Salohiddin Mamajonov. «Ko’zingizni oching, qo’rqmang…»

08   Шавкат Раҳмон жасур, исёнкор, шерюрак шоирликни тан олади. «Шоирлик — жасорат сўзининг таржимасидир», деб лўнда таъриф бериши бежиз эмас. «Ўлимгача содиқ дўст каби борувчи», «Элнинг бахтига умрини тиккан шоирлар» ни орзу қилиши шундан. Унинг эътиқодича, фақат «Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўладир халос». Унинг шеърларида исёнкорлик, ҳужумкорлик, муросасизлик, ғазаб-нафрат руҳининг ҳокимлиги ва бу принципига содиқ, собитлигининг боиси шундан.

08
Салоҳиддин МАМАЖОНОВ
«КЎЗИНГИЗНИ ОЧИНГ, ҚЎРҚМАНГ»
Жузъий қисқартириш билан эълон қилинмоқда
03

Салоҳиддин Мамажонов (1931 Қўрғонтепа тумани — 200?) — адабиётшунос олим. Ўзбекистон ФА академиги. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), филол. фанлари д-ри (1968), проф. (1972). Фарғона педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факултетини тугатган (1952). Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институтида кичик (1958— 62), катта илмий ходим (1962—68), бўлим бошлиғи ( 1968-2000). Мамажоновнинг асосий илмий ишлари шеърият, проза, драма, болалар адабиёти муаммоларига қаратилган. У ўзбек адабиётининг совет давридаги тарихига бағишланган бир ва кўп жилдли тадқиқртларнинг яратилишида фаол иштирок этган. Олим Ғафур Ғулом ижодига бағишланган илмий тадқиқотлар («Шоир ва замонавийлик», 1963; «Ғафур Ғулом прозаси», 1966; «Услуб жилолари», 1972), Ҳамид Олимжон ҳақидаги «Шоир дунёси» (1972) ҳамда Шароф Рашидов романлари таҳлилига бағишланган «Лирик олам, эпик кулам» (1979) каби асарлар муаллифи. 90-й.ларда Салоҳиддин Мамажоновнинг Беҳбудий, Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода, Чўлпон, Элбек, Боту, Шавкат Раҳмон сингари адиблар ижодига бағишланган рисола ва мақолалари эълон қилинган.

03

Одатда, ижодкор адабиётга ўз эстетик программасини, ижодий принципларини, орзу-идеалини ё бевосита: айтиб, таъкидлаб кириб келади ва амалда буни исботлайди, ёки фазилатини билвосита, яъни воқеаликка, инсонга, замон талабларига мустақил ёндашиши, янги фикр-ғояси, янгича ифода усули билаи намойиш қилади. Баъзан адабий танқидчиликда шу кунларда ўз эстетик принципларини изҳор этувчи шеър ёзиши нега керак, ўтмишда ёки … мураккаб 20-йиллар бўлса бошқа гап эди, деган танбеҳни эшитиб қоласан. Аввало шуни айтиш керакки, ҳар бир янги туғилган ижодкорнинг воқеликка, инсонга ва жамиятга эстетик муносабати, ҳаётнинг қайси жиҳатларига диққат қилиши, замон руҳини, жамиятнинг маънавий эҳтиёжини, тарихини теран идрок этиши ва халқнинг орзи-интилишларини чуқур ҳис этиши ҳамда ўзини шу жараённинг иштирокчиси деб билиши, бир сўз билан айтганда, ижодий йўлини аниқ белгилаб олиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ижод жараёни, камолот йўлларида бу ният янада йириклашиб, тиниқлашиб, эзгулашиб боради. Улуғ Навоий ёки Маяковскийларнинг шоир ва шеърнинг жамиятда тутган ўрни тўғрисидаги асарлари қатор тадқиқотларга асос бўлгани бежиз змас. Ахир Навоий «Хамса»навислар билан ижодий принцип бобида жиддий баҳс қилибгина қолмади, балки шу билан бирга ўз «Хамса»си  билан шу принципларни, ўз позициясини даҳоларча исботлади. В. Маяковскийнинг шеър ва шоирнинг гражданлик бурчи ҳақидаги шеър-фикрлари замондош қаламкашлар учунгина эмас, авлодлари учун ҳам оловли ўгит бўлиб қолди.

Баъзан бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Баъзи ижодкорлар ўз шеърларида ва адабий-публицистик мақолаларида катта ваъдаларни беришади, халқ ва ватан учун жоним фидо деб кўкрагига уришади, амалда ўз асарларида майда фикрларни айтиб қофиябозлик қилишади, халқ ҳаётидаги долзарб, қалтис масалалар хусусида ўзларининг принципиал, кескин сўзларини айтишга журъат этишмайди. Бундай сўзи бошқа-ю, иши бошқа қаламкашлар ҳеч қачон ижодий баркамоллик ва эътибор топмаган.

Яна шундай шеърий тўпламлар борки, уларнинг муаллифлари учраган мавзу ҳақида шеър тўқишиб кетаверади. Бирор тўпламини ёки шоирнинг бутун ижодини ўқиб чиқиб, унинг юрагини ўртаган дард, армон барча асарларидан қон томир бўлиб ўтган фикр — ғоя, эзгу ниятни топа олмайсан. Ахир шоир нимадандир қаттиқ нафратланиши, ниманидир тарғиб этиши, қаёққадир чорлаши керак-ку. Шоир бош ниятни белгилаб олмас экан, халқ ташвишларидан, интилишларидан йироқ тўқималарни қалаштириб ташлайверади.

Кейинги ўн-йигирма йил орасида поэзияга кириб келган янги авлоднинг ўз ижодий программасини алоҳида таъкидлашлари ва қаттиқ ҳимоя қилишларида яна бошқа қатор сабаблар бор. Улар шеъриятни мислсиз қудратли кураш қуроли, шоирни эса жамият тақдири, эртасига жавобгар шахс деб идрок этдилар, шеъриятда ҳукм суриб келган баландпарвозлик, тантанаворлик, мадҳиябозлик, сийқаликни тан олмадилар. Ҳаётни бутун зиддиятлари, драматизм, фожиалари билан, инсон қалбини барча мураккабликлари билан ёритишни, замоннинг долзарб жумбоқлари, масалалари тўғрисида  бор гапни. ҳақиқатни ёзишни, жамиятни маънавий камол топтиришни бош  вазифа қилиб олдилар, Яқин-яқин йиллардаям, … шу янги авлоднинг бирини ҳаёт фожиасини акс эттирувчи мунгли шоир деб, бошқасини воқелигимиздаги иллатларни қабартириб тасвирлайди, яна учинчисини шаккок, шарм-ҳаёни унутди, деб, улар ижодидаги инқилобий йўналишни, новаторона изланишни, тизгинлаб қўйишга уринилди. Мана шундай сабаблар янги авлод гражданлик қиёфасидаги жасурлик, жанговарликни бўғишга уринишлар янги авлод вакилларини шеър ва шоирнинг бурчи хусусида очиқ, жиддий баҳсга тортган бўлса 12керакки, буни Шавкат Раҳмоннинг «Ўйғоқ тоғлар» номли лирика китоби -— шоирнинг ўн беш йиллик ижодий маҳсулоти мисолида яққол кўришимиз мумкин. Аввало у — шоир сўзининг улуғ қудратига қаттиқ ишонади: инсонни озод қилувчи, уни маънавий баркамолликка кўтарувчи, Ватанни комил этувчи, она заминни асровчи куч — имкониятни шу сўзда ҳис этади. Бунинг учун, дейди, «овози тошларни ёрар куйчилар, сеҳргар шоирлар керак». Шунинг учун «Қўшиқ» шеърининг лирик қаҳрамони «қўшиқлар дунёни асрамоғига ишониб» илҳом билан қўшиқ айтади. Ҳаққоний ва исёнкор сўз инсонни жасоратга, эзгу ниятлар учун фидойиларча курашга сафарбар этади. «Интернационал» номли шеърида ёзади:

Бу қўшиқ ажойиб қўшиқдир,
Сўзлари куйдирар томоқни,
Улимни назарга илмайсан,
Сезмайсан сургуну қамоқни.

