniga esa: «Bajarish kerak», deb yozib qo‘yadi. Bu esa urushga rasmiy rusxat edi.

9 avgust (1875 yili) kuni K. P. Kaufman buyruq chiqaradi, rasmiy urush boshlanadi. Chor Rossiyasi qo‘shinlari bilan qo‘qonliklar o‘rtasida harbiy to‘qnashuvlar ro‘y beradi. Birinchi jiddiy jang O‘rg‘ozi darasida bo‘ladi. U yerda 800 qo‘zg‘olonchi turardi. Polkovnik Yegashtin 100 askar bilan hujum qilib, 500 kishini halok etadi, tirik qolganlar esa qochib qutulishadi.

13 avgustda (1875 yili) Turkiston general-gubernatori, general-ad’yutant K. P. Kaufman qo‘qonliklarga murojaatnoma yuboradi. Unda: «Sizlarning boshliqlaringdan biri ruslarga qarshi urush boshladi. Bu urushdan nima chiqqanini bilasizlar. Aslida, men sizlarni jazolashim kerak. Lekin agarda siz qo‘qonliklar qipchoq va qirg‘iz xalqining dushmani bo‘lmish buzg‘unchi oftobachini ushlab menga topshirsalaring, men sizlarning gunohlaringdan o‘taman. Faqat shundagina men sizlarga to‘la «omonlik» e’lon qilaman» (O‘z. SSR M. D. A., f. I-715, op. 1, yed. xr. 63, l. 160) deyilgan.

Biroq murojaatnoma hech qanday ta’sir qilmaydi. Aksincha, barcha shahar va qishloqlar qo‘zg‘olonchilarga qo‘shiladi. Oftobachi xalqqa tug‘ va nishonlar beradi, qurollantiradi.

14 avgustda Abdurahmon oftobachi qo‘shinini Sarimovich qo‘mondonligidagi otryadga qarshi olib chiqib, 4 soat davomida jang qiladi. Qo‘qonliklar mag‘lubiyatga uchraydi.

16 avgustda esa Ajabek bilan Rustambek yigitlariga rus ofitseri Gerua 60 kazak va 800 qirg‘iz askarlari bilan hujum qiladi. (O‘z SSR M. D. A. f. I-715, or. 1, yed. xr. 63, l. 227.)

Rus qo‘mondoni qo‘qonlik qo‘zg‘olonchilarga qarshi ko‘rash davomida qirg‘iz yigitlaridan «unumli» foydalangan edi. Ayniqsa, Shabdon Jontrev o‘z yigitlari bilan jonbozlik qo‘rsatgan. Ular Po‘latxon qo‘zg‘olonini bostirishda faol qatnashadilar. Bu haqda to‘liq ma’lumotni SSSR Geografiya jamiyati arxivida saqlanayotgan hujjatlarda ko‘rishingiz mumkin (Geograficheskoe obshestvo SSSR, f. 65, op. 1. yed. xr. 11, l. l. 581—588).

22 avgustda (1875 yili) Mahram qal’asi ostonasida juda qattiq jang bo‘ldi. Ko‘plab qo‘zg‘olonchilar o‘ladi, bosqinchilar tomonidan bir shtab ofitseri (A. P. Xoroshxin), 5 oddiy soldat,

1 yigit halok bo‘ldi, yana 1 shtab ofitseri (polkovnik Skobelev) va 7 soldat yaralanadi.

So‘ngra rus qo‘shinlari Qo‘qon tomon yurish qildilar, jangsiz shaharga kirishadi. Abdurahmon oftobachi 31 avgustda K. P. Kaufmanga xat yozib, undan omonlik va tinchlik so‘raydi. Ammo general undan o‘zi kelib taslim bo‘lishini talab qiladi, bunga oftobachi rozi bo‘lmaydi.

Toshkentda yashovchi qozoq biylari Kaufmanni g‘alaba bilan tabriklab adres jo‘natdilar, uning oxirida 12 ta imzo turar edi (SG8IA SSSR, f. 1393, or. 1, yed. xr. 81, l. 522).

General-gubernator K. P. Kaufman marg‘ilonliklarga xat yo‘llab, Po‘latxonni ushlab rus qo‘mondoniga topshirishni talab qildi, ammo bu talab bajarilmaydi, chunki Po‘latxon Marg‘ilondan uzoqqa ketgan edi.

Kaufman qo‘l ostidagi barcha qo‘shinlarini otliq artilleriya bilan birga Abdurahmon oftobachi orqasidan jo‘natadi. Ular qo‘zg‘olonchilarga Mingtepa qishlog‘i yonida yetib olishadi va shiddatli jang bo‘ladi: Qo‘zg‘olonchilar soni 5000 nafar edi. Ular mag‘lubiyatga uchraydi, ko‘pchilik halok bo‘ladi, tirik qolganlari qochib ketadi. Abdurahmoi oftobachi 25 kishi bilan O‘zgantga qochadi. Shu munosabat bilan K. P. Kaufman shunday deb yozgan edi: «Oftobachi qochishga majbur bo‘ldi, unda qo‘shin yo‘q va shuning uchun uning ortidan qo‘shin bilan quvlashning hojati yo‘q. Uning yaqinlari va oz-moz bo‘lsa ham ta’sir etadigan odamlari oldimga bo‘yin egib keldilar» (GPB im. Lenina, otdel rukopisey, f. 169, op. 65, yed. xr, 26, l, 1). K. L. Kaufmanning so‘ziga qaraganda, unga eng yaqin yordam ko‘rsatgan va qimmatli maslahatlar bergan shaxs Mirzo Hakim parvonachi bo‘lgan. Shuning uchun rus imperatoridan unga general-mayor unvoni berishni iltimos qiladi.

21 sentyabr (1875 yili) K. P. Kaufmanga Marg‘ilon shahrining qozi-raisi Mullo Muhammad Ali va Boqi Muhammad dodxo xabar berishadiki, Po‘latxon 400 kishi bilan tog‘da turgan emish aa turli joylarga ishonchli odamlarini jo‘natib, aholiga qo‘zg‘olonchilarga qo‘shilishni taklif etishmoqda ekan.

Abdurahmon oftobachining mag‘lubiyatga uchraganiga sabab — u Po‘latxondan yuz o‘giradi, Nasriddinbekni xon qilib ko‘tardi. Natijada qo‘qonliklarning kuchi ikkiga bo‘linib qoldi va bir-birlarini g‘ajiy boshladilar.

