Aziziddin Nasafiy. Komil inson haqida. Yettinchi risola. Ishq bayonida & Najmiddin Komilov. Tasavvuf. VII. Komil inson

Ashampoo_Snap_2017.06.16_23h25m28s_002_d.png      Куни-кеча улуғ тариқат алломаси Азизиддин Насафийнинг «Комил инсон китоби» асари таркибидаги  бешинчи рисола — «Сулук баёнида»нинг мумтоз адабиётимизнинг билимдон тадқиқотчиси Олим Давлат     таржимасида тақдим этган  эдик. Бугун эса еттинчи рисола — «Ишқ баёнида»ни мутолаа қилишингиз мумкин.

НАСАФИЙ ВА АСАРЛАРИ
Таржимондан
09

07Азизиддин Муҳаммад Насафий — ирфон фалсафасининг мумтоз вакилларидан. У XIII асрнинг биринчи чорагида Насаф шаҳрида туғилган. Бошланғич маълумотни она шаҳрида олиб, замонасининг йирик суфийларидан бўлмиш Абу Туроб Нахшабийга мурид тушади. Сўнгра пирининг ижозати билан Бухорои шарифга бориб, расмий билимлардан ташқари фалсафа, калом ва тиб илмларини чуқур ўзлаштиради. 1243-51 йилларда Хуросонга сафар қилиб, Нажмиддин Кубро ва Муҳйиддин ибн Арабий таълимотларини ўзаро уйғунлаштирган кубравия шайхларидан ҳисобланмиш Шайх Саъдиддин Ҳамавий ва бошқа тариқат аҳлининг суҳбатига етишади. Элхонийларнинг Бухорога ҳужумидан сўнг (1273) илму ижод учун тинч жой излаб Эронга кетган, Баҳробод, Исфаҳон, Шероз шаҳарларида истиқомат қилган. Умри охирида Язд шаҳрининг Абркўҳ деган жойида Саъдиддин Ҳамавий қабри ёнидаги хонақоҳда яшаган.

Насафий асарларининг XVI — XX асрларда кўчирилган қўлёзма нусхалари бугунги кунда Лондон, Лейден, Вена, Теҳрон, Калькутта, Санкт-Петербург, Душанбе шаҳарларидаги кутубхоналарда, Тошкент давлат Шарқшунослик институти қошидаги Шарқ қўлёзмалари марказида сақланмоқда. Эрон олими Абдулризо Сайф унинг “Кашф ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар кашфи”), “Зубдат ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”), “Мақсад ул-ақсо” (“Сўнгги мақсад»), “Китоб ал-Инсон ал-комил” (“Комил инсон китоби”), “Манозил ус-сойирин” (“Сайр этувчиларнинг манзиллари”) ҳамда йигирмадан ортиқ нашр этилмаган асари рўйхатини келтиради.

Азизиддин Насафий номи ва асарлари ўрта асрлардаёқ Оврупода маълум бўлган. 1665 йили Август Мюллер унинг “Мақсад ул-ақсо” асарини лотин тилида нашр этган. 1953 йили Франц Майер буюк тасаввуф олимининг ҳаёти ва ижодига доир тадқиқотини эълон қилган. 1931 йили Аҳмад Меҳдавий “Кашф ул-ҳақойиқ” асарини Теҳронда, кейинроқ — 60-йилларда Море Жан Мола “Инсони комил” асарини Парижда нашр этган. Шарқшунос олим Андрей Бертельс “Зубдат ул-ҳақойиқ” асарининг танқидий матнини тайёрлаган.

Ўзбекистонда насафийшунослик марҳум устозимиз Нажмиддин Комилов номи билан чамбарчас боғлиқ. Домла дастлаб “Зубдат ул-ҳақойиқ” асарини ўзбек тилига таржима қилиб, мухтасар ва мағзи тўқ сўзбоши билан нашр эттирган. Шунингдек, “Тасаввуф” китобида комил инсон ҳақидаги талқинларда бевосита Насафий асарларига таяниб иш тутган. 2001 йили “Комил инсон китоби”нинг муқаддима қисмини таржима қилиб, “Туркистон” газетасида чоп эттирди. Домланинг оила аъзолари ва маслакдошлари таклифига кўра, ушбу китобнинг тўлиқ таржимаси камина томонидан ниҳояга етказилди. “Комил инсон китоби”нинг икки рисоласини (бобини) энг аввал “Тафаккур” муштарийларига илиндик. Мазкур маънавий обида ҳикматсевар ўқувчиларимизга манзур бўлади деган умиддамиз.

 

АЗИЗИДДИН НАСАФИЙ
«КОМИЛ ИНСОН КИТОБИ»ДАН
Форс тилидан Олим Давлат таржимаси
09

Еттинчи рисола
ИШҚ БАЁНИДА

Биринчи фасл
Майл, иродат, муҳаббат ва ишқ

007Оллоҳ сени икки дунёда азиз қилсин, билгилки, зикр аҳлининг тўрт мартабаси бор: баъзилари мойиллик, баъзилари иродат, бошқа бировлари муҳаббат, яна бирлари ишқ мартабасидадирлар. Тасаввуф аҳлидан кимгаки уруж (юксак мақом. ХДК изоҳи) муяссар бўлса, тўртинчи мартабададир. Зокир тўртинчи мартабани эгалламагунча, руҳига уруж муяссар бўлмас. Биз бирма-бир бу тўрт мартаба шарҳини берурмиз, токи зикрга тушган солик қайси мартабада эканини билсин.

Дастлабки мартаба улдурким, зокирнинг жисми хилватхонада, тили зикрга машғулдир, бироқ кўнгли бозорда бўлиб, қалбида дунёнинг савдоси пишар. Бундай зикрнинг таъсири камроқдир, аммо фойдадан холи эмас.

Иккинчи мартаба улдурким, зокир зикрга тушган пайтда кўнгли ғойиб бўлар, у машаққат билан кўнглини зикрга ҳозир этар. Кўпчилик зокирлар шу мартабададир ва кўнглини қийинчилик билан зикрга тўғрилар.

Учинчи мартаба улдурким, зикр кўнгилга ғолиб келар ва уни буткул қамраб олар. Зокир зикр айтмай туролмас. Агар ташқи оламнинг бирор ишига машғул бўлмоқ истаса, иккинчи мартабадагилар кўнгилни дунё ишидан зикрга машаққат билан йўналтирганидек, бу энди зикрдан дунё ишига машаққат билан йўналтирар. Бу- қурб мақомидир; соликлардан жуда кам кишига бу мақом муяссар бўлур. Бу сўзни қачонлардир севгилиси бўлган одамларгина тушунади. Чунки ошиқ фақат маҳбубаси ҳақида гапиришни хуш кўради ҳамда унинг зикрисиз туролмайди; ошиқ ҳамиша маҳбубасини васф этиш ёки бошқалар ҳам уни мақтаб туришини истайди. Агар севгилисига тааллуқли бўлмаган бирор юмушни бажаришига тўғри келиб қолса, уни минг азоб билан адо этади.

Тўртинчи мартабада Мазкур —   зикр этилувчи кўнгилга ғолиб бўлар. Учинчи мартабада зикр кўнгилни тўлиқ қамраб олгандек, энди бу мартабада Мазкур, яъни Оллоҳ таоло кўнгил уйини бутунлай эгаллар. Маъшуқанинг номи кўнгилдан жой олиши билан Маъшуқанинг Ўзи кўнгилни эгаллаши орасида фарқ бор.

Эй дарвеш! Шундай ҳол ҳам юз берур, ошиқ маъшуқасига шунчалик шайдо бўлурки, ҳатто унинг номи эсидан чиқиб, маъшуқанинг Ўзидан бошқа барча нарсани буткул унутади.

Бу  ҳақида маърифат ҳосил қилдинг. Энди билгилки, биринчи мартаба — мойиллик, иккинчиси — иродат, учинчиси — муҳаббат ва охиргиси — ишқ мақомидир.

Эй дарвеш! Кимки ўзга билан суҳбатдош бўлгиси келса, дастлабки истакни мойиллик деб атайдилар, агар мойиллик кучайса, уни иродат дейдилар, иродат кўпайса, муҳаббат бўлур, муҳаббат кучайса ва ҳаддан ошса, ишқ бўлур. Демак, ишқ — оташин муҳаббат, муҳаббат — кучли иродат ва ҳоказо…

Эй дарвеш! Агар ул азиз мусофир (яъни ишқ) меҳмонинг бўлиб келса, иззатини жойига қўй! Меҳмонни иззат қилиш — кўнгил уйини у учун бўшатишдир, чунки ишқ шерикликни хуш кўрмас. Агар сен бўшатмасанг, ўзи бўшатиб олади:

Ишқ омаду шуд чу хунам андар рагу пўст,
То кард маро тиҳиву пур сохт зи Дўст.
Ажзои вужуди ман ҳама Дўст гирифт,
Номест зи ман бар ману боқи ҳама Ўст.

Маъноси:

Ишқ келди, қон каби вужудимга сингди.
Мени менликдан мосуво қилиб, Дўстга банд этар.
Бутун вужудимни Дўст эгаллаб олди.

Менда менликдан фақат ном қолди, қолгани Удир.

Эй дарвеш! Ишқ соликлар буроқи (учқур оти. ХДК изоҳи) ва тариқат аҳлининг уловидир. Ақл эллик йилда  тўплаган нарсага Ишқ бир лаҳзада ўт қўяр ва ошиқни пок ва мусаффо этар. Ошиқ бир лаҳзада эришганига солик юз бор чилла ўтириб ҳам эришолмас. Боиси, оқил — дунёдадир, ошиқ — охиратда. Оқилнинг назари Ошиқ сайрининг қадамига етмас.