Шавкат Раҳмон жасур, исёнкор, шерюрак шоирликни тан олади. «Шоирлик — жасорат сўзининг таржимасидир», деб лўнда таъриф бериши бежиз эмас. «Ўлимгача содиқ дўст каби борувчи», «Элнинг бахтига умрини тиккан шоирлар»ни орзу қилиши шундан. Унинг эътиқодича, фақат «Ғалаёнга тўла вужуддан охир дунё бўладир халос». Унинг шеърларида исёнкорлик, ҳужумкорлик, муросасизлик, ғазаб-нафрат руҳининг ҳокимлиги ва бу принципига содиқ, собитлигининг боиси шундан. Сўнгра «сўзларни қайрайлик токим кескир бўлсин бамисли олмос» ёки «Ёлғон шеър айтишдан қайтсайди шоир» деган ижодкор чиндан ҳам кескин, журъатли ва ҳаққоний сўзлаш йўлидан боради. У «кичкина ташвишлар исканжасида» овора бўлиб, халқнинг, даврнинг долзарб дард-ташвишларини унутган шоирларни мутлақо хуш кўрмайди. Бундайларни ҳушигз келтириш учун «наъра тортайлик, фарёд қилаймикин осмонни йиртиб» дейди. Шоир юрагини ҳар доим безовта қилган ва уни исёнли йўлга чорлаган қуйидаги саволлар туради:

Кимни бахтли қилдим,
Кимни умидвор,
Кимларга кўнглимни ёриб сўйладим.
Мен нима беролдим, мозий қаъридан
Чўзилган саноқсиз ожиз қўлларга?

Енгилроқ қилдимми оғирлигини?
Айтдимми кимларнинг асл дўстлигини,
Кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини?

Шоир воқеликни бутун мураккаблиги, ўткир зиддиятлари, инсоннинг қалбини бутун ички коллизиялари, драматизми билан бадиий тадқиқ этиш орқали ҳаққонийликка эришиш мумкинлигини теран туяди. Рангин дунёни ҳаққоний чизиб берган ижодкоргина «буюк шоир», «буюк мусаввир бўлиши» мумкин. У оламни контрастли идрок этар экан, диққати қора ва ёруғ рангга қаратилади. Унинг шу контрастли, образли тафаккури шеъриятига қора ва ёруғ образларни олиб киради. Адолатсизлик, ноҳақлик, турғунлик, жаҳолат, юлғичлик, зулм, қисқаси ёмонлик қора, қоронғулик бўлиб туюлди, поклик, беғуборлик, диёнат, виждон, имон, ғурур ва сурур, олий эзгу орзулар учун курашини ёруғлик сифатида ҳис этди. Нурнинг — қуёшнинг эса ҳаёт, тириклик манбаи эканлигига мафтун бўлди. «Офтоб ва офтоб ҳақида афсона» асарида «офтобнинг бағридан тушди тулпорлар», «кўкка сапчирди бир асов оқимга айланган отлар», «ёллари тирик аланга» деган ва «Отларга қиёсий қасида» манзумасида отни «шаклга қамалиб қолган аланга» деган образлари бор. Шоир бу образга социал ва фалсафий маъно юклайди. Офтоб отга (ва инсонга) ҳарорат-кучни, шижоатни олий мақсад учун («ҳурликка интилсин, гўзал оламларга қилсан саёҳат») сафар қилсин, деб берган. Афсуски, сайёдлар улардан пок ниятлар учун фойдаланмади, «қўҳна кекларини туғдай кўтариб, бир-бирин шафқатсиз қирди элатлар». Шу туфайли бу от «кўзлари ғамгин» ва «буюк офтобга қайтмоқчи». От, демак нур тушкунлигини сира-сира хоҳламайди, шунинг учун «бир нафас отга айлансак, энг бахтли, энг эркин зотга айлансак», дейди. Шоир «Нур» шеърида масалага яна чуқурроқ ёндашади: нур тушмаган ерда ҳаёт, яхшилик йўқ ёки диёнат, имон кўтарилган ердан нур ҳам қочади, демоқчи бўлади. Халқ ёмон одамларни бекорга «нурсиз одам», «истараси совуқ» деб айтмайди. «Нур» шеърида шоир нурнинг қайтиб кетишини мана қандай изоҳлайди:

Нечун ерда мангу қололмас,
Хомушланар нечун кетар чоқ?
Зулмат босган қалбларимизда
Қадр-қиммат топарми камроқ?

Ёхуд кўрмас ростликни асло,
Ёхуд кўрмас диёнат, ғурур,
Балки шундан мангу қололмас,
Балки шундан қайтиб кетар нур.

Шоир илк шеърларидан бирида «дунёдаги барча қора нарсани ёруғ лаҳзаларда ўлдириб», «бош кўтариб қарай қуёшга, токим кўзларимда ёнсин ҳақиқат», деб онт ичиши бежиз эмас. Шундан келиб чиқиб у одамларга қора нимаю ёруғлик нима, яъни ҳаёт ҳақидаги ҳақиқатни тушунтирмоқни, кўзлари очиқлигича ухлаётганларнинг» «руҳини уйғотмоқни», оламни ғафлатдан огоҳлантирмоқ»ни ўз олдига бош вазифа қилиб қўяди. Эҳтирос билан уларни келажак сари ҳаракат қилишга, интилишга, курашга чорлайди. Шеърларининг талайгинасининг иккинчи шахсга қарата, монолог тарзида, мурожаат, чақириқ, самимий суҳбат шаклида ёзилиши шундан («Кўзингизни очинг, кўрқманг, зиёдан қамашсин, оғрисин, майли, майлига яшамак бўлсин қийинроқ очиқлиги туфайли» тарзида). Шоирнииг сарбастга мойиллиги ҳам фикр ва туйғу, ҳиссиётининг қайноқ, ранго- ранглигидандир.

Ҳар доим буюк бурилиш, инқилобий даъволарда шоирлар халқни уйғониш — фаол курашга ташвиқ этишган. Бизнинг кунлар ҳам худди шундай, курашчан инсонларни талаб қилади. Шавкат Раҳмон «Давра» шеърида кайфу сафодан бош кўтармаганларни кўриб ҳайратланади. «Ҳар нарсага…» шеърида лоқайд, адолат ва диёнатнинг оёқ ости бўлишига бефарқ қараб шон-шуҳрат топган кимсага аччиқ кесатади:

Кўзингни юм,
Қулоқни  беркит —
Кундуздан-да ёруғдир йўлинг.
Бир кун келиб алқару сени
Юксакларга кўтарар кўрлик.

«Ёш ўзбек шоирларига» шеъридаги ибора билан айтганда бу кимсалар «ғафлат тўшагида ётганлар»дир.

