Firuz Mustafo. Eski kitoblar dardi

Ashampoo_Snap_2016.09.26_23h01m53s_004_.png    Бугун «Гулистон» журналининг 2014 йил 3-сонини варақлаб, озарбайжон адиби Фируз Мустафонинг ҳикояси ўқидим. Ўқидиму кейинги йилларда ёзаман деб ўйлаб юрган мавзуни эсладим. Мен ўзимни қийнаб юрган муаммо ҳақида ҳикоя эмас, мақола ёзишни ўйлаган эдим.
Эски китоблар, яъни «Букинистика» дўконларига кирган бўлсангиз, бир пайтлар, хусусан,сўнгги 60 йил ичида нашр этилган эски китобларга назарингиз тушади. Мен бу дўконларда тез-тез кириб тураман. Ўн йилча аввал бир пайтлар топиш муаммо бўлган эски нашрлар пайдо бўлганини, пайдо бўлгандаям уларнинг кўпчилиги битта кутухонадан, аниқроғи бирор олим кутубхонасидан олиб келиб топширилганини англадим. Олим вафот этгач, болалари оталаридан қолган китобларни ўзларига кераксиз юк деб билиб, дўконга топширишган.
Дўконга топширишганига раҳмат. Аммо, олим оталари вафотидан кейин у бир умр тўплаган китобларни ахлатхонага ёки макалатурага топширган фарзандлар ҳам борлигига ишонаман. Сўнгги 20 йил ичида неча раҳматли олим ёки адибнинг кутубхоналари талон-тарож ёки йўқлик комига ташланганига ҳам ишонаман. Бу ҳақда қайсидир газетада бир мақола ўқиганим ҳам эсимда.

Шу ўринда яна бир мудҳиш воқеани эсладим. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг йиллар давомида шаклланган жуда бой кутубхонаси бор эди. Ана шу кутубхона таг-туби билан йўқ қилинди. Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод боғининг бир чеккасида кераксиз деб олиб чиқиб ташланган китоблар қору ёмғир остида ётгани ҳамон кўз ўнгимда. Уларнинг озгина қисмини боғ этагида яшаган айрим адиблар уйларига ташиб, сақлаб қолган (уларга раҳмат) бўлса, қолгани вақт ўтиб нес-нобуд бўлди. Энг даҳшати, мустақиллик арафасида уюшма раҳбарларидан (ўзини миллат ғамхўри деб даъво қилган) бири кутубхонадан русча китобларни йўқотиш ҳақида «амру фармон» берганига нима дейсиз? Бу нодон китобнинг русча ёки ўзбекчаси бўлмаслигини наҳотки тушунмаган бўлса?

Хуллас, ўйлаб қарасам, ёзмоқчи бўлган мақолам мавзуси ҳамон долзарб экан. Бу мақола дарди Фируз Мустафо ҳикоясини ўқиганимдан кейин яна янгиланди.

Хуршид Даврон
2014

Фируз Мустафо
ЭСКИ КИТОБЛАР ДАРДИ
Озарбайжончадан Шаҳло Қосимова таржимаси
07

Ashampoo_Snap_2016.09.26_22h59m57s_003_.png    Таниқли озарбайжон ёзувчиси Фируз Мустафо 1952 йил 18 февралда Гадобой туманидаги Исали қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач,Бокудаги техника билим юртида ўқиди. 1975 йили Озарбайжон педагогика институтининг филология факультетини битирди. Шундан кейин мактабда ўқитувчи,телевидение ва гезеталарда да мухбир бўлиб ишлади. 1980-84 йилларда Озарбайжон ФА фалсафа ва ҳуқуқ институтида фаолият юритди. Кейинчалик «Маорифчи», «Маданият» газеталари бош муҳаррири вазифаларида ишлади.
Фируз Мустафонинг илк насрий китоби 1985 йили нашр этилди. Бугунги кунда адибнинг 40 дан ортиқ китоби чоп этилган. У кўплаб илмий асарлар («Маданият ва фалсафа», «Глобаллашув ва маданият» ва ҳ.к. муаллифи ҳамдир.

