Halima Ahmedova. Menga o’sha quyoshni yubor. Baxtinisoga maktub

Ashampoo_Snap_2017.09.06_22h50m42s_001_.png  Бугун ҳам осмон булутга тўлган. На ёғади, на қаергадир бош олиб кетади, бу қайсар булутлар. Нимагадир булутларнинг оғирлигида ёдимга сен тушасан. Шошилиб телефон рақамингни тераман. Узоқ кутаман, аммо сен жавоб бермайсан, хавотир оламан…

Ҳалима АҲМЕДОВА
МEНГА ЎША ҚУЁШНИ ЮБОР
Бахтинисога мактуб
045

Ҳалима Аҳмедова – 1960 йил 1 октябрда Бухоро вилояти (ҳозирги Навоий вилояти) Қизилтепа туманидаги Пўлот қилоғида таваллуд топган. 1983 йилда ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факултетини тамомлаган. Шоиранинг илк китоби 1986 йили “Кўзимнинг тили” номи билан чоп этилган. Кейинчалик 1987 йили “Тунги марваридгуллар”, 1996 йили “Эрк даричаси”. 2005 йили “Тийрамоҳ”, 2007 йили “Афсун”, 2008 йили “Умид сояси”, 2011 йили “Нигоҳ қибласи”, 2012 йили “Шафақ ибодати” сингари китоблари нашр этилган.

045

images.jpgБугун ҳам осмон булутга тўлган. На ёғади, на қаергадир бош олиб кетади, бу қайсар булутлар. Нимагадир булутларнинг оғирлигида ёдимга сен тушасан. Шошилиб телефон рақамингни тераман. Узоқ кутаман, аммо сен жавоб бермайсан, хавотир оламан. Ўзи кейинги пайтларда ҳамма нарсадан хадиксираб яшаяпман. Гўё ичим тўла бегона-бешафқат аланга-ю, бир дардкаш йўқ уни ўчирадиган. Руҳимда ғалати суратларни чизиб ўтиради, нотаниш мусаввир. Уни аввал кўрмаганман, чизган суратлари Пикассонинг санъатига ўхшайди…

Ростини айтсам бу мавҳумликдан чарчаб кетдим. Йўқ-йўқ, асло ундай ўйлама, ношукр эмасман, аммо лоқайд ҳам эмасман. Кеча уйимиз олдидаги бозорчага чиқдим. Бозорчани роса айландим. Худди қуёш атрофидан нима учун айланаётганини билмаган заминдай айландим. Ўзи нима харид қилиш учун чиққаним ҳеч ёдимга келмайди. Менга масхарамуз тикилиб турган сотувчилар нигоҳидан чарчаб, яна уйга қайтдим. Уйимга киришим заҳоти нонга чиққаним ёдимга тушди. Ортимга қайтишга ўзимда куч топа олмадим. Ростини айтсам сотувчилардан уялдим. Аслида мен билан уларнинг неча пуллик иши бор. Лекин ҳолимни ҳаммадан яширгим келса, нима қилай? Дарров моғорлаган нонларни совуқ сувда чайдим-да, газда яхшилаб қизартириб олдим. Кўрдингми, демак менинг насибам ана шу моғорлаган нонларда бўлган.

Сен жуда мард ва жасоратли қизсан. Ҳеч қачон аҳволингдан нолиганингни эшитмаганман. Аммо, биламан бардошингнинг қайсидир нуқтасида балки қисматингни ёзғирарсан…

Эсингда бўлсин, бу кенг дунёда яшаётган инсон зоти борки, барчаси бемор. Ўйлаётгандирсан, омади чопиб, катта бойликка, шону шуҳратга эришган инсонларда қандай дард, қандай армон бўлиши мумкин, деб.

Синглим улар барчамиздан ҳам беморроқ, касали оғир уларнинг. Тирноқлари қонаб шон-шуҳратни маҳкам чалгаллаб, бойлигини уйқу билмас кўппакдек асрашнинг ўзи бўладими?!

