Xurshid Davron. Bu voqea olis 1956 yilda bo’lib o’tgan edi

бухорий
   * ШАЙХ НАДИМ АЛ-ЖИСР КИМ ЭДИ? * ШАЙХ НАДИМНИНГ ҚАТЪИЙ ТАЛАБИ * АЛ-БУХОРИЙ ҚАБРИ ҚАЕРДА? * САМАРҚАНДДА ЁТГАН УЧ БУЮК ЗОТ ВА ЧОКАРДИЗА ҚИСМАТИ * МИРШАРИФ ХЎЖАЕВНИНГ «ҲОДАРВЕШ ШАМОЛИ» АСАРИДАН * НИШОПУРДАГИ МАЛОМАТ * ВАТАНГА ҚАЙТИШ * НЕГА ХАРТАНГДА? * 1956 ЙИЛ. САМАРҚАНД * ЙИЛЛАР ЎТИБ…

Бу воқеани анча йиллар аввал мухтасар тарзда ёзган эдиму кўнглим тўлмаганди. Чунки кўп воқеалар тафсилоти, иштирокчилари ҳақидаги маълумотлар турлича, ноаниқлик кўп эди. Мана, ниҳоят узоқ изланишларим натижасида олдинги ёзганларимни тўлдириб, деярли янгилаб сизга тақдим этмоқдаман. Лекин, изланишларимни тўхтатганимча йўқ ва Худо ҳоҳласа, бу ғаройиб воқеа асосида ёзилган ҳужжатли қиссамни ҳам муҳлати етганда сизга албатта етказаман, деб ният қилдим.

Хуршид Даврон
БУ ВОҚЕА ОЛИС 1956 ЙИЛДА БЎЛИБ ЎТГАН ЭДИ

09

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм

i_018.jpg Бу воқеа олис 1956 йилда бўлиб ўтган. Ўша йиллар шўролар империяси тепасига келган Никита Хрушчёв мусулмон олами билан алоқани яхшилашни ўйлайди. Аммо, унинг  асл нияти бу ишда анча муваффақиятли ютуқларга эришган АҚШ ни мусулмон олами доирасидан сиқиб чиқаришдан иборат эди. Аслида, “мусулмон олами билан дўстлик” шиори ҳар икки империя учун бир ниқоб эди, холос. Ҳақиқатда ҳар икки зўравон салтанатни мусулмон оламидаги,биринчи навбатда, араб иқлимидаги нефть заҳиралари қизиқтирарди.

Нима бўлгандаям, СССР раҳбарининг буйруғидан кейин араб давлатлари билан яқин дипломатик алоқалар ўрнатиш жараёни бошланди. Давлат хавфсизлик қўмитасининг тавсиясига амал қилган  Ташқи ишлар вазирлиги ҳаракатни советларга анча хайрихоҳ ҳисобланган Лубнон (Ливан) давлати билан яқинлашишдан бошлашни маҳқул топди. Маълум «борди-келди»лардан кейин Лубнон (Ливан)нинг таниқли жамоат арбобларидан бири, Тароблус (Триполи) шаҳридан сайланган мамлакат парламенти депутати, машҳур «Жаридат Тарабул» — «Тарабулис газетаси»нинг эгаси Шайх Надим ал-Жиср  Советлар Иттифоқига ташриф буюришга розилигини билдирди.

ШАЙХ НАДИМ АЛ-ЖИСР КИМ ЭДИ?

031 Мен узоқ изланишлар натижасида қуйидагиларни аниқладим:  Шайх Надим ал-Жисрнинг асли келиб чиқиши ҳам туркий, ҳам арабий илдизларга эга бўлган икки хонадон билан боғлиқ  экан.

Тарихдан биламизки, деярли барча араб дунёси бир неча аср давомида Усмонийлар империяси таркибида бўлган. Бунинг оқибатида  жуда узоқ вақт араб давлатлари ва шаҳарларида мавжуд ҳокимият тизими асосан турк амалдорлари томонидан бошқарилган. Араб ўлкаларида истиқомат қилган турк амалдорлари маълум манфаатларни кўзлаб арабларнинг эътиборли кишилари ва оилалари билан яқин алоқада бўлишган. Ҳатто Англия ёрдами ва Лоуренс Арабий (ингл. Lawrence of Arabia) номи билан донг таратган  инглиз жосуси қутқуси билан бошланган усмонийлардан  халос бўлиш ҳаракатидан кейин ҳам  маълум маънода араблашган турк оилаларининг вакиллари янги пайдо бўлган араб давлатлари бошқарув тизимида фаолият юритганлар.

Шайх Надим мансуб бўлган  оиланинг асосчиси   Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Жиср ал-Тарабулусий  эди. Лубнон (Ливан)нинг таниқли уламоси бўлган бу зот 1845 йили Триполи шаҳрида туғилган. Қоҳирадаги машҳур Ал-Азҳар университетида таълим олган. Унинг илми шариатга бағишланган илк китоби машҳур бўлиб, у Усмонийлар султони Абдул Ҳамиди Соний томонидан тақдирланган. Султон мукофот билан қаноатланмай ёш олимга эркин ижод қилишига имкон берадиган маблағ ажратди. 1889 йили эса султон уни Истамбулга чорлаб, янги китобини ёзиши учун шароит яратиб берди. Орадан 9 йилдан кейин у она шаҳри Триполига қайтди. Бу ерда у «Жаридат Тарабул» —  «Тарабулис газетаси»ни ташкил этди.  У  яна бир неча  ислом қонунчилигига бағишланган  киитоблар ёзди.  Мамлакатда катта мавқеъга эга уламо 1909 йили вафот этди. Унинг фарзандлари ҳам ота йўлини тутиб ҳуқуқшуносликни танлашди.

089

Турклик томонидан Шайх Надимнинг бобоси асли Туркиянинг Адана шаҳридан бўлмиш Абдулғани афанди Рамазонўғли  эди. (1883 да олинган суратдаги шахс.)  Абдулғани афанди анча бадавлат оиланинг раҳбари бўлиб, узоқ вақт Байрут хўжалик судининг раиси бўлиб ишлаган. Унинг тўққиз ўғли ва олти қизи бор эди.

Абдулғани афанди қизларидан бирини Шайх Ҳусайн ал-Жиср узатган.

1897 йили Триполида туғилган Надим дастлабки таълимни отасидан олди. Отаси ўлмидан кейин Хумс ва Байрутда ўқиди. Триполига қайтиб, илмий ва адабий ижод (у шеър ҳам ёзарди) билан шуғулланади. 1922 йилдан бошлаб суд тизимида ишлади, йиллар ўтиб судья,  ҳатто прокурор мақомига кўтарилади. Кейинчалик  барча мансабларидан истеъфо бериб, отамерос илм билан шуғулланиш мақсадида  адвокатлик қила бошлади.

05 Надимнинг акаси Муҳаммад ал-Жиср    1932 йили ўша пайтда Франция протекторати ҳисобланган Ливан   президентлигига ўз номзодини қўяди. Қонун бўйича президент парламент  томонидан сайланиши керак эди. Парламентда Муҳаммад ал-Жирси тарафдорлари кўплиги аниқ бўлиб қолгач,  мусулмон кишининг мамлакат  раҳбари  бўлиши олдини олиш учун  французлар  амалда бўлган конститутцияни бекор қилиб, парламентни тарқатиб юборишади. Шу воқеадан кўп ўтмай Муҳаммад ал-Жиср вафот этади.

Акаси ўлимидан кейин бутун хонадон ташвиши ва отаси томонидан ташкил этилган диний марказини бошқариш,Триполида сулола эгаллаб келган мавқени сақлаш Шайх Надим елкасига тушади.Отасидан мерос газетага раҳбарлик қилиш билан бирга диний марказда дарс бериш ҳам унинг зиммасида эди. Мажбуриятлар туфайли бошланган қизғин  фаолияти Шайх Надимнинг Триполи ва мамлакат доирасида  обрў қозонишига хизмат қилди. Нафақат Ливанда бутун араб оламида ҳам номи танила бошлади.  Ҳатто Марокаш қироли 1955 йили уни ўз мамлакатига таклиф қилди. Шайх Надим Триполи шаҳридан мамлакат парламенти депутатлигига сайланади. 1960 йили эса у Триполи ва Шимолий Ливан муфтиси этиб сайланади. Шайх Надим  биринчи сунний муфтий сифатида тарихга кирган.

Шайх Надим мансуб хонадоннинг яна бир вакили Тожиддин ас-Солиҳ 1973 йилда мамлакат бош вазири этиб сайланган. Кўриб турибмизки, Шайх Надим мансуб бўлган оила Ливан мамлакатида анчагина таъсирли мавқени эгаллаган. Айни шу сабабдан совет ҳукуматининг Шайх Надим ал-Жиср номзоди устида тўхтаб, уни советлар мамлакатига таклиф қилиш қарорини тушуниш мумкин.
Айтиш жоизки, бугун ҳам бу оила вакиллари боболари ва оталари эришган мавқени сақлаб туришибди.

ШАЙХ НАДИМНИНГ ҚАТЪИЙ ТАЛАБИ

Совет ҳукумати тузган режага кўра, лубнонлик меҳмон Москвадаги олий ўқув юртларига, шунингдек, Киев, Ялта,Сочи шаҳарларига бориши керак мўлжалланган эди. Бу режага Ўрта Осиёдаги бирон бир совет республикасига ташриф буюриш киритилмагани кишини ажаблантиради. Ҳеч бўлмаганда, бу ташрифни уюштирган мутасаддилар шайхдан бир оғиз бўлса ҳам истак-хоҳишини суриштириш, унинг мусулмон эканини эътиборга олиш мумкин эди-ку деб ўйлайсан. Нима бўлгандам, режа ўзида совет ҳукумати нуқта назарини акс эттирган: мақсад Шайх Надимни совет империяси тарафдори қилиш, шайх ва унинг таъсридаги кучларни ўз хизматига тортиш, улар орқали араб оламида ўз сиёсатини тарғиб қилишдан иборат эди.

Тез кунларда Москвага учиб келган Шайх Надим ал-Жиср меҳмонхонада ташриф режаси билан танишар экан, режага Имом ал-Бухорий қабрини зиёрат қилишни ҳам киритиш лозимлигини сўради. Аммо,ўша заҳоти рад жавобини олди. Унга ташриф режаси совет ҳукуматининг олиймақом раҳбарлари томонидан тасдиқланганини айтиб, ўзгартириш киритиш мутлақо мумкин эмаслигини тушунтиришмоқчи бўлишади. Шўро давлати  вакиллари назарида қандайдир бир имомнинг қабрини зиёрат қилиш ўзлари таклиф қилаётган олиймақом қабуллару меҳмондорчиликлар олдида арзимас бир гапдай туюларди.

Аммо, Шайх Надим бўш келмади. “Агар,режага биринчи бўлиб Имом Бухорий қабрини зиёрат қилиш киритилмас экан, мен ҳозирнинг ўзидаёқ Лубнонга қайтаман”, деб қатъий туриб олди.

Унинг бу гапидан Ташқи ишлар вазирлиги ва давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) вакиллари нима қилишларини билмай қолишди ва бўлиб ўтган гап-сўз ҳақида ўз раҳбарларини хабардор қилишди. Улар эса ўз навбатида СССР ҳукумати раҳбари Николай Булганинга мурожаат қилишди. Булганин ҳам Хрушчёв билан маслаҳатлашгач, меҳмоннинг ҳар қандай талаби қондирилсин,деган амру фармон берди.  Орада давлат хавфсизлик қўмитаси   СССР Фанлар академияси билан боғланиб, Имом Бухорий ҳақида қисқа  маълумот ҳам олишади.  Ана шундан кейин  ташрифга масъул шахслар  Шайх Надим зиёрат қилишни истаган Имом Бухорий қабри жойлашган Ўзбекистон раҳбарлари билан боғланишади.

АЛ-БУХОРИЙ ҚАБРИ ҚАЕРДА?

Тошкентдаги ҳукумат вакиллари имомнинг нисбаси “Бухорий” бўлса, демак қабр ҳам Бухорода бўлса керак деб ўйлашди ва Бухоро области раҳбарларига қўнғироқ қилиб қабрни зиёратгача эпақага келтириб қўйишни буюришади. Бухоро раҳбарлари соат ўтмай, қувонч билан Тошкентга “Бухорий қабри Бухорода эмас,Самарқандда жойлашган” деб телеграмма жўнатишади.

Тошкент буйруқни Самарқандга жўнатади. Самарқанд раҳбарлари шошилинч Имом Бухорийнинг қабри жойлашган шаҳардан тахминан 15 километр узоқликдаги Хартанг қишлоғига махсус гуруҳ жўнатишади. Аммо… Аммо,  бутун Ислом оламида муқаддас саналган мақбара ҳам, унинг ёнидаги масжид ҳам ташландиқ аҳволда эканлиги маълум бўлади. Уни қиска муддат ичида муътабар меҳмонлар зиёрат қилишга лойиқ аҳволга келтириш амри маҳол иш  эди. Қолаверса, турбат атрофидаги қишлоқ ҳам  жуда хароб аҳволда эди.  Самарқанд Тошкентга,Тошкент эса Москвага мавжуд аҳволни тушунтиради.

Москва Тошкентни қаттиқ тергайди. Аммо, иложи йўқ, бирон бир чора ўйлаб топиш зарур эди. Хавфсизлик хизмати вакили «Меҳмонни самолётда эмас,поездда жўнатиш керак», — деган таклифни ўртага ташлайди. Яъни, самолёт Тошкентга 4 соатда учиб борса, поезд Москвадан Самарқандгача 4 кунда етиб боради. Мана,шу 4 кун ичида мақбара зиёратга шай қилиб қўйилиши керак.

Москва топшириғини олган Тошкент   шошилинч равишда   ўша пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний идораси раҳбари бўлмиш шахсни, яъни муфтий Зиёвуддинхон Бобохоновни ҳам бу ишга жалб этишади. “Тезлик билан бориб, ўзингиз бу ишга бошчилик қилинг”, деб уни Самарқандга жўнатишади.

ТАЙЁРГАРЛИК

Хартангда 4 кун давомида кечани кеча, кундузни кундуз демай вайрона ва ташландиқ мақбарани эпақага келтиришга уринишади. Аммо,бари бир мақбарани меҳмонга кўрсатишга лойиқ аҳволга келтиришнинг иложи  йўқлиги маълум бўлади. Самарқанд нима қилишни билмай Тошкентга тинимсиз қўнғироқ қила бошлайди. Бирор йўли топилмаса, эртага Москва Тошкентниям, Самарқандниям қаттиқ партиявий жазо билан “сийлаши” тайин эди.

Тошкент Шайх Надимни бир кун Тошкентни кўрсатиш баҳонаси билан олиб қолишини айтади. “Уёғига сизлар жавобгар”, дейди Тошкент Самарқандга.

Ниҳоят, самарқандлик бир “маслаҳат устаси”дан бошқаларнинг назарида ақлли бир маслаҳат чиқади. “Меҳмонни дарров Хартангга олиб бормай, қандай қилиб бўлсаям, уни яна бир кун Самарқандда олиб юриш керак!” дейди маслаҳатчи.

Демак, деб ўйлашади самарқандлик мутасаддилар, тонгда тайёрада учиб келиши мўлжалланган Шайх Надимни куни билан Самарқандда айлантириб, қоронғи тушганда Хартангга олиб бориш керак. Тошкент ҳам бу режани маъқуллайди.

