Halima Ahmedova. Dil ustiga ko’prik qurib & Abdulla Ulug’ov. Hur gulsan,hayot

034
Инсоннинг ҳаёти қувончу ташвишлардан иборат. Буни қалбдан ҳис қилган истеъдодли шоира Ҳалима Аҳмедова ўз шеърларида инсоннинг кўнгил кечинмаларига мурожаат этади.Шоиранинг аксарият шеърлари ўзининг маънодорлиги, оҳангдорлиги, равонлиги ва бадиий хусусиятлари жиҳатидан мукаммал. Шу боисдан улар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

005
Ҳалима АҳМЕДОВА
ДИЛ УСТИГА КЎПРИК ҚУРИБ...
009

МУҲАББАТГА ҚАСИДА

1

Қайлардасан, дилбар – қалбим қуёши?,
ҳаётим чароғон этар нурларинг.
Ҳижроннинг тугасин энди бардоши,
Эртакдай тинглайин пинҳон сирларинг.
033
Беш кунлик дунёда изладим ҳар вақт
Бор бахтимни баҳам кўргучи аёл.
Аммо армон топдим, топганим фақат –
Муҳаббат қасридан энг ширин хаёл!

Энг ширин хаёлда мисли атиргул
Очилдинг, яшнаб тур, сўлма, азизим.
Бахтимдан мағрур ҳам сармаст юрайин.

Кел, кўнглим ойнаси синмасин чил-чил,
Дилбаргинам айла бир бор табассум,
Чарос кўзларингда севгим кўрайин.

2

Насиба этмагин аччиқ кўз ёши,
Кўз ёшга лиммо-лим бағрим тўла ғам.
Бу бошим бош эмас – Тиён-шон тоши,
Сийнамнинг қонидан унган лола ҳам.

Севгимнинг пайғоми ушбу лолалар,
Висол онин кутиб, сенга ошиқар.
Умримдан учади ҳасрат, нолалар,
Минг йилда бир келар мендай ошиқлар!

Муҳаббат аршида танҳо маликам!
Севинчдан кўз ёшим, майли, дарё қил,
Остонангга унда сузиб борайин.

Тўлар бўлса тўлсин ишқдан паймонам,
Вафо шевасида бир бор нидо қил!
Жонимни сўрагил – жон деб берайин…

3

Жонимни сўрагил – жон деб берайин,
Вужудимга меҳмон аслида руҳим.
Ёруғ олам, қара, борар торайиб,
Руҳимга туҳфа қил бари андуҳинг.

Андуҳларинг олиб кўкларга учай,
Мен учун фалакдан тушган малагим.
Еллар билан келиб ҳар тонгда қучай,
Шунда ҳис қилурсан ташна юрагим.

Оппоқ капалакка айланиб тунлар,
Бошингда чарх уриб парвона бўлсам,
Ишқинг рақсга тушар руҳим нақшида.

Юлдузлар ўша он тўқир афсунлар,
Илоҳий оғушда ой каби тўлсам,
Мангу ҳаёт сувин этгил бахшида.

* * *

Қил устига кўприк қуриб бу дунё
Олиб ўтмоқдадир ўз карвонини.
Дил устига кўприк қуриб мен гўё
Олиб ўтмоқдаман сўз карвонини.

* * *

Топсанг дунё суюн, дунё ичинда,
Топган дунё қуюн, дунё ичинда.
Қуюн ичра дунё гўё ел каби,
Учирса хандон бўл, ҳар он ичинда.

 

УФҚ ЁШ ГЎДАКДАЙ КУЛГАН МАҲАЛИ

* * *

Тун суянди юрагимнинг деворларига
Кўзларида ёнди ногоҳ мен англамас сир.
Қоп-қора дев панжасида қолган одамдай
Не учундир ўз жонимдан олдим хавотир.

Зулмат босган кенгликларда изғирди шамол
Ва сочарди чириётган олманинг бўйин.
Болалигин соғингандай телба хазонлар
Типирчилаб тупроқ билан ўйнарди ўйин…

Порлаб кетди хотиранинг маъюс чироғи,
Ва эсладим завқим кўкка етган чоғларни.
Бешафқат куз қамчисидан асрагим келди
Юпун ҳамда хокисор бу дилгир боғларни…

Ўз-ўзимга дедим: дарё эдинг бир пайтлар,
Ёр дилида олиб кетган мусаффо дарё.
Бу софликнинг тонгларида ширин жилмайиб
Хаёлларин кокилини юварди худо…

…Ҳозир эса тинглаяпман, мумтоз куй янглиғ
Жонга ором бағишлайди ўтган кун ёди.
Ва ибтидо хатосининг ҳаққи-ҳурмати
Менга таниш чириётган олма фарёди…

Шивирлайман: исмингни айт
Юрагимда эмаклаган эй номсиз қайғу.
Типирчилар жоним менинг бечора жоним.
Гўё Сайёд қўлидаги занжирбанд оғу…

…Дарё бўлгим келар яна мусаффо дарё.
Токи телба булутларни уйғотсин мавжим.
Токи Аршнинг остонасин ўпсин жунунвор,
Бу дунёга сиғмайдиган девона Авжим

Кўнглим ичра нималардир кўтарар сурон
О, иш?қ менинг борлигимдан ҳануз бехабар
Билолмасман, кўнгилдан то
Жунунгача масофа қанча,
Билолмасман, илло Раббим билмаса агар.

* * *

Ҳали вақт бор …
дарёларнинг тоза оҳангларидан,
Маст бўлиб яшамоқ мумкиндир ҳали.
Оч қолган кўнгилни тўйдирса бўлар,
Уфқ ёш гўдакдай кулган маҳали…

Ҳали вақт бор …
Синганг қалбнинг шаффоф парчаларини,
Синиқчи Тавбага бориб яматинг
Беҳуда айш, ишрат, ёлғончи бахтдан
Дилдаги мунаввар қайғуга қайтинг.

Ҳали вақт бор …
Қизғалдоқ тушида яйраган тонгни
Умид томирига ҳўплатинг такрор
Токи кўзларингиз қорачиғида –
Осмон илдизининг ўтқазсин баҳор.

Ҳали вақт бор …
Навниҳол қабрлар бошида ўсган –
Армон гулларининг япроғин ўқинг.
Чорасиз ғарибнинг юрагидаги
Маҳшарни эслатган титроғин ўқинг.

Ҳали вақт бор …
Ҳажр азобини покланг ва покланг
Куйган юлдузларнинг хокистарида
Ва қолинг ям-яшил орзудай хушбахт
Хазон назарида, куз назарида
Ҳали вақт бор …
Ташна руҳингиз-ла эмаклаб боринг
Узун томирига гуллаган хорнинг
Дилни ошиқ айланг, девона айланг –
Оташ нафасида Ягона ёрнинг

Ҳали вақт бор …

* * *

Барглар сипқоради осмон кўнглини,
Шафақ хаёлини бузар шаббода.
Булутнинг сояси тушган йўлларда –
Ҳануз кетаяпман пойи пиёда.

Шамол куй басталар дарахт куйлайди –
Тинглайман.
Тинглайман бари ноладай.
Ҳовлиқиб тўрт томон аланглар қуёш –
Болалар уйидан қочган боладай.

Тизгинсиз бораман, изсиз бораман,
Олисда сароблар порлайди сим-сим.
Мен бахт ахтараман, бахтсиз дунёдан –
То ҳануз билмайман излаганим ким?!

Ҳаёт қулоғига хуш келавермас –
Чарчаган, қариган, ҳиссиз овозим.
Жисмимга жуда ҳам, жуда тор келар –
Машрабнинг оҳидан тиккан либосим.

На бир туш эдимман,
На Ҳақ хаёли,
Фақат қалбим эди ям-яшил дарё.
Тўрт томон қиблага менгзайди бугун –
Бугун ўзим мажнун, ўзимман саҳро.

…Орзу соҳилида қачондир менга
Йиғладинг, жилмайдинг, нимадир дединг.
Узилиб тушаётган баргдек титрайман,
Наҳотки, наҳотки ўша сен эдинг?!

* * *

Онам айтди: сарғайибди райҳон шохчаси,
Дадам айтди: Шафқат билмас куз келаяпти.
…Мен ўшанда ниначининг қанотларига,
Соддагина юрагимнинг расмин чизардим
Ва нурларнинг арқонига чирмашиб узоқ,
Хаёлимнинг дарахтидан мева узардим..

Яшил эди нигоҳларим жуда ҳам яшил,
Нозанин боғ чўмилганда кун шуъласига
Узумларнинг шира босган овози билан –
Жўр бўлардим чумчуқларнинг ашуласига.

Шивирлаган дарахтларнинг қалбига кириб,
Ажриқларга айтар эдим эртакларимни.
Маликам деб ўйлаб мени, хокисор, ғариб –
Чумолилар ўпар эди этакларимни.

Тонгнинг уйи деворимиз ортида эди
Бобом каби пичирларди: меҳрибон Раббий.
Унинг таъми ширин эди, жуда ҳам ширин
Бобом менга берган оппоқ парварда каби.

Жилмаярди нозбўйларнинг ҳидини сочиб,
Ва очарди ариқларга бахтнинг йўлини,
Эрта туриб онам каби юварди ҳар кун –
Шафқат деган тоғорада дунё кўнглини.

