Xurshid Davron. Bir yomon odatim haqida.

xurshid davron

   Бугун янги,аслида анчадан бери ўйлаб юрган режамни амалга ошириб,»Давомли мактублар» деб номланган рукнни сизга тақдим этмоқчиман.Саҳифада ижодим,асарларим,ҳаёт йўлим билан боғлиқ айрим тафсилотлар,кечаги ва бугунги кузатишлардан туғилган фикр ва мулоҳазалар,сизга айтмоқчи бўлган гапларим акс этади ва улар гоҳ мактуб,гоҳ кичик эссе шаклида бериб борилади.

Хуршид Даврон
БИР ЁМОН ОДАТИМ ҲАҚИДА


Менинг бир ёмон одатим бор. Суйиб қолган ёхуд маъқул келган бир асарни таржима қиламан-да, ташлаб қўяман. Югуриб журналгами,нашриётгами олиб боишни ўйламайман. Мен учун ижодий жараён қизиқ. Нўмиқ Камолнинг “Жалолиддин Хоразмшоҳ” асарининг орқасидан ўн беш йилча юрдим. Эсимда,Ўзбек совет энциклопедиясида Нўмиқ Камолнинг шундай тарихий драмаси борлигини ўқидиму оромимни йўқотдим. Хаёлимда бир даҳшатли шеърий асарни кўрдим.Аммо,совет замони эди, Нўмиқ Камолнинг турк тилида тугур,совет,яъни рус тилида ҳам топиб бўлмайдиган кунлар эди. Неча йил орадан ўтди-ю, Московда дарс бериб юрган Ҳамид Исмоилов кўмаги билан Нўмиқ Камол асарини ўқишга муяссар бўлдим. Асар мен кутгандай шеърий эмас экан,аммо бари бир ҳаяжонли эди.

У пайтларда бугунги техноложик имкониятлар йўқ экан-да, Ҳамидбек юборган Нўмиқ Камолнинг асари плёнкада олинган экан.Болаларимга рангли диафильмларни кўрсатиб юрган ускуна қўл келиб қолди. Деворга оқ чойшаб осиб плёнкани ускунага тиқиб,чироқни ўчириб,чойшабда акс этган матнни бир амаллаб қоғозга туширдим. Замон ўтиб,бир амаллаб (туркчани биладиган бир қиз ёрдамида) асарни ўзбекчалаштирдим. Аммо,яна ўша ёмон одатим такрорланди: яна таржимани бирон бир журналга олиб бормадим. Вақт ўтиб,ТВда ишлайдиган бўлиб қолдим (Нима сабабдан бориб қолганимнинг тарихи ҳам ғаройиб,куни етса айтиб берарман). 5-6 йил ишлагач,бу таржимам ҳақида эшитган режиссёр Тоживой ака ҳоли-жонимга қўймагач,таржиманинг қисқартирилган нусхаси асосида 5 қисмли “Жалолиддин Хоразмшоҳ” видеофильмини тасвирга олдик.Мана неча йилдан буён ҳар замон-ҳар замон ТВ да намойиш этилиб турибди.

Татар халқ достони “Идигей” билан ҳам шундай ҳол юз берди.Амир Темур шахсияти ва фаолиятига бўлган улкан қизиқишим сабаб шавкатли бобомиз ҳақидаги кўҳна асарларни бир амаллаб топиб ўқиб чиқардим. Қўлимдан келса,ўзим, бўлмаса,бирон бир дўстимга бериб таржима қилдирардим. Жумладан Владимир Череванскийнинг 1898 йилда нашр этилган “Две волны» — “Икки тўлқин” асарини топиб ўқиб чиққач, кўпайтириб,бир нусхасини академик Бўрибой Аҳмедовга,бир нусхасини адаш дўстим Хуршид Дўстмуҳаммадга ўқишга бердим. Совет тузуми охирлаган пайтлар эди,ошкоралик деган жараён давом этар,хусусий нашриётларга ўхшаш фирмалар пайдо бўлган,ана шундай ташкилотлардан бирини тузган бир танишимиз китобни ўзбек тилида чиқаришга розилигини айтиб қолди.Китобни Хуршид Дўстмуҳаммад таржима қилди,мен рус олимининг асаридаги нотўғри ёки ноаён жойларига,айрим тарихий атамаларга изоҳ ёзиб бердим. Китоб нашр бўлди.Мен ҳатто “Чилонзор” метросига кираверишда бу китобни сотиб туришганини ҳам кўрган эдим.Аммо,нима сабаб бўлди,эсимда йўқ,китобдан бирон дона ҳам менинг қўлимга тегмади.Мен ҳам ҳафсала қилиб унинг орқасидан юрмадим.Ахир,асарнинг оригинал нусхаси қўлимда бор эди-да.Мана,бугунга келиб,ўша китобдан бир дона олиб қўйсам бўлар экан,деб пушаймон бўламан.Агар мабодо,бирортангизда ўша китобдан ортиқчаси бўлса,жон деб олардим.