Эй дарвеш! Ҳақиқий ишқ ҳақида ёзолмайман, чунки одамлар буни тушунмай, куфрга йўйишар. Шунинг учун мажозий ишқ ҳақида ёзаман, шояд, ақл эгалари шундан хулоса чиқарса.

Иккинчи фасл
Мажозий ишқ мартабалари

Билгилки, мажозий ишқнинг  уч мартабаси бордир. Аввалида ошиқ мудом ўз маъшуқаси ёдида бўлиб, унинг кўйида овора юрар; дилбарининг уйи унинг қибласи бўлиб, ҳар куни уни тавоф қилар; шоядки узокдан эса-да жамолини бир кўрарман, дея маъшуқасининг эшигу деворини пойлар. Маъшуқанинг уйи зиёратидан мажруҳ дили роҳат топар, бу — дилининг  жароҳатларига малҳам бўлар.

Ўртада шундай ҳол юз берарки, маъшуқаси дийдорига тоқати қолмас. Мабодо уни кўриб қолса, бутун вужудига ларза тушиб, тили калимага келмас. Ҳушидан кетиб, йиқилиб қолиши-да ҳеч гапмас.

Эй дарвеш! Ишқ бир ўтдирки, ошиқ вужудига тушар; бу ўтнинг макони кўнгилдир. Кўнгилга бу ўт назар йўлидан келар ва кўнгилда ватан тутар.

Гар дил набувад кужо ватан созад дил,
Вар ишқ набошад, ба чи кор ояд дил.

Маъноси:

Агар кўнгил бўлмаса, ишқ қайда ватан тутар,
Агар ишқ бўлмаса, кўнгил не даркор.

Бу ўт шуъласи барча аъзоларга етиб, аста-секин ошиқнинг ичини куйдириб, покиза ва соф этади. Ошиқ кўнгли шундай латиф бўладики, нозиклигидан маъшуқнинг дийдорига чидай олмайди. Маъшуқнинг (Оллоҳнинг)  тажаллийсидан фано бўлиш хавфи туғилар. Мусо алайҳиссалом Ҳақ таолонинг дийдорини истаганда бу мақомда эди. Шунинг учун, Ҳақ таоло Мен сенга Ўзимни кўрсатмайман, демади, балки буюрдиким: Лан тароний, яъни мени кўролмайсан (Аъроф, 143-оят).

Оятнинг тўлиқ маъноси: “Мусо Биз белгилаган вақтда (Тур тоғига) келгач, у билан Рабби бевосита гаплашди. Мусо: “Раббим! (Ўзингни) менга кўрсатгин, Сенга бир назар ташлай!» деди. (Оллоҳ); “Мени кўра олмайсан. Лекин (ана у) тоққа (бир) боқ! Агар Мен унга бир жилва қилганимда (тоқат қилиб) ўз ўрнида тура олса, сен ҳам Мени кўрасан”, деди. Рабби тоққа тажаллий (кичик бир кўриниш) қилган эди, уни майдалаб ташлади. Мусо (бундан таъсирланиб) беҳуш ҳолда йиқилди. Ҳушига келгач, деди: “Сенга тасбеҳ айтурман, Сенга тавба қилдим ва мен мўминларнинг биринчиси (пешвосидурман)”.

Эй дарвеш! Бу мақомда ошиқ фироқни висолдан афзал билади. Фироқдан кўпроқ роҳат ва осойишталик топади. Ҳамиша ичида маъшуқ билан суҳбат қуради; маъшуқ баъзида лутф ва навозишлар қилади — унда ошиқ баст мақомида бўлур, гоҳида қаҳр ва ғазаб билан азоб беради — унда ошиқ қабз мақомидадир. Уни кўрган кишилар ошиқнинг қабз ва баст — шодлиги ва хафалигига гувоҳ бўлади, аммо бунинг сабабини билолмайди.

Охирги мартабада ошиқнинг кўнглида маъшуқа жамолидан ўзга ҳеч вақо қолмас; маъшуқанинг жамоли ошиқ кўнглини бутунлай забт этар. Ошиқ ўзини бошқа кўрмас, ҳамма жойда маъшуқани кўрар. У еб-ичаётганида ҳам, ётиб-туриши, юриш-ўтиришида ҳам буларни ўзимас, балки маъшуқа қиляпти, деган ишонч билан яшайдиган бўлади. Ошиқ ҳижрон ғамидан халос бўлиб, фироқ андуҳи қолмагач, маъшуқанинг жамолига одатланиб қолади ва жасорат пайдо қилади, қўрқуви йўқолади Маъшуқани кўриш қўрқуви бутунлай кўтарилгач, энди агар маъшуқасига дуч келиб қолса ҳам, бошқа илтифот қилмас ва ҳолати ўзгармас. Чунки кўнгилда ватан тутган маъшуқа энди ташқи оламдаги маъшуқадан яқинроқдир. Кўнгилда ватан тутган маъшуқа ошиқнинг кўнглини бутунлай ишғол этиб, уни масту мустағрақ қилмиш. Кўнгил ботиний маьшуқага унсият (яқинлик) топгач, унинг ҳолини зоҳирдаги маъшуқа ўзгартиролмас ва таъсир кўрсатолмас. Агар бирор киши бу мақомда ташқи оламдаги маъшуқага илтифот қилмаса, унинг ишқи чинга айланмиш, негаки унинг ичию таши бир бўлибди.

Билгилки, баъзилар айтмишким, ишқ ўти ошиқнинг ичини куйдириб, бағоят латиф ва руҳоний этмиш, кўнгил мулкини истило қилган маъшуқанинг жамоли ҳам бағоят латиф ва руҳонийдир. Ташқи оламдаги маъшуқа жисмоний гўзаллик соҳиби бўлгани учун ички оламдаги маъшуқадан кўра касифроқдир. Руҳоний илтифот руҳониятга оиддир. Жисмоний илтифот жисмоний латофатга оиддир.

Эй дарвеш! Бу заифнинг ақидаси шуки, маъшуқа жамоли ошиқнинг кўнгил мулкини бутунлай ўз забтига олиб, бу оламнинг бошқа ташвишларига жой ҳам, йўл ҳам қолмагандан кейин ошиқ бу ҳолатда фақат маъшуқани кўради. Қачонки икки киши ўртасида муносабат туғилса, ўшанда ўзгариш содир бўлар. Бу мақомда эса талаб орадан кўтарилади, фироқ ва висол, хавф ва ражо, қабз ва баст ҳам бўлмайди.

Эй дарвеш! Кимки ошиқ бўлмаса, пок бўлмайди, пок бўлмаса, покликка етишмайди. Кимки ошиқ бўлса-ю, ишқини ошкор этса, пок бўлолмас, негаки, кўз орқали кўнглига етган ишқ ўти, тил билан чиқиб кетар. Хомсўз (чала пишган) кўнгил ярим йўлда қолар. Бу кўнгил кейинчалик на дунё ишига, на уқбо ишига, на Мавло ишига — ҳеч нарсага ярамас.

Эй дарвеш! Бу уч рисола — “Сулук рисоласи”, “Хилват рисоласи” ва “Ишқ рисоласи”га Шероз шаҳрида, шайхларнинг шайхи Абу Абдуллоҳ Ҳафиф (Оллоҳ таоло унинг азиз руҳини муқаддас қилсин) мозори ёнида тартиб бердим.

Валҳамду лиллаҳи Роббил- аламийн.

Еттинчи рисола тугади.

4 Ilova.jpg

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

КОМИЛ ИНСОН

007Тасаввуф – инсон камолоти, ахлоқий покланиш ҳақидаги илм дедик. Бу тушунча комил инсон концепциясида аниқ кўзга ташланади. Инсон учун қайғуриш, унинг маънавий камолотини ўйлаш тасаввуфнинг доимий ўзак масаласи бўлиб келган. Айниқса, инсоннинг ботиний олами, ички зиддиятлари, руҳ ва жисм орасидаги кураш сўфийларни кўп қизиқтирган. Улар инсонда азалий икки қарама-қарши куч-раҳмоний ва шайтоний қувватлар борлигини, инсон Аллоҳнинг бандаси сифатида шайтон қутқусини енгиб, раҳмоний фазилатларга эга бўлиши лозимлигини таъкидлайдилар. Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, жамият бўлиб яшаш тартибларига ҳам шу мавқедан туриб қаралган; чунончи, ижтимоий низолар, уруш-жанжаллар, мулкий тенгсизликнинг туб моҳияти, бош сабабини ҳам тасаввуф инсон табиати ва сийратидан қидиради, инсоннинг ахлоқини тузатишни унинг табиатидаги салбий, ҳайвоний кучларни мавҳ этишдан бошлаш керак, деб тушунтиради. Тасаввуфчилар инсон табиатидаги салбий кучларни умумий ном билан «нафс» ёки «нафси аммора» деб атадилар ва унга қарши уруш эълон қилдилар. Мол-дунё тўплаш, нафс эҳтиёжига қараб юриш, ҳирсу ҳавас қатъий қораланди, инсонни (демакки, инсониятни ҳам) ноқислик ва фалокатлардан қутқаришнинг бирдан-бир тўғри йўли – нафсни ўлдириб, қаноат билан ҳалол яшаш, руҳ – иродани чиниқтира бориб, инсонда инсонийликни, яъни илоҳийликни тантана эттириш зарур, деб тарғиб қилинди.

