Akmal Saidov. Qiyosiy Navoiyshunoslikka kirish.

0-13

Таниқли матншунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” (“Akademnashr” нашриёти, 2011 йил) номли асарини ана шу долзарб талабдан келиб чиққан ҳолда, ҳозиржавоблик билан яратилган муҳим фундаментал тадқиқот сифатида баҳолаш мумкин.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бошланиб, бугунги кунгача сўнмай келаётгани, айниқса, истиқлол йилларида тубдан ортганини таъкидлаш жоиз. Табиийки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади..
Алишер Навоий сиймоси ҳам беш асрдан зиёд муддат мобайнида тадқиқотчилар томонидан турлича талқин этиб келинган. Шу маънода, мазкур китобда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти бирламчи манбалар асосида қайта ўрганиб чиқилгани, мавжуд талқинлар теран ва атрофлича таҳлил этилгани диққатга лойиқдир…

011

Акмал Саидов
ҚИЁСИЙ НАВОИЙШУНОСЛИККА КИРИШ

Истиқлол туфайли буюк аждодларимиз меросини ўрганишнинг кенг уфқлари очилди.
Хусусан, мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг халқимиз ва жаҳон маданияти, илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссасини янада кенг тарғиб этиш, бунда Навоий биобиблиографиясини тўлиқ ўрганиш ва ҳақиқий таржимаи ҳолини яратиш, ул зотнинг ижоди ва маънавий меросини аслича, моҳиятини теран тушунган ҳолда тадқиқ этишнинг кенг имкониятлари юзага келди.
Таниқли матншунос олим Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” (“Akademnashr” нашриёти, 2011 йил) номли асарини ана шу долзарб талабдан келиб чиққан ҳолда, ҳозиржавоблик билан яратилган муҳим фундаментал тадқиқот сифатида баҳолаш мумкин.
Бу ҳақда сўз борганда, авваламбор, Алишер Навоий ҳаёти ва фаолиятига қизиқиш ўз замонасидан бошланиб, бугунги кунгача сўнмай келаётгани, айниқса, истиқлол йилларида тубдан ортганини таъкидлаш жоиз. Табиийки, ижтимоий-тарихий тараққиёт илгарилагани сари инсон тафаккури муайян воқеа-ҳодисага нисбатан турли қарашларни намоён этади..
Алишер Навоий сиймоси ҳам беш асрдан зиёд муддат мобайнида тадқиқотчилар томонидан турлича талқин этиб келинган. Шу маънода, мазкур китобда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти бирламчи манбалар асосида қайта ўрганиб чиқилгани, мавжуд талқинлар теран ва атрофлича таҳлил этилгани диққатга лойиқдир…
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгаши 2013 йилда бериладиган Давлат мукофотлари танловига тавсия этилган бир қатор ишлар қаторида ушбу фундаментал тадқиқотнинг ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйганини назарда тутиб, бу асарнинг мазмун-мундарижаси, маъно-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритишни истадик.
Монография муқаддима, учта боб ва китобга илова қилинган қимматли маълумотлардан иборат бўлиб, ўзига хос услубда тузилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Муқаддима қисмида Алишер Навоий феномени ҳақида сўз боради. Ш.Сирожиддинов, даставвал, ул зотнинг “туркий (ўзбек) тилнинг бой имкониятларини кўрсатиб”, “гўзал тил эканлигини исботлаб берган” буюк олим экани ҳақида тўхталади.
Монографиянинг биринчи боби “Навоийга доир маълумотларнинг ўзаро қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” деб номланган. Бу боб ана шу маълумотларнинг ўзаро қиёсий типологик-текстологик таҳлилига ва уларнинг ХХ асргача бўлган даврда яратилган манбаларда учраш тарзи, содир бўлган ўзгарув даражасини аниқлашга бағишланган.
“Навоий валат хизмати” номли иккинчи бобда Алишер Навоийнинг сарой хизмати даври тафсилотлари кўздан кечирилган. ХХ аср навоийшуносларининг тадқиқотларидаги айрим ўринларига муаллифнинг мустақил илмий муносабати билдирилган.