22 sentyabr (1875 yili) Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufman Marg‘ilon shahriga Nasriddinxonni chaqirib, 22 moddadan iborat bitimga imzo chektiradi. Bunga binoan Qo‘qon xonligining Sirdaryoning o‘ng sohilidagi barcha yerlari, shahar va qishloqlar Turkiston general-gubernatorligiga o‘tdi. Shu munosabat bilan yangi chegara belgilab chiqildi. Bundan tashqari, Qo‘qon xonligi har yili 500 ming so‘mdan tovon to‘lashi shart edi. Bitimda bir necha kamsituvchi shartlar bor edi. Bu ham kamlik qilganday, qo‘shimcha shartnoma tuzildi, rus qo‘shinlari Marg‘ilonga yaqinlashayotganda Abdurahmon oftobachi 10 ming qurollangan kishilar bilan shahar yonida turganligini, marg‘ilonliklar esa ularga qarshi chiqmaganliklarini bahona qilib, Marg‘ilon viloyati aholisiga qo‘shimcha 125 ming tillo (500 ming so‘m) jarima solindi. Oqibatda mehnatkash xalqning sabr kosasi to‘ldi. Xalq Po‘latxon atrofiga jipslashdi. Rus qo‘shinlari ketishi bilanoq marg‘ilonliklar qo‘zg‘olon ko‘tardilar.

Abdurahmon oftobachi Po‘latxonning «xon»ligini tan olib, u bilan yarashdi va o‘z tarafdorlari bilan qo‘zg‘olonchilarga qo‘shildi.

General M. D. Skobelevning so‘ziga qaraganda, shu vaqtda ikki kuch birlashib, ruslar «bosib olgan xonlik yerlarini» qaytarib olmoqchi bo‘lishadi. Bundan yaqqol ko‘rinib turibdiki, qo‘zg‘olonning yangi bosqichi milliy ozodlik xarakteriga ega bo‘lib, u mo‘stamlakachilarga qarshi» urush edi, deb aytishadi va uni «reaktsion» deb baholashadi. Bu mutlaqo noto‘g‘ri fikr. Chunki chor Rossiyasi amaldorlariyu general Trotskiy ham xuddi shunday fikrni ilgari surgan edilar.

Arxiv ma’lumotlarga qaraganda, Po‘latxon bilan Abdurahmon oftobachi birlashgandan so‘ng, andijonliklar Nasriddinxonga qarshi qo‘zg‘olon ko‘taradilar. O‘sha paytda Aidijon shahrida rus vakillaridan A. L. Kun va Petrovskiy bor edilar. Shuning uchun general Trotskiy: «Qo‘zg‘olon rus vakillariga qarshi ko‘tarildi», degan bahonada Andijonga hujum qilmoqchi bo‘ladi. Aslida esa, A. L. Kunning guvohlik berishicha, «Bu g‘alayonning, mening komil ishonchimga ko‘ra, bizga dahldorligi va hech qanday aloqasi yo‘q edi» (A. L. Kun. Ocherk Kokandskogo xanstva, otdelniy ottisk iz Izvestiy IRGO, SPB., 1876, t. XIS s. 3).

Andijon shahrida o‘zbek, qirg‘iz va qipchoqlar yig‘ilishib, «shaharni oxirgi kuchimiz qolguncha himoya qilamiz», deb qasamyod qilishadi.

Marg‘ilon shahrining aholisi iltimosiga binoan, Po‘latxon 1000 otliq askarni Marg‘ilon shahriga jo‘natadi. Marg‘ilon to‘rasi esa ularga o‘zining 2000 otliq yigitlarini qo‘shib, Sulton Murodbek qo‘shiniga qarshi yuboradi. Ikki qo‘shin o‘rtasida jang bo‘ladi. Qo‘zg‘olonchilarning omadi kelmaydi. Lekin 2—3 kundan keyin Sulton Murodbek qochishga majbur bo‘ladi, qo‘shini esa tarqalib ketadi, bir qismi esa Po‘latxon tarafiga o‘tadi.

1 oktyabr kuni (1875 yili) ertalab soat 8 da general-mayor Trotskiy Andijon shahrini zabt etadi. Jangda rus askarlaridan 2821 kishi qatnashadi (Toshkentni bosib olishda 1952 kishi qatnashgan edi). Hujum payti rus qo‘shinlaridan 7 kishi halok bo‘ladi, 59 kishi esa yaralanadi.

Rus qo‘shinlari kunduzi soat 2 da shahardan qaytib chiqishadi.

Qo‘qon shahrida ham qo‘zg‘olonga tayyorgarlik ko‘rilmoqda edi. Bundan xabar topgan K. P. Kaufman 2 oktyabrda (1875 yili) Nasriddinxonga xat yozadi. Qo‘zg‘olon boshliqlaridan savdogar Mirolim, xazinachi Mirzaolim shig‘ovul, Mullo Abdullo Karim va Mahmudxon udaychini hibsga olib, lozim topilsa, «ularni qatl etishga buyruq» berish taklif etiladi. Nasriddinxon Mirolim va Mullo Abdullo Karim shig‘ovulni hibsga oladi. Mahmudxon to‘rani esa akasi Muhammad Saidxon bilan birga K. P. Kaufman ixtiyoriga jo‘natadi va general-gubernatorga: «Xohlasangiz Sibirga jo‘nating, istasangiz qatl eting», deb xat yozadi (SGA UzSSR, f. I-715, op. 1, yed. xr, 64, ll. 58—73). Bundan Qo‘qon aholisi norozi bo‘ladi.

9 oktyabr (1875 yil) kuni zrtalab Qo‘qon shahrida qo‘zg‘olon boshlanadi. Qo‘zg‘olonchilar xon o‘rdasiga hujum qilishadi. Bu hujum 3 soat davom etadi. Nasriddinxon o‘rdadan qochib ketishga majbur bo‘ladi. Qo‘zg‘olonda shahar atrofidagi qishloq aholisi ham faol ishtirok etadi. Jangda Otabek noib halok bo‘ladi. Sulton Murodbek asirga olinadi, Mirza Hakim parvonachining uyi talon-taroj qilinadi va yondirib tashlanadi.

Shunday qilib, Po‘latxon Qo‘qon xonligiga yagona hokim bo‘lib qoladi. U iloji boricha Qo‘qon xonligi va Turkiston general-gubernatorligi o‘rtasidagi nizolarni tinch yo‘l bilan hal etishga intiladi, Ammo K. P. Kaufman buni xohlamas edi. Bunga 1875 yil 19 avgustda sodir bo‘lgan voqea yaqqol misol bo‘la oladi.

Turkiston general-gubernatorligiga qarashli qirg‘izlar 19 avgustda Qo‘qon xonligiga tobe yaylovdagi qirg‘iz-qipchoqlarga hujum qilib, ularning tuya va otlarini, 28 o‘tovini olib ketishadi. Qirg‘iz-qipchoqlar Po‘latxondan madad so‘rab murojaat qilishadi. Po‘latxon volost boshliqlari bo‘lmish Karimbek, Dehqonboy, Ahmadbek, Sodiqboy, Karim Mirzo, To‘tibekboy va Nanaylarga xat yozib, o‘g‘irlangan narsa va buyumlarni, tuya va otlarni topib egalariga qaytarishni so‘raydi. «Bunday ahmoqona ishlar ikki davlat o‘rtasida nizo chiqarishi mumkin», deb yozadi. Xat nusxasini Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufmanga ko‘rsatishadi. U: «Oqibatsiz qoldirilsin», deb o‘z qo‘li bilan rezolyutsiya qo‘yadi. (SGVIA SSSR, f. 1393, op. 1, yed. 85, l. 616).

