Xurshid Davron. Navoiynoma. XII. Saroydan chetda. Jomiy vafoti. Majolis un-nafois & Ibrohim Haqqul. Ruh va ma’no sarboni.

Ashampoo_Snap_2016.12.27_21h09m09s_001_.png    Ҳазрат Жомийнинг маъно дуру гавҳарлари билан тўлиб-тошган ижод хазинаси бизга нечоғлик қадрли бўлса, унинг Алишер Навоий билан дўстлиги, устоз-шогирдлиги шу даражада эътиборли ва эҳтиромлидир. Бу – халқлар, адабиётлар, илм-фан, маданиятлар тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган ҳодиса. Жомий ва Навоийга ўхшаб дунёқараши – дунёқарашига, шахсияти – шахсиятига, маслаги – маслагига боғланиб, ижодиёти ва маҳорати ўзаро уйғунлик касб этган икки миллат, икки адабиёт вакилини тасаввурга келтириш қийин…

55

Астрабодда Навоий билан Ҳусайн Бойқаро муносабатларига путур етказувчи гаплар юзага келгач, подшоҳ Алишер Навоийнинг Ҳиротга қайтишига рухсат беради. Ҳусайн Бойқаро Навоийга бир нечта юксак лавозимларни таклиф қилади. Алишер Навоий рози бўлмагач, унга «Муқарраби ҳазрати султоний» («Султон ҳазратларининг энг яқин кишиси») деган расмий унвон берилади. Бу билан у давлатнинг ҳамма ишларига аралаша олар ва подшоҳ билан кўришиш имконига ҳам эга бўлар эди. Бинобарин, сарой амалдорлари, шу жумладан, Муҳаммад Маждиддин ҳам ҳар бир муҳим масалани кўп вақт у билан келишишга мажбур эди. Лекин Алишер Навоий билан Маждиддин ўртасидаги нодўстона муносабатдан кўпчилик хабардор эди. Навоийнинг Балхда ҳоким бўлиб турган укаси Дарвешали Маждиддиндан ранжиб, бош ҳукуматга қарши исён кўтаргани ҳам маълум. Бу исён Навоийнинг аралашуви билан тинчитилган. Айнан шу воқеа 1490 йилдан Маждиддиннинг сиёсат майдонидан кетишига асосий сабаб бўлган.

Алишер Навоий ҳамиша кўпроқ ижодий ва илмий ишлар билан шуғулланиш, бу борадаги режаларини амалга ошириш хаёли билан яшади. Ҳаёт эса унинг режаларига ўз тузатишларини киритар эди. 1488 йил Саййид Ҳасан Ардашер, 1492 йил Жомий, 1493 йил олим ва шоир Паҳлавон Муҳаммад бирин-кетин ҳаётдан кўз юмдилар. Навоий ўзи учун қадрдон бўлган бу инсонлар хотирасини абадийлаштириш, уларга ўз ҳурматини изҳор этиш учун «Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер», «Хамсат ул-мутаҳаййирин» («Беш ҳайрат»), «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад» номли рисолаларини ёзди. Астрободда ёза бошлаган «Тарихи мулуки Ажам» («Ажам подшоҳлари тарихи») асарини туғаллади (1489).

1490 йил у ўзига замондош шоирлар ҳақида Жомийнинг «Баҳористон», Давлатшоҳ Самарқандийнинг «Тазкират уш-шуаро» асарлари шаклида «Мажолис ун-нафоис» («Нафислар мажмуаси») тазкирасини тузишга киришиб, 1492 йилда тугаллади. Шу вақтнинг ўзида Алишер Навоий ўзбек тилида шеърият назарияси, аниқроғи, аруз вазни қоидалари ҳақида «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови») илмий қўлланмасини яратди. 1494 йилда туркий тилдаги мактубларини тўплаб «Муншаот» («Мактублар») мажмуасини тузди. 1495 йил Жомийнинг «Нафаҳот ул-унс» асарини «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилиб, уни қайта ишлаб, туркий машойихлар ҳақидаги янги маълумотлар билан бойитди. Шу боисдан «Насойим ул-муҳаббат»га Алишер Навоийнинг мустақил асари сифатида қараш мумкин.

Иброҳим Ҳаққул
РУҲ ВА МАЪНО САРБОНИ
55

Файзи гадову шоҳ аро мунташир,
Хизматиға шоҳу гадо муфтахир.

Алишер Навоий

1

Abdullaev-S.-.jpgШарқ мумтоз шеърияти дунё бадиий тафаккурининг ўз жозибасига соҳиб, қудратли марказларидан бири. Жаҳонга шуҳрат таратган улуғ шоир-санъаткорларнинг аксарияти Шарқ шеърияти намояндалари эди. Мавлоно Нуриддин Абдураҳмон Жомий улар даврасида алоҳида мавқе ва эътиборга эга.

Жомий – шоир, адиб, олим, мусиқашунос, адабиётшунос, муаррих, файласуф, мутасаввиф. Ҳазрат Жомий кенг қамровли ижодиётида Рудакийдан бошлаб то Ҳофиз ва Камол Хўжандийгача бўлган сўз санъаткорлари анъаналарини ижодий давом эттириб, форс-тожик шеъриятини янги поғонага кўтарган эди. Жомийдан кейин бадиий ижод тажрибасини теран илм ва ирфон, қоядай сарбаланд бутун шахсиятдан айри ҳолда тасаввур қилиш мумкин бўлмай қолганди.

“Султон Ҳусайн Мирзонинг замони, – дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур, – ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин батахсис Ҳири шаҳри мамлу эрди. Ҳар кишининг ким бир ишға машғуллуғи бор эди, ҳиммати ва ғарази ул эдиким, ул ишни камолға тегургай.

Бу жумладин бир Мавлоно Абдураҳмон Жомий эдиким, зоҳир ва ботин улумида ул замонда ул миқдор киши йўқ эди. Шеъри худ маълумдир”.

Асрдош ва издошларнинг Абдураҳмон Жомийга берган таъриф, тавсиф ва баҳолари бир жойга жамланса, наинки ўз замонида, ундан кейинги даврларда ҳам Жомийга тенг, Жомийнинг жойини эгаллашга муносиб Шахс таваллуд топмаган, деган хулосага келиш шубҳасиздир. Жомий шу қадар беназир, шу даражада ноёб шахсият. Алишер Навоий устозининг шаъни-шавкатини улуғловчи мана бундай сўзларни айтганда тўла ҳақ эди:

Ё Раб, бу маоний дуррининг уммони,
Бу донишу фазл гавҳарининг кони.
Ким айладинг они олам аҳли жони,
Олам элиға бу жонни тут арзоний.

Кўп шоиру адиблар ижодга ўзларича қизиқиб кетиб, нафсни таниш, ранж ва машаққат оташида тобланиб шахсият яратишни умуман хаёлга ҳам келтиришмайди. Кўплаб майда “менча”лар хархашасидан қутулмаган «Мен» синиб, албатта парчаланади. Ҳолбуки, ижодкорнинг биринчи вазифаси ёзишни ўйлаш эмас, ёзадиган одамнинг (ўзининг) бутунлиги, ҳақиқий ҳурлигини тўғри аниқлашдир. “Жамиятбоп” ёзувчи бошданоқ мағлубиятга маҳкум. Маҳдудликдан у эрк ахтаради, ожизликни куч, фанони бақо дея тасаввур этади. Ҳурлик мақомига юксалиш беҳад оғир, ғоятда мураккаб иш. Бу хусусда кенг мушоҳада юритган Азизиддин Насафий шундай дейди: “Барча инсонлар бу оламда зиндондадирлар. Пайғамбар, вали, султон, малик – ҳамма-ҳаммаси боғланган. Баъзисининг бир, айримининг икки, бошқа бировининг ўн, яна бирларининг юз, баъзисининг эса минг занжири бордир. Бу жаҳонда занжир-тузоқсиз одамнинг ўзи йўқ. Аммо бир занжирли минг занжирлига нисбатан эркин, азоб ва изтирби ҳам унинг озроқдир”.

Дарҳақиқат, ўтар дунёда ҳар ким ўзича бир нимага мубтало: кимдир мавқе ва мансаб учун роҳат-фароғатини фидо айлайди, кимдир обрў ва амалдан ажралгани учун изтироб чекади; биров бой-бадавлат экан, қашшоқликка йўлиққач, ўзини-ўзи қийнайди. Кимлардир шон-шуҳрат шавқида бошқаларни ер билан яксон айлашга уринади. Ҳирс, тама домига илинганлар қанча. Ҳосидлар фитна ва ғавғо қўзғаб ниятга эришиш ҳаракатидан қайтмайди. Кимдир ҳамма нарсага қўл силтаб риндлик қадаҳини қўлдан қўймайди… Хуллас, кўпчилик аҳамияти паст турфа-турфа эҳтирос асири, яъни кўзга кўринмас занжирга боғлиқ. Демак, яхшилик билан ёмонлик, тўғрилик билан эгриликни фарқлаш ҳам нисбийдир. Нега шундай? Бунинг туб сабаби нимада ва нимадан бошланиб, нима билан тугайди? Мусулмон шоирлари орасида бадиий ва илмий асарлари, шахсий ҳаёт тажрибалари орқали ушбу саволларга тўлақонли жавоб бера билган мутафаккирлардан бири Абдураҳмон Жомий эди.

Умрест, ки ба ҳазор ман ҳастии ман,
Ман мегўям, вале надонам “ман” чист?

Мазмуни: Бир умрки, менинг мавжудлигим минг манда кечади. Ман дейман, аммо “ман” нима? Билмайман.

Содда қилиб айтганда, Жомий ижодиётининг ўзак ғояси Ишқ. Ҳақиқий ишқ нури, завқ-шавқи ила басиратни очиш. Кўнгил назарини маъно, моҳият оламига қаратиш.

Ўз жамолига назар ташлаб, тамошо қилди ишқ,
Ном бериб, ошиқ ила маъшуқни пайдо қилди ишқ.

Эрди ошиқ ботину маъшуқ зоҳир, этди акс,
Сирри ботинни зуҳур айлаб, ҳувайдо қилди ишқ.

Ўзида ул ўзни кўрди, жилвалар кўрсин дебон,
Сену менга бир ажиб миръоти дунё қилди ишқ…

Чинакам софлик – Дилдаги софлик. Руҳда, кўнгилда гўзаллик бўлмаса, зоҳирий гўзалликлар шуурга кенг йўл очиб беролмайди. Ҳазрат Жомийнинг “гул жамоли”дан “дил жамоли”ни устун қўйиб, мунаввар кўнгил ҳусни билан дунёни ҳайрон қолдир, дейишида олам-олам маъно яширинган:

Жамоли дил талаб кун, не жамоли гул, ки гар чун ҳур –
Жамоли дил шавад тобон, шаванд офоқ ҳайронаш.

Абдураҳмон Жомий руҳониятида гўё замин ва само, ғайб ва шаҳодат олами бирлашиб, ажралмас бир уйғунлик касб этган. Жомий тасвирларида руҳ бир шуъла, бир нур ва бир зиёдир. Руҳ, шаклан гоҳ қирмизи, гоҳ қора, гоҳ оқ ё сариқ ўлароқ турли-турли рангларда кўринади. Бундай вақтларда у моддани тамсил этади. Зеро, руҳга ранг бергувчи моддадир. Руҳ учун вақт, замон деган чегара йўқ. Хаёл, тафаккур сингари парвози кўп осон ва енгил. Тафаккур қаерда бўлса, руҳ ҳам ўша ерда. Англайдиган, хатосиз тушунадиган руҳ бўлиб, тафаккур унга эргашувчи. Модда руҳга тўсиқ бўлолмайди. Руҳ ҳамма жойга бора олади, ҳаводан, сувдан, олов ва тупроқдан бемалол ошиб ўтади. Руҳ бўлиниб парчаланмайди, лекин қуёш ҳар томондан кўринганидек, руҳ ҳам айни бир пайтда турли жойларга парвоз айлашга қодир. Жомий нуқтаи назарида маъно эътибори ила инсон улуғ олам бўлгани боис Оллоҳ уни ҳаёт, илм, ирода, қудрат, ҳис этиш, кўриш, калом каби ўзининг сўнгсиз сифатларидан бир қанчасига шерик этган ва ўзини инсонда шу сифатлар ила билган, билдирган. Комил инсон, бу оламнинг руҳи ва олам унинг жасади янглиғдирки, доимо руҳни ахтаради, излайди, орзу қилади. Шунинг учун инсоннинг биринчи ва асосий вазифаси, маънавий-ахлоқий бурчи нафсу шаҳват офатларидан қутулмоқдир. Ҳар қаердаки нафс ва шаҳват сели тўфон қилса, бахту иқбол хонаси ҳам барбод бўлур, дейди шоир:

Сели шаҳват ҳар кужо тўфон кунад,
Хонаи иқболро вайрон кунад.

Жомий оламини билган – Ҳақни ҳам, халқни ҳам билади. Жомийни ўқиган ва тушунган – ҳақиқатнинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам тушунади. Кўнгил заволини ҳам, камолини ҳам ҳис қилади.

2

Нуриддин Абдураҳмон Жомий 1414 йил 7 ноябрда Жом вилоятининг Харжард қасабасида туғилган. Жомийнинг бобо-бобокалонлари насл-насаби тоза, обрў-эътибори юксак зотлар бўлишган. Алишер Навоий Жомий вафотидан сўнг устозига бағишлаб ёзган “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асарида бу ҳақда, “Аларнинг олий насаблари имом ул-мужтаҳидин Муҳаммад бинни Ҳасан бинни Абдуллоҳ бинни Товус бинни Ҳурмуз Шайбонийға борурким, Ҳурмуз бани шайбон қабиласининг малики эрмишким, Бағдодда салтанат қилибдур…”, деб ёзади. Шоирнинг отаси Низомиддин Аҳмад эса дин ва шариат илмининг пешволаридан эди. Илк таҳсилни Жомий отасидан олган, гўдакликдаёқ ўқишни ўрганган. Навоийнинг қайд қилишича, у “тўрт ё беш ёшларида” мактабга қатнай бошлаган. Лекин кўп ўтмай Жомийнинг оиласи Жомдан Ҳиротга кўчиб келишади. Бунинг сабабини Навоий шундай изоҳлайди: “Бори кичик ёшидин шабоб аҳдининг авойилиғачаким (йигитлик даврининг бошланишигача), Жом вилоятида эрмишлар – аларға фойда еткурур киши оз топилғон жиҳатидин:

Қуёш ул навъки мағриб сори,
Ё Наби уйлаки Ясриб сори,

шаҳрга азимат қилибдурлар…”. Ҳар бир иш ва ҳунарни камолга етказиш, талантни тўла рўёбга чиқаришга рағбатлантирувчи, илм ва ижодни қўллаб-қувватлаш билан танилган Ҳирот Жомийни қучоқ очиб қаршилайди. Илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт бешикларидан бўлган бу муаззам шаҳардаги номдор мадрасаларда Жомий илм ўрганишга киришиб кетади. Қисқа муддатда наинки зоҳир илми, ботин илмида, хусусан, тасаввуф жабҳасида кўп билим эгаллашга эришади. Аммо шеърдан йироқлашмайди. Илм ва ирфонни шеърият хизматига сафарбар этишнинг энг таъсирчан йўллари, табиий, кўркам усулларини излайди. Фикр ҳаёти, руҳ завқи, кўнгил зиёсини Жомий ҳар нарсадан – ҳаттоки, маърифатдан ҳам афзалроқ кўради:

Маориф гар чу мў борик бошад,
Чй ҳосил з-он чу дил торик бошад?

Мазмуни: Маърифат сочдай нозик бўлса-да, юрак агар қорайган эрса, ундан нима натижа чиқади?

Жомий рубоийларидан бирида, қаердаки хона эшигидан даъво кириб келса, маъни шитоб билан туйнукдан чиқиб қочади дейди:

Ҳар жо зи дари хона даромад даъвй,
Маъни ба шитоб аз раҳи равзан бигурехт.

