Абулҳасан Ҳарақоний (933 – 1037 йй.) – инсоният тарихида катта фаолият юритган буюк азиз-авлиёларнинг биридир. У зот ҳозирги давримизда бутун дунё олимлари, зиёлилари томонидан энг илғор, ижобий ва тараққиётга етакловчи деб тан олинган “Хожагон – Нақшбандия” тасаввуф тариқатининг вужудга келишига фундаментал асослар яратган зотлар кетма-кетлигининг еттинчи поғонасида туради.
ШАЙХ АБУЛҲАСАН ҲАРАҚОНИЙ
ҲАҚИДА РИСОЛА
Озод МЎЪМИН ХЎЖА
Яратган Зот, ўлимимдан сўнг Оллоҳ билан учрашаман деб яшаётган бандани эмас, ҳаётим мобайнида Унга рўбарў келишим шарт, деб тиришаётган одамни севади.
Шайх Абулҳасан Ҳарақоний
Абулҳасан Ҳарақоний тасаввуфга икки янги талабни, яъни сафарлар ва зиёратлар қилиб туриш зарурлигини киритган.
Шайх Абул Аббос Қассоб
Муқаддима.
Абулҳасан Ҳарақоний (933 – 1037 йй.) – инсоният тарихида катта фаолият юритган буюк азиз-авлиёларнинг биридир. У зот ҳозирги давримизда бутун дунё олимлари, зиёлилари томонидан энг илғор, ижобий ва тараққиётга етакловчи деб тан олинган “Хожагон – Нақшбандия” тасаввуф тариқатининг вужудга келишига фундаментал асослар яратган зотлар кетма-кетлигининг еттинчи поғонасида туради. Мана ўша, кўпчилик томонидан олтин силсила деб ҳам аталувчи рўйхат:
1. Муҳаммад саллаллоҳу вассалам;
2. Абу Бакр Сиддиқ;
3. Салмон Форсий;
4. Қосим ибн Муҳаммад
5. Жаъфар Содиқ:
6. Боязид Бистомий;
7. Абулҳасан Ҳарақоний;
8. Абу Али Формадий;
9. Юсуф Ҳамадоний;
10. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний;
11. Хожа Ориф Ревгорий:
12. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий;
13. Хожа Али Ромитоний;
14. Муҳаммад Бобо Самосий;
15. Ҳазрат Сайид Амир Кулол;
16. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд.
Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Салмон бўлган ушбу зот 933-йилда ҳозир Эрон ҳудудига кирувчи Ҳарақон қишлоғида туғилган. У ёшлик чоғлариданоқ ҳаёт қонунларини, ўзини ўраб турган муҳитнинг қандайлигини беихтиёр таҳлил қилар эди. Мактабни битиргач, у янада кенгроқ билим олишга интилди. Чунки, оламни, дунёни ва Яратганни тўлиқ англаш учун фақат ва фақат билим зарурлигини ҳис қилди. Шунинг учун, у энг етук уламолардан дарс олишга тиришди. Турли фанларни ўрганди. Охир-оқибатда энг олий фан – тасаввуф эканлигига амин бўлди. Чунки, уни ўрганиб, етуклик даражасига чиққан кимса, ҳаёт жараёнига жуда улкан таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушуниб етганди. Шунинг учун, у шу соҳада фаолият юритаётган шайхларга, хусусан Абул Аббос Қассобга муридлик қилди. Унинг хонақоҳида тарбияланди. Вақт ўтиб, юқори поғоналарга эришиб, шайхлик ҳирқасини кийди. Лекин, у ўз билимидан қониқмади. Ўз устида мустақил ишлай бошлади. Унда увайсийлик хислати уйғонди. Натижада, Абулҳасан энг зўр устоз ва энг буюк авлиёлардан бўлмиш Боязид Бистомий руҳидан дарс олишга қарор қилди.
У ўз ўлкасини тарк этиб, унча узоқ бўлмаган Бистомга боради. Шу ерда Боязиднинг мақбарасида хизматга тутиниб, унга ўн икки йил увайсиёна шогирдликка тутинди. Яъни, буюк пирнинг руҳидан дарслар олди. Натижада, тариқатда янада юксак даражага чиқди, Ҳаққа яқинлашди. Қутб ва ғавс деб тан олинди. Шунинг учун, Абулҳасан Ҳарақоний ўзининг асосий пири деб шайх Боязид Бистомийни тан олган ва олтин силсилада ундан кейинги ҳалқада туради.
(Қутб – тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон. Тасаввуфда юксак даражага етган авлиёлар. Ҳар бир даврнинг ўз қутби бўлиб, улар ҳар замонда мавжуд бўладилар. Уларнинг қалби Муҳаммад (а.с) қалби билан алоқадор бўлади.
Ғавс – бу ҳам Қутб даражасига етган валий бўлиб, ёрдам берувчи, мададкор деган маъноларни англатади.)
ФЕЪЛ-АТВОРИ
Абулҳасан Ҳарақоний баланд бўйли, ранги оқ, пешонаси кенг, юзи думалоқроқ, кўзлари катта-катта, нигоҳи ўткир инсон бўлган. Гапларни аниқ, мазмунини тушунарли қилиб ифодалаган.
Замондошлари, ёши улуғ билимдонлар унинг феъл-атворини Боязид Бистомийникига ўхшатишган. Ана шу руҳий пири каби, Абулҳасаннинг фикрлари асосли ва мантиқий бўлган, унинг қалбида Яратганга нисбатан улкан иштиёқ ва ҳаяжонли муҳаббат мустаҳкам жойлашган.
Ҳарақоний ҳамиша бечораҳол одамларга қўлидан келганча ёрдам берган. “Турон ва Шом оралиғида кимнингнидир оёғига зирапча кирса, у менинг оёғимга киргандек, кимдир оёғини тошга уриб олса, уни худди ўзим урганимдек ҳис қиламан. Мен ўша одамларнинг оғриғини сезаман. Кимнингнидир юраги ғам-ғуссага тўлса, менинг қалбим ҳам қийнала бошлайди”, деган экан у.
Абулҳасан Ҳарақонийнинг мутасаввуф замондошлари ҳам кўп бўлган. Улар қаторига Абулқосим Кушайрий, устози Абул Аббос Қассоб ва Абусаид Меҳнавий кабиларни киритиш мумкин. Шунингдек, унинг хонақоҳига Султон Маҳмуд Ғазнавий келиб турган. Ҳамда Абу Али ибн Сино билан мулоқотлар қилиб турган.
“Кашф ул-маҳжуб” асарида, муаллиф Али ибн Усмон Хужвирий тасаввуф вакили Абулқосим Кушайрийнинг ушбу сўзларини ёзиб қолдирган: “Мен шайх Абулҳасанни зиёрат қилиш учун Ҳарақонга бордим. Ҳузурига кирганимда, унинг буюклик уфуриб турган ҳайбатидан ва ўткир нигоҳидан шундай таассурот олдимки, тилим лол бўлиб, гапиролмай қолдим. Ҳаттоки, Яратганнинг олдида бирор гуноҳим бўлса, У мени жазолаяптимикан, деган хаёлга ҳам бордим”.
Абул Аббос Қассоб айтганки: “Ҳарақоний тасаввуфга икки янги талабни, яъни сафарлар ва зиёратлар қилиб туриш зарурлигини киритди”.
Шайх Абулҳасаннинг шогирдларидан бири Абдулла Ансорий ўзидан “Манозил ус-сайрин” асарини қолдирган. Бу китобда, у тасаввуфдаги ҳол ва мақом тушунчаларига ойдинлик киритган. Ва устози ҳақида қуйидаги жумлаларни ёзган: “Мен Ҳадисни, Фиқҳни ва бошқа диний билимларни жуда кўп устозлардан ўргандим. Тасаввуфни эса Абулҳасан Ҳарақонийдан ўргандим. Агар мен бу шариф зотни учратмаганимда, Маърифат даражасига чиқолмаган бўлардим”.
ЖИҲАТЛАРИ ВА ҲИКМАТЛАРИ
Ҳарақоний инсоннинг ҳақиқий вазифаси – Яратганнинг берган вазифасини адо этишдан иборатдир, деб таъкидлаган. У, “Ҳар бир одам ўз ишини пухтароқ қилишга интилади. Масалан, олим эрталаб уйғонар экан, ўз билимини оширишни ўйлайди. Зоҳид ўз дилидаги Оллоҳ олдидаги қўрқувни қандай кучайтиришни мўлжаллайди. Мен эса, бирон бир мусулмоннинг қалбига қандай қувонч солсам экан, деб ният қиламан”, деб такрорлаб юрган.
Бундан ташқари, Шайх Абулҳасан яна бир фикрни олға сурган. Яъни, “Банда Оллоҳни ёдга олганда, Мавло ҳам унга катта эътибор қилади. Бу ҳолатни ҳар бир инсон бутун вужуди билан ҳис қилиши керак! Шунинг учун, Яратганни эсланаётган дақиқаларда, бошқа мазмундаги суҳбатларга аралашиш мумкин эмас. Бу теран ғоядир”.
Ҳарақоний, авлиё аёл Робия Адавия ва бошқа тасаввуф вакилларининг фикрларига ўхшаш, ўзининг жаннат ва дўзах ҳақида ҳам ўз қарашларини ифодалаган. У айтганки, “Жаннат ва дўзах Оллоҳ томонидан яратилган. Уларни инкор этмайман. Лекин, жаннатга интилмайман, дўзаҳдан қўрқмайман. Сабаби, менинг ошиқишим фақат Яратган Зотгадир”.
“Ҳеч ким ўз билими билан мақтаниши керак эмас! – деган у, шунингдек. – Инсоннинг билими ошган сари, у деярли ҳеч нарсани билмаслигини сезиб бораверади. Ана шу ҳолат – айни ҳақиқатдир. Одам жуда кўп ўқиб-ўрганиб, оқибатда ўзининг ҳеч нарса билмаслигини билиши – ҳақиқий билимдир”.
Шайх Абулҳасан душманлик, ёвлар билан курашиш тўғрисида эса қуйидагича фикр билдирган: “Одамлар билан дўст тутиниш, яқин бўлиш, улар билан келишиб яшаш лозим. Фақат, нафсгагина душманлик қилиб, у билан курашиш даркор”.
Бойликка интилиб яшашни, Ҳарақоний сояга ўхшатган: “Олтин-кумушнинг ортидан югурсанг, у сенинг ҳукмдорингдир. Агар, унга эътибор қилмасанг, сен унинг ҳукмдорисан”.
Абулҳасан Ҳарақоний ўз кунини иккига бўлган. Кундуз кунни одамларга ёрдам бериш билан, тунни эса Оллоҳга ибодат қилиш билан ўтказиш керак, деб ҳисоблаган. Яна уқтирганки, инсон беш вақт намоз ўқиб, барча талаб этилган ибодатларни бажо этиб юрса-ю, лекин дилида Оллоҳдан ўзга қизиқишлар ҳукмрон бўлса, бундай қалб ўликдир. Тоза қалбда маҳлуқлар, яъни яратилган зотлар ва нарсалар бўлмаслиги даркор. Хатти-ҳаракатлар фақат Мавло учун қилинса, улар жуда гўзал хатти-ҳаракатлардир.
Шайх Абулҳасаннинг фикрича, қуйидаги уч шартни бажариб яшаш – Яратганнинг муҳаббатига сазовар этади. Яъни, сахийлик, раҳмдиллик ва одамларга боғланиб қолмаслик.
Ҳарақоний жамиятда, қотиллик қилувчилардан ташқари, яна икки зараркунанда гуруҳ мавжудлигини айтган.
Биринчиси, мол-дунёга ўч бўлган дин одами; иккинчиси, билимсиз сўфий.
Шайх Абулҳасан ҳам ҳалол луқмага катта эътибор қаратган. Инсон ўз қўли билан ризқ-насиба топиши даркорлигини уқтирган.
Айримлар ундан сўрашган: “Ҳазрат! Сўфийлар қандай одамлар? Нега улар махсус кийимларда юрадилар?”
У жавоб берган: “Сўфий жунли ҳирқа кийиб, кунуззукун жойнамозда ўтирадиган кимса эмас, ҳар холда. Жуда кўпчиликда ҳирқа ва жойнамоз мавжуд. Тасаввуф поғоналарига махсус кийимлар кийиб, турли ибодатларни адо этиш билан чиқилмайди. Сўфий ўз жисмини маҳв ҳолатига яқинлаштириб, ҳаётини фанога бағишлаган зотдир. Унинг қалби ғоят мусаффо бўлиши шарт. Махсус кийимдан нима фойда? Агар гап ҳирқада ва танаввул қилинадиган таомда бўлса, эшакка ҳам шундай жунли кийим кийдириб, тариқ билан боқиб, уларни ҳам сўфий қилиш мумкин бўлиб қоларди-ку?”
Ҳарақоний, айниқса, қалб тозалигига катта эътибор берган. Бир куни унинг ҳузурига бир одам келиб:
– Ҳазрат! Мен сўфийликни ўқимоқчиман, шунинг учун менга махсус ҳирқа берсангиз! – дебди.
Шайх унга жавоб берибди
– Эркак киши рўмол ўраса, аёл бўлиб қолмаганидек, сен ҳирқа кийиб дарҳол сўфийга айланмайсан. Аввал, қалбингни тозалаш билан машғул бўл!
Абулҳасан Ҳарақонийнинг фикрича, мутассаввуф деб, кундузи қуёшга, кечаси ойга муҳтож бўлмайдиган кимсани айтиш мумкин. Тасаввуф – ҳаёт ташвишларидан, жисмоний талаблардан ҳоли, йўқлик ҳолатидир.
Бир куни у муридларидан сўрабди.
– Қани, айтинг-чи, дунёдаги энг гўзал нарса нима?
Ҳеч бир шогирд қониқарли жавоб беролмагач, ўзи сўз қотибди.
– Энг гўзал нарса – Оллоҳнинг номини бетиним зикр этиб турган қалбдир! Кимки, қалбида Мавлони бирор сония ҳам ёдидан чиқармаса, унинг бутун вужуди ҳам Яратганга талпиниб туради. Мавло ҳам унга муҳаббат билан боқади.
Ушбу маълумотлар ҳам Ҳарақонийга тегишли:
– Қалбингиз ҳақиқатни сўзлайди.
– Вазифаларингизни Оллоҳ учун бажаринг.
– Айрим одамлар учун, яъни хўжакўрсинга қилган ишларингизнинг ижобий натижаси йўқ.
Шайхнинг яна бошқа маслаҳатлари ҳам мавжуд:
“Ҳаётнинг асл маъносини ҳис этиш учун ҳар куни ҳаёлан ўлганингизни тасаввур қилинг, сўнг тирилинг. Шунда, ушбу жонли ҳаётнинг асл маъносига ва қадрига ета бошлайсиз”.
Абулҳасан Ҳарақонийнинг ранж ва ранжитишлар тўғрисида ҳам ўз фалсафаси бор. У айтади: «Одам бу соҳада уч хил бўлади:
1. Сен уни хафа қилмасанг ҳам, у сени ранжитаберади.
2. Сен уни хафа қилсанг, жавобан у сени ранжитади.
3. Сен уни хафа қилсанг, у бу ишингга жавоб бермайди, сени ранжитмайди.
Кимки, кун бўйи ҳеч бир мўъминни ранжитмаган бўлса, у ушбу вақтни Расулуллоҳ билан ўтказган ҳисобланади. Кимки, кун мобайнида биргина мўъминни хафа қилган бўлса ҳам, Мавло унинг шу кунги ибодатларини қабул қилмайди».
Шайхнинг яна бир ҳикмати эътиборга лойиқ:
“Агар, Яратганнинг бир томчи раҳмати устингга тушса, бу дунёда ҳеч кимга муҳтожлигинг қолмайди”.
Ҳарақонийнинг қуйидаги фикри ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Лекин, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган:
“Вафот этиб кетган жуда кўп инсонлар бор, лекин уларни ҳалқ тез-тез эслаб, кўз олдига келтириб туради. Гўё тирикдеклар. Ва аксинча, айримлар худди гўрга кириб кетгандеклар, чунки уларни ҳеч ким умуман эсламайди, тилига олмайди, лекин улар тириклар, ер юзида юрибдилар”.
Шайх кўпчиликни қизиқтирувчи бир ҳолат ҳақида ҳам ўз фикрини билдириб кетган: “Уйингизга қўл узатиб келган гадойга албатта бирор нарса беринг, хаттоки ўзгадан қарз олиб бўлса ҳам”.
Абулҳасан Ҳарақоний дўст танлашга эътибор беришни талаб қилади: “Дунёпараст кимсалар билан дўст бўлманг. Улардан воз кечинг. Сиз учун энг яхши дўст – Яратган Зотдир”.
Абулҳасан Ҳарақоний фалсафий рубоийлар ҳам ёзган. Қуйида уларнинг бирини келтираман.
Азалнинг сирини на сен билурсан ва на мен,
Бу асар ҳарфини на сен билурсан ва на мен.
Парданинг орқаси суҳбат жойимиз, гар билсанг –
Парда тушиб кетса, на сен қолурсан ва на мен.