Po‘latxon obro‘si kundan-kun osha boradi. Hattoki Turkiston general-gubernatorligi volostlarida ham qo‘zg‘olonchilar tarafdori ko‘payadi. Ayrim joylarda qurolli chiqishlar bo‘lib, Po‘latxon tomoniga o‘tadilar. Bunga mastchohliklar yaqqol misol bo‘la oladi.

Ayrim tarixchi olimlar Mastchohdagi qo‘zg‘olonni Po‘latxon qo‘zg‘oloniga hech qanday aloqasi yo‘q, u reaktsion xarakterda edi, deb aytishadi. Bu noto‘g‘ri va xato fikrdir.

8 noyabr (1875 yili) kuni mastchohliklar Qo‘qon xonligidagi qo‘zg‘olonga qo‘shilishga qaror qildilar. Ular volost boshqaruvchisi Mirzo Hakimni asirga olib, Qo‘qonga jo‘natishadi va Pildiroq qishloq qozisi Mullo Xo‘jani ham hibsga olishadi. Mastchohliklar Qalandar Miroxunni o‘zlariga boshliq qilib saylaydilar va Po‘latxon nomi bilan Fan, Yag‘nob, Falg‘ar, Qo‘shtut, Mog‘iyonda qo‘zg‘olon ko‘tarishni topshirishadi. Dastlab Mamtich, Vishob, Shabotkibolo, Shabotkipoyon, Darxo‘tchog‘ar va Patut qishloqlari aholisi qo‘zg‘olonga qo‘shilib, pul va oziq-ovqat yuborishadi. Qalandarning obro‘si ayniqsa 12 noyabrdan keyin ko‘tarilib ketadi. Shu kuni Po‘latxon unga to‘qsoba unvoni berganligi haqida yorliq hamda 1200 so‘m pul, 200 ta chopon, 6 ta ot yuborgan edi.

Zarafshon okrugida A. Abramovning buyrug‘iga binoan shtabs-kapitan Arandarenko boshliq jazo otryadi tuzilib, Mastchoh qo‘zg‘olonini bostirishga jo‘natiladi. Ular qarshilik ko‘rsatgan qishloqlarni yer bylan yakson qiliiiadi, aholisini esa yoshu qarini demay ayamasdan o‘ldiradilar.

Masalan, 18 noyabr (1875 yili) kuni ertalab soat 7 da Pichugin boshchiligidagi jazo otryadi Ashaba qishlog‘iga hujum qiladi. Arxiv materiallariga qaraganda, Ashaba aholisi qattiq qarshilik ko‘rsatadi, ular kechirim ham so‘rashmasdan qo‘llarida qurol bilan halok bo‘ladilar, ayollari esa pichoq bilan rus soldatlariga tashlanadilar, ularga tosh otadilar. Aholi yoppasiga, shu jumladan, go‘dak va qariyalar ham o‘ldiriladi, qishloq yoqib tashlanadi (SGA UzSSR, f. I-715, op. 1, yed. xr. 66, l. 201).

19 noyabrda polkovnik Pichugin Asht orqali Oqjarga qaytadi. Mastchohdagi qo‘zg‘olon yana bir necha oy davom etadi, qattiq janglar bo‘lib turadi. 1876 yil 19 dan 20 yanvarga o‘tar kechasi Mastchoh qo‘zg‘olonchilarining boshlig‘i Qalandarbek Madrushka qishlog‘ida asirga olinadiyu tinchlik o‘rnatiladi.

Qo‘qon xonligida esa kurash davom etmoqda edi.

20 noyabrda (1875 yili) Po‘latxon dushmanga qarshi 400 kishini Oqjarga yuboradi, 21 noyabrda esa Mullo Qo‘shay shtabs-kapitan Ionov va unter ofitser Danilovni asirga oladi.

General Skobelev esa 30 noyabrda Go‘rtepa qishlog‘iga hujum qilib, 1500 ga yaqin qo‘zg‘olonchini qochishga majbur etadi, qishloq yoqib tashlanadi.

2 dekabrda Botir to‘raning otliq qo‘shini tor-mor etiladi. Umuman olganda, noyabr-dekabr oylari Pichugin va Meller-Zakomelskiy boshliq jazo otryadlari Namangan va Xo‘jand o‘rtasidagi yerlarni o‘z nazoratiga olishga muvaffaq bo‘lishadi va ikki shahar o‘rtasida muntazam pochta aloqasi o‘rnatiladi.

Ma’lumotlarga qaraganda, Po‘latxon 14 dekabr kuni (1875 yili) Qo‘qon shahriga keladi. Mezang qishlog‘idan xon o‘rdasigacha bo‘lgan yo‘lga gilamlar to‘shalib uni kutib olishadi. 31 yoshli sarkardani xalq olqishlaydi.

General Golovachyov To‘raqo‘rg‘onni shafqatsizlarcha bosib olgani haqida «Tarixi Farg‘ona» nomli qo‘lyozmada ma’lumotlar berilgan. Bu qo‘lyozmaning muallifi o‘shanda 15 yoshda bo‘lib, qonli voqealarni o‘z ko‘zi bilan ko‘rgan. (O‘z. FA Sharqshunoslik instituti, qo‘lyozma, inv. № 10117, b. 74—75.)

General M. D. Skobelev tashabbusi bilan qo‘zg‘olonchi qipchoqlarga qarshi qishki «Ikki suv orasi operatsiyasi» ishlab chiqiladi. «Ikki suv orasi operatsiyasi» asosan qipchoqlarga qarshi qaratilgan bo‘lib, yana bir marta Andijonga hujum qilib, ularning asosiy kuchlarini tor-mor etish ko‘zlangan edi.

General M. D. Skobelev yo‘lida uchratgan barcha qishloqlarni vayronaga aylantirib, 8 yanvar kuni (1876 yili) Andijon ostonalariga yetadi. Qattiq va shiddatli jangda andijonliklar 20 ming odam yo‘qotib mag‘lubiyatga uchraydi. M. D. Skobelev Asaka va Marg‘ilongacha hujumni davom ettirishga ruxsat oladi. 13—18 yanvarda ayrim to‘qnashuvlar bo‘ladi. Ayniqsa, Abdurahmon oftobachi qo‘shinlari bilan bo‘lgan jangda katta talafot ko‘riladi. 19 yanvarda rus qo‘shinlari Andijonga qaytadi.

Po‘latxon qo‘shinlari Marg‘ilonda turgan edi, ammo hech qanday jangda qatnashmaydi. Rus qo‘shinlari ham u bilan jangga kirishmadi.