Шоирнинг ўзи эса бутун умри мобайнида даъво, иддао, шахсий ғараздан фориғ яшаган. Тафаккур, амал, муносабат, меҳр-муҳаббат холислигида Мавлоно Жомий само кишисидай таассурот қолдиради. У одам ва одамиятга нисбатан душманлик, беписандлик, золимликни умуман қабул қилолмайди. Унингча, бошқаларга ҳақсизлик ўтказиб, уларга паст назарда қараш итлик ва йиртқичлик. Бу итлик ва йиртқичликка сабаб ақлсизлик:

Ҳашм бо дигарон сагиву додйист,
В-ин сагиву додй зи бехирадйист.

Агар одамийлик кўз, оғиз, эшитиш ва кўриш билан белгиланса, девор нақшлари билан инсонийлик ўртасида ҳеч фарқ қолмайди. Чунки еб, ичиб, ётиб, ғазаб ва нафсга қул бўлиш инсонийлик оламидан бехабар, жаҳл зулматидан ҳеч қутулолмайдиган ҳайвонга ҳам хосдир:

Агар одамий ба чашм асту даҳону гўшу бини,
Чи миёни нақши девору миёни одамият.
Хўру хобу ҳашму шаҳват шағабасту жаҳлу зулмат,
Ҳайвон хабар надорад зи жаҳони одамият.

Улкан ижодий шахсият ҳар қанақа шароит, жон эзувчи ҳар қандай вазиятда ҳам катта орзу-умид, ёруғ хаёллар билан яшайди. Бу ҳолат уни баъзан хилват ё узлатга ундаса, гоҳо сафар ва саёҳатларга чорлайди. Жомий Туркистонни “каъбаи мақсуд” (бунда албатта Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор каби тариқат пирлари ҳам назарга олинган) деб таърифлаган эди:

Жомй, аз хоки Хуросон чй кунй азми Ҳижоз,
Чун туро каъбаи мақсуд ба Туркистон аст.

445Хуллас, Жомий билимини такомиллаштириш учун Самарқандга йўл олади. Улуғбек мадрасасида ўқишни давом эттиради. Умумий маълумотларга кўра, машҳур қонуншунос олим хожа Фазлуллоҳ Абулайс, буюк мунажжим Қозизода Румий ёш толиби илмнинг қобилияти ва заковатига юқори баҳо берадилар. Султон Улуғбек ҳузуридаги бир йиғинда Қозизода Румий “Жомий каби баланд истеъдодли йигит ҳанузгача Амунинг нари ёғидан келмаган эди”, деган экан. Самарқанд ҳаёти, Самарқанд илмий-адабий муҳити Жомийнинг дилида ўчмас из қолдирганди. Самарқанд унинг илмига илм қўшиб, инсоний фазилатларининг бойиши ва теранлашувига эркинлик берганди. Шу ўринда бир нарсани эслатиб ўтиш керакка ўхшайди. Самарқандда ҳам, кейинроқ Ҳиротда ҳам бир неча маротаба Жомийни сарой хизматига таклиф қилишади. Шоир эса бу таклиф ва илтифотларни қатъиян рад этади. Чунки у ўзининг тарихий вазифаси ва бурчини беками кўст адо айлаш, виждон хотиржамлиги, қалб ҳуррияти, фикр эркинлигини сақлаб қолиш учун илмдан, адабиётдан ўзга бир “майдон”ни тасаввур қила олмасди. Бу эса илм, ижод, санъат одами учун энг асосийси. Зеро, эркинлик кетса, дардисар ташвишлар, эътиқодни бузиб, иродани емирувчи ҳар турли бало-қазолар ўз-ўзидан бостириб келаверади. Шуни эътиборга олиб бўлса керакки, мутафаккир шоир “Юсуф ва Зулайҳо” достонида ўғлига қаратилган насиҳатларида, мансаб эшигига асло яқин йўлама, “ки аз ҳар мансабе бемансаби беҳ” – “ҳар қанақа мансабдан мансабсизлик яхши” деб ёзади.

Навоийнинг вазирлик мансабини тарк қилиб, саройдан кетишга қарор айлаганлигини билган Жомий ундан бунинг сабабини сўрайди. “Инсон жинси суҳбат ва ихтилотидин мамул бўлиб эрдим, бу ишга ул боис бўлди”, дейди Навоий. Шунда Жомий “Инсон кимни хаёл қилиб эрдинг, бизга дағи кўргуз?” – деб сўроқ ташлайди. Ушбу саволнинг ўзиёқ инсонпарвар шоирнинг, халқ моли ва жонини зулукдай сўрган мансаб аҳлига муносабатини ниҳоятда аниқ акс эттиради. Жомий мансабни эмас, мансабпарастликдан туғилажак бедодлик, ноинсофлик, разолаткорликларни қоралаган. Мартабада кўтарилиб, одамийликда буткул тубанлашган эрксиз-ихтиёрсиз гумашталар қиёфасида у миллат, салтанат таназзулини кўрган, деҳқон, ҳунарманд меҳнатини ўйлаб эса дилига ёруғ ҳислар оқиб келган.

Қуввати жону тан зи деҳқон аст,
Қути руҳу бадан зи деҳқон аст.

Гар наёбад жаҳон зи деҳқон баҳр,
Қаҳт хезад зи корхонаи даҳр.

Мазмуни: Жону таннинг куч-қуввати деҳқон эрур. Руҳ ва вужуднинг хайр-баракаси деҳқондир. Агар дунё деҳқон меҳнатидан баҳра топмаса, корхонасида унинг қаҳатчилик қўпади.

Жомий тасаввуф илмининг чинакам билимдони, нақшбандийлик тариқига мансуб шайх, мутасаввиф шоир. Лекин у жаҳолат, риё йўлига кирган сўфийлар билан ҳеч муроса қилмаган. Ҳақ висолига эришиш иддаоси ила ҳамма нарсани йиғиштириб, сафсата сотишни касб этиб олган сўфий ва дарвешларни шоир деҳқоннинг бир томчи терига ҳам арзитмайди:

Ҳазар аз сўфиёни шаҳру диёр,
Ҳама номардумону мардумхор.

Корашон ғайри хобу хўрдан не,
Ҳечашон фикри рўзи мурдан не.

Мазмуни: Шаҳру диёрдаги бу сўфийлардан ҳазар қил. Уларнинг барчаси одамийлик қиёфасини унутган, одамийлик шаънини хорлаган кимсалардир. Ейиш-ичиш ва ухлашдан бошқа ташвишлари йўқ. Ҳатто ўлимни одамдай қаршилашни ҳам ўйлаб кўролмайдилар.

Халқни унутиб Ҳақ дегувчи, бу дунёга нафрат ила боқиб охират саодатига кўз тикувчилар Жомий маслагидан йироқ кимсалар эди. Бадбинлик, текинхўрлик, суратпарастлик, ортиқча шикасталик, маънавий мутеликларга у асло ён беролмасди. Оллоҳ ва пайғамбар, ишқ ва соф виждон ҳукми ила яшаш тарафдори эди.

Замондошларининг ишоратлари, хусусан “Рашаҳот айнул ҳаёт” муаллифининг хабарларидан англашилишича, Жомий расмий таҳсилини ниҳоясига етказиб, камолотга эришгач оила қуришни ихтиёр этиб, пири Мавлоно Саъдиддин Кошғарийнинг қизига уйланиб, тўрт фарзанд кўрган. Тўнғич ўғли бор-йўғи бир кунгина умр кечирган. Иккинчи ўғли Сафиуддин Муҳаммад 1475 йилда таваллуд топган. Тўнғич чақалоқнинг ҳаётдан тез кўз юмиши Жомийни бу ўғилга қаттиқ боғлайди. Аммо бир йил ўтар-ўтмас у ҳам вафот қилади. Албатта, бу мусибат шоир қалбига фавқулодда ёмон таъсир ўтказади. Сафиуддин ўлимига бағишлаб у етти байтлик марсия ёзади. Унда шундай мисралар бор:

Рехтй хуни дил аз дидаи гирёни падар,
Раҳи бар жони падар н-омадат, эй жони падар!

Мазмуни: отангнинг гирён кўзларидан юрак қонларини оқиздинг. Отанг жонидан жой олгандинг нечун келмадинг, эй отангнинг жони!

Алишер Навоий устози кўнглига тасалли бериш ва айрилиқ оташини пасайтириш мақсадида Сафиуддин вафотига бир таърих ёзади. Орадан икки йил ўтади. Жомийнинг ёши 63 га тўлгач, 1477 йил оилада учинчи фарзанд дунёга келади. Икки ўғилдан жудо бўлган ота-онанинг ҳасратдан кейинги шодлигини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Янги туғилган ўғилга Зиёвуддин Юсуф деб ном қўйишади. 1486 йил Абдураҳмон Жомий хонадонида тўртинчи ўғил туғилади. Унга Заҳириддин Исо деб ном берилади. Қарангки, у ҳам узоқ яшолмайди. Шоир биргина ўғил – Зиёвуддин Юсуф билан қолади.

Зиёвуддин Юсуф тўрт ёшда экан, шоир унга атаб 1481 йилда бир панднома ёзиб, уни “Туҳфат ул-асрор” асарига киритади. Сўнг фарзандига мурожаат тарзида яна икки панднома яратади. Улар бугун ҳам таълим-тарбиявий аҳамиятини айтарли бой бергани йўқ.

3

Абдураҳмон Жомий серқирра ва сермаҳсул истеъдод соҳиби. Илмда унинг асарлари сони элликдан ортиқлиги қайд этилган. Жомий мумтоз шеъриятнинг ғазал, рубоий, қитъа ва бошқа жанрларида илҳом билан ижод қилган. Ишқ, ирфон, комиллик ғояларини у янгича муносабат, янгича оҳанг ва бўёқларда тасвирлаб берган. “Менинг шеърим, – дейди у, – ишқ азоби ва қон ютишнинг баёнидир. Ғазал девони эмас улар, менинг қилган ишларим, чеккан ғам-ғуссаларим”.

Шеъри ман Жомй, баёни ишқу хун хўрдан бувад,
Ин на девони ғазал, девони аъмоли ман аст.

Шоирнинг қалб ҳолати, изтироб ҳарорати, шахсий фазилатлари шеърда нечоғлик ёрқинроқ аксини топса, самимият ўшанча ортади. Шоир ҳамма нарсага инонтирса-ю, самимиятга, хусусан, дард ва изтироб самимийлигига инонтириб билмаса, қилган меҳнати бесамар. Анъанавий йўлда ижод қилишнинг қалтис жиҳатларидан бири ана шу. Қайси лирик жанрда қалам юритмасин, Жомий буни ҳисобга олган. Шунинг учун форс-тожик шеърияти Жомий тажрибалари тимсолида соддалик ва самимиятнинг янги марраларини ишғол айлаган эди дейиш мумкин.

Ҳаёт файзи, умрнинг сир-асрори, ишқ ҳикмати, ошиқлик ғам-азоби, маъшуқанинг нозу итоби, орифнинг сукути, ғарибнинг ҳасрати, фақирнинг шавқи, юлдузларнинг чарақлаши, ғурубнинг маҳзунлиги, туннинг шукуҳи, самовотнинг чексизлиги – буларнинг бариси шеър. Турфа кўзли булоқларнинг шилдираши, денгизларнинг сокин шовуллаши, шамолларнинг қўшиғи, япроқлар ва гулларнинг ўпишиши, булбулларнинг ноласи – бу мусиқа. Ваҳдати вужуд таълимотига таяниб Жомий ана шу ҳақиқат, манзара ва мусиқаларни инсон руҳи, қалби, тафаккур сирларини очишга хизмат қилдиради. Авомга мақбул, оломон савиясига мувофиқ тушадиган шеърни у суст ва хом шеър деб ҳисоблаган:

Шеър, к-афтод қабули хотири ом,
Хос донад, ки суст бошаду хом.

Ғазал, рубоий, қитъа, таржиъбанд, таркиббанд жанридаги шеърлари Жомийнинг лирик салоҳиятини намойиш этган бўлса, достонлари эпик маҳоратини кўрсатган. “Туҳфат ул-аҳрор” (“Хайрли кишилар туҳфаси”), “Сибҳат ул-аброр” (“Яхшилар тасбиҳи”), “Юсуф ва Зулайхо”, “Лайли ва Мажнун”, “Хирадномаи Искандар”, “Соломон ва Абсол”, “Силсилат уз-заҳаб” сингари асарларида фалсафа, ахлоқ, ишқ, ирфон ва тасаввуф, жамият ва сиёсат, шахс эрки ва салтанат сингари масалалардан баҳс юритилган. Кейинчалик улар “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) номи остида бирлаштирилиб шуҳрат тутган.

Жомийнинг насрда ёзилган асарлари орасида “Баҳористон” ва “Нафаҳот ул-унс” китоблари доимо кучли иштиёқ билан ўқиб-ўрганилганини таъкидлаш лозим. Жомий “Рисолаи аруз”, “Рисолаи қофия”, “Рисолаи мусиқа”, “Шарҳи рубоиёт” каби бир неча илмий рисолаларнинг ҳам муаллифи. Буларнинг ҳар бири учун Жомий заҳмат чеккан, кўз нурини сарфлаган. Табиийки, ҳар бирида бир ихтирони кўзлаган.

4

Башарият қадим Шарқдан ҳар қанча миннатдор бўлса арзийди. Шарқ барча буюк динларга бешик. Жаҳондаги энг муҳташам маданият, илм-фан кошоналари дастлаб Шарқда бино этилган. Адабиёт, санъат, мусиқа орқали ўзни танишни инсон илк бора машриқзаминда амалга оширган.

Хуллас, айтса-айтгулик ҳақиқат ва ҳодисотлар кўп. Уларга эришиш қандай кечган? Деярли бирортаси ҳам енгил ва осон бўлмаган. Ҳаммасининг ортида машаққат, фидоийлик, азоб-уқубат ва шижоат яшириндир.

Маълумки, Шарқ оламида тожу тахт, ижтимоий-сиёсий жангу жадаллардан ташқари, мазҳаб, тариқат олишувлари ҳам қулоч ёзган. Булар ҳам етмаганидек, олиму уламолар ўзаро масала талашишган: баъзан якка ҳолда, кўпинча гуруҳ-гуруҳ бўлиб найзабозлик қилинган.

Имом Ғаззолий ҳазратлари ислом оламининг фахру ифтихори мақомига юксалиб, жаҳонга довруғ таратган аллома. Бироқ ул зотнинг ғоятда кескинлик ва муросасизлик билан Форобий ва Ибн Синони қоралашларини англаш барибир қийин. Худди шунингдек, Ибн Рушднинг Ғаззолий танқидига қаратилган сўзларидан таажжубланмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Фикр-қарашлари дин, шариат, сиёсат “тарозу”сига тўғри келмай қолган мутасаввиф, шоир, олимларни куфр ва исёнда айблаш Шарқнинг айтарли барча ўлкаларида бир урф тусини олган. Боязид Бистомий, Ибн Сино, Ибн Арабий, Насимий… Булар каби юзлаб буюк сиймоларнинг исми шарифига “кофир” тамғаси босилган. Ҳолбуки, уларнинг ҳар бири инсониятнинг билимдон, ҳурфикрли фарзандлари эди. Қилич ва милтиққа очиқ қўлни қурол ўлароқ қарши кўтариб бўлмаганидек, жаҳолат, гумроҳлик ва ёвузлик бало-қазоларини фақат илм ё маърифат билан енгмоқ душвордир. Ҳайвон гулшанни босиб, янчиб топтагани сингари илмсизлик, нодонлик ирфон бўстонини пайҳон этади. Аҳмад Яссавий бежиз:

Нодонлардан қочиб ер остига кирдим мано,

демаган. Ёмонлик ва жаҳолатга қарши туришда Абдураҳмон Жомий нисбатан ўзгача йўл танлаган. Аввало шуни қайд этмоқ жоизки, Жомий биров тўғрисида ноҳақ сўз айтмаган, душманлик, хусумат кайфиятини умрида кўнглига йўлатмаган. Боз устига, юқорида эслатилганидек, ғанимлик, адоват ўчоғи бўлмиш амалдорлик муҳитига умуман қадам қўймаган. Аслида бундай одамда душман ва душманлик бўлмаслиги керак. Эл-юрт тақдирига куйинган, дину диёнат, илму маърифат деган ҳар бир киши у шоҳми, гадоми, олим ё ижодкорми – барча-барчаси Жомий қаршисида таъзимга бош эгган. Ва буни ўзи учун зўр шараф билган. Жомий оддий, беғараз, самимий, меҳнаткаш ва иқтидорли одамларни кўнглига нечоғлик яқин олса, ҳирсу ҳавога қул мансабдор, онг ва идроки қуриб-қақшаган диндор, риёкор сўфий, талантсиз, бироқ ашаддий худбин ва шуҳратпараст шоиру уламолардан ўзини ўшанча йироқ тутарди. Навоий учун Жомийни, Жомий учун Навоийни ёмон кўриб, гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона иғво, фитна, туҳмат тўқийдиганлар эса қанчадан-қанча эди. Улардан баъзиларининг “табаррук” номлари ҳатто ихчам шаклдаги шеърларда ҳам очиқ тилга олинган. Эски баёзлардан бирига киритилган мана бу рубоийни ўқинг:

Коҳию Ғизолй он ду лояъқили маст,
Дар ғайбати Жомию Навой зада даст,
Дар даҳр касе ба мисли эшон нагузашт,
Коҳй, чу хас асту ҳам Ғизолй чу саг аст.