Шоирнинг «Автобусдаги ўйлар» сарлавҳали шеъри бор. Автобус рамзий образ бўлиб, аслида ҳаётимиз назарда тутилади: ҳар хил ёшдагилар йўлда кетмоқда. Уларни Ватан тақдири ва дунёда юз бераётган катта воқеалар қизиқтирмайди. Қани энди бирортаси «жоним, она ерим» десаю, шоир ўз юрагини қувончдан унга юлиб берса. «Кўзлари очиқлигича ухлаётганлар»ни кузатар экан, ташвишли савол қўяди.

Шулар ўйлармикан тупроғимизни,
Шулар кўтарарми элнинг юкини?

«Ёш тоғлар», «Учаётган одам» шеърларида яна шу мавзуга қайтади. У ёшларга умид ва ишонч билан қарайди, «ҳамон мириқиб ухлаб ётган содда болалар»нинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчини, албатта, бажаражагига имони комил. «Учаётган одам» шеъри муносабати билан Шавкат Раҳмон шеъриятидаги яна бир неча образга эътиборни тортмоқчиман. Бу «қуш» ва «йўл» образлари. Булар ўша «нур» образига жипс боғланади. Шоир олий мақсад сари қушдай, нурдай учиб тезроқ етиб боришни орзу қилади. Табиат беғубор, гўзал, қудратли бўлгани учун шоир унга интилади, гоҳ оқар сув, гоҳ ҳар томонга чуқур томир отган чинорга, гоҳ мағрур ва ўйчан, сабрли, қудратли тоққа, гоҳ эркин, парвози баланд қушга айлангиси келади.

Шу фазилатлар аслида инсонга ҳам хос, фақат буни кўплар унутиб қўйишган. Халқ тушида учган одамни тилаги юксак деб бекорга айтмайди, курашчан одамлар тушида қушлардек учади. «Учаётган одам» шеърида шу тушида учаётган одам тўғрисидаги «Қуш эдим ўт билан ўйнашган бир қуш, балки ўт куйдирган қанотларимни» мисралари юнон  афсонасидаги қаҳрамон — Икарнинг қуёшда эриган қанотини эслади.

Шоирнинг одамни қушга ўхшатишидан аниқ мақсади бор: майда туйғулар, оддий турмуш ташвишлари билан овора бўлиб, замон дарди, халқнинг эртаси билан иши йўқ ғофил бандаларга кўзингни оч, кимлигингни унутма демоқчи бўлади:

Биларсиз, бемалол ухлаётганлар —
Қуёшдан тўралгансиз, десам, устимдан
силкиниб-силкиниб куладиганлар?

Билсангиз,
шу тобда жисму жонимни,
заҳарга айлапиб ёқар қонларим.

Қушдай бўзлаб учдим бошларингизда,
Қушлигин унутган, оғажонлари.м.
Зора эслангиз,
Зора, тилагим,
балки насиб бўлар сизлар-ла учмак.

Дарвоқе мазкур шеърдаги шоир нияти нишонга текканини шундан ҳам билиш керакки, Рамз Бобожон яқинда Ш. Раҳмоннинг юқоридаги шеъридаги охирги «чунки мен одаммас, чунки мен қушман» мисраларини эпиграф қилиб олиб, унга жавоб ёзди. Рамз Бобожон шоир ҳамма нарсани жонлантира олиш, лутф қилиш ҳуқуқи, имкониятига эга эканлигини яхши билади. Шавкат Раҳмон ҳам «шоирнинг ўткир кўзлари» тошнинг гуллаганини ҳам кўриши керак, дейди. «Уйғоқ тоғлар» тўпламида шоирона хаёл, фантазия, орзу билан ёзилган шеърлар кўп, шоирнинг образли тафаккури шундай аслида. Рамз Бобожон бу лутфга эътироз билдираётгани йўқ аслида. Буни унинг «Эътироз» шеъридаги:

Хаёлсиз ҳаёт йўқ,
тирикка бу хос,
Шоир эса хаёл бандаси.
Шундан кўз деганим боғдаги чарос,
Тонгги еллар — бола хандаси…
Хаёл денгизида одам бир елкан,
Қушлардан тез учиб боради,
Тушлардан тез учиб боради,
Кўринмас қанотлар беқиёс,
кўркам… —

мисраларидан ҳам билиш мумкин. Рамз Бобожон қаламкаш укасини қалтис қадам босма, бунчалик кескин кетма, ўзингга ёмон бўлади, деб огоҳлантирмоқчи бўлади («Қанотингни ўтга олдирмасанг, бас.»).  Бу — Шавкат Раҳмон шеърларидаги журъат, инқилобий руҳ, журашчанлик фазилатига зид.

Халқда бахт қуши ҳақидаги қанча-қанча эртак, афсоналар бор, ҳаммасининг хулосаси шуки, бахтни фақат курашиб, меҳнат қилиб қўлга киритиш мумкин. Шавкат Раҳмон ҳам ана шу маънавий анъанага суянади  (бир шеърида «муҳаббат бир гўзал қушчадир» дейди). Бу образни «Йўл» образи билан узвий боглиқ, дедик. Олий мақсад йўлидаги парвоз осонликча юз  бермайди. Шоир ана шу йўлдаги мушкулликларни, ғовларди кескин, конкрет ва равшан тасвирлашга интилади. «Инқилоб йўлларида» шеърида ўша ғов бўлган  кимсаларни бўрига қиёслайди ва бу образ шеърнинг (бошидан охиригача марказий образлардан бири сифатида иштирок этади. Аслида шоир юрагида диёнатни оёқ-ости. қилганлар бўридан ҳам баттардир, деган фикр ётади. «Қалин шохлар аро ялтираб» шеърида овчи ва бўри образлари бор. Овчи бўрини отади. Овчи бўридан ҳам ваҳшийроқ туюлади шоирга: «Титроқ босган  ўрмон ичида узоқ инграр ярадор одам», деб бўрини одамга ўхшатади. Бу фикрни янада таъкидлаб кўрсатиш мақсадида «елкасида қўшоғиз милтиқ чиқиб кетар ўрмондан бўри», дейди.

… Шавкат Раҳмон ҳаётимиздаги иллатларни фош этувчи ва юз бераётган инқилобий жараённинг инсонпарварлик моҳиятини очувчи кўпгина шеърлар ёзди. «Муроса, мадора ташвишлари-ла» шеърида турғунлик  даври кишисининг образини чизади: ўсишдан «тўхтаган одам» у, «дидига оламни мослаган», келажакни эмас, балки «ўз ташвиши»ни ўйлаган, «каззоблик, ғарлик қилган», «инсонлар ёдин булғаган» кимсадир. Шоир бундайларни қаҳр-ғазаб билан фош қилар экан, имонли одамларга, соғлом янги авлодга умид-ишонд билан боқади. Сабаби ярамас зотлар «келажак чўкаётганда» сақлашга қўл чўзиш уёқда турсин, аксинча, ҳалокатга йўл очади. Шоирнинг инсонга талаби жуда катта: унинг учун ҳатто «фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир, жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол».