19 yanvarda (1876 yili) Rossiya harbiy ministri D. Milyutin general-ad’yutant K. P. Kaufman nomiga o‘ta maxfiy telegramma jo‘natadi. Unda Qo‘qon xonligi taqdiri asosan hal qilingan edi. Jumladan, uni bosib olib, Rossiyaga qo‘shishga imperator ruxsat berganligi haqida aytilgan edi. Bundan ilhomlangan Turkiston general-gubernatori K. P. Kaufman barcha kuch-g‘ayratini Qo‘qon xonligini bosib olishga sarflaydi. Ammo telegramma mazmunini hammadan, hattoki o‘z o‘rnida vaqtincha Turkiston general-gubernatori bo‘lib qolgan general Kolpakovskiydan ham sir saqlaydi. K. P. Kaufman esa Sankt-Peterburgga — Rossiya podshosining tug‘ilgan kunini nishonlashga ketgan edi. Uning maqsadi — Qo‘qon xonligini podshoning tug‘ilgan kuniga sovg‘a qilmoq edi. Shunday ham bo‘lib chiqdi.

20 yanvarda esa Abdurahmon oftobachi o‘z elchilarini jo‘natadi, o‘zi 24 yanvarda safdoshlari bilan rus qo‘mondoniga taslim bo‘ladi. O‘z qaramog‘idagi qo‘shinni esa tarqatib yuboradi. Bu hol qo‘zg‘olon tanazzulga yuz tutganini bildirardi.

Po‘latxon bundan xabardor bo‘lib, nihoyatda g‘azablanadi va Abdurahmon oftobachining yaqin qarindoshlarini qatl etadi.

Rus qo‘mondoni Po‘latxon Uchqo‘rg‘onda ekanligini biladi, tezda u yerga kapitan Kuropatkin otryadi yuboriladi. Ular kechqurun soat 10 da manzilga yetib borishadi: qorong‘ilikdan foydalanib, to‘satdan hujum qiladilar va qo‘zg‘olonchilarni tor-mor etadilar.

Oyog‘i singan Po‘latxon 10 kishi bilan qochishga muvaffaq bo‘ladi.

29 yanvar kuni (1876 yili) rus qo‘shini Uchqo‘rg‘ondan Andijonga qaytadi.

2 fevralda (1876 yili) K. P. Kaufman Toshkentga telegramma jo‘natadi va Qo‘qon xonligini bosib olish hamda markazi Farg‘ona bo‘lgan oblast tashkil etish haqida ko‘rsatma beradi. O‘sha kunlari qo‘qonliklar Nasriddinbekni yana xon qilib taxtga o‘tqazadilar. Telegrammadan xabarsiz general M. D. Skobelev yangi xonni tabriklaydi. Bu hol yangi xonni tan oldi degan gap edi. General Kolpakovskiy sarosimaga tushib qolib, K. P. Kaufmanga telegramma jo‘natadi, Nasriddinbek xon bo‘lganligi haqida xabar beradi. 4 fevralda K. P. Kaufman qaytadan telegramma jo‘natib, buyruqni bajarishni talab qiladi, buyruqning nusxasini M. D. Skobelevga ham yuboradi. Natijada rus qo‘shinlari Qo‘qon xonligiga hujum qiladi. 7 fevralda (1876 yili) Yakkamulla qishlog‘ida Nasriddinga bu haqda aytishadi. U esa dushmanga hech qanday qarshilik ko‘rsatmaydi.

8 fevral kuni (1876 yili) rus qo‘shini Qo‘qon shahriga kiradi, 9 fevral kuni esa Botirto‘ra va Abdumo‘minlar hibsga olinadi. 19 fevralga o‘tar kechasi Po‘latxon qirg‘izlar tomonidan asirga olinib, rus qo‘mondoniga topshiriladi.

19 fevralda (1886 yili) harbiy ministr D. Milyutin Qo‘qon xonligi Rossiyaga qo‘shib olinib, o‘rnida Farg‘ona oblasti tuzilganligi haqida rasman e’lon qiladi.

1 mart kuni (1876 yilda) esa Marg‘ilon shahrida 33 yoshli xalq ozodlik qo‘zg‘olonining namoyandasi Mullo Ishoq Hasan o‘g‘li (Po‘latxon) dorga osib o‘ldiriladi.

Po‘latxon qatl ztilgandan keyin qo‘zg‘olon tarqoq holda bo‘lsa-da davom etaverdi. Qo‘zg‘olonchilardan ma’lum qismi (nisbatan kamchilik bo‘lsa ham «Oloy malikasi» nomi bilan mashhur bo‘lgan qirg‘iz ayoli — Qurbonjon dodxo va uning to‘rt o‘g‘li boshchiligida mustamlakachilarga qarshi to 1876 yilning oxirigacha kurashdilar. Noyabr oyining oxirida general M. D. Skobelev Qurbonjon dodxo bilan shaxsan uchrashadi va bu ayolning talablariga rozi bo‘lgandan keyingina Qurbonjon dodxo kurashni to‘xtatadi. K. P. Kaufman yanvarda (1877 yili) Sankt-Peterburgga Farg‘ona oblastida tinchlik o‘rnatilganligi haqida telegramma jo‘natadi.

Umuman olganda, Po‘latxon qo‘zg‘oloni progressiv xarakterga ega milliy ozodlik harakati bo‘lib, uning asosiy harakatlantiruvchi kuchi mehnatkash omma edi.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1989 yil, 11-son

 Xurshid DAVRON
TARIX MEZONI HAQIQATDIR
0023

Ashampoo_Snap_2016.09.26_21h23m24s_001a.png

Tarixdagi har bir ijtimoiy yuksalish jamiyatning o‘z merosiga, o‘z o‘tmishiga bo‘lgan munosabatini isloh qilishdan boshlangan. Faqat shundagina haqiqiy ma’noda inqilobiy o‘zgarishlar ro‘y berishi mumkin. Zero, o‘tmish saboqlari zamonaviy taraqqiyot uchun xizmat qiladi.

Nihoyat, tarix «ilmi»da hukmronlik qilgan juda ko‘p noto‘g‘ri aqidalar yukidan qutuladigan, ularni qayta ko‘rib chiqadigan vaqt keldi.

O‘tgan yilning oxirida bo‘lib o‘tgan xalq ta’limi xodimlarining Butunittifoq s’zdida SSSR xalq ta’limi Davlat komitetining raisi G. Yagodin: «Sotsialistik internatsionalizm bemillat emas. U milliy iftixor, ilg‘or tarixiy an’analar, ona tilini hurmat qilish asosida quriladi. Bu sohada ko‘pgina masalalar yig‘ilib qoldi. Masalan, «SSSR tarixi» darsliklari ma’lum darajada hamon rus xalqining, rus davlatining tarixi bo‘lib qolmoqda» deb, bu boradagi kamchiliklarni yangicha tafakkur asosida haqqoniy tanqid qildi. Xuddi ana shunday fikrni «Pravda» gazetasi sahifasidayam o‘qish mumkin: «Lavhalarida: «Boshqalarni tahqirlab, o‘zing yuksal!» deb yozilgan biror din yo‘q. Ammo ayrim g‘oyalar, siyosiy yo‘nalishlar asosida aynan mana shu qabih fikr yotganiyam aniq. O‘z xalqini osmonga ko‘tarib, boshqa xalqni haqoratlagan hollarni san’at, adabiyot va tarix fanidayam uchratish mumkin. Toki bu chirkin yo‘nalish harakatda ekan, tarix fani ibtidoiy, yovvoyi etnotsentrizm manbai bo‘lib qolaveradi. Madaniyat bunday qarash bilan kurashgandagina chiniqadi. Faqat madaniyat emas, shaxs ham chiniqadi. Bugungi juda ko‘p ijtimoiy illatlarimiz o‘zini boshqalar hisobidan ulug‘lash samarasi emasmi?