Мазмуни: Коҳию Ғизолий Жомий ва Навоийга ғайбат қўлини чўзган икки ақлсиз мастдир. Дунёда уларга ўхшайдиган бирор кимса ўтган эмас. Коҳий бамисоли бир хас бўлса, Ғизолий бир итдир.

Навоий ва Жомийга тиш қайраган, ташланишга қулай вазият пойлайдиган бундай кимсалар шоир, олим, давлат одамлари орасида оз эмасди. Жомий Самарқандда бўлган пайтида бир неча уламолар уни кофир деб эълон қилиш талабини ўртага ташлашган. Асарларидаги баъзи тушунчаларни илиб олиб, Жомийни кимлардир шиа мазҳабига ён беришда, шиалик вакиллари уни ўз мазҳабларининг душмани дея танитишга уринишган. Лекин Жомийнинг панжасига панжа уриш, Жомийни таслим айлаш – бу ҳазилакам иш бўлмаган. Иғво ташаббускорларига шоирнинг шеърий жавоби мана бундай эди:

Эй муғбачаи даҳр, бидеҳ жоми маям,
К-омад зи низои шеаву сунй қаям.
Гуянд, ки Жомиё, чи мазҳаб дори?
Сад шукр, ки саги суннию хари шеи наям.

Мазмуни: Эй даҳр муғбачаси, жоми майимни узатгил. Шиаву сунний жанжалидан безор бўлдим. Агар “Жомий, сен қайси мазҳабдасан?” деб сўрасалар, айтурман: “Юз шукрки, сунний ити, шианинг эшаги эмасман”.

Шоир 1472 йилда Ҳижозга сафар қилганида “Силсилат уз-заҳаб” достонидаги баъзи байтларни дастак қилиб, Бағдоддаги муҳташам бир мадрасада ўтказилган йиғинда уни савол-сўроққа тутадилар. Бироқ ҳеч нима натижага эришолмайдилар. “Ногаҳон мени рафзга (шиага) нисбат бермасинлар дея Хуросон суннийларидан қўрқардим. Лекин Бағдодда равофизнинг жафосига йўлиқишни қаёндан билибмиз”, деган экан ўшанда Жомий. Лекин бундан-да қабиҳ ва даҳшатли ҳодисалар бўлиши Мавлононинг тушига ҳам кирмагандир.

Жомий 1492 йил ноябрь ойида 78 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Бундай улуғ ва бетимсол зотларнинг вафоти – ҳаётдаги энг оғир айрилиқ, улкан йўқотишдир. Жомий сингари шахсларнинг қабрига жасад билан бирга бошқа ҳеч қачон топиб, ҳеч вақт қайтариб бўлмас маъно ва тафаккур махзани ҳам дафн этилади. Уларнинг ҳаётдаги ўрни ҳам, маънавий мавқеи ҳам ўлган кунидан бошлаб ғоятда аниқ билинади. Чунки улар етган тафаккур юксаклигига ўзга биров етолмайди, улар қилган ишни айни тарзда бошқа биров эплолмайди. Ҳирот Ҳирот бўлиб Жомийникидай буюк ҳижрон маъракасини кам кўрган бўлса керак. Алишер Навоийнинг ёзишича, Хуросону Ҳирот аҳли бутун йил мобайнида мотам тутади. Сўнг йил оши берилади. Бу маъракага ҳам Ҳусайн Бойқаро бош бўлиб, уни эъзозу эҳтиром ила ўтказади. Қабр бошида ҳашаматли мақбара қурилиб, махсус ходимлар тайинланади. 1510 йил Исмоил Сафавий қўшинлари Ҳиротга бостириб киришади. Босқин нишонларидан бири Ҳазрати Жомий қабри эди.

“Исмоил Сафавийнинг улуғ шоир Мавлоно Абдураҳмон Жомийга нисбатан кўрсатган беҳурматлигини, – деб ёзади академик шоир Ғафур Ғулом, – адабиёт тарихи ҳали ҳам унутмайди… Шоҳ Исмоил: “Агар Ҳирот менинг қўлимга кирса, Жомийни тириклайин тутолсам, ўтда куйдираман, ўлган бўлса гўридан чиқариб, устухонларини куйдираман”, – деган эди. Исмоилнинг бу қасамидан ҳиротликлар хабардор эди. Сафавий Ҳиротни эгалламасдан бурун Жомийнинг ўғли Зиёвуддин Юсуф бошлиқ бир неча мухлислари Жомийни ва устози Саъдиддин Кошғарийнинг сўнгакларини гўрдан қазиб чиқариб, душман қўли етмайдиган холироқ бир жойга элтиб, яширинча, вақтинча кўмган эдилар”.

Жасад топилмаса ҳам шоир мақбарасига барибир ўт қўйилганди. Бу воқеага шоҳид Зайниддин Восифийнинг ёзишича, Сафавий аскарлари бошчилигидаги қарийб ўн минг киши мозор томон юришади. Ўша атрофдан қанча тахта, эшик, курси, ўтин топган бўлсалар, барини Жомий қабри устига ташлаб, сўнг ёқиб юборадилар. Бу ваҳшийликни изоҳлашга ҳожат йўқ, албатта. Бироқ бир қатор оғриқли саволларга жавоб топгинг келади. Бу дунёда ўзи қандай яшаш керак? Нега буюк Шахсларнинг қисмати кулфат, ғам-ғусса билан лиммо-лим тўла? Одам Атодан бошлаб пайғамбарлар ва дин улуғларининг бошларига келган фалокатларни хотирланг: Ҳазрати Одам жаннат неъматларидан маҳрум этилган; Иброҳим Халилуллоҳга ўғлининг бошини кесиш амр қилинган; Яъқуб алайҳиссалом ўғлидан ажралиб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўккан; Ҳазрати Юсуф қудуқ ичида балоларга гирифтор бўлган; Муҳаммад алайҳиссаломнинг оёқлари Тоифда қонга беланиб, Уҳуд куни тишлари синдирилган; Абу Бакр заҳарлаб ўлдирилган; Умар шаҳид этилган; Қуръони каримни жамлаган Усмон толеи ҳам шундай бўлган; Ҳазрати Али қилич зарбидан ўлган; Ҳасан заҳарланиб, Ҳусайннинг боши кесилган… Нечун бундай? Оллоҳ ҳақиқатда ҳам севган бандаларига қайғу ва жафони раво кўрадими? Мутасаввифларга кўра, “Оллоҳ сўнгсиз лутф соҳиби бўлганлиги боис, ёмонлик ундан эмас, ашёдан юзага келади. Иноят Оллоҳнинг инсонларни ёмонликдан муҳофаза этишдаги лутфидир. Бизни яхшилик ва мукаммалликка йўналтирадиган – бу ёмонликнинг мувжудлиги.
Мавлоно Жалолиддин Румий муаммони янада ойдинлаштириб, бутун масъулиятни инсон зиммасига юклайди:

Олам аз мо ҳаст шуд н-е мо аз ў
Бода аз мо маст шуд н-е мо аз ў.

Мазмуни: Олам биздан пайдо бўлди, биз ундан эмас. Бода биздан маст бўлди, биз ундан эмас.

Дарҳақиқат, инсон ҳар нарса учун ўлчов ва мезондир. У ўзгартиради, таҳлил қилади, ҳукм юритади, ҳакамлик этади, нигоҳдан ўтказади, муҳофаза айлайди. Бир-бировини эъзозлаб, мадҳ қилган ҳам удир, таҳқирлаб, қийнаган ҳам у. Ранг, оҳанг, шодлик, таназзул ва тараққиёт, фикр ва хаёл, умид ва умидсизлик – ҳаммаси инсон олами. Инсон маъно ва моҳиятдир. Жомий ижодиётида ранг-баранг шаклларда теран ёритилган бош ҳақиқат ҳам худди шу.

Пайи он рав, ки орифи маънист,
Марди ориф ба дўстй авлист.

Абдураҳмон Жомий ҳаёти ва ижодиёти дунёнинг қатор мамлакатларида кўплаб олимлар томонидан ўрганилган, асарларидан намуналар Ғарб ва Шарқнинг турли тилларига таржима қилинган. Жомийшунослик айниқса ХХ асрда Россия, Эрон, Тожикистон, Озарбайжонда анча тараққий топган. Бу ўринда Е.Э.Бертельс, А.Ҳикмат, А.Мирзаев, А.Насриддинов, А.Афсаҳзод, М.Ражабов, А.Сатторов, А.Гулиев каби рус, эрон, тожик ва озар олимларининг тадқиқотларини эслатиб ўтиш мумкин. Жомийшунослик бўйича Ўзбекистонда ҳам бир қанча хайрли ишлар амалга оширилган. Абдураҳмон Жомий ижодиёти муҳиблари таниқли олимлар П.Шамсиев, Ш.Шомуҳамедов, А.Ҳайитметов, А.Қаюмов, Н.Маллаев, Б.Валихўжаев, Р.Воҳидов, С.Ғаниева, Ҳ.Ҳомидий ва бошқаларнинг мақола, рисолаларидан, шунингдек, алоҳида илмий тўпламлардан яхши хабардордирлар, деб ўйлаймиз. Ўзбек китобхони неча ўн йиллардан буён Жомий адабий меросидан сараланган лирик шеърлар, айрим достон (баъзилари парча ҳолида) ва насрий асарларни она тилида ўқишга муваффақ бўлишган.

Ҳазрат Жомийнинг маъно дуру гавҳарлари билан тўлиб-тошган ижод хазинаси бизга нечоғлик қадрли бўлса, унинг Алишер Навоий билан дўстлиги, устоз-шогирдлиги шу даражада эътиборли ва эҳтиромлидир. Бу – халқлар, адабиётлар, илм-фан, маданиятлар тарихида ниҳоятда сийрак учрайдиган ҳодиса. Жомий ва Навоийга ўхшаб дунёқараши – дунёқарашига, шахсияти – шахсиятига, маслаги – маслагига боғланиб, ижодиёти ва маҳорати ўзаро уйғунлик касб этган икки миллат, икки адабиёт вакилини тасаввурга келтириш қийин. Асарларида Навоий Жомий таърифида, Жомий Навоий мадҳида сўз юритар экан, уларнинг ҳар иккаласи ҳам гўё бир тафаккур иқлимида нафас олиб, бир дард ва шодлик гулшанида кезиб улуғ истеъдод, мислсиз бадиий ихтироларни шарафлаётганга ўхшайди. Навоийнинг Жомийга, Жомийнинг Навоийга қалб яқинлиги, меҳр-муҳаббати, ишончи қандай бўлган бўлса, дахл этмасдан уларга худди ўшандоқ ўрганиш, бир ёқлама, майда ёки ҳавойи фикр-қарашлардан қутулиб, ҳақиқатни сўзлаш лозим. Жомий ижодиётини ўқиб-ўрганмай, Навоий шаънига мадҳия тўқиш тарихий, ҳаётий, бадиий ҳақиқатга қанчалик зид бўлса, Навоий даҳосининг куч-қуввтини ҳис қилмай, ижодиётининг моҳият оламига кириб бормай Жомийнинг Навоийга таъсири хусусида мубоҳаса бошлаш шунчалик бемаъниликдир. Биз истаймизми, истамаймизми, Навоий Жомийга, Жомий Навоийга беҳад яқин – шахсиятда ҳам, ижодиётда ҳам. Бунга иқрор бўлиш учун фаҳм-фаросати жойида кишига биргина китоб – “Хамсат ул-мутаҳаййирин”ни ўқиб, мағзини англашга эришмоқ кифоя.

Илм-маърифатли халқ кимни севиш, кимларга ишониш, нимани ардоқлаш, нимага интилишни билишда унчалик хато қилмайди. Абдураҳмон Жомийнинг илмий-адабий мероси қадим-қадимдан ўзбек халқини қизиқтирган, ўқиб-ўрганишга иштиёқ уйғотиб келган. Ўн бешинчи ва ундан кейинги асрларда адабиётда ном қозонган бирор бир шоиримиз йўқки, Жомий шеърият мактабидан сабоқ олмаган бўлсин. Бу – тўхтаб қолмайдиган жараён. Бу – маҳдудлик, якравлик, ҳар турли товламачиликдан ҳамиша ғолиб чиқадиган интилиш. Хуллас, Ҳазрат Жомийнинг “Жаҳонда китобдин яхши ёр бўлмас”, деган гаплари яна бир карра тасдиғини топар, деб умид қиламиз.

056
i_018.jpgАЛИШЕР НАВОИЙ
МАРСИЯИ ҲАЗРАТИ МАХДУМ

067

1. Ҳар дам аз анҷумани чарх ҷафое дигар аст,
Ҳар як аз анҷуми ӯ доғи балое дигар аст.

2.Рӯзу шабро, ки кабуд аст сияҳ ҷома дар ӯ,
Шаб азое дигару рӯз азое дигар аст.

3.Балки ҳар лаҳза азоест, ки аз дашти адам
Ҳар дам аз хайли аҷал гарди фаное дигар аст.

4.Ҳаст мотамкадаи даҳр, ки аз ҳар тарафаш
Дуди оҳи дигару нолаи вое дигар аст.

5.Оҳи ӯ ҳаст ба дил тирагӣ афзоянда,
Вои ӯ низ ба ҷон яъсфизое дигар аст.

6.Гули ин боғ, ки садпора зи мотамзадагист,
Ҳар яке сӯхтаи ҷома қабое дигар аст.

7.Оби ӯ заҳру ҳавояш мутааффин, чӣ аҷаб,
Ки дар ин марҳала ҳар рӯз вабое дигар аст.

8.Аҳли дил майл сӯи гулшани қудс ар доранд,
Ҳаст аз он рӯ, ки дар ӯ обу ҳавое дигар аст.

9.Назди арбоби яқин дори фано ҷое нест,
Ватани аслии ин тоифа ҷое дигар аст.

10.3-он сабаб масти маи ҷоми азал орифи Ҷом,
Сархуш аз дори фано сӯи Ватан кард хиром.

11.Эй ҳарими ҳарами қурби илоҳӣ ҷоят,
Тарафи ҷаннати Фирдавс, куҷо парвоят.

12.Чун шудӣ аз ҳарами мулк ба сайри малакут,
Буд дар анҷумани хайли малак ғавғоят.

13.Тӯтиёни ҳарами қудс ба дил муштоқат,
Булбулони чамани унс ба ҷон шайдоят.

14.Симёкори қазо меҳр дигар дод тулӯъ,
Чархро аз асари равшании симоят.

15.Нӯҳ фалак чархзанон омада бар атрофат,
Буда гӯё ба сари ҳар як аз он савдоят.

16.Шӯр дар олами арвоҳ бияфтод аз он,
Ки нависанд ба ҷон нуктаи руҳафзоят.

17.Руҳи ақтоб расиданд ба истиқболат,
Ҷони автод фитоданд ба хоки поят.

18.Даст бар даст рабуданд туро то ҷое,
Ки дар ин ғамкада ҳам хостӣ онро роят.

19.Ту шудӣ восили мақсуди ҳақиқию бимонд
То қиёмат ба ҷаҳон шевану вовайлоят.

20.Дар фироқи ту ғамин монд дили ғамзадагон,
Тира з-ин гӯшаи мотамзада мотамзадагон.

21.Ту бирафтию дили халқи ҷаҳон зор бимонд,
То қиёмат ба фироқи ту гирифтор бимонд.