ҲИКОЯТЛАР
АБУЛҲАСАН ҲАРАҚОНИЙ ВА СУЛТОН МАҲМУД ҒАЗНАВИЙ
<Шайх Абулҳасан Ҳарақоний яшаган даврда унинг ўлкаси кучли туркий саркардалардан Султон Маҳмуд Ғазнавий империясига қарашли эди. Ушбу буюк ҳукмдор ислом динига ва уни ёйишга катта эътибор берарди. Унинг, ҳам саркардалик, ҳам маърифатпарварлик салоҳияти юқори ва тенгсиз эди. У маъжусий мамлакатларни ишғол қилар экан, у ернинг аҳолисига албатта Ислом динига киришга даъват этарди. У бутун ҳаёти мобайнида бу вазифани бажаришда ўз шижоатини аямаган.
Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг дин ва маърифат вакилларига бўлган ҳурмати ва муҳаббати улкан эди. Шу сабаб, буюк ҳукмдор уларнинг зиёратларига борар, улардан тавсиялар ва маслаҳатлар олар, ва хулоса чиқариб, сиёсатини, иқтисодиётини юритарди.
Кунлардан бир кун, у Шайх Абулҳасан Ҳарақоний тўғрисида кўп таърифу тавсифларни эшитиб, уни зиёрат қилишга ва бир оз суҳбатлашишга чоғланди. Султон билардики, Шайхни чақиртириш мумкин эмас. Келмаса, ўзининг обрўси тушади. Шунинг учун, ўз амалдорлари-ю соқчиларини олиб Ҳарақоний ҳузурига йўл олди. Шоҳу султонлар бирор жойга борадиган бўлсалар, одатда ундан олдин чопарлар, махсус аёнлар югуриб, хавфсизлик чораларини кўрадилар, учрашиш лозим бўлган инсонларни огоҳлантирадилар.
Тасаввуф фалсафасида бир қоида мавжуд: “Бу йўлдагилар Оллоҳдан ўзгага тавозеъ қилмайдилар. Ҳукмдорми, амалдорми ёки бойми – уларга фарқи йўқ. Аксинча, уларга такаббурлик қилиш лозим”.
Баъзи бир одамларда фикр уйғониши мумкин: “Улар ўзларини бундай тутсалар, жазоланишдан қўрқмайдиларми?”
Йўқ, асло ҳайиқмайдилар. Чунки, юқори поғонага чиқиб улгурган мутассаввуф Яратганнинг ҳимоясида бўлади. Оддий инсонлар уларга бирор жазо етказа олмайдилар. Бунга уринсалар, бошларига катта кулфат тушади. Ўша асрларда деярли барча султону шоҳлар буни жуда яхши билишган, ва шайхлардан фақат маслаҳатлар сўраб туришган…
Муридлари қуршовида ўтирган Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг ҳузурига Маҳмуд Ғазнавийнинг махсус аёни кириб, сўз қотди.
– Ҳазрат! Сизни зиёрат этишга буюк султон ташриф буюрмоқдалар. Ҳализамон остонангизга етиб келадилар. Илтимос, кутиб олсангиз!
Шайх, табиийки, бу чақириққа парво ҳам қилмади. Бирон бир жавоб ҳам бермади. Бу орада ташқаридан “Султон яқинлашаяптилар, Султон келяптилар…” деган овозлар янграй бошлади. Аён яна Абулҳасан Ҳарақонийга мурожаат қилди.
– Ҳазрат! Илтимос, салтанат эгасига ҳурмат изҳор этинг!
Шайх, барибир, индамай ўтираберди.
Шунда, сарой аёни Қуръонни яхши билар экан шекилли, унга асосланиб сўз қотди:
– Ҳазрат! “Нисо” сурасининг 59-оятида айтилганки, “Эй, мўъминлар, Оллоҳга итоат этингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзингиздан бўлган ҳукмдорларга бўйсинингиз!” Буни унутганмисиз?
Шайх, шундагина аёнга ўгирилиб жавоб берди:
– Биз Оллоҳга тўлиқ итоат этяпмиз, пайғамбаримизнинг ҳадисларига амал қиламиз. Лекин, султонга ҳали гал келгани йўқ!
Шу сўзлар янграётганда, хонақоҳга Маҳмуд Ғазнавий кириб келди ва Шайхга ва унинг муридларига салом берди. Алик олингач, Абулҳасан Ҳарақонийдан изн сўради:
– Ҳазрат! Ижозат берсангиз, даврангизга қўшилардим.
– Мархамат, аълоҳазрат, жойлашинг! – Шайх ўтирган ҳолатда жавоб берди.
Абулҳасаннинг ёнидаги муридлар ўрниларидан туриб, ҳукмдорга жой беришди. Маҳмуд Ғазнавий таъвозе билан Шайхнинг биқинига чўкди.
– Ҳазрат! Сизнинг донишмандлигингиз, кароматларга бойлигингиз бутун салтанатга овоза бўлган. Мен сизнинг буюклигингиз, Яратганимизга яқинлигингиз соясидан озроқ бўлса ҳам баҳраманд олай деб, зиёратингизга келдим. Ижозат берсангиз, Қуръон сураларидан ўқиб, сизнинг савобли ишларингизга ривож тиласам?
Шайх озроқ ҳайрат билан ҳукмдорга боқди. Жилмайди.
– Бош устига, аълоҳазрат!
Маҳмуд Ғазнавий ёшлигидан Қуръонни ёд олган эди. Қироат билан ўқий оларди. Ғоят доно отаси Сабуктегин уни ҳар томонлама илмли этиб, руҳиятига шижоат сингдириб, яхши тарбия берганди. Шунинг учун, Султон ҳеч тортинмай ва қийналмай тиловат қилди ва айтганидек, Шайхнинг савобли ишларига ривож тилади.
– Раҳмат, аълоҳазрат! Салтанатингиз янада равнақ топсин! Исломни ёйишдаги, аҳли фуқаро аҳволини яхшилашдаги ишларингизга Оллоҳдан мадад ва ёрдам сўрайман! – деди Абулҳасан, бунга жавобан. Ва сўзларини давом этдирди. – Менга бир талай саволлар йиғиб келганга ўхшайсиз, айтаберинг! Қудратим етганча маслаҳатлар бераман.
– Хожам! Сиз ўта кароматли зотсиз! Сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди. Ҳақиқатдан, сизга кўп саволларим бор. Салтанатимиз ривожи сиздек кишиларнинг маслаҳатларига боғлиқ. Вақтингизни олаётганимиз учун, маъзур тутасиз!
Шу сўзлардан сўнг, Маҳмуд Ғазнавий ўз саволларини бера бошлади. Улар, асосан, маъжусий диндаги одамларни Исломга киритишнинг қандай усулларини қўллаш ҳақида эди. Абулҳасан Ҳарақоний ҳамма сўровларга жўяли жавоб берди. Султон бундан қониқди. Ўзи билан хонақоҳга кирган аёнларга мурожаат қилди:
– Хожам айтганларини ушундингизми?
Улар бош силкиб, таъвозе қилдилар.
– Албатта, онҳазрат! Яхши англадик!
Султон шайхга ўгирилди.
– Ҳазрат! Шахсан менга қандай тавсиялар, маслаҳатлар бера оласиз?
Абулқосим Ҳарақоний бир дам сукут сақлаб, жавоб берди:
– Аълоҳазрат, Қуръонни яхши билар экансиз. Сиз, тўрт ҳолатга диққатингизни қаратинг ва уларга қатъиян амал қилинг. Биринчиси, гуноҳ ҳисобланидаган ишларга яқин йўламанг. Иккинчиси, намозни бир ўзингиз эмас, жамоат билан ўқинг. Учинчиси, сахийликни шиор этинг. Тўртинчиси, Оллоҳнинг бандаларига шавқатли бўлинг.
Маҳмуд Ғазнавий бу сўзларни бош эгиб тинглагач, яна шайхга юзланди:
– Хожам! Сиз билан мулоқот қилганимдан ғоят хурсандман. Энди, менга ижозат берсангиз, вақтингизни бошқа олмасам.
Шайх жавоб берди:
– Аълоҳазрат! Истасангиз, ҳар қанча суҳбатлашабераман.
– Салтанат ишлари жуда мураккаб. Кутиб турмайдиган тадбирлар мавжуд. Сиздан кўп қимматли маслаҳатлар олдим. Раҳмат! Яратган Зот мартабангизни янада юқорироқ кўтарсин, янада Ўзига яқинлаштирсин. Дарвоқе, бир совғамиз бор эди. Шуни қабул этсангиз!
Маҳмуд Ғазнавий эшик олдида турган аёнига ишора қилди. Дақиқа ўтмай, аён бир халтача тилла кўтариб кирди.
– Онҳазрат! Мана, кимга топширай?
Абулҳасан Ҳарақоний ҳукмдорга юзланди.
– Аълоҳазрат! Ушбу совғангизни ололмайман! Маъзур тутасиз.
– Нега, хожам? Бу ахир, чин дилдан. Сизга бўлган улкан ҳурматим рамзи! Хонақоҳингиз таъмиригами, толиблпарингизгами, бошқа ишларгами сарфларсиз.
– Бизнинг тасаввуф йўлимизда, совға-инъомлар, назр-ниёзлар олиш жоиз эмас. Ризқ-насибамизни ҳалол меҳнатимиздан топишимиз лозим. Шунинг учун, мени тўғри тушунасиз, деган умиддаман.
– Совғамни қайтарманг, хожам! Эвазига сиздан бирор нарса сўраш ҳам ўйимда йўқ. Мабодо берсангиз, уни ўз хонамга қўйиб қўяман-да, ҳар гал кўзим тушганда, маслаҳатларингизни эслайман. Ниятим шу! – жилмайди Маҳмуд Ғазнавий.
Шайх ҳам табассум қилди.
– Аълоҳазрат! Сизга бир ҳирқамни совға этаман! Лекин, уни кийганингиз билан сўфий бўлиб қолмайсиз! Қабулхонангизнинг бир бурчагига илиб қўйинг, ҳар кўзингиз тушганда, мени ва сўзларимни ёдга оласиз. Инъомингизни эса етим-есирларга улашинг!
У муридларининг бирига хосхонасидан оқ рангли ҳирқасини олиб чиқишни буюрди.
– Мархамат қилинг, аълоҳазрат!
– Бу энди қандай иш бўлди, ҳазрат? – таажжубини яширмай сўзлади ҳукмдор. – Сиз менинг инъомимни олмайсизу мен сизнинг совғангизни қабул қиламанми! Шу иш адолатли бўладими? Одамлар нима дейишади?
– Сиз, маслаҳатларимга амал қилинг, салтанатнини адолат билан бошқаринг, авомдан меҳрингизни аяманг! Сизнинг менга ҳақиқий инъомингиз адолатингизу саховатингиз бўлади!
– Бош устига, хожам! Энди, менга жавоб берсангиз.
Шайх мамнунлик билан бош силкиганини кўрган Маҳмуд Ғазнавий дик этиб ўрнидан турди. У жангу-жадалларда юрабериб, жуда пишиб кетган, бақувват эди. Оҳиста эшик томон юрди. Муридлар ҳам ўрниларидан туриб, унга йўл беришди. Абулҳасан Ҳарақоний ҳам ўрнидан қўзғалди. Ва сўз қотди:
– Аллоҳ қўрисин сизни, аълоҳазрат! Даргоҳимиз ҳамиша қадамингизга мунтазир!
Маҳмуд Ғазнавий дарҳол орқасига ўгирилди. Таажжуб билан савол берди.
– Хожам! Мен кирганимда ўрнингиздан жилмаган эдингиз. Не синоатки, хайрлашганимда, туриб кузатмоқдасиз?
– Хонақоҳга кириб келганингизда, мен учун фақатгина салтанат ҳукмдори эдингиз. Сиз билан суҳбатлашдим. Вужудингизга, борлиғингизга дарвешларнинг руҳий ҳолати юқди. Маслаҳатларимга амал қилишга сўз бердингиз. Яратгандан қўрқишингизни, Унинг учун жанг-у жадаллар қилаётганингизни билдим. Аллоҳнинг ҳам сизга меҳри борлигини ҳис этдим. Сизга нисбатан ҳурмат пайдо бўлди. Қалбимда инсоннинг амалига қараб эмас, унинг хусусиятлари асосида ҳурмат уйғонади. Мени ўрнимдан қалқитган сабаб шу, аълоҳазрат!
Маҳмуд Ғазнавий табассум қилди.
– Раҳмат, хожам! Ижозат берсангиз, вақт топганимда келиб, сиз билан суҳбатлашиб турсам!
– Сиз учун хонақоҳимиз эшиги ҳамиша очиқ, султоним!
Ушбу илк учрашувдан сўнг, ўз даврининг икки буюк зоти тез-тез учрашиб, маслаҳатлашиб турадиган бўлиб қолдилар ва ҳар гал Шайх Абулҳасан Ҳарақоний улуғ Султон Маҳмуд Ғазнавийни остонада тик турган ҳолда кутиб оларди.
АБУЛҲАСАН ҲАРАҚОНИЙ ВА АБУ САЙИД МЕҲНАВИЙ
Шайх Абусайид Абулхайр Меҳнавий ҳозирги Туркманистон ҳудудида жойлашган Меҳна қишлоғида туғилган. У, эсда сақлаш қобилияти жуда яхши бўлганлиги боис, болалигиданоқ – ўн бир ёшида Қуръон ҳофизи, зукко шоир сифатида ном қозонган. Исломий китобларни ўқиб, шарҳлашда ҳам барчадан олдинда бўлган. Вақт келиб сўфийларнинг “Самоъ мажлиси”га қатнай бошлаган. Ва тасаввуфга қизиқиб қолган. Турли алломалардан дарс олгач, Шайх Абул Аббос Қассобга мурид тушиб, ундан муборак ҳирқа кийишга мушарраф бўлган. Бир қанча шогирдларни камолга етказган. У ўзигача бўлган тасаввуф ғояларини ривожлантирган, уларни кейинги авлодга етказишга ҳаракат қилган. 1049 йилда вафот этган. Мақбараси Меҳнада сақланиб қолган. Халқ уни “Мона бобо” деб атайди.
Абусайид Абулхайр Меҳнавий ёши бўйича, Абулҳасандан улуғроқ бўлган. Лекин, бу икки буюк инсон бир-бирларини жуда эъзозлашган. Уларнинг дўстлиги шундай бўлганки, ойлаб бир-бирларининг уйларида, хонақоҳларида қолиб кетишган. Уларнинг учрашадиган, суҳбатлашадиган жойлари, кўпинча, Абулҳасаннинг манзилида рўй берган.
Ана шундай мулоқотларнинг бирида Меҳнавий ва Ҳарақоний ўртасида дунёвий, руҳий-илоҳий илмлар ва тасаввуф масалаларига оид мунозаралар бошланибди. Улар ибодат вақтлари, муридлар билан ишлаш дақиқаларидан ташқари пайтларда ўз суҳбатларини тўхтатмай давом этдираберишар экан. Ушбу баҳс, ниҳоят олти ой деганда поёнига етибди. Абулҳасан ёшроқ бўлса ҳам, ўз фикрларини Абусайид оғаси онгига сингдирибди.
Шундан сўнг, Меҳнавий уйига қайтгач, ёру биродарларига айтган экан: “Мен Ҳарақонга боргунча оддий ғишт эканман. У ердан гавҳар бўлиб қайтдим!”
Бу ташбеҳ ҳам Абулҳасан Ҳарақонийнинг нақадар кучли мутасаввуф бўлганлигини кўрсатади.
РИВОЯТЛАР
Абулҳасан Ҳарақоний ҳақида турли ривоятлар қолган. Улар оғиздан оғизга, қўлёзмадан қўлёзмага кўчиб, ақл бовар қилмас ҳолатларга бой этилиб, давримизга етиб келган. Ушбу ривоятларда баён этилётган воқеаларга кимдир ишонади, кимдир ишонмайди. Масалан, Абу Али ибн Синонинг Рай шаҳрига кетаётганида шайхни зиёрат қилиш учун унинг хонадонига келиши вазиятини таҳлил қилайлик.
Эмишки, ибн Сино ўз шогирди билан Абулҳасан Ҳарақонийни кўриш, суҳбатлашиш учун, унинг қишлоғига келибди. Тақиллатилган эшикни бир баджаҳл хотин очибди.
– Кимсизлар? Сизга нима керак? – дебди у, тўнғиллаб.
– Биз машҳур ва доно Абулҳасан ҳазратларини кўрмоқчи эди! – дебди буюк табиб.
– Астофируллоҳ! – дебди хотин. – Шу эрим машҳур ва дономи? У бир аҳмоқ-ку! Қиладиган ишининг тайини йўқ! Ғирт тентак! Сенлар ҳам ўшанга ўхшагандирсанлар-да, қидириб келибсанлар! У тўқайга ўтин тергани кетган. Ўша ердан топасизлар! – жавоб берибди хотин ва эшикни тарақлатиб ёпибди.
Абу Али ибн Сино ўз шогирди билан тўқайга йўл олибди. Бориб қарашса, Шайх Абулҳасан бир шернинг устига ўтин юклаб олиб келаётганмиш. Меҳмонларнинг оғизлари ланг очилиб, дилларида ўйлашибди: “Ўзининг бир аёлига кучи етмаган зот, шерни бўйсидирибдими? Ажабо!” Ва Ҳарақонийдан сўрашибди.
– Ҳазрат! Уйингиздан тополмадик. Сизни излаб юргандик. Бу не каромат? Шердан қўрқмайсизми? Уни қандай жиловладингиз?