Ўшанда мен ҳаёт кўзин қорачиғининг
Мавжи билан ўйнашардим, шўх эдим ғоят,
Тўрт томондан нозбўйларнинг ҳиди келарди,
Осмон доим сўйлар эди мовий ривоят…

…Бугун умрим деразасин очаман секин,
Соғинчларим томирини чимчилар ҳавво
Ким эди у шивирлаган мунг овозида
Шамол сотиб олган мунгли хазонлар аро.

Онам айтди: сарғайибди райҳон шохчаси
Дадам айтди: Шафқат билмас куз келаяпти.

* * *

Ҳануз сири ялонғочман
Тўқман яна, яна очман,
Гоҳ қузғун, гоҳ қалдирғочман
Мени ўзимга беркитгин,
Кўзим-кўзимга беркитгин

Ниҳон эдим, ишқ этди фош,
Бор-йўқ умрим бир томчи ёш,
Эй ягона, эй Нуртарош
Мени ўзимга беркитгин,
Кўзим кўзимга беркитгин.

Жонимда жоннинг ноласи,
Юрагимми ғайб лоласи,
Қалб – ғамнинг бахтли боласи –
Мени ўзимга беркитгин,
Кўзим-кўзимга беркитгин.

Қани дарё, қани соҳил,
Манзил бир, йўллар хилма-хил.
Нечун дил топмади Бедил,
Мани ўзимга беркитгин,
Кўзим-кўзимга беркитгин.

На зарим бор, на зорим бор
На ўзда ихтиёрим бор,
Ичикдим, эй Ягона ёр
Мани ўзимга беркитгин,
Кўзим-кўзимга беркитгин.

* * *

Оппоқ хайригуллар хайр қилдилар,
Ҳар куним савдои дайр қилдилар
Кўнглимда Мажнунлар сайр қилдилар,
Нажоткорим, Соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Қонимда суғордим чанқаган ғамни,
Шафақ куйди очсам дилда ярамни
Нишонласам ҳижрон деган байрамни
Нажоткорим соянг кўзимга тушди
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Нигоҳим қаърига гул экди осмон,
Умрим синиқларин сочдим ҳар томон
Сенинг исмингмиди бўғзимдаги жон –
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Йиғлаган қуёшни йиғлаб овутдим,
Ёлғончи дунёдан қалбни совутдим,
Айт, кимни унутдим, кимни унутдим?!
Нажоткорим, соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Гўзаллашди юрак ичиндаги доғ
Ишқнинг сурасидан лола унган чоғ,
Суюнаман, суйгим – минг битта ямоқ,
Эгам, бу тонг соянг кўзимга тушди,
Ўзимдан ажралган ўзимга тушди.

Таржимаи ҳол

Ёшим эллик учда, ҳануз ақлим кирмаган,
Аммо кўнглимни ҳеч ҳам хафа қилмайман.
Ёзаман ғафлатда қолганда дунё.
(Шоирманми йўқми уни билмайман…)

Туғилганман, Бухоронинг томиридан сув ичган
жойда,
Мезоннинг чиройли тонг отарида.
Зуҳра юлдузи кўз узмаган мендан
Ва исмимни тилаб олган ишқ дафтаридан.
Хазонларнинг шивирлаши,
Бевақт гуллаган ёввойи гулларнинг энтикишлари
Қўшилган исмимнинг таронасига
Мен туғилган кунда қисматим эса
Бериб юборган руҳимни Мажнун занжирининг
афсонасига…

Онам гул, Дадам қушлар наслидан бўлган.
Негадир тортмадим иккисига ҳам
Мен қуёшни тўймай ҳидлардим
Онам райҳон ҳдлагани дам
Дадам кўксидаги парвознинг ишқи
Тинмай ҳаприқарди сиғмай дунёга
Мен эса шошилиб улғаяр эдим,
Дилимни ичиргим келиб дарёга.

Қуёш билан дарё қовушган кунда,
Кўнглимда эшитдим, Мажнун занжирининг сасини
Ўшанда исмимни ечиб ташладим
Ва кийдим қоронғу тун нафасини
Ишқ дедим, қонимда кўпирди азоб.
Умидим боғига тушди аланга
Ишқ дедим,
Дарёлар келди кўзимга.
Дедики:
Бу ишқ эссиз санга,бу ишқ хайф санга…

Сўнг кетдим,
Маломат тошига суратим чизган,
Гоҳ дўсту, гоҳ ғаним қўлларга кетдим.
Умримни хазондай сочиб ташлаган
Мени танимаган йўлларга кетдим.
Ёшим эллик учда…
Энди онам йўқ.
Дадам яшаяпти парвози ўлган.
Райҳонлар сўлиган ҳидлайин десам,
Учай десам кўксим тошларга тўлган.

Ҳадемай бошланар совуқ, изғирин
Дилимда чайқалар бегона хунлар
О, бунча бахтиёр,
Бунча қувонар
Қўлимнинг учида кун кўрган кунлар.

Ёшим эллик учда…
Менинг фараҳ жомим қайларда қолди?
Ҳайқириб сўрайман, Эси оғиб қолган қуёшдан.
Ва яна хазондай сочилган умрнинг
Ўлган парвознинг,
Сўлиган райҳоннинг ҳиди келади
Кўзларимдан томган ҳар томчи ёшдан.

Ёшим эллик учда…

008
Абдулла Улуғов
ҲУР ГУЛСАН,ҲАЁТ
009

Инсоннинг ҳаёти қувончу ташвишлардан иборат. Буни қалбдан ҳис қилган истеъдодли шоира Ҳалима Аҳмедова ўз шеърларида инсоннинг кўнгил кечинмаларига мурожаат этади.Шоиранинг аксарият шеърлари ўзининг маънодорлиги, оҳангдорлиги, равонлиги ва бадиий хусусиятлари жиҳатидан мукаммал. Шу боисдан улар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Эй дард, кўзларимга солмагин парда,
Мен ёнган оташнинг қулимасми сен?
Ёшлигимнинг ишққа тўлган кунларин –
Жавоби ҳам сўлғин гулимасми сен?
Фурсат бер, кўнглимни ювай тонг билан,
Шудрингга тўлдирай кўзим жомини.
Шунча яшаб ҳам топганимча йўқ,
Афсунгар ва дилбар ҳаёт номини –

деб ёзади изтироб билан шоира. Юлдузларни тун дарахтида пишган олмаларга ўхшатади. Боғларни шамол каби эркин, бемалол-бедард кезиб, зумрад ҳаволарни туйиб, майсалар сингари ўлимдан қўрқмай ўзини бир бора суйиб яшаш ниятини айтади. Бундай истак ҳаётни чин дилдан севган, яшашнинг беқиёс ширинлигини бутун вужуди билан ҳис қилган кишининг қалбидан отилиб чиқаётгани яққол сезилади. Шу боис, шеърхон ич-ичидан шоиранинг бу эзгу истаги ижобат бўлишини астойдил сўрайди.

004Ҳаётнинг ҳар бир ҳодисаси кишиларнинг эътиборини тортади. Ундаги ҳар қандай ҳаракат, ўзгариш қизиқ, ғалати туюлади. Кишиларга кўрган-кечирган, эшитганларини бир-бирига қиёслаш ҳамма нарсадан кўп завқ беради. Ҳар бир одам кутилмаган таққослаш, чиройли ўхшатишдан аллақандай ҳузурланади. Нима учун шундай эканлигини шарҳлаб, тушунтириб бўлмайди. Бу инсон руҳининг сирли жумбоғидир. Ўринли ўхшатиш, фавқулодда топилган таққослашлар дафъатан туйғу-ҳиссиётларни тўлқинлантириб, хаёл-тасаввур кенгликларини чақмоқ каби ёритади. Ҳалима Аҳмедованинг шеърлари ҳам оҳорли ўхшатишларга бойлиги, турли таққослашларга тўлалиги билан мафтун этади.Унинг шеърларида ўхшатиш, қиёс қўлланмаган сатр йўқ. Бу қиёс, ўхшатишлар янги, оҳорлилиги баробарида, чуқур, теран маъноларни мужассамлаштиради.Албатта, ташбеҳлар қанчалик чиройли, тиниқ бўлмасин, ўзича маъно касб этмайди. Улар ҳам барча бадиий тасвир воситалари сингари ўз ўрнида қўлланганида диққатни тортади. “Осмон кўнгли”, “Илоҳий фасл” каби шеърларни ўқиётганида киши ўзини бошқа бир оламда хис этади. Улардаги қиёс, сифатлашлар хаёл кенгликларида ажиб манзаралар ҳосил қилади.Чунки, “Илоҳий фаслда”да:

Ўшанда,
Чиннигул баргида ухларди соғинч,
Ўшанда, тошларга дўст эди кўнглим.
Ўшанда, айрилиқ тароватини
Ҳали англамасди бокира ўлим.
Ўшанда,зардолу гули силкиниб,
Болалари тилидан тотар эди бол.
Шамол қанотида нур игнасида
Фитна ҳижобини тўқирди висол,
Ўшанда…
Беда гулларинг мўмиё ҳиди
Юлдузларнинг синган дилин ямарди.