22.3-оташи оҳи дили сӯхтагон то ба абад,
Дудҳо дар хуми ин гунбади даввор бимонд.

23.Аҳли тавҳид, ки бе муршиди комил гаштанд,
Садашон мушкили ҳалношуда дар кор бимонд.

24.Соликонро, ки камол аз ту расидӣ ба сулук,
Аҷзҳо дар равишу нуқс ба атвор бимонд.

25.Умароро, ки шудӣ машъали меҳр аз ту мунир,
Тира шуд машъалу то ҳашр шаби тор бимонд.

26.Сад халал раҳ ба дин ёфт, ки диндоронро,
Субҳа бишкасту ба каф риштаи зуннор бимонд.

27.Сирри Ҳақ рафт паси пардаи китмон, ки зи ашк,
Ба гиландудаи дар махзани асрор бимонд.

28.На ки сад хори алам дар дили аҳрор халид,
Ки дусад бори ситам бар тани аброр бимонд.

29.Толибонро равиши роҳи фано рафт зи даст,
Ҳар яке дар паси сад пардаи пиндор бимонд.

30.Чи тазалзул, ки зи фавти ту дар айём афтод,
3-он тазалзул чи халалҳо, ки дар ислом афтод.

31.3-ин азо дар ҳама олам на гадо монд, на шоҳ,
Ки кашиданд ба суги ту дусад нолаву оҳ.

32.Абрсон, гирякунон, наъразанон соя фиканд
Бар сари наъши ту хуршеди карам зилли Илоҳ.

33.Гар муяссар шудияш наъш кашидӣ бар дӯш
Чун мани сӯхтадил, ҷониби мадфан ҳама роҳ.

34.Шаҳриёрони ҷаҳон чок зада ҷома ба тан,
Пеши тобути ту пӯянда ба аҳволи табоҳ.

35.Сарбаландони замон дар таҳи наъшат шудааст
Ҳама гирёну кашон, бори ту бо пушти дутоҳ.

36.Шуда ҳар пояи маҳди ту ба дӯши як қутб,
Лек ҳар чор шуда нудбагару «во асафо!»

37.Оламеро ба сӯи олами дигар бурданд
Натавон ҷуз ба чунин боркашонӣ огоҳ.

38.Чазаъӣ акбарӣ афтод, ки бо ин ҳама чашм
Чархи гардун натавонист, бад-он сӯй нигоҳ.

39.Гарчи шоми ту шуд аз нур чу маҳтоб сафед,
Ҳеч кас лек надидаст чунон рӯзи сиёҳ.

40.Ба намозат, ки ҳазорон зи башар пайвастанд,
Сад ҳазорон зи малоик ба ҳаво саф бастанд.

41.Ҳама бурданд ба афғону дили чок туро,
Ҷой карданд, чу ганҷе ба дили хок туро.

42.Хайли арбоби иродат ҳамаро чок ба дил,
Ҳар яке хост кашидан ба дили чок туро.

43.Сари покони ҷаҳон будӣ, аз он Эзиди пок
Пок оварду дигар бурд ҳамон пок туро.

44.Ғарқаи баҳри висоле, ки ба чашми ҳиммат
Равза чун гулшану тӯбист зи хошок туро.

45.Рӯҳи покат чу ба болои нӯҳум чарх шитофт,
3-ин ки тан зери замин рафт куҷо бок туро?

46.Ҳама покони ҷаҳонро ба тани пок расид,
Он чи бар пайкари пок омад аз афлок туро.

47.Чун ту ганҷе, ки фалак дошт ниҳон кард ба хок,
На паи ҳифз, ки аз ғояти имсок туро.

48.Ақли кулл будӣ аз идроки маонӣ з-он рӯ,
Натавонад, ки тааққул кунад идрок туро.

49.Қисми ёрон зи ту гар зорию ғамнокӣ шуд,
Лек зоре набувад чун мани ғамнок туро.

50.Зада саф хайли малоик, ки барояд Махдум,
Мухлисонро макун аз дидани рӯят маҳрум.

51.Дӯстон, дар ҳама фан нодираи олам ку?
Афзалу аълами авлоди банӣ одам ку?

52.Дар биёбони таманно-ш халоиқ мурданд,
Ба давои ҳама он Хизри Масиҳодам ку?

53.Дили асҳоб шуд аз теғи фирокаш сад захм,
Он, ки будӣ ба ҳама хулқи хушаш марҳам ку?

54.Ҳуҷра холию парешон шуда авроқу кутуб,
Соҳиби ҳуҷра куҷо, нозими онҳо ҳам ку?

55.Дар саро нест ба ҷуз худкушии ғамзадагон,
Он, ки таскин диҳад инрову хӯрад шон ғам ку?

56.Хома рӯ карда сияҳ, синаи худро зада чок,
Ки худованди ман он, бар уламо аълам ку?

57.Дар Хуросон натавон гуфт, ки кас хуррам нест,
Кас, ки дар рӯи замин ёфт шавад, хуррам ку?

58.На ки дар хонақаҳи зуҳд фитод ин мотам,
Дар хароботи фано низ ба ҷуз мотам ку?

59.Гузарондан ба фано аҳд кунам боқии умр,
К-андар ин дайри кӯҳан аҳди бақо маҳкам ку?

60.Ишқбозон зи ғам оташ ба дил афрӯхтаанд,
Ҷонгудозон ҳам аз ин оташи дил сӯхтаанд.

61.Эй, ки дар пеш гирифтӣ сафари дуру дароз,
Ки бад-ин навъ сафар ҳар ки бишуд, н-омад боз.

62.На ки аз нӯги қалам боз бубастӣ раҳи сеҳр,
Балки аз банди забон бурдӣ аз офоқ эъҷоз!

63.Нафаси қудсият аз кас натавон ёфт дигар,
Ваҳйро баъди набӣ з-он ки нашуд кас мумтоз.

64.Шоҳро монд ба ҷон з-оташи ҳиҷрони ту сӯз,
Бандаро дар дили садпора зи доғи ту гудоз.

65.На шаҳу банда ки то рӯзи қиёмат дар даҳр
Ҳар ки бошад, бувад аз мотами ту навҳа тироз.

66.Гарчи рӯ дар тутуқи васл нуҳуфтӣ, ки шавӣ,
То абад ҷилвакунон дар ҳарами иззату ноз.

67.Мадад аз рӯҳи пуранвори худат низ расон,
Ки харобанд зи ҳаҷри ту басе аҳли ниёз.

68.Ҳар ки сад қарн бимонад ба ҷаҳон, ҳам ба фусун,
Бирабояд ҷаҳонаш фалаки шӯъбадабоз.

69.Эй рафиқон, ҳамаро оқибати кор инаст,
Фикри анҷом касе беҳ, ки кунад аз оғоз.

70.Шоҳи маъниро гар сурате афтод чунин,
Бод то ҳашр шаҳи сурату маънӣ омин!

МАХДУМ ҲАЗРАТ (ВАФОТИ)ГА МАРСИЯ
Мазмуний таржима
067

1. Ҳар дам осмон анжуманидан янги бир жафо келади,
унинг ҳар бир юлдузи янги бир балонинг доғидир.

2. Кундуз ва кеч унинг кийими кўк ва қорадир,
кечаси бошқа аза ва кундузи бошқа азадир.

3. Балки ҳар лаҳза йўқлик даштидан аза келади,
ҳар дам ажал гуруҳидан янги бир фано гарди келади.

4. Дунё бир мотамхонадирки, унинг ҳар тарафидан,
бошқа бир оҳнинг дуди ва бошқа нолаю вой келади.

5. Унинг оҳи дилга қоронғулик орттиради,
нолаю войи жонга янги қайғу солади.

6. Бу боғнинг гули мотамзадаликдан юз пора бўлди,
ҳар бирининг либоси куйган, бошқасининг эса тўни(куяди).

7. (Бу боғнинг) суви заҳар, ҳавоси бадбўй, не ажабки,
бу манзилда ҳар кун бошқа вабо бўлади.

8. Дил аҳллари поклик гулшани томон (кетмоқ) истадилар,
чунки у ерда оби ҳаво бошқачадир.

9. Эътиқод эгалари наздида бу ўткинчи дунё
жой эмас, бу тоифанинг асли жони бошқа ердадир.

10. Шу сабабли азал майининг масти жомлик ориф,
сархушлик билан фано саройидан (чиқиб) ватан томон кетди.

11. Эй илоҳий қурб маҳрамгоҳи ҳарамидан жой олган,
сенинг қизиқишинг жаннат боғи томон бўлармиди?!

12. Ер ҳарамидан малаклар мамлакатига сайр
қилганингда, малак гуруҳи анжуманига ғавғонг тушди.

13. Поклик ҳарами тўтилари сенга юракдан
муштоқлар, дўстлик чамани булбуллари сенга жондан шайдолар.

14. Қазо кимёгари бошқа қуёшни чиқарди,
(зероки) сиймойинг равшанлиги осмонга таъсир қилди.

15. Тўққиз фалак чарх уриб атрофингга келишди,
гўё ҳар бирининг бошида сенинг савдойинг бор эди.

16. Арвоҳлар оламига шунинг учун (ҳам) ғавғо тушдики,
руҳпарвар нозик фикрларингни жон билан ёзсинлар.

17. Қутблар руҳи истиқболингга келишди,
автодлар жони хоки пойингга йиғилишди.

18. Сени қўлма-қўл (қилиб) шундай бир жойга олиб боришдики,
бу ғам маконида ҳам у жойни хоҳлар эдинг.

19. Сен ҳақиқий мақсадга эришдинг,
(лекин) қиёматгача жаҳонда доду фарёдинг қолди.

20. Сенинг фироқингда ғамзадалар дили ғамгин қолди,
шунинг учун мотамзадалар мотамхонасининг бурчаклари зулматда қолди.

21. Сен кетдингу жаҳон халқининг дили зор қолди,
қиёматгача фироқингга гирифтор қолди.

22. То абад куйганлар дилининг оҳидан,
бу айланувчи гумбаз хумида тутунлар қолди.

23. Ҳақиқатга етишмоқчи бўлганлар комил муршидсиз қолди,
(уларнинг) юзларча мушкуллари ҳал бўлмай шундайин қолди.

24. Художўйлар сулукига сендан комиллик етишиб турар эди,
равишларида ожизлигу атворларида нуқсонлар қолди.

25. Сенинг нуринг олимлар учун дарс машъали бўлди,
машъал ўчди ва қиёмат кунигача кеча қоронғу қолди.

26. Динга юз халал етишди ва диндорларнинг
тасбеҳи синиб, кафтида зуннор ипи қолди.

27. Ҳақ сирри пинҳон пардасининг ортига яшириниб,
сирлар хазинаси кўз ёши лойи билан сувалиб қолди.

28. Наинки юз алам тикани эрклилар танига қадалди,
(балки) икки юз ситам юки яхшилар танида қолди.

29. Толиблар фано йўлининг равишини қўлдан.
бердилар, ҳар бири юз хаёл пардаси ортида қолди.

30. Сенинг вафотинг туфайли даврда не чоғлиқ зилзилалар рўй берди,
у зилзиладан исломга қанчалик халаллар етишди.

31. Бу азадан ҳамма оламда на гадо қолди, на шоҳ,
улар сенинг мотамингда икки юзлаб нолаву оҳ чекдилар.

32. Булутдек ўкириб, нола тортиб,
карам қуёши — илоҳ кўланкаси тобутинг устига соя ташлади.

33. Агар муяссар бўлса у ҳам наъшингни елкага олиб,
куйган мен каби мозоргача ҳамроҳ бўлар эди.

34. Жаҳон подшоҳлари тўнларини чок қилиб,
тобутинг олдида қаттиқ қайғу билан қадам ташладилар.

35. Жаҳон мағрурлари тобутинг остида паст бўлиб,
ҳаммалари йиғлаб, сенинг юкингни букчайганича элтиб бордилар.

36. Тобутинг ҳар пояси бир улуғ зот (қутб) елкасида,
лекин тўрттовлари ҳам «афсус» дея дод солиб йиғладилар.

37. Бир оламни бошқа бир оламга олиб бориш,
бундайин огоҳ юк ташувчилардан бошқага мумкин эмас.

38. Улкан бетоқатлик юз бердики, шунча кўп кўзлар
билан ҳам айланувчи осмон ўша томонга қарай олмади.

39. Гарчи тунинг нур билан ойдиндек оппоқ эса-да,
лекин ҳеч ким бундай қора тунни кўрган эмас эди.

40. Намозингга минглаб кншилар тўпланди,
юз минглаб малаклар ҳавода саф тортдилар.

41. Ҳамма фиғон тортиб, дилини чок қилиб, сени олиб
бордилар, тупроқ кўксига хазинадек сени жойладилар.

42. Муридлар гуруҳидаги ҳамманинг дили чок,
ҳар бири сени шу чок бўлган дилига тортмоқчи бўлди.

43. Жаҳон покларининг бошлиғи эдинг, шунинг учун (ҳам) пок Тангри,
пок (қилиб) яратди сени-ю, яна пок олиб кетди.

44. Висол дарёсига чўмдинг, ҳиммат кўзида
сенга жаннат — гулхану туби (дарахти) бир хашакдек туюлади.

45. Сенинг пок руҳинг тўққизинчи осмонга шошилди,
бинобарин, танинг ер остида қолса, сенга незарар?

46. Ҳамма жаҳон покларининг пок танига,
сенинг пок танингга осмондан етишган (нарсалар) етишди.

47. Фалак сен каби нодир хазинадан баҳра олиш учун эмас,
балки сени яхши сақлаш учун тупроққа яширди.

48. Маъноларни идрок этишликда сен ақли расо эдинг,
шунинг учун идрок сен ҳақингда ақл юрита олмайди.

49. Гарчи ёронлар қисмати сенга зорлнк ва (қайғунгда) ғамгинлик экан,
лекин мен ғамгиндек, бирор зор бўлмаса керак.

50. Улуғлар Махдум келадилар, деб саф тортишди,
мухлисларни юзингни кўришдан маҳрум қилма.

51. Дўстлар, ҳамма фанда олам ягонаси қани?
одам болалари жинсидан энг афзали, энг сўзга чечани қани?

52. Орзуси биёбоинда халойиқ ҳалок бўлди,
ҳамманинг давоси бўлган Масиҳо нафасли Хизр қани?

53. Дўстларнинг дили фироқинг тиғидан юз яра бўлди,
яхши хулқи ҳаммага малҳам бўлган (одам) қани?

54. Ҳужра бўш ва китоб варақлари тўзиб қолди,
ҳужра эгаси қани? Уларга қаровчи қани?

55. Ғамзадалар бошида ўзини ўлдиришдан бошқа фикр йўқ.
уларга таскин берувчи ва буларга ғамкашлик қилувчи қанн?

56. Қалам юзини қора қилиб, сийнасини чок айлаб,
олимлар олими, бўлган менинг эгам қани? (деб сўрамоқда).

57. Хуросонда ҳеч кимни хурсанд деб бўлмайди,
ер юзида топилган кишининг хуррами қани?

58. Бу мотам фақат зоҳидлик хонақоҳига тушмади,
фонийлик дунёсида ҳам мотамдан бошқаси қани?

59. Қолган умрни фонийликда ўтказишга аҳд қилдим,
бу кўҳна дунёда боқийлик аҳдининг маҳкамлиги қани?

60. Ишқибозлар қайғудан дилга ўт солдилар,
жон фидо қилувчилар ҳам бу ғам ўтидан куйдилар.

61. Эй узундан-узоқ сафарга равона бўлган,
бу хилдаги сафарга кимки чиқди — яна қайтмади.

62. Наинки қалам учидаги сеҳрни яна боғладинг,
балки тил банди билан жаҳондан мўъжизани олиб кетдинг.

63. Пок нафасингни бошқа бирор кимсадан топиб бўлмайди,
чунки пайғамбардан кейин ҳеч ким ваҳий билан имтиёз топмади.

64. Шоҳнинг жонида сенинг ҳижронинг ўтидан ёнғин қолди.
Қулларнинг юз пора дилида ғамингдан эриб сув бўлиш қолди.

65. На шоҳ, на қул, балки дунёда қиёмат кунигача,
ҳар ким турса, сенинг мотамингда фарёд қилади.

66. Гарчи юзингни васл пардаси билан яширсанг-да,
иззат ва ноз ҳарамида то абад жилва қилгайсан.