07

Улар китоб дўконида учрашиб қолишди. Талабалик чоғларида бир хонадонда ижарада туришганди. Раҳмон ўша даврлардаёқ Нодирнинг китобга ўчлигини яхши биларди. Аввалига бир-бирларининг туриш- турмушлари ҳақида суриштирдилар. Сўнгра суҳбат руҳи жиддий ўзгариб, олис ёшлик йилларидагидек енгил ҳазил-мутойибага ўтдилар.

Раҳмон қўлини баҳайбат китоб жавонлари томон узатиб, кўзларини айёрона қисганча деди:
— Бу дейман, китоб ўқиш касалинг ҳалигача тузалмадими?

Нодир ҳам дўстининг киноясига айни тарзда жавоб қайтарди:
-Ҳойнаҳой, сенда энди бошланяпти, шекилли.
-Ҳар ҳолда…
— Беҳазил. Нима излаётган эдинг бу ерда?
— Тўғри топдинг, мен ҳам китоб ўқишни бошладим, — деди ва қўшиб қўйди, — аммо сен ўқийдиган китобларданмас. Мен умрим бўйи бор-йўғи биттагина китоб ўқийман, у ҳам бўлса муҳосибат, яъни бухгалтерия китоби. Шу кунларда янги нашри чиққанмиш. Ўша янгисини топсам, эскисининг баҳридан ўтаман. Эски китобларга тоб-тоқатим йўқ. Китоб деганлари янги пулдек бўлиши керак… Саҳифалари шарақ-шарақ қилиб очилсин.

Кейин Раҳмон худди нимадир ёдига тушгандек қўлини дўстининг елкасига қўйиб, жиддийлашди.
— Менга қара, Нодир, бу ердаги китобларни кўриб, бир нарса эсимга тушди. Кел, сенга истаганингча китоб берай. Биламан, сен китоб деса ўзингни томдан ташлайсан.
— Бугун кун қаёқдан чиқди?
— Уйимни алмаштирдим. Янги уйнинг эгаси китобларини олиб кетишни хоҳламаяпти. Чунки у менинг эски уйимга кўчиши керак, у ер эса анча-мунча тор.
— Янги уй муборак бўлсин…
— Раҳмат… Ҳа, айтмоқчи, уй соҳибаси кекса, касалманд, ёлғиз аёл. Бир ўғли бор, холос. У ҳам бўлса чет элда яшайди, эри эса олим экан, аллақачон вафот этган эмиш. Бутун бир хона полдан шифтгача китоб жавони, жавонларни кўрсанг, китоблар билан лиқ тўла. Ахир бошимга ураманми шунча китобни? Йиғиштириб, улоқтираман қўяман. Яхшики, сени учратдим. Кел, шу китобларни сенга бера қолай, машина, юкпаш ҳақи ҳам мендан. Хўш, кўнгиллари яна нима тусайди?

Нодир бир онлик тараддудланишдан сўнг:
— Хўп, майли. Китоблар қайси соҳа бўйича? — деб сўради.
— Аёлнинг айтишича, эри йирик олим бўлган экан. Очиғи, исм-шарифини ҳам айтганди, эслаб қолмадим. Жавонлардан менимча ҳар соҳага тегишли китоб топилади.
— Модомики, сен таклиф этаркансан, рози бўлмай иложим йўқ.

Улар аввал янги хонадонни кўздан кечиришди. Катта хоналарнинг бирида марҳум уй соҳибининг китоблари тўпланганди. Ҳақиқатан, Раҳмон айтганидек, бу ерда ҳар соҳага оид китоб бор эди. Негадир Нодирга узоқ йиллар мобайнида бу жавонларга инсон қўли тегмагандек туюлди. Китобларнинг муқоваси ва ёнидаги ёзувлардан, муаллифларнинг исм-шарифидан уларнинг асосий қисми математикага оид эканлигини билиб олса бўларди. Балки бу китобларнинг таниш туюлиши Нодирнинг бир вақтлар математиклик ихтисосини олганлиги сабаблидир. Кейинчалик бошқа соҳада дастурчи сифатида ишласа-да, бу асарларнинг аксариятини анча олдин, ҳали талабалик пайтларидаёқ ўқиб чиққанди. Нодир китобларнинг номини ва муаллифлар исмини худди қўшиқ хиргойи қилгандек ўқий бошлади.
— Крамер, Маркус, Годунов….

