Ishikava Takuboku. Unutgim kelmaydi sizlarni («Bir hovuch qum» kitobidan)

Ashampoo_Snap_2016.10.10_11h39m12s_004_.pngСаҳифа буюк япон шоири таваллудининг 130 йиллигига бағишланади

    «Шундай лаҳзалар борки, улар икки марта такрорланмайди, — деб ёзади шоир, — шунинг учун ҳам уларни унутолмайман, ҳаяжон билан эслайман. Мен бундай лаҳзалар беиз кетмаслигини истайман. Бундай лаҳзаларни фақатгина лаҳзанинг ўзидай қисқа танка — бешликда ифодалаш мумкин…Ҳаётни севганим учун ҳам танка ёзаман». (Хуршид Давроннинг «Такубоку ва танка ҳақида қисқача қайдлар» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Японияда Tакубокуни жуда севишади. Мамлакатда шоирга қўйилган юзлаб ҳайкалларгина эмас, унинг шеърларига қўйилган минглаб ёдгорликлар мавжудлиги кишини ҳайратга солади. Яна бир ҳайратланарли томони шундаки, қашшоқликда ва хасталикда яшаган, арзимас пулга зор бўлган шоир китоблари миллион-миллион нусхада нашр этилмоқда, шусиз ҳам давлатли китоббосар ва китобсотар фирмаларни бойитмоқда .

Ишикава ТАКУБОКУ
УНУТГИМ КЕЛМАЙДИ СИЗЛАРНИ
«Бир ҳовуч қум» китобидан
Хуршид Даврон таржималари
002

I
20110927192717.jpg

* * *

Шимолий қирғоқда,
Шамоллар тўфоннинг нафасин ичиб
Қумлоқлар устида учган қирғоқда,
Аввалгидек гуллаяпсанми
Бу баҳор ҳам, наъматак?

* * *

Умрим кунларини
Мен санаб боқдим.
Боқдиму букилган бармоқларимга,
Йўқолди узоққа
Кетмоқ истаги.

* * *

Уч марта
Қайрилиб боқдим…
Бу дақиқа шаҳарнинг номи
Дўстим каби
Қадрдон эди.

* * *

Хакодатэ шаҳрида
Сартарошнинг шогирди
Қулоғимни кесиб қўйганди.
Бугун шуни эсласам,
Юрагим ёруғлашар.

* * *

Бу олис ёқларга
Менинг ортимдан,
Онам билан хотиним кўчиб келишди.
Бирор бир таниш йўқ
Бегона ўлкага яшашар энди.

* * *

Кўп ёрдам берарди
Менга бу дўстим.
Мен эса унинг олдида
Ўзимни босолмадим, чидай олмадим.
Лаънати менинг феълим!

* * *

О, қандай севар бу қиз
Бошоқларнинг
Ҳидини!
Унинг қошларига термилиб
Юрагимни йўқотиб қўйдим.

* * *

Хакодатэ…
Уйим менинг
Мажнунтоя кўчасида.
Дўстимнинг ишқий шеърлари.
Бўтакўз гулллари.

* * *

«Тонг отди! Тонг отди!»—
Янграр эди
Соддагина хитойча қўшиқ.
О, қандай севардим
Ҳар тонгда янграган бу қўнғироқни!

* * *

Хакодатэ.
«Ёнбошлаган буқа» тоғининг
Пойидаги улкан тош лавҳа.
Ўша тошга битиб қўйилган
Шеърни ҳанузгача унутолмайман.

* * *

Ўз-ўзига
Пичирлаб
Илоҳий каломларни,
Шаҳарда тентираб,
Юради гадо…

* * *

«Ҳақирларнинг ҳақири менман» —
Деди, кейин бошини олиб
Тоғларга кетиб қолди.
Дўстимнинг дилида
Худо яшарди.

* * *

Тонги туман аро
Ялтиратиб папирос чўғин,
Тўлқинлар урилган
Қирғоққа келиб
Жуда узоқ турди бир аёл.