Учинчи боб – “Султон Ҳусайн, вазирлар ва Алишер Навоий” дея номланиб, унда Навоий ва замондошлари ўртасидаги муносабатлар очиб берилган. Ш.Сирожиддинов қайд этганидек, “Замонавий навоийшуносликда шоирнинг Маждиддин Муҳаммад, Низомулмулк каби вазирлар билан муносабатлари етарли даражада ёритилмаган”. Қолаверса, Навоийнинг Султон Ҳусайн Бойқаро билан муносабатлари ҳақида етарли тадқиқотлар эълон қилинган бўлса-да, уларнинг хронологик тартиби аниқланмаган эди. Мазкур бобда бу борадаги айрим ноаниқликларга ойдинлик киритилган.
Монографияда берилган иловаларда XV аср иккинчи ярми – XVI аср биринчи ярмида яратилган Навоий ҳаёти ва фаолиятига доир илк маълумотларни берувчи қўлёзма манбалар ва маълумотлар таснифи ҳамда тавсифи келтирилган. Табиийки, маълумотларнинг манбалардан айнан келтирилганлиги ўқувчида Навоийга доир маълумотлар савияси ва кўламини аниқ тасаввур этишга ёрдам беради.
Алишер Навоийнинг XV аср иккинчи ярмида темурийлар салтанати даври илм-фани ва санъатини ривожлантиришга қўшган бениҳоя катта ҳиссаси ҳақида муаллиф фикр юритар экан, Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳазрат Навоий нисбатан “мамлакат устуни, дину-давлат низоми, мулку миллат асҳоблари зубдаси, хайрли бинолар муассиси, хоқон давлати таянчи”, деб берган таърифини келтиради. Ҳақиқатан ҳам, Алишер Навоий наинки даҳо шоир ва мутафаккир, айни чоғда, ўз ҳаётини тўлалигича мамлакат равнақи, халқ ва миллатнинг тинч-тотув яшаши ҳамда давлат қудратини мустаҳкамлашга бағишлаган фидойи давлат арбобидир.
Алишер Навоий “жаҳон бадиий тафаккури тарихида ўз ўрни ва мақомига эга ижодкор”, дунё бадиият хазинасига қўшган шоҳ асарлари унинг беқиёс сўз санъаткори, буюк файласуф ва олимлигидан яққол далолатдир. Ш.Сирожиддинов Навоий асарларида инсон маънавий-аҳлоқий камолоти ғояси етакчи эканига эътибор қаратиб, “одамийлик, бағрикенглик, эзгулик эса шоир фалсафасининг асосини ташкил этади”, дея таъкидлайди.
Тарихдан маълумки, Алишер Навоий халқни мадрасалар қуриш, ариқлаш қазиш, хайру-эҳсон қилиш каби эзгу ишларга бошлаган. Президентимиз таъбири билан айтганда, Навоий ҳазратларининг том маънода халқпарвар шахс бўлгани, унинг ўлмас ғоялари бугунги кунларимиз учун ҳам бағоят ҳамоҳанг ва ибратли экани, айниқса, аҳамиятлидир. Ш.Сирожиддиновнинг асарида ана шу жиҳатлар чуқур очиб берилган.
Ҳиротда Навоийнинг шахсий ташаббуси ва маблағи билан Халосия, Шифоия, Низомия каби бир неча мадраса ва хонакоҳ қурилиб, уларда машҳур олимлар дарс берган ва илм билан шуғулланган.
Маълумки, Навоий раҳнамолик қилган Ҳирот адабий муҳитининг ривожи учун Ҳусайн Бойқаро катта шароит ва қулайликлар яратиб берган. Бу даврда, муаллиф қайд этганидек, “риёзиёт, илми нужум, ҳандаса, мантиқ, фикҳ, ислом назарияси ва бошқа соҳаларга оид кўплаб асарлар яратилди”.
Шу тариқа Алишер Навоийнинг номи етти иқлим фозиллари ва санъаткорлари ҳомийси сифатида довруқ топган. Навоийнинг беминнат эзгуликлари борасида жуда кўп тазкиранавислар, тарихчилар, шоирлар, олимлар ўз асарларида шоҳидлик билдириб кетганлар. Бунинг исботини Навоий замондошлари асарларида, Навоий шаънига ҳаттоки кўплаб хаттот ва котиблар томонидан битилган турли мадҳияларда ҳам учратиш мумкин.