Ушбу фикрлар улуғ шайхларнинг «тасаввуф» тушунчасига берган таъриф-изоҳларида аниқ ифодаланган.
«Тасаввуф нима?» деган саволга Шайх Нурий жавоб бериб айтади: «Тасаввуф – нафс лаззатларидан воз кечишдир». Ёки Шайх Сафий Алимшоҳ жавоби бундай: «Тасаввуф – нафс манзилларини босиб ўтишдир». Шайх Равим сўзи: «Тасаввуф – Худо йўлида нафсдан кечмоқдир».

Нафс худбинликни, ўзим бўлай фалсафасини туғдиради. Нафс домига тушгандан кейин, киши ҳеч нарсадан тап топтмайди, харом-харишдан ҳазар эмай, бошқалар ҳисобига бўлса ҳам яхши яшашни ўйлайди. Оқибатда у золим, бераҳм риёкор бўлиб қолади. Шунинг учун тасаввуф талаб этган тийилиш, қаноат, сабру фақирлик тариқида гап кўп. «Дунёга бир марта келасан, оладиганингни олиб қол», — илгаридан маълум фалсафа бу. Коммунистлар буни: «Мен инсонман, демак менга ҳамма нарса раво» деб ўзгартирадилар, аммо мақсад ўша: иложини топгин-да, яхши яша, бошқалар билан ишинг бўлмасин. «Ҳамма нарса раво» фалсафаси одамни иймону эътиқоддан айириб, юлғичлик ва талон-тарожга фатво беради, ваҳшийлик инстинктини кучайтиради.

Комил инсон – бир идеал, барча дунёвий ва илоҳий билимларни эгаллаган, руҳи Мутлоқ руҳга туташ, файзу кароматдан сероб, сурати саранжом, қалби эзгу туйғуларга лиммо-лим показа зот, Навоий тили билан айтганда:

Фонийвашеки, ҳам сўзидур пок, ҳам ўзи.
Ҳуш давлат ул кишигаки, тушгай анинг кўзи.

Тасаввуф аҳли сиғинган идеал – Комил Инсон аслида халқ идеали, адабиёт идеали эди. Бу ҳаётбахш таълимотнинг пешволари ёзиб қолдирган асарлар, сўфиёна руҳдаги шеъру достонларни мутолаа қилар эканмиз, ёруғликнинг зулмга, хайрнинг шаррга, файзу камолнинг нуқсу ноқислик, калтафаҳмлик ва нодонликка қарши омонсиз жангига гувоҳ бўламиз. Воқеан, тасаввуф шайхлари, зулм ва қоронғулик лашкарига қарши маърифатни қурол қилиб олиб жангга кирган паҳлавонларга ўхшаб кетадилар (Тустарий: «Маърифат жаҳл-нодонликка қарши жангдир»). Улар Каъба деб кўнгилни тан оладилар, кўнгил раъйига юрадиган, дунёни кўнгил орақли биладиган ва кўнгилга сиғина-диган одам Аллоҳнинг севгани деб чиқдилар. Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат» асаридан: «Исмоил Даббос деди-ким, ҳаж нияти қилиб, борурда Шерозга етишдим. Бир масжидга кирдим. Шайх Мўминни кўрдимки, ўлтуриб хирқасини ямайдур эрди, салом қилдим ва ўлтурдим. Мендан сўрдиким, не ниятинг бор? Дедим: ҳаж ниятим бор. Деди: онанг бор? Дедим: бор. Деди: ёниб онанг мулозаматига бор… Мен эллик ҳаж қилибмен – бош яланг, оёқ яланг ва зоду ҳамроҳсиз. Барчасин сенга бердим, сен онанг кўнгли шодлигин менга бер!»

Бу одамлар – жамиятнинг тирик виждони эдилар. Кишилар уларга қараб ҳушёр тортар, дунё бехудлигидан ўзига келиб, ўз қалбига, қилаётган ишларига разм солардилар, тавба-тазарруъ қилардилар. Уларнинг афъолу аъмоли инсонлар дилига қувват, кўзига нур бағишлаган.

Моҳиятан олганда, комил инсон ҳақидаги тушунчаларнинг мухтасар мағзи шундан иборат. Аммо бу ҳақда улуғ алламаларнинг қиймат ва аҳамиятини йўқотмаган қарашлари, фикрлари бор. Комил инсон тасаввуф адабиётида кўп марта тилга олиниб, мунозараларга сабаб бўлган ва бу ҳақда махсус китоблар ёзилган. Шулардан Саййид Абдулкарим Гелоний ва Азизиддин Насафий (XIII аср)ларнинг «Инсони комил» номли рисолаларини махсус тилга олиб ўтиш мумкин. Аслида эса комил инсон тушунчаси биринчи марта Шайхи Кабир номи билан машҳур бўлган Муҳйиддин Ибн Арабий (1165–1240) томонидан муомалага киритилганини қайд этмоқ жоиз. Ибн Арабий наздида комил инсон – бу ақли аввал ёки нафси аввал, ақли кулл тушунчалари билан маънодошдир. Чунки Тангри таоло илоҳий нурдан илк марта Ақли аввални яратди ва унинг сурату шакли Комил Инсон қиёфасида зуҳур этди. Шунинг учун «Халақоллоҳу адама алаъ суратар Раҳману» (Аллоҳ одамни Раҳмон суратида яратди) деган ҳадис мавжуд. Комил инсон, шу тариқа, Аллоҳ-нинг Раҳмону Раҳим сифатларига эга бўлди, дейдилар (Саййид Содиқ Гуҳарин. Шарҳи истилоҳоти тасаввуф, 1-жилд, 125-бет).

Ибн Арабийнинг фикрича, комил инсоннинг ердаги тимсоли ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳи васалламдир. Ул зот вужудида ақлий, руҳий камолот, дунёвий ва илоҳий билимлар жамулжам эди. Пайғамбаримиз халқ ва Ҳақ муқоби-лида турардилар ва орада восита эдилар. Шундай бўлгач, ҳамма одамларни ҳам ва ҳатто анбиё ва авлиёларни, донишмандларни комил инсон деб аташ жоиз эмас. Ва агар Пайғамбардан ўзга зотларга нисбатан бу сифат айтилар экан, буни шартли таъриф ёинки шу улуғ мартабага ҳурмат-эҳтиром белгиси сифатида қабул қилиш керак. Саййид Абдулкарим Гелоний фикрига кўра, ҳар бир инсон иккинчисининг ўрнини босадиган нусхадир ва бир-бирининг қаршисида турган кўзгу кабидир. Битта одамдаги хислат ва сифат иккинчисида акс этиб туради. Аммо фарқи шундаки, бу аксланиш баъзиларда феъл-ҳаракат бўйича бўлса, баъзиларида эса қувва, яъни хислат-хусусиятлар билан намоён бўлади. Демак, истеъдод ва қобилият, хусусият ва сифатига кўра, бир-бирига ўхшаш одамлар беҳад кўп. Буларни умумий ном билан халқ, одамлар, кишилар деб қўя қоламиз. Бирига қараб иккинчисининг хулқу атвори, даражасига баҳо бера оламиз. Аммо шундай комил ва акмал кишилар борки, улар камолотда нафақат ўзга одамлардан, балки бир-биридан ҳам кескин фарқланиб турадилар. Буларни анбиё ва авлиё деб атаймиз. Буларнинг ҳам даражалари бор: баъзилари комил, баъзилари акмал, бир қисми фозил, яна бир қисми афзал, яна бир гуруҳи эса афзалу акмалдирлар. Саййид Абдулкарим Гелоний мазкур таснифни айтиб, яна қўшиб қўяди: «Комил инсон, воқеан, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдир ва қолган анбиёю авлиёнинг камолоти унга нисбатандир, худди фозилнинг афзалга нисбатидай».

Шайх Омилий дейдиким, ҳақгўй олимларнинг фикрига қараганда, олам Комил инсон ҳақиқати туфайли барқарордир, зеро фалаклар унинг нафаси билан айланурлар, мулку малакут ундан таълим олурлар. Шундай мартабада Комил инсонни Ҳақнинг кўзгуси дейдилар. Ҳақ таоло Ўз исми ва сифатларини фақат комил инсонда кўради. Шуни ҳам таъкидлайдиларки, комил инсонгина Ҳақ қудратининг буюклиги, чексизлигига гувоҳ бўла олади.

Ибн Арабий, Шайх Омилий ва Абдулкарим Гелоний қарашларига диққат қилинса, Комил инсон бир кайҳоний вужуд бўлиб кўринади, унинг сифатлари ердаги фоний одамлар сифатига, аниқ шахслар хислатига ўхшамайди. Унда биз жамики ғайритабиий кучларнинг мажмуини мушоҳада этгандай бўламиз. Бу ерда албатта жисмоний куч ҳақида гап бормайди, зотан илоҳиёт ҳақида гап борганда жисмоний куч эътибор эмас. Чунки Холиқият яратган жисмлар илоҳий қудрат олдида арзимас ва ожиз суратлардир. Комил инсон булар назарида оламларни эгаллаган, оламларга, барча жонзотлар ва инсонларга таъсир эта оладиган, инсониятни бошқарадиган бир Буюк руҳдир. Маънавий – Ақлий қудратдир.