– Э, тақсирлар! Аёлимга дуч келган кўринасизлар. Бу ерга йўл олганимни фақат у биларди. Тўғрсини айтсам, ушбу каромат уйдаги ваҳшийга тоқат қилганим учун, Оллоҳ менга тўқайдаги ваҳшийларни бўйсиндиришни иноят этган! – дебди Шайх Абулҳасан…
Худди шу ривоят, Жалолиддин Румийнинг “Маънавий маснавий” асарида ҳам келтирилган. Фақат, у ерда Абу Али ибн Сино эмас, бир дарвеш дейилган, шер эса арслонга айланган. Аёл эса, “бадфеъл, тили заҳар, оғзи шалоқ” деб таърифланган. Ҳарақоний дарвешга: “Мен шу бадфеълга сабр қилиб, юкини тортаётганим учун бу арслон ҳеч эътирозсиз менинг юкимни тортаяпти” – дебди.
Шайх Абулҳасаг Ҳарақонийнинг мухлисларидан бири, мени ушбу рисолани ёзишга ундаган ажойиб инсон, деновлик Муҳаммадназар Очилдиев менга шу йўналишда бошқа ривоят айтиб берганди. Эмишки, Ҳарақоний хотинининг зулмидан қочиб, тоғу-тошга чиқиб кетибди. Сабаби, аёли уй юмушларининг аксари қисмини, яъни кир ювиш, овқат пишириш, ҳовли тозалаш ва ҳоказоларни ўз эрига қилдирар экан. Бечора Шайх Абулҳасан сарсон-саргардон бўлиб, юриб-юриб, охири бир ғорни топиб, у ерда қўним топибди. Қараса, у ерда ўзидан ташқари яна икки дарвеш бор ва яшашар экан. Улар танишиб, узоқ суҳбатга берилибдилар. Ниҳоят, овқат ейдиган пайт келибди. Бир дарвеш бу муаммони мен ҳал қиламан, деб Оллоҳга юзланиб, пичирлаб илтижо қилган экан, дарстурхонда таом пайдо бўлибди. Шундан сўнг, яна ярим кун ўтиб, уларнинг яна қорни очқабди. Энди, бошқа дарвеш худди шундай пичирлаб дуо қилгач, яна дастурхонда озиқ-овқат ҳозир бўлиб қолибди.
Эртаси кун, уларнинг яна суҳбатлари давом этибди. Ниҳоят, яна таом танаввул қиладиган маҳал келгач, икки дарвеш Ҳарақонийга юзланибдилар.
– Ҳазрат! Энди гал сизга! Яратгандан сўранг, бизга егулик берсин.
Шайх Абулҳасан ҳайрон бўлибди:
– Менинг ҳеч қачон бундай илтижоларга ишим тушмаган. Сизлар қандай дуо қилдинглар?
Дарвешлар жавоб беришибди.
– Оллоҳдан сўрадикки, ана шу азиз-авлиёинг Ҳарақонийнинг хатти-ҳурмати бизга таом бергин!.. Кўрганингиздек, илтимосимиз қондирилди.
Шундан сўнг, Шайх Абулҳасан ҳам Яратгандан дастурхонни тўлдиришни сўрабди. Натижада, анвои таомлар ошиб-тошиб пайдо бўлибди. Суҳбатдошлар тўйиб овқатланишибди.
Ҳарақоний, кейин бир четга ўтиб, тиловат қилиб, Мавлодан сўрабди.
– Ё, Оллоҳ! Нега менга бундай кароматни иноят этдинг? Буни ахир ўзим ҳам билмагандим. Айт, нидо бер!
Натижада, унинг онгига хабар келибди: “Эй, банда! Хотинингнинг зулмига сабр-бардош этганинг учун сени шундай каромат соҳиби этилдинг”.
Бу гапдан сўнг, Абулқосим Ҳарақоний уйига чопиб қайтиб кетибди. Яратган Зот мени шу аёл орқали синаётган экан, энди бир умр унинг хизматини қиламан, деган хулосага келибди…
Бу келтирилган икки ривоят жуда чиройли ва ибратли кўринса-да, янглиш фикрларга олиб келади. Буларни ўқиганлар, қуйидаги мантиқий хулосаларга келишлари мумкин:
1. Каромат соҳиби бўлиш учун йиллаб риёзат чекиш, ўқиб-ўрганиш, нафсни тарбиялашнинг, пирнинг хизматини қилишнинг хожати йўқ экан.
2. Ёмон хотиннинг қилиқларига сабр-бардош бериб яшаган одам оппа-осон каромат соҳибига айланиб қолар экан.
Агар, ушбу ривоятлардан чиқадиган хулосалар чин бўлса, ер юзидаги миллионлаб эркаклар авлиёларга айланиб қолишарди. Шундай эмасми?
Шунинг учун, мен бу ривоятларни тасаввуф қандай ғоя эканлигини билмайдиган одамлар тўқиб чиқаришган деган фикрдаман. Ҳар қандай ривоят ҳам ҳақиқий воқеотларга асосланабермайди. Ҳалқнинг айрим вакиллари кимнингнидир хислатларини бўртттириш мақсадида, ўзларича нималарнидир “ижод” қиладилар. Шунинг учун, уларга ҳамиша хушёр нигоҳ билан қараш лозим. Қўлёзмалар ҳамиша ҳам тўғри сўйламайдилар.
Аммо, яна бир ривоят ўқидимки, у ҳақиқатга яқинроқ. Уни келтираман.
Буюк аждодларимиздан Абу Али ибн Сино дунё кезиб юрганда, ўша пайтларда ҳаёт қайнаган шаҳар бўлган Сарахсга ташриф буюрибди. Шу ерда Шайх Абулҳасаннинг довруғини эшитиб, уни зиёрат этишга жазм қилибди. Ҳарақонга етиб, валийнинг уйини топиб, унга рўпарў бўлибди. Уй эгаси ичкарига таклиф, мезбонлик вазифасини бироз ўтагач, узр сўрабди ва дебди:
– Кечирасиз, меҳмон! Мен, келган маҳалингиз лой тайёрлаб, деворнинг кўчиб тушган, қулаган жойларини тузатаётган эдим. Лой қотиб қолмасдан ишимни қилиб олсам, ранжимайсизми?
Ибн Сино жавоб берибди.
– Бемалол, улуғ пир! Рози бўлсангиз, қарашиб ҳам юбораман!
Абулҳасан қўлига теша олиб, нарвоннинг устига чиқиб деворни ўнқир-чўнқир жойларини чопа бошлабди. Шунда, тўсатдан қўлидаги теша пастга тушиб кетибди. Шайхнинг ишини ишини кузатиб турган Абу Али ибн Сино дарҳол уни кўтариб олиб бераман деб энгашган экан, теша ўз-ўзидан кўтарилиб, Ҳарақонийнинг қўлига ўрнашиб қолибди.
Шунда буюк табиб ва аллома бундай каромат олдида лол қолиб, Шайх Абулҳасанга таъзим бажо этибди.
Ушбу ривоят анча валийларга хос воқеани баён этган.
Мен ушбу буюк инсон, ушбу буюк мутассавуф тўғрисида яна бошқа турли манбаларни қараб чиқдим. Ўз ҳаётини тасаввуфга бағишлаган кишиларга тўғри келмайдиган уйдирмалар жуда кўп. Оддийгина мантиқ уларни инкор этади. Бу ерда уларни келтириб ўтирмайман. Чунки, бир томондан, тўқималар одамларни чалғитадилар. Иккинчи ёқдан, Ҳарақоний ҳақида, тасаввуф ҳақида хато тасаввур пайдо бўлади.
Асосий ғоя, унинг келажак авлодларга қолдирган маънавий мероси ва “Хожагон-Нақшбандия” тариқати асосига қўйган мустаҳкам ғиштларидир.
ЮРТИМИЗДАГИ ФАОЛИЯТИ ВА ИШЛАРИ
Абулҳасан Ҳарақоний буюк туркий ҳукмдор Маҳмуд Ғазнавий империяси ҳудудида катта фаолият юритган. Хусусан, ҳозирги Ўзбекистон майдонида жуда кўп хайрли ишлар қилган ва ўз фалсафасини тарғиб этган. У, маданият ва исломият маркази бўлмиш Бухорода, сўлим ва қудратли шаҳар Самарқандда кўп бўлган, одамларга ёрдам кўрсатиш учун куч-қувватини аямаган. Шунингдек, Навоий вилоятининг Хатирчи қишлоғида ва, эл оғзида қолган гапларга кўра, ҳозирги Сурхондарё вилоятидаги Денов шаҳри атрофларида, Қуръонни, ҳадисларни, исломий қонунларни, тўғри яшаш қоидаларини халққа тушунтириш ишларини олиб борган. Ўз ихлосмандларига тасаввуф сирларини баён этган. Натижада, ерлик аҳоли унга катта ихлос билан қараган, унинг авлиёлик даражасидаги инсонлигига қалбдан ишонган.
Абулҳасан Ҳарақоний ушбу ихлос ва ишончга, албатта, ўзининг валийлик фаолияти билан жавоб қилган. Масалан, у Бухорода яшаган вақтида, бир танишининг таклифига кўра, Хатирчи касабасига келган ва шу ерда анча давр истиқомат қилган. Бир куни ушбу обод ва бой қишлоққа, катта ўлжа олиш умидида, ёв ҳужум қилиб қолган. Шайх ана шу пайтда ўз каромати ва дуолари орқали душманларнинг бу масканга умуман қадам босмайдиган қилиб қўйган. Шу боис, ушбу воқеадан сўнг, халқ Ҳарақоний бизни ёв шарридан ҳимоя қилди, бизга қалқон бўлди деб, уни Қалқон ота сифатида тилга олишга тушганлар. Шу-шу, Шайх Абулҳасаннинг номи Қалқон ота бўлиб кетган. Унинг номи шунчалик улуғликка чиққанки, мана, ўша муҳорабалардан ўн аср ўтди, лекин ўша қишлоқ одамларининг авлодлари Қалқон отани ҳамон эъзозлайдилар. Хаттоки, айтишларича, ихлосмандлар валийнинг вафотидан сўнг, Ҳарақонга бориб, қабри тупроғидан олиб келиб, шу ерга рамзий мақбара ҳам қуришган.
Ҳозирги пайтда, Хатирчи туманидаги Қалқон ота номли қишлоқдан ўтадиган анҳор ёнида ҳали ҳамон ўша мақбара мавжуд. Одамлар бу ерга ҳамиша зиёратга келиб турадилар.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти, Денов туманида оқиб ўтадиган Қизилсув дарёси бўйида, Деновшаҳридан 3 км нарироқда жойлашган Қорахон қишлоғида (“Гулистон” к.ф.й.) Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг рамзий қабри ва мақбараси бор. Унинг ёнида масжид ва чиллахоналар ҳам мавжуд. Бу қишлоқнинг номи қадимда Ҳарақон деб аталган, вақт ўтиши билан талаффузга осон қилиб, уни Қорахонга айлантириб юборишган, деган тахмин-фикрлар бор. (Бу ҳақда кейинги бобда батафсил тўхталаман).
Аммо, таъкидлашим керакки, бу ҳақда расмий манбаларда ахборот мавжуд эмас. Айримлар, хаттоки, Қорахон умуман бошқа кимса бўлган деб ҳисоблайдилар. Лекин, бунга ҳам бирон бир, на расмий, на ривоятий далил йўқ. Шундай тескари фикрларга қарамай, халқимиз ўша ерда Шайх Абулҳасаннинг руҳини тавоб қилишда тўхтамайди.
Бу ҳолатлар Ҳарақонийнинг Ўзбекистон ҳудудида кўзга кўринарли анча ишлар қилганига далолатдир. Чунки, халқимиз азал-азалдан фақатгина валий мақомига эришган кимсаларнигина ҳурмат қилган, уларга мустаҳкам мақбаралар қурган. Ҳамда, бир қанча асрлар ўтса ҳам бундай муқаддас жойларни зиёрат қилишни тўхтатмаган. Шайх Абулҳасан ана шу Денов туманида ҳам халқни эзгуликка етаклаган, муҳтожларга ёрдам берган, кўнгилларга қувонч бағишлаган, деган ишонч бор.
Шайх Абулҳасан, қаерда бўлмасин, шундай савобли ишлар қилгани туфайли эл ҳурматига сазовор бўлган. Ҳарақонийнинг бир шиори бўлган: “Инсонларга ёрдам бериш, бирор бир мўъминнинг кўнглини қувнатиш – бу Яратганга ёқадиган ишдир!” У шу сўзларга доимо амал қилган.
Натижада, бу ўлкада ҳам, вафотидан сўнг унга рамзий мақбара тикланган. Мана, неча асрдирки, ушбу мақбарага келаётган зиёратчилар оқими тўхтамайди.
Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг ҳақиқий қабри ва мақбараси ўзининг туғилган қишлоғи Ҳарақонда жойлашган. Бу маскан ҳозирги Эроннинг Шоҳруд шаҳридан 24 км наридадир.
АБУЛҲАСАН ҲАРАҚОНИЙНИНГ ДЕНОВДАГИ ФАОЛИЯТИ
Мен ушбу рисолани битиш мобайнида Деновга сафар қилдим. Мақсадим, ҳақиқатдан ҳам бу диёрда Абулҳасан Ҳарақоний яшаганми ёки йўқми, аниқлаш эди. Чунки, бу масалада икки хил қараш бор.
Бир томоннинг фикри шундайки, бу зот умуман бу диёрга келмаган. Унинг Чағаниёнда фаолият юритгани тўғрисида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ. Манбалар мавжуд эмас. Авлиё Эронга дафн қилинган ва умрининг охиригача ўша мамлакатда яшаган. Ўҳ-ҳў, Шоҳруд қаёқда-ю, Денов қаёқда!
Иккинчи томон эса бошқача фикр билдиради. Султон Маҳмуд Ғазнавий замонида Чағаниён ҳам, Эрон ҳам бир мамлакат ҳудудида бўлган. Инсонлар ушбу империя майдонида истаган юртларига, қалб амри бўйича саёҳат қилаберганлар. Бундай амал, айниқса, валийларга хос бўлган. Сабаби, улар ўз таълимотларини иложи борича кўпроқ одамларга маълум қилишлари лозим эди. Шунинг учун, Абулҳасан Ҳарақоний ўз туғилган диёридан географик унча узоқ бўлмаган Сурхон воҳасига албатта келган. Ва кенг фаолият юритган.
Шунинг учун, ушбу буюк тарихий шахсга бағишланган рисоладаги барча маълумотларнинг қанчалик даражада ҳақиқатга мос келиши тўғрисида ўқувчиларга барча ахборотни бериш зарур. Токи, асар дунё юзини кўргач, кимдир манба сўраб қолиши, уйдирмаларни ёзибди, бу муаллиф деб, танқид қилиб қолиши мумкин. Чиндан ҳам, Ҳарақонийнинг Деновда бўлганлигини расман тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Лекин, ушбу диёр одамлар орасида юрган ривоятлар, авлоддан авлодга ўтиб келган эсдаликлар мавжуд. Бу одамларнинг гапларини тирик гувоҳлар бераётган маълумот сифатида қабул қилиш мумкин.
Сафаримни шаҳар ичидаги Қорахон отаники деб номланиб келган мақбарани зиёрат қилишдан бошладим. Бу даргоҳ таъмирланаётган экан. Бу қурилиш ишларини деновлик тадбиркор Бобоқул ака Ўроқов амалга ошираётган экан.
“Айни шундай ишларга мени марҳум, Тол қишлоқлик Исмоил ота ундаганлар, – айтди у. – Тўқсонинчи йилларда, мен Деновдаги ҳаммомни сотиб олиб, уни замонавий услубда таъмирлаганман. У киши ҳар ҳафта ғуслга келар эканлар, менга қайта-қайта гапирардилар: “Мана шу ҳаммомнинг ёнидаги қабр – Абулҳасан Ҳарақонийники. Қорахон отаники эмас. Бу ҳақда эски китобларда ўқиганман. Сен тадбиркорсан, ишбилармонсан. Сен тарихий ҳақиқатни юзага чиқариб, валийнинг руҳи дуосини ол. Мақбарани обод қил. Барака топасан”.
Кейинги борадиган манзилим – Қизилсув дарёси ёнидаги Қорахон қишлоғи бўлди. У ерда қабристон бор экан. Ва айни шу ерда, юртимиздаги азиз-авлиёлар тарихи билан қизиқиб, шуғилланиб, маълумотлар йиғиб юрувчи зиёли инсон Муҳаммадназар Очилдиевнинг гаплари бўйича, Ҳазрат Абулҳасан Ҳарақоний яшаган ва фаолият юритган экан. Ушбу маскан ҳам тадбиркор Бобоқул Ўроқов томонидан обод этилаётганининг гувоҳи бўлдим.
Ушбу қабристоннинг бир четида халқ тилида Шайх бува ёки Халфа бува деб аталувчи, ХХ асрда яшаб, фаолият юритган бир азиз зотнинг мақбараси ва яшаган уйи бор экан. Асл исмлари Шайх Сайид Абдумели (оталарининг номи Сайид Абдураҳмон бува), 1937 йилда Вахшувордан келиб, шу жойда қўним топиб, ҳаёт кечирган эканлар. “1998 йилда бир юз йигирма беш ёшга кириб вафот этганлар”, — деди, шу масканда истиқомат қилаётган, у зотга набира куёв бўлмиш Муҳиддин.