* * *

О, Икуу дўстгинам,
Улкан дарё шиддатин
Кўргандайин бўламан,
Сенинг ғамларингни
Ўйлаган чоғим.

* * *

Чуқур ақл
Ва қудратли руҳ —
Булар, ахир, кимга ҳам керак,
Қўлларимиз боғланган бўлса.
Шу сабаб ичишга берилди дўстим.

* * *

Мақсаддан айрилган
Одамлар шароб
Ичмоқдан бўшамас…
Менинг кулбам
Ўшаларга доимо очиқ.

* * *

Дўстим айтар эди:
«Қайғу чекканда
Ҳайқириб куламан!
Шароб билан ўчираман
Қайғум ўтини».

* * *

Ярим тунда
Кутиан бекатида
Поезддан тушди аёл…
Чандиғи бор эди
Чеккасида.

* * *

Теракларни шовуллатиб
Қайрағочлар хиёбонида
Шивирлади
Кузнинг шамоли…
Кундалигимдаги ёзув.

* * *

Қандай ғамгин
Отару кўчалари.
Йўқ, ҳеч қачон бу одамлар қўшиқ айтмаган!
Нақадар дағал
Уларнинг овозлари.

* * *

Ёшлигидан
Елкасида рўзғор ташвиши.
У эса маст бўлиб куйлайди,
Гўё йўқдек
Бола-чақаси.

* * *

Эсноғимни зўрға босдим.
Вагон деразаси орқали
Биз хайрлашдик.
Жуда кўп хайрлашяпман
Сўнгги кунларда.

* * *

Ёмғир томчилари қўнган
Купенинг ойнасида
Жилваланди рангин чироқлар.
Бир пасда ортда қолди
Тоғдаги кичик шаҳар…

* * *

«Қўлингизни кўрсатинг, қани!»—
Дея фолбин сўраганида,
Йиғлаётган одамга ўхшаб,
У асабий бошин
Чайқади.

* * *

«Озиб кетган
Тананг гўё
Исёнкор руҳ лахтасига
Айланибди» — дейишди
Ўша кунлар дўстларим.

* * *

«Ураман!» — дейишарди менга.
Хўроз бўлиб:
«Қани,ур!» — дердим.
О, қани яна ўшандай бўлсам,
Қайтсайди ўша ойдин кунларим.

* * *

Афсус!
Қошлари чиройли йигит
Мийиғида кулиб қўйди,
Мен уни укам деб
Атаганимда.

* * *

Ва ногаҳон
Унинг рангпар яноғида
Бир томчи ёшни кўрдим.
Ўлим ҳақда гапирарди
Ёшгина тужжор.

* * *

Мен дўстимни
Душманимдай ёмон кўрардим.
Бироқ, жуда узоқ
Қўйбермасдан ушлаб турдим
Айрилиқ чоғида унииг қўлини.

* * *

Сорати дарёсини
Оппоқ қорлар кўмибди.
Ҳатто бир қуш кўринмас.
Бута босган қирғоқда фақат
Турар ёлғиз бир одам.

* * *

Бу ерларда, ёлғизлик аро,
Гоҳ ёвлашиб, гоҳо дўстлашиб,
Қор кетмас, худо унутган ўлкада
Зерикишдан узоқ туюлган
Умрларин кечар одамлар.

* * *

Худди қўшиқ куйлагандай
Эълон қилар ёш кондуктор
Бекатларнинг номини.
Унинг меҳрга тўла кўзларини
Ҳозиргача унутолмайман!

* * *

Тушиб қолдим сўнгги бекатда.
Қор босган атроф ёруғ.
Овлоқ шаҳарча томон
Ғижирлатиб қорни мен
Йўл босиб бораяпман.

* * *

Музликлар таратади
Оппоқ, тиниқ ёғдусин.
Қичқирар оқ чарлоқлар.
Кусиро денгизининг
Устида музлаган ой.

