Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan to’rtinchi parcha.

044    Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этиб, тўртинчи парчани сизга тақдим қилмоқдамиз…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан тўртинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

АЗРОЙИЛ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ БИР КИМСАГА НАЗАР СОЛГАНИ, УЛ КИМСАНИНГ ҚОЧИБ, СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ҲУЗУРИГА БОРГАНИ ВА ТАВАККУЛНИНГ ЖАҲДДАН УСТУНЛИГИ, ЖАҲДДАН ФОЙДА КАМЛИГИ БАЁНИ

Бўлди бир содда киши тушга томон,
Шоҳ Сулаймоннинг ҳузурига равон.

Сарғайиб ғамдан, кўкармиш икки лаб,
Шоҳ Сулаймон сўрди: “Хожа, айт, не гап?”

Деди: “Азройил назар солмиш чунон,
Кин-ғазаб бирлан, солиб дилга гумон”.

Деди: “Хўш, не истагинг? Қилгин зуҳур”,
Деди: “Эй, сен, жонпаноҳ, елга буюр,

Мени элтсин токи Ҳиндистон томон,
Шунда жоним, эҳтимол, қолгай омон”.1 960

Халқ фақирликдан қочиб, беихтиёр,
Майлу орзу домига бўлгай дучор.

Фақридан қўрқиб, тушар ваҳм жонига,
Ҳамда Ҳиндистонга қочган ҳолига.

Елга амр этгач Сулаймон ушбу кез,
Элтди ел ул зотни Ҳиндистонга тез.

Эрта кун келганда ногоҳ юзма-юз,
Шоҳ Сулаймон Азройилга қотди сўз:

“Бир мусулмонга солиб нохуш назар,
Не учун шўрликни этдинг дарбадар?” 965

Деди: “Унга боқмадим душманга хос,
Учратиб йўлда, ажабландим, холос.

Чунки, Оллоҳ йўлламиш фармонини,
Ол бугун Ҳинд шаҳрида деб жонини.

Лол эдим, юзта қаноти бўлса ҳам,
Ҳинд элига ул етолмасди бу дам”.

Қил жаҳоннинг ишларин шундай қиёс,
Оч кўзинги каттароқ, ўйла бироз:

Айт, қочайлик кимдан? Ўздан? Бул маҳол!
Биз кечайлик кимдан, айт? Ҳақдан? Увол! 970

—————————
1 – “Агар Оллоҳ бандасининг бирор жойда ўлим топишини ҳукм этса, У ўша бандага эҳтиёж туғдиради”. (Ҳадис).

ШЕРНИНГ ЯНА ЖАҲДНИ ТАВАККУЛДАН УСТУН ҚЎЙГАНИ ВА ЖИДДУ ЖАҲДНИНГ ФОЙДАЛАРИНИ БАЁН ҚИЛГАНИ

Шер деди: “Хўп, гапларинг маъқул, бироқ,
Анбиё ва мўминин жаҳдига боқ.

Тортдилар иссиқ-совуқлар жабрини,
Берди Ҳақ барча савоблар ажрини.

Ҳийла ҳам тадбирлари эрди латиф,
“Куллу шаъйъин мин зарифин ҳу зариф”.1

Домлари кўк қушларин тутмиш қатор,
Нуқсидан эзгу амал топмиш қарор.

Эй, улуғвор, айлагин жаҳд, қўллагин
Анбиёю авлиёнинг йўлларин. 975

Бил, қазо бирлан олишмоқ жаҳд эмас,
Жаҳдни ҳам бизга қазо этганди касб.

Кофир ўлгум, кўрган эрса ким агар,
Тоату иймон йўлинда бир зарар.2

Боғлама бошни ёрилмасдан бурун,
Мангу шод бўл, жаҳд қилиб бир-икки кун.

Излагай дунё, маҳол3 ахтарса ким,
Излар уқбо, 4 яхши ҳол ахтарса ким.

Чора дунё касбида ноқис эрур,
Тарки дунё фаслида жоиз эрур. 980

Чорадир зиндонни тешмоқ, ковламоқ,
Чорадир ҳам ўша йўлни боғламоқ.

Бул жаҳон зиндону биз зиндон аро,5
Теш у зиндонни, халос қил ўзни то.

Не бу дунё? Ҳақдан олис он эрур,
На мато, на ёру на мезон эрур.6

Дин йўлинда айласанг молни қабул
“Неъма молун солеҳун”7 дермиш Расул.

Кема ичра тўлса гар сув, чўктирар,
Кема остин сувлари хавф тўсдирар. 985

Қувлагач мол-мулк хаёлин бирма-бир,
Шоҳ Сулаймон англамиш ўзни фақир.

Кўза сув узра сузар, гар оғзи берк,
Қаърида қолган ҳаво асрайди, лек.

Қалбда дарвишлик ҳавоси кимда бор,
Бул жаҳон суви уза топгай қарор.

Гарчи бор олам матоҳи ундадир,
Этмагай кўнгил, нигоҳин мулк асир.

Бос муҳр, дил оғзини боғлаб бутун,
Унга тўлдир пок ҳаводек “мин ладун”. 8 990

Жаҳд эрур ҳақ, ҳам даво ҳақ ҳамда дард,
Фойда кўзлар мункир, айлаб жаҳдни рад.

————————
1 – “Куллу шаъйъин мин зарифин ҳу зариф”– “Неки зариф томонидандир, ул нарса зарифдир”.

2 – “Мана шу Оллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадларидир. Ким Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, (Оллоҳ) уни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиб, ўша жойда абадий (ҳаёт бахш этар). Ва бу буюк саодатдир”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 13-оят).

3 – Маҳол – мумкин бўлмайдиган иш.

4 – Уқбо – Охират.

5 – “Бу дунё мўмин учун жаҳаннам зиндони, кофир учун эса жаннатдир”. (Ҳадис).

6 – “Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос… “ (Қуръони карим, «Ҳадид» сураси, 20-оят).

7 – “Неъма молун солеҳун” – “Солиҳ мол ўшалдир”.

“Солиҳ мол солиҳ киши учун нечоғлик яхши мулкдир”. (Ҳадис).

8 – Мин ладун – Илоҳий илмлар.

ЖАҲДНИНГ ТАВАККУЛДАН УСТУН ЭКАНЛИГИ МУҚАРРАР БЎЛГАНИ

Шер шу зайл келтирди кўп исбот-далил,
Тўйди жабрийлар, жавоб тинглаб дадил.

Тулкию шоқол, кийик бирлан қуён,
Кечдилар жабрийлигиндан бегумон.

Боғламишлар шер билан аҳд икки ён,
Кўрмас эрди бул битимдан шер зиён.

Луқмасин осон ютарди бунда шер,
Ҳожати йўқ эрди кўп тўкмоққа тер. 995

Қуръа ҳар кун кимга тушгай ногаҳон
Овчи итдай пилдирарди шер томон.

Айланиб бул жом қуёнга етган он,
“Не жабр бул?” деб фиғон тортмиш чунон.

ШЕР ОЛДИГА БОРИШНИ ПАЙСАЛГА СОЛГАНИ УЧУН ҲАЙВОНЛАРНИНГ ҚУЁНГА ТАНБЕҲ БЕРГАНИ

Деди ҳайвонлар: “Неча йилдан буён
Бузмадик аҳду вафони ҳеч қачон.

Шаънимизни булғама, бош тортма, тур,
Токи ранжиб қолмасин шер, тез югур”.

ҚУЁННИНГ УЛАРГА ЖАВОБИ

Деди: “Эй, дўстлар, беринг муҳлат бироз,
Макримиз бўлсин балога эътироз. 1000

Макр этай, кетманг ўлиб бекорга сиз,
Қолсин ул авлодга то меросимиз”.

Умматига ҳар набий лаҳза сайин
Ўргатар эрди халослик йўлларин.

Гар фалакда кўрдилар йўл ушбу чоғ,
Ҳар нигоҳда тўлдилар мисли қароғ.

Халқ уларни гоҳ писанд қилмас эди,
Кўз қароғин кенглигин билмас эди.

ҚУЁННИНГ СЎЗЛАРИГА ҲАЙВОНЛАРНИНГ ЭЪТИРОЗ БИЛДИРГАНИ

Дедилар: “Эшшакқулоқ, тингла бу он,
Сен қуёндирсан, ўзингни бил қуён. 1005

Бул нечук лофдирки, сендан-да кабир
Ўйига келтирмаган, ўйлаб гапир!

Ё қазомиз етди ё қўзмиш жининг,
Йўқса, бул ғавғога сен лойиқмидинг?”

ҚУЁННИНГ ҲАЙВОНЛАРГА ЖАВОБИ

Деди: “Дўстлар, Ҳақ илҳом йўлламиш,
Куч бериб, мендек заифни қўлламиш”.

Улки Ҳақдан олмиш ари иқтидор,
Қурби на шерда ва на эшшакда бор.1

Очди Ҳақ унга илмлар эшигин,
Шул сабаб тозза асалдан қургай ин. 2 1010

Ҳақ ипак қуртига ўргатмиш ҳунар,
Қайси фил топгай бу тадбирдан хабар?

Ўрганиб Ҳақдан илм, хокий Одам,
Сочди ёғду етти қат осмонга ҳам.3

Синдириб не-не малакнинг номусин,
Ҳаққа ким келтирса шак, олдирди тин.

Олти юз минг ёшли зоҳид очса лаб,
Бир бузоқдек қўйди оғзин нўхталаб.4

Туймасин то дин сутин таъмин сира,
Кезмасин олий қаср атрофида. 5 1015

Нўхта бўлмиш илми ҳис аҳли учун,
Ичмагай олий илмнинг пок сутин.

Томди кўнгил қатрасига бир гуҳар,
Ул на уммонга ва на кўкка тушар.6

Бунча суврат дейсан, эй, сувратпараст?
Маънисиз жонингга сувратдир қафас.

Одамий суврат бари бўлмас асил,
Бўлмагай бир хилда Аҳмад, Бу Жаҳл.

Худди, девор нақши Одам шаклидек,
Айт, қараб сен, унда не етмайди, лек? 1020

Англагил, сувратда кам бир жонидир,
Бор, ўшал ноёб гуҳар, дурни қидир.

Эътибор топганда Асҳоф итиким,7
Барча олам шери бошин эгди жим.

Борми манфур нақшидан ҳеч бир зарар?
Жони нур дарёсида ғарқдир агар.

Изламай суврат саносин хомадан,
“Олим”у “одил”ни топгил номадан.

“Олим”у “одил” иборат маънидан,
Топмагай ҳеч ким макон уст-қаъридан. 1025

Ломакондан тан тараф елгай у тез,
Жон қуёши сиғмагай кўкка бу кез.

———————-
1-2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингиз асаларига ваҳий-амр қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган инларга уя солгин. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигоринг (сен учун) осон-қулай қилиб қўйган йўллардан юргин!». Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик-асал чиқур. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта бу ишда (яъни, шу митти жониворнинг ҳам одамлар учун хизматкор қилиб қўйилишида) тафаккур қиладиган қавм учун оят – ибрат бордир”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 68-69-оятлар).

3 – “Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар (халифаликка биз ҳақдирмиз деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 31-оят).

4 – Бу ерда Иблис назарда тутилган.

5 – “Зотан, қанчадан-қанча золим – кофир бўлган ҳолларида биз ҳалок қилган, бас, томлари (йиқилиб) ҳувиллаб қолган қишлоқ-шаҳарлар, (қанча) ташландиқ қудуқлар ва юксак (лекин кимсасиз) қасрлар бордир”. (Қуръони карим, «Ҳаж» сураси, 45-оят).

6 – “Албатта Биз бу омонатни (яъни, Шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга қурби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкул вазифани ўз зиммасига олди)”. (Қуръони карим, «Аҳзоб» сураси, 72-оят).

7 – “Уйқуда эканлар, (кўзлари очиқ бўлгани учун) сен уларни уйғоқ деб ўйларсан. Биз уларни (баданларидан Ерга тнгиб турган томони чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турурмиз. Уларнинг итлари эса олди оёқларини остонага ёзиб ётур. Агар уларнинг устидан чиқиб қолсанг (ва кўзлари очиқ ҳолда у ёндан-бу ёнга ағдарилиб ётганларини кўрсанг), уларнинг (аҳволидан) даҳшатга тушиб юз ўгириб қочган бўлур эдинг”. (Қуръони карим, “Каҳф” сураси, 18-оят).

ҚУЁННИНГ ДОНОЛИГИ, ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТ ВА ФОЙДАЛАРИ БАЁНИДА

Ушбу сўзнинг сўнги йўқ, бўл ҳушга ёр,
Бер қуённинг қиссасига эътибор.

Сот бу эшшакнинг қулоғин, тингламас,
Чунки, эшшак бул каломни илғамас.

Кўр қуённинг тулкиларча ҳийласин,
Шерни қандай домига илдирганин.

Илм эрур мулки Сулаймондан нишон,
Барча олам суврату илм унга жон. 1 1030

Қанча дарё, қанча тоғу қанча қир
Одамий зот илмидан бечорадир.2

Шеру йўлбарс қўрқадир сичқонсимон,
Денгиз ичра қўрқадир китлар чунон.

Дев, пари қочмиш одамзод қошидин,
Чеккаларда қолди пинҳон, ёширин.

Одамий зот душмани кўпдир ниҳон,
Оқил инсон ўзни тийгай бегумон.

Ёширин махлуқ савобу айблари
Ҳар нафас қалбга кириб боргай бари. 1035

Fусл учун тушсанг ариққа ногаҳон,
Санчилар товонга сув ичра тикон.

Гарчи пинҳону билинмас борлиги,
Сенга санчилса билингай хорлиги.

Оҳу воҳу васваса ҳам таъналар,
Бир эмас, минглаб кишидан тарқалар.3

Сабр қил то ҳисларинг бўлгай бадал,
Сўнг кўрарсан, мушкулинг бўлгуси ҳал.

Ким гапин рад қилганинг бўлгай аён,
Кимни сарвар билганинг бўлгай аён. 1040

————————
1-2 – “ … Айтинг: “Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!”. Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 9-оят).

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман”. (Қуръони карим, «Ан-Нос» сураси, 1-6-оятлар).

ҲАЙВОНЛАРНИНГ ҚУЁНДАН ФИКРИНИ ОШКОР ЭТИШНИ ТАЛАБ ҚИЛГАНИ

Деди сўнг ҳайвонлар: “Эй, чаққон қуён,
Неки бор фикрингда, қил ошкор-аён.

Эй, қуён, Шерга ёпишдинг сен бу пайт,
Ўй-хаёлингда надир? Фикрингни айт.

Машварат идрокли, ҳушёр бўлдирар,
Бир ақл бошқа ақлни тўлдирар.1

Деди Пайғамбар: “Қил, эй, аҳволи танг
Машварат “алмусташору муътаман”.2

—————————
1 – “ …Бас, уларни авф этинг, улар учун Оллоҳдан мағфират сўранг ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг!…” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 159-оят).

2 – “Алмусташору муътаман” – “Сендан маслаҳат сўраган кишининг ўзи омонлик талабида бўлади”. (Ҳадис).

“Маслаҳат сўралаётган киши ишонилган одамдир. Демак, кимдан маслаҳат сўраса, у ўзи қиладиган нарсани маслаҳат берсин”. (Ҳадис).

ҚУЁННИНГ ЎЗ СИРИНИ ҲАЙВОНЛАРДАН ЯШИРГАНИ

Деди: “Йўқ, ошкор қилинмас барча сир,
Тоқ гаҳи жуфт, жуфт тоқ бўлгусидир”.1 1045

Ойнанинг олдинда дам урсанг узун,
Пок нафас ҳам хийра айлар ул юзин.

Бул учов нақлинда кам бўлсин гапинг:
Мақсадинг, мол-давлатинг ҳам маслагинг.2

Ушбу уч ҳолга жуда кўпдир ғаним,
Гар билиб қолса, йўлинг пойлайди жим.

Кимгадир айтсанг, сиринг-ла қил видо,
“Куллу сирин жоваза-л-иснайни шоъ”.3

Боғласанг бир неча қушни жам қилиб,
Зорланар, ерда дилин қайғу тилиб. 1050

Бош эгиб жим, сирли бир кенгаш тузар,
Сўйлашар махфий имо бирлан улар.

Сирли кенгашмиш Расул ҳам ҳар сафар,
Англамиш ёрлар, тушунмай ўзгалар.

Пардалаб айтарди фикрин ўша чоқ,
Сезмасин деб то ғаним бошдан-оёқ.

Ўз жавобин олмиш ул ўз қавмидан,
Ўзгалар ғофил саволин атридан.

————————-
1 – “Қачон уларга (жангга кетган мусулмон аскарлар ҳақида) тинчлик ёки хавф-хатар (яъни, ғалаба ёки мағлубият) хабари келса, уни ёйиб юборадилар…” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 83-оят).

2 – “Йўлингни, олтинингни ва мазҳабингни сир тут”. (Ҳадис).

3 – “Куллу сирин жоваза-л-иснайни шоъ” – “Икки кишидан ортиқ киши билган сир фош бўлади”. (Мақол)

ҚУЁННИНГ МАКРИ ҚИССАСИ

Бир соат муддат кечикканча қуён,
Сўнг етиб келмиш у йиртқич шер томон. 1055

Кечикиб келгач қуён, шер шерга хос
Ерни тирнаб, наъра тортди гулдурос.

Деди: “Айтгандим, бу хаслар ўзи ким,
Аҳди хом, ожизлигин билган эдим.

Ҳийласи эшшакдан ағдаргай чунон,
Бул фалак алдайди бунча кўп ёмон?”

Ер мудом нодон амирлар таъзирин
Кўрмаса бурнин учдан нарисин.

Йўл равону остида домлар ниҳон,
Маънидан номларда йўқдир бир нишон. 1060

Барча лафзу барча номлар мисли дом,
Умримиз сувинда қум – тотли калом.1

Қумки, унда сув мудом қайнаб, қизир,
Ул жуда ноёб, ўшал қумни қидир.

Кимки гар ҳикматталаб, улдир асос,
Ҳар сабаб таҳсилидан бўлгай халос.

Лавҳи Ҳофиз Лавҳи Маҳфузга дўнар,
Ақли руҳдан баҳраманд, бахтлик бўлар.3

Ақли устоз эрди унга бир замон,
Сўнгра шогирд бўлди, юрмиш ул томон. 1065

Дер ақл Жибрил мисоли: “Аҳмадо!
Бир қадам қўйсам, ёниб бўлгум адо.

Бунда қолдир-да мени, олдинга юр,
Жонга султон, бас, менинг ҳаддим шудир!”4

Кимки ялқов, сабри йўқдир, шукри ҳам,
Ул билар, жабрий томон қўйгай қадам.

Ким жабр қилгай, жабр кўргусидир,
Жабри унга қабридай бўлгусидир.

Деди Пайғамбар: “Касалликка солар
Ўзни ким, шамдай сўниб, оғриб қолар.5 1070

Не жабр? Синган синиқни бойламак,
Ё узуқ пайларни пайванд айламак.

