Muhammad Shayboniyxon. Bahrul ho’do. Qasida & Ismoil Bekjon. Hidoyat dengizi

044    Шабоний (Муҳаммад Шайбоний)нинг ҳали ўқувчиларимизга унчалик яхши таниш бўлмаган яна бир асари “Баҳрул ҳўдо” (Ҳидоят денгизи) қасидасидир. 1508 йили ўзбек тилида яратилган бу ёзма ёдгорликда шоирнинг диний таълимот бўйича ўзлаштирган билимлари ҳосиласи ва тасаввуфий қарашлари бадиий йўсинда юзага чиққан бўлиб, унда шоир бошидан ўтган воқеалар асносида муаллиф ички кечинмалари ҳам акс этган.

ҲИДОЯТ ДЕНГИЗИ
Исмоил БЕКЖОН
филология фанлари номзоди
091

091 XVI аср боши Ўрта Осиё ва Хуросонда дашти қипчоқлик ўзбеклар давлатига асос солган Муҳаммад Шайбонийхон(в.1510) бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб, ўзбек адабиёти тарихида ғазал, рубоий, туюқ, қасида каби жанрдаги асарлари билан салмоқли мерос қолдирган шоир ҳисобланади. Унинг асли исми Шоҳибек – Шойбек(гоҳида Шоҳбахт) бўлиб, шеърда ўзига улуғ аждоди Шабон (бин Эрсен бин Жўжи бин Чингизхон) номини тахаллус қилиб олган. Шабоний адабий фаолияти ҳақида Рўзбеҳон Исфаҳоний, Муҳаммад Солиҳ, Биноий, Восифий, Бобур, Сом Мирзо, Нисорий, Содиқбек Китобдор ҳамда Ҳерман Вамбери, Фуод Кўпрулузода, В.В. Бартольд, Олим Шарафиддинов, Ҳоди Зариф, Пўлодхон Қаюмий, Акромжон Иброҳимов, Натан Маллаев, Суйима Ғаниева, Акиф Бағиров, Эркин Аҳмадхўжаев, Исмоил Бекжонов, Мирзо Кенжабек сингари шоир ва адабиётшунослар фикр билдиришган. Шабонийдан бизгача ўзбекча ғазаллардан иборат каттагина бир девон, 487 мисра ҳажмидаги “Баҳрул ҳўдо” қасидаси ва бошқа муаллифларнинг достон, тазкира, тарих асарлари орқали яна бир нечта ғазал, туюқ жанрига оид намуналар етиб келган. Бундан ташқари, Шайбонийхон юришларида ҳамроҳлик қилган Рўзбеҳон Исфаҳоний “Меҳмонномайи Бухоро”да таъкидлашича, Шабоний 1509 йил 5 февралида Ғиждувонда тўхтаган пайти битта туркий(ўзбек)ча қасида битган экан. В.В. Бартольд архивини тавсиф этган Н. Туманович маълумотига қараганда, В.В. Бартольд Истанбулда турк олими Фуод Кўпрулузода уйида Шайбонийхоннинг ўз ўғли Темур султонга атаб 1507 йили ёзган диний-тасаввуфий руҳдаги панд-насиҳатлардан иборат ўзбекча асарини кўрган. Аммо, бу асарларнинг тақдири бизга аниқ маълум эмас. Шабоний қаламига мансуб ўзбекча шеърлардан ташкил топган мазкур девон эса туркиялик олим Темурхўжа томонидан лотин алифбосида чоп этилган. Ёш ўзбек олими Мусо Тожибоев ана шу девондаги асарлар устида махсус илмий изланиш олиб бориб, уларнинг ғоявий, бадиий тил хусусиятларини таҳлили бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди. Шунингдек, ана шу девондан бир нечта намуналар Мирзо Кенжабек томонидан кириш сўзи билан таъминланган ҳолда ЎзАС ўқувчилари диққатига ҳам ҳавола этилди.

Шабонийнинг ҳали ўқувчиларимизга унчалик яхши таниш бўлмаган яна бир асари “Баҳрул ҳўдо” (Ҳидоят денгизи) қасидасидир. 1508 йили ўзбек тилида яратилган бу ёзма ёдгорликда шоирнинг диний таълимот бўйича ўзлаштирган билимлари ҳосиласи ва тасаввуфий қарашлари бадиий йўсинда юзага чиққан бўлиб, унда шоир бошидан ўтган воқеалар асносида муаллиф ички кечинмалари ҳам акс этган. Ҳофиз Муҳаммад котиб кўчирган бу асарнинг ягона қўлёзма нусхаси (Лутфий, Отоий, Гадоий каби шоирлар асарларини қамраган мажмуа таркибида) етиб келиб, Лондондаги “Британия музейи кутубхонаси”да 7914 рақами остида сақланади. Бу қўлёзманинг фотонусхаси эса анча йиллар ЎзФА Ҳ. Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти фондида сақланиб, ҳозирда ЎзФАШИ қўлёзмалар фондидан жой олган. “Баҳрул ҳудо” қўлёзма нусхаси ҳақида илк бор Лутфий асарлари устида тадқиқот олиб борган марҳум олим Эркин Аҳмадхўжаев қисқача маълумот берган эди. Э. Аҳмадхўжаев кейинчалик, аниқроғи, 1994 йили “Баҳрул ҳўдо”ни ушбу сатрлар муаллифи билан ҳамкорликда нашрга тайёрлади. Бироқ, асар ҳалигача чоп этилмай, Эркин Аҳмадхўжаев ва камина томонидан ёзилган мухтасар кириш сўзигина “Қалб кўзи” газетаси(1995, февраль)да эълон қилинди, холос.

Шабоний “Баҳрул ҳўдо”да айтишича “саҳли мумтанеъ” услубида битилган бу асар 260 байтдан иборат бўлиб, Шайбонийнинг Бастом, Домғон шаҳарларида турган ҳижрий 914 йили муҳаррам ойи бошида (1508 йил 14 май) туркий Лу йили ўша ерлик тасаввуф шайхлари Абулҳасан Харрақоний, Боязид Бастомийнинг қабрлари зиёрати чоғи ёзилган:

Чун ҳидоят йўлини кўрсатмишам бу шеърда,
Бу қасида оти бўлди ғайбдан “Баҳрул ҳўдо”.

Икки юздур байти дағи олтмиш, они киби
Икки юз олтмиш турур “Баҳрул ҳўдо”ни ҳам сано (1).

Йили Лу йил эди-ю, ойи муҳаррам ойиким,
Ибтидоси ғуррада, пешинда бўлди интиҳо.

Эрди тўққуз юз тақи ўн тўрт ҳижрат вақтидин
Ким, бу гулшан ичра топти булбули табъим наво.

Манзилим ул вақт эди Бастом била Домғонда
Ким, менга қилди мадад арвоҳи поки анбиё.

Пири Харақоний – тариқатнинг имоми Булҳасан,
Барча орифларға султон Боязид ул муқтадо.

Бироқ, 520 мисрадан ташкил топган бу асарнинг котиб томонидан мажмуага 487 мисраси(243 ярим байти) кўчириб ёзилган. Асар Яратгувчи улуғворлигига бағишланган қасида ҳисобланиб, мадҳ жарёнида оллоҳнинг икки оламни қандай вужудга келтирганидан тортиб, тарихий воқеаларгача Шабонийнинг диний-тасаввуфий билим доираси, ички кечинмалари асосида ирфоний қараш, дидактик хулосалар (одоб-ахлоқ, илм ўрганиш аҳамияти, маърифат ва эзгуликка интилиш каби) баён этилади. Қасида қуйидагича ҳамд сўзлари билан бошланган:

Тангрига тил бирла айғил, эй кўнгул, ҳамду сано,
Ким, сипосу шукр лойиқдур анга бемунтаҳо (2).

Барча оламни яратғучи, қадим лам язал (3),
Йўқдин бор қилди бизларни, ҳамулдур ибтидо.

Ҳар неким мавжуд эрур оламда ул берди вужуд –
“Мин ҳазизул-арз ила аужус-самовотил-аъло ”.

Аввалу охир ҳам улдур, зоҳиру ботин ҳам ул,
Андин ўзга фоний ва боқий ўшулдур интиҳо.

Не учун бор қилди олам, не учун йўқ қилди, ул
Ўзи билур ҳикматини, билмадилар анбиё.

Ҳам мушоҳид, ҳам мукошиф билмади зоту сифат
Ким, анинг зоту сифатин ҳеч билмас авлиё.

Деди: “Ла эҳсо сано (5)” тавҳидида “хайрул-башар (6)”,
Ҳамдини мискин Шабоний не қила билгай адо…

Ёзуғимни афв қилғил, эй кариму ламязал,
Умр боринча чу қилдим асру кўп журму хато.

Чун манинг ишим турур ёзмоқ, енгилмоқ, эй карим,
Санга лойиқ не дурур афв, айламак лутфу ато…

Шулардан сўнг Аллоҳнинг яратувчилик қудрати ва Инсоннинг ундан ҳайратга тушишини кўрсатиш мақсадида шоир ана шу қудрат еру кўк жисмлари, яъни, ой, қуёш, юлдузлар кабилар сир-асрорида мужассамлиги, далаларда гул-чечак, лола-ю ёсамин, ям-яшил тол-дарахтлар ўсиши ҳамда қуртдан ипак, қамишдан шакару қанд униши, фаслларнинг тартиб билан алмашунуви, тоғу тош, суву денгиз ажойиботлари, олам яратилишида тўрт унсур – тупроқ, сув, ел ва оловнинг ўрни, улардан ҳар бирининг инсон табиат-мижозига таъсири кабилар ҳам ана шу қудрат маҳсули экани, аммо, еру кўкдаги барча жисму жонзот борлиги бир кун ниҳосига етиб, фақат яратувчигина абадий қолиши, шунинг учун инсон мангуликка дахлдор пок руҳини ўткинчи нарсалардан узоқ, ярамас нарсалардан покроқ тутиши сингари ғоя ва тушунчаларни бадиий услубда тасвирлайди:

Ким қилибтур бу фалакни нўҳ табақ бошдин аёқ,
Ким қилибтур бу малойик тўп-тўла кўклар аро.

Ким қилибтур, фикр қил, кўкнинг юзини ложувард,
Ким қилибтур чарх юзини зарафшон тўп-тўло.

Ким қилибтур ой-куннинг чеҳрасин оламфуруз,
Ким қилибтур юлдузунг ойнасин гетийнамо…

Ким иноят қилди гулга бу либоси лоларанг,
Ҳам яғоч қаддиға ким кийдурди бу яшил қабо.

Ким қилур бу лолаву гули ёсамин ҳар навбаҳор…

Боғнинг амвотини Ийсо каби тиргузди, бил,
Қудратининг пурлигина хуш далиледур сабо.

Кирм(7)дин атлас чиқорди ва қамишдан қанду шакар,
Хурмо чиқарди ёғочдин, гул тикандин боғ аро.

Тош ичинда сурхру лаъли Бадахшон ким қилур,
Баҳр ичинда қатрани ким қилди дурри бобаҳо…

Ким қўшубтур ушбу хоку оташу обу ҳаво…

Ўту ел, тупроқу сув бир ерда қилди имтизож,
Турли санъатларни қилди холиқи арзу само.

Тўрт унсур ҳар бирининг асли аслига кетар,
Ўту ел, тупроқу сувдин ҳеч киши топмас вафо.

Бевафолардин умид тутғон киши ноаҳл эрур,
Ўту ел, тупроқу сув таркибида бўлмас бақо.

Аввали тупроқ эди ҳам охири тупроқ ўлур,
Руҳи покингни айр қилғилу тупроқдин жудо.

Шабоний кейинги бир неча мисраларда Қўръони карим сўзлари ва пайғамбар ҳадисларини келтириш воситасида юқорида айтганимиз фикрлар мазмунига чуқурроқ назар ташлаб, мавзуни бошқа мисоллар асосида ҳам ёритишга ўтади. Оллоҳ ислом пайғамбарини нур сифатида ҳаммадан олдин яратгани, олам яралиши ҳам шу туфайли рўй бергани учун оллоҳи таолонинг бундай ҳикматини ёдга олиб, унга ҳамду сано айтишда давом этади:

Барчадин эрди бурунроқ руҳи поки Мустафо…
Барчани андин яратти ҳазрати раббил-аъло.

Ҳақ таоло барча ашёни яратмасдин бурун,
Бор эди аввалғи руҳи Мустафоий мужтабо…

Олам суратда гар Одамнинг ўғли эрди,
Олим маънида ул эрди бу Одамға ото…

Оллоҳ ҳамдидан сўнг одатдагича ислом пайғамбари наъти келади ва Шабоний дилидаги бу олқиш ва васфлар шоир тилида қуйидагича янграйди:

Юз салоту, юз салом айсақ нисори Мустафо,
Субҳу шом қилсақ дуруд ила дуойи Муртазо.

Шаръ илан тузди халойиқни тариқат йўлида
Ким, ҳақиқатни қилиб айнул-яқин ул муқтадо.

Илм баҳринда ниҳоятсиз анга фазлу камол,
Мазҳари лутфу карамдур, маъдани сидқу-сафо.

Ойни икки ёр дедилар куфр аҳли на учун
Ким, сенинг шаръингда мункирга бўлур икки гуво(ҳ).

Фахр учун Ҳақ икки оламда ани қилди ҳабиб,
Осийларнинг дардига маҳшар куни улдур шифо…

Ул табиби иллати исён ки сиҳҳат бобида,
Ондин олур Бу Али гар бўлса “Қонун”, “Шифо”…
.
Шабоний мазкур сатрлардан сўнг ўқувчи учун Меърож воқеасини оят ва ҳадислар асосида ўз тили билан ҳикоя қилишга киришиб, яна бир бор яратувчи қудратидан сўз юритади:

Ул набиким, етти кўк устида чун қўйди қадам,
Дедилар куррубийлар “аҳлан ва саҳлан, марҳабо”.

Кўз юмуб очғунча раҳбари икки олам сайр этар,
Бўлмади ҳаргиз ҳижоби бу самак(8)дин то само.

Етти ул ерга ки, деди у, дўнуб Жабройил:
-Гар билурсен манзилин, ўқу ўшул “суммадно (9)”.

Аршнинг тубинда меърож кечаси кўрди расул,
Мавж урғон бир улуғ дарёйи азим босафо.

Тўб-тўла кўрди малойик мавж узра фавж-фавж,
Деди мунларға шаҳи аброру тожи асфиё:

-Эмди сиз қайдин келиб, қойда борурсиз, айтингиз.
Бир малак деди ки: — Эй султони хайли анбиё!

Тенгри қудрат бирла бир кавкаб язар кўк узраким,
Тўрт юз минг йилда бир зоҳир бўлур гардун аро.

Тўрт юз минг қатла ул кавкабни кўрдум, ё расул,
Ул замонда сайр этиб, эмди етиштим бурдо.

Билмадим мен сайр этибон қайда бора, ё ҳабиб,
Ақл ҳайрондур изи-кейнида, бил, эй подшо!…

Шайбоний қасида давомида пайғамбар шафоатига умид боғлаб, қуйидагича муножот қилади:

Ё расулуллоҳ, менга аҳбоб илан қилғил мадад,
Мустаҳиқмен мен бу барча мустаҳиқлардин айро.

Ҳаддин ошти, ё наби, журму гуноҳим дафтари,
Тугонур дарёйи Қулзум ёзса дафтарлар аро.