Ошхонадан аҳён-аҳёнда чойга дастурхон ёзаётган Раҳмоннинг овози эшитиларди:
— Ҳа, қалай энди, уй сенга ёқдими? Мен ўзим анчадан бери шу томонларга кўчишни хоҳлардим. Хотиним ҳам шу ҳудудда катта бўлган. Қариндош-уруғларнинг кўпчилиги ҳам яқин-атрофда яшайди. Уйни алмаштирдим, устига яна бир оз пул ҳам бердим…
— Яхши уй экан, яхшиликка буюрсин…. Эйлер, Паскаль, Иброҳимов… Тўйларга,хурсандчиликларга келиш насиб этсин…
— Нимагадир газ пастроқ….
— Айби йўқ, чойсиз ўтираверамиз… Самарский, Иванов, Халилов…

Китоблар жавонларга муайян соҳалар бўйича жойлаштирилганди.Илмий китоблар бир тарафда, бадиий асарлар эса муаллифлар яшаган даврларга қараб бошқа жавонлардан жой олганди. Гўёки бу ердаги эски китоблар билан тўлиб-тошган жавонларда вақт тўхтаб қолгандек, аниқроғи, китобларнинг асирига, гаровига айлангандек эди.

Китоблар орасида жуда қадимгилари ҳам кўзга ташланарди. Уларнинг муқоваси жимжимадор нақшлар билан безатилганди.Нима учундир Нодирга бу хона ҳам, жавонлар ҳам, ҳатто уларга тахланган китоблар
ҳам жуда таниш ва ниҳоятда қадрдон туюларди. Назарида, у қачонлардир бу уйда бўлган, аммо юз фоиз амин эдики, бу ерга унинг биринчи даъфа келиши.

Нодир китоблардан бирини қўлига олди, муқовасини очиб, илк саҳифасини кўздан кечирди. Паст овозда ёзувларни ўқий бошлади: “Азиз дўстим, буюк олим Йилмаз Ғуломзодага муаллифдан”.

Бу дунёнинг ишларини кўр! Бир вақтлар Йилмаз Ғуломзода унинг муаллими эди. Бирдан томоғига нимадир тиқилди. Китоб эса гўё чўғ бўлиб қўлларини куйдирарди. Нодир қўллари дир-дир титраганча бирма-бир китобларни олиб, варақлай бошлади. Уларнинг аксариятини муллифлар ўз имзолари билан совға қилишганди. Дастхатларнинг деярли ҳаммаси айни жумлалар билан бошланарди: “Ҳурматли Йилмаз Ғуломзодага…”.

Демак, бу муаллимининг уйи экан-да. Нодирнинг кўз ўнгида Ғуломзоданинг сиймоси жонланди. У киши қорача, тўладан келган, нигоҳлари ўйчан, қошлари қалин одам эди. Маъруза ўқиганида унинг баланд овози қўшни аудиторияларга ҳам ёйилар, худди бир неча гуруҳга машғулот ўтаётгандек бўларди. Йилмаз муаллим ҳамма учун, хусусан, талабалар учун ғоятда севимли бир инсон эди. Нафақат математика фани, дунё адабиётидан ҳам чуқур билимга эга эди. Кўтаринки кайфиятда бўлган чоғларда, оддий бир йиғинлардами, дўстлар учрашувларидами тор ёки созда халқ куйларини завқ ила ижро этар, ҳаттоки бир оз дағалроқ, аммо мафтун этувчи ёқимли овозда қадимий халқ қўшиқларини куйларди. Ночор талабалардан қўлидан келган ёрдамини аямасди.