Халфа бува амалдаги тиббиёт ходимлари даволай олмайдиган ёки даволаниши узоққа чўзиладиган беморларга ёрдам кўрсатиш билан шуғилланганлар. Ҳеч кимга палон сўм берасан, демаганлар. Кечалари ухламаганлар. Фақат тоат-ибодат билан машғул бўлганлар. Мижжа қоқмасалар ҳам ҳамиша бардам юрганлар. Бир-иккита ихлосманд ёрдамчилари бўлган. Ана ўшалар Халфа буванинг кечалари учганларини, ёввойи, йиртқич ҳайвонларни бўйсундирганликларини, уларга нон бериб эркалаганликларини кузатганлар. Шифокорликдан тушган пулларни халқнинг ўзига қайтарар эканлар: ё бечораҳол оилаларга бериб, ё жума кунлари намозхонларга ош дастурхон тузаб, сарф этар эканлар. У зотдан қолган уй-жойни кўрдим. Ҳеч қандай ҳашамат йўқ. Жуда оддий, замонавий таъмирланмаган, мебеллари умуман йўқ бир неча хоналардан иборат бино. “Истасалар қаср қура олардилар”, — дейди асли вахшуворлик Муҳиддин. Бу ерда ҳозир у зотнинг қизлари, бир ўғил, бир қиз набира ва куёв яшашади. Ва ўз боболарининг ишларини давом этдиришмоқда. Халфа бува кеч уйланганлар – етмиш ёшга кирганларида, “Пайғамбаримизнинг суннатларини адо этишим керак!” – деб оила қурганлар, улардан икки қиз қолган .
Халфа бува нега ўз фаолиятлари учун худди шу масканни танлаган? Бунга икки хил жавоб бор: 1) Тасодифан келиб қолиб, бу манзил у зотга ёқиб қолган;
2) Тушда ёки қандайдир бир руҳий ҳолатда айни шу жойга келиб истиқомат қилишга кимдир кўрсатма берган.
Тасаввуф, валийлар оламини билмайдиган, англамайдиган кимсалар биринчи жавоб тарафдори бўладилар, назаримда. Авлиёлар ҳаёти тарихини ўрганлар эса, уларнинг фаолиятларидан озми-кўпми хабардор кимсалар ҳеч иккиланмай, иккинчи жавоб тарафдорлари қаторига ўтадилар. Чунки, валийлар бирон бир жиддий хатти-ҳаракатни ишоратсиз амалга оширмаганлар. Мен ҳам ана шулар томонидаман.
Ушбу қишлоқда муқим бўлиб қолган Шайх Сайид Абдумелининг биринчи, зоҳирий пири Тожикистон ҳудудида истиқомат қилган Сайид Жалолиддин Эшон бўлган. Ва у зот Халфа бувани ана шу масканга бориб, бир пайтлар бу ерда яшаган Абулҳасан Ҳарақонийдан увайсиёна тарбия олиш вазифасини топширган бўлиши керак. Натижада, кўрсатмага амал қилиб, у зот йиллар давомида Денов диёридаги ушбу қишлоқда руҳий тарбия олиб, юқори даражага эришган.
Халфа бува, Вахшувордан зиёратга келиб, набира куёв бўлиб қолган йигит – Муҳиддинга ўз руҳий пирлари Абулҳасан Ҳарақонийнинг таълимоти, хислатлари ва кароматлари ҳақида тез-тез гапириб берар, ва унинг худди шу масканда тўққиз-ўн аср илгари бир қанча йил яшаганликларини сўзлар экан.
Халфа бува масканининг бир четида минг йиллик бир тут дарахти ҳамон ўсаётганини кўрдим. Ушбу дарахт ҳақида бир чиройли ривоят ҳам бор.
Абулҳасан Ҳарақоний Чағаниёнга келар экан, айни шу ерга етганда намоз пайти бўлиб қолибди. Шунда у тут шохидан қилинган ҳассасини ерга қадаб, ибодатга киришибди. Бир қанча вақтдан сўнг, намозини тугатиб, ҳассасига қараса кўкараётган эмиш. Буюк валий шунда тушунибдики, унинг яшайдиган ери худди шу жойдир. Шундан кейин, у бу ерга уй қуриб, унда яшаб, халққа Яратганнинг ҳақиқатларини англата бошлаган экан.
Айтилган, ҳамон кўкариб турган дарахтнинг танасини икки одам базўр қучоғига ололса керак. Шохлари атрофга ўсиб, ўз тагида каттагина капа ҳосил қилган. Қуриган шохлари ҳам кўп. Уларга тегишмас экан. Хуллас, ушбу қадимий тут ўн асрдан бери Абулҳасан Ҳарақонийдан эсдалик сифатида мағрур қўр тўкиб турибди.
Мен юқорида баён этилган маълумотлар асосида қуйидаги хулосаларга келдим:
1. Шайх Сайид Абдумели айни шу қишлоқда Абулҳасан Ҳарақонийдан увайсиёна дарс олган. Менга берилган маълумотларга қараганда, у руҳий пирининг фалсафасини тўлиқ қабул қилган, ўша бўйича яшаган, устози каби мўминлар қалбини яшнатувчи, саҳоватпеша бўлган. Абулҳасан Ҳарақоний ўз даврида Боязид Бистомийнинг юртига бориб, у зотнинг руҳидан дарс олиб, юқори даражага кўтарилганидек, Халфа бува ҳам ўз увайсий муршиди қанчадир вақт яшаган масканда, комилликка эришган.
2. Чағаниён халқи ўша даврларда Абулҳасан Ҳарақонийни шунчалик ҳурмат қилганки, у ўз юртига кетгач, зиёратга бориб турган. Бу валийнинг вафотидан кейин ҳам давом этган. Зеро, Султон Маҳмуд Ғазнавий пайтида ҳам, Салжуқийлар империяси замонида ҳам бу диёрлар бир мамлакат ҳудудида бўлган. Кўпчилик зиёратчилар йўл юришга қийналганлари учун, Ҳарақонийнинг қабр тупроғидан олиб келтиришган ва рамзий мақбара қуришган. Натижада, Денов шаҳрида у зотнинг қадамжоси пайдо бўлган. Орадан асрлар ўтиб, янги авлодлар келиб, Ҳарақоний ота номи аста-секин Қорахон ота шаклида айтиладиган бўлиб қолган.
3. Шу ўринда, юқоридаги хулосамизга қарши чиқайлик. Деновдаги мақбарани қандайдир бир Қорахон отага тегишли деб ҳисоблайлик. Шунда, кетма-кет турли саволлар пайдо бўлади: Қорахон ота ким ўзи? У ҳақда қандай расмий ва ривоятнамо ёки халқ оғзаки маълумотлари бор? Лекин, бу саволларга тайинли жавоб йўқ. Мен, Абулҳасан Ҳарақонийнинг ушбу диёрда яшаганлигини тирик одамлардан эшитган маълумотлар асосида мантиқан исботлаганим каби, Қорахон отанинг мавжудлигини тасдиқлай оладиган бирор митти асос йўқ. Демак, иккинчи пунктдаги хулосамиз тўғри: Ҳарақоний ота номи ҳақиқатдан замонлар ўтиб, Қорахон отага айланиб кетган.
4. Баён қилинган учта хулосага таянган холда якуний ва асосий натижага келамиз: “Қорахон” қишлоғи, “Қорахон ота” мақбараси асли Абулҳасан Ҳарақонийга тегишли. Шунинг учун, ушбу жойларнинг ҳаққоний тарихий номини тиклаш мақсадга мувофиқдир.
ҲАРАҚОНИЙНИНГ ТАЪЛИМОТИ АҲАМИЯТИ
Тасаввуфда улкан муваффақиятларга эришган, унинг энг юқори чўққиларига чиққан ҳар бир донишманднинг ушбу соҳага киритган ўзига хос, катта аҳамиятга эга янги қоидалари, ғоялари бўлади. Биз, ушбу рисоланинг бош қисмида унинг феъл-атвори, жиҳатлари ва ҳикматлари билан танишдик. Улар орқали бизга бу ноёб инсоннинг жонли қиёфаси ва фалсафаси озми-кўпми намоён бўлди. Аниқландики, Шайх Абулҳасаннинг ўзи учун энг долзарб вазифа қилиб, одамзотга ҳар томонлама ёрдам беришни белгилаган. Унинг учун ҳар бир инсон ёнидаги, атрофидаги кишиларга нисбатан раҳмдил, саҳий ва ширинсўз бўлиши даркор. Бир кунлик яшаш жараёнида ҳам ҳеч кимнинг дилини ранжитиши мумкин эмас, чунки бу ҳолат ўша вақт оралиғидаги барча тоат-ибодатни чиппакка чиқаради, Яратган Зот уларни қабул этмайди. Аксинча, у синиқ кўнгилларга иложи борича қувонч солишга уриниши керакки, бу, албатта, охир-оқибатда ҳаётга ижобий мазмун киритади. Ҳарақоний, хаттоки, уйингизга тиланиб келган гадога ҳам шавқатли бўлишни, ўзингизда ҳеч нарса бўлмаса ҳам, кимдандир қарз олиб, унга бирор нима бериш зарурлигини таъкидлайди.
Булардан ташқари, Шайх Абулҳасан фикр билдирадики, инсон ҳеч кимга яхшилик қилмаса, атрофидагиларга ёрдам бериб турмаса, бундай одам Ер юзида юрган бўлса-да, у – ўлик мурдадир. Ҳаммага қўлидан келган мададини аямаганлар, қоронғи кўнгилларга чироқ ёққанлар, вафот этиб кетсалар ҳамки, улар тириклар – ҳар куни, ҳар вақт эсланадилар, уларнинг ишлари ва сиймолари унитилмайди. Яратган Зот ана шундай кишилар устига бир томчи раҳматини тушириши мумкин, шунда унинг ҳеч кимга муҳтожлиги қолмайди.
Ҳарақоний тасаввуфга янгиликлар зарурлигини таъкидлаб, икки қоидани киритган. Бу ҳақда унинг биринчи устози Шайх Абул Аббос Қассоб айтади: “Абулҳасан Ҳарақоний тасаввуфга икки янги талабни, яъни сафарлар ва зиёратлар қилиб туриш зарурлигини киритган”. Бу қоидаларга амал қилиш одамларга нима беради?
Сафар қилиб туриш – ҳар бир инсон учун, унинг маънавий камолоти учун фойдалидир. Чунки, сафар чоғида у турли одамлар билан учрашади, мулоқот қилади. Фикр алмашади. Ўзи илгари кўрмаган манзараларни томоша қилади, табиатнинг янги қирраларини кузатади. Натижада, унинг онгида янги ғоялар уйғониши, ҳал бўлмаётган мушкул масалаларига ечим топиб қолиши мумкин. Хуллас, сафар руҳият учун жуда зарур амалдир.
Зиёрат эса инсонга умид ва ишонч бағишлайди. Унинг кўнглига таскин беради. Хотиржамликка, мантиқий фикрлашга ундайди. Бу жонли дунёнинг қонунларини тўлиқроқ англашга ёрдам беради.
Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг ушбу қоидаларининг бири, кейинчалик унинг ўз шогирди Хожа Али Формадийдан Ҳазрат Юсуф Ҳамадонийга ўтиб, унга катта таъсир кўрсатган. Натижада, у тасаввуф қоидалари – рашҳаларининг бири сифатида, яъни “Сафар дар ватан” этиб белгиланган. Ушбу амал қилиш зарур бўлган талабни уламолар турлича талқин қилсалар-да, у бизнинг давримизга қадар инкор этилмаган, яшаб келмоқда ва ҳамон долзарб.
ШОГИРДЛАРИ ВА ИЗДОШЛАРИ
Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг шогирдлари мўл бўлган. Лекин, фақат уларнинг биригина тасаввуфнинг юксак поғоналарига кўтарила олган. Унинг муридларни тарбиялашда ўзига хос усули бўлган. У, бошқа пирлар каби муридларни ғурурини синдираман деб, тиланчилик қилдирмаган, оддий халқ наздида паст ҳисобланадиган юмушларни вазифа қилиб бермаган. Ҳарақоний бундай ишларни жонли ҳаётда ўзига аталган ўринни тополмаган кимсалар бажаради, деб ҳисоблаган.
Кимдаки Шайх Абулҳасаннинг қошига келиб: “Ҳазрат! Мени ўзингизга ўқувчи қилиб олинг!”, деса, унга биргина мустақил вазифа – имтиҳон масаласини қўйган. Яъни, айтганки: “Бўтам! Энг аввало, сен ўз қалбингни тозалаш билан машғул бўл. Қалб қандай тозаланади, мен ҳам, ўзга муридлар ҳам бу сирни ҳеч кимга айтишмайди. Буни сен ўзинг аниқлашинг ва амалга оширишинг лозим. Шундан сўнг, олдимга яна келасан, топган усулингни баён этасан. Маъқул бўлса, сени муридликка қабул қиламан. Тасаввуф жуда мушкул соҳа. Унга руҳан ва жисмонан тайёрлигингни ҳам ҳис қилишим даркор! ”
Шундан сўнг, аксарият ёшлар бадар кетишарди. Қандайдир усул топиб келганларга, ғоялари хато бўлса, яна бир марта имконият берарди. Бироқ, уларнинг кўпчилиги ҳам охир-оқибатда Шайхнинг имтиҳонидан ўтолмас эди. Ҳарақоний иқтидорсиз кимсаларнинг ўз хонақоҳида йиллаб умрини кетказишини нотўғри деб ўйларди. Ундан кўра, ушбу одамлар бошқа соҳаларда жамият учун кераклироқ иш қилишлари лозим, деб фикрларди.
Муридларининг ичида биринчи имтиҳондан тез ўтган, бу ишни уддалаган ва энг топқири Абу Али Формадий бўлган. У айтганки:
– Ҳазрат! Инсон қалбида икки хилқат мавжуд бўлади: бири фаришта, бири шайтон. Шайтонни ҳайдашнинг энг яхши натижа берадиган усули шуки, “Аузи биллаҳи мин аш шайтони ражим”ни такрорлаб юришдир. Бундан, шайтон қалбни тарк этади. Кейин, “Ло илоҳа илоллоҳ”ни қайтариш лозим. Бундан эса, инсон қалбига Оллоҳнинг нури киради. Кейин, “Оллоҳу акбар!” деб кўп марта айтиш ҳам шарт. Бу, Яратганимизни улуғлашдир. Чунки, ҳамд-санога фақат У – лойиқ. Ва охирида, ўз тилимизда, “Ё, Оллоҳ! Қалбимга шайтонни яқинлаштирма, Ўз паноҳингда тут!” ни қайтарсак, қалбимиз ҳимояланади. Бу ишни ҳар кун тонгдан, бомдоддан сўнг, амалга оширсак, кун бўйи дилимиз пок ҳолда умр кечирамиз .
Шайх Абулҳасан унинг бу гапларига қойил қолди. Ва қирқ кун бетиним шу амални бажаришни буюрди.
Абу Али Формадий вазифани бажариб, ўз қалби тўлиқ поклаб келди. Шундан сўнг, Ҳарақоний унга тасаввуф сирларини ўргата бошлади. Шайх Абулҳасан бу таълимотнинг кўпини Ҳазрат Боязид Бистомийдан ўрганганди.
Вақт келиб, натижада, Абу Али Формадий тасаввуфнинг энг юқори поғоналарини забт этди.
Абулҳасаннинг бошқа ҳеч бир муриди унинг даражасига етмаган.
Ҳарақоний умрининг охирида ўзидан муносиб шогирд қолганидан қониқиб, Абу Али Формадийга ишонган ҳолда жонли ҳаётни тарк этган.
Тасаввуф таълимоти Формадийдан сўнг ҳам яна бошқа етук инсонлар ёрдамида ривожланиб, такомиллашиб, кейинги асрларда нақшбандия даражасига етган.
Бу жараён қуйидагича рўй берган. Абу Али Формадий ўз навбатида Ҳазрат Юсуф Ҳамадонийни тарбиялаган. Унинг икки муриди эса , тасаввуфни мукаммал ўрганиб, янги йўналишларни вужудга келтирганлар. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний – “Хожагон” тариқатини, Хожа Аҳмад Яссавий эса – “Яссавия” тариқатини. Уларнинг бир неча авлоддан иборат издошлари бу йўлларни янада ривожлантирганлар. Навбат Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандга келганда, у зот бу икки тариқатни мукаамал эгаллаб, уларни бирлаштириб, “Нақшбандия” тариқатини яратган.
Ушбу тариқатнинг ҳозирги даврда инсоният учун, унинг ривожланиши учун тутган ўрни беқиёсдир. “Нақшбандия” нафақат бизнинг юртимизда, балки дунёнинг деярли барча мамлакатларида ўрганилмоқда, инсонлар уни чуқур эгаллаб ўз ҳаётларига татбиқ этмоқдалар.
Менинг хусусий фикримча, Тасаввуф – Яратганнинг Қуръони ва Пайғамбаримиз ҳадисларидан сўнг, ўрганилиши лозим бўлган учинчи ўриндаги таълимотдир. Шунинг учун, «Нақшбандия” ғояларининг мағзини чақиш ва билиш ҳар бир камолотга интилаётган инсоннинг бурчидир. Тасаввуфни яхши ўрганган одам – ҳаётида фақат муваффақиятларга эришиб яшайди. Ва, бир ҳолатни эсдан чиқармаслигимиз керакки, унинг вужудга келишида Шайх Абулҳасан Ҳарақонийнинг ҳиссаси улкандир.