Биласан, карман. Вақтида ёшлик шавқи билан радиода тўғридан тўғри олиб бориладиган эшиттиришларда қулоқчинни кийиб, сайрайвердим, сайрайвердим. Мен нодон билмабманки, техникада раҳм-шаф¬қат деган нарса бегона. Кунлардан бир кун қулоғим чиппа бекилди. Дўсту ёрлар даврасида ўтираман, тураман сурат янглиғ. Уларнинг оромижон суҳбатидан бебаҳралигим баъзан алам қилади. Аммо, ўша даврадаги қайсидир дўст кези келиб мендан сўрайди: — Эшитдингми, фалончининг гапини, сенга теккизиб айтди…

— Йўқ, эшитмадим — дейман. (Аслида ҳам эшитмаган бўламан.) Ўша паллада фалакдан қуйилган ёқимли нур руҳимга сингиб бораётганини ҳис қиламан. Чунки, мен эшитмадим деб бир бечоранинг елкасидаги гуноҳни сидириб ташлайман. Яратганнинг меҳрибонлигини кўр, у мени гуноҳлардан фориғ этиш учун карликни туҳфа қилди.

Бахтинисо, сен инсоннинг инсонга муҳтожлигини мендан кўра кўпроқ ҳис қиласан. Ёшим бир жойга борганда, билдимки бу муҳтожлик пучдан-пуч экан, илоҳий муҳтожлик олдида. Нега дейсанми?!…

Қачонлардир тузалмас дардга йўлиқдим. Кун сайин ғорнинг оғзидаги шам мисоли сўниб боравердим. Қўл-оёғим ишламас, кўзим зўрға кўрарди. Мендан хабар олиш учун гала-гала дўстлар, ғанимлар келишар, гўё кўнглимни «Ҳеч нарса кўрмагандай, тузалиб кетасан», деган алмисоқдан қолган гап билан кўтаришарди. Уларнинг таскинлари мени баттар аламзада қилар, аллақандай ботқоққа чўктириб юборар эди. Энди бутун жисмим билан, охирги кучим билан ўлим васвасасига дучор бўлган эдим. Бир пайтлар тантиқланиб: Менга алла айт, ўлим, Эрка қизинг бўлойин, деган шоирадан ному нишон қолмаган эди. (Ҳозир ўша ҳолатимни эсласам, нақадар ожиз, нақадар мунофиқ эканман, деб ўйлайман. Самодан кўз тикиб турган Унинг олдида уяламан.)

Одамларнинг кўнгил сўраши, менга ўлимдан хабар олиб келгандай туюлаверарди. Охири зарра-зарра бўлиб парчаланиб кетган руҳимни зўр бериб, бир жойга йиға бошладим. Ва дедимки: — Эй мени кўргувчи, дардинг ширин экан, васлинг ундан-да ширинроқ бўлса керак…

Мен овозсиз ҳайқирар эдим, йиғилган бор руҳим билан жаранглардим. Ҳайқириб-ҳайқириб ухлаб қолибман. Уйқу аралаш қулоғимга бир овоз келди:

— УНДАН қўрқасанми, УНГА қараб югур…

У ҳолат ажиб эди. Ўша ажиблик ичида УНГА томон шамолдай югуравердим, югуравердим. Охири бир жойда тўхтадим. Тўхтаган жойим сабр бўлди.

Кўзимни очсам ёстиғим устига катта арвоҳкапалак қўниб, қанотларини тинимсиз қоқарди. У ким эди, билмадим. Билганим, ўша куни арига ўхшаб кетадиган узунчоқ ҳашорат тинимсиз қатнаб бир соат ичида деразамга лойдан ин қурди. Бировга айтсанг ишонмайди…. Ростдан ҳам илоҳий ҳодиса эди бу.