Бир кун олдин куни билан Ўзбекистон пойтахтини эринмай “томоша” қилган Шайх Надим тонгда Самарқанддга учиб келади. Энди уни қадимий шаҳарни томоша қилишга таклиф қилишади. Шайх Самарқанднинг Ислом ва Шарқ тамаддунида қандай салмоқли ўрин тутишини яхши биларди. Шу сабабдан, бир пайтлари олис боболарининг изи қолган Туркистоннинг гавҳари бўлмиш шаҳарни завқу шавқ билан айланади. Шоҳизинда мажмуида узоқ йиллар қоровуллик қариянинг эслашича, шайх Ҳазрат Қусам ибн Аббос турбатида узоқ вақт қолиб, Қуръон тиловат қилади.

САМАРҚАНДДА ЁТГАН УЧ БУЮК ЗОТ ВА ЧОКАРДИЗА ҚИСМАТИ

Бир пайтлар Мирзо Бобур ўз ҳасби ҳоли баён этилган тенги йўқ китобда бу заминнинг Ислом тарихидаги ўрни ҳақида фахр билан ёзган эди: «Ҳазрати Рисолат замонидин бери ул миқдор аиммаи исломким (яъни,шунча миқдор ислом олими), Мовароуннаҳрдинким пайдо бўлубтур, ҳеч бир вилояттин маълум эмаским, мунча пайдо бўлмуш бўлғай. Шайх Абумансурким аиммаи каломдиндур (калом илмининг олимидир), Самарқанднинг Мотрид (Мотурид) отлиқ маҳаласидиндур. Аиммаи калом икки фирқадур, бирни мотуридия дерлар, бирни ашъария дерлар. Мотуридия Шайх Абумансурға мансубдур. Яна соҳиби «Саҳиҳи Бухорий» — Хожа Исмоил Хартанг ҳам Мовароуннаҳрдиндур. Яна соҳиби «Ҳидоя»ким, Имом Абу Ҳанифа мазҳабида «Ҳидоя»дин муътабарроқ китоби фиқҳ кам бўлғой. Фарғонанинг Марғинон отлиқ вилоятидиндур, ул ҳам дохили Мовароуннаҳрдиндур».

Энг даҳшати шундаки, Имом Бухорийдек табаррук зотнинг мозори нечоғлик хароб аҳволда бўлса, Мирзо Бобур тилга олган Ислом оламининг икки алломаси — Имом Абу Мансур ал-Мотуридий  ва тенгсиз «Ҳидоя»нинг муаллифи Шайх Абу Наср Марғиноний турбатлари ундан-да баттар ҳолатда эди. Агар Шайх Надим ўзини кузатиб юрган ҳамроҳларидан бу муътабар зотларнинг мозорларига олиб боришни сўраб қолганида, улар меҳмонни қаерга бошлаб боришни ҳам билмай саросимага тушган бўлардилар. Чунки, бу зотларнинг мозорлари ному нишонсиз эди. Уларнинг мозорлари рус босқини ва шўро тузуми даврида унитилган, топталган, бир пайтлар уларнинг қабрлари бўлмиш қадимий Чокардиза мозорининг катта қисми  1947 йили  аҳолига берилади. Аслида Чокардизанинг фожиавий қисмати Бухоро амири Насрулло даврида бошланган эди. Тахминан 1840 йиллар атрофида амир Самарқанддаги исломни қабул қилган ва  халқ орасида «чала» деган ном олган яҳудийларга кўҳна мозорнинг бир чеккасини ажратиб, алоҳида яҳудий маҳалласи ва қабристонини барпо этишга рухсат берган эди.  Бу нодонлигу жаҳолат  оқибатида қанчадан-қанча азиз уламолар хоки  яҳудийлар тиклаган ҳовли-жойлар остида қолиб кетади. Ўша пайтда ҳатто айрим  ҳовлиларнинг саҳни жуда машҳур уламоларнинг қабртошлар билан ёпилгани  ҳам тарихдан маълум. 1878  йили «чала»ликни аллақачон унутган яҳудийлар Чокардизада девор тиклаб, ўз қабристонларини алоҳида қилиб олишга эришади. Бу ерда улар «Канесои калон»  — синагог ҳам тиклашади.

Самарқандлик иморат усталари орасида  айни шу жойларда ишлаганда юз берган  фожиали ҳодисалар ҳақида ҳикоятлар мавжуд. Ёзилаётган ҳужжатли қиссада улар  ўз аксини топажак, иншооллоҳ.

Ҳарбий қалъа — Чокардиза (Соқчилар қалъаси)  яқинида жойлашгани учун  қабристон  кейинчалик шу ном билан атала бошланган. Шарқ оламида 99 қатли мозор деб номланган Шоҳизинда каби Чокардиза ҳам узоқ тарих давомида юртимизда етишиб чиққан буюк инсонларнинг сўнгги манзили сифатида қадрли  жойдир. Ҳаёти саргузашт романга асос бўлиши мумкин машҳур Абу Муслимнинг сафдоши, жосуслик хизматининг раҳбари   Боди Ялдойи Самарқандий ҳам шу манзилда ётгани ҳақида ривоятлар бор.

Урғу бериб айтиш лозимки, самарқандлик таниқли  исломшунос олим Комилхон Каттаев  ёзганидек,  Чокардиза қабристони Ислом оламида Макка ва Мадинадан сўнг улуғ уламолар дафн этилган учннчи муътабар  жой сифатида тан олинади. Самарқанд тарихига оид  «Қандия», «Самария», «Китобул-ансаб», «Фаслул-хитоб» ва бошқа китобларда, сақланиб қолган вақфномаларда  Чокардиза тарихи ҳақида жуда кўп қимматли маълумотлар мавжуд.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» китобида мозорнинг пайдо бўлиши ҳақида шундай ёзилган: «У ер тубда (яъни аввал) имоми зоҳид Абу Исҳоқ бин Иброҳим бин Саммоси Мутаваъийнинг боғи экан ва ўзи ҳам ўша ерда кўмилган экан».  Имом ўлими олдидан фарзандлари бўлмагани учун боғини садоқатли шогирди, кейинчалик буюк фиқҳ олими даражасига етган Имом Абу Лайс Самарқандийга васият қилиб қолдиради. Аллоҳ берган муддати етиб ҳазрати Абу Лайс қазо қилганда ҳам унинг сўнгги манзилгоҳи шу боғ бўлади. Айни шу буюк инсонлар ётган боғдан Чокардиза тарихи бошланади.

«Самария» муаллифи  «Бобурнома»да  фахр билан тилга олган икки алломанинг қабрлари ҳақида шундай маълумотлар қайд этилган: «Шайх Абу Мансур Мотуридий мозори Чокардизада. Ушбу қабристон шаҳар ичида, кунчиқар томонда, шаҳарнинг бир чеккасидадир… Шу қабристоннинг ўртасида бир масжид бор. Шайх Абу Мансурнинг мозори шу масжиднинг жануб томонида ва яқинидадир. Қабр узоридаги кўк тусдаги соғона тоши масжид деворидан 5 газ чамаси олисроқдадир».

…Мавлоно Бурҳониддин Марғилоний қабри ҳам Чокардиза қабристонида, катта кўчанинг кунботарида ҳовузга ўхшаган чуқурнинг ёнидадирким, шу катта йўл ўша ҳовуз орқали (шарқий-шимолга қараб) ўтади.Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри (ўша) катта йўлнинг жануб тарафида, пишиқ ғиштдан қилинган баланд суфададир».

  Фақат мустақилликдан кейингина бу улуғ зотларнинг рамзий мақбаралари тикланди. Бугун улуғ бобокалонларимиз ҳақига дуолар ўқийдиган манзилларимиз борлигига шукроналар айтамиз. Энг муҳими, бу табаррук зотлар ҳақига бағишлаб ўқиган Қуръони Карим оятлари янги  мақбараларда бўлсин, улардан олисда бўлсин, янграб, жаранглаб кўнгил уйимизни ёритиб, қувват бериб туришида деб ўйлайман.

   Шу жойда тўхтаб, таниқли журналист Миршариф Хўжаев «Ҳодарвеш шамоли» номли ҳужжатли асаридан олинган Чокардизанинг кейинги қисмати ҳақидаги ҳикоясига диққатингизни тортаман.

МИРШАРИФ ХЎЖАЕВНИНГ «ҲОДАРВЕШ ШАМОЛИ» АСАРИДАН

…1962 – 1963 йилларда Бухородаги Биҳиштиён қабристони бузилгани, унинг тупроғини “ўлчаганим” хусусида ёзгандим. Ислом оламида Мадинаи мунавварадаги Жаннатул Бақия, Маккаи мукаррамадаги Жаннатул Муалло қабристонларидан кейинги ўринга даъвогарлик қилган Самарқанддаги Чокардиза қабристони ҳам 1948 йилда текисланиб, аҳолига уй-жой қуриш учун ажратиб берилгани, бу ҳақда камина, кейинчалик, Республика телевидениеси орқали чиқиш қилганим тўғрисида эслатган эдим.

Калом илмининг асосчиси – Абу Мансур Мотрудий (араб дунёсида имом ал-Ашъарийни калом асосчиси деб ҳисоблайдилар), суннийликдаги энг йирик мазҳаб – Ҳанафия шариат китоби – “Ҳидоя фи фуруъ ал-фиқҳ” муаллифи Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа юзлаб алломалар дафн этилган Чокардизадаги қабрни бузиб, уй қуриш учун абдол мусулмон, аввал, динидан чиқиши керак.

Коммунистлар бунинг йўлини топишган: халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси (раиси яҳудий миллатига мансуб Хонимов бўлган) қабристон ҳудудини уй-жой қуриш учун яҳудийларга бўлиб берган. Абу Тоҳирхожа “Самария”сидаги мана бу гапга эътибор беринг: “Ҳазрат шайхда (имом Абу Мансур Мотрудийда. М.Х.) ажойиб (бир) ҳолат (ҳам) бор эди. У гоҳо яҳудийлар маҳалласига бориб “ибодат қилинглар ёхуд ўлинглар”! деб хитоб қилар эди. Бу сўзни эшитганлар имон келтирмасалар, ўша чоғдаёқ ўлардилар”. (Тошкент, “Камалак”, 1991 йил. 38-бет).
Чархи гардуннинг қалтис ўйинини қаранг-ки, орадан минг йил ўтиб, ўша яҳудийлар авағаларининг авағалари (аваға – чевара) Абу Мансур Мотрудий файз осор мазори ўрнини ҳожатхона қилдилар (ўша ҳожатхона ва Имом Мотрудий қабри ёнида дафн этилган имом Бурҳониддин Марғиноний қабри ўрнига ит катаги ясалганини видео тасвирга олиб, Республика телевидениеси орқали намойиш этган эдик).

Бу гапларни қўзғаб, шундай ҳам аламзада, яҳудийларни бадном қилмоқчи эмасмиз, алҳазар! Бу ишлар ўша давр сиёсатининг ҳосиласи эди. Насоро тамал тошини қўйган коммунистик ҳаракат яҳудий қўли билан мусулмон эътиқодига тиғ санчди.

Телевидение орқали чиқишимиздан кейин мазкур маҳалла вакилларидан бир гуруҳи ўша пайтдаги ишхонамиз – вилоят теле-радио комитетига келиб, ҳақирни туҳмат уюштиришда айблашди, “мақсадингиз уй-жойларимизни буздириш”, дея даъво қилишди. Ғалвалардан натижа чиқмади. Шундан сўнг камина вилоят цензурасига раҳбар қилиб тайинланган эдим.

Минг йиллар у ёки бу кўринишда амал қилган энг нодемократик ташкилот – цензурадаги фаолиятимнинг биринчи куни ёлғончи дунёнинг ёлғонига гувоҳ бўлди. Идорамиз ходими Мардон Маҳмудов машинкада чоп этилган бир китобча матнини тутқазиб:
–Бунда ёзилган тарихга тишим ўтмайди, ўзингиз кўриб берақолинг, – деди.

“Самарқанд қабристонлари” деб номланган китоб ўзбек, рус ва инглиз тилларида бўлиб, Абу Тоҳирхожанинг “Самария”сидан узиб-юлиб, ямалганга ўхшарди. Фақат муаллиф – тарих фанлари доктори, Самарқанд Давлат университети профессори, Чокардиза ҳудудида пайдо бўлган маҳаллада яшовчи Моше Абрамов шу қабристон ҳақидаги маълумотига “янгилик” киритган эди. У “Имом Абу Мансур Мотрудий ва имом Бурҳониддин Марғиноний суяклари иккинчи жаҳон уруши йилларида Чокардиза қабристонидан Мотруд қишлоғига кўчирилган”, деб ёзганди. Маълумот мазкур маҳаллани бузилишдан сақлаб қолиш мақсадида атайлаб китобга киритилган. Уни нашр этишга рухсат беролмасдик, албатта. Домладан янги маълумотни асословчи ҳужжат сўрадик.

–Э-э, мулло, уни қайси источникдан олганим хотирамда йўқ, теперь қандой топишни билмайман, – деди М. Абрамов.

Китобни босишга рухсат йўқлигини айтганимизда, муаллиф сири очилганини фаҳмлади ва қабрлар кўчирилганлиги ҳақидаги ёлғонни қўлёзмадан ўчиришга рози бўлди.

Китобни нима сабабдан инглиз тилида ҳам чиқараётгани билан қизиққанимизда:
– Мулло, биз яқинда хорижга кўчамиз. У ёқдаки бародарларга англизчасини савғо қиламиз, – деди муаллиф.

Аммо Моше Абрамов хорижга кетолмади – китоб босилгач, вафот этди ва жасади Чокардиза шимолидаги яҳудийлар қабристонига қўйилди. Юқорида айтилганидек, бу китоб цензура раҳбари сифатида кўрган биринчи ишим эди. Самарқандлик танитқли тарихчи Комилхон Каттаев:
–Моше Абрамов бунчалик тез вафот этар экан. Сиз цензурага ишга келмаганингизда, бу ёлғон кимсан, тарихчи профессор номидан китобга чиқарди. Воқеада бир ҳикмат бор – ўша бобокалонларимизнинг руҳлари сизни цензурага судраб келган, – деди.

Алқисса, руҳ судрадими, Худо урдими, цензор бўлиб қолдик.

Республика Вазирлар Маҳкамасининг “Имом Абу Мансур ал-Мотридий таваллудининг 1130 йиллигини нишонлаш тўғрисида” 1999 йилда қабул қилган қарори асосида Фанлар академияси археология институти олимлари Чокардизанинг қадимда Тали муҳаддисон (Муҳаддислар тепалиги) деб номланган ҳудудида барпо этилган ҳовлилардан кўплаб қабртошлар, ёзувли қайроқ тошлар топдилар, уларни тадқиқ қилдилар. Имом Абу Мансур Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюкларнинг ёдгорлик тошлари ўрганилди. 2000 йилда шу ҳуддудда имом ал-Мотрудий қабри ўрнига маҳобатли мақбара барпо этилди ва аллома таваллудининг 1130 йиллиги мамлакат миқёсида нишонланди».

 НИШОПУРДАГИ  МАЛОМАТ

Ҳазрати Имом Бухорий қандай қилиб Самарқандга келиб қолган, нима учун бундай қутлуғ зот Бухоро ёки Самарқанд каби улуғ шаҳарларда эмасу бир чеккада бўлган Хартанг қишлоғида дафн этилган? Бу саволларга жавоб топиш учун Ҳазрати Имомнинг Бухорога қайтиши ва у ерда содир бўлган воқеаларга назар ташлайлик.