67. Нурларга тўла руҳингдан мадад етказгайсан,
чунки сендан жудоликда кўп эътиқод эгалари харобдирлар.

68. Жаҳонда юз қарн (аср) яшаган кимсани ҳам афсун билан
ўйин кўрсатувчи фалак жаҳондан узиб олади.

69. Эй рафиқлар, ҳамманинг иши оқибати шундайдир,
охирнинг фикрини бошдан қилиш яхшидир.

70. Маъно шоҳининг сурати агар шундай бўлса,
қиёматгача сурат билан маъно шоҳига омин бўлгай!

    Astrabodda Navoiy bilan Husayn Boyqaro munosabatlariga putur yetkazuvchi gaplar yuzaga kelgach, podshoh Alisher Navoiyning Hirotga qaytishiga ruxsat beradi. Husayn Boyqaro Navoiyga bir nechta yuksak lavozimlarni taklif qiladi. Alisher Navoiy rozi bo‘lmagach, unga «Muqarrabi hazrati sultoniy» («Sulton hazratlarining eng yaqin kishisi») degan rasmiy unvon beriladi. Bu bilan u davlatning hamma ishlariga aralasha olar va podshoh bilan ko‘rishish imkoniga ham ega bo‘lar edi. Binobarin, saroy amaldorlari, shu jumladan, Muhammad Majdiddin ham har bir muhim masalani ko‘p vaqt u bilan kelishishga majbur edi. Lekin Alisher Navoiy bilan Majdiddin o‘rtasidagi nodo‘stona munosabatdan ko‘pchilik xabardor edi. Navoiyning Balxda hokim bo‘lib turgan ukasi Darveshali Majdiddindan ranjib, bosh hukumatga qarshi isyon ko‘targani ham ma’lum. Bu isyon Navoiyning aralashuvi bilan tinchitilgan. Aynan shu voqea 1490 yildan Majdiddinning siyosat maydonidan ketishiga asosiy sabab bo‘lgan.

   Alisher Navoiy hamisha ko‘proq ijodiy va ilmiy ishlar bilan shug‘ullanish, bu boradagi rejalarini amalga oshirish xayoli bilan yashadi. Hayot esa uning rejalariga o‘z tuzatishlarini kiritar edi. 1488 yil Sayyid Hasan Ardasher, 1492 yil Jomiy, 1493 yil olim va shoir Pahlavon Muhammad birin-ketin hayotdan ko‘z yumdilar. Navoiy o‘zi uchun qadrdon bo‘lgan bu insonlar xotirasini abadiylashtirish, ularga o‘z hurmatini izhor etish uchun «Holoti Sayyid Hasan Ardasher», «Xamsat ul-mutahayyirin» («Besh hayrat»), «Holoti Pahlavon Muhammad» nomli risolalarini yozdi. Astrobodda yoza boshlagan «Tarixi muluki Ajam» («Ajam podshohlari tarixi») asarini tug‘alladi (1489).

   1490 yil u o‘ziga zamondosh shoirlar haqida Jomiyning «Bahoriston», Davlatshoh Samarqandiyning «Tazkirat ush-shuaro» asarlari shaklida «Majolis un-nafois» («Nafislar majmuasi») tazkirasini tuzishga kirishib, 1492 yilda tugalladi. Shu vaqtning o‘zida Alisher Navoiy o‘zbek tilida she’riyat nazariyasi, aniqrog‘i, aruz vazni qoidalari haqida «Mezon ul-avzon» («Vaznlar o‘lchovi») ilmiy qo‘llanmasini yaratdi. 1494 yilda turkiy tildagi maktublarini to‘plab «Munshaot» («Maktublar») majmuasini tuzdi. 1495 yil Jomiyning «Nafahot ul-uns» asarini «Nasoyim ul-muhabbat» («Muhabbat shabadalari») nomi bilan tarjima qilib, uni qayta ishlab, turkiy mashoyixlar haqidagi yangi ma’lumotlar bilan boyitdi. Shu boisdan «Nasoyim ul-muhabbat»ga Alisher Navoiyning mustaqil asari sifatida qarash mumkin.

Ibrohim Haqqul
RUH VA MA’NO SARBONI
55

Fayzi gadovu shoh aro muntashir,
Xizmatig’a shohu gado muftaxir.

Alisher Navoiy

1

000026.jpgSharq mumtoz she’riyati dunyo badiiy tafakkurining o’z jozibasiga sohib, qudratli markazlaridan biri. Jahonga shuhrat taratgan ulug’ shoir-san’atkorlarning aksariyati Sharq she’riyati namoyandalari edi. Mavlono Nuriddin Abdurahmon Jomiy ular davrasida alohida mavqe va e’tiborga ega.

Jomiy – shoir, adib, olim, musiqashunos, adabiyotshunos, muarrix, faylasuf, mutasavvif. Hazrat Jomiy keng qamrovli ijodiyotida Rudakiydan boshlab to Hofiz va Kamol Xo’jandiygacha bo’lgan so’z san’atkorlari an’analarini ijodiy davom ettirib, fors-tojik she’riyatini yangi pog’onaga ko’targan edi. Jomiydan keyin badiiy ijod tajribasini teran ilm va irfon, qoyaday sarbaland butun shaxsiyatdan ayri holda tasavvur qilish mumkin bo’lmay qolgandi.

“Sulton Husayn Mirzoning zamoni, – deydi Zahiriddin Muhammad Bobur, – ajab zamone edi, ahli fazl va benazir eldin bataxsis Hiri shahri mamlu erdi. Har kishining kim bir ishg’a mashg’ullug’i bor edi, himmati va g’arazi ul edikim, ul ishni kamolg’a tegurgay.

Bu jumladin bir Mavlono Abdurahmon Jomiy edikim, zohir va botin ulumida ul zamonda ul miqdor kishi yo’q edi. She’ri xud ma’lumdir”.

Asrdosh va izdoshlarning Abdurahmon Jomiyga bergan ta’rif, tavsif va baholari bir joyga jamlansa, nainki o’z zamonida, undan keyingi davrlarda ham Jomiyga teng, Jomiyning joyini egallashga munosib Shaxs tavallud topmagan, degan xulosaga kelish shubhasizdir. Jomiy shu qadar benazir, shu darajada noyob shaxsiyat. Alisher Navoiy ustozining sha’ni-shavkatini ulug’lovchi mana bunday so’zlarni aytganda to’la haq edi:

YO Rab, bu maoniy durrining ummoni,
Bu donishu fazl gavharining koni.
Kim aylading oni olam ahli joni,
Olam elig’a bu jonni tut arzoniy.

Ko’p shoiru adiblar ijodga o’zlaricha qiziqib ketib, nafsni tanish, ranj va mashaqqat otashida toblanib shaxsiyat yaratishni umuman xayolga ham keltirishmaydi. Ko’plab mayda “mencha”lar xarxashasidan qutulmagan «Men» sinib, albatta parchalanadi. Holbuki, ijodkorning birinchi vazifasi yozishni o’ylash emas, yozadigan odamning (o’zining) butunligi, haqiqiy hurligini to’g’ri aniqlashdir. “Jamiyatbop” yozuvchi boshdanoq mag’lubiyatga mahkum. Mahdudlikdan u erk axtaradi, ojizlikni kuch, fanoni baqo deya tasavvur etadi. Hurlik maqomiga yuksalish behad og’ir, g’oyatda murakkab ish. Bu xususda keng mushohada yuritgan Aziziddin Nasafiy shunday deydi: “Barcha insonlar bu olamda zindondadirlar. Payg’ambar, vali, sulton, malik – hamma-hammasi bog’langan. Ba’zisining bir, ayrimining ikki, boshqa birovining o’n, yana birlarining yuz, ba’zisining esa ming zanjiri bordir. Bu jahonda zanjir-tuzoqsiz odamning o’zi yo’q. Ammo bir zanjirli ming zanjirliga nisbatan erkin, azob va iztirbi ham uning ozroqdir”.

Darhaqiqat, o’tar dunyoda har kim o’zicha bir nimaga mubtalo: kimdir mavqe va mansab uchun rohat-farog’atini fido aylaydi, kimdir obro’ va amaldan ajralgani uchun iztirob chekadi; birov boy-badavlat ekan, qashshoqlikka yo’liqqach, o’zini-o’zi qiynaydi. Kimlardir shon-shuhrat shavqida boshqalarni yer bilan yakson aylashga urinadi. Hirs, tama domiga ilinganlar qancha. Hosidlar fitna va g’avg’o qo’zg’ab niyatga erishish harakatidan qaytmaydi. Kimdir hamma narsaga qo’l siltab rindlik qadahini qo’ldan qo’ymaydi… Xullas, ko’pchilik ahamiyati past turfa-turfa ehtiros asiri, ya’ni ko’zga ko’rinmas zanjirga bog’liq. Demak, yaxshilik bilan yomonlik, to’g’rilik bilan egrilikni farqlash ham nisbiydir. Nega shunday? Buning tub sababi nimada va nimadan boshlanib, nima bilan tugaydi? Musulmon shoirlari orasida badiiy va ilmiy asarlari, shaxsiy hayot tajribalari orqali ushbu savollarga to’laqonli javob bera bilgan mutafakkirlardan biri Abdurahmon Jomiy edi.

Umrest, ki ba hazor man hastii man,
Man mego’yam, vale nadonam “man” chist?

Mazmuni: Bir umrki, mening mavjudligim ming manda kechadi. Man deyman, ammo “man” nima? Bilmayman.

Sodda qilib aytganda, Jomiy ijodiyotining o’zak g’oyasi Ishq. Haqiqiy ishq nuri, zavq-shavqi ila basiratni ochish. Ko’ngil nazarini ma’no, mohiyat olamiga qaratish.

O’z jamoliga nazar tashlab, tamosho qildi ishq,
Nom berib, oshiq ila ma’shuqni paydo qildi ishq.

Erdi oshiq botinu ma’shuq zohir, etdi aks,
Sirri botinni zuhur aylab, huvaydo qildi ishq.

O’zida ul o’zni ko’rdi, jilvalar ko’rsin debon,
Senu menga bir ajib mir’oti dunyo qildi ishq…

Chinakam soflik – Dildagi soflik. Ruhda, ko’ngilda go’zallik bo’lmasa, zohiriy go’zalliklar shuurga keng yo’l ochib berolmaydi. Hazrat Jomiyning “gul jamoli”dan “dil jamoli”ni ustun qo’yib, munavvar ko’ngil husni bilan dunyoni hayron qoldir, deyishida olam-olam ma’no yashiringan:

Jamoli dil talab kun, ne jamoli gul, ki gar chun hur –
Jamoli dil shavad tobon, shavand ofoq hayronash.

Abdurahmon Jomiy ruhoniyatida go’yo zamin va samo, g’ayb va shahodat olami birlashib, ajralmas bir uyg’unlik kasb etgan. Jomiy tasvirlarida ruh bir shu’la, bir nur va bir ziyodir. Ruh, shaklan goh qirmizi, goh qora, goh oq yo sariq o’laroq turli-turli ranglarda ko’rinadi. Bunday vaqtlarda u moddani tamsil etadi. Zero, ruhga rang berguvchi moddadir. Ruh uchun vaqt, zamon degan chegara yo’q. Xayol, tafakkur singari parvozi ko’p oson va yengil. Tafakkur qaerda bo’lsa, ruh ham o’sha yerda. Anglaydigan, xatosiz tushunadigan ruh bo’lib, tafakkur unga ergashuvchi. Modda ruhga to’siq bo’lolmaydi. Ruh hamma joyga bora oladi, havodan, suvdan, olov va tuproqdan bemalol oshib o’tadi. Ruh bo’linib parchalanmaydi, lekin quyosh har tomondan ko’ringanidek, ruh ham ayni bir paytda turli joylarga parvoz aylashga qodir. Jomiy nuqtai nazarida ma’no e’tibori ila inson ulug’ olam bo’lgani bois Olloh uni hayot, ilm, iroda, qudrat, his etish, ko’rish, kalom kabi o’zining so’ngsiz sifatlaridan bir qanchasiga sherik etgan va o’zini insonda shu sifatlar ila bilgan, bildirgan. Komil inson, bu olamning ruhi va olam uning jasadi yanglig’dirki, doimo ruhni axtaradi, izlaydi, orzu qiladi. Shuning uchun insonning birinchi va asosiy vazifasi, ma’naviy-axloqiy burchi nafsu shahvat ofatlaridan qutulmoqdir. Har qaerdaki nafs va shahvat seli to’fon qilsa, baxtu iqbol xonasi ham barbod bo’lur, deydi shoir:

Seli shahvat har kujo to’fon kunad,
Xonai iqbolro vayron kunad.

Jomiy olamini bilgan – Haqni ham, xalqni ham biladi. Jomiyni o’qigan va tushungan – haqiqatning zohirini ham, botinini ham tushunadi. Ko’ngil zavolini ham, kamolini ham his qiladi.

2

Nuriddin Abdurahmon Jomiy 1414 yil 7 noyabrda Jom viloyatining Xarjard qasabasida tug’ilgan. Jomiyning bobo-bobokalonlari nasl-nasabi toza, obro’-e’tibori yuksak zotlar bo’lishgan. Alisher Navoiy Jomiy vafotidan so’ng ustoziga bag’ishlab yozgan “Xamsat ul-mutahayyirin” asarida bu haqda, “Alarning oliy nasablari imom ul-mujtahidin Muhammad binni Hasan binni Abdulloh binni Tovus binni Hurmuz Shayboniyg’a borurkim, Hurmuz bani shaybon qabilasining maliki ermishkim, Bag’dodda saltanat qilibdur…”, deb yozadi. Shoirning otasi Nizomiddin Ahmad esa din va shariat ilmining peshvolaridan edi. Ilk tahsilni Jomiy otasidan olgan, go’daklikdayoq o’qishni o’rgangan. Navoiyning qayd qilishicha, u “to’rt yo besh yoshlarida” maktabga qatnay boshlagan. Lekin ko’p o’tmay Jomiyning oilasi Jomdan Hirotga ko’chib kelishadi. Buning sababini Navoiy shunday izohlaydi: “Bori kichik yoshidin shabob ahdining avoyilig’achakim (yigitlik davrining boshlanishigacha), Jom viloyatida ermishlar – alarg’a foyda yetkurur kishi oz topilg’on jihatidin:

Quyosh ul nav’ki mag’rib sori,
YO Nabi uylaki Yasrib sori,

shahrga azimat qilibdurlar…”. Har bir ish va hunarni kamolga yetkazish, talantni to’la ro’yobga chiqarishga rag’batlantiruvchi, ilm va ijodni qo’llab-quvvatlash bilan tanilgan Hirot Jomiyni quchoq ochib qarshilaydi. Ilm-fan, madaniyat, san’at va adabiyot beshiklaridan bo’lgan bu muazzam shahardagi nomdor madrasalarda Jomiy ilm o’rganishga kirishib ketadi. Qisqa muddatda nainki zohir ilmi, botin ilmida, xususan, tasavvuf jabhasida ko’p bilim egallashga erishadi. Ammo she’rdan yiroqlashmaydi. Ilm va irfonni she’riyat xizmatiga safarbar etishning eng ta’sirchan yo’llari, tabiiy, ko’rkam usullarini izlaydi. Fikr hayoti, ruh zavqi, ko’ngil ziyosini Jomiy har narsadan – hattoki, ma’rifatdan ham afzalroq ko’radi:

Maorif gar chu mo’ borik boshad,
Chy hosil z-on chu dil torik boshad?

Mazmuni: Ma’rifat sochday nozik bo’lsa-da, yurak agar qoraygan ersa, undan nima natija chiqadi?

Jomiy ruboiylaridan birida, qaerdaki xona eshigidan da’vo kirib kelsa, ma’ni shitob bilan tuynukdan chiqib qochadi deydi:

Har jo zi dari xona daromad da’vy,
Ma’ni ba shitob az rahi ravzan bigurext.

Shoirning o’zi esa butun umri mobaynida da’vo, iddao, shaxsiy g’arazdan forig’ yashagan. Tafakkur, amal, munosabat, mehr-muhabbat xolisligida Mavlono Jomiy samo kishisiday taassurot qoldiradi. U odam va odamiyatga nisbatan dushmanlik, bepisandlik, zolimlikni umuman qabul qilolmaydi. Uningcha, boshqalarga haqsizlik o’tkazib, ularga past nazarda qarash itlik va yirtqichlik. Bu itlik va yirtqichlikka sabab aqlsizlik:

Hashm bo digaron sagivu dodyist,
V-in sagivu dody zi bexiradyist.