* * *

Фақат овози,
Фақат кўзи
Ўзгармай қолибди.
Дўстим билан учрашиб қолдим
Мамлакатнинг бир чеккасида.

* * *

Ҳадеб ичганим кўриб,
Юракдан қайғурарди
Мени ўйлаб бу аёл.
Ҳаттоки куйлашни ҳам
Йиғиштириб қўйганди.

* * *

Елкамга суқилиб
Турди кечаси
У қорлар аро.
Қандай илиқ эди
Унинг қўллари.

* * *

«Айт, ўлмоқни истамайсанми?
Дея қиздан секин сўрадим.
«Мана, қара» —
Деди қиз,
Бўйнидаги чандиғини кўрсатиб менга.

* * *

Юрагим, ў, юрагим,
Ҳатто қиз тиззасига
Бош қўйиб ётган чоғим,
Фалсафабоз ақлимга
Халақит бермас эдинг…

* * *

Шароб ичдим
Олисдаги
Овлоқ қишлоқда.
Ҳасратимнинг қуйқасига
Ўхшарди шароб.

* * *

Хонамда
Жимгина
Йиғларди аёл…
Эсласам,
Китобда ўқигандайман.

* * *

Шимолдаги дарбадарлигим —
Гўёки овозим соғинчдан титраб,
Жуда узоқ
Куйлаганман бу нақоротни:
«Тўлқинлар оқизиб кетар қумларни».

II

title_takuboku a.jpg

* * *

Тушимда
Қулоғимга чалинди овозинг.
Жуда кўп вақт бўпти —
Зшитганимга!
Қачон эди, эслай олмайман!

* * *

Шамолдан жунжикиб,
Одамлардан йўл суриштирган
Ёлғиз йўловчи каби,
Худди шундай, фақат шундай,
Суҳбатлашсам дейман сен билан.

* * *

Шундай тиниқ ўйлар бор-ки:
Гўё топ-тоза
Оппоқ мармарга
Тўкилиб тургандай
Баҳор ёғдуси.

* * *

Гўё уларнинг туби ҳам
Ёруғликни эмиб яшаган…
Кўриб тургандайман
Шундоқ қаршимда
Ўша қиз кўзларин қорачиғини.

* * *

Энг муҳим гапимни,
Дил изҳорини
Сенга айта олмаган эдим —
Улар ҳамон
Яшар кўксимда.

* * *

Лоқайдларча сенга
Сўзладим.
Лоқайдларча
Тингладинг мени.
Бор гап шу.

* * *

Улар тўғри айтишган экан:
Ярашаркан пешонангга тушиб турса
Бир тутам сочинг…
Кўзларимни ололмай қолдим
Сен бош эгиб ёзаётганда.

* * *

Тоғ боласи ғурбатда юриб
Соғингандек
Олис тоғларин,
Қайғу они
Сени ўйлайман.

* * *

Унутгандай бўламан сени,
Аммо, бирдан ёдга тушасан,
Ҳар бир нарса сени эслатар.
Унутолмасам керак
Сени ҳеч қачон!

* * *

Сени хаста
Дедилар менга.
«Тузаляпти», — дедилар кейин.
Сендан жуда олис ёқларда
Уйқуда юргандайман.

* * *

Кўчада ногаҳон
Кимдир сени эслатса менга,
Юрагимни қучади
Қувонч.
Наҳот, мени
Ҳеч эсламасанг?

* * *

Йиллар кечар тинимсиз.
Йиллар кечгани сайин,
Сендан узоқда,
Янада қаттиқроқ
Сени севаман!

* * *

Исикари яқинида
Боғ ўраган уйинг бор.
Боғингда
Олмаларнинг
Гуллари тўкилдими?