Шоир бошқа бир шеърларида ўзи орзу қилган, идеал деб билган одамлар образини гавдалантиради. Бу одамларни тоғ, чинорларга муқояса қилиб, «улкан одамлар», «олий кишилар», «буюклар», «даҳолар» дейди. Улар диёнатли, пок, диллари кабир, фидоий, дўсти, халқ ва Ватани учун жонини беради, улар эркка, адолатга сажда қилади, уларга мутелик, димоғ, таъма ёт. Шоир «кичкина ташвишлар исканжасида» қолганларни «митти даҳолар», дейди («Чинор кўринишлари»), «Баланд дарахтлар» шеърида «паст дарахтларни» ҳалокатдан асраганлар ҳам шу улкан дарахтлардир, ‘ дейди. Она ерни эъзозлаши заминида ҳам шу ҳақиқат ётади, яъни «буюклар яратган» кураш шу заминдир, шунинг учун «ернинг буюк хотирасини» кўз қорачиғи- дек асрашга чақиради. У она юрт тарихини руҳий таянч сифатида қадрлайди. У кишида «ғурур ё ҳайрат» туғдиради, «ботирларни уйғотади» («Асотирлар китоби»), «Маҳмуд Торобийнинг бир хоин юртдоши хусусида айтганларидан» шеърида хоинни «бўғиб ташларман, келажак кўрмасин сендай беорни», дейди. Маҳмуд Торобий тили орқали шоир она Ватанни ёвлардан садоқат, фидойиларча асрашга чақиради. «Афшонадаги Ибн Сино ҳайкалига» шеърида ҳам шу руҳ ётади. Бу улуғ одамлар авлодлар учун «тирик бир имон» («Қизилқумда бир кун»).

«Тоғ» образи ҳам ота-боболар — улкан одамлар руҳи боҳийдир, халқ ҳам шу тоғлар каби қудратлидир, деган ғояни ўтказишга хизмат этдирилади. Бир шеърида «Балки тоғлар улуғвор ернинг қотиб ҳолган кўҳна нафрати», деса, бошқа асарида «бағри тўла ғалаён», «ўша мағрур», «ўз тинчини бузган ёвларни ўлдиради тоғлар шафқатсиз», дейди. «Аравон кўринишлари» шеърида тоғларни чўккан нортуяларга ўхшатади (яна тасаввурга йўл ва карвон келади). Минг йиллардан буён «метин туяларни йиқолмас тўплар», яъни халқ ўлмас, абадийдир. «Аравон кўришлари» шеъри юртга катта меҳр-муҳаббат ва юртдошларига чексиз ишонч-умид туйғуси билан ёзилган. Элини «қудрат» деб таърифлайди, дарёларидан оққан сувни «элнинг тилидаги ўлмас қўшиққа» ўхшатади, тутлари ҳам «исёнкор», йигитлари эса «афсонавий жангчилар» каби нигоҳлари ўткир, одими шаҳдам, барваста», «жиддий ҳатъият бор чеҳраларида», «кўзлари мардона», болалар зса «ҳуёш қўрлари»дир:

Мана, юрагида диёнатини
бокира ҳизларнинг номуси каби
сўнгги нафасгача пок асрагувчи
вазмии, иродали одамлар сафи.

Қудратли юраклар зарбини уқдим,
Уқдим тоқатларин, уқдим кўзларин.

Шоирнинг Ватан,табиат, одамлар,тарих ҳақидаги шеърларининг ҳаммаси эзгуликни,гўзалликни, адолат, инсонийликни улуғлаш, «кимларнинг асл дўстлигини, кимларнинг ҳақиқий ёғийлигини» кўрсатиб беришга, одамларда ўзлигини таниш, Ватанни қадрлаш, халқини ардоқлаш, олий ният йўлида фидойиларча курашчанлик «руҳини уйғотиш»га йўналтирилган. Ижодкордан қоладиган шу эзгуликни «абадий нурлар», деб таърифлайди. Барибир шоир шеърларининг қон томиридан «Бу диёр шу қадар улуғ бўлса-да, улкан одамларга нақадар зордир», деган армонли фикр оқиб туради.

Шеърда қанчалик оригинал, оҳори тўкилмаган образ яратилмасин, агар — асардаги мазмун билан жипс боғланмаса, шоирнинг мақсад — идеалини ифодалашга хизмат этмаса, бефойда тураверади. Шавкат Раҳмон  образлари асар моҳиятидан туғилади, улар ҳам ҳаракатчан, курашчан. Мана чинорни «Ернинг шохлаб кетган нидоларими ё ерга санчилган даста чақинми», деб таърифлайди. Ёки «тулпорлар ёллари тирик аланга», «ҳарсиллар, гулдурар ўжар қўтослар, жон кириб қутурган тоғларга ўхшаб», «адирлар уммоннинг  бир кўтарилиб мангуга тўхтаб қолган тўлқинларидир», анорни «Ернинг қонга бўялган мушти», дарё қирғоғидаги тошларни «сув ичгани келган қўйлардай» деб чизади ва ҳ. к. Ҳаммаси манзарали, оловли ва парвозли образлар. Бироқ, такрор образлар ҳам йўқ эмас. Мана бу «Бирдан қайноқ ёз оқиб келар жимиб қолган боғлар оралаб», «тағин қуюқ кундуз оқади», «Тошларга урилиб, шарқираб юлдузлар оқадир сойларда» мисраларида жонли, конкрет образлар яратилган, бироқ асл моҳияти жиҳатидан улар бир қолипдан чиққандай (оқмоқ маъносида). «Қариб қолган қуёш найзадан» жумласи бошқа шеърдаги «қари қуёш севади кўпроқ», «қариган куз ётади беҳол» мисраларидаги бўёқ билан бир хил. От тўғрисида бир ерда «совуқ ярақлаган кўзлари ғамгин» деса, иккинчи ўринда «кўзлари ғуссали» дейди. «Уч ажойиб ўғил бўларди» шеърида шоир нияти тўла руёбга чиқмаган. У яккалик даҳшатини чизмоқчи. Шеърда чолнинг бир ўғлининг шуҳрат, бирининг ҳақиқат излаб, бирининг аёл орқасидан кетгани ва қайтишмаганини, уларни кутавериб чарчаб, охири ўз-ўзини ўлдирганини ҳикоя қилади, асар баёнчиликдан кўтарилмаган.

… Булар шоирнинг илк шеърлари орасида учрайди. Аввалги шеърлари билан кейингиларини қиёслаганда шоир ижодининг такомилини илғаш мумкин. Уларда табиат манзарасини чизиш орқали инсон руҳиятини, ундаги социал дардни айтиш устун эди, тасвирийлик, сербўёқлик, рамзийлик, фалсафийлик кучли эди, қочириқлар кўп эди. «Муқаддас ҳислар» — одамийлик, меҳр-оқибат, поклик, ғурур, диёнат, улуғланди. Қейинги шеърларида таҳлилийлик, фикрий теранлик, ўткир конфликтлилик, исёнкорлик, публицистик руҳ кучайди, тили кескирлашди. …Шоирдаги бош фазилат — жасорат, исёнкорлик, ёмонликка шафқатсиз кураш руҳи, ҳақиқатни, диёнатни, покликни фаол ҳимоя этиш, халқини юксак орзу-армон сари чорлаш туйғуси унинг шеърига ўзига хос жозиба бахш этиб туради.