Бухорода бу лойдан ясалган инни «Хонаи ваҳмак» дейишади. Онам раҳматли болалагимизда бирор нарсадан қаттиқ қўрқсак, «Хонаи ваҳмак»ни сувда эзиб бизга ичкизарди. Ва биз ҳеч нарса кўрмагандай тузалиб кетардик. Энг қизиғи докторлар менга ташхис қўйганда «Қаттиқ қўрқув асаб толаларини жароҳатлаган», деган эди. Шу ёдимга тушди-ю, ўғлимга деразадаги инни сувга солиб беришини айтдим. У ажабланиб юзимга бир қаради ва айтганимни қилди. Биламан, ўғлим мени ақлдан озган, деб тусмоллади. Унга эътибор ҳам бермай ваҳмак ини аралашган сувни ҳузур қилиб ичдиму яна уйқуга кетдим. Эрталаб турганимда дарддан фориғ бўлган эдим. Энди кўзим равшан тортган, ўзини ҳар куйга солиб жилванаётган ҳаётни бўй-басти билан кўриб турардим. Ишонасанми йўқми, худди ҳеч нарса кўрмагандай оёққа туриб кетдим…

Сенинг зумрад орзуларинг бор. Орзу баробарида илоҳий мўъжизалар борлигига ҳам ишон синглим. Ана шу ишончнинг ўзи умид деб аталади. Умидсиз қолиш даҳшатини кўп бор татиб кўрганман. Анча йиллар олди баҳайбат тушкунлик домига тушдим. Қайсидир ҳикоямда буни ёзганман, бир зумда йўқолиб қолдим. Ўша кунларнинг бирида тентираб юриб қаршимдан келаётган аёлга қаттиқ урилиб кетдим. Аёл жаҳлланиб:

— Тентак-пентакмисиз, ақлингиз борми?! — деди.

Мен унга:
— Ақлим бор, умидим йўқ, дедим, худди у менга умид топишга кўмаклашадигандай.

Аёл бўлса:
— Ҳей, умидинг билан қўшмозор бўл! — деб қарғаниб қолди.

Биласанми, синглим, мен ўша лаҳзада умид билан қўшмозор бўлишга тайёр эдим.

Ҳаёт жуда катта дўконга ўхшайди. Ундан истаган нарсани топиш учун узоқ қидирасан. Топганингда эса кўнглинг деразасидан чин дунё кўриниб турган бўлади. Фақат умидинг бўлсагина излаган нарсангни осон ва тез топасан. Ўзимиздаги ожизликни енга олсаккина, умид бизни тарк этмайди.

Кўп ўйлайман, одам нега ожизланиб қолади, нега баъзида ўзини бошқаролмай қийналади? Ва яна қалбим қаъридаги йиртилиб, титилиб кетган китобни варақлаб саволимга жавоб топаман. Бизни фалак билан боғлаб турган нур арқони бор, ана шу нур арқонининг йўли тўсилса, биз ожизликка маҳкуммиз. Унинг йўлини эса қилган хатою гуноҳларимиз тўсиб қўяди.

Айни дамда худди умрида гуноҳ қилмаган одамдай осмонўпар гапларни айтишга ҳаққим борми? — деган бир савол мени калака қилади. Тўғри фаришта эмасман, гуноҳларим кўп, энг муҳими, уларни англаяпман, шарҳлаяпман.

Осмонга янада қуюқ булутлар бостириб келяпти. Болаликда уларни яхши кўрардим. Ахир булутларда дарё бор. Нега бугун бу дарёларни кўтаришга кучим етмаяпти. Улар пайдо бўлди дегунча қон босимим ошиб-тошиб кетади. Кескин қарияпман шекилли. Бир куни автобусда рўпарамда онаси билан ўтирган қизалоқ жажжи бармоқчалари билан пешонамдаги ажинларни санади. Завқланиб кулдим. Ке¬йин эса юрагим орқамга тортиб кетди. Гўё кимдир умримни санаётгандай, «Эҳ-ҳе шунча яшаб ҳали ҳам тирикмисан?», дегандай бўлди. Автобусдан туша солиб худди катта жиноят содир этган одамдай бошимни эгганча атрофимдагиларнинг нигоҳидан қочиб тез-тез юриб кетдим. Шу кетганимча кўнглимга кириб олдим. Ўзим кўрмаган ишқнинг ҳарир пардалари билан дунёдан кўнглимни тўсдим. Ўшанда кўнглимни дарахт янглиғ ўсганини кўрсанг эди…