Бир куни гуруҳ фаолларидан бири Нодирни дарсдан сўнг пойафзал дўконига такпиф қилди. Аниқ ёдида, аёзли қиш, бутун шаҳарни қалин қор қоплаганди. Оёқ қийимининг тумшуғи чок-чокидан сўкилиб, устма-уст кийилган пайпоқлардан заррача наф йўқ эди. Дўконда гап нимадалиги аён бўлди. Гуруҳ фаоли очиғини айтди. Ўшанда Нодир чунонам изза бўлди, уялдики…

Маълум бўлишича, Йилмаз муаллим пулни йигитга бераркан, унинг исмини айтмасликни тайинлаган. Агар Нодир пулнинг қаердан келганини билишни истаб, ўжарлик килиб туриб олса, кўмак ташкилотидан аълочи талабаларга ажратилган маблағ ёки мукофот дейишни илтимос қилган. Бироқ ўшанда йигит оғзи бўшлик қилиб, пулни Ғуломзода берганлигини айтганди. Бир тарафдан тўғрисини айтгани яхши бўлувди. Турган гапки, Нодир бировнинг садақасини қабул этмасди. Аммо Йилмаз Ғуломзода… Бу инсон ҳар ишни беғараз, холисона амалга оширар, ягона мақсади яхшилик эди. Иссиққина пойафзални кийиб, кўчага чиққанида танига ёқимли бир илиқлик тарқала бошлагани ҳали-ҳануз ёдидан чиқмайди.

Ғуломзода дарс ўтаркан, баъзида мумтоз шоирлардан ёки файласуфлардан мисол келтирарди. У кпассикани жуда севарди, негаки ўзи ҳам даврининг асл классикпаридан бири эди….

Нодир университетнинг охирги курсида ўқиб юрганида Йилмаз Ғуломзода тўсатдан вафот этди. Марҳум билан видолашув ҳам унинг иш жойида, дарс берган университетнинг мажпислар залида ўтказилди. Унинг дафн маросимида ҳамма кўз ёши тўкканди. Кейинчалик ҳаёт яна ўз изига тушди. Ёдда қолганлар хотираларда яшай бошлади, унутилганлар эсланмай кетди.

Дунёнинг ажаб ишлари кўп экан. Орадан шунча йил ўтиб, раҳматли Ғуломзоданинг рафиқаси эридан мерос қолган уйини ичидаги китоблари билан бировга сотиб, кичикроқ уйга кўчишга мажбур. Олимнинг касал рафиқасига бу китобларнинг кераги йўқ. Ягона муаммо бу кўҳна хонадондаги китобларнинг толейи эди. Бироқ Нодирга Йилмаз домла бир пайтлар бировлар орқали олиб берган этик оёғини иситгани каби бу китоблар бировлар орқали унинг қўлига етиб келиб, борлиғини иситмокда эди.

Нодир оғир хўрсинди. Кўзидан оққан ёшлар китобнинг устига томди. Ошхонадан Раҳмоннинг овози келди:
— Нодир, кўнглингга ёққан нимадир топдингми? Сен буларни олиб кетмасанг, ташлаб юборишга мажбурман. Менга бунча китоб-дафтарнинг кераги йўқ… Менга бор-йўғи биттагина китоб зарур, яъни муҳосибат… Буёққа кел, қўлингни юв. Чой тайёр. Истасанг, бу учрашувимизни нишонлаймиз. Ҳа, нима бўлди, миқ этмайсан?