Исми Муҳаммад, куняси Абу Абдуллоҳ, лақаби баъзан имом ал-муҳаддисийн (муҳаддисларнинг имоми, пешвоси) ва насаби Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардазбеҳ ибн Базазбеҳ бўлмиш Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи она шаҳрини 16 ёшида онаси ва акаси Аҳмад билан ҳаж ниятида тарк этган эди.

Бухорода 194 ҳижрий сана, шаввол ойининг 13-кунида салоту-л-жумъадан кейин (810 милодий сана, 21 июлда) дунёга келган Муҳаммад отасидан эрта айрилиб, диёнатли , оқила ва фозила аёл бўлмиш волидаси қўлида тарбияланди, 9-10 ёшидан бошлаб Бухоронинг таниқли муҳаддисларидан, энг аввало, донишманд ад-Дохилийдан сабоқ олди. 16 ёшида Ҳижози шариф томон равона бўлди. Ҳаж ибодатини адо этгандан сўнг онаси ва акасини Бухорога қайтариб юбориб, ўзи Маккада қолди, Кейинчалик Мадина, Басра, Шом ўлкаси, Хуросон ва унинг Марв, Балх, Ҳирот, Нишопур, Рай, Жибол каби шаҳарларида машҳур олимлардан сабоқ олди. Ниҳоят,орадан узоқ йиллар ўтиб, она юртига қайтишни ният қилиб, йўлга тушди. Бутун йўл давомида қаерда тўхтамасин уни ўлкалару шаҳарларнинг олимлари, эътиборли кишилари қарши оларди. Унинг бундай юксак иззат-икром билан кутиб олинаётганидан норози  бўлганлар ҳам топилди.

Жиддий воқеа Нишопурда юз берди. Надомат Хуросонда катта шуҳрат қозонган Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий томонидан бўлди. Бу воқеа ҳақида ровий Муҳаммад ибн Жобир шундай ҳикоя қилади: »Бухорий Нишопурга келганда, Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий бизларни Бухорий ёнига боришга ундаб: “Солиҳ киши келдилар, ундан ҳадис тингланглар», — деди. Бухорий даврасига одамлар оқиб кела бошлашди. Муҳаммад ибн Зуҳлий давраси бўшаб қолди. Шундан кейин Зуҳлий Бухорийга ҳасад қилиб, у ҳақида нотўғри гапларни айта бошлади».

Бошқа бир ровий Абу Аҳмад ибн Адий:»Бухорий Нишопурга келганда, жуда кўпчилик унинг атрофига жамланди. Бухорийнинг мухлислари кўпайганини кўролмаган баъзилар унга ҳасад қилишди. «Бухорий Қуръоннинг лафзи махлуқ», деяпти, у билан гаплашиб қўйиш керак. Савол бериб уни бир синаб кўриш керак», деган ташвиқот юрғизишди,” деб хабар беради.

Яна бир ровий Заҳабий хабари беришича «Бухорий мухлисларидан кўпи унинг олдига келиб: “Баъзилар сизга туҳмат қилишмоқда», дейишганда, Бухорий ғамгин ҳолатда “Мен ўз ишимни Аллоҳга топширдим, албатта Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчидир», оятини ўқиди, сўнгра дуо қилди: «Эй бор Худоё, албатта Сен билурсанки, мен Нишопурга ёмон ниятда келган эмасман. Кибр, манманликдан йироқман. Бу диёрларга мансаб ва обрў талабида келганим йўқ, мухолифлар зўридан ватанга бормаётган эдим. Бу ерда эса мана бу одам, Аллоҳ менга берган инъомига ҳасад қилиб менга озор берди. Сўнгра менга деди: Аҳмад, мен эртага кетурман, унинг гапларидан қутилурсизлар».
Дарҳақиқат, эртаси Имом Бухорий она юрти томонга йўл олди.

ВАТАНГА ҚАЙТИШ

Амударёдан ўтиши билан , Имом Бухорийнинг келаётганини эшитган бутун воҳа ва шаҳар халқи унинг истиқболига чиқди. Буюк фарзандини кутиб олган Бухоро байрам тусига кирган эди. Болаликдан билган, таниган қариндошлари, дўстлари, сабоқдошлари уни қучоқлаб йиғлашарди. Бухоронинг машҳур олимлари саф тортиб таъзимда туришди.

Аммо, орадан кўп ўтмай буюк муҳаддис она шаҳрини иккинчи марта, бу сафар иложсизлик туфайли тарк этишга мажбур қилган воқеалар бошланди.

Бу воқеаларнинг пайдо бўлиши ҳақида ровийлар турли сабабларни келтиришади. Сабаблардан бирини Имом Бухорийнинг Нишопурда орттирган ашаддий ғанимлари ёки уларнинг талаби билан халифанинг Хуросондаги ноиби томонидан Бухоро ҳокими Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалийга юборилган мактуб билан боғлашади. Мактуб: »Сизларга борган киши суннатга хилоф иш юрғизадигандир» деган мазмундан иборат бўлган, дейишади.

Ривоятларга кўра, ҳокимнинг буйруғи билан мактуб  Регистонда тўпланган одамларга ўқиб берилади. Тўп ичидан норози бақириқлар эшитилади. Ўн бир ёшида етмиш минг ҳадисни ёдлаган, бутун ҳаёти ва фаолиятини Расули Акрам ҳадислари хизматига бағишлаган инсон суннатга хилоф иш юритиши мумкинлигига, оғзидан фақатгина ҳадис чиқаётган зот хилоф иш тутишига, сўз айтишига бухороликлар ишонимасди. Лекин такаббур ҳоким бухороликлар норозилигидан баттар ғазабланади. У Имом Бухорийдан шаҳарни ташлаб чиқиб кетишни талаб қилди.

Ровийлар бошқа сабабларни ҳам кўрсатишади.

Хусусан, Бухоро ҳокими Холид ибн Аҳмад таниқли муҳаддисни саройга келиб фарзандларига илми ҳадисдан сабоқ беришга таклиф этади. Бунга жавобан Имом Бухорий «Мен илмни султону амирлар эшигига олиб бормайман. Агар амирга илм керак бўлса, болаларини (саройидагиларни) уйимга ёки масжидимга юборсин» деган жавоб айтади. Алломанинг кескин жавоби ноибнинг қаҳрини келтиради ва ҳадислар илми султонига шаҳардан чиқиб кетишга фармон беради.

Яна бир ҳабарга кўра, жавобдан қаҳрланган Холид ибн Аҳмад ўз ўч олиш мақсадида хуфияларини ишга солади. Оқибатда, “Ҳурайс ибн Аби Варқо деган шахс « Бухорий ғалаёнчи, бузғунчи, исёнкор. У шаҳримиз тинчлигини бузяпти. Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳлий уни бекорга Нишопурдан қувган эмас…» деган ёлғон хабарларни тарқата бошлайди ва қасдданкор ҳоким шу тариқа Имом Бухорийни Бухородан чиқаришга муваффақ бўлади”.

62 ёшга тўлган кекса олим бир хабарга биноан, бўлиб ўтган воқеани эшитган Самарқанд уламолари таклифи, иккинчи хабарга кўра,.  Самарқандда истиқомат қиладиган қавм-қариндошлари даъвати билан Зарафшон воҳасининг иккинчи қадимий шаҳри томон жўнашга мажбур бўлади

НЕГА ХАРТАНГДА?

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асарида бизнинг саволларимизга муайян маънода жавоб берадиган қуйидаги маълумотлар бор: «Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий мозори. Суғди калон туманида, Хартанг деган ўриндадир. Шу мозорнинг сабабидан ҳозирда ўша қишлоқ «Хожа Исмоилий» номи билан машҳурдир. Имом Муҳаммаднинг мозори устида, унинг шимоли-шарқий тарафида унга яқин бир ўринда бир масжид яқинидадир. Самарқанд шаҳридан Хартанг қишлоғигача икки тош [16 чақирим]лик йўл.

Имом Муҳаммад («Саҳеҳи Бухорий») китобининг муаллифидир. Бу китоб минг олти юз ҳадиснинг жамеъдир. 256 [870 йили 30 сентябрь]да рамазон ҳайитинннг кечаси хуфтан намозидан кейин ўлди. Оғиз очар куни туш намозидан сўнг юқорида айтилмиш ўринда кўмилди. Унинг қабридан анча муддатгача мушкдан ҳам хушбўйроқ [ис] келиб турди, кейин йўқолиб кетди. Нақл қилишларича, Бухорода турган вақтда «икки ёш бола бир онани эмса, ўрталарида эмизаклик собит бўлади», деб фатво берган. Бухоро имомлари бунга эътироз билдириб, уни Бухородан сургун қилганлар. Самарқандга келгандан кейин, (Бухоролик олимлар қутқуси билан) Самарқанд уламолари ҳам унга қарши турдилар. Ночор Хартангга келиб турди. Шу ерда Ҳақ раҳматига восил бўлди.

Тажрибада кўрилганки, кимки «Саҳеҳи Бухорий» китобини бошига қўйиб, шаҳар ва маҳаллаларни айланиб чиқса, албатта ўша шаҳар ва маҳалла аҳлини офатлардан сақлаб қолади. Илгарилари ҳам ҳар қачон Самарқанд шаҳрига бирор офат келса, шаҳар хослари йиғилиб дуо қилсалар дуолари ижобат бўлиб, у бало мусулмонлар бошидан дафъ бўларди. Кимки у кишининг табаррук мозорини зиёрат қилса, ғарб мамлакатларда у (инсон)ни мутабаррак тутардилар.».

Имом Бухорий вафоти ҳақида Хартангда яшаган Абу Мансур Ғолиб ибн Жибрилдан ёзиб олинган мана бу ҳикоят бор: «Абу Абдуллоҳ бизникида бир неча кун турдилар. Сўнг оғир бетоб бўлиб қолдилар. (Шунга қарамай) Самарқандга кетишга ҳозиргарлик кўрдилар. Маҳсиларини кийдилар, саллани ўрадилар, от томон йигирма қадамча юрдилар. Мен ва яна бир киши икки қўлтиқларига кириб келаётган эдик, “Бас, мени ичкарига олиб киринглар, мадорим йўқ, тинкам қурияпти”, дедилар. Ичкарига олиб кирдик. Бухорий ўринларига ётиб дуо қилдилар. Бир оздан сўнг дуо қилаётган лаблар ҳаракатдан тўхтади».

Кўп тарихларда ёзилишича, Имом Исмоил ал-Бухорий Хартанг қишлоғида бетоб бўлиб, ҳижрий 256 йили рамазон ойининг охирги куни (милодий 872 йил 1 сентябр) 62 ёшида вафот этади ва шу ерга дафн этилади.

16 асрда Имом Бухорий хоки  устида  мақбара  ва унинг ёнида масжид барпо этилади. Узоқ қидирувлардан кейин бу мақбара ва масжиднинг 19 асрнинг бошларида, тахминан 1894 йили (яна бир маълумотга кўра 1909-1910 йилларда)  суратга олинган тасвирларини топдим. Мана улар:

1910

1909

 Ўрни келгани учун айтиб кетай. Дунёга машҳур Ибн Баттутанинг Ўрта Осиё бўйлаб саёҳатлари тасвирланган китобида сайёҳ бир чалкашликка йўл қўяди. У Бухорода бўлганида Имом Бухорий мозорини зиёрат қилдим, деб ёзади. Ҳолбуки, сиз ҳикоямиздан билдингизки, Ҳазрати Имомнинг қабрлари Самарқанд яқинидаги Хартанг қишлоғида бўлган.

Ҳикоямизни келган жойидан давом этамиз.

1956 ЙИЛ. САМАРҚАНД

Яна 1956 йилга, Самарқандга, Шайх Надим ал-Жиср ёнига қайтамиз.

Кун бўйи шаҳар айланиб толиққан шайх саёҳатдан кўзлаган асосий мақсади – Имом Бухорий мозорини зиёрат қилиш бир дақиқаям унутмаган эди. У кеч тушаётганидан безовталаниб “Ҳазрати Имом мозорларига қачон борамиз?” деган саволни кўндаланг қўяди. Ўйланган режалари амалга ошаётганидан мамнун мезбонлар меҳмонни автомобилга ўтқазиб, Хартанг томон йўлга тушишади.

Шаҳардан чиқиб, Зарафшон дарёси устидаги кўприкдан ўтиш билан атрофни қоронғилик чулғади. Шайх Надим йўлнинг икки четида ўсган дарахтларнинг бир-бирига уланган қора шарпаларига тикилиб бораркан, “Ғалати дарахтлар эканми?” деб ўйларди. Бу ғалати дарахтлар пилла қуртини боқиш учун каллакланган тутлар эканидан у бехабар эди. Бу ўлкада яшаган зиёлилар ҳам ҳар замон-ҳар замон шўролар томонидан худди мана шу тутлардек каллакланиб туришини ҳам шайх яхши билмасди.

Ҳайдовчи тезликни пасайтириб, автомобилни катта йўлдан ичкарига бурди, қора лимузин эски асфальт йўлдан асталик билан чайқалиб-чайқалиб кета бошлади. Машина чироғи фақат яна ўша ғалати дарахтлар қаторини ёритиб борарди, холос.

Ниҳоят, олдинги ўриндиқда ўтирган одамнинг ишораси билан автомобиль тўхтади. Машинадан тушган Шайх Надимни ҳаяжон босди. Толиққан тиззалари қалтиради. У таржимондан “Етиб келдикми? “ деб сўради. Таржимон машинани тўхтатган одамдан “Имомнинг қабригача қанча қолди?” — деб сўради. У таржимонга эмас, шайхга қараб “500-600 метрча” деб жавоб берди. “Қайси томонга бориш керак?” – деб яна сўради шайх. Шериклари бараварига қўлларини олдинга чўзишди: “Мана бу томонга!”

Шайх Надим йўл бўйи қийнаган чарчоғини унутди. У сув сўради. Ҳайдовчи тутган сув тўла бидон билан четга чиқиб, таҳоратини янгилади. Унгача мезбонлар гунгур-гунгур суҳбат қуришди. Бидонни эгасига берар экан, шайх ҳайдовчи унга ҳайрат билан тикилганини сезди. Сезди-ю, унутди.

Кейин.. Кейин лубнонлик меҳмон ҳамроҳларини анграйтириб тиз чўкиб,ерни ўпди ва боя улар кўрсатган томонга – Ҳазрати Имом мозори томонга тиззасида юра бошлади. У шиддат билан, аммо, шошилмай юрарди. Шу пайтгача сукунат қуршаган атрофни тиззалаб юриб бораётган одам эҳтирос билан ўқиётган Қуръони Карим оятларининг жарангги тўлдира бошлади.

Қабр қошига етгач, Шайх Надим яна бир карра ерни ўпди-да, кўзидан  ёш қуйилган аҳволда тўхтамай   Қуръони Каримни тиловат қила бошлади. Шу ўтиришида шайх тонггача тиловат қилди. Тонггача ўн йиллар ичида бу атрофда бирор марта янграмаган оятлар жаранглади.

Фақат кун ёришгач,ўрнидан туриб,атрофга назар ташлар экан, Шайх Надим нима учун Ҳазрати Имомнинг сўнгги манзилига уни тунда олиб келишгани сабабини тушунди, қабр ва масжиднинг хароб аҳволини кўриб,ўкириб йиғлаб юборди, юзи қаҳру ғазабдан уфқни қизартирган шафақдек товланди.