Bugungi siyosat ham tarixdan o‘sib chiqqan, uni tarix shakllantirgan. Shuning uchun ham bugun biz millatlararo munosabatlar, ittifoqimizdagi muammolar haqida gapirar ekanmiz, mana shu asosiy amalni unutmasligimiz kerak. Bugungi juda ko‘p ijtimoiy falokatlarning idizi regional tarix fanidan ozuqa oladi». («Pravda», 1989 i. 27-soni.)

O‘zbekiston tarixida yangicha tafakkur bilan qarash zarur bo‘lgan masalalarning biri — O‘rta Osiyoning, xususan, bugungi O‘zbekiston territoriyasiga kirgan yerlarning Rossiya tomonidan zabt etilganiga bag‘ishlangan axborotlarda tez-tez uchraydigan «oq dog‘»lardir. Po‘latxon qo‘zg‘oloniga bag‘ishlangan maqola shu yo‘nalishdagi ilk qadam, albatta. Biz ushbu maqola munosabati bilan mustamlakachilik siyosati to‘g‘risida darsliklarda bayon etilgan ayrim bahsli o‘rinlarga baholi qudrat oydinlik kiritishga harakat qilamiz.

O‘rta maktab darsliklarida bu masalaga biryoqlama baho berilgan. Qizig‘i shundaki, yurtimizga yunon, arab, mo‘g‘ul bosqinchilari tajovuz qilganlaridan so‘ng ro‘y bergan qirg‘in-barotlar aniq va ravshan tasvirlanadi. Darhaqiqat, bu fojialarning har biri O‘rta Osiyo xalqlari uchun og‘ir asoratlar qoldirgan. Chor Rossiyasining O‘rta Osiyoga bosqinchilik siyosati beozor bo‘lganmi, degan haqli savol tug‘iladi. Zo‘ravonlik, ba’zi bir tarixchilar ta’kidlagandek, haqiqatan ham zabt etilgan o‘lkalarga yorug‘lik olib kelgani rostmi? Biz — realistlarmiz: haqiqatga tik qaraymiz va «Yevropa xalqlarining jallodi» (V. I. Lenin iborasi) bo‘lmish chirkin imperiya bilan jafokash rus xalqi hech qachon bitta chashmadan suv ichmaganini yaxshi bilamiz. Va yana shu narsani bilamizki, rus xalqining asl farzandlari yuz yillar davomida chorizmga qarshi kurashganlar, jonlarini fido etganlar!

Chorizm bosqinidan so‘ng O‘rta Osiyo xalqlari boshida o‘ynab turgan zulm qilichi paydo bo‘ldi. Chor hukumati ulug‘ davlatchilik siyosatini og‘ishmay amalga oshira boshladi. Bosqindan so‘ng Turkiston o‘lkasi Rossiya sanoatining mollari sotiladigan va unga xomashyo yetkazib beradigan tekin manbaga aylantirildi. O‘lka aholisi podsho hukumatining ma’murlari tomonidan ham, olchoq mahalliy boylar tomonidan ham ayovsiz ezildi. V. I. Lenin so‘zi bilan aytganda, «Turkiston chinakam mustamlaka»ga aylandi.

Rus burjuaziyasi vakillari Rossiya sanoati va savdosi jamiyati majlislarida og‘izlarini to‘ldirib, uyatni unutib hukumatni adolatsizlikka da’vat qilardilar. «Bo‘shab qolgan sandiqlarimizni to‘ldiruvchi xazina G‘arbda emas, u bizning O‘rta Osiyodagi mulklarimizda joylashgan», deb jar solardilar. Ular, Lenin ta’biri bilan aytganda, «Vatan sanoati» uchun o‘t va qilich yordami bilan yangi bozorlarni qo‘lga kiritish yo‘lida «vatanparvarlik siyosatini olib boradigan» kuchli hokimiyat bo‘lishini istardilar… va «ulug‘» kapitalistik Rossiyani yaratish ustida… qo‘lni qo‘lga berib ishlashga tayyor» edilar.

Juda ko‘p tarixchilar K. Marks va F. Engelsning Angliya o‘z mustamlakasi bo‘lmish Hindistonda «ikki missiyani: ham vayron qiluvchi, ham yaratuvchilikni bajardi», degan so‘zlarini pesh qilib, Rossiya ham O‘rta Osiyoda shu vazifani o‘tadi, deb o‘sha davr bosqinchilik siyosatini yoqlaydilar. Holbuki, Marks ham, Ekgels ham chor hukumatining zo‘ravonligini hech qachon qo‘llab-quvvatlamaganlar. Xuddi mana shuning uchun ham rus tilida nashr etilgan tanlangan asarlaridan ularning «XVIII asr diplomatiyasining yashirin tarixi» asari o‘rin olmagan. Buni faqat proletariat dohiysining chor Rossiyasi bosqinchilik siyosatiga bergan achchiq baholari bugungi sovet (ya’ni, marksistik nuqtai nazarga asoslangan) tarix fanida hukmron bo‘lgan aqidalarga to‘g‘ri kelmagani bilan izohlash mumkin, xolos.

Yillar davomida, ayniqsa, «Stalin — tarix fanining otasi» deb rasmiy e’lon qilingandan so‘ng rus podsholari, knyazlari, lashkarboshilari faqat ijobiy tarzda tasvirlanib kelindi. Hatto mustamlakachilik iskanjasiga tushib qolgan o‘lka xalqlari boshiga solingan jabr-zulm, iqtisodiy qashshoqlik, haqida rus tarixchilari ochiq-oydin yozgan bo‘lsalar ham, lekin 30-yillarning o‘rtalaridan boshlab chor Rossiyasining mustamlakachilik siyosati to‘g‘risida faqat ijobiy ma’noda yozish temir qonunga aylandi. Bu hol faqat olimlarning ilmiy asarlariga xos bo‘lsa mayli edi, aksincha, darsliklarda, kinofilmlarda, ilmiy-ommabop kitoblardayam noto‘g‘ri tashviqot avj oldirildi va avlodlar ongi zaharlab kelindi. Bunday tendentsiya adabiy asarlardayam mavjudligi kishini tashvishga soladi: ikki-uch yil avval men A. Gorbovskiy va Yu. Semyonov qalamiga mansub «O‘q uzmasdan» nomli kitobni o‘qigan edim. Mualliflar Buxoro amiri ishonchini qozonishga ulgurgan rus josusi Benevenini fosh etgan toshkentlik Xo‘ja Raim ismli savdogarni «chaqimchilikda, ayg‘oqchilik»da ayblashadi. Xo‘ja Raim o‘zining vatanparvarlik burchini bajargani mualliflarning xayoliga ham kelmaydi.