дейилса, “Осмон кўнгли”да:

Хазонга айланган юракни
Бокира майсага суйдирдим.
Кўрсатиб руҳимнинг жамолин
Дунёнинг кўзини куйдирдим.
Ҳар гиёҳ, гар тошда юз очиб,
Афсундай тўлғанди бу дилим,–

дейилади. Ҳиссиётларни бу тарзда тиниқ баён этиш, кечинмаларни эҳтирос билан ифодалаш учун кишида истеъдод бўлиши зарур. Истеъдод – ижод қилиш қобилияти эса яратганнинг бебаҳо неъматидир. Ҳалима Аҳмедова ана шу неъмат билан сийлангани боис борлиқнинг бошқалар идрок этмаган маъноларни кашф этиб, юлдузли осмон, қоронғи кеча, ёруғ кундуз, тупроқдан бош кўтарган майса, кўкка бўй чўзган дарахтларни тиниқ таърифлайди. Унинг теран нигоҳи теварак-атрофдаги ҳамма нарсани бошқача кўради.Шунинг учун у:

Қорачиғи қадоқ меҳнаткаш кўзим,
Суратга оласан борлиқни тинмай.
Кичик чумолидан коинотгача,
Суратин ишлайсан сен ҳеч эринмай, –

дейди. У ҳаётдан маъно излаб яшаётгани, шу йўлда кўзининг қорачиғи ҳам қадоқ бўлиб кетгани боис мунгли, ғамгин кўринади.Унинг шеърларидаги мунг, изтироб қалбнинг узвий бўлагидир. Шоиранинг “Умид сояси”, “Афсун”, “Тийрамоҳ” тўпламларидаги мунг, изтиробга йўғрилган шеърлар қалбга янаям яқин келади. Одам шеър нималиги, у қандай сир-синоатга эга эканлиги тўғрисида ўйлай бошлайди. “Шуур қилиш, ҳис этиш, сезиш, фаҳмлаш”, маъносини мужассамлаштирган шеърда руҳга хуш ёқадиган аллақандай хусусият мавжудлигини англайди.

Ҳалима Аҳмедованинг шеърларида дафъатан сезилмайдиган, кўнгил тубида кўмилиб ётган ҳиссиёт, кечинмалар ифодаланади. Уларда чуқур ғамгинлик ҳисси, нола, истироблар аниқ акс этади.Айни жиҳат шоира шеърларинг ўзига хос хусусияти саналади.

Шоиранинг шеърларида борлиққа безовталик билан қарайдиган, ҳаётни чин дилдан севадиган, унга талпинадиган самимий қалб туйғулари жўш уриб туради. Бу қалбга қараб, ҳар бир киши кечинма ҳиссиётларининг аввал англамаган ажиб қирраларини кашф этади. Чунки шоира шеърларида кўпчиликнинг хаёлига келмаган фикрларни айтади. Уларда кишилараро муносабатлар мураккаблиги, инсон олами зиддиятларга тўлалиги акс этади. Юқорида номлари қайд этилган тўпламлардаги шеърларни чулғаган ҳазин оҳанг, тиниқ тимсоллар карахт ҳиссиётларни дафъатан титратиб, ҳар бир кишини яхшилик ва ёмонлик тўғрисида мушоҳадага тортади.

Инсон ўзининг ҳис-туйғуларини изҳор қилолмасликдан, бунинг учун зарур сўзларни тополмасдан қийналади. Кишинг билган, ишлатиб юрган сўзлари жўшиб, қайнаб, қийноққа солаётган ҳиссиёт, кечинмаларни ифода қилишга камлик қилади. Зарур сўзлар ўзини ғира-шира намоён этганча қалбнинг тубсиз қаърида, миянинг қайсидир пучмоқларида муз қотиб тураверади. Кўзга тушган гарддай безовта-бесаранжом этгувчи муз қотган сўзлар кутилмаганда, ташқи таъсир туфайли “эриган”ида инсоннинг кайфияти ўз-ўзидан кўтарилиб кетади. Ҳалима Аҳмедованинг шеърларида сўзларнинг ана шундай сирли-сеҳрли таъсирида яшайдиган ижодкор қалбнинг турли ҳолатлари намоён бўлади. “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси” тўпламларидаги турфа ташбеҳларга тўла мулоҳазалар ҳаёт тўғрисидаги шеърий изоҳнома каби таассурот туғдиради. Ижодкор дастлаб ғамга ботиб, тушкин кайфиятга берилгандай туюлади. Кейин эса шоиранинг ҳаётдан беҳад завқланиши, борлиқнинг ҳар бир ҳодисасидан, тирикликнинг ҳар бир лаҳзасидан беқиёс мутаассир бўлиши аёнлашади. Чунки у ҳаётни:

Кўзни қамаштирган оқ нурсан ҳаёт,
Жонни яйратгувчи ҳур гулсан, ҳаёт.
Ғаним оғусида шароб деб сузган:
Гоҳ сархуш, гоҳида маълулсан, ҳаёт, –

дея таърифлайди. Унинг ҳаёт, муҳаббат, меҳр-оқибатга берган бу каби таърифлари дардли, тушкун оҳангларга тўла бўлса-да, уларда ўзига ишонган, қатъиятли кишининг умиди, ғурури муҳайё. Шоиранинг изтиробга йўғрилган шеърлари кўнгилбўшлик билан зорланган нолалар эмас. Улар Ҳалима Аҳмедованинг бошқаларга айтиши зарур бўлган изҳорларидир. Ушбу изҳорлар жунбушга келган ҳиссиётларни, кўнгилда ғалаён қилаётган зиддиятли кечинмаларни айнан шеър орқалигина ифодалаш мумкинлигидан далолат беради. Бошқа шакллар туйғуларнинг шиддатини тўлиқ акс эттиролмайдигандек туюлади. Аслида ҳам ҳиссиётлар айланиб, туйғулар қалбдан тошганида сўзлар ўз-ўзидан шеър шаклига киради.Асл шеърлар шундай туғилади.Асл шеърларни шарҳлаб, тушунтириб бўлмайди. Агар кимдир бунга уринса, у шеърни мажруҳ қилади.Шарҳланганида асл шеърларнинг маъноси жўнлашиб, жозибасига путур етади. Чунки асл шеърлар қуйма бўлади. Улар бошқа шаклга солинганида манзараси, шубҳасиз, хира тортади. Асл асарлар қандай яралган бўлса, шу ҳолида чинакам завқ беради. Улар бир марта келадиган илоҳий илҳом оғушида яралади. Ижодкор ҳар қанча уринганида ҳам асл асарни айнан ўзидай қилиб қайта яратолмайди. У бундай қилишга уринганида илоҳий илҳом оғушида яратган асарининг ўхшаш нусхасини чизишга эришади, холос. Ҳар бир ижодкорнинг ижод йўлини унинг асл асарлари безаб туради. “Осмон кўнгли”, “Илоҳий фасл” Ҳалима Аҳмедованинг ана шундай шеърлар сирасига киради.

Ҳаётнинг турфа ҳодисаларини шоирона таҳлил этишга асосланган “Умид сояси”, “Афсун”, “Тийрамоҳ” да ҳам бошқа ижодкорларнинг тўпламларидаги сингари ишқ-муҳаббат мавзусидаги шеърлар алоҳида ўрин тутади. Аниқроғи ишқ-муҳаббат шоиранинг барча мавзудаги шеърлари марказида туради. У табиатдаги ўзгаришларга ҳам, кишилараро муносабатларга ҳам, ишқ-муҳаббат майидан маст ошиқ нигоҳи билан қарайди.Шоира муҳаббат туйғусини инсон ҳаётининг энг асосий моҳиятини белгиловчи ҳодиса сифатида талқин қилади. Бунинг учун у янгича поэтик образлар топади. Анъанавий поэтик образлар уларнинг қаршисида анча содда, жўн кўриниб қолади. Лекин шоира бошқалар каби муҳаббатни жўшиб мадҳ этмайди. Аксинча, у ҳақда аччиқ алам билан, таассуф билан сўзлайди:

Агар гул бўлсайдим,
Сен ишон…
Боғингда ўсмасдим
Ҳеч қачон.
Агар сабо бўлсам
Елиб-югурмасдим
Сен томон.
Бир харсангтош бўлганимда,
Йўлингда ётмасдим бегумон.
Қочар эдим номинг эшитиб,
Ҳатто саҳро бўлганимда ҳам.
Бу сенмасми,
Сенмасми, ахир,
Кўзларимда чақнаб ётган ғам?
Мен-ку, сени тан олмас эдим,
Аёллигим панд берди фақат
Яшамоқчи эдим одамдай
Нима қилиб қўйдинг, муҳаббат?

Бу унинг мавжуд воқеликдан қаноатланмаслиги, хиёнат, алдов, риёга тоқат қилолмаслиги, муҳаббатга жуда катта талаблар қўйгани, чунки барча орзу-умидларни у билан боғланганидан келиб чиқади. Шоира ишқ-муҳаббатни нафақат ҳаётнинг моҳияти деб билади, балки ундан устун ҳам қўяди:

Сенга асир бўлдим, беқадр бўлдим,
Оёғимга тушган зил ғулсан, ҳаёт.
Шунча қудрат билан, гўзаллик билан
Ишқнинг пойидаги бир кулсан,ҳаёт.