* * *

Сендан келди учтагина хат —
Фақат учта хат —
Уч йил ичида…
Мен ҳам ёзган бўлсам
Тўртта хат ёзгандирман…

84917801_20070810161824.jpgSahifa buyuk yapon shoiri tavalludining 130 yilligiga bag’ishlanadi

«Shunday lahzalar borki, ular ikki marta takrorlanmaydi, — deb yozadi shoir, — shuning uchun ham ularni unutolmayman, hayajon bilan eslayman. Men bunday lahzalar beiz ketmasligini istayman. Bunday lahzalarni faqatgina lahzaning o’ziday qisqa tanka — beshlikda ifodalash mumkin…Hayotni sevganim uchun ham tanka yozaman». (Xurshid Davronning «Takuboku va tanka haqida qisqacha qaydlar» maqolasidan. Maqolani mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)

Yaponiyada Takubokuni juda sevishadi. Mamlakatda shoirga qo’yilgan yuzlab haykallargina emas, uning she’rlariga qo’yilgan minglab yodgorliklar mavjudligi kishini hayratga soladi. Yana bir hayratlanarli tomoni shundaki, qashshoqlikda va xastalikda yashagan, arzimas pulga zor bo’lgan shoir kitoblari million-million nusxada nashr etilmoqda, shusiz ham davlatli kitobbosar va kitobsotar firmalarni boyitmoqda .

Ishikava TAKUBOKU
UNUTGIM KELMAYDI SIZLARNI
«Bir hovuch qum» kitobidan
Xurshid Davron tarjimalari
002

I

05_10takuboku3.jpg

* * *

Shimoliy qirg’oqda,
Shamollar to’fonning nafasin ichib
Qumloqlar ustida uchgan qirg’oqda,
Avvalgidek gullayapsanmi
Bu bahor ham, na’matak?

* * *

Umrim kunlarini
Men sanab boqdim.
Boqdimu bukilgan barmoqlarimga,
Yo’qoldi uzoqqa
Ketmoq istagi.

* * *

Uch marta
Qayrilib boqdim…
Bu daqiqa shaharning nomi
Do’stim kabi
Qadrdon edi.

* * *

Xakodate shahrida
Sartaroshning shogirdi
Qulog’imni kesib qo’ygandi.
Bugun shuni eslasam,
Yuragim yorug’lashar.

* * *

Bu olis yoqlarga
Mening ortimdan,
Onam bilan xotinim ko’chib kelishdi.
Biror bir tanish yo’q
Begona o’lkaga yashashar endi.

* * *

Ko’p yordam berardi
Menga bu do’stim.
Men esa uning oldida
O’zimni bosolmadim, chiday olmadim.
La’nati mening fe’lim!

* * *

O, qanday sevar bu qiz
Boshoqlarning
Hidini!
Uning qoshlariga termilib
Yuragimni yo’qotib qo’ydim.

* * *

Xakodate…
Uyim mening
Majnuntoya ko’chasida.
Do’stimning ishqiy she’rlari.
Bo’tako’z gulllari.

* * *

«Tong otdi! Tong otdi!»—
Yangrar edi
Soddagina xitoycha qo’shiq.
O, qanday sevardim
Har tongda yangragan bu qo’ng’iroqni!

* * *

Xakodate.
«Yonboshlagan buqa» tog’ining
Poyidagi ulkan tosh lavha.
O’sha toshga bitib qo’yilgan
She’rni hanuzgacha unutolmayman.

* * *

O’z-o’ziga
Pichirlab
Ilohiy kalomlarni,
Shaharda tentirab,
Yuradi gado…

* * *

«Haqirlarning haqiri menman» —
Dedi, keyin boshini olib
Tog’larga ketib qoldi.
Do’stimning dilida
Xudo yashardi.

* * *

Tongi tuman aro
Yaltiratib papiros cho’g’in,
To’lqinlar urilgan
Qirg’oqqa kelib
Juda uzoq turdi bir ayol.