Омин. Оллоҳу акбар!
Тошкент шаҳри – Чахчам қишлоғи.
2016 йил. 03-22 май.
SHAYX ABULHASAN HARAQONIY
HAQIDA RISOLA
Ozod MO»MIN XO’JA
Yaratgan Zot, o’limimdan so’ng Olloh bilan uchrashaman deb yashayotgan bandani emas, hayotim mobaynida Unga ro’baro’ kelishim shart, deb tirishayotgan odamni sevadi.
Shayx Abulhasan Haraqoniy
Abulhasan Haraqoniy tasavvufga ikki yangi talabni, ya’ni safarlar va ziyoratlar qilib turish zarurligini kiritgan.
Shayx Abul Abbos Qassob
Muqaddima.
Abulhasan Haraqoniy (933 – 1037 yy.) – insoniyat tarixida katta faoliyat yuritgan buyuk aziz-avliyolarning biridir. U zot hozirgi davrimizda butun dunyo olimlari, ziyolilari tomonidan eng ilg’or, ijobiy va taraqqiyotga yetaklovchi deb tan olingan “Xojagon – Naqshbandiya” tasavvuf tariqatining vujudga kelishiga fundamental asoslar yaratgan zotlar ketma-ketligining yettinchi pog’onasida turadi. Mana o’sha, ko’pchilik tomonidan oltin silsila deb ham ataluvchi ro’yxat:
1. Muhammad sallallohu vassalam;
2. Abu Bakr Siddiq;
3. Salmon Forsiy;
4. Qosim ibn Muhammad
5. Ja’far Sodiq:
6. Boyazid Bistomiy;
7. Abulhasan Haraqoniy;
8. Abu Ali Formadiy;
9. Yusuf Hamadoniy;
10. Xoja Abduholiq G’ijduvoniy;
11. Xoja Orif Revgoriy:
12. Xoja Mahmud Anjir Fag’naviy;
13. Xoja Ali Romitoniy;
14. Muhammad Bobo Samosiy;
15. Hazrat Sayid Amir Kulol;
16. Hazrat Bahouddin Naqshband.
To’liq ismi Abulhasan Ali ibn Salmon bo’lgan ushbu zot 933-yilda hozir Eron hududiga kiruvchi Haraqon qishlog’ida tug’ilgan. U yoshlik chog’laridanoq hayot qonunlarini, o’zini o’rab turgan muhitning qandayligini beixtiyor tahlil qilar edi. Maktabni bitirgach, u yanada kengroq bilim olishga intildi. Chunki, olamni, dunyoni va Yaratganni to’liq anglash uchun faqat va faqat bilim zarurligini his qildi. Shuning uchun, u eng yetuk ulamolardan dars olishga tirishdi. Turli fanlarni o’rgandi. Oxir-oqibatda eng oliy fan – tasavvuf ekanligiga amin bo’ldi. Chunki, uni o’rganib, yetuklik darajasiga chiqqan kimsa, hayot jarayoniga juda ulkan ta’sir ko’rsatishi mumkinligini tushunib yetgandi. Shuning uchun, u shu sohada faoliyat yuritayotgan shayxlarga, xususan Abul Abbos Qassobga muridlik qildi. Uning xonaqohida tarbiyalandi. Vaqt o’tib, yuqori pog’onalarga erishib, shayxlik hirqasini kiydi. Lekin, u o’z bilimidan qoniqmadi. O’z ustida mustaqil ishlay boshladi. Unda uvaysiylik xislati uyg’ondi. Natijada, Abulhasan eng zo’r ustoz va eng buyuk avliyolardan bo’lmish Boyazid Bistomiy ruhidan dars olishga qaror qildi.
U o’z o’lkasini tark etib, uncha uzoq bo’lmagan Bistomga boradi. Shu yerda Boyazidning maqbarasida xizmatga tutinib, unga o’n ikki yil uvaysiyona shogirdlikka tutindi. Ya’ni, buyuk pirning ruhidan darslar oldi. Natijada, tariqatda yanada yuksak darajaga chiqdi, Haqqa yaqinlashdi. Qutb va g’avs deb tan olindi. Shuning uchun, Abulhasan Haraqoniy o’zining asosiy piri deb shayx Boyazid Bistomiyni tan olgan va oltin silsilada undan keyingi halqada turadi.
(Qutb – tasavvuf shayxlariga beriladigan eng oliy unvon. Tasavvufda yuksak darajaga yetgan avliyolar. Har bir davrning o’z qutbi bo’lib, ular har zamonda mavjud bo’ladilar. Ularning qalbi Muhammad (a.s) qalbi bilan aloqador bo’ladi.
G’avs – bu ham Qutb darajasiga yetgan valiy bo’lib, yordam beruvchi, madadkor degan ma’nolarni anglatadi.)
FE’L-ATVORI
Abulhasan Haraqoniy baland bo’yli, rangi oq, peshonasi keng, yuzi dumaloqroq, ko’zlari katta-katta, nigohi o’tkir inson bo’lgan. Gaplarni aniq, mazmunini tushunarli qilib ifodalagan.
Zamondoshlari, yoshi ulug’ bilimdonlar uning fe’l-atvorini Boyazid Bistomiynikiga o’xshatishgan. Ana shu ruhiy piri kabi, Abulhasanning fikrlari asosli va mantiqiy bo’lgan, uning qalbida Yaratganga nisbatan ulkan ishtiyoq va hayajonli muhabbat mustahkam joylashgan.
Haraqoniy hamisha bechorahol odamlarga qo’lidan kelgancha yordam bergan. “Turon va Shom oralig’ida kimningnidir oyog’iga zirapcha kirsa, u mening oyog’imga kirgandek, kimdir oyog’ini toshga
urib olsa, uni xuddi o’zim urganimdek his qilaman. Men o’sha odamlarning og’rig’ini sezaman. Kimningnidir yuragi g’am-g’ussaga to’lsa, mening qalbim ham qiynala boshlaydi”, degan ekan u.
Abulhasan Haraqoniyning mutasavvuf zamondoshlari ham ko’p bo’lgan. Ular qatoriga Abulqosim Kushayriy, ustozi Abul Abbos Qassob va Abusaid Mehnaviy kabilarni kiritish mumkin. Shuningdek, uning xonaqohiga Sulton Mahmud G’aznaviy kelib turgan. Hamda Abu Ali ibn Sino bilan muloqotlar qilib turgan.
“Kashf ul-mahjub” asarida, muallif Ali ibn Usmon Xujviriy tasavvuf vakili Abulqosim Kushayriyning ushbu so’zlarini yozib qoldirgan: “Men shayx Abulhasanni ziyorat qilish uchun Haraqonga bordim. Huzuriga kirganimda, uning buyuklik ufurib turgan haybatidan va o’tkir nigohidan shunday taassurot oldimki, tilim lol bo’lib, gapirolmay qoldim. Hattoki, Yaratganning oldida biror gunohim bo’lsa, U meni jazolayaptimikan, degan xayolga ham bordim”.
Abul Abbos Qassob aytganki: “Haraqoniy tasavvufga ikki yangi talabni, ya’ni safarlar va ziyoratlar qilib turish zarurligini kiritdi”.
Shayx Abulhasanning shogirdlaridan biri Abdulla Ansoriy o’zidan “Manozil us-sayrin” asarini qoldirgan. Bu kitobda, u tasavvufdagi hol va maqom tushunchalariga oydinlik kiritgan. Va ustozi haqida quyidagi jumlalarni yozgan: “Men Hadisni, Fiqhni va boshqa diniy bilimlarni juda ko’p ustozlardan o’rgandim. Tasavvufni esa Abulhasan Haraqoniydan o’rgandim. Agar men bu sharif zotni uchratmaganimda, Ma’rifat darajasiga chiqolmagan bo’lardim”.
JIHATLARI VA HIKMATLARI
Haraqoniy insonning haqiqiy vazifasi – Yaratganning bergan vazifasini ado etishdan iboratdir, deb ta’kidlagan. U, “Har bir odam o’z ishini puxtaroq qilishga intiladi. Masalan, olim ertalab uyg’onar ekan, o’z bilimini oshirishni o’ylaydi. Zohid o’z dilidagi Olloh oldidagi qo’rquvni qanday kuchaytirishni mo’ljallaydi. Men esa, biron bir musulmonning qalbiga qanday quvonch solsam ekan, deb niyat qilaman”, deb takrorlab yurgan.
Bundan tashqari, Shayx Abulhasan yana bir fikrni olg’a surgan. Ya’ni, “Banda Ollohni yodga olganda, Mavlo ham unga katta e’tibor qiladi. Bu holatni har bir inson butun vujudi bilan his qilishi kerak! Shuning uchun, Yaratganni eslanayotgan daqiqalarda, boshqa mazmundagi suhbatlarga aralashish mumkin emas. Bu teran g’oyadir”.
Haraqoniy, avliyo ayol Robiya Adaviya va boshqa tasavvuf vakillarining fikrlariga o’xshash, o’zining jannat va do’zax haqida ham o’z qarashlarini ifodalagan. U aytganki, “Jannat va do’zax Olloh tomonidan yaratilgan. Ularni inkor etmayman. Lekin, jannatga intilmayman, do’zahdan qo’rqmayman. Sababi, mening oshiqishim faqat Yaratgan Zotgadir”.
“Hech kim o’z bilimi bilan maqtanishi kerak emas! – degan u, shuningdek. – Insonning bilimi oshgan sari, u deyarli hech narsani bilmasligini sezib boraveradi. Ana shu holat – ayni haqiqatdir. Odam juda ko’p o’qib-o’rganib, oqibatda o’zining hech narsa bilmasligini bilishi – haqiqiy bilimdir”.
Shayx Abulhasan dushmanlik, yovlar bilan kurashish to’g’risida esa quyidagicha fikr bildirgan: “Odamlar bilan do’st tutinish, yaqin bo’lish, ular bilan kelishib yashash lozim. Faqat, nafsgagina dushmanlik qilib, u bilan kurashish darkor”.
Boylikka intilib yashashni, Haraqoniy soyaga o’xshatgan: “Oltin-kumushning ortidan yugursang, u sening hukmdoringdir. Agar, unga e’tibor qilmasang, sen uning hukmdorisan”.
Abulhasan Haraqoniy o’z kunini ikkiga bo’lgan. Kunduz kunni odamlarga yordam berish bilan, tunni esa Ollohga ibodat qilish bilan o’tkazish kerak, deb hisoblagan. Yana uqtirganki, inson besh vaqt namoz o’qib, barcha talab etilgan ibodatlarni bajo etib yursa-yu, lekin dilida Ollohdan o’zga qiziqishlar hukmron bo’lsa, bunday qalb o’likdir. Toza qalbda mahluqlar, ya’ni yaratilgan zotlar va narsalar bo’lmasligi darkor. Xatti-harakatlar faqat Mavlo uchun qilinsa, ular juda go’zal xatti-harakatlardir.
Shayx Abulhasanning fikricha, quyidagi uch shartni bajarib yashash – Yaratganning muhabbatiga sazovar etadi. Ya’ni, saxiylik, rahmdillik va odamlarga bog’lanib qolmaslik.
Haraqoniy jamiyatda, qotillik qiluvchilardan tashqari, yana ikki zararkunanda guruh mavjudligini aytgan.
Birinchisi, mol-dunyoga o’ch bo’lgan din odami; ikkinchisi, bilimsiz so’fiy.
Shayx Abulhasan ham halol luqmaga katta e’tibor qaratgan. Inson o’z qo’li bilan rizq-nasiba topishi darkorligini uqtirgan.
Ayrimlar undan so’rashgan: “Hazrat! So’fiylar qanday odamlar? Nega ular maxsus kiyimlarda yuradilar?”
U javob bergan: “So’fiy junli hirqa kiyib, kunuzzukun joynamozda o’tiradigan kimsa emas, har xolda. Juda ko’pchilikda hirqa va joynamoz mavjud. Tasavvuf pog’onalariga maxsus kiyimlar kiyib, turli ibodatlarni ado etish bilan chiqilmaydi. So’fiy o’z jismini mahv holatiga yaqinlashtirib, hayotini fanoga bag’ishlagan zotdir. Uning qalbi g’oyat musaffo bo’lishi shart. Maxsus kiyimdan nima foyda? Agar gap hirqada va tanavvul qilinadigan taomda bo’lsa, eshakka ham shunday junli kiyim kiydirib, tariq bilan boqib, ularni ham so’fiy qilish mumkin bo’lib qolardi-ku?”
Haraqoniy, ayniqsa, qalb tozaligiga katta e’tibor bergan. Bir kuni uning huzuriga bir odam kelib:
– Hazrat! Men so’fiylikni o’qimoqchiman, shuning uchun menga maxsus hirqa bersangiz! – debdi.
Shayx unga javob beribdi
– Erkak kishi ro’mol o’rasa, ayol bo’lib qolmaganidek, sen hirqa kiyib darhol so’fiyga aylanmaysan. Avval, qalbingni tozalash bilan mashg’ul bo’l!
Abulhasan Haraqoniyning fikricha, mutassavvuf deb, kunduzi quyoshga, kechasi oyga muhtoj bo’lmaydigan kimsani aytish mumkin. Tasavvuf – hayot tashvishlaridan, jismoniy talablardan holi, yo’qlik holatidir.
Bir kuni u muridlaridan so’rabdi.
– Qani, ayting-chi, dunyodagi eng go’zal narsa nima?
Hech bir shogird qoniqarli javob berolmagach, o’zi so’z qotibdi.
– Eng go’zal narsa – Ollohning nomini betinim zikr etib turgan qalbdir! Kimki, qalbida Mavloni biror soniya ham yodidan chiqarmasa, uning butun vujudi ham Yaratganga talpinib turadi. Mavlo ham unga muhabbat bilan boqadi.
Ushbu ma’lumotlar ham Haraqoniyga tegishli:
– Qalbingiz haqiqatni so’zlaydi.
– Vazifalaringizni Olloh uchun bajaring.
– Ayrim odamlar uchun, ya’ni xo’jako’rsinga qilgan ishlaringizning ijobiy natijasi yo’q.
Shayxning yana boshqa maslahatlari ham mavjud:
“Hayotning asl ma’nosini his etish uchun har kuni hayolan o’lganingizni tasavvur qiling, so’ng tiriling. Shunda, ushbu jonli hayotning asl ma’nosiga va qadriga yeta boshlaysiz”.
Abulhasan Haraqoniyning ranj va ranjitishlar to’g’risida ham o’z falsafasi bor. U aytadi: «Odam bu sohada uch xil bo’ladi:
1. Sen uni xafa qilmasang ham, u seni ranjitaberadi.
2. Sen uni xafa qilsang, javoban u seni ranjitadi.
3. Sen uni xafa qilsang, u bu ishingga javob bermaydi, seni ranjitmaydi.
Kimki, kun bo’yi hech bir mo»minni ranjitmagan bo’lsa, u ushbu vaqtni Rasululloh bilan o’tkazgan hisoblanadi. Kimki, kun mobaynida birgina mo»minni xafa qilgan bo’lsa ham, Mavlo uning shu kungi ibodatlarini qabul qilmaydi».
Shayxning yana bir hikmati e’tiborga loyiq:
“Agar, Yaratganning bir tomchi rahmati ustingga tushsa, bu dunyoda hech kimga muhtojliging qolmaydi”.
Haraqoniyning quyidagi fikri ham o’z davrida mashhur bo’lgan. Lekin, hozir ham o’z ahamiyatini yo’qotmagan:
“Vafot etib ketgan juda ko’p insonlar bor, lekin ularni halq tez-tez eslab, ko’z oldiga keltirib turadi. Go’yo tirikdeklar. Va aksincha, ayrimlar xuddi go’rga kirib ketgandeklar, chunki ularni hech kim umuman eslamaydi, tiliga olmaydi, lekin ular tiriklar, yer yuzida yuribdilar”.
Shayx ko’pchilikni qiziqtiruvchi bir holat haqida ham o’z fikrini bildirib ketgan: “Uyingizga qo’l uzatib kelgan gadoyga albatta biror narsa bering, xattoki o’zgadan qarz olib bo’lsa ham”.
Abulhasan Haraqoniy do’st tanlashga e’tibor berishni talab qiladi: “Dunyoparast kimsalar bilan do’st bo’lmang. Ulardan voz keching. Siz uchun eng yaxshi do’st – Yaratgan Zotdir”.
Abulhasan Haraqoniy falsafiy ruboiylar ham yozgan. Quyida ularning birini keltiraman.
Azalning sirini na sen bilursan va na men,
Bu asar harfini na sen bilursan va na men.
Pardaning orqasi suhbat joyimiz, gar bilsang –
Parda tushib ketsa, na sen qolursan va na men.
HIKOYATLAR
ABULHASAN HARAQONIY VA SULTON MAHMUD G’AZNAVIY
Shayx Abulhasan Haraqoniy yashagan davrda uning o’lkasi kuchli turkiy sarkardalardan Sulton Mahmud G’aznaviy imperiyasiga qarashli edi. Ushbu buyuk hukmdor islom diniga va uni yoyishga katta e’tibor berardi. Uning, ham sarkardalik, ham ma’rifatparvarlik salohiyati yuqori va tengsiz edi. U ma’jusiy mamlakatlarni ishg’ol qilar ekan, u yerning aholisiga albatta Islom diniga kirishga da’vat etardi. U butun hayoti mobaynida bu vazifani bajarishda o’z shijoatini ayamagan.