Тошкентгача Шайх Надим ҳеч ким билан гаплашмади. Пойтахтга етиб келгач, Ўзбекистон раҳбари билан учраштиришни илтимос  қилди.  Оғиздан-оғизга ўтиб  бизга етиб келган  хабарга кўра, шайх гўё ўша раҳбарга ( Бу раҳбар ўша пайтлар Ўзбекистон ССР президиуми олий кенгашининг раиси Шароф Рашидов ёки Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Собир Камолов бўлиши эҳтимоли бор) қарата шундай дейди:
— Имом Бухорий хоки туробини олиб кетишга рухсат  беринглар, мақбара атрофидаги тупроқларигача беринглар, эвазига ўша тупроқнинг оғирлиги қанча бўлса ўшанга  тенг  ҳажмда  тилла олиб келишга ваъда бераман!

Аммо, Шайх Надимнинг бу илтимоси рад этилади…

Ватанига қайтган Шайх Надим ал-Жиср  яна узоқ йиллар муфтий бўлиб хизмат қилди,  «Имон ҳикоялари (фалсафа,илм ва Қуръон)», «Достони Имон» ва бошқа китоблар ёзди. У Самарқандга Ҳазрати Имом Бухорий марқадларига қилган сафари ҳақида бирон нима ёздими, афсуски, бехабармиз.   Шайх Надим  1980 йилда оламдан ўтди. Бугун Триполидаги кўчалардан бири  унинг номи билан аталади. Мамлакат парламенти ва бошқа эътиборли ташкилотларда унинг фарзандлари-ю набиралари фаолият юритишади.

БИР ХОТИРА

Мазкур мақоламни интернетда ўқиган Самарқанд давлат Архитектура ва қурилиш институти ўқитувчиси Инобат Сафарова яқинда (2020 йилда) шундай ёзув қолдирибди:

Мен ушбу мақолани ўқиб чиқиб, ўзимнинг ёшлик даврим кўз олдимга келди. Мен ўша даврларда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Пайариқ совхозининг маркази ҳисобланган Хўжа Исмоил қишлоғида туғилганман (1966 йилда). Айнан ал-Бухорий масжидининг ёнидаги ҳовлилардан бирида яшар эдик. Раҳматли онамдан ва ўзимдан катта опамлардан эшитишимча ал-Бухорий масжиди 1960 йилларда обод жой бўлган. 1954 йилда туғилган акам 1960-62 йилларда 1-2 синфларни масжиднинг ҳужраларида вақтинча очилган синфларда ўқиган.
Ўзимнинг болалигимни эсласам, 1974 йилда мен 2-синфда ўқир эдим. Ўша йили ал-Бухорий бобомизнинг 1000 йиллик юбилейи нишонланишига чет давлатлардан, жумладан Араб давлатларидан нуфузли меҳмонлар келганида биз қўлимизда гуллар билан меҳмонларни кутиб олган эдик. Ўшанда мен умримда биринчи марта негрларни кўрганман.! Эсимда, болалагимизда биз доим масжид олдида ўйнаб юрар эдик. Чунки, бу жой кўзимизга жаннатдек гўзал кўринар эди. Катта йўлдан масжидга олиб борувчи узун йўл чамаси 200-300 метрлар бор эди. 1978 йилларда катта йўлдан масжид томонга бурилгач, чап томонда катта «Универмаг» қурилганди. Универмагдан сал юриб ўнг томонда ариқ ёқасида чойхона бор эди. Чойхонанинг ховлисида жуда кўп мажнунтоллар бўларди. Масжид томон узун йўлнинг икки томонида гулзор бор эди…

ЙИЛЛАР ЎТИБ

  Йиллар ўтиб, қабрнинг устида кичкинагина гумбаз тиклашди. 80-йилларда аввал Самарқанд област партия қўмитасининг котиби бўлиб ишлаган, ўша пайтда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси котиби этиб тайинланган ёзувчи Евгений Березиков билан мақбара зиёратига борган эдим.  Аниқ эсимда, ўшанда Березиков ўзи билан олиб келган аллақандай темир ускуналарни қабр атрофига жойлаштириб ,нималарнидир ўлчаш билан овора  бўлди. Кейин кўзлари чақнаб ўзига ҳамроҳ икки ёш шоирга “Бу қабрдан жуда кучли биоқувват тарқаяпти!  Ускуналарим ҳам ишдан чиқди!” деган эди.

Нима учун йўл-йўлакай бу воқеани эсладим. Биз икки ёш шоирни Евгений Березиков бекорга Самарқандга олиб бормаган эди. Айтиб ўтганимдек, у ёзувчилар уюшмаси котиби этиб тайинлангач, ўша 80-йилларда уюшмада анчагина кучли таъсирга эга бўлиб қолган ёш авлодни ўз томонига оғдиришни истарди.

Березиков асли сибирлик бўлиб, ҳарбий хизматдан сўнг Ўзбекистонга келган, милиция мактабини тугатгач бир неча йилдан кейин Тошкент шаҳар жиноят қидирув бошқармасининг раҳбари даражасига кўтарилган эди. Москвадаги партия олий мактабида таълим олгач, 1974 Шаҳрисабз шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби, кейинчалик Самарқанд област партия қўмитасининг иккинчи котиби вазифаларида ишлайди.

У ёзувчи сифатида дастлаб жиноят қидирув ходимлари ҳаётига бағишланган қиссасини эълон қилди. Кейин Амир Темур, Аҳмад Яссавий ва бошқа улуғ авлиёларимиз ҳақида китоблар ёзди. Унга ёрдам берган, котиблик қилган бир қатор ўзбек ёзувчилари ҳам анчагина эди. Кейин у бирдан ўзини ғайритабиий ишларга қодир “авлиё”, “башоратчи” деб ҳисоблай бошлади. Ғайритабиий ва турли йўналишдаги башоратлари асосида китоблар ёза бошлади. Ва Ўзбекистонни тарк этиб, Россия қайтгандан кейин ўз диний сектасини тузди.

Березиков бизни икки кун давомида вилоятни, бир пайтлар ўзи тўла ҳокимлик қилган ўлкани айлантирди. Собиқ хўжайиннинг чалган чапагига ўйин тушишни ҳали унутишга улгурмаган район котиблари уни ҳашамат билан кутиб олишар, қуюқ меҳмон қилишар ва албатта машинасининг орқасини нималар билан тўлдиришга ҳам улгуришарди. Аслида Березиков биз – икки ёш шоирга халқнинг унга бўлган “ҳурмати” қанча баландлигини кўрсатишни мақсад этган эди.

Березиков билан Тошкентга учинчи кун оқшом пайти қайтдик. Тўсатдан у мен билан  дўстимни уйига таклиф қилди. “Билиб қўйинглар, сизгача уйимга биронтаям бегонани киритмаганман!” – деди у ҳар бир сўзига урғу бериб.

Унинг уйига кириб, оғзимиз ланг очилди–қолди. Биз кирган хонадон шахсий уй эмас, ҳақиқий музейнинг бир бўлаги эди. Ҳатто ўша пайтлар “чулан” деб аталган, эски-туски, ортиқча уй анжомлари сақланадиган бўлмага, уйларимизда бугун ҳам мавжуд бўлганидек, фанер ёки оддий тахтадан эмас, Шаҳрисабзнинг қайси бир ёдгорлигидан қўпориб, суғириб олиб келинган ўймакор нақшли, қадимий усталар санъатининг намунаси бўлган кўҳна эшик ўрнатилган эди.

Бу хонадонда кўрганларим ҳалигача кўз ўнгимда турибди. Оёқ изи бор қайроқтошлар (“Авлиёларнинг изи” — деб изоҳ берганди Березиков), тасаввуф алломаларининг муҳрлари ( “Менда бунақалар жуда кўп” — мақтанганди Березиков), кўҳна, аммо, жилосини йўқотмаган қабрпўшлар, қатор-қатор эски китоблар, бир-биридан чиройли Қуръони Карим ва бошқа китобларнинг ғилофдонлари (“Тилла суви билан ишланган” – деган эди Евгений ака) … Уларнинг ҳаммаси Шаҳрсабзу Китобдан, Самарқанддан олиб келингани аниқ эди.

Шаҳар ёки област хўжайини сўрайди–ю, йўқ деб бўладими? “Йўқ” деб ҳам кўрсин. Ўша заҳот шотирлари уйингдаги бобо-момоларингдан қолган, асрлар давомида азизлаб сақланган буюмни тортиб олиб, партия котиби машинасининг орқасига олиб бориб жойлашади. Ёки..Ёки ўзинг қонимиздаги бошлиқ зотига мутеликка бўйсуниб ўша буюм югуриб олиб чиқиб, қўш-қўллаб тутамиз. Березиков уйидаги буюмлар ана шу “қўш-қўллаб” тутилган буюмлардан иборат эди.

Ҳозир Березиков қаерда-ю, унинг уйида тўпланган осори атиқалар қаерда? Березиков қаердалигини биламан. Юқорида ёзганимдек, у шўро таназзулидан сўнг Ўзбекистонни тарк этиб, Россияга кетган ва у ерда рус провослав черковининг қора рўйхатида киритилган сохта диний секта ташкил этган эди.. Интернетда ҳатто унинг расмий сайти ҳам мавжуд. У ҳали Лотин Америкасида, ҳали Ҳиндистонда, ҳали Японияда…хуллас жуда кўп мамлакатларда саёҳатда юради. Тақдири номаълум осори атиқаларни пуллаш эвазига бўлмаяптими бу саёҳатлару бу сектабозлик?

Аммо, асл ҳақиқат шундаки, ҳамма айбни Березиковга ўхшаган одамларга тўнкаш тўғри эмас. Ҳамма айбни биз ўзимиздан қидиришимиз керак. Жаҳонда шундай халқлар борки, тарих давомида неча бор пароканда этилган , ҳатто давлатчилигидан жудо бўлиб, муте ва қувғинди бўлиб юрган бўлсаям, муддати етиб, ўз давлатларини тиклагандан кейин  дунёнинг тўрт томонига сочилиб кетган миллий осори атиқаларини тўплашдан бир сония ҳам  тўхтамаганлар. Бирон бир чеккада, хору забунликда кўз юмган шоиру авлиёларининг бир тола мўйини зирҳли қутичаларга солиб авайлайдилар.

БУ МАҚОЛАНИНГ ЁЗИЛИШИГА ТУРТКИ  БЕРГАН ВОҚЕА

1956 йилда юз берган Шайх Надим билан боғлиқ тарихни эслашимга  сабаб бўлган воқеани айтай. Кунлардан бир кун Имом Бухорий мажмуасига бағишланган видеолавҳани веб-саҳифамга ўрнатдим-да, безак учун интернетдан мажмуа фотоларини қидира бошладим. Тасодифан  москвалик Ира исмли қизнинг саҳифасини очиб қолдим. Саҳифадаги Самарқанд,Бухоро,Хива шаҳарларида тасвирга олинган жуда чиройли фотосуратларни мароқ билан томоша қилдим. “Бу москвалик қиз она юртим ҳақида нима ёзган экан?” деган ўй билан Иранинг ёзувларини ўқий бошладим (сарлавҳа устидаги суратни  ўша саҳифадан олдим).

Унинг саёҳат хотираларидаги бир гап мени қаттиқ ҳаяжонга солди. Иранинг ҳикоя қилишича, Бухродаям,Самарқанддаям, бир неча соат сурат олавергач, фотоаппаратининг батареялари яроқсиз бўлиб қолибди. Аммо, икки жойда батареялари яроқсиз фотоппарат ҳеч нима бўлмагандай ишлай бошлабди. “Биринчи жой — Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси бўлса,иккинчи жой — Имом Бухорий мажмуаси” деб ёзади Ира.

Мен албатта,Ўзбекистон келган сайёҳларнинг хотираларини ўқиб бораман. Она юртимиз ҳақида ёзилган нордон гаплардан куюнаман,яхши гаплардан қувонаман, яхши гаплар ёзган сайёҳларга миннатдорчилик сўзларини ёзиб қолдираман. Ирага ҳам миннатдорчилик билдирдим, унинг сафарномасида кимлиги номаълум меҳмон ҳақида шунчаки айтиб ўтилган бўлса, мен Шайх Надим ал-Жиср воқеасини тўлароқ ёзиб қўйдим. Яқинда Ира саҳифамга кириб, ёзувларимдан мамнун бўлганини маълум қилибди. Мен ҳам хурсанд бўлдим.

Аслида бу ёзувларимдан мақсад битта: кечаги кунимизни унутмайлик. Бугунги кунгимизнинг қадрига етайлик. Унутмайлик,  биз учун  Имом Бухорийнинг хоки  туробининг баҳоси дунёдаги  бор олтин хазинасидан қимматлироқдир.

2013-2015

009    * SHAYX NADIM AL-JISR KIM EDI? * SHAYX NADIMNING QAT’IY TALABI * AL-BUXORIY QABRI QAYERDA? * SAMARQANDDA YOTGAN UCH BUYUK ZOT VA CHOKARDIZA QISMATI * MIRSHARIF XO‘JAYEVNING “HODARVЕSh SHAMOLI” ASARIDAN * NISHOPURDAGI MALOMAT * VATANGA QAYTISH * NЕGA XARTANGDA? * 1956 YIL. SAMARQAND * YILLAR O’TIB…

Bu voqeani ancha yillar avval muxtasar tarzda yozgan edimu ko‘nglim to‘lmagandi. Chunki ko‘p voqealar tafsiloti, ishtirokchilari haqidagi ma’lumotlar turlicha, noaniqlik ko‘p edi. Mana, nihoyat uzoq izlanishlarim natijasida oldingi yozganlarimni to‘ldirib, deyarli yangilab sizga taqdim etmoqdaman. Lekin, izlanishlarimni to‘xtatganimcha yo‘q va Xudo hohlasa, bu g‘aroyib voqea asosida yozilgan hujjatli qissamni ham muhlati yetganda sizga albatta yetkazaman, deb niyat qildim.

Xurshid Davron
BU VOQEA OLIS 1956 YILDA BO’LIB O’TGAN EDI

04

Bismillohir rahmonir rahiym

i_040.jpg Bu voqea olis 1956 yilda bo’lib o’tgan. O’sha yillar sho’rolar imperiyasi tepasiga kelgan Nikita Xrushchyov musulmon olami bilan aloqani yaxshilashni o’ylaydi. Ammo, uning  asl niyati bu ishda ancha muvaffaqiyatli yutuqlarga erishgan AQSH ni musulmon olami doirasidan siqib chiqarishdan iborat edi. Aslida, “musulmon olami bilan do’stlik” shiori har ikki imperiya uchun bir niqob edi, xolos. Haqiqatda har ikki zo’ravon saltanatni musulmon olamidagi,birinchi navbatda, arab iqlimidagi neft` zahiralari qiziqtirardi.

Nima bo’lgandayam, SSSR rahbarining buyrug’idan keyin arab davlatlari bilan yaqin diplomatik aloqalar o’rnatish jarayoni boshlandi. Davlat xavfsizlik qo’mitasining tavsiyasiga amal qilgan Tashqi ishlar vazirligi harakatni sovetlarga ancha xayrixoh hisoblangan Lubnon (Livan) davlati bilan yaqinlashishdan boshlashni mahqul topdi. Ma’lum «bordi — keldi»lardan keyin Lubnon (Livan)ning taniqli jamoat arboblaridan biri, Taroblus (Tripoli) shahridan saylangan mamlakat parlamenti deputati, mashhur «Jaridat Tarabul» — «Tarabulis gazetasi»ning egasi Shayx Nadim al-Jisr Sovetlar Ittifoqiga tashrif buyurishga roziligini bildirdi.

SHAYX NADIM AL-JISR KIM EDI?

08  Men uzoq izlanishlar natijasida quyidagilarni aniqladim: Shayx Nadim al-Jisrning asli kelib chiqishi ham turkiy, ham arabiy ildizlarga ega bo’lgan ikki xonadon bilan bog’liq ekan.