Аслида ҳам шоира “афсунгар ва дилбар” дея таърифлаган ҳаёт ўз-ўзича эмас, балки муҳаббат туфайли маъно-мазмун касб этади. Бу ҳазин, мунгли нолалар шоиранинг ҳаётга катта талаблар билан ёндашиши, кишиларнинг ҳаёти бундан-да яхши бўлишини исташи, мавжуд воқеликдан эса кўнгли тўлмаслиги, қаноатланмаслигидан туғилгани билиниб туради. “Умид сояси” муаллифи ана шу тийиқсиз истак измида юради. Шунинг учун у бошқалар сингари бепарво, ҳотиржам яшолмайди. Доимо безовта бўлади. Ўтаётган кунларидан зерикади. Ҳиссиётларини жиловлашга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, улар ғов, тўсиқларни шиддат билан босиб-янчиб ўтган сел тўлқинлари сингари ошгандан-ошиб, бутун вужудини қамраб олади. Шундан шоира оғриқ азоби ичида қолади. Санъат ва адабиёт эса инсон қалбининг дард-оғриқларини ифодалаши билан кишиларни мафтун этади. Шеъриятга ҳам шоир қалбидаги оғриқ жон бағишлайди. Истироб акс этган шеърларнинг ҳарорати ҳеч қачон сўнмайди. “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси” тўпламларида жамланган шеърларда чинакам изтироб акс этган. Бу истироб муҳаббат мавзусидаги шеърларда, айниқса, ёрқин кўринган. Шоира ушбу шеърларида муҳаббат ҳисси қанчалик ширин, ардоқли бўлмасин, унинг замирида худбинлик туриши, айни чоқда, бу ҳиссиёт туфайли ҳар бир киши ҳаётга теранроқ назар ташлай бошлаши, ишқ инсонни маънан-руҳан улғайтириб, илоҳийлигини англатишини таъкидлаган. Ҳалима Аҳмедованинг муҳаббат тўғрисидаги шеърлари бошқа ижодкорларнинг айни шу мавзудаги шеърларидан тамоман фарқ қилади. Уларда тийиқсиз жунун, исён кўринади. Шоиранинг бошқа мавзудаги шеърлари ҳазин, маҳзун нолаларга асосланса, муҳаббат ҳақидаги шеърлари аччиқ аламдан иборат. Бу шеърларда севгига қонмаган, ишққа иштиёқ билан талпинган кўнгил ғалаёнлари ифодаланади.

Ижодкорнинг ички олами, маънавий қиёфаси унинг шеърларидаги сўзларда кўринади. Ижодкорни унинг сўзлари танитади. “Афсун”, “Тийрамоҳ”, “Умид сояси” тўпламларидаги шеърларда ҳам бу яққол сезилади. Уларда ўзак сўзлар алоҳида ажралиб туради. Бу таянч сўзларда шоиранинг маҳзунлиги, дилидаги аччиқ алам, изтироблари акс этади. Улар синиқ, дардли оҳангги билан кўнгилга кириб боради. Шоира туйғулари ғалаёнини шеърдаги ўзак сўзларга юклайди ва уларга алоҳида урғу беради. Айни сўзлар беихтиёр ҳиссиётларни жунбушга келтиради. Уларни ўқиётганда ички овоз ўз-ўзидан кўтарилиб кетади. Таянч сўзлар бир-бири билан узвий боғланиб, шеърдаги маънони кучайтиради. Айни чоқда, унга жозиба, бетакрор бадиийлик бахш этади. “Қайғулар дўст, азоблар маҳрам”, деган дардкаш шоиранинг дил дафтарини очадиган мазкур шеърлар кишида бир олам таассурот уйғотади. Бундай ҳазин, мунгли, айни чоқда, исёнга қоришиқ бу шеърлар таъсирида туғилган таассуротлар кўнгилга сингиб, кишини руҳиятининг кенгликларига олиб чиқади.

Айрим ижодкорларнинг шеърларини ўқиганда киши ўзини аллақандай лабиринт ичига тушиб қолгандай сезади. Уларда нима тўғрисида сўз юритилаётгани, нима дейилмоқчилигини билиб бўлмайди. Бу хилдаги шеърлар худди авангард рассомлар чизган алмойи-ажмойи қурама шакллардан иборат суратлар сингари тезда ҳафсалани пир қилади. Айни асарлар, қайси жанрда бўлмасин, маъносининг мавҳумлиги, тушунарсизлиги туфайли кишини ғашлантиради. “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси” тўпламларидаги маъносининг теранлиги, ташбеҳ, ўхшатишларнинг тиниқлиги, барча сатрлар бир-бири билан узвий боғланиб, яхлит маънони таъсирчан ифодалаши билан диққатни тортади. Уларда шоира асосий қаҳрамон сифатида кўринади ва ўзининг салмоқдор фикри билан шеърхонни мамнун қилади. Чунки у ҳаётнинг ҳар бир ҳодисасидан ҳикмат топади. Шоиранинг ҳаёт ҳақидаги, муҳаббат тўғрисидаги ёки бошқа мавзудаги шеърларида фикр аниқ, равон ифодаланиб, баён қилинган мулоҳазалардан салмоқли хулоса чиқарилади. Бундай теран хулосага келиш учун нималардир эътироф этилиб, нималардир инкор қилинади.Шоира инсон ҳаётининг мазмун-мундарижасини белгиловчи эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашни шу тарзда ифодалайди. Шоира “Ғанимлардан шикоятим йўқ”, дер экан, “Мен ўзимга-ўзим энг катта рақиб, Сен мени ўзимдан асрагин, худо”, дея илтижо қилади. У ўзини бу тарзда аёвсиз таҳлил этиш орқали ҳар бир инсон, неки истаса, ўзидан ахтарсин. Чунки бахт ҳам, бахтсизлик ҳам инсоннинг ўзида. Бахт биров берадиган, бошқалар инъом этадиган нарса эмас. Бахтга моддий бойлик билан эришиб бўлмайди. Негаки, у одамзот ақли ўйлаб топган метр, километр, грамм, унция, тонна, куб каби мезонлар билан ўлчанмайди. Бахт –кўнгил ҳаловати. Кўнгилда ҳаловат бўлмаса, ҳисобсиз молу давлат, ҳар қандай мансаб-мартаба, шон-шуҳрат ҳеч нарсага арзимайди. Ҳаётдаги зиддият, чалкашликлар, ҳаммамизни азоблайдиган қайғу, алам, нафрат кабилар шахсий манфаатимизни ўйлаб, бошқаларни топташимиз – кўнгил уйимизни хароб этишимиздан туғилади. Аслида, ҳеч ким атайлаб хато қилмайди. Ҳамма ҳаётда билиб-билмай хатоларга йўл қўяди. Чунки ҳар бир киши англаб бўлмас ҳиссиётлари таъсирида яшайди. Одамга ақлидан кўра ҳис-туйғулари кўпроқ таъсир кўрсатади. Кишини кўпинча ақли эмас, ҳиссиётлари бошқаради.Ўзининг кечинмалари, ҳис туйғуларини идрок этган киши бошқаларнинг ҳам кўнглини тушунади. Ўзининг холини англамаган ўзганинг аҳволини ҳис қилмайди. Барча муаммо ана шундай келиб чиқади. Кишининг ўз хатоларини англаши унинг эзгулик, гўзалликни ҳис қилишидан далолат беради. Ҳар бир одам эзгулик ва гўзалликни ҳиссиётлари воситасида идрок этади. Ҳалима Аҳмедованинг шеърларида теран тафаккурга хос мушоҳада гўзалликка офушта ҳиссиёт билан уйғунлашиб кетади. У: “Ҳар гиёҳга, ҳар битта гулга Гўзал тушдай боқайин яйраб”, дея илтижо қилади. Дарахтларга, осмон ва юлдузларга мурожаат этади. Коинотга ҳукмини ўтказган тун ва тонг сукунатида мислсиз сир-синоат мавжудлигини идрок қилади. Шунинг учун ҳам:

Ойнинг гардишини келтиради тун,
Тўлдириб қуй дейди, мана, паймона.
Мен тунни ичаман, тун эса мени,
Соғинчдан иккимиз масту девона.
Йироқлашиб борар недир кўнгилдан,
Дарахтдай тебранар туннинг қароғи.
Қисмат шамолида чирсиллаб синар
Бахтимнинг синмай қолган чироғи, –

дейди. У: “Яшил санобарлар куйлаган кеча” ни кўради. Ўзига ўзини рақиб деб билган шоира бу кечада ўзидан ўзини халос қилади. Шунда у: “Ёмғир ичаётган ошиқ дунёни”, “Осмоннинг юракка яқин жойида йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолган ой”ни кўришга муяссар бўлади. Бошқалар ҳис қилмайдиган, пайқамайдиган бу каби сирли-сеҳрли ҳодисаларга гувоҳ бўлганидан:

Мен ўзимда эмасман
Нурдаман, Зулматдаман,–

дейди. Аслида ҳам ҳамма нур ва зулмат оралиғида яшайди. Лекин бу ҳақиқатни жуда кам киши пайқайди. Аксарият одамлар, ҳақиқий ҳолини ҳис қилмаганидан такаббурликка берилади, ўзини осмоннинг устуни санайди. Улар шунинг учун ҳам ҳаётнинг асл маъноси нима эканлиги тўғрисида тузукроқ мушоҳада юрита олмайди. “Афсун” муаллифи эса:

Ҳаёт – сирли боғнинг солланишидир,
Куртаклар туғилиб, ўлар хазонлар.
Менинг илк устозим, сўнгги устозим –
Кўнглимни истило этган армонлар,–

дейди. Бу унинг ҳаётга мафтун бўлиб қарашидан уни истироб билан суйишидан далолат беради. Унинг ҳаётга берган таърифлари шу боисдан ғам тиниқ, таъсирчан бўлиб, кишини чуқур ўйга толдиради.