Алишер Навоий маърифатпарвар шахс сифатида ўзи яшаган даврда ҳам, кейинги даврларда ҳам тарихий манбаларда алоҳида таъриф, тавсиф қилинган. “Бу Шарқ халқларининг буюк шоир ва мутафаккирлар – Низомий Ганжавий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий, Саъдий Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий билан бир қаторда Навоий шахсига ҳам улкан қизиқиш билан қараганларидан дарак беради”, деб ёзади Ш.Сирожиддинов.
Олим эътироф этганидек, ХХ аср навоийшунослик учун катта муваффақиятлар асри бўлди. Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кенг ўрганилди. Айниқса, Ўзбекистон жаҳон навоийшунослигининг марказига айланди. Бу давр навоийшунослик тарихига Навоийни дунёга танитиш даври сифатида кирди.
Шубҳасиз, ўзбек навоийшунослиги янги заминда пайдо бўлмади. Бинобарин, Навоийни ўрганиш ўз давридаёқ бошланган эди. Ш.Сирожиддинов томонидан бу масаланинг тарихига чуқур назар ташлангани, навоийшунослик бир неча босқичга ажратиб талқин этилгани эътиборни тортади.
Биринчи босқич – узоқ ўтмиш навоийшунослиги анъаналари даври. Бу босқичда Мирхонд, Давлатшоҳ Самарқандий, Ғиёсиддин Хондамир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Зайниддин Восифийнинг насрий асарлари, Фахрий ва Қазвинийнинг “Мажолис ун-нафоис” асари таржималарида буюк ўзбек мутафаккири ва шоири ҳаёти ҳамда фаолиятига баҳо бериб ўтилгани таҳлил этилган.
Шунингдек, Абдураҳмон Жомий, Аҳлий Шерозий каби ўнлаб шоирларнинг Навоий ижодига муносабати бир қатор асарларда қайд этилган. Энг муҳими, “Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асари асрлар давомида Навоий даҳоси моҳиятига етишга интилган мухлисларга очқич вазифасини ўтади”.
Навоий шахсига қизиқиш фақат Шарқ билан чекланмаган. Айниқса, XIX асрда Европа шарқшунослигида Алишер Навоий ижодига қизиқиш жиддий тус олган. Шарқ мамлакатларига саёҳат қилган Ғарб олимлари, нодир санъат намуналарининг ишқибозлари Навоий асарлари нусхаларини ўз ватанларига келтиришгани боис Алишер Навоийнинг кўплаб асарлари Буюк Британия, Франция, Германия, Италиянинг музей, кутубхона ва шахсий фондларидан жой олган.
Шу маънода, китобда Европа навоийшунослиги, француз навоийшунослиги намояндалари, жумладан, Артомеле д’Ербело, Силвестер де Саси, Катремер, Ҳ.Вамбери, М.Белен, Ч.Риё, Э.Блоше, М.Буват, Э.Браун, П.Савельев, М.Никитский, В.В.Вельяминов-Зернов, Н.И.Ильминский, И.Н.Березин каби шарқшунос олимларнинг тадқиқотлари чуқур таҳлил этилади.
Шуни таъкидлаш керакки, бу тадқиқотларнинг аксариятида Навоий шахси ва ижодига юксак баҳо берилган. Хусусан, европалик шарқшунос Э.Браун шундай деб ёзган: “Мир Алишернинг ҳам ижодкор, ҳам қалам аҳлининг ҳомийси сифатидаги аҳамияти ва таъсири таърифлаб бўлмас даражада каттадир. У ўз даври ва мамлакатининг буюк саховатпешасидир”.
Шундай қилиб бу босқичда, Ш.Сирожиддиновнинг илмий хулосаларига кўра, аввало, XV аср охири — XVI аср бошига тааллуқли ва Навоий ҳақида маълумот берувчи қўлёзма манбалар умумлаштирилиб, илмий муомалага киритилган бўлса, иккинчидан, шу давргача давом этиб келган шарқона, анъанавий баёнчиликка асосланган Навоий талқини услубига чек қўйилиб, Навоий ижодига илмий назар ташланган.