Tarixdan bilamizki, deyarli barcha arab dunyosi bir necha asr davomida Usmoniylar imperiyasi tarkibida bo’lgan. Buning oqibatida juda uzoq vaqt arab davlatlari va shaharlarida mavjud hokimiyat tizimi asosan turk amaldorlari tomonidan boshqarilgan. Arab o’lkalarida istiqomat qilgan turk amaldorlari ma’lum manfaatlarni ko’zlab arablarning e’tiborli kishilari va oilalari bilan yaqin aloqada bo’lishgan. Hatto Angliya yordami va Lourens Arabiy (ingl. Lawrence of Arabia) nomi bilan dong taratgan ingliz josusi qutqusi bilan boshlangan usmoniylardan xalos bo’lish harakatidan keyin ham ma’lum ma’noda arablashgan turk oilalarining vakillari yangi paydo bo’lgan arab davlatlari boshqaruv tizimida faoliyat yuritganlar.

Shayx Nadim mansub bo’lgan oilaning asoschisi Husayn ibn Muhammad al-Jisr al-Tarabulusiy edi. Lubnon (Livan)ning taniqli ulamosi bo’lgan bu zot 1845 yili Tripoli shahrida tug’ilgan. Qohiradagi mashhur Al-Azhar universitetida ta’lim olgan. Uning ilmi shariatga bag’ishlangan ilk kitobi mashhur bo’lib, u Usmoniylar sultoni Abdul Hamidi Soniy tomonidan taqdirlangan. Sulton mukofot bilan qanoatlanmay yosh olimga erkin ijod qilishiga imkon beradigan mablag’ ajratdi. 1889 yili esa sulton uni Istambulga chorlab, yangi kitobini yozishi uchun sharoit yaratib berdi. Oradan 9 yildan keyin u ona shahri Tripoliga qaytdi. Bu yerda u «Jaridat Tarabul» — «Tarabulis gazetasi»ni tashkil etdi. U yana bir necha islom qonunchiligiga bag’ishlangan kiitoblar yozdi. Mamlakatda katta mavqe’ga ega ulamo 1909 yili vafot etdi. Uning farzandlari ham ota yo’lini tutib huquqshunoslikni tanlashdi.

Turklik tomonidan Shayx Nadimning bobosi asli Turkiyaning Adana shahridan bo’lmish Abdulg’ani afandi Ramazono’g’li edi.  Abdulg’ani afandi ancha badavlat oilaning rahbari bo’lib, uzoq vaqt Bayrut xo’jalik sudining raisi bo’lib ishlagan. Uning to’qqiz o’g’li va olti qizi bor edi.

Abdulg’ani afandi qizlaridan birini Shayx Husayn al-Jisr uzatgan.

1897 yili Tripolida tug’ilgan Nadim dastlabki ta’limni otasidan oldi. Otasi o’lmidan keyin Xums va Bayrutda o’qidi. 1916 yili harbiy xizmatga chaqirilgan Nadim Suets kanali inglizlar tomonidan ishg’ol etilganda asirlikka tushadi. E’tiborli odamlar oraga tushib Qohiradagi qamoqxonadan chiqqach, Tripoliga qaytib, adabiy ijod bilan shug’ullanadi. U umri davomida bir necha she’riy to’plam ham e’lon qildi. 1922 yildan boshlab sud tizimida ishlab, sud`ya,hatto prokuror maqomiga ko’tariladi.Hatto Akkar shahrining hokimi bo’lib ham ishladi, advokatlik ham qildi.

 Nadimning akasi Muhammad al-Jisr 1932 yili o’sha paytda Frantsiya protektorati hisoblangan Livan  prezidentligiga o’z nomzodini qo’yadi. Qonun bo’yicha prezident parlament tomonidan saylanishi kerak edi. Parlamentda Muhammad al-Jirsi tarafdorlari ko’pligi aniq bo’lib qolgach, musulmon kishining  mamlakat  rahbari bo’lishi oldini olish uchun frantsuzlar amalda bo’lgan konstituttsiyani bekor qilib, parlamentni tarqatib yuborishadi. Shu voqeadan ko’p o’tmay Muhammad al-Jisr vafot etadi.

Akasi o’limidan keyin butun xonadon tashvishi va otasi tomonidan tashkil etilgan diniy markazini boshqarish,Tripolida sulola egallab kelgan mavqeni saqlash Shayx Nadim yelkasiga tushadi. Otasidan meros gazetaga rahbarlik qilish bilan birga diniy markazda dars berish ham uning zimmasida edi. Majburiyatlar tufayli boshlangan qizg’in  faoliyati Shayx Nadimning Tripoli va mamlakat doirasida  obro’ qozonishiga xizmat qildi. Nafaqat Livanda butun arab olamida ham nomi tanila boshladi.  Hatto Marokash qiroli 1955 yili uni o’z mamlakatiga taklif qildi. Shayx Nadim Tripoli shahridan mamlakat parlamenti deputatligiga saylanadi. 1960 yili esa u Tripoli va Shimoliy Livan muftisi etib saylanadi. Shayx Nadim  birinchi sunniy muftiy sifatida tarixga kirgan.

Shayx Nadim mansub xonadonning yana bir vakili Tojiddin as-Solih 1973 yilda mamlakat bosh vaziri etib saylangan. Ko’rib turibmizki, Shayx Nadim mansub bo’lgan oila Livan mamlakatida anchagina ta’sirli mavqeni egallagan. Ayni shu sababdan sovet hukumatining Shayx Nadim al-Jisr nomzodi ustida to’xtab, uni sovetlar mamlakatiga taklif qilish qarorini tushunish mumkin.Aytish joizki, bugun ham bu oila vakillari bobolari va otalari erishgan mavqeni saqlab turishibdi.

1883Abdulg’ani afandi Ramazono’g’li to’qqiz qg’li bilan.

SHAYX  NADIMNING  QAT’IY  TALABI

Sovet hukumati tuzgan rejaga ko’ra, lubnonlik mehmon Moskvadagi oliy o’quv yurtlariga, shuningdek, Kiev, Yalta,Sochi shaharlariga borishi kerak mo’ljallangan edi. Bu rejaga O’rta Osiyodagi biron bir sovet respublikasiga tashrif buyurish kiritilmagani kishini ajablantiradi. Hech bo’lmaganda, bu tashrifni uyushtirgan mutasaddilar shayxdan bir og’iz bo’lsa ham istak-xohishini surishtirish, uning musulmon ekanini e’tiborga olish mumkin edi-ku deb o’ylaysan. Nima bo’lgandam, reja o’zida sovet hukumati nuqta nazarini aks ettirgan: maqsad Shayx Nadimni sovet imperiyasi tarafdori qilish, shayx va uning ta’sridagi kuchlarni o’z xizmatiga tortish, ular orqali arab olamida o’z siyosatini targ’ib qilishdan iborat edi.

Tez kunlarda Moskvaga uchib kelgan Shayx Nadim al-Jisr mehmonxonada tashrif rejasi bilan tanishar ekan, rejaga Imom al-Buxoriy qabrini ziyorat qilishni ham kiritish lozimligini so’radi. Ammo,o’sha zahoti rad javobini oldi. Unga tashrif rejasi sovet hukumatining oliymaqom rahbarlari tomonidan tasdiqlanganini aytib, o’zgartirish kiritish mutlaqo mumkin emasligini tushuntirishmoqchi bo’lishadi. Sho’ro davlati vakillari nazarida qandaydir bir imomning qabrini ziyorat qilish o’zlari taklif qilayotgan oliymaqom qabullaru mehmondorchiliklar oldida arzimas bir gapday tuyulardi.

Ammo, Shayx Nadim bo’sh kelmadi. “Agar,rejaga birinchi bo’lib Imom Buxoriy qabrini ziyorat qilish kiritilmas ekan, men hozirning o’zidayoq Lubnonga qaytaman”, deb qat’iy turib oldi.

Uning bu gapidan Tashqi ishlar vazirligi va davlat xavfsizlik qo’mitasi (KGB) vakillari nima qilishlarini bilmay qolishdi va bo’lib o’tgan gap-so’z haqida o’z rahbarlarini xabardor qilishdi. Ular esa o’z navbatida SSSR hukumati rahbari Nikolay Bulganinga murojaat qilishdi. Bulganin ham Xrushchyov bilan maslahatlashgach, mehmonning har qanday talabi qondirilsin,degan amru farmon berdi. Orada davlat xavfsizlik qo’mitasi SSSR Fanlar akademiyasi bilan bog’lanib, Imom Buxoriy haqida qisqa ma’lumot ham olishadi. Ana shundan keyin tashrifga mas’ul shaxslar Shayx Nadim ziyorat qilishni istagan Imom Buxoriy qabri joylashgan O’zbekiston rahbarlari bilan bog’lanishadi.

AL-BUXORIY QABRI QAERDA?

Toshkentdagi hukumat vakillari imomning nisbasi “Buxoriy” bo’lsa, demak qabr ham Buxoroda bo’lsa kerak deb o’ylashdi va Buxoro oblasti rahbarlariga qo’ng’iroq qilib qabrni ziyoratgacha epaqaga keltirib qo’yishni buyurishadi. Buxoro rahbarlari yarim kun ovora bo’lishgach, quvonch bilan Toshkentga “Buxoriy qabri Buxoroda emas,Samarqandda ekan” deb telegramma jo’natishadi.

Toshkent buyruqni Samarqandga jo’natadi. Samarqand rahbarlari ham yarim kun ovora bo’lib Imom Buxoriyning qabri shahardan taxminan 15 kilometr uzoqlikda joylashgan Xartang qishlog’ida ekanini aniqlashadi. Ammo… Ammo, maqbara vayrona ahvolda, butun Islom olamida muqaddas sanalgan qabr yonidagi masjid bir necha yillardan buyon kimyoviy moddalar saqlanadigan omborxona xizmatini o’tab kelayotgani ma’lum bo’ladi. Uni qiska muddat ichida mu’tabar mehmonlar ziyorat qilishga loyiq ahvolga keltirish amri mahol ish edi. Qolaversa, turbat atrofidagi qishloq ham juda xarob ahvolda edi. Samarqand Toshkentga,Toshkent esa Moskvaga mavjud ahvolni tushuntiradi.

Moskva Toshkentni qattiq tergaydi. Ammo, iloji yo’q, biron bir chora o’ylab topish zarur edi. Xavfsizlik xizmati vakili «Mehmonni samolyotda emas,poezdda jo’natish kerak», — degan taklifni o’rtaga tashlaydi. Ya’ni, samolyot Toshkentga 4 soatda uchib borsa, poezd Moskvadan Samarqandgacha 4 kunda yetib boradi. Mana,shu 4 kun ichida maqbara ziyoratga shay qilib qo’yilishi kerak.

Moskva topshirig’ini olgan Toshkent shoshilinch ravishda o’sha paytda O’rta Osiyo va Qozog’iston diniy idorasi rahbari bo’lmish shaxsni, ya’ni muftiy Ziyovuddinxon Boboxonovni ham bu ishga jalb etishadi. “Tezlik bilan borib, o’zingiz bu ishga boshchilik qiling”, deb uni Samarqandga jo’natishadi.

TAYYORGARLIK

Xartangda 4 kun davomida kechani kecha, kunduzni kunduz demay vayrona va tashlandiq maqbarani epaqaga keltirishga urinishadi. Ammo,bari bir maqbarani mehmonga ko’rsatishga loyiq ahvolga keltirishning iloji yo’qligi ma’lum bo’ladi. Samarqand nima qilishni bilmay Toshkentga tinimsiz qo’ng’iroq qila boshlaydi. Biror yo’li topilmasa, ertaga Moskva Toshkentniyam, Samarqandniyam qattiq partiyaviy jazo bilan “siylashi” tayin edi.

Toshkent Shayx Nadimni bir kun Toshkentni ko’rsatish bahonasi bilan olib qolishini aytadi. “Uyog’iga sizlar javobgar”, deydi Toshkent Samarqandga.

Nihoyat, samarqandlik bir “maslahat ustasi”dan boshqalarning nazarida aqlli bir maslahat chiqadi. “Mehmonni darrov Xartangga olib bormay, qanday qilib bo’lsayam, uni yana bir kun Samarqandda olib yurish kerak!” deydi maslahatchi.

Demak, deb o’ylashadi samarqandlik mutasaddilar, tongda tayyorada uchib kelishi mo’ljallangan Shayx Nadimni kuni bilan Samarqandda aylantirib, qorong’i tushganda Xartangga olib borish kerak. Toshkent ham bu rejani ma’qullaydi.

Bir kun oldin kuni bilan O’zbekiston poytaxtini erinmay “tomosha” qilgan Shayx Nadim tongda Samarqanddga uchib keladi. Endi uni qadimiy shaharni tomosha qilishga taklif qilishadi. Shayx Samarqandning Islom va Sharq tamaddunida qanday salmoqli o’rin tutishini yaxshi bilardi. Shu sababdan, bir paytlari olis bobolarining izi qolgan Turkistonning gavhari bo’lmish shaharni zavqu shavq bilan aylanadi. Shohizinda majmuida uzoq yillar qorovullik qariyaning eslashicha, shayx Hazrat Qusam ibn Abbos turbatida uzoq vaqt qolib, Qur’on tilovat qiladi.

SAMARQANDDA  YOTGAN  UCH  BUYUK  ZOT VA  CHOKARDIZA  QISMATI

Bir paytlar Mirzo Bobur o’z hasbi holi bayon etilgan tengi yo’q kitobda bu zaminning Islom tarixidagi o’rni haqida faxr bilan yozgan edi: «Hazrati Risolat zamonidin beri ul miqdor aimmai islomkim (ya’ni,shuncha miqdor islom olimi), Movarounnahrdinkim paydo bo’lubtur, hech bir viloyattin ma’lum emaskim, muncha paydo bo’lmush bo’lg’ay. Shayx Abumansurkim aimmai kalomdindur (kalom ilmining olimidir), Samarqandning Motrid (Moturid) otliq mahalasidindur. Aimmai kalom ikki firqadur, birni moturidiya derlar, birni ash’ariya derlar. Moturidiya Shayx Abumansurg’a mansubdur. Yana sohibi «Sahihi Buxoriy» — Xoja Ismoil Xartang ham Movarounnahrdindur. Yana sohibi «Hidoya»kim, Imom Abu Hanifa mazhabida «Hidoya»din mu’tabarroq kitobi fiqh kam bo’lg’oy. Farg’onaning Marg’inon otliq viloyatidindur, ul ham doxili Movarounnahrdindur».