Шу китоб билан боғлиқ бир қизиқ воқеани гапириб берай.

Комсомол тугатилиб,ўрнини Ёшлар иттифоқи деган ташкилот эгаллаган,шу сабабдан “Ёш гвардия” нашриёти ҳам барҳам топиб, “Камалак” номли нашриёт ва матбаа бирлашмаси иш бошлаган йиллар,аниқроғи ё 1989, ёки 1990 йил бўлса керак, бирлашманинг нашриёт соҳасига раҳбарлик қилиб турган каминанинг ёнига республикада таниқли,ўша пайтда тарих ҳақидаги мақолалари матбуотда кетма-кет босилиб турган,тарих фанлари доктори унвонига эга олим катта қўлёзмасини кўтариб келиб қолди. У Амир Темур ҳақида асар ёзганини ва уни бизнинг бирлашмада нашр эттириш нияти борлигини айтиб,қўлёзмани менга узатди. Қаппайган папкани очиб,қўлёзмани варақлаб,кўздан кечира бошладиму… асар Владимир Череванскийнинг ўша мен юқорида айтиб ўтганим 1898 йилда нашр этилган “Две волны» — “Икки тўлқин” асарининг деярли ўзи эканини англаб қолдим. Менимча,олим 1898 йилда нашр этилган асарни ўзидан бошқа ҳеч ким ўқимаган деб ўйлаган бўлса керак,уни оригинал асар сифатида,бош вараққа ўз исму шарифини қўйиб олиб келган эди. Нима дейишимни билмай қолдим. “Кўчиргансиз” деб айтишга журъатим етишмайди. Ҳар қалай бундай ҳолатга илк дуч келишим эди-да. Кейинчалик ТВда мингдан ортиқ кишига раҳбарлик қилиб,бунақа чигал масалаларни гапни чўзиб ўтирмасдан шартта-шартта ва дангал ҳал қиладиган одатим ҳам пайдо бўлди. Аммо,ўша пайтда “Кўчиргансиз” деб айтишга журъатим етишмади. Аммо,бари бир йўлини топдим.

“Фалончи ака, — дедим рағбат билан,- асарингизни,албатта, босамиз.Аммо,менинг бир таклифим бор,яқинда эски бир китобни ўқидим. Ўша китобни сиз ҳам бир ўқиб чиқсангиз,мана бу асарингизга ҳам фойдаси тегади,деб ўйлайман”.
“Қайси асар экан,Хуршидбек? — деб сўради олим.

Мен Владимир Череванский асарининг номини айтдим.Аммо,ўша пайтда олимнинг юзига тик қарашга ботинолмадим.

Олим ҳамма гапни тушунди.Ҳеч нима бўлмагандай мен билан хайрлашиб,қўлёзмасини кўтариб чиқиб кетди.Қайтиб менга учрамади.Аммо,бари бир ҳали у газетда,ҳали бу газетда “асари”дан парчалар чиқиб турганини кўриб қолардим…

Хуллас, татар халқ достони “Идигей”нинг таржимаси ҳам ёмон одатимнинг қурбони бўлди.Таржима шу пайтгача, қарайиб 22 йилдан буён ,архивимда чанг босиб ётибди.Бугун шу ишимдан ҳам пушаймон бўлдим ва унинг биринчи бобини қизим Нодирахонга бериб кўчиртирдим.Бугун ниҳоят достоннинг ўзбек тилидаги илк премъераси бўлиб ўтади.

Айтиб қўяй, ёмон одатимнинг қурбони бўлиб чанг босиб ётган асарлару таржималарим кўп.Оллоҳ имкон берса,бугунгига ўхшаган премъералар ҳали кўп бўлади.

022

(Tashriflar: umumiy 92, bugungi 1)

2 izoh

  1. Одатингиз ўзбек адабиёти янада юксакликка кўтарилиб бораверишини кечиктиравермасмикан?

Izoh qoldiring