07

08
Salohiddin MAMAJONOV
«KO’ZINGIZNI OCHING, QO’RQMANG»
Juz’iy qisqartirish bilan e’lon qilinmoqda
03

   Salohiddin Mamajonov (1931 Qo’rg’ontepa tumani — 200?) — adabiyotshunos olim. O’zbekiston FA
akademigi. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi (1982), filol. fanlari d-ri (1968), prof. (1972). Farg’ona pedagogika institutining o’zbek tili va adabiyoti fakultetini tugatgan (1952). O’zbekiston FA Til va adabiyot institutida kichik (1958— 62), katta ilmiy xodim (1962—68), bo’lim boshlig’i ( 1968-2000). Mamajonovning asosiy ilmiy ishlari she’riyat, proza, drama, bolalar adabiyoti muammolariga qaratilgan. U o’zbek adabiyotining sovet davridagi tarixiga bag’ishlangan bir va ko’p jildli tadqiqrtlarning yaratilishida faol ishtirok etgan. Olim G’afur G’ulom ijodiga bag’ishlangan ilmiy tadqiqotlar («Shoir va zamonaviylik», 1963; «G’afur G’ulom prozasi», 1966; «Uslub jilolari», 1972), Hamid Olimjon haqidagi «Shoir dunyosi» (1972) hamda Sharof Rashidov romanlari tahliliga bag’ishlangan «Lirik olam, epik kulam» (1979) kabi asarlar muallifi. 90-y.larda Salohiddin Mamajonovning Behbudiy, Fitrat, Hamza Hakimzoda, Cho’lpon, Elbek, Botu, Shavkat Rahmon singari adiblar ijodiga bag’ishlangan risola va maqolalari e’lon qilingan.

03

Odatda, ijodkor adabiyotga o’z estetik programmasini, ijodiy printsiplarini, orzu-idealini yo bevosita: aytib, ta’kidlab kirib keladi va amalda buni isbotlaydi, yoki fazilatini bilvosita, ya’ni voqealikka, insonga, zamon talablariga mustaqil yondashishi, yangi fikr-g’oyasi, yangicha ifoda usuli bilai namoyish qiladi. Ba’zan adabiy tanqidchilikda shu kunlarda o’z estetik printsiplarini izhor etuvchi she’r yozishi nega kerak, o’tmishda yoki … murakkab 20-yillar bo’lsa boshqa gap edi, degan tanbehni eshitib qolasan. Avvalo shuni aytish kerakki, har bir yangi tug’ilgan ijodkorning voqelikka, insonga va jamiyatga estetik munosabati, hayotning qaysi jihatlariga diqqat qilishi, zamon ruhini, jamiyatning ma’naviy ehtiyojini, tarixini teran idrok etishi va xalqning orzi-intilishlarini chuqur his etishi hamda o’zini shu jarayonning ishtirokchisi deb bilishi, bir so’z bilan aytganda, ijodiy yo’lini aniq belgilab olishi hal qiluvchi ahamiyatga ega. Ijod jarayoni, kamolot yo’llarida bu niyat yanada yiriklashib, tiniqlashib, ezgulashib boradi. Ulug’ Navoiy yoki Mayakovskiylarning shoir va she’rning jamiyatda tutgan o’rni to’g’risidagi asarlari qator tadqiqotlarga asos bo’lgani bejiz zmas. Axir Navoiy «Xamsa»navislar bilan ijodiy printsip bobida jiddiy bahs qilibgina qolmadi, balki shu bilan birga o’z «Xamsa»si bilan shu printsiplarni, o’z pozitsiyasini  daholarcha isbotladi. V. Mayakovskiyning she’r va shoirning grajdanlik burchi haqidagi she’r-fikrlari zamondosh qalamkashlar uchungina emas, avlodlari uchun ham olovli o’git bo’lib qoldi.

Ba’zan buning aksi ham bo’lishi mumkin. Ba’zi ijodkorlar o’z she’rlarida va adabiy-publitsistik maqolalarida katta va’dalarni berishadi, xalq va vatan uchun jonim fido deb ko’kragiga urishadi, amalda o’z asarlarida mayda fikrlarni aytib qofiyabozlik qilishadi, xalq hayotidagi dolzarb, qaltis masalalar xususida o’zlarining printsipial, keskin so’zlarini aytishga jur’at etishmaydi. Bunday so’zi boshqa-yu, ishi boshqa qalamkashlar hech qachon ijodiy barkamollik va e’tibor topmagan.

Yana shunday she’riy to’plamlar borki, ularning mualliflari uchragan mavzu haqida she’r to’qishib ketaveradi. Biror to’plamini yoki shoirning butun ijodini o’qib chiqib, uning yuragini o’rtagan dard, armon barcha asarlaridan qon tomir bo’lib o’tgan fikr — g’oya, ezgu niyatni topa olmaysan. Axir shoir nimadandir qattiq nafratlanishi, nimanidir targ’ib etishi, qayoqqadir chorlashi kerak-ku. Shoir bosh niyatni belgilab olmas ekan, xalq tashvishlaridan, intilishlaridan yiroq to’qimalarni qalashtirib tashlayveradi.

Keyingi o’n-yigirma yil orasida poeziyaga kirib kelgan yangi avlodning o’z ijodiy programmasini alohida ta’kidlashlari va qattiq himoya qilishlarida yana boshqa qator sabablar bor. Ular she’riyatni mislsiz qudratli kurash quroli, shoirni esa jamiyat taqdiri, ertasiga javobgar shaxs deb idrok etdilar, she’riyatda hukm surib kelgan balandparvozlik, tantanavorlik, madhiyabozlik, siyqalikni tan olmadilar. Hayotni butun ziddiyatlari, dramatizm, fojialari bilan, inson qalbini barcha murakkabliklari bilan yoritishni, zamonning dolzarb jumboqlari, masalalari to’g’risida bor gapni. haqiqatni yozishni, jamiyatni ma’naviy kamol toptirishni bosh vazifa qilib oldilar, Yaqin-yaqin yillardayam, … shu yangi avlodning birini hayot fojiasini aks ettiruvchi mungli shoir deb, boshqasini voqeligimizdagi illatlarni qabartirib tasvirlaydi, yana uchinchisini shakkok, sharm-hayoni unutdi, deb, ular ijodidagi inqilobiy yo’nalishni, novatorona izlanishni, tizginlab qo’yishga urinildi. Mana shunday sabablar yangi avlod grajdanlik qiyofasidagi jasurlik, jangovarlikni bo’g’ishga urinishlar yangi avlod vakillarini she’r va shoirning burchi xususida ochiq, jiddiy bahsga tortgan bo’lsa kerakki, buni Shavkat Rahmonning «O’yg’oq tog’lar» nomli lirika kitobi -— shoirning o’n besh yillik ijodiy mahsuloti misolida yaqqol ko’rishimiz mumkin. Avvalo u — shoir so’zining ulug’ qudratiga qattiq ishonadi: insonni ozod qiluvchi, uni ma’naviy barkamollikka ko’taruvchi, Vatanni komil etuvchi, ona zaminni asrovchi kuch — imkoniyatni shu so’zda his etadi. Buning uchun, deydi, «ovozi toshlarni yorar kuychilar, sehrgar shoirlar kerak». Shuning uchun «Qo’shiq» she’rining lirik qahramoni «qo’shiqlar dunyoni asramog’iga ishonib» ilhom bilan qo’shiq aytadi. Haqqoniy va isyonkor so’z insonni jasoratga, ezgu niyatlar uchun  fidoyilarcha kurashga safarbar etadi. «Internatsional» nomli she’rida yozadi:

Bu qo’shiq ajoyib qo’shiqdir,
So’zlari kuydirar tomoqni,
Ulimni nazarga ilmaysan,
Sezmaysan surgunu qamoqni.