Eng dahshati shundaki, Imom Buxoriydek tabarruk zotning mozori nechog’lik xarob ahvolda bo’lsa, Mirzo Bobur tilga olgan Islom olamining ikki allomasi — Imom Abu Mansur al-Moturidiy va tengsiz «Hidoya»ning muallifi Shayx Abu Nasr Marg’inoniy turbatlari undan-da battar holatda edi. Agar Shayx Nadim o’zini kuzatib yurgan hamrohlaridan bu mu’tabar zotlarning mozorlariga olib borishni so’rab qolganida, ular mehmonni qaerga boshlab borishni ham bilmay sarosimaga tushgan bo’lardilar. Chunki, bu zotlarning mozorlari nomu nishonsiz edi. Ularning mozorlari rus bosqini va sho’ro tuzumi davrida unitilgan, toptalgan, bir paytlar ularning qabrlari bo’lmish qadimiy Chokardiza mozorining katta qismi 1947 yili aholiga beriladi. Aslida Chokardizaning fojiaviy qismati Buxoro amiri Nasrullo davrida boshlangan edi. Taxminan 1840 yillar atrofida amir Samarqanddagi islomni qabul qilgan va xalq orasida «chala» degan nom olgan yahudiylarga ko’hna mozorning bir chekkasini ajratib, alohida yahudiy mahallasi va qabristonini barpo etishga ruxsat bergan edi. Bu nodonligu jaholat oqibatida qanchadan-qancha aziz ulamolar xoki yahudiylar tiklagan hovli-joylar ostida qolib ketadi. O’sha paytda hatto ayrim hovlilarning sahni juda mashhur ulamolarning qabrtoshlar bilan yopilgani ham tarixdan ma’lum. 1878 yili «chala»likni allaqachon unutgan yahudiylar Chokardizada devor tiklab, o’z qabristonlarini alohida qilib olishga erishadi. Bu yerda ular «Kanesoi kalon» — sinagog ham tiklashadi.

Samarqandlik imorat ustalari orasida ayni shu joylarda ishlaganda yuz bergan fojiali hodisalar haqida hikoyatlar mavjud. Yozilayotgan hujjatli qissada ular o’z aksini topajak, inshoolloh.

Harbiy qal’a — Chokardiza (Soqchilar qal’asi) yaqinida joylashgani uchun qabriston keyinchalik shu nom bilan atala boshlangan. Sharq olamida 99 qatli mozor deb nomlangan Shohizinda kabi Chokardiza ham uzoq tarix davomida yurtimizda yetishib chiqqan buyuk insonlarning so’nggi manzili sifatida qadrli joydir. Hayoti sarguzasht romanga asos bo’lishi mumkin mashhur Abu Muslimning safdoshi, josuslik xizmatining rahbari Bodi Yaldoyi Samarqandiy ham shu manzilda yotgani haqida rivoyatlar bor.

Urg’u berib aytish lozimki, samarqandlik taniqli islomshunos olim Komilxon Kattaev yozganidek, Chokardiza qabristoni Islom olamida Makka va Madinadan so’ng ulug’ ulamolar dafn etilgan uchnnchi mu’tabar joy sifatida tan olinadi. Samarqand tarixiga oid «Qandiya», «Samariya», «Kitobul-ansab», «Faslul-xitob» va boshqa kitoblarda, saqlanib qolgan vaqfnomalarda Chokardiza tarixi haqida juda ko’p qimmatli ma’lumotlar mavjud.

Abu Tohirxoja Samarqandiyning «Samariya» kitobida mozorning paydo bo’lishi haqida shunday yozilgan: «U yer tubda (ya’ni avval) imomi zohid Abu Is’hoq bin Ibrohim bin Sammosi Mutava’iyning bog’i ekan va o’zi ham o’sha yerda ko’milgan ekan». Imom o’limi oldidan farzandlari bo’lmagani uchun bog’ini sadoqatli shogirdi, keyinchalik buyuk fiqh olimi darajasiga yetgan Imom Abu Lays Samarqandiyga vasiyat qilib qoldiradi. Alloh bergan muddati yetib hazrati Abu Lays qazo qilganda ham uning so’nggi manzilgohi shu bog’ bo’ladi. Ayni shu buyuk insonlar yotgan bog’dan Chokardiza tarixi boshlanadi.

«Samariya» muallifi «Boburnoma»da faxr bilan tilga olgan ikki allomaning qabrlari haqida shunday ma’lumotlar qayd etilgan: «Shayx Abu Mansur Moturidiy mozori Chokardizada. Ushbu qabriston shahar ichida, kunchiqar tomonda, shaharning bir chekkasidadir… Shu qabristonning o’rtasida bir masjid bor. Shayx Abu Mansurning mozori shu masjidning janub tomonida va yaqinidadir. Qabr uzoridagi ko’k tusdagi sog’ona toshi masjid devoridan 5 gaz chamasi olisroqdadir».

…Mavlono Burhoniddin Marg’iloniy qabri ham Chokardiza qabristonida, katta ko’chaning kunbotarida hovuzga o’xshagan chuqurning yonidadirkim, shu katta yo’l o’sha hovuz orqali (sharqiy-shimolga qarab) o’tadi.Mavlono Burhoniddinning qabri (o’sha) katta yo’lning janub tarafida, pishiq g’ishtdan qilingan baland sufadadir».

911Faqat mustaqillikdan keyingina bu ulug’ zotlarning ramziy maqbaralari tiklandi. Bugun ulug’ bobokalonlarimiz haqiga duolar o’qiydigan manzillarimiz borligiga shukronalar aytamiz. Eng muhimi, bu tabarruk zotlar haqiga bag’ishlab o’qigan Qur’oni Karim oyatlari yangi maqbaralarda bo’lsin, ulardan olisda bo’lsin, yangrab, jaranglab ko’ngil uyimizni yoritib, quvvat berib turishida deb o’ylayman.

Shu joyda to’xtab, taniqli jurnalist Mirsharif Xo’jaev «Hodarvesh shamoli» nomli hujjatli asaridan olingan Chokardizaning keyingi qismati haqidagi hikoyasiga diqqatingizni tortaman.

MIRSHARIF XO’JAEVNING «HODARVESH SHAMOLI» ASARIDAN

…1962 – 1963 yillarda Buxorodagi Bihishtiyon qabristoni buzilgani, uning tuprog’ini “o’lchaganim” xususida yozgandim. Islom olamida Madinai munavvaradagi Jannatul Baqiya, Makkai mukarramadagi Jannatul Muallo qabristonlaridan keyingi o’ringa da’vogarlik qilgan Samarqanddagi Chokardiza qabristoni ham 1948 yilda tekislanib, aholiga uy-joy qurish uchun ajratib berilgani, bu haqda kamina, keyinchalik, Respublika televideniesi orqali chiqish qilganim to’g’risida eslatgan edim.

Kalom ilmining asoschisi – Abu Mansur Motrudiy (arab dunyosida imom al-Ash’ariyni kalom asoschisi deb hisoblaydilar), sunniylikdagi eng yirik mazhab – Hanafiya shariat kitobi – “Hidoya fi furu’ al-fiqh” muallifi Burhoniddin Marg’inoniy va boshqa yuzlab allomalar dafn etilgan Chokardizadagi qabrni buzib, uy qurish uchun abdol musulmon, avval, dinidan chiqishi kerak.

Kommunistlar buning yo’lini topishgan: xalq deputatlari Samarqand shahar kengashi ijroiya qo’mitasi (raisi yahudiy millatiga mansub Xonimov bo’lgan) qabriston hududini uy-joy qurish uchun yahudiylarga bo’lib bergan. Abu Tohirxoja “Samariya”sidagi mana bu gapga e’tibor bering: “Hazrat shayxda (imom Abu Mansur Motrudiyda. M.X.) ajoyib (bir) holat (ham) bor edi. U goho yahudiylar mahallasiga borib “ibodat qilinglar yoxud o’linglar”! deb xitob qilar edi. Bu so’zni eshitganlar imon keltirmasalar, o’sha chog’dayoq o’lardilar”. (Toshkent, “Kamalak”, 1991 yil. 38-bet).

Charxi gardunning qaltis o’yinini qarang-ki, oradan ming yil o’tib, o’sha yahudiylar avag’alarining avag’alari (avag’a – chevara) Abu Mansur Motrudiy fayz osor mazori o’rnini hojatxona qildilar (o’sha hojatxona va Imom Motrudiy qabri yonida dafn etilgan imom Burhoniddin Marg’inoniy qabri o’rniga it katagi yasalganini video tasvirga olib, Respublika televideniesi orqali namoyish etgan edik).

Bu gaplarni qo’zg’ab, shunday ham alamzada, yahudiylarni badnom qilmoqchi emasmiz, alhazar! Bu ishlar o’sha davr siyosatining hosilasi edi. Nasoro tamal toshini qo’ygan kommunistik harakat yahudiy qo’li bilan musulmon e’tiqodiga tig’ sanchdi.

Televidenie orqali chiqishimizdan keyin mazkur mahalla vakillaridan bir guruhi o’sha paytdagi ishxonamiz – viloyat tele-radio komitetiga kelib, haqirni tuhmat uyushtirishda ayblashdi, “maqsadingiz uy-joylarimizni buzdirish”, deya da’vo qilishdi. G’alvalardan natija chiqmadi. Shundan so’ng kamina viloyat senzurasiga rahbar qilib tayinlangan edim.

Ming yillar u yoki bu ko’rinishda amal qilgan eng nodemokratik tashkilot – senzuradagi faoliyatimning birinchi kuni yolg’onchi dunyoning yolg’oniga guvoh bo’ldi. Idoramiz xodimi Mardon Mahmudov mashinkada chop etilgan bir kitobcha matnini tutqazib:
– Bunda yozilgan tarixga tishim o’tmaydi, o’zingiz ko’rib beraqoling, – dedi.

“Samarqand qabristonlari” deb nomlangan kitob o’zbek, rus va ingliz tillarida bo’lib, Abu Tohirxojaning “Samariya”sidan uzib-yulib, yamalganga o’xshardi. Faqat muallif – tarix fanlari doktori, Samarqand Davlat universiteti professori, Chokardiza hududida paydo bo’lgan mahallada yashovchi Moshe Abramov shu qabriston haqidagi ma’lumotiga “yangilik” kiritgan edi. U “Imom Abu Mansur Motrudiy va imom Burhoniddin Marg’inoniy suyaklari ikkinchi jahon urushi yillarida Chokardiza qabristonidan Motrud qishlog’iga ko’chirilgan”, deb yozgandi. Ma’lumot mazkur mahallani buzilishdan saqlab qolish maqsadida ataylab kitobga kiritilgan. Uni nashr etishga ruxsat berolmasdik, albatta. Domladan yangi ma’lumotni asoslovchi  hujjat so’radik.

– E-e, mullo, uni qaysi istochnikdan olganim xotiramda yo’q, teper` qandoy topishni bilmayman, – dedi M. Abramov.

Kitobni bosishga ruxsat yo’qligini aytganimizda, muallif siri ochilganini fahmladi va qabrlar ko’chirilganligi haqidagi yolg’onni qo’lyozmadan o’chirishga rozi bo’ldi.

Kitobni nima sababdan ingliz tilida ham chiqarayotgani bilan qiziqqanimizda:
– Mullo, biz yaqinda xorijga ko’chamiz. U yoqdaki barodarlarga anglizchasini savg’o qilamiz, – dedi muallif.

Ammo Moshe Abramov xorijga ketolmadi – kitob bosilgach, vafot etdi va jasadi Chokardiza shimolidagi yahudiylar qabristoniga qo’yildi. Yuqorida aytilganidek, bu kitob senzura rahbari sifatida ko’rgan birinchi ishim edi. Samarqandlik tanitqli tarixchi Komilxon Kattaev:
– Moshe Abramov bunchalik tez vafot etar ekan. Siz senzuraga ishga kelmaganingizda, bu yolg’on kimsan, tarixchi professor nomidan  kitobga chiqardi. Voqeada bir hikmat bor – o’sha bobokalonlarimizning ruhlari sizni senzuraga sudrab kelgan, – dedi.

Alqissa, ruh sudradimi, Xudo urdimi, senzor bo’lib qoldik.

Respublika Vazirlar Mahkamasining “Imom Abu Mansur al-Motridiy tavalludining 1130 yilligini nishonlash to’g’risida” 1999 yilda qabul qilgan qarori asosida Fanlar akademiyasi arxeologiya instituti olimlari Chokardizaning qadimda Tali muhaddison (Muhaddislar tepaligi) deb nomlangan hududida barpo etilgan hovlilardan ko’plab qabrtoshlar, yozuvli qayroq toshlar topdilar, ularni tadqiq qildilar. Imom Abu Mansur Motrudiy, Burhoniddin Marg’inoniy va boshqa buyuklarning yodgorlik toshlari o’rganildi. 2000 yilda shu huddudda imom al-Motrudiy qabri o’rniga mahobatli maqbara barpo etildi va alloma tavalludining 1130 yilligi mamlakat miqyosida nishonlandi».

NISHOPURDAGI MALOMAT

Hazrati Imom Buxoriy qanday qilib Samarqandga kelib qolgan, nima uchun bunday qutlug’ zot Buxoro yoki Samarqand kabi ulug’ shaharlarda emasu bir chekkada bo’lgan Xartang qishlog’ida dafn etilgan? Bu savollarga javob topish uchun Hazrati Imomning Buxoroga qaytishi va u yerda sodir bo’lgan voqealarga nazar tashlaylik.

Ismi Muhammad, kunyasi Abu Abdulloh, laqabi ba’zan imom al-muhaddisiyn (muhaddislarning imomi, peshvosi) va nasabi Muhammad ibn Ismoil ibn Ibrohim ibn al-Mug’iyra ibn Bardazbeh ibn Bazazbeh bo’lmish Imom Buxoriy rahmatullohi alayhi ona shahrini 16 yoshida onasi va akasi Ahmad bilan haj niyatida tark etgan edi.

Buxoroda 194 hijriy sana, shavvol oyining 13-kunida salotu-l-jum’adan keyin (810 milodiy sana, 21 iyulda) dunyoga kelgan Muhammad otasidan erta ayrilib, diyonatli , oqila va fozila ayol bo’lmish volidasi qo’lida tarbiyalandi, 9-10 yoshidan boshlab Buxoroning taniqli muhaddislaridan, eng avvalo, donishmand ad-Doxiliydan saboq oldi. 16 yoshida Hijozi sharif tomon ravona bo’ldi. Haj ibodatini ado etgandan so’ng onasi va akasini Buxoroga qaytarib yuborib, o’zi Makkada qoldi, Keyinchalik Madina, Basra, Shom o’lkasi, Xuroson va uning Marv, Balx, Hirot, Nishopur, Ray, Jibol kabi shaharlarida mashhur olimlardan saboq oldi. Nihoyat,oradan uzoq yillar o’tib, ona yurtiga qaytishni niyat qilib, yo’lga tushdi. Butun yo’l davomida qaerda to’xtamasin uni o’lkalaru shaharlarning olimlari, e’tiborli kishilari qarshi olardi. Uning bunday yuksak izzat-ikrom bilan kutib olinayotganidan norozi bo’lganlar ham topildi.

Jiddiy voqea Nishopurda yuz berdi. Nadomat Xurosonda katta shuhrat qozongan Muhammad ibn Yahyo Zuhliy tomonidan bo’ldi. Bu voqea haqida roviy Muhammad ibn Jobir shunday hikoya qiladi: »Buxoriy Nishopurga kelganda, Muhammad ibn Yahyo Zuhliy bizlarni Buxoriy yoniga borishga undab: “Solih kishi keldilar, undan hadis tinglanglar», — dedi. Buxoriy davrasiga odamlar oqib kela boshlashdi. Muhammad ibn Zuhliy davrasi bo’shab qoldi. Shundan keyin Zuhliy Buxoriyga hasad qilib, u haqida noto’g’ri gaplarni ayta boshladi».

Boshqa bir roviy Abu Ahmad ibn Adiy:»Buxoriy Nishopurga kelganda, juda ko’pchilik uning atrofiga jamlandi. Buxoriyning muxlislari ko’payganini ko’rolmagan ba’zilar unga hasad qilishdi. «Buxoriy Qur’onning lafzi maxluq», deyapti, u bilan gaplashib qo’yish kerak. Savol berib uni bir sinab ko’rish kerak», degan tashviqot yurg’izishdi,” deb xabar beradi.