Шабоний кейинги мисраларда гуноҳкор банда бўлса-да, тасаввуфона ишқ мавзуси орқали, яратгувчига ўз садоқатини, ҳукмдор подшоҳ бўлса ҳам оллоҳ ишқи йўлида гадо эканини изҳор қилади. Ишқ ўти киши кўнглига доимо завқу сафо беради, оллоҳ таоло ишқ синови учун Одам Отони бир буғдой баҳонасида айрилиққа солди, ишқ ғолиб келиб, пайғамбар ҳабиб бўлди, ишқ кўйидаги одамлар эса авлиё сифатида танландилар, фалакнинг айланиши ҳам ишқ сабабли…Бу ўткинчи дунёда одамдан яхши ном қолиши лозим…Шабоний ҳам ишқ йўлидан тоймаса эл аро азиз бўлажак…

Шоир қарашича, инсонни улуғлайдиган ва муҳтарам қилиб кўрсатадиган яна бир омил яхшилик хислатидир. Ёмонлар эса қиёмат куни албатта жазо топадилар. Ёмонлик йўлига кирганлар бу дунёда ҳам қадрланмайди. Шабоний шу ерда ўз бошидан ўтган бир ҳодисани ҳам эслаб, унга “яхшилик ва ёмонлик” хислатларини ўз қараши бўйича баҳолаш орқали назар ташлайди. Маълумки, Шайбонийхон темурийларга қарашли ерларни қўлга киритишда аввал Тошкент ҳокими Маҳмудхон бин Юнусхон (Бобурнинг тоғаси) билан сиёсий-ҳарбий иттифоқ тузган. Мақсадига эришгач эса Юнусхон авлодларини аҳду-паймони сустликда айблаб, уларни орадан кўтариб ташлаган. Шабоний қасидада айтишича, темурийларга қарши кураши ҳам уларнинг ёмонлигидан бўлган. Аммо, қизиғи шундаки, Шабонийнинг қисқа сатрларда бу каби ифодаланган қарашлари, авваламбор, унинг бир тавбаси ёки ўзини негадир оқлаши каби туюлса, бу қасидада туйқусдан тарихий воқеанинг эсга олиниши Шайбонийхоннинг сиёсатчи сифатидаги қандайдир бошқа ички кечинмаларидан ҳам гувоҳлик беради:

Чун жаҳон фоний турур яхшилиқ этсанг яхшироқ,
Хоҳ душман бўлса, хоҳи дўстунг, эй бул-аъло.

Дўст бирлан яхшилиқ хуш, душман илан яхшироқ
Гар сенинг бирлан қилса, анинг бўйнида.

Чун кишидин ҳеч нима қолмас, ҳамин оти қолур,
Яхши отға жаҳд қилким, қолса сендин эл аро.

Яхшилиқ бирлан ёмон душман сенга яхши бўлур,
Бўлмаған яхши сенинг бирлан – ёмон қолур анго…

Эй Шабоний, бўлса хасмунг гар Фаридуни замон,
Яхшилиқ бирла кудуратлар бари бўлур сафо.

Сен Темур ўғлонлари бирлан ёмонлиқ қилмадинг,
Шак эмаским, яхши элларга ёмонлиқ бермас худо.

Насли Юнусхон била яхшилиқинг яхши эди,
Чун алар қилди ёмонлиқ, тобтилар охир жазо.

Қоч ёмонлардин, тилагил яхшиларнинг суҳбатин,
Шак эмаским, кимиё бирлан боқир бўлур тилло.

Тенг эмас донову нодон, гарчи жинси бир турур
Ким, зумурраддек эмас ҳар неча сабз ўлғай гиё.

Яхши қил хулқунгниким, асру ёмондиндур ёмон
Бу ёмон ахлоқ бирла ҳар ки бўлди мубтало.

Шабоний бу дунё ўткинчилигини, унинг ёлғон матоҳларига кўнгил бермасликни, шунинг учун бу дунёда, ҳатто, бир неча юртларнинг шоҳи бўлса-да, бандалик йўлини тутиб, Яратган олдида фақр изҳор этиш, эҳтиёжлиларга ёрдам бериш ва нафсга, шайтоний ишларга бўйин эндирмаслик ҳамда инсон камтар бўлиши кераклигини уқтираркан, бу хислатлар орқасида инсон эъзоз топажагини, айниқса, камтарлик меваси, худди, тупроқ(Одам Ото) камтарлиги туфайли фаришталардан ҳам устунроқ мақомга эришгани каби бўлажагини эслатади:

Бу кечар дунёйи фонийға кўнгул боғламаким,
Кўз юмуб очғунча кечар, эйлаким боди сабо.

Подшоҳлиғда, Шабоний, фақрдан айрилмағил,
Фақр шоҳи икки олам ичра бўлур подшо.

Тенгри гар берди сенга Эрону Турон шоҳлиғин,
Бандалик таврин, Шабоний, бермагил алдин раҳо.

Эмдиким давлатдасен, ўфтодаларнинг илгини
Тутки, ҳақ ўфтодалиқда дастгир ўлғай сенго.

Нафсу шайтонға мўтеъ ўлмоқ зиёнингдур зиён,
Тортқил шайтон юзинда тиғи “ло ҳавла ва ло (10)”.

Хок чун кўрсатти ожизлик била ўфтодалиқ,
Сажда қилдурди малойикларни лутфи кибриё.

Шоир илмнинг инсон маънавий, моддий ҳаётидаги аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталади. Қуръони каримдаги “инсон ўргатилган илмни тез ўзлаштириш қобилияти орқасида малойикдан кўра мукаррамроқ бўлгани” сўзларини эслатиб, Одам Ото фарзандларини илм олишга ундайди. Инсон учун илмли ва донишманд кишилар билан ўтириб туришдан ҳам манфаат борлигини таъкидлагач, фойда келтирувчи ҳайвонлар илмсиз, яъни, илми йўқлигидан жамиятга фойдаси тегмайдиган жоҳиллардан афзалроқ эканини очиқчасига ифодалайди:

Илм суйи бирла ҳар субҳ айлади қудрат эли,
Илм учун Одамға қилдилар малойик саждаҳо (11).

Илм турур дунёда, билгил они, оби ҳаёт,
Илм бирла текурур ҳар кишига дор ул-фано.

Илм бирла очилур ҳар ерда бўлса мушкулот,
Илм турур билгил они дунёву охир бақо.

Ё раб, аҳли дониш ила бирга қилғил бу Шабон,
Бўлмасун ҳаргиз аларсиз ушбу дунё доимо.

Илм эрур кундузу жоҳилдур қоронғу кечадек,
Барча ишдин бехабардур ҳар на қилса можаро.

Илми йўқ жоҳил на бўлғай дунёда, билгил они
Ким, эшак яхшидур андин, ул ҳар ишда носазо.

Маърифатда одамий бўлди малойикдин шариф,
Маърифатсиз одамийдур гову хардин ашқиё (12).

Шабоний таъкидича, гарчи нафси аммора ва ҳасадгўйлик Одам Ото фарзандларида бошидаёқ пайдо бўлган ёмон хислат эса-да, инсон учун иккита энг даҳшатли душман ҳисобланган бу “ота мерос” одатни илму-ҳикмат, маърифат касб этиш орқали енгиш мумкин. Шоир эслатишича, одамлар инсонни тубанлик сари етакловчи кибр, беҳаёлиқ каби ёмон иллатлардан ҳам йироқ бўлмоқлари лозим.

Беқаноат нафси шумдур – байтул-хабис (13) тўймас нетай,
Бир-бирига кибру тазвир яна боғлар ҳосид -о!

Ушбунунгдек икки душман Отангға меҳрубон,
Бу сенга мерос қилибтур қолмағил сен ажабо.

Ё раб, эмди ушбу душманға урушчи қил мени,
Илму ҳикмат бирла сен раҳматни бергил насаб-о.

Хуллас, Муҳаммад Шайбонийхон яратган “Баҳрул ҳўдо” қасидаси XVI аср ўзбек адабиётининг муносиб намуналаридан бўлиб, шоир илгари сурган одоб-ахлоқ ғоялари бугунги ўқувчига ҳам маънавий озуқа бера олиши ҳеч шубҳасиздир.

084
ШАБОНИЙ (МУҲАММАД ШАЙБОНИЙ)
БАҲРУЛ ҲЎДО(ҲИДОЯТ ДЕНГИЗИ)
Нашрга тайёрловчи ва изоҳлар муаллифлари:
Эркин АҲМАДХЎЖАЕВ, Исмоил БЕКЖОН
091

Тангрига тил бирла айғил, эй кўнгул, ҳамду сано
Ким, сипосу шукр лойиқдур анга бемунтаҳо (14).

Барча оламни яратғучи, қадим лам язал (15),
Йўқдин бор қилди бизларни, ҳамулдур ибтидо.

Ҳар неким мавжуд эрур оламда ул берди вужуд –
“Мин ҳазизул-арз ила аужус-самовотил-аъло (16)”.

Аввалу охир ҳам улдур, зоҳиру ботин ҳам ул,
Андин ўзга фоний ва боқий ўшулдур интиҳо.

Не учун бор қилди олам, не учун йўқ қилди, ул
Ўзи билур ҳикматини, билмадилар анбиё.

Ҳам мушоҳид, ҳам мукошиф билмади зоту сифат
Ким, анинг зоту сифатин ҳеч билмас авлиё.

Ҳар неча йиллар тирилсалар бу халқи коинот,
Ўзидур бир, кўп сифоти, кўрсатур қудрати худо.

Қаҳрида бор лутфи ва ҳам лутфида қаҳри анинг,
Мўъмин улдур, ҳам муҳаймин (17), ҳам азиму кибриё.

“Мин ҳазиз ул-арз”-раззоқ ила “ауж ул-фалак (18)”-
“Мин синном ул-арш” – халлоқ ила “таҳт ас-саро (19)”.

Қоҳиру қаҳҳор улдур, ҳам ғафуру ҳам раҳим,
Еру кўк холи эмастур – қудратидиндур тўло.

Деди: “Ла эҳсо сано (20)” тавҳидида “хайрул-башар (21)”,
Ҳамдини мискин Шабоний не қила билгай адо.

* * *

Жон билан кўнглумни, ё раб, маҳрами асрор қил,
Ул иккисин лутф қилғил, дардима сенсен даво.

Икки оламда сенинг даргоҳинга келди бу қул,
Лутф қил, сурма эшикдин ҳам кўрсатма кед-о!

Ёзуғумни афв қилғил, эй кариму ламязал,
Умр боринча чу қилдим асру кўп журму хато.

Чун манинг ишим турур ёзмоқ, енгилмоқ, эй карим,
Санго лойиқ не дурур афв, айламак лутфу ато.

Ёлборурмен туну кун, эй корсози бениёз,
Ҳам алойиқ, ҳам халойиқ дунё севмакдин жудо.

Ким қилибтур бу фалакни нўҳ табақ бошдин аёқ,
Ким қилибтур бу малоик тўп-тўла кўклар аро.

Ким қилибтур, фикр қил, кўкнинг юзини ложувард,
Ким қилибтур чарх юзини зарафшон тўп-тўло.

Ким қилибтур ой-куннинг чеҳрасин оламфуруз,
Ким қилибтур юлдузунг ойнасин гетийнамо (22).

Ким қилибтур аршу курси, еру кўк, лавҳу қалам,
Ақл ҳайрондур бу қудратларда, билгил оқило.

Ким мутарро (23) қилди туннунг зулфини лайлу наҳор,
Ким берибтур ушбу куннинг кўзига нуру зиё.

Ким қилибтур ушбу ойни гоҳи бадру, гаҳ ҳилол,
Ким қилибтур туну кунни бири оқ, бири қаро.

Ким тушурди тавқи лаънатни Азозил бўйниға,
Ким Ото Одам бошиға қўйди тожи астафо.

Ойни тадвирида ким зоид-ун-нур айлади,
Гоҳ рожеъ (24) қилди ани, гоҳ берди эътило (25).

Янги ойни ким қилур ой бошида сайқал каби,
Бадр кўзгусини ким сайқал билан берур жило.

Ким иноят қилди гулга бу либоси лоларанг,
Ҳам яғоч қаддиға ким кийдурди бу яшил қабо.

Наргиси сармастнинг кўзини ким кўҳли (26) қилур,
Ер юзини ким қилур оқу қизил, кўргил анго.

Ким қилур бу лолаву гули ёсамин ҳар навбаҳор,
Арғувони ёқути аҳмардек, сориғ гул каҳрабо.

Тош ичинда сўрхру лаъли Бадахшон ким қилур,
Баҳр ичинда қатрани ким қилди дурри бобаҳо.

Кечанинг зулфини зулмат бирла қилди тийра ранг,
Кундузинг рухсорини кун бирла қилди босафо.

Обу гилни ким муқаййид айлади, сен фикр қил,
Ким қўшубтур ушбу хоку оташу обу ҳаво.

Ўту ел, тупроқу сув бир ерда қилди имтизож,
Турлу санъатларни қилди холиқи арзу само.

Тўрт унсур ҳар бирининг асли аслига кетар,
Ўту ел, тупроқу сувдин ҳеч киши топмас вафо.

Бевафолардин умид тутғон киши ноаҳл эрур,
Ўту ел, тупроқу сув таркибида бўлмас бақо.

Тўрт унсурдирки бордур ҳар бирига ўзга майл,
Қилмади аздод ҳаргиз бирга бўлмоқ иқтизо.

Имтизожиким бўлибтур оразидур асли йўқ,
Ҳар на бордур орази бир кунда топар инқизо (27).

Ҳар бири ўз марказига майл этибон айрилур,
Неча кун гар бизга бўлса, бизга бўлмас доимо.

Аввали тупроқ эди ҳам охири тупроқ ўлур,
Руҳи покингни айр, қилғилу тупроқдин жудо.

Ушбуларни фикр қилғил мунтаҳий қайда бўлур,
Барчадин эрди бурунроқ руҳи поки Мустафо.
Барчани андин яратти ҳазрати раббил-аъло.

Ҳақ таоло барча ашёни яратмасдин бурун,
Бор эди аввалғи руҳи Мустафойи мужтабо.

Ҳазрати пайғамбари мурсал деди: “Кунту набийан (28)
Кона байн ул-моъ ват-тин (29)” одами фаррухлиқо.

Олам суратда гар одамнинг ўғли эрди,
Олим маънида ул эрди бу Одамға ото.

Маънийи гар “лавлак” (30)ни гар билгасен равшан бўлур,
Ким бу пайғамбар учун бўлди самак(31)тин то само.

Абру борон, ҳавони лутф қилди Ҳақ биза,
Деди: “Фанзару кайфа” (32) “йуҳиларз баъд мавтиҳо” (33).

Ҳикмат илан ерга ким берди сукун тоғлар ила,
Қудрат илан чархни ким сарнигун қилди яно.

Ушбу одам тийнатинда ганж ёшурғон турур
Ким, “нафаҳату фийҳи мин руҳий” (34) далилидур анго.

Ушбу янглиғ тартибе оламда, айғил, ким қилур,
Мунча ҳикмат ким қўюбтур тийнати олам аро.

Боғнинг амвотини Ийсо киби тиргузди (35), бил,
Қудратининг пурлигина хуш далиледур сабо.

Кирм(36)дин атлас чиқорди ва қамишдан қанду шакар,
Хурмо чиқорди ёғочдин, гул тикандин боғ аро.

Еру кўкнинг холиқидур, ою куннинг сонеъи,
Ваҳшу тайру инсу жин ризқини берур доимо.

Кўку ерга бахшиш этти рифъат ила масканат,
Деди: “Вал-арз фаршинаҳо” (37) “ва зайн ус-само” (38).