* * *

O, Ikuu do’stginam,
Ulkan daryo shiddatin
Ko’rgandayin bo’laman,
Sening g’amlaringni
O’ylagan chog’im.

* * *

Chuqur aql
Va qudratli ruh —
Bular, axir, kimga ham kerak,
Qo’llarimiz bog’langan bo’lsa.
Shu sabab ichishga berildi do’stim.

* * *

Maqsaddan ayrilgan
Odamlar sharob
Ichmoqdan bo’shamas…
Mening kulbam
O’shalarga doimo ochiq.

* * *

Do’stim aytar edi:
«Qayg’u chekkanda
Hayqirib kulaman!
Sharob bilan o’chiraman
Qayg’um o’tini».

* * *

Yarim tunda
Kutian bekatida
Poezddan tushdi ayol…
Chandig’i bor edi
Chekkasida.

* * *

Teraklarni shovullatib
Qayrag’ochlar xiyobonida
Shivirladi
Kuzning shamoli…
Kundaligimdagi yozuv.

* * *

Qanday g’amgin
Otaru ko’chalari.
Yo’q, hech qachon bu odamlar qo’shiq aytmagan!
Naqadar dag’al
Ularning ovozlari.

* * *

Yoshligidan
Yelkasida ro’zg’or tashvishi.
U esa mast bo’lib kuylaydi,
Go’yo yo’qdek
Bola-chaqasi.

* * *

Esnog’imni zo’rg’a bosdim.
Vagon derazasi orqali
Biz xayrlashdik.
Juda ko’p xayrlashyapman
So’nggi kunlarda.

* * *

Yomg’ir tomchilari qo’ngan
Kupening oynasida
Jilvalandi rangin chiroqlar.
Bir pasda ortda qoldi
Tog’dagi kichik shahar…

* * *

«Qo’lingizni ko’rsating, qani!»—
Deya folbin so’raganida,
Yig’layotgan odamga o’xshab,
U asabiy boshin
Chayqadi.

* * *

«Ozib ketgan
Tanang go’yo
Isyonkor ruh laxtasiga
Aylanibdi» — deyishdi
O’sha kunlar do’stlarim.

* * *

«Uraman!» — deyishardi menga.
Xo’roz bo’lib:
«Qani,ur!» — derdim.
O, qani yana o’shanday bo’lsam,
Qaytsaydi o’sha oydin kunlarim.

* * *

Afsus!
Qoshlari chiroyli yigit
Miyig’ida kulib qo’ydi,
Men uni ukam deb
Ataganimda.

* * *

Va nogahon
Uning rangpar yanog’ida
Bir tomchi yoshni ko’rdim.
O’lim haqda gapirardi
Yoshgina tujjor.

* * *

Men do’stimni
Dushmanimday yomon ko’rardim.
Biroq, juda uzoq
Qo’ybermasdan ushlab turdim
Ayriliq chog’ida uniig qo’lini.

* * *

Sorati daryosini
Oppoq qorlar ko’mibdi.
Hatto bir qush ko’rinmas.
Buta bosgan qirg’oqda faqat
Turar yolg’iz bir odam.

* * *

Bu yerlarda, yolg’izlik aro,
Goh yovlashib, goho do’stlashib,
Qor ketmas, xudo unutgan o’lkada
Zerikishdan uzoq tuyulgan
Umrlarin kechar odamlar.

* * *

Xuddi qo’shiq kuylaganday
E’lon qilar yosh konduktor
Bekatlarning nomini.
Uning mehrga to’la ko’zlarini
Hozirgacha unutolmayman!

* * *

Tushib qoldim so’nggi bekatda.
Qor bosgan atrof yorug’.
Ovloq shaharcha tomon
G’ijirlatib qorni men
Yo’l bosib borayapman.

* * *

Muzliklar taratadi
Oppoq, tiniq yog’dusin.
Qichqirar oq charloqlar.
Kusiro dengizining
Ustida muzlagan oy.