Yana bir roviy Zahabiy xabari berishicha «Buxoriy muxlislaridan ko’pi uning oldiga kelib: “Ba’zilar sizga tuhmat qilishmoqda», deyishganda, Buxoriy g’amgin holatda “Men o’z ishimni Allohga topshirdim, albatta Alloh bandalarini ko’rib turguvchidir», oyatini o’qidi, so’ngra duo qildi: «Ey bor Xudoyo, albatta Sen bilursanki, men Nishopurga yomon niyatda kelgan emasman. Kibr, manmanlikdan yiroqman. Bu diyorlarga mansab va obro’ talabida kelganim yo’q, muxoliflar zo’ridan vatanga bormayotgan edim. Bu yerda esa mana bu odam, Alloh menga bergan in’omiga hasad qilib menga ozor berdi. So’ngra menga dedi: Ahmad, men ertaga keturman, uning gaplaridan qutilursizlar».
Darhaqiqat, ertasi Imom Buxoriy ona yurti tomonga yo’l oldi.

VATANGA QAYTISH

Amudaryodan o’tishi bilan , Imom Buxoriyning kelayotganini eshitgan butun voha va shahar xalqi uning
istiqboliga chiqdi. Buyuk farzandini kutib olgan Buxoro bayram tusiga kirgan edi. Bolalikdan bilgan, tanigan qarindoshlari, do’stlari, saboqdoshlari uni quchoqlab yig’lashardi. Buxoroning mashhur olimlari saf tortib ta’zimda turishdi.

Ammo, oradan ko’p o’tmay buyuk muhaddis ona shahrini ikkinchi marta, bu safar ilojsizlik tufayli tark etishga majbur qilgan voqealar boshlandi.

Bu voqealarning paydo bo’lishi haqida roviylar turli sabablarni keltirishadi. Sabablardan birini
Imom Buxoriyning Nishopurda orttirgan ashaddiy g’animlari yoki ularning talabi bilan xalifaning Xurosondagi noibi tomonidan Buxoro hokimi Xolid ibn Ahmad az-Zuhaliyga yuborilgan maktub bilan bog’lashadi. Maktub: »Sizlarga borgan kishi sunnatga xilof ish yurg’izadigandir» degan mazmundan iborat bo’lgan, deyishadi.

Rivoyatlarga ko’ra, hokimning buyrug’i bilan maktub Registonda to’plangan odamlarga o’qib beriladi. To’p ichidan norozi baqiriqlar eshitiladi. O’n bir yoshida yetmish ming hadisni yodlagan, butun hayoti va faoliyatini Rasuli Akram hadislari xizmatiga bag’ishlagan inson sunnatga xilof ish yuritishi mumkinligiga, og’zidan faqatgina hadis chiqayotgan zot xilof ish tutishiga, so’z aytishiga buxoroliklar ishonimasdi. Lekin takabbur hokim buxoroliklar noroziligidan battar g’azablanadi. U Imom Buxoriydan shaharni tashlab chiqib ketishni talab qildi.

Roviylar boshqa sabablarni ham ko’rsatishadi.

Xususan, Buxoro hokimi Xolid ibn Ahmad taniqli muhaddisni saroyga kelib farzandlariga ilmi
hadisdan saboq berishga taklif etadi. Bunga javoban Imom Buxoriy «Men ilmni sultonu amirlar eshigiga olib bormayman. Agar amirga ilm kerak bo’lsa, bolalarini (saroyidagilarni) uyimga yoki masjidimga yuborsin» degan javob aytadi. Allomaning keskin javobi noibning qahrini keltiradi va hadislar ilmi sultoniga shahardan chiqib ketishga farmon beradi.

Yana bir habarga ko’ra, javobdan qahrlangan Xolid ibn Ahmad o’z o’ch olish maqsadida xufiyalarini ishga soladi. Oqibatda, “Hurays ibn Abi Varqo degan shaxs « Buxoriy g’alayonchi, buzg’unchi, isyonkor. U shahrimiz tinchligini buzyapti. Muhammad ibn Yahyo Zuhliy uni bekorga Nishopurdan quvgan emas…» degan yolg’on xabarlarni tarqata boshlaydi va qasddankor hokim shu tariqa Imom Buxoriyni Buxorodan chiqarishga muvaffaq bo’ladi”.

62 yoshga to’lgan keksa olim bir xabarga binoan, bo’lib o’tgan voqeani eshitgan Samarqand ulamolari taklifi, ikkinchi xabarga ko’ra,. Samarqandda istiqomat qiladigan qavm-qarindoshlari da’vati bilan Zarafshon vohasining ikkinchi qadimiy shahri tomon jo’nashga majbur bo’ladi

NEGA XARTANGDA?

Abu Tohirxoja Samarqandiyning «Samariya» asarida bizning savollarimizga muayyan ma’noda javob beradigan quyidagi ma’lumotlar bor: «Imom Muhammad ibn Ismoil Buxoriy mozori. Sug’di kalon tumanida, Xartang degan o’rindadir. Shu mozorning sababidan hozirda o’sha qishloq «Xoja Ismoiliy» nomi bilan mashhurdir. Imom Muhammadning mozori ustida, uning shimoli-sharqiy tarafida unga yaqin bir o’rinda bir masjid yaqinidadir. Samarqand shahridan Xartang qishlog’igacha ikki tosh [16 chaqirim]lik yo’l.

Imom Muhammad («Sahehi Buxoriy») kitobining muallifidir. Bu kitob ming olti yuz hadisning jame’dir. 256 [870 yili 30 sentyabr`]da ramazon hayitinnng kechasi xuftan namozidan keyin o’ldi. Og’iz ochar kuni tush namozidan so’ng yuqorida aytilmish o’rinda ko’mildi. Uning qabridan ancha muddatgacha mushkdan ham xushbo’yroq [is] kelib turdi, keyin yo’qolib ketdi. Naql qilishlaricha, Buxoroda turgan vaqtda «ikki yosh bola bir onani emsa, o’rtalarida emizaklik sobit bo’ladi», deb fatvo bergan. Buxoro imomlari bunga e’tiroz bildirib, uni Buxorodan surgun qilganlar. Samarqandga kelgandan keyin, (Buxorolik olimlar qutqusi bilan) Samarqand ulamolari ham unga qarshi turdilar. Nochor Xartangga kelib turdi. Shu yerda Haq rahmatiga vosil bo’ldi.

Tajribada ko’rilganki, kimki «Sahehi Buxoriy» kitobini boshiga qo’yib, shahar va mahallalarni aylanib chiqsa, albatta o’sha shahar va mahalla ahlini ofatlardan saqlab qoladi. Ilgarilari ham har qachon Samarqand shahriga biror ofat kelsa, shahar xoslari yig’ilib duo qilsalar duolari ijobat bo’lib, u balo musulmonlar boshidan daf’ bo’lardi. Kimki u kishining tabarruk mozorini ziyorat qilsa, g’arb mamlakatlarda u (inson)ni mutabarrak tutardilar.».

Imom Buxoriy vafoti haqida Xartangda yashagan Abu Mansur G’olib ibn Jibrildan yozib olingan mana bu hikoyat bor: «Abu Abdulloh biznikida bir necha kun turdilar. So’ng og’ir betob bo’lib qoldilar. (Shunga qaramay) Samarqandga ketishga hozirgarlik ko’rdilar. Mahsilarini kiydilar, sallani o’radilar, ot tomon yigirma qadamcha yurdilar. Men va yana bir kishi ikki qo’ltiqlariga kirib kelayotgan edik, “Bas, meni ichkariga olib kiringlar, madorim yo’q, tinkam quriyapti”, dedilar. Ichkariga olib kirdik. Buxoriy o’rinlariga yotib duo qildilar. Bir ozdan so’ng duo qilayotgan lablar harakatdan to’xtadi».

Ko’p tarixlarda yozilishicha, Imom Ismoil al-Buxoriy Xartang qishlog’ida betob bo’lib, hijriy 256 yili ramazon oyining oxirgi kuni (milodiy 872 yil 1 sentyabr) 62 yoshida vafot etadi va shu yerga dafn etiladi.

16 asrda Imom Buxoriy xoki ustida maqbara va uning yonida masjid barpo etiladi. Uzoq qidiruvlardan keyin bu maqbara va masjidning 19 asrning boshlarida, taxminan 1909-1910 yillarda suratga olingan tasvirlarini topdim. Suratlarni yuqorida ko’rishingiz mumkin.

O’rni kelgani uchun aytib ketay. Dunyoga mashhur Ibn Battutaning O’rta Osiyo bo’ylab sayohatlari tasvirlangan kitobida sayyoh bir chalkashlikka yo’l qo’yadi. U Buxoroda bo’lganida Imom Buxoriy mozorini ziyorat qildim, deb yozadi. Holbuki, siz hikoyamizdan bildingizki, Hazrati Imomning qabrlari Samarqand yaqinidagi Xartang qishlog’ida bo’lgan.

Hikoyamizni kelgan joyidan davom etamiz.

1956 YIL. SAMARQAND

Yana 1956 yilga, Samarqandga, Shayx Nadim al-Jisr yoniga qaytaylik.

Kun bo’yi shahar aylanib toliqqan shayx sayohatdan ko’zlagan asosiy maqsadi – Imom Buxoriy mozorini ziyorat qilish bir daqiqayam unutmagan edi. U kech tushayotganidan bezovtalanib “Hazrati Imom mozorlariga qachon boramiz?” degan savolni ko’ndalang qo’yadi. O’ylangan rejalari amalga oshayotganidan mamnun mezbonlar mehmonni avtomobilga o’tqazib, Xartang tomon yo’lga tushishadi.

Shahardan chiqib, Zarafshon daryosi ustidagi ko’prikdan o’tish bilan atrofni qorong’ilik chulg’adi. Shayx Nadim yo’lning ikki chetida o’sgan daraxtlarning bir-biriga ulangan qora sharpalariga tikilib borarkan, “G’alati daraxtlar ekanmi?” deb o’ylardi. Bu g’alati daraxtlar pilla qurtini boqish uchun kallaklangan tutlar ekanidan u bexabar edi. Bu o’lkada yashagan ziyolilar ham har zamon-har zamon sho’rolar tomonidan xuddi mana shu tutlardek kallaklanib turishini ham shayx yaxshi bilmasdi.

Haydovchi tezlikni pasaytirib, avtomobilni katta yo’ldan ichkariga burdi, qora limuzin eski asfal`t yo’ldan astalik bilan chayqalib-chayqalib keta boshladi. Mashina chirog’i faqat yana o’sha g’alati daraxtlar qatorini yoritib borardi, xolos.

Nihoyat, oldingi o’rindiqda o’tirgan odamning ishorasi bilan avtomobil` to’xtadi. Mashinadan tushgan Shayx Nadimni hayajon bosdi. Toliqqan tizzalari qaltiradi. U tarjimondan “Etib keldikmi? “ deb so’radi. Tarjimon mashinani to’xtatgan odamdan “Imomning qabrigacha qancha qoldi?” — deb so’radi. U tarjimonga emas, shayxga qarab “500-600 metrcha” deb javob berdi. “Qaysi tomonga borish kerak?” – deb yana so’radi shayx. Sheriklari baravariga qo’llarini oldinga cho’zishdi: “Mana bu tomonga!”

Shayx Nadim yo’l bo’yi qiynagan charchog’ini unutdi. U suv so’radi. Haydovchi tutgan suv to’la bidon bilan
chetga chiqib, tahoratini yangiladi. Ungacha mezbonlar gungur-gungur suhbat qurishdi. Bidonni egasiga berar ekan, shayx haydovchi unga hayrat bilan tikilganini sezdi. Sezdi-yu, unutdi.

Keyin.. Keyin lubnonlik mehmon hamrohlarini angraytirib tiz cho’kib,yerni o’pdi va boya ular ko’rsatgan tomonga – Hazrati Imom mozori tomonga tizzasida yura boshladi. U shiddat bilan, ammo, shoshilmay yurardi. Shu paytgacha sukunat qurshagan atrofni tizzalab yurib borayotgan odam ehtiros bilan o’qiyotgan Qur’oni Karim oyatlarining jaranggi to’ldira boshladi.

Qabr qoshiga yetgach, Shayx Nadim yana bir karra yerni o’pdi-da, ko’zidan yosh quyilgan ahvolda to’xtamay
Qur’oni Karimni tilovat qila boshladi. Shu o’tirishida shayx tonggacha tilovat qildi. Tonggacha o’n yillar ichida bu atrofda biror marta yangramagan oyatlar jarangladi.

Faqat kun yorishgach,o’rnidan turib,atrofga nazar tashlar ekan, Shayx Nadim nima uchun Hazrati Imomning so’nggi manziliga uni tunda olib kelishgani sababini tushundi, qabr va masjidning xarob ahvolini ko’rib,o’kirib yig’lab yubordi, yuzi qahru g’azabdan ufqni qizartirgan shafaqdek tovlandi.

Toshkentgacha Shayx Nadim hech kim bilan gaplashmadi. Poytaxtga yetib kelgach, O’zbekiston rahbari bilan uchrashtirishni iltimos qildi. Og’izdan-og’izga o’tib bizga yetib kelgan xabarga ko’ra, shayx go’yo o’sha rahbarga ( Bu rahbar o’sha paytlar O’zbekiston SSR prezidiumi oliy kengashining raisi Sharof Rashidov yoki O’zbekiston hukumati
rahbari Sobir Kamolov bo’lishi ehtimoli bor) qarata shunday deydi:
— Imom Buxoriy xoki turobini olib ketishga ruxsat beringlar, maqbara atrofidagi tuproqlarigacha beringlar, evaziga o’sha tuproqning og’irligi qancha bo’lsa o’shanga teng hajmda tilla olib kelishga va’da beraman!

Ammo, Shayx Nadimning bu iltimosi rad etiladi…

Vataniga qaytgan Shayx Nadim al-Jisr yana uzoq yillar muftiy bo’lib xizmat qildi, «Imon hikoyalari (falsafa,ilm va Qur’on)», «Dostoni Imon» va boshqa kitoblar yozdi. U Samarqandga Hazrati Imom Buxoriy marqadlariga qilgan safari haqida biron nima yozdimi, afsuski, bexabarmiz. Shayx Nadim 1980 yilda olamdan o’tdi. Bugun Tripolidagi ko’chalardan biri uning nomi bilan ataladi. Mamlakat parlamenti va boshqa e’tiborli tashkilotlarda uning farzandlari-yu nabiralari faoliyat yuritishadi.

YILLAR O’TIB

  Yillar o’tib, qabrning ustida kichkinagina gumbaz tiklashdi. 80-yillarda avval Samarqand oblast partiya qo’mitasining kotibi bo’lib ishlagan, o’sha paytda O’zbekiston yozuvchilar uyushmasi kotibi etib tayinlangan yozuvchi Yevgeniy Berezikov bilan maqbara ziyoratiga borgan edim. Aniq esimda, o’shanda Berezikov o’zi bilan olib kelgan allaqanday temir uskunalarni qabr atrofiga joylashtirib ,nimalarnidir o’lchash bilan ovora bo’ldi. Keyin ko’zlari chaqnab o’ziga hamroh ikki yosh shoirga“ Bu qabrdan juda kuchli bioquvvat tarqayapti! Uskunalarim ham ishdan chiqdi!” degan edi.

Nima uchun yo’l-yo’lakay bu voqeani esladim. Biz ikki yosh shoirni Yevgeniy Berezikov bekorga Samarqandga olib bormagan edi. Aytib o’tganimdek, u yozuvchilar uyushmasi kotibi etib tayinlangach, o’sha 80-yillarda uyushmada anchagina kuchli ta’sirga ega bo’lib qolgan yosh avlodni o’z tomoniga og’dirishni istardi.