0_149ba3_c202533_orig.jpgБахтинисо, сенинг умидларинг чиройли. Бир кун қўнғироқ қилиб сен билан узоқ суҳбатлашдим. Гап орасида: «Баъзан югургинг, дарахтларга тирмашиб чиққинг келадими?» деб сўрадим. Сен эса умидингдай чиройли овозда: «Югургим ҳам, дарахт¬ларга тирмашиб чиққим ҳам келади. Аммо, армонни кўп ҳам безовта қилмайман, ҳеч қачон тушкунликка тушмайман, дединг, худди тўқайзорни оралаб, арслон наърасидан ҳузурланаётган одамдай…

Мен сендай кучли эмасман, аммо ўзимни енгишга қодирман деб ўйлайман. Фақат баъзида улкан харсангтошга айланиб бораётгандай ҳис қиламан ўзимни. Оғирдан оғир кўнглимни кўтариб юриш малол келади гоҳида. Ёзадиган нарсаларим жуда кўп, шундай кўнглим кун сайин оғирлашиб бораяпти. Гўё кимдир юрагимга саноқсиз ўқларни жойлагану уларни қоғозга туширсам қайноқ қўрғошинлар совуб қоладигандай, назаримда. Ростини айтсам, кейинги пайтлар шеър ёзиш ҳам бачканаликдек туюляпти менга. Тўғри, ҳиссиётнинг одамиман. Ёзиш хуружи тинч қўймаяпти. Аммо, ёзганларимни бўйига, энига ўлчаб, ҳар бир сўзимни лупада текширгувчилар жонимга тегди. Улар шеъримдан туйғу эмас, менинг қисматимдаги хатоларни излашади, увиллашади, ҳуришади. Гарчи ҳозир шеър ёзиш бачканаликдай туюлаётгандек бўлса-да қалбимда улкан бир олма дарахти гуллаб ётганини сезяпман. Ҳали бу дарахт шундай кўп ҳосил берадики, бутун умрим шеърга тўлиб кетади.

Самимиятни, ҳалолликни соғинганман. Қалбингдаги тозалик балки сенга мактуб ёзишга ундагандир мени. Узоқдан-узоқ дардлашиш, кимгадир кўнглингдаги яраларни кўрсатиш телбаликдир балки. Аммо, сен мени тўғри тушунарсан деб ўйлайман, синглим.

Қизиқ, мактубимни якунлай деганда сен қўнғироқ қилиб қолдинг:

— Яхшимисиз, опа!
— Раҳмат, тузукман, фақат қуюқ булутлар ичидаман.

— Вой, сизларда булутми? Бизда қуёш чарақлаяпти.
— Ўша қуёшдан менга ҳам юбор.

Сен соҳилини излаб бораётган дарёдан қиқирлаб куласан, мен эса тобора пастлашиб, қон босимимни кўтараётган булутлар ичида туриб такрорлайман: Бахтинисо, менга ҳам қуёшни юбор…

Манба: «Китоб дунёси» газетаси сайти

Яна шу мавзуда:
Ҳалима Аҳмад. Сен борсан
Ҳалима Аҳмедова. Дил устига кўприк қуриб
Ҳалима Аҳмад. Яшил.Баллада
Ҳалима Аҳмедова. Руҳ олмошлари.
Ҳалима Аҳмедова. Басир.