Бу Шабоний туну кунда санда(н) омирзиш тилар,
Раббано, ё раббано, ё раббано, ё раббано!

Ҳокими барҳақсен-ўқсен “йуҳкаумуллоҳ мо ярид” (39)
Фоили мутлақсен-ўқсен “нафаълуллоҳ мо яшо” (40).

Гар бағишларсен мени фазлинг била наъмуссавоб (41),
Гар сўрарсен ёзуғимни адл ила, во ҳасрато.

Халқ анингдур, ҳукм анингдур, амр анингдур, наҳй анинг,
Фазл анингдур, мулк анингдур ҳар кима қилса ато.

Подшоҳларни гадо қилур, гадони шоҳ этар,
“Танза миман тиша ул-мулк таъти мин тишо” (42).

Фазлинг ўлса қутулурмен, эй кариму эй раҳим,
Адлинг ўлса на қилурмен, асру кўп журму хато.

Анта саттор ул хатоё, анта ғаффору уз-зунуб (43),
Фа аъфа ё ғаффор, ан зилотино ва ағфирлино (44).

Сендин ўзга йўқтурур оламда раҳмон ур-раҳим.
“Ё илоҳа, мин ладунка раҳматин-ҳаййи лино” (45).

Поймоли маъсият қўйма, менинг илгимни тут
Ким, мени саргашта асру қолмишам бедасту по.

Тўймади Шайбон нечаким ичти бу оби ҳаёт,
Хуш турур ҳар неча (ҳ)идласа киши мушки Хито.

* * *

Юз салоту, юз салом айсақ нисори Мустафо,
Субҳу шом қилсақ дуруд ила дуойи Муртазо.

Шамъи жамъи анбиёға юз саловоту юз салом,
Субҳу шом айғил анга жондин дуруд ила дуо.

Шаръ илан тузди халойиқни тариқат йўлида
Ким, ҳақиқатни қилиб айнул-яқин ул муқтадо.

Илм баҳринда ниҳоятсиз анга фазлу камол,
Мазҳари лутфу карамдур, маъдани сидқу сафо.

Ойни икки ёр дедилар куфр аҳли на учун
Ким, сенинг шаръингда мункирга бўлур икки гуво(ҳ).

Хотиридур тўп-тўла асрори ҳақнинг махзани
Матлаъ ул-анвор кўксидур, юзи шамс уз-зуҳо (46).

Фахр учун Ҳақ икки оламда ани қилди ҳабиб,
Осийларнинг дардига маҳшар куни улдур шифо.

Турфатул-айний (47) ичинда еру кўкни сайр этар,
Ўз еридин тебрамагандек кўрар ул анбиё.

Ҳеч паямбар юрмади ул “қоби қавсайн” (48) манзилин
Қурби (49) “оу адно” (50) муяссар бўлди тенгридин анго.

Келди “субҳоналлази асро беабдиҳи” (51) шаънида
Ким, анинг қурбини билгай анбиёву авлиё.

Садр(52)и “субҳонналлази” (53) ва бадри “мозоғ-ул-басар” (54),
Меҳтари ҳар ду жаҳон ва хожаи ҳар ду саро.

Сурма қилдилар тўққуз афлок оёқи тузини,
Ҳам малак, ҳам инсу жиннинг кўзигадур тўтиё.

Сураи “Тоҳа” ва “Ёсин” инди анинг васфида,
Ҳам “алам нашруҳ” (55), дағи васфи турур ҳам “ваз-зуҳо” (56).

Ҳақ деди васфини Қуръонда “ало хулуқин азим” (57),
Демади ҳақ кимга бу хулқи азим илан сано.

Мустафо келди ки бўлғай раҳмат ил-оламин (58),
Саламмо-сало ало фахрул-башар хайрул-варо (59).

Ул табиби иллати исён ки сиҳҳат бобида,
Ондин олур Бу Али гар бўлса “Қонун”, “Шифо”.

Ул шафиъ-у, ул надиру ул сирожу ул башир,
Икки олам садру бадру Мустафову Мужтабо.

Ул набиким, етти кўк устида чун қўйди қадам,
Дедилар куррубилар “аҳлан ва саҳлан, марҳабо”.

Кўз юмуб очғунча раҳбари икки олам сайр этар,
Бўлмади ҳаргиз ҳижоби бу самакдин то само.

Етти ул ерга ки, деди у дўнуб Жабройил:
“Гар билурсен манзилин, ўқу ўшул “суммадано” (60).

Аршнинг тубинда меърож кечаси кўрди расул,
Мавж урғон бир улуғ дарёи азим босафо.

Тўб-тўла кўрди малойик мавж узра фавж-фавж,
Деди мунларға шаҳи аброру тожи асфиё:

-Эмди сиз қайдин келиб, қойда борурсиз, айтингиз?
Бир малак деди ки: — Эй султони хайли анбиё.

Тенгри қудрат бирла бир кавкаб язар кўк узраким,
Тўрт юз минг йилда бир зоҳир бўлур гардун аро.

Тўрт юз минг қатла ул кавкабни кўрдум, ё расул,
Ул замондин сайр этиб эмди етиштим бурдо.

Билмадим мен сайр этибон қайда бора, ё ҳабиб,
Ақли ҳайрондур изи-кейнида, бил, эй подшо!

Қудрати сонеъда билгил ҳеч ғоят йўқ турур,
Ҳеч ким миқдорини билмас: ниҳоят, ибтидо?

Нечага тегру сўрарсен мендин эмди бу хабар
Маъни кўзлаким, қамуғ (61) дардинга маънидур даво.

Ақлу ҳуш ила етишмас зоти покига киши,
Фазл бўлсаким, сени айнул-яқин қилғай худо.

Гар кишига бўлса давлати маърифат, илм ул-яқин,
Ул кишининг кўнгли турур ганжи давлат доимо.

Ҳам каромат, ҳам саодат, ҳам валоят барча ул,
Куфру зулматни ёритғучи, ҳам улдур раҳнамо.

Бир овуч туфроғни, кўргил, қилди лашкари беҳисоб,
Мо рамайта из рамайта лекан аллоҳ рамо (62).

Ойнинг қурс(63)ини синдурдунг фалакнинг ҳавонида,
Яъни бу даъватға бордур аҳли оламға сало (64).

Зоти поки раҳмат ил-оламин эрди онинг,
Онинг учун барча мурсалларга бўлди пешво.

“Кун фа-якун” Мустафонинг нури эди бил яқин,
Бу ҳама жумла мазоҳир аввали ул зоҳиро.

Ҳар нима ким яхши этибон исми мазҳар қўйдилар,
Жомеъ ул-усамо ба шиъи аввал (65) ул ўлди ибтидо.

Онинг учун барчаға меҳру вафо андин етар,
Шаръининг нури турур жумлага бу сидқу сафо.

Қобилият топтилар ижройи олам барчаси,
Партави нури шариатда қилиб эҳсон, вафо.

“Мим”и Аҳмадни кетирсанг не қолур, фикр айлагил,
Ҳақ ани адаш деюр, эшит муаззиндин садо.

“Мим”и Аҳмад чун очилди, ўзгалар бўлди адам,
Қолди бир ёлғуз Аҳад, маъдум бўлди мосуво.

………………………………………..

Ит ҳурар, карвон кўчар, мулҳад эшакдур дин аро.

Ё расулуллоҳ, менга аҳбоб илан қилғил мадад,
Мустаҳиқмен мен бу барча мустаҳиқлардин аро.

Ҳаддин ошти ё наби, журму гуноҳим дафтари,
Тугонур дарёйи Қулзум ёзса дафтарлар аро.

Нафси кофир отини миниб юрурмен ҳар тараф,
Ожизу мискин турурмен, нафсу шайтон ақрабо.

Қарилиқда ожиз ўлдум, тут қўлумни, ё расул,
Йўқ паноҳим сендин ўзга, сенга қилдим илтижо.

Қўймағил ноумид Шабоний, ё шафиъ ул-музаннин,
Подшоҳларнинг орасинда ман-ўқтурман гадо.

Илму ҳикматдур кишига икки дунё молу ганж,
Дунё ва уқбида улдур кишига соҳиби ливо.

Не сабабтур ўтдин қилмоқ одам таркибини,
Ишқ ўтиндур кўнгулга доимо завқу сафо.

Ишқ ўтини билгусидур бу кўнгул жўшидаси,
Ишқ ўтидин бўлди ҳосил, билки илму кимиё.

Ишқ учун Одам Ото бир жав баҳона қилди бил,
Ишқнинг ҳурмати чун қилди малойик пешво.

Ишқ анинг чун қилди рағбат андин ўлди мурсалин,
Ишқнинг ҳақи учун бўлди ҳабиби Мустафо.

Ишқ ғолиб эрди эрса ҳақ деди: Аҳмад ҳабиб,
Ишқи учун ҳам малойик қилди мурсал иқтидо.

Ишқ қилди кишини бири-биридин баргўзин,
Ишқ учун чун Ҳақ бандасин отин қўюбтур авлиё.

Ишқ учун туну кун тинмай юрур чархи фалак,
Ишқ йўлинға ким қадам қўйса мунингтек мубтало.

Бу не сунъу бу не қудрат англамас мискин Шабон,
Ғам ема, дардингга дармон қўлисин қилғай даво.

Ишқи гул ошуфта қилди булбули бечорани,
Ишқ анинг чун бўлди машҳур ҳар саҳарда нолаҳо.

Ишқ аҳлидин асар йўқтур, недайин, бу замон,
Эй Шабоний, най кабин ҳар субҳидам қилғил наво.

Бу баданда ушбу ел турмоқға недир, бил сабаб,
Ишқ ўти ёнмас эди бўлмаса бу боди ҳаво.

Бу нафас кирар-чиқар ҳар бириси будур ҳаёт.
Ҳар бири Исо нафасдур руҳунга қувват, сафо.

Ўту ел бирла мусоҳиб бўлмоғи бўлди ажаб,
Ишқ ўтининг учқунини еткарур арзе, само.

Ел отин миниб юрур эрди билмон лашкари,
Ҳақ они ҳар ён тиласа еткарур эрди қазо.

Сен ани ел демагил нусрат ели бўлди мадад,
Қилди душман кўзин ул ел туфроқ ила мубтало.

Абру бод ушбу жаҳоннинг асру хуш фаррошидур,
Ким бу елга такя қилса ул кишидур носазо.

Ҳар кишининг умри оламда бу ел бикин ўтар,
Ҳақ на қилса, эрки бордур бўйун сун, бергил ризо.

Онинг ила йўқ қилур ва онинг ила бор қилур,
Ул мақомедур билурсен, улдурур хавфу рижо.

Тўрт унсур бирла тўқуз кўк тўғор ҳар не ки бор,
Ул тўқуз обойи алавийдур, бу тўрт эрур оно.

Тўрт унсурдин бино бўлди маволиди солос,
Ким жумодию наботи бўлди, ҳайвондур ниё.

Борча ҳайвонотдин хоҳи улуғ, хоҳи кичик,
Нутқ бирла, ақлу идрок ила инсондур сазо.

Ҳар неким оламда бордур ўту ел, туфроқу сув,
Ҳар не бор юқори, қуйу, баҳру барр, арзу само.

Борча муҳиддис(66)лар турур, муҳиддис бақоси йўқтурур,
Ул қадим эрур ки боқийдур, анга бўлмас фано.

Тенгридур боқий ва боқий, фоний эрур ҳар на бор,
“Кулли шаъин ҳолака илло важҳу” (67) бордур гуво(ҳ).

Чун жаҳон фоний турур яхшилиқ этсанг яхшироқ,
Хоҳ душман бўлса, хоҳи дўстунг, эй бул-аъло.

Дўст бирлан яхшилиқ хуш, душман илан яхшироқ,
Гар сенинг бирлан ёмонлиқ қилса, анинг бўйнидо.

Гар ёмонлар бирла қилсанг яхшилиқ бу дунёда,
Тенгри яхшилиқ-жазо бергай сенга “йўвмил-жазо (68)”.

Чун кишидин ҳеч нима қолмас, ҳамин оти қолур,
Яхши отға жаҳд қилким, қолса сендин эл аро.

Қўй кудурат расмини, кечма сафо ойинидин,
Аҳли диллар сўзидур “даъ мо кадари хаз мо асфо” (69).

Яхшилиқ яхши турур, асру ёмонлиқтур ёмон,
Борчаға зоҳир турур, бу сўзда ҳеч йўқтур хифо (70).

Яхшилиқ бирлан ёмон душман сенга яхши бўлур,
Бўлмаған яхши сенинг бирлан – ёмон қолур анго.

Афв қилғил, афвким бўлғай савобинг беҳисоб,
Тангри Қуръонда “Ало-оллоҳ” – деди, — “ажри мин афо” (71).

Афв қил “вал козимин-алғайз вал-офийин” (72) ўқу,
Муҳсин ўлғилким, “йуҳиббил-муҳсинин” (73) келгай нидо.

Гар ўлумлук хасмини қўйсанг “ва-ман аҳё” (74) ўқу,
“Кона аҳё ун-нос калло” (75) хуш башоратдур санго.

Ул юраклик лашкари исломнинг манглайидур,
Ким ғазаб устида қилғай афв, очғай мангқло.

Берди яхшиларға ҳақ икки жаҳоннинг давлати,
Икки олам давлатидур яхши элларга сазо.

Яхшилиқ қил, яхшилиқ, ким, ҳар ямондин дунёда,
Тенгри сени сақлағай “фо оллоҳ хайрун ҳофизо” (76).

Эй Шабоний, бўлса хасмунг гар Фаридуни замон,
Яхшилиқ бирла кудуратлар бари бўлур сафо.

Сен Темур ўғлонлари бирлан ёмонлиқ қилмадинг,
Шак эмаским, яхши элларга ёмонлиқ бермас худо.

Насли Юнусхон била яхшилиқинг яхши эди,
Чун алар қилди ёмонлиқ, тобтилар охир жазо.

Қоч ёмонлардин, тилагил яхшиларнинг суҳбати,
Шак эмаским, кимиё бирлан боқир бўлур тилло.

Тенг эмас донову нодон, гарчи жинси бир турур
Ким, зумурраддек эмас ҳар неча сабз ўлғай гиё(ҳ).

Ростлиқдин чиқмаким, будур жаҳонда эътидол,
Адл ул-хулқ мазоҳан аҳли-л-хатти-ил устиво (77).

Яхши қил хулқунгниким, асру ёмондиндур ёмон
Бу ёмон ахлоқ бирла ҳар ки бўлди мубтало.

Бу кечар дунёйи фонийға кўнгул боғламаким,
Кўз юмуб очғунча кечар, эйлаким боди сабо.

Бу жаҳоннинг давлати ҳеч кимга боқий қолмади,
Ғарра (78) бўлма давлатингаким, бўлур охир фано.

Боқий ўлмоқ даҳр боғида таманно қилмаким,
Бир неча кундур гули раъносиға нашъу-намо.

Ҳар баҳореким, келур, бордур хазони кейнида,
Бордурур кундуз билан кеча, сабоҳ илан масо.

Рою тадбиринг билан зинҳор қилма эътимод
Ким, эрур “аъми-ул-басар” шаксиз “изо жоъ-ул-қазо” (79).

Фикр қилма ақлингга ҳар неча бўлсанг ҳушманд,
Ким, қазо етганда нодондек бўлурлар азкиё.

Бир ҳақиқатдур жаҳонда, андин ўзга ҳар не бор,
Беҳақиқтдур бари, андоқки кўзда симиё.