Agar odamiylik ko’z, og’iz, eshitish va ko’rish bilan belgilansa, devor naqshlari bilan insoniylik o’rtasida hech farq qolmaydi. Chunki yeb, ichib, yotib, g’azab va nafsga qul bo’lish insoniylik olamidan bexabar, jahl zulmatidan hech qutulolmaydigan hayvonga ham xosdir:

Agar odamiy ba chashm astu dahonu go’shu bini,
Chi miyoni naqshi devoru miyoni odamiyat.
Xo’ru xobu hashmu shahvat shag’abastu jahlu zulmat,
Hayvon xabar nadorad zi jahoni odamiyat.

Ulkan ijodiy shaxsiyat har qanaqa sharoit, jon ezuvchi har qanday vaziyatda ham katta orzu-umid, yorug’ xayollar bilan yashaydi. Bu holat uni ba’zan xilvat yo uzlatga undasa, goho safar va sayohatlarga chorlaydi. Jomiy Turkistonni “ka’bai maqsud” (bunda albatta Yassaviy, Bahovuddin Naqshband, Xoja Ahror kabi tariqat pirlari ham nazarga olingan) deb ta’riflagan edi:

Jomy, az xoki Xuroson chy kuny azmi Hijoz,
Chun turo ka’bai maqsud ba Turkiston ast.

Xullas, Jomiy bilimini takomillashtirish uchun Samarqandga yo’l oladi. Ulug’bek madrasasida o’qishni davom ettiradi. Umumiy ma’lumotlarga ko’ra, mashhur qonunshunos olim xoja Fazlulloh Abulays, buyuk munajjim Qozizoda Rumiy yosh tolibi ilmning qobiliyati va zakovatiga yuqori baho beradilar. Sulton Ulug’bek huzuridagi bir yig’inda Qozizoda Rumiy “Jomiy kabi baland iste’dodli yigit hanuzgacha Amuning nari yog’idan kelmagan edi”, degan ekan. Samarqand hayoti, Samarqand ilmiy-adabiy muhiti Jomiyning dilida o’chmas iz qoldirgandi. Samarqand uning ilmiga ilm qo’shib, insoniy fazilatlarining boyishi va teranlashuviga erkinlik bergandi. Shu o’rinda bir narsani eslatib o’tish kerakka o’xshaydi. Samarqandda ham, keyinroq Hirotda ham bir necha marotaba Jomiyni saroy xizmatiga taklif qilishadi. Shoir esa bu taklif va iltifotlarni qat’iyan rad etadi. Chunki u o’zining tarixiy vazifasi va burchini bekami ko’st ado aylash, vijdon xotirjamligi, qalb hurriyati, fikr erkinligini saqlab qolish uchun ilmdan, adabiyotdan o’zga bir “maydon”ni tasavvur qila olmasdi. Bu esa ilm, ijod, san’at odami uchun eng asosiysi. Zero, erkinlik ketsa, dardisar tashvishlar, e’tiqodni buzib, irodani yemiruvchi har turli balo-qazolar o’z-o’zidan bostirib kelaveradi. Shuni e’tiborga olib bo’lsa kerakki, mutafakkir shoir “Yusuf va Zulayho” dostonida o’g’liga qaratilgan nasihatlarida, mansab eshigiga aslo yaqin yo’lama, “ki az har mansabe bemansabi beh” – “har qanaqa mansabdan mansabsizlik yaxshi” deb yozadi.

Navoiyning vazirlik mansabini tark qilib, saroydan ketishga qaror aylaganligini bilgan Jomiy undan buning sababini so’raydi. “Inson jinsi suhbat va ixtilotidin mamul bo’lib erdim, bu ishga ul bois bo’ldi”, deydi Navoiy. Shunda Jomiy “Inson kimni xayol qilib erding, bizga dag’i ko’rguz?” – deb so’roq tashlaydi. Ushbu savolning o’ziyoq insonparvar shoirning, xalq moli va jonini zulukday so’rgan mansab ahliga munosabatini nihoyatda aniq aks ettiradi. Jomiy mansabni emas, mansabparastlikdan tug’ilajak bedodlik, noinsoflik, razolatkorliklarni qoralagan. Martabada ko’tarilib, odamiylikda butkul tubanlashgan erksiz-ixtiyorsiz gumashtalar qiyofasida u millat, saltanat tanazzulini ko’rgan, dehqon, hunarmand mehnatini o’ylab esa diliga yorug’ hislar oqib kelgan.

Quvvati jonu tan zi dehqon ast,
Quti ruhu badan zi dehqon ast.

Gar nayobad jahon zi dehqon bahr,
Qaht xezad zi korxonai dahr.

Mazmuni: Jonu tanning kuch-quvvati dehqon erur. Ruh va vujudning xayr-barakasi dehqondir. Agar dunyo dehqon mehnatidan bahra topmasa, korxonasida uning qahatchilik qo’padi.

Jomiy tasavvuf ilmining chinakam bilimdoni, naqshbandiylik tariqiga mansub shayx, mutasavvif shoir. Lekin u jaholat, riyo yo’liga kirgan so’fiylar bilan hech murosa qilmagan. Haq visoliga erishish iddaosi ila hamma narsani yig’ishtirib, safsata sotishni kasb etib olgan so’fiy va darveshlarni shoir dehqonning bir tomchi teriga ham arzitmaydi:

Hazar az so’fiyoni shahru diyor,
Hama nomardumonu mardumxor.

Korashon g’ayri xobu xo’rdan ne,
Hechashon fikri ro’zi murdan ne.

Mazmuni: Shahru diyordagi bu so’fiylardan hazar qil. Ularning barchasi odamiylik qiyofasini unutgan, odamiylik sha’nini xorlagan kimsalardir. Yeyish-ichish va uxlashdan boshqa tashvishlari yo’q. Hatto o’limni odamday qarshilashni ham o’ylab ko’rolmaydilar.

Xalqni unutib Haq deguvchi, bu dunyoga nafrat ila boqib oxirat saodatiga ko’z tikuvchilar Jomiy maslagidan yiroq kimsalar edi. Badbinlik, tekinxo’rlik, suratparastlik, ortiqcha shikastalik, ma’naviy muteliklarga u aslo yon berolmasdi. Olloh va payg’ambar, ishq va sof vijdon hukmi ila yashash tarafdori edi.

Zamondoshlarining ishoratlari, xususan “Rashahot aynul hayot” muallifining xabarlaridan anglashilishicha, Jomiy rasmiy tahsilini nihoyasiga yetkazib, kamolotga erishgach oila qurishni ixtiyor etib, piri Mavlono Sa’diddin Koshg’ariyning qiziga uylanib, to’rt farzand ko’rgan. To’ng’ich o’g’li bor-yo’g’i bir kungina umr kechirgan. Ikkinchi o’g’li Safiuddin Muhammad 1475 yilda tavallud topgan. To’ng’ich chaqaloqning hayotdan tez ko’z yumishi Jomiyni bu o’g’ilga qattiq bog’laydi. Ammo bir yil o’tar-o’tmas u ham vafot qiladi. Albatta, bu musibat shoir qalbiga favqulodda yomon ta’sir o’tkazadi. Safiuddin o’limiga bag’ishlab u yetti baytlik marsiya yozadi. Unda shunday misralar bor:

Rexty xuni dil az didai giryoni padar,
Rahi bar joni padar n-omadat, ey joni padar!

Mazmuni: otangning giryon ko’zlaridan yurak qonlarini oqizding. Otang jonidan joy olganding nechun kelmading, ey otangning joni!

Alisher Navoiy ustozi ko’ngliga tasalli berish va ayriliq otashini pasaytirish maqsadida Safiuddin vafotiga bir ta’rix yozadi. Oradan ikki yil o’tadi. Jomiyning yoshi 63 ga to’lgach, 1477 yil oilada uchinchi farzand dunyoga keladi. Ikki o’g’ildan judo bo’lgan ota-onaning hasratdan keyingi shodligini tasavvur qilish qiyin emas, albatta. Yangi tug’ilgan o’g’ilga Ziyovuddin Yusuf deb nom qo’yishadi. 1486 yil Abdurahmon Jomiy xonadonida to’rtinchi o’g’il tug’iladi. Unga Zahiriddin Iso deb nom beriladi. Qarangki, u ham uzoq yasholmaydi. Shoir birgina o’g’il – Ziyovuddin Yusuf bilan qoladi.

Ziyovuddin Yusuf to’rt yoshda ekan, shoir unga atab 1481 yilda bir pandnoma yozib, uni “Tuhfat ul-asror” asariga kiritadi. So’ng farzandiga murojaat tarzida yana ikki pandnoma yaratadi. Ular bugun ham ta’lim-tarbiyaviy ahamiyatini aytarli boy bergani yo’q.

3

Abdurahmon Jomiy serqirra va sermahsul iste’dod sohibi. Ilmda uning asarlari soni ellikdan ortiqligi qayd etilgan. Jomiy mumtoz she’riyatning g’azal, ruboiy, qit’a va boshqa janrlarida ilhom bilan ijod qilgan. Ishq, irfon, komillik g’oyalarini u yangicha munosabat, yangicha ohang va bo’yoqlarda tasvirlab bergan. “Mening she’rim, – deydi u, – ishq azobi va qon yutishning bayonidir. G’azal devoni emas ular, mening qilgan ishlarim, chekkan g’am g’ussalarim”.

She’ri man Jomy, bayoni ishqu xun xo’rdan buvad,
In na devoni g’azal, devoni a’moli man ast.

Shoirning qalb holati, iztirob harorati, shaxsiy fazilatlari she’rda nechog’lik yorqinroq aksini topsa, samimiyat o’shancha ortadi. Shoir hamma narsaga inontirsa-yu, samimiyatga, xususan, dard va iztirob samimiyligiga inontirib bilmasa, qilgan mehnati besamar. An’anaviy yo’lda ijod qilishning qaltis jihatlaridan biri ana shu. Qaysi lirik janrda qalam yuritmasin, Jomiy buni hisobga olgan. Shuning uchun fors-tojik she’riyati Jomiy tajribalari timsolida soddalik va samimiyatning yangi marralarini ishg’ol aylagan edi deyish mumkin.

Hayot fayzi, umrning sir-asrori, ishq hikmati, oshiqlik g’am-azobi, ma’shuqaning nozu itobi, orifning sukuti, g’aribning hasrati, faqirning shavqi, yulduzlarning charaqlashi, g’urubning mahzunligi, tunning shukuhi, samovotning cheksizligi – bularning barisi she’r. Turfa ko’zli buloqlarning shildirashi, dengizlarning sokin shovullashi, shamollarning qo’shig’i, yaproqlar va gullarning o’pishishi, bulbullarning nolasi – bu musiqa. Vahdati vujud ta’limotiga tayanib Jomiy ana shu haqiqat, manzara va musiqalarni inson ruhi, qalbi, tafakkur sirlarini ochishga xizmat qildiradi. Avomga maqbul, olomon saviyasiga muvofiq tushadigan she’rni u sust va xom she’r deb hisoblagan:

She’r, k-aftod qabuli xotiri om,
Xos donad, ki sust boshadu xom.

G’azal, ruboiy, qit’a, tarji’band, tarkibband janridagi she’rlari Jomiyning lirik salohiyatini namoyish etgan bo’lsa, dostonlari epik mahoratini ko’rsatgan. “Tuhfat ul-ahror” (“Xayrli kishilar tuhfasi”), “Sibhat ul-abror” (“Yaxshilar tasbihi”), “Yusuf va Zulayxo”, “Layli va Majnun”, “Xiradnomai Iskandar”, “Solomon va Absol”, “Silsilat uz-zahab” singari asarlarida falsafa, axloq, ishq, irfon va tasavvuf, jamiyat va siyosat, shaxs erki va saltanat singari masalalardan bahs yuritilgan. Keyinchalik ular “Haft avrang” (“Etti taxt”) nomi ostida birlashtirilib shuhrat tutgan.

Jomiyning nasrda yozilgan asarlari orasida “Bahoriston” va “Nafahot ul-uns” kitoblari doimo kuchli ishtiyoq bilan o’qib-o’rganilganini ta’kidlash lozim. Jomiy “Risolai aruz”, “Risolai qofiya”, “Risolai musiqa”, “Sharhi ruboiyot” kabi bir necha ilmiy risolalarning ham muallifi. Bularning har biri uchun Jomiy zahmat chekkan, ko’z nurini sarflagan. Tabiiyki, har birida bir ixtironi ko’zlagan.

4

Bashariyat qadim Sharqdan har qancha minnatdor bo’lsa arziydi. Sharq barcha buyuk dinlarga beshik. Jahondagi eng muhtasham madaniyat, ilm-fan koshonalari dastlab Sharqda bino etilgan. Adabiyot, san’at, musiqa orqali o’zni tanishni inson ilk bora mashriqzaminda amalga oshirgan.

Xullas, aytsa-aytgulik haqiqat va hodisotlar ko’p. Ularga erishish qanday kechgan? Deyarli birortasi ham yengil va oson bo’lmagan. Hammasining ortida mashaqqat, fidoiylik, azob-uqubat va shijoat yashirindir.

Ma’lumki, Sharq olamida toju taxt, ijtimoiy-siyosiy jangu jadallardan tashqari, mazhab, tariqat olishuvlari ham quloch yozgan. Bular ham yetmaganidek, olimu ulamolar o’zaro masala talashishgan: ba’zan yakka holda, ko’pincha guruh-guruh bo’lib nayzabozlik qilingan.

Imom G’azzoliy hazratlari islom olamining faxru iftixori maqomiga yuksalib, jahonga dovrug’ taratgan alloma. Biroq ul zotning g’oyatda keskinlik va murosasizlik bilan Forobiy va Ibn Sinoni qoralashlarini anglash baribir qiyin. Xuddi shuningdek, Ibn Rushdning G’azzoliy tanqidiga qaratilgan so’zlaridan taajjublanmaslikning hech iloji yo’q. Fikr-qarashlari din, shariat, siyosat “tarozu”siga to’g’ri kelmay qolgan mutasavvif, shoir, olimlarni kufr va isyonda ayblash Sharqning aytarli barcha o’lkalarida bir urf tusini olgan. Boyazid Bistomiy, Ibn Sino, Ibn Arabiy, Nasimiy… Bular kabi yuzlab buyuk siymolarning ismi sharifiga “kofir” tamg’asi bosilgan. Holbuki, ularning har biri insoniyatning bilimdon, hurfikrli farzandlari edi. Qilich va miltiqqa ochiq qo’lni qurol o’laroq qarshi ko’tarib bo’lmaganidek, jaholat, gumrohlik va yovuzlik balo-qazolarini faqat ilm yo ma’rifat bilan yengmoq dushvordir. Hayvon gulshanni bosib, yanchib toptagani singari ilmsizlik, nodonlik irfon bo’stonini payhon etadi. Ahmad Yassaviy bejiz:

Nodonlardan qochib yer ostiga kirdim mano,

demagan. Yomonlik va jaholatga qarshi turishda Abdurahmon Jomiy nisbatan o’zgacha yo’l tanlagan. Avvalo shuni qayd etmoq joizki, Jomiy birov to’g’risida nohaq so’z aytmagan, dushmanlik, xusumat kayfiyatini umrida ko’ngliga yo’latmagan. Boz ustiga, yuqorida eslatilganidek, g’animlik, adovat o’chog’i bo’lmish amaldorlik muhitiga umuman qadam qo’ymagan. Aslida bunday odamda dushman va dushmanlik bo’lmasligi kerak. El-yurt taqdiriga kuyingan, dinu diyonat, ilmu ma’rifat degan har bir kishi u shohmi, gadomi, olim yo ijodkormi – barcha-barchasi Jomiy qarshisida ta’zimga bosh eggan. Va buni o’zi uchun zo’r sharaf bilgan. Jomiy oddiy, beg’araz, samimiy, mehnatkash va iqtidorli odamlarni ko’ngliga nechog’lik yaqin olsa, hirsu havoga qul mansabdor, ong va idroki qurib-qaqshagan dindor, riyokor so’fiy, talantsiz, biroq ashaddiy xudbin va shuhratparast shoiru ulamolardan o’zini o’shancha yiroq tutardi. Navoiy uchun Jomiyni, Jomiy uchun Navoiyni yomon ko’rib, goh oshkora, goh pinhona ig’vo, fitna, tuhmat to’qiydiganlar esa qanchadan-qancha edi. Ulardan ba’zilarining “tabarruk” nomlari hatto ixcham shakldagi she’rlarda ham ochiq tilga olingan. Eski bayozlardan biriga kiritilgan mana bu ruboiyni o’qing:

Kohiyu G’izoly on du loya’qili mast,
Dar g’aybati Jomiyu Navoy zada dast,
Dar dahr kase ba misli eshon naguzasht,
Kohy, chu xas astu ham G’izoly chu sag ast.