Бахтинисо Маҳмудова. Шеърлар
Бахтинисо Маҳмудова. Янги шеърлар
Бахтинисо Маҳмудова. Янги шеърлар & Эшқобил Шукур. Бахтинисо шеърларини ўқидим…

image.jpgBugun ham osmon bulutga to‘lgan. Na yog‘adi, na qayergadir bosh olib ketadi, bu qaysar bulutlar. Nimagadir bulutlarning og‘irligida yodimga sen tushasan. Shoshilib telefon raqamingni teraman. Uzoq kutaman, ammo sen javob bermaysan, xavotir olaman…

Halima AHMЕDOVA
MENGA O‘SHA QUYOSHNI YUBOR
Baxtinisoga maktub
045

Halima Ahmedova – 1960 yil 1 oktyabrda Buxoro viloyati (hozirgi Navoiy viloyati) Qiziltepa tumanidagi Po‘lot qilog‘ida tavallud topgan. 1983 yilda ToshDU (hozirgi O‘zMU)ning filologiya fakultetini tamomlagan. Shoiraning ilk kitobi 1986 yili “Ko‘zimning tili” nomi bilan chop etilgan. Keyinchalik 1987 yili “Tungi marvaridgullar”, 1996 yili “Erk darichasi”. 2005 yili “Tiyramoh”, 2007 yili “Afsun”, 2008 yili “Umid soyasi”, 2011 yili “Nigoh qiblasi”, 2012 yili “Shafaq ibodati” singari kitoblari nashr etilgan.

045

Bugun ham osmon bulutga to‘lgan. Na yog‘adi, na qayergadir bosh olib ketadi, bu qaysar bulutlar. Nimagadir bulutlarning og‘irligida yodimga sen tushasan. Shoshilib telefon raqamingni teraman. Uzoq kutaman, ammo sen javob bermaysan, xavotir olaman. O‘zi keyingi paytlarda hamma narsadan xadiksirab yashayapman. Go‘yo ichim to‘la begona-beshafqat alanga-yu, bir dardkash yo‘q uni o‘chiradigan. Ruhimda g‘alati suratlarni chizib o‘tiradi, notanish musavvir. Uni avval ko‘rmaganman, chizgan suratlari Pikassoning san’atiga o‘xshaydi…

Rostini aytsam bu mavhumlikdan charchab ketdim. Yo‘q-yo‘q, aslo unday o‘ylama, noshukr emasman, ammo loqayd ham emasman. Kecha uyimiz oldidagi bozorchaga chiqdim. Bozorchani rosa aylandim. Xuddi quyosh atrofidan nima uchun aylanayotganini bilmagan zaminday aylandim. O‘zi nima xarid qilish uchun chiqqanim hech yodimga kelmaydi. Menga masxaramuz tikilib turgan sotuvchilar nigohidan charchab, yana uyga qaytdim. Uyimga kirishim zahoti nonga chiqqanim yodimga tushdi. Ortimga qaytishga o‘zimda kuch topa olmadim. Rostini aytsam sotuvchilardan uyaldim. Aslida men bilan ularning necha pullik ishi bor. Lekin holimni hammadan yashirgim kelsa, nima qilay? Darrov mog‘orlagan nonlarni sovuq suvda chaydim-da, gazda yaxshilab qizartirib oldim. Ko‘rdingmi, demak mening nasibam ana shu mog‘orlagan nonlarda bo‘lgan.

Sen juda mard va jasoratli qizsan. Hech qachon ahvolingdan noliganingni eshitmaganman. Ammo, bilaman bardoshingning qaysidir nuqtasida balki qismatingni yozg‘irarsan…

Esingda bo‘lsin, bu keng dunyoda yashayotgan inson zoti borki, barchasi bemor. O‘ylayotgandirsan, omadi chopib, katta boylikka, shonu shuhratga erishgan insonlarda qanday dard, qanday armon bo‘lishi mumkin, deb.

Singlim ular barchamizdan ham bemorroq, kasali og‘ir ularning. Tirnoqlari qonab shon-shuhratni mahkam chalgallab, boyligini uyqu bilmas ko‘ppakdek asrashning o‘zi bo‘ladimi?!