Sulton Mahmud G’aznaviyning din va ma’rifat vakillariga bo’lgan hurmati va muhabbati ulkan edi. Shu sabab, buyuk hukmdor ularning ziyoratlariga borar, ulardan tavsiyalar va maslahatlar olar, va xulosa chiqarib, siyosatini, iqtisodiyotini yuritardi.
Kunlardan bir kun, u Shayx Abulhasan Haraqoniy to’g’risida ko’p ta’rifu tavsiflarni eshitib, uni ziyorat qilishga va bir oz suhbatlashishga chog’landi. Sulton bilardiki, Shayxni chaqirtirish mumkin emas. Kelmasa, o’zining obro’si tushadi. Shuning uchun, o’z amaldorlari-yu soqchilarini olib Haraqoniy huzuriga yo’l oldi. Shohu sultonlar biror joyga boradigan bo’lsalar, odatda undan oldin choparlar, maxsus ayonlar yugurib, xavfsizlik choralarini ko’radilar, uchrashish lozim bo’lgan insonlarni ogohlantiradilar.
Tasavvuf falsafasida bir qoida mavjud: “Bu yo’ldagilar Ollohdan o’zgaga tavoze’ qilmaydilar. Hukmdormi, amaldormi yoki boymi – ularga farqi yo’q. Aksincha, ularga takabburlik qilish lozim”.
Ba’zi bir odamlarda fikr uyg’onishi mumkin: “Ular o’zlarini bunday tutsalar, jazolanishdan qo’rqmaydilarmi?”
Yo’q, aslo hayiqmaydilar. Chunki, yuqori pog’onaga chiqib ulgurgan mutassavvuf Yaratganning himoyasida bo’ladi. Oddiy insonlar ularga biror jazo yetkaza olmaydilar. Bunga urinsalar, boshlariga katta kulfat tushadi. O’sha asrlarda deyarli barcha sultonu shohlar buni juda yaxshi bilishgan, va shayxlardan faqat maslahatlar so’rab turishgan…
Muridlari qurshovida o’tirgan Shayx Abulhasan Haraqoniyning huzuriga Mahmud G’aznaviyning maxsus ayoni kirib, so’z qotdi.
– Hazrat! Sizni ziyorat etishga buyuk sulton tashrif buyurmoqdalar. Halizamon ostonangizga yetib keladilar. Iltimos, kutib olsangiz!
Shayx, tabiiyki, bu chaqiriqqa parvo ham qilmadi. Biron bir javob ham bermadi. Bu orada tashqaridan “Sulton yaqinlashayaptilar, Sulton kelyaptilar…” degan ovozlar yangray boshladi. Ayon yana Abulhasan Haraqoniyga murojaat qildi.
– Hazrat! Iltimos, saltanat egasiga hurmat izhor eting!
Shayx, baribir, indamay o’tiraberdi.
Shunda, saroy ayoni Qur’onni yaxshi bilar ekan shekilli, unga asoslanib so’z qotdi:
– Hazrat! “Niso” surasining 59-oyatida aytilganki, “Ey, mo»minlar, Ollohga itoat etingiz va payg’ambarga hamda o’zingizdan bo’lgan hukmdorlarga bo’ysiningiz!” Buni unutganmisiz?
Shayx, shundagina ayonga o’girilib javob berdi:
– Biz Ollohga to’liq itoat etyapmiz, payg’ambarimizning hadislariga amal qilamiz. Lekin, sultonga hali gal kelgani yo’q!
Shu so’zlar yangrayotganda, xonaqohga Mahmud G’aznaviy kirib keldi va Shayxga va uning muridlariga salom berdi. Alik olingach, Abulhasan Haraqoniydan izn so’radi:
– Hazrat! Ijozat bersangiz, davrangizga qo’shilardim.
– Marxamat, a’lohazrat, joylashing! – Shayx o’tirgan holatda javob berdi.
Abulhasanning yonidagi muridlar o’rnilaridan turib, hukmdorga joy berishdi. Mahmud G’aznaviy ta’voze bilan Shayxning biqiniga cho’kdi.
– Hazrat! Sizning donishmandligingiz, karomatlarga boyligingiz butun saltanatga ovoza bo’lgan. Men sizning buyukligingiz, Yaratganimizga yaqinligingiz soyasidan ozroq bo’lsa ham bahramand olay deb, ziyoratingizga keldim. Ijozat bersangiz, Qur’on suralaridan o’qib, sizning savobli ishlaringizga rivoj tilasam?
Shayx ozroq hayrat bilan hukmdorga boqdi. Jilmaydi.
– Bosh ustiga, a’lohazrat!
Mahmud G’aznaviy yoshligidan Qur’onni yod olgan edi. Qiroat bilan o’qiy olardi. G’oyat dono otasi Sabuktegin uni har tomonlama ilmli etib, ruhiyatiga shijoat singdirib, yaxshi tarbiya bergandi. Shuning uchun, Sulton hech tortinmay va qiynalmay tilovat qildi va aytganidek, Shayxning savobli ishlariga rivoj tiladi.
– Rahmat, a’lohazrat! Saltanatingiz yanada ravnaq topsin! Islomni yoyishdagi, ahli fuqaro ahvolini yaxshilashdagi ishlaringizga Ollohdan madad va yordam so’rayman! – dedi Abulhasan, bunga javoban. Va so’zlarini davom etdirdi. – Menga bir talay savollar yig’ib kelganga o’xshaysiz, aytabering! Qudratim yetgancha maslahatlar beraman.
– Xojam! Siz o’ta karomatli zotsiz! Sizdan hech narsani yashirib bo’lmaydi. Haqiqatdan, sizga ko’p savollarim bor. Saltanatimiz rivoji sizdek kishilarning maslahatlariga bog’liq. Vaqtingizni olayotganimiz uchun, ma’zur tutasiz!
Shu so’zlardan so’ng, Mahmud G’aznaviy o’z savollarini bera boshladi. Ular, asosan, ma’jusiy dindagi odamlarni Islomga kiritishning qanday usullarini qo’llash haqida edi. Abulhasan Haraqoniy hamma so’rovlarga jo’yali javob berdi. Sulton bundan qoniqdi. O’zi bilan xonaqohga kirgan ayonlarga murojaat qildi:
– Xojam aytganlarini ushundingizmi?
Ular bosh silkib, ta’voze qildilar.
– Albatta, onhazrat! Yaxshi angladik!
Sulton shayxga o’girildi.
– Hazrat! Shaxsan menga qanday tavsiyalar, maslahatlar bera olasiz?
Abulqosim Haraqoniy bir dam sukut saqlab, javob berdi:
– A’lohazrat, Qur’onni yaxshi bilar ekansiz. Siz, to’rt holatga diqqatingizni qarating va ularga qat’iyan amal qiling. Birinchisi, gunoh hisoblanidagan ishlarga yaqin yo’lamang. Ikkinchisi, namozni bir o’zingiz emas, jamoat bilan o’qing. Uchinchisi, saxiylikni shior eting. To’rtinchisi, Ollohning bandalariga shavqatli bo’ling.
Mahmud G’aznaviy bu so’zlarni bosh egib tinglagach, yana shayxga yuzlandi:
– Xojam! Siz bilan muloqot qilganimdan g’oyat xursandman. Endi, menga ijozat bersangiz, vaqtingizni boshqa olmasam.
Shayx javob berdi:
– A’lohazrat! Istasangiz, har qancha suhbatlashaberaman.
– Saltanat ishlari juda murakkab. Kutib turmaydigan tadbirlar mavjud. Sizdan ko’p qimmatli maslahatlar oldim. Rahmat! Yaratgan Zot martabangizni yanada yuqoriroq ko’tarsin, yanada O’ziga yaqinlashtirsin. Darvoqe, bir sovg’amiz bor edi. Shuni qabul etsangiz!
Mahmud G’aznaviy eshik oldida turgan ayoniga ishora qildi. Daqiqa o’tmay, ayon bir xaltacha tilla ko’tarib kirdi.
– Onhazrat! Mana, kimga topshiray?
Abulhasan Haraqoniy hukmdorga yuzlandi.
– A’lohazrat! Ushbu sovg’angizni ololmayman! Ma’zur tutasiz.
– Nega, xojam? Bu axir, chin dildan. Sizga bo’lgan ulkan hurmatim ramzi! Xonaqohingiz ta’mirigami, toliblparingizgami, boshqa ishlargami sarflarsiz.
– Bizning tasavvuf yo’limizda, sovg’a-in’omlar, nazr-niyozlar olish joiz emas. Rizq-nasibamizni halol mehnatimizdan topishimiz lozim. Shuning uchun, meni to’g’ri tushunasiz, degan umiddaman.
– Sovg’amni qaytarmang, xojam! Evaziga sizdan biror narsa so’rash ham o’yimda yo’q. Mabodo bersangiz, uni o’z xonamga qo’yib qo’yaman-da, har gal ko’zim tushganda, maslahatlaringizni eslayman. Niyatim shu! – jilmaydi Mahmud G’aznaviy.
Shayx ham tabassum qildi.
– A’lohazrat! Sizga bir hirqamni sovg’a etaman! Lekin, uni kiyganingiz bilan so’fiy bo’lib qolmaysiz! Qabulxonangizning bir burchagiga ilib qo’ying, har ko’zingiz tushganda, meni va so’zlarimni yodga olasiz. In’omingizni esa yetim-yesirlarga ulashing!
U muridlarining biriga xosxonasidan oq rangli hirqasini olib chiqishni buyurdi.
– Marxamat qiling, a’lohazrat!
– Bu endi qanday ish bo’ldi, hazrat? – taajjubini yashirmay so’zladi hukmdor. – Siz mening in’omimni olmaysizu men sizning sovg’angizni qabul qilamanmi! Shu ish adolatli bo’ladimi? Odamlar nima deyishadi?
– Siz, maslahatlarimga amal qiling, saltanatnini adolat bilan boshqaring, avomdan mehringizni ayamang! Sizning menga haqiqiy in’omingiz adolatingizu saxovatingiz bo’ladi!
– Bosh ustiga, xojam! Endi, menga javob bersangiz.
Shayx mamnunlik bilan bosh silkiganini ko’rgan Mahmud G’aznaviy dik etib o’rnidan turdi. U jangu-jadallarda yuraberib, juda pishib ketgan, baquvvat edi. Ohista eshik tomon yurdi. Muridlar ham o’rnilaridan turib, unga yo’l berishdi. Abulhasan Haraqoniy ham o’rnidan qo’zg’aldi. Va so’z qotdi:
– Alloh qo’risin sizni, a’lohazrat! Dargohimiz hamisha qadamingizga muntazir!
Mahmud G’aznaviy darhol orqasiga o’girildi. Taajjub bilan savol berdi.
– Xojam! Men kirganimda o’rningizdan jilmagan edingiz. Ne sinoatki, xayrlashganimda, turib kuzatmoqdasiz?
– Xonaqohga kirib kelganingizda, men uchun faqatgina saltanat hukmdori edingiz. Siz bilan suhbatlashdim. Vujudingizga, borlig’ingizga darveshlarning ruhiy holati yuqdi. Maslahatlarimga amal qilishga so’z berdingiz. Yaratgandan qo’rqishingizni, Uning uchun jang-u jadallar qilayotganingizni bildim. Allohning ham sizga mehri borligini his etdim. Sizga nisbatan hurmat paydo bo’ldi. Qalbimda insonning amaliga qarab emas, uning xususiyatlari asosida hurmat uyg’onadi. Meni o’rnimdan qalqitgan sabab shu, a’lohazrat!
Mahmud G’aznaviy tabassum qildi.
– Rahmat, xojam! Ijozat bersangiz, vaqt topganimda kelib, siz bilan suhbatlashib tursam!
– Siz uchun xonaqohimiz eshigi hamisha ochiq, sultonim!
Ushbu ilk uchrashuvdan so’ng, o’z davrining ikki buyuk zoti tez-tez uchrashib, maslahatlashib turadigan bo’lib qoldilar va har gal Shayx Abulhasan Haraqoniy ulug’ Sulton Mahmud G’aznaviyni ostonada tik turgan holda kutib olardi.
ABULHASAN HARAQONIY VA ABU SAYID MEHNAVIY
Shayx Abusayid Abulxayr Mehnaviy hozirgi Turkmaniston hududida joylashgan Mehna qishlog’ida tug’ilgan. U, esda saqlash qobiliyati juda yaxshi bo’lganligi bois, bolaligidanoq – o’n bir yoshida Qur’on hofizi, zukko shoir sifatida nom qozongan. Islomiy kitoblarni o’qib, sharhlashda ham barchadan oldinda bo’lgan. Vaqt kelib so’fiylarning “Samo’ majlisi”ga qatnay boshlagan. Va tasavvufga qiziqib qolgan. Turli allomalardan dars olgach, Shayx Abul Abbos Qassobga murid tushib, undan muborak hirqa kiyishga musharraf bo’lgan. Bir qancha shogirdlarni kamolga yetkazgan. U o’zigacha bo’lgan tasavvuf g’oyalarini rivojlantirgan, ularni keyingi avlodga yetkazishga harakat qilgan. 1049 yilda vafot etgan. Maqbarasi Mehnada saqlanib qolgan. Xalq uni “Mona bobo” deb ataydi.
Abusayid Abulxayr Mehnaviy yoshi bo’yicha, Abulhasandan ulug’roq bo’lgan. Lekin, bu ikki buyuk inson bir-birlarini juda e’zozlashgan. Ularning do’stligi shunday bo’lganki, oylab bir-birlarining uylarida, xonaqohlarida qolib ketishgan. Ularning uchrashadigan, suhbatlashadigan joylari, ko’pincha, Abulhasanning manzilida ro’y bergan.
Ana shunday muloqotlarning birida Mehnaviy va Haraqoniy o’rtasida dunyoviy, ruhiy-ilohiy ilmlar va tasavvuf masalalariga oid munozaralar boshlanibdi. Ular ibodat vaqtlari, muridlar bilan ishlash daqiqalaridan tashqari paytlarda o’z suhbatlarini to’xtatmay davom etdiraberishar ekan. Ushbu bahs, nihoyat olti oy deganda poyoniga yetibdi. Abulhasan yoshroq bo’lsa ham, o’z fikrlarini Abusayid og’asi ongiga singdiribdi.
Shundan so’ng, Mehnaviy uyiga qaytgach, yoru birodarlariga aytgan ekan: “Men Haraqonga borguncha oddiy g’isht ekanman. U yerdan gavhar bo’lib qaytdim!”
Bu tashbeh ham Abulhasan Haraqoniyning naqadar kuchli mutasavvuf bo’lganligini ko’rsatadi.
RIVOYATLAR
Abulhasan Haraqoniy haqida turli rivoyatlar qolgan. Ular og’izdan og’izga, qo’lyozmadan qo’lyozmaga ko’chib, aql bovar qilmas holatlarga boy etilib, davrimizga yetib kelgan. Ushbu rivoyatlarda bayon etilyotgan voqealarga kimdir ishonadi, kimdir ishonmaydi. Masalan, Abu Ali ibn Sinoning Ray shahriga ketayotganida shayxni ziyorat qilish uchun uning xonadoniga kelishi vaziyatini tahlil qilaylik.
Emishki, ibn Sino o’z shogirdi bilan Abulhasan Haraqoniyni ko’rish, suhbatlashish uchun, uning qishlog’iga kelibdi. Taqillatilgan eshikni bir badjahl xotin ochibdi.
– Kimsizlar? Sizga nima kerak? – debdi u, to’ng’illab.
– Biz mashhur va dono Abulhasan hazratlarini ko’rmoqchi edi! – debdi buyuk tabib.
– Astofirulloh! – debdi xotin. – Shu erim mashhur va donomi? U bir ahmoq-ku! Qiladigan ishining tayini yo’q! G’irt tentak! Senlar ham o’shanga o’xshagandirsanlar-da, qidirib kelibsanlar! U to’qayga o’tin tergani ketgan. O’sha yerdan topasizlar! – javob beribdi xotin va eshikni taraqlatib yopibdi.
Abu Ali ibn Sino o’z shogirdi bilan to’qayga yo’l olibdi. Borib qarashsa, Shayx Abulhasan bir sherning ustiga o’tin yuklab olib kelayotganmish. Mehmonlarning og’izlari lang ochilib, dillarida o’ylashibdi: “O’zining bir ayoliga kuchi yetmagan zot, sherni bo’ysidiribdimi? Ajabo!” Va Haraqoniydan so’rashibdi.
– Hazrat! Uyingizdan topolmadik. Sizni izlab yurgandik. Bu ne karomat? Sherdan qo’rqmaysizmi? Uni qanday jilovladingiz?
– E, taqsirlar! Ayolimga duch kelgan ko’rinasizlar. Bu yerga yo’l olganimni faqat u bilardi. To’g’rsini aytsam, ushbu karomat uydagi vahshiyga toqat qilganim uchun, Olloh menga to’qaydagi vahshiylarni bo’ysindirishni inoyat etgan! – debdi Shayx Abulhasan…
Xuddi shu rivoyat, Jaloliddin Rumiyning “Ma’naviy masnaviy” asarida ham keltirilgan. Faqat, u yerda Abu Ali ibn Sino emas, bir darvesh deyilgan, sher esa arslonga aylangan. Ayol esa, “badfe’l, tili zahar, og’zi shaloq” deb ta’riflangan. Haraqoniy darveshga: “Men shu badfe’lga sabr qilib, yukini tortayotganim uchun bu arslon hech e’tirozsiz mening yukimni tortayapti” – debdi.