Mazmuni: Kohiyu G’izoliy Jomiy va Navoiyga g’aybat qo’lini cho’zgan ikki aqlsiz mastdir. Dunyoda ularga o’xshaydigan biror kimsa o’tgan emas. Kohiy bamisoli bir xas bo’lsa, G’izoliy bir itdir.

Navoiy va Jomiyga tish qayragan, tashlanishga qulay vaziyat poylaydigan bunday kimsalar shoir, olim, davlat odamlari orasida oz emasdi. Jomiy Samarqandda bo’lgan paytida bir necha ulamolar uni kofir deb e’lon qilish talabini o’rtaga tashlashgan. Asarlaridagi ba’zi tushunchalarni ilib olib, Jomiyni kimlardir shia mazhabiga yon berishda, shialik vakillari uni o’z mazhablarining dushmani deya tanitishga urinishgan. Lekin Jomiyning panjasiga panja urish, Jomiyni taslim aylash – bu hazilakam ish bo’lmagan. Ig’vo tashabbuskorlariga shoirning she’riy javobi mana bunday edi:

Ey mug’bachai dahr, bideh jomi mayam,
K-omad zi nizoi sheavu suny qayam.
Guyand, ki Jomiyo, chi mazhab dori?
Sad shukr, ki sagi sunniyu xari shei nayam.

Mazmuni: Ey dahr mug’bachasi, jomi mayimni uzatgil. Shiavu sunniy janjalidan bezor bo’ldim. Agar “Jomiy, sen qaysi mazhabdasan?” deb so’rasalar, ayturman: “Yuz shukrki, sunniy iti, shianing eshagi emasman”.

Shoir 1472 yilda Hijozga safar qilganida “Silsilat uz-zahab” dostonidagi ba’zi baytlarni dastak qilib, Bag’doddagi muhtasham bir madrasada o’tkazilgan yig’inda uni savol-so’roqqa tutadilar. Biroq hech nima natijaga erisholmaydilar. “Nogahon meni rafzga (shiaga) nisbat bermasinlar deya Xuroson sunniylaridan qo’rqardim. Lekin Bag’dodda ravofizning jafosiga yo’liqishni qayondan bilibmiz”, degan ekan o’shanda Jomiy. Lekin bundan-da qabih va dahshatli hodisalar bo’lishi Mavlononing tushiga ham kirmagandir.

Jomiy 1492 yil noyabr` oyida 78 yoshida hayotdan ko’z yumadi. Bunday ulug’ va betimsol zotlarning vafoti – hayotdagi eng og’ir ayriliq, ulkan yo’qotishdir. Jomiy singari shaxslarning qabriga jasad bilan birga boshqa hech qachon topib, hech vaqt qaytarib bo’lmas ma’no va tafakkur maxzani ham dafn etiladi. Ularning hayotdagi o’rni ham, ma’naviy mavqei ham o’lgan kunidan boshlab g’oyatda aniq bilinadi. Chunki ular yetgan tafakkur yuksakligiga o’zga birov yetolmaydi, ular qilgan ishni ayni tarzda boshqa birov eplolmaydi. Hirot Hirot bo’lib Jomiynikiday buyuk hijron ma’rakasini kam ko’rgan bo’lsa kerak. Alisher Navoiyning yozishicha, Xurosonu Hirot ahli butun yil mobaynida motam tutadi. So’ng yil oshi beriladi. Bu ma’rakaga ham Husayn Boyqaro bosh bo’lib, uni e’zozu ehtirom ila o’tkazadi. Qabr boshida hashamatli maqbara qurilib, maxsus xodimlar tayinlanadi. 1510 yil Ismoil Safaviy qo’shinlari Hirotga bostirib kirishadi. Bosqin nishonlaridan biri Hazrati Jomiy qabri edi.

“Ismoil Safaviyning ulug’ shoir Mavlono Abdurahmon Jomiyga nisbatan ko’rsatgan behurmatligini, – deb yozadi akademik shoir G’afur G’ulom, – adabiyot tarixi hali ham unutmaydi… Shoh Ismoil: “Agar Hirot mening qo’limga kirsa, Jomiyni tiriklayin tutolsam, o’tda kuydiraman, o’lgan bo’lsa go’ridan chiqarib, ustuxonlarini kuydiraman”, – degan edi. Ismoilning bu qasamidan hirotliklar xabardor edi. Safaviy Hirotni egallamasdan burun Jomiyning o’g’li Ziyovuddin Yusuf boshliq bir necha muxlislari Jomiyni va ustozi Sa’diddin Koshg’ariyning so’ngaklarini go’rdan qazib chiqarib, dushman qo’li yetmaydigan xoliroq bir joyga eltib, yashirincha, vaqtincha ko’mgan edilar”.

Jasad topilmasa ham shoir maqbarasiga baribir o’t qo’yilgandi. Bu voqeaga shohid Zayniddin Vosifiyning yozishicha, Safaviy askarlari boshchiligidagi qariyb o’n ming kishi mozor tomon yurishadi. O’sha atrofdan qancha taxta, eshik, kursi, o’tin topgan bo’lsalar, barini Jomiy qabri ustiga tashlab, so’ng yoqib yuboradilar. Bu vahshiylikni izohlashga hojat yo’q, albatta. Biroq bir qator og’riqli savollarga javob topging keladi. Bu dunyoda o’zi qanday yashash kerak? Nega buyuk Shaxslarning qismati kulfat, g’am-g’ussa bilan limmo-lim to’la? Odam Atodan boshlab payg’ambarlar va din ulug’larining boshlariga kelgan falokatlarni xotirlang: Hazrati Odam jannat ne’matlaridan mahrum etilgan; Ibrohim Xalilullohga o’g’lining boshini kesish amr qilingan; Ya’qub alayhissalom o’g’lidan ajralib achchiq-achchiq ko’z yosh to’kkan; Hazrati Yusuf quduq ichida balolarga giriftor bo’lgan; Muhammad alayhissalomning oyoqlari Toifda qonga belanib, Uhud kuni tishlari sindirilgan; Abu Bakr zaharlab o’ldirilgan; Umar shahid etilgan; Qur’oni karimni jamlagan Usmon tolei ham shunday bo’lgan; Hazrati Ali qilich zarbidan o’lgan; Hasan zaharlanib, Husaynning boshi kesilgan… Nechun bunday? Olloh haqiqatda ham sevgan bandalariga qayg’u va jafoni ravo ko’radimi? Mutasavviflarga ko’ra, “Olloh so’ngsiz lutf sohibi bo’lganligi bois, yomonlik undan emas, ashyodan yuzaga keladi. Inoyat Ollohning insonlarni yomonlikdan muhofaza etishdagi lutfidir. Bizni yaxshilik va mukammallikka yo’naltiradigan – bu yomonlikning muvjudligi.
Mavlono Jaloliddin Rumiy muammoni yanada oydinlashtirib, butun mas’uliyatni inson zimmasiga yuklaydi:

Olam az mo hast shud n-ye mo az o’
Boda az mo mast shud n-ye mo az o’.

Mazmuni: Olam bizdan paydo bo’ldi, biz undan emas. Boda bizdan mast bo’ldi, biz undan emas.

Darhaqiqat, inson har narsa uchun o’lchov va mezondir. U o’zgartiradi, tahlil qiladi, hukm yuritadi, hakamlik etadi, nigohdan o’tkazadi, muhofaza aylaydi. Bir-birovini e’zozlab, madh qilgan ham udir, tahqirlab, qiynagan ham u. Rang, ohang, shodlik, tanazzul va taraqqiyot, fikr va xayol, umid va umidsizlik – hammasi inson olami. Inson ma’no va mohiyatdir. Jomiy ijodiyotida rang-barang shakllarda teran yoritilgan bosh haqiqat ham xuddi shu.

Payi on rav, ki orifi ma’nist,
Mardi orif ba do’sty avlist.

Abdurahmon Jomiy hayoti va ijodiyoti dunyoning qator mamlakatlarida ko’plab olimlar tomonidan o’rganilgan, asarlaridan namunalar G’arb va Sharqning turli tillariga tarjima qilingan. Jomiyshunoslik ayniqsa XX asrda Rossiya, Eron, Tojikiston, Ozarbayjonda ancha taraqqiy topgan. Bu o’rinda YE.E.Bertel`s, A.Hikmat, A.Mirzaev, A.Nasriddinov, A.Afsahzod, M.Rajabov, A.Sattorov, A.Guliev kabi rus, eron, tojik va ozar olimlarining tadqiqotlarini eslatib o’tish mumkin. Jomiyshunoslik bo’yicha O’zbekistonda ham bir qancha xayrli ishlar amalga oshirilgan. Abdurahmon Jomiy ijodiyoti muhiblari taniqli olimlar P.Shamsiev, SH.Shomuhamedov, A.Hayitmetov, A.Qayumov, N.Mallaev, B.Valixo’jaev, R.Vohidov, S.G’anieva, H.Homidiy va boshqalarning maqola, risolalaridan, shuningdek, alohida ilmiy to’plamlardan yaxshi xabardordirlar, deb o’ylaymiz. O’zbek kitobxoni necha o’n yillardan buyon Jomiy adabiy merosidan saralangan lirik she’rlar, ayrim doston (ba’zilari parcha holida) va nasriy asarlarni ona tilida o’qishga muvaffaq bo’lishgan.

Hazrat Jomiyning ma’no duru gavharlari bilan to’lib-toshgan ijod xazinasi bizga nechog’lik qadrli bo’lsa, uning Alisher Navoiy bilan do’stligi, ustoz-shogirdligi shu darajada e’tiborli va ehtiromlidir. Bu – xalqlar, adabiyotlar, ilm-fan, madaniyatlar tarixida nihoyatda siyrak uchraydigan hodisa. Jomiy va Navoiyga o’xshab dunyoqarashi – dunyoqarashiga, shaxsiyati – shaxsiyatiga, maslagi – maslagiga bog’lanib, ijodiyoti va mahorati o’zaro uyg’unlik kasb etgan ikki millat, ikki adabiyot vakilini tasavvurga keltirish qiyin. Asarlarida Navoiy Jomiy ta’rifida, Jomiy Navoiy madhida so’z yuritar ekan, ularning har ikkalasi ham go’yo bir tafakkur iqlimida nafas olib, bir dard va shodlik gulshanida kezib ulug’ iste’dod, mislsiz badiiy ixtirolarni sharaflayotganga o’xshaydi. Navoiyning Jomiyga, Jomiyning Navoiyga qalb yaqinligi, mehr-muhabbati, ishonchi qanday bo’lgan bo’lsa, daxl etmasdan ularga xuddi o’shandoq o’rganish, bir yoqlama, mayda yoki havoyi fikr-qarashlardan qutulib, haqiqatni so’zlash lozim. Jomiy ijodiyotini o’qib-o’rganmay, Navoiy sha’niga madhiya to’qish tarixiy, hayotiy, badiiy haqiqatga qanchalik zid bo’lsa, Navoiy dahosining kuch-quvvtini his qilmay, ijodiyotining mohiyat olamiga kirib bormay Jomiyning Navoiyga ta’siri xususida mubohasa boshlash shunchalik bema’nilikdir. Biz istaymizmi, istamaymizmi, Navoiy Jomiyga, Jomiy Navoiyga behad yaqin – shaxsiyatda ham, ijodiyotda ham. Bunga iqror bo’lish uchun fahm-farosati joyida kishiga birgina kitob – “Xamsat ul-mutahayyirin”ni o’qib, mag’zini anglashga erishmoq kifoya.

Ilm-ma’rifatli xalq kimni sevish, kimlarga ishonish, nimani ardoqlash, nimaga intilishni bilishda unchalik xato qilmaydi. Abdurahmon Jomiyning ilmiy-adabiy merosi qadim-qadimdan o’zbek xalqini qiziqtirgan, o’qib-o’rganishga ishtiyoq uyg’otib kelgan. O’n beshinchi va undan keyingi asrlarda adabiyotda nom qozongan biror bir shoirimiz yo’qki, Jomiy she’riyat maktabidan saboq olmagan bo’lsin. Bu – to’xtab qolmaydigan jarayon. Bu – mahdudlik, yakravlik, har turli tovlamachilikdan hamisha g’olib chiqadigan intilish. Xullas, Hazrat Jomiyning “Jahonda kitobdin yaxshi yor bo’lmas”, degan gaplari yana bir karra tasdig’ini topar, deb umid qilamiz.

i_027.jpgALISHER NAVOIY
MARSIYAI HAZRATI MAXDUM

067

1. Har dam az anҷumani charx ҷafoye digar ast,
Har yak az anҷumi ӯ dog‘i baloye digar ast.

2.Rӯzu shabro, ki kabud ast siyah ҷoma dar ӯ,
Shab azoye digaru rӯz azoye digar ast.

3.Balki har lahza azoyest, ki az dashti adam
Har dam az xayli aҷal gardi fanoye digar ast.

4.Hast motamkadai dahr, ki az har tarafash
Dudi ohi digaru nolai voye digar ast.

5.Ohi ӯ hast ba dil tiragӣ afzoyanda,
Voi ӯ niz ba ҷon ya’sfizoye digar ast.

6.Guli in bog‘, ki sadpora zi motamzadagist,
Har yake sӯxtai ҷoma qaboye digar ast.

7.Obi ӯ zahru havoyash mutaaffin, chӣ aҷab,
Ki dar in marhala har rӯz vaboye digar ast.

8.Ahli dil mayl sӯi gulshani quds ar dorand,
Hast az on rӯ, ki dar ӯ obu havoye digar ast.

9.Nazdi arbobi yaqin dori fano ҷoye nest,
Vatani aslii in toifa ҷoye digar ast.

10.3-on sabab masti mai ҷomi azal orifi Ҷom,
Sarxush az dori fano sӯi Vatan kard xirom.

11.Ey harimi harami qurbi ilohӣ ҷoyat,
Tarafi ҷannati Firdavs, kuҷo parvoyat.

12.Chun shudӣ az harami mulk ba sayri malakut,
Bud dar anҷumani xayli malak g‘avg‘oyat.

13.Tӯtiyoni harami quds ba dil mushtoqat,
Bulbuloni chamani uns ba ҷon shaydoyat.

14.Simyokori qazo mehr digar dod tulӯ’,
Charxro az asari ravshanii simoyat.

15.Nӯh falak charxzanon omada bar atrofat,
Buda gӯyo ba sari har yak az on savdoyat.

16.Shӯr dar olami arvoh biyaftod az on,
Ki navisand ba ҷon nuktai ruhafzoyat.

17.Ruhi aqtob rasidand ba istiqbolat,
Ҷoni avtod fitodand ba xoki poyat.

18.Dast bar dast rabudand turo to ҷoye,
Ki dar in g‘amkada ham xostӣ onro royat.

19.Tu shudӣ vosili maqsudi haqiqiyu bimond
To qiyomat ba ҷahon shevanu vovayloyat.

20.Dar firoqi tu g‘amin mond dili g‘amzadagon,
Tira z-in gӯshai motamzada motamzadagon.

21.Tu biraftiyu dili xalqi ҷahon zor bimond,
To qiyomat ba firoqi tu giriftor bimond.

22.3-otashi ohi dili sӯxtagon to ba abad,
Dudho dar xumi in gunbadi davvor bimond.

23.Ahli tavhid, ki be murshidi komil gashtand,
Sadashon mushkili halnoshuda dar kor bimond.

24.Solikonro, ki kamol az tu rasidӣ ba suluk,
Aҷzho dar ravishu nuqs ba atvor bimond.