Подшоҳлиғда, Шабоний, фақрдин айрилмағил,
Фақр шоҳи икки олам ичра бўлур подшо.

Тенгри гар берди сенга Эрону Турон шоҳлиғин,
Бандалиқ таврин, Шабоний, бермагил алдин раҳо.

Борча оламдин чу Ийсо фақр қилди ихтиёр,
Чор болишдур анга Кўк, Меҳри тобон муттако.

Эмдиким давлатдасен, ўфтодаларнинг илгини
Тутки, ҳақ ўфтодалиқда дастгир ўлғай сенго.

Ҳар не келса бошингга ҳукму қазодин рози бўл
Ким, ризодин чиқмағил ким, хуш мақомедур ризо.

Кечалар бедор бўл анжум киби, уйқуни қўй,
Кўзунг очким, лайл жабалидур, балосидур бало.

Ҳар неча қадринг баланд ўлса, ўзунгни паст қил,
Зарраи давлатға гар кўнглунг тилайдур эътило.

Тангрига қилсанг таваккал ҳақ берур нусрат сенга
Айт ҳар ишда “таваккално ала раббус-само”.

Кўнглум уйини ёрут тоат била ким оқибат
Марг елидин чароғи умр топар интифо (80).

Ҳар балода ҳақни ёд этким, халос айлар сени,
Ул каримеким, тутулғон ойни берур энжло.

Нафским, исёндин ағриқ бўлди анга нафъ этар,
Тавба қилмоқ ила ким беморларға эҳтимо (81).

Қўймағилким, нафс ху қилғай маоси бирла, ким,
Хасталиқ чун эски бўлди, анга нафъ этмас даво.

Гўша тутким, бўлди кўз инсоний янглиғ айни нур,
Нафсу шайтонға мўтеъ ўлмоқ зиёнингдур зиён,
Тортқил шайтон юзинда тиғи “ло ҳавла ва ло” (82).

Нафси шайтонға мувофиқ қилмағил, ё раб мени,
Ул бири васвосу ханнос, ул биридур аждаҳо.

Беҳаёйи-ю ғурурий кибр шайтон ишидур,
Беҳаё қилма қулунгни сен бори инсон аро.

Беҳаёлиқ бирла ул лаънатни қилди ихтиёр
Ким, “алайка лаънати” (83) ҳақ анга қилди доимо.

Аждаҳонинг феъли каждур, на умид тутсун киши,
Доимул-авқот анинг кўнглинда дурур Осафо.

Беқаноат нафси шумдур байтул-хабис тўймас нетай,
Бир-бирига кибру тазвир яна боғлар ҳосидо.

Нафси шайтон шумлиғини айди ўш мискин Шабон,
Ул отангдин бери мунлар душман ўлди аважо (84).

Ушбунунгдек икки душман отангға меҳрубон,
Бу сенга мерос қилибтур қолмағил сен ажабо.

Ё раб, эмди ушбу душманға урушчи қил мени,
Илму ҳикмат бирла сен раҳматни бергил насабо.

Кўнглума солғил менинг, ё раб, қаноат роҳати,
Бетамаъ қилғил халойиқдин мени, сен кибриё.

Бетаҳаммул қилмағил, ҳар неча бўлсам беҳунар,
Бетавозеъ қилмағил мени бу инсонлар аро.

Илму ҳикмат нуридин кўнглумни пур қил, лам язал,
Лутф қил, эҳсони тавфиқ бу фақир бечораро (85).

Қилмадим мен ҳеч иши шойиста, даргоҳингдаман,
Эй каримо, лутф қил саргаштайи овораро (86).

Нафси шайтон жавридин бечораву дармондамен,
Ожизу мискин, қара, қулунгни тут тавфиқ аро.

Ҳикмат асроримдадур, ҳам сироту мустақим,
Ҳам тариқат мақсадидур, ҳам шариат раҳнамо.

Бу қасида сонеъғунг сунъин ажойиб кўрсатур
Субҳи оламдек мунаввар, ҳам кунашдек бо сафо.

Гоҳ ҳолоти саноеъни билурсен бегумон,
Гоҳ атвори бадоеъни баён қилур санго.

То асарларнинг борин айнул-яқиндек билгайсен,
Бир муассир яратибтур билгил ушбу тавҳидо.

Дониш аҳли истилоҳ этгил сўзум боштин-аёқ,
Ҳеч халал, сир сўзни аймоқ донишим йўқтур санго.

Зоти покин на сўрарсен, билгил, эй аҳли яқин,
Жоҳил аҳлиға деюрмен бир дурур, билғил, худо.

…………………………………………

Ким, қўшубтур ушбу жонда ўту ел, сув, хок аро.

Ишқ ўтидин пухта бўлди ушбу таркиби бадан,
Онинг учун ушбу таркиб бўлди ишққа ошно.

Ел ки, дермен, билсангиз субҳи азалнинг елидур,
Онинг учун хуш ёқар жонға саҳар вақти сабо.

Бодаи ишқнинг суйи бирла юғуруб тийраи хок,
Ким, билур сунъи карим, ошиқ кўзи ёштин тўло.

Хок чун кўрсатти ожизлиқ била ўфтодалиқ,
Сажда қилдурди малойикларни лутфи кибриё.

Илми “таълими ладуний” (87) барча тенгридин эди,
“Асламал-усамаъ” – Ҳақ Одамға деди – “куллиҳо” (88).

Илми суйи бирла ҳар субҳ айлади қудрат эли,
Илм учун Одамға қилдилар малойик саждаҳо (89).

Илм турур дунёда, билгил они, оби ҳаёт,
Илм бирла текурур ҳар кишига дор ул-фано.

Илм бирла очилур ҳар ерда бўлса мушкулот,
Илм турур билгил они дунёву охир бақо.

Ё раб, аҳли дониш ила бирга қилғил бу Шабон,
Бўлмасун ҳаргиз аларсиз ушбу дунё доимо.

Илм эрур кундузу жоҳилдур қоронғу кечадек,
Барча ишдин бехабардур ҳарна қилса можаро.

Илми йўқ жоҳил на бўлғай дунёда, билгил они
Ким, эшак яхшидур андин, ул ҳар ишда носазо.

Жоҳил аҳли зулмат ўлди, илмдур анвори ҳақ,
Ким ёруқлуқ тилар эрса бўлмасун андин жудо.

Ким яратти машриқу мағриб, шимолу ҳам жануб,
Мағриби оламфурузу машриқи гетийнамо.

Тўрт фасл ила тузубтур ушбу дунё тартибин,
Қудратида ақл ҳайрондур, деюрбиз: раббано!

Чор унсурда ўзининг феълин изҳор айлади,
Подшаҳ қилди буларға нури покийдин ато.

Бу малойикдин ки бордур тўртни қилди гўзин,
Ҳар бири бир ишга қўйдиким, ўзидур подшо.

Нури зотидин арабдин қилди пайдо бир ҳабиб,
Анга ҳам қилди иноят чор ёри бо сафо.

Ҳар неча зоти сифотида хирад фикр айласа,
Ҳайрати ортар ким, ўзидин ўзидур ибтидо.

Арштек кўнглунгни кенг этким, қилур раҳман нузул,
Мунда шак йўқтур ки “ар-раҳмани ала арши устиво” (90).

Ёд қил ул аҳдниким, боғладинг рўзи аласт,
Бевафолиқ қилмағил, ул аҳдинга қилғил вафо.

Сен кўтардинг ул омонатни зулум ила жаҳул,
Ким, онинг кўтармакидин, еру кўк қилди ибо.

Бу дам бу дамдур, кундузунг ишини қўйма кечага,
Ҳеч ким билмаски “мо зо таксибу нафсун ғадо” (91).

Йўқтурур, хулқинг абас авқот зое қилмағил,
Мунча ҳикмат сенда бебоис эмастур, эй фато (92).

“Кунта ва канзан”ни ўқу “аҳбабту” ва “инна арафа”(93)ни бил,
Токи, билгайсен ки бордур маърифат отинг санго.

Маърифатда одамий бўлди малойикдин шариф,
Маърифатсиз одамийдур гову хардин ашқиё (94).

Маърифат улдурки билгайсен худони аън далил,
Журму ақл илан ки андин бўлмағай чуну-чаро (95).

Жазм билгайсен ки шукри еру кўкда пур турур,
Икки бўлса еру кўк, юз қатла бўлғай дей фано.

Чун ҳидоят йўлини кўрсатмишам бу шеърда,
Бу қасида оти бўлди ғайбдин “Баҳрул-ҳўдо”.

Икки юздур байти дағи олтмиш они киби,
Икки юз олтмиш турур “Баҳр ул-ҳўдо”ни ҳам сано (96).

Кўрмагил осон ки бордур жумла “саҳли мумтанеъ” (97),
Қобили юз офариндур, лойиқи юз минг сано.

Йили Лу йил эди-ю, ойи муҳаррам ойиким,
Ибтидоси ғуррада, пешинда бўлди интиҳо.

Эрди тўққуз юз тақи ўн тўрт ҳижрат вақтидин
Ким, бу гулшан ичра топти булбули табъим наво.

Манзилим ул вақт эди Бастом била Домғонда
Ким, менга қилди мадад арвоҳи поки анбиё.

Пири Харрақоний – тариқатнинг имоми Булҳасан,
Барча орифларға султон Боязид ул муқтадо.

Ё азмул-афв, ё ғаффори анвоъ-ул-зунуб,
Ё илоҳа ал-халқ, ё халлоқи асноф ул-варо.

Ёзуғумдин шармсорам, анта зулфазл ул-кабир,
Эшигингда хору зорам, анта зулмажид ул-аъло.

Гар ёмон қилдим, дедим астағфириллоҳи-л-азим,
Фазлинг илан ёзуғумдин кеч зулламно раббано.

Адл илан сўрма гуноҳимни – уётлиқ қилмағил,
Ёзуғумдин фазл бирлан кеч, раҳмат қил манго.

Ҳар ки ёд этгай мени ҳар кун дуои хайр ила,
Анга раҳмат қил илоҳо, мустажоб этгил дуо.

Бу қасидани ўқуб, ҳар ким ки ёд эта мени,
Икки дунёда муроду мақсуд бергай худо.

ИЗОҲЛАР
—————

1.Абжад ҳисобида “بحرالهدی – Баҳрул ҳудо” сўзларидан “260” сони чиқади.
2. Сон-саноқсиз.
3. Йўқ бўлмас, мангу.
4. Ернинг энг қуйисидан самонинг энг юқори чўққисигача – 20 сура, 4 оят.
5. Сон-саноқсиз олқиш.
6. Инсонлар аълоси (Муҳаммад пайғамбар с. а. в. кўзда тутилмоқда).
7. Қурт (пилла қурти).
8. Балиқ.
9. Сўнг яқинлашиб, пастлади – 53 сура, 9 оят.
10. Оллоҳдан бошқа қудрат йўқ.
11. Саждалар.
12. Бадбахт.
13. Ёмонликлар уяси.
14. Сон-саноқсиз.
15. Йўқ бўлмас.
16. Ернинг энг қуйисидан самовотнинг энг чўққисигача – “20 сура, 4 оят.
17. Пушти паноҳ.
18. Ердан фалак авжигача мавжудотларга ризқ берувчи – 20 сура, 4 оят.
19. Арш устидан ер остигача яратган – 20 сура, 6 оят.
20. Сон-саноқсиз олқиш.
21. Инсонлар аълоси (Муҳаммад пайғамбар с. а. в. кўзда тутилади).
22. Оламни кўрсатувчи.
23. Тим қора.
24. Пастга энувчи(ботувчи).
25. Юқорига чиқувчи.
26. Сурма.
27. Якун.
28. “Бор эдим пайғамбар”. Яъни Одам Ото сув билан тупроқ ўртасида бўлганда мен пайғам-бар бор эдим. – Ҳадис.
29. Сув ва лой орасида бўлганда.
30. Агар йўқ эсанг.
31. Балиқ (ер курраси ости).
32. Қаранг қандай. – 3 сура, 131 оят.
33. Ер ўлгандан сўнг қайта тирилди. – 30 сура, 19 оят.
34. Унга ўз даргоҳимдаги жондан киритганимда. – 15 сура, 30 оят.
35. Исо пайғамбарнинг қушни тирилтириб, боққа қўйиб юборган мўъжизасига ишора.
36. Пилла қурти.
37. Ерни ёйдик. – 51 сура, 49 оят.
38. Кўкни безатдик. – 15 сура, 16 оят.
39. Оллоҳнинг истаган ҳукми бўлади. – 2 сура, 255 оят.
40. Оллоҳнинг истаган иши амалга ошади.
41. Яхши мукофот. – 18 сура, 31 оятдан.
42. Мулк эгаси оллоҳдир, уни истаган кишисига беради. -3 сура, 26 оят.
43. Сен хатоларни бекитгувчи, айбларни кечиргувчисен.
44. Бас, эй кечирувчи, гуноҳларимни ўзинг кечир.
45. Эй тангри, ўз ҳузурингдан марҳамат ато эт, ишимизни ўзинг ўнгла. – 18 сура, 10 оят.
46. Қуёшнинг тонг маҳал чиқишдаги кўриниши.
47. Бир зумда.
48. Икки камон оралиғида – 53 сура, 10 оят.
49. Яқинлиги.
50. Ёки ундан ҳам яқинроқ – 53 сура, 10 оят.
51. Ўз бандасини сайр қилдирган пок зотдир – 17 сура, 1 оят.
52. Қалб.
53. Қайсиким покдир.
54. Пайғамбарнинг кўзи ўнгу сўлга оғмади – 53 сура, 18 оят.
55. Қувонтирмадикми қалбингни? – 94 сура, 1 оят.
56. Қоқ пешин маҳалига қасам – 93 сура, 1 оят.
57. Улуғ хулқ устида – 68 сура, 5 оят.
58. У (Муҳаммад пайғамбар) олам аҳли учун раҳматдан ўзга нарса эмас.
59. Инсоният фахри, яхшиликка бурканганга салому салотлар.
60. Сўнг яқинлашиб, пастлади – 53 сура, 9 оят.
61. Кўплаб.
62. Эй Муҳаммад, тузоқни отган пайтингизда, Сиз отмадингиз, балки, оллоҳ отди – 8 сура, 17 оят.
63. Доира, айлана.
64. Чақириқ, даъват.
65. Барча исмлардан биринчиси.
66. Яратилган ва йўқ бўлувчи нарсалар.
67. Оллоҳдан бошқа барча нарса нобуд бўлади – 28 сура, 88 оят.
68. Қиёмат куни.
69. Кудурат софликни юзага чиқармайди(кудурат хиралик дегани).
70. Яширин, бекитиқча.
71. Кечиримликка мукофот оллоҳ ҳузурида.
72. Ғазабини ичига ютгувчиларни худо севади – 3 сура, 134 оят
73. Оллоҳ яхши кишиларни севади – шу сура ва оятдан.
74. Тирилтирилган киши – 5 сура, 36 оят.
75. Барча одамлар тирикдирлар – 5 сура, 36 оят.
76. Оллоҳ яхшиларни асрайди.
77. Кишиларга адолатда ер куррасининг тенг ўртасидан ўтувчи экватор чизиғидек бўл.
78. Гердайиш, мақтаниш.
79. Қазо етса кўздан нур қочади.
80. Йўқолиш.
81. Парҳез қилмоқ.
82. Оллоҳдан бошқа қудрат йўқ.
83. Сенга лаънатим( Оллоҳ лаънати).
84 Эгри.
85. Бечорани.
86. Оворани.
87. Илоҳий, яъни диний илм.
88. Одамга барча исмларни ўргатди – 2 сура, 30 оят.
89. Саждалар.
90. Оллоҳ арш устидадир.
91. Ҳеч бир жон эртага нима қилиши, қаерда ўлишини билмайди – 31 сура, 34 оят.
92. Эй эран, мард одам.
93. Дўстимиз ҳақиқатда билувчидир – 38 сура, 31 оятдан.
94. Бадбахт.
95. “Нега” деган саволсиз; ҳеч сўзсиз.
96. Қасида номидан ҳам абжад ҳисобида шу сонлар чиқади.
97. Осон кўринувчи, лекин, аслида қийин нарса. Бу ерда: шеърий услуб.