Bilasan, karman. Vaqtida yoshlik shavqi bilan radioda to‘g‘ridan to‘g‘ri olib boriladigan eshittirishlarda quloqchinni kiyib, sayrayverdim, sayrayverdim. Men nodon bilmabmanki, texnikada rahm-shaf¬qat degan narsa begona. Kunlardan bir kun qulog‘im chippa bekildi. Do‘stu yorlar davrasida o‘tiraman, turaman surat yanglig‘. Ularning oromijon suhbatidan bebahraligim ba’zan alam qiladi. Ammo, o‘sha davradagi qaysidir do‘st kezi kelib mendan so‘raydi: — Eshitdingmi, falonchining gapini, senga tekkizib aytdi…

— Yo‘q, eshitmadim — deyman. (Aslida ham eshitmagan bo‘laman.) O‘sha pallada falakdan quyilgan yoqimli nur ruhimga singib borayotganini his qilaman. Chunki, men eshitmadim deb bir bechoraning yelkasidagi gunohni sidirib tashlayman. Yaratganning mehribonligini ko‘r, u meni gunohlardan forig‘ etish uchun karlikni tuhfa qildi.

Baxtiniso, sen insonning insonga muhtojligini mendan ko‘ra ko‘proq his qilasan. Yoshim bir joyga borganda, bildimki bu muhtojlik puchdan-puch ekan, ilohiy muhtojlik oldida. Nega deysanmi?!…

f0aa8dce018f353af9a924a60139dd78.jpgQachonlardir tuzalmas dardga yo‘liqdim. Kun sayin g‘orning og‘zidagi sham misoli so‘nib boraverdim. Qo‘l-oyog‘im ishlamas, ko‘zim zo‘rg‘a ko‘rardi. Mendan xabar olish uchun gala-gala do‘stlar, g‘animlar kelishar, go‘yo ko‘nglimni «Hech narsa ko‘rmaganday, tuzalib ketasan», degan almisoqdan qolgan gap bilan ko‘tarishardi. Ularning taskinlari meni battar alamzada qilar, allaqanday botqoqqa cho‘ktirib yuborar edi. Endi butun jismim bilan, oxirgi kuchim bilan o‘lim vasvasasiga duchor bo‘lgan edim. Bir paytlar tantiqlanib: Menga alla ayt, o‘lim, Erka qizing bo‘loyin, degan shoiradan nomu nishon qolmagan edi. (Hozir o‘sha holatimni eslasam, naqadar ojiz, naqadar munofiq ekanman, deb o‘ylayman. Samodan ko‘z tikib turgan Uning oldida uyalaman.)

Odamlarning ko‘ngil so‘rashi, menga o‘limdan xabar olib kelganday tuyulaverardi. Oxiri zarra-zarra bo‘lib parchalanib ketgan ruhimni zo‘r berib, bir joyga yig‘a boshladim. Va dedimki: — Ey meni ko‘rguvchi, darding shirin ekan, vasling undan-da shirinroq bo‘lsa kerak…

Men ovozsiz hayqirar edim, yig‘ilgan bor ruhim bilan jaranglardim. Hayqirib-hayqirib uxlab qolibman. Uyqu aralash qulog‘imga bir ovoz keldi:

— UNDAN qo‘rqasanmi, UNGA qarab yugur…

U holat ajib edi. O‘sha ajiblik ichida UNGA tomon shamolday yuguraverdim, yuguraverdim. Oxiri bir joyda to‘xtadim. To‘xtagan joyim sabr bo‘ldi.

Ko‘zimni ochsam yostig‘im ustiga katta arvohkapalak qo‘nib, qanotlarini tinimsiz qoqardi. U kim edi, bilmadim. Bilganim, o‘sha kuni ariga o‘xshab ketadigan uzunchoq hashorat tinimsiz qatnab bir soat ichida derazamga loydan in qurdi. Birovga aytsang ishonmaydi…. Rostdan ham ilohiy hodisa edi bu.