25.Umaroro, ki shudӣ mash’ali mehr az tu munir,
Tira shud mash’alu to hashr shabi tor bimond.

26.Sad xalal rah ba din yoft, ki dindoronro,
Subha bishkastu ba kaf rishtai zunnor bimond.

27.Sirri Haq raft pasi pardai kitmon, ki zi ashk,
Ba gilandudai dar maxzani asror bimond.

28.Na ki sad xori alam dar dili ahror xalid,
Ki dusad bori sitam bar tani abror bimond.

29.Tolibonro ravishi rohi fano raft zi dast,
Har yake dar pasi sad pardai pindor bimond.

30.Chi tazalzul, ki zi favti tu dar ayyom aftod,
3-on tazalzul chi xalalho, ki dar islom aftod.

31.3-in azo dar hama olam na gado mond, na shoh,
Ki kashidand ba sugi tu dusad nolavu oh.

32.Abrson, giryakunon, na’razanon soya fikand
Bar sari na’shi tu xurshedi karam zilli Iloh.

33.Gar muyassar shudiyash na’sh kashidӣ bar dӯsh
Chun mani sӯxtadil, ҷonibi madfan hama roh.

34.Shahriyoroni ҷahon chok zada ҷoma ba tan,
Peshi tobuti tu pӯyanda ba ahvoli taboh.

35.Sarbalandoni zamon dar tahi na’shat shudaast
Hama giryonu kashon, bori tu bo pushti dutoh.

36.Shuda har poyai mahdi tu ba dӯshi yak qutb,
Lek har chor shuda nudbagaru «vo asafo!»

37.Olamero ba sӯi olami digar burdand
Natavon ҷuz ba chunin borkashonӣ ogoh.

38.Chaza’ӣ akbarӣ aftod, ki bo in hama chashm
Charxi gardun natavonist, bad-on sӯy nigoh.

39.Garchi shomi tu shud az nur chu mahtob safed,
Hech kas lek nadidast chunon rӯzi siyoh.

40.Ba namozat, ki hazoron zi bashar payvastand,
Sad hazoron zi maloik ba havo saf bastand.

41.Hama burdand ba afg‘onu dili chok turo,
Ҷoy kardand, chu ganҷye ba dili xok turo.

42.Xayli arbobi irodat hamaro chok ba dil,
Har yake xost kashidan ba dili chok turo.

43.Sari pokoni ҷahon budӣ, az on Ezidi pok
Pok ovardu digar burd hamon pok turo.

44.G‘arqai bahri visole, ki ba chashmi himmat
Ravza chun gulshanu tӯbist zi xoshok turo.

45.Rӯhi pokat chu ba boloi nӯhum charx shitoft,
3-in ki tan zeri zamin raft kuҷo bok turo?

46.Hama pokoni ҷahonro ba tani pok rasid,
On chi bar paykari pok omad az aflok turo.

47.Chun tu ganҷye, ki falak dosht nihon kard ba xok,
Na pai hifz, ki az g‘oyati imsok turo.

48.Aqli kull budӣ az idroki maonӣ z-on rӯ,
Natavonad, ki taaqqul kunad idrok turo.

49.Qismi yoron zi tu gar zoriyu g‘amnokӣ shud,
Lek zore nabuvad chun mani g‘amnok turo.

50.Zada saf xayli maloik, ki baroyad Maxdum,
Muxlisonro makun az didani rӯyat mahrum.

51.Dӯston, dar hama fan nodirai olam ku?
Afzalu a’lami avlodi banӣ odam ku?

52.Dar biyoboni tamanno-sh xaloiq murdand,
Ba davoi hama on Xizri Masihodam ku?

53.Dili as’hob shud az teg‘i firokash sad zaxm,
On, ki budӣ ba hama xulqi xushash marham ku?

54.Huҷra xoliyu pareshon shuda avroqu kutub,
Sohibi huҷra kuҷo, nozimi onho ham ku?

55.Dar saro nest ba ҷuz xudkushii g‘amzadagon,
On, ki taskin dihad inrovu xӯrad shon g‘am ku?

56.Xoma rӯ karda siyah, sinai xudro zada chok,
Ki xudovandi man on, bar ulamo a’lam ku?

57.Dar Xuroson natavon guft, ki kas xurram nest,
Kas, ki dar rӯi zamin yoft shavad, xurram ku?

58.Na ki dar xonaqahi zuhd fitod in motam,
Dar xaroboti fano niz ba ҷuz motam ku?

59.Guzarondan ba fano ahd kunam boqii umr,
K-andar in dayri kӯhan ahdi baqo mahkam ku?

60.Ishqbozon zi g‘am otash ba dil afrӯxtaand,
Ҷongudozon ham az in otashi dil sӯxtaand.

61.Ey, ki dar pesh giriftӣ safari duru daroz,
Ki bad-in nav’ safar har ki bishud, n-omad boz.

62.Na ki az nӯgi qalam boz bubastӣ rahi sehr,
Balki az bandi zabon burdӣ az ofoq e’ҷoz!

63.Nafasi qudsiyat az kas natavon yoft digar,
Vahyro ba’di nabӣ z-on ki nashud kas mumtoz.

64.Shohro mond ba ҷon z-otashi hiҷroni tu sӯz,
Bandaro dar dili sadpora zi dog‘i tu gudoz.

65.Na shahu banda ki to rӯzi qiyomat dar dahr
Har ki boshad, buvad az motami tu navha tiroz.

66.Garchi rӯ dar tutuqi vasl nuhuftӣ, ki shavӣ,
To abad ҷilvakunon dar harami izzatu noz.

67.Madad az rӯhi puranvori xudat niz rason,
Ki xaroband zi haҷri tu base ahli niyoz.

68.Har ki sad qarn bimonad ba ҷahon, ham ba fusun,
Biraboyad ҷahonash falaki shӯ’badaboz.

69.Ey rafiqon, hamaro oqibati kor inast,
Fikri anҷom kase beh, ki kunad az og‘oz.

70.Shohi ma’niro gar surate aftod chunin,
Bod to hashr shahi suratu ma’nӣ omin!

MAXDUM HAZRAT (VAFOTI)GA MARSIYA
Mazmuniy tarjima
067

1. Har dam osmon anjumanidan yangi bir jafo keladi,
uning har bir yulduzi yangi bir baloning dog‘idir.

2. Kunduz va kech uning kiyimi ko‘k va qoradir,
kechasi boshqa aza va kunduzi boshqa azadir.

3. Balki har lahza yo‘qlik dashtidan aza keladi,
har dam ajal guruhidan yangi bir fano gardi keladi.

4. Dunyo bir motamxonadirki, uning har tarafidan,
boshqa bir ohning dudi va boshqa nolayu voy keladi.

5. Uning ohi dilga qorong‘ulik orttiradi,
nolayu voyi jonga yangi qayg‘u soladi.

6. Bu bog‘ning guli motamzadalikdan yuz pora bo‘ldi,
har birining libosi kuygan, boshqasining esa to‘ni(kuyadi).

7. (Bu bog‘ning) suvi zahar, havosi badbo‘y, ne ajabki,
bu manzilda har kun boshqa vabo bo‘ladi.

8. Dil ahllari poklik gulshani tomon (ketmoq) istadilar,
chunki u yerda obi havo boshqachadir.

9. E’tiqod egalari nazdida bu o‘tkinchi dunyo
joy emas, bu toifaning asli joni boshqa yerdadir.

10. Shu sababli azal mayining masti jomlik orif,
sarxushlik bilan fano saroyidan (chiqib) vatan tomon ketdi.

11. Ey ilohiy qurb mahramgohi haramidan joy olgan,
sening qiziqishing jannat bog‘i tomon bo‘larmidi?!

12. Yer haramidan malaklar mamlakatiga sayr
qilganingda, malak guruhi anjumaniga g‘avg‘ong tushdi.

13. Poklik harami to‘tilari senga yurakdan
mushtoqlar, do‘stlik chamani bulbullari senga jondan shaydolar.

14. Qazo kimyogari boshqa quyoshni chiqardi,
(zeroki) siymoying ravshanligi osmonga ta’sir qildi.

15. To‘qqiz falak charx urib atrofingga kelishdi,
go‘yo har birining boshida sening savdoying bor edi.

16. Arvohlar olamiga shuning uchun (ham) g‘avg‘o tushdiki,
ruhparvar nozik fikrlaringni jon bilan yozsinlar.

17. Qutblar ruhi istiqbolingga kelishdi,
avtodlar joni xoki poyingga yig‘ilishdi.

18. Seni qo‘lma-qo‘l (qilib) shunday bir joyga olib borishdiki,
bu g‘am makonida ham u joyni xohlar eding.

19. Sen haqiqiy maqsadga erishding,
(lekin) qiyomatgacha jahonda dodu faryoding qoldi.

20. Sening firoqingda g‘amzadalar dili g‘amgin qoldi,
shuning uchun motamzadalar motamxonasining burchaklari zulmatda qoldi.

21. Sen ketdingu jahon xalqining dili zor qoldi,
qiyomatgacha firoqingga giriftor qoldi.

22. To abad kuyganlar dilining ohidan,
bu aylanuvchi gumbaz xumida tutunlar qoldi.

23. Haqiqatga yetishmoqchi bo‘lganlar komil murshidsiz qoldi,
(ularning) yuzlarcha mushkullari hal bo‘lmay shundayin qoldi.

24. Xudojo‘ylar sulukiga sendan komillik yetishib turar edi,
ravishlarida ojizligu atvorlarida nuqsonlar qoldi.

25. Sening nuring olimlar uchun dars mash’ali bo‘ldi,
mash’al o‘chdi va qiyomat kunigacha kecha qorong‘u qoldi.

26. Dinga yuz xalal yetishdi va dindorlarning
tasbehi sinib, kaftida zunnor ipi qoldi.

27. Haq sirri pinhon pardasining ortiga yashirinib,
sirlar xazinasi ko‘z yoshi loyi bilan suvalib qoldi.

28. Nainki yuz alam tikani erklilar taniga qadaldi,
(balki) ikki yuz sitam yuki yaxshilar tanida qoldi.

29. Toliblar fano yo‘lining ravishini qo‘ldan.
berdilar, har biri yuz xayol pardasi ortida qoldi.

30. Sening vafoting tufayli davrda ne chog‘liq zilzilalar ro‘y berdi,
u zilziladan islomga qanchalik xalallar yetishdi.

31. Bu azadan hamma olamda na gado qoldi, na shoh,
ular sening motamingda ikki yuzlab nolavu oh chekdilar.

32. Bulutdek o‘kirib, nola tortib,
karam quyoshi — iloh ko‘lankasi tobuting ustiga soya tashladi.

33. Agar muyassar bo‘lsa u ham na’shingni yelkaga olib,
kuygan men kabi mozorgacha hamroh bo‘lar edi.

34. Jahon podshohlari to‘nlarini chok qilib,
tobuting oldida qattiq qayg‘u bilan qadam tashladilar.

35. Jahon mag‘rurlari tobuting ostida past bo‘lib,
hammalari yig‘lab, sening yukingni bukchayganicha eltib bordilar.

36. Tobuting har poyasi bir ulug‘ zot (qutb) yelkasida,
lekin to‘rttovlari ham «afsus» deya dod solib yig‘ladilar.

37. Bir olamni boshqa bir olamga olib borish,
bundayin ogoh yuk tashuvchilardan boshqaga mumkin emas.

38. Ulkan betoqatlik yuz berdiki, shuncha ko‘p ko‘zlar
bilan ham aylanuvchi osmon o‘sha tomonga qaray olmadi.

39. Garchi tuning nur bilan oydindek oppoq esa-da,
lekin hech kim bunday qora tunni ko‘rgan emas edi.

40. Namozingga minglab knshilar to‘plandi,
yuz minglab malaklar havoda saf tortdilar.

41. Hamma fig‘on tortib, dilini chok qilib, seni olib
bordilar, tuproq ko‘ksiga xazinadek seni joyladilar.

42. Muridlar guruhidagi hammaning dili chok,
har biri seni shu chok bo‘lgan diliga tortmoqchi bo‘ldi.

43. Jahon poklarining boshlig‘i eding, shuning uchun (ham) pok Tangri,
pok (qilib) yaratdi seni-yu, yana pok olib ketdi.

44. Visol daryosiga cho‘mding, himmat ko‘zida
senga jannat — gulxanu tubi (daraxti) bir xashakdek tuyuladi.

45. Sening pok ruhing to‘qqizinchi osmonga shoshildi,
binobarin, taning yer ostida qolsa, senga nezarar?

46. Hamma jahon poklarining pok taniga,
sening pok taningga osmondan yetishgan (narsalar) yetishdi.

47. Falak sen kabi nodir xazinadan bahra olish uchun emas,
balki seni yaxshi saqlash uchun tuproqqa yashirdi.

48. Ma’nolarni idrok etishlikda sen aqli raso eding,
shuning uchun idrok sen haqingda aql yurita olmaydi.

49. Garchi yoronlar qismati senga zorlnk va (qayg‘ungda) g‘amginlik ekan,
lekin men g‘amgindek, biror zor bo‘lmasa kerak.

50. Ulug‘lar Maxdum keladilar, deb saf tortishdi,
muxlislarni yuzingni ko‘rishdan mahrum qilma.

51. Do‘stlar, hamma fanda olam yagonasi qani?
odam bolalari jinsidan eng afzali, eng so‘zga chechani qani?

52. Orzusi biyoboinda xaloyiq halok bo‘ldi,
hammaning davosi bo‘lgan Masiho nafasli Xizr qani?

53. Do‘stlarning dili firoqing tig‘idan yuz yara bo‘ldi,
yaxshi xulqi hammaga malham bo‘lgan (odam) qani?

54. Hujra bo‘sh va kitob varaqlari to‘zib qoldi,
hujra egasi qani? Ularga qarovchi qani?

55. G‘amzadalar boshida o‘zini o‘ldirishdan boshqa fikr yo‘q.
ularga taskin beruvchi va bularga g‘amkashlik qiluvchi qann?

56. Qalam yuzini qora qilib, siynasini chok aylab,
olimlar olimi, bo‘lgan mening egam qani? (deb so‘ramoqda).

57. Xurosonda hech kimni xursand deb bo‘lmaydi,
yer yuzida topilgan kishining xurrami qani?

58. Bu motam faqat zohidlik xonaqohiga tushmadi,
foniylik dunyosida ham motamdan boshqasi qani?

59. Qolgan umrni foniylikda o‘tkazishga ahd qildim,
bu ko‘hna dunyoda boqiylik ahdining mahkamligi qani?

60. Ishqibozlar qayg‘udan dilga o‘t soldilar,
jon fido qiluvchilar ham bu g‘am o‘tidan kuydilar.

61. Ey uzundan-uzoq safarga ravona bo‘lgan,
bu xildagi safarga kimki chiqdi — yana qaytmadi.

62. Nainki qalam uchidagi sehrni yana bog‘lading,
balki til bandi bilan jahondan mo‘’jizani olib ketding.

63. Pok nafasingni boshqa biror kimsadan topib bo‘lmaydi,
chunki payg‘ambardan keyin hech kim vahiy bilan imtiyoz topmadi.

64. Shohning jonida sening hijroning o‘tidan yong‘in qoldi.
Qullarning yuz pora dilida g‘amingdan erib suv bo‘lish qoldi.

65. Na shoh, na qul, balki dunyoda qiyomat kunigacha,
har kim tursa, sening motamingda faryod qiladi.

66. Garchi yuzingni vasl pardasi bilan yashirsang-da,
izzat va noz haramida to abad jilva qilgaysan.

67. Nurlarga to‘la ruhingdan madad yetkazgaysan,
chunki sendan judolikda ko‘p e’tiqod egalari xarobdirlar.

68. Jahonda yuz qarn (asr) yashagan kimsani ham afsun bilan
o‘yin ko‘rsatuvchi falak jahondan uzib oladi.

69. Ey rafiqlar, hammaning ishi oqibati shundaydir,
oxirning fikrini boshdan qilish yaxshidir.

70. Ma’no shohining surati agar shunday bo‘lsa,
qiyomatgacha surat bilan ma’no shohiga omin bo‘lgay!

Alisher Navoiy. Mukammal Asarlar to’Plami. 13-Jild. Majolisun-nafois by Khurshid Davron on Scribd

056

(Tashriflar: umumiy 1 360, bugungi 1)

Izoh qoldiring