099

HIDOYAT DENGIZI
Ismoil BEKJON
filologiya fanlari nomzodi
091

093 XVI asr boshi O’rta Osiyo va Xurosonda dashti qipchoqlik o’zbeklar davlatiga asos solgan Muhammad Shayboniyxon(v.1510) badiiy ijod bilan ham shug’ullanib, o’zbek adabiyoti tarixida g’azal, ruboiy, tuyuq, qasida kabi janrdagi asarlari bilan salmoqli meros qoldirgan shoir hisoblanadi. Uning asli ismi Shohibek – Shoybek(gohida Shohbaxt) bo’lib, she’rda o’ziga ulug’ ajdodi Shabon (bin Ersen bin Jo’ji bin Chingizxon) nomini taxallus qilib olgan. Shaboniy adabiy faoliyati haqida Ro’zbehon Isfahoniy, Muhammad Solih, Binoiy, Vosifiy, Bobur, Som Mirzo, Nisoriy, Sodiqbek Kitobdor hamda Herman Vamberi, Fuod Ko’pruluzoda, V.V. Bartol`d, Olim Sharafiddinov, Hodi Zarif, Po’lodxon Qayumiy, Akromjon Ibrohimov, Natan Mallaev, Suyima G’anieva, Akif Bag’irov, Erkin Ahmadxo’jaev, Ismoil Bekjonov, Mirzo Kenjabek singari shoir va adabiyotshunoslar fikr bildirishgan. Shaboniydan bizgacha o’zbekcha g’azallardan iborat kattagina bir devon, 487 misra hajmidagi “Bahrul ho’do” qasidasi va boshqa mualliflarning doston, tazkira, tarix asarlari orqali yana bir nechta g’azal, tuyuq janriga oid namunalar yetib kelgan. Bundan tashqari, Shayboniyxon yurishlarida hamrohlik qilgan Ro’zbehon Isfahoniy “Mehmonnomayi Buxoro”da ta’kidlashicha, Shaboniy 1509 yil 5 fevralida G’ijduvonda to’xtagan payti bitta turkiy(o’zbek)cha qasida bitgan ekan. V.V. Bartol`d arxivini tavsif etgan N. Tumanovich ma’lumotiga qaraganda, V.V. Bartol`d Istanbulda turk olimi Fuod Ko’pruluzoda uyida Shayboniyxonning o’z o’g’li Temur sultonga atab 1507 yili yozgan diniy-tasavvufiy ruhdagi pand-nasihatlardan iborat o’zbekcha asarini ko’rgan. Ammo, bu asarlarning taqdiri bizga aniq ma’lum emas. Shaboniy qalamiga mansub o’zbekcha she’rlardan tashkil topgan mazkur devon esa turkiyalik olim Temurxo’ja tomonidan lotin alifbosida chop etilgan. Yosh o’zbek olimi Muso Tojiboev ana shu devondagi asarlar ustida maxsus ilmiy izlanish olib borib, ularning g’oyaviy, badiiy til xususiyatlarini tahlili bo’yicha nomzodlik dissertatsiyasini himoya qildi. Shuningdek, ana shu devondan bir nechta namunalar Mirzo Kenjabek tomonidan kirish so’zi bilan ta’minlangan holda O’zAS o’quvchilari diqqatiga ham havola etildi.

Shaboniyning hali o’quvchilarimizga unchalik yaxshi tanish bo’lmagan yana bir asari “Bahrul ho’do” (Hidoyat dengizi) qasidasidir. 1508 yili o’zbek tilida yaratilgan bu yozma yodgorlikda shoirning diniy ta’limot bo’yicha o’zlashtirgan bilimlari hosilasi va tasavvufiy qarashlari badiiy yo’sinda yuzaga chiqqan bo’lib, unda shoir boshidan o’tgan voqealar asnosida muallif ichki kechinmalari ham aks etgan. Hofiz Muhammad kotib ko’chirgan bu asarning yagona qo’lyozma nusxasi (Lutfiy, Otoiy, Gadoiy kabi shoirlar asarlarini qamragan majmua tarkibida) yetib kelib, Londondagi “Britaniya muzeyi kutubxonasi”da 7914 raqami ostida saqlanadi. Bu qo’lyozmaning fotonusxasi esa ancha yillar O’zFA H. Sulaymonov nomidagi Qo’lyozmalar instituti fondida saqlanib, hozirda O’zFASHI qo’lyozmalar fondidan joy olgan. “Bahrul hudo” qo’lyozma nusxasi haqida ilk bor Lutfiy asarlari ustida tadqiqot olib borgan marhum olim Erkin Ahmadxo’jaev qisqacha ma’lumot bergan edi. E. Ahmadxo’jaev keyinchalik, aniqrog’i, 1994 yili “Bahrul ho’do”ni ushbu satrlar muallifi bilan hamkorlikda nashrga tayyorladi. Biroq, asar haligacha chop etilmay, Erkin Ahmadxo’jaev va kamina tomonidan yozilgan muxtasar kirish so’zigina “Qalb ko’zi” gazetasi(1995, fevral`)da e’lon qilindi, xolos.

Shaboniy “Bahrul ho’do”da aytishicha “sahli mumtane’” uslubida bitilgan bu asar 260 baytdan iborat bo’lib, Shayboniyning Bastom, Domg’on shaharlarida turgan hijriy 914 yili muharram oyi boshida (1508 yil 14 may) turkiy Lu yili o’sha yerlik tasavvuf shayxlari Abulhasan Xarraqoniy, Boyazid Bastomiyning qabrlari ziyorati chog’i yozilgan:

Chun hidoyat yo’lini ko’rsatmisham bu she’rda,
Bu qasida oti bo’ldi g’aybdan “Bahrul ho’do”.

Ikki yuzdur bayti dag’i oltmish, oni kibi
Ikki yuz oltmish turur “Bahrul ho’do”ni ham sano (1).

Yili Lu yil edi-yu, oyi muharram oyikim,
Ibtidosi g’urrada, peshinda bo’ldi intiho.

Erdi to’qquz yuz taqi o’n to’rt hijrat vaqtidin
Kim, bu gulshan ichra topti bulbuli tab’im navo.

Manzilim ul vaqt edi Bastom bila Domg’onda
Kim, menga qildi madad arvohi poki anbiyo.

Piri Xaraqoniy – tariqatning imomi Bulhasan,
Barcha oriflarg’a sulton Boyazid ul muqtado.

Biroq, 520 misradan tashkil topgan bu asarning kotib tomonidan majmuaga 487 misrasi(243 yarim bayti) ko’chirib yozilgan. Asar Yaratguvchi ulug’vorligiga bag’ishlangan qasida hisoblanib, madh jaryonida ollohning ikki olamni qanday vujudga keltirganidan tortib, tarixiy voqealargacha Shaboniyning diniy-tasavvufiy bilim doirasi, ichki kechinmalari asosida irfoniy qarash, didaktik xulosalar (odob-axloq, ilm o’rganish ahamiyati, ma’rifat va ezgulikka intilish kabi) bayon etiladi. Qasida quyidagicha hamd so’zlari bilan boshlangan:

Tangriga til birla ayg’il, ey ko’ngul, hamdu sano,
Kim, siposu shukr loyiqdur anga bemuntaho (2).

Barcha olamni yaratg’uchi, qadim lam yazal (3),
Yo’qdin bor qildi bizlarni, hamuldur ibtido.

Har nekim mavjud erur olamda ul berdi vujud –
“Min hazizul-arz ila aujus-samovotil-a’lo ”.

Avvalu oxir ham uldur, zohiru botin ham ul,
Andin o’zga foniy va boqiy o’shuldur intiho.

Ne uchun bor qildi olam, ne uchun yo’q qildi, ul
O’zi bilur hikmatini, bilmadilar anbiyo.

Ham mushohid, ham mukoshif bilmadi zotu sifat
Kim, aning zotu sifatin hech bilmas avliyo.

Dedi: “La ehso sano (5)” tavhidida “xayrul-bashar (6)”,
Hamdini miskin Shaboniy ne qila bilgay ado…

Yozug’imni afv qilg’il, ey karimu lamyazal,
Umr borincha chu qildim asru ko’p jurmu xato.

Chun maning ishim turur yozmoq, yengilmoq, ey karim,
Sanga loyiq ne durur afv, aylamak lutfu ato…

Shulardan so’ng Allohning yaratuvchilik qudrati va Insonning undan hayratga tushishini ko’rsatish maqsadida shoir ana shu qudrat yeru ko’k jismlari, ya’ni, oy, quyosh, yulduzlar kabilar sir-asrorida mujassamligi, dalalarda gul-chechak, lola-yu yosamin, yam-yashil tol-daraxtlar o’sishi hamda qurtdan ipak, qamishdan shakaru qand unishi, fasllarning tartib bilan almashunuvi, tog’u tosh, suvu dengiz ajoyibotlari, olam yaratilishida to’rt unsur – tuproq, suv, yel va olovning o’rni, ulardan har birining inson tabiat-mijoziga ta’siri kabilar ham ana shu qudrat mahsuli ekani, ammo, yeru ko’kdagi barcha jismu jonzot borligi bir kun nihosiga yetib, faqat yaratuvchigina abadiy qolishi, shuning uchun inson mangulikka daxldor pok ruhini o’tkinchi narsalardan uzoq, yaramas narsalardan pokroq tutishi singari g’oya va tushunchalarni badiiy uslubda tasvirlaydi:

Kim qilibtur bu falakni no’h tabaq boshdin ayoq,
Kim qilibtur bu maloyik to’p-to’la ko’klar aro.

Kim qilibtur, fikr qil, ko’kning yuzini lojuvard,
Kim qilibtur charx yuzini zarafshon to’p-to’lo.

Kim qilibtur oy-kunning chehrasin olamfuruz,
Kim qilibtur yulduzung oynasin getiynamo…

Kim inoyat qildi gulga bu libosi lolarang,
Ham yag’och qaddig’a kim kiydurdi bu yashil qabo.

Kim qilur bu lolavu guli yosamin har navbahor…

Bog’ning amvotini Iyso kabi tirguzdi, bil,
Qudratining purligina xush daliledur sabo.

Kirm(7)din atlas chiqordi va qamishdan qandu shakar,
Xurmo chiqardi yog’ochdin, gul tikandin bog’ aro.

Tosh ichinda surxru la’li Badaxshon kim qilur,
Bahr ichinda qatrani kim qildi durri bobaho…

Kim qo’shubtur ushbu xoku otashu obu havo…

O’tu yel, tuproqu suv bir yerda qildi imtizoj,
Turli san’atlarni qildi xoliqi arzu samo.

To’rt unsur har birining asli asliga ketar,
O’tu yel, tuproqu suvdin hech kishi topmas vafo.

Bevafolardin umid tutg’on kishi noahl erur,
O’tu yel, tuproqu suv tarkibida bo’lmas baqo.

Avvali tuproq edi ham oxiri tuproq o’lur,
Ruhi pokingni ayr qilg’ilu tuproqdin judo.

Shaboniy keyingi bir necha misralarda Qo’r’oni karim so’zlari va payg’ambar hadislarini keltirish vositasida yuqorida aytganimiz fikrlar mazmuniga chuqurroq nazar tashlab, mavzuni boshqa misollar asosida ham yoritishga o’tadi. Olloh islom payg’ambarini nur sifatida hammadan oldin yaratgani, olam yaralishi ham shu tufayli ro’y bergani uchun ollohi taoloning bunday hikmatini yodga olib, unga hamdu sano aytishda davom etadi:

Barchadin erdi burunroq ruhi poki Mustafo…
Barchani andin yaratti hazrati rabbil-a’lo.

Haq taolo barcha ashyoni yaratmasdin burun,
Bor edi avvalg’i ruhi Mustafoiy mujtabo…

Olam suratda gar Odamning o’g’li erdi,
Olim ma’nida ul erdi bu Odamg’a oto…

Olloh hamdidan so’ng odatdagicha islom payg’ambari na’ti keladi va Shaboniy dilidagi bu olqish va vasflar shoir tilida quyidagicha yangraydi:

Yuz salotu, yuz salom aysaq nisori Mustafo,
Subhu shom qilsaq durud ila duoyi Murtazo.

Shar’ ilan tuzdi xaloyiqni tariqat yo’lida
Kim, haqiqatni qilib aynul-yaqin ul muqtado.

Ilm bahrinda nihoyatsiz anga fazlu kamol,
Mazhari lutfu karamdur, ma’dani sidqu-safo.

Oyni ikki yor dedilar kufr ahli na uchun
Kim, sening shar’ingda munkirga bo’lur ikki guvo(h).

Faxr uchun Haq ikki olamda ani qildi habib,
Osiylarning dardiga mahshar kuni uldur shifo…

Ul tabibi illati isyon ki sihhat bobida,
Ondin olur Bu Ali gar bo’lsa “Qonun”, “Shifo”…
.
Shaboniy mazkur satrlardan so’ng o’quvchi uchun Me’roj voqeasini oyat va hadislar asosida o’z tili bilan hikoya qilishga kirishib, yana bir bor yaratuvchi qudratidan so’z yuritadi:

Ul nabikim, yetti ko’k ustida chun qo’ydi qadam,
Dedilar kurrubiylar “ahlan va sahlan, marhabo”.

Ko’z yumub ochg’uncha rahbari ikki olam sayr etar,
Bo’lmadi hargiz hijobi bu samak(8)din to samo.

Yetti ul yerga ki, dedi u, do’nub Jabroyil:
-Gar bilursen manzilin, o’qu o’shul “summadno (9)”.

Arshning tubinda me’roj kechasi ko’rdi rasul,
Mavj urg’on bir ulug’ daryoyi azim bosafo.

To’b-to’la ko’rdi maloyik mavj uzra favj-favj,
Dedi munlarg’a shahi abroru toji asfiyo:

-Emdi siz qaydin kelib, qoyda borursiz, aytingiz.
Bir malak dedi ki: — Ey sultoni xayli anbiyo!

Tengri qudrat birla bir kavkab yazar ko’k uzrakim,
To’rt yuz ming yilda bir zohir bo’lur gardun aro.

To’rt yuz ming qatla ul kavkabni ko’rdum, yo rasul,
Ul zamonda sayr etib, emdi yetishtim burdo.

Bilmadim men sayr etibon qayda bora, yo habib,
Aql hayrondur izi-keynida, bil, ey podsho!…

Shayboniy qasida davomida payg’ambar shafoatiga umid bog’lab, quyidagicha munojot qiladi:

YO rasululloh, menga ahbob ilan qilg’il madad,
Mustahiqmen men bu barcha mustahiqlardin ayro.

Haddin oshti, yo nabi, jurmu gunohim daftari,
Tugonur daryoyi Qulzum yozsa daftarlar aro.