Buxoroda bu loydan yasalgan inni «Xonai vahmak» deyishadi. Onam rahmatli bolalagimizda biror narsadan qattiq qo‘rqsak, «Xonai vahmak»ni suvda ezib bizga ichkizardi. Va biz hech narsa ko‘rmaganday tuzalib ketardik. Eng qizig‘i doktorlar menga tashxis qo‘yganda «Qattiq qo‘rquv asab tolalarini jarohatlagan», degan edi. Shu yodimga tushdi-yu, o‘g‘limga derazadagi inni suvga solib berishini aytdim. U ajablanib yuzimga bir qaradi va aytganimni qildi. Bilaman, o‘g‘lim meni aqldan ozgan, deb tusmolladi. Unga e’tibor ham bermay vahmak ini aralashgan suvni huzur qilib ichdimu yana uyquga ketdim. Ertalab turganimda darddan forig‘ bo‘lgan edim. Endi ko‘zim ravshan tortgan, o‘zini har kuyga solib jilvanayotgan hayotni bo‘y-basti bilan ko‘rib turardim. Ishonasanmi yo‘qmi, xuddi hech narsa ko‘rmaganday oyoqqa turib ketdim…

Sening zumrad orzularing bor. Orzu barobarida ilohiy mo‘’jizalar borligiga ham ishon singlim. Ana shu ishonchning o‘zi umid deb ataladi. Umidsiz qolish dahshatini ko‘p bor tatib ko‘rganman. Ancha yillar oldi bahaybat tushkunlik domiga tushdim. Qaysidir hikoyamda buni yozganman, bir zumda yo‘qolib qoldim. O‘sha kunlarning birida tentirab yurib qarshimdan kelayotgan ayolga qattiq urilib ketdim. Ayol jahllanib:

— Tentak-pentakmisiz, aqlingiz bormi?! — dedi.

Men unga:
— Aqlim bor, umidim yo‘q, dedim, xuddi u menga umid topishga ko‘maklashadiganday.

Ayol bo‘lsa:
— Hey, umiding bilan qo‘shmozor bo‘l! — deb qarg‘anib qoldi.

Bilasanmi, singlim, men o‘sha lahzada umid bilan qo‘shmozor bo‘lishga tayyor edim.

Hayot juda katta do‘konga o‘xshaydi. Undan istagan narsani topish uchun uzoq qidirasan. Topganingda esa ko‘ngling derazasidan chin dunyo ko‘rinib turgan bo‘ladi. Faqat umiding bo‘lsagina izlagan narsangni oson va tez topasan. O‘zimizdagi ojizlikni yenga olsakkina, umid bizni tark etmaydi.

Ko‘p o‘ylayman, odam nega ojizlanib qoladi, nega ba’zida o‘zini boshqarolmay qiynaladi? Va yana qalbim qa’ridagi yirtilib, titilib ketgan kitobni varaqlab savolimga javob topaman. Bizni falak bilan bog‘lab turgan nur arqoni bor, ana shu nur arqonining yo‘li to‘silsa, biz ojizlikka mahkummiz. Uning yo‘lini esa qilgan xatoyu gunohlarimiz to‘sib qo‘yadi.

Ayni damda xuddi umrida gunoh qilmagan odamday osmono‘par gaplarni aytishga haqqim bormi? — degan bir savol meni kalaka qiladi. To‘g‘ri farishta emasman, gunohlarim ko‘p, eng muhimi, ularni anglayapman, sharhlayapman.

Osmonga yanada quyuq bulutlar bostirib kelyapti. Bolalikda ularni yaxshi ko‘rardim. Axir bulutlarda daryo bor. Nega bugun bu daryolarni ko‘tarishga kuchim yetmayapti. Ular paydo bo‘ldi deguncha qon bosimim oshib-toshib ketadi. Keskin qariyapman shekilli. Bir kuni avtobusda ro‘paramda onasi bilan o‘tirgan qizaloq jajji barmoqchalari bilan peshonamdagi ajinlarni sanadi. Zavqlanib kuldim. Ke¬yin esa yuragim orqamga tortib ketdi. Go‘yo kimdir umrimni sanayotganday, «Eh-he shuncha yashab hali ham tirikmisan?», deganday bo‘ldi. Avtobusdan tusha solib xuddi katta jinoyat sodir etgan odamday boshimni eggancha atrofimdagilarning nigohidan qochib tez-tez yurib ketdim. Shu ketganimcha ko‘nglimga kirib oldim. O‘zim ko‘rmagan ishqning harir pardalari bilan dunyodan ko‘nglimni to‘sdim. O‘shanda ko‘nglimni daraxt yanglig‘ o‘sganini ko‘rsang edi…