Аммо Шайх Азизиддин Насафийнинг «Комил инсон», «Мақсади ақсо», «Зубдатул ҳақойиқ» номли ва бошқа рисолаларида комил инсон масаласи бир мунча бошқача ёритилган. Унда бу тушунча инсоннинг пайдо бўлиши, тараққиёти, мартабалар топиши билан боғлиқ ҳолда олиб қаралади. Натижада биз Азизиддин таърифларида айнан ҳаётий одамга хос белгилар, ахлоқий сифатларни ҳам кўрамиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Насафий исломдаги бир нечта илмнинг иснонга бўлган қарашлари ва муносабатини чоғиштиради, инсонни кайҳоний вужуд сифатида ҳам, ер махлуқоти сифатида ҳам таҳқиқ ва тадқиқ этади. Насафийда комил инсон руҳ тушунчаси билан зич алоқада текширилади. Инсон мартабалари руҳ мартабалари сифатида олиб қаралади. Шу учун умумий тушунчлардан аниқ тушунчаларга ўтиб туриш бор. Бунинг сабабларидан яна бири Азизиддин Насафийнинг камолотни уруж (кўтарилиш) ва нузул (тушиш) назарияси асосида тушунишидир. Бу назария ўз навбатида улуғ олам ва кичик олам тушунчалари билан боғланиб кетади. Чунки Насафий Ибн Арабийга қўшилиб, инсонни олами сағир (кичик олам), илоҳий олам ва моддий оламни биргаликда олами кабир (улуғ олам) деб атайди. — Улуғ оламдаги жамики нарса ва хусусиятлар кичик оламда мавжуд, дейди у. Шу тариқа инсон юқори олам-олами кабирнинг кичрайтирилган нусхаси бўлиб ҳисобланади.

Азизиддин Насафий комил инсонга таъриф бериб ёзади: «Билгилки, Комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳакқиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолга етган бўлсин: яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф».

Насафий санаган сифатларнинг дастлабки учтаси, яъни яхши сўз, яхши феъл, яхши хулқ Зардушт китоби «Авесто»дан олингандир («Гуфтори нек, кирдори нек, рафтори нек»). Бу сифатлар билан зийнатланган одам ёлғон, риё ва бадкирдорликдан чекинади, ҳамма вақт эзгу ният билан эзгу ишларга тайёр туради. Азизиддин Насафий яхши ахлоқ ҳақидаги Зардушт сўзи ёнига «маориф», яъни тасаввуфий покланиш талабини қўшиб қўйган. Унинг фикрича, тариқат йўлига кирган соликлар вазифа-мақсади ушбу тўрт фазилатни эгаллашдир. Кимки «ўзида шу сифатларни камол топтирса, у камолга эришади».

Насафийнинг мазкур таърифидан иккита хулоса келиб чиқади. Бири шуки, олим назарида комил инсон ҳаётдан тақари бўлган аллақандай мавҳум зот эмас, балки реал одамдир. Яхши сифатларни эгаллаб борган одам шундай мартабага кўтарила олади. Иккинчи хулоса шуки, Насафийга кўра, комил инсон мартабаси тариқат ва риёзат йўли билан қўлга кирадиган юксак мартабадир.

Комил инсон ҳақида юқорида баён этилган фикрларни ўзаро жамласак, қуийдаги хулосалар келиб чиқади:

— Комил инсон – инсонларнинг энг мукаммали, энг оқили ва энг доноси.

— Комил инсон Илоҳ билан одамлар орасидаги воситачи, ило-ҳий амр, ғайб асрорини оддий одамларга етказувчи улуғ ҳомийдир.

— Комил инсон мартабада Ақли кулл (Ақли аввал)га тенг. Аллоҳ аввал Ақли куллни, яъни Комил инсонни яратди, кейин у туфайли бошқа махлуқотлар яратилди.

— Комил инсон руҳи азалдан маълум, у Тангри таоло яратган энг қудратли руҳдир.

— Комил инсон шу сифатлари билан мутлоқ илоҳий хислатларни жамлаган кайҳоний мавжудликдир, у агар оддий инсон суратида кўринса ҳам, лекин маънан коинотни қамраб олган ҳамиша бедор ва ҳамма нарсадан хабардор бир зотдир.

— Шу мартабада у Аллоҳнинг халифаси бўла олади.

— Комил инсон инсонлар жамияти ичидан етишиб чиқадиган мўътабар зотдир. У азалдан мартабаси аниқ бўлган руҳ эмас, балки ахлоқий-маънавий покланиш жараёнида камолга эришгандир.

— Шу учун ҳар бир пок ахлоқли, илоҳсевар шахс комилликка интилиши ва бу йўлда насиба олиши мумкин.

— Комилликнинг олий белгиси Ҳақ йўлидан бориб халққа фойда келтиришдир. Киши ўз сўзи, амалий ишлари, нияти билан қанчалик одамларга нафъ келтирса, ёмонларни туз йўлга солса, Ҳақ йўлида фидо бўлса, у шунча комилдир.

Ушбу қарашлар гарчи бир-бирига зид бўлиб туюлса-да аслида моҳиятига кўра бир-бирига яқиндир. Яъни бу ерда инсоннинг камолоти, буюклигини тан олиш, инсон ва Коинот, инсон ва Илоҳ, инсон ва Мавжудотни ўзаро вобаста, алоқадор деб ҳисоблаш бор. Қарашлар орасидаги фарқ эса шундан иборатки, аҳли шариат тушунчасига кўра, инсоннинг қобилияти ва майллари азалдан маълум, яъни Аллоҳ таоло тақдири азалдан белгилаб қўйган. Пайғамбарлар, авлиёлар, донишмандлар руҳи бошиданоқ юқори оламда маълум эди, бу руҳларнинг мартабалари аввалдан белгиланган эди, дейди шариат аҳли.

Аммо ҳикмат аҳли (файласуфлар) ва тасавуф аҳли фикрига кўра, инсонга фаолият учун инон-ихтиёр берилган, у ҳаракат қилиб, комиллик асб этиши, ниятларига етиши мумкин. Шайх Азизиддин Насафий «Зубдатул ҳақойиқ» (Ҳақиқатлар қаймоғи) номли рисоласида ёзади: «Одамларнинг сўзлари ва фаолияти учун олдиндан белгиланган ўлчовлар йўқ. Билим ва бойликка эга бўлиш одамнинг сайъ-ҳаракатига боғлиқ: одам қанча кўп ғайрат қилса, шунча билми ва мол-мулки ортади».

Азизиддин Насафий камолотнинг белгиси сифатида икки нарсани асос қилиб олган. Бунинг бири – ҳамида ахлоқ бўлса, иккинчиси – ўз-ўзини таниш. Шу икки асоснинг бор ёки йўқлигига қараб у одамларни уч қисмга ажратган. Биринчиси, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанмаган ва ўз-ўзини танимаган одамлар. Иккинчи, ҳамида ахлоқий хислатлар билан безанган, аммо ўз-ўзини танимаган одамлар. Учинчиси, ҳамида ахлоқий сифатлар билан безанган ва ўз-ўзини таниган одамлар. Олимнинг назарида ана шу кейинги – учинчи тоифа одамлар комил инсон-лардир: «Бинобарин, инсоннинг камолотга эришиши ҳамида ахлоққа эга бўлиш ва ўз-ўзини таниш билан амалга ошади».

Шу тариқа, комил инсоннинг ўзига хос ахлоқ кодекси ишлаб чиқилган бўлиб, бу сифатларга эга бўлиш ҳар бир одамнинг орзу-армони деб қаралган. Бундан яна шу ҳам маъулм бўладики, ўрта асарлардаги яхши ахлоқ, комил инсон ҳақидаги тушунчалар нисбий хусусиятга эга – бир томондан, жами руҳий-маънавий қудрат, ақлу заковат, яхши сифатларнинг жамулжами ҳисобланган мавҳум бир зот тушунчаси, иккинчи томондан шу чўққига интилиб, муайян матарабаларга эришган киши ҳам комил инсон деб ҳисобланган. Аммо масала қандай қўйилишидан қатъий назар, комил инсон ҳақидаги ғоялар катта ижтимоий-ахлоқий аҳамиятга эга бўлди, инсонни шарафли, эзгулик ва Буюк Хайр руҳида тарбиялаш, меҳру муҳаббат, вафо ва садоқатни кучайтиришга хизмат қилди. Ҳар замон, ҳар лаҳза инсонларга уларнинг инсонлигини эслатиб, ёвуз, қабиҳ ишлар, ножўя қилиқлардан сақланишга кўмаклашади, иймон ва виждон биносининг пойдор бўлишини таъминлайди.

bEIORpf-edit-DC4nmnVU4szWEr.jpg    Kuni-kecha ulug‘ tariqat allomasi Aziziddin Nasafiyning “Komil inson kitobi” asari tarkibidagi beshinchi risola — “Suluk bayonida”ning mumtoz adabiyotimizning bilimdon tadqiqotchisi Olim Davlat tarjimasida taqdim etgan edik. Bugun esa yettinchi risola — “Ishq bayonida”ni mutolaa qilishingiz mumkin.