007

005
Halima AhMEDOVA
DIL USTIGA KO’PRIK QURIB...
009

MUHABBATGA QASIDA

1

Qaylardasan, dilbar – qalbim quyoshi?,
hayotim charog’on etar nurlaring.
Hijronning tugasin endi bardoshi,
Ertakday tinglayin pinhon sirlaring.
055
Besh kunlik dunyoda izladim har vaqt
Bor baxtimni baham ko’rguchi ayol.
Ammo armon topdim, topganim faqat –
Muhabbat qasridan eng shirin xayol!

Eng shirin xayolda misli atirgul
Ochilding, yashnab tur, so’lma, azizim.
Baxtimdan mag’rur ham sarmast yurayin.

Kel, ko’nglim oynasi sinmasin chil-chil,
Dilbarginam ayla bir bor tabassum,
Charos ko’zlaringda sevgim ko’rayin.

2

Nasiba etmagin achchiq ko’z yoshi,
Ko’z yoshga limmo-lim bag’rim to’la g’am.
Bu boshim bosh emas – Tiyon-shon toshi,
Siynamning qonidan ungan lola ham.

Sevgimning payg’omi ushbu lolalar,
Visol onin kutib, senga oshiqar.
Umrimdan uchadi hasrat, nolalar,
Ming yilda bir kelar menday oshiqlar!

Muhabbat arshida tanho malikam!
Sevinchdan ko’z yoshim, mayli, daryo qil,
Ostonangga unda suzib borayin.

To’lar bo’lsa to’lsin ishqdan paymonam,
Vafo shevasida bir bor nido qil!
Jonimni so’ragil – jon deb berayin…

3

Jonimni so’ragil – jon deb berayin,
Vujudimga mehmon aslida ruhim.
Yorug’ olam, qara, borar torayib,
Ruhimga tuhfa qil bari anduhing.

Anduhlaring olib ko’klarga uchay,
Men uchun falakdan tushgan malagim.
Yellar bilan kelib har tongda quchay,
Shunda his qilursan tashna yuragim.

Oppoq kapalakka aylanib tunlar,
Boshingda charx urib parvona bo’lsam,
Ishqing raqsga tushar ruhim naqshida.

Yulduzlar o’sha on to’qir afsunlar,
Ilohiy og’ushda oy kabi to’lsam,
Mangu hayot suvin etgil baxshida.

* * *

Qil ustiga ko’prik qurib bu dunyo
Olib o’tmoqdadir o’z karvonini.
Dil ustiga ko’prik qurib men go’yo
Olib o’tmoqdaman so’z karvonini.

* * *

Topsang dunyo suyun, dunyo ichinda,
Topgan dunyo quyun, dunyo ichinda.
Quyun ichra dunyo go’yo yel kabi,
Uchirsa xandon bo’l, har on ichinda.

 

UFQ YOSH GO’DAKDAY KULGAN MAHALI

* * *

Tun suyandi yuragimning devorlariga
Ko’zlarida yondi nogoh men anglamas sir.
Qop-qora dev panjasida qolgan odamday
Ne uchundir o’z jonimdan oldim xavotir.

Zulmat bosgan kengliklarda izg’irdi shamol
Va sochardi chiriyotgan olmaning bo’yin.
Bolaligin sog’inganday telba xazonlar
Tipirchilab tuproq bilan o’ynardi o’yin…

Porlab ketdi xotiraning ma’yus chirog’i,
Va esladim zavqim ko’kka yetgan chog’larni.
Beshafqat kuz qamchisidan asragim keldi
Yupun hamda xokisor bu dilgir bog’larni…

O’z-o’zimga dedim: daryo eding bir paytlar,
Yor dilida olib ketgan musaffo daryo.
Bu soflikning tonglarida shirin jilmayib
Xayollarin kokilini yuvardi xudo…

…Hozir esa tinglayapman, mumtoz kuy yanglig’
Jonga orom bag’ishlaydi o’tgan kun yodi.
Va ibtido xatosining haqqi-hurmati
Menga tanish chiriyotgan olma faryodi…

Shivirlayman: ismingni ayt
Yuragimda emaklagan ey nomsiz qayg’u.
Tipirchilar jonim mening bechora jonim.
Go’yo Sayyod qo’lidagi zanjirband og’u…

…Daryo bo’lgim kelar yana musaffo daryo.
Toki telba bulutlarni uyg’otsin mavjim.
Toki Arshning ostonasin o’psin jununvor,
Bu dunyoga sig’maydigan devona Avjim

Ko’nglim ichra nimalardir ko’tarar suron
O, ish?q mening borligimdan hanuz bexabar
Bilolmasman, ko’ngildan to
Junungacha masofa qancha,
Bilolmasman, illo Rabbim bilmasa agar.

* * *

Hali vaqt bor …
daryolarning toza ohanglaridan,
Mast bo’lib yashamoq mumkindir hali.
Och qolgan ko’ngilni to’ydirsa bo’lar,
Ufq yosh go’dakday kulgan mahali…

Hali vaqt bor …
Singang qalbning shaffof parchalarini,
Siniqchi Tavbaga borib yamating
Behuda aysh, ishrat, yolg’onchi baxtdan
Dildagi munavvar qayg’uga qayting.

Hali vaqt bor …
Qizg’aldoq tushida yayragan tongni
Umid tomiriga ho’plating takror
Toki ko’zlaringiz qorachig’ida –
Osmon ildizining o’tqazsin bahor.

Hali vaqt bor …
Navnihol qabrlar boshida o’sgan –
Armon gullarining yaprog’in o’qing.
Chorasiz g’aribning yuragidagi
Mahsharni eslatgan titrog’in o’qing.

Hali vaqt bor …
Hajr azobini poklang va poklang
Kuygan yulduzlarning xokistarida
Va qoling yam-yashil orzuday xushbaxt
Xazon nazarida, kuz nazarida
Hali vaqt bor …
Tashna ruhingiz-la emaklab boring
Uzun tomiriga gullagan xorning
Dilni oshiq aylang, devona aylang –
Otash nafasida Yagona yorning

Hali vaqt bor …

* * *

Barglar sipqoradi osmon ko’nglini,
Shafaq xayolini buzar shabboda.
Bulutning soyasi tushgan yo’llarda –
Hanuz ketayapman poyi piyoda.

Shamol kuy bastalar daraxt kuylaydi –
Tinglayman.
Tinglayman bari noladay.
Hovliqib to’rt tomon alanglar quyosh –
Bolalar uyidan qochgan boladay.

Tizginsiz boraman, izsiz boraman,
Olisda saroblar porlaydi sim-sim.
Men baxt axtaraman, baxtsiz dunyodan –
To hanuz bilmayman izlaganim kim?!

Hayot qulog’iga xush kelavermas –
Charchagan, qarigan, hissiz ovozim.
Jismimga juda ham, juda tor kelar –
Mashrabning ohidan tikkan libosim.

Na bir tush edimman,
Na Haq xayoli,
Faqat qalbim edi yam-yashil daryo.
To’rt tomon qiblaga mengzaydi bugun –
Bugun o’zim majnun, o’zimman sahro.

…Orzu sohilida qachondir menga
Yig’lading, jilmayding, nimadir deding.
Uzilib tushayotgan bargdek titrayman,
Nahotki, nahotki o’sha sen eding?!

* * *

Onam aytdi: sarg’ayibdi rayhon shoxchasi,
Dadam aytdi: Shafqat bilmas kuz kelayapti.
…Men o’shanda ninachining qanotlariga,
Soddagina yuragimning rasmin chizardim
Va nurlarning arqoniga chirmashib uzoq,
Xayolimning daraxtidan meva uzardim..

Yashil edi nigohlarim juda ham yashil,
Nozanin bog’ cho’milganda kun shu’lasiga
Uzumlarning shira bosgan ovozi bilan –
Jo’r bo’lardim chumchuqlarning ashulasiga.

Shivirlagan daraxtlarning qalbiga kirib,
Ajriqlarga aytar edim ertaklarimni.
Malikam deb o’ylab meni, xokisor, g’arib –
Chumolilar o’par edi etaklarimni.

Tongning uyi devorimiz ortida edi
Bobom kabi pichirlardi: mehribon Rabbiy.
Uning ta’mi shirin edi, juda ham shirin
Bobom menga bergan oppoq parvarda kabi.

Jilmayardi nozbo’ylarning hidini sochib,
Va ochardi ariqlarga baxtning yo’lini,
Erta turib onam kabi yuvardi har kun –
Shafqat degan tog’orada dunyo ko’nglini.

O’shanda men hayot ko’zin qorachig’ining
Mavji bilan o’ynashardim, sho’x edim g’oyat,
To’rt tomondan nozbo’ylarning hidi kelardi,
Osmon doim so’ylar edi moviy rivoyat…

…Bugun umrim derazasin ochaman sekin,
Sog’inchlarim tomirini chimchilar havvo
Kim edi u shivirlagan mung ovozida
Shamol sotib olgan mungli xazonlar aro.

Onam aytdi: sarg’ayibdi rayhon shoxchasi
Dadam aytdi: Shafqat bilmas kuz kelayapti.