Нодир кафтларини бир-бирига ишқалади. Ошхонадан Раҳмоннинг оёқ товушлари эшитилди.

notes_1457531099.jpg   Bugun «Guliston» jurnalining 2014 yil 3-sonini varaqlab, ozarbayjon adibi Firuz Mustafoning hikoyasi o’qidim. O’qidimu keyingi yillarda yozaman deb o’ylab yurgan mavzuni esladim. Men hikoya emas, o’zimni qiynab yurgan muammo haqida maqola yozishni o’ylagan edim.
Eski kitoblar, ya’ni «Bukinistika» do’konlariga kirgan bo’lsangiz, bir paytlar, xususan,so’nggi 60 yil ichida nashr etilgan eski kitoblarga nazaringiz tushadi. Men bu do’konlarda tez-tez kirib turaman. O’n yilcha avval bir paytlar topish muammo bo’lgan eski nashrlar paydo bo’lganini, paydo bo’lgandayam ularning ko’pchiligi bitta kutuxonadan, aniqrog’i biror olim kutubxonasidan olib kelib topshirilganini angladim. Olim vafot etgach, bolalari otalaridan qolgan kitoblarni o’zlariga keraksiz yuk deb bilib, do’konga topshirishgan.
Do’konga topshirishganiga rahmat. Ammo, olim otalari vafotidan keyin u bir umr to’plagan kitoblarni axlatxonaga yoki makalaturaga topshirgan farzandlar ham borligiga ishonaman. So’nggi 20 yil ichida necha rahmatli olim yoki adibning kutubxonalari talon-taroj yoki yo’qlik komiga tashlanganiga ham ishonaman. Bu haqda qaysidir gazetada bir maqola o’qiganim ham esimda.

Shu o’rinda yana bir dahshatli voqeani esladim. O’zbekiston yozuvchilar uyushmasining yillar davomida shakllangan juda boy kutubxonasi bor edi. Ana shu kutubxona tag-tubi bilan yo’q qilindi. Yozuvchilar uyushmasining Do’rmondagi ijod bog’ining bir chekkasida keraksiz deb olib chiqib tashlangan kitoblar qoru yomg’ir ostida yotgani hamon ko’z o’ngimda. Ularning bir qanchasini bog’ etagida yashagan ayrim adiblar uylariga tashib, saqlab qolgan (ularga rahmat), qolgani vaqt o’tib nes-nobud bo’ldi. Eng dahshati, mustaqillik arafasida uyushma rahbarlaridan (o’zini millat g’amxo’ri deb da’vo qilgan) biri kutubxonadan ruscha kitoblarni yo’qotish haqida «amru farmon» berganiga nima deysiz? Bu o’rtamiyona shoirdan chiqqan nodon rahbar kitobning ruscha yoki o’zbekchasi bo’lmasligini nahotki tushunmasdi?

Xullas, o’ylab qarasam, yozmoqchi bo’lgan maqolam mavzusi hamon dolzarb ekan. Bu maqola dardi Firuz Mustafo hikoyasini o’qiganimdan keyin yana yangilandi.

Xurshid Davron

Firuz Mustafo
ESKI KITOBLAR DARDI
Ozarbayjonchadan Shahlo Qosimova tarjimasi
07

 0011   Taniqli ozarbayjon yozuvchisi  Firuz Mustafo 1952 yil 18 fevralda Gadoboy tumanidagi Isali qishlog’ida tug’ilgan. O’rta maktabni tugatgach,Bokudagi texnika bilim yurtida o’qidi. 1975 yili Ozarbayjon pedagogika institutining filologiya fakul`tetini bitirdi. Shundan keyin maktabda o’qituvchi,televidenie va gezetalarda da muxbir bo’lib ishladi. 1980-84 yillarda Ozarbayjon FA falsafa va huquq institutida faoliyat yuritdi. Keyinchalik «Maorifchi», «Madaniyat» gazetalari bosh muharriri vazifalarida ishladi.
Firuz Mustafoning ilk nasriy kitobi 1985 yili nashr etildi. Bugungi kunda adibning 40 dan ortiq kitobi chop etilgan. U ko’plab ilmiy asarlar («Madaniyat va falsafa», «Globallashuv va madaniyat» va h.k. muallifi hamdir.

07

Ular kitob do’konida uchrashib qolishdi. Talabalik chog’larida bir xonadonda ijarada turishgandi. Rahmon o’sha davrlardayoq Nodirning kitobga o’chligini yaxshi bilardi. Avvaliga bir-birlarining turish- turmushlari haqida surishtirdilar. So’ngra suhbat ruhi jiddiy o’zgarib, olis yoshlik yillaridagidek yengil hazil-mutoyibaga o’tdilar.