Shaboniy keyingi misralarda gunohkor banda bo’lsa-da, tasavvufona ishq mavzusi orqali, yaratguvchiga o’z sadoqatini, hukmdor podshoh bo’lsa ham olloh ishqi yo’lida gado ekanini izhor qiladi. Ishq o’ti kishi ko’ngliga doimo zavqu safo beradi, olloh taolo ishq sinovi uchun Odam Otoni bir bug’doy bahonasida ayriliqqa soldi, ishq g’olib kelib, payg’ambar habib bo’ldi, ishq ko’yidagi odamlar esa avliyo sifatida tanlandilar, falakning aylanishi ham ishq sababli…Bu o’tkinchi dunyoda odamdan yaxshi nom qolishi lozim…Shaboniy ham ishq yo’lidan toymasa el aro aziz bo’lajak…

Shoir qarashicha, insonni ulug’laydigan va muhtaram qilib ko’rsatadigan yana bir omil yaxshilik xislatidir. Yomonlar esa qiyomat kuni albatta jazo topadilar. Yomonlik yo’liga kirganlar bu dunyoda ham qadrlanmaydi. Shaboniy shu yerda o’z boshidan o’tgan bir hodisani ham eslab, unga “yaxshilik va yomonlik” xislatlarini o’z qarashi bo’yicha baholash orqali nazar tashlaydi. Ma’lumki, Shayboniyxon temuriylarga qarashli yerlarni qo’lga kiritishda avval Toshkent hokimi Mahmudxon bin Yunusxon (Boburning tog’asi) bilan siyosiy-harbiy ittifoq tuzgan. Maqsadiga erishgach esa Yunusxon avlodlarini ahdu-paymoni sustlikda ayblab, ularni oradan ko’tarib tashlagan. Shaboniy qasidada aytishicha, temuriylarga qarshi kurashi ham ularning yomonligidan bo’lgan. Ammo, qizig’i shundaki, Shaboniyning qisqa satrlarda bu kabi ifodalangan qarashlari, avvalambor, uning bir tavbasi yoki o’zini negadir oqlashi kabi tuyulsa, bu qasidada tuyqusdan tarixiy voqeaning esga olinishi Shayboniyxonning siyosatchi sifatidagi qandaydir boshqa ichki kechinmalaridan ham guvohlik beradi:

Chun jahon foniy turur yaxshiliq etsang yaxshiroq,
Xoh dushman bo’lsa, xohi do’stung, ey bul-a’lo.

Do’st birlan yaxshiliq xush, dushman ilan yaxshiroq
Gar sening birlan qilsa, aning bo’ynida.

Chun kishidin hech nima qolmas, hamin oti qolur,
Yaxshi otg’a jahd qilkim, qolsa sendin el aro.

Yaxshiliq birlan yomon dushman senga yaxshi bo’lur,
Bo’lmag’an yaxshi sening birlan – yomon qolur ango…

Ey Shaboniy, bo’lsa xasmung gar Fariduni zamon,
Yaxshiliq birla kuduratlar bari bo’lur safo.

Sen Temur o’g’lonlari birlan yomonliq qilmading,
Shak emaskim, yaxshi ellarga yomonliq bermas xudo.

Nasli Yunusxon bila yaxshiliqing yaxshi edi,
Chun alar qildi yomonliq, tobtilar oxir jazo.

Qoch yomonlardin, tilagil yaxshilarning suhbatin,
Shak emaskim, kimiyo birlan boqir bo’lur tillo.

Teng emas donovu nodon, garchi jinsi bir turur
Kim, zumurraddek emas har necha sabz o’lg’ay giyo.

Yaxshi qil xulqungnikim, asru yomondindur yomon
Bu yomon axloq birla har ki bo’ldi mubtalo.

Shaboniy bu dunyo o’tkinchiligini, uning yolg’on matohlariga ko’ngil bermaslikni, shuning uchun bu dunyoda, hatto, bir necha yurtlarning shohi bo’lsa-da, bandalik yo’lini tutib, Yaratgan oldida faqr izhor etish, ehtiyojlilarga yordam berish va nafsga, shaytoniy ishlarga bo’yin endirmaslik hamda inson kamtar bo’lishi kerakligini uqtirarkan, bu xislatlar orqasida inson e’zoz topajagini, ayniqsa, kamtarlik mevasi, xuddi, tuproq (Odam Oto) kamtarligi tufayli farishtalardan ham ustunroq maqomga erishgani kabi bo’lajagini eslatadi:

Bu kechar dunyoyi foniyg’a ko’ngul bog’lamakim,
Ko’z yumub ochg’uncha kechar, eylakim bodi sabo.

Podshohlig’da, Shaboniy, faqrdan ayrilmag’il,
Faqr shohi ikki olam ichra bo’lur podsho.

Tengri gar berdi senga Eronu Turon shohlig’in,
Bandalik tavrin, Shaboniy, bermagil aldin raho.

Emdikim davlatdasen, o’ftodalarning ilgini
Tutki, haq o’ftodaliqda dastgir o’lg’ay sengo.

Nafsu shaytong’a mo’te’ o’lmoq ziyoningdur ziyon,
Tortqil shayton yuzinda tig’i “lo havla va lo (10)”.

Xok chun ko’rsatti ojizlik bila o’ftodaliq,
Sajda qildurdi maloyiklarni lutfi kibriyo.

Shoir ilmning inson ma’naviy, moddiy hayotidagi ahamiyatiga ham alohida to’xtaladi. Qur’oni karimdagi “inson o’rgatilgan ilmni tez o’zlashtirish qobiliyati orqasida maloyikdan ko’ra mukarramroq bo’lgani” so’zlarini eslatib, Odam Oto farzandlarini ilm olishga undaydi. Inson uchun ilmli va donishmand kishilar bilan o’tirib turishdan ham manfaat borligini ta’kidlagach, foyda keltiruvchi hayvonlar ilmsiz, ya’ni, ilmi yo’qligidan jamiyatga foydasi tegmaydigan johillardan afzalroq ekanini ochiqchasiga ifodalaydi:

Ilm suyi birla har subh ayladi qudrat eli,
Ilm uchun Odamg’a qildilar maloyik sajdaho (11).

Ilm turur dunyoda, bilgil oni, obi hayot,
Ilm birla tekurur har kishiga dor ul-fano.

Ilm birla ochilur har yerda bo’lsa mushkulot,
Ilm turur bilgil oni dunyovu oxir baqo.

YO rab, ahli donish ila birga qilg’il bu Shabon,
Bo’lmasun hargiz alarsiz ushbu dunyo doimo.

Ilm erur kunduzu johildur qorong’u kechadek,
Barcha ishdin bexabardur har na qilsa mojaro.

Ilmi yo’q johil na bo’lg’ay dunyoda, bilgil oni
Kim, eshak yaxshidur andin, ul har ishda nosazo.

Ma’rifatda odamiy bo’ldi maloyikdin sharif,
Ma’rifatsiz odamiydur govu xardin ashqiyo (12).

Shaboniy ta’kidicha, garchi nafsi ammora va hasadgo’ylik Odam Oto farzandlarida boshidayoq paydo bo’lgan yomon xislat esa-da, inson uchun ikkita eng dahshatli dushman hisoblangan bu “ota meros” odatni ilmu-hikmat, ma’rifat kasb etish orqali yengish mumkin. Shoir eslatishicha, odamlar insonni tubanlik sari yetaklovchi kibr, behayoliq kabi yomon illatlardan ham yiroq bo’lmoqlari lozim.

Beqanoat nafsi shumdur – baytul-xabis (13) to’ymas netay,
Bir-biriga kibru tazvir yana bog’lar hosid -o!

Ushbunungdek ikki dushman Otangg’a mehrubon,
Bu senga meros qilibtur qolmag’il sen ajabo.

YO rab, emdi ushbu dushmang’a urushchi qil meni,
Ilmu hikmat birla sen rahmatni bergil nasab-o.

Xullas, Muhammad Shayboniyxon yaratgan “Bahrul ho’do” qasidasi XVI asr o’zbek adabiyotining munosib namunalaridan bo’lib, shoir ilgari surgan odob-axloq g’oyalari bugungi o’quvchiga ham ma’naviy ozuqa bera olishi hech shubhasizdir.

084
SHABONIY (MUHAMMAD SHAYBONIY)
BAHRUL HO’DO(HIDOYAT DENGIZI)
Nashrga tayyorlovchi va izohlar mualliflari:
Erkin AHMADXO’JAEV, Ismoil BEKJON
091

Tangriga til birla ayg’il, ey ko’ngul, hamdu sano
Kim, siposu shukr loyiqdur anga bemuntaho (14).

Barcha olamni yaratg’uchi, qadim lam yazal (15),
Yo’qdin bor qildi bizlarni, hamuldur ibtido.

Har nekim mavjud erur olamda ul berdi vujud –
“Min hazizul-arz ila aujus-samovotil-a’lo (16)”.

Avvalu oxir ham uldur, zohiru botin ham ul,
Andin o’zga foniy va boqiy o’shuldur intiho.

Ne uchun bor qildi olam, ne uchun yo’q qildi, ul
O’zi bilur hikmatini, bilmadilar anbiyo.

Ham mushohid, ham mukoshif bilmadi zotu sifat
Kim, aning zotu sifatin hech bilmas avliyo.

Har necha yillar tirilsalar bu xalqi koinot,
O’zidur bir, ko’p sifoti, ko’rsatur qudrati xudo.

Qahrida bor lutfi va ham lutfida qahri aning,
Mo»min uldur, ham muhaymin (17), ham azimu kibriyo.

“Min haziz ul-arz”-razzoq ila “auj ul-falak (18)”-
“Min sinnom ul-arsh” – xalloq ila “taht as-saro (19)”.

Qohiru qahhor uldur, ham g’afuru ham rahim,
Yeru ko’k xoli emastur – qudratidindur to’lo.

Dedi: “La ehso sano (20)” tavhidida “xayrul-bashar (21)”,
Hamdini miskin Shaboniy ne qila bilgay ado.

* * *

Jon bilan ko’nglumni, yo rab, mahrami asror qil,
Ul ikkisin lutf qilg’il, dardima sensen davo.

Ikki olamda sening dargohinga keldi bu qul,
Lutf qil, surma eshikdin ham ko’rsatma ked-o!

Yozug’umni afv qilg’il, ey karimu lamyazal,
Umr borincha chu qildim asru ko’p jurmu xato.

Chun maning ishim turur yozmoq, yengilmoq, ey karim,
Sango loyiq ne durur afv, aylamak lutfu ato.

Yolborurmen tunu kun, ey korsozi beniyoz,
Ham aloyiq, ham xaloyiq dunyo sevmakdin judo.

Kim qilibtur bu falakni no’h tabaq boshdin ayoq,
Kim qilibtur bu maloik to’p-to’la ko’klar aro.

Kim qilibtur, fikr qil, ko’kning yuzini lojuvard,
Kim qilibtur charx yuzini zarafshon to’p-to’lo.

Kim qilibtur oy-kunning chehrasin olamfuruz,
Kim qilibtur yulduzung oynasin getiynamo (22).

Kim qilibtur arshu kursi, yeru ko’k, lavhu qalam,
Aql hayrondur bu qudratlarda, bilgil oqilo.

Kim mutarro (23) qildi tunnung zulfini laylu nahor,
Kim beribtur ushbu kunning ko’ziga nuru ziyo.

Kim qilibtur ushbu oyni gohi badru, gah hilol,
Kim qilibtur tunu kunni biri oq, biri qaro.

Kim tushurdi tavqi la’natni Azozil bo’ynig’a,
Kim Oto Odam boshig’a qo’ydi toji astafo.

Oyni tadvirida kim zoid-un-nur ayladi,
Goh roje’ (24) qildi ani, goh berdi e’tilo (25).

Yangi oyni kim qilur oy boshida sayqal kabi,
Badr ko’zgusini kim sayqal bilan berur jilo.

Kim inoyat qildi gulga bu libosi lolarang,
Ham yag’och qaddig’a kim kiydurdi bu yashil qabo.

Nargisi sarmastning ko’zini kim ko’hli (26) qilur,
Yer yuzini kim qilur oqu qizil, ko’rgil ango.

Kim qilur bu lolavu guli yosamin har navbahor,
Arg’uvoni yoquti ahmardek, sorig’ gul kahrabo.

Tosh ichinda so’rxru la’li Badaxshon kim qilur,
Bahr ichinda qatrani kim qildi durri bobaho.

Kechaning zulfini zulmat birla qildi tiyra rang,
Kunduzing ruxsorini kun birla qildi bosafo.

Obu gilni kim muqayyid ayladi, sen fikr qil,
Kim qo’shubtur ushbu xoku otashu obu havo.

O’tu yel, tuproqu suv bir yerda qildi imtizoj,
Turlu san’atlarni qildi xoliqi arzu samo.

To’rt unsur har birining asli asliga ketar,
O’tu yel, tuproqu suvdin hech kishi topmas vafo.

Bevafolardin umid tutg’on kishi noahl erur,
O’tu yel, tuproqu suv tarkibida bo’lmas baqo.

To’rt unsurdirki bordur har biriga o’zga mayl,
Qilmadi azdod hargiz birga bo’lmoq iqtizo.

Imtizojikim bo’libtur orazidur asli yo’q,
Har na bordur orazi bir kunda topar inqizo (27).

Har biri o’z markaziga mayl etibon ayrilur,
Necha kun gar bizga bo’lsa, bizga bo’lmas doimo.

Avvali tuproq edi ham oxiri tuproq o’lur,
Ruhi pokingni ayr, qilg’ilu tuproqdin judo.

Ushbularni fikr qilg’il muntahiy qayda bo’lur,
Barchadin erdi burunroq ruhi poki Mustafo.
Barchani andin yaratti hazrati rabbil-a’lo.

Haq taolo barcha ashyoni yaratmasdin burun,
Bor edi avvalg’i ruhi Mustafoyi mujtabo.

Hazrati payg’ambari mursal dedi: “Kuntu nabiyan (28)
Kona bayn ul-mo’ vat-tin (29)” odami farruxliqo.

Olam suratda gar odamning o’g’li erdi,
Olim ma’nida ul erdi bu Odamg’a oto.

Ma’niyi gar “lavlak” (30)ni gar bilgasen ravshan bo’lur,
Kim bu payg’ambar uchun bo’ldi samak(31)tin to samo.

Abru boron, havoni lutf qildi Haq biza,
Dedi: “Fanzaru kayfa” (32) “yuhilarz ba’d mavtiho” (33).

Hikmat ilan yerga kim berdi sukun tog’lar ila,
Qudrat ilan charxni kim sarnigun qildi yano.

Ushbu odam tiynatinda ganj yoshurg’on turur
Kim, “nafahatu fiyhi min ruhiy” (34) dalilidur ango.

Ushbu yanglig’ tartibe olamda, ayg’il, kim qilur,
Muncha hikmat kim qo’yubtur tiynati olam aro.

Bog’ning amvotini Iyso kibi tirguzdi (35), bil,
Qudratining purligina xush daliledur sabo.

Kirm(36)din atlas chiqordi va qamishdan qandu shakar,
Xurmo chiqordi yog’ochdin, gul tikandin bog’ aro.

Yeru ko’kning xoliqidur, oyu kunning sone’i,
Vahshu tayru insu jin rizqini berur doimo.

Ko’ku yerga baxshish etti rif’at ila maskanat,
Dedi: “Val-arz farshinaho” (37) “va zayn us-samo” (38).

Bu Shaboniy tunu kunda sanda(n) omirzish tilar,
Rabbano, yo rabbano, yo rabbano, yo rabbano!

Hokimi barhaqsen-o’qsen “yuhkaumulloh mo yarid” (39)
Foili mutlaqsen-o’qsen “nafa’lulloh mo yasho” (40).