Shayx Abulhasag Haraqoniyning muxlislaridan biri, meni ushbu risolani yozishga undagan ajoyib inson, denovlik Muhammadnazar Ochildiev menga shu yo’nalishda boshqa rivoyat aytib bergandi. Emishki, Haraqoniy xotinining zulmidan qochib, tog’u-toshga chiqib ketibdi. Sababi, ayoli uy yumushlarining aksari qismini, ya’ni kir yuvish, ovqat pishirish, hovli tozalash va hokazolarni o’z eriga qildirar ekan. Bechora Shayx Abulhasan sarson-sargardon bo’lib, yurib-yurib, oxiri bir g’orni topib, u yerda qo’nim topibdi. Qarasa, u yerda o’zidan tashqari yana ikki darvesh bor va yashashar ekan. Ular tanishib, uzoq suhbatga berilibdilar. Nihoyat, ovqat yeydigan payt kelibdi. Bir darvesh bu muammoni men hal qilaman, deb Ollohga yuzlanib, pichirlab iltijo qilgan ekan, darsturxonda taom paydo bo’libdi. Shundan so’ng, yana yarim kun o’tib, ularning yana qorni ochqabdi. Endi, boshqa darvesh xuddi shunday pichirlab duo qilgach, yana dasturxonda oziq-ovqat hozir bo’lib qolibdi.
Ertasi kun, ularning yana suhbatlari davom etibdi. Nihoyat, yana taom tanavvul qiladigan mahal kelgach, ikki darvesh Haraqoniyga yuzlanibdilar.
– Hazrat! Endi gal sizga! Yaratgandan so’rang, bizga yegulik bersin.
Shayx Abulhasan hayron bo’libdi:
– Mening hech qachon bunday iltijolarga ishim tushmagan. Sizlar qanday duo qildinglar?
Darveshlar javob berishibdi.
– Ollohdan so’radikki, ana shu aziz-avliyoing Haraqoniyning xatti-hurmati bizga taom bergin!.. Ko’rganingizdek, iltimosimiz qondirildi.
Shundan so’ng, Shayx Abulhasan ham Yaratgandan dasturxonni to’ldirishni so’rabdi. Natijada, anvoi taomlar oshib-toshib paydo bo’libdi. Suhbatdoshlar to’yib ovqatlanishibdi.
Haraqoniy, keyin bir chetga o’tib, tilovat qilib, Mavlodan so’rabdi.
– YO, Olloh! Nega menga bunday karomatni inoyat etding? Buni axir o’zim ham bilmagandim. Ayt, nido ber!
Natijada, uning ongiga xabar kelibdi: “Ey, banda! Xotiningning zulmiga sabr-bardosh etganing uchun seni shunday karomat sohibi etilding”.
Bu gapdan so’ng, Abulqosim Haraqoniy uyiga chopib qaytib ketibdi. Yaratgan Zot meni shu ayol orqali sinayotgan ekan, endi bir umr uning xizmatini qilaman, degan xulosaga kelibdi…
Bu keltirilgan ikki rivoyat juda chiroyli va ibratli ko’rinsa-da, yanglish fikrlarga olib keladi. Bularni o’qiganlar, quyidagi mantiqiy xulosalarga kelishlari mumkin:
1. Karomat sohibi bo’lish uchun yillab riyozat chekish, o’qib-o’rganish, nafsni tarbiyalashning, pirning xizmatini qilishning xojati yo’q ekan.
2. Yomon xotinning qiliqlariga sabr-bardosh berib yashagan odam oppa-oson karomat sohibiga aylanib qolar ekan.
Agar, ushbu rivoyatlardan chiqadigan xulosalar chin bo’lsa, yer yuzidagi millionlab erkaklar avliyolarga aylanib qolishardi. Shunday emasmi?
Shuning uchun, men bu rivoyatlarni tasavvuf qanday g’oya ekanligini bilmaydigan odamlar to’qib chiqarishgan degan fikrdaman. Har qanday rivoyat ham haqiqiy voqeotlarga asoslanabermaydi. Halqning ayrim vakillari kimningnidir xislatlarini bo’rtttirish maqsadida, o’zlaricha nimalarnidir “ijod” qiladilar. Shuning uchun, ularga hamisha xushyor nigoh bilan qarash lozim. Qo’lyozmalar hamisha ham to’g’ri so’ylamaydilar.
Ammo, yana bir rivoyat o’qidimki, u haqiqatga yaqinroq. Uni keltiraman.
Buyuk ajdodlarimizdan Abu Ali ibn Sino dunyo kezib yurganda, o’sha paytlarda hayot qaynagan shahar bo’lgan Saraxsga tashrif buyuribdi. Shu yerda Shayx Abulhasanning dovrug’ini eshitib, uni ziyorat etishga jazm qilibdi. Haraqonga yetib, valiyning uyini topib, unga ro’paro’ bo’libdi. Uy egasi ichkariga taklif, mezbonlik vazifasini biroz o’tagach, uzr so’rabdi va debdi:
– Kechirasiz, mehmon! Men, kelgan mahalingiz loy tayyorlab, devorning ko’chib tushgan, qulagan joylarini tuzatayotgan edim. Loy qotib qolmasdan ishimni qilib olsam, ranjimaysizmi?
Ibn Sino javob beribdi.
– Bemalol, ulug’ pir! Rozi bo’lsangiz, qarashib ham yuboraman!
Abulhasan qo’liga tesha olib, narvonning ustiga chiqib devorni o’nqir-cho’nqir joylarini chopa boshlabdi. Shunda, to’satdan qo’lidagi tesha pastga tushib ketibdi. Shayxning ishini ishini kuzatib turgan Abu Ali ibn Sino darhol uni ko’tarib olib beraman deb engashgan ekan, tesha o’z-o’zidan ko’tarilib, Haraqoniyning qo’liga o’rnashib qolibdi.
Shunda buyuk tabib va alloma bunday karomat oldida lol qolib, Shayx Abulhasanga ta’zim bajo etibdi.
Ushbu rivoyat ancha valiylarga xos voqeani bayon etgan.
Men ushbu buyuk inson, ushbu buyuk mutassavuf to’g’risida yana boshqa turli manbalarni qarab chiqdim. O’z hayotini tasavvufga bag’ishlagan kishilarga to’g’ri kelmaydigan uydirmalar juda ko’p. Oddiygina mantiq ularni inkor etadi. Bu yerda ularni keltirib o’tirmayman. Chunki, bir tomondan, to’qimalar odamlarni chalg’itadilar. Ikkinchi yoqdan, Haraqoniy haqida, tasavvuf haqida xato tasavvur paydo bo’ladi.
Asosiy g’oya, uning kelajak avlodlarga qoldirgan ma’naviy merosi va “Xojagon-Naqshbandiya” tariqati asosiga qo’ygan mustahkam g’ishtlaridir.
YURTIMIZDAGI FAOLIYATI VA ISHLARI
Abulhasan Haraqoniy buyuk turkiy hukmdor Mahmud G’aznaviy imperiyasi hududida katta faoliyat yuritgan. Xususan, hozirgi O’zbekiston maydonida juda ko’p xayrli ishlar qilgan va o’z falsafasini targ’ib etgan. U, madaniyat va islomiyat markazi bo’lmish Buxoroda, so’lim va qudratli shahar Samarqandda ko’p bo’lgan, odamlarga yordam ko’rsatish uchun kuch-quvvatini ayamagan. Shuningdek, Navoiy viloyatining Xatirchi qishlog’ida va, el og’zida qolgan gaplarga ko’ra, hozirgi Surxondaryo viloyatidagi Denov shahri atroflarida, Qur’onni, hadislarni, islomiy qonunlarni, to’g’ri yashash qoidalarini xalqqa tushuntirish ishlarini olib borgan. O’z ixlosmandlariga tasavvuf sirlarini bayon etgan. Natijada, yerlik aholi unga katta ixlos bilan qaragan, uning avliyolik darajasidagi insonligiga qalbdan ishongan.
Abulhasan Haraqoniy ushbu ixlos va ishonchga, albatta, o’zining valiylik faoliyati bilan javob qilgan. Masalan, u Buxoroda yashagan vaqtida, bir tanishining taklifiga ko’ra, Xatirchi kasabasiga kelgan va shu yerda ancha davr istiqomat qilgan. Bir kuni ushbu obod va boy qishloqqa, katta o’lja olish umidida, yov hujum qilib qolgan. Shayx ana shu paytda o’z karomati va duolari orqali dushmanlarning bu maskanga umuman qadam bosmaydigan qilib qo’ygan. Shu bois, ushbu voqeadan so’ng, xalq Haraqoniy bizni yov sharridan himoya qildi, bizga qalqon bo’ldi deb, uni Qalqon ota sifatida tilga olishga tushganlar. Shu-shu, Shayx Abulhasanning nomi Qalqon ota bo’lib ketgan. Uning nomi shunchalik ulug’likka chiqqanki, mana, o’sha muhorabalardan o’n asr o’tdi, lekin o’sha qishloq odamlarining avlodlari Qalqon otani hamon e’zozlaydilar. Xattoki, aytishlaricha, ixlosmandlar valiyning vafotidan so’ng, Haraqonga borib, qabri tuprog’idan olib kelib, shu yerga ramziy maqbara ham qurishgan.
Hozirgi paytda, Xatirchi tumanidagi Qalqon ota nomli qishloqdan o’tadigan anhor yonida hali hamon o’sha maqbara mavjud. Odamlar bu yerga hamisha ziyoratga kelib turadilar.
Shuningdek, Surxondaryo viloyati, Denov tumanida oqib o’tadigan Qizilsuv daryosi bo’yida, Denovshahridan 3 km nariroqda joylashgan Qoraxon qishlog’ida (“Guliston” k.f.y.) Shayx Abulhasan Haraqoniyning ramziy qabri va maqbarasi bor. Uning yonida masjid va chillaxonalar ham mavjud. Bu qishloqning nomi qadimda Haraqon deb atalgan, vaqt o’tishi bilan talaffuzga oson qilib, uni Qoraxonga aylantirib yuborishgan, degan taxmin-fikrlar bor. (Bu haqda keyingi bobda batafsil to’xtalaman).
Ammo, ta’kidlashim kerakki, bu haqda rasmiy manbalarda axborot mavjud emas. Ayrimlar, xattoki, Qoraxon umuman boshqa kimsa bo’lgan deb hisoblaydilar. Lekin, bunga ham biron bir, na rasmiy, na rivoyatiy dalil yo’q. Shunday teskari fikrlarga qaramay, xalqimiz o’sha yerda Shayx Abulhasanning ruhini tavob qilishda to’xtamaydi.
Bu holatlar Haraqoniyning O’zbekiston hududida ko’zga ko’rinarli ancha ishlar qilganiga dalolatdir. Chunki, xalqimiz azal-azaldan faqatgina valiy maqomiga erishgan kimsalarnigina hurmat qilgan, ularga mustahkam maqbaralar qurgan. Hamda, bir qancha asrlar o’tsa ham bunday muqaddas joylarni ziyorat qilishni to’xtatmagan. Shayx Abulhasan ana shu Denov tumanida ham xalqni ezgulikka yetaklagan, muhtojlarga yordam bergan, ko’ngillarga quvonch bag’ishlagan, degan ishonch bor.
Shayx Abulhasan, qaerda bo’lmasin, shunday savobli ishlar qilgani tufayli el hurmatiga sazovor bo’lgan. Haraqoniyning bir shiori bo’lgan: “Insonlarga yordam berish, biror bir mo»minning ko’nglini quvnatish – bu Yaratganga yoqadigan ishdir!” U shu so’zlarga doimo amal qilgan.
Natijada, bu o’lkada ham, vafotidan so’ng unga ramziy maqbara tiklangan. Mana, necha asrdirki, ushbu maqbaraga kelayotgan ziyoratchilar oqimi to’xtamaydi.
Shayx Abulhasan Haraqoniyning haqiqiy qabri va maqbarasi o’zining tug’ilgan qishlog’i Haraqonda joylashgan. Bu maskan hozirgi Eronning Shohrud shahridan 24 km naridadir.
ABULHASAN HARAQONIYNING DENOVDAGI FAOLIYATI
Men ushbu risolani bitish mobaynida Denovga safar qildim. Maqsadim, haqiqatdan ham bu diyorda Abulhasan Haraqoniy yashaganmi yoki yo’qmi, aniqlash edi. Chunki, bu masalada ikki xil qarash bor.
Bir tomonning fikri shundayki, bu zot umuman bu diyorga kelmagan. Uning Chag’aniyonda faoliyat yuritgani to’g’risida hech qanday rasmiy ma’lumot yo’q. Manbalar mavjud emas. Avliyo Eronga dafn qilingan va umrining oxirigacha o’sha mamlakatda yashagan. O’h-ho’, Shohrud qayoqda-yu, Denov qayoqda!
Ikkinchi tomon esa boshqacha fikr bildiradi. Sulton Mahmud G’aznaviy zamonida Chag’aniyon ham, Eron ham bir mamlakat hududida bo’lgan. Insonlar ushbu imperiya maydonida istagan yurtlariga, qalb amri bo’yicha sayohat qilaberganlar. Bunday amal, ayniqsa, valiylarga xos bo’lgan. Sababi, ular o’z ta’limotlarini iloji boricha ko’proq odamlarga ma’lum qilishlari lozim edi. Shuning uchun, Abulhasan Haraqoniy o’z tug’ilgan diyoridan geografik uncha uzoq bo’lmagan Surxon vohasiga albatta kelgan. Va keng faoliyat yuritgan.
Shuning uchun, ushbu buyuk tarixiy shaxsga bag’ishlangan risoladagi barcha ma’lumotlarning qanchalik darajada haqiqatga mos kelishi to’g’risida o’quvchilarga barcha axborotni berish zarur. Toki, asar dunyo yuzini ko’rgach, kimdir manba so’rab qolishi, uydirmalarni yozibdi, bu muallif deb, tanqid qilib qolishi mumkin. Chindan ham, Haraqoniyning Denovda bo’lganligini rasman tasdiqlovchi hujjatlar yo’q. Lekin, ushbu diyor odamlar orasida yurgan rivoyatlar, avloddan avlodga o’tib kelgan esdaliklar mavjud. Bu odamlarning gaplarini tirik guvohlar berayotgan ma’lumot sifatida qabul qilish mumkin.
Safarimni shahar ichidagi Qoraxon otaniki deb nomlanib kelgan maqbarani ziyorat qilishdan boshladim. Bu dargoh ta’mirlanayotgan ekan. Bu qurilish ishlarini denovlik tadbirkor Boboqul aka O’roqov amalga oshirayotgan ekan.
“Ayni shunday ishlarga meni marhum, Tol qishloqlik Ismoil ota undaganlar, – aytdi u. – To’qsoninchi yillarda, men Denovdagi hammomni sotib olib, uni zamonaviy uslubda ta’mirlaganman. U kishi har hafta g’uslga kelar ekanlar, menga qayta-qayta gapirardilar: “Mana shu hammomning yonidagi qabr – Abulhasan Haraqoniyniki. Qoraxon otaniki emas. Bu haqda eski kitoblarda o’qiganman. Sen tadbirkorsan, ishbilarmonsan. Sen tarixiy haqiqatni yuzaga chiqarib, valiyning ruhi duosini ol. Maqbarani obod qil. Baraka topasan”.
Keyingi boradigan manzilim – Qizilsuv daryosi yonidagi Qoraxon qishlog’i bo’ldi. U yerda qabriston bor ekan. Va ayni shu yerda, yurtimizdagi aziz-avliyolar tarixi bilan qiziqib, shug’illanib, ma’lumotlar yig’ib yuruvchi ziyoli inson Muhammadnazar Ochildievning gaplari bo’yicha, Hazrat Abulhasan Haraqoniy yashagan va faoliyat yuritgan ekan. Ushbu maskan ham tadbirkor Boboqul O’roqov tomonidan obod etilayotganining guvohi bo’ldim.
Ushbu qabristonning bir chetida xalq tilida Shayx buva yoki Xalfa buva deb ataluvchi, XX asrda yashab, faoliyat yuritgan bir aziz zotning maqbarasi va yashagan uyi bor ekan. Asl ismlari Shayx Sayid Abdumeli (otalarining nomi Sayid Abdurahmon buva), 1937 yilda Vaxshuvordan kelib, shu joyda qo’nim topib, hayot kechirgan ekanlar. “1998 yilda bir yuz yigirma besh yoshga kirib vafot etganlar”, — dedi, shu maskanda istiqomat qilayotgan, u zotga nabira kuyov bo’lmish Muhiddin.