Rahmon qo’lini bahaybat kitob javonlari tomon uzatib, ko’zlarini ayyorona qisgancha dedi:
— Bu deyman, kitob o’qish kasaling haligacha tuzalmadimi?

Nodir ham do’stining kinoyasiga ayni tarzda javob qaytardi:
-Hoynahoy, senda endi boshlanyapti, shekilli.
-Har holda…
— Behazil. Nima izlayotgan eding bu yerda?
— To’g’ri topding, men ham kitob o’qishni boshladim, — dedi va qo’shib qo’ydi, — ammo sen o’qiydigan kitoblardanmas. Men umrim bo’yi bor-yo’g’i bittagina kitob o’qiyman, u ham bo’lsa muhosibat, ya’ni buxgalteriya kitobi. Shu kunlarda yangi nashri chiqqanmish. O’sha yangisini topsam, eskisining bahridan o’taman. Eski kitoblarga tob-toqatim yo’q. Kitob deganlari yangi puldek bo’lishi kerak… Sahifalari sharaq-sharaq qilib ochilsin.

Keyin Rahmon xuddi nimadir yodiga tushgandek qo’lini do’stining yelkasiga qo’yib, jiddiylashdi.
— Menga qara, Nodir, bu yerdagi kitoblarni ko’rib, bir narsa esimga tushdi. Kel, senga istaganingcha kitob beray. Bilaman, sen kitob desa o’zingni tomdan tashlaysan.
— Bugun kun qayoqdan chiqdi?
— Uyimni almashtirdim. Yangi uyning egasi kitoblarini olib ketishni xohlamayapti. Chunki u mening eski uyimga ko’chishi kerak, u yer esa ancha-muncha tor.
— Yangi uy muborak bo’lsin…
— Rahmat… Ha, aytmoqchi, uy sohibasi keksa, kasalmand, yolg’iz ayol. Bir o’g’li bor, xolos. U ham bo’lsa chet elda yashaydi, eri esa olim ekan, allaqachon vafot etgan emish. Butun bir xona poldan shiftgacha kitob javoni, javonlarni ko’rsang, kitoblar bilan liq to’la. Axir boshimga uramanmi shuncha kitobni? Yig’ishtirib, uloqtiraman qo’yaman. Yaxshiki, seni uchratdim. Kel, shu kitoblarni senga bera qolay, mashina, yukpash haqi ham mendan. Xo’sh, ko’ngillari yana nima tusaydi?

Nodir bir onlik taraddudlanishdan so’ng:
— Xo’p, mayli. Kitoblar qaysi soha bo’yicha? — deb so’radi.
— Ayolning aytishicha, eri yirik olim bo’lgan ekan. Ochig’i, ism-sharifini ham aytgandi, eslab qolmadim. Javonlardan menimcha har sohaga tegishli kitob topiladi.
— Modomiki, sen taklif etarkansan, rozi bo’lmay ilojim yo’q.

Ular avval yangi xonadonni ko’zdan kechirishdi. Katta xonalarning birida marhum uy sohibining kitoblari to’plangandi. Haqiqatan, Rahmon aytganidek, bu yerda har sohaga oid kitob bor edi. Negadir Nodirga uzoq yillar mobaynida bu javonlarga inson qo’li tegmagandek tuyuldi. Kitoblarning muqovasi va yonidagi yozuvlardan, mualliflarning ism-sharifidan ularning asosiy qismi matematikaga oid ekanligini bilib olsa bo’lardi. Balki bu kitoblarning tanish tuyulishi Nodirning bir vaqtlar matematiklik ixtisosini olganligi sabablidir. Keyinchalik boshqa sohada dasturchi sifatida ishlasa-da, bu asarlarning aksariyatini ancha oldin, hali talabalik paytlaridayoq o’qib chiqqandi. Nodir kitoblarning nomini va mualliflar ismini xuddi qo’shiq xirgoyi qilgandek o’qiy boshladi.
— Kramer, Markus, Godunov….