Gar bag’ishlarsen meni fazling bila na’mussavob (41),
Gar so’rarsen yozug’imni adl ila, vo hasrato.

Xalq aningdur, hukm aningdur, amr aningdur, nahy aning,
Fazl aningdur, mulk aningdur har kima qilsa ato.

Podshohlarni gado qilur, gadoni shoh etar,
“Tanza miman tisha ul-mulk ta’ti min tisho” (42).

Fazling o’lsa qutulurmen, ey karimu ey rahim,
Adling o’lsa na qilurmen, asru ko’p jurmu xato.

Anta sattor ul xatoyo, anta g’afforu uz-zunub (43),
Fa a’fa yo g’affor, an zilotino va ag’firlino (44).

Sendin o’zga yo’qturur olamda rahmon ur-rahim.
“YO iloha, min ladunka rahmatin-hayyi lino” (45).

Poymoli ma’siyat qo’yma, mening ilgimni tut
Kim, meni sargashta asru qolmisham bedastu po.

To’ymadi Shaybon nechakim ichti bu obi hayot,
Xush turur har necha (h)idlasa kishi mushki Xito.

* * *

Yuz salotu, yuz salom aysaq nisori Mustafo,
Subhu shom qilsaq durud ila duoyi Murtazo.

Sham’i jam’i anbiyog’a yuz salovotu yuz salom,
Subhu shom ayg’il anga jondin durud ila duo.

Shar’ ilan tuzdi xaloyiqni tariqat yo’lida
Kim, haqiqatni qilib aynul-yaqin ul muqtado.

Ilm bahrinda nihoyatsiz anga fazlu kamol,
Mazhari lutfu karamdur, ma’dani sidqu safo.

Oyni ikki yor dedilar kufr ahli na uchun
Kim, sening shar’ingda munkirga bo’lur ikki guvo(h).

Xotiridur to’p-to’la asrori haqning maxzani
Matla’ ul-anvor ko’ksidur, yuzi shams uz-zuho (46).

Faxr uchun Haq ikki olamda ani qildi habib,
Osiylarning dardiga mahshar kuni uldur shifo.

Turfatul-ayniy (47) ichinda yeru ko’kni sayr etar,
O’z yeridin tebramagandek ko’rar ul anbiyo.

Hech payambar yurmadi ul “qobi qavsayn” (48) manzilin
Qurbi (49) “ou adno” (50) muyassar bo’ldi tengridin ango.

Keldi “subhonallazi asro beabdihi” (51) sha’nida
Kim, aning qurbini bilgay anbiyovu avliyo.

Sadr(52)i “subhonnallazi” (53) va badri “mozog’-ul-basar” (54),
Mehtari har du jahon va xojai har du saro.

Surma qildilar to’qquz aflok oyoqi tuzini,
Ham malak, ham insu jinning ko’zigadur to’tiyo.

Surai “Toha” va “Yosin” indi aning vasfida,
Ham “alam nashruh” (55), dag’i vasfi turur ham “vaz-zuho” (56).

Haq dedi vasfini Qur’onda “alo xuluqin azim” (57),
Demadi haq kimga bu xulqi azim ilan sano.

Mustafo keldi ki bo’lg’ay rahmat il-olamin (58),
Salammo-salo alo faxrul-bashar xayrul-varo (59).

Ul tabibi illati isyon ki sihhat bobida,
Ondin olur Bu Ali gar bo’lsa “Qonun”, “Shifo”.

Ul shafi’-u, ul nadiru ul siroju ul bashir,
Ikki olam sadru badru Mustafovu Mujtabo.

Ul nabikim, yetti ko’k ustida chun qo’ydi qadam,
Dedilar kurrubilar “ahlan va sahlan, marhabo”.

Ko’z yumub ochg’uncha rahbari ikki olam sayr etar,
Bo’lmadi hargiz hijobi bu samakdin to samo.

Yetti ul yerga ki, dedi u do’nub Jabroyil:
“Gar bilursen manzilin, o’qu o’shul “summadano” (60).

Arshning tubinda me’roj kechasi ko’rdi rasul,
Mavj urg’on bir ulug’ daryoi azim bosafo.

To’b-to’la ko’rdi maloyik mavj uzra favj-favj,
Dedi munlarg’a shahi abroru toji asfiyo:

-Emdi siz qaydin kelib, qoyda borursiz, aytingiz?
Bir malak dedi ki: — Ey sultoni xayli anbiyo.

Tengri qudrat birla bir kavkab yazar ko’k uzrakim,
To’rt yuz ming yilda bir zohir bo’lur gardun aro.

To’rt yuz ming qatla ul kavkabni ko’rdum, yo rasul,
Ul zamondin sayr etib emdi yetishtim burdo.

Bilmadim men sayr etibon qayda bora, yo habib,
Aqli hayrondur izi-keynida, bil, ey podsho!

Qudrati sone’da bilgil hech g’oyat yo’q turur,
Hech kim miqdorini bilmas: nihoyat, ibtido?

Nechaga tegru so’rarsen mendin emdi bu xabar
Ma’ni ko’zlakim, qamug’ (61) dardinga ma’nidur davo.

Aqlu hush ila yetishmas zoti pokiga kishi,
Fazl bo’lsakim, seni aynul-yaqin qilg’ay xudo.

Gar kishiga bo’lsa davlati ma’rifat, ilm ul-yaqin,
Ul kishining ko’ngli turur ganji davlat doimo.

Ham karomat, ham saodat, ham valoyat barcha ul,
Kufru zulmatni yoritg’uchi, ham uldur rahnamo.

Bir ovuch tufrog’ni, ko’rgil, qildi lashkari behisob,
Mo ramayta iz ramayta lekan alloh ramo (62).

Oyning qurs(63)ini sindurdung falakning havonida,
Ya’ni bu da’vatg’a bordur ahli olamg’a salo (64).

Zoti poki rahmat il-olamin erdi oning,
Oning uchun barcha mursallarga bo’ldi peshvo.

“Kun fa-yakun” Mustafoning nuri edi bil yaqin,
Bu hama jumla mazohir avvali ul zohiro.

Har nima kim yaxshi etibon ismi mazhar qo’ydilar,
Jome’ ul-usamo ba shi’i avval (65) ul o’ldi ibtido.

Oning uchun barchag’a mehru vafo andin yetar,
Shar’ining nuri turur jumlaga bu sidqu safo.

Qobiliyat toptilar ijroyi olam barchasi,
Partavi nuri shariatda qilib ehson, vafo.

“Mim”i Ahmadni ketirsang ne qolur, fikr aylagil,
Haq ani adash deyur, eshit muazzindin sado.

“Mim”i Ahmad chun ochildi, o’zgalar bo’ldi adam,
Qoldi bir yolg’uz Ahad, ma’dum bo’ldi mosuvo.

………………………………………..

It hurar, karvon ko’char, mulhad eshakdur din aro.

YO rasululloh, menga ahbob ilan qilg’il madad,
Mustahiqmen men bu barcha mustahiqlardin aro.

Haddin oshti yo nabi, jurmu gunohim daftari,
Tugonur daryoyi Qulzum yozsa daftarlar aro.

Nafsi kofir otini minib yururmen har taraf,
Ojizu miskin tururmen, nafsu shayton aqrabo.

Qariliqda ojiz o’ldum, tut qo’lumni, yo rasul,
Yo’q panohim sendin o’zga, senga qildim iltijo.

Qo’ymag’il noumid Shaboniy, yo shafi’ ul-muzannin,
Podshohlarning orasinda man-o’qturman gado.

Ilmu hikmatdur kishiga ikki dunyo molu ganj,
Dunyo va uqbida uldur kishiga sohibi livo.

Ne sababtur o’tdin qilmoq odam tarkibini,
Ishq o’tindur ko’ngulga doimo zavqu safo.

Ishq o’tini bilgusidur bu ko’ngul jo’shidasi,
Ishq o’tidin bo’ldi hosil, bilki ilmu kimiyo.

Ishq uchun Odam Oto bir jav bahona qildi bil,
Ishqning hurmati chun qildi maloyik peshvo.

Ishq aning chun qildi rag’bat andin o’ldi mursalin,
Ishqning haqi uchun bo’ldi habibi Mustafo.

Ishq g’olib erdi ersa haq dedi: Ahmad habib,
Ishqi uchun ham maloyik qildi mursal iqtido.

Ishq qildi kishini biri-biridin bargo’zin,
Ishq uchun chun Haq bandasin otin qo’yubtur avliyo.

Ishq uchun tunu kun tinmay yurur charxi falak,
Ishq yo’ling’a kim qadam qo’ysa muningtek mubtalo.

Bu ne sun’u bu ne qudrat anglamas miskin Shabon,
G’am yema, dardingga darmon qo’lisin qilg’ay davo.

Ishqi gul oshufta qildi bulbuli bechorani,
Ishq aning chun bo’ldi mashhur har saharda nolaho.

Ishq ahlidin asar yo’qtur, nedayin, bu zamon,
Ey Shaboniy, nay kabin har subhidam qilg’il navo.

Bu badanda ushbu yel turmoqg’a nedir, bil sabab,
Ishq o’ti yonmas edi bo’lmasa bu bodi havo.

Bu nafas kirar-chiqar har birisi budur hayot.
Har biri Iso nafasdur ruhunga quvvat, safo.

O’tu yel birla musohib bo’lmog’i bo’ldi ajab,
Ishq o’tining uchqunini yetkarur arze, samo.

Yel otin minib yurur erdi bilmon lashkari,
Haq oni har yon tilasa yetkarur erdi qazo.

Sen ani yel demagil nusrat yeli bo’ldi madad,
Qildi dushman ko’zin ul yel tufroq ila mubtalo.

Abru bod ushbu jahonning asru xush farroshidur,
Kim bu yelga takya qilsa ul kishidur nosazo.

Har kishining umri olamda bu yel bikin o’tar,
Haq na qilsa, erki bordur bo’yun sun, bergil rizo.

Oning ila yo’q qilur va oning ila bor qilur,
Ul maqomedur bilursen, uldurur xavfu rijo.

To’rt unsur birla to’quz ko’k to’g’or har ne ki bor,
Ul to’quz oboyi alaviydur, bu to’rt erur ono.

To’rt unsurdin bino bo’ldi mavolidi solos,
Kim jumodiyu naboti bo’ldi, hayvondur niyo.

Borcha hayvonotdin xohi ulug’, xohi kichik,
Nutq birla, aqlu idrok ila insondur sazo.

Har nekim olamda bordur o’tu yel, tufroqu suv,
Har ne bor yuqori, quyu, bahru barr, arzu samo.

Borcha muhiddis(66)lar turur, muhiddis baqosi yo’qturur,
Ul qadim erur ki boqiydur, anga bo’lmas fano.

Tengridur boqiy va boqiy, foniy erur har na bor,
“Kulli sha’in holaka illo vajhu” (67) bordur guvo(h).

Chun jahon foniy turur yaxshiliq etsang yaxshiroq,
Xoh dushman bo’lsa, xohi do’stung, ey bul-a’lo.

Do’st birlan yaxshiliq xush, dushman ilan yaxshiroq,
Gar sening birlan yomonliq qilsa, aning bo’ynido.

Gar yomonlar birla qilsang yaxshiliq bu dunyoda,
Tengri yaxshiliq-jazo bergay senga “yo’vmil-jazo (68)”.

Chun kishidin hech nima qolmas, hamin oti qolur,
Yaxshi otg’a jahd qilkim, qolsa sendin el aro.

Qo’y kudurat rasmini, kechma safo oyinidin,
Ahli dillar so’zidur “da’ mo kadari xaz mo asfo” (69).

Yaxshiliq yaxshi turur, asru yomonliqtur yomon,
Borchag’a zohir turur, bu so’zda hech yo’qtur xifo (70).

Yaxshiliq birlan yomon dushman senga yaxshi bo’lur,
Bo’lmag’an yaxshi sening birlan – yomon qolur ango.

Afv qilg’il, afvkim bo’lg’ay savobing behisob,
Tangri Qur’onda “Alo-olloh” – dedi, — “ajri min afo” (71).

Afv qil “val kozimin-alg’ayz val-ofiyin” (72) o’qu,
Muhsin o’lg’ilkim, “yuhibbil-muhsinin” (73) kelgay nido.

Gar o’lumluk xasmini qo’ysang “va-man ahyo” (74) o’qu,
“Kona ahyo un-nos kallo” (75) xush bashoratdur sango.

Ul yuraklik lashkari islomning manglayidur,
Kim g’azab ustida qilg’ay afv, ochg’ay mangqlo.

Berdi yaxshilarg’a haq ikki jahonning davlati,
Ikki olam davlatidur yaxshi ellarga sazo.

Yaxshiliq qil, yaxshiliq, kim, har yamondin dunyoda,
Tengri seni saqlag’ay “fo olloh xayrun hofizo” (76).

Ey Shaboniy, bo’lsa xasmung gar Fariduni zamon,
Yaxshiliq birla kuduratlar bari bo’lur safo.

Sen Temur o’g’lonlari birlan yomonliq qilmading,
Shak emaskim, yaxshi ellarga yomonliq bermas xudo.

Nasli Yunusxon bila yaxshiliqing yaxshi edi,
Chun alar qildi yomonliq, tobtilar oxir jazo.

Qoch yomonlardin, tilagil yaxshilarning suhbati,
Shak emaskim, kimiyo birlan boqir bo’lur tillo.

Teng emas donovu nodon, garchi jinsi bir turur
Kim, zumurraddek emas har necha sabz o’lg’ay giyo(h).

Rostliqdin chiqmakim, budur jahonda e’tidol,
Adl ul-xulq mazohan ahli-l-xatti-il ustivo (77).

Yaxshi qil xulqungnikim, asru yomondindur yomon
Bu yomon axloq birla har ki bo’ldi mubtalo.

Bu kechar dunyoyi foniyg’a ko’ngul bog’lamakim,
Ko’z yumub ochg’uncha kechar, eylakim bodi sabo.

Bu jahonning davlati hech kimga boqiy qolmadi,
G’arra (78) bo’lma davlatingakim, bo’lur oxir fano.

Boqiy o’lmoq dahr bog’ida tamanno qilmakim,
Bir necha kundur guli ra’nosig’a nash’u-namo.

Har bahorekim, kelur, bordur xazoni keynida,
Bordurur kunduz bilan kecha, saboh ilan maso.

Royu tadbiring bilan zinhor qilma e’timod
Kim, erur “a’mi-ul-basar” shaksiz “izo jo’-ul-qazo” (79).

Fikr qilma aqlingga har necha bo’lsang hushmand,
Kim, qazo yetganda nodondek bo’lurlar azkiyo.

Bir haqiqatdur jahonda, andin o’zga har ne bor,
Behaqiqtdur bari, andoqki ko’zda simiyo.

Podshohlig’da, Shaboniy, faqrdin ayrilmag’il,
Faqr shohi ikki olam ichra bo’lur podsho.

Tengri gar berdi senga Eronu Turon shohlig’in,
Bandaliq tavrin, Shaboniy, bermagil aldin raho.

Borcha olamdin chu Iyso faqr qildi ixtiyor,
Chor bolishdur anga Ko’k, Mehri tobon muttako.

Emdikim davlatdasen, o’ftodalarning ilgini
Tutki, haq o’ftodaliqda dastgir o’lg’ay sengo.

Har ne kelsa boshingga hukmu qazodin rozi bo’l
Kim, rizodin chiqmag’il kim, xush maqomedur rizo.

Kechalar bedor bo’l anjum kibi, uyquni qo’y,
Ko’zung ochkim, layl jabalidur, balosidur balo.