Shavkat Rahmon jasur, isyonkor, sheryurak shoirlikni tan oladi. «Shoirlik — jasorat so’zining tarjimasidir», deb lo’nda ta’rif berishi bejiz emas. «O’limgacha sodiq do’st kabi boruvchi», «Elning baxtiga umrini tikkan shoirlar»ni orzu qilishi shundan. Uning e’tiqodicha, faqat «G’alayonga to’la vujuddan oxir dunyo bo’ladir xalos». Uning she’rlarida isyonkorlik, hujumkorlik, murosasizlik, g’azab-nafrat ruhining hokimligi va bu printsipiga sodiq, sobitligining boisi shundan. So’ngra «so’zlarni qayraylik tokim keskir bo’lsin bamisli olmos» yoki «Yolg’on she’r aytishdan qaytsaydi shoir» degan ijodkor chindan ham keskin, jur’atli va haqqoniy so’zlash yo’lidan boradi. U «kichkina tashvishlar iskanjasida» ovora bo’lib, xalqning, davrning dolzarb dard-tashvishlarini unutgan shoirlarni mutlaqo xush ko’rmaydi. Bundaylarni hushigz keltirish uchun «na’ra tortaylik, faryod qilaymikin osmonni yirtib» deydi. Shoir yuragini har doim bezovta qilgan va uni isyonli yo’lga chorlagan quyidagi savollar turadi:

Kimni baxtli qildim,
Kimni umidvor,
Kimlarga ko’nglimni yorib so’yladim.
Men nima beroldim, moziy qa’ridan
Cho’zilgan sanoqsiz ojiz qo’llarga?

Yengilroq qildimmi og’irligini?
Aytdimmi kimlarning asl do’stligini,
Kimlarning haqiqiy yog’iyligini?

Shoir voqelikni butun murakkabligi, o’tkir ziddiyatlari, insonning qalbini butun ichki kolliziyalari, dramatizmi bilan badiiy tadqiq etish orqali haqqoniylikka erishish mumkinligini teran tuyadi. Rangin dunyoni haqqoniy chizib bergan ijodkorgina «buyuk shoir», «buyuk musavvir bo’lishi» mumkin. U olamni kontrastli idrok etar ekan, diqqati qora va yorug’ rangga qaratiladi. Uning shu kontrastli, obrazli tafakkuri she’riyatiga qora va yorug’ obrazlarni olib kiradi. Adolatsizlik, nohaqlik, turg’unlik, jaholat, yulg’ichlik, zulm, qisqasi yomonlik qora, qorong’ulik bo’lib tuyuldi, poklik, beg’uborlik, diyonat, vijdon, imon, g’urur va surur, oliy ezgu orzular uchun kurashini yorug’lik sifatida his etdi. Nurning — quyoshning esa hayot, tiriklik manbai ekanligiga maftun bo’ldi. «Oftob va oftob haqida afsona» asarida «oftobning bag’ridan tushdi tulporlar», «ko’kka sapchirdi bir asov oqimga aylangan otlar», «yollari tirik alanga» degan va «Otlarga qiyosiy qasida» manzumasida otni «shaklga qamalib qolgan alanga» degan obrazlari bor. Shoir bu obrazga sotsial va falsafiy ma’no yuklaydi. Oftob otga (va insonga) harorat-kuchni, shijoatni oliy maqsad uchun («hurlikka intilsin, go’zal olamlarga qilsan sayohat») safar qilsin, deb bergan. Afsuski, sayyodlar ulardan pok niyatlar uchun foydalanmadi, «qo’hna keklarini tug’day ko’tarib, bir-birin shafqatsiz qirdi elatlar». Shu tufayli bu ot «ko’zlari g’amgin» va «buyuk oftobga qaytmoqchi». Ot, demak nur  tushkunligini sira-sira xohlamaydi, shuning uchun «bir nafas otga aylansak, eng baxtli, eng erkin zotga aylansak», deydi. Shoir «Nur» she’rida masalaga yana chuqurroq yondashadi: nur tushmagan yerda hayot, yaxshilik yo’q yoki diyonat, imon ko’tarilgan yerdan nur ham qochadi, demoqchi bo’ladi. Xalq yomon odamlarni bekorga «nursiz odam», «istarasi sovuq» deb aytmaydi. «Nur» she’rida shoir nurning qaytib ketishini mana qanday izohlaydi:

Nechun yerda mangu qololmas,
Xomushlanar nechun ketar choq?
Zulmat bosgan qalblarimizda
Qadr-qimmat toparmi kamroq?

Yoxud ko’rmas rostlikni aslo,
Yoxud ko’rmas diyonat, g’urur,
Balki shundan mangu qololmas,
Balki shundan qaytib ketar nur.

Shoir ilk she’rlaridan birida «dunyodagi barcha qora narsani yorug’ lahzalarda o’ldirib», «bosh ko’tarib qaray quyoshga, tokim ko’zlarimda yonsin haqiqat», deb ont ichishi bejiz emas. Shundan kelib chiqib u odamlarga qora nimayu yorug’lik nima, ya’ni hayot haqidagi haqiqatni tushuntirmoqni, ko’zlari ochiqligicha uxlayotganlarning» «ruhini uyg’otmoqni», olamni g’aflatdan ogohlantirmoq»ni o’z oldiga bosh vazifa qilib qo’yadi. Ehtiros bilan ularni kelajak sari harakat qilishga, intilishga, kurashga chorlaydi. She’rlarining talayginasining ikkinchi shaxsga qarata, monolog tarzida, murojaat, chaqiriq, samimiy suhbat shaklida yozilishi shundan («Ko’zingizni oching, ko’rqmang, ziyodan qamashsin, og’risin, mayli, mayliga yashamak bo’lsin qiyinroq ochiqligi tufayli» tarzida). Shoirniig sarbastga moyilligi ham fikr va tuyg’u, hissiyotining qaynoq, rango- rangligidandir.

Har doim buyuk burilish, inqilobiy da’volarda shoirlar xalqni uyg’onish — faol kurashga tashviq  etishgan. Bizning kunlar ham xuddi shunday, kurashchan insonlarni talab qiladi. Shavkat Rahmon «Davra» she’rida kayfu safodan bosh ko’tarmaganlarni ko’rib  hayratlanadi. «Har narsaga…» she’rida loqayd, adolat va diyonatning oyoq osti bo’lishiga befarq qarab shon-shuhrat topgan kimsaga achchiq kesatadi:

Ko’zingni yum,
Quloqni berkit —
Kunduzdan-da yorug’dir yo’ling.
Bir kun kelib alqaru seni
Yuksaklarga ko’tarar ko’rlik.

«Yosh o’zbek shoirlariga» she’ridagi ibora bilan aytganda bu kimsalar «g’aflat to’shagida yotganlar»dir.

Shoirning «Avtobusdagi o’ylar» sarlavhali she’ri bor. Avtobus ramziy obraz bo’lib, aslida hayotimiz nazarda tutiladi: har xil yoshdagilar yo’lda ketmoqda. Ularni Vatan taqdiri va dunyoda yuz berayotgan katta voqealar qiziqtirmaydi. Qani endi birortasi «jonim, ona yerim» desayu, shoir o’z yuragini quvonchdan unga yulib bersa. «Ko’zlari ochiqligicha uxlayotganlar»ni kuzatar ekan, tashvishli savol qo’yadi.