* * *

Hanuz siri yalong’ochman
To’qman yana, yana ochman,
Goh quzg’un, goh qaldirg’ochman
Meni o’zimga berkitgin,
Ko’zim-ko’zimga berkitgin

Nihon edim, ishq etdi fosh,
Bor-yo’q umrim bir tomchi yosh,
Ey yagona, ey Nurtarosh
Meni o’zimga berkitgin,
Ko’zim ko’zimga berkitgin.

Jonimda jonning nolasi,
Yuragimmi g’ayb lolasi,
Qalb – g’amning baxtli bolasi –
Meni o’zimga berkitgin,
Ko’zim-ko’zimga berkitgin.

Qani daryo, qani sohil,
Manzil bir, yo’llar xilma-xil.
Nechun dil topmadi Bedil,
Mani o’zimga berkitgin,
Ko’zim-ko’zimga berkitgin.

Na zarim bor, na zorim bor
Na o’zda ixtiyorim bor,
Ichikdim, ey Yagona yor
Mani o’zimga berkitgin,
Ko’zim-ko’zimga berkitgin.

* * *

Oppoq xayrigullar xayr qildilar,
Har kunim savdoi dayr qildilar
Ko’nglimda Majnunlar sayr qildilar,
Najotkorim, Soyang ko’zimga tushdi,
O’zimdan ajralgan o’zimga tushdi.

Qonimda sug’ordim chanqagan g’amni,
Shafaq kuydi ochsam dilda yaramni
Nishonlasam hijron degan bayramni
Najotkorim soyang ko’zimga tushdi
O’zimdan ajralgan o’zimga tushdi.

Nigohim qa’riga gul ekdi osmon,
Umrim siniqlarin sochdim har tomon
Sening ismingmidi bo’g’zimdagi jon –
Najotkorim, soyang ko’zimga tushdi,
O’zimdan ajralgan o’zimga tushdi.

Yig’lagan quyoshni yig’lab ovutdim,
Yolg’onchi dunyodan qalbni sovutdim,
Ayt, kimni unutdim, kimni unutdim?!
Najotkorim, soyang ko’zimga tushdi,
O’zimdan ajralgan o’zimga tushdi.

Go’zallashdi yurak ichindagi dog’
Ishqning surasidan lola ungan chog’,
Suyunaman, suygim – ming bitta yamoq,
Egam, bu tong soyang ko’zimga tushdi,
O’zimdan ajralgan o’zimga tushdi.

Tarjimai hol

Yoshim ellik uchda, hanuz aqlim kirmagan,
Ammo ko’nglimni hech ham xafa qilmayman.
Yozaman g’aflatda qolganda dunyo.
(Shoirmanmi yo’qmi uni bilmayman…)

Tug’ilganman, Buxoroning tomiridan suv ichgan
joyda,
Mezonning chiroyli tong otarida.
Zuhra yulduzi ko’z uzmagan mendan
Va ismimni tilab olgan ishq daftaridan.
Xazonlarning shivirlashi,
Bevaqt gullagan yovvoyi gullarning entikishlari
Qo’shilgan ismimning taronasiga
Men tug’ilgan kunda qismatim esa
Berib yuborgan ruhimni Majnun zanjirining
afsonasiga…

Onam gul, Dadam qushlar naslidan bo’lgan.
Negadir tortmadim ikkisiga ham
Men quyoshni to’ymay hidlardim
Onam rayhon hdlagani dam
Dadam ko’ksidagi parvozning ishqi
Tinmay hapriqardi sig’may dunyoga
Men esa shoshilib ulg’ayar edim,
Dilimni ichirgim kelib daryoga.

Quyosh bilan daryo qovushgan kunda,
Ko’nglimda eshitdim, Majnun zanjirining sasini
O’shanda ismimni yechib tashladim
Va kiydim qorong’u tun nafasini
Ishq dedim, qonimda ko’pirdi azob.
Umidim bog’iga tushdi alanga
Ishq dedim,
Daryolar keldi ko’zimga.
Dediki:
Bu ishq essiz sanga,bu ishq xayf sanga…

So’ng ketdim,
Malomat toshiga suratim chizgan,
Goh do’stu, goh g’anim qo’llarga ketdim.
Umrimni xazonday sochib tashlagan
Meni tanimagan yo’llarga ketdim.
Yoshim ellik uchda…
Endi onam yo’q.
Dadam yashayapti parvozi o’lgan.
Rayhonlar so’ligan hidlayin desam,
Uchay desam ko’ksim toshlarga to’lgan.

Hademay boshlanar sovuq, izg’irin
Dilimda chayqalar begona xunlar
O, buncha baxtiyor,
Buncha quvonar
Qo’limning uchida kun ko’rgan kunlar.

Yoshim ellik uchda…
Mening farah jomim qaylarda qoldi?
Hayqirib so’rayman, Esi og’ib qolgan quyoshdan.
Va yana xazonday sochilgan umrning
O’lgan parvozning,
So’ligan rayhonning hidi keladi
Ko’zlarimdan tomgan har tomchi yoshdan.

Yoshim ellik uchda…

008
Abdulla Ulug’ov
HUR GULSAN,HAYOT
009

Insonning hayoti quvonchu tashvishlardan iborat. Buni qalbdan his qilgan iste’dodli shoira Halima Ahmedova o’z she’rlarida insonning ko’ngil kechinmalariga murojaat etadi.Shoiraning aksariyat she’rlari o’zining ma’nodorligi, ohangdorligi, ravonligi va badiiy xususiyatlari jihatidan mukammal. Shu boisdan ular o’quvchini befarq qoldirmaydi.

Ey dard, ko’zlarimga solmagin parda,
Men yongan otashning qulimasmi sen?
Yoshligimning ishqqa to’lgan kunlarin –
Javobi ham so’lg’in gulimasmi sen?
Fursat ber, ko’nglimni yuvay tong bilan,
Shudringga to’ldiray ko’zim jomini.
Shuncha yashab ham topganimcha yo’q,
Afsungar va dilbar hayot nomini –

deb yozadi iztirob bilan shoira. Yulduzlarni tun daraxtida pishgan olmalarga o’xshatadi. Bog’larni shamol kabi erkin, bemalol-bedard kezib, zumrad havolarni tuyib, maysalar singari o’limdan qo’rqmay o’zini bir bora suyib yashash niyatini aytadi. Bunday istak hayotni chin dildan sevgan, yashashning beqiyos shirinligini butun vujudi bilan his qilgan kishining qalbidan otilib chiqayotgani yaqqol seziladi. Shu bois, she’rxon ich-ichidan shoiraning bu ezgu istagi ijobat bo’lishini astoydil so’raydi.

081Hayotning har bir hodisasi kishilarning e’tiborini tortadi. Undagi har qanday harakat, o’zgarish qiziq, g’alati tuyuladi. Kishilarga ko’rgan-kechirgan, eshitganlarini bir-biriga qiyoslash hamma narsadan ko’p zavq beradi. Har bir odam kutilmagan taqqoslash, chiroyli o’xshatishdan allaqanday huzurlanadi. Nima uchun shunday ekanligini sharhlab, tushuntirib bo’lmaydi. Bu inson ruhining sirli jumbog’idir. O’rinli o’xshatish, favqulodda topilgan taqqoslashlar daf’atan tuyg’u-hissiyotlarni to’lqinlantirib, xayol-tasavvur kengliklarini chaqmoq kabi yoritadi. Halima Ahmedovaning she’rlari ham ohorli o’xshatishlarga boyligi, turli taqqoslashlarga to’laligi bilan maftun etadi.Uning she’rlarida o’xshatish, qiyos qo’llanmagan satr yo’q. Bu qiyos, o’xshatishlar yangi, ohorliligi barobarida, chuqur, teran ma’nolarni mujassamlashtiradi.Albatta, tashbehlar qanchalik chiroyli, tiniq bo’lmasin, o’zicha ma’no kasb etmaydi. Ular ham barcha badiiy tasvir vositalari singari o’z o’rnida qo’llanganida diqqatni tortadi. “Osmon ko’ngli”, “Ilohiy fasl” kabi she’rlarni o’qiyotganida kishi o’zini boshqa bir olamda xis etadi. Ulardagi qiyos, sifatlashlar xayol kengliklarida ajib manzaralar hosil qiladi.Chunki, “Ilohiy faslda”da:

O’shanda,
Chinnigul bargida uxlardi sog’inch,
O’shanda, toshlarga do’st edi ko’nglim.
O’shanda, ayriliq tarovatini
Hali anglamasdi bokira o’lim.
O’shanda,zardolu guli silkinib,
Bolalari tilidan totar edi bol.
Shamol qanotida nur ignasida
Fitna hijobini to’qirdi visol,
O’shanda…
Beda gullaring mo’miyo hidi
Yulduzlarning singan dilin yamardi.

deyilsa, “Osmon ko’ngli”da:

Xazonga aylangan yurakni
Bokira maysaga suydirdim.
Ko’rsatib ruhimning jamolin
Dunyoning ko’zini kuydirdim.
Har giyoh, gar toshda yuz ochib,
Afsunday to’lg’andi bu dilim,–

deyiladi. Hissiyotlarni bu tarzda tiniq bayon etish, kechinmalarni ehtiros bilan ifodalash uchun kishida iste’dod bo’lishi zarur. Iste’dod – ijod qilish qobiliyati esa yaratganning bebaho ne’matidir. Halima Ahmedova ana shu ne’mat bilan siylangani bois borliqning boshqalar idrok etmagan ma’nolarni kashf etib, yulduzli osmon, qorong’i kecha, yorug’ kunduz, tuproqdan bosh ko’targan maysa, ko’kka bo’y cho’zgan daraxtlarni tiniq ta’riflaydi. Uning teran nigohi tevarak-atrofdagi hamma narsani boshqacha ko’radi.Shuning uchun u:

Qorachig’i qadoq mehnatkash ko’zim,
Suratga olasan borliqni tinmay.
Kichik chumolidan koinotgacha,
Suratin ishlaysan sen hech erinmay, –

deydi. U hayotdan ma’no izlab yashayotgani, shu yo’lda ko’zining qorachig’i ham qadoq bo’lib ketgani bois mungli, g’amgin ko’rinadi.Uning she’rlaridagi mung, iztirob qalbning uzviy bo’lagidir. Shoiraning “Umid soyasi”, “Afsun”, “Tiyramoh” to’plamlaridagi mung, iztirobga yo’g’rilgan she’rlar qalbga yanayam yaqin keladi. Odam she’r nimaligi, u qanday sir-sinoatga ega ekanligi to’g’risida o’ylay boshlaydi. “Shuur qilish, his etish, sezish, fahmlash”, ma’nosini mujassamlashtirgan she’rda ruhga xush yoqadigan allaqanday xususiyat mavjudligini anglaydi.

Halima Ahmedovaning she’rlarida daf’atan sezilmaydigan, ko’ngil tubida ko’milib yotgan hissiyot, kechinmalar ifodalanadi. Ularda chuqur g’amginlik hissi, nola, istiroblar aniq aks etadi.Ayni jihat shoira she’rlaring o’ziga xos xususiyati sanaladi.

Shoiraning she’rlarida borliqqa bezovtalik bilan qaraydigan, hayotni chin dildan sevadigan, unga talpinadigan samimiy qalb tuyg’ulari jo’sh urib turadi. Bu qalbga qarab, har bir kishi kechinma hissiyotlarining avval anglamagan ajib qirralarini kashf etadi. Chunki shoira she’rlarida ko’pchilikning xayoliga kelmagan fikrlarni aytadi. Ularda kishilararo munosabatlar murakkabligi, inson olami ziddiyatlarga to’laligi aks etadi. Yuqorida nomlari qayd etilgan to’plamlardagi she’rlarni chulg’agan hazin ohang, tiniq timsollar karaxt hissiyotlarni daf’atan titratib, har bir kishini yaxshilik va yomonlik to’g’risida mushohadaga tortadi.

Inson o’zining his-tuyg’ularini izhor qilolmaslikdan, buning uchun zarur so’zlarni topolmasdan qiynaladi. Kishing bilgan, ishlatib yurgan so’zlari jo’shib, qaynab, qiynoqqa solayotgan hissiyot, kechinmalarni ifoda qilishga kamlik qiladi. Zarur so’zlar o’zini g’ira-shira namoyon etgancha qalbning tubsiz qa’rida, miyaning qaysidir puchmoqlarida muz qotib turaveradi. Ko’zga tushgan gardday bezovta-besaranjom etguvchi muz  qotgan so’zlar kutilmaganda, tashqi ta’sir tufayli “erigan”ida insonning kayfiyati o’z-o’zidan ko’tarilib ketadi. Halima Ahmedovaning she’rlarida so’zlarning ana shunday sirli-sehrli ta’sirida yashaydigan ijodkor qalbning turli holatlari namoyon bo’ladi. “Tiyramoh”, “Afsun”, “Umid soyasi” to’plamlaridagi turfa tashbehlarga to’la mulohazalar hayot to’g’risidagi she’riy izohnoma kabi taassurot tug’diradi. Ijodkor dastlab g’amga botib, tushkin kayfiyatga berilganday tuyuladi. Keyin esa shoiraning hayotdan behad zavqlanishi, borliqning har bir hodisasidan, tiriklikning har bir lahzasidan beqiyos mutaassir bo’lishi ayonlashadi. Chunki u hayotni:

Ko’zni qamashtirgan oq nursan hayot,
Jonni yayratguvchi hur gulsan, hayot.
G’anim og’usida sharob deb suzgan:
Goh sarxush, gohida ma’lulsan, hayot, –

deya ta’riflaydi. Uning hayot, muhabbat, mehr-oqibatga bergan bu kabi ta’riflari dardli, tushkun ohanglarga to’la bo’lsa-da, ularda o’ziga ishongan, qat’iyatli kishining umidi, g’ururi muhayyo. Shoiraning iztirobga yo’g’rilgan she’rlari ko’ngilbo’shlik bilan zorlangan nolalar emas. Ular Halima Ahmedovaning boshqalarga aytishi zarur bo’lgan izhorlaridir. Ushbu izhorlar junbushga kelgan hissiyotlarni, ko’ngilda g’alayon qilayotgan ziddiyatli kechinmalarni aynan she’r orqaligina ifodalash mumkinligidan dalolat beradi. Boshqa shakllar tuyg’ularning shiddatini to’liq aks ettirolmaydigandek tuyuladi. Aslida ham hissiyotlar aylanib, tuyg’ular qalbdan toshganida so’zlar o’z-o’zidan she’r shakliga kiradi.Asl she’rlar shunday tug’iladi.Asl she’rlarni sharhlab, tushuntirib bo’lmaydi. Agar kimdir bunga urinsa, u she’rni majruh qiladi.Sharhlanganida asl she’rlarning ma’nosi jo’nlashib, jozibasiga putur yetadi. Chunki asl she’rlar quyma bo’ladi. Ular boshqa shaklga solinganida manzarasi, shubhasiz, xira tortadi. Asl asarlar qanday yaralgan bo’lsa, shu holida chinakam zavq beradi. Ular bir marta keladigan ilohiy ilhom og’ushida yaraladi. Ijodkor har qancha uringanida ham asl asarni aynan o’ziday qilib qayta yaratolmaydi. U bunday qilishga uringanida ilohiy ilhom og’ushida yaratgan asarining o’xshash nusxasini chizishga erishadi, xolos. Har bir ijodkorning ijod yo’lini uning asl asarlari bezab turadi. “Osmon ko’ngli”, “Ilohiy fasl” Halima Ahmedovaning ana shunday she’rlar sirasiga kiradi.

Hayotning turfa hodisalarini shoirona tahlil etishga asoslangan “Umid soyasi”, “Afsun”, “Tiyramoh” da ham boshqa ijodkorlarning to’plamlaridagi singari ishq-muhabbat mavzusidagi she’rlar alohida o’rin tutadi. Aniqrog’i ishq-muhabbat shoiraning barcha mavzudagi she’rlari markazida turadi. U tabiatdagi o’zgarishlarga ham, kishilararo munosabatlarga ham, ishq-muhabbat mayidan mast oshiq nigohi bilan qaraydi.Shoira muhabbat tuyg’usini inson hayotining eng asosiy mohiyatini belgilovchi hodisa sifatida talqin qiladi. Buning uchun u yangicha poetik obrazlar topadi. An’anaviy poetik obrazlar ularning qarshisida ancha sodda, jo’n ko’rinib qoladi. Lekin shoira boshqalar kabi muhabbatni jo’shib madh etmaydi. Aksincha,  u haqda achchiq alam bilan, taassuf bilan so’zlaydi:

Agar gul bo’lsaydim,
Sen ishon…
Bog’ingda o’smasdim
Hech qachon.
Agar sabo bo’lsam
Yelib-yugurmasdim
Sen tomon.
Bir xarsangtosh bo’lganimda,
Yo’lingda yotmasdim begumon.
Qochar edim noming eshitib,
Hatto sahro bo’lganimda ham.
Bu senmasmi,
Senmasmi, axir,
Ko’zlarimda chaqnab yotgan g’am?
Men-ku, seni tan olmas edim,
Ayolligim pand berdi faqat
Yashamoqchi edim odamday
Nima qilib qo’yding, muhabbat?

Bu uning mavjud voqelikdan qanoatlanmasligi, xiyonat, aldov, riyoga toqat qilolmasligi, muhabbatga juda katta talablar qo’ygani, chunki barcha orzu-umidlarni u bilan bog’langanidan kelib chiqadi. Shoira ishq-muhabbatni nafaqat hayotning mohiyati deb biladi, balki undan ustun ham qo’yadi:

Senga asir bo’ldim, beqadr bo’ldim,
Oyog’imga tushgan zil g’ulsan, hayot.
Shuncha qudrat bilan, go’zallik bilan
Ishqning poyidagi bir kulsan,hayot.