0_149ba5_cc692cb8_orig.pngBaxtiniso, sening umidlaring chiroyli. Bir kun qo‘ng‘iroq qilib sen bilan uzoq suhbatlashdim. Gap orasida: «Ba’zan yugurging, daraxtlarga tirmashib chiqqing keladimi?» deb so‘radim. Sen esa umidingday chiroyli ovozda: «Yugurgim ham, daraxt¬larga tirmashib chiqqim ham keladi. Ammo, armonni ko‘p ham bezovta qilmayman, hech qachon tushkunlikka tushmayman, deding, xuddi to‘qayzorni oralab, arslon na’rasidan huzurlanayotgan odamday…

Men senday kuchli emasman, ammo o‘zimni yengishga qodirman deb o‘ylayman. Faqat ba’zida ulkan xarsangtoshga aylanib borayotganday his qilaman o‘zimni. Og‘irdan og‘ir ko‘nglimni ko‘tarib yurish malol keladi gohida. Yozadigan narsalarim juda ko‘p, shunday ko‘nglim kun sayin og‘irlashib borayapti. Go‘yo kimdir yuragimga sanoqsiz o‘qlarni joylaganu ularni qog‘ozga tushirsam qaynoq qo‘rg‘oshinlar sovub qoladiganday, nazarimda. Rostini aytsam, keyingi paytlar she’r yozish ham bachkanalikdek tuyulyapti menga. To‘g‘ri, hissiyotning odamiman. Yozish xuruji tinch qo‘ymayapti. Ammo, yozganlarimni bo‘yiga, eniga o‘lchab, har bir so‘zimni lupada tekshirguvchilar jonimga tegdi. Ular she’rimdan tuyg‘u emas, mening qismatimdagi xatolarni izlashadi, uvillashadi, hurishadi. Garchi hozir she’r yozish bachkanalikday tuyulayotgandek bo‘lsa-da qalbimda ulkan bir olma daraxti gullab yotganini sezyapman. Hali bu daraxt shunday ko‘p hosil beradiki, butun umrim she’rga to‘lib ketadi.

Samimiyatni, halollikni sog‘inganman. Qalbingdagi tozalik balki senga maktub yozishga undagandir meni. Uzoqdan-uzoq dardlashish, kimgadir ko‘nglingdagi yaralarni ko‘rsatish telbalikdir balki. Ammo, sen meni to‘g‘ri tushunarsan deb o‘ylayman, singlim.

Qiziq, maktubimni yakunlay deganda sen qo‘ng‘iroq qilib qolding:

— Yaxshimisiz, opa!
— Rahmat, tuzukman, faqat quyuq bulutlar ichidaman.

— Voy, sizlarda bulutmi? Bizda quyosh charaqlayapti.
— O‘sha quyoshdan menga ham yubor.

Sen sohilini izlab borayotgan daryodan qiqirlab kulasan, men esa tobora pastlashib, qon bosimimni ko‘tarayotgan bulutlar ichida turib takrorlayman: Baxtiniso, menga ham quyoshni yubor…

Manba: “Kitob dunyosi” gazetasi sayti

Yana shu mavzuda:
Halima Ahmad. Sen borsan
Halima Ahmedova. Dil ustiga ko‘prik qurib
Halima Ahmad. Yashil.Ballada
Halima Ahmedova. Ruh olmoshlari.
Halima Ahmedova. Basir.

Baxtiniso Mahmudova. She’rlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar
Baxtiniso Mahmudova. Yangi she’rlar & Eshqobil Shukur. Baxtiniso she’rlarini o‘qidim…

хдк

(Tashriflar: umumiy 981, bugungi 1)

Izoh qoldiring