Umid Bekmuhammad. Xiva xonligi tarixidan lavhalar

021

   “Қарғишга қолмайин десанг, уйимни бузма”, дея дадил гапирди хонга бева аёл.Бу гапдан сўнг хон бева аёл озор кўрмасин, қарғишга қолмайин, деб унинг уйини буздирмади.Шу тариқа қаъла девори айнан шу жойдан ўз йўналишини ўзгартириб давом этган…

001
Умид Бекмуҳаммад
ХИВА ХОНЛИГИ ТАРИХИДАН ЛАВҲАЛАР
013

ОЛТИННИ ОЛМАГАН ХОН
016

023“Қарғишга қолмайин десанг, уйимни бузма”, дея дадил гапирди хонга бева аёл.Бу гапдан сўнг хон бева аёл озор кўрмасин, қарғишга қолмайин, деб унинг уйини буздирмади.Шу тариқа қаъла девори айнан шу жойдан ўз йўналишини ўзгартириб давом этган…

Қаъла деворини қурдирган ўша хон Оллоқулихон эди. У Хива тахтига ўтирган ҳукмдорларнинг қирқ тўққизинчиси бўлиб, қўнғиротлар сулоласига мансуб отаси Муҳаммад Раҳимхоннинг вафотидан сўнг 1825 йилда бошига тож, бармоғига салтанат узугини таққан.Ўшанда Оллоқулихон энди ўттиз ёшга тўлган эди.

Бу пайтларда сарой ўйинлари тез-тез бўлиб турадиган одатий ҳол саналган.Шу боис Оллоқулихон атрофига ўзидек инсофу диёнатли кишиларни тўплади. Унинг халқ ўртасида инсофли ҳукмдор, дея довруқ таралишига сабаб, 1831 йили хивалик савдогар Саид Ниёз Шоликорбойга насиб этган бир қор олтинни хонлик хазинасига қўшмаганида эди. Ўшанда Саид Ниёз Оренбургдан қирқ қоп маҳсулот олиб қайтиб, ичидан чиққан бир қоп олтинни нима қиларини билмай қолди.Сўнг охиратим куймасин, дея Оллоқулихоннинг ҳузурига борганди.

—Бу олтинлар қандай йўл билан топилгани номаълум.Шу боис бир қоп олтинни деб хонлик хазинасини булғамайлик,—деди хон бойга.Кейин масжид, минора солишни маслаҳат берди.
Ўзи ҳам аъёнларининг маслаҳатига кўра, Эрон ва Бухоро билан кечадиган низоли воқеаларга чек қўйди.Ҳатто, урушда асирга олинган хуросонлик форсийларга Оқдарбанд қишлоғини ажратиб бериб, уларга деҳқончилик билан шуғулланиб, ҳарбий хизмат қилишлари учун шароит яратиб берди. Айни пайтда Хоразмда янги этник улус—форсийларни кўпайтирди.

Чор империяси билан тўхтаб қолган дипломатик алоқаларни йўлга қўйди.Кўп йиллардан бери Хивада сақланаётган 29 нафар рус кишисини совға ва инъомлар билан озод қилиб, ватанига жўнатди.Энг ҳайратланарлиси, Оллоқулихон шарқ мусулмонларига хос нафақат араб ва форс тилларини, балки рус тилиниям ўрганиб, ёзиб гапира оладиган даражага етган эди.Русиялик савдогарлардан русча китоблар сотиб олиб ўқирди.

Ҳатто,Хоразмда,Ўрта Осиёда биринчилардан бўлиб, замондоши Пушкин шеърларини мутолаа қилган.Ваҳоланки, кейинчалик, чоризм истилосидан сўнгги қарамлик давридаям Бухоро амирлари ва Хива хонлари руслар билан тилмоч орқали муомила қилишган.

1830 йилларда, тағин диний бидъат авж олган замонларда оврўпа тилини, мутаассиблар таъбири билан айтганда, “кофирча”ни ўрганиш, китоблар ўқиш ҳам хон учун жасорат эди.Шунингдек, Федька Грушин деган рус асирини эшик оғаси лавозимига, Андрей Ивановни эса Хивада руҳонийлик қилишига, рус асирларининг тўпланиб, улуғ рўза, пасха, троица—насронийлик диний байрамларини ўтказишига рухсат берди.

Бироқ, нима бўлганида ҳам у Хоразм ҳукмдори сифатида ўз миллий манфаатларини ўйлар эди.Шу боис 1839 йилда Хивага келган Англия элчиси Аббат ва 1841 йили воҳага ташриф буюрган чор империяси элчиси Никифировларнинг ўз давлатлари манффатини кўзловчи талабларини рад этди.Савдонигина ривожлантириш учун ўз элчиларини уларга қўшиб юборди.Булардан ташқари Оллоқулихон хонликда кўплаб каналлар қаздирди, сув йўлларини тозалатдирди.Пойтахт Хивада кўплаб масжид, мадраса, хонақоҳ барпо этдирди.

Оллоқулихоннинг бошқа амалдорларга, олтинни нафсига ишлатиб, қўша-қўша уй, хотин устига хотин олаётган бойларга ибрат сифатида 99 ҳужрадан иборат икки қаватли мадраса бунёд қилдиргани ҳам маълум.Ўз халқига нисбатан раҳм-шафқатли бўлган хон Ичан қаъладан ташқарида яшаётган фуқароларни ҳимоя этиш ниятида яна бир истеҳком—Дишон қаълани барпо этдирди.Ваҳоланки, Оллоқулихон пайтида Хивага ҳужум таҳликалари бўлган эмас.У халқи, давлати манфаати ҳимоясини ўйлаб, шундай мудоффа иншоаатини бунёд этдирган эди.Мазкур қаъла деворининг узунлиги 6250 метр бўлиб, пахса деворлар лойдан олти ҳафталик муддат ичида тикланган.Эътиборни тортадиган жиҳати, Дишон қаъла жанубидаги девор пахса аввал ичкарига кириб, кейин бурилиб, яна ўз йўналишида давом этган.

Юқорида айтганимиздек, Оллоқулихон қаъла деворини тиклаётганида, бир бева аёлнинг уйи йўналишига тўғри келганди.Беванинг, халқ қарғишидан қўрққан хон деворнинг йўналишини ўзгартиради.

Оллоқулихон касаллиги туфайли, 1842 йили, ўн саккиз йиллик ҳукмдорлигидан сўнг вафот этган.Ундан етти ўғил ва хонлик даврида барпо этдирган иншоаатлар ёдгор бўлиб қолди.

БОЖМОН КУЁВ
016

— Отинг каттароқ экан, шунинг учун 25 ўрнига 30 танга тўлайсан,-деди божмон савдогар йигитга.
— Нега ахир, олдинги гал шундай, бироқ ориқроқ отга 25 танга олгандинг, дея норози бўлди йигитча.
— Мен қонунга кўра иш тутаман, бож миқдори 1 январдан ошди,-деди божмон ва айтилган пулни олди.
Ноилож қолган савдогар ичида “ халқнинг айтганича бор экан, жуда қаттиққўл бўлибсан “ўрис куёв” деб қўйди.

Хива хонлигида савдогарлар чегарадан ўтганда ёки бозорга мол келтирганда молининг қийматига қараб бож тўлаган.Қўй учун 1 танга, сигир учун 8 танга, туя учун эса 10-18 танга, отнинг зотига қараб эса 6 дан 30 тангагача бож тўлаш мажбурий бўлган.Бундан ташқари, Амударёнинг ўнг қирғоғида тўқайзор ўрмонлар бўлиб, ҳар йили бир марта иморатга ишлатиш, ҳунармандчиликда фойдаланиш учун дарахт кесишга рухсат этилган.Хорнлик бойлиги ҳисобланган тўқайзор ўрмондан ҳар бир арава дарахт кесганлик учун бир танга бож тўланган.Халқ бож олувчиларни божмон, деб атарди.

Божмонлар хонликка карвонлар орқали Афғонистон, Эрон, Англия ва Россиядан олиб келинадиган моллардан бож олишар, айни пайтда 1881 йилдан Кавказорти давлатларига мол ёғи, сариёғ,Туркияга гилам, Германия ва АҚШга жарроҳлик амаллари учун зарур қўй ичаги олиб кетаётган маҳаллий савдогарларга оқ йўло тилаб қолишарди.

Бироқ 1873 йилдан Хива хонлиги Чор Россияси мустамлакаси бўлгани боис, рус савдогарлари бождан озод этилган, аммо шунга қарамай, турли йўллар билан бошқа давлатларнинг Хоразмдаги савдосини чеклаш ҳаркатида эдилар.

Хусусан, Хива хонлигининг Англия, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан бўлаётган қизғин савдо муносабатларини чеклаш мақсадида 1894 йил 14 апрель куни Петербург шаҳрида Россия империяси молия министрлиги қошида кенгаш чақирилади.Ушбу кенгаш қарорига биноан Хива хонлиги ягона Россия божхона тизимига киритилади.Шунга кўра,1895 йил 1 январдан бошлаб, хориж ва ҳатто, Хоразм савдогарлари фақат рус бож йўли орқали юриб, товар эгалари божхона назоратчиларига бож пули тўлаб ўтадиган бўлдилар.Бож йўлидан бошқа айланма йўлдан ўтган савдогарлар контрабандистлар , деб эълон қилинди ва тутилган тақдирда мол-мулки мусодара қилинадиган бўлди.

Чунончи, 1895 йилдан бошлаб, Эрон ва Афғонистон билан чегараларни Россия ташқи ишлар министрлиги томонидан тасдиқланган ҳарбий қўриқчилар қўриқлайдиган бўлишди.Шу тарзда Россия бож йўлларини мустаҳкамлаб, чет эл товарларининг Хива хонлигига киришини чеклади ва Хоразм бозорларини ўз таъсирига олди.Ўша вақтда савдогарлар кўп кириб келадиган энг асосий йўллардан бири бўлган Амударёнинг Полвон канали билан туташган жойида янги пристан-божхона очилади.

Маҳаллий кишилардан божхона бошли0ини тайинлашга Хоразм савдогарларига ён босиш, дея ишончсизлик билан қаралди.Аммо шу ердаги ёки тўппа-тўғри Петербургдан божхона бошлиғи курсисига бир русни олиб келишга мустамлакачилар ботинолмадилар.

Бироқ бунинг ҳам йўли топилди.Асли шўрахонлик, ҳозирги тўрткўллик бўлган Саидмуродни божхона бошлиғи қилиб тайинлашди.Зеро, у Гарлина Ивановна деган рус аёлига уйланганди.Шу тахлит халқ ўртасида “Ўрисларнинг божмон куёви” , деб танилган Саидмурод божмон, хотини рус бўлгани боис 1895 йилдан яхшигина мансабни эгаллаган.
У Россия империяси божхона қонунларига кўра, кескин белгиланган нархдаги божни олар, бу эса кўпчилик назарида қаттиққўллик бўлиб туюларди.Аммо у ўзбекчилик қилимб, фақирроқ кишиларга ён босар, бева-бечораларга ёрдам қўлини чўзарди.

Саидмурод божмон кўп йиллар шу масканда ишлаб, ўлканинг энг нуфузли кишиларидан бирига айланди.У хотини Галина Ивановна билан Мария, Абдулла, Муҳаммад,Назарбой, Мадраҳим исмли фарзандларини ҳам элда обрў-эътиборли қилиб тарбиялади.

Айни пайтда ўрис хотинининг маслаҳатига қулоқ тутиб, топган пулларини хоразмча айтганда “аржа”- сандиқда эмас, кўпайтириш учун сарфлади.Петро-Александровск,Шоббоз ва Ҳазорасп кўн ва пахта тозалаш заводларига асос солди.Вақт ўтиб, 1917-20 йиллардаги долғали давр бошланди.Саидмурод божмондан эса саноатга асос солган заводчи бой ва “ўрисларнинг божмон куёви” , деган ном қолди.У 1920 йилларнинг ўрталарида Ҳазораспда вафот этди.

МИНОРАЛАР ТАРИХ ГУВОҲИ
016

Шарқ шаҳарлари, хусусан қадимий Хивадаги кўҳна обидаларни минораларсиз тасаввур этиш қийин.Хиваниг дунёга машҳур минораларини хаёлан йўқ дея тасаввур қилсагиз. Шаҳар қиёфаси нақадар ғариб ва кўримсиз бўлиб қолганини билишингиз мумкин.

Маълумки, миноралар ислом динининг юртимизга кириб келганидан кейингина қурила бошланган.Ҳар бир катта ёки кичик масжид ёнида Минора қуриб, унда сўфи беш вақт азон айтиб, мусуслмонларни намозга чорлаган.

Шарқона услубда миноралар қурилган бўлиб, нилий гумбазли обидаларни янада улуғвор, ҳашаматли кўрсатадиган меъморий ёдгорликлардан ҳисобланган.

Минора қуришда аввало мўлжалланган жой ўрни бир неча метр чуқурликда ва кенгликда қазилар, таг заминдан токи ернинг устки қатламигача катта тоғ тошлари териб чиқилар ва булар “тирноқ” деб аталиб, ҳар томондан камида 20-30 метрлар масофадан ўраб келиниб, ер устига етганда бирлаштирилганча, яхлит ҳолга келтирилган.

Шундан кейингина бир текис ғиштлардан минора қурила бошлаган.Миноранинг ҳар 30-40 сантиметрида қаттиқ ўзакли ёғоч ( кўпинча қайрағоч дарахти) дан зинапоялар қўйиларди.Бу зинапоялар минора деворини мутаҳкамлашга ҳам хизмат қилган.

Миноранинг баландлиги ошган сари баланд ёғочлардан ҳавозалар қўйилиб, тевараги одамлар кўзи тушмаслиги учун қамиш чипталар билан ўралган.Ғиштни фақат бир кишигина ўлчовларга асосланиб терган.Анъанага кўра устанинг номи албатта миноранинг бунёдкори сифатида пештоққа ёзиб қолдирилган.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, 20-аср бошларида Хивадаги ҳар бир масжид ва мадраса ёнида минора бўлиб, улар сони саксонтани ташкил қилган.Афсуски, уларнинг аксарияти вақт ўтиши билан емирилган бўлса, яна бирлари собиқ шўро мафкурасининг динга қарши кураши оқибатида йўқ қилиб юборилган.

Ҳозирда Хивада атиги 12 та минора сақланиб қолган.Миноралар турли даврларда турлича услуб ва кўринишда бунёд қилинган бўлиб, баландликлари ҳам ҳар хил.Уларнинг ким томонидан, қачон қурилгани ҳақида тарихий қўлёзмаларда аниқ сана ва маълумотлар бўлса-да, халқ оғзаки ижоди намуналарида миноралар қурилиши билан боғлиқ кўплаб ривоятлар мавжуд.

Эътиборлиси шундаки, миноралар ноёб меъморий ёдгорлик сифатида ҳанузгача кўрку латофатини кўз-кўз қилиб, қуёшнинг заррин нурларида жилоланиб турсада, кимёгар, муҳандис ва олимлар минораларга зийнатланган ғишту тош, турли ранглар таркибини тўла аниқлай олмаяптилар.Хусусан, 1908-1910 йилларда қурилган узунлиги 57 метр бўлган Исломхўжа минорасига феруза, ложувард, оқ, сариқ ва кумуш ранг сопол ғиштлар ишлатилган.Айрим олимлар, минораларга ишлатилган қоришма тупроқ хорижий давлатлардан келтирилган десалар, баъзилари ўша тупроқ бия сутига қорилган, қир ва адирларда ўсадиган дороивор ўсимликлар қайнатилиб, уларнинг сувига лой қорилган ва махсус хумбозларда уч ой пишитилган, дея тахмин қиладилар.

Қисқаси, миноралар қурилган даврдан ҳозирги кунгача тарихнинг тилсиз гувоҳлари бўлиб, пардоздан чиққан санъат асаридай ўтмиш аждодларимиз маҳоратини оламга намойиш этаётган ноёб меъморий оибидалар шаҳарнинг кўрку тароватидир, десак хато қилмаган бўламиз

ЎТМИШДАГИ РАИСЛАР
016

Ҳозирги даврда акциядорлик жамиятлари, турли жамоат ташкилотлари, фуқаролар йиғини раҳбарларини, расмий ҳужжатларда , раислар деб аташади. Хўш, ўтмиш замонларда ҳам раис вазифаси бўлганми?…

Хива хонлари архив ҳужжатларига кўра, хонликда раис вазифаси бўлиб, бу лавозимга мадрасада таълим олган, шариат қоидаларига тўла амал қилувчи, ҳақиқатпарвар кишилар хоннинг махсус буйруғига кўра тайинланган.

Раиснинг вазифаси шариат қонун-қоидалари, расм-русумлари ижросини назорат қилиб бориш бўлган. Шунингдек, улар болаларнинг ўз вақтида мактабга қатнаши ва бозорда савдогарлар харидорларни алдамаслиги учун тошу тарозини текшириб борганлар. Халқ томонидан раислар жуда ҳурмат қилинган. Зеро, раис дин ва ахлоқ назоратчиси сифатида аҳоли учун энг эътиборли киши саналарди. Шаҳар ва қишлоқларда тозалик ва хавфсизликни таъминлаганликлари, бозорда тарозини текшириб борганликлари сабабли, халқ раис сиймосида адолатли инсонни кўрган.

Раис хон томонидан махсус фармонга кўра тасдиқланса-да, халқ адолат рамзи, деб билган раислардан баъзида хонлар ҳам ҳайиқишган.

1854-1864 йилларда Хива хонлигида асирликда сақланган Эрон генерали исмоил Мирпанжий хотираларига кўра, “ўша вақтдаги номаъқул одатлардан бири—оддий фуқаролардан тортиб хонларгача нос ёки чилим чекканлар. Раислар агар бировнинг қўлида, у ҳоҳ қозикалон бўлсин, ҳоҳ бошқа амалдорлар бўлсин, чилим кўриб қолса, “ уни чекиш бидъатдир ва бу ўз молини ёқишдир”, деб танбеҳ беради. Раис чақирилмаган жойга бормайди. Агар изнсиз бировнинг уйига борадиган бўлса, ўша ерда чилимни кўрса, унинг таъзирини беради. Агар раис бирор вақт иш билан хон мажлисига бориб қолса ёки хоннинг ўзи уни чақиртирса, ушбу мажлисда чилим келтириш ман этилади.Хон унинг олдида чилим чекишга журъат этолмас экан, бошқаларга йўл бўлсин”.

Яъни, раҳбар бошқарув йиғини, кенгашу мажлислар ва жамоат жойларида чилим ёки нос чекишни таъқиқлаш ҳақидаги қарорига биринчи бўлиб ўзи амал қилган.
Умуман, ўтмишдаги раислар ва уларнинг қилган ишларидан бугунги раис бувалар ибрат олса, арзийди.Зеро, тарих сабоқдир.

НОБЕЛНИНГ УРГАНЧДАГИ САВДО УЙИ
016

Анҳор яқинидаги айвоннинг ярми пишган ғиштдан қурилган, иккинчи қавати эса тахтадан кўтарилган овропача услубдаги бу масканда савдо қизғин бўларди.Ташқарига қўйилган идишни маҳаллий халқ “керосин баклари”, “Нобель баки” дея атарди.

Маълумки, чоризм томонидан забт этилган Туркистонда 19 асрнинг 80-йиллари ва ХХ асрнинг бошларида русиялик ишбилармонларнинг савдо-саноат корхоналари барпо этила бошладики, бу ўша давр учун янгилик эди.Россия ишбилармонлари Туркистонга ўз капиталини киритиб, қисқа фурсатда савдодаги пул айланмасини кўпайтира бошлашди.Чунки ўлка аҳолисида “ ўрис маҳсулотлари”га эҳтиёж катта эди.Бу эҳтиёжни қондиришга уринганлар орасида эса “Ака-ука Нобеллар” ширкати ҳам бор эди.

Тарихдан аёнки, 1842 йили Жанубий швециялик меъмор Эмммануэль Нобель (1801-1872) оиласи билан Петербургга кўчиб келганди.1859 йили бўлса яна ватанига қайтиб кетишади.Ўғиллари эса отасининг сармояси ҳисобига Перм ва Петербургда қурол-аслаҳа заводи қуришади.

Нобелларнинг кенжатойи ва машҳури Албфред отасининг сармояси ва ўз ихтироларидан келган пулларга дунёнинг 20 давлатида 95 та ширкат барпо этдиради.

Чор Империясида қолган Роберт ва Людвиглар “ака-ука Нобеллар” номли кўп тармоқли ширкатга асос солишади.Улар томонидан дастлаб 1874 йили Бокуда нефтни қайта ишлаш заводи барпо этилиб, керосин ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.

Шунингдек, Туркистондаги нефтб конларини излаб топиш, ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш бўйича Ашхобод,Фарғона ва Тошкентда заводлар очилади.Аста-секин Красноводск, Чоржўй ,Когон,Қўқон, Марғилон,Андижон ва Самарқанд каби темир йўл етиб борган шаҳарларда ҳам Нобеллар томонидан нефть резеруарлари ташкил этилади.

ХХ асрнинг 15-йилларигача Марғилон,Чимёндаги Нобелларнинг заводида қайта ишланган нефтдан керосин олиниб, улардан Тошкентнинг Янги шаҳар қисмидаги кўчаларида фонуслар ёқиларди.

Худди шу каби ХХ аср бошларида Янги Урганч замонавий Европа шаҳри тусини ола бошлади.Бу ерда кўплаб Русиялик ишбилармонларники каби, Нобелларнинг ҳам савдо уйи ва дўкони очилади.Дўконда энг эҳтиёжбоп Европа ва Русия моллари мавжуд бўлиб,энг харидоргир буюм хон амалдорлари ва бойлар уйларида урф бўла бошлаган фонусларни ёқиш учун ишлатиладиган керосин эди.

Шунингдек, дўконда турли чит, ипак маҳсулотлари,”Зингер” русумли тикув машинаси, темир ва мисдан ясалган идиш-товоқ, қошиқ, чўмичлар, темирдан бўлган меҳнат қуроллари, аёллар тақинчоқлари, темир каравотлар, гарммафон ҳамда пластинкалар, тиббий дори-дармонлар ҳам тез сотилиб кетарди.

Хуллас, “Ака-ука Нобеллар” ширкати 1917 йилгача бўлган 30-40 йил ичида ўлкага урф бўла бошлаган савдо-саноат маҳсулотларини олиб келиб, халққа тараққиёт маҳсулотларини жорий этди.

02

001
Umid Bekmuhammad
XIVA XONLIGI TARIXIDAN LAVHALAR
013

OLTINNI OLMAGAN XON
016

034“Qarg’ishga qolmayin desang, uyimni buzma”, deya dadil gapirdi xonga beva ayol.Bu gapdan so’ng xon beva ayol ozor ko’rmasin, qarg’ishga qolmayin, deb uning uyini buzdirmadi.Shu tariqa qa’la devori aynan shu joydan o’z yo’nalishini o’zgartirib davom etgan…

Qa’la devorini qurdirgan o’sha xon Olloqulixon edi. U Xiva taxtiga o’tirgan hukmdorlarning qirq to’qqizinchisi bo’lib, qo’ng’irotlar sulolasiga mansub otasi Muhammad Rahimxonning vafotidan so’ng 1825 yilda boshiga toj, barmog’iga saltanat uzugini taqqan.O’shanda Olloqulixon endi o’ttiz yoshga to’lgan edi.

Bu paytlarda saroy o’yinlari tez-tez bo’lib turadigan odatiy hol sanalgan.Shu bois Olloqulixon atrofiga o’zidek insofu diyonatli kishilarni to’pladi. Uning xalq o’rtasida insofli hukmdor, deya dovruq taralishiga sabab, 1831 yili xivalik savdogar Said Niyoz Sholikorboyga nasib etgan bir qor oltinni xonlik xazinasiga qo’shmaganida edi. O’shanda Said Niyoz Orenburgdan qirq qop mahsulot olib qaytib, ichidan chiqqan bir qop oltinni nima qilarini bilmay qoldi.So’ng oxiratim kuymasin, deya Olloqulixonning huzuriga borgandi.

—Bu oltinlar qanday yo’l bilan topilgani noma’lum.Shu bois bir qop oltinni deb xonlik xazinasini bulg’amaylik,—dedi xon boyga.Keyin masjid, minora solishni maslahat berdi.  O’zi ham a’yonlarining maslahatiga ko’ra, Eron va Buxoro bilan kechadigan nizoli voqealarga chek qo’ydi.Hatto, urushda asirga olingan xurosonlik forsiylarga Oqdarband qishlog’ini ajratib berib, ularga dehqonchilik bilan shug’ullanib, harbiy xizmat qilishlari uchun sharoit yaratib berdi. Ayni paytda Xorazmda yangi etnik ulus—forsiylarni ko’paytirdi.

Chor imperiyasi bilan to’xtab qolgan diplomatik aloqalarni yo’lga qo’ydi.Ko’p yillardan beri Xivada saqlanayotgan 29 nafar rus kishisini sovg’a va in’omlar bilan ozod qilib, vataniga jo’natdi.Eng hayratlanarlisi, Olloqulixon sharq musulmonlariga xos nafaqat arab va fors tillarini, balki rus tiliniyam o’rganib, yozib gapira oladigan darajaga yetgan edi.Rusiyalik savdogarlardan ruscha kitoblar sotib olib o’qirdi.

Hatto,Xorazmda,O’rta Osiyoda birinchilardan bo’lib, zamondoshi Pushkin she’rlarini mutolaa qilgan.Vaholanki, keyinchalik, chorizm istilosidan so’nggi qaramlik davridayam Buxoro amirlari va Xiva xonlari ruslar bilan tilmoch orqali muomila qilishgan.

1830 yillarda, tag’in diniy bid’at avj olgan zamonlarda ovro’pa tilini, mutaassiblar ta’biri bilan aytganda, “kofircha”ni o’rganish, kitoblar o’qish ham xon uchun jasorat edi.Shuningdek, Fed`ka Grushin degan rus asirini eshik og’asi lavozimiga, Andrey Ivanovni esa Xivada ruhoniylik qilishiga, rus asirlarining to’planib, ulug’ ro’za, pasxa, troitsa—nasroniylik diniy bayramlarini o’tkazishiga ruxsat berdi.

Biroq, nima bo’lganida ham u Xorazm hukmdori sifatida o’z milliy manfaatlarini o’ylar edi.Shu bois 1839 yilda Xivaga kelgan Angliya elchisi Abbat va 1841 yili vohaga tashrif buyurgan chor imperiyasi elchisi Nikifirovlarning o’z davlatlari manffatini ko’zlovchi talablarini rad etdi. Savdonigina rivojlantirish uchun o’z elchilarini ularga qo’shib yubordi.Bulardan tashqari Olloqulixon xonlikda ko’plab kanallar qazdirdi, suv yo’llarini tozalatdirdi.Poytaxt Xivada ko’plab masjid, madrasa, xonaqoh barpo etdirdi.

Olloqulixonning boshqa amaldorlarga, oltinni nafsiga ishlatib, qo’sha-qo’sha uy, xotin ustiga xotin olayotgan boylarga ibrat sifatida 99 hujradan iborat ikki qavatli madrasa bunyod qildirgani ham ma’lum.O’z xalqiga nisbatan rahm-shafqatli bo’lgan xon Ichan qa’ladan tashqarida yashayotgan fuqarolarni himoya etish niyatida yana bir istehkom—Dishon qa’lani barpo etdirdi.Vaholanki, Olloqulixon paytida Xivaga hujum tahlikalari bo’lgan emas.U xalqi, davlati manfaati himoyasini o’ylab, shunday mudoffa inshoaatini bunyod etdirgan edi.Mazkur qa’la devorining uzunligi 6250 metr bo’lib, paxsa devorlar loydan olti haftalik muddat ichida tiklangan.E’tiborni tortadigan jihati, Dishon qa’la janubidagi devor paxsa avval ichkariga kirib, keyin burilib, yana o’z yo’nalishida davom etgan.

Yuqorida aytganimizdek, Olloqulixon qa’la devorini tiklayotganida, bir beva ayolning uyi yo’nalishiga to’g’ri kelgandi.Bevaning, xalq qarg’ishidan qo’rqqan xon devorning yo’nalishini o’zgartiradi.

Olloqulixon kasalligi tufayli, 1842 yili, o’n sakkiz yillik hukmdorligidan so’ng vafot etgan.Undan yetti o’g’il va xonlik davrida barpo etdirgan inshoaatlar yodgor bo’lib qoldi.

BOJMON KUYOV
016

— Oting kattaroq ekan, shuning uchun 25 o’rniga 30 tanga to’laysan,-dedi bojmon savdogar yigitga.
— Nega axir, oldingi gal shunday, biroq oriqroq otga 25 tanga olganding, deya norozi bo’ldi yigitcha.
— Men qonunga ko’ra ish tutaman, boj miqdori 1 yanvardan oshdi,-dedi bojmon va aytilgan pulni oldi.
Noiloj qolgan savdogar ichida “ xalqning aytganicha bor ekan, juda qattiqqo’l bo’libsan “o’ris kuyov” deb qo’ydi.

Xiva xonligida savdogarlar chegaradan o’tganda yoki bozorga mol keltirganda molining qiymatiga qarab boj to’lagan.Qo’y uchun 1 tanga, sigir uchun 8 tanga, tuya uchun esa 10-18 tanga, otning zotiga qarab esa 6 dan 30 tangagacha boj to’lash majburiy bo’lgan.Bundan tashqari, Amudaryoning o’ng qirg’og’ida to’qayzor o’rmonlar bo’lib, har yili bir marta imoratga ishlatish, hunarmandchilikda foydalanish uchun daraxt kesishga ruxsat etilgan.Xornlik boyligi hisoblangan to’qayzor o’rmondan har bir arava daraxt kesganlik uchun bir tanga boj to’langan.Xalq boj oluvchilarni bojmon, deb atardi.

Bojmonlar xonlikka karvonlar orqali Afg’oniston, Eron, Angliya va Rossiyadan olib kelinadigan mollardan boj olishar, ayni paytda 1881 yildan Kavkazorti davlatlariga mol yog’i, sariyog’,Turkiyaga gilam, Germaniya va AQShga jarrohlik amallari uchun zarur qo’y ichagi olib ketayotgan mahalliy savdogarlarga oq yo’lo tilab qolishardi.

Biroq 1873 yildan Xiva xonligi Chor Rossiyasi mustamlakasi bo’lgani bois, rus savdogarlari bojdan ozod etilgan, ammo shunga qaramay, turli yo’llar bilan boshqa davlatlarning Xorazmdagi savdosini cheklash harkatida edilar.

Xususan, Xiva xonligining Angliya, Hindiston, Eron va Afg’oniston bilan bo’layotgan qizg’in savdo munosabatlarini cheklash maqsadida 1894 yil 14 aprel` kuni Peterburg shahrida Rossiya imperiyasi moliya ministrligi qoshida kengash chaqiriladi.Ushbu kengash qaroriga binoan Xiva xonligi yagona Rossiya bojxona tizimiga kiritiladi.Shunga ko’ra,1895 yil 1 yanvardan boshlab, xorij va hatto, Xorazm savdogarlari faqat rus boj yo’li orqali yurib, tovar egalari bojxona nazoratchilariga boj puli to’lab o’tadigan bo’ldilar.Boj yo’lidan boshqa aylanma yo’ldan o’tgan savdogarlar kontrabandistlar , deb e’lon qilindi va tutilgan taqdirda mol-mulki musodara qilinadigan bo’ldi.

Chunonchi, 1895 yildan boshlab, Eron va Afg’oniston bilan chegaralarni Rossiya tashqi ishlar ministrligi tomonidan tasdiqlangan harbiy qo’riqchilar qo’riqlaydigan bo’lishdi.Shu tarzda Rossiya boj yo’llarini mustahkamlab, chet el tovarlarining Xiva xonligiga kirishini chekladi va Xorazm bozorlarini o’z ta’siriga oldi.O’sha vaqtda savdogarlar ko’p kirib keladigan eng asosiy yo’llardan biri bo’lgan Amudaryoning Polvon kanali bilan tutashgan joyida yangi pristan-bojxona ochiladi.

Mahalliy kishilardan bojxona boshli0ini tayinlashga Xorazm savdogarlariga yon bosish, deya ishonchsizlik bilan qaraldi.Ammo shu yerdagi yoki to’ppa-to’g’ri Peterburgdan bojxona boshlig’i kursisiga bir rusni olib kelishga mustamlakachilar botinolmadilar.

Biroq buning ham yo’li topildi.Asli sho’raxonlik, hozirgi to’rtko’llik bo’lgan Saidmurodni bojxona boshlig’i qilib tayinlashdi.Zero, u Garlina Ivanovna degan rus ayoliga uylangandi.Shu taxlit xalq o’rtasida “O’rislarning bojmon kuyovi” , deb tanilgan Saidmurod bojmon, xotini rus bo’lgani bois 1895 yildan yaxshigina mansabni egallagan.  U Rossiya imperiyasi bojxona qonunlariga ko’ra, keskin belgilangan narxdagi bojni olar, bu esa ko’pchilik nazarida qattiqqo’llik bo’lib tuyulardi.Ammo u o’zbekchilik qilimb, faqirroq kishilarga yon bosar, beva-bechoralarga yordam qo’lini cho’zardi.

Saidmurod bojmon ko’p yillar shu maskanda ishlab, o’lkaning eng nufuzli kishilaridan biriga aylandi.U xotini Galina Ivanovna bilan Mariya, Abdulla, Muhammad,Nazarboy, Madrahim ismli farzandlarini ham elda obro’-e’tiborli qilib tarbiyaladi.

Ayni paytda o’ris xotinining maslahatiga quloq tutib, topgan pullarini xorazmcha aytganda “arja”- sandiqda emas, ko’paytirish uchun sarfladi.Petro-Aleksandrovsk,Shobboz va Hazorasp ko’n va paxta tozalash zavodlariga asos soldi.Vaqt o’tib, 1917-20 yillardagi dolg’ali davr boshlandi.Saidmurod bojmondan esa sanoatga asos solgan zavodchi boy va “o’rislarning bojmon kuyovi” , degan nom qoldi.U 1920 yillarning o’rtalarida Hazoraspda vafot etdi.

MINORALAR TARIX GUVOHI
016

Sharq shaharlari, xususan qadimiy Xivadagi ko’hna obidalarni minoralarsiz tasavvur etish qiyin.Xivanig dunyoga mashhur minoralarini xayolan yo’q deya tasavvur qilsagiz. Shahar qiyofasi naqadar g’arib va ko’rimsiz bo’lib qolganini bilishingiz mumkin.

Ma’lumki, minoralar islom dinining yurtimizga kirib kelganidan keyingina qurila boshlangan.Har  bir katta yoki kichik masjid yonida Minora qurib, unda so’fi besh vaqt azon aytib, mususlmonlarni namozga chorlagan.

Sharqona uslubda minoralar qurilgan bo’lib, niliy gumbazli obidalarni yanada ulug’vor, hashamatli ko’rsatadigan me’moriy yodgorliklardan hisoblangan.

Minora qurishda avvalo mo’ljallangan joy o’rni bir necha metr chuqurlikda va kenglikda qazilar, tag zamindan toki yerning ustki qatlamigacha katta tog’ toshlari terib chiqilar va bular “tirnoq” deb atalib, har tomondan kamida 20-30 metrlar masofadan o’rab kelinib, yer ustiga yetganda birlashtirilgancha, yaxlit holga keltirilgan.

Shundan keyingina bir tekis g’ishtlardan minora qurila boshlagan.Minoraning har 30-40 santimetrida qattiq o’zakli yog’och ( ko’pincha qayrag’och daraxti) dan zinapoyalar qo’yilardi.Bu zinapoyalar minora devorini mutahkamlashga ham xizmat qilgan.

Minoraning balandligi oshgan sari baland yog’ochlardan havozalar qo’yilib, tevaragi odamlar ko’zi tushmasligi uchun qamish chiptalar bilan o’ralgan.G’ishtni faqat bir kishigina o’lchovlarga asoslanib tergan.An’anaga ko’ra ustaning nomi albatta minoraning bunyodkori sifatida peshtoqqa yozib qoldirilgan.

Tarixiy manbalarda qayd etilishicha, 20-asr boshlarida Xivadagi har bir masjid va madrasa yonida minora bo’lib, ular soni saksontani tashkil qilgan.Afsuski, ularning aksariyati vaqt o’tishi bilan yemirilgan bo’lsa, yana birlari sobiq sho’ro mafkurasining dinga qarshi kurashi oqibatida yo’q qilib yuborilgan.

Hozirda Xivada atigi 12 ta minora saqlanib qolgan.Minoralar turli davrlarda turlicha uslub va ko’rinishda bunyod qilingan bo’lib, balandliklari ham har xil.Ularning kim tomonidan, qachon qurilgani haqida tarixiy qo’lyozmalarda aniq sana va ma’lumotlar bo’lsa-da, xalq og’zaki ijodi namunalarida minoralar qurilishi bilan bog’liq ko’plab rivoyatlar mavjud.

E’tiborlisi shundaki, minoralar noyob me’moriy yodgorlik sifatida hanuzgacha ko’rku latofatini ko’z-ko’z qilib, quyoshning zarrin nurlarida jilolanib tursada, kimyogar, muhandis va olimlar minoralarga ziynatlangan g’ishtu tosh, turli ranglar tarkibini to’la aniqlay olmayaptilar.Xususan, 1908-1910 yillarda qurilgan uzunligi 57 metr bo’lgan Islomxo’ja minorasiga feruza, lojuvard, oq, sariq va kumush rang sopol g’ishtlar ishlatilgan.Ayrim olimlar, minoralarga ishlatilgan qorishma tuproq xorijiy davlatlardan keltirilgan desalar, ba’zilari o’sha tuproq biya sutiga qorilgan, qir va adirlarda o’sadigan doroivor o’simliklar qaynatilib, ularning suviga loy qorilgan va maxsus xumbozlarda uch oy pishitilgan, deya taxmin qiladilar.

Qisqasi, minoralar qurilgan davrdan hozirgi kungacha tarixning tilsiz guvohlari bo’lib, pardozdan chiqqan san’at asariday o’tmish ajdodlarimiz mahoratini olamga namoyish etayotgan noyob me’moriy oibidalar shaharning ko’rku tarovatidir, desak xato qilmagan bo’lamiz

O’TMISHDAGI RAISLAR
016

Hozirgi davrda aktsiyadorlik jamiyatlari, turli jamoat tashkilotlari, fuqarolar yig’ini rahbarlarini, rasmiy hujjatlarda , raislar deb atashadi. Xo’sh, o’tmish zamonlarda ham rais vazifasi bo’lganmi?…

Xiva xonlari arxiv hujjatlariga ko’ra, xonlikda rais vazifasi bo’lib, bu lavozimga madrasada ta’lim olgan, shariat qoidalariga to’la amal qiluvchi, haqiqatparvar kishilar xonning maxsus buyrug’iga ko’ra tayinlangan.

Raisning vazifasi shariat qonun-qoidalari, rasm-rusumlari ijrosini nazorat qilib borish bo’lgan. Shuningdek, ular bolalarning o’z vaqtida maktabga qatnashi va bozorda savdogarlar xaridorlarni aldamasligi uchun toshu tarozini tekshirib borganlar. Xalq tomonidan raislar juda hurmat qilingan. Zero, rais din va axloq nazoratchisi sifatida aholi uchun eng e’tiborli kishi sanalardi. Shahar va qishloqlarda tozalik va xavfsizlikni ta’minlaganliklari, bozorda tarozini tekshirib borganliklari sababli, xalq rais siymosida adolatli insonni ko’rgan.

Rais xon tomonidan maxsus farmonga ko’ra tasdiqlansa-da, xalq adolat ramzi, deb bilgan raislardan ba’zida xonlar ham hayiqishgan.

1854-1864 yillarda Xiva xonligida asirlikda saqlangan Eron generali ismoil Mirpanjiy xotiralariga ko’ra, “o’sha vaqtdagi noma’qul odatlardan biri—oddiy fuqarolardan tortib xonlargacha nos yoki chilim chekkanlar. Raislar agar birovning qo’lida, u hoh qozikalon bo’lsin, hoh boshqa amaldorlar bo’lsin, chilim ko’rib qolsa, “ uni chekish bid’atdir va bu o’z molini yoqishdir”, deb tanbeh beradi. Rais chaqirilmagan joyga bormaydi. Agar iznsiz birovning uyiga boradigan bo’lsa, o’sha yerda chilimni ko’rsa, uning ta’zirini beradi. Agar rais biror vaqt ish bilan xon majlisiga borib qolsa yoki xonning o’zi uni chaqirtirsa, ushbu majlisda chilim keltirish man etiladi.Xon uning oldida chilim chekishga jur’at etolmas ekan, boshqalarga yo’l bo’lsin”.

Ya’ni, rahbar boshqaruv yig’ini, kengashu majlislar va jamoat joylarida chilim yoki nos chekishni ta’qiqlash haqidagi qaroriga birinchi bo’lib o’zi amal qilgan.
Umuman, o’tmishdagi raislar va ularning qilgan ishlaridan bugungi rais buvalar ibrat olsa, arziydi.Zero, tarix saboqdir.

NOBELNING URGANCHDAGI SAVDO UYI
016

Anhor yaqinidagi ayvonning yarmi pishgan g’ishtdan qurilgan, ikkinchi qavati esa taxtadan ko’tarilgan ovropacha uslubdagi bu maskanda savdo qizg’in bo’lardi.Tashqariga qo’yilgan idishni mahalliy xalq “kerosin baklari”, “Nobel` baki” deya atardi.

Ma’lumki, chorizm tomonidan zabt etilgan Turkistonda 19 asrning 80-yillari va XX asrning boshlarida rusiyalik ishbilarmonlarning savdo-sanoat korxonalari barpo etila boshladiki, bu o’sha davr uchun yangilik edi.Rossiya ishbilarmonlari Turkistonga o’z kapitalini kiritib, qisqa fursatda savdodagi pul aylanmasini ko’paytira boshlashdi.Chunki o’lka aholisida “ o’ris mahsulotlari”ga ehtiyoj katta edi.Bu ehtiyojni qondirishga uringanlar orasida esa “Aka-uka Nobellar” shirkati ham bor edi.

Tarixdan ayonki, 1842 yili Janubiy shvetsiyalik me’mor Emmmanuel` Nobel` (1801-1872) oilasi bilan Peterburgga ko’chib kelgandi.1859 yili bo’lsa yana vataniga qaytib ketishadi.O’g’illari esa otasining sarmoyasi hisobiga Perm va Peterburgda qurol-aslaha zavodi qurishadi.

Nobellarning kenjatoyi va mashhuri Albfred otasining sarmoyasi va o’z ixtirolaridan kelgan pullarga dunyoning 20 davlatida 95 ta shirkat barpo etdiradi.

Chor Imperiyasida qolgan Robert va Lyudviglar “aka-uka Nobellar” nomli ko’p tarmoqli shirkatga asos solishadi.Ular tomonidan dastlab 1874 yili Bokuda neftni qayta ishlash zavodi barpo etilib, kerosin ishlab chiqarish yo’lga qo’yilgandi.

Shuningdek, Turkistondagi neftb konlarini izlab topish, ishlab chiqarishni tashkillashtirish bo’yicha Ashxobod,Farg’ona va Toshkentda zavodlar ochiladi.Asta-sekin Krasnovodsk, Chorjo’y ,Kogon,Qo’qon, Marg’ilon,Andijon va Samarqand kabi temir yo’l yetib borgan shaharlarda ham Nobellar tomonidan neft` rezeruarlari tashkil etiladi.

XX asrning 15-yillarigacha Marg’ilon,Chimyondagi Nobellarning zavodida qayta ishlangan neftdan kerosin olinib, ulardan Toshkentning Yangi shahar qismidagi ko’chalarida fonuslar yoqilardi.

Xuddi shu kabi XX asr boshlarida Yangi Urganch zamonaviy Yevropa shahri tusini ola boshladi.Bu yerda ko’plab Rusiyalik ishbilarmonlarniki kabi, Nobellarning ham savdo uyi va do’koni ochiladi.Do’konda eng ehtiyojbop Yevropa va Rusiya mollari mavjud bo’lib,eng xaridorgir buyum xon amaldorlari va boylar uylarida urf bo’la boshlagan fonuslarni yoqish uchun ishlatiladigan kerosin edi.

Shuningdek, do’konda turli chit, ipak mahsulotlari,”Zinger” rusumli tikuv mashinasi, temir va misdan yasalgan idish-tovoq, qoshiq, cho’michlar, temirdan bo’lgan mehnat qurollari, ayollar taqinchoqlari, temir karavotlar, garmmafon hamda plastinkalar, tibbiy dori-darmonlar ham tez sotilib ketardi.

Xullas, “Aka-uka Nobellar” shirkati 1917 yilgacha bo’lgan 30-40 yil ichida o’lkaga urf bo’la boshlagan savdo-sanoat mahsulotlarini olib kelib, xalqqa taraqqiyot mahsulotlarini joriy etdi.

055

(Tashriflar: umumiy 2 082, bugungi 1)

Izoh qoldiring