Aslida ham shoira “afsungar va dilbar” deya ta’riflagan hayot o’z-o’zicha emas, balki muhabbat tufayli ma’no-mazmun kasb etadi. Bu hazin, mungli nolalar shoiraning hayotga katta talablar bilan yondashishi, kishilarning hayoti bundan-da yaxshi bo’lishini istashi, mavjud voqelikdan esa ko’ngli to’lmasligi, qanoatlanmasligidan tug’ilgani bilinib turadi. “Umid soyasi” muallifi ana shu tiyiqsiz istak izmida yuradi. Shuning uchun u boshqalar singari beparvo, hotirjam yasholmaydi. Doimo bezovta bo’ladi. O’tayotgan kunlaridan zerikadi. Hissiyotlarini jilovlashga har qancha harakat qilmasin, ular g’ov, to’siqlarni shiddat bilan bosib-yanchib o’tgan sel to’lqinlari singari oshgandan-oshib, butun vujudini qamrab oladi. Shundan shoira og’riq azobi ichida qoladi. San’at va adabiyot esa inson qalbining dard-og’riqlarini ifodalashi bilan kishilarni maftun etadi. She’riyatga ham shoir qalbidagi og’riq jon bag’ishlaydi. Istirob aks etgan she’rlarning harorati hech qachon so’nmaydi. “Tiyramoh”, “Afsun”, “Umid soyasi” to’plamlarida jamlangan she’rlarda chinakam iztirob aks etgan. Bu istirob muhabbat mavzusidagi she’rlarda, ayniqsa, yorqin ko’ringan. Shoira ushbu she’rlarida muhabbat hissi qanchalik shirin, ardoqli bo’lmasin, uning zamirida xudbinlik turishi, ayni choqda, bu hissiyot tufayli har bir kishi hayotga teranroq nazar tashlay boshlashi, ishq insonni ma’nan-ruhan ulg’aytirib, ilohiyligini anglatishini ta’kidlagan. Halima Ahmedovaning muhabbat to’g’risidagi she’rlari boshqa ijodkorlarning ayni shu mavzudagi she’rlaridan tamoman farq qiladi. Ularda tiyiqsiz junun, isyon ko’rinadi. Shoiraning boshqa mavzudagi she’rlari hazin, mahzun nolalarga asoslansa, muhabbat haqidagi she’rlari achchiq alamdan iborat. Bu she’rlarda sevgiga qonmagan, ishqqa ishtiyoq bilan talpingan ko’ngil g’alayonlari ifodalanadi.

Ijodkorning ichki olami, ma’naviy qiyofasi uning she’rlaridagi so’zlarda ko’rinadi. Ijodkorni uning so’zlari tanitadi. “Afsun”, “Tiyramoh”, “Umid soyasi” to’plamlaridagi she’rlarda ham bu yaqqol seziladi. Ularda o’zak so’zlar alohida ajralib turadi. Bu tayanch so’zlarda shoiraning mahzunligi, dilidagi achchiq alam, iztiroblari aks etadi. Ular siniq, dardli ohanggi bilan ko’ngilga kirib boradi. Shoira tuyg’ulari g’alayonini she’rdagi o’zak so’zlarga yuklaydi va ularga alohida urg’u beradi. Ayni so’zlar beixtiyor hissiyotlarni junbushga keltiradi. Ularni o’qiyotganda ichki ovoz o’z-o’zidan ko’tarilib ketadi. Tayanch so’zlar bir-biri bilan uzviy bog’lanib, she’rdagi ma’noni kuchaytiradi. Ayni choqda, unga joziba, betakror badiiylik baxsh etadi. “Qayg’ular do’st, azoblar mahram”, degan dardkash shoiraning dil daftarini ochadigan mazkur she’rlar kishida bir olam taassurot uyg’otadi. Bunday hazin, mungli, ayni choqda, isyonga qorishiq bu she’rlar ta’sirida tug’ilgan taassurotlar ko’ngilga singib, kishini ruhiyatining kengliklariga olib chiqadi.

Ayrim ijodkorlarning she’rlarini o’qiganda kishi o’zini allaqanday labirint ichiga tushib qolganday sezadi. Ularda nima to’g’risida so’z yuritilayotgani, nima deyilmoqchiligini bilib bo’lmaydi. Bu xildagi she’rlar xuddi avangard rassomlar chizgan almoyi-ajmoyi qurama shakllardan iborat suratlar singari tezda hafsalani pir qiladi. Ayni asarlar, qaysi janrda bo’lmasin, ma’nosining mavhumligi, tushunarsizligi tufayli kishini g’ashlantiradi. “Tiyramoh”, “Afsun”, “Umid soyasi” to’plamlaridagi ma’nosining teranligi, tashbeh, o’xshatishlarning tiniqligi, barcha satrlar bir-biri bilan uzviy bog’lanib, yaxlit ma’noni ta’sirchan ifodalashi bilan diqqatni tortadi. Ularda shoira asosiy qahramon sifatida ko’rinadi va o’zining salmoqdor fikri bilan she’rxonni mamnun qiladi. Chunki u hayotning har bir hodisasidan hikmat topadi. Shoiraning hayot haqidagi, muhabbat to’g’risidagi yoki boshqa mavzudagi she’rlarida fikr aniq, ravon ifodalanib, bayon qilingan mulohazalardan salmoqli xulosa chiqariladi. Bunday teran xulosaga kelish uchun nimalardir e’tirof etilib, nimalardir inkor qilinadi.Shoira inson hayotining mazmun-mundarijasini belgilovchi ezgulik va yovuzlik o’rtasidagi kurashni shu tarzda ifodalaydi. Shoira “G’animlardan shikoyatim yo’q”, der ekan, “Men o’zimga-o’zim eng katta raqib, Sen meni o’zimdan asragin, xudo”, deya iltijo  qiladi. U o’zini bu tarzda ayovsiz tahlil etish orqali har bir inson, neki istasa, o’zidan axtarsin. Chunki baxt ham, baxtsizlik ham insonning o’zida. Baxt birov beradigan, boshqalar in’om etadigan narsa emas. Baxtga moddiy boylik bilan erishib bo’lmaydi. Negaki, u odamzot aqli o’ylab topgan metr, kilometr, gramm, untsiya, tonna, kub kabi mezonlar bilan o’lchanmaydi. Baxt –ko’ngil halovati. Ko’ngilda halovat bo’lmasa, hisobsiz molu davlat, har qanday mansab-martaba, shon-shuhrat hech narsaga arzimaydi. Hayotdagi ziddiyat, chalkashliklar, hammamizni azoblaydigan qayg’u, alam, nafrat kabilar shaxsiy manfaatimizni o’ylab, boshqalarni toptashimiz – ko’ngil uyimizni xarob etishimizdan tug’iladi. Aslida, hech kim ataylab xato qilmaydi. Hamma hayotda bilib-bilmay xatolarga yo’l qo’yadi. Chunki har bir kishi anglab bo’lmas hissiyotlari ta’sirida yashaydi. Odamga aqlidan ko’ra his-tuyg’ulari ko’proq ta’sir ko’rsatadi. Kishini ko’pincha aqli emas, hissiyotlari boshqaradi.O’zining kechinmalari, his tuyg’ularini idrok etgan kishi boshqalarning ham ko’nglini tushunadi. O’zining xolini anglamagan o’zganing ahvolini his qilmaydi. Barcha muammo ana shunday kelib chiqadi. Kishining o’z xatolarini anglashi uning ezgulik, go’zallikni his qilishidan dalolat beradi. Har bir odam ezgulik va go’zallikni hissiyotlari vositasida idrok etadi. Halima Ahmedovaning she’rlarida teran tafakkurga xos mushohada go’zallikka ofushta hissiyot bilan uyg’unlashib ketadi. U: “Har giyohga, har bitta gulga Go’zal tushday boqayin yayrab”, deya iltijo qiladi. Daraxtlarga, osmon va yulduzlarga murojaat etadi. Koinotga hukmini o’tkazgan tun va tong sukunatida mislsiz sir-sinoat mavjudligini idrok qiladi. Shuning uchun ham:

Oyning gardishini keltiradi tun,
To’ldirib quy deydi, mana, paymona.
Men tunni ichaman, tun esa meni,
Sog’inchdan ikkimiz mastu devona.
Yiroqlashib borar nedir ko’ngildan,
Daraxtday tebranar tunning qarog’i.
Qismat shamolida chirsillab sinar
Baxtimning sinmay qolgan chirog’i, –

deydi. U: “Yashil sanobarlar kuylagan kecha” ni ko’radi. O’ziga o’zini raqib deb bilgan shoira bu kechada o’zidan o’zini xalos qiladi. Shunda u: “Yomg’ir ichayotgan oshiq dunyoni”, “Osmonning yurakka yaqin joyida yig’lab-yig’lab uxlab qolgan oy”ni ko’rishga muyassar bo’ladi. Boshqalar his qilmaydigan, payqamaydigan bu kabi sirli-sehrli hodisalarga guvoh bo’lganidan:

Men o’zimda emasman
Nurdaman, Zulmatdaman,–

deydi. Aslida ham hamma nur va zulmat oralig’ida yashaydi. Lekin bu haqiqatni juda kam kishi payqaydi. Aksariyat odamlar, haqiqiy holini his qilmaganidan takabburlikka beriladi, o’zini osmonning ustuni sanaydi. Ular shuning uchun ham hayotning asl ma’nosi nima ekanligi to’g’risida tuzukroq mushohada yurita olmaydi. “Afsun” muallifi esa:

Hayot – sirli bog’ning sollanishidir,
Kurtaklar tug’ilib, o’lar xazonlar.
Mening ilk ustozim, so’nggi ustozim –
Ko’nglimni istilo etgan armonlar,–

deydi. Bu uning hayotga maftun bo’lib qarashidan uni istirob bilan suyishidan dalolat beradi. Uning hayotga bergan ta’riflari shu boisdan g’am tiniq, ta’sirchan bo’lib, kishini chuqur o’yga toldiradi.

084

(Tashriflar: umumiy 1 190, bugungi 1)

Izoh qoldiring