* * *

Faqat ovozi,
Faqat ko’zi
O’zgarmay qolibdi.
Do’stim bilan uchrashib qoldim
Mamlakatning bir chekkasida.

* * *

Hadeb ichganim ko’rib,
Yurakdan qayg’urardi
Meni o’ylab bu ayol.
Hattoki kuylashni ham
Yig’ishtirib qo’ygandi.

* * *

Yelkamga suqilib
Turdi kechasi
U qorlar aro.
Qanday iliq edi
Uning qo’llari.

* * *

«Ayt, o’lmoqni istamaysanmi?
Deya qizdan sekin so’radim.
«Mana, qara» —
Dedi qiz,
Bo’ynidagi chandig’ini ko’rsatib menga.

* * *

Yuragim, o’, yuragim,
Hatto qiz tizzasiga
Bosh qo’yib yotgan chog’im,
Falsafaboz aqlimga
Xalaqit bermas eding…

* * *

Sharob ichdim
Olisdagi
Ovloq qishloqda.
Hasratimning quyqasiga
O’xshardi sharob.

* * *

Xonamda
Jimgina
Yig’lardi ayol…
Eslasam,
Kitobda o’qigandayman.

* * *

Shimoldagi darbadarligim —
Go’yoki ovozim sog’inchdan titrab,
Juda uzoq
Kuylaganman bu naqorotni:
«To’lqinlar oqizib ketar qumlarni».

II

syouzouga.jpg

* * *

Tushimda
Qulog’imga chalindi ovozing.
Juda ko’p vaqt bo’pti —
Zshitganimga!
Qachon edi, eslay olmayman!

* * *

Shamoldan junjikib,
Odamlardan yo’l surishtirgan
Yolg’iz yo’lovchi kabi,
Xuddi shunday, faqat shunday,
Suhbatlashsam deyman sen bilan.

* * *

Shunday tiniq o’ylar bor-ki:
Go’yo top-toza
Oppoq marmarga
To’kilib turganday
Bahor yog’dusi.

* * *

Go’yo ularning tubi ham
Yorug’likni emib yashagan…
Ko’rib turgandayman
Shundoq qarshimda
O’sha qiz ko’zlarin qorachig’ini.

* * *

Eng muhim gapimni,
Dil izhorini
Senga ayta olmagan edim —
Ular hamon
Yashar ko’ksimda.

* * *

Loqaydlarcha senga
So’zladim.
Loqaydlarcha
Tinglading meni.
Bor gap shu.

* * *

Ular to’g’ri aytishgan ekan:
Yarasharkan peshonangga tushib tursa
Bir tutam soching…
Ko’zlarimni ololmay qoldim
Sen bosh egib yozayotganda.

* * *

Tog’ bolasi g’urbatda yurib
Sog’ingandek
Olis tog’larin,
Qayg’u oni
Seni o’ylayman.

* * *

Unutganday bo’laman seni,
Ammo, birdan yodga tushasan,
Har bir narsa seni eslatar.
Unutolmasam kerak
Seni hech qachon!

* * *

Seni xasta
Dedilar menga.
«Tuzalyapti», — dedilar keyin.
Sendan juda olis yoqlarda
Uyquda yurgandayman.

* * *

Ko’chada nogahon
Kimdir seni eslatsa menga,
Yuragimni quchadi
Quvonch.
Nahot, meni
Hech eslamasang?

* * *

Yillar kechar tinimsiz.
Yillar kechgani sayin,
Sendan uzoqda,
Yanada qattiqroq
Seni sevaman!

* * *

Isikari yaqinida
Bog’ o’ragan uying bor.
Bog’ingda
Olmalarning
Gullari to’kildimi?

* * *

Sendan keldi uchtagina xat —
Faqat uchta xat —
Uch yil ichida…
Men ham yozgan bo’lsam
To’rtta xat yozgandirman…

005

(Tashriflar: umumiy 149, bugungi 1)

Izoh qoldiring