Berezikov asli sibirlik bo’lib, harbiy xizmatdan so’ng O’zbekistonga kelgan, militsiya maktabini tugatgach bir necha yildan keyin Toshkent shahar jinoyat qidiruv boshqarmasining rahbari darajasiga ko’tarilgan edi. Moskvadagi partiya oliy maktabida ta’lim olgach, 1974 Shahrisabz shahar partiya qo’mitasining birinchi kotibi, keyinchalik Samarqand oblast partiya qo’mitasining ikkinchi kotibi vazifalarida ishlaydi.

U yozuvchi sifatida dastlab jinoyat qidiruv xodimlari hayotiga bag’ishlangan qissasini e’lon qildi. Keyin Amir Temur, Ahmad Yassaviy va boshqa ulug’ avliyolarimiz haqida kitoblar yozdi. Unga yordam bergan, kotiblik qilgan bir qator o’zbek yozuvchilari ham anchagina edi. Keyin u birdan o’zini g’ayritabiiy ishlarga qodir “avliyo”, “bashoratchi” deb hisoblay boshladi. G’ayritabiiy va turli yo’nalishdagi bashoratlari asosida kitoblar yoza boshladi. Va O’zbekistonni tark etib, Rossiya qaytgandan keyin o’z diniy sektasini tuzdi.

Berezikov bizni ikki kun davomida viloyatni, bir paytlar o’zi to’la hokimlik qilgan o’lkani aylantirdi. Sobiq xo’jayinning chalgan chapagiga o’yin tushishni hali unutishga ulgurmagan rayon kotiblari uni hashamat bilan kutib olishar, quyuq mehmon qilishar va albatta mashinasining orqasini nimalar bilan to’ldirishga ham ulgurishardi. Aslida Berezikov biz – ikki yosh shoirga xalqning unga bo’lgan “hurmati” qancha balandligini ko’rsatishni maqsad etgan edi.

Berezikov bilan Toshkentga uchinchi kun oqshom payti qaytdik. To’satdan u men bilan  do’stimni uyiga taklif qildi. “Bilib qo’yinglar, sizgacha uyimga birontayam begonani kiritmaganman!” – dedi u har bir so’ziga urg’u berib.

Uning uyiga kirib, og’zimiz lang ochildi–qoldi. Biz kirgan xonadon shaxsiy uy emas, haqiqiy muzeyning bir bo’lagi edi. Hatto o’sha paytlar “chulan” deb atalgan, eski-tuski, ortiqcha uy anjomlari saqlanadigan bo’lmaga, uylarimizda bugun ham mavjud bo’lganidek, faner yoki oddiy taxtadan emas, Shahrisabzning qaysi bir yodgorligidan qo’porib, sug’irib olib kelingan o’ymakor naqshli, qadimiy ustalar san’atining namunasi bo’lgan ko’hna eshik o’rnatilgan edi.

Bu xonadonda ko’rganlarim haligacha ko’z o’ngimda turibdi. Oyoq izi bor qayroqtoshlar (“Avliyolarning izi” — deb izoh bergandi Berezikov), tasavvuf allomalarining muhrlari ( “Menda bunaqalar juda ko’p” — maqtangandi Berezikov), ko’hna, ammo, jilosini yo’qotmagan qabrpo’shlar, qator-qator eski kitoblar, bir-biridan chiroyli Qur’oni Karim va boshqa kitoblarning g’ilofdonlari (“Tilla suvi bilan ishlangan” – degan edi Yevgeniy aka) … Ularning hammasi Shahrsabzu Kitobdan, Samarqanddan olib kelingani aniq edi.

Shahar yoki oblast xo’jayini so’raydi–yu, yo’q deb bo’ladimi? “Yo’q” deb ham ko’rsin. O’sha zahot shotirlari uyingdagi bobo-momolaringdan qolgan, asrlar davomida azizlab saqlangan buyumni tortib olib, partiya kotibi mashinasining orqasiga olib borib joylashadi. Yoki..Yoki o’zing qonimizdagi boshliq zotiga mutelikka bo’ysunib o’sha buyum yugurib olib chiqib, qo’sh-qo’llab tutamiz. Berezikov uyidagi buyumlar ana shu “qo’sh-qo’llab” tutilgan buyumlardan iborat edi.

Hozir Berezikov qaerda-yu, uning uyida to’plangan osori atiqalar qaerda? Berezikov qaerdaligini bilaman. Yuqorida yozganimdek, u sho’ro tanazzulidan so’ng O’zbekistonni tark etib, Rossiyaga ketgan va u yerda rus provoslav cherkovining qora ro’yxatida kiritilgan soxta diniy sekta tashkil etgan edi.. Internetda hatto uning rasmiy sayti ham mavjud. U hali Lotin Amerikasida, hali Hindistonda, hali Yaponiyada…xullas juda ko’p mamlakatlarda sayohatda yuradi. Taqdiri noma’lum osori atiqalarni pullash evaziga bo’lmayaptimi bu sayohatlaru bu sektabozlik?

Ammo, asl haqiqat shundaki, hamma aybni Berezikovga o’xshagan odamlarga to’nkash to’g’ri emas. Hamma aybni biz o’zimizdan qidirishimiz kerak. Jahonda shunday xalqlar borki, tarix davomida necha bor parokanda etilgan , hatto davlatchiligidan judo bo’lib, mute va quvg’indi bo’lib yurgan bo’lsayam, muddati yetib, o’z davlatlarini tiklagandan keyin  dunyoning to’rt tomoniga sochilib ketgan milliy osori atiqalarini to’plashdan bir soniya ham  to’xtamaganlar. Biron bir chekkada, xoru zabunlikda ko’z yumgan shoiru avliyolarining bir tola mo’yini zirhli qutichalarga solib avaylaydilar.

BU MAQOLANING YOZILISHIGA SABAB BO’LGAN VOQEA

1956 yilda yuz bergan Shayx Nadim bilan bog’liq tarixni eslashimga sabab bo’lgan voqeani aytay. Kunlardan bir kun Imom Buxoriy majmuasiga bag’ishlangan videolavhani veb-sahifamga o’rnatdim-da, bezak uchun internetdan majmua fotolarini qidira boshladim. Tasodifan moskvalik Ira ismli qizning sahifasini ochib qoldim. Sahifadagi Samarqand,Buxoro,Xiva shaharlarida tasvirga olingan juda chiroyli fotosuratlarni maroq bilan tomosha qildim. “Bu moskvalik qiz ona yurtim haqida nima yozgan ekan?” degan o’y bilan Iraning yozuvlarini o’qiy boshladim (sarlavha ustidagi suratni o’sha sahifadan oldim).

Uning sayohat xotiralaridagi bir gap meni qattiq hayajonga soldi. Iraning hikoya qilishicha, Buxrodayam,Samarqanddayam, bir necha soat surat olavergach, fotoapparatining batareyalari yaroqsiz bo’lib qolibdi. Ammo, ikki joyda batareyalari yaroqsiz fotopparat hech nima bo’lmaganday ishlay boshlabdi. “Birinchi joy — Bahouddin Naqshband maqbarasi bo’lsa,ikkinchi joy — Imom Buxoriy majmuasi” deb yozadi Ira.

Men albatta,O’zbekiston kelgan sayyohlarning xotiralarini o’qib boraman. Ona yurtimiz haqida yozilgan nordon gaplardan kuyunaman,yaxshi gaplardan quvonaman, yaxshi gaplar yozgan sayyohlarga minnatdorchilik so’zlarini yozib qoldiraman. Iraga ham minnatdorchilik bildirdim, uning safarnomasida kimligi noma’lum mehmon haqida shunchaki aytib o’tilgan bo’lsa, men Shayx Nadim al-Jisr voqeasini to’laroq yozib qo’ydim. Yaqinda Ira sahifamga kirib, yozuvlarimdan mamnun bo’lganini ma’lum qilibdi. Men ham xursand bo’ldim.

Aslida bu yozuvlarimdan maqsad bitta: kechagi kunimizni unutmaylik. Bugungi kungimizning qadriga yetaylik. Unutmaylik, biz uchun Imom Buxoriyning xoki turobining bahosi dunyodagi bor oltin xazinasidan qimmatliroqdir.

2013-2015

XDK

(Tashriflar: umumiy 7 586, bugungi 1)

11 izoh

  1. Maqolani juda qiziqish bilan o’qidim. Imom al Buxoriy videosini tamosha qilib ko’zlarimga yosh keldi. Darhaqiqat bugungi kunimizning qadriga etaylik!

  2. Parvardigori olamga shukurlarki, sizdek o’z diniga va vataniga sodiq shoirlar shunaqa katta tarixiy ishlarni boshlab biz yoshlarga ma’naviy va ruhiy tarbiya olishimizga sababchi bo’lmoqdasizlar.
    Katta rahmat!

  3. Avvalambor shunaqangi ajoyib maqola va ma’lumotlar uchun katta rahmat. Zo’r chiqibdi. Siz yuqorida Shayx Nadim al-Jisr hazrat Imom Al Buxoriyning qabrlarigacha tizzalab yurib borganini keltirib o’tbiz. Man ham qaysidur arab shayxi hazratimizning qabrlarigacha tizzalab yurib borganini eshitgan edim. Ammo kimligini bilmasdim va bu sho’ro zamonida bo’lganini eshitib hayratlandim. Men bundan ancha vaqt oldin bundan ham hayratdan jumbushga kelgandim. Quyida keltiriladiganlarimni anynan shu voqeani guvohi bo’lgan insondan eshitganman.
    Shukronalar bo’lsinkim yurtimiz mustaqil bo’lib ko’plab joylar obod bo’ldi. Aynan shunday ishlardan biri Hazrat Imom Al Buxoriyning qabrlarini odob qilish edi. Hazratning qabrlarini obod qilish haqida eshitgan arab mamlakatlaridan bir Shayx bu savobli ishga o’z hissasini qo’shish uchun qimmatbaho marmartoshlar yuborganini xalq eshitgan va biladi. O’sha marmartoshlar aslida hazratning qabrlariga emas kimningdur uyiga ketganini ham xaql biladi. Hazratning qabrlarini ziyorat qilish uchun kelgan o’sha Shayx hayratda qolganini ham.
    Siz yuqorida keltirib o’tgan o’zini avliyo degan rusdan bizning hozirgi odamlar ham qolishmayapti.

  4. Ассалому алайкум, Хуршид!
    Ажойиб иш қилибсиз. Имом Бухорий мақбаралари тўғрисидаги тагхатда «XIX аср» деб ёзилибди. 1910 йиллар — XX аср. Шуни тузатиб қўйинг. Эътиборингиз учун раҳмат!

  5. Ваалайкум ассалом, Миршариф ака!
    Эътибор учун сизга раҳмат. Сизнинг асарларингизниям сайт саҳифаларида кўришни истаб
    Хуршид Даврон

  6. Сафарова Инобат Ачиловна, СамДАҚИ ўқитувчиси

    Мен ушбу мақолани ўқиб чиқиб, ўзимнинг ёшлик даврим кўз олдимга келди. Мен ўша даврларда Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Пайариқ совхозининг маркази ҳисобланган Хўжа Исмоил қишлоғида туғилганман (1966 йилда). Айнан ал-Бухорий масжидининг ёнидаги ҳовлилардан бирида яшар эдик. Раҳматли онамдан ва ўзимдан катта опамлардан эшитишимча ал-Бухорий масжиди 1960 йилларда обод жой бўлган. 1954 йилда туғилган акам 1960-62 йилларда 1-2 синфларни масжиднинг ҳужраларида вақтинча очилган синфларда ўқиган.
    Ўзимнинг болалигимни эсласам, 1974 йилда мен 2-синфда ўқир эдим. Ўша йили ал-Бухорий бобомизнинг 1000 йиллик юбилейи нишонланишига чет давлатлардан, жумладан Араб давлатларидан нуфузли меҳмонлар келганида биз қўлимизда гуллар билан меҳмонларни кутиб олган эдик. Ўшанда мен умримда биринчи марта негрларни кўрганман.! Эсимда, болалагимизда биз доим масжид олдида ўйнаб юрар эдик. Чунки, бу жой кўзимизга жаннатдек гўзал кўринар эди. Катта йўлдан масжидга олиб борувчи узун йўл чамаси 200-300 метрлар бор эди. 1978 йилларда катта йўлдан масжид томонга бурилгач, чап томонда катта «Универмаг» қурилганди. Универмагдан сал юриб ўнг томонда ариқ ёқасида чойхона бор эди. Чойхонанинг ховлисида жуда кўп мажнунтоллар бўларди. Масжид томон узун йўлнинг икки томонида гулзор бор эди.
    Масжиднинг дарвозаси ўймакор ёғочдан бўлиб, иккита катта темир ҳалқалари бор эди. Чамамда дарвозанинг эни 2 метрча эди. У ердан хеч қандай транспорт воситаси кириши мумкин эмас эди. Буни мен «масжид ховлида ўгит сақланар эди» дейилгани учун ёзаяпман. Транспорт кирмагач, у ерга қандай қилиб ўғит олиб кирилган, ёки олиб чиқилган деб ўйлайсиз.
    «1980 йилларда масжид ховлиси хароб аҳволда эди» деган гапингизга эса айтишим мумкинки, мен ўша вақтда 14 ёшларда бўлганман, масжид ҳовлиси жаннатмисол гўзал эди. Ўша даврда масжиднинг имом хатиби бўлиб ишлаган Усмонхон домла (у киши асли Душанбелик эдилар) масжиднинг ҳовлисида экиб ўстирган гулларни мен бошқа хеч ерда кўрмаганман.

  7. Assalomu alaykum, men bu maqolani ko’zlarimda yosh bilan o’qidim, farzandlarim nega yig’layabsiz deb hayron bo’lishdi,ularga ham tariximizni bu qora sahifalarini aytib berdim va albatta mustaqillik bergan imkoniyatlarni, eng muhimi ulug’ allomalarimiz bilan tanishtirdim

  8. Мақола бадиий жиҳатдан қизиқ,аммо бу бошқа ҳақиқий фактдан чалғитади. Сабаби, бу мақоладаги мавзу айнан Индонезия давлати раҳбари Сукарно билан боғлиқ. Сукаронинг Хрушчев билан учрашуви ва Имом Бухорий мақбараси зиёрати. уни олиб кетиш учун олтин таклиф этиши ҳаммаси гўёки кўчириб олинган. Сукорнонинг Ўзбекистонга келганидаги ПРОТОКОЛ ҳам бор. Нега асосий қаҳрамон бўлиб Шайх Надим чиқмоқда? Мавқе жиҳатидан ҳам Сукарно Шайх Надимдан юқори, сабаби ўша пайтда совуқ уруш авж олган даврда дунёдаги энг кўп мусулмон яшайдиган давлат ким томонда бўлиши катта аҳамиятга эга эди. Сукарнон ўзини СССР га таклиф этган политбюрони мана шу йўл билан з измига солишга уринади. Бу ҳақда индонезия тилидаги бир нечта мақолаларни (электрон таржимон орқали) қайта қиб чиқдим. Хуршид Давронни тарихчи олим сифатида жуда ҳурмат қиламан, аммо бу мақола жуда катта чалғитишларга олиб келмоқда.

  9. Индонезия давлати раҳбари Сукарно билан боғлиқ сафар тафсилотларидан яхши хабардорман. Мақола ёзаётганда бу ҳақдаям яхши билардим.
    Ҳурмат билан Хуршид Даврон

Izoh qoldiring