Oshxonadan ahyon-ahyonda choyga dasturxon yozayotgan Rahmonning ovozi eshitilardi:
— Ha, qalay endi, uy senga yoqdimi? Men o’zim anchadan beri shu tomonlarga ko’chishni xohlardim. Xotinim ham shu hududda katta bo’lgan. Qarindosh-urug’larning ko’pchiligi ham yaqin-atrofda yashaydi. Uyni almashtirdim, ustiga yana bir oz pul ham berdim…
— Yaxshi uy ekan, yaxshilikka buyursin…. Eyler, Paskal`, Ibrohimov… To’ylarga,xursandchiliklarga kelish nasib etsin…
— Nimagadir gaz pastroq….
— Aybi yo’q, choysiz o’tiraveramiz… Samarskiy, Ivanov, Xalilov…

Kitoblar javonlarga muayyan sohalar bo’yicha joylashtirilgandi.Ilmiy kitoblar bir tarafda, badiiy asarlar esa mualliflar yashagan davrlarga qarab boshqa javonlardan joy olgandi. Go’yoki bu yerdagi eski kitoblar bilan to’lib-toshgan javonlarda vaqt to’xtab qolgandek, aniqrog’i, kitoblarning asiriga, garoviga aylangandek edi.

Kitoblar orasida juda qadimgilari ham ko’zga tashlanardi. Ularning muqovasi jimjimador naqshlar bilan bezatilgandi.Nima uchundir Nodirga bu xona ham, javonlar ham, hatto ularga taxlangan kitoblar ham juda tanish va nihoyatda qadrdon tuyulardi. Nazarida, u qachonlardir bu uyda bo’lgan, ammo yuz foiz amin ediki, bu yerga uning birinchi da’fa kelishi.

Nodir kitoblardan birini qo’liga oldi, muqovasini ochib, ilk sahifasini ko’zdan kechirdi. Past ovozda yozuvlarni o’qiy boshladi: “Aziz do’stim, buyuk olim Yilmaz G’ulomzodaga muallifdan”.

Bu dunyoning ishlarini ko’r! Bir vaqtlar Yilmaz G’ulomzoda uning muallimi edi. Birdan tomog’iga nimadir tiqildi. Kitob esa go’yo cho’g’ bo’lib qo’llarini kuydirardi. Nodir qo’llari dir-dir titragancha birma-bir kitoblarni olib, varaqlay boshladi. Ularning aksariyatini mulliflar o’z imzolari bilan sovg’a qilishgandi. Dastxatlarning deyarli hammasi ayni jumlalar bilan boshlanardi: “Hurmatli Yilmaz G’ulomzodaga…”.

Demak, bu muallimining uyi ekan-da. Nodirning ko’z o’ngida G’ulomzodaning siymosi jonlandi. U kishi qoracha, to’ladan kelgan, nigohlari o’ychan, qoshlari qalin odam edi. Ma’ruza o’qiganida uning baland ovozi qo’shni auditoriyalarga ham yoyilar, xuddi bir necha guruhga mashg’ulot o’tayotgandek bo’lardi. Yilmaz muallim hamma uchun, xususan, talabalar uchun g’oyatda sevimli bir inson edi. Nafaqat matematika fani, dunyo adabiyotidan ham chuqur bilimga ega edi. Ko’tarinki kayfiyatda bo’lgan chog’larda, oddiy bir yig’inlardami, do’stlar uchrashuvlaridami tor yoki sozda xalq kuylarini zavq ila ijro etar, hattoki bir oz dag’alroq, ammo maftun etuvchi yoqimli ovozda qadimiy xalq qo’shiqlarini kuylardi. Nochor talabalardan qo’lidan kelgan yordamini ayamasdi.