Har necha qadring baland o’lsa, o’zungni past qil,
Zarrai davlatg’a gar ko’nglung tilaydur e’tilo.

Tangriga qilsang tavakkal haq berur nusrat senga
Ayt har ishda “tavakkalno ala rabbus-samo”.

Ko’nglum uyini yorut toat bila kim oqibat
Marg yelidin charog’i umr topar intifo (80).

Har baloda haqni yod etkim, xalos aylar seni,
Ul karimekim, tutulg’on oyni berur enjlo.

Nafskim, isyondin ag’riq bo’ldi anga naf’ etar,
Tavba qilmoq ila kim bemorlarg’a ehtimo (81).

Qo’ymag’ilkim, nafs xu qilg’ay maosi birla, kim,
Xastaliq chun eski bo’ldi, anga naf’ etmas davo.

Go’sha tutkim, bo’ldi ko’z insoniy yanglig’ ayni nur,
Nafsu shaytong’a mo’te’ o’lmoq ziyoningdur ziyon,
Tortqil shayton yuzinda tig’i “lo havla va lo” (82).

Nafsi shaytong’a muvofiq qilmag’il, yo rab meni,
Ul biri vasvosu xannos, ul biridur ajdaho.

Behayoyi-yu g’ururiy kibr shayton ishidur,
Behayo qilma qulungni sen bori inson aro.

Behayoliq birla ul la’natni qildi ixtiyor
Kim, “alayka la’nati” (83) haq anga qildi doimo.

Ajdahoning fe’li kajdur, na umid tutsun kishi,
Doimul-avqot aning ko’nglinda durur Osafo.

Beqanoat nafsi shumdur baytul-xabis to’ymas netay,
Bir-biriga kibru tazvir yana bog’lar hosido.

Nafsi shayton shumlig’ini aydi o’sh miskin Shabon,
Ul otangdin beri munlar dushman o’ldi avajo (84).

Ushbunungdek ikki dushman otangg’a mehrubon,
Bu senga meros qilibtur qolmag’il sen ajabo.

YO rab, emdi ushbu dushmang’a urushchi qil meni,
Ilmu hikmat birla sen rahmatni bergil nasabo.

Ko’ngluma solg’il mening, yo rab, qanoat rohati,
Betama’ qilg’il xaloyiqdin meni, sen kibriyo.

Betahammul qilmag’il, har necha bo’lsam behunar,
Betavoze’ qilmag’il meni bu insonlar aro.

Ilmu hikmat nuridin ko’nglumni pur qil, lam yazal,
Lutf qil, ehsoni tavfiq bu faqir bechoraro (85).

Qilmadim men hech ishi shoyista, dargohingdaman,
Ey karimo, lutf qil sargashtayi ovoraro (86).

Nafsi shayton javridin bechoravu darmondamen,
Ojizu miskin, qara, qulungni tut tavfiq aro.

Hikmat asrorimdadur, ham sirotu mustaqim,
Ham tariqat maqsadidur, ham shariat rahnamo.

Bu qasida sone’g’ung sun’in ajoyib ko’rsatur
Subhi olamdek munavvar, ham kunashdek bo safo.

Goh holoti sanoe’ni bilursen begumon,
Goh atvori badoe’ni bayon qilur sango.

To asarlarning borin aynul-yaqindek bilgaysen,
Bir muassir yaratibtur bilgil ushbu tavhido.

Donish ahli istiloh etgil so’zum boshtin-ayoq,
Hech xalal, sir so’zni aymoq donishim yo’qtur sango.

Zoti pokin na so’rarsen, bilgil, ey ahli yaqin,
Johil ahlig’a deyurmen bir durur, bilg’il, xudo.

…………………………………………

Kim, qo’shubtur ushbu jonda o’tu yel, suv, xok aro.

Ishq o’tidin puxta bo’ldi ushbu tarkibi badan,
Oning uchun ushbu tarkib bo’ldi ishqqa oshno.

Yel ki, dermen, bilsangiz subhi azalning yelidur,
Oning uchun xush yoqar jong’a sahar vaqti sabo.

Bodai ishqning suyi birla yug’urub tiyrai xok,
Kim, bilur sun’i karim, oshiq ko’zi yoshtin to’lo.

Xok chun ko’rsatti ojizliq bila o’ftodaliq,
Sajda qildurdi maloyiklarni lutfi kibriyo.

Ilmi “ta’limi laduniy” (87) barcha tengridin edi,
“Aslamal-usama’” – Haq Odamg’a dedi – “kulliho” (88).

Ilmi suyi birla har subh ayladi qudrat eli,
Ilm uchun Odamg’a qildilar maloyik sajdaho (89).

Ilm turur dunyoda, bilgil oni, obi hayot,
Ilm birla tekurur har kishiga dor ul-fano.

Ilm birla ochilur har yerda bo’lsa mushkulot,
Ilm turur bilgil oni dunyovu oxir baqo.

YO rab, ahli donish ila birga qilg’il bu Shabon,
Bo’lmasun hargiz alarsiz ushbu dunyo doimo.

Ilm erur kunduzu johildur qorong’u kechadek,
Barcha ishdin bexabardur harna qilsa mojaro.

Ilmi yo’q johil na bo’lg’ay dunyoda, bilgil oni
Kim, eshak yaxshidur andin, ul har ishda nosazo.

Johil ahli zulmat o’ldi, ilmdur anvori haq,
Kim yoruqluq tilar ersa bo’lmasun andin judo.

Kim yaratti mashriqu mag’rib, shimolu ham janub,
Mag’ribi olamfuruzu mashriqi getiynamo.

To’rt fasl ila tuzubtur ushbu dunyo tartibin,
Qudratida aql hayrondur, deyurbiz: rabbano!

Chor unsurda o’zining fe’lin izhor ayladi,
Podshah qildi bularg’a nuri pokiydin ato.

Bu maloyikdin ki bordur to’rtni qildi go’zin,
Har biri bir ishga qo’ydikim, o’zidur podsho.

Nuri zotidin arabdin qildi paydo bir habib,
Anga ham qildi inoyat chor yori bo safo.

Har necha zoti sifotida xirad fikr aylasa,
Hayrati ortar kim, o’zidin o’zidur ibtido.

Arshtek ko’nglungni keng etkim, qilur rahman nuzul,
Munda shak yo’qtur ki “ar-rahmani ala arshi ustivo” (90).

Yod qil ul ahdnikim, bog’lading ro’zi alast,
Bevafoliq qilmag’il, ul ahdinga qilg’il vafo.

Sen ko’tarding ul omonatni zulum ila jahul,
Kim, oning ko’tarmakidin, yeru ko’k qildi ibo.

Bu dam bu damdur, kunduzung ishini qo’yma kechaga,
Hech kim bilmaski “mo zo taksibu nafsun g’ado” (91).

Yo’qturur, xulqing abas avqot zoe qilmag’il,
Muncha hikmat senda bebois emastur, ey fato (92).

“Kunta va kanzan”ni o’qu “ahbabtu” va “inna arafa”(93)ni bil,
Toki, bilgaysen ki bordur ma’rifat oting sango.

Ma’rifatda odamiy bo’ldi maloyikdin sharif,
Ma’rifatsiz odamiydur govu xardin ashqiyo (94).

Ma’rifat uldurki bilgaysen xudoni a’n dalil,
Jurmu aql ilan ki andin bo’lmag’ay chunu-charo (95).

Jazm bilgaysen ki shukri yeru ko’kda pur turur,
Ikki bo’lsa yeru ko’k, yuz qatla bo’lg’ay dey fano.

Chun hidoyat yo’lini ko’rsatmisham bu she’rda,
Bu qasida oti bo’ldi g’aybdin “Bahrul-ho’do”.

Ikki yuzdur bayti dag’i oltmish oni kibi,
Ikki yuz oltmish turur “Bahr ul-ho’do”ni ham sano (96).

Ko’rmagil oson ki bordur jumla “sahli mumtane’” (97),
Qobili yuz ofarindur, loyiqi yuz ming sano.

Yili Lu yil edi-yu, oyi muharram oyikim,
Ibtidosi g’urrada, peshinda bo’ldi intiho.

Erdi to’qquz yuz taqi o’n to’rt hijrat vaqtidin
Kim, bu gulshan ichra topti bulbuli tab’im navo.

Manzilim ul vaqt edi Bastom bila Domg’onda
Kim, menga qildi madad arvohi poki anbiyo.

Piri Xarraqoniy – tariqatning imomi Bulhasan,
Barcha oriflarg’a sulton Boyazid ul muqtado.

YO azmul-afv, yo g’affori anvo’-ul-zunub,
YO iloha al-xalq, yo xalloqi asnof ul-varo.

Yozug’umdin sharmsoram, anta zulfazl ul-kabir,
Eshigingda xoru zoram, anta zulmajid ul-a’lo.

Gar yomon qildim, dedim astag’firillohi-l-azim,
Fazling ilan yozug’umdin kech zullamno rabbano.

Adl ilan so’rma gunohimni – uyotliq qilmag’il,
Yozug’umdin fazl birlan kech, rahmat qil mango.

Har ki yod etgay meni har kun duoi xayr ila,
Anga rahmat qil iloho, mustajob etgil duo.

Bu qasidani o’qub, har kim ki yod eta meni,
Ikki dunyoda murodu maqsud bergay xudo.

IZOHLAR
—————

1.Abjad hisobida “???????? – Bahrul hudo” so’zlaridan “260” soni chiqadi.
2. Son-sanoqsiz.
3. Yo’q bo’lmas, mangu.
4. Yerning eng quyisidan samoning eng yuqori cho’qqisigacha – 20 sura, 4 oyat.
5. Son-sanoqsiz olqish.
6. Insonlar a’losi (Muhammad payg’ambar s. a. v. ko’zda tutilmoqda).
7. Qurt (pilla qurti).
8. Baliq.
9. So’ng yaqinlashib, pastladi – 53 sura, 9 oyat.
10. Ollohdan boshqa qudrat yo’q.
11. Sajdalar.
12. Badbaxt.
13. Yomonliklar uyasi.
14. Son-sanoqsiz.
15. Yo’q bo’lmas.
16. Yerning eng quyisidan samovotning eng cho’qqisigacha – “20 sura, 4 oyat.
17. Pushti panoh.
18. Yerdan falak avjigacha mavjudotlarga rizq beruvchi – 20 sura, 4 oyat.
19. Arsh ustidan yer ostigacha yaratgan – 20 sura, 6 oyat.
20. Son-sanoqsiz olqish.
21. Insonlar a’losi (Muhammad payg’ambar s. a. v. ko’zda tutiladi).
22. Olamni ko’rsatuvchi.
23. Tim qora.
24. Pastga enuvchi(botuvchi).
25. Yuqoriga chiquvchi.
26. Surma.
27. Yakun.
28. “Bor edim payg’ambar”. Ya’ni Odam Oto suv bilan tuproq o’rtasida bo’lganda men payg’am-bar bor edim. – Hadis.
29. Suv va loy orasida bo’lganda.
30. Agar yo’q esang.
31. Baliq (yer kurrasi osti).
32. Qarang qanday. – 3 sura, 131 oyat.
33. Yer o’lgandan so’ng qayta tirildi. – 30 sura, 19 oyat.
34. Unga o’z dargohimdagi jondan kiritganimda. – 15 sura, 30 oyat.
35. Iso payg’ambarning qushni tiriltirib, boqqa qo’yib yuborgan mo»jizasiga ishora.
36. Pilla qurti.
37. Yerni yoydik. – 51 sura, 49 oyat.
38. Ko’kni bezatdik. – 15 sura, 16 oyat.
39. Ollohning istagan hukmi bo’ladi. – 2 sura, 255 oyat.
40. Ollohning istagan ishi amalga oshadi.
41. Yaxshi mukofot. – 18 sura, 31 oyatdan.
42. Mulk egasi ollohdir, uni istagan kishisiga beradi. -3 sura, 26 oyat.
43. Sen xatolarni bekitguvchi, ayblarni kechirguvchisen.
44. Bas, ey kechiruvchi, gunohlarimni o’zing kechir.
45. Ey tangri, o’z huzuringdan marhamat ato et, ishimizni o’zing o’ngla. – 18 sura, 10 oyat.
46. Quyoshning tong mahal chiqishdagi ko’rinishi.
47. Bir zumda.
48. Ikki kamon oralig’ida – 53 sura, 10 oyat.
49. Yaqinligi.
50. Yoki undan ham yaqinroq – 53 sura, 10 oyat.
51. O’z bandasini sayr qildirgan pok zotdir – 17 sura, 1 oyat.
52. Qalb.
53. Qaysikim pokdir.
54. Payg’ambarning ko’zi o’ngu so’lga og’madi – 53 sura, 18 oyat.
55. Quvontirmadikmi qalbingni? – 94 sura, 1 oyat.
56. Qoq peshin mahaliga qasam – 93 sura, 1 oyat.
57. Ulug’ xulq ustida – 68 sura, 5 oyat.
58. U (Muhammad payg’ambar) olam ahli uchun rahmatdan o’zga narsa emas.
59. Insoniyat faxri, yaxshilikka burkanganga salomu salotlar.
60. So’ng yaqinlashib, pastladi – 53 sura, 9 oyat.
61. Ko’plab.
62. Ey Muhammad, tuzoqni otgan paytingizda, Siz otmadingiz, balki, olloh otdi – 8 sura, 17 oyat.
63. Doira, aylana.
64. Chaqiriq, da’vat.
65. Barcha ismlardan birinchisi.
66. Yaratilgan va yo’q bo’luvchi narsalar.
67. Ollohdan boshqa barcha narsa nobud bo’ladi – 28 sura, 88 oyat.
68. Qiyomat kuni.
69. Kudurat soflikni yuzaga chiqarmaydi(kudurat xiralik degani).
70. Yashirin, bekitiqcha.
71. Kechirimlikka mukofot olloh huzurida.
72. G’azabini ichiga yutguvchilarni xudo sevadi – 3 sura, 134 oyat
73. Olloh yaxshi kishilarni sevadi – shu sura va oyatdan.
74. Tiriltirilgan kishi – 5 sura, 36 oyat.
75. Barcha odamlar tirikdirlar – 5 sura, 36 oyat.
76. Olloh yaxshilarni asraydi.
77. Kishilarga adolatda yer kurrasining teng o’rtasidan o’tuvchi ekvator chizig’idek bo’l.
78. Gerdayish, maqtanish.
79. Qazo yetsa ko’zdan nur qochadi.
80. Yo’qolish.
81. Parhez qilmoq.
82. Ollohdan boshqa qudrat yo’q.
83. Senga la’natim( Olloh la’nati).
84 Egri.
85. Bechorani.
86. Ovorani.
87. Ilohiy, ya’ni diniy ilm.
88. Odamga barcha ismlarni o’rgatdi – 2 sura, 30 oyat.
89. Sajdalar.
90. Olloh arsh ustidadir.
91. Hech bir jon ertaga nima qilishi, qaerda o’lishini bilmaydi – 31 sura, 34 oyat.
92. Ey eran, mard odam.
93. Do’stimiz haqiqatda biluvchidir – 38 sura, 31 oyatdan.
94. Badbaxt.
95. “Nega” degan savolsiz; hech so’zsiz.
96. Qasida nomidan ham abjad hisobida shu sonlar chiqadi.
97. Oson ko’rinuvchi, lekin, aslida qiyin narsa. Bu yerda: she’riy uslub.

099

(Tashriflar: umumiy 1 862, bugungi 1)

Izoh qoldiring