NASAFIY VA ASARLARI
Tarjimondan
09

007Aziziddin Muhammad Nasafiy — irfon falsafasining mumtoz vakillaridan. U XIII asrning birinchi choragida Nasaf shahrida tug‘ilgan. Boshlang‘ich ma’lumotni ona shahrida olib, zamonasining yirik sufiylaridan bo‘lmish Abu Turob Naxshabiyga murid tushadi. So‘ngra pirining ijozati bilan Buxoroi sharifga borib, rasmiy bilimlardan tashqari falsafa, kalom va tib ilmlarini chuqur o‘zlashtiradi. 1243-51 yillarda Xurosonga safar qilib, Najmiddin Kubro va Muhyiddin ibn Arabiy ta’limotlarini o‘zaro uyg‘unlashtirgan kubraviya shayxlaridan hisoblanmish Shayx Sa’diddin Hamaviy va boshqa tariqat ahlining suhbatiga yetishadi. Elxoniylarning Buxoroga hujumidan so‘ng (1273) ilmu ijod uchun tinch joy izlab Eronga ketgan, Bahrobod, Isfahon, Sheroz shaharlarida istiqomat qilgan. Umri oxirida Yazd shahrining Abrko‘h degan joyida Sa’diddin Hamaviy qabri yonidagi xonaqohda yashagan.

Nasafiy asarlarining XVI — XX asrlarda ko‘chirilgan qo‘lyozma nusxalari bugungi kunda London, Leyden, Vena, Tehron, Kalkutta, Sankt-Peterburg, Dushanbe shaharlaridagi kutubxonalarda, Toshkent davlat Sharqshunoslik instituti qoshidagi Sharq qo‘lyozmalari markazida saqlanmoqda. Eron olimi Abdulrizo Sayf uning “Kashf ul-haqoyiq” (“Haqiqatlar kashfi”), “Zubdat ul-haqoyiq” (“Haqiqatlar qaymog‘i”), “Maqsad ul-aqso” (“So‘nggi maqsad»), “Kitob al-Inson al-komil” (“Komil inson kitobi”), “Manozil us-soyirin” (“Sayr etuvchilarning manzillari”) hamda yigirmadan ortiq nashr etilmagan asari ro‘yxatini keltiradi.

Aziziddin Nasafiy nomi va asarlari o‘rta asrlardayoq Ovrupoda ma’lum bo‘lgan. 1665 yili Avgust Myuller uning “Maqsad ul-aqso” asarini lotin tilida nashr etgan. 1953 yili Frans Mayer buyuk tasavvuf olimining hayoti va ijodiga doir tadqiqotini e’lon qilgan. 1931 yili Ahmad Mehdaviy “Kashf ul-haqoyiq” asarini Tehronda, keyinroq — 60-yillarda More Jan Mola “Insoni komil” asarini Parijda nashr etgan. Sharqshunos olim Andrey Bertels “Zubdat ul-haqoyiq” asarining tanqidiy matnini tayyorlagan.

O‘zbekistonda nasafiyshunoslik marhum ustozimiz Najmiddin Komilov nomi bilan chambarchas bog‘liq. Domla dastlab “Zubdat ul-haqoyiq” asarini o‘zbek tiliga tarjima qilib, muxtasar va mag‘zi to‘q so‘zboshi bilan nashr ettirgan. Shuningdek, “Tasavvuf” kitobida komil inson haqidagi talqinlarda bevosita Nasafiy asarlariga tayanib ish tutgan. 2001 yili “Komil inson kitobi”ning muqaddima qismini tarjima qilib, “Turkiston” gazetasida chop ettirdi. Domlaning oila a’zolari va maslakdoshlari taklifiga ko‘ra, ushbu kitobning to‘liq tarjimasi kamina tomonidan nihoyaga yetkazildi. “Komil inson kitobi”ning ikki risolasini (bobini) eng avval “Tafakkur” mushtariylariga ilindik. Mazkur ma’naviy obida hikmatsevar o‘quvchilarimizga manzur bo‘ladi degan umiddamiz.

AZIZIDDIN NASAFIY
“KOMIL INSON KITOBI”DAN
Fors tilidan Olim Davlat tarjimasi
09

Yettinchi risola
ISHQ BAYONIDA

Birinchi fasl
Mayl, irodat, muhabbat va ishq

07Olloh seni ikki dunyoda aziz qilsin, bilgilki, zikr ahlining to‘rt martabasi bor: ba’zilari moyillik, ba’zilari irodat, boshqa birovlari muhabbat, yana birlari ishq martabasidadirlar. Tasavvuf ahlidan kimgaki uruj (yuksak maqom. XDK izohi) muyassar bo‘lsa, to‘rtinchi martabadadir. Zokir to‘rtinchi martabani egallamaguncha, ruhiga uruj muyassar bo‘lmas. Biz birma-bir bu to‘rt martaba sharhini berurmiz, toki zikrga tushgan solik qaysi martabada ekanini bilsin.

Dastlabki martaba uldurkim, zokirning jismi xilvatxonada, tili zikrga mashg‘uldir, biroq ko‘ngli bozorda bo‘lib, qalbida dunyoning savdosi pishar. Bunday zikrning ta’siri kamroqdir, ammo foydadan xoli emas.

Ikkinchi martaba uldurkim, zokir zikrga tushgan paytda ko‘ngli g‘oyib bo‘lar, u mashaqqat bilan ko‘nglini zikrga hozir etar. Ko‘pchilik zokirlar shu martabadadir va ko‘nglini qiyinchilik bilan zikrga to‘g‘rilar.

Uchinchi martaba uldurkim, zikr ko‘ngilga g‘olib kelar va uni butkul qamrab olar. Zokir zikr aytmay turolmas. Agar tashqi olamning biror ishiga mashg‘ul bo‘lmoq istasa, ikkinchi martabadagilar ko‘ngilni dunyo ishidan zikrga mashaqqat bilan yo‘naltirganidek, bu endi zikrdan dunyo ishiga mashaqqat bilan yo‘naltirar. Bu- qurb maqomidir; soliklardan juda kam kishiga bu maqom muyassar bo‘lur. Bu so‘zni qachonlardir sevgilisi bo‘lgan odamlargina tushunadi. Chunki oshiq faqat mahbubasi haqida gapirishni xush ko‘radi hamda uning zikrisiz turolmaydi; oshiq hamisha mahbubasini vasf etish yoki boshqalar ham uni maqtab turishini istaydi. Agar sevgilisiga taalluqli bo‘lmagan biror yumushni bajarishiga to‘g‘ri kelib qolsa, uni ming azob bilan ado etadi.

To‘rtinchi martabada Mazkur — zikr etiluvchi ko‘ngilga g‘olib bo‘lar. Uchinchi martabada zikr ko‘ngilni to‘liq qamrab olgandek, endi bu martabada Mazkur, ya’ni Olloh taolo ko‘ngil uyini butunlay egallar. Ma’shuqaning nomi ko‘ngildan joy olishi bilan Ma’shuqaning O‘zi ko‘ngilni egallashi orasida farq bor.

Ey darvesh! Shunday hol ham yuz berur, oshiq ma’shuqasiga shunchalik shaydo bo‘lurki, hatto uning nomi esidan chiqib, ma’shuqaning O‘zidan boshqa barcha narsani butkul unutadi.

Bu haqida ma’rifat hosil qilding. Endi bilgilki, birinchi martaba — moyillik, ikkinchisi — irodat, uchinchisi — muhabbat va oxirgisi — ishq maqomidir.

Ey darvesh! Kimki o‘zga bilan suhbatdosh bo‘lgisi kelsa, dastlabki istakni moyillik deb ataydilar, agar moyillik kuchaysa, uni irodat deydilar, irodat ko‘paysa, muhabbat bo‘lur, muhabbat kuchaysa va haddan oshsa, ishq bo‘lur. Demak, ishq — otashin muhabbat, muhabbat — kuchli irodat va hokazo…

Ey darvesh! Agar ul aziz musofir (ya’ni ishq) mehmoning bo‘lib kelsa, izzatini joyiga qo‘y! Mehmonni izzat qilish — ko‘ngil uyini u uchun bo‘shatishdir, chunki ishq sheriklikni xush ko‘rmas. Agar sen bo‘shatmasang, o‘zi bo‘shatib oladi:

Ishq omadu shud chu xunam andar ragu po‘st,
To kard maro tihivu pur soxt zi Do‘st.
Ajzoi vujudi man hama Do‘st girift,
Nomest zi man bar manu boqi hama O‘st.

Ma’nosi:

Ishq keldi, qon kabi vujudimga singdi.
Meni menlikdan mosuvo qilib, Do‘stga band etar.
Butun vujudimni Do‘st egallab oldi.

Menda menlikdan faqat nom qoldi, qolgani Udir.

Ey darvesh! Ishq soliklar buroqi (uchqur oti. XDK izohi) va tariqat ahlining ulovidir. Aql ellik yilda to‘plagan narsaga Ishq bir lahzada o‘t qo‘yar va oshiqni pok va musaffo etar. Oshiq bir lahzada erishganiga solik yuz bor chilla o‘tirib ham erisholmas. Boisi, oqil — dunyodadir, oshiq — oxiratda. Oqilning nazari Oshiq sayrining qadamiga yetmas.

Ey darvesh! Haqiqiy ishq haqida yozolmayman, chunki odamlar buni tushunmay, kufrga yo‘yishar. Shuning uchun majoziy ishq haqida yozaman, shoyad, aql egalari shundan xulosa chiqarsa.

Ikkinchi fasl
Majoziy ishq martabalari

Bilgilki, majoziy ishqning uch martabasi bordir. Avvalida oshiq mudom o‘z ma’shuqasi yodida bo‘lib, uning ko‘yida ovora yurar; dilbarining uyi uning qiblasi bo‘lib, har kuni uni tavof qilar; shoyadki uzokdan esa-da jamolini bir ko‘rarman, deya ma’shuqasining eshigu devorini poylar. Ma’shuqaning uyi ziyoratidan majruh dili rohat topar, bu — dilining jarohatlariga malham bo‘lar.