Bir kuni guruh faollaridan biri Nodirni darsdan so’ng poyafzal do’koniga takpif qildi. Aniq yodida, ayozli qish, butun shaharni qalin qor qoplagandi. Oyoq qiyimining tumshug’i chok-chokidan so’kilib, ustma-ust kiyilgan paypoqlardan zarracha naf yo’q edi. Do’konda gap nimadaligi ayon bo’ldi. Guruh faoli ochig’ini aytdi. O’shanda Nodir chunonam izza bo’ldi, uyaldiki…

Ma’lum bo’lishicha, Yilmaz muallim pulni yigitga berarkan, uning ismini aytmaslikni tayinlagan. Agar Nodir pulning qaerdan kelganini bilishni istab, o’jarlik kilib turib olsa, ko’mak tashkilotidan a’lochi talabalarga ajratilgan mablag’ yoki mukofot deyishni iltimos qilgan. Biroq o’shanda yigit og’zi bo’shlik qilib, pulni G’ulomzoda berganligini aytgandi. Bir tarafdan to’g’risini aytgani yaxshi bo’luvdi. Turgan gapki, Nodir birovning sadaqasini qabul etmasdi. Ammo Yilmaz G’ulomzoda… Bu inson har ishni beg’araz, xolisona amalga oshirar, yagona maqsadi yaxshilik edi. Issiqqina poyafzalni kiyib, ko’chaga chiqqanida taniga yoqimli bir iliqlik tarqala boshlagani hali-hanuz yodidan chiqmaydi.

G’ulomzoda dars o’tarkan, ba’zida mumtoz shoirlardan yoki faylasuflardan misol keltirardi. U kpassikani juda sevardi, negaki o’zi ham davrining asl klassikparidan biri edi….

Nodir universitetning oxirgi kursida o’qib yurganida Yilmaz G’ulomzoda to’satdan vafot etdi. Marhum bilan vidolashuv ham uning ish joyida, dars bergan universitetning majpislar zalida o’tkazildi. Uning dafn marosimida hamma ko’z yoshi to’kkandi. Keyinchalik hayot yana o’z iziga tushdi. Yodda qolganlar xotiralarda yashay boshladi, unutilganlar eslanmay ketdi.

Dunyoning ajab ishlari ko’p ekan. Oradan shuncha yil o’tib, rahmatli G’ulomzodaning rafiqasi eridan meros qolgan uyini ichidagi kitoblari bilan birovga sotib, kichikroq uyga ko’chishga majbur. Olimning kasal rafiqasiga bu kitoblarning keragi yo’q. Yagona muammo bu ko’hna xonadondagi kitoblarning toleyi edi. Biroq Nodirga Yilmaz domla bir paytlar birovlar orqali olib bergan etik oyog’ini isitgani kabi bu kitoblar birovlar orqali uning qo’liga yetib kelib, borlig’ini isitmokda edi.

Nodir og’ir xo’rsindi. Ko’zidan oqqan yoshlar kitobning ustiga tomdi. Oshxonadan Rahmonning ovozi keldi:
— Nodir, ko’nglingga yoqqan nimadir topdingmi? Sen bularni olib ketmasang, tashlab yuborishga majburman. Menga buncha kitob-daftarning keragi yo’q… Menga bor-yo’g’i bittagina kitob zarur, ya’ni muhosibat… Buyoqqa kel, qo’lingni yuv. Choy tayyor. Istasang, bu uchrashuvimizni nishonlaymiz. Ha, nima bo’ldi, miq etmaysan?

Nodir kaftlarini bir-biriga ishqaladi. Oshxonadan Rahmonning oyoq tovushlari eshitildi.

075

(Tashriflar: umumiy 425, bugungi 1)

1 izoh

  1. Мен ҳам бир нарсага ишонаман. Йўқ, хоҳлайман эмас, шунчаки ишонаман: бугун китобларни ёққан ўша зотлар жаҳаннам оловида ёнаётганларига…
    Таржима номукаммалроқдай туйилса-да, ҳикоя менда катта тассурот қолдирди. Ташаккур, устоз…

Izoh qoldiring