Eng ajablanarlisi shundaki, Afrika, Osiyo, Lotin Amerikasi xalqlarining ingliz, frantsuz, ispan va boshqa mustamlakachilarga qarshi qaratilgan kurashi, hatto ular mahalliy hukmdorlar tomonidan boshqarilgan bo‘lsa-da, ijobiy baholangani holda, chor Rossiyasiga qarshi qaratilgan har qanday xalq harakati to‘la (ayrim o‘rinlari albatta millatchilik, milliy mahdudlik rangi bilan bo‘yalib) qoralanadi. Bu faqat zararli tashviqot bo‘lmasdan, balki xalq harakatlarining qutlug‘ g‘oyalarini haqorat qilishdir. Menimcha, tarixni soxtalashtirayotgan olimlar bilib-bilmay ulug‘ davlatchilik g‘oyalariga xizmat qilishayotganini tushunishlari kerak. Ular sotsialistik davlat asoschisining: «Ezilgan millatning har bir burjua millatchiligida zulmga qarshi bo‘lgan umumdemokratik mazmun bor, biz ana shu mazmunni mutlaqo yoqlar ekanmiz; milliy mumtozlik yo‘lidagi harakatni jiddiy ravishda ajratib ko‘rsatamiz», degan so‘zlarini hech qachon unutmasliqlari kerak va ezilgan millatlarning harakatlarida mana shu «umumdemokratik mazmunni» ko‘ra bilsalar yomon bo‘lmasdi.

Shu paytgacha biz rus samoderjaviesi bilan rus xalqi degan tushunchalarni bir-biridan ajratmagan holda, ularni bir-biriga teng qadriyat sifatida qabul qilganimiz uchun ham chor Rossiyasi siyosatiga qarshi qaratilgan har qanday tanqidiy fikrni rus xalqiga qarshi qaratilgan deb keldik. Bu g‘ayriilmiy, stalincha milliy siyosatning o‘q tomiri necha avlodlarni nobud etdi, necha onglarni zaharladi. Tarix fanidagi dahshatli asoratdak tezroq qutulish kerak. O‘zaro ishonchsizlik keltirib chiqaruvchi bu qarash do‘stligimiz daraxti ildizlarini kemiradi, xolos. Ajoyib rus adibi Boris Vasilev «Rossiyani kulfatdayam sev» maqolasida («Izvestiya», 17—19-sonlar, 1989 y.) sovet tarix fanidagi bunday g‘ayriilmiy g‘oyalarni qotib qolgan toshlarga o‘xshatadi. Xususan, u Rossiya tarixiga tegishli har qanday salbiy oqibatni, chunonchi, asrlar bo‘yi davom etgan rus milliy qoloqligini (jumladan, siyosiy qoloqlikni), faqat tashqi ta’sirga — mo‘g‘ullar istibdodi bilan bog‘lashga urinishlarni keskin qoralab, sovet tarixi fanida yangicha tafakkur tezroq amalga oshirilishi zarurligini ta’kidlaydi.

Chor Rossiyasi, Lenin yozganidek, «xalqlar turmasi» bo‘lganini, turmada esa har qanday erkin fikr bo‘g‘ilishini, unda erkin odamlar emas, faqat mahbuslar saqlanishini unutmasligimiz kerak. Bu turmada 63 million (47 protsent) rus bo‘lmagan xalqlar va elatlar yashardi va ular ulug‘ davlatchilik g‘oyasi bilan zaharlangan hukmdor sinf vakillari tomonidan dahshatli tarzda ezilardi. Masalan, mustamlaka Turkiston mehnatkashlariga solingan soliq (1869 yilga nisbatan) 1890 yilga kelib 5 marta, 1910 yilga kelib 10 marta oshdi. Chor hukumati o‘zbek dehqonlari yerlarini zo‘rlik bilan tortib olish siyosatini yurgizardi. Samarqand, Farg‘ona va Sirdaryo oblastlarida mavjud 63,9 million desyatina yerning 58,6 million desyatinasi rus hukumatiga tegishli edi. «Soliqlarni oshirib borish siyosati vositasi bilan chor hukumati Turkiston qonini so‘rib yotardi», deb yozadi tarixchi 3. D. Kastelskaya «Turkiston o‘lkasi tarixidan» kitobida. Ajabki, o‘sha paytlari ham chor amaldorlari: «Turkiston rus millionlarini bekorga yeb yotibdi», degan gap tarqatgan edilar, lekin bunday bema’ni gapni biror bir tarixiy hujjat tasdiqlamaydi. Chamasi, mish-mishlar mahalliy xalqning shafqatsizlarcha talanayotganini yashirish uchun o‘ylab topilgan g‘oyaviy «barrikada» edi. Qo‘rqoq (fosh bo‘lishdan qo‘rqqan) oldin musht ko‘tarar, deganlari shu bo‘lsa kerak.

Mustamlaka o‘lkadagi chor amaldorlari orasida poraxo‘rlik ham juda avj olgan edi. Masalan, Sirdaryo oblastining harbiy gubernatori Golovachyov mahalliy aholini shu darajada talagan ediki, hatto oq podsho o‘zining nufuzli vakilini sudga topshirishga buyruq bergan. Biroq keyin uning harbiy xizmatlari e’tiborga olinadiyu poraxo‘r amaldor jazolanmaydi. Uezd boshlig‘i Bikchurin esa bir soliqni aholidan 4 marta yig‘ib oladi…