O‘rtada shunday hol yuz berarki, ma’shuqasi diydoriga toqati qolmas. Mabodo uni ko‘rib qolsa, butun vujudiga larza tushib, tili kalimaga kelmas. Hushidan ketib, yiqilib qolishi-da hech gapmas.

Ey darvesh! Ishq bir o‘tdirki, oshiq vujudiga tushar; bu o‘tning makoni ko‘ngildir. Ko‘ngilga bu o‘t nazar yo‘lidan kelar va ko‘ngilda vatan tutar.

Gar dil nabuvad kujo vatan sozad dil,
Var ishq naboshad, ba chi kor oyad dil.

Ma’nosi:

Agar ko‘ngil bo‘lmasa, ishq qayda vatan tutar,
Agar ishq bo‘lmasa, ko‘ngil ne darkor.

Bu o‘t shu’lasi barcha a’zolarga yetib, asta-sekin oshiqning ichini kuydirib, pokiza va sof etadi. Oshiq ko‘ngli shunday latif bo‘ladiki, nozikligidan ma’shuqning diydoriga chiday olmaydi. Ma’shuqning (Ollohning) tajalliysidan fano bo‘lish xavfi tug‘ilar. Muso alayhissalom Haq taoloning diydorini istaganda bu maqomda edi. Shuning uchun, Haq taolo Men senga O‘zimni ko‘rsatmayman, demadi, balki buyurdikim: Lan taroniy, ya’ni meni ko‘rolmaysan (A’rof, 143-oyat).

Oyatning to‘liq ma’nosi: “Muso Biz belgilagan vaqtda (Tur tog‘iga) kelgach, u bilan Rabbi bevosita gaplashdi. Muso: “Rabbim! (O‘zingni) menga ko‘rsatgin, Senga bir nazar tashlay!» dedi. (Olloh); “Meni ko‘ra olmaysan. Lekin (ana u) toqqa (bir) boq! Agar Men unga bir jilva qilganimda (toqat qilib) o‘z o‘rnida tura olsa, sen ham Meni ko‘rasan”, dedi. Rabbi toqqa tajalliy (kichik bir ko‘rinish) qilgan edi, uni maydalab tashladi. Muso (bundan ta’sirlanib) behush holda yiqildi. Hushiga kelgach, dedi: “Senga tasbeh ayturman, Senga tavba qildim va men mo‘minlarning birinchisi (peshvosidurman)”.

Ey darvesh! Bu maqomda oshiq firoqni visoldan afzal biladi. Firoqdan ko‘proq rohat va osoyishtalik topadi. Hamisha ichida ma’shuq bilan suhbat quradi; ma’shuq ba’zida lutf va navozishlar qiladi — unda oshiq bast maqomida bo‘lur, gohida qahr va g‘azab bilan azob beradi — unda oshiq qabz maqomidadir. Uni ko‘rgan kishilar oshiqning qabz va bast — shodligi va xafaligiga guvoh bo‘ladi, ammo buning sababini bilolmaydi.

Oxirgi martabada oshiqning ko‘nglida ma’shuqa jamolidan o‘zga hech vaqo qolmas; ma’shuqaning jamoli oshiq ko‘nglini butunlay zabt etar. Oshiq o‘zini boshqa ko‘rmas, hamma joyda ma’shuqani ko‘rar. U yeb-ichayotganida ham, yotib-turishi, yurish-o‘tirishida ham bularni o‘zimas, balki ma’shuqa qilyapti, degan ishonch bilan yashaydigan bo‘ladi. Oshiq hijron g‘amidan xalos bo‘lib, firoq anduhi qolmagach, ma’shuqaning jamoliga odatlanib qoladi va jasorat paydo qiladi, qo‘rquvi yo‘qoladi Ma’shuqani ko‘rish qo‘rquvi butunlay ko‘tarilgach, endi agar ma’shuqasiga duch kelib qolsa ham, boshqa iltifot qilmas va holati o‘zgarmas. Chunki ko‘ngilda vatan tutgan ma’shuqa endi tashqi olamdagi ma’shuqadan yaqinroqdir. Ko‘ngilda vatan tutgan ma’shuqa oshiqning ko‘nglini butunlay ishg‘ol etib, uni mastu mustag‘raq qilmish. Ko‘ngil botiniy mashuqaga unsiyat (yaqinlik) topgach, uning holini zohirdagi ma’shuqa o‘zgartirolmas va ta’sir ko‘rsatolmas. Agar biror kishi bu maqomda tashqi olamdagi ma’shuqaga iltifot qilmasa, uning ishqi chinga aylanmish, negaki uning ichiyu tashi bir bo‘libdi.

Bilgilki, ba’zilar aytmishkim, ishq o‘ti oshiqning ichini kuydirib, bag‘oyat latif va ruhoniy etmish, ko‘ngil mulkini istilo qilgan ma’shuqaning jamoli ham bag‘oyat latif va ruhoniydir. Tashqi olamdagi ma’shuqa jismoniy go‘zallik sohibi bo‘lgani uchun ichki olamdagi ma’shuqadan ko‘ra kasifroqdir. Ruhoniy iltifot ruhoniyatga oiddir. Jismoniy iltifot jismoniy latofatga oiddir.

Ey darvesh! Bu zaifning aqidasi shuki, ma’shuqa jamoli oshiqning ko‘ngil mulkini butunlay o‘z zabtiga olib, bu olamning boshqa tashvishlariga joy ham, yo‘l ham qolmagandan keyin oshiq bu holatda faqat ma’shuqani ko‘radi. Qachonki ikki kishi o‘rtasida munosabat tug‘ilsa, o‘shanda o‘zgarish sodir bo‘lar. Bu maqomda esa talab oradan ko‘tariladi, firoq va visol, xavf va rajo, qabz va bast ham bo‘lmaydi.

Ey darvesh! Kimki oshiq bo‘lmasa, pok bo‘lmaydi, pok bo‘lmasa, poklikka yetishmaydi. Kimki oshiq bo‘lsa-yu, ishqini oshkor etsa, pok bo‘lolmas, negaki, ko‘z orqali ko‘ngliga yetgan ishq o‘ti, til bilan chiqib ketar. Xomso‘z (chala pishgan) ko‘ngil yarim yo‘lda qolar. Bu ko‘ngil keyinchalik na dunyo ishiga, na uqbo ishiga, na Mavlo ishiga — hech narsaga yaramas.

Ey darvesh! Bu uch risola — “Suluk risolasi”, “Xilvat risolasi” va “Ishq risolasi”ga Sheroz shahrida, shayxlarning shayxi Abu Abdulloh Hafif (Olloh taolo uning aziz ruhini muqaddas qilsin) mozori yonida tartib berdim.

Valhamdu lillahi Robbil- alamiyn.

Yettinchi risola tugadi.

4 Ilova.jpg

008
NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

KOMIL INSON

07Tasavvuf – inson kamoloti, axloqiy poklanish haqidagi ilm dedik. Bu tushuncha komil inson kontseptsiyasida aniq ko’zga tashlanadi. Inson uchun qayg’urish, uning ma’naviy kamolotini o’ylash tasavvufning doimiy o’zak masalasi bo’lib kelgan. Ayniqsa, insonning botiniy olami, ichki ziddiyatlari, ruh va jism orasidagi kurash so’fiylarni ko’p qiziqtirgan. Ular insonda azaliy ikki qarama-qarshi kuch-rahmoniy va shaytoniy quvvatlar borligini, inson Allohning bandasi sifatida shayton qutqusini yengib, rahmoniy fazilatlarga ega bo’lishi lozimligini ta’kidlaydilar. Insonning hayotdagi o’rni, jamiyat bo’lib yashash tartiblariga ham shu mavqedan turib qaralgan; chunonchi, ijtimoiy nizolar, urush-janjallar, mulkiy tengsizlikning tub mohiyati, bosh sababini ham tasavvuf inson tabiati va siyratidan qidiradi, insonning axloqini tuzatishni uning tabiatidagi salbiy, hayvoniy kuchlarni mavh etishdan boshlash kerak, deb tushuntiradi. Tasavvufchilar inson tabiatidagi salbiy kuchlarni umumiy nom bilan «nafs» yoki «nafsi ammora» deb atadilar va unga qarshi urush e’lon qildilar. Mol-dunyo to’plash, nafs ehtiyojiga qarab yurish, hirsu havas qat’iy qoralandi, insonni (demakki, insoniyatni ham) noqislik va falokatlardan qutqarishning birdan-bir to’g’ri yo’li – nafsni o’ldirib, qanoat bilan halol yashash, ruh – irodani chiniqtira borib, insonda insoniylikni, ya’ni ilohiylikni tantana ettirish zarur, deb targ’ib qilindi.

Ushbu fikrlar ulug’ shayxlarning «tasavvuf» tushunchasiga bergan ta’rif-izohlarida aniq ifodalangan.
«Tasavvuf nima?» degan savolga Shayx Nuriy javob berib aytadi: «Tasavvuf – nafs lazzatlaridan voz kechishdir». Yoki Shayx Safiy Alimshoh javobi bunday: «Tasavvuf – nafs manzillarini bosib o’tishdir». Shayx Ravim so’zi: «Tasavvuf – Xudo yo’lida nafsdan kechmoqdir».