Гар оёғинг синмади бул йўлда, айт,
Кимга кулгайсан, оёқ боғлаб бу пайт?

Ким оёқ синдирса жидду жаҳд этиб,
Қошига келди Буроқ дарҳол етиб.

Динга ҳомил эрди, бўлди маҳмули,
Қобили фармондан ўлди мақбули.

То бу дам Шоҳ амрини этмиш қабул,
Сўнг сипоҳларга мудом етказди ул. 1075

Амр этарди унга аввал юлдузи,
Юлдузига сўнг амир бўлди ўзи.

Ташласанг чалкаш нигоҳ бирлан назар,
Уйғотар шак-шубҳа “иншаққа-л-қамар”.6

Эй, ҳавосин поклагувчи ноаён.
Айла пок иймонни бесўз, бебаён.7

Кимки нафси пок, унинг иймони кир,
Бул ҳаво иймон эшигин қулфидир.

Пок каломни шарҳ этарсан, энди, бас,
Айлагин ўзни баён сен, сўзнимас. 1080

Шарҳ этиб Қуръонни ўз нафсингга мос,
Бўлди юксак маънилар қинғир, саёз.8

—————————-
1 – “Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон унинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Оллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур…” (Қуръони карим, «Нур» сураси, 39-оят).

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан (яъни, Сизни Пайғамбар қилиб юборишимиздан) илгари ҳам (фаришталарни эмас, балки ) фақат (Сиз каби) кишиларни – инсонларнигина Ўзимиз туширган ваҳий билан (Пайғамбар қилиб) юборганмиз. (Эй мушриклар), агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмлардан (яъни, Таврот,ва Инжилни биладиган кишилардан) сўранглар!” (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 43-оят).

3 – “Йўқ, (улар ёлғон дейишаётган нарса) Лавҳул-Маҳфуздаги (яъни, ҳар қандай бузилиш ва ўзгаришдан сақланган — ҳимояланган Лавҳдаги) Буюк Қуръондир”. (Қуръони карим, «Буруж» сураси, 21-22-оятлар).

4 – “Вақтики сидротул мунтаҳога етдилар, Жибрил (а.с) айтдилар: “Олдинга ўтинг, эй, расулуллоҳ! Чунки, мен бу макондан ўта олмайман, агар бир бўғим яқинлашсам, куйиб кетаман”. (Ҳадис).

“Дарвоқе, (Муҳаммад алайҳис-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар олдида кўрди”. (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 13-14-оятлар).

5 – “Ўзингизни касалга солманг, касал бўлурсизлар, ўзингизга қабр ковламанг, ўлиб қолурсизлар” (Ҳадис).

6 – “Иқтарабатис-саъату ваншаққал қамар” – “(Қиёмат) Соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди”. (Қуръони карим, «Қамар» сураси, 1-оят).

7 – “Эй мўминлар, Оллоҳга, Унинг Пайғамбарига ва Ўз Пайғамбарига нозил қилган Китобга (Қуръонга) ҳамда У Зот илгари нозил қилган (барча) Китобга иймонингиз комил бўлсин. Кимки Оллоҳга, фаришталарга, Китобларига, пайғамбарларига ва Охират Кунига кофир бўлса, демак, у жуда қаттиқ адашибди”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 136-оят).

8 – “…Улар (Тавротдаги Муҳаммад алайҳис-саломнинг Пайғамбар бўлишлари ҳақидаги сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз мудом улар тарафидан қилинган бирон хиёнат устидан чиқасиз…” (Қуръони карим, “Моида” сураси, 13-оят).

“Кимки Қуръонни ўз раъйи бирла талқин этса ва ҳақиқатни бузса, у адашганлардандир”. (Ҳадис).

“Кимки Қуръонни ўз раъйи бирла талқин этса, бас, ўз ўрнини жаҳаннамдан тайёрлаб қўяверсин”. (Ҳадис).

ОЖИЗ ПАШШАНИНГ ТОР ДОИРАДАГИ ТАЪВИЛИ 1

Пашша эшшак сийдигинда, хасда тек2
Эрди мағрур, кемани бошқаргудек

Деди: “Мен – дарё, қайиқдан баҳраманд,
Қилди бир лаҳза бу ўй фикримни банд.

Бул қайиқ, дарё ва мен дарё аро
Мард қайиқчи ҳамда бир тўп бенаво”.

Худди, денгизда сузарди сарсари,
Кўринар эрди маҳобатлик бари. 1085

Чексиз эрди сийдик ундан – кўргани,
Лек, ҳақиқатни кўрувчи кўз қани?

Оламин кўргай ўзича ҳар назар,
Кўз нечоғлик эрса, денгиз шул қадар.

Ноўрин сўйловчилар пашша эрур,
Ваҳми эшшак сийдиги, хасда эрур.

Пашша гар ожиз баёндан кечса тез,
Бахт қуши ҳамроҳ бўлар эрди шу кез.

Кимга бул ибрат эрур, ул пашшамас,
Руҳ баланд сувратдан унда ҳар нафас. 1090

—————————
1 – Таъвил – изоҳлаш, асл маъносига қайтариш. Айрим мураккаб оятлар мазмунини ўз билими доирасида изоҳлаш. (“Ислом энциклопедияси”, Тошкент, 2004)

2 – Тек – “фақат” маъносида.

КЕЧИККАН ҚУЁНДАН ШЕРНИНГ FАЗАБЛАНГАНИ

Урди шерга ўзни ногоҳ ул қуён,
Бастига келгайми лойиқ унда жон?

Дерди шер қаҳру ғазабдан беаёв:
“Кўз, қулоғим йўлида ёв бўлди ғов.

Макри-ла жабрий мени банди қилиб,
Кетди жисмимни ёғоч тийғи тилиб.

Макридан бўлгум йироқ бундан буён,
Бонги шайтон бонгидир, шовқин-сурон”.

Эй, юрак, бир-бир улардан пўстни шил,
Ўзгамас пўстдан улар, йирт, пора қил”. 1095

Пўст надир? Ул ранг-баранг сўз – тумтароқ,
Сувда бир кўпик мисол, қолмас узоқ.

Бу калом пўчоғу маъно мағзидир,
Бул калом суврат ва жон тўқ маънидир.

Асрагай шўр мағзни пўст ўз айбидан,
Яхши мағз хилват топар Ғайб ғайридан.

Эрса сувдан ҳар қоғоз, елдан қалам,
Неки ёзгайсан, фано топгай шу дам.

Гар вафо сув нақшидан қилсанг талаб,
Тишлагайсан бир куни бармоғу лаб. 1100

Бўлса халқ орзу-ҳавоси ел агар,
Кеч ҳаводан, бергуси Ҳу1 хуш хабар.

Кирдигор пайғоми хушдир ҳам гўзал,
Чунки, бошдин то оёқ пойдор ўшал.2

Шоҳу султон хутбаси қолмас, фақат,
Анбиёнинг хутбаси қолгай абад.3

Чунки, шоҳлар шавкати – ҳою ҳаво,
Анбиёнинг фахри ўлгай Кибриё.

Барча шоҳ исми дирамдан кўчди то,
Қолди Аҳмад номи боқий, бебаҳо. 1105

Анбиёнинг исми бир Аҳмадда жам,
Келса юз, келгай унинг тўқсони ҳам.4

————————
1 – Ҳу – Оллоҳ.

“Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Оллоҳ томонидан Пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир. (Қуръони карим, “Ва-н-нажм” сураси, 3-4-оятлар).

2 – “Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини бирон ўзгартиргувчи йўқдир. У Эшитгувчи, Билгувчидир”. (Қуръони карим, “Анъом” сураси, 115-оят).

3 – Хутба – жума намози олдидан ва ҳайит намозидан кейин хатиб (масжид имоми)нинг ваъзхонлиги, диний панд-насиҳат.

4 – “(Эй мўминлар), Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, баски у Оллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Оллоҳ барча нарсани Билгувчи Зотдир”. (Қуръони карим, «Аҳзоб» сураси, 40-оят).

“Мен Пайғамбарларнинг аввал яратилгани ва охир юборилганиман”. (Ҳадис).

ЯНА ҚУЁННИНГ МАКРИ БАЁНИДА

Хийла кеч қолмиш қуён, йўлда тағин
Ўзича такрорлаб олди ҳийласин.

Айтайин деб ул кечикди, дарғазаб,
Шер қулоғига бир-икки сирли гап.

Қанча олам лол ақл савдосидан,
Қанча кенглик бор ақл дарёсидан.

Жисмимиз ғам денгизи ичра юрар,
Сув уза бўш косадек қалқиб турар. 1110

Қалқигай сув узра ул, тўлгунча то,
Тўлса – уммон ичра ғарқ, топгай фано.

Ноаён, ошкора олам ақлимиз ,
Ёки мавж ё мавждан нам шаклимиз.

Ҳар шакл бир восита излар, бироқ,
Айлагай боғловчи денгиздан йироқ.

Билмагай қалб, токи бермиш ким сирин,
Токи ўқ ҳам билмагай отгувчисин.

Отини йўқ деб билар айлаб ғазаб,
Чоптиришни ўйлагай тез қамчилаб. 1115

Отини йўқ деб билар ул содда зот,
Улни, лек, худди, шамолдай элтар от.

Оҳ-фиғон тортар юракни қон қилиб,
Ўзни ургай ҳар тараф, сарсон қилиб:

“Отимиз қайда, ўмарган ким бу дам?”
“Сонларинг остинда недир, эй, хожам?”

“Тўғри, бул от, ғофил отим қайдадир?”
“Эй, чавандоз, йиғ ҳушинг, бўлгин басир”.

Жонки ошкору яқиндир, бунда йўқ.
Қорнимиз лиқ сувга, лаб хумдай қуруқ. 1120

Кўрмагайсан рангни – ол, яшил, қаро,
Кўрмасанг ундан бурунги нурни то.

Термулиб рангларга, гар учгай ҳушинг,
Нурга парда ранг мудом тўсгай юзинг.

Чунки, ранглар тун аро мастур эрур,
Сўнг кўрарсан, ранг қароғи нур эрур.

Ташқи нурсиз ранг кўринмас, ҳар қадам,
Худди, шундай ички олам ранги ҳам.

Ташқи нур Сухо,1 қуёшдан балқигай,
Ички нур порлар Худонинг аксидай. 1125

Кўздаги нур манбаи ҳам дил эрур,
Кўзда нур қалб нуридан ҳосил эрур.

Дилга нурларни ато айлар Худо,
Ақлу ҳиснинг нуридан ул нур жудо.

Этмагай тун ичра нур, ранглар зуҳур,
Нурга зид тундан яралгай сенда нур.

Нурни кўрсанг, кўрсатар ранг ҳам юзин,
Нур таралгай, чунки, зулмат қаъридин.

Ҳақ яратгай қайғу ғамнинг устидин
Унга зид бўлгувчи кўнгил хушлигин. 1130

Кўрсатар ҳар зид ниҳон, пайдолигин,
Ҳаққа зид йўқ, шул сабаб Ул ёширин.

Рангдан олдинроқ нигоҳ нурни кўрар,
Зидма-зидлик мисли занжи, рум2 бўлар.

Нурни нурнинг зидди деб қилгин қарор,
Зидни зид айлайди пайдо, ошкор.

Зидди йўқ Ҳақ нурининг, мардуд эмас,
Унга зид қудрат ва қурб мавжуд эмас.

“Ложарам абсоруно ло тудрикуҳ,
Ва-хва юдрик”, кўр Мусо, тоғдан ғулу. 3 1135

Маънидан суврат, бу – ўрмон ичра шер,
Сўз, садо берган фикр-андишадир.

Сенга сўз бирлан садо бермиш фикр,
Қайда афкор денгизи? Бул сенга сир.

Лек, бу сўз мавжини хуш кўрсанг агар,
Денгизин билгин шарафли шул қадар.

Ҳар фикр мавжин яратмиш илм, ақл,
Ҳам садо, ҳам сўзидан олмиш шакл.

Қилди бор сўздан шакл, сўнг олди тин,
Кўмди денгиз қаърига мавжлар ўзин. 1140

Шакли йўқликдан шакл чиқмиш бутун,
Ошкор – “инно илайҳи рожиъун”.4

Ҳар даминг бўлмиш тириклик, бандалик,
Мустафо айтмиш: “Умр – бир лаҳзалик”.5

Фикримиз Ҳақ ўқидир дунё аро,
Қолмагай дунёда, боргай то Худо.

Ушбу олам ҳар нафасда ўзгарар,
Токи сувратдир бақо, биз бехабар.6

Умр ариқдай тўхтамай бир зум, ўтар,
Ўзни кўзга доимийдек кўрсатар. 7 1145

Доимий тезлик шакл пайдо қилар,
Мисли чўғдай, ким агар айлантирар.

Ўтли чўпни икки ён бурсанг, узун
Ўтли хат янглиғ жило бергай бутун.

Бул узунлик муддати тезлик эрур,
Кўрсатар кўп, гарчи бир кезлик эрур.8

Ушбу сирни излаган алломадир,
Бор Ҳусомиддинга, олий номадир.

————————-
1 – Сухо – Ҳулкар тўпламидаги юлдузларнинг энг хираси.

2 – Занжи, рум – оқ, қора маъносида.

3 – “Кўзлар Унга ета олмас, У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ Зотдир”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 103-оят).

“Ложарам абсоруно ло тудрикуҳ, ва-хва юдрик” – “Кўзлар унга ета олмас, У (кўзларга) етар”

4-5 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: “Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 156-оят).

“Инно илайҳи рожиъун” – “Биз Унга қайтгувчилармиз”.

“Дунё бир соатликдир, уни тоатга айлантиргин”. (Ҳадис).

“Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳассиз, ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 185-оят).

“…Улар ўзларига ваъда қилинаётган (азобни) кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар!..” (Қуръони карим, “Аҳқоф” сураси, 35-оят).

6-7 – “Хўш Биз аввалги яратишга (яъни, йўқдан бор килишга) ожизлик қилдикми? Йўқ, (ожизлик қилмадик, демак, тупроққа айланган жасадларга қайта жон ато этишга ҳам ожизлик қилмаймиз), улар эса янги яралишдан (яъни, қайта тирилишдан) шак-шубҳададирлар”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 15-оят).

8 – “Осмонлар ва Ердаги ғайб – сирларни (билиш) Оллоҳга хосдир. Соат – Қиёмат амри (яъни, Қиёматнинг қойим бўлиши) кўз очиб юмгунча ё ундан-да тездир. Дарҳақиқат, Оллоҳ ҳамма нарсага Қодирдир”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 77-оят).

ҚУЁННИНГ ШЕР ОЛДИГА ЕТИБ КЕЛГАНИ

Шер ғазаб бирлан ёнар эрди чунон,
Кўрди, олисдан келар эрди қуён. 1150

Тез чопарди, айламай қўрқувни ҳис,
Афти ҳам тунд, беҳадик, андишасиз.

Келса ким бошин букиб, айбдор, демак,
Қўрқмаса, айбсиз эрур, йўқ шубҳа-шак.

Шер ҳузуринга етиб келгач қуён,
Шер бақирди: “Эй, разил, зоти ёмон!

Қанча фил қорнин ёрарман, бўлса шум,
Ерга нар шер бурнини ҳам ишқагум.

Сен, қуёнча, бир заиф, ожиз, юпун,
Амримизни ерга қординг не учун?” 1155

Сен қуёнлик ғафлатин тарк айлагин,
Эй, эшак, сен тинглагин шер наърасин!

ҚУЁННИНГ УЗР СЎРАГАНИ

Сўнг қуён дер: “Алъамон, бордир далил,
Тингла, қурбинг ҳаққи, сўнг авф айлагил”.

Деди: “Ул узринг надир, эй, беадаб?
Шоҳга рўкач этгулик ул не сабаб?

Сўйилар, қичқирса бевақт гар хўроз,
Тентак узрин тингламоқда маъни оз.

Ахмоқ узри айбидан баттар бўлар,1
Узридан илми заҳар бирлан тўлар. 1160

Эй, қуён, узринг қуруқ, қанча гапир,
Бори бекор, мен қуёнмасман, ахир”.

Деди: “Эй, шоҳ, сен сана нокасни кас,
Бир ҳақир узрин эшитгил бир нафас.

Мартабанг, шон-шавкатинг ҳаққи, бу чоқ,2
Бир фақирни қилмагин ўздан йироқ.

Бир ариққа берса сув денгиз агар,
Барча хаслар сув уза қалқиб чиқар.

Қолмагай денгиз қуриб, қилса карам,
Бўлмагай денгиз карамдан кўпу кам”. 1165

Шер деди: «Менда карам бордир, фақат,
Тўн бичарман, тўнга лойиқ бўлса қад».

Деди: “Гар лутф этмасанг, не ҳам қилай?
Майли, қаҳринг аждарига бош тикай.

Йўлга тушдим кун ярим бўлган ҳамон,
Бир шерик ҳамроҳлигинда сен томон.

Бир қуённи менга ҳамроҳ қилдилар,
Сенга бўлсин, сен учун деб билдилар.

Тўсди бир шер, йўлимиз бўлгач ярим,
Йўлдан урмоқ қасди бирлан ул ғаним. 1170

Унга айтдим: “Шоҳга бизлар банда, зор,
Биз унинг даргоҳида – ҳожатбарор”.

Деди: “Шоҳинг бўпти ким? Ўйлаб гапир,
Айт, маним олдимда ул нокас надир?!

Пора этгайман сени, шоҳингни ҳам,
Иккаланг қўйсанг бу ердан бир қадам”.

Мен дедим: “Қўйвор, тағин келмай хатар,
Юзланиб шоҳга, қилай сендан хабар”.

Шер деди: “Дўстинг гаров қолсин, етар,
Йўқса, ўқдонимдан ўқ зое кетар”. 1175

Йиғладим зор, эрди, лек, қисқа қўлим,
Унда дўстим қолди, бунда мен ўзим.

Эрди мендан икки карра ул семиз,
Лутфи ҳам, ахлоқу гўшти ҳам лазиз.

Ушбу йўл беркилди ул шердан кейин,
Шул маним арзим, тағин не ҳам дейин.

Энди шонинг бермагай сенга сурур,
Борин айтдим сенга мен “ва-л-ҳаққу мур”.3

Бўлса лозим гар вазифанг, чора топ,
Бор, ўшал сурбетни қув, айла хароб”. 1180

————————
1 – “Ахмоқнинг узри жиноятидан баттар”. (мақол).

2 – “Шон-шавкатнинг закоти ночору ғамгинларга ёрдам бермоқдир”. (Ҳадис).

3 – “Ва-л-ҳаққу мур” – “Ҳақиқат аччиқдир”.

ШЕРНИНГ ҚУЁНГА ЖАВОБ БЕРГАНИ ВА У БИЛАН БИРГА ЙЎЛГА ТУШГАНИ

Деди: “Бисмиллоҳ, қани ул бетайин?
Олдга туш, айтганларинг гар бўлса чин.