Ammo chor hukumati davrida qonun yo‘q edi deb bo‘lmasdi: oddiy dehqonlar bir chaqa uchun qamoqqa tashlanardi. Yana mavjud qonunga muvofiq shu yerlik aholi alohida maxsus tartib bilan boshqarilishi talab qilinadigan, aniqrog‘i — oddiy grajdanlik huquqlarigayam ega bo‘lmagan odamlar hisoblanardi. O‘z elida huquqsiz bo‘lgan xalqning ahvolini turmadagi hayotga qiyoslash mumkin edi: Toshkentdagi katta ko‘chalarda o‘zbeklarning milliy kiyimlarda yurishi qattiq taqiqlanardi. Tramvaylarda esa o‘zbeklar uchun alohida, o‘rindiqsiz maydonchalar ajratilgan edi. Shunga qaramay, ulug‘ davlatchilik g‘oyasining maddohlari uyatni yig‘ishtirib qo‘yib: «Bizning zabt etilgan xalqlarga nisbatan o‘tkazayotgan siyosatimiz teng huquqlilikka asoslangan. Kuni kecha bosib olingan Toshkent, Samarqand aholisi o‘sha zahoti Moskva grajdani bilan huquqda tenglashadilar», deb olamga jar solardilar. V. I. Lenin Rossiyadagi o‘sha davr siyosatini baholab shunday yozgan edi: «Hukumat siyosati, burjuaziya qo‘llab-quvvatlayotgan pomeshchiklar siyosati boshdangoyoq qoraguruhchilik ruhidagi millatchilik bilan sug‘orilgan siyosatdir». Bu fikrni O‘rta Osiyoni zabt etishda jonbozlik ko‘rsatgani tufayli o‘ttiz to‘rt yoshida generallik unvoniga erishgan M. D. Skobelevning uchiga chiqnan qoraguruhchi M. N. Katkovga yozgan maktubidagi: «Butun O‘rta Osiyoni mustahkam va foydali ittifoq evaziga Angliyaga berib yuborish mumkin», degan jumlalari tasdiqlab turibdi.

O‘rta Osiyo xalqlarining qadim madaniyati jahon taraqqiyotida muhim o‘rinlardan birini egallagani shak-shubhasizdir. Bu o‘lka dunyoga Al Farg‘oniy, Forobiy, Beruniy, Xorazmiy, Ibn Sino, Navoiy, Ulug‘bek, Bobur va boshqa juda ko‘p buyuk mutafakkirlarni bergan, ayni vaqtda rus bosqini oldidan ham o‘zining kuchli san’ati, adabiyoti va ilmu fani bilan ajralib turardi. Shu sababdan bugun 1897 yilgi aholini ro‘yxatga olish ma’lumotlariga asosan tojiklarning 99,5; qirg‘izlarning 99,4; turkmanlarning 99,3; o‘zbeklarning 98,4; qozoqlarning 97,9 foizi savodsiz bo‘lgani haqidagi ma’lumotni to‘g‘ri baholashimiz kerak. Shu paytgacha bu hisob-kitob o‘lkada tashkil etilgan rus-tuzem maktablarida ta’lim olgan bolalar soniga nisbatan olingani jo‘rttaga aytilmasdi. O‘lkadagi eski maktablarda, madrasalarda ta’lim olayotgan yoshlar, ichkarida otinbibilar qo‘lida xat-savod chiqarayotgan xotin-qizlar esa umuman «sanoqqa» qo‘shilmasdi. Vaholanki, 1897 yili Samarqandning o‘zida bitta rus-tuzem maktabi bo‘lgani holda, 21 madrasa, 83 maktab yoki Buxoroda o‘sha yillarda 103 madrasa bo‘lgani tarixdan ma’lum-ku! Shuning uchun ham 1900 yilda «Vestnik vospitaniya» jurnalida e’lon qilingan: «O‘rta Osiyo va Qozog‘iston aholisini to‘la savodxon qilish uchun 4600 yil kerak», degan ahmoqona mulohazani hadeb pesh qilavermaslik kerak. Tatar olimlari o‘rganib chiqqan ma’lumotlarga binoan, Turkiston mustamlakaga aylantirilgandan so‘ng maorif ishi oldinga emas, orqaga ketgan ekan. Buni Turkiston general-gubernatorlaridan biri bo‘lmish general N. A. Kuropatkinning o‘z kundaligida bitgan: «Biz mahalliy aholini 50 yil davomida taraqqiyotdan, maktab-maorifdan va rus hayotidan chetda saqladik», deb bitgan so‘zlari ham tasdiqlamaydimi? Rus tarixchisi va etnografi V. Nalivkin esa 1913 yilda hukumat tomonidan ochilgan rus-tuzem maktablari hech qanday natija bermayotgani haqida yozadi: Samarqand, Farg‘ona va Sirdaryo oblastlaridagi 143 rus-tuzem maktablarida 8961 o‘quvchi ta’lim oladi, xolos — bu aholining 0,17 foizini tashkil qilgan. Mustamlaka yillari davomida maorif ishiga ajratilgan mablag‘ umum xarajatning 0,7 foizidan 2,33 foizigacha «o‘sib» borgan. Agar biz haqiqatdan ko‘z yumib, Rossiya O‘rta Osiyoga maorif keltirdi, deb aytsak, to‘g‘ri bo‘larmikan?

Yuqorida aytib o‘tilgan va chor Rossiyasining zulm-istibdodga asoslangan siyosatini fosh qiluvchi boshqa dalillar o‘sha davrda mahalliy xalqning ahvoli juda og‘ir bo‘lganini ko‘rsatib turibdi. Shuning uchun ham xalq orasida chor hukmdorlariga nisbatan bo‘lgan qahru g‘azab kuchayib borgani tabiiy. Juda ko‘p hollarda istibdodga qarshi xalq qo‘zg‘olon ko‘tarardi. Mana shunday harakatlarning biri Po‘latxon qo‘zg‘oloni bo‘ldi. Maqola muallifi: «Bu qo‘zg‘olonga baho berishda shu kunga qadar tarixchi olimlar o‘rtasida birlik yo‘q. Biri uni xalq harakati, ikkinchilari reaktsion harakat, uchinchilari milliy ozodlik urushi, to‘rtinchilari o‘zaro feodal urush, beshinchilari esa hech qanday baho bermay kelmoqdalar», deb yozadi. O‘ylashimcha, bu harakatga eng to‘g‘ri bahoni Po‘latxonning dushmani bo‘lmish kishi aytib ketgan; qo‘zg‘olonni bostirishda faol qatnashgan (o‘sha paytda u hali kapitan edi) general Kuropatkin oliy qo‘mondonlikka yuborgan ma’lumotida shunday axborot beradi: «Kurash xon bilan emas, aksincha, yengish juda qiyinlashgan xalq harakati bilan bo‘ldi… Aholi bilan jang qilish esa hamisha mahalliy hukmdorlarga qaraganda juda og‘ir bo‘ladi».

Po‘latxon qo‘zg‘oloni tom ma’noda xalq harakati emas, u eng avvalo ozodlikka chiqish uchun chor hukumati zulmiga va mahalliy feodallarning xalq manfaatlariga zid qilmishlariga qarshi qaratilgandi. Maqolada tilga olingan general Trotskiyning «qo‘zg‘olon rus vakillariga qarshi ko‘tarildi» degan so‘zlarini maqola muallifi yolg‘on so‘zlar deb aytadi. To‘g‘ri, bunga bir oz oydinlik kiritish kerak. Trotskiyning so‘zlari ba’zi olimlarning, yuqorida aytganimizdek, rus mustabid tuzumi bilan rus xalqi o‘rtasida farq yo‘qdek, ularni bir tushuncha sifatida qabul qilishlari oqibatida hujjatdan hujjatga o‘tib, qo‘zg‘olonni qoralovchi dalil o‘rnida foydalanib kelinmoqda. Xo‘sh, general Trotskiy «rus vakillari» deganda, bu o‘lkaga yaxshi maqsadda kelgan olim, sayyoh yoki savdogarni nazarda tutgan edimi? Albatta, yo‘q. Axir, o‘sha paytda bosib olingan yerlarda rus qo‘shinidan, rus mustamlaka qonunlarini o‘rnatishga xizmat qiluvchi amaldorlardan boshqa rus vakillari yo‘q edi-ku! Mustabid generalga esa himoyasiz Andijonga hujum qilishga bahona kerak edi, xolos. Hadeganda bahona topilavermaydi, general bahonani o‘zi to‘qiydi. Bosqinchilar uchun esa pashshaning g‘ing‘illashiyam bahona bo‘lishi mumkin, degan ekan bir sharq donishmandi. Demak, generalning «rus vakillariga qarshi» degan so‘zini «rus bosqinchilariga qarshi» deb tushunish kerak.