Nafs xudbinlikni, o’zim bo’lay falsafasini tug’diradi. Nafs domiga tushgandan keyin, kishi hech narsadan tap toptmaydi, xarom-xarishdan hazar emay, boshqalar hisobiga bo’lsa ham yaxshi yashashni o’ylaydi. Oqibatda u zolim, berahm riyokor bo’lib qoladi. Shuning uchun tasavvuf talab etgan tiyilish, qanoat, sabru faqirlik tariqida gap ko’p. «Dunyoga bir marta kelasan, oladiganingni olib qol», — ilgaridan ma’lum falsafa bu. Kommunistlar buni: «Men insonman, demak menga hamma narsa ravo» deb o’zgartiradilar, ammo maqsad o’sha: ilojini topgin-da, yaxshi yasha, boshqalar bilan ishing bo’lmasin. «Hamma narsa ravo» falsafasi odamni iymonu e’tiqoddan ayirib, yulg’ichlik va talon-tarojga fatvo beradi, vahshiylik instinktini kuchaytiradi.

Komil inson – bir ideal, barcha dunyoviy va ilohiy bilimlarni egallagan, ruhi Mutloq ruhga tutash, fayzu karomatdan serob, surati saranjom, qalbi ezgu tuyg’ularga limmo-lim pokaza zot, Navoiy tili bilan aytganda:

Foniyvasheki, ham so’zidur pok, ham o’zi.
Hush davlat ul kishigaki, tushgay aning ko’zi.

Tasavvuf ahli sig’ingan ideal – Komil Inson aslida xalq ideali, adabiyot ideali edi. Bu hayotbaxsh ta’limotning peshvolari yozib qoldirgan asarlar, so’fiyona ruhdagi she’ru dostonlarni mutolaa qilar ekanmiz, yorug’likning zulmga, xayrning sharrga, fayzu kamolning nuqsu noqislik, kaltafahmlik va nodonlikka qarshi omonsiz jangiga guvoh bo’lamiz. Voqean, tasavvuf shayxlari, zulm va qorong’ulik lashkariga qarshi ma’rifatni qurol qilib olib jangga kirgan pahlavonlarga o’xshab ketadilar (Tustariy: «Ma’rifat jahl-nodonlikka qarshi jangdir»). Ular Ka’ba deb ko’ngilni tan oladilar, ko’ngil ra’yiga yuradigan, dunyoni ko’ngil oraqli biladigan va ko’ngilga sig’ina-digan odam Allohning sevgani deb chiqdilar. Alisher Navoiyning «Nasoyim ul-muhabbat» asaridan: «Ismoil Dabbos dedi-kim, haj niyati qilib, borurda Sherozga yetishdim. Bir masjidga kirdim. Shayx Mo’minni ko’rdimki, o’lturib xirqasini yamaydur erdi, salom qildim va o’lturdim. Mendan so’rdikim, ne niyating bor? Dedim: haj niyatim bor. Dedi: onang bor? Dedim: bor. Dedi: yonib onang mulozamatiga bor… Men ellik haj qilibmen – bosh yalang, oyoq yalang va zodu hamrohsiz. Barchasin senga berdim, sen onang ko’ngli shodligin menga ber!»

Bu odamlar – jamiyatning tirik vijdoni edilar. Kishilar ularga qarab hushyor tortar, dunyo bexudligidan o’ziga kelib, o’z qalbiga, qilayotgan ishlariga razm solardilar, tavba-tazarru’ qilardilar. Ularning af’olu a’moli insonlar diliga quvvat, ko’ziga nur bag’ishlagan.

Mohiyatan olganda, komil inson haqidagi tushunchalarning muxtasar mag’zi shundan iborat. Ammo bu haqda ulug’ allamalarning qiymat va ahamiyatini yo’qotmagan qarashlari, fikrlari bor. Komil inson tasavvuf adabiyotida ko’p marta tilga olinib, munozaralarga sabab bo’lgan va bu haqda maxsus kitoblar yozilgan. Shulardan Sayyid Abdulkarim Geloniy va Aziziddin Nasafiy (XIII asr)larning «Insoni komil» nomli risolalarini maxsus tilga olib o’tish mumkin. Aslida esa komil inson tushunchasi birinchi marta Shayxi Kabir nomi bilan mashhur bo’lgan Muhyiddin Ibn Arabiy (1165–1240) tomonidan muomalaga kiritilganini qayd etmoq joiz. Ibn Arabiy nazdida komil inson – bu aqli avval yoki nafsi avval, aqli kull tushunchalari bilan ma’nodoshdir. Chunki Tangri taolo ilohiy nurdan ilk marta Aqli avvalni yaratdi va uning suratu shakli Komil Inson qiyofasida zuhur etdi. Shuning uchun «Xalaqollohu adama ala’ suratar Rahmanu» (Alloh odamni Rahmon suratida yaratdi) degan hadis mavjud. Komil inson, shu tariqa, Alloh-ning Rahmonu Rahim sifatlariga ega bo’ldi, deydilar (Sayyid Sodiq Guharin. Sharhi istilohoti tasavvuf, 1-jild, 125-bet).

Ibn Arabiyning fikricha, komil insonning yerdagi timsoli hazrati Payg’ambarimiz Muhammad sollallohu alahi vasallamdir. Ul zot vujudida aqliy, ruhiy kamolot, dunyoviy va ilohiy bilimlar jamuljam edi. Payg’ambarimiz xalq va Haq muqobi-lida turardilar va orada vosita edilar. Shunday bo’lgach, hamma odamlarni ham va hatto anbiyo va avliyolarni, donishmandlarni komil inson deb atash joiz emas. Va agar Payg’ambardan o’zga zotlarga nisbatan bu sifat aytilar ekan, buni shartli ta’rif yoinki shu ulug’ martabaga hurmat-ehtirom belgisi sifatida qabul qilish kerak. Sayyid Abdulkarim Geloniy fikriga ko’ra, har bir inson ikkinchisining o’rnini bosadigan nusxadir va bir-birining qarshisida turgan ko’zgu kabidir. Bitta odamdagi xislat va sifat ikkinchisida aks etib turadi. Ammo farqi shundaki, bu akslanish ba’zilarda fe’l-harakat bo’yicha bo’lsa, ba’zilarida esa quvva, ya’ni xislat-xususiyatlar bilan namoyon bo’ladi. Demak, iste’dod va qobiliyat, xususiyat va sifatiga ko’ra, bir-biriga o’xshash odamlar behad ko’p. Bularni umumiy nom bilan xalq, odamlar, kishilar deb qo’ya qolamiz. Biriga qarab ikkinchisining xulqu atvori, darajasiga baho bera olamiz. Ammo shunday komil va akmal kishilar borki, ular kamolotda nafaqat o’zga odamlardan, balki bir-biridan ham keskin farqlanib turadilar. Bularni anbiyo va avliyo deb ataymiz. Bularning ham darajalari bor: ba’zilari komil, ba’zilari akmal, bir qismi fozil, yana bir qismi afzal, yana bir guruhi esa afzalu akmaldirlar. Sayyid Abdulkarim Geloniy mazkur tasnifni aytib, yana qo’shib qo’yadi: «Komil inson, voqean, Muhammad sallallohu alayhi vasallamdir va qolgan anbiyoyu avliyoning kamoloti unga nisbatandir, xuddi fozilning afzalga nisbatiday».

Shayx Omiliy deydikim, haqgo’y olimlarning fikriga qaraganda, olam Komil inson haqiqati tufayli barqarordir, zero falaklar uning nafasi bilan aylanurlar, mulku malakut undan ta’lim olurlar. Shunday martabada Komil insonni Haqning ko’zgusi deydilar. Haq taolo O’z ismi va sifatlarini faqat komil insonda ko’radi. Shuni ham ta’kidlaydilarki, komil insongina Haq qudratining buyukligi, cheksizligiga guvoh bo’la oladi.

Ibn Arabiy, Shayx Omiliy va Abdulkarim Geloniy qarashlariga diqqat qilinsa, Komil inson bir kayhoniy vujud bo’lib ko’rinadi, uning sifatlari yerdagi foniy odamlar sifatiga, aniq shaxslar xislatiga o’xshamaydi. Unda biz jamiki g’ayritabiiy kuchlarning majmuini mushohada etganday bo’lamiz. Bu yerda albatta jismoniy kuch haqida gap bormaydi, zotan ilohiyot haqida gap borganda jismoniy kuch e’tibor emas. Chunki Xoliqiyat yaratgan jismlar ilohiy qudrat oldida arzimas va ojiz suratlardir. Komil inson bular nazarida olamlarni egallagan, olamlarga, barcha jonzotlar va insonlarga ta’sir eta oladigan, insoniyatni boshqaradigan bir Buyuk ruhdir. Ma’naviy – Aqliy qudratdir.