Shular o’ylarmikan tuprog’imizni,
Shular ko’tararmi elning yukini?

«Yosh tog’lar», «Uchayotgan odam» she’rlarida yana shu mavzuga qaytadi. U yoshlarga umid va ishonch bilan qaraydi, «hamon miriqib uxlab yotgan sodda bolalar»ning Vatan oldidagi farzandlik burchini, albatta, bajarajagiga imoni komil. «Uchayotgan odam» she’ri munosabati bilan Shavkat Rahmon she’riyatidagi yana bir necha obrazga e’tiborni tortmoqchiman. Bu «qush» va «yo’l» obrazlari. Bular o’sha «nur» obraziga jips bog’lanadi. Shoir oliy maqsad sari qushday, nurday uchib tezroq yetib borishni orzu qiladi. Tabiat beg’ubor, go’zal, qudratli bo’lgani uchun shoir unga intiladi, goh oqar suv, goh har tomonga chuqur tomir otgan chinorga, goh mag’rur va o’ychan, sabrli, qudratli toqqa, goh erkin, parvozi baland qushga aylangisi keladi.

Shu fazilatlar aslida insonga ham xos, faqat buni ko’plar unutib qo’yishgan. Xalq tushida uchgan odamni
tilagi yuksak deb bekorga aytmaydi, kurashchan odamlar tushida qushlardek uchadi. «Uchayotgan odam» she’rida shu tushida uchayotgan odam to’g’risidagi «Qush edim o’t  bilan o’ynashgan bir qush, balki o’t kuydirgan qanotlarimni» misralari yunon afsonasidagi qahramon — Ikarning quyoshda erigan qanotini esladi.

Shoirning odamni qushga o’xshatishidan aniq maqsadi bor: mayda tuyg’ular, oddiy turmush tashvishlari bilan ovora bo’lib, zamon dardi, xalqning ertasi bilan ishi yo’q g’ofil bandalarga ko’zingni och, kimligingni unutma demoqchi bo’ladi:

Bilarsiz, bemalol uxlayotganlar —
Quyoshdan to’ralgansiz, desam, ustimdan
silkinib-silkinib kuladiganlar?

Bilsangiz,
shu tobda jismu jonimni,
zaharga aylapib yoqar qonlarim.

Qushday bo’zlab uchdim boshlaringizda,
Qushligin unutgan, og’ajonlari.m.
Zora eslangiz,
Zora, tilagim,
balki nasib bo’lar sizlar-la uchmak.

Darvoqe mazkur she’rdagi shoir niyati nishonga tekkanini shundan ham bilish kerakki, Ramz Bobojon yaqinda SH. Rahmonning yuqoridagi she’ridagi oxirgi «chunki men odammas, chunki men qushman» misralarini epigraf qilib olib, unga javob yozdi. Ramz Bobojon shoir hamma narsani jonlantira olish, lutf qilish huquqi, imkoniyatiga ega ekanligini yaxshi biladi. Shavkat Rahmon ham «shoirning o’tkir ko’zlari» toshning gullaganini ham ko’rishi kerak, deydi. «Uyg’oq tog’lar» to’plamida shoirona xayol, fantaziya, orzu bilan yozilgan she’rlar ko’p, shoirning obrazli tafakkuri shunday aslida. Ramz Bobojon bu lutfga e’tiroz bildirayotgani yo’q aslida. Buni uning «E’tiroz» she’ridagi:

Xayolsiz hayot yo’q,
tirikka bu xos,
Shoir esa xayol bandasi.
Shundan ko’z deganim bog’dagi charos,
Tonggi yellar — bola xandasi…
Xayol dengizida odam bir yelkan,
Qushlardan tez uchib boradi,
Tushlardan tez uchib boradi,
Ko’rinmas qanotlar beqiyos,
ko’rkam… —

misralaridan ham bilish mumkin. Ramz Bobojon qalamkash ukasini qaltis qadam bosma, bunchalik keskin ketma, o’zingga yomon bo’ladi, deb ogohlantirmoqchi bo’ladi («Qanotingni o’tga oldirmasang, bas.»). Bu — Shavkat Rahmon she’rlaridagi jur’at, inqilobiy ruh, jurashchanlik fazilatiga zid.

Xalqda baxt qushi haqidagi qancha-qancha ertak, afsonalar bor, hammasining xulosasi shuki, baxtni faqat kurashib, mehnat qilib qo’lga kiritish mumkin. Shavkat Rahmon ham ana shu ma’naviy an’anaga suyanadi (bir she’rida «muhabbat bir go’zal qushchadir» deydi). Bu obrazni «Yo’l» obrazi bilan uzviy bogliq, dedik. Oliy maqsad yo’lidagi parvoz osonlikcha yuz bermaydi. Shoir ana shu yo’ldagi mushkulliklarni, g’ovlardi keskin, konkret va ravshan tasvirlashga intiladi. «Inqilob yo’llarida» she’rida o’sha g’ov bo’lgan kimsalarni bo’riga qiyoslaydi va bu obraz she’rning (boshidan oxirigacha markaziy obrazlardan biri sifatida ishtirok etadi. Aslida shoir yuragida diyonatni oyoq-osti. qilganlar bo’ridan ham battardir, degan fikr yotadi. «Qalin shoxlar aro yaltirab» she’rida ovchi va bo’ri obrazlari bor. Ovchi bo’rini otadi. Ovchi bo’ridan ham vahshiyroq tuyuladi shoirga: «Titroq bosgan  o’rmon ichida uzoq ingrar yarador odam», deb bo’rini odamga o’xshatadi. Bu fikrni yanada ta’kidlab ko’rsatish maqsadida «yelkasida qo’shog’iz miltiq chiqib ketar o’rmondan bo’ri», deydi.

… Shavkat Rahmon hayotimizdagi illatlarni fosh etuvchi va yuz berayotgan inqilobiy jarayonning insonparvarlik mohiyatini ochuvchi ko’pgina she’rlar yozdi. «Murosa, madora tashvishlari-la» she’rida turg’unlik davri kishisining obrazini chizadi: o’sishdan «to’xtagan odam» u, «didiga olamni moslagan», kelajakni emas, balki «o’z tashvishi»ni o’ylagan, «kazzoblik, g’arlik qilgan», «insonlar yodin bulg’agan» kimsadir. Shoir bundaylarni qahr-g’azab bilan fosh qilar ekan, imonli odamlarga, sog’lom yangi avlodga umid-ishond bilan boqadi. Sababi yaramas zotlar «kelajak cho’kayotganda» saqlashga qo’l cho’zish uyoqda tursin, aksincha, halokatga yo’l ochadi. Shoirning insonga talabi juda katta: uning uchun hatto «faqat yaxshi bo’lmoq judayam kamdir, juda kamlik qilar yashamoq halol».