Қилгум ул ҳам ундайин борин адо,
Айтганинг ёлғон эса, бергум жазо”.

Бошламиш йўлбошчи янглиғ йўл қуён,
Шерни элтмоқлик учун, қопқон томон.

Бир қудуқни белгилаб кетган эди,
Улни шер қасдига дом этган эди.

Сўнг иков келмиш қудуқ ёнга яқин,
Боқ, қуён – сомон тагинда сувдайин. 1 1185

Хасни сув саҳрога элтар қанчалаб,
Лек, у тоғни қандоқ элтар? Воажаб!

Шум қуённинг макри шерга бўлди тўр,
Гарчи ожиз шердан, эрди макри зўр.

Фиръавнни лашкари бирлан Мусо,
Айламиш Нил қаърига ғарқу адо.

Пашша Намрудни яримта пар билан
Тешди, шафқат айламай, бош дарзидан.2

Ким агар душман гапин айлар қабул,
Ҳам ҳасадгўй ёри бордир – ҳоли шул. 3 1190

Фиръавн Ҳомонни тинглар – ҳоли шул,
Намруд шайтонни тинглар – ҳоли шул.4

Гарчи душман сўйлагай кўнгил учун,
Гарчи дон деб айтса-да, дом деб тушун.

Гарчи ул қанд берса-да, билгин заҳар,
Сиртда лутф этса, мудом билгин хатар.

Сўнгги дам кўрмай пўчоқдан ўзгасин,5
Фарқламассан дўсту ёвлар тўдасин.

Гар бу ҳол юз берса, қилгин илтижо,
Рўза тут, тасбеҳ ўгир, қилгин нидо. 6 1195

Қил дуою нола “аллому-л-ғуюб”,7
Эзма ҳийла тоши-ла бизни туйиб.

Гарчи итлик қилдик, эй, Парвардигор!
Қилма ҳеч пистирма ичра шерга хор.

Бермагил сувларга ўт шаклин сулув,
Ҳамда қилма сен олов бағрини сув.

Айласа қаҳринг шароби беқарор,
Кўрсатарсан бизга йўқ сувратни бор.

Не эрур мастлик? Ҳижоб – кўзга тақиқ,
Тошни гавҳар кўрсатар, юнгни ақиқ. 1200

Не эрур мастлик? Ҳис, идрок ўзгарар,
Худди, ҳар юлғунни сандал8 кўрсатар.

————————
1 – Сомон тагинда сув – Ибора: Айёр, маккор, тутқич бермайдиган.

2 – Намруд – Иброҳим пайғамбар даврида яшаган золим подшоҳ. Унинг ҳукми билан Иброҳим пайғамбар гулханга ташланган.

“Оллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб, Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: “Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир”, деганида, у: “Мен(ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим айтди: “Албатта Оллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?” Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Оллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 258-оят).

Ривоятга кўра, Оллоҳга қарши жанг қилмоқчи бўлган Намрудга Оллоҳ пашшалар қўшинини юборади. Улардан халос бўлиш қийин эди. Намруднинг буйруғи билан унга мисдан, эшиклари зич ёпиладиган, фақат, ҳаво кириб туриши учун бир тирқишдан иборат хона тайёрлашади. Оллоҳнинг иродаси билан ана шу тирқишдан кирган бир пашша бир қанотини синдириб, Намруднинг бурни орқали ўтиб, миясига жойлашади ва ун уч кун давомида шоҳга азоб беради. Пашшани у ердан қувишга сарфланган ҳаракатлар натижа бермагач, оғриққа чидаёлмаган Намруд гурзи билан бошига уришни буюради ва гурзи зарбидан ҳалок бўлади.

3 – “Бас, Биз айтдик: “Эй Одам, албатта бу (иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин…” Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди. Бас, (Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб ўша дарахтдан) едилар-у, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 117, 120-121-оятлар).

4 – “Эй, Муҳаммад (а.с.), сен Парвардигорнинг исботида (Ҳазрати) Иброҳим билан мужодала қилган ўша кофир (Намруд)ни фикр қилмайсанми?” (Қуръони карим, «Бақара» сураси,258-оят).

“Албатта Фиръавн, Ҳомон ва уларнинг лашкарлари хато қилгувчи бўлдилар”. (Қуръони карим, “Қасас” сураси, 8-оят).

5 – “Оллоҳ таоло амрининг бажо бўлишини истаса, ҳар қандай ақлу фаросат эгасини ақлу фаросатдан маҳрум қилиб қўяди”. (Ҳадис).

6 – “Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарруъ қилмадиларми?!…” (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 43-оят).

7 – Алому-л-ғуюб – Ғайбни билгувчи.

“Бас, Оллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади ва Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди”. (Қуръони карим, «Ғофир» сураси, 45-оят).

8 – Сандал – ёғочи қора-сариқ рангли, хушбўй дарахт.

ҚАЗО ЕТГАНДА РАВШАН КЎЗЛАР ЮМИЛИШИ ҲАҚИДА ҲУДҲУД ВА СУЛАЙМОН АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

Тикдилар чодир Сулаймонга шу дам,
Хизматига барча қушлар бўлди жам.

Ўзларига дўсту тилдош билдилар,1
Ҳамда ул зот қошига интилдилар.

Барча қушлар чурқ демай, саф тортди тик,
Бўлдилар Ҳазратга “афсаҳ мин ахик”.2

Тил билиш айлар қариндошликка ёр,
Ким қариндошсиз эрур, зиндонда зор. 1205

Англагай ҳинд турку турк ҳинду тилин,
Икки турк гоҳ англамайди бир-бирин.

Гарчи тилнинг бирлиги дил нақшидир,
Яхшидир тилдан кўра дил бўлса бир.

Амру сўзсиз, нутқ, имосиз бегумон
Бош кўтаргай дилда юз минг таржимон.

Барча қушлар ҳар бири асрор-сирин,
Санъатин, илмин, амал бирла ишин,

Айламиш бир-бир Сулаймонга аён,
Қилди ўз мадҳи билан васфин баён. 1210

Ҳеч кибрсиз сўйламиш ўз ҳолидан,
Токи, жой топмоқ учун даргоҳидан.

Хожага манзур бўлиш лозим агар,
Хислатин бир қисмини қул кўрсатар.

Ёқмаса гар хожа қулга, ҳар сафар
Кўрсатар ўзни касал, оқсоғу кар.

Айланиб ҳудҳудга гал келмиш, бутун
Хислату фикрин баён этмоқ учун.3

Деди: “Эй, шоҳ, бор ҳунар менда бироз,
Қисқаси яхши каломнинг, ози соз”. 1215

Деди: “Айт-чи, қани, ул қандай ҳунар?”
Деди: “Кўкда мен учиб юрсам агар,

Теппадан боқсам заминга ногаҳон,
Сувни ернинг қаърида кўргум аён.

Қайгача, қанча чуқур, қай рангдадир?
Тошми ё тупроқ уларга манбадир?

Эй, Сулаймон, лашкаринг топгай самар,
Мен каби огоҳ билан қилсанг сафар”.

Сўнг Сулаймон деди: “Эй, эзгу рафиқ,
Қақраган саҳрога бизлар бирла чиқ”. 1220

————————
1 – “Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: “Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшоҳларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу марҳаматнинг ўзидир. Сулаймоннинг (амри билан) унинг жин, инс ва қушлардан бўлган лашкарлари тўпланиб, тизилган ҳолларида турдилар”. (Қуръони карим, «Намл» сураси, 16-17-оятлар).

2 – “Афсаҳ мин ахик” – “Сенинг биродарингдан бурро ва гўёроқдир”

3 – “У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): “Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлгувчилардандир?! Албатта мен уни қаттиқ азоб билан азобларман ё сўйиб юборурман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужат келтирур”, деди. (Қуръони карим, «Намл» сураси, 20-оят).

ҲУДҲУД ДАЪВОСИГА ЗОFНИНГ ТАЪНА ҚИЛГАНИ

Зоғ буни тинглаб ҳасаддан тортди оҳ,
Сўнг Сулаймонга демиш: “Сўйлар хато!

Яхшимас шоҳ олдида ёлғону лоф
Сўйламак, гар эрса одобга хилоф.

Кўзининг ўткирлиги гар бўлса чин,
Нега кўрмас қумда домнинг борлигин?

Не учун бўлгай тузоқ-домга дучор?
Не учун тутқун, қафасда хору зор?”

Шоҳ Сулаймон деди: “Эй, ҳудҳуд, гапир,
Илк қадаҳ ичра бу кир қуйқа надир? 1 1225

Маст-аласт бўлдингми ё айрон ичиб?
Лоф урарсан не учун ёлғон бичиб?”

—————————
1 – “Илк қадаҳ қуйқадир”. (Араб мақоли).

ЗОF ТАЪНАСИГА ҲУДҲУДНИНГ ЖАВОБИ

Деди: “Эй, шоҳ, мендайин бир бенаво
Ҳаққида душман сўзин билма раво.

Иддаойим бўлса бекор ушбу кез,
Бошни тикдим, майлига, бўйнимни кес.

Зоғ Қазо ҳукмига мункир ҳар қадам,
Асли – кофир, ақли ғиж-ғиж бўлса ҳам.

Худди, “кофир” сўзи ичра “коф” каби,
Сассиқ, ифлос жой эрур сон ўртаси. 1230

Менга осмонда аёндир ҳар бало,
Ёпмагай ақлим нигоҳин то Қазо.

Хору бекордир билим, келгач Қазо,
Ой тутилгайдир, қуёш бўлгай қаро.

Неки борлик бор, Қазо гар бор этар,
Бил Қазодан, ким уни инкор этар”.

ҚАЗО КЎЗНИ ПАРДАДЕК ТЎСИБ ҚЎЙГАНЛИГИ БОИС, ОЧИҚ-ОЙДИН ТАҚИҚҚА РИОЯ ҚИЛОЛМАГАН ВА ТАЪВИЛИНИ ТАРК ЭТГАН ОДАМ АЛАЙҲИССАЛОМ ҚИССАСИ

“Аллама-л-асмо раг” Одам Отадир,
Томиринда неча минг илм оқадир.1

Неки мавжуд эрса, доим исми ҳам
Жонига бўлди муяссар ҳар қадам. 1235

Ҳақ лақаб берса, мубаддал2 бўлмагай,
Кимни чаққон билса, танбал бўлмагай.

Унга маълум эрди аввал-оқибат,
Ким бўлар мўмин ва ким кофир абад.

Ҳар не исмин айласин доно баён,
“Аллама-л-асмо” сирин англа аён.

Англадик барча исмлар зоҳирин,
Ҳақ билар барча исмларнинг сирин.

Гар таёқ исми Мусога бир асо,
Ҳақ унинг исмин атайди аждаҳо. 3 1240

Бутпараст дердик Умарни бир маҳал,
Лек, Аласт дунёсида мўмин тугал.4

Улниким, деймиз “маний” биз кеча-кун,
Суврати “Мен бирласан”дир Ҳақ учун.

Бул маний йўқликда суврат ҳар қадам,
Ҳақ таоло наздида, на кўпу кам.

Ҳақ таоло наздида не номимиз,
Ул ҳақиқат ҳам эрур анжомимиз.

Сўнгги дам Ҳақ белгилайди номимиз,
Бўлмагай ном ул омонат онимиз. 1245

Пок назар бирлан Одам боққан ҳамон,
Исму жисм асрори бўлмиш сўнг аён.

Кўрди Ҳақ нурин Одамда ҳар малак,
Бўйсуниб, хизматга шошди жонҳалак.5

Сўйласам Одамга мен мадҳу сано,
То қиёматга қадар қилмам адо.

Англамиш борин, бироқ, келгач Қазо,
Битта “таъқиқ” илмида қилмиш хато.6

Воажаб, не ул ҳаром ножоизи?
Ваҳму таъвилми унинг ё боиси? 1250

Дилда пайдо эрса-да таъвил у кез,
Таъби чопди лол қолиб буғдойга тез.7

Боғбон пойига кирганда тикон,
Молин элтар ўғри пайт пойлаб шу он.

Кўрди, келгач ўзига ул қайтадин,
Ўғри кетганди ташиб бор нарсасин.

“Раббано инно заламно”8 — деди, — оҳ!
Келди зулмат, йўл йўқолди, йўқ паноҳ!

Тиққай офтобни булут ичра Қазо,
Қошида сичқонсимон шер, аждаҳо. 1255

Кўрмасам домни агар, келгач Қазо,
Биргина менмас бу йўлда бахтқаро.

Юзланиб зорликка ким ҳар онларин
Эзгу ишга этди бахш, минг офарин!

Гар Қазо келгач, тунинг бўлса қаро,
Бир қаро кунда қўлинг тутгай Қазо.

Гар Қазо жонингга юз бор қасд этар,
Ҳам Қазодан жонга юз дармон етар.

Неча юз бора Қазо йўлдан урар,
Сен учун юксакда чодир ҳам қурар. 1260

Сен карам деб англагин, қўрқитса гар,
Элтадир нурли маконга бехатар.9

Йўқ бу сўзнинг охири, кетдик узоқ,
Шер-қуённинг қиссасига сол қулоқ.

————————
1 – “Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар (халифаликка биз ҳақдирмиз деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 31-оят).

“Аллама-л-асмо раг” – “Барча нарсаларнинг исмларини ўрганган”.

2 – Мубаддал – ўзгармаслик маъносида.

3 – “Ана у – қўлингдаги нимадир, эй Мусо?!” (Мусо) деди: “У асойим, унга таянурман ва у билан қўйларимга (барг) қоқиб берурман. Чна унда бошқа ишларим ҳам бор”. (Оллоҳ) айтди: “Уни (Ерга) ташлагин, эй Мусо!”. Бас, (Мусо) уни ташлаган эди, баногоҳ (мўъжиза юз бериб), у юрадиган – жонли илон бўлиб қолди”. (Қуръони карим, “Тоҳа” сураси, 17-20-оятлар).

4 – “Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни, пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: “Мен Парвардигорингиз эмасманми?” деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: “Ҳақикатан, Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз”, деганларини эсланг!…” (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 172-оят).

5 – “Барча-барча фаришталар унга (яъни, Одамга) сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилувчилар билан бирга бўлишдан бош тортди”. (Қуръони карим, «Ҳижр» сураси, 30-31-оятлар).

6 – “…Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 121-оят).

7 – Оллоҳ яқинлашишни тақиқлаган нарса узум, анжир ё буғдой эканлиги хусусида шориҳлар аниқ бир тўхтамга келмаганлар. Румий уни буғдой деб қўллаган.

8 – “Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар ўзинг бизларни мағфират қилмасанг ва бизларга раҳм-шафқат кўрсатмасанг шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз”, дедилар”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 23-оят).

“Раббано инно заламно” – “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик”.

9 – “Энди ким (ҳаёти дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У Зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса; У ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур”. (Қуръони карим, «Ван-Нозиот» сураси, 40-41-оятлар).

ҚУДУҚҚА ЯҚИНЛАШГАНДА, ҚУЁН ШЕРДАН ОРҚАДА ҚОЛГАНИ

Шер яқинлашгач қудуққа, ногаҳон
Орқага ўзни атай тортмиш қуён.

Шер деди: “Қолдинг нечун ортда бу дам?
Ортда қолма, олдга туш, тез қўй қадам!”

Деди: “Титрар қўл-оёғим бемадор?
Кетди жоним қийналиб, титрайди зор. 1265

Кўр, синиқ рангимда йўқ рангдан асар,
Ички ҳолимдан берар рангим хабар”.

Юзда Ҳақ қалбингда борин англатар,
Ташлагай ҳар чеҳрага ориф назар.1

Қўнғироқдай рангу ҳид ошкор қилар,
Кишнагач, от отлигин ҳамма билар.

Аслидан бергай хабар ҳар бир садо
Эшигу эшшак овозин фарқла то.

Дер Расул одам таниш ҳақда аён:
“Маръу махфиййун ладай таййа-л-лисон”. 2 1270

Рангу рўй ошкор этар дил ҳолатин,
Марҳамат қил, дилга меҳрим жойлагин.

Қирмизи юзларда соғлик, шукри бор,
Заъфарон юзларда бор сабру қарор.

Мендадир ул қўл-оёқ кесгувчи ҳам,
Рангу рўй, қувватни тез элтгувчи ҳам.

Қайга борса, синдирар ул барисин,
Ҳар дарахтни ҳам қўпоргай тагидин.

Мендадир ул, улки – ундан бенажот
Одамий зот, ҳайвонот, бор мавжудот. 1275

Жузв эрур не, куллиётга бирлашар,
Сарғаяр ранглар, фасодлар ҳидланар.

Гоҳ шукру тоқат айлар гоҳ жаҳон,
Боғ мисоли, гоҳ яшилдир, гоҳ хазон.

Офтоб балқиб чиқаркан оташин,
Лаҳза ўтмай боши хам ботгай тағин.

Порлаган юлдузлар осмон тоқида
Гоҳ чиқиб, ботмоққа маҳкум гоҳида.

Ой эрур юлдузданам соҳибжамол,
Гар тутилса – сил, қолар ундан хаёл. 1280

Гарчи ер одоб билан жим тин олар,
Зилзила гоҳ қалбига ларза солар.

Қанча тоғлар бул бало келган сайин,
Майда-майда бўлди буткул қумдайин.3

Жонга ҳамдам эрса-да гарчанд ҳаво,
Шум вабодай тарқалар, етгач Қазо.

Сув ёқимли, жонга бахш айлар ҳаёт,
Бўлса кўлмак, сарғаяр, аччиқ, фасод.4

Кеккайиб оташ ҳавога бўй чўзар,
Сал шамол эсгай агар, дарҳол сўнар. 1285

Мавжланиб, туғёнда дарё жўшса гар,
Унда, боқ, ҳар лаҳза жон ҳам ўзгарар.

Айланишдир ҳар нафас чарх матлаби,
Ҳоли ҳам фарзандларин ҳоли каби.

Гоҳ баланд, гоҳ ўртача, гоҳ паст елур,
Бахту шумлик қаърида ғиж-ғиж эрур.5

Борлигинг, эй, жузв, эрур кулл боридан,
Бўлгин огоҳ барча аслинг ҳолидан.

Куллиётга ранжу оғриқ бўлса хос,
Жузви қандоқ бўлгуси ғамдан халос? 1290

Бир-бирига зид улар таркиби ҳам,
Сув, олов, тупроқ, шамолдан бўлди жам.

Не ажабдир, қўйга бўри ёқмаса,
Бул ажаб, қўй кўнгли бўри хоҳласа.

Зиддиятлар сулҳидир ушбу ҳаёт,
Сулҳ аро жанг қўзғагай доим мамот.6

Шер, эшак Ҳақ лутфидан бўлмиш иноқ,
Икки бул зид бирлиги ҳайратлироқ.