Ammo Shayx Aziziddin Nasafiyning «Komil inson», «Maqsadi aqso», «Zubdatul haqoyiq» nomli va boshqa risolalarida komil inson masalasi bir muncha boshqacha yoritilgan. Unda bu tushuncha insonning paydo bo’lishi, taraqqiyoti, martabalar topishi bilan bog’liq holda olib qaraladi. Natijada biz Aziziddin ta’riflarida aynan hayotiy odamga xos belgilar, axloqiy sifatlarni ham ko’ramiz. Yana shuni ham aytish kerakki, Nasafiy islomdagi bir nechta ilmning isnonga bo’lgan qarashlari va munosabatini chog’ishtiradi, insonni kayhoniy vujud sifatida ham, yer maxluqoti sifatida ham tahqiq va tadqiq etadi. Nasafiyda komil inson ruh tushunchasi bilan zich aloqada tekshiriladi. Inson martabalari ruh martabalari sifatida olib qaraladi. Shu uchun umumiy tushunchlardan aniq tushunchalarga o’tib turish bor. Buning sabablaridan yana biri Aziziddin Nasafiyning kamolotni uruj (ko’tarilish) va nuzul (tushish) nazariyasi asosida tushunishidir. Bu nazariya o’z navbatida ulug’ olam va kichik olam tushunchalari bilan bog’lanib ketadi. Chunki Nasafiy Ibn Arabiyga qo’shilib, insonni olami sag’ir (kichik olam), ilohiy olam va moddiy olamni birgalikda olami kabir (ulug’ olam) deb ataydi. — Ulug’ olamdagi jamiki narsa va xususiyatlar kichik olamda mavjud, deydi u. Shu tariqa inson yuqori olam-olami kabirning kichraytirilgan nusxasi bo’lib hisoblanadi.

Aziziddin Nasafiy komil insonga ta’rif berib yozadi: «Bilgilki, Komil inson deb shariat va tariqat va hakqiqatda yetuk bo’lgan odamga aytadilar va agar bu iborani tushunmasang, boshqa ibora bilan aytayin: bilgilki, komil inson shunday insondirkim, unda quyidagi to’rt narsa kamolga yetgan bo’lsin: yaxshi fe’l, yaxshi axloq va maorif».

Nasafiy sanagan sifatlarning dastlabki uchtasi, ya’ni yaxshi so’z, yaxshi fe’l, yaxshi xulq Zardusht kitobi «Avesto»dan olingandir («Guftori nek, kirdori nek, raftori nek»). Bu sifatlar bilan ziynatlangan odam yolg’on, riyo va badkirdorlikdan chekinadi, hamma vaqt ezgu niyat bilan ezgu ishlarga tayyor turadi. Aziziddin Nasafiy yaxshi axloq haqidagi Zardusht so’zi yoniga «maorif», ya’ni tasavvufiy poklanish talabini qo’shib qo’ygan. Uning fikricha, tariqat yo’liga kirgan soliklar vazifa-maqsadi ushbu to’rt fazilatni egallashdir. Kimki «o’zida shu sifatlarni kamol toptirsa, u kamolga erishadi».

Nasafiyning mazkur ta’rifidan ikkita xulosa kelib chiqadi. Biri shuki, olim nazarida komil inson hayotdan taqari bo’lgan allaqanday mavhum zot emas, balki real odamdir. Yaxshi sifatlarni egallab borgan odam shunday martabaga ko’tarila oladi. Ikkinchi xulosa shuki, Nasafiyga ko’ra, komil inson martabasi tariqat va riyozat yo’li bilan qo’lga kiradigan yuksak martabadir.

Komil inson haqida yuqorida bayon etilgan fikrlarni o’zaro jamlasak, quiydagi xulosalar kelib chiqadi:

— Komil inson – insonlarning eng mukammali, eng oqili va eng donosi.

— Komil inson Iloh bilan odamlar orasidagi vositachi, ilo-hiy amr, g’ayb asrorini oddiy odamlarga yetkazuvchi ulug’ homiydir.

— Komil inson martabada Aqli kull (Aqli avval)ga teng. Alloh avval Aqli kullni, ya’ni Komil insonni yaratdi, keyin u tufayli boshqa maxluqotlar yaratildi.

— Komil inson ruhi azaldan ma’lum, u Tangri taolo yaratgan eng qudratli ruhdir.

— Komil inson shu sifatlari bilan mutloq ilohiy xislatlarni jamlagan kayhoniy mavjudlikdir, u agar oddiy inson suratida ko’rinsa ham, lekin ma’nan koinotni qamrab olgan hamisha bedor va hamma narsadan xabardor bir zotdir.

— Shu martabada u Allohning xalifasi bo’la oladi.

— Komil inson insonlar jamiyati ichidan yetishib chiqadigan mo»tabar zotdir. U azaldan martabasi aniq bo’lgan ruh emas, balki axloqiy-ma’naviy poklanish jarayonida kamolga erishgandir.

— Shu uchun har bir pok axloqli, ilohsevar shaxs komillikka intilishi va bu yo’lda nasiba olishi mumkin.

— Komillikning oliy belgisi Haq yo’lidan borib xalqqa foyda keltirishdir. Kishi o’z so’zi, amaliy ishlari, niyati bilan qanchalik odamlarga naf’ keltirsa, yomonlarni tuz yo’lga solsa, Haq yo’lida fido bo’lsa, u shuncha komildir.

Ushbu qarashlar garchi bir-biriga zid bo’lib tuyulsa-da aslida mohiyatiga ko’ra bir-biriga yaqindir. Ya’ni bu yerda insonning kamoloti, buyukligini tan olish, inson va Koinot, inson va Iloh, inson va Mavjudotni o’zaro vobasta, aloqador deb hisoblash bor. Qarashlar orasidagi farq esa shundan iboratki, ahli shariat tushunchasiga ko’ra, insonning qobiliyati va mayllari azaldan ma’lum, ya’ni Alloh taolo taqdiri azaldan belgilab qo’ygan. Payg’ambarlar, avliyolar, donishmandlar ruhi boshidanoq yuqori olamda ma’lum edi, bu ruhlarning martabalari avvaldan belgilangan edi, deydi shariat ahli.

Ammo hikmat ahli (faylasuflar) va tasavuf ahli fikriga ko’ra, insonga faoliyat uchun inon-ixtiyor berilgan, u harakat qilib, komillik asb etishi, niyatlariga yetishi mumkin. Shayx Aziziddin Nasafiy «Zubdatul haqoyiq» (Haqiqatlar qaymog’i) nomli risolasida yozadi: «Odamlarning so’zlari va faoliyati uchun oldindan belgilangan o’lchovlar yo’q. Bilim va boylikka ega bo’lish odamning say’-harakatiga bog’liq: odam qancha ko’p g’ayrat qilsa, shuncha bilmi va mol-mulki ortadi».

Aziziddin Nasafiy kamolotning belgisi sifatida ikki narsani asos qilib olgan. Buning biri – hamida axloq bo’lsa, ikkinchisi – o’z-o’zini tanish. Shu ikki asosning bor yoki yo’qligiga qarab u odamlarni uch qismga ajratgan. Birinchisi, hamida axloqiy xislatlar bilan bezanmagan va o’z-o’zini tanimagan odamlar. Ikkinchi, hamida axloqiy xislatlar bilan bezangan, ammo o’z-o’zini tanimagan odamlar. Uchinchisi, hamida axloqiy sifatlar bilan bezangan va o’z-o’zini tanigan odamlar. Olimning nazarida ana shu keyingi – uchinchi toifa odamlar komil inson-lardir: «Binobarin, insonning kamolotga erishishi hamida axloqqa ega bo’lish va o’z-o’zini tanish bilan amalga oshadi».

Shu tariqa, komil insonning o’ziga xos axloq kodeksi ishlab chiqilgan bo’lib, bu sifatlarga ega bo’lish har bir odamning orzu-armoni deb qaralgan. Bundan yana shu ham ma’ulm bo’ladiki, o’rta asarlardagi yaxshi axloq, komil inson haqidagi tushunchalar nisbiy xususiyatga ega – bir tomondan, jami ruhiy-ma’naviy qudrat, aqlu zakovat, yaxshi sifatlarning jamuljami hisoblangan mavhum bir zot tushunchasi, ikkinchi tomondan shu cho’qqiga intilib, muayyan matarabalarga erishgan kishi ham komil inson deb hisoblangan. Ammo masala qanday qo’yilishidan qat’iy nazar, komil inson haqidagi g’oyalar katta ijtimoiy-axloqiy ahamiyatga ega bo’ldi, insonni sharafli, ezgulik va Buyuk Xayr ruhida tarbiyalash, mehru muhabbat, vafo va sadoqatni kuchaytirishga xizmat qildi. Har zamon, har lahza insonlarga ularning insonligini eslatib, yovuz, qabih ishlar, nojo’ya qiliqlardan saqlanishga ko’maklashadi, iymon va vijdon binosining poydor bo’lishini ta’minlaydi.

044

(Tashriflar: umumiy 4 838, bugungi 1)

2 izoh

  1. Aziziddin Nasafiyni O’zbekistonga tanishtirgan va uning sermahsul ijodini oz bo’lsada elga tanitgan inson — bu Najmiddin Komilovdirlar. BBC da bergan intervyularida «Agar Olloh sog’liqni bersa Aziziddin Nasafiyning «Komil inson» risolasini o’zbek tiliga tarjima qilish niyatim bor» — degan edilar. Kamina ham Aziz Nasafiyning «Maqsadi aqso» (So’nggi maqsad) asarini ancha vaqt ilgari tarjima qilishni bodhlagan edim. Ammo bu ish hali xomligicha qolgan. Dotsent N.K.Choriev ham Aziziddin Nasafiy dunyoqarashi haqidagi dissertatsiyasiga ham ustoz Najmiddin Komilov rahbarlik qilayotgan edilar. Bu ish ham oxiriga hali hamon yetmagan. Ulug’ yurtdoshimiz Aziziddin Nasafiy merosini chuqurroq o’rganish biz uchun katta muvaffaqiyat hisoblanadi.

Izoh qoldiring