Шу билан бирга, муайян муаммолар ҳам кузатилди. Яъни бу давр навоийшунослари шоирнинг таржимаи ҳолини ёритишда мавжуд тарихий манбалардаги маълумотларни қиёсий-чоғиштириб ўрганмаганлар. Шу боис тафсилотлар шоирнинг ҳақиқий таржимаи ҳоли ҳақида етарлича тасаввур беролмайди. XIХ аср шарқшунослари ишларида Навоий “подшоҳнинг энг яқин кишиларидан – муҳрдор, вазир сифатида тинч ҳаёт кечирган ва ижод этган шоир” бўлиб қолган. Муаллиф навоийшуносликнинг ушбу босқичига хос камчиликлар хусусида ҳам таҳлилий ёндашган.
Навоийшуносликнинг иккинчи босқичи – мафкуралар тўқнашуви даври. Буни олим жаҳондаги буюк сиёсий ўзгаришлар даври билан боғлаб тўғри талқин этади. Бинобарин, XIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Буюк Британия ва Россиянинг Шарқни мустамлакага айлантириш пойгаси Марказий Осиё ва Ҳинд минтақалари жуғрофияси, геологияси, табиати билан бир қаторда маънавий салоҳиятига қизиқишнинг кучайишига сабаб бўлган.
Бу босқич бўйича М.Белен, Люсйен Бува, Эдгар Блоше, Эдгар Браун, Исмоил Ҳикмат, Мирзо Жалол Юсуфзода, Бакир Чўбонзода, Мирзо Муҳсин Иброҳимий, Абдурауф Фитрат, Вадуд Маҳмуд, В.В.Бартольд, Е.Э.Бертельс каби мағрибу машриқ олимларининг турли асарлари Ш.Сирожиддинов томонидан атрофлича илмий таҳлилдан ўтказилган.
Айниқса, ХХ аср бошларида сохта ваъдаларга ишонган туркий халқлар орасида Навоий даҳосини улуғлаш ва миллат тимсоли даражасига кўтариш тенденцияси кучайгани, ўз навбатида, коммунистик мустабид тузум пешволари томонидан бунга қарши аёвсиз кураш олиб борилгани тарихий ҳужжатлар асосида ҳаққоний очиб берилган.
Асарда шарқшунос Е.Э.Бертельснинг қуйидаги сўзлари келтирилган: “Навоийшуносликнинг бу босқичига хос хусусият сифатида шуни айтиш мумкинки, Навоий ҳақида фақат миллий буржуазия вакиллари маъруза қилиб, унинг номидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга ҳаракат қилдилар. Шу жиҳатдан бу даврда чиққан ишлар фойдасиз бўлиб, ҳатто ғайри-илмий ва зарарли эди. бокуда нашр этилган “Навоий” тўплами (1926) эскирган материаллар асосида ёзилган ва асосий масалаларни бутунлай нотўғри ёритган мақолалардан иборат…”
Ўша даврда собиқ иттифоқ таркибидаги республикалар “камситилмаслиги” учун уларнинг камсонли классик ижодкорларга эга бўлишига рухсат берилганди. Бу ҳақда “Озарбайжонда Низомий Ганжавий, Тожикистонда Абдураҳмон Жомий, Грузияда Шота Руставели, Ўзбекистонда Алишер Навоий ижодлари русларнинг А.Пушкин, М.Лермонтов, Н.Гоголь, Л.Толстой каби классиклари қаторида кенг ўргатилиши мумкин, аммо талқин ҳукмрон мафкура методологияси асосида бўлиши лозим эди”, деб мулоҳаза юритади муаллиф.
Қолаверса, сарой адабиётини тарғиб этиш мутлақо ман қилинди, диний адабиёт онгни заҳарловчи восита сифатида тақиқланди. Бу ҳолатларнинг барчаси, муайян маънода, Навоийни нотўғри талқин этишга, унинг зиддиятларга бой ҳаётини бир қолипга тушириш ва ўқувчилар онгида шоҳ тузумидан норози, таъбир доиз бўлса, салкам атеист ва исёнкор Навоий образининг тарғиб қилинишига сабаб бўлди.
Учинчи босқич – навоийшуносликнинг илмий йўналиш сифатида шаклланиши даври. ХХ асрнинг 40-йилларида Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейини ўтказиш баҳонасида улуғ шоир ҳақида яна бир қанча тадқиқотлар яратилди.
Ш.Сирожиддинов ушбу босқични илмий таҳлил этиш асносида, “пролеткульт”, яъни авом маданияти давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлган мустабид тузум шароитида Алишер Навоийни гениал шахс ва ижодкор сифатидаги мақомини сақлаб қолиш, у орқали миллий қадриятларимизнинг умрбоқийлигини таъминлаш ўзбек зиёлиларининг асосий муддаоси эди, деб қайд этади.