Mustabidlar qo‘zg‘olonni qonga botirdilar. Maqolada keltirilgan Ajaba qishlog‘idagi qirg‘in, bu qishloq aholisining mardligi hech qachon xalq xotirasidan o‘chmasligi lozim. Rus harbiylari o‘z erki uchun bosh ko‘targan har bir odamni ayovsiz o‘ldirardilar. 1869 yilning 1 iyunida sodir bo‘lgan Samarqanddagi qo‘zg‘olon taqdiri bunga misol bo‘la oladi. Qo‘zg‘olon bostirilgach, shahar uch kun soldatlar ixtiyoriga topshiriladi, keyin o‘t qo‘yib yuboriladi. Yuzlab odamlar hech qanday so‘roqsiz otib tashlanadi. Bosqinda faol qatnashgan musavvir V. Vereshchagin shunday yozgan edi: «General Kaufmanning hovlimizda o‘tirib olib turli odamlarni jazoga hukm qilgani ko‘z o‘ngimda turibdi; saxovatli Konstantin Petrovich ofitserlar davrasida o‘tirar ekan, hech narsa bo‘lmagandek, bamaylixotir buyurardi: otib tashlansin, otib tashlansin, otib tashlansin». Qonli voqealarni chizishni haddan tashqari sevgan musavvir bu so‘zlarni jazoga tortilayotgan odamlarga achinishdan emas, balki «saxovatli» Konstantin Petrovichning irodasi va qat’iyatiga qoyil qolganini ta’kidlash uchun qayd etadi, albatta.

Qo‘zg‘olon bostirildi. Necha romanlarga mavzu bo‘ladigan Po‘latxon taqdiri fojiali tugadi: o‘z xalqi erki uchun kurashgan 33 yoshli yigit dorga tortiladi. Xalq qonini daryo qilib oqizgan, yo‘lida uchragan barcha qishloqlar kulini ko‘kka sovurgan, tirik jonni — bola demay, ayol demay, qari demay tig‘dan o‘tkazgan general Skobelev esa 1876 yilning 19 fevralida podshoh Aleksandr I hukmi bilan tashkil etilgan Farg‘ona oblastining harbiy gubernatori etib tayinlanadi.

Qo‘zg‘olonning haqiqiy qahramoni xalq edi. Shu sababdan ham «reaktsion mahalliy elementlar bu qo‘zg‘olonni boshqarib turgani, ular Rossiyaning O‘rta Osiyodagi ta’siri kuchayib borayotganidan qo‘rqib, xalqni ko‘targani» haqida ayyuhannos solish asossizdir. Chor hukumatining mustamlakachilik siyosatini yoqlab, ya’ni qo‘zg‘olon ruslarga qarshi qaratilgani uchun xonlik chor qo‘shinlari tomonidan bosib olindi, deb yozgan bir qator tarixchilar o‘z xatolarini anglarmikanlar? Agar anglamagan bo‘lsalar, anglaydigan vaqt yetdi.

Chor hukumati xalq manfaatlariga qarshi borgan va sotqinlik yo‘liga o‘tgan kimsalarni o‘z panohiga olardi. Qo‘zg‘olonga xiyonat qilgan Abdurahmon oftobachi xalq qahridan qochib, Yekaterinoslavda yashaydi va sotqinligi evaziga har yili 3 ming tilla tanga «sadaqa» oladi. Uning o‘limidan so‘ng xotini bilan qiziga «sadaqa» meros qoladi. Mustabidlar xiyonatni juda qimmat baholaydilar. Bunday siyosat mustamlaka o‘lkasida hukm surayotgan har qanday zo‘ravonlik, har qanday jabru zulmdan dahshatli edi. U odamlar ko‘ngliga shubha va xiyonat urug‘larini sochardi. Bunday siyosat kishilar ongida chaquv va ayg‘oqchilik bilan turmushni yaxshilash mumkin, degan tasavvur paydo bo‘lishi uchun xizmat qilardi.

Lenin shunday yozgan edi: «Biz millatlarning ixtiyoriy ittifoqini, bir millat ikkinchi millatga qanday bo‘lmasin zo‘ravonlik qilishga yo‘l qo‘ymaydigan ittifoqni istaymiz, to‘la ishonchga, qardoshlarcha birlikni aniq tushunib olishga, to‘la ixtiyoriylikka asoslanadigan ittifoqni tushunamiz». Lenin vasiyatlari qanday amalga oshirilgani alohida bir maqolaga mavzu bo‘lishi mumkin.

Men faqat chor Rossiyasi yurgizgan mustamlaka siyosatining ayrim belgilari jug‘rofiy nomlarda haligacha saqlanib qolayotgani haqida to‘xtalmoqchiman. Masalan, Toshkentga yaqin bir joyni odamlarimiz hamon shaharni qonga belagan general nomi bilan «Chernyaevka» deb atashadi; Samarqandda esa shaharni bosib olish chog‘ida halok bo‘lgan bosqinchilarga o‘rnatilgan yodgorlik hozir ham qo‘r to‘kib turibdi. Bu haqorat emasmi? Yurtimizga musavvir sifatida emas, bosqinchi sifatida kirib, bir qo‘lida mo‘yqalam ushlab qonli janggohlarni chizganu bir qo‘lida beshotar to‘tib, odamlarni qirgan va bu haqda maroqlanib maktublar bitgan V. Vereshchaginning «ulug‘ rus musavviri» ekanligi pesh qilinib Toshkent ko‘chalarining biriga uning nomi berilganini kim oqlaydi, kim izohlaydi? Nahotki, bu internatsionalizm uchun xizmat qiladi, deb o‘ylaydigan zot hali ham tirik bo‘lsa?

Qayta qurish bo‘roni Stalin qatag‘oni, turg‘unlik yillari bulutlarini tezroq quvishi, dillarimizni yorug‘ nurga — haqiqatga sherik qilishi kerak.

Manba: “Sharq yulduzi” jurnali, 1989 yil, 11-son

045

(Tashriflar: umumiy 1 388, bugungi 1)

Izoh qoldiring