Shoir boshqa bir she’rlarida o’zi orzu qilgan, ideal deb bilgan odamlar obrazini gavdalantiradi. Bu odamlarni tog’, chinorlarga muqoyasa qilib, «ulkan odamlar», «oliy kishilar», «buyuklar», «daholar» deydi. Ular diyonatli, pok, dillari kabir, fidoiy, do’sti, xalq va Vatani uchun jonini beradi, ular erkka, adolatga sajda qiladi, ularga mutelik, dimog’, ta’ma yot. Shoir «kichkina tashvishlar iskanjasida» qolganlarni «mitti daholar», deydi («Chinor ko’rinishlari»), «Baland daraxtlar» she’rida «past daraxtlarni» halokatdan asraganlar ham shu ulkan daraxtlardir, ‘ deydi. Ona yerni e’zozlashi zaminida ham shu haqiqat yotadi, ya’ni «buyuklar yaratgan» kurash shu zamindir, shuning uchun «yerning buyuk xotirasini» ko’z qorachig’i- dek asrashga chaqiradi. U ona yurt tarixini ruhiy tayanch sifatida qadrlaydi. U kishida «g’urur yo hayrat» tug’diradi, «botirlarni uyg’otadi» («Asotirlar kitobi»), «Mahmud Torobiyning bir xoin yurtdoshi xususida aytganlaridan» she’rida xoinni «bo’g’ib tashlarman, kelajak ko’rmasin senday beorni», deydi. Mahmud Torobiy tili orqali shoir ona Vatanni yovlardan sadoqat, fidoyilarcha asrashga chaqiradi. «Afshonadagi Ibn Sino haykaliga» she’rida ham shu ruh yotadi. Bu ulug’ odamlar avlodlar uchun «tirik bir imon» («Qizilqumda bir kun»).

«Tog’» obrazi ham ota-bobolar — ulkan odamlar ruhi bohiydir, xalq ham shu tog’lar kabi qudratlidir, degan g’oyani o’tkazishga xizmat etdiriladi. Bir she’rida «Balki tog’lar ulug’vor yerning qotib holgan ko’hna nafrati», desa, boshqa asarida «bag’ri to’la g’alayon», «o’sha mag’rur», «o’z tinchini buzgan yovlarni o’ldiradi tog’lar shafqatsiz», deydi. «Aravon ko’rinishlari» she’rida tog’larni cho’kkan nortuyalarga o’xshatadi (yana tasavvurga yo’l va karvon keladi). Ming yillardan buyon «metin tuyalarni yiqolmas to’plar», ya’ni xalq o’lmas, abadiydir. «Aravon ko’rishlari» she’ri yurtga katta mehr-muhabbat va yurtdoshlariga cheksiz ishonch-umid tuyg’usi bilan yozilgan. Elini «qudrat» deb ta’riflaydi, daryolaridan oqqan suvni «elning tilidagi o’lmas qo’shiqqa» o’xshatadi, tutlari ham «isyonkor», yigitlari esa «afsonaviy jangchilar» kabi nigohlari o’tkir, odimi shahdam, barvasta», «jiddiy hat’iyat bor chehralarida», «ko’zlari mardona», bolalar zsa «huyosh qo’rlari»dir:

Mana, yuragida diyonatini
bokira hizlarning nomusi kabi
so’nggi nafasgacha pok asraguvchi
vazmii, irodali odamlar safi.

Qudratli yuraklar zarbini uqdim,
Uqdim toqatlarin, uqdim ko’zlarin.

Shoirning Vatan,tabiat, odamlar,tarix haqidagi she’rlarining hammasi ezgulikni,go’zallikni, adolat, insoniylikni ulug’lash, «kimlarning asl do’stligini, kimlarning haqiqiy yog’iyligini» ko’rsatib berishga, odamlarda o’zligini tanish, Vatanni qadrlash, xalqini ardoqlash, oliy niyat yo’lida fidoyilarcha kurashchanlik «ruhini uyg’otish»ga yo’naltirilgan. Ijodkordan qoladigan shu ezgulikni «abadiy nurlar», deb ta’riflaydi. Baribir shoir she’rlarining qon tomiridan «Bu diyor shu qadar ulug’ bo’lsa-da, ulkan odamlarga naqadar zordir», degan armonli fikr oqib turadi.

She’rda qanchalik original, ohori to’kilmagan obraz yaratilmasin, agar — asardagi mazmun bilan jips bog’lanmasa, shoirning maqsad — idealini ifodalashga xizmat etmasa, befoyda turaveradi. Shavkat Rahmon obrazlari asar mohiyatidan tug’iladi, ular ham harakatchan, kurashchan. Mana chinorni «Yerning shoxlab ketgan nidolarimi yo yerga sanchilgan dasta chaqinmi», deb ta’riflaydi. Yoki «tulporlar yollari tirik alanga», «harsillar, guldurar o’jar qo’toslar, jon kirib quturgan tog’larga o’xshab», «adirlar ummonning bir ko’tarilib manguga to’xtab qolgan to’lqinlaridir», anorni «Yerning qonga bo’yalgan mushti», daryo qirg’og’idagi toshlarni «suv ichgani kelgan qo’ylarday» deb chizadi va h. k. Hammasi manzarali, olovli va parvozli obrazlar. Biroq, takror obrazlar ham yo’q emas. Mana bu «Birdan qaynoq yoz oqib kelar jimib qolgan bog’lar oralab», «tag’in quyuq kunduz oqadi», «Toshlarga urilib, sharqirab yulduzlar oqadir soylarda» misralarida jonli, konkret obrazlar yaratilgan, biroq asl mohiyati jihatidan ular bir qolipdan chiqqanday (oqmoq ma’nosida). «Qarib qolgan quyosh nayzadan» jumlasi boshqa she’rdagi «qari quyosh sevadi ko’proq», «qarigan kuz yotadi behol» misralaridagi bo’yoq bilan bir xil. Ot to’g’risida bir yerda «sovuq yaraqlagan ko’zlari g’amgin» desa, ikkinchi o’rinda «ko’zlari g’ussali» deydi. «Uch ajoyib o’g’il bo’lardi» she’rida shoir niyati to’la ruyobga chiqmagan. U yakkalik dahshatini chizmoqchi. She’rda cholning bir o’g’lining shuhrat, birining haqiqat izlab, birining ayol orqasidan ketgani va qaytishmaganini, ularni kutaverib charchab, oxiri o’z-o’zini o’ldirganini hikoya qiladi, asar bayonchilikdan ko’tarilmagan.

… Bular shoirning ilk she’rlari orasida uchraydi. Avvalgi she’rlari bilan keyingilarini qiyoslaganda shoir ijodining takomilini ilg’ash mumkin. Ularda tabiat manzarasini chizish orqali inson ruhiyatini, undagi sotsial dardni aytish ustun edi, tasviriylik, serbo’yoqlik, ramziylik, falsafiylik kuchli edi, qochiriqlar ko’p edi. «Muqaddas hislar» — odamiylik, mehr-oqibat, poklik, g’urur, diyonat, ulug’landi. Qeyingi she’rlarida tahliliylik, fikriy teranlik, o’tkir konfliktlilik, isyonkorlik, publitsistik ruh kuchaydi, tili keskirlashdi. …Shoirdagi bosh fazilat — jasorat, isyonkorlik, yomonlikka shafqatsiz kurash ruhi, haqiqatni, diyonatni, poklikni faol himoya etish, xalqini yuksak orzu-armon sari chorlash tuyg’usi uning she’riga o’ziga xos joziba baxsh etib turadi.

07

(Tashriflar: umumiy 1 985, bugungi 1)

4 izoh

  1. Millat ma’rifati yo’lida ulug’vor zahmatlar chekkan insonlar, har ikkovlarining oxiratlari obod bo’lsin.

  2. Assalomu alaykum. Maqola uchun katta rahmat. Shu maqolani manbasi juda ham kerak edi. Qachon, qaysi jurnal yoki kitobda chiqqanligini aytolasizmi? Oldindan rahmat

Izoh qoldiring