Xalfa buva amaldagi tibbiyot xodimlari davolay olmaydigan yoki davolanishi uzoqqa cho’ziladigan bemorlarga yordam ko’rsatish bilan shug’illanganlar. Hech kimga palon so’m berasan, demaganlar. Kechalari uxlamaganlar. Faqat toat-ibodat bilan mashg’ul bo’lganlar. Mijja qoqmasalar ham hamisha bardam yurganlar. Bir-ikkita ixlosmand yordamchilari bo’lgan. Ana o’shalar Xalfa buvaning kechalari uchganlarini, yovvoyi, yirtqich hayvonlarni bo’ysundirganliklarini, ularga non berib erkalaganliklarini kuzatganlar. Shifokorlikdan tushgan pullarni xalqning o’ziga qaytarar ekanlar: yo bechorahol oilalarga berib, yo juma kunlari namozxonlarga osh dasturxon tuzab, sarf etar ekanlar. U zotdan qolgan uy-joyni ko’rdim. Hech qanday hashamat yo’q. Juda oddiy, zamonaviy ta’mirlanmagan, mebellari umuman yo’q bir necha xonalardan iborat bino. “Istasalar qasr qura olardilar”, — deydi asli vaxshuvorlik Muhiddin. Bu yerda hozir u zotning qizlari, bir o’g’il, bir qiz nabira va kuyov yashashadi. Va o’z bobolarining ishlarini davom etdirishmoqda. Xalfa buva kech uylanganlar – yetmish yoshga kirganlarida, “Payg’ambarimizning sunnatlarini ado etishim kerak!” – deb oila qurganlar, ulardan ikki qiz qolgan .
Xalfa buva nega o’z faoliyatlari uchun xuddi shu maskanni tanlagan? Bunga ikki xil javob bor: 1) Tasodifan kelib qolib, bu manzil u zotga yoqib qolgan;
2) Tushda yoki qandaydir bir ruhiy holatda ayni shu joyga kelib istiqomat qilishga kimdir ko’rsatma bergan.
Tasavvuf, valiylar olamini bilmaydigan, anglamaydigan kimsalar birinchi javob tarafdori bo’ladilar, nazarimda. Avliyolar hayoti tarixini o’rganlar esa, ularning faoliyatlaridan ozmi-ko’pmi xabardor kimsalar hech ikkilanmay, ikkinchi javob tarafdorlari qatoriga o’tadilar. Chunki, valiylar biron bir jiddiy xatti-harakatni ishoratsiz amalga oshirmaganlar. Men ham ana shular tomonidaman.
Ushbu qishloqda muqim bo’lib qolgan Shayx Sayid Abdumelining birinchi, zohiriy piri Tojikiston hududida istiqomat qilgan Sayid Jaloliddin Eshon bo’lgan. Va u zot Xalfa buvani ana shu maskanga borib, bir paytlar bu yerda yashagan Abulhasan Haraqoniydan uvaysiyona tarbiya olish vazifasini topshirgan bo’lishi kerak. Natijada, ko’rsatmaga amal qilib, u zot yillar davomida Denov diyoridagi ushbu qishloqda ruhiy tarbiya olib, yuqori darajaga erishgan.
Xalfa buva, Vaxshuvordan ziyoratga kelib, nabira kuyov bo’lib qolgan yigit – Muhiddinga o’z ruhiy pirlari Abulhasan Haraqoniyning ta’limoti, xislatlari va karomatlari haqida tez-tez gapirib berar, va uning xuddi shu maskanda to’qqiz-o’n asr ilgari bir qancha yil yashaganliklarini so’zlar ekan.
Xalfa buva maskanining bir chetida ming yillik bir tut daraxti hamon o’sayotganini ko’rdim. Ushbu daraxt haqida bir chiroyli rivoyat ham bor.
Abulhasan Haraqoniy Chag’aniyonga kelar ekan, ayni shu yerga yetganda namoz payti bo’lib qolibdi. Shunda u tut shoxidan qilingan hassasini yerga qadab, ibodatga kirishibdi. Bir qancha vaqtdan so’ng, namozini tugatib, hassasiga qarasa ko’karayotgan emish. Buyuk valiy shunda tushunibdiki, uning yashaydigan yeri xuddi shu joydir. Shundan keyin, u bu yerga uy qurib, unda yashab, xalqqa Yaratganning haqiqatlarini anglata boshlagan ekan.
Aytilgan, hamon ko’karib turgan daraxtning tanasini ikki odam bazo’r quchog’iga ololsa kerak. Shoxlari atrofga o’sib, o’z tagida kattagina kapa hosil qilgan. Qurigan shoxlari ham ko’p. Ularga tegishmas ekan. Xullas, ushbu qadimiy tut o’n asrdan beri Abulhasan Haraqoniydan esdalik sifatida mag’rur qo’r to’kib turibdi.
Men yuqorida bayon etilgan ma’lumotlar asosida quyidagi xulosalarga keldim:
1. Shayx Sayid Abdumeli ayni shu qishloqda Abulhasan Haraqoniydan uvaysiyona dars olgan. Menga berilgan ma’lumotlarga qaraganda, u ruhiy pirining falsafasini to’liq qabul qilgan, o’sha bo’yicha yashagan, ustozi kabi mo’minlar qalbini yashnatuvchi, sahovatpesha bo’lgan. Abulhasan Haraqoniy o’z davrida Boyazid Bistomiyning yurtiga borib, u zotning ruhidan dars olib, yuqori darajaga ko’tarilganidek, Xalfa buva ham o’z uvaysiy murshidi qanchadir vaqt yashagan maskanda, komillikka erishgan.
2. Chag’aniyon xalqi o’sha davrlarda Abulhasan Haraqoniyni shunchalik hurmat qilganki, u o’z yurtiga ketgach, ziyoratga borib turgan. Bu valiyning vafotidan keyin ham davom etgan. Zero, Sulton Mahmud G’aznaviy paytida ham, Saljuqiylar imperiyasi zamonida ham bu diyorlar bir mamlakat hududida bo’lgan. Ko’pchilik ziyoratchilar yo’l yurishga qiynalganlari uchun, Haraqoniyning qabr tuprog’idan olib keltirishgan va ramziy maqbara qurishgan. Natijada, Denov shahrida u zotning qadamjosi paydo bo’lgan. Oradan asrlar o’tib, yangi avlodlar kelib, Haraqoniy ota nomi asta-sekin Qoraxon ota shaklida aytiladigan bo’lib qolgan.
3. Shu o’rinda, yuqoridagi xulosamizga qarshi chiqaylik. Denovdagi maqbarani qandaydir bir Qoraxon otaga tegishli deb hisoblaylik. Shunda, ketma-ket turli savollar paydo bo’ladi: Qoraxon ota kim o’zi? U haqda qanday rasmiy va rivoyatnamo yoki xalq og’zaki ma’lumotlari bor? Lekin, bu savollarga tayinli javob yo’q. Men, Abulhasan Haraqoniyning ushbu diyorda yashaganligini tirik odamlardan eshitgan ma’lumotlar asosida mantiqan isbotlaganim kabi, Qoraxon otaning mavjudligini tasdiqlay oladigan biror mitti asos yo’q. Demak, ikkinchi punktdagi xulosamiz to’g’ri: Haraqoniy ota nomi haqiqatdan zamonlar o’tib, Qoraxon otaga aylanib ketgan.
4. Bayon qilingan uchta xulosaga tayangan xolda yakuniy va asosiy natijaga kelamiz: “Qoraxon” qishlog’i, “Qoraxon ota” maqbarasi asli Abulhasan Haraqoniyga tegishli. Shuning uchun, ushbu joylarning haqqoniy tarixiy nomini tiklash maqsadga muvofiqdir.
HARAQONIYNING TA’LIMOTI AHAMIYATI
Tasavvufda ulkan muvaffaqiyatlarga erishgan, uning eng yuqori cho’qqilariga chiqqan har bir donishmandning ushbu sohaga kiritgan o’ziga xos, katta ahamiyatga ega yangi qoidalari, g’oyalari bo’ladi. Biz, ushbu risolaning bosh qismida uning fe’l-atvori, jihatlari va hikmatlari bilan tanishdik. Ular orqali bizga bu noyob insonning jonli qiyofasi va falsafasi ozmi-ko’pmi namoyon bo’ldi. Aniqlandiki, Shayx Abulhasanning o’zi uchun eng dolzarb vazifa qilib, odamzotga har tomonlama yordam berishni belgilagan. Uning uchun har bir inson yonidagi, atrofidagi kishilarga nisbatan rahmdil, sahiy va shirinso’z bo’lishi darkor. Bir kunlik yashash jarayonida ham hech kimning dilini ranjitishi mumkin emas, chunki bu holat o’sha vaqt oralig’idagi barcha toat-ibodatni chippakka chiqaradi, Yaratgan Zot ularni qabul etmaydi. Aksincha, u siniq ko’ngillarga iloji boricha quvonch solishga urinishi kerakki, bu, albatta, oxir-oqibatda hayotga ijobiy mazmun kiritadi. Haraqoniy, xattoki, uyingizga tilanib kelgan gadoga ham shavqatli bo’lishni, o’zingizda hech narsa bo’lmasa ham, kimdandir qarz olib, unga biror nima berish zarurligini ta’kidlaydi.
Bulardan tashqari, Shayx Abulhasan fikr bildiradiki, inson hech kimga yaxshilik qilmasa, atrofidagilarga yordam berib turmasa, bunday odam Yer yuzida yurgan bo’lsa-da, u – o’lik murdadir. Hammaga qo’lidan kelgan madadini ayamaganlar, qorong’i ko’ngillarga chiroq yoqqanlar, vafot etib ketsalar hamki, ular tiriklar – har kuni, har vaqt eslanadilar, ularning ishlari va siymolari unitilmaydi. Yaratgan Zot ana shunday kishilar ustiga bir tomchi rahmatini tushirishi mumkin, shunda uning hech kimga muhtojligi qolmaydi.
Haraqoniy tasavvufga yangiliklar zarurligini ta’kidlab, ikki qoidani kiritgan. Bu haqda uning birinchi ustozi Shayx Abul Abbos Qassob aytadi: “Abulhasan Haraqoniy tasavvufga ikki yangi talabni, ya’ni safarlar va ziyoratlar qilib turish zarurligini kiritgan”. Bu qoidalarga amal qilish odamlarga nima beradi?
Safar qilib turish – har bir inson uchun, uning ma’naviy kamoloti uchun foydalidir. Chunki, safar chog’ida u turli odamlar bilan uchrashadi, muloqot qiladi. Fikr almashadi. O’zi ilgari ko’rmagan manzaralarni tomosha qiladi, tabiatning yangi qirralarini kuzatadi. Natijada, uning ongida yangi g’oyalar uyg’onishi, hal bo’lmayotgan mushkul masalalariga yechim topib qolishi mumkin. Xullas, safar ruhiyat uchun juda zarur amaldir.
Ziyorat esa insonga umid va ishonch bag’ishlaydi. Uning ko’ngliga taskin beradi. Xotirjamlikka, mantiqiy fikrlashga undaydi. Bu jonli dunyoning qonunlarini to’liqroq anglashga yordam beradi.
Shayx Abulhasan Haraqoniyning ushbu qoidalarining biri, keyinchalik uning o’z shogirdi Xoja Ali Formadiydan Hazrat Yusuf Hamadoniyga o’tib, unga katta ta’sir ko’rsatgan. Natijada, u tasavvuf qoidalari – rashhalarining biri sifatida, ya’ni “Safar dar vatan” etib belgilangan. Ushbu amal qilish zarur bo’lgan talabni ulamolar turlicha talqin qilsalar-da, u bizning davrimizga qadar inkor etilmagan, yashab kelmoqda va hamon dolzarb.
SHOGIRDLARI VA IZDOSHLARI
Shayx Abulhasan Haraqoniyning shogirdlari mo’l bo’lgan. Lekin, faqat ularning birigina tasavvufning yuksak pog’onalariga ko’tarila olgan. Uning muridlarni tarbiyalashda o’ziga xos usuli bo’lgan. U, boshqa pirlar kabi muridlarni g’ururini sindiraman deb, tilanchilik qildirmagan, oddiy xalq nazdida past hisoblanadigan yumushlarni vazifa qilib bermagan. Haraqoniy bunday ishlarni jonli hayotda o’ziga atalgan o’rinni topolmagan kimsalar bajaradi, deb hisoblagan.
Kimdaki Shayx Abulhasanning qoshiga kelib: “Hazrat! Meni o’zingizga o’quvchi qilib oling!”, desa, unga birgina mustaqil vazifa – imtihon masalasini qo’ygan. Ya’ni, aytganki: “Bo’tam! Eng avvalo, sen o’z qalbingni tozalash bilan mashg’ul bo’l. Qalb qanday tozalanadi, men ham, o’zga muridlar ham bu sirni hech kimga aytishmaydi. Buni sen o’zing aniqlashing va amalga oshirishing lozim. Shundan so’ng, oldimga yana kelasan, topgan usulingni bayon etasan. Ma’qul bo’lsa, seni muridlikka qabul qilaman. Tasavvuf juda mushkul soha. Unga ruhan va jismonan tayyorligingni ham his qilishim darkor! ”
Shundan so’ng, aksariyat yoshlar badar ketishardi. Qandaydir usul topib kelganlarga, g’oyalari xato bo’lsa, yana bir marta imkoniyat berardi. Biroq, ularning ko’pchiligi ham oxir-oqibatda Shayxning imtihonidan o’tolmas edi. Haraqoniy iqtidorsiz kimsalarning o’z xonaqohida yillab umrini ketkazishini noto’g’ri deb o’ylardi. Undan ko’ra, ushbu odamlar boshqa sohalarda jamiyat uchun kerakliroq ish qilishlari lozim, deb fikrlardi.
Muridlarining ichida birinchi imtihondan tez o’tgan, bu ishni uddalagan va eng topqiri Abu Ali Formadiy bo’lgan. U aytganki:
– Hazrat! Inson qalbida ikki xilqat mavjud bo’ladi: biri farishta, biri shayton. Shaytonni haydashning eng yaxshi natija beradigan usuli shuki, “Auzi billahi min ash shaytoni rajim”ni takrorlab yurishdir. Bundan, shayton qalbni tark etadi. Keyin, “Lo iloha ilolloh”ni qaytarish lozim. Bundan esa, inson qalbiga Ollohning nuri kiradi. Keyin, “Ollohu akbar!” deb ko’p marta aytish ham shart. Bu, Yaratganimizni ulug’lashdir. Chunki, hamd-sanoga faqat U – loyiq. Va oxirida, o’z tilimizda, “YO, Olloh! Qalbimga shaytonni yaqinlashtirma, O’z panohingda tut!” ni qaytarsak, qalbimiz himoyalanadi. Bu ishni har kun tongdan, bomdoddan so’ng, amalga oshirsak, kun bo’yi dilimiz pok holda umr kechiramiz .
Shayx Abulhasan uning bu gaplariga qoyil qoldi. Va qirq kun betinim shu amalni bajarishni buyurdi.
Abu Ali Formadiy vazifani bajarib, o’z qalbi to’liq poklab keldi. Shundan so’ng, Haraqoniy unga tasavvuf sirlarini o’rgata boshladi. Shayx Abulhasan bu ta’limotning ko’pini Hazrat Boyazid Bistomiydan o’rgangandi.
Vaqt kelib, natijada, Abu Ali Formadiy tasavvufning eng yuqori pog’onalarini zabt etdi.
Abulhasanning boshqa hech bir muridi uning darajasiga yetmagan.
Haraqoniy umrining oxirida o’zidan munosib shogird qolganidan qoniqib, Abu Ali Formadiyga ishongan holda jonli hayotni tark etgan.
Tasavvuf ta’limoti Formadiydan so’ng ham yana boshqa yetuk insonlar yordamida rivojlanib, takomillashib, keyingi asrlarda naqshbandiya darajasiga yetgan.
Bu jarayon quyidagicha ro’y bergan. Abu Ali Formadiy o’z navbatida Hazrat Yusuf Hamadoniyni tarbiyalagan. Uning ikki muridi esa , tasavvufni mukammal o’rganib, yangi yo’nalishlarni vujudga keltirganlar. Xoja Abduholiq G’ijduvoniy – “Xojagon” tariqatini, Xoja Ahmad Yassaviy esa – “Yassaviya” tariqatini. Ularning bir necha avloddan iborat izdoshlari bu yo’llarni yanada rivojlantirganlar. Navbat Hazrat Bahouddin Naqshbandga kelganda, u zot bu ikki tariqatni mukaamal egallab, ularni birlashtirib, “Naqshbandiya” tariqatini yaratgan.
Ushbu tariqatning hozirgi davrda insoniyat uchun, uning rivojlanishi uchun tutgan o’rni beqiyosdir. “Naqshbandiya” nafaqat bizning yurtimizda, balki dunyoning deyarli barcha mamlakatlarida o’rganilmoqda, insonlar uni chuqur egallab o’z hayotlariga tatbiq etmoqdalar.
Mening xususiy fikrimcha, Tasavvuf – Yaratganning Qur’oni va Payg’ambarimiz hadislaridan so’ng, o’rganilishi lozim bo’lgan uchinchi o’rindagi ta’limotdir. Shuning uchun, «Naqshbandiya” g’oyalarining mag’zini chaqish va bilish har bir kamolotga intilayotgan insonning burchidir. Tasavvufni yaxshi o’rgangan odam – hayotida faqat muvaffaqiyatlarga erishib yashaydi. Va, bir holatni esdan chiqarmasligimiz kerakki, uning vujudga kelishida Shayx Abulhasan Haraqoniyning hissasi ulkandir.
Omin. Ollohu akbar!
Toshkent shahri – Chaxcham qishlog’i.
2016 yil. 03-22 may.