Бу давр оралиғида Навоий ҳаёти ва ижодиётини ўрганиш бўйича чет эл олимлари, хусусан, турк, афғон, эрон, тожик, туркман, озарбайжон ва рус олимлари яна бир қанча шарқшунослар Навоий ижодини ўрганишга катта ҳисса қўшдилар.
Айни чоғда, ўзбек навоийшунослигининг бу даврда қўлга киритган ютуқлари ғоят салмоқлидир. Ушбу босқичнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, муаллиф қайд этганидек, “адабиётнинг мезон ва йўналишларини белгиловчи ҳукмрон мафкуранинг “ғаши”га тегмасдан айрим манбалардаги маълумотларни илмий истеъмолга киритиш, имкон қадар тарихий холисликни таъминлаш ҳаракати бошланди”.
Охирги ярим аср давомида олимларимиз, асосан, Навоий ижодий меросини юзага чиқариш ва унинг таҳлили билан шуғулланди. Бундан ташқари, улуғ шоир ҳаётига бағишланган, алоҳида илмий-назарий аҳамиятга эга бўлган тадқиқотлар юзага келди. Бу ўринда навоийшунос олимларимизнинг асарлари навоийшуносликнинг алоҳида мустақил илмий йўналиш даражасига кўтарилишига асос бўлди.
Тўртинчи босқич – истиқлол даврида навоийшунослик. Мустақиллик йиллари олимларимиз навоийшуносликда бир қатор ижодбий ютуқларга эришилди, бир қанча тадқиқотлар яратилди. Дастлабки салмоқли ишлар сифатида Н.Комилов, И.Ҳаққулов ва бошқаларнинг тадқиқотларини мисол келтириш мумкин.
Албатта, шу олимлар қаторида Ш.Сирожиддиновнинг “Навоий замондошлари эътирофида” (1996), “XV-XVI асрлар тарихий ва тазкира эсдалик асарларида Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти талқини” (1997) ҳамда даврий нашрларда улуғ шоирларга бағишланган туркум мақолалари адабиёт ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотганини ҳам қайт этиш жоиз.
Бу мавзуда нашр этилган катта-кичик юзлаб китоб ва рисолалар орасида олимнинг “Алишер Навоий: манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” асари бугунги кунда Навоий даври манбаларининг қиёсий таҳлилини амалга ошириш орқали улуғ шоирнинг мураккаб ҳаёти тафсилотлари турлича талқин этилишига барҳам бериб, тўғри талқин қилиш йўлидаги дастлабки дадил қадам экани билан алоҳида ажралиб туради.
Китобда ёзилганидек, “янги аср бўсағасида навоийшунослик тарихининг ўтган бир асрлик даврини холис баҳолаш ва ўтган давр сабоқларидан тўғри хулоса чиқариб, келажакдаги асосий йўналишларни белгилаб олиш кун тартибига қўйилди”. Асарнинг долзарблиги ҳам айни шу талабга жавоб сифатида яратилганидадир.
Айни вақтда “Алишер Навоий ҳаётига оид манбаларни ўрганиш борасида катта ишлар амалга оширилганини эътироф этиш билан бирга, ҳали бу соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп”, албатта.
Ҳалигача улуғ адиб биобиблографияси тўлиқ ўрганилмаган, деб ёзади Ш.Сирожиддинов. Бу жиҳат Алишер Навоий ҳақидаги манбаларни тўплаб, уларни қиёсий-типологик таҳлил этиш ўзбек навоийшунослигининг долзарб масалалари эканини кўрсатадики, олимнинг мазкур асари бу борадаги жиддий тадқиқотдир. Ушбу кўламдор тадқиқотни бемалол “Қиёсий навоийшунослик” деб аташ мумкин. Бинобарин, асарда шу соҳанинг тарихи, бугунги ҳолати ва истиқболлари илмий жиҳатдан чуқур ва пухта очиб берилган. Бу эса наинки давр талаби, айни чоғда буюк аждодимиз олдидаги маънавий бурчимиз ҳамдир.

Манба: «Китоб дунёси» газетаси,№ 13,2013 йил 10 июль

(Tashriflar: umumiy 483, bugungi 1)

Izoh qoldiring