Бул жаҳон зиндону бемор шул сабаб,
Ул завол топгувчи бўлса, не ажаб? 1295

Шул йўсин шерга қуён пандлар атаб,
Деди: “Ортда қолганимга шул сабаб”.

——————————
1 – “(Садақот-эҳсонлар) Оллоҳнинг йўлида тўсилган (яъни, ўзларини ушлаган), бирор ерга сафар қилишга қодир бўлмайдиган, қаноатлари сабабли, билмаган одамга бой-бадавлат бўлиб кўринадиган фақир-камбағаллар учундир. Уларнинг (фақирликларини) сиймоларидан билиб оласиз…” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 273-оят).

“Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни, жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: “Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган – истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмайдилар”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 46-оят).

2 – “Маръу махфиййун ладай таййа-л-лисон” – “Инсон тили остида яшириндир”, яъни, “Инсон ўз кийими остига эмас, ўз тили остига яширинган бўлади”. (Ҳадис).

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз хоҳласак, албатта Сизга уларни (мунофиқларни) кўрсатиб-танитиб қўйган бўлур эдик, у ҳолда Сиз уларни (Биз белгилаб қўйган) белги-аломатларидан таниб олган бўлур эдингиз. (Қасамки, энди) албатта Сиз уларни (улар сўзлаётган — зоҳири иймонга далолат қиладиган, ботини эса куфр бўлган) сўз оҳанг-услубидан таниб олурсиз. Оллоҳ сизларнинг (барча) амалларингизни билиб турур”. (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 30-оят).

3 – “(У Кунда) Ер (қаттиқ) ларзага келди; тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланди ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолдингизлар”. (Қуръони карим, «Воқеа» сураси, 4-7-оятлар).

4 – “Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни, осмонлардан ёғин эмас, Ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни, осмондан ёғин ёғдириб, Ердан гиёҳ ундирганимизни) ва сувдан барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам (яъни, Яратгувчи ва Бошқариб тургувчи Ягона Оллоҳ борлигига очиқ далолат қилиб турган мана шундай далиллардан кейин ҳам) иймон келтирмайдиларми?” (Қуръони карим, «Анбиё» сураси, 30-оят).

5 – “Агар (бугун — Уҳудда) сизларга жароҳат етган бўлса, (Бадр жангида) у қавмга ҳам худди шундай жароҳат етган. (Токи ибрат бўлсин деб) ва Оллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни, ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз…” (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 140-оят).

6 – “Агар Оллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан дафъ қилиб турмас экан, шубҳасиз, Ер фасодга дучор бўлади…” (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 251-оят).

ШЕР ҚУЁНДАН ОРҚАДА ҚОЛГАНИНИНГ САБАБИНИ СЎРАГАНИ

Шер деди: “Менга ғаразми ё сабаб?
Шул қизиқтиргай мени, эй, беадаб!”.

Деди: “Ул шер шул қудуқ ичра яшар,
Унга бул – қалъа, балодан бехатар”.

Кимки оқил, чоҳни айлар ихтиёр,
Чунки, кўнгил поклиги хилватда бор.

Чоҳ туби хулқ зулматиндан яхшироқ,
Хулқини тийгувчи жон қолгуси соғ. 1300

Деди: “Кел, кўр чоҳда шер бор-йўқлигин,
Битта зарбим-ла келар қон бўғзидин”.

Деди: “Мен куйганман ул озоридан,
Лек, мени бағрингга олсанг, розиман.

Эй, карам кони, паноҳсан сен агар,
Сўнг қудуққа ташлагайдирман назар”.

ШЕРНИНГ ҚУДУҚҚА ҚАРАБ, ҚУЁННИНГ ҲАМДА ЎЗИНИНГ АКСИНИ КЎРГАНИ

Шерни англаб бир паноҳ янглиғ қуён,
Сўнг қудуқ ёнга югурмиш бегумон.

Боқди икковлон қудуқ ичра шу кез,
Шеру ўз акси намоён бўлди тез. 1305

Кўрди Шер сув ичра тунд афтин шу дам,
Ёнида дўмбоқ қуён аксини ҳам.

Сувдаги ёв аксини кўргач аён,
Ул томон отди ўзин, қолмиш қуён.

Чоҳ қазиб, ўзи йиқилмиш чоҳига,
Қайтди қилган зулми ҳам ўз бошига.

“Бўлди золим зулми мазлум чоҳлари!”1
Шундайин деб сўйламиш доно бари.

Кимки золим, чоҳининг ҳам ваҳми бор,
Дер адолат: Ҳар амалнинг ажри бор.2 1310

Эйки, зулм айлаб қазийсан чоҳ мудом,
Тиклагайсан сен ўзингга тўру дом.

Чирмагайсан ўзни пиллақуртга хос,
Ковлаган чоҳингни қил қаддингга мос.

Ҳар заифни чорасиз деб билмагил,
Сен ўқи “зожоа насруллоҳ” – далил.3

Фил эсанг гар, душманинг – қўрқув аро,
Етгуси “тайран абобил”дан жазо4

Ерда нолиб, гар заиф сўргай нажот,
Қўзғалар Кўк лашкари ҳам шул заҳот. 1315

Кимгаким сендан бирор озор етар,
Сенга озор етса, ҳолинг не кечар?

Чоҳда ўз аксин кўриб шер, қаҳридан,
Аксини фарқ қилмади ёв аксидан.

Аксини ёв акси деб қилмиш хаёл,
Ноилож ўз кўксига тиғ урди лол.

Кўп зулм кўрсанг бировдан ногаҳон,
Одатинг бордир уларда, эй, фалон!

Сувратинг ул суврати ичра турар,
Мастлигу зулму нифоқингдир улар. 1320

Бағрин ўз зарби билан тилган ўзинг,
Лаънатинг тўрига интилган ўзинг!5

Лек, ўзингга айбларинг ошкор эмас,
Йўқса, айлардинг ширин жонингга қасд.6

Сен ўзингга ҳамла қилдинг, содда, ғўр!
Ковлагандай шер ўзига, худди, гўр!

Қилмишинг қаърига боқсанг ногаҳон,
Сен ўзинг нокаслигинг бўлгай аён.

Шерга маълум бўлди чоҳнинг қаърида:
Ўзгамас, қилмиш ҳужум ўз аксига. 1325

Кимки ожизлар тишин синдирса гар,
Кўзи кўр, Шер сингари қинғир кўрар.

Эй, амакин аксида кўргувчи доғ,
Ул амакингмас, ўзинг, афтингга боқ.

Барча мўмин бир-бирига кўзгу, бил,
Бул Паямбардан ривоят ҳам далил.7

Кўзга тақсанг кўк кўзойнак, ул сабаб,
Сенга олам кўк кўринса, не ажаб?

Бўлмасанг кўр, бил у кўклик сендадир,
Бил, ёмон сен, ўзгаларни кам гапир! 1330

Бўлмаса “янзур бинуриллоҳ”8 агар,
Нури Ғайб мўминга бўлгайми назар?

Сен агар “янзур бинориллоҳ”9сан,
Ажратолмасдинг қарони оқдан.

Андак-андак сувни ул оташга ур,
Эй, ҳазин қалб, оташинг бўлгунча нур.

Пок сувингдан сепгин, эй, Парвардигор!
Токи олам ўти бўлсин нурга ёр!

Қанча дарё бўлса, фармонингдадир,
Эй, Худованд, сув ва ўт жонингдадир. 1335

Хоҳласанг, ўт тотли сувдир дафъатан,
Хоҳламас эрсанг сув ўтдир қайтадан.

Не талаб бор бизда – ижодинг эрур,
Кетса гар зулм, адлу эҳсонинг эрур.

Беталаб бизга талаб қилдинг ато,
Беҳисоб эҳсонни кўрдинг Сен раво.10

————————
1 – “Зулмдан қўрқинглар, чунки, зулм Қиёмат кунидаги зулматдир”. (Ҳадис)

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аҳли Китоб Сиздан кўкдан бир Китоб туширишингизни сўрайди. Мусодан бундан ҳам каттароқ нарсани сўраган эдилар: “Бизга Оллоҳни очиқ кўрсат!”, дейишган эди. Шунда золимликлари сабабли уларни чақмоқ урган эди. Сўнгра уларга аниқ-равшан ҳужжатлар келганидан кейин эса бузоқни худо қилиб олишди. Буни ҳам авф этдик ва Мусога очиқ ҳужат ато этдик”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 153-оят).

“(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) авф қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Оллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас”. (Қуръони карим, “Шўро” сураси, 40-оят).

3 – “Иза жаа насруллоҳи вал фатҳ”– “ (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Оллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса”; (Қуръони карим, «Наср» сураси, 1—оят).

4 – “У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб; Уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!” (Қуръони карим, «Фил» сураси, 3-4-оятлар).

“Тайран абобил” – “Тўп-тўп қушлар”.

5-6 – “(Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик Оллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингдандир. (Яъни, ўзингнинг қилмишинг сабабли Оллоҳ сени ўша балога гирифтор қилган)”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 79-оят).

7 – “Мўмин мўминнинг кўзгусидир, мўмин мўминнинг биродаридир, ёддан чиққанини ёдга туширади, камчилигини қоплайди; моли, жони ва ор-номусини ҳимоя қилади”. (Ҳадис).

8 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳнинг нурини кўргувчи”. “Мўмин кишининг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар, чунки, у Оллоҳ нури билан қарайди” ҳадисига ишора.

9 – “(Эй инсон), чил-парчин қилгувчи нима эканлигини сен қаердан билар эдинг?! (У) Оллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур!” (Қуръони карим, «Ҳумаза» сураси, 6-7-оятлар).

“Янзур бинориллаҳ” – “Оллоҳнинг оловини кўргувчи”.

10 – Довуд (а.с) дедилар: “Эй, Парвардигорим, нега Сен одамзодни яратдинг?”. У деди: “Мен махфий бир хазинаман, Мени билмоқликларини истадим ва Мени билмоқликлари учун одамларни яратдим”. (Ҳадис).

ҚУЁННИНГ: “ШЕР ҚУДУҚҚА ТУШИБ КЕТДИ” — ДЕБ ҲАЙВОНЛАРГА ХУШХАБАР ЕТКАЗГАНИ

Сўнг қуён, даф бўлди деб хавфу хатар,
Чопди ҳайвонлар томон даштга қадар.

Чоҳда шернинг ўлигин кўргач қуён,
Чопди ўтлоқ ёнга қувнаб, шодмон. 1340

Қолди деб жони омон, қарсак чалиб,
Ўйнамиш шод шоху баргдай айланиб.

Шоху барглар чиқса хок зиндонидан,
Бош чиқаргач, суҳбат айлар ел билан.

Барглар шохни ёриб чиққай агар,
Сўнг дарахтдан ҳам баландга бўйлашар.

“Шатъуҳу” алфозида Ҳаққа сано,
Шукрини ҳар мева, барг айлар бажо:1

“Аслимизни парвариш қилди Худо,
То йўғон танли дарахт бўлсин бино”. 2 1345

Жонимиз эрди асир хок, сув аро,
Яйрагай бўлганда хок, сувдан жудо.

Ҳис қилиб Ҳақ ишқини рақсон бўлар,
Ҳам тўлин ойдай у бенуқсон бўлар.

Жисми рақс айлайди, сўрма жонидан,
Жонга ким парвона, сўрма ҳолидан.

Тиқди зиндон ичра шерни ул қуён,
Бўлди бекор шердаги шавкат ва шон.

Бўлса ҳам шарманда, истарди, ажаб,
“Фахри дин” деб токи қўйсинлар лақаб. 1350

Эйки, сен шерсан қудуқ ичра асир,
Тўкди қонингни қуён – нафсинг, ахир!

Нафс – қуён шод ўтлагай саҳросида,
Сен эса қолдинг “надир”, “не” чоҳида!

Чопди ҳайвонлар томон ул шергир:
“Ибширу ё қавму из жоа-л-башир”.3

Хушхабар, эй, айшу ишрат қуллари!
Кетди дўзахнинг ити дўзах сари!

Мужда бўлсин, жонга душман қилмишин
Хушламай Холиқ, суғурмиш бор тишин. 1355

Улки, не бошларни янчди панжаси,
Хасдайин элтмиш ажалнинг хаскаши.

—————————-
1-2 – “… Мана шу (яъни, кофирларга қаҳрли, мўминларга меҳрли бўлиш ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни, Тавротда ҳам Оллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ухшайди…” (Қуръони карим, «Фатҳ» сураси, 29-оят).

Шатъуҳу – новдалар, шохлар

3 – “Энди қачонки хушхабарчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлагач, унинг кўзлари очилди. “Сизларга мен Оллоҳнинг (Меҳрибон, Раҳмли эканлиги ҳақида) сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим”, деди у”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 96-оят).

“Ибширу ё қавму из жоа-л-башир” – “Эй, қавм, қувон, қувончдан дарак келди!”. (Бу сатр Анварийнинг “Қувонинг, эй Нишопур аҳли, келган бўлса қувончдан дарак” сатрининг бироз ўзгартирилган кўриниши бўлиши мумкин).

ҲАЙВОНЛАРНИНГ ҚУЁН АТРОФИНИ ЎРАБ ОЛИБ, УНГА ҲАМДУ САНО АЙТГАНЛАРИ

Барча ҳайвонлар шу он жам бўлдилар,
Шоду хандон завқу шавққа тўлдилар.

Қуршамишлар улни мисли шам билиб,
Қилдилар таъзим бажо, сажда қилиб.

Дедилар: “Айт, сен фаришта ё пари?
Йўқ, у шер жонин ўзингсан ханжари!

Сенга қурбон жонимиз, ким бўлмагин,
Шерни енгган қўлларинг дард кўрмасин! 1360

Қилди Ҳақ бул сувни сойингда равон,
Сенда бор қўл ҳам билакка садқа жон!

Қўлладинг қандай макр, айт очиғин?
Шерни қандоқ маҳрум этдинг жонидин?

Сўйлагин, то дардимиз дилдан суғур,
Сўйлагин, то жонимиз топсин ҳузур.

Сўйла, ул золим ва бадкирдору шум
Жонимизга айламиш не-не зуғум.

Деди: “Бул Ҳақдан мададдир бегумон!
Йўқса, ким бўпти жаҳонда бир қуён! 1 1365

Дилга нур берди, этиб бахш қурбидан,
Қўл-оёқ куч олди кўнгил нуридан.2

Келса, Ҳақдан келгуси бор яхши иш,
Юз берар, Ҳақ қўлласа, бор ўзгариш.

Келса вақт, бергай мадад Қодир Эгам,
Ҳам назар аҳли, гумон аҳлига ҳам.

———————
1-2 – “Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур”. (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 7-оят).

ҚУЁННИНГ ҲАЙВОНЛАРГА: “БУ ҲОЛДАН ОРТИҚЧА ҚУВОНМАНГЛАР” — ДЕБ НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ

Бўлма шод, кўр мулкниким, навбатли ул,
Қилма эрк даъвосин, эй, навбатга қул.

Мулкки, таннинг навбатиндан яхши гар,
Етти юлдуздан бурун навбат олар. 1370

Улки навбатдан баланд, Шоҳдир абад,
Руҳга соқийдир бу даврон беадад.1

Кўрмасанг дунё майин бир он татиб,
Хулд2 шароби айлагай сенга насиб.

—————————
1 – “Уларнинг устларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безангандирлар ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб билан суғоргандир”. (Қуръони карим, «Инсон» сураси, 21-оят).

2 – Хулд – мангу жаннат.

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: “Шу (дўзах) яхшироқми ёки тақводор зотларга ваъда қилинган мангу жаннатми?!” У (яъни, жаннат тақводорлар) учун мукофот ва оқибат – борар жой бўлди”. (Қуръони карим, “Фурқон” сураси, 15-оят).

034

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan to’rtinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

AZROYIL ALAYHISSALOMNING BIR KIMSAGA NAZAR SOLGANI,
UL KIMSANING QOCHIB, SULAYMON ALAYHISSALOM HUZURIGA
BORGANI VA TAVAKKULNING JAHDDAN
USTUNLIGI, JAHDDAN FOYDA KAMLIGI BAYONI

Bo’ldi bir sodda kishi tushga tomon,
Shoh Sulaymonning huzuriga ravon.

Sarg’ayib g’amdan, ko’karmish ikki lab,
Shoh Sulaymon so’rdi: “Xoja, ayt, ne gap?”

Dedi: “Azroyil nazar solmish chunon,
Kin-g’azab birlan, solib dilga gumon”.

Dedi: “Xo’sh, ne istaging? Qilgin zuhur”,
Dedi: “Ey, sen, jonpanoh, yelga buyur,

Meni eltsin toki Hindiston tomon,
Shunda jonim, ehtimol, qolgay omon”.1 960

Xalq faqirlikdan qochib, beixtiyor,
Maylu orzu domiga bo’lgay duchor.

Faqridan qo’rqib, tushar vahm joniga,
Hamda Hindistonga qochgan holiga.

Yelga amr etgach Sulaymon ushbu kez,
Eltdi yel ul zotni Hindistonga tez.

Erta kun kelganda nogoh yuzma-yuz,
Shoh Sulaymon Azroyilga qotdi so’z:

“Bir musulmonga solib noxush nazar,
Ne uchun sho’rlikni etding darbadar?” 965

Dedi: “Unga boqmadim dushmanga xos,
Uchratib yo’lda, ajablandim, xolos.

Chunki, Olloh yo’llamish farmonini,
Ol bugun Hind shahrida deb jonini.

Lol edim, yuzta qanoti bo’lsa ham,
Hind eliga ul yetolmasdi bu dam”.

Qil jahonning ishlarin shunday qiyos,
Och ko’zingi kattaroq, o’yla biroz:

Ayt, qochaylik kimdan? O’zdan? Bul mahol!
Biz kechaylik kimdan, ayt? Haqdan? Uvol! 970

—————————
1 – “Agar Olloh bandasining biror joyda o’lim topishini hukm etsa, U o’sha bandaga ehtiyoj tug’diradi”. (Hadis).

SHERNING YANA JAHDNI TAVAKKULDAN USTUN QO’YGANI VA JIDDU JAHDNING FOYDALARINI BAYON QILGANI

Sher dedi: “Xo’p, gaplaring ma’qul, biroq,
Anbiyo va mo’minin jahdiga boq.

Tortdilar issiq-sovuqlar jabrini,
Berdi Haq barcha savoblar ajrini.

Hiyla ham tadbirlari erdi latif,
“Kullu sha’y’in min zarifin hu zarif”.1

Domlari ko’k qushlarin tutmish qator,
Nuqsidan ezgu amal topmish qaror.

Ey, ulug’vor, aylagin jahd, qo’llagin
Anbiyoyu avliyoning yo’llarin. 975

Bil, qazo birlan olishmoq jahd emas,
Jahdni ham bizga qazo etgandi kasb.

Kofir o’lgum, ko’rgan ersa kim agar,
Toatu iymon yo’linda bir zarar.2

Bog’lama boshni yorilmasdan burun,
Mangu shod bo’l, jahd qilib bir-ikki kun.

Izlagay dunyo, mahol3 axtarsa kim,
Izlar uqbo, 4 yaxshi hol axtarsa kim.

Chora dunyo kasbida noqis erur,
Tarki dunyo faslida joiz erur. 980

Choradir zindonni teshmoq, kovlamoq,
Choradir ham o’sha yo’lni bog’lamoq.

Bul jahon zindonu biz zindon aro,5
Tesh u zindonni, xalos qil o’zni to.

Ne bu dunyo? Haqdan olis on erur,
Na mato, na yoru na mezon erur.6

Din yo’linda aylasang molni qabul
“Ne’ma molun solehun”7 dermish Rasul.

Kema ichra to’lsa gar suv, cho’ktirar,
Kema ostin suvlari xavf to’sdirar. 985

Quvlagach mol-mulk xayolin birma-bir,
Shoh Sulaymon anglamish o’zni faqir.

Ko’za suv uzra suzar, gar og’zi berk,
Qa’rida qolgan havo asraydi, lek.

Qalbda darvishlik havosi kimda bor,
Bul jahon suvi uza topgay qaror.

Garchi bor olam matohi undadir,
Etmagay ko’ngil, nigohin mulk asir.

Bos muhr, dil og’zini bog’lab butun,
Unga to’ldir pok havodek “min ladun”. 8 990

Jahd erur haq, ham davo haq hamda dard,
Foyda ko’zlar munkir, aylab jahdni rad.

————————
1 – “Kullu sha’y’in min zarifin hu zarif”– “Neki zarif tomonidandir, ul narsa zarifdir”.

2 – “Mana shu Ollohning (belgilab qo’ygan) hadlaridir. Kim Olloh va Uning Payg’ambariga itoat etsa, (Olloh) uni ostidan daryolar oqib turadigan jannatlarga kiritib, o’sha joyda abadiy (hayot baxsh etar). Va bu buyuk saodatdir”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 13-oyat).

3 – Mahol – mumkin bo’lmaydigan ish.

4 – Uqbo – Oxirat.

5 – “Bu dunyo mo’min uchun jahannam zindoni, kofir uchun esa jannatdir”. (Hadis).

6 – “Bilinglarki, bu hayoti dunyo faqat (bir nafaslik) o’yin-kulgi, zeb-ziynat, o’rtalaringizdagi o’zaro maqtanish va mol-dunyo hamda farzandlarni ko’paytirishdir, xolos… “ (Qur’oni karim, «Hadid» surasi, 20-oyat).

7 – “Ne’ma molun solehun” – “Solih mol o’shaldir”.

“Solih mol solih kishi uchun nechog’lik yaxshi mulkdir”. (Hadis).

8 – Min ladun – Ilohiy ilmlar.

JAHDNING TAVAKKULDAN USTUN EKANLIGI MUQARRAR BO’LGANI

Sher shu zayl keltirdi ko’p isbot-dalil,
To’ydi jabriylar, javob tinglab dadil.

Tulkiyu shoqol, kiyik birlan quyon,
Kechdilar jabriyligindan begumon.

Bog’lamishlar sher bilan ahd ikki yon,
Ko’rmas erdi bul bitimdan sher ziyon.

Luqmasin oson yutardi bunda sher,
Hojati yo’q erdi ko’p to’kmoqqa ter. 995

Qur’a har kun kimga tushgay nogahon
Ovchi itday pildirardi sher tomon.

Aylanib bul jom quyonga yetgan on,
“Ne jabr bul?” deb fig’on tortmish chunon.

SHER OLDIGA BORISHNI PAYSALGA SOLGANI UCHUN HAYVONLARNING QUYONGA TANBEH BERGANI

Dedi hayvonlar: “Necha yildan buyon
Buzmadik ahdu vafoni hech qachon.

Sha’nimizni bulg’ama, bosh tortma, tur,
Toki ranjib qolmasin sher, tez yugur”.

QUYONNING ULARGA JAVOBI

Dedi: “Ey, do’stlar, bering muhlat biroz,
Makrimiz bo’lsin baloga e’tiroz. 1000

Makr etay, ketmang o’lib bekorga siz,
Qolsin ul avlodga to merosimiz”.

Ummatiga har nabiy lahza sayin
O’rgatar erdi xaloslik yo’llarin.

Gar falakda ko’rdilar yo’l ushbu chog’,
Har nigohda to’ldilar misli qarog’.

Xalq ularni goh pisand qilmas edi,
Ko’z qarog’in kengligin bilmas edi.

QUYONNING SO’ZLARIGA HAYVONLARNING E’TIROZ BILDIRGANI

Dedilar: “Eshshakquloq, tingla bu on,
Sen quyondirsan, o’zingni bil quyon. 1005

Bul nechuk lofdirki, sendan-da kabir
O’yiga keltirmagan, o’ylab gapir!

YO qazomiz yetdi yo qo’zmish jining,
Yo’qsa, bul g’avg’oga sen loyiqmiding?”

QUYONNING HAYVONLARGA JAVOBI

Dedi: “Do’stlar, Haq ilhom yo’llamish,
Kuch berib, mendek zaifni qo’llamish”.

Ulki Haqdan olmish ari iqtidor,
Qurbi na sherda va na eshshakda bor.1

Ochdi Haq unga ilmlar eshigin,
Shul sabab tozza asaldan qurgay in. 2 1010

Haq ipak qurtiga o’rgatmish hunar,
Qaysi fil topgay bu tadbirdan xabar?

O’rganib Haqdan ilm, xokiy Odam,
Sochdi yog’du yetti qat osmonga ham.3

Sindirib ne-ne malakning nomusin,
Haqqa kim keltirsa shak, oldirdi tin.

Olti yuz ming yoshli zohid ochsa lab,
Bir buzoqdek qo’ydi og’zin no’xtalab.4

Tuymasin to din sutin ta’min sira,
Kezmasin oliy qasr atrofida. 5 1015

No’xta bo’lmish ilmi his ahli uchun,
Ichmagay oliy ilmning pok sutin.

Tomdi ko’ngil qatrasiga bir guhar,
Ul na ummonga va na ko’kka tushar.6

Buncha suvrat deysan, ey, suvratparast?
Ma’nisiz joningga suvratdir qafas.

Odamiy suvrat bari bo’lmas asil,
Bo’lmagay bir xilda Ahmad, Bu Jahl.

Xuddi, devor naqshi Odam shaklidek,
Ayt, qarab sen, unda ne yetmaydi, lek? 1020

Anglagil, suvratda kam bir jonidir,
Bor, o’shal noyob guhar, durni qidir.

E’tibor topganda As’hof itikim,7
Barcha olam sheri boshin egdi jim.

Bormi manfur naqshidan hech bir zarar?
Joni nur daryosida g’arqdir agar.

Izlamay suvrat sanosin xomadan,
“Olim”u “odil”ni topgil nomadan.

“Olim”u “odil” iborat ma’nidan,
Topmagay hech kim makon ust-qa’ridan. 1025

Lomakondan tan taraf yelgay u tez,
Jon quyoshi sig’magay ko’kka bu kez.

———————-
1-2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Parvardigoringiz asalariga vahiy-amr qildi: «Tog’larga, daraxtlarga va (odamlar) quradigan inlarga uya solgin. So’ngra turli mevalardan yeb, Parvardigoring (sen uchun) oson-qulay qilib qo’ygan yo’llardan yurgin!». Uning qornidan alvon rangli ichimlik-asal chiqur. Unda odamlar uchun shifo bordir. Albatta bu ishda (ya’ni, shu mitti jonivorning ham odamlar uchun xizmatkor qilib qo’yilishida) tafakkur qiladigan qavm uchun oyat – ibrat bordir”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 68-69-oyatlar).

3 – “Va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ngra ularni farishtalarga ro’baro’ qilib dedi: “Agar (xalifalikka biz haqdirmiz degan) so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini Menga bildiringlar!”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 31-oyat).

4 – Bu yerda Iblis nazarda tutilgan.

5 – “Zotan, qanchadan-qancha zolim – kofir bo’lgan hollarida biz halok qilgan, bas, tomlari (yiqilib) huvillab qolgan qishloq-shaharlar, (qancha) tashlandiq quduqlar va yuksak (lekin kimsasiz) qasrlar bordir”. (Qur’oni karim, «Haj» surasi, 45-oyat).

6 – “Albatta Biz bu omonatni (ya’ni, Shariati Islomiyyadagi toat-ibodatlarni) osmonlarga, Yerga va tog’u toshlarga ko’ndalang qilgan edik, ular uni ko’tarishdan bosh tortdilar va undan qo’rqdilar. Inson esa uni o’z zimmasiga oldi. Darhaqiqat, u (o’ziga) zulm qilguvchi va nodon edi (ya’ni, bu omonatning naqadar vazmin yuk ekanligini butun koinot bildi va uni ko’tarishga qurbi yetmasligini sezdi, ammo inson o’zi bilmagan holda o’ta mushkul vazifani o’z zimmasiga oldi)”. (Qur’oni karim, «Ahzob» surasi, 72-oyat).

7 – “Uyquda ekanlar, (ko’zlari ochiq bo’lgani uchun) sen ularni uyg’oq deb o’ylarsan. Biz ularni (badanlaridan Yerga tngib turgan tomoni chirib ketmasligi uchun) o’ng tomon, so’l tomonga aylantirib tururmiz. Ularning itlari esa oldi oyoqlarini ostonaga yozib yotur. Agar ularning ustidan chiqib qolsang (va ko’zlari ochiq holda u yondan-bu yonga ag’darilib yotganlarini ko’rsang), ularning (ahvolidan) dahshatga tushib yuz o’girib qochgan bo’lur eding”. (Qur’oni karim, “Kahf” surasi, 18-oyat).

QUYONNING DONOLIGI, ILMNING FAZILAT VA FOYDALARI BAYONIDA

Ushbu so’zning so’ngi yo’q, bo’l hushga yor,
Ber quyonning qissasiga e’tibor.

Sot bu eshshakning qulog’in, tinglamas,
Chunki, eshshak bul kalomni ilg’amas.

Ko’r quyonning tulkilarcha hiylasin,
Sherni qanday domiga ildirganin.

Ilm erur mulki Sulaymondan nishon,
Barcha olam suvratu ilm unga jon. 1 1030

Qancha daryo, qancha tog’u qancha qir
Odamiy zot ilmidan bechoradir.2

Sheru yo’lbars qo’rqadir sichqonsimon,
Dengiz ichra qo’rqadir kitlar chunon.

Dev, pari qochmish odamzod qoshidin,
Chekkalarda qoldi pinhon, yoshirin.

Odamiy zot dushmani ko’pdir nihon,
Oqil inson o’zni tiygay begumon.

Yoshirin maxluq savobu ayblari
Har nafas qalbga kirib borgay bari. 1035

Fusl uchun tushsang ariqqa nogahon,
Sanchilar tovonga suv ichra tikon.

Garchi pinhonu bilinmas borligi,
Senga sanchilsa bilingay xorligi.

Ohu vohu vasvasa ham ta’nalar,
Bir emas, minglab kishidan tarqalar.3

Sabr qil to hislaring bo’lgay badal,
So’ng ko’rarsan, mushkuling bo’lgusi hal.

Kim gapin rad qilganing bo’lgay ayon,
Kimni sarvar bilganing bo’lgay ayon. 1040

————————
1-2 – “ … Ayting: “Biladigan zotlar bilan bilmaydigan kimsalar barobar bo’lurmi?!”. Darhaqiqat, faqat aql egalarigina pand-nasihat olurlar”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 9-oyat).

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: «Men barcha insonlarning Parvardigoridan, barcha insonlarning Podshohidan, barcha insonlarning Ilohidan (menga) o’zi jin va insonlardan bo’lgan, insonlarning dillariga vasvasa soladigan vasvasachi (shayton)ning yomonligidan panoh berishini so’rab iltijo qilurman”. (Qur’oni karim, «An-Nos» surasi, 1-6-oyatlar).

HAYVONLARNING QUYONDAN FIKRINI OSHKOR ETISHNI TALAB QILGANI

Dedi so’ng hayvonlar: “Ey, chaqqon quyon,
Neki bor fikringda, qil oshkor-ayon.

Ey, quyon, Sherga yopishding sen bu payt,
O’y-xayolingda nadir? Fikringni ayt.

Mashvarat idrokli, hushyor bo’ldirar,
Bir aql boshqa aqlni to’ldirar.1

Dedi Payg’ambar: “Qil, ey, ahvoli tang
Mashvarat “almustashoru mu’taman”.2

—————————
1 – “ …Bas, ularni avf eting, ular uchun Ollohdan mag’firat so’rang va ishlaringizda ularga maslahat soling!…” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 159-oyat).

2 – “Almustashoru mu’taman” – “Sendan maslahat so’ragan kishining o’zi omonlik talabida bo’ladi”. (Hadis).

“Maslahat so’ralayotgan kishi ishonilgan odamdir. Demak, kimdan maslahat so’rasa, u o’zi qiladigan narsani maslahat bersin”. (Hadis).

QUYONNING O’Z SIRINI HAYVONLARDAN YASHIRGANI

Dedi: “Yo’q, oshkor qilinmas barcha sir,
Toq gahi juft, juft toq bo’lgusidir”.1 1045

Oynaning oldinda dam ursang uzun,
Pok nafas ham xiyra aylar ul yuzin.

Bul uchov naqlinda kam bo’lsin gaping:
Maqsading, mol-davlating ham maslaging.2

Ushbu uch holga juda ko’pdir g’anim,
Gar bilib qolsa, yo’ling poylaydi jim.

Kimgadir aytsang, siring-la qil vido,
“Kullu sirin jovaza-l-isnayni sho’”.3

Bog’lasang bir necha qushni jam qilib,
Zorlanar, yerda dilin qayg’u tilib. 1050

Bosh egib jim, sirli bir kengash tuzar,
So’ylashar maxfiy imo birlan ular.

Sirli kengashmish Rasul ham har safar,
Anglamish yorlar, tushunmay o’zgalar.

Pardalab aytardi fikrin o’sha choq,
Sezmasin deb to g’anim boshdan-oyoq.

O’z javobin olmish ul o’z qavmidan,
O’zgalar g’ofil savolin atridan.

————————-
1 – “Qachon ularga (jangga ketgan musulmon askarlar haqida) tinchlik yoki xavf-xatar (ya’ni, g’alaba yoki mag’lubiyat) xabari kelsa, uni yoyib yuboradilar…” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 83-oyat).

2 – “Yo’lingni, oltiningni va mazhabingni sir tut”. (Hadis).

3 – “Kullu sirin jovaza-l-isnayni sho’” – “Ikki kishidan ortiq kishi bilgan sir fosh bo’ladi”. (Maqol)

QUYONNING MAKRI QISSASI

Bir soat muddat kechikkancha quyon,
So’ng yetib kelmish u yirtqich sher tomon. 1055

Kechikib kelgach quyon, sher sherga xos
Yerni tirnab, na’ra tortdi gulduros.

Dedi: “Aytgandim, bu xaslar o’zi kim,
Ahdi xom, ojizligin bilgan edim.

Hiylasi eshshakdan ag’dargay chunon,
Bul falak aldaydi buncha ko’p yomon?”

Yer mudom nodon amirlar ta’zirin
Ko’rmasa burnin uchdan narisin.

Yo’l ravonu ostida domlar nihon,
Ma’nidan nomlarda yo’qdir bir nishon. 1060

Barcha lafzu barcha nomlar misli dom,
Umrimiz suvinda qum – totli kalom.1

Qumki, unda suv mudom qaynab, qizir,
Ul juda noyob, o’shal qumni qidir.

Kimki gar hikmattalab, uldir asos,
Har sabab tahsilidan bo’lgay xalos.

Lavhi Hofiz Lavhi Mahfuzga do’nar,
Aqli ruhdan bahramand, baxtlik bo’lar.3

Aqli ustoz erdi unga bir zamon,
So’ngra shogird bo’ldi, yurmish ul tomon. 1065

Der aql Jibril misoli: “Ahmado!
Bir qadam qo’ysam, yonib bo’lgum ado.

Bunda qoldir-da meni, oldinga yur,
Jonga sulton, bas, mening haddim shudir!”4

Kimki yalqov, sabri yo’qdir, shukri ham,
Ul bilar, jabriy tomon qo’ygay qadam.

Kim jabr qilgay, jabr ko’rgusidir,
Jabri unga qabriday bo’lgusidir.

Dedi Payg’ambar: “Kasallikka solar
O’zni kim, shamday so’nib, og’rib qolar.5 1070

Ne jabr? Singan siniqni boylamak,
YO uzuq paylarni payvand aylamak.

Gar oyog’ing sinmadi bul yo’lda, ayt,
Kimga kulgaysan, oyoq bog’lab bu payt?

Kim oyoq sindirsa jiddu jahd etib,
Qoshiga keldi Buroq darhol yetib.

Dinga homil erdi, bo’ldi mahmuli,
Qobili farmondan o’ldi maqbuli.

To bu dam Shoh amrini etmish qabul,
So’ng sipohlarga mudom yetkazdi ul. 1075

Amr etardi unga avval yulduzi,
Yulduziga so’ng amir bo’ldi o’zi.

Tashlasang chalkash nigoh birlan nazar,
Uyg’otar shak-shubha “inshaqqa-l-qamar”.6

Ey, havosin poklaguvchi noayon.
Ayla pok iymonni beso’z, bebayon.7

Kimki nafsi pok, uning iymoni kir,
Bul havo iymon eshigin qulfidir.

Pok kalomni sharh etarsan, endi, bas,
Aylagin o’zni bayon sen, so’znimas. 1080

Sharh etib Qur’onni o’z nafsingga mos,
Bo’ldi yuksak ma’nilar qing’ir, sayoz.8

—————————-
1 – “Kofir bo’lgan kimsalarning qilgan amallari esa sahrodagi sarobga o’xshaydi. Tashna odam uni suv deb o’ylar, to qachon uning oldiga kelgach, hech narsa emasligini ko’rur va Ollohni uning (ya’ni, qilgan amalining) oldida topur…” (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 39-oyat).

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Biz Sizdan (ya’ni, Sizni Payg’ambar qilib yuborishimizdan) ilgari ham (farishtalarni emas, balki ) faqat (Siz kabi) kishilarni – insonlarnigina O’zimiz tushirgan vahiy bilan (Payg’ambar qilib) yuborganmiz. (Ey mushriklar), agar (bu haqda) bilmaydigan bo’lsangizlar, ahli ilmlardan (ya’ni, Tavrot,va Injilni biladigan kishilardan) so’ranglar!” (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 43-oyat).

3 – “Yo’q, (ular yolg’on deyishayotgan narsa) Lavhul-Mahfuzdagi (ya’ni, har qanday buzilish va o’zgarishdan saqlangan — himoyalangan Lavhdagi) Buyuk Qur’ondir”. (Qur’oni karim, «Buruj» surasi, 21-22-oyatlar).

4 – “Vaqtiki sidrotul muntahoga yetdilar, Jibril (a.s) aytdilar: “Oldinga o’ting, ey, rasululloh! Chunki, men bu makondan o’ta olmayman, agar bir bo’g’im yaqinlashsam, kuyib ketaman”. (Hadis).

“Darvoqe, (Muhammad alayhis-salom Jabroil farishtani o’zining asliy suratida) ikkinchi bor (jannat) chetidagi Nilufar oldida ko’rdi”. (Qur’oni karim, “Va-n-najm” surasi, 13-14-oyatlar).

5 – “O’zingizni kasalga solmang, kasal bo’lursizlar, o’zingizga qabr kovlamang, o’lib qolursizlar” (Hadis).

6 – “Iqtarabatis-sa’atu vanshaqqal qamar” – “(Qiyomat) Soati yaqinlashib qoldi va oy ham bo’lindi”. (Qur’oni karim, «Qamar» surasi, 1-oyat).

7 – “Ey mo’minlar, Ollohga, Uning Payg’ambariga va O’z Payg’ambariga nozil qilgan Kitobga (Qur’onga) hamda U Zot ilgari nozil qilgan (barcha) Kitobga iymoningiz komil bo’lsin. Kimki Ollohga, farishtalarga, Kitoblariga, payg’ambarlariga va Oxirat Kuniga kofir bo’lsa, demak, u juda qattiq adashibdi”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 136-oyat).

8 – “…Ular (Tavrotdagi Muhammad alayhis-salomning Payg’ambar bo’lishlari haqidagi so’zlarini o’z o’rinlaridan o’zgartiradilar, o’zlariga eslatma qilib berilgan narsalardan esa (ko’p) hissasini unutib yuborganlar. (Ey Muhammad alayhis-salom), Siz mudom ular tarafidan qilingan biron xiyonat ustidan chiqasiz…” (Qur’oni karim, “Moida” surasi, 13-oyat).

“Kimki Qur’onni o’z ra’yi birla talqin etsa va haqiqatni buzsa, u adashganlardandir”. (Hadis).

“Kimki Qur’onni o’z ra’yi birla talqin etsa, bas, o’z o’rnini jahannamdan tayyorlab qo’yaversin”. (Hadis).

OJIZ PASHSHANING TOR DOIRADAGI TA’VILI 1

Pashsha eshshak siydiginda, xasda tek2
Erdi mag’rur, kemani boshqargudek

Dedi: “Men – daryo, qayiqdan bahramand,
Qildi bir lahza bu o’y fikrimni band.

Bul qayiq, daryo va men daryo aro
Mard qayiqchi hamda bir to’p benavo”.

Xuddi, dengizda suzardi sarsari,
Ko’rinar erdi mahobatlik bari. 1085

Cheksiz erdi siydik undan – ko’rgani,
Lek, haqiqatni ko’ruvchi ko’z qani?

Olamin ko’rgay o’zicha har nazar,
Ko’z nechog’lik ersa, dengiz shul qadar.

Noo’rin so’ylovchilar pashsha erur,
Vahmi eshshak siydigi, xasda erur.

Pashsha gar ojiz bayondan kechsa tez,
Baxt qushi hamroh bo’lar erdi shu kez.

Kimga bul ibrat erur, ul pashshamas,
Ruh baland suvratdan unda har nafas. 1090

—————————
1 – Ta’vil – izohlash, asl ma’nosiga qaytarish. Ayrim murakkab oyatlar mazmunini o’z bilimi doirasida izohlash. (“Islom entsiklopediyasi”, Toshkent, 2004)

2 – Tek – “faqat” ma’nosida.

KECHIKKAN QUYONDAN SHERNING FAZABLANGANI

Urdi sherga o’zni nogoh ul quyon,
Bastiga kelgaymi loyiq unda jon?

Derdi sher qahru g’azabdan beayov:
“Ko’z, qulog’im yo’lida yov bo’ldi g’ov.

Makri-la jabriy meni bandi qilib,
Ketdi jismimni yog’och tiyg’i tilib.

Makridan bo’lgum yiroq bundan buyon,
Bongi shayton bongidir, shovqin-suron”.

Ey, yurak, bir-bir ulardan po’stni shil,
O’zgamas po’stdan ular, yirt, pora qil”. 1095

Po’st nadir? Ul rang-barang so’z – tumtaroq,
Suvda bir ko’pik misol, qolmas uzoq.

Bu kalom po’chog’u ma’no mag’zidir,
Bul kalom suvrat va jon to’q ma’nidir.

Asragay sho’r mag’zni po’st o’z aybidan,
Yaxshi mag’z xilvat topar G’ayb g’ayridan.

Ersa suvdan har qog’oz, yeldan qalam,
Neki yozgaysan, fano topgay shu dam.

Gar vafo suv naqshidan qilsang talab,
Tishlagaysan bir kuni barmog’u lab. 1100

Bo’lsa xalq orzu-havosi yel agar,
Kech havodan, bergusi Hu1 xush xabar.

Kirdigor payg’omi xushdir ham go’zal,
Chunki, boshdin to oyoq poydor o’shal.2

Shohu sulton xutbasi qolmas, faqat,
Anbiyoning xutbasi qolgay abad.3

Chunki, shohlar shavkati – hoyu havo,
Anbiyoning faxri o’lgay Kibriyo.

Barcha shoh ismi diramdan ko’chdi to,
Qoldi Ahmad nomi boqiy, bebaho. 1105

Anbiyoning ismi bir Ahmadda jam,
Kelsa yuz, kelgay uning to’qsoni ham.4

————————
1 – Hu – Olloh.

“Va u (sizlarga keltirayotgan Qur’onni) o’z havoyi-xohishi bilan so’zlamas. U (Qur’on) faqat (Olloh tomonidan Payg’ambarga) vahiy qilinayotgan (tushirilayotgan) bir vahiydir. (Qur’oni karim, “Va-n-najm” surasi, 3-4-oyatlar).

2 – “Parvardigoringizning So’zlari sidqu adolatda komil bo’ldi. Uning So’zlarini biron o’zgartirguvchi yo’qdir. U Eshitguvchi, Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, “An’om” surasi, 115-oyat).

3 – Xutba – juma namozi oldidan va hayit namozidan keyin xatib (masjid imomi)ning va’zxonligi, diniy pand-nasihat.

4 – “(Ey mo’minlar), Muhammad sizlardan biron kishining otasi emasdir, baski u Ollohning elchisi va payg’ambarlarning so’nggisidir. Olloh barcha narsani Bilguvchi Zotdir”. (Qur’oni karim, «Ahzob» surasi, 40-oyat).

“Men Payg’ambarlarning avval yaratilgani va oxir yuborilganiman”. (Hadis).

YANA QUYONNING MAKRI BAYONIDA

Xiyla kech qolmish quyon, yo’lda tag’in
O’zicha takrorlab oldi hiylasin.

Aytayin deb ul kechikdi, darg’azab,
Sher qulog’iga bir-ikki sirli gap.

Qancha olam lol aql savdosidan,
Qancha kenglik bor aql daryosidan.

Jismimiz g’am dengizi ichra yurar,
Suv uza bo’sh kosadek qalqib turar. 1110

Qalqigay suv uzra ul, to’lguncha to,
To’lsa – ummon ichra g’arq, topgay fano.

Noayon, oshkora olam aqlimiz ,
Yoki mavj yo mavjdan nam shaklimiz.

Har shakl bir vosita izlar, biroq,
Aylagay bog’lovchi dengizdan yiroq.

Bilmagay qalb, toki bermish kim sirin,
Toki o’q ham bilmagay otguvchisin.

Otini yo’q deb bilar aylab g’azab,
Choptirishni o’ylagay tez qamchilab. 1115

Otini yo’q deb bilar ul sodda zot,
Ulni, lek, xuddi, shamolday eltar ot.

Oh-fig’on tortar yurakni qon qilib,
O’zni urgay har taraf, sarson qilib:

“Otimiz qayda, o’margan kim bu dam?”
“Sonlaring ostinda nedir, ey, xojam?”

“To’g’ri, bul ot, g’ofil otim qaydadir?”
“Ey, chavandoz, yig’ hushing, bo’lgin basir”.

Jonki oshkoru yaqindir, bunda yo’q.
Qornimiz liq suvga, lab xumday quruq. 1120

Ko’rmagaysan rangni – ol, yashil, qaro,
Ko’rmasang undan burungi nurni to.

Termulib ranglarga, gar uchgay hushing,
Nurga parda rang mudom to’sgay yuzing.

Chunki, ranglar tun aro mastur erur,
So’ng ko’rarsan, rang qarog’i nur erur.

Tashqi nursiz rang ko’rinmas, har qadam,
Xuddi, shunday ichki olam rangi ham.

Tashqi nur Suxo,1 quyoshdan balqigay,
Ichki nur porlar Xudoning aksiday. 1125

Ko’zdagi nur manbai ham dil erur,
Ko’zda nur qalb nuridan hosil erur.

Dilga nurlarni ato aylar Xudo,
Aqlu hisning nuridan ul nur judo.

Etmagay tun ichra nur, ranglar zuhur,
Nurga zid tundan yaralgay senda nur.

Nurni ko’rsang, ko’rsatar rang ham yuzin,
Nur taralgay, chunki, zulmat qa’ridin.

Haq yaratgay qayg’u g’amning ustidin
Unga zid bo’lguvchi ko’ngil xushligin. 1130

Ko’rsatar har zid nihon, paydoligin,
Haqqa zid yo’q, shul sabab Ul yoshirin.

Rangdan oldinroq nigoh nurni ko’rar,
Zidma-zidlik misli zanji, rum2 bo’lar.

Nurni nurning ziddi deb qilgin qaror,
Zidni zid aylaydi paydo, oshkor.

Ziddi yo’q Haq nurining, mardud emas,
Unga zid qudrat va qurb mavjud emas.

“Lojaram absoruno lo tudrikuh,
Va-xva yudrik”, ko’r Muso, tog’dan g’ulu. 3 1135

Ma’nidan suvrat, bu – o’rmon ichra sher,
So’z, sado bergan fikr-andishadir.

Senga so’z birlan sado bermish fikr,
Qayda afkor dengizi? Bul senga sir.

Lek, bu so’z mavjini xush ko’rsang agar,
Dengizin bilgin sharafli shul qadar.

Har fikr mavjin yaratmish ilm, aql,
Ham sado, ham so’zidan olmish shakl.

Qildi bor so’zdan shakl, so’ng oldi tin,
Ko’mdi dengiz qa’riga mavjlar o’zin. 1140

Shakli yo’qlikdan shakl chiqmish butun,
Oshkor – “inno ilayhi roji’un”.4

Har daming bo’lmish tiriklik, bandalik,
Mustafo aytmish: “Umr – bir lahzalik”.5

Fikrimiz Haq o’qidir dunyo aro,
Qolmagay dunyoda, borgay to Xudo.

Ushbu olam har nafasda o’zgarar,
Toki suvratdir baqo, biz bexabar.6

Umr ariqday to’xtamay bir zum, o’tar,
O’zni ko’zga doimiydek ko’rsatar. 7 1145

Doimiy tezlik shakl paydo qilar,
Misli cho’g’day, kim agar aylantirar.

O’tli cho’pni ikki yon bursang, uzun
O’tli xat yanglig’ jilo bergay butun.

Bul uzunlik muddati tezlik erur,
Ko’rsatar ko’p, garchi bir kezlik erur.8

Ushbu sirni izlagan allomadir,
Bor Husomiddinga, oliy nomadir.

————————-
1 – Suxo – Hulkar to’plamidagi yulduzlarning eng xirasi.

2 – Zanji, rum – oq, qora ma’nosida.

3 – “Ko’zlar Unga yeta olmas, U ko’zlarga yetar! U mehribon va (har narsadan) ogoh Zotdir”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 103-oyat).

“Lojaram absoruno lo tudrikuh, va-xva yudrik” – “Ko’zlar unga yeta olmas, U (ko’zlarga) yetar”

4-5 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: “Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz”, deydigan sabrli kishilarga xushxabar bering!”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 156-oyat).

“Inno ilayhi roji’un” – “Biz Unga qaytguvchilarmiz”.

“Dunyo bir soatlikdir, uni toatga aylantirgin”. (Hadis).

“Har bir jon o’limni totguvchidir. Va Qiyomat Kunida hech shak-shubhassiz, ajr-savoblaringizni komil suratda olursiz. Bas, kim do’zaxdan chetlatilib, jannatga kiritilsa, muhaqqaq (baxt-saodatga) erishgay. Bu hayoti dunyo esa aldaguvchi matodir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 185-oyat).

“…Ular o’zlariga va’da qilinayotgan (azobni) ko’radigan Kunda go’yo (bu dunyoda) faqat kunduzdan bir soatgina turgandek bo’lib qolurlar!..” (Qur’oni karim, “Ahqof” surasi, 35-oyat).

6-7 – “Xo’sh Biz avvalgi yaratishga (ya’ni, yo’qdan bor kilishga) ojizlik qildikmi? Yo’q, (ojizlik qilmadik, demak, tuproqqa aylangan jasadlarga qayta jon ato etishga ham ojizlik qilmaymiz), ular esa yangi yaralishdan (ya’ni, qayta tirilishdan) shak-shubhadadirlar”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 15-oyat).

8 – “Osmonlar va Yerdagi g’ayb – sirlarni (bilish) Ollohga xosdir. Soat – Qiyomat amri (ya’ni, Qiyomatning qoyim bo’lishi) ko’z ochib yumguncha yo undan-da tezdir. Darhaqiqat, Olloh hamma narsaga Qodirdir”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 77-oyat).

QUYONNING SHER OLDIGA YETIB KELGANI

Sher g’azab birlan yonar erdi chunon,
Ko’rdi, olisdan kelar erdi quyon. 1150

Tez chopardi, aylamay qo’rquvni his,
Afti ham tund, behadik, andishasiz.

Kelsa kim boshin bukib, aybdor, demak,
Qo’rqmasa, aybsiz erur, yo’q shubha-shak.

Sher huzuringa yetib kelgach quyon,
Sher baqirdi: “Ey, razil, zoti yomon!

Qancha fil qornin yorarman, bo’lsa shum,
Yerga nar sher burnini ham ishqagum.

Sen, quyoncha, bir zaif, ojiz, yupun,
Amrimizni yerga qording ne uchun?” 1155

Sen quyonlik g’aflatin tark aylagin,
Ey, eshak, sen tinglagin sher na’rasin!

QUYONNING UZR SO’RAGANI

So’ng quyon der: “Al’amon, bordir dalil,
Tingla, qurbing haqqi, so’ng avf aylagil”.

Dedi: “Ul uzring nadir, ey, beadab?
Shohga ro’kach etgulik ul ne sabab?

So’yilar, qichqirsa bevaqt gar xo’roz,
Tentak uzrin tinglamoqda ma’ni oz.

Axmoq uzri aybidan battar bo’lar,1
Uzridan ilmi zahar birlan to’lar. 1160

Ey, quyon, uzring quruq, qancha gapir,
Bori bekor, men quyonmasman, axir”.

Dedi: “Ey, shoh, sen sana nokasni kas,
Bir haqir uzrin eshitgil bir nafas.

Martabang, shon-shavkating haqqi, bu choq,2
Bir faqirni qilmagin o’zdan yiroq.

Bir ariqqa bersa suv dengiz agar,
Barcha xaslar suv uza qalqib chiqar.

Qolmagay dengiz qurib, qilsa karam,
Bo’lmagay dengiz karamdan ko’pu kam”. 1165

Sher dedi: «Menda karam bordir, faqat,
To’n bicharman, to’nga loyiq bo’lsa qad».

Dedi: “Gar lutf etmasang, ne ham qilay?
Mayli, qahring ajdariga bosh tikay.

Yo’lga tushdim kun yarim bo’lgan hamon,
Bir sherik hamrohliginda sen tomon.

Bir quyonni menga hamroh qildilar,
Senga bo’lsin, sen uchun deb bildilar.

To’sdi bir sher, yo’limiz bo’lgach yarim,
Yo’ldan urmoq qasdi birlan ul g’anim. 1170

Unga aytdim: “Shohga bizlar banda, zor,
Biz uning dargohida – hojatbaror”.

Dedi: “Shohing bo’pti kim? O’ylab gapir,
Ayt, manim oldimda ul nokas nadir?!

Pora etgayman seni, shohingni ham,
Ikkalang qo’ysang bu yerdan bir qadam”.

Men dedim: “Qo’yvor, tag’in kelmay xatar,
Yuzlanib shohga, qilay sendan xabar”.

Sher dedi: “Do’sting garov qolsin, yetar,
Yo’qsa, o’qdonimdan o’q zoe ketar”. 1175

Yig’ladim zor, erdi, lek, qisqa qo’lim,
Unda do’stim qoldi, bunda men o’zim.

Erdi mendan ikki karra ul semiz,
Lutfi ham, axloqu go’shti ham laziz.

Ushbu yo’l berkildi ul sherdan keyin,
Shul manim arzim, tag’in ne ham deyin.

Endi shoning bermagay senga surur,
Borin aytdim senga men “va-l-haqqu mur”.3

Bo’lsa lozim gar vazifang, chora top,
Bor, o’shal surbetni quv, ayla xarob”. 1180

————————
1 – “Axmoqning uzri jinoyatidan battar”. (maqol).

2 – “Shon-shavkatning zakoti nochoru g’amginlarga yordam bermoqdir”. (Hadis).

3 – “Va-l-haqqu mur” – “Haqiqat achchiqdir”.

SHERNING QUYONGA JAVOB BERGANI VA U BILAN BIRGA YO’LGA TUSHGANI

Dedi: “Bismilloh, qani ul betayin?
Oldga tush, aytganlaring gar bo’lsa chin.

Qilgum ul ham undayin borin ado,
Aytganing yolg’on esa, bergum jazo”.

Boshlamish yo’lboshchi yanglig’ yo’l quyon,
Sherni eltmoqlik uchun, qopqon tomon.

Bir quduqni belgilab ketgan edi,
Ulni sher qasdiga dom etgan edi.

So’ng ikov kelmish quduq yonga yaqin,
Boq, quyon – somon taginda suvdayin. 1 1185

Xasni suv sahroga eltar qanchalab,
Lek, u tog’ni qandoq eltar? Voajab!

Shum quyonning makri sherga bo’ldi to’r,
Garchi ojiz sherdan, erdi makri zo’r.

Fir’avnni lashkari birlan Muso,
Aylamish Nil qa’riga g’arqu ado.

Pashsha Namrudni yarimta par bilan
Teshdi, shafqat aylamay, bosh darzidan.2

Kim agar dushman gapin aylar qabul,
Ham hasadgo’y yori bordir – holi shul. 3 1190

Fir’avn Homonni tinglar – holi shul,
Namrud shaytonni tinglar – holi shul.4

Garchi dushman so’ylagay ko’ngil uchun,
Garchi don deb aytsa-da, dom deb tushun.

Garchi ul qand bersa-da, bilgin zahar,
Sirtda lutf etsa, mudom bilgin xatar.

So’nggi dam ko’rmay po’choqdan o’zgasin,5
Farqlamassan do’stu yovlar to’dasin.

Gar bu hol yuz bersa, qilgin iltijo,
Ro’za tut, tasbeh o’gir, qilgin nido. 6 1195

Qil duoyu nola “allomu-l-g’uyub”,7
Ezma hiyla toshi-la bizni tuyib.

Garchi itlik qildik, ey, Parvardigor!
Qilma hech pistirma ichra sherga xor.

Bermagil suvlarga o’t shaklin suluv,
Hamda qilma sen olov bag’rini suv.

Aylasa qahring sharobi beqaror,
Ko’rsatarsan bizga yo’q suvratni bor.

Ne erur mastlik? Hijob – ko’zga taqiq,
Toshni gavhar ko’rsatar, yungni aqiq. 1200

Ne erur mastlik? His, idrok o’zgarar,
Xuddi, har yulg’unni sandal8 ko’rsatar.

————————
1 – Somon taginda suv – Ibora: Ayyor, makkor, tutqich bermaydigan.

2 – Namrud – Ibrohim payg’ambar davrida yashagan zolim podshoh. Uning hukmi bilan Ibrohim payg’ambar gulxanga tashlangan.

“Olloh podshohlik berganidan hovliqib, Ibrohim bilan Parvardigori haqida talashgan kimsaning (Namrudning) holi-xabarini bilmadingizmi? Qaysiki Ibrohim: “Parvardigorim tiriltirib, o’ldiradigan zotdir”, deganida, u: “Men(ham) tiriltiraman va o’ldiraman”, dedi. Ibrohim aytdi: “Albatta Olloh quyoshni Mashriqdan chiqaradi. Sen uni Mag’ribdan chiqargin-chi?” Shunda bu inkor qiluvchi dovdirab qoldi. Olloh zolim kimsalarni hidoyat qilmaydi”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 258-oyat).

Rivoyatga ko’ra, Ollohga qarshi jang qilmoqchi bo’lgan Namrudga Olloh pashshalar qo’shinini yuboradi. Ulardan xalos bo’lish qiyin edi. Namrudning buyrug’i bilan unga misdan, eshiklari zich yopiladigan, faqat, havo kirib turishi uchun bir tirqishdan iborat xona tayyorlashadi. Ollohning irodasi bilan ana shu tirqishdan kirgan bir pashsha bir qanotini sindirib, Namrudning burni orqali o’tib, miyasiga joylashadi va un uch kun davomida shohga azob beradi. Pashshani u yerdan quvishga sarflangan harakatlar natija bermagach, og’riqqa chidayolmagan Namrud gurzi bilan boshiga urishni buyuradi va gurzi zarbidan halok bo’ladi.

3 – “Bas, Biz aytdik: “Ey Odam, albatta bu (iblis) senga ham, xotiningga ham dushmandir. Bas, u ikkovingizni jannatdan chiqarib, baxtsiz bo’lib qolmagin…” So’ng shayton unga vasvasa qilib: “Ey Odam, men senga abadiyat daraxtini va yo’q bo’lmas mulku davlatni ko’rsataymi?”, dedi. Bas, (Odam bilan Havvo iblisning ig’vosiga aldanib o’sha daraxtdan) yedilar-u, o’sha onda ularning avratlari ochilib qoldi va o’zlarini jannat yaproqlari bilan to’sa boshladilar. Odam Parvardigoriga osiy bo’lib, yo’ldan ozdi”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 117, 120-121-oyatlar).

4 – “Ey, Muhammad (a.s.), sen Parvardigorning isbotida (Hazrati) Ibrohim bilan mujodala qilgan o’sha kofir (Namrud)ni fikr qilmaysanmi?” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi,258
-oyat).

“Albatta Fir’avn, Homon va ularning lashkarlari xato qilguvchi bo’ldilar”. (Qur’oni karim, “Qasas” surasi, 8-oyat).

5 – “Olloh taolo amrining bajo bo’lishini istasa, har qanday aqlu farosat egasini aqlu farosatdan mahrum qilib qo’yadi”. (Hadis).

6 – “Bizning baloyimiz yetganda ham tazarru’ qilmadilarmi?!…” (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 43-oyat).

7 – Alomu-l-g’uyub – G’aybni bilguvchi.

“Bas, Olloh u (iymon keltirgan kishi)ni ularning yomon makr-hiylalaridan saqladi va Fir’avn xonadonini yomon azob o’rab oldi”. (Qur’oni karim, «G’ofir» surasi, 45-oyat).

8 – Sandal – yog’ochi qora-sariq rangli, xushbo’y daraxt.

QAZO YETGANDA RAVSHAN KO’ZLAR YUMILISHI HAQIDA HUDHUD VA SULAYMON ALAYHISSALOM QISSASI

Tikdilar chodir Sulaymonga shu dam,
Xizmatiga barcha qushlar bo’ldi jam.

O’zlariga do’stu tildosh bildilar,1
Hamda ul zot qoshiga intildilar.

Barcha qushlar churq demay, saf tortdi tik,
Bo’ldilar Hazratga “afsah min axik”.2

Til bilish aylar qarindoshlikka yor,
Kim qarindoshsiz erur, zindonda zor. 1205

Anglagay hind turku turk hindu tilin,
Ikki turk goh anglamaydi bir-birin.

Garchi tilning birligi dil naqshidir,
Yaxshidir tildan ko’ra dil bo’lsa bir.

Amru so’zsiz, nutq, imosiz begumon
Bosh ko’targay dilda yuz ming tarjimon.

Barcha qushlar har biri asror-sirin,
San’atin, ilmin, amal birla ishin,

Aylamish bir-bir Sulaymonga ayon,
Qildi o’z madhi bilan vasfin bayon. 1210

Hech kibrsiz so’ylamish o’z holidan,
Toki, joy topmoq uchun dargohidan.

Xojaga manzur bo’lish lozim agar,
Xislatin bir qismini qul ko’rsatar.

Yoqmasa gar xoja qulga, har safar
Ko’rsatar o’zni kasal, oqsog’u kar.

Aylanib hudhudga gal kelmish, butun
Xislatu fikrin bayon etmoq uchun.3

Dedi: “Ey, shoh, bor hunar menda biroz,
Qisqasi yaxshi kalomning, ozi soz”. 1215

Dedi: “Ayt-chi, qani, ul qanday hunar?”
Dedi: “Ko’kda men uchib yursam agar,

Teppadan boqsam zaminga nogahon,
Suvni yerning qa’rida ko’rgum ayon.

Qaygacha, qancha chuqur, qay rangdadir?
Toshmi yo tuproq ularga manbadir?

Ey, Sulaymon, lashkaring topgay samar,
Men kabi ogoh bilan qilsang safar”.

So’ng Sulaymon dedi: “Ey, ezgu rafiq,
Qaqragan sahroga bizlar birla chiq”. 1220

————————
1 – “Sulaymon (payg’ambarlik va ilmda) Dovudga voris bo’ldi va aytdi: “Ey odamlar, bizga qushlarning (va barcha jonivorlarning) tili bildirildi hamda (payg’ambar va podshohlarga beriladigan) barcha narsalardan berildi. Albatta bu ochiq fazlu marhamatning o’zidir. Sulaymonning (amri bilan) uning jin, ins va qushlardan bo’lgan lashkarlari to’planib, tizilgan hollarida turdilar”. (Qur’oni karim, «Naml» surasi, 16-17-oyatlar).

2 – “Afsah min axik” – “Sening birodaringdan burro va go’yoroqdir”

3 – “U qushlarni ko’zdan kechirib (ularning orasida hudhudga ko’zi tushmagach): “Nega men hudhudni ko’rmayapman, balki u (mendan beizn) g’oyib bo’lguvchilardandir?! Albatta men uni qattiq azob bilan azoblarman yo so’yib yuborurman yoki u menga (o’z uzrini bayon qilib) ochiq hujat keltirur”, dedi. (Qur’oni karim, «Naml» surasi, 20-oyat).

HUDHUD DA’VOSIGA ZOFNING TA’NA QILGANI

Zog’ buni tinglab hasaddan tortdi oh,
So’ng Sulaymonga demish: “So’ylar xato!

Yaxshimas shoh oldida yolg’onu lof
So’ylamak, gar ersa odobga xilof.

Ko’zining o’tkirligi gar bo’lsa chin,
Nega ko’rmas qumda domning borligin?

Ne uchun bo’lgay tuzoq-domga duchor?
Ne uchun tutqun, qafasda xoru zor?”

Shoh Sulaymon dedi: “Ey, hudhud, gapir,
Ilk qadah ichra bu kir quyqa nadir? 1 1225

Mast-alast bo’ldingmi yo ayron ichib?
Lof urarsan ne uchun yolg’on bichib?”

—————————
1 – “Ilk qadah quyqadir”. (Arab maqoli).

ZOF TA’NASIGA HUDHUDNING JAVOBI

Dedi: “Ey, shoh, mendayin bir benavo
Haqqida dushman so’zin bilma ravo.

Iddaoyim bo’lsa bekor ushbu kez,
Boshni tikdim, mayliga, bo’ynimni kes.

Zog’ Qazo hukmiga munkir har qadam,
Asli – kofir, aqli g’ij-g’ij bo’lsa ham.

Xuddi, “kofir” so’zi ichra “kof” kabi,
Sassiq, iflos joy erur son o’rtasi. 1230

Menga osmonda ayondir har balo,
Yopmagay aqlim nigohin to Qazo.

Xoru bekordir bilim, kelgach Qazo,
Oy tutilgaydir, quyosh bo’lgay qaro.

Neki borlik bor, Qazo gar bor etar,
Bil Qazodan, kim uni inkor etar”.

QAZO KO’ZNI PARDADEK TO’SIB QO’YGANLIGI BOIS, OCHIQ-OYDIN TAQIQQA RIOYA QILOLMAGAN VA TA’VILINI TARK ETGAN ODAM ALAYHISSALOM
QISSASI

“Allama-l-asmo rag” Odam Otadir,
Tomirinda necha ming ilm oqadir.1

Neki mavjud ersa, doim ismi ham
Joniga bo’ldi muyassar har qadam. 1235

Haq laqab bersa, mubaddal2 bo’lmagay,
Kimni chaqqon bilsa, tanbal bo’lmagay.

Unga ma’lum erdi avval-oqibat,
Kim bo’lar mo’min va kim kofir abad.

Har ne ismin aylasin dono bayon,
“Allama-l-asmo” sirin angla ayon.

Angladik barcha ismlar zohirin,
Haq bilar barcha ismlarning sirin.

Gar tayoq ismi Musoga bir aso,
Haq uning ismin ataydi ajdaho. 3 1240

Butparast derdik Umarni bir mahal,
Lek, Alast dunyosida mo’min tugal.4

Ulnikim, deymiz “maniy” biz kecha-kun,
Suvrati “Men birlasan”dir Haq uchun.

Bul maniy yo’qlikda suvrat har qadam,
Haq taolo nazdida, na ko’pu kam.

Haq taolo nazdida ne nomimiz,
Ul haqiqat ham erur anjomimiz.

So’nggi dam Haq belgilaydi nomimiz,
Bo’lmagay nom ul omonat onimiz. 1245

Pok nazar birlan Odam boqqan hamon,
Ismu jism asrori bo’lmish so’ng ayon.

Ko’rdi Haq nurin Odamda har malak,
Bo’ysunib, xizmatga shoshdi jonhalak.5

So’ylasam Odamga men madhu sano,
To qiyomatga qadar qilmam ado.

Anglamish borin, biroq, kelgach Qazo,
Bitta “ta’qiq” ilmida qilmish xato.6

Voajab, ne ul harom nojoizi?
Vahmu ta’vilmi uning yo boisi? 1250

Dilda paydo ersa-da ta’vil u kez,
Ta’bi chopdi lol qolib bug’doyga tez.7

Bog’bon poyiga kirganda tikon,
Molin eltar o’g’ri payt poylab shu on.

Ko’rdi, kelgach o’ziga ul qaytadin,
O’g’ri ketgandi tashib bor narsasin.

“Rabbano inno zalamno”8 — dedi, — oh!
Keldi zulmat, yo’l yo’qoldi, yo’q panoh!

Tiqqay oftobni bulut ichra Qazo,
Qoshida sichqonsimon sher, ajdaho. 1255

Ko’rmasam domni agar, kelgach Qazo,
Birgina menmas bu yo’lda baxtqaro.

Yuzlanib zorlikka kim har onlarin
Ezgu ishga etdi baxsh, ming ofarin!

Gar Qazo kelgach, tuning bo’lsa qaro,
Bir qaro kunda qo’ling tutgay Qazo.

Gar Qazo joningga yuz bor qasd etar,
Ham Qazodan jonga yuz darmon yetar.

Necha yuz bora Qazo yo’ldan urar,
Sen uchun yuksakda chodir ham qurar. 1260

Sen karam deb anglagin, qo’rqitsa gar,
Eltadir nurli makonga bexatar.9

Yo’q bu so’zning oxiri, ketdik uzoq,
Sher-quyonning qissasiga sol quloq.

————————
1 – “Va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ngra ularni farishtalarga ro’baro’ qilib dedi: “Agar (xalifalikka biz haqdirmiz degan) so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini Menga bildiringlar!”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 31-oyat).

“Allama-l-asmo rag” – “Barcha narsalarning ismlarini o’rgangan”.

2 – Mubaddal – o’zgarmaslik ma’nosida.

3 – “Ana u – qo’lingdagi nimadir, ey Muso?!” (Muso) dedi: “U asoyim, unga tayanurman va u bilan qo’ylarimga (barg) qoqib berurman. Chna unda boshqa ishlarim ham bor”. (Olloh) aytdi: “Uni (Yerga) tashlagin, ey Muso!”. Bas, (Muso) uni tashlagan edi, banogoh (mo»jiza yuz berib), u yuradigan – jonli ilon bo’lib qoldi”. (Qur’oni karim, “Toha” surasi, 17-20-oyatlar).

4 – “Parvardigoringiz Odam bolalarining bellaridan (ya’ni, pushti kamarlaridan to Qiyomat Kunigacha dunyoga keladigan barcha) zurriyotlarini olib: “Men Parvardigoringiz emasmanmi?” deb, o’zlariga qarshi guvoh qilganida, ular: “Haqikatan, Sen Parvardigorimizsan, bizlar bunga shohidmiz”, deganlarini eslang!…” (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 172-oyat).

5 – “Barcha-barcha farishtalar unga (ya’ni, Odamga) sajda qildilar. Magar iblis sajda qiluvchilar bilan birga bo’lishdan bosh tortdi”. (Qur’oni karim, «Hijr» surasi, 30-31-oyatlar).

6 – “…Odam Parvardigoriga osiy bo’lib, yo’ldan ozdi”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 121-oyat).

7 – Olloh yaqinlashishni taqiqlagan narsa uzum, anjir yo bug’doy ekanligi xususida shorihlar aniq bir to’xtamga kelmaganlar. Rumiy uni bug’doy deb qo’llagan.

8 – “Ular: «Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr qildik. Agar o’zing bizlarni mag’firat qilmasang va bizlarga rahm-shafqat ko’rsatmasang shubhasiz, ziyon ko’rguvchilardan bo’lib qolurmiz”, dedilar”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 23-oyat).

“Rabbano inno zalamno” – “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr qildik”.

9 – “Endi kim (hayoti dunyodalik paytida Qiyomat Kuni mahshargohda) Parvardigorining (huzurida) turishi (va U Zotga hisob-kitob berishi)dan qo’rqqan va nafsini havoyi xohishlardan qaytargan bo’lsa; U holda faqat jannatgina (uning uchun) joy bo’lur”. (Qur’oni karim, «Van-Noziot» surasi, 40-41-oyatlar).

QUDUQQA YAQINLASHGANDA, QUYON SHERDAN ORQADA QOLGANI

Sher yaqinlashgach quduqqa, nogahon
Orqaga o’zni atay tortmish quyon.

Sher dedi: “Qolding nechun ortda bu dam?
Ortda qolma, oldga tush, tez qo’y qadam!”

Dedi: “Titrar qo’l-oyog’im bemador?
Ketdi jonim qiynalib, titraydi zor. 1265

Ko’r, siniq rangimda yo’q rangdan asar,
Ichki holimdan berar rangim xabar”.

Yuzda Haq qalbingda borin anglatar,
Tashlagay har chehraga orif nazar.1

Qo’ng’iroqday rangu hid oshkor qilar,
Kishnagach, ot otligin hamma bilar.

Aslidan bergay xabar har bir sado
Eshigu eshshak ovozin farqla to.

Der Rasul odam tanish haqda ayon:
“Mar’u maxfiyyun laday tayya-l-lison”. 2 1270

Rangu ro’y oshkor etar dil holatin,
Marhamat qil, dilga mehrim joylagin.

Qirmizi yuzlarda sog’lik, shukri bor,
Za’faron yuzlarda bor sabru qaror.

Mendadir ul qo’l-oyoq kesguvchi ham,
Rangu ro’y, quvvatni tez eltguvchi ham.

Qayga borsa, sindirar ul barisin,
Har daraxtni ham qo’porgay tagidin.

Mendadir ul, ulki – undan benajot
Odamiy zot, hayvonot, bor mavjudot. 1275

Juzv erur ne, kulliyotga birlashar,
Sarg’ayar ranglar, fasodlar hidlanar.

Goh shukru toqat aylar goh jahon,
Bog’ misoli, goh yashildir, goh xazon.

Oftob balqib chiqarkan otashin,
Lahza o’tmay boshi xam botgay tag’in.

Porlagan yulduzlar osmon toqida
Goh chiqib, botmoqqa mahkum gohida.

Oy erur yulduzdanam sohibjamol,
Gar tutilsa – sil, qolar undan xayol. 1280

Garchi yer odob bilan jim tin olar,
Zilzila goh qalbiga larza solar.

Qancha tog’lar bul balo kelgan sayin,
Mayda-mayda bo’ldi butkul qumdayin.3

Jonga hamdam ersa-da garchand havo,
Shum vaboday tarqalar, yetgach Qazo.

Suv yoqimli, jonga baxsh aylar hayot,
Bo’lsa ko’lmak, sarg’ayar, achchiq, fasod.4

Kekkayib otash havoga bo’y cho’zar,
Sal shamol esgay agar, darhol so’nar. 1285

Mavjlanib, tug’yonda daryo jo’shsa gar,
Unda, boq, har lahza jon ham o’zgarar.

Aylanishdir har nafas charx matlabi,
Holi ham farzandlarin holi kabi.

Goh baland, goh o’rtacha, goh past yelur,
Baxtu shumlik qa’rida g’ij-g’ij erur.5

Borliging, ey, juzv, erur kull boridan,
Bo’lgin ogoh barcha asling holidan.

Kulliyotga ranju og’riq bo’lsa xos,
Juzvi qandoq bo’lgusi g’amdan xalos? 1290

Bir-biriga zid ular tarkibi ham,
Suv, olov, tuproq, shamoldan bo’ldi jam.

Ne ajabdir, qo’yga bo’ri yoqmasa,
Bul ajab, qo’y ko’ngli bo’ri xohlasa.

Ziddiyatlar sulhidir ushbu hayot,
Sulh aro jang qo’zg’agay doim mamot.6

Sher, eshak Haq lutfidan bo’lmish inoq,
Ikki bul zid birligi hayratliroq.

Bul jahon zindonu bemor shul sabab,
Ul zavol topguvchi bo’lsa, ne ajab? 1295

Shul yo’sin sherga quyon pandlar atab,
Dedi: “Ortda qolganimga shul sabab”.

——————————
1 – “(Sadaqot-ehsonlar) Ollohning yo’lida to’silgan (ya’ni, o’zlarini ushlagan), biror yerga safar qilishga qodir bo’lmaydigan, qanoatlari sababli, bilmagan odamga boy-badavlat bo’lib ko’rinadigan faqir-kambag’allar uchundir. Ularning (faqirliklarini) siymolaridan bilib olasiz…” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 273-oyat).

“Ularning (jannat egalari bilan do’zax egalarining) o’rtalarida to’siq bo’lib, u devorlar ustida hammani (ya’ni, jannatilarni ham, do’zaxilarni ham) siymolaridan tanib oladigan kishilar bo’lur. Ular jannat egalariga: “Sizlarga tinchlik-omonlik bo’lgay, deydilar. O’zlari esa tama’ qilgan – istagan hollarida, unga (jannatga) kira olmaydilar”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 46-oyat).

2 – “Mar’u maxfiyyun laday tayya-l-lison” – “Inson tili ostida yashirindir”, ya’ni, “Inson o’z kiyimi ostiga emas, o’z tili ostiga yashiringan bo’ladi”. (Hadis).

“(Ey Muhammad alayhis-salom), agar Biz xohlasak, albatta Sizga ularni (munofiqlarni) ko’rsatib-tanitib qo’ygan bo’lur edik, u holda Siz ularni (Biz belgilab qo’ygan) belgi-alomatlaridan tanib olgan bo’lur edingiz. (Qasamki, endi) albatta Siz ularni (ular so’zlayotgan — zohiri iymonga dalolat qiladigan, botini esa kufr bo’lgan) so’z ohang-uslubidan tanib olursiz. Olloh sizlarning (barcha) amallaringizni bilib turur”. (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 30-oyat).

3 – “(U Kunda) Yer (qattiq) larzaga keldi; tog’lar titilib, chang-to’zonga aylandi va sizlar uch sinf-toifa bo’lib qoldingizlar”. (Qur’oni karim, «Voqea» surasi, 4-7-oyatlar).

4 – “Kofir bo’lgan kimsalar osmonlar ham, Yer ham (avvalda) to’siq (ya’ni, osmonlardan yog’in emas, Yerdan esa biron giyoh unmas) bo’lganini, bas, Biz ularni ochib yuborganimizni (ya’ni, osmondan yog’in yog’dirib, Yerdan giyoh undirganimizni) va suvdan barcha jonli mavjudotni (paydo) qilganimizni ko’rmadilarmi?! Endi ham (ya’ni, Yaratguvchi va Boshqarib turguvchi Yagona Olloh borligiga ochiq dalolat qilib turgan mana shunday dalillardan keyin ham) iymon keltirmaydilarmi?” (Qur’oni karim, «Anbiyo» surasi, 30-oyat).

5 – “Agar (bugun — Uhudda) sizlarga jarohat yetgan bo’lsa, (Badr jangida) u qavmga ham xuddi shunday jarohat yetgan. (Toki ibrat bo’lsin deb) va Olloh haqiqiy iymon keltirgan kishilarni bilishi hamda oralaringdan shahidlarni saralab olishi uchun bu kunlarni (ya’ni, g’alaba va mag’lubiyat kunlarini) odamlar orasida aylantirib turamiz…” (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 140-oyat).

6 – “Agar Olloh odamlarning ayrimlarini ayrimlari bilan daf’ qilib turmas ekan, shubhasiz, Yer fasodga duchor bo’ladi…” (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 251-oyat).

SHER QUYONDAN ORQADA QOLGANINING SABABINI SO’RAGANI

Sher dedi: “Menga g’arazmi yo sabab?
Shul qiziqtirgay meni, ey, beadab!”.

Dedi: “Ul sher shul quduq ichra yashar,
Unga bul – qal’a, balodan bexatar”.

Kimki oqil, chohni aylar ixtiyor,
Chunki, ko’ngil pokligi xilvatda bor.

Choh tubi xulq zulmatindan yaxshiroq,
Xulqini tiyguvchi jon qolgusi sog’. 1300

Dedi: “Kel, ko’r chohda sher bor-yo’qligin,
Bitta zarbim-la kelar qon bo’g’zidin”.

Dedi: “Men kuyganman ul ozoridan,
Lek, meni bag’ringga olsang, roziman.

Ey, karam koni, panohsan sen agar,
So’ng quduqqa tashlagaydirman nazar”.

SHERNING QUDUQQA QARAB, QUYONNING HAMDA O’ZINING AKSINI KO’RGANI

Sherni anglab bir panoh yanglig’ quyon,
So’ng quduq yonga yugurmish begumon.

Boqdi ikkovlon quduq ichra shu kez,
Sheru o’z aksi namoyon bo’ldi tez. 1305

Ko’rdi Sher suv ichra tund aftin shu dam,
Yonida do’mboq quyon aksini ham.

Suvdagi yov aksini ko’rgach ayon,
Ul tomon otdi o’zin, qolmish quyon.

Choh qazib, o’zi yiqilmish chohiga,
Qaytdi qilgan zulmi ham o’z boshiga.

“Bo’ldi zolim zulmi mazlum chohlari!”1
Shundayin deb so’ylamish dono bari.

Kimki zolim, chohining ham vahmi bor,
Der adolat: Har amalning ajri bor.2 1310

Eyki, zulm aylab qaziysan choh mudom,
Tiklagaysan sen o’zingga to’ru dom.

Chirmagaysan o’zni pillaqurtga xos,
Kovlagan chohingni qil qaddingga mos.

Har zaifni chorasiz deb bilmagil,
Sen o’qi “zojoa nasrulloh” – dalil.3

Fil esang gar, dushmaning – qo’rquv aro,
Yetgusi “tayran abobil”dan jazo4

Yerda nolib, gar zaif so’rgay najot,
Qo’zg’alar Ko’k lashkari ham shul zahot. 1315

Kimgakim sendan biror ozor yetar,
Senga ozor yetsa, holing ne kechar?

Chohda o’z aksin ko’rib sher, qahridan,
Aksini farq qilmadi yov aksidan.

Aksini yov aksi deb qilmish xayol,
Noiloj o’z ko’ksiga tig’ urdi lol.

Ko’p zulm ko’rsang birovdan nogahon,
Odating bordir ularda, ey, falon!

Suvrating ul suvrati ichra turar,
Mastligu zulmu nifoqingdir ular. 1320

Bag’rin o’z zarbi bilan tilgan o’zing,
La’nating to’riga intilgan o’zing!5

Lek, o’zingga ayblaring oshkor emas,
Yo’qsa, aylarding shirin joningga qasd.6

Sen o’zingga hamla qilding, sodda, g’o’r!
Kovlaganday sher o’ziga, xuddi, go’r!

Qilmishing qa’riga boqsang nogahon,
Sen o’zing nokasliging bo’lgay ayon.

Sherga ma’lum bo’ldi chohning qa’rida:
O’zgamas, qilmish hujum o’z aksiga. 1325

Kimki ojizlar tishin sindirsa gar,
Ko’zi ko’r, Sher singari qing’ir ko’rar.

Ey, amakin aksida ko’rguvchi dog’,
Ul amakingmas, o’zing, aftingga boq.

Barcha mo’min bir-biriga ko’zgu, bil,
Bul Payambardan rivoyat ham dalil.7

Ko’zga taqsang ko’k ko’zoynak, ul sabab,
Senga olam ko’k ko’rinsa, ne ajab?

Bo’lmasang ko’r, bil u ko’klik sendadir,
Bil, yomon sen, o’zgalarni kam gapir! 1330

Bo’lmasa “yanzur binurilloh”8 agar,
Nuri G’ayb mo’minga bo’lgaymi nazar?

Sen agar “yanzur binorilloh”9san,
Ajratolmasding qaroni oqdan.

Andak-andak suvni ul otashga ur,
Ey, hazin qalb, otashing bo’lguncha nur.

Pok suvingdan sepgin, ey, Parvardigor!
Toki olam o’ti bo’lsin nurga yor!

Qancha daryo bo’lsa, farmoningdadir,
Ey, Xudovand, suv va o’t joningdadir. 1335

Xohlasang, o’t totli suvdir daf’atan,
Xohlamas ersang suv o’tdir qaytadan.

Ne talab bor bizda – ijoding erur,
Ketsa gar zulm, adlu ehsoning erur.

Betalab bizga talab qilding ato,
Behisob ehsonni ko’rding Sen ravo.10

————————
1 – “Zulmdan qo’rqinglar, chunki, zulm Qiyomat kunidagi zulmatdir”. (Hadis)

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ahli Kitob Sizdan ko’kdan bir Kitob tushirishingizni so’raydi. Musodan bundan ham kattaroq narsani so’ragan edilar: “Bizga Ollohni ochiq ko’rsat!”, deyishgan edi. Shunda zolimliklari sababli ularni chaqmoq urgan edi. So’ngra ularga aniq-ravshan hujjatlar kelganidan keyin esa buzoqni xudo qilib olishdi. Buni ham avf etdik va Musoga ochiq hujat ato etdik”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 153-oyat).

“(Har qanday) yomonlikning jazosi xuddi o’ziga o’xshagan yomonlikdir (ya’ni, har bir yomonlikning o’ziga yarasha jazosi bordir). Endi kim (intiqom olishga qodir bo’lgani holda) avf qilib (o’rtani) tuzatsa, bas, uning ajri Ollohning zimmasidadir. Albatta U zulm qilguvchilarni sevmas”. (Qur’oni karim, “Sho’ro” surasi, 40-oyat).

3 – “Iza jaa nasrullohi val fath”– “ (Ey Muhammad alayhis-salom), qachon Ollohning yordami va g’alaba kelsa”; (Qur’oni karim, «Nasr» surasi, 1—oyat).

4 – “U Zot ularning ustiga sopoldan bo’lgan toshlarni otadigan to’p-to’p qushlarni yuborib; Ularni (qurt-qumursqalar tomonidan) chaynab tashlangan somon kabi (ilma-teshik) qilib yubordi!” (Qur’oni karim, «Fil» surasi, 3-4-oyatlar).

“Tayran abobil” – “To’p-to’p qushlar”.

5-6 – “(Ey inson), senga yetgan har qanday yaxshilik Ollohdandir. Senga yetgan har qanday yomonlik esa o’zingdandir. (Ya’ni, o’zingning qilmishing sababli Olloh seni o’sha baloga giriftor qilgan)”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 79-oyat).

7 – “Mo’min mo’minning ko’zgusidir, mo’min mo’minning birodaridir, yoddan chiqqanini yodga tushiradi, kamchiligini qoplaydi; moli, joni va or-nomusini himoya qiladi”. (Hadis).

8 – “Yanzur binurillah” – “Ollohning nurini ko’rguvchi”. “Mo’min kishining farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar, chunki, u Olloh nuri bilan qaraydi” hadisiga ishora.

9 – “(Ey inson), chil-parchin qilguvchi nima ekanligini sen qaerdan bilar eding?! (U) Ollohning yoqib qo’yilgan bir olovidirki, (o’z alangasi bilan badanlarni teshib o’tib) yuraklarga qadar yetur!” (Qur’oni karim, «Humaza» surasi, 6-7-oyatlar).

“Yanzur binorillah” – “Ollohning olovini ko’rguvchi”.

10 – Dovud (a.s) dedilar: “Ey, Parvardigorim, nega Sen odamzodni yaratding?”. U dedi: “Men maxfiy bir xazinaman, Meni bilmoqliklarini istadim va Meni bilmoqliklari uchun odamlarni yaratdim”. (Hadis).

QUYONNING: “SHER QUDUQQA TUSHIB KETDI” — DEB HAYVONLARGA XUSHXABAR YETKAZGANI

So’ng quyon, daf bo’ldi deb xavfu xatar,
Chopdi hayvonlar tomon dashtga qadar.

Chohda sherning o’ligin ko’rgach quyon,
Chopdi o’tloq yonga quvnab, shodmon. 1340

Qoldi deb joni omon, qarsak chalib,
O’ynamish shod shoxu bargday aylanib.

Shoxu barglar chiqsa xok zindonidan,
Bosh chiqargach, suhbat aylar yel bilan.

Barglar shoxni yorib chiqqay agar,
So’ng daraxtdan ham balandga bo’ylashar.

“Shat’uhu” alfozida Haqqa sano,
Shukrini har meva, barg aylar bajo:1

“Aslimizni parvarish qildi Xudo,
To yo’g’on tanli daraxt bo’lsin bino”. 2 1345

Jonimiz erdi asir xok, suv aro,
Yayragay bo’lganda xok, suvdan judo.

His qilib Haq ishqini raqson bo’lar,
Ham to’lin oyday u benuqson bo’lar.

Jismi raqs aylaydi, so’rma jonidan,
Jonga kim parvona, so’rma holidan.

Tiqdi zindon ichra sherni ul quyon,
Bo’ldi bekor sherdagi shavkat va shon.

Bo’lsa ham sharmanda, istardi, ajab,
“Faxri din” deb toki qo’ysinlar laqab. 1350

Eyki, sen shersan quduq ichra asir,
To’kdi qoningni quyon – nafsing, axir!

Nafs – quyon shod o’tlagay sahrosida,
Sen esa qolding “nadir”, “ne” chohida!

Chopdi hayvonlar tomon ul shergir:
“Ibshiru yo qavmu iz joa-l-bashir”.3

Xushxabar, ey, ayshu ishrat qullari!
Ketdi do’zaxning iti do’zax sari!

Mujda bo’lsin, jonga dushman qilmishin
Xushlamay Xoliq, sug’urmish bor tishin. 1355

Ulki, ne boshlarni yanchdi panjasi,
Xasdayin eltmish ajalning xaskashi.

—————————-
1-2 – “… Mana shu (ya’ni, kofirlarga qahrli, mo’minlarga mehrli bo’lish va ko’p namoz o’qib, ruku’-sajda qilish) ularning Tavrotdagi misollaridir. (Ya’ni, Tavrotda ham Olloh taolo mo’minlarni mana shunday sifatlar bilan sifatlagandir). Ularning Injildagi misollari esa xuddi bir shoxlar chiqarib, quvvatga kirgach, yo’g’onlashib, o’z novdasida tik turgan, dehqonlarni lol qoldiradigan o’simlikka uxshaydi…” (Qur’oni karim, «Fath» surasi, 29-oyat).

Shat’uhu – novdalar, shoxlar

3 – “Endi qachonki xushxabarchi kelib, uni (ya’ni, Yusufning ko’ylagini Ya’qubning) yuziga tashlagach, uning ko’zlari ochildi. “Sizlarga men Ollohning (Mehribon, Rahmli ekanligi haqida) sizlar bilmaydigan narsalarni bilurman, demaganmidim”, dedi u”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 96-oyat).

“Ibshiru yo qavmu iz joa-l-bashir” – “Ey, qavm, quvon, quvonchdan darak keldi!”. (Bu satr Anvariyning “Quvoning, ey Nishopur ahli, kelgan bo’lsa quvonchdan darak” satrining biroz o’zgartirilgan ko’rinishi bo’lishi mumkin).

HAYVONLARNING QUYON ATROFINI O’RAB OLIB, UNGA HAMDU SANO AYTGANLARI

Barcha hayvonlar shu on jam bo’ldilar,
Shodu xandon zavqu shavqqa to’ldilar.

Qurshamishlar ulni misli sham bilib,
Qildilar ta’zim bajo, sajda qilib.

Dedilar: “Ayt, sen farishta yo pari?
Yo’q, u sher jonin o’zingsan xanjari!

Senga qurbon jonimiz, kim bo’lmagin,
Sherni yenggan qo’llaring dard ko’rmasin! 1360

Qildi Haq bul suvni soyingda ravon,
Senda bor qo’l ham bilakka sadqa jon!

Qo’llading qanday makr, ayt ochig’in?
Sherni qandoq mahrum etding jonidin?

So’ylagin, to dardimiz dildan sug’ur,
So’ylagin, to jonimiz topsin huzur.

So’yla, ul zolim va badkirdoru shum
Jonimizga aylamish ne-ne zug’um.

Dedi: “Bul Haqdan madaddir begumon!
Yo’qsa, kim bo’pti jahonda bir quyon! 1 1365

Dilga nur berdi, etib baxsh qurbidan,
Qo’l-oyoq kuch oldi ko’ngil nuridan.2

Kelsa, Haqdan kelgusi bor yaxshi ish,
Yuz berar, Haq qo’llasa, bor o’zgarish.

Kelsa vaqt, bergay madad Qodir Egam,
Ham nazar ahli, gumon ahliga ham.

———————
1-2 – “Ey mo’minlar, agar sizlar Ollohga yordam bersangizlar (ya’ni, Uning yo’lida jihod qilsangizlar), U Zot ham sizlarga yordam berur va (jang maydonida) qadamlaringizni sobit-barqaror qilur”. (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 7-oyat).

QUYONNING HAYVONLARGA: “BU HOLDAN ORTIQCHA QUVONMANGLAR” — DEB NASIHAT QILGANI

Bo’lma shod, ko’r mulknikim, navbatli ul,
Qilma erk da’vosin, ey, navbatga qul.

Mulkki, tanning navbatindan yaxshi gar,
Yetti yulduzdan burun navbat olar. 1370

Ulki navbatdan baland, Shohdir abad,
Ruhga soqiydir bu davron beadad.1

Ko’rmasang dunyo mayin bir on tatib,
Xuld2 sharobi aylagay senga nasib.

—————————
1 – “Ularning ustlarida yashil ipak va shoyi liboslar bo’lib, ular kumush bilakuzuklar bilan bezangandirlar va Parvardigorlari ularni nihoyatda pokiza sharob bilan sug’organdir”. (Qur’oni karim, «Inson» surasi, 21-oyat).

2 – Xuld – mangu jannat.

“(Ey Muhammad alayhis-salom, ularga) ayting: “Shu (do’zax) yaxshiroqmi yoki taqvodor zotlarga va’da qilingan mangu jannatmi?!” U (ya’ni, jannat taqvodorlar) uchun mukofot va oqibat – borar joy bo’ldi”. (Qur’oni karim, “Furqon” surasi, 15-oyat).

034

(Tashriflar: umumiy 1 308, bugungi